Shukur Xolmirzaev. Haykal

07 Бир неча кун аввал Сурхондарё сафарида юрганда, Бойсун шаҳри томон бораётиб, бизни олиб юрган «Сурхон ёшлари» газетасининг бош муҳаррири Исроил Шомиров ҳангома орасида Сталин бобо деган шахс ҳақида, диктатор ҳайкаллари бутун империяда қулатила бошланган йиллари  Бойсундаги Сталин ҳайкалини олиб келиб ҳовлисига ўрнатгани тўғрисида гапириб қолди. «Ҳайкал ҳозир ҳам турибди.  Шукур аканинг айнан воқеага бағишланган ҳикояси ҳам бор» -деди Исроил ака.  Биз ҳайкални кўрсатишни илтимос қилдик.
Бойсунда ҳеч қаерда тўхтамай тўғри Сталин бобонинг ўғил-қизлари яшаган маҳаллага келдик. Бизни бобонинг ўғли Кароматулло кутиб олди. Ҳайкални кўрсатишдан аввал қўймасдан дастурхон ёзди. Кейин эса бизни ҳайкал сақланаётган қўшни ҳовлига бошлаб борди. Табиий, йиллар ҳайкални аямаган, у анча хароб аҳволда эди.

Сафардан қайтгач, Шукур аканинг сайланмасини варақлаб, иккинчи жилддан ўрин олган ва чорак аср аввал ёзилган «Ҳайкал» номли ҳикояни ўқиб чиқдим. Мана, уни сизгаям тақдим этаяпман. Ҳайкалнинг бугунги аҳволини саҳифа пастидаги суратда  кўришингиз мумкин.

Хуршид Даврон
2015

ШУКУР ХОЛМИРЗАЕВ
ҲАЙКАЛ
09

  Боққа кирсам, Сталиннинг ҳайкалини бузишяпти… Шундай бир куз куни эди. Олтмиш олтинчи йилми — еттинчимиди — аниқ айтолмайман. Хуллас, эгнимда мана шу каломинка кител, мана бу «За отвагу» ҳам — кўкракда; чой ичгани киргандим-да боққа. Эслайсизми, қандай соя-салқин жой эди! Ўриклари пишиб, тўкилиб ётарди. Ҳа, аптека қуриб, расвосини чиқаришди. Ҳозир парк шаҳардан четда: биров бормайди… Сталиннинг ҳайкалини эсланг! Баланд супада оппоқ бўлиб турарди. Шинель ҳам, мўйлов ҳам бир ярашган. Кителини ҳам ҳеч маҳал эгнидан ташламаган экан.

Боққа кирдим. Чойхонадаги одамлар ҳар ёққа сочилиб-жавдираб туришипти. Ҳайкалнинг пойида ижроқўм раиси Бўтаев билан музейнинг директори Холиқбердиев! Доҳийнинг пойида карлик бўлиб туришипти. Шунда ҳайкалнинг орқасидан Қулмуҳаммад жўрам, фронтовик ошнам, чиқиб келди-да:
— Ортига ағанайди. Кўчатни синдирмайди, — деди.

Эшитяпсизми, Сталиннинг ҳайкали ҳақида гапиряпти? Доҳийни эмас, кўчатни ўйлаяпти…

— Ҳей, нима қиляпсизлар ўзи? — деб уларнинг олдига бордим.

Бўтаев пучуқ бурнини тортиб:

— Келинг, Кимсан ака. Шуни йиқитиш керак, йўқотиш керак бўп қолди, — деди.
— Кимни? Кимни йўқотиш керак? Йиқитиш керак?

У ҳиринглаб кулди.

— Биламиз, сиз ветеранларнинг бу одамга ихлосинглар баланд. Лекин бу — энг катта халқ душмани экан, ака… Хрушёв бобонинг докладини ўқимадингизми?

— Ўқидим, — дедим. — Балки сиздан олдин ўқигандирман, ўртоқ раис! Лекин у кишиям доҳийнинг ҳайкалини бузинглар демаган…

— Кимсан ака, нервингиз бурнингизнинг учида туради-я! Қизишмасдан ўйлаш керак-да… Ўлиги мавзолейдан олингандан кейин ҳайкали бу ерда турадими? Минг одам киради бу боққа. Ёшлар киради… Ахир, сиёсатгаям қараш керак-да!

Мен жимиб қолдим: сиёсатни тилга олгандан кейин лаб-даҳанинг боғланиб қолади-да. Шунда қисталоқ:
— Бузинг, Қулмуҳаммад ака! Ҳамма кўрсин! — деб буюрди.

Ҳалиги бетон супанинг пастида каттакон гурзидай болға турган экан. Қулмуҳаммад олди-ю, айлантириб солди денг! Доҳийнинг иягига урган экан, боши учиб кетди.

Кўз олдим қоп-қоронғи бўлиб қолди. Ҳайкалнинг орқасига қандай қилиб ўтганимни билмайман. Каллага энгашган эдим, болға яна гурсиллади. Шартта изимга қайтдим. Қулмуҳаммад доҳийнинг мана шу ерига — кўкрагига урипти.

— Э, баққа бер-э, энангди… — деб болғани тортиб олдим. Қулмуҳаммаднинг башарасига шапалоқлаб солиб юбордим. Кейин болғани Бўтаевга тутдим. — Олинг! Мени уринг!.. Мен розиман! — Йиғлаб юборибман. — Шу одамни деб қон тўкканман, кантужин бўлганман. Ҳалиям биқинда асколка бор!

Одамлар келиб мени ушлашди. Унга сари жаҳлим чиқиб кетди.

— Бу одам юртни ўйлаганда сен қайда эдинг?! Э, жўжахўроз, политик! ? — Оғзимдан у кирди, бу чиқди. Эсим ҳам жойида эмас, шекилли. — Ахир, ахир… Бу одам доҳий-ку? — деб бақирдим. — Кеча «Яшасин!» деб юрган эдинг… Ҳа, ҳароми! — Қулмуҳаммадниям сўкиб кетдим. — Урушга «За Сталин!» деб кирган ким эди? Курский дуга эсингдами, иплос? Сен салкам пошист экансан-ку!

Ғала-ғовур бўлиб кетди. Қаёққа қарайман! Сўкяпман!.. Энди, оға, бу жон — фойдага қолган жон. Буёғига нимадан қўрқаман? Шунда бир-иккита мусулмонлар ҳам бор экан, менинг тарафимни олишди.

— Ҳе, шуни олиш керак бўлса, бузиш шартми? Ул-бул… — деган гаплар қилишди.

Чамаси, Бўтаев ҳам шундай бир ҳимояга маҳтал эканми:
— Йўғасам буни ағанатайлик. Майли, ўзларинг бирон жойга обориб кўминглар, — деб қолди.

— Мана, биз оламиз-да! — дедим. — Кўмаманми, кўммайманми — уёғи билан ишларинг бўлмасин!

— Майли, биз сизларнинг олдингиздан ўтдик. Биз халққаям қулоқ соламиз, — деди-да, Холиқбердиевни эргаштириб кетди.

Энди Қулмуҳаммаднинг йиғлаганини айтинг:
— Менга қадри йўқмиди доҳийнинг? Чақириб айтишди-да: «Сиз сиёсатга қаршимисиз?» деб… Уларнинг гапини қайтариб бўладими, жўра?

— Мен сенинг жўранг эмасман! Бугундан бошлаб! — дедим. Кейин болғани отвориб, уф, доҳийнинг калласини кўтардим. Жуда оғир экан. Лекин бутун. Мўйлабиям… Ияги учган. Қаттиқ цементдан ясашган эканми, хайрият, унча шикаст емапти…

Боғдан чиқиб, бозорга чопдим. Эшак бозорда Парда қийшиқ аравасини энди миниб турган экан.

— Жон ака, гап шундай-шундай, — дедим. — Мана, сизга ўн сўм! Пенсиямни олсам, яна бераман…

— Э, пулни қўйинг, — деди у бечораям. — Ишқилиб, бизга гап тегмаса бўлди.
— Тегмайди!

Қаранг, ёли оқариб кетган шу аравакаш ҳам қўрқади-я, политикадан. Бир замонлар «қўш ҳўкизинг бор», деб отаси кулоқ қилинган-да. Кейин «враг народ» бўлиб отилиб кетган.

Эшак аравани тўғри боққа ҳайдатиб кирдим. Ҳайкални кўчириш, авайлаб аравага ётқизиш ҳам кўп қийин бўлди. Одамларга раҳмат, қарашишди. Ахир уларниям мана бу ерида бор-да Сталин!..
Кейин уйга жўнадик!

Кўчанинг ўртасидан ҳайдатиб кетдим аравани. Одамлар у бетдаям, бу бетдаям ғуж бўлиб, ажойиботга қарагандай қарайди. Парвойим палак. Нима бўлса, кўрдим бу оламда: қўрқадиган жойим йўқ. Болаларим уйли-жойли бўлиб кетган.

Сўққабошим билан бир ҳовлида ётардим! Мана, энди… икки киши бўламиз.

Ҳа-ҳа, тўппа-тўғри сойдан ўтказиб, уйимга обордим. Дарвозани ланг очиб киритдим. Ҳе, у ердаям томоша! Ким эргашиб келган, ким мени алқаяпти, ким қўрқитяпти…

Аммо-лекин, ука, шу қўрқитиш… деган гапимда жон бор: мен ҳар қанча ботирлик қилган бўлсам ҳам, кўнглимнинг ости дир-дир этиб турганини тан оламан.

Ҳа, энди бизам унча-бунча кўрганмиз-да, оға! Лениндан кейин, Сталин бободан кейин ўтган арбобларниям кўрдик… Тўғри айтасиз, ҳақиқатни кейинроқ тушундиг-у… Ҳа-ҳа, ўртоқ Сталин ҳаётлигидаям роса ғалати ишлар бўлгани, рост.

Минг-минглаб одамлар «халқ душмани» бўлиб кетган. Анчайин гапнинг устидан…

Энди денг, биз кимсан — Хрушчёвнинг замонида сталинчи бўлиб турган бўлсак…

Мени обориб тиқиб қўйишлари ҳеч гап эмас эди. Сталинни оқлаш — Хрушчёв бобони қоралашга ўтарди…

Қўйинг-чи, ҳайкални ҳовлининг ўртасига ётқизиб қўйдик…

Мен нодонлик қилиб, паркдаги тагсупаниям кўчириб келтирмаган эканман. Қайтиб борсам, боғнинг қоровули деворга ишлатаман деб бузиб-ташиб кетибди, нокас.

Кейин у ёққа чопдим-бу ёққа чопдим: уч-тўрт қоп цемент топдим. Сойдан шағал ташиб келиб, супани ўзим ясадим. Қўни-қўшнини чақириб, ҳайкални тикка қилдик. Энди ҳайкалнинг бошини ўрнатиш қолган эди.

Хайрият, қўшни совхозда арманлар тошдан иморат қураётган экан, чўткачи Рама жўрам: «Шуларга бор. Ҳар бало қўлидан келади арманининг», деди.

Борсам, ҳақиқатан ҳам биладигани бор экан. Бир тийин олмай, каллани жойига ўрнатиб берди.

Ўлай агар-а, худди ўзидай қилиб берди. Лекин бечоранинг бир кун вақти кетди: иякни яматгач, ичидан сувади.

Ишонасизми, бир тийин олмай кетди. Тўғри, кейин учта товуқ обориб, димлама қилиб бердим жўраларига. «Пенсионер бўлмасам, қўй сўярдим», дедим.

Ана энди денг, ҳайкал ҳовлида турипти. Бала-анд! Оппоқ! Мўйлаблари бирам хушрўй. Ўзига ярашиб… Тоққа қараб турипти. Томдан ҳам баланд-да!

— Эй, доҳий, — деб қўяман онда-сонда. — Қалайсиз, Иосиф Виссаранович?

Ўлай агар, лаблари қимирлагандай бўлади.

— Яхши. Раҳмат сенга, Кимсанбой. Сени билар эдим. Менга садоқатли эдинг! — дегандай бўлади.

Бир кеча ҳақиқатан ҳам гапирди-ёв!

Ой чиқиб турган эди. Уйимдан сал нарида жар бор, қуриб кетгур ахлатхона бўлган. Райондаги бари синган бутилкани келтириб тўкишади. Яна алламбало чиқиндилар. Ёввойи мушук дейсизми, ит дейсизми — макон қилиб юборганди. Кундузиям одам боришга қўрқарди. Ўша оқшом нимаям бўлиб, бир гала ит жуда увлади. Ҳе,увлади. Уйқум қочиб кетди.

Ташқарига чиқсам, ой сутдек ёруғ… Қўрқдимми дейман, эшик тепасидаги лампочкани ёкдим. Ҳаммаёқ равшан бўлиб, кўнглим сал жойига тушди.

Доҳий бўлса, туриптилар!
Худди менга қўриқчидай!

Гангиб, пойларига ўтирдим. Чекишни ташлаган эдим, битта тутатдим. Жуда ғуссага ботдим. Энди одам ўйлайди-да, оға: «Бу инсон оламга келиб, нима орттирди? Битта шинель, бир жуфт этик, каломинка кител, фуражка билан ўтди…»

Ў, ўзингиздан қолар гап йўқ: Ҳозирги думбул раҳбар ҳам «бир нарсали бўлай» дейди. Халқдан юлай, дейди. Кейинги вақтда партия сафига кираман деб ариза берганларнинг тўқсон фоизи раҳбар бўлсам, қўлим узун бўлади деб ўйлайди…

Ахир, раҳбар одам — партия аъзоси бўлиши керак-ку бизда?

Сизга ёлғон, худога чин, «Икки минг сўм бер, партияга ўтказаман», деган парткомларни эшитганмиз…

Ҳе, ҳаммаёқ бузилиб кетди!

Лекин бу одам… Иосиф Виссаранович худди Ленинга ўхшаб яшадилар-да!

Тўғри, тўғри, тушуниб турибман: Ленин бобоям Сталин ҳақида бироз…

Аммо-лекин умрини халққа берди-ку буям!

Ҳа! Мен шундай деб ўйлайман! Ҳе, Хрушчёв тахтга ўтиришидан олдин халқ ҳам шундай деб ўйлар эди.

Сталин ўлганда минглаб одамнинг кўнгли озиб қолгани бежиз эмас-да! Менинг касалхонага тушганимга ишонмайсиз-да?

Ана шунақа, оғажон.

Би-ир маҳал шивирлаб қолдим:
— Ўртоқ Сталин, бу ишлар… қандоқ бўлди? — Кейин секин ўрик соясига ўтдим.

— Парво қилма, Кимсанбой, — деди у киши. — Бу кунлар ҳам ўтади. Ҳали менинг қадримга етадиган кишилар келади тахтга… Хрушчёв ҳам ўтади. У аслида мени хуш кўрмас эди. Мен уни писанд қилмас эдим. «Никита» дер эдим.

Балки, балки бу гаплар хаёлимда кечгандир? Балки мен қўшиб айтаётгандирман. Аммо гаплашдик!

— Курский дуга эсингиздами? Танкада ёниб кетаёзган эдим?

— Эсимда… Кремлда ўтирган бўлсам ҳам, кўриб туриб эдим! — деди доҳий. Ҳа-да, у кўриб турарди. Бе, ишонмас экансиз-да одамга…

Бир вақт қарасам, йиғлаяпман. Кейин аста уйга кираман деган эдим, ҳалиги итлар яна увлаб юборди. Туриб қолдим: «Доҳийни қўриклаяптими улар ҳам?» А? Ҳа-да, ҳайкални кўргани ҳар хил одамлар келиб туришарди: бири яширинча, бири ошкор. Бири қизиқиб, бири мендан аҳвол сўраш учун. Ишқилиб, бизнинг ҳовли Холиқбердиевнинг музейига ўхшаб қола бошлади.

Ҳе-ҳе-ҳе! Билет сотсангиз бўлар эмиш! Ёшсиз-да! Ундан кўра ўлдириб қўярман ўзимни…
Э! Сизлар — бошқа авлод!

Худони биласизми? Билмайсиз. Пайғамбарни-чи? Йўқ. Тўғриси, мен ҳам билмайман. Кўрганим йўқ, ўзи кечирсин… Лекин аҳли мусулмон худога ишонади, тўғрими?

Хўп, қўрқади дейлик.

Сталиндан ҳам ана шундай… Йўқ, у кишига ишонар эдик.

Ишонинг шу гапимга: Сталин — биз учун ҳам худо, ҳам пайғамбар эди!

Уларга қарши бориб бўладими? Уларга сиғиниш мумкин, тавоф қилиш мумкин, холос.

Ана шундан кейин…

Э, э, тилингизга шаккар, келишди-да грузинлар! Иккитаси. Мана шундай ерга ўтиришди. Қайдан билишган бу савдони? Худо билади. Кейин тусмолладимки, тоштараш арманилар бориб айтишган бўлса керак? Капказга борганда…

«Пакаяний?» Дарвоқе, яқинда қулоғимга чалинди: грузинлар шундай кино қилишипти. Сталинга ўхшаган — расмига халқ сиғинадиган кишини кўрсатипти дейишди.

Ҳа, рост: кинода халқ қўрққанидан сиғинар эмиш… Аммо ҳаётда ўз-ўзидан сиғинар эди, оғажон!

Ҳе, фалак, ундай одамлар битта ўтади! Худо ҳаққи, Сталин тириклигида Ленин бобониям эсдан чиқариб қўйгандик. Энди, асосий ишлар, қийинчиликлар Сталин даврига тўғри келганди-да… Ҳа-ҳа, лекин Сталин инқилобниям тепасида турганлардан, ахир.

Грузинлар кетишди.

Бир ҳафта ётишди. Қўй сўйдик. Ўзлари опкелди. Ҳе, яшик-яшик вино…

Қўшниларниям оғзи тегди.

Улар кетгандан кейин бизни райкомга чақиришди. Бордик. Биринчи билан Бўтаев ўтирган экан. Бўтаев айтди:

— Сиз нима қиляпсиз ўзи?

— Нима қиппан? Сталин сизларга керак бўлмаса, менга керак, — дедим. — Хўп, ана, битта-яримта қизиққан ўртоқлар боришади. Кўрса нима? Мен уларга ташвиқот қилмасам. Сталин яхши эди демасам… Миқ этмайман. Томоша қилиб-қилиб кетишади. — Кейин Бўтаев жиғимга теккан эди, жаҳлим чиқиб кетди. — Э, ўртоқ раис! — дедим. — Оғзингизга қараб гапиринг: мен ҳам шу юртнинг бир патриотиман. «Чет элларда» эмиш! «Шу одам инсониятни оёқости қилмоқчи бўлган!» деб кўрсатишар эмиш!.. Ўртоқ Сталиннинг номини эшитса, зир титрашар эди. Улар хурсанд… Менга ўхшаган…

— Йўқотинг, — деди Бўтаев. — Мендан ҳам айб ўтган экан, ўртоқ секретарь…

Биринчи бўлса, кулди.

— Менинг қаршилигим йўғ-у, Кимсан ака, — деди. — Лекин шу ҳайкал сизниям бошингизга бир ташвиш солмаса деб қўрқаман. Мени тушунинг, ака… — Кейин Сталин даврида қирилиб, «халқ душмани», деб қораланиб, отилиб кетган одамлар, жуда катта-катта раҳбарлар, ўзимизнинг ўзбеклардан ҳам уч-тўрттасини тилга олди. Кейин: — Сизгаям касофати тегмаса деб қўрқаман, — деди.

— Касофати тегмайди! — дедим. — Мен фронтовик! Мен Сталин деб жангга кирганман. Балки шу гап менга қувват бўлиб, ўлмай қолганман! — дедим. — Чунки Сталин: «Биз ғалаба қиламиз!» дер эди. Мана, ғалаба қилдик.

Кейин иккиси минғирлаб, менга бир гапларни, бир гапларни айтишдики, асти сўраманг…

Айтаверайми ?

— Сиз сиёсатнинг ўзгариб туришини билмайсиз, ака, — деди биринчи. — Ҳа. Худо кўрсатмасин, «халқ душмани» деган гап тилимиздан йўқолган эмас…

— Э? — дедим. Аммо сиздан яширмайман: бўғинларим бўшашиб кетди. — Ҳалиям борми?

— Ахир сиз расмий сиёсат билан ўйнашяпсиз-ку?

— Қачон?

— Мана шу қилиғингиз нимадан далолат беради?

— Эй, ўртоқ котиб! — дедим. — Мен принципли одамман, оғажон! Мен агар бу ишни ошкора қилаётган бўлсам, бошқалар ичида… яхши кўради Сталинни. Хўп, ёш болаларни қўйинг…

— Сиз хавфли одам экансиз, — деди Бўтаев.

— Гап тамом. Уни ўз қўлингиз билан бирёқли қилинг,— деди секретарь. — Ҳеч бўлмаса, кўздан пана қилинг!

Бир ёқли… қиламанми мен? Охири ўйлай-ўйлай, устига чодир ёпиб қўйдим. Ўрабгина. Шундай турибди… Ҳа, онда-сонда очаман. Кечалари… Очиб қўйиб гурунглашаман. Ишонмайсиз-да? Биласизми нима, ўзи ишонмайдиган одамлар… нима десам экан, ўзингиз синаб кўринг бир нарсага қаттиқ ишонсангиз, у нарса тош бўлсаям тилга киради! Худогаям одамлар ишонгани учун уни «бор» деб юришади. Ҳа, энди ҳаммамиз атеист бўп кетганмиз-у, барибир-да…

Йўқ, ҳозир ҳеч ким безовта қилмаяпти. Одамлар ҳам оёғини тортиб қолган.

Икки йилдан бери грузинлар ҳам келмай қўйди.

Сталин бобо даврида ҳалигидай бўлганлар ҳақида бўлса, газеталар ҳар кун ёзишяпти…

Ҳа, энди таъсир этади менгаям, бир гапни ҳадеб қайтараверсангиз, таъсир қилади-да…

Лекин мен… тушунмайман, ниманидир кутгандай, кутиб юргандайман.

Бир оқшом шу тўғрида Сталиндан сўрадим ҳам.

— Бекор гап. Сенга ўзим зиён етказмасам, ҳеч ким зиён етказмайди, — дедилар.

— Бу нима деганингиз, ўртоқ Сталин?

— Қара, кечаги довулда қимирлаб қолдим. Босиб тушсам, ўласан.

Начора?.. Бу ёғиниям айтайин. Бир оқшом Рама жўрам билан тағин бир-икки ошналарни обкелиб, доҳийни ётқиздик. Устига чодирни ёпганимиздан кейин, ишонинг-ишонманг, девнинг мурдасига ўхшаб қолди. Кейинги куни ўзим у кишинг устига тупроқ уюб қўйдим.

Назаримда, доҳийнинг охирги васиятини адо этгандай эдим.

1988

002Bir necha kun avval Surxondaryo safarida yurganda, Boysun shahri tomon borayotib, bizni olib yurgan «Surxon yoshlari» gazetasining bosh muharriri Isroil Shomirov hangoma orasida Stalin bobo degan shaxs haqida, diktator haykallari butun imperiyada qulatila boshlangan yillari  Boysundagi Stalin haykalini olib kelib hovlisiga o‘rnatgani to‘g‘risida gapirib qoldi. «Haykal hozir ham turibdi.  Shukur akaning aynan voqeaga bag‘ishlangan hikoyasi ham bor» -dedi Isroil aka.  Biz haykalni ko‘rsatishni iltimos qildik.

Boysunda hech qaerda to‘xtamay to‘g‘ri Stalin boboning o‘g‘il-qizlari yashagan mahallaga keldik. Bizni boboning o‘g‘li Karomatullo kutib oldi. Haykalni ko‘rsatishdan avval qo‘ymasdan dasturxon yozdi. Keyin esa bizni haykal saqlanayotgan qo‘shni hovliga boshlab bordi. Tabiiy, yillar haykalni ayamagan, u ancha xarob ahvolda edi.

Safardan qaytgach, Shukur akaning saylanmasini varaqlab, ikkinchi jilddan o‘rin olgan va chorak asr avval yozilgan «Haykal» nomli hikoyani o‘qib chiqdim. Mana, uni sizgayam taqdim etayapman. Haykalning bugungi ahvolini sahifa pastidagi suratda  ko‘rishingiz mumkin.

Xurshid Davron
2015

SHUKUR XOLMIRZAEV
HAYKAL
09

  Boqqa kirsam, Stalinning haykalini buzishyapti… Shunday bir kuz kuni edi. Oltmish oltinchi yilmi-ettinchimidi — aniq aytolmayman. Xullas, egnimda mana shu kalominka kitel, mana bu «Za otvagu» ham — ko‘krakda; choy ichgani kirgandim-da boqqa. Eslaysizmi, qanday soya-salqin joy edi! O’riklari pishib, to‘kilib yotardi. Ha, apteka qurib, rasvosini chiqarishdi. Hozir park shahardan chetda: birov bormaydi… Stalinning haykalini eslang! Baland supada oppoq bo‘lib turardi. Shinel ham, mo‘ylov ham bir yarashgan. Kitelini ham hech mahal egnidan tashlamagan ekan.

Boqqa kirdim. Choyxonadagi odamlar har yoqqa sochilib-javdirab turishipti. Haykalning poyida ijroqo‘m raisi Bo‘taev bilan muzeyning direktori Xoliqberdiev! Dohiyning poyida karlik bo‘lib turishipti. Shunda haykalning orqasidan Qulmuhammad jo‘ram, frontovik oshnam, chiqib keldi-da:
— Ortiga ag‘anaydi. Ko‘chatni sindirmaydi, — dedi.

Eshityapsizmi, Stalinning haykali haqida gapiryapti? Dohiyni emas, ko‘chatni o‘ylayapti…
— Hey, nima qilyapsizlar o‘zi? — deb ularning oldiga bordim.
Bo‘taev puchuq burnini tortib:
— Keling, Kimsan aka. Shuni yiqitish kerak, yo‘qotish kerak bo‘p qoldi, — dedi.
— Kimni? Kimni yo‘qotish kerak? Yiqitish kerak?

U hiringlab kuldi.
— Bilamiz, siz veteranlarning bu odamga ixlosinglar baland. Lekin bu — eng katta xalq dushmani ekan, aka… Xrushyov boboning dokladini o‘qimadingizmi?
— O’qidim, — dedim. — Balki sizdan oldin o‘qigan-dirman, o‘rtoq rais! Lekin u kishiyam dohiyning haykalini buzinglar demagan…
— Kimsan aka, nervingiz burningizning uchida turadi-ya! Qizishmasdan o‘ylash kerak-da… O’ligi mavzoleydan olingandan keyin haykali bu yerda turadimi? Ming odam kiradi bu boqqa. Yoshlar kiradi… Axir, siyosatgayam qarash kerak-da!

Men jimib qoldim: siyosatni tilga olgandan ke-yin lab-dahaning bog‘lanib qoladi-da. Shunda qistaloq:
— Buzing, Qulmuhammad aka! Hamma ko‘rsin! — deb buyurdi.
Haligi beton supaning pastida kattakon gurziday bolg‘a turgan ekan. Qulmuhammad oldi-yu, aylantirib soldi deng! Dohiyning iyagiga urgan ekan, boshi uchib ketdi.
Ko‘z oldim qop-qorong‘i bo‘lib qoldi. Haykalning orqasiga qanday qilib o‘tganimni bilmayman. Kallaga engashgan edim, bolg‘a yana gursilladi. Shartta izimga qaytdim. Qulmuhammad dohiyning mana shu yeriga — ko‘kragiga uripti.

— E, baqqa ber-e, enangdi… — deb bolg‘ani tortib oldim. Qulmuhammadning basharasiga shapaloqlab solib yubordim. Keyin bolg‘ani Bo‘taevga tutdim. — Oling! Meni uring!.. Men roziman! — Yig‘lab yuboribman. — Shu odamni deb qon to‘kkanman, kantujin bo‘lganman. Haliyam biqinda askolka bor!

Odamlar kelib meni ushlashdi. Unga sari jahlim chiqib ketdi.
— Bu odam yurtni o‘ylaganda sen qayda eding?! E, jo‘jaxo‘roz, politik! ? — Og‘zimdan u kirdi, bu chiqdi. Esim ham joyida emas, shekilli. — Axir, axir… Bu odam dohiy-ku? — deb baqirdim. — Kecha «Yashasin!» deb yurgan eding… Ha, haromi! — Qulmuhammadniyam so‘kib ketdim. — Urushga «Za Stalin!» deb kirgan kim edi? Kurskiy duga esingdami, iplos? Sen salkam poshist ekansan-ku!
G’ala-g‘ovur bo‘lib ketdi. Qayoqqa qarayman! So‘kyapman!.. Endi, og‘a, bu jon — foydaga qolgan jon. Buyog‘iga nimadan qo‘rqaman? Shunda bir-ikkita musulmonlar ham bor ekan, mening tarafimni olishdi.
— He, shuni olish kerak bo‘lsa, buzish shartmi? Ul-bul… — degan gaplar qilishdi.

Chamasi, Bo‘taev ham shunday bir himoyaga mahtal ekanmi:
— Yo‘g‘asam buni ag‘anataylik. Mayli, o‘zlaring biron joyga oborib ko‘minglar, — deb qoldi.
— Mana, biz olamiz-da! — dedim. — Ko‘mamanmi, ko‘mmaymanmi — uyog‘i bilan ishlaring bo‘lmasin!
— Mayli, biz sizlarning oldingizdan o‘tdik. Biz xalqqayam quloq solamiz, — dedi-da, Xoliqberdievni ergashtirib ketdi.
Endi Qulmuhammadning yig‘laganini ayting:
— Menga qadri yo‘qmidi dohiyning? Chaqirib aytishdi-da: «Siz siyosatga qarshimisiz?» deb… Ularning gapini qaytarib bo‘ladimi, jo‘ra?
— Men sening jo‘rang emasman! Bugundan boshlab! — dedim. Keyin bolg‘ani otvorib, uf, dohiyning kallasini ko‘tardim. Juda og‘ir ekan. Lekin butun. Mo‘ylabiyam… Iyagi uchgan. Qattiq tsementdan yasashgan ekanmi, xayriyat, uncha shikast yemapti…
Bog‘dan chiqib, bozorga chopdim. Eshak bozorda Par-da qiyshiq aravasini endi minib turgan ekan.
— Jon aka, gap shunday-shunday, — dedim. — Mana, sizga o‘n so‘m! Pensiyamni olsam, yana beraman…
— E, pulni qo‘ying, — dedi u bechorayam. — Ishqilib, bizga gap tegmasa bo‘ldi.
— Tegmaydi!

Qarang, yoli oqarib ketgan shu aravakash ham qo‘rqadi-ya, politikadan. Bir zamonlar «qo‘sh ho‘kizing bor», deb otasi kuloq qilingan-da. Keyin «vrag narod» bo‘lib otilib ketgan.
Eshak aravani to‘g‘ri boqqa haydatib kirdim. Haykalni ko‘chirish, avaylab aravaga yotqizish ham ko‘p qiyin bo‘ldi. Odamlarga rahmat, qarashishdi. Axir ularniyam mana bu yerida bor-da Stalin!..
Keyin uyga jo‘nadik!
Ko‘chaning o‘rtasidan haydatib ketdim aravani. Odamlar u betdayam, bu betdayam g‘uj bo‘lib, ajoyibotga qaraganday qaraydi. Parvoyim palak. Nima bo‘lsa, ko‘rdim bu olamda: qo‘rqadigan joyim yo‘q. Bolalarim uyli-joyli bo‘lib ketgan.

So‘qqaboshim bilan bir hovlida yotardim! Mana, endi… ikki kishi bo‘lamiz.
Ha-ha, to‘ppa-to‘g‘ri soydan o‘tkazib, uyimga obordim. Darvozani lang ochib kiritdim. He, u yerdayam tomosha! Kim ergashib kelgan, kim meni alqayapti, kim qo‘rqityapti…
Ammo-lekin, uka, shu qo‘rqitish… degan gapimda jon bor: men har qancha botirlik qilgan bo‘lsam ham, ko‘nglimning osti dir-dir etib turganini tan olaman.

Ha. Endi bizam uncha-buncha ko‘rganmiz-da, og‘a! Lenindan keyin, Stalin bobodan keyin o‘tgan arboblarniyam ko‘rdik… To‘g‘ri aytasiz, haqiqatni keyinroq tushundig-u… Ha-ha, o‘rtoq Stalin hayotligidayam rosa g‘alati ishlar bo‘lgandi, rost.
Ming-minglab odamlar «xalq dushmani» bo‘lib ketgan. Anchayin gapning ustidan…
Endi deng, biz kimsan — Xrushchyovning zamonida stalinchi bo‘lib turgan bo‘lsak…
Meni oborib tiqib qo‘yishlari hech gap emas edi. Stalinni oqlash — Xrushchyov boboni qoralashga o‘tardi…
Qo‘ying-chi, haykalni hovlining o‘rtasiga yotqizib qo‘ydik…
Men nodonlik qilib, parkdagi tagsupaniyam ko‘chirib keltirmagan ekanman. Qaytib borsam, bog‘ning qorovuli devorga ishlataman deb buzib-tashib ketibdi, nokas.
Keyin u yoqqa chopdim-bu yoqqa chopdim: uch-to‘rt qop tsement topdim. Soydan shag‘al tashib kelib, su-pani o‘zim yasadim. Qo‘ni-qo‘shnini chaqirib, haykalni tikka qildik. Endi haykalning boshini o‘rnatish qolgan edi.

Xayriyat, qo‘shni sovxozda armanlar toshdan imorat qurayotgan ekan, cho‘tkachi Rama jo‘ram: «Shularga bor. Har balo qo‘lidan keladi armanining», dedi.
Borsam, haqiqatan ham biladigani bor ekan. Bir tiyin olmay, kallani joyiga o‘rnatib berdi.
O’lay agar-a, xuddi o‘ziday qilib berdi. Lekin bechoraning bir kun vaqti ketdi: iyakni yamatgach, ichidan suvadi.
Ishonasizmi, bir tiyin olmay ketdi. To‘g‘ri, keyin uchta tovuq oborib, dimlama qilib berdim jo‘ralariga. «Pensioner bo‘lmasam, qo‘y so‘yardim», dedim.
Ana endi deng, haykal hovlida turipti. Bala-and! Oppoq! Mo‘ylablari biram xushro‘y. O’ziga yarashib… Toqqa qarab turipti. Tomdan ham baland-da!
— Ey, dohiy, — deb qo‘yaman onda-sonda. — Qalaysiz, Iosif Vissaranovich?

O’lay agar, lablari qimirlaganday bo‘ladi.
— Yaxshi. Rahmat senga, Kimsanboy. Seni bilar edim. Menga sadoqatli eding! — deganday bo‘ladi.
Bir kecha haqiqatan ham gapirdi-yov!
Oy chiqib turgan edi. Uyimdan sal narida jar bor, qurib ketgur axlatxona bo‘lgan. Rayondagi bari singan butilkani keltirib to‘kishadi. Yana allambalo chiqindilar. Yovvoyi mushuk deysizmi, it deysizmi — makon qilib yuborgandi. Kunduziyam odam borishga qo‘rqardi. O’sha oqshom nimayam bo‘lib, bir gala it juda uvladi. He, uvladi. Uyqum qochib ketdi.

Tashqariga chiqsam, oy sutdek yorug‘… Qo‘rqdimmi deyman, eshik tepasidagi lampochkani yokdim. Hammayoq ravshan bo‘lib, ko‘nglim sal joyiga tushdi.
Dohiy bo‘lsa, turiptilar!
Xuddi menga qo‘riqchiday!
Gangib, poylariga o‘tirdim. Chekipshi tashlagan edim, bitta tutatdim. Juda g‘ussaga botdim. Endi odam o‘ylaydi-da, og‘a: «Bu inson olamga kelib, nima orttirdi? Bitta shinel, bir juft etik, kalominka kitel, furajka bilan o‘tdi…»

O’, o‘zingizdan qolar gap yo‘q: Hozirgi dumbul rahbar ham «bir narsali bo‘lay» deydi. Xalqdan yulay, deydi. Keyingi vaqtda partiya safiga kiraman deb ariza berganlarning to‘qson foizi rahbar bo‘lsam, qo‘lim uzun bo‘ladi deb o‘ylaydi…
Axir, rahbar odam — partiya a’zosi bo‘lishi kerak-ku bizda?
Sizga yolg‘on, xudoga chin, «Ikki ming so‘m ber, partiyaga o‘tkazaman», degan partkomlarni eshitganmiz…
He, hammayoq buzilib ketdi!
Lekin bu odam… Iosif Vissaranovich xuddi Leninga o‘xshab yashadilar-da!

To‘g‘ri, to‘g‘ri, tushunib turibman: Lenin boboyam Stalin haqida biroz…
Ammo-lekin umrini xalqqa berdi-ku buyam!
Ha! Men shunday deb o‘ylayman! He, Xrushchyov taxtga o‘tirishidan oldin xalq ham shunday deb o‘ylar edi.
Stalin o‘lganda minglab odamning ko‘ngli ozib qolgani bejiz emas-da! Mening kasalxonaga tushganimga ishonmaysiz-da?
Ana shunaqa, og‘ajon.

Bi-ir mahal shivirlab qoldim:
— O’rtoq Stalin, bu ishlar… qandoq bo‘ldi? — Keyin sekin o‘rik soyasiga o‘tdim.
— Parvo qilma, Kimsanboy, — dedi u kishi. — Bu kunlar ham o‘tadi. Hali mening qadrimga yetadigan kishilar keladi taxtga… Xrushchyov ham o‘tadi. U aslida meni xush ko‘rmas edi. Men uni pisand qilmas edim. «Nikita» der edim.

Balki, balki bu gaplar xayolimda kechgandir? Balki men qo‘shib aytayotgandirman. Ammo gaplashdik!
— Kurskiy duga esingizdami? Tankada yonib ketayozgan edim?
— Esimda… Kremlda o‘tirgan bo‘lsam ham, ko‘rib turib edim! — dedi dohiy. Ha-da, u ko‘rib turardi. Be, ishonmas ekansiz-da odamga…

Bir vaqt qarasam, yig‘layapman. Keyin asta uyga kiraman degan edim, haligi itlar yana uvlab yubordi. Turib qoldim: «Dohiyni qo‘rikdayaptimi ular ham?»
A? Ha-da, haykalni ko‘rgani har xil odamlar kelib turishardi: biri yashirincha, biri oshkor. Biri qiziqib, biri mendan ahvol so‘rash uchun. Ishqilib, bizning hovli Xoliqberdievning muzeyiga o‘xshab qola boshladi.

He-he-he! Bilet sotsangiz bo‘lar emish! Yoshsiz-da! Undan ko‘ra o‘ldirib qo‘yarman o‘zimni…
E! Sizlar — boshqa avlod!
Xudoni bilasizmi? Bilmaysiz. Payg‘ambarni-chi? Yo‘q. To‘g‘risi, men ham bilmayman. Ko‘rganim yo‘q, o‘zi kechirsin… Lekin ahli musulmon xudoga ishonadi, to‘g‘rimi?
Xo‘p, qo‘rqadi deylik.

Stalindan ham ana shunday… Yo‘q, u kishiga ishonar edik.
Ishoning shu gapimga: Stalin — biz uchun ham xudo, ham payg‘ambar edi!
Ularga qarshi borib bo‘ladimi? Ularga sig‘inish mumkin, tavof qilish mumkin, xolos.
Ana shundan keyin…
E, e, tilingizga shakkar, kelishdi-da gruzinlar! Ikkitasi. Mana shunday yerga o‘tirishdi. Qaydan bilishgan bu savdoni? Xudo biladi. Keyin tusmolladimki, toshtarash armanilar borib aytishgan bo‘lsa kerak? Kapkazga borganda…

«Pakayaniy?» Darvoqe, yaqinda qulog‘imga chalindi: gruzinlar shunday kino qilishipti. Stalinga o‘xshagan — rasmiga xalq sig‘inadigan kishini ko‘rsatipti deyishdi.
Ha, rost: kinoda xalq qo‘rqqanidan sig‘inar emish… Ammo hayotda o‘z-o‘zidan sig‘inar edi, og‘ajon!
He, falak, unday odamlar bitta o‘tadi! Xudo haqqi, Stalin tirikligida Lenin boboniyam esdan chiqarib qo‘ygandik. Endi, asosiy ishlar, qiyinchiliklar Stalin davriga to‘g‘ri kelgandi-da… Ha-ha, lekin Stalin inqilobniyam tepasida turganlardan, axir.

Gruzinlar ketishdi.
Bir hafta yotishdi. Qo‘y so‘ydik. O’zlari opkeldi. He, yashik-yashik vino…
Qo‘shnilarniyam og‘zi tegdi.
Ular ketgandan keyin bizni raykomga chaqirishdi. Bordik. Birinchi bilan Bo‘taev o‘tirgan ekan. Bo‘taev aytdi:
— Siz nima qilyapsiz o‘zi?
— Nima qippan? Stalin sizlarga kerak bo‘lmasa, menga kerak, — dedim. — Xo‘p, ana, bitta-yarimta qiziqqan o‘rtoqlar borishadi. Ko‘rsa nima? Men ularga tashviqot qilmasam. Stalin yaxpti edi demasam… Miq etmayman. Tomosha qilib-qilib ketishadi. — Keyin Bo‘taev jig‘imga tekkan edi, jahlim chiqib ketdi. — E, o‘rtoq rais! — dedim. — Og‘zingizga qarab gapiring: men ham shu yurtning bir patriotiman. «Chet ellarda» emish! «Shu odam insoniyatni oyoqosti qilmoqchi bo‘lgan!» deb ko‘rsatishar emish!.. O’rtoq Stalinning nomini eshitsa, zir titrashar edi. Ular xursand… Menga o‘xshagan…
— Yo‘qoting, — dedi Bo‘taev. — Mendan ham ayb o‘tgan ekan, o‘rtoq sekretar…

Birinchi bo‘lsa, kuldi.
— Mening qarshiligim yo‘g‘-u, Kimsan aka, — dedi. — Lekin shu haykal sizniyam boshingizga bir tashvish solmasa deb qo‘rqaman. Meni tushuning, aka… — Keyin Stalin davrida qirilib, «xalq dushmani», deb qoralanib, otilib ketgan odamlar, juda katta-katta rahbarlar, o‘zimizning o‘zbeklardan ham uch-to‘rttasini tilga oldi. Keyin: — Sizgayam kasofati tegmasa deb qo‘rqaman, — dedi.
Kasofati tegmaydi! — dedim. — Men frontovik! Men Stalin deb jangga kirganman. Balki shu gap menga quvvat bo‘lib, o‘lmay qolganman! — dedim. — Chunki Stalin: «Biz g‘alaba qilamiz!» der edi. Mana, g‘alaba qildik.
Keyin ikkisi ming‘irlab, menga bir gaplarni, bir gaplarni aytishdiki, asti so‘ramang…
Aytaveraymi ?

— Siz siyosatning o‘zgarib turishini bilmaysiz, aka, — dedi birinchi. — Ha. Xudo ko‘rsatmasin, «xalq dushmani» degan gap tilimizdan yo‘qolgan emas…
— E? — dedim. Ammo sizdan yashirmayman: bo‘g‘inlarim bo‘shashib ketdi. — Haliyam bormi?
— Axir siz rasmiy siyosat bilan o‘ynashyapsiz-ku?
— Qachon?
— Mana shu qilig‘ingiz nimadan dalolat beradi?
— Ey, o‘rtoq kotib! — dedim. — Men printsipli odamman, og‘ajon! Men agar bu ishni oshkora qilayotgan bo‘lsam, boshqalar ichida… yaxshi ko‘radi Stalinni. Xo‘p, yosh bolalarni qo‘ying…
— Siz xavfli odam ekansiz, — dedi Bo‘taev.
— Gap tamom. Uni o‘z qo‘lingiz bilan biryoqli qiling,— dedi sekretar. — Hech bo‘lmasa, ko‘zdan pana qiling!

Bir yoqli… qilamanmi men? Oxiri o‘ylay-o‘ylay, ustiga chodir yopib qo‘ydim. O’rabgina. Shunday turibdi… Ha, onda-sonda ochaman. Kechalari…
Ochib qo‘yib gurunglashaman. Ishonmaysiz-da? Bilasizmi nima, o‘zi ishonmaydigan odamlar… nima de-sam ekan, o‘zingiz sinab ko‘ring bir narsaga qattiq ishonsangiz, u narsa tosh bo‘lsayam tilga kiradi! Xudogayam odamlar ishongani uchun uni «bor» deb yurishadi. Ha, endi hammamiz ateist bo‘p ketganmiz-u, baribir-da…

Yo‘q, hozir hech kim bezovta qilmayapti. Odamlar ham oyog‘ini tortib qolgan.
Ikki yildan beri gruzinlar ham kelmay qo‘ydi.
Stalin bobo davrida haligiday bo‘lganlar haqida bo‘lsa, gazetalar har kun yozishyapti…
Ha, endi ta’sir etadi mengayam, bir gapni hadeb qaytaraversangiz, ta’sir qiladi-da…
Lekin men… tushunmayman, nimanidir kutganday, kutib yurgandayman.

Bir oqshom shu to‘g‘rida Stalindan so‘radim ham.
— Bekor gap. Senga o‘zim ziyon yetkazmasam, hech kim ziyon yetkazmaydi, — dedilar.
— Bu nima deganingiz, o‘rtoq Stalin?
— Qara, kechagi dovulda qimirlab qoldim. Bosib tushsam, o‘lasan.

Nachora?.. Bu yog‘iniyam aytayin. Bir oqshom Rama jo‘ram bilan tag‘in bir-ikki oshnalarni obkelib, dohiyni yotqizdik. Ustiga chodirni yopganimizdan keyin, ishoning-ishonmang, devning murdasiga o‘xshab qoldi. Keyingi kuni o‘zim u kishing ustiga tuproq uyub qo‘ydim.
Nazarimda, dohiyning oxirgi vasiyatini ado etganday edim.

1988

0022

(Tashriflar: umumiy 566, bugungi 1)

Izoh qoldiring