Samariddin Sayyidzod. She’rlar

021    Самариддин Саййидзод ҳақида унинг шаҳрисабзлик эканлигидан бошқа бир гап билмайман (Бугун менга Ўроз Ҳайдар ёзган қисқа хатдан билдимки, Самариддин Чироқчидан, Ўроз дўстим билан ҳамқишлоқ экан). Унинг шеърлари менга жуда ёқди. Ўзига хос образлар, шеърий мушоҳада тарзи эсда қоларли. Ёш шоир изланишларида ёшлигимни кўргандай бўлдим. Унинг шеърларида ҳали пишмаган фикрлар, таҳрирталаб сатрларни кўриб турсам-да,  «мана бундай бўлса, бундай бўлади» қабилида маслаҳатлар беришдан йироқман. Шоир нима қилса, қандай бўлишини ўзи идрок этиши керак. Фақат шундагина у адашмасдан, шеъриятнинг эмас, ўзининг, катта йўлига чиқиб олади. Қолаверса, бирор кун учрашганда, шеърлари-ю ўша катта йўл ҳақида гаплашиб олармиз.
Самариддин шеър ҳақида ёзган бир шеърида шундай орзу қилади:

Шундай шеьр ёзолсанг…
Шеьр ёзиб ўлсанг,
Нодонлар тагидан қулатиб тахтни.
Шу қадар ўлсангки…
Бош чаноғингдан,
Ҳар тонг гуллаб чиқса
Ҳаёт дарахти.

Мен ана шу Ҳаёт дарахти ёш шоир шеърларида ям-яшил шовиллаб туришини тилаб қоламан.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

08.01.2014

Самариддин Саййидзод
ҲАЁТ ДАРАХТИ
011

***

Кетмон — менинг отам...
Баҳор ишлар,
Ёз ишлатар,
Куз ишлатади…
Қиш отиб юборар қай бир бурчакка.
Шўрлик отамни.
Кетмон…

***

Кўр ойдин. Ой балдоқ таққан тун,
Ўнгирда ел кезар шарпасиз.
Шу туннинг бағрида бус-бутун,
Кўрга кўз излаган сизмисиз?
Сирғасин йўқотган қизмисиз?

Ҳали ой тўлади  янгидан,
Биз уни ўн беш кун кутамиз.
Дараклаб умиднинг тонгидан,
Ўша тун топилар сирғангиз.
Сирғасин йўқотган сирғасиз.
Сирғасин йуқотган сирға — Сиз.

***

Қишлоқнинг ёз тонгларини соғинганларга…

Туннинг сочларига оралади оқ,
Уфқда энг сўнгги юлдузлар сўнди.
Ой терак учида хира шамчироқ,
Ариқлар лабига шабнамлар қўнди.

Ҳорғин сўриларда кетган пинакка,
Адирлар ортини туш кўрган кетмон.
Бу тун ой, далани суғориб якка,
Саҳар елкасига бош қўйган деҳқон.

Энди ҳовлилардан ўрлайди тутун,
Кимдир ташвишларин қалар ўчоққа.
Ҳаволаниб турган райҳонлар ҳидин,
Ел кўтариб кетар қўшни чорбоққа.

Боғлар — девор оша энгашган жийда,
Йўллар япроқларга минг йиллик сирдош.
Тоғлар ортидаги ойдин водийда
Бокира бир тонгни йўргаклар қуёш.

Борлиққа бўй тарар нурлар оҳангги,
Ой ботган сой томон ошиқар сўқмоқ.
Хивчин саватларда осилган тонгги
Сутлар ҳовуридан оқарар қишлоқ.

***

Термулсам…
Кечангда ҳилолинг ёлғон.
Баҳоринг бағрида ниҳолинг ёлғон.
Қариқиз ҳасратин тутган мактубдай,
Йиллардан умидвор юракдай ёлқин,
Шамоллар юлқиган хазонларинг рост.

Офтобнинг тоқига мен экдим ялпиз,
Юкиниб юргандим, йиғладинг осмон.
Англадим гапларим, дардларим ёлғон,
Гўё ўпичлари ёдда қолмас қиз.
Бироқ бедазорда тентираб юрган,
Болалик қувлаган капалак мисол,
Бошимда гуллаган мезонларинг рост.

Сўниб бораётган қароқлар ҳаққи,
Бешикка айланган тупроқлар ҳаққи,
Энди яшаяпман, ёқангда қўлим.
Баҳордан, ҳилолдан, ҳаттоки сендан,
Узоқроқ, олисроқ яшамоқ учун,
Энди ёлғон шеьрлар ёзмайман, ўлим.

ҚИШЛОҚДА ҚИШ

Лой кечади, шудгорларда вақт бемадор.
Ёзда чиқмас чарчоқларга кўпаяр иш.
Новдаларда оппоқ бўлиб гуллайди қор,
Енги калта чопонида совқотар қиш.

Нураб ётган, кунгай пахса деворлардан
Ёмғир ювар чучмоманинг исларини.
Оқ кемалар дарак бермас баҳорлардан,
Томда офтоб кўрсатмайди юзларини.

Жоним чипар, зерикишлар айвонига,
Сайҳонликда сўритоклар сақлар сукут.
Бутун борлиқ чўмган оқлик уммонига,
Боғда бахмал беҳиларнинг ёди унут.

Сокин дамлар, дайди ғубор эшик очмас,
Муз болишли қаҳратоннинг қўйинлари.
Кундузлари бир тутамдир, кенг қулочмас,
Қирда эртак айтар чиллак ўйинлари.

Гапнинг авжи, бемаҳалда ўчган чироқ,
Рангсиз тунлар аллақачон кўрилган туш.
Эртасини ўй сурганча, қўли қадоқ,
Танчаларда чой ҳўплайди қишлоқда қиш.

Кўклам учун куч тўплайди қишлоқда қиш.

ШОИР

Ўлиб ўлолмайди, яшаб кетолмас,
Юрак — боши янчилган илон.
Ой кўшкига бошлаб кетолмас,
Юлдуз туғиб тўймаган осмон.

Ишончларин боғлайди эркка,
Тоғлaрни даст кўтарсам дейди.
Чопонидан ўхшар Ўзбекка,
Лек фарзандмас, шеьр ғамин ейди.

Юзин ювмас ҳар хил кўлмакка,
Ишқин ялпизларга тўшайди.
У яшайди Ҳакдайин якка,
У ўхшаса ҳаққа ўхшайди.

Сулув қучмас тонглари майин,
Сочи суймас тароқларини.
Нон ўрнида бир кун билмайин,
Еб қўяди бармоқларини.

***

Аё Ҳақ, келдим мано,
Не кўрсам кўзимники.
Атолар этдинг хато,
Сабоқлар ўзингники.

Қароғсан кунимдаги,
Чироқсан тунимдаги,
Ун чексам, унимдаги
Фироқлар ўзингники.

Ғам чекмас, дўсту ғаним.
Мен кетсам топинганим.
Ишқ аро денгиз таним,
Қирғоқлар ўзингники.

Нур бўлдинг фалакларда,
Қўр бўлдинг юракларда.
Мен суйган малакларда,
Қароғлар ўзингники.

Висолинг ўлимда-ку,
Сўнг борар йўлимда-ку,
Бу дунёнг қўлимда-ку —
Қадоқлар ўзингники.

Дурмисан уммондаги,
Тўрттала томондаги,
Ой десам осмондаги —
Ўроқлар ўзингники.

Мен ишққа ўхшаб юрган,
Жонимни тўшаб юрган,
Ёшимни яшаб юрган
Шу чоғлар ўзингники.

Зикр этсам тилимдаги,
Фикр этсам дилимдаги,
Мен етган билимдаги,
Сўроқлар ўзингники.

Ўтгач умрим баҳори,
Бошимда ишк ғубори,
Гоҳ сариқ, гоҳ зангори —
Япроқлар ўзингники.

Ҳар ондин ҳисоб сўрган,
Қонимда сизиб турган,
Умримни ишққа бурган,
Сўқмоқлар ўзингники.

Энди эл Мажнун атар,
Мен ишққа этдим сафар.
Ўзимдан кетсам бадар,
Ер бўлиб ётсам агар,
Жонимга Машҳар қадар,
Сен томон бергай хабар
Тупроқлар ўзингники.

Мен ишққа этдим сафар.

* * *

Милён йилки… Сарсонман.
Юлдузи йўқ осмонман.
Гулюзи йўқ бўстонман.
Бир сўзи йўқ забонман.
Даллоли кўп, эй бозор,
Ким кўнглимга харидор.
Ким кўнгилга харидор.

Бу менинг тунлар оппоқ
Тонгдайин отар кўнглим!
Ҳақиқатнинг хасмини
Қучоғлаб ётар кўнглим!
Ёлғизликнинг даштига
Шомдайин ботар кўнглим.
Йиғлаблар ётар кўнглим.
Кўнглимга қаранглар,
Одамлар!!
Наҳотки, мен ғамдийда…

Орини сотганларга,
Яшамоқдан азизроқ дорини сотганларга,
Ёрини сотганларга, пулсираб ётганларга,
Кўнглимни кўтариб юрибман.
Кўнглимга қаранглар!
Одамлар!!

* * *

Чин муҳаббат — абадий фироқ.
Абадий дард, абадий ўлим.
Агар бўлса кўнглингни кўрсат,
Юрагингни бир кўрай, гулим!

Жим яшаймиз бир сўз демасдан,
Бу дунёни тўлдириб сирга,
Тирикликнинг ғамин емасдан,
Кўнгил томон кетайлик бирга…

16. 12. 2014

* * *

Сўнги сегарасин чекиб бўлди тун.
Синган симёғочга суяниб беҳол.
Сўнги япроқчалар шивирлар дилхун,
Кеч куз осмонида шамол ҳам бедор.
Бу намхуш йўлларни излар тарк этган,
Тинган кўлмакларга ой тўлар сим-сим.
Уфқ томон кўкламни ахтариб кетган
Турналар ортидан караб колар жим.
Пичирлар оҳиста… Соғиндим! Севгим!!
Гарчи май ичмаган, ичганмас қасам.
Қадами беўхшов, ташлар пойма-пой.
У ғамгин, хўрсиниб эшик очади,
Остонадан нари тўхтаб колар ой.
(Уни кутавериб ичиккан хона.)
Тунни ёритолмай тугар шамчироқ.
Совуқ пар тўшаклар ҳижроннинг исми.
Аёлин ёнида киприги узун
Қизчаси эртанги бахтининг жисми.
Яна уни кўриб чиқар тушлари,
Уйғонгач боқолмас тонгнинг юзига.
Тонг ҳам ёйиб қўяр ғамга суяниб,
Намхуш ёстиқларин куннинг кўзига.

11.12.2014.

* * *

Шундай шеьр ёзсангки-
Шабнамдан тортиб,
Кўксинг тилиб ўтса капалак оҳи.
Кундузлар юпанчли дамларин отиб,
Тунлар сўйлаб турса ойнинг гуноҳин.

Шундай шеьр ёзсангки,
Юмушин ташлаб,
Ортингдан эргашиб кетсалар йўллар…
Сенла суҳбат қурса тоғлар ёнбошлаб,
Халқ бўлса ўзлигин англаган қуллар.

Шундай шеьр ёзсангки…
Пичирлар лаби,
Тиклаб бораверса, Ҳақ деган дорни…
Инсонлик ҳар каснинг бўлиб матлаби,
Кўрлар таниб турса парвардигорни.

Шундай шеьр ёзсангки…
Ғамингни емас,
Уқмас нигохларни милдек тиғласа…
Ҳожилар муқаддас каьбани эмас,
Онасин оёғин қучиб йиғласа.

Шундай шеьр ёзсангки…
Уммон ва ерлар
Ястаниб ётсалар ишқ чиройига,
Сўз сотиб кун кўрар ёлғон шоирлар
Айланиб колсалар  суз гадойига…

Шундай шеьр ёзишни минг йиллаб кутсанг…
Кўнгилдан тупроққа тўкилсанг, тўлсанг.
Ҳақ сари ўтган жон ўзингдан ўтса,
Ошиқлар топтаган остона бўлсанг.

Шундай шеьр ёзолсанг…
Шеьр ёзиб ўлсанг,
Нодонлар тагидан қулатиб тахтни.
Шу қадар ўлсангки…
Бош чаноғингдан,
Ҳар тонг гуллаб чиқса
Ҳаёт дарахти.

* * *

Икки эшик. Лойсувоқ айвон,
Бир тол бешик тебранар унут.
Икки эшик — ер билан осмон,
Овораси озурда вужуд.

Бир мири йўқ чўнтакда сабр —
Устун узра йиртилган чопон.
Нима қилсин кетмонда қадр —
Пойгакдаги қоп-қора қумғон.

Орзу — олис, кўкдаги юлдуз —
Тун сочига лаб очган тароқ.
Умид билан кўз ёрар ёлғиз,
Хаёл асли ойдаги сўқмоқ.

Қилмишидан хиёнат зоҳир,
У ўзини шунчалар суйган.
Онасидан айрилиб охир,
Меҳр исмин унутиб қўйган.

Жой солар Ишқ алдамчисига,
Кунгайларга кир ёяди Бахт.
Вақтнинг узун арғамчисига
Ўзин осиб қўяди Дарахт.

011
Samariddin Sayyidzod haqida uning shahrisabzlik ekanligidan boshqa bir gap bilmayman. Uning she’rlari menga juda yoqdi. O’ziga xos obrazlar, she’riy mushohada tarzi esda qolarli. Yosh shoir izlanishlarida yoshligimni ko’rganday bo’ldim. Uning she’rlarida hali pishmagan fikrlar, tahrirtalab satrlarni ko’rib tursam-da,  «mana bunday bo’lsa, bunday bo’ladi» qabilida maslahatlar berishdan yiroqman. Shoir nima qilsa, qanday bo’lishini o’zi idrok etishi kerak. Faqat shundagina u adashmasdan, she’riyatning emas, o’zining, katta yo’liga chiqib oladi. Qolaversa, biror kun uchrashganda, she’rlari-yu o’sha katta yo’l haqida gaplashib olarmiz.

Samariddin she’r haqida yozgan bir she’rida shunday orzu qiladi:

Shunday she`r yozolsang…
She`r yozib o’lsang,
Nodonlar tagidan qulatib taxtni.
Shu qadar o’lsangki…
Bosh chanog’ingdan,
Har tong gullab chiqsa
Hayot daraxti.

Men ana shu Hayot daraxti yosh shoir she’rlarida yam-yashil shovillab turishini tilab qolaman.

Xurshid Davron
O’zbekiston xalq shoiri

08.01.2014

Samariddin Sayyidzod
HAYOT DARAXTI
011

***

02

Ketmon — mening otam...
Bahor ishlar,
Yoz ishlatar,
Kuz ishlatadi…
Qish otib yuborar qay bir burchakka.
Sho’rlik otamni.
Ketmon…

***

Ko’r oydin. Oy baldoq taqqan tun,
O’ngirda yel kezar sharpasiz.
Shu tunning bag’rida bus-butun,
Ko’rga ko’z izlagan sizmisiz?
Sirg’asin yo’qotgan qizmisiz?

Hali oy to’ladi yangidan,
Biz uni o’n besh kun kutamiz.
Daraklab umidning tongidan,
O’sha tun topilar sirg’angiz.
Sirg’asin yo’qotgan sirg’asiz.
Sirg’asin yuqotgan sirg’a — Siz.

***

Qishloqning yoz tonglarini sog’inganlarga…

Tunning sochlariga oraladi oq,
Ufqda eng so’nggi yulduzlar so’ndi.
Oy terak uchida xira shamchiroq,
Ariqlar labiga shabnamlar qo’ndi.

Horg’in so’rilarda ketgan pinakka,
Adirlar ortini tush ko’rgan ketmon.
Bu tun oy, dalani sug’orib yakka,
Sahar yelkasiga bosh qo’ygan dehqon.

Endi hovlilardan o’rlaydi tutun,
Kimdir tashvishlarin qalar o’choqqa.
Havolanib turgan rayhonlar hidin,
Yel ko’tarib ketar qo’shni chorboqqa.

Bog’lar — devor osha engashgan jiyda,
Yo’llar yaproqlarga ming yillik sirdosh.
Tog’lar ortidagi oydin vodiyda
Bokira bir tongni yo’rgaklar quyosh.

Borliqqa bo’y tarar nurlar ohanggi,
Oy botgan soy tomon oshiqar so’qmoq.
Xivchin savatlarda osilgan tonggi
Sutlar hovuridan oqarar qishloq.

***

Termulsam…
Kechangda hiloling yolg’on.
Bahoring bag’rida niholing yolg’on.
Qariqiz hasratin tutgan maktubday,
Yillardan umidvor yurakday yolqin,
Shamollar yulqigan xazonlaring rost.

Oftobning toqiga men ekdim yalpiz,
Yukinib yurgandim, yig’lading osmon.
Angladim gaplarim, dardlarim yolg’on,
Go’yo o’pichlari yodda qolmas qiz.
Biroq bedazorda tentirab yurgan,
Bolalik quvlagan kapalak misol,
Boshimda gullagan mezonlaring rost.

So’nib borayotgan qaroqlar haqqi,
Beshikka aylangan tuproqlar haqqi,
Endi yashayapman, yoqangda qo’lim.
Bahordan, hiloldan, hattoki sendan,
Uzoqroq, olisroq yashamoq uchun,
Endi yolg’on she`rlar yozmayman, o’lim.

QISHLOQDA QISH

Loy kechadi, shudgorlarda vaqt bemador.
Yozda chiqmas charchoqlarga ko’payar ish.
Novdalarda oppoq bo’lib gullaydi qor,
Yengi kalta choponida sovqotar qish.

Nurab yotgan, kungay paxsa devorlardan
Yomg’ir yuvar chuchmomaning islarini.
Oq kemalar darak bermas bahorlardan,
Tomda oftob ko’rsatmaydi yuzlarini.

Jonim chipar, zerikishlar ayvoniga,
Sayhonlikda so’ritoklar saqlar sukut.
Butun borliq cho’mgan oqlik ummoniga,
Bog’da baxmal behilarning yodi unut.

Sokin damlar, daydi g’ubor eshik ochmas,
Muz bolishli qahratonning qo’yinlari.
Kunduzlari bir tutamdir, keng qulochmas,
Qirda ertak aytar chillak o’yinlari.

Gapning avji, bemahalda o’chgan chiroq,
Rangsiz tunlar allaqachon ko’rilgan tush.
Ertasini o’y surgancha, qo’li qadoq,
Tanchalarda choy ho’playdi qishloqda qish.

Ko’klam uchun kuch to’playdi qishloqda qish.

SHOIR

O’lib o’lolmaydi, yashab ketolmas,
Yurak — boshi yanchilgan ilon.
Oy ko’shkiga boshlab ketolmas,
Yulduz tug’ib to’ymagan osmon.

Ishonchlarin bog’laydi erkka,
Tog’larni dast ko’tarsam deydi.
Choponidan o’xshar O’zbekka,
Lek farzandmas, she`r g’amin yeydi.

Yuzin yuvmas har xil ko’lmakka,
Ishqin yalpizlarga to’shaydi.
U yashaydi Hakdayin yakka,
U o’xshasa haqqa o’xshaydi.

Suluv quchmas tonglari mayin,
Sochi suymas taroqlarini.
Non o’rnida bir kun bilmayin,
Yeb qo’yadi barmoqlarini.

***

Ayo Haq, keldim mano,
Ne ko’rsam ko’zimniki.
Atolar etding xato,
Saboqlar o’zingniki.

Qarog’san kunimdagi,
Chiroqsan tunimdagi,
Un cheksam, unimdagi
Firoqlar o’zingniki.

G’am chekmas, do’stu g’anim.
Men ketsam topinganim.
Ishq aro dengiz tanim,
Qirg’oqlar o’zingniki.

Nur bo’lding falaklarda,
Qo’r bo’lding yuraklarda.
Men suygan malaklarda,
Qarog’lar o’zingniki.

Visoling o’limda-ku,
So’ng borar yo’limda-ku,
Bu dunyong qo’limda-ku —
Qadoqlar o’zingniki.

Durmisan ummondagi,
To’rttala tomondagi,
Oy desam osmondagi —
O’roqlar o’zingniki.

Men ishqqa o’xshab yurgan,
Jonimni to’shab yurgan,
Yoshimni yashab yurgan
Shu chog’lar o’zingniki.

Zikr etsam tilimdagi,
Fikr etsam dilimdagi,
Men yetgan bilimdagi,
So’roqlar o’zingniki.

O’tgach umrim bahori,
Boshimda ishk g’ubori,
Goh sariq, goh zangori —
Yaproqlar o’zingniki.

Har ondin hisob so’rgan,
Qonimda sizib turgan,
Umrimni ishqqa burgan,
So’qmoqlar o’zingniki.

Endi el Majnun atar,
Men ishqqa etdim safar.
O’zimdan ketsam badar,
Yer bo’lib yotsam agar,
Jonimga Mashhar qadar,
Sen tomon bergay xabar
Tuproqlar o’zingniki.

Men ishqqa etdim safar.

* * *

Milyon yilki… Sarsonman.
Yulduzi yo’q osmonman.
Gulyuzi yo’q bo’stonman.
Bir so’zi yo’q zabonman.
Dalloli ko’p, ey bozor,
Kim ko’nglimga xaridor.
Kim ko’ngilga xaridor.

Bu mening tunlar oppoq
Tongdayin otar ko’nglim!
Haqiqatning xasmini
Quchog’lab yotar ko’nglim!
Yolg’izlikning dashtiga
Shomdayin botar ko’nglim.
Yig’lablar yotar ko’nglim.
Ko’nglimga qaranglar,
Odamlar!!
Nahotki, men g’amdiyda…

Orini sotganlarga,
Yashamoqdan azizroq dorini sotganlarga,
Yorini sotganlarga, pulsirab yotganlarga,
Ko’nglimni ko’tarib yuribman.
Ko’nglimga qaranglar!
Odamlar!!

* * *

Chin muhabbat — abadiy firoq.
Abadiy dard, abadiy o’lim.
Agar bo’lsa ko’nglingni ko’rsat,
Yuragingni bir ko’ray, gulim!

Jim yashaymiz bir so’z demasdan,
Bu dunyoni to’ldirib sirga,
Tiriklikning g’amin yemasdan,
Ko’ngil tomon ketaylik birga…

16. 12. 2014

* * *

So’ngi segarasin chekib bo’ldi tun.
Singan simyog’ochga suyanib behol.
So’ngi yaproqchalar shivirlar dilxun,
Kech kuz osmonida shamol ham bedor.
Bu namxush yo’llarni izlar tark etgan,
Tingan ko’lmaklarga oy to’lar sim-sim.
Ufq tomon ko’klamni axtarib ketgan
Turnalar ortidan karab kolar jim.
Pichirlar ohista… Sog’indim! Sevgim!!
Garchi may ichmagan, ichganmas qasam.
Qadami beo’xshov, tashlar poyma-poy.
U g’amgin, xo’rsinib eshik ochadi,
Ostonadan nari to’xtab kolar oy.
(Uni kutaverib ichikkan xona.)
Tunni yoritolmay tugar shamchiroq.
Sovuq par to’shaklar hijronning ismi.
Ayolin yonida kiprigi uzun
Qizchasi ertangi baxtining jismi.
Yana uni ko’rib chiqar tushlari,
Uyg’ongach boqolmas tongning yuziga.
Tong ham yoyib qo’yar g’amga suyanib,
Namxush yostiqlarin kunning ko’ziga.

11.12.2014.

* * *

Shunday she`r yozsangki-
Shabnamdan tortib,
Ko’ksing tilib o’tsa kapalak ohi.
Kunduzlar yupanchli damlarin otib,
Tunlar so’ylab tursa oyning gunohin.

Shunday she`r yozsangki,
Yumushin tashlab,
Ortingdan ergashib ketsalar yo’llar…
Senla suhbat qursa tog’lar yonboshlab,
Xalq bo’lsa o’zligin anglagan qullar.

Shunday she`r yozsangki…
Pichirlar labi,
Tiklab boraversa, Haq degan dorni…
Insonlik har kasning bo’lib matlabi,
Ko’rlar tanib tursa parvardigorni.

Shunday she`r yozsangki…
G’amingni yemas,
Uqmas nigoxlarni mildek tig’lasa…
Hojilar muqaddas ka`bani emas,
Onasin oyog’in quchib yig’lasa.

Shunday she`r yozsangki…
Ummon va yerlar
Yastanib yotsalar ishq chiroyiga,
So’z sotib kun ko’rar yolg’on shoirlar
Aylanib kolsalar suz gadoyiga…

Shunday she`r yozishni ming yillab kutsang…
Ko’ngildan tuproqqa to’kilsang, to’lsang.
Haq sari o’tgan jon o’zingdan o’tsa,
Oshiqlar toptagan ostona bo’lsang.

Shunday she`r yozolsang…
She`r yozib o’lsang,
Nodonlar tagidan qulatib taxtni.
Shu qadar o’lsangki…
Bosh chanog’ingdan,
Har tong gullab chiqsa
Hayot daraxti.

* * *

Ikki eshik. Loysuvoq ayvon,
Bir tol beshik tebranar unut.
Ikki eshik — yer bilan osmon,
Ovorasi ozurda vujud.

Bir miri yo’q cho’ntakda sabr —
Ustun uzra yirtilgan chopon.
Nima qilsin ketmonda qadr —
Poygakdagi qop-qora qumg’on.

Orzu — olis, ko’kdagi yulduz —
Tun sochiga lab ochgan taroq.
Umid bilan ko’z yorar yolg’iz,
Xayol asli oydagi so’qmoq.

Qilmishidan xiyonat zohir,
U o’zini shunchalar suygan.
Onasidan ayrilib oxir,
Mehr ismin unutib qo’ygan.

Joy solar Ishq aldamchisiga,
Kungaylarga kir yoyadi Baxt.
Vaqtning uzun arg’amchisiga
O’zin osib qo’yadi Daraxt.

011

(Tashriflar: umumiy 637, bugungi 1)

3 izoh

  1. Уроз Хайдар
    9 января в 21:17
    Хуршид ака, Самариддин мени кишлогимдан- Чирокчидан. 6 йил илгари илк китобига сузбоши ёзганман. Истеъдодли ёшлардан. Эътиборингизга тушганидан хурсандман.

  2. Samariddin Sayyidzodning she’rlarida yangi uyg’onayotgan xalq shoirining ruhi aks etgandek tuyuldi. Ustoz shoir Xurshid Davron aytganlaridek: shoir o’zini o’zi idrok etishi kerak. Ijodiy barkamollik tilayman. Ko’z tegmasin!

Izoh qoldiring