Sharqiya Aliyevaning memuari

03

Оҳ, менинг соддагина (нодон десам ҳақорат бўлар), ҳар қандай буйруқни бажараверадиган, тили йўқ замондошларим! “Орзигул опа бадарға қилинсин!” деб юз фоиз қўл кўтардилар-а! Шу ерда турган милиция хизматчиси “Туринг, Орзигул опа! Бу ёққа ўтинг. Ҳозирдан эътиборан уйингизга бормайсиз, кўрпа тўшагингизни келтириб берадилар” деганидан кейин аёлларнинг ярмидан кўпроғи уввос солиб йиғлай бошладилар.

02
УМИД БЕКМУҲАММАД
ШАРҚИЯ АЛИЕВАНИНГ МЕМУАРИ
033

031збекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Сулаймон Азимов ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад билан қилган бир суҳбатида, “19 асрга келиб русларда мемуар яратиш бошланди.Улар француз, инглиз, итальянлардан ўрганишди.Мемуар кимнингдир таржимаи ҳоли эмас, ким қандай яшади, қандай овқат еди, нимани кўриб, нимани эшитди дегани эмас, Мемуар -ўз даври, ўз мамлакати, ўз халқи тараққиёти, аҳволи ҳақида шахсий фикр айтиш, шахсий нуқтаи назарини баён этиш дегани! Давр ва жамият устидан ҳукм чиқариш дегани! Бизда эса шўро мустамлакачилиги даврида шахсий фикр, шахсий нуқтаи назар бўлмаган, демак мемуар ҳам бўлмаган” — деб айтган экан.

Шукрки, истиқлолдан кейинги даврда нафақат ижод ва илм аҳли, балки турли раҳбарлик вазифаларида ишлаган кишилар ҳам файласуф Сулаймон Азимов айтган мемуарларни-хотираларини нашр этдира бошлашди. Пойтахтда яшаб ишлаган олимлар,раҳбарлар томонидан яратилган мемуарларку анча. Уларни қайд этиш, мемуарларнинг таъсирчанлиги, ўқимишлилиги даражаси тўғрисида кўп гапириш, ёзиш мумкин.

Кейинги йилларда эса Хоразм вилоятида ҳам ана шундай турли хотиралар битилган китоблар юзага келди. Булар Маркс Жуманиёзовнинг “Эсимда қолган онлар”, Бахтиёр Обдалниёзовнинг “Йиллар, воқеалар, одамлар”, Аминбой Вафоевнинг “Хотирамда жонланган ўтмиш” асарларидир. Ана шу туркумга оид китоблар сафидан эса яқинда Шарқия Алиеванинг “Умр ҳикматлари” ( “Хоразм” нашриёти, 2014 йил) дея номланган хотиралари ҳам жой олди.

Шарқия Алиева Янгибозор,Урганч,Гурлан, Шовот туманларида раҳбарлик вазифаларида ишлаган нуроний аёллардан. Шу билан бирга салоҳиятли, заковатли, фикри теран инсон. Тўғри Хоразмдаги бугунги ёшларга бу ном нотаниш бўлиши мумкин.Аммо кексароқ инсонлар Шарқия Алиевани, у раҳбарлик қилган даврни,воқеаларни ҳамон эслашади.

Мен Шарқия Алиева номини илк бор-1992 йилда республика матбуотида чоп этилган “Барнонинг умрига ким зомин бўлди?” сарлавҳали мақоласи орқали эшитгандим. Ўшанда мени Шарқия исми ҳайратлантирганди. Негаки, ўшанда 17 ёшга кириб, Гурлан туманида, умуман Хоразмда бу исмни кам учратганлигимдан ажаблангандим. Ўшандан сўнг Шарқия Алиева номиниям, ўзиниям на бирон матбуот саҳифасида, на ҳаётда учратмадим. Ҳаттоки,Шовот тумани, мен яшайдиган Гурланга қўшни-орада 15 км масофа бўлса-да.Ҳатто, ҳозир ҳам фақат сиртдан, у ҳақда таниган билганлардан эшитганим бўйича, асосан ёзган мемуари орқали танийман.

Янгибозор тумани “Нуроний” жамғармаси раиси, ўз даврида Омон Матжон, Усмон Азим, Шавкат Раҳмонлар билан улар воҳага келганларида мезбонлик қилиб суҳбатларини олган, ғоятда китобхон, закий инсон Мансур Содиқов Шарқия Алиеванинг китобини мақтаб қолди.Табиийки, ҳаёт тажрибаси ошган, табиатан лоқайдлигу лаганбардорликдан йироқ Мансур ака бекорга китобниям, инсонниям мақтайвермайди. Шу боис китобни қўлимга олдиму, уни бир ўтиришда ўқиб чиқдим.Ҳатто ҳозир ҳам мемуарни очиб, баъзи жойларини, қайта-қайта ўқийман.

Маълумки, Шарқия Алиева раҳбарлик вазифаларида ишлаган даврда пахта яккаҳокимлиги авж олган, қишлоқда банда борки, дала ишларига сафар қилинар, ҳар қандай арз-даъво эътиборга олинмасди. Шарқия ая Янгибозор туманида ишлаган даврида “Ўзбекистон” жамоа хўжалиги раиси билан вакил сифатида қишлоқни айланиб, хунук бир воқеа гувоҳи бўлганини ёзади:
“Мана манзилга яқинлашдик, чоғи . Ахир биз Қўчқор чўпоннинг уйига келибмиз-ку! Ана Қўчқор чўпоннинг хотини Орзигул опа товуқ сўйдирган шекилли, қўлида эндигина тозаланган товуқ билан турган экан. Ҳали товуқнинг ичини ҳам очиб улгурмаган. Аёл жуда хурсанд ҳолда “Келинглар, кела қолинглар” деб кутиб олди бизларни. Унинг ташрифимиздан жуда мамнун экани, бизни энг ҳурматли, азиз меҳмон сифатида кутаётгани унинг кайфиятидан кўриниб турарди. Қўчқор ака билан Орзигул опанинг биргина фарзанди — ёлғиз қизи бўлиб, уни ҳам турмушга бериб, ичкуёв киритган эканлар. Ўша қизидан ўғил набира кўрибдилар.Қизи билан невараси ҳали туғруқхонадан келмаган эканлар. Бу хонадонда неча йилги орзулар ушалиб, ниҳоятда хурсандчилик экан. Воқеани Собир ака шу ерга яқинлашганимизда машинадан тушмай айтиб улгурди.

Орзигул опага “кўз ойдин” айтдик. Чақалоққа узоқ умр тиладик. Собир ака ҳозир ўтира олмаслигимизни, бир соатдан кейин умумий йиғилиш бўлажагини айтиб, узр сўраган бўлди ва Орзигул опага йиғилишга боришини тайинлади. У ҳам “бораман, ҳа, бораман” деб қолди. Биз қайтиб кетдик. Машинага чиққач “Орзигул опа бормаса ҳам бўлар эди-ку, қизига овқат қилиши керакдир, балки меҳмон кутаётгандир”, дедим. Собир ака “ҳеч гап бўлмас” деди.

Йиғилиш бошланди. Гуруҳимиз раҳбари текшириш натижалари бўйича гапирди. Дала ишларига қатнашмаётган одамлар ҳақида тўхталди. Йиғилишда қатнашаётган туман прокурори Даумшар Ўжараев “колхоз ҳудудида яшаб, бирон жойда ишламагани ҳолда далага чиқмаган одамларни бадарға қилиш тўғрисида қонун бор, айрим одамларга нисбатан шуни қўллаш керак”, деди.
Бадарға қилишга ўша биз бориб, йиғилишга таклиф қилган Орзигул опани лойиқ топдилар. У шўрлик аёл кейинги вақтларда дала ишига чиқмай қўйган экан. Балки қизи оғироёқ бўлгани учундир. Йиғилишда Орзигул опани бадарға қилиш масаласини овозга қўйдилар.

Оҳ, менинг соддагина (нодон десам ҳақорат бўлар), ҳар қандай буйруқни бажараверадиган, тили йўқ замондошларим! “Орзигул опа бадарға қилинсин!” деб юз фоиз қўл кўтардилар-а! Шу ерда турган милиция хизматчиси “Туринг, Орзигул опа! Бу ёққа ўтинг. Ҳозирдан эътиборан уйингизга бормайсиз, кўрпа тўшагингизни келтириб берадилар” деганидан кейин аёлларнинг ярмидан кўпроғи уввос солиб йиғлай бошладилар.

Айтишларича, колхоз аҳолисининг деярлик ярми уларга қариндош экан. Бу гапларнинг охири қандай бўлганидан хабарим йўқ. Чунки икки-уч кун ичида мен Тошкентга имтиҳон топшириш учун кетдим.( бу пайтда Шарқия Алиева Тошкентдаги олий партия мактабида сиртдан таҳсил олаётганди-У.Б.) Лекин Орзигул опа масаласи мен учун бир умр армон бўлиб қолди. Нима учун бораётганимизни билмай, нечун раиснинг гапи билан Орзигул опаларнинг уйига бордим? Нечун раисни, прокурорни инсофга чақирмадим? “Бир оиланинг яхши кунини мотамга айлантиряпсизлар “, демадим… Ахир шу ердагиларнинг бари, ҳатто каттароқ лавозимдаги одамлар ҳам менинг гапимга эътибор билан қараши маълум эди-ку! Мен бир гап айтганда эътироз билдиришмас эди…”( ўша китоб, 135-136 бетлар).

Шарқия ая шу тарзда ўзи пушаймон бўлган воқеани келтириб, шўро даври қонунчилигидаги моддалар, унинг ижросини бажарувчи қабиҳона, “саллани калла билан олувчиларнинг” қилмишларини, одамларнинг лоқайдлиги, бефарқлигини ёритади ўз асарида.
Ёхуд 82 ёшли ая ўз китобида умрининг анча қисмини ишониб яшаган тузум, партияга ҳам фикрини билдириб ўтади:
“Китобимнинг бир жойида “партия сафига кирган кунимни бир умр ланъатлаб ўтдим”, деб ёзганман. Партияга аъзолигим сабаб унинг тизимида ишлашга мажбур бўлдим. Ана шу ишлар боис шахсий ҳаётимда кўп нарсани йўқотдим.

Иш кунимда сарҳад йўқ. Куни билан гоҳ идорада, гоҳ туманнинг қайсидир бурчагида далада, фермада, мактабда ёки корхонада бўламан. Байрам нима, дам олиш куни нима, билмайман. Ёшлар ташкилотида беш йил ишлаб таътил деган нарса борини билмаган эканман. Отахон шоир Ғафур Ғуломнинг “Сен етим эмассан” шеърининг “..Вой, бечора жоним! десам арзийди…” деган мисралари бор. Мен кейинги вақтларда ўтмишни эслаб “Вой бечора жоним!” деб кўп айтадиган бўлдим. Ўша вақтларда туманда, колхозларда турли мажлислар кечқурун бўлар эди. Куни билан чарчаб, толиқиб юрган одамлар ярим кечгача йиғилишда ўтиришга, унга алоқаси борми, йўқми, узундан узоқ маърузаларни тинглашга, кимларнингдир ҳар кунги хўжалик ишлари учун тикка туриб ҳисоб беришларини кузатишга мажбур эдилар.

Ана шундай, ўша турли поғонадан иборат бўлган “раҳбарлик” деб аталган лавозимларда кимлар ишлаяпти? Бу турган-битгани ҳам руҳий, ҳам жисмоний азоб-уқубатдан иборат бўлган вазифаларда ишлашга ҳамма ҳам қодирми? Бу гаплар ҳеч кимни қизиқтирмайди. Аёлларга “Бу аёл-ку! Шахсий эҳтиёжларига қачон қарайди?” дегувчи йўқ. Қолаверса, ҳали энди вояга етган, ҳаёт йўлини белгилаб улгурмай, иссиқ-совуқни кўрмаган қизларнинг шундай шароитда ишлаши шарт эдими? Тағин “кадрлар партиянинг олтин фонди” деб гап сотадиган эдилар.

Партиянинг олтин заҳирасида юравериб, мен ҳам инсон эканимни, ўзимни ҳам, келажагимни ҳам ўйлашиб керак эканини, ўзим учун ўзим қайғуришим кераклигини унутиб юбораётган эканман.

Ана энди турмушга кеч чиққаним сабабини айтмасам ҳам бўлади. Ҳар ҳолда мени ҳеч ким ҳоҳламаганидан ёки обрўсиз бўлганимдан эмас, ҳавас қилган одамлар кўп бўлган.

Туман партия қўмитаси котибаси, ўта жиддий, анча-мунча одамлар иш юзасидан мурожаат қилишга юраги бетламаган тошюрак қизга қайси йигит дил дардини айтар эди? Балки биронтасини астойдил севиб қолмагандирман, балки меним орзуимдаги шаҳзода учрамагандир, балки мени орзу қилганлар орасида журъатли, қаътиятли йигитлар бўлмагандир…

Қиз бола бўлиб туғилибман-ку, турмушга чиқишим керак экан. Мендан ёши катта, ҳаёт аччиқ-чучугини кўрган, ишончимни қозонган ошна опаларим авраб кўндирдилар. Меним ғоям: “Ким мен билан турмуш қурса ҳам, албатта, бахтли бўлади. Ўзимга тенг кўрган одамнинг ҳурматини жойига қўяман. Ҳар қандай одам билан тил топишиб кетаман. Керак бўлса, ўзимга тенг поғонага кўтараман. Аёлнинг оилада қандай вазифаси бўлса-барини бажараман. Мен борган уйга чароғонлик боради, файз-барака боради. Менга уйланган одам бахтидан эсанкирамаса бўлгани”, дер эдим…

Турмушга чиқибоқ ишдан бўшатишларини сўраб вилоят партия қўмитасига ариза бердим. Бўшатишмади. Бир йил давомида уч маротаба бўшатишларини сўраб мурожаат қилдим. Турмуш ўртоғим ишини Гурланга ўзгартиришга (Шарқия ая Янгибозор туманида яшаб, Гурлан тумани партия қўмитасида ишлаган, Шовот туманига келин бўлиб тушган. У.Б. изоҳи) рози эди. Унга мен кўнмадим. Эримнинг обрўсини ўйладим. Ҳаётда кўрганманки, аёл эрига эргашиб юради. Эрнинг аёлига эргашиб кўчиб юриши ўзбекка хос эмас.

1967 йили декабр ойида туғиш таътилига чиқдим. Шундан кейин бўлган конференцияда ўрнимга бошқа одам сайлашга мажбур бўлдилар. Конференцияда менинг Гурландан кетаётганимни айтиб, менга соғлиқ-саломатлик, оилавий бахт тиладилар. Ким гапирса, “Шарқия” деб (Алиева деб эмас), “Шарқиямиз” деб гапирди. Ҳали айтганимдай, бир йил ишдан бўшатмай қўйганликлари учун Гурландаги уйимда бўлиб ишладим. Бозор кунлари Шовотга келар эдим. Ҳар гал Шовотга келаётиб, кўнглимда “Шу гал келиб кетсам бўлгани, бошқа келмайман”, деб ўйлардим…

Азиз китобхоним! Ушбу сатрларни ўқиб, “номигагина оила қилган экан-да. Оиласи қум устига қурилган қаср экан”, деб асло ўйламанг. Мен сохталикдан йироқман. Мен ҳақда фикрингиз ўзгара кўрмасин, айланай Сиздан! Кўп одамларнинг эътиборида эканимни, кўп одамлар синчков назар ташлаётганини, “Ҳаммага ақл ўргатадиган Шарқия турмушга чиқибди. Энди буёғи қандай бўлар экан?” дегувчилар борлигини ҳамиша билиб юрганман. Буни ҳисобга олиб, эрим деворини кўтариб, томини ёпиб қўйган тўрт хонадан иборат иморатни оилам қўрғони билиб, ташқарисини ҳам, ичкарисини ҳам, шаклини ҳам, мазмунини ҳам демоқчиман, ҳеч кимнинг уйидан кам бўлмасин, деб, қўлимдан келган ишни қилдим. Сигир асрадим, соғдим, нон ёпдим, товуқ боқдим, ҳамиша уч-тўрт бош қўйим бўлган…

Оллоҳимга шукур,эл ичида обрў орттирдик. Эл-юртнинг тўй-маъракаларида қўлимда дастурхоним билан юрдим. Эримнинг қариндошларини унга мен танитдим. Чунки кўписи билан бориш-келиши йўқ экан.

Эримнинг ташқи қиёфасини, яшаш тарзини ўзгартирдим. Аммо маънавий дунёсини ўзгартиролмадим. Онг-фикримиз, дунёқарашимиз бўйича икковимиз икки оламнинг одами эдик. Шундай бўлиб қолди. Бу эса ҳаётда жуда ҳам қийин экан.

Э воҳ, маҳмадоналигим учун Оллоҳим ўзи кечирсин! Тақдирни етаклаб бўлмас экан, тақдир сени етаклар экан…

..Тилагимни бермади, деб Оллоҳдан асло норози эмасман. Оллоҳим менга ақл-идрок, ирода, сабр-бардош берди. Ҳарна бало шунда эдики, эрим рашк дардига мубтало экан. Олдинги оиласини ҳам рашк қилиб ажратган экан.
Рашк — бу бир оғиз сўз. Лекин бунинг тагида қанча асабий ҳолатлар,уйқусиз тунлар, кўз ёшлари, йўқотилган соғлиқ, касал туғилган болалар…Ота-боболаримиз “эринг — кичкина Худойинг. Тушган ерингдан фақат суягингни олиб кетамиз”, деб ўргатганлар. Эримга аччиқ қилиб, бетига тик қарамаганман. Қўшниларга чиқсам ҳам рухсат сўрар эдим. Биз ташқаридан қараганда бахтиёр оила эдик. Аслида иккаламиз ҳам жуда қийналиб яшадик. Унга ҳам ачинадиган эдим. Чунки у шубҳа, гумонларига ўзи ишонар экан. Рашки дегани дарди бедаво экан. Буни докторлардан сўраб билганман. Ўз бошимдан ўтмаса, бундай балоларга ишонмаган бўлар эдим.

Азиз китобхон! Шахсий ҳаётим ҳақидла ёзмоқчи эмасдим. Шу гапларни эслагим ҳам, айтгим ҳам келмайди. Начора, ундай ўйлаб кўрдим, бундай ўйлаб кўрдим. Четлаб ўтишнинг имкони бўлмади. Ахир, беш кун эмас, ўн кун эмас, ўттиз йил бардош берибман! Унинг сўнгги кунигача!…

Оллоҳим менга метин ирода берган экан. Кейинчалик яқинларимдан “Ор-номус сенга соғлигингдан яхшимиди, болаларингдан яхшимиди?” деган таъналарни кўп эшитдим. Мен шахсий ҳаётимдаги омадсизлик учун ҳеч кимни айбламайман. Менинг аҳволимга тушган айрим одамлар турмушига сабаб бўлганларни лаънатлаб юрадилар. Мени ҳеч ким мажбур қилгани йўқ. Қолаверса, ҳеч нарсани тушунмаган, ўн етти яшар қизалоқ эмас эдим. Ҳеч ким мени бахтсиз бўлсин деган эмас. Мен тақдир деган нарсага жуда ишонадиган бўлдим. Тақдирда нима бўлса, бандаси кўраверар экан.

Таниш-билишларимни бир карра эслаб қарасам, менга ўхшаб кеч турмушга чиққанларнинг мен каби яшаб кетганлари деярлик йўқ. Мен ҳам “Бор-е, дунёга икки маротаба келаманми?”, деб қўл силтаб кетмоқчи бўлганларимда, нафақат ўз обрўйим, ота-онамнинг, ака-укаларимнинг обрўси, болаларимнинг келажагини ўйладим. Келажакда болаларим эсини билиб, “ота-онамиз тирик бўлатуриб, нега биз етим ўсдик?” десалар қандай жавоб бераман, деб ҳам ўйладим. Мен ҳамиша одамларга суяндим, улардан меҳр-оқибат кўрдим. Шовотда мен ким, менинг эрим ким эканини ҳамма билади. Аёлнинг обрўси аввало унинг ахлоқига боғлиқ. Бирон марта бўлса ҳам нотўғри қадам ташлаган аёлни ҳеч ким ҳурмат қилмайди. Эрим мени икки кўзи билан кузатса, ярамас ишлар элнинг назаридан четда қолмайди” (160-166 бетлар).

Табиийки, 82 ёшга кирган аянинг,гарчи исми Шарқия бўлсада, оиласи тўғрисида бундай фикрлар билдириши ғарб китобларидаги воқеаларни эсга солади. Бироқ ҳаётда кўрган кузатганлари, раҳбарлик тажрибаси ва яшаш ақидасидан келиб чиқиб ёзган фикрлари, Шарқия Алиева УМРида ҳикмат излаб ўтган инсон эканлигини кўрсатади.

Китобда шу каби Хоразм вилоятига раҳбарлик қилган, ўзи билан бир даврда ишлаган Шамсутдинов, Бектош Раҳимовлар тўғрисида фикрлар билдирилган, улар билан боғлиқ воқеалар келтириб ўтилган.Бироқ негадир Шарқия Алиева мемуарида кўплаб Хоразмлик олим,раҳбарлар фаолияти тўғрисида бирон гап-сўз йўқ.

Маълумки, аянинг болалиги ва ёшлик йиллари, комсомолда, партияда ишлаб бошлаган даври Янгибозор тумани, Чўболончи қишлоғи билан боғлиқ. Чўболончидан Хоразмдан биринчи бўлиб тарих фани бўйича номзодлик диссертацияси ёқлаган Каримберган Юсупов етишиб чиққан. Унинг синглиси Шукуржон ая акасининг 1950 йилдаги вафотидан кейин то вафотигача бўлган 2004 йилгача Янгибозорда яшаб, акаси номини абадийлаштириш, унинг китобларини қайта нашр этиш тўғрисида 50 йилга яқин турли юқори идораларга мурожаат қилган. Бироқ бюрократик даврда бирон раҳбар аянинг гапларига қулоқ солмаган.Фақатгина айнан истиқлол боис, қолаверса фидойи ўлкашунос Комилжон Нуржоновнинг саъйи ҳаркатлари билан “Чўболончи”, “Янгибозор тарихи” китоблари нашр этилди ва унда илк бора Каримберган Юсупов ва унинг синглиси Шукуржон ая ҳақида, олимнинг илмий мероси тўғрисида сўз юритилди. Шу каби Комилжон Нуржоновнинг интилишлари сабабли Қримда вафот этган олимга Чўлболончи қишлоғида рамзий қабр тикланди. Шукуржон ая эса Қримга бориб акасининг қабрини зиёрат қилиб келди. Чўболончи қишлоғидаги мактабларда Каримберган Юсупов хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилди.

Болилиги, ёшлик даврлари Чўболончи, Янгибозорда кечган Шарқия Алиеванинг китобида бу ҳақда умуман маълумот йўқ. Шунингдек, ая Шовот туманида яшаган, шўро даврида раҳбарлик қилган бўлсада, шу тумандан етишиб чиққан, 18 йил Хоразм вилоятига раҳбарлик қилган, воҳа тараққиётига озми-кўпми ўз ҳиссасини қўшган М.Худойберганов тўғрисидаям биронта сатр ёзиб ўтмаган. Бундан ташқари, Шарқия ая 1968-88 йилларда Шовот туманидаги 4-сон ҳунар техника билим юртига директорлик қилган, бу даргоҳнинг обрўсига, ёшларнинг таълим олиши, касб сирларини ўрганишига катта ҳиссасини қўшган. Маълумки, ая билим юртига директорлик қилган сўнгги даврда, вилоят ҳунар техника билим юртлари бошқармасига Л.Асқарова бошлиқ эди. Л.Асқарова олдин Урганч шаҳар партия қўмитасига саркотиб бўлган, вилоятда обрўли инсонлардан. Афсуски, 208 саҳифалик китобда бу инсон тўғрисидаям маълумот йўқ.

Шу каби ая Шовот туманида яшагани боис, шўро даврида ва истиқлолдан сўнг туманга раҳбарлик қилган инсонлар тўғрисида, уларнинг қилган ишлари ҳақида фикр юритади. Аммо , Шовот туманига 1992-96 йилларда илк ҳокимлик қилган Й.Ҳожиев тўғрисида бирон сатр ёзиб ўтмайди.

Тўғри, муаллифга китоб нашрдан чиққандан сўнг, нега улар тўғрисида ёзмадинг дея дашном бериш ноўриндир. Бироқ, айнан шу даврда бирга ишлашган раҳбарлар ҳақида сўз юритилмагани турли саволларни келтириб чиқараверади. Аммо шунга қарамай, Шарқия Алиеванинг китобини Сулаймон Азимов айтган ўлчамдан келиб чиқиб, бемалол мемуар дейиш мумкин. Унда аянинг ҳаёт кечирган даври тўғрисида ўз фикри эркин баён этилган. Болалик, ёшлик йиллари, педагогика билим юртида ўқиган, мактабда ишлаб бошлаган, комсомолда ишлаган, олий партия мактабида ўқиган, умуман иш фаолияти, шўро тузуми, бюрократик бошқарув услуби тўғрисида кўплаб ҳаётий воқеалар ёритиладики, булар ўқувчига тарихни ўрганишда катта ёрдам берадиган манба даражасига етган.

Китобда Шароф Рашидов билан муаллифнинг турли йилларда учрашган, суҳбатлашганлари ва айниқса вафоти тўғрисидаги лавҳа ҳам келтириб ўтилади. Маълумки, Шовот туманидан ўтган темир йўл устига 1983 йилда кўприк қуриб ишга туширилганди.Рашидовнинг Хоразмга сафари унинг очилишига режалаштирилади. Бу ҳақда Шарқия ая шундай ёзади:“ 1983 йил 25 октябр куни кўприк устига тортилган лентани республика раҳбари Шароф Рашидов кесди. Шу куни ўша инсонни охирги марта кўраётган эканмиз. Буни у дунёдан ўтгани ҳақидаги хабардан кейин билдик. Ўшанда кўприкни Рашидов келиб очар экан деб туман фаоллари, раисларни кўприк устига чақирдилар. Вақт тушдан кейин эди. Тўпланган одамлар билан меҳмонларни кўприкнинг Гурландан келаверишдаги чап томонида кутиб турдик. Рашидов Матвафо ака Юсуповнинг( Янгибозор туманидаги “Бўзқаъла” жамоа хўжалигининг машҳур раиси-У.Б.) дала шийпонида экан. Шу ердан чиқиб келар эмиш дедилар. Биринчи раҳбар бўзқаълалик Матвафо ака Юсуповни жуда ҳурмат қилар эди. Хоразмда бўлса, албатта, уни зиёрат қиларди. Куз фасли бўлишига қарамасдан , ҳаво яхши эди.

Гурлан томондан машиналар кела бошлади. Икки-уч машина келиб, биздан ўн метрча нарида тўхтади. Машинадан Рашидов, Мадиёр ака Худойберганов ( вилоят партия қўмитаси биринчи котиби), Раҳимбой Тоҳиров ( Шовот тумани раҳбари) тушиб, аста кела бошладилар. Меҳмонлар яқинлашиб қолдилар ҳамки, кутувчилардан ҳеч ким ҳеч нарса демади. Мен жим тура олмайман-ку. “Ассалому алайкум!” дедим. ( Шу ердаги ҳамма учун салом бераётгандай, эшитиладиган қилиб). Рашидов “Ваалейкум ассалом. Кўприкларингиз муборак бўлсин!” деди. Унинг ҳорғинлиги, тоби йўқлиги шундай кўриниб турган эди. Оёғини зўрға кўтаргандай секин қадам ташлаб келди. Кўприк устига, лента тортилган жойга ўтдилар. Рашидов Худойбергановга “Гапиринг!” деб ишора қилди. Худойберганов “Хоразмда қилинаётган ҳар бир ишда, қўйилган ҳар бир ғиштда Сизнинг ҳиссангиз бор..”, деб гапни узоқдан бошлаётган эди, биринчи раҳбар “қисқа қилинг” дегандай Худойбергановнинг тирсагини қисиб қўйди. Рашидов қисқа гапирди. Кўприк очилиши муносабати билан ҳаммани табриклади. “Вилоят пахта тайёрлаш режасини бажараётир, ҳали далаларингизда пахта кўп. Қолдирмай териб олиш керак!” деди. У лентани кесди. Шу кундан ёдгорлик деб ўша лентани сақлаб келаётирман.”

Хуллас, Шарқия Алиеванинг “Умр ҳикматлари” китоби хоразмликлар учун маънавий бир туҳфадир. 208 саҳифадан иборат ушбу китобнинг ҳар бир варағида Шарқия аянинг қалб нидолари, орзу армонлари акс этган. Ўйлайманки, аянинг ушбу китоби ХХ аср Хоразм тарихини яратишда тадқиқотчилар учун фойдаланадиган, бошқа манбалар билан таққослаб монографияларга киритиладиган асардир.

Шоир ва драматург Комил Аваз “мен одатда ҳар кунлик яшаш тартибига амал қиладиган бўлиб қолганман. Бироқ Аминбой Вафоевнинг “Хотирамда жонланган ўтмиш” асарини ўқиб, ундаги фикр, воқеалардан таъсирланиб кунлик тартибим бузилиб кетди”, дея асарга катта баҳо берганди. Ўйлайманки, Шарқия Алиеванинг ҳам ушбу китобини ўқиган фикри теран ўқувчилар, файласуф олим Сулаймон Азимов таъкидлаган мемуар даражасидаги Шарқия аянинг китобини ўқиб асарга юқори баҳо берадилар.

03

02
UMID BEKMUHAMMAD
SHARQIYA ALIEVANING MEMUARI
033

031zbekistonda xizmat ko’rsatgan fan arbobi Sulaymon Azimov yozuvchi Xurshid Do’stmuhammad bilan qilgan bir suhbatida, “19 asrga kelib ruslarda memuar yaratish boshlandi.Ular frantsuz, ingliz, ital`yanlardan o’rganishdi.Memuar kimningdir tarjimai holi emas, kim qanday yashadi, qanday ovqat yedi, nimani ko’rib, nimani eshitdi degani emas, Memuar -o’z davri, o’z mamlakati, o’z xalqi taraqqiyoti, ahvoli haqida shaxsiy fikr aytish, shaxsiy nuqtai nazarini bayon etish degani! Davr va jamiyat ustidan hukm chiqarish degani! Bizda esa sho’ro mustamlakachiligi davrida shaxsiy fikr, shaxsiy nuqtai nazar bo’lmagan, demak memuar ham bo’lmagan” — deb aytgan ekan.

Shukrki, istiqloldan keyingi davrda nafaqat ijod va ilm ahli, balki turli rahbarlik vazifalarida ishlagan kishilar ham faylasuf Sulaymon Azimov aytgan memuarlarni-xotiralarini nashr etdira boshlashdi. Poytaxtda yashab ishlagan olimlar,rahbarlar tomonidan yaratilgan memuarlarku ancha. Ularni qayd etish, memuarlarning ta’sirchanligi, o’qimishliligi darajasi to’g’risida ko’p gapirish, yozish mumkin.

Keyingi yillarda esa Xorazm viloyatida ham ana shunday turli xotiralar bitilgan kitoblar yuzaga keldi. Bular Marks Jumaniyozovning “Esimda qolgan onlar”, Baxtiyor Obdalniyozovning “Yillar, voqealar, odamlar”, Aminboy Vafoevning “Xotiramda jonlangan o’tmish” asarlaridir. Ana shu turkumga oid kitoblar safidan esa yaqinda Sharqiya Alievaning “Umr hikmatlari” ( “Xorazm” nashriyoti, 2014 yil) deya nomlangan xotiralari ham joy oldi.

Sharqiya Alieva Yangibozor,Urganch,Gurlan, Shovot tumanlarida rahbarlik vazifalarida ishlagan nuroniy ayollardan. Shu bilan birga salohiyatli, zakovatli, fikri teran inson. To’g’ri Xorazmdagi bugungi yoshlarga bu nom notanish bo’lishi mumkin.Ammo keksaroq insonlar Sharqiya Alievani, u rahbarlik qilgan davrni,voqealarni hamon eslashadi.

Men Sharqiya Alieva nomini ilk bor-1992 yilda respublika matbuotida chop etilgan “Barnoning umriga
kim zomin bo’ldi?” sarlavhali maqolasi orqali eshitgandim. O’shanda meni Sharqiya ismi hayratlantirgandi. Negaki, o’shanda 17 yoshga kirib, Gurlan tumanida, umuman Xorazmda bu ismni kam uchratganligimdan ajablangandim. O’shandan so’ng Sharqiya Alieva nominiyam, o’ziniyam na biron matbuot sahifasida, na hayotda uchratmadim. Hattoki,Shovot tumani, men yashaydigan Gurlanga qo’shni-orada 15 km masofa bo’lsa-da.Hatto, hozir ham faqat sirtdan, u haqda tanigan bilganlardan eshitganim bo’yicha, asosan yozgan memuari orqali taniyman.

Yangibozor tumani “Nuroniy” jamg’armasi raisi, o’z davrida Omon Matjon, Usmon Azim, Shavkat Rahmonlar bilan ular vohaga kelganlarida mezbonlik qilib suhbatlarini olgan, g’oyatda kitobxon, zakiy inson Mansur Sodiqov Sharqiya Alievaning kitobini maqtab qoldi.Tabiiyki, hayot tajribasi oshgan, tabiatan loqaydligu laganbardorlikdan yiroq Mansur aka bekorga kitobniyam, insonniyam maqtayvermaydi. Shu bois kitobni qo’limga oldimu, uni bir o’tirishda o’qib chiqdim.Hatto hozir ham memuarni ochib, ba’zi joylarini, qayta-qayta o’qiyman.

Ma’lumki, Sharqiya Alieva rahbarlik vazifalarida ishlagan davrda paxta yakkahokimligi avj olgan, qishloqda banda borki, dala ishlariga safar qilinar, har qanday arz-da’vo e’tiborga olinmasdi. Sharqiya aya Yangibozor tumanida ishlagan davrida “O’zbekiston” jamoa xo’jaligi raisi bilan vakil sifatida qishloqni aylanib, xunuk bir voqea guvohi bo’lganini yozadi:
“Mana manzilga yaqinlashdik, chog’i . Axir biz Qo’chqor cho’ponning uyiga kelibmiz-ku! Ana Qo’chqor cho’ponning xotini Orzigul opa tovuq so’ydirgan shekilli, qo’lida endigina tozalangan tovuq bilan turgan ekan. Hali tovuqning ichini ham ochib ulgurmagan. Ayol juda xursand holda “Kelinglar, kela qolinglar” deb kutib oldi bizlarni. Uning tashrifimizdan juda mamnun ekani, bizni eng hurmatli, aziz mehmon sifatida kutayotgani uning kayfiyatidan ko’rinib turardi. Qo’chqor aka bilan Orzigul opaning birgina farzandi — yolg’iz qizi bo’lib, uni ham turmushga berib, ichkuyov kiritgan ekanlar. O’sha qizidan o’g’il nabira ko’ribdilar.Qizi bilan nevarasi hali tug’ruqxonadan kelmagan ekanlar. Bu xonadonda necha yilgi orzular ushalib, nihoyatda xursandchilik ekan. Voqeani Sobir aka shu yerga yaqinlashganimizda mashinadan tushmay aytib ulgurdi.

Orzigul opaga “ko’z oydin” aytdik. Chaqaloqqa uzoq umr tiladik. Sobir aka hozir o’tira olmasligimizni, bir soatdan keyin umumiy yig’ilish bo’lajagini aytib, uzr so’ragan bo’ldi va Orzigul opaga yig’ilishga borishini tayinladi. U ham “boraman, ha, boraman” deb qoldi. Biz qaytib ketdik. Mashinaga chiqqach “Orzigul opa bormasa ham bo’lar edi-ku, qiziga ovqat qilishi kerakdir, balki mehmon kutayotgandir”, dedim. Sobir aka “hech gap bo’lmas” dedi.

Yig’ilish boshlandi. Guruhimiz rahbari tekshirish natijalari bo’yicha gapirdi. Dala ishlariga qatnashmayotgan odamlar haqida to’xtaldi. Yig’ilishda qatnashayotgan tuman prokurori Daumshar O’jaraev “kolxoz hududida yashab, biron joyda ishlamagani holda dalaga chiqmagan odamlarni badarg’a qilish to’g’risida qonun bor, ayrim odamlarga nisbatan shuni qo’llash kerak”, dedi.
Badarg’a qilishga o’sha biz borib, yig’ilishga taklif qilgan Orzigul opani loyiq topdilar. U sho’rlik ayol keyingi vaqtlarda dala ishiga chiqmay qo’ygan ekan. Balki qizi og’iroyoq bo’lgani uchundir. Yig’ilishda Orzigul opani badarg’a qilish masalasini ovozga qo’ydilar.

Oh, mening soddagina (nodon desam haqorat bo’lar), har qanday buyruqni bajaraveradigan, tili yo’q zamondoshlarim! “Orzigul opa badarg’a qilinsin!” deb yuz foiz qo’l ko’tardilar-a! Shu yerda turgan militsiya xizmatchisi “Turing, Orzigul opa! Bu yoqqa o’ting. Hozirdan e’tiboran uyingizga bormaysiz, ko’rpa to’shagingizni keltirib beradilar” deganidan keyin ayollarning yarmidan ko’prog’i uvvos solib yig’lay boshladilar.

Aytishlaricha, kolxoz aholisining deyarlik yarmi ularga qarindosh ekan. Bu gaplarning oxiri qanday bo’lganidan xabarim yo’q. Chunki ikki-uch kun ichida men Toshkentga imtihon topshirish uchun ketdim.( bu paytda Sharqiya Alieva Toshkentdagi oliy partiya maktabida sirtdan tahsil olayotgandi-U.B.) Lekin Orzigul opa masalasi men uchun bir umr armon bo’lib qoldi. Nima uchun borayotganimizni bilmay, nechun raisning gapi bilan Orzigul opalarning uyiga bordim? Nechun raisni, prokurorni insofga chaqirmadim? “Bir oilaning yaxshi kunini motamga aylantiryapsizlar “, demadim… Axir shu yerdagilarning bari, hatto kattaroq lavozimdagi odamlar ham mening gapimga e’tibor bilan qarashi ma’lum edi-ku! Men bir gap aytganda e’tiroz bildirishmas edi…”( o’sha kitob, 135-136 betlar).

Sharqiya aya shu tarzda o’zi pushaymon bo’lgan voqeani keltirib, sho’ro davri qonunchiligidagi moddalar, uning ijrosini bajaruvchi qabihona, “sallani kalla bilan oluvchilarning” qilmishlarini, odamlarning loqaydligi, befarqligini yoritadi o’z asarida.
Yoxud 82 yoshli aya o’z kitobida umrining ancha qismini ishonib yashagan tuzum, partiyaga ham fikrini bildirib o’tadi:
“Kitobimning bir joyida “partiya safiga kirgan kunimni bir umr lan’atlab o’tdim”, deb yozganman. Partiyaga a’zoligim sabab uning tizimida ishlashga majbur bo’ldim. Ana shu ishlar bois shaxsiy hayotimda ko’p narsani yo’qotdim.

Ish kunimda sarhad yo’q. Kuni bilan goh idorada, goh tumanning qaysidir burchagida dalada, fermada, maktabda yoki korxonada bo’laman. Bayram nima, dam olish kuni nima, bilmayman. Yoshlar tashkilotida besh yil ishlab ta’til degan narsa borini bilmagan ekanman. Otaxon shoir G’afur G’ulomning “Sen yetim emassan” she’rining “..Voy, bechora jonim! desam arziydi…” degan misralari bor. Men keyingi vaqtlarda o’tmishni eslab “Voy bechora jonim!” deb ko’p aytadigan bo’ldim. O’sha vaqtlarda tumanda, kolxozlarda turli majlislar kechqurun bo’lar edi. Kuni bilan charchab, toliqib yurgan odamlar yarim kechgacha yig’ilishda o’tirishga, unga aloqasi bormi, yo’qmi, uzundan uzoq ma’ruzalarni tinglashga, kimlarningdir har kungi xo’jalik ishlari uchun tikka turib hisob berishlarini kuzatishga majbur edilar.

Ana shunday, o’sha turli pog’onadan iborat bo’lgan “rahbarlik” deb atalgan lavozimlarda kimlar ishlayapti? Bu turgan-bitgani ham ruhiy, ham jismoniy azob-uqubatdan iborat bo’lgan vazifalarda ishlashga hamma ham qodirmi? Bu gaplar hech kimni qiziqtirmaydi. Ayollarga “Bu ayol-ku! Shaxsiy ehtiyojlariga qachon qaraydi?” deguvchi yo’q. Qolaversa, hali endi voyaga yetgan, hayot yo’lini belgilab ulgurmay, issiq-sovuqni ko’rmagan qizlarning shunday sharoitda ishlashi shart edimi? Tag’in “kadrlar partiyaning oltin fondi” deb gap sotadigan edilar.

Partiyaning oltin zahirasida yuraverib, men ham inson ekanimni, o’zimni ham, kelajagimni ham o’ylashib kerak ekanini, o’zim uchun o’zim qayg’urishim kerakligini unutib yuborayotgan ekanman.

Ana endi turmushga kech chiqqanim sababini aytmasam ham bo’ladi. Har holda meni hech kim hohlamaganidan yoki obro’siz bo’lganimdan emas, havas qilgan odamlar ko’p bo’lgan.

Tuman partiya qo’mitasi kotibasi, o’ta jiddiy, ancha-muncha odamlar ish yuzasidan murojaat qilishga yuragi betlamagan toshyurak qizga qaysi yigit dil dardini aytar edi? Balki birontasini astoydil sevib qolmagandirman, balki menim orzuimdagi shahzoda uchramagandir, balki meni orzu qilganlar orasida jur’atli, qa’tiyatli yigitlar bo’lmagandir…

Qiz bola bo’lib tug’ilibman-ku, turmushga chiqishim kerak ekan. Mendan yoshi katta, hayot achchiq-chuchugini ko’rgan, ishonchimni qozongan oshna opalarim avrab ko’ndirdilar. Menim g’oyam: “Kim men bilan turmush qursa ham, albatta, baxtli bo’ladi. O’zimga teng ko’rgan odamning hurmatini joyiga qo’yaman. Har qanday odam bilan til topishib ketaman. Kerak bo’lsa, o’zimga teng pog’onaga ko’taraman. Ayolning oilada qanday vazifasi bo’lsa-barini bajaraman. Men borgan uyga charog’onlik boradi, fayz-baraka boradi. Menga uylangan odam baxtidan esankiramasa bo’lgani”, der edim…

Turmushga chiqiboq ishdan bo’shatishlarini so’rab viloyat partiya qo’mitasiga ariza berdim. Bo’shatishmadi. Bir yil davomida uch marotaba bo’shatishlarini so’rab murojaat qildim. Turmush o’rtog’im ishini Gurlanga o’zgartirishga (Sharqiya aya Yangibozor tumanida yashab, Gurlan tumani partiya qo’mitasida ishlagan, Shovot tumaniga kelin bo’lib tushgan. U.B. izohi) rozi edi. Unga men ko’nmadim. Erimning obro’sini o’yladim. Hayotda ko’rganmanki, ayol eriga ergashib yuradi. Erning ayoliga ergashib ko’chib yurishi o’zbekka xos emas.

1967 yili dekabr oyida tug’ish ta’tiliga chiqdim. Shundan keyin bo’lgan konferentsiyada o’rnimga boshqa odam saylashga majbur bo’ldilar. Konferentsiyada mening Gurlandan ketayotganimni aytib, menga sog’liq-salomatlik, oilaviy baxt tiladilar. Kim gapirsa, “Sharqiya” deb (Alieva deb emas), “Sharqiyamiz” deb gapirdi. Hali aytganimday, bir yil ishdan bo’shatmay qo’yganliklari uchun Gurlandagi uyimda bo’lib ishladim. Bozor kunlari Shovotga kelar edim. Har gal Shovotga kelayotib, ko’nglimda “Shu gal kelib ketsam bo’lgani, boshqa kelmayman”, deb o’ylardim…

Aziz kitobxonim! Ushbu satrlarni o’qib, “nomigagina oila qilgan ekan-da. Oilasi qum ustiga qurilgan qasr ekan”, deb aslo o’ylamang. Men soxtalikdan yiroqman. Men haqda fikringiz o’zgara ko’rmasin, aylanay Sizdan! Ko’p odamlarning e’tiborida ekanimni, ko’p odamlar sinchkov nazar tashlayotganini, “Hammaga aql o’rgatadigan Sharqiya turmushga chiqibdi. Endi buyog’i qanday bo’lar ekan?” deguvchilar borligini hamisha bilib yurganman. Buni hisobga olib, erim devorini ko’tarib, tomini yopib qo’ygan to’rt xonadan iborat imoratni oilam qo’rg’oni bilib, tashqarisini ham, ichkarisini ham, shaklini ham, mazmunini ham demoqchiman, hech kimning uyidan kam bo’lmasin, deb, qo’limdan kelgan ishni qildim. Sigir asradim, sog’dim, non yopdim, tovuq boqdim, hamisha uch-to’rt bosh qo’yim bo’lgan…

Ollohimga shukur,el ichida obro’ orttirdik. El-yurtning to’y-ma’rakalarida qo’limda dasturxonim bilan yurdim. Erimning qarindoshlarini unga men tanitdim. Chunki ko’pisi bilan borish-kelishi yo’q ekan.

Erimning tashqi qiyofasini, yashash tarzini o’zgartirdim. Ammo ma’naviy dunyosini o’zgartirolmadim. Ong-fikrimiz, dunyoqarashimiz bo’yicha ikkovimiz ikki olamning odami edik. Shunday bo’lib qoldi. Bu esa hayotda juda ham qiyin ekan.

E voh, mahmadonaligim uchun Ollohim o’zi kechirsin! Taqdirni yetaklab bo’lmas ekan, taqdir seni yetaklar ekan…

..Tilagimni bermadi, deb Ollohdan aslo norozi emasman. Ollohim menga aql-idrok, iroda, sabr-bardosh berdi. Harna balo shunda ediki, erim rashk dardiga mubtalo ekan. Oldingi oilasini ham rashk qilib ajratgan ekan.
Rashk — bu bir og’iz so’z. Lekin buning tagida qancha asabiy holatlar,uyqusiz tunlar, ko’z yoshlari, yo’qotilgan sog’liq, kasal tug’ilgan bolalar…Ota-bobolarimiz “ering — kichkina Xudoying. Tushgan yeringdan faqat suyagingni olib ketamiz”, deb o’rgatganlar. Erimga achchiq qilib, betiga tik qaramaganman. Qo’shnilarga chiqsam ham ruxsat so’rar edim. Biz tashqaridan qaraganda baxtiyor oila edik. Aslida ikkalamiz ham juda qiynalib yashadik. Unga ham achinadigan edim. Chunki u shubha, gumonlariga o’zi ishonar ekan. Rashki degani dardi bedavo ekan. Buni doktorlardan so’rab bilganman. O’z boshimdan o’tmasa, bunday balolarga ishonmagan bo’lar edim.

Aziz kitobxon! Shaxsiy hayotim haqidla yozmoqchi emasdim. Shu gaplarni eslagim ham, aytgim ham kelmaydi. Nachora, unday o’ylab ko’rdim, bunday o’ylab ko’rdim. Chetlab o’tishning imkoni bo’lmadi. Axir, besh kun emas, o’n kun emas, o’ttiz yil bardosh beribman!
Uning so’nggi kunigacha!…

Ollohim menga metin iroda bergan ekan. Keyinchalik yaqinlarimdan “Or-nomus senga sog’ligingdan yaxshimidi, bolalaringdan yaxshimidi?” degan ta’nalarni ko’p eshitdim. Men shaxsiy hayotimdagi omadsizlik uchun hech kimni ayblamayman. Mening ahvolimga tushgan ayrim odamlar turmushiga sabab bo’lganlarni la’natlab yuradilar. Meni hech kim majbur qilgani yo’q. Qolaversa, hech narsani tushunmagan, o’n yetti yashar qizaloq emas edim. Hech kim meni baxtsiz bo’lsin degan emas. Men taqdir degan narsaga juda ishonadigan bo’ldim. Taqdirda nima bo’lsa, bandasi ko’raverar ekan.

Tanish-bilishlarimni bir karra eslab qarasam, menga o’xshab kech turmushga chiqqanlarning men kabi yashab ketganlari deyarlik yo’q. Men ham “Bor-ye, dunyoga ikki marotaba kelamanmi?”, deb qo’l siltab ketmoqchi bo’lganlarimda, nafaqat o’z obro’yim, ota-onamning, aka-ukalarimning obro’si, bolalarimning kelajagini o’yladim. Kelajakda bolalarim esini bilib, “ota-onamiz tirik bo’laturib, nega biz yetim o’sdik?” desalar qanday javob beraman, deb ham o’yladim. Men hamisha odamlarga suyandim, ulardan mehr-oqibat ko’rdim. Shovotda men kim, mening erim kim ekanini hamma biladi. Ayolning obro’si avvalo uning axloqiga bog’liq. Biron marta bo’lsa ham noto’g’ri qadam tashlagan ayolni hech kim hurmat qilmaydi. Erim meni ikki ko’zi bilan kuzatsa, yaramas ishlar elning nazaridan chetda qolmaydi” (160-166 betlar).

Tabiiyki, 82 yoshga kirgan ayaning,garchi ismi Sharqiya bo’lsada, oilasi to’g’risida bunday fikrlar bildirishi g’arb kitoblaridagi voqealarni esga soladi. Biroq hayotda ko’rgan kuzatganlari, rahbarlik tajribasi va yashash aqidasidan kelib chiqib yozgan fikrlari, Sharqiya Alieva UMRida hikmat izlab o’tgan inson ekanligini ko’rsatadi.

Kitobda shu kabi Xorazm viloyatiga rahbarlik qilgan, o’zi bilan bir davrda ishlagan Shamsutdinov, Bektosh Rahimovlar to’g’risida fikrlar bildirilgan, ular bilan bog’liq voqealar keltirib o’tilgan.Biroq negadir Sharqiya Alieva memuarida ko’plab Xorazmlik olim,rahbarlar faoliyati to’g’risida biron gap-so’z yo’q.

Ma’lumki, ayaning bolaligi va yoshlik yillari, komsomolda, partiyada ishlab boshlagan davri Yangibozor tumani, Cho’bolonchi qishlog’i bilan bog’liq. Cho’bolonchidan Xorazmdan birinchi bo’lib tarix fani bo’yicha nomzodlik dissertatsiyasi yoqlagan Karimbergan Yusupov yetishib chiqqan. Uning singlisi Shukurjon aya akasining 1950 yildagi vafotidan keyin to vafotigacha bo’lgan 2004 yilgacha Yangibozorda yashab, akasi nomini abadiylashtirish, uning kitoblarini qayta nashr etish to’g’risida 50 yilga yaqin turli yuqori idoralarga murojaat qilgan. Biroq byurokratik davrda biron rahbar ayaning gaplariga quloq solmagan.Faqatgina aynan istiqlol bois, qolaversa fidoyi o’lkashunos Komiljon Nurjonovning sa’yi harkatlari bilan “Cho’bolonchi”, “Yangibozor tarixi” kitoblari nashr etildi va unda ilk bora Karimbergan Yusupov va uning singlisi Shukurjon aya haqida, olimning ilmiy merosi to’g’risida so’z yuritildi. Shu kabi Komiljon Nurjonovning intilishlari sababli Qrimda vafot etgan olimga Cho’lbolonchi qishlog’ida ramziy qabr tiklandi. Shukurjon aya esa Qrimga borib akasining qabrini ziyorat qilib keldi. Cho’bolonchi qishlog’idagi maktablarda Karimbergan Yusupov xotirasiga bag’ishlangan tadbirlar o’tkazildi.

Boliligi, yoshlik davrlari Cho’bolonchi, Yangibozorda kechgan Sharqiya Alievaning kitobida bu haqda umuman ma’lumot yo’q. Shuningdek, aya Shovot tumanida yashagan, sho’ro davrida rahbarlik qilgan bo’lsada, shu tumandan yetishib chiqqan, 18 yil Xorazm viloyatiga rahbarlik qilgan, voha taraqqiyotiga ozmi-ko’pmi o’z hissasini qo’shgan M.Xudoyberganov to’g’risidayam bironta satr yozib o’tmagan. Bundan tashqari, Sharqiya aya 1968-88 yillarda Shovot tumanidagi 4-son hunar texnika bilim yurtiga direktorlik qilgan, bu dargohning obro’siga, yoshlarning ta’lim olishi, kasb sirlarini o’rganishiga katta hissasini qo’shgan. Ma’lumki, aya bilim yurtiga direktorlik qilgan so’nggi davrda, viloyat hunar texnika bilim yurtlari boshqarmasiga L.Asqarova boshliq edi. L.Asqarova oldin Urganch shahar partiya qo’mitasiga sarkotib bo’lgan, viloyatda obro’li insonlardan. Afsuski, 208 sahifalik kitobda bu inson to’g’risidayam ma’lumot yo’q.

Shu kabi aya Shovot tumanida yashagani bois, sho’ro davrida va istiqloldan so’ng tumanga rahbarlik qilgan insonlar to’g’risida, ularning qilgan ishlari haqida fikr yuritadi. Ammo , Shovot tumaniga 1992-96 yillarda ilk hokimlik qilgan Y.Hojiev to’g’risida biron satr yozib o’tmaydi.

To’g’ri, muallifga kitob nashrdan chiqqandan so’ng, nega ular to’g’risida yozmading deya dashnom berish noo’rindir. Biroq, aynan shu davrda birga ishlashgan rahbarlar haqida so’z yuritilmagani turli savollarni keltirib chiqaraveradi. Ammo shunga qaramay, Sharqiya Alievaning kitobini Sulaymon Azimov aytgan o’lchamdan kelib chiqib, bemalol memuar deyish mumkin. Unda ayaning hayot kechirgan davri to’g’risida o’z fikri erkin bayon etilgan. Bolalik, yoshlik yillari, pedagogika bilim yurtida o’qigan, maktabda ishlab boshlagan, komsomolda ishlagan, oliy partiya maktabida o’qigan, umuman ish faoliyati, sho’ro tuzumi, byurokratik boshqaruv uslubi to’g’risida ko’plab hayotiy voqealar yoritiladiki, bular o’quvchiga tarixni o’rganishda katta yordam beradigan manba darajasiga yetgan.

Kitobda Sharof Rashidov bilan muallifning turli yillarda uchrashgan, suhbatlashganlari va ayniqsa vafoti to’g’risidagi lavha ham keltirib o’tiladi. Ma’lumki, Shovot tumanidan o’tgan temir yo’l ustiga 1983 yilda ko’prik qurib ishga tushirilgandi.Rashidovning Xorazmga safari uning ochilishiga rejalashtiriladi. Bu haqda Sharqiya aya shunday yozadi:“ 1983 yil 25 oktyabr kuni ko’prik ustiga tortilgan lentani respublika rahbari Sharof Rashidov kesdi. Shu kuni o’sha insonni oxirgi marta ko’rayotgan ekanmiz. Buni u dunyodan o’tgani haqidagi xabardan keyin bildik. O’shanda ko’prikni Rashidov kelib ochar ekan deb tuman faollari, raislarni ko’prik ustiga chaqirdilar. Vaqt tushdan keyin edi. To’plangan odamlar bilan mehmonlarni ko’prikning Gurlandan kelaverishdagi chap tomonida kutib turdik. Rashidov Matvafo aka Yusupovning( Yangibozor tumanidagi “Bo’zqa’la” jamoa xo’jaligining mashhur raisi-U.B.) dala shiyponida ekan. Shu yerdan chiqib kelar emish dedilar. Birinchi rahbar bo’zqa’lalik Matvafo aka Yusupovni juda hurmat qilar edi. Xorazmda bo’lsa, albatta, uni ziyorat qilardi. Kuz fasli bo’lishiga qaramasdan , havo yaxshi edi.

Gurlan tomondan mashinalar kela boshladi. Ikki-uch mashina kelib, bizdan o’n metrcha narida to’xtadi. Mashinadan Rashidov, Madiyor aka Xudoyberganov ( viloyat partiya qo’mitasi birinchi kotibi), Rahimboy Tohirov ( Shovot tumani rahbari) tushib, asta kela boshladilar. Mehmonlar yaqinlashib qoldilar hamki, kutuvchilardan hech kim hech narsa demadi. Men jim tura olmayman-ku. “Assalomu alaykum!” dedim. ( Shu yerdagi hamma uchun salom berayotganday, eshitiladigan qilib). Rashidov “Vaaleykum assalom. Ko’priklaringiz muborak bo’lsin!” dedi. Uning horg’inligi, tobi yo’qligi shunday ko’rinib turgan edi. Oyog’ini zo’rg’a ko’targanday sekin qadam tashlab keldi. Ko’prik ustiga, lenta tortilgan joyga o’tdilar. Rashidov Xudoyberganovga “Gapiring!” deb ishora qildi. Xudoyberganov “Xorazmda qilinayotgan har bir ishda, qo’yilgan har bir g’ishtda Sizning hissangiz bor..”, deb gapni uzoqdan boshlayotgan edi, birinchi rahbar “qisqa qiling” deganday Xudoyberganovning tirsagini qisib qo’ydi. Rashidov qisqa gapirdi. Ko’prik ochilishi munosabati bilan hammani tabrikladi. “Viloyat paxta tayyorlash rejasini bajarayotir, hali dalalaringizda paxta ko’p. Qoldirmay terib olish kerak!” dedi. U lentani kesdi. Shu kundan yodgorlik deb o’sha lentani saqlab kelayotirman.”

Xullas, Sharqiya Alievaning “Umr hikmatlari” kitobi xorazmliklar uchun ma’naviy bir tuhfadir. 208 sahifadan iborat ushbu kitobning har bir varag’ida Sharqiya ayaning qalb nidolari, orzu armonlari aks etgan. O’ylaymanki, ayaning ushbu kitobi XX asr Xorazm tarixini yaratishda tadqiqotchilar uchun foydalanadigan, boshqa manbalar bilan taqqoslab monografiyalarga kiritiladigan asardir.

Shoir va dramaturg Komil Avaz “men odatda har kunlik yashash tartibiga amal qiladigan bo’lib qolganman. Biroq Aminboy Vafoevning “Xotiramda jonlangan o’tmish” asarini o’qib, undagi fikr, voqealardan ta’sirlanib kunlik tartibim buzilib ketdi”, deya asarga katta baho bergandi. O’ylaymanki, Sharqiya Alievaning ham ushbu kitobini o’qigan fikri teran o’quvchilar, faylasuf olim Sulaymon Azimov ta’kidlagan memuar darajasidagi Sharqiya ayaning kitobini o’qib asarga yuqori baho beradilar.

03

(Tashriflar: umumiy 463, bugungi 1)

Izoh qoldiring