Abdulla Sher. Oybek, oy va koinot yoxud darveshlik rutbasi

08

Бугун Ойбек шеъриятига синчиклаб назар солсангиз, унда услуби, тили бир хил икки шоирни кўрасиз: бири – ўз даври ва жамияти талабларига мажбуран бўйсунган, шу жамият ичида ички исёнини бостириб яшаган ижодкор. У – бизга таниш ва машҳур Ойбек, “Товушим”, “Темир ҳақида”, “Йигирма ёшлилар билан суҳбат”, “Ватан қасидаси”, “Раиса” сингари замон руҳи билан суғорилган шеърлар муаллифи. Иккинчиси, уни ўраб турган воқеликни эмас, шоирона қалбни воқелик сифатида тақдим этган, ўз даври ва жамияти чегараларидан чиқиб кетиб, унга Коинот юксаклигидан, Коинот миқёсийлигидан туриб шеърий нигоҳ билан тикилган, бизга деярли нотаниш Ойбек.

022

05
Абдулла Шер
ОЙБЕК, ОЙ ВА КОИНОТ ЁХУД ДАРВЕШЛИК РУТБАСИ
(Фалсафий-эстетик таҳлил тажрибаси)
08

022угун Ойбек шеъриятига синчиклаб назар солсангиз, унда услуби, тили бир хил икки шоирни кўрасиз: бири – ўз даври ва жамияти талабларига мажбуран бўйсунган, шу жамият ичида ички исёнини бостириб яшаган ижодкор. У – бизга таниш ва машҳур Ойбек, “Товушим”, “Темир ҳақида”, “Йигирма ёшлилар билан суҳбат”, “Ватан қасидаси”, “Раиса” сингари замон руҳи билан суғорилган шеърлар муаллифи. Иккинчиси, уни ўраб турган воқеликни эмас, шоирона қалбни воқелик сифатида тақдим этган, ўз даври ва жамияти чегараларидан чиқиб кетиб, унга Коинот юксаклигидан, Коинот миқёсийлигидан туриб шеърий нигоҳ билан тикилган, бизга деярли нотаниш Ойбек.

Буюк руҳшунос-эстетик Карл Юнг таъбири билан айтганда, биринчи Ойбек – экстраверт ижодкор, яъни ўз қарашлари, услуби ва асари мазмунининг ташқи муҳит эҳтиёжларига мос бўлишини онгли равишда таъминлаган, шеърий қаламни етовида тутган, шеърининг “хўжайини”га айланган шоир; у замон ўзидан нима талаб қилаётганини яхши билади, нима ёзиши лозимлигини аввалдан аниқ белгилаб олган. Иккинчи Ойбек – интроверт ижодкор, яъни ўз ички дунёсини ҳақиқий дунё деб биладиган, замон ҳақиқатини рад этиб, ўз ҳақиқатини барқарор қиладиган, тўлалигича қалами етовида юрадиган, “онгли”, “ақлли” ёндашувни тан олмайдиган онгтубидаги ҳиссиётлар ва образлар шоири.

Ойбекда бу икки руҳий-ижодий ҳолат баъзан уйғунлашган ҳолда ҳам намоён бўлади: экстравертлик унсурлари интровертлашган шеърларда ва, аксинча, интровертлик унсурлари экстравертлашган бандларда инъикос топади. Унинг “Ўзбекистон”, “Наъматак”, “Шамол бир эртак ўқи”, “Машраб”, “Ер”, “Жангчининг юраги”, “Изсиз қишлоқ”, “Ёмғир” сингари шеърлари бунинг ёрқин мисолидир. Шундан келиб чиқиб, Ойбек шеъриятидаги мазкур икки эстетик руҳий ҳолатнинг маълум маънода нисбий табиатга эга эканини таъкидлаш жоиз.

Ойбекнинг икки типдаги ижод маҳсулини чоғиштириш учун бир даврда – Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ватан мавзуида ёзилган шеърларини олиб кўрайлик. Мана, “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1941 йил 7 сентябрида эълон қилинган ва кейинчалик барча асосий тўпламларга киритилган “Ватанни сев” шеъридан парча:

Ватанни сев, тупроғини ўп,
Ҳар қаричи муқаддас бизга.
Чўлидаги ҳатто қуруқ чўп
Жондан яқин юрагимизга.

Ватан – бизнинг кўзимиз нури,
Бахтимиз шу, қувончимиз шу.
Севги, меҳнат дилимиз дури,
Қимматларнинг қимматидир у.

Бу шеър гарчанд теран шеърий хаёлот, чуқур ва фавқулодда образлар тизимига эга бўлмаса-да, ўз вақтида ҳамма – ўзбек аскарлари, зиёлилар, мактаб ўқувчилари томонидан севиб ўқилган ва ёдланган; адабиёт дарсликларида ғоявий-бадиий юксак асар сифатида зикр этилган, хрестоматиялардан жой олган. Унда Ватаннинг пурмаъно тавсифи, гўзал ва муқаддас ташқи тасвири бор, давр руҳи тажассум топган – ҳаммаси ўша замон эҳтиёжига, жамият талабларига мос. Зеро, фашизмга қарши курашаётган ва уруш қийинчиликларини бошдан кечираётган халқ қалбида Ватанга муҳаббат туйғусини, ватанпарварлик, фидойилик ҳиссини кучайтириш лозим эди. Шеър ўз вазифасини вақтида аъло даражада бажарди, лекин эндиликда у тарихга айланди, уни ҳозир том маънода ҳаракатдаги шеър деб аташ мушкул, бугунги ўқувчининг юрагини “жиз” эттирмайди. Чунки XXI асрдаги шеърхон уруш йилларидаги давр руҳидан жуда узоқ, бу руҳни ҳис қила олмайди, шоирнинг нега бунча жўшиб-ёнишини, куюнганини, даъватга, чақириққа, хитобга зўр берганини тасаввурига сиғдира олмайди. Натижада, шеър унга зарур маънавий-эстетик қониқиш бермайди, қалбига чўғ солмайди; бугунги ўқувчи учун унинг таъсир кучи йўқ ҳисоби.

Энди Ойбекнинг ўша уруш пайтларида, 1943 йил 17 февралида ёзилган ва биринчи марта орадан 12 йил ўтгач эълон қилинган Ватан ҳақидаги мана бу сарлавҳасиз шеърини кўрайлик. Шеър, бор-йўғи, уч банддан иборат:

Йиғи келмайди сира
Ғазабдан қақраган кўз.
Бу йўлларнинг яхидек
Лабимда қотибди сўз…

Қошлар, киприклар қиров –
Юраман ҳушсиз, ҳайрон.
Қорним оч, эсга келмас
Халтамдаги ғиштдек нон…

Куйган уйларда увлар
Қиш қуюни бетиним.
Танҳо кезаман. Йиғлар
Юрагимда Ватаним…

Шеърда урушдан тинкаси қуриган, харобага айланган Ватан манзараси лирик қаҳрамон юрагига кўчган; бу оддий манзара эмас, ватанпарвар фарзанд юрагининг суврати, юракнинг ичидаги Ватан йиғиси. Шеърдаги улкан бир фожиавийлик ўқувчини титроққа солади. Лирик қаҳрамон – Ватан фарзанди бутун дунёни унутган, у йиғлаётган Ватанидан бошқа нарсани кўрмайди. Бир бурда нон ҳамма нарсадан азиз, тилладан ҳам қиммат бўлган, одамлар очликдан шишиб ўлаётган бир пайт у – оч, лекин халтасидаги ғиштдек бир буханка нонни ейиш эсига келмайди, бироқ уни ҳис қилиб туради – Ватан дардининг кучлилигидан ҳатто энг зарур, энг қадрли ҳисобланган нон ҳам кераксиз ғиштга ўхшайди, ватанпарвар фарзандга оғирлик қилади, чунки унинг она-Ватани – оч, хароб. Шеърда шоирнинг Ватани юракка, унинг юраги эса Ватанига айланиб кетади, лирик қаҳрамон шу дардманд Ватаннинг бир парчаси, холос. Бу шеър ўша пайтларда эълон қилинганида, Ойбекка бахтиёр ва мардона совет Ватанини йиғлоқи, ожиз бир мамлакат тарзида тасвирлаган, тушкун шоир, деган сиёсий айб қўйилиши, ҳатто “халқ душмани”, “ёт унсур” тамғаси босилиши шубҳасиз эди. Чунки даврга бу шеър керак эмасди, замон талабига жавоб бермасди. Бироқ у кейинги даврлар, кейинги жамиятлар эҳтиёжларига мос, келажак замонлар талабларига жавоб берарди; у ўткинчи инсон руҳини эмас, мангу инсоният руҳини акс эттирган эди: Ватан ўткинчи-замонавий мафкуравий ҳудуд эмас, инсон юраги сажда қиладиган муқаддас кенглик! Шу сабали бу, машҳур бўлиши у ёқда турсин, ўша даврдаги замондошларига деярли нотаниш шеър бугунги кунда на оҳорини на қимматини йўқотди, Ойбекнинг гўзал асарларидан бири, ҳам фожиавийлик, ҳам улуғворлик тажассуми сифатида қалбларни ларзага солиб, фориғлантириб, поклаб яшамоқда.

Шундай қилиб, “Ватанни сев” шеърини ажойиб экстраверт ижод маҳсули, “Йиғи келмайди сира” шеърини эса интроверт руҳдаги шеър деб аташ мумкин. Зеро, биринчи шеърда шоир қоғоз-қаламнинг хўжайини, иккинчи шеърда даочи донишмандлар қадимда таъкидлаб ўтганларидек, у, бор-йўғи, илоҳий эпкин бўлмиш илҳом билан қоғоз-қалам ўртасидаги жонли восита. Асл истеъдод эгаси ўз хоҳиш-истагидан қатъи назар, ана шундай “камтарин”, “бор-йўғи, восита” бўлишга, боя айтганимиздек, қалами етовида юришга мажбур. Ўшандагина у ўз даврининг тор доирасидан чиқиб кета олади. Ойбек ана шундай истеъдод эгаларидан бири эди.

Ойбекни, кўп ҳолларда ўз замонаси ҳудудидан чиқиб, Шеърга, Инсонга, Ерга фалак гардиши доирасидан, Коинот юксаклигидан туриб қарай олган шоир, дедик. Бунинг бир қанча сабаблари бор. Улардан бири шуки, Ойбек шеъриятида мангу осмон, Қуёш, Ой, ғужғон юлдузлар, Сомон йўли, умуман, самовий ҳаёт алоҳида ўрин тутади; Ойбек мукаммал гўзалликни Коинотда кўради, унга интилади ва шу интилиш натижаси ўлароқ Коинот билан ўзини яхлит ҳодиса деб ҳисоблайди, Коинот уникими ёки у Коинотникими – ҳар иккиси орасида чегара йўқолиб кетади, улар бир-бирида инъикос этади, объект субъектга, субъект объектга сингиб кетади. Ойбек ҳали ёш шоир пайтларидаги шеърларидан бирида, 1928 йили юлдузларга қарата:

Сизга боқаркан:
“Шу чексиз борлиқ
Мендами?” – дейман.
“Менлигим тузган
Ёки чиройлик –
Хаёлми?” – дейман, –

деган эди.
Ойбекнинг Коинот билан алоқаси, айниқса, унинг Ойга муносабатида яққол кўзга ташланади. Бу муносабат гўдаклик чоғиданоқ бошланган; уни шоир 1934 йилда ёзган “Янги ой чиққанда” деган шеърида шундай ифодалайди:

Олтин ғўза пўчоқлар
Сингари очилганди
Кўкда ғуж-ғуж юлдузлар.

Туннинг қора ипаги
Орасидан порлади
Ингичка қилтириқ ой.

Онамнинг елкасида
Боқардим толпинароқ.
У пайт энди бир туш-ку.

Сочларимга тушди оқ.
Ҳар ой туғилганида
Ойдан томар у туйғу.

075Кейинроқ ёзилган “Умрим бор мафтунман мангу чиройга…” деб бошланган тўртлигида ҳам Ойбек онаси қўлидаёқ Ойга талпинганини, илк бор Ойга қўл чўзганида унинг сеҳрини сезганини, то ҳануз Ойга мафтунлик унинг учун ажиб бир синоат эканини, созининг жарангида ўша сеҳр, ўша сир доимо оҳангга айланиб, шеърига зиё беришини таъкидлайди.
Дарҳақиқат, Ойбекнинг Ойдан томган туйғу билан яшаган шоир эканини биз унинг бутун лирик ижоди мобайнида кўрамиз, Мусо Тошмуҳаммад ўғли ўзига Ойбек деган тахаллусни шунчаки танламаганига, Ойбек ва Ой ўртасида бизнинг ақлимиз етмайдиган, ўта хусусий, ҳатто қандайдир илоҳий бир яқинлик, бирлик борлигига ич-ичдан ишонамиз.

Ўзбек адабиётида Ойга Ойбекчалик кўп мурожаат қилган бирор бир шоирни учратмаймиз. Жаҳон адабиётида ҳам бундай ҳодиса йўқ ҳисоби. Фақат япон мумтоз шоири – “Ой қўшиқчиси” деб ном олган донишманд-роҳиб Мёе (1173-1232) Ой билан шундай юракдан суҳбатлашган: “Ойга қараб, мен Ойга айланаман. Мен томоша қилаётган Ой эса менга айланади. Мен табиатга сингиб бораман, у билан бирлашиб кетаман”, – дейди Мёе 1.

Ойбекда ҳам худди шундай ҳиссиётни кўрамиз, у ўзини дарвеш – Ойга мурид, Ойни эса ўзига ҳам дўст, ҳам пир деб атайди. Бу ҳақда унинг қисқагина бир шеъри бор, уни тўлиқ келтирамиз:

Салом, эй Ой,
Мунгли эски дўст!
Боқ, тагимда яна
Ўша тақир пўст.
Ўша шамшод асо,
Ўша қамиш най…
Фақат ўзга ҳижрон,
Ўзга жон ва май.
Мажҳул саҳродамен,
Ой, бўл пир ва эш,
Ғояга эришсин
Бу сўнгги дарвеш!

Биринчи марта Мукаммал асарлар тўпламида эълон қилинган бу шеър ва юқоридаги “Умрим бор мафтунман мангу чиройга…” тўртлиги 1942 йили, айни уруш қизиган чоғларида ёзилган. У пайтларда Ойбек ўша давр тўғрисида, урушдаги халқнинг қаҳрамонликлари, ўзбек фарзандларининг ботирлиги, фашизм устидан ғалаба қозониш тарих ҳукми эканлиги ҳақида кўплаб шеърлар ёзди. Лекин Ойбек жуда Катта Инсон эди, у биргина замонга сиғмасди. Унинг устига бу замон Ленин ва Сталин ўрнатган тоталитар, аксилинсоний тузум темир панжара билан ўраб қўйган маконда мавжуд эди. Ойбек тўлғонарди, эркин қушдек самога интиларди, Ой ва юлдузлар ёнида бўлишни, Сомон йўлидан юришни истарди. Гоҳ-гоҳ эса ўзини ожиз ҳис этарди, атрофидаги муҳит, шеъриятни, адолатни, ҳақиқатни, гўзалликни ҳалок этувчи замон нафаси уни бўғарди; яккаҳокимликка, зўравонликка, бир хилликка асосланган жамият, шу пайтгача инсониятга номаълум бўлган, англаб етилмаган, лекин ҳар қандай гиёҳни, баҳорни ва капалакни куйдириб ташлайдиган ижтимоий тузум – “мажҳул саҳро” уни қийнарди. “Салом, эй Ой…” деб бошланган шеърдан (1942 йил, 31 август) бироз (эҳтимол, бир ҳафта) кейин, сентябр ойида ёзилган, ўша пайтда русчага таржима қилиниб, машҳур бўлиб кетган, лекин ўзбек тилида цензура фақат 1975 йилдагина нашр этишга рухсат берган. “Кичик ҳодиса” шеърида ҳам ана шу ғоя, ўша мавзу мажозий тарзда, капалак образи орқали очиб берилган. Ундаги “Беҳзод бўёғи каби қанотларининг ранги майин” капалак – гўзаллик, эзгулик ва эрк рамзи. Капалак “мажҳул саҳрода” (бу шеърда у шаҳарнинг саратондаги гавжум майдони) ҳалок бўлади:

Асфальтда гул барги каби куйди қанотлар,
Кукрар бензин, ароқ ва тер, ҳаво дуд-тўзон.
Халқ дувури, елни силкиб учган пўлатлар,
Радионинг суронлари… айланар майдон!

Сайр қиламан деб ҳалокатга дучор бўлган капалак (бахтли бўламан деб бахтиқарога айланган халқ, меҳнатдан бошқа нарсани билмайдиган, “бензин, ароқ ва тер, дуд-тўзон” ичида саводли қулга, баҳайбат замон машинасининг кўзга кўринмас даражадаги кичик мурватига айланиб қолган инсон) ўз ўтмишини, бир пайтлардаги ўлкасининг гўзаллигини, улуғворлигини, мусаффолигини эслайди, эркин ҳаволарни қўмсайди, буюк тоғлару шаффоф дарёларни соғинади:

Капалакнинг хотирида жонланди бу зум
Дарёларнинг ёйдоқланган кумуш тўлқини.
Тоғларнинг қор салласидан ўчган табассум,
Чаманларда қуёш базми, нурлар ўйини…

Капалак ўша томонларга, ўша замонларга учиб кетмоқчи бўлади, лекин энди йўл йўқ, атрофини ўраб олган даҳшатли муҳит уни ютиб юборади:

Ситилганди дарддан кўзлар қора соққаси
Парвоз учун интилди у – бемажол, забун.
Моторларнинг суратидан маст куйик нафас,
Ногоҳ ютди, ҳатто ундан қолмади кукун!

Шеърдаги капалак – миқёсли образ, боя айтганимиздек, эрк, гўзаллик, эзгулик ва айни пайтда у – халқ, у – Ойбекнинг ўзи. Халқ билан Ойбекнинг фарқи шунда эдики, халқ кечмишидаги буюк ва гўзал замонларга қайта олмасди, Ойбек эса ижодкор – ўзгаларда йўқ хаёлот эгаси, истисноли инсон бўлгани учун ана шу қайтиш имконига эга эди ва у бу имкондан фойдаланди; Ойбек умр бўйи фикран Навоий ёнида яшади, аввал “Навоий” достонини, кейин “Навоий” романини, ҳаётининг сўнгги йилларида аввалроқ бошлаб қўйилган “Бола Алишер” (“Алишернинг болалиги”) қиссаси ҳамда “Гули ва Навоий” достонини ёзди, 1928 йилдан то умрининг охиригача Навоий ижодини тадқиқ этди.

“Кичкина ҳодиса” шеърида Ойбек ўзини ёки, жуда бўлмаганда, ўзига ўхшаган инсонлар тақдирини мажозий тарзда ифодалаганини, Ўзбекистоннинг, ўзбек адабиётининг дўсти, Навоий ҳақида машҳур “Ҳаёт бўстони” қиссасини ёзган рус адибаси Лидия Бать ишончли ва ўринли тарзда мана бундай изоҳлайди:
“…Биз шу кун шаҳарда кўп юрдик. Ойбек ўз шеърларини ўқиди. У менинг эътиборимни, афтидан, ўзининг севимли шеърларидан бирига –шаҳарга учиб келган, аммо тер ва дуд билан тўла ҳаводан ҳалок бўлган капалак тўғрисидаги шеърга жалб этди. Шубҳасиз, бу мажоз бўлиб, шоир капалак мисолида ўз муҳитидан ажратиб олинган ва унинг учун ёт ҳамда ўлакса заминга кўчирилган инсонни кўзда тутган эди.
Ойбек бу шеърнинг бадиий нафосатини шундай мукаммал ва дид билан очиб бердики, мен бу шеърни таржима қилишни хоҳлаб қолдим…”1

Лекин Ойбек ҳеч қачон тушкун шоир бўлмаган. У доимо Коинотга – нурга, Ойга, Ерга, улардаги гўзаллик ва улуғворликка шайдо.
Ойбек Коинотни, она табиатни мушоҳада қилган пайтида, табиат қўйнида кезганида, унинг фасллардаги жилваларини кузатганида ҳар қандай аламу изтироб, аччиқ хаёлларни унутади. Мана, Ойбекнинг ўлимидан тўрт кун олдин ёзган саккиз қатор шеъри:

Қалдироқ, яшин ва жалалардан сўнг
Қайдандир югуриб, таралур бебош
Булутлар карвони қоялардай чўнг,
Суюниб, сачралиб чиқади қуёш.

Самонинг ярмига тушар камалак,
Нақадар ижодкор, серзавқ табиат!
Нашъа ва сурурга тўла бу фалак,
Не деган нарса бу – ҳасрат ва кулфат!..

Хўш, бундай доимий хуш кайфият, булутлар карвони ортидан Қуёшнинг суюниб, сачралиб чиқаётганини кўра олиш, эзгуликка, гўзалликка мафтунлик, замоннинг майда эҳтиёж ва талабларидан, кундалик турмушнинг икир-чикирларидан баланд тура билиш, уларга, айтиб ўтганимиздек, Коинот юксаклигидан қарай олиш имконининг сири нимада? Буларнинг ҳаммаси, бизнингча, Ойбекнинг дарвешлиги билан боғлиқ. Ҳа, Ойбек том маънодаги дарвеш эди. Дарвеш дегани эса, кўпчилик замондошларимиз тасаввур қилганларидек, қадимда девор тагида качкулини шарақлатиб, ҳассасини ерга уриб, “Ҳақ, дўст ё Олло!” деб ўткинчилардан садақа тиланадиган қаландарлик либосидаги девона эмас. Дарвеш – комиллик йўлига кирган ва унга эришган инсон, замонасининг энг зиёли, истеъдодли кишиси, илоҳиёту фалсафа, илму санъат соҳиби. Ўз фикрининг ҳимояси учун ҳаётини қурбон қилган сўфий Мансур Ҳаллож дарвеш эди, Ватан ҳимояси учун жангга кириб, ўлганида ҳам қўлидаги байроқни ёвга бермаган Нажмиддин Кубро дарвеш эди, шогирдини кундадан озод қилиб, ҳақиқат йўлида ўзини жаллодга топширган буюк шоир Насимий дарвеш эди; улуғ файласуф шоирларимиз Жалолиддин Румий, Паҳлавон Маҳмуд, Алишер Навоий ва у зотнинг пири Жомий ҳазратлари, буюк Машраб – буларнинг ҳаммаси том маънодаги дарвеш эдилар. Улар ўз замонасига келажак замонлар эҳтиёжларидан келиб чиқиб қарадилар ва уни олға етаклашга ҳаракат қилдилар.

Шу жиҳатдан буюк дарвеш Баҳоуддин Нақшбанд асос солган тариқат ҳикматларидан бўлмиш: “Агар мамлакат шавад з-шоҳ маранжи, ки назди аҳли ҳақиқат гуноҳи дарвешаст” (“Агар мамлакат хароб бўлса, шоҳдан хафа бўлма, бу дарвешларнинг – зиёлиларнинг гуноҳи”) деган сўзлар диққатга сазовор; дарвешлар – зиёлилар зиммасига ана шундай юксак масъулият юкланган. Аммо дарвешлик рутбасига эришиш осон эмас, бунинг учун, улуғ мутасаввиф-файласуф Азизиддин Насафийнинг фикрига кўра, киши тўрт мақомни босиб ўтмоқлиги лозим; улар – эзгу сўз, эзгу амал, эзгу хулқ ва маърифат, шунда инсон ўзининг кимлигини, ҳақиқат нималигини англаб етади2. Ойбек ўзининг кимлигини, ҳақиқат нималигини англаб етган, инсон сифатида ҳам, шоир сифатида ҳам ана шу мақомларини босиб ўтган аллома.

011арвешлик мавзуи, дарвешликнинг ижтимоий-фалсафий, ахлоқий-эстетик моҳияти ё бевосита, ё билвосита тарзда Ойбек ижодининг илк давридаёқ ўз инъикосини топа бошлаган. Бу борадаги дастлабки, 1925 йилда ёзилган, “Айрилиқ ва дарвеш”, “Яна дарвиш” шеърлари диққатга сазовор3. Уларнинг лирик қаҳрамони гўзал Ватанидан айрилган, ҳижрондаги дарвеш, бу дунёнинг ноҳақликларидан, нокасликларидан изтироб чекаётган ватанпарвар инсон. “Айрилиқ ва дарвеш” шеъри (бир йил аввал ёзилган “Фарғона” шеъри каби) Чўлпоннинг “Бузилган ўлка”си ва “Бинафша”сига ҳамоҳанг, уйғун; унда тутқун Ватандаги эрксиз дарвешнинг буюк аламлари ўз ифодасини топади:

Ҳижрон ўтларида ёнган, эй дарвиш!
Борлиқдан топдингми савдоли бир иш?

Кўкламнинг гуллари нечун тез сўлмиш,
Нашъали боғчалар хазон-ла тўлмиш,
Кўкларда порлаган қуёш-да сўнмиш,
Олтинли шафақлар билмам на ўлмиш?

Тоғларда булоқлар нағма чаларди,
Чечаклар руҳларга қучоқ очарди,
Гўзаллик ҳар ерда кулиб боқарди,
Булбулдан, нағмадан бир из қолмамиш.

Гарчанд бу дарвеш бошқа асл дарвешлар билан азалий робита орқали боғланган бўлса-да (ўша ишқ, ўша ҳижрон, ўша май), азалийлик уни бугундан юксакроқ туришга даъват этса-да (Мен азалдан эл аро дарвешман Кўз ёшим руҳимда мавж айлар мудом), лекин у ўзга дарвешлардан бошқачароқ, унинг муқаддас ишқи фақат Илоҳ билан эмас, Шеър билан ҳам боғлиқ, у “санъат фалсафасини юлдузлардан ўқиган” шоир, гўзаллик фидойиси. Шу жиҳатдан “Шоир билан суҳбат” (1933) шеъри алоҳида эътиборга молик. Унда янги замонга кўнгил бермоқчи бўлган шоир образи намоён бўлади: лирик қаҳрамон ўз дарвешлигидан кетмоқчи, совет воқелигига ҳамнафас яшамоқчи, лекин унинг ҳаёти дарвешона:

Дедим улуғ – бир ўпиш
Шу чексиз Коинотдан.
Севгидан оғриб ўлиш
Юксак, – дедим, – ҳаётдан…

Гулларнинг аллачиси
Булбулларга бўлдим эш.
Қайнарди кўнгил ичи,
Сездим ўзимни дарвеш…

У айни пайтда ўз замонида, муайян маънода мавжуд эканини унутмайди, чунки замон ва макон унга ўзларини доимо эслатиб туради – уни ўзи севган нарсалардан воз кечишга мажбур қилади…

Орадан ўн йил ўтгач, биз юқорида келтирган “Салом, эй Ой, мунгли эски дўст!” шеърида Ойбек яна бир бор ўзини сўнгги дарвеш деб атайди, дарвешликдан кечмаганини яна бир бор таъкидлайди. Ўз оламига эга бўлган оламий шоир истеъдодининг рақиблари ва одамлардан кичкина бўлишни талаб қилган, бор-йўғи, 70 йилча давом этган кичкина замон, шу замонни қўриқлашга бел боғлаган кичкина одамлар унинг “ўжар”лигидан, ростгўйлигидан, ҳалоллигидан ғазабландилар, унга кун бермасликка интилдилар. Бироқ Ойбек инсон сифатида ҳам, шоир сифатида ҳам эзгу сўз, эзгу амал, эзгу хулқ билан яшади, доимо маърифатга интилди. Шоир маърифат соҳиби бўлиш йўлидаги изланишларини “Хотирадаги излар” шеърида шундай эслайди:

Рангпар бўйдоқ йигитча
Яшарди хаёлларнинг,
Фалсафий шамолларнинг
Қанотларида якка…

Зеро, дарвешлик – тариқатга кирмоқ. Тариқат эса, Ҳусайн Воиз Кошифий айтганидек, “қидириладиган нарсадир, интилиш, баёндир, ҳикматдир… тариқатнинг самараси – фикр, яъни ўзидан воз кечмоқ”. Шу боис улуғ дарвешларнинг кўпчилиги айни пайтда ҳам илоҳиётчи, ҳам сўфий, ҳам файласуф-ҳаким бўлганлар. Ойбек ўзидан воз кечиб умрини фикрга, тафаккурга бағишлади. Фикр, ўзининг энг юксак даражасини фалсафада топади. Фикр, айниқса, фалсафий тафаккур бир жойда тўхтаб қолиши мумкин эмас, қалин булутлар қўйнидан қуёшни топгач, у яна узоқларнинг чорловига қараб интилади:

Фалсафа самоси устида ҳар чоғ
Сен жавлон қиласен тўқиб тизимлар.
Қалин булутларнинг қўйнидан порлоқ
Қуёшлар топаркан, узоқлар имлар, –

дейди Ойбек “Фикр” шеърида.

Бу – масаланинг бир томони, иккинчи жиҳати шуки, фалсафанинг мақсади ҳақиқат, ҳақиқатга етишиш воситаси эса фикр, тафаккур, тафаккурни ўрганиш орқали фалсафа инсонни ҳақиқат томон етаклайди. Шунинг учун Ойбек шеърларида фалсафа, фикр (тафаккур) ҳақиқат тушунчаси билан одатда ёнма-ён келади. “Сўнгги дарвеш” Ойбек фалсафий тафаккур соҳиби, ҳақиқат шайдоси.
Шоир ҳақиқатни бутун руҳи билан, бор маънавий дунёси билан излайди. Бу руҳ, бу маънавий дунё ҳам мана шу биз мавжуд бўлган макон каби тўрт томонга эга. Улар – ақл, ҳис, фикр, хаёл; уларнинг ўз сифатлари бор: ақл – ёруғлиқ, фикр ва ҳис – теранлик, хаёл – ўсувчанлик хусусиятига эга. Тўрт томон қуёшга чирмашгани каби улар ҳам ҳақиқатга чирмашиб яшайдилар:

Ақлнинг хонаси тўла шуъла, нур,
Фикрлар ва ҳислар тубсиз бир чуқур.
Ҳақиқатни излаб асрлар аро
Чарчамас дарбадар, хаёл чирмашур.

Баъзан шоир ҳақиқатни излашдан бир муддат чарчагандек кўринади, табиат ва жамият қошида инсон шахсининг ожизлигини ҳис этади. Ҳақиқий олам нима – ташқи оламми ёки ички олам? Нега бу икки олам орасида мутаносиблик йўқ? Ким айбдор, замонми, инсонми? Нега замон, файласуфлар ёлғон тўқийди? Ана шу саволларга жавоб тополмай шоир ўзида андак руҳий чарчоқ ҳис қилади.
Руҳий чарчоқ баъзан шоирда ёлғизлик ҳиссини уйғотади. Тўғри, Ойбек бутун ҳаёти давомида “Хилват дар анжуман” тамойили асосида яшади: ҳақиқатни оёқ ости қилган, ёлғонга йўғрилган анжуманларда, Худонинг Ердаги халифаси бўлган инсон шахсини хўрлаган воқеаларда иштирок этишдан, бегуноҳларга туҳмат уюштиришдан бош тортди, замонда яшаб, замоннинг қабиҳликларидан хилватда умр кечирди, ўша анжуман, воқеалар ва уюштиришлар пайтида доимо эзгу ўй, эзгу амал, эзгу хулқ ва маърифат қучоғида бўлди; бундай ёлғизлик ўша пайтларда ҳар қандай ижтимоийликдан юз баробар, балки минг баробар баланд эди.
Том маънодаги ёлғизлик эса руҳнинг Коинотдан, табиатдан узилган лаҳзаларида воқе бўлади, фақат ва фақат ўшандагина шоир ёлғиз:

Ёлғизмен, ёлғизмен, шундай ёлғизмен,
Юлдузлар узоқдир, еллар бегона.

Лекин бу ёлғизлик жуда камдан-кам рўй беради ва лаҳзалар қанотида учиб ўтиб кетади: шоир яна Ой билан бирга дарвешона ҳаётбахш руҳ қучоғида яшайди, зеро, самовий ёғду, гўзал Ой, Коинот азалий ва абадийдир, ақл – ҳақиқатга элтгувчи йўл, эҳтимол, улар орқали ўтар:

Самода сирғалур ошнам – мунгли Ой,
Бизнинг бошимизда у-да ҳамсуҳбат,
Коинот эртага битмайди… Кўкчой –
Ҳўплаймиз, кўнгилда ювилар ғурбат…

Хўш, Ойбек ҳақиқатни топдими? Топган бўлса, у қанақа экан? Ҳа, Ойбек ҳақиқатни топди, у ранг-баранг экан, чунки дарвешликнинг – энг юксак зиёлиликнинг сўнгги мақоми бўлмиш ҳақиқат манзил ҳам, марра ҳам эмас, у – манзилга, маррага интилиш. Шу жиҳатдан қадимги даочи-донишмандлар, ҳақиқат – ҳақиқатга интилиш жараёнидан иборат, деганларида ҳақиқатни айтганлар. Ойбек эзгу сўз, эзгу амал, эзгу ҳулқ ва маърифат билан бутун умр ҳақиқатга интилди, демак, у – ҳақиқатга эришган бахтли шоирдир. У ҳаётда ҳам, ижодда ҳам бизнинг оламдан юксакроқ турувчи ўзгача олам, рафиқаси Зарифа Саидносирова айтганидек, “бир жаҳонга арзийдиган ажабтовур табиатли, бошқа дунёдан келмиш киши эди”. Ойбекнинг “Машраб” шеъридаги:

Булутдай кезса халқ ичида шоир
Хотираси қуёш каби қоладир, –

сатрлари унинг ўзига нисбатан айтилган ҳикматли сўзлардир.

Ойбек халқ ичидан кўклам булутидай ўтди. Унинг ёмғирлари авлодлар қалбида, руҳида сеҳрли чаманлару ям-яшил боғлар ўстирди, улардаги ҳар бир гулбарг ва япроқларда жилва қилувчи Нур – Қуёш шоирдан хотирадир. Асл дарвешлик рутбасига эришган самовий қўшиқчи, Ой ва Коинот куйчиси Ойбек халқ қалбидаги Нур бўлиб узоқ-узоқ яшаяжак.

033

(Tashriflar: umumiy 1 899, bugungi 1)

1 izoh

  1. Haqiqiy sah’at asari — hamisha ilohiy va insoniy omilning uyg’unlashuvidan dunyoga keladi; maqolada Oybek she’riyati ana shunday hodisa o’laroq o’ta inja kashf etilgan. Milliy adabiyotshunoslikda shunday chuqur ilmiy, xolis, ifodasi shirali,matndan kelib chiqilgan asosli tahlillar ko’paysa… Rahmat!

Izoh qoldiring