Shukur Xolmirzaevning uch maqolasidagi tagiga chizib o’qiladigan satrlar

045    Шукур Холмирзаев ва унинг асарлари ҳақида улкан ҳаяжон билан, тўлиб-тошиб соатлаб гапириш, қоғоз қоралаш мумкин, аммо юқоридагиларни ёзарканман, адибнинг тажанг чеҳраси-ю “чатоқ феъли” кўз олдимда намоён бўлаверди. Ва яна бир гапи: сўзни исроф қилмаслик керак! Қуйида адибнинг ўз даврида шов-шув бўлган ва бугун ҳам долзарблиги ва аҳамиятини йўқотмаган мақолаларидан парчаларни эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.

ШУКУР ХОЛМИРЗАЕВНИНГ УЧ МАҚОЛАСИДАГИ
ТАГИГА ЧИЗИБ ЎҚИЛАДИГАН САТРЛАР
Бекзод Ўктам тайёрлаган
077

045“Ўн саккизга кирмаган ким бор”. Отам тенгилар ва улардан катта авлод шу асарни севиб ўқишган. Мен ҳам анча ёшлигимда ўқиб кўрганман. Кейинроқ қишнинг узун кечаларида унинг “Ўзбек характери” ҳикоясини ўқиганману адабиётга, сўзга муносабат, айни пайтда муҳаббат шаклланган. Ҳа, айнан ана шу ҳикоя орқали.
Шукур Холмирзаев ва унинг асарлари ҳақида улкан ҳаяжон билан, тўлиб-тошиб соатлаб гапириш, қоғоз қоралаш мумкин, аммо юқоридагиларни ёзарканман, адибнинг тажанг чеҳраси-ю “чатоқ феъли” кўз олдимда намоён бўлаверди. Ва яна бир гапи: сўзни исроф қилмаслик керак!
Қуйида адибнинг ўз даврида шов-шув бўлган ва бугун ҳам долзарблиги ва аҳамиятини йўқотмаган мақолаларидан парчаларни эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.

077

“АДАБИЁТ ЎЛАДИМИ?”

…инглиз шоири Байроннинг юздан зиёд хати бир-икки корчалон ноширларнинг қўлига тушиб қолади. Хатларнинг аксарияти оқсоқ лорднинг севгилисига ёзган махфий мактублари экан. Бундан хабар топган Пушкин оёқ тираб туриб олади: “Босиб чиқармаслик керак. Ахир, бизга Байрон шоир сифатида азиз! У – шоирдир! Унинг инсоний ожизликларини ошкор этиш нега керак?!” Шу тариқа мактублар босилмайди. Байронга қўлини бигиз қилгувчиларнинг ҳам тили тушовланади. Бу одобни қаранг, рус шоири инглиз шоирининг шаъни учун курашибди!

***

Мен фақат шахсий нуқсонлари, ҳатто “кечирилмас қусурлари”га қараб ҳам ёзувчига баҳо бериб, яъни уни сондан чиқариб қўйилишини ҳазм қила олмайман.

***

Инсоф юзасидан эътироф этамиз: ўшанда айрим бадиий асарларга қараганда баъзи мухбирларимиз ёзган мақолаларни ўқиш мароқли туюларди. “Мухбирнинг даври келди!” дер эдик. Ва айтиш лозимки, мустақиллик арафасида унча-мунча амалдор ҳам мухбирлар қилган ишларнинг ўндан бирини қила олгани йўқ. Айни чоғда улар, ўзлари ўйламаган ҳолда, адабиётнинг сифатини талай ўн йилликлар давомида белгилаб келган дастурга зарба бердиларки, натижада номи чиққан талай адиблар нимани ва қандай ёзишни билмай қолдилар. Шунинг самараси ўлароқ улар орасида ҳам бояги савол бош кўтара бошлади: “Адабиёт ўладими ё ўлдими?”

***

Камтар санъаткор Чехов эса “адабиётда муаммони ёритиш” масаласи ҳақида қисқагина қилиб: “Ёзувчи асарда муаммони ёритиши мумкин. Аммо уни ҳал этиш – ҳаётнинг иши…” деган эди. Хулласи калом, муаммо масаласи – кенг ва теран тушунилиши лозим бўлган масаладирки, бизда қишлоқ хўжалиги ёки чорвачиликка дахлдор бирон бир муаммони (мухбирлар ишини!) бадиий асарда ёритиш ва иложи бўлса ҳал этиб бериш фақат фазилат ҳисобланарди! Афтидан, ҳамон шу фикрда юрганлар бор.

***

Биродарлар, мана энди ўз-ўзидан аёнки, “муаммони ёритиш” бобида ҳам адашиб кетган эканмиз. Тўғрироғи, йўлдан оздирилган эканмиз! Фикримга ойдинлик киритай: совет даврида ҳаётимиздаги энг муҳим муаммо нима эди? Ватан озодлиги, сўз эркинлиги, қарамликнинг барҳам топиши! Чўлпон ҳам, Фитрат ҳам, Усмон Носир ҳам ана шу армонда қурбон бўлиб кетди… Хўш, энди бугун ёзувчидан қайси муаммони ёритишни талаб этасиз? Буни асли мухбирдан талаб этиш керак, у боплайди! Бундан чиқди, чин ёзувчининг, асл адабиётнинг проблемасию “тили учида турган гапи!” бошқача экан-да?

***

Мана, энди асл адабиётнинг “асл масаласи”га етиб келдик. У шундан иборат эканки, адабий ҳодисани, яъни асарни ичдан ёритиб ва тўппа-тўғри кўнгилда акс-садо бериб, кишини қаёққадир бошлайдиган бир нур бўлар экан! Илло, инсоннинг ўзи ҳам табиатан қандайдир бекатга – нурга интилади! Гап – ўша нурнинг қандай эканида, холос!

***

Лекин инсон табиатан шунга мойил: излашга, қидиришга, имкониятлар ахтаришга, яъни табиатга бевосита тақлиддан ҳам устун воситалар – йўллар излашга маҳкумлиги учун оқибат-натижада ҳақиқий санъат вужудга келди ва у шохлаб, тармоқлаб кетди.

“КЕЧИРАСИЗ, ЖАНОБ КАРПЕНТЕР, ВАҚТИМ ЗИҚРОҚ!”

Эндиги баҳсларимиз адабиёт майдонидаги фавқулодда янги ҳодисалар ҳақида бўлади, холос. Ундай ҳодисалар эса ҳар куни рўй беравермайди. Алқисса, баҳс вақтимизни ўғирлайдиган бўлиб қолдики, ундан қочадиган бўлдик.

***

Ўзим ҳақимда шуни айта оламанки, баҳсдан нарида юраман. Маълумингиз, қўрққанимдан эмас, йўқ: нимадан денг? Қаршингдаги баҳсга киришган кишининг сени тушунмаслигидан. Тўғрироғи, тушуна олмагани учун ўзини “ҳақ” деб тураверишидан. Ҳолбуки, билиб турасан: у ғирт ноҳақдир. Шу ўринда Ницшенинг нафақат адабиёт муҳиблари учун, балки ҳар бир эсли-ҳушли инсон учун сабоқ бўлгулик ҳикматларидан бирини келтираман. “Ақли расо одамлар, — дейди у, — ўзларининг юз фоиз ҳақ эканларини билиб турсалар-да, барибир, айтаётган фикрларимда хатолар бўлиши мумкин, дея андишада изтироб чекиб туришади. Нодонлар эса, — деб давом этади у, — ҳар қандай фикрларини ҳам ҳақ деб биладилар. Чунки уларда иккиланиш — шубҳа йўқ”.

***

…кошкийди, адабиётга ўзларича ҳомийлик қилаётганлар асл адабиёт билан халтуранинг фарқига тезроқ етсалар?!

***

Бир куни Карпентернинг қайсидир романини варақлаб чарчаб, ўзининг ушбу романи ҳақида қандайдир дўстига ёзган мактубини ўқий бошладим. Тавба! “Мен чангалзорга (жунглига) кириб қолдим, – деб ёзади у. – Яъни жумлам шу қадар чўзилиб, шу қадар сермаъно бўлиб кетдики, бугун унга нуқта қўйдим”. “Баракалло”, дедим мен ва романни ёпиб қўйдим: кечирасиз, жаноб Карпентер, вақтим зиқроқ. Менга сал бўлари гапни айтсангизмиди…

“ЁЗУВЧИЛИКНИНГ МАКТАБИ ЙЎҚ…”

Воқеа (мазмун) ёзувчининг кўнглидан, яъни туйғулари чироғидан ўтгач, яъники ҳикоя қаҳрамонлари ёзувчининг ҳис-туйғулари ила йўғрилиб ва айни чоғда ўзининг ҳис-туйғулари ила воқеани у ёки бу даражада ўзгартириб мустақил Одамга айлангач, адиб баъзан унга четдан қараб, ғоят мутаассир бўлиши – ҳатто ҳайратда қолиши ҳам мумкин.

***

Пушкиннинг машҳур гапини эсланг-а: “Я плачу над вымислом!” Ўзи тўқиган – бадиий тўқимани салмоқлаб кўриб… йиғлар экан! Ғалат ҳол, а?

***

Ёлғонни ёзгандан кўра ёзмай қўя қол!

Ёки бўлмасам Хемингуэйга ўхшаб ўшандоқ ҳолатни бошдан кечириш тадоригини кўр.

Хемингуэй шундай қилган. “Тушдан кейинги Мадрид” асарида ўлимни… ўлим олди ҳолатини тасвирлашга ожизлиги, шуни ҳис этмоқ учун испан урушига борганини ёзади…

Қойил, қойил!

Манба: http://qashqadaryogz.uz/

025

SHUKUR XOLMIRZAEVNING UCH MAQOLASIDAGI
TAGIGA CHIZIB O’QILADIGAN SATRLAR
Bekzod O’ktam tayyorlagan
077

“O’n sakkizga kirmagan kim bor”. Otam tengilar va ulardan katta avlod shu asarni sevib o’qishgan. Men ham ancha yoshligimda o’qib ko’rganman. Keyinroq qishning uzun kechalarida uning “O’zbek xarakteri” hikoyasini o’qiganmanu adabiyotga, so’zga munosabat, ayni paytda muhabbat shakllangan. Ha, aynan ana shu hikoya orqali.
Shukur Xolmirzaev va uning asarlari haqida ulkan hayajon bilan, to’lib-toshib soatlab gapirish, qog’oz qoralash mumkin, ammo yuqoridagilarni yozarkanman, adibning tajang chehrasi-yu “chatoq fe’li” ko’z oldimda namoyon bo’laverdi. Va yana bir gapi: so’zni isrof qilmaslik kerak!
Quyida adibning o’z davrida shov-shuv bo’lgan va bugun ham dolzarbligi va ahamiyatini yo’qotmagan maqolalaridan parchalarni e’tiboringizga havola qilmoqdamiz.

077

“ADABIYOT O’LADIMI?”

…ingliz shoiri Bayronning yuzdan ziyod xati bir-ikki korchalon noshirlarning qo’liga tushib qoladi. Xatlarning aksariyati oqsoq lordning sevgilisiga yozgan maxfiy maktublari ekan. Bundan xabar topgan Pushkin oyoq tirab turib oladi: “Bosib chiqarmaslik kerak. Axir, bizga Bayron shoir sifatida aziz! U – shoirdir! Uning insoniy ojizliklarini oshkor etish nega kerak?!” Shu tariqa maktublar bosilmaydi. Bayronga qo’lini bigiz qilguvchilarning ham tili tushovlanadi. Bu odobni qarang, rus shoiri ingliz shoirining sha’ni uchun kurashibdi!

***

Men faqat shaxsiy nuqsonlari, hatto “kechirilmas qusurlari”ga qarab ham yozuvchiga baho berib, ya’ni uni sondan chiqarib qo’yilishini hazm qila olmayman.

***

Insof yuzasidan e’tirof etamiz: o’shanda ayrim badiiy asarlarga qaraganda ba’zi muxbirlarimiz yozgan maqolalarni o’qish maroqli tuyulardi. “Muxbirning davri keldi!” der edik. Va aytish lozimki, mustaqillik arafasida uncha-muncha amaldor ham muxbirlar qilgan ishlarning o’ndan birini qila olgani yo’q. Ayni chog’da ular, o’zlari o’ylamagan holda, adabiyotning sifatini talay o’n yilliklar davomida belgilab kelgan dasturga zarba berdilarki, natijada nomi chiqqan talay adiblar nimani va qanday yozishni bilmay qoldilar. Shuning samarasi o’laroq ular orasida ham boyagi savol bosh ko’tara boshladi: “Adabiyot o’ladimi yo o’ldimi?”

***

Kamtar san’atkor Chexov esa “adabiyotda muammoni yoritish” masalasi haqida qisqagina qilib: “Yozuvchi asarda muammoni yoritishi mumkin. Ammo uni hal etish – hayotning ishi…” degan edi. Xullasi kalom, muammo masalasi – keng va teran tushunilishi lozim bo’lgan masaladirki, bizda qishloq xo’jaligi yoki chorvachilikka daxldor biron bir muammoni (muxbirlar ishini!) badiiy asarda yoritish va iloji bo’lsa hal etib berish faqat fazilat hisoblanardi! Aftidan, hamon shu fikrda yurganlar bor.

***

Birodarlar, mana endi o’z-o’zidan ayonki, “muammoni yoritish” bobida ham adashib ketgan ekanmiz. To’g’rirog’i, yo’ldan ozdirilgan ekanmiz! Fikrimga oydinlik kiritay: sovet davrida hayotimizdagi eng muhim muammo nima edi? Vatan ozodligi, so’z erkinligi, qaramlikning barham topishi! Cho’lpon ham, Fitrat ham, Usmon Nosir ham ana shu armonda qurbon bo’lib ketdi… Xo’sh, endi bugun yozuvchidan qaysi muammoni yoritishni talab etasiz? Buni asli muxbirdan talab etish kerak, u boplaydi! Bundan chiqdi, chin yozuvchining, asl adabiyotning problemasiyu “tili uchida turgan gapi!” boshqacha ekan-da?

***

Mana, endi asl adabiyotning “asl masalasi”ga yetib keldik. U shundan iborat ekanki, adabiy hodisani, ya’ni asarni ichdan yoritib va to’ppa-to’g’ri ko’ngilda aks-sado berib, kishini qayoqqadir boshlaydigan bir nur bo’lar ekan! Illo, insonning o’zi ham tabiatan qandaydir bekatga – nurga intiladi! Gap – o’sha nurning qanday ekanida, xolos!

***

Lekin inson tabiatan shunga moyil: izlashga, qidirishga, imkoniyatlar axtarishga, ya’ni tabiatga bevosita taqliddan ham ustun vositalar – yo’llar izlashga mahkumligi uchun oqibat-
natijada haqiqiy san’at vujudga keldi va u shoxlab, tarmoqlab ketdi.

“KECHIRASIZ, JANOB KARPENTER, VAQTIM ZIQROQ!”

Endigi bahslarimiz adabiyot maydonidagi favqulodda yangi hodisalar haqida bo’ladi, xolos. Unday hodisalar esa har kuni ro’y beravermaydi. Alqissa, bahs vaqtimizni o’g’irlaydigan bo’lib qoldiki, undan qochadigan bo’ldik.

***

O’zim haqimda shuni ayta olamanki, bahsdan narida yuraman. Ma’lumingiz, qo’rqqanimdan emas, yo’q: nimadan deng? Qarshingdagi bahsga kirishgan kishining seni tushunmasligidan. To’g’rirog’i, tushuna olmagani uchun o’zini “haq” deb turaverishidan. Holbuki, bilib turasan: u g’irt nohaqdir. Shu o’rinda Nitsshening nafaqat adabiyot muhiblari uchun, balki har bir esli-hushli inson uchun saboq bo’lgulik hikmatlaridan birini keltiraman. “Aqli raso odamlar, — deydi u, — o’zlarining yuz foiz haq ekanlarini bilib tursalar-da, baribir, aytayotgan fikrlarimda xatolar bo’lishi mumkin, deya andishada iztirob chekib turishadi. Nodonlar esa, — deb davom etadi u, — har qanday fikrlarini ham haq deb biladilar. Chunki ularda ikkilanish — shubha yo’q”.

***

…koshkiydi, adabiyotga o’zlaricha homiylik qilayotganlar asl adabiyot bilan xalturaning farqiga tezroq yetsalar?!

***

Bir kuni Karpenterning qaysidir romanini varaqlab charchab, o’zining ushbu romani haqida qandaydir do’stiga yozgan maktubini o’qiy boshladim. Tavba! “Men changalzorga (jungliga) kirib qoldim, – deb yozadi u. – Ya’ni jumlam shu qadar cho’zilib, shu qadar serma’no bo’lib ketdiki, bugun unga nuqta qo’ydim”. “Barakallo”, dedim men va romanni yopib qo’ydim: kechirasiz, janob Karpenter, vaqtim ziqroq. Menga sal bo’lari gapni aytsangizmidi…

“YOZUVCHILIKNING MAKTABI YO’Q…”

Voqea (mazmun) yozuvchining ko’nglidan, ya’ni tuyg’ulari chirog’idan o’tgach, ya’niki hikoya qahramonlari yozuvchining his-tuyg’ulari ila yo’g’rilib va ayni chog’da o’zining his-tuyg’ulari ila voqeani u yoki bu darajada o’zgartirib mustaqil Odamga aylangach, adib ba’zan unga chetdan qarab, g’oyat mutaassir bo’lishi – hatto hayratda qolishi ham mumkin.

***

Pushkinning mashhur gapini eslang-a: “YA plachu nad vimislom!” O’zi to’qigan – badiiy to’qimani salmoqlab ko’rib… yig’lar ekan! G’alat hol, a?

***

Yolg’onni yozgandan ko’ra yozmay qo’ya qol!

Yoki bo’lmasam Xemingueyga o’xshab o’shandoq holatni boshdan kechirish tadorigini ko’r.

Xeminguey shunday qilgan. “Tushdan keyingi Madrid” asarida o’limni… o’lim oldi holatini tasvirlashga ojizligi, shuni his etmoq uchun ispan urushiga borganini yozadi…

Qoyil, qoyil!

Manba: http://qashqadaryogz.uz/

025

(Tashriflar: umumiy 365, bugungi 1)

Izoh qoldiring