Umid Bekmuhammad. Komil Xorazmiy.

044
“Санкт-Петербургские ведомости” газетаси 1875 йилги 74-сонида ҳамда “Новое время” ҳафтаномаси ўзининг 83-сонида Хива хони Феруз ва бир гуруҳ хоразмлик амалдорларнинг Россия шаҳарларига ташрифини ёритган эди.Уларда императорнинг махсус совғасини олишга сазовор бўлган Комил Хоразмий ҳақида ҳам хабар бериб ўтилган…

033
Умид Бекмуҳаммад
КОМИЛ ХОРАЗМИЙ

“Санкт-Петербургские ведомости” газетаси 1875 йилги 74-сонида ҳамда “Новое время” ҳафтаномаси ўзининг 83-сонида Хива хони Феруз ва бир гуруҳ хоразмлик амалдорларнинг Россия шаҳарларига ташрифини ёритган эди.Уларда императорнинг махсус совғасини олишга сазовор бўлган Комил Хоразмий ҳақида ҳам хабар бериб ўтилган…

Тарихда шоир, бастакор, таржимон, созанда ва давлат арбоби сифатида ном қолдирган Комил Хоразмий 1825 йили Хивада таваллуд топган.Уни мард ва бир сўзлилиги учун Паҳлавон Мирзабоши деб ҳам аташган.Мадрасада таҳсил олиб, араб ва форс тилларини мукаммал эгаллаган бу инсон ижодкорлиги боис Ферузхоннинг назарига тушди.Уни ҳукмдор ўзининг саройига хаттот қилиб ишга олди.
Комил Хоразмий хон ҳазратларининг меҳрини қозонганидан, қолаверса, ўзида бошқарув лаёқати борлиги туфайли 1865 йили мирзабоши этиб тайинланади.Маълумки, ўша давр бағоят таҳликали бўлиб, чоризмнинг хонликка тажовузи кучайганди.1873 йилдан эса Хоразм Русиянинг босқини натижасида унинг тобелигига ўтди.Алғов-долғовли йилларда Комил Хоразмий истилочиларга қарши курашди.Аммо кучлар нисбати тенг бўлмаганлиги сабабли, хонлик забт этилди.

Бу пайтда Хива-Чор Русияси ўртасида дипломатик алоқаларни олиб борадиган, вазиятни яхши йўлга соладиган киши Ферузхон учун зарур эди.Бу шахс эса рус тимлини биладиган Комил Хоразмий бўлиб, хон уни девонбеги қилиб тайинлайди.Бир неча бор Петербург ва Москва сафарларига борганида ёнида давлат амалдорлари, закий инсон сифатида уни ҳам олиб юрди.

1873 йилги шундай сафарлардан бирида Комил Хоразмий ўзи билан бирга Русияга танбур ва ғижжак олиб боради.Императорнинг хоразмликлар ташрифига оид давлат зиёфатида эса ўша мусиқа асбобларини чалиб, мезбонларни ҳайратга солади.Мусиқага ихлоси юқорилигини сезган император шунда Комил Хоразмийга эман дарахтидан ясалган пианинони совға қилиб бериб юборади.
Хоразмлик созанда бу чолғу асбобини чертишни ҳам тезда ўрганиб, пинанинони Хивага келтиради.Уни хоразмликлар ва хонликдаги русларга чалиб бериб, халқ меҳрини қозонади.
Иккинчи маротаба 1883 йили у 17 кишилик хонлик амалдорлари қаторида яна Ферузхон билан бирга Москва ва Петербургга, 1891 йили эса шаҳзода Асфандиёрхонга ҳамроҳ бўлиб Русияга сафар қилади.

1883 йили Русияда нашр этиладиган “Новости и биржевая газета” Хиваликлар сафари тўғрисида, “21 июн сешанба куни Хива хони Муҳаммад Раҳимхон 2 бошчилигида 17 кишидан иборат , шахсий соқчилар ва хизматчилардан ҳам иборат осиёликлар темир йўл орқали Петербургдан Москвага жўнаб кетишди.У ердан Оренбург орқали Хивага йўл олишади” , дея хабар бериб ўтганди.

Комил Хоразмий шу каби Тошкентга ҳам саёҳат қилган бўлиб, бу тўғридаям бир нечта ҳужжатлар ва шоирнинг шеърлари сақланиб қолган.Шоирга замондош бўлган Лаффасийнинг ёзишича, “ Комил паришонҳол бўлганидин ғаму ҳасратлар тортиб, натижада икки кўзига қора сув келиб, ожиз бўлиб қоладур.Комил паришон аҳвол, кўзидан айрилиб бетоблиғ бистариға бош қўюб,Хива табиблариға бир неча муолажа қилдирсада, ҳеч фойда бермай, балки аввалгидан ямонлашади.Шул сабабли, Комил хондин рухсат олиб, Тошкандға бориб кўзини дўхтурларға муоалажа қилдирадур.Аммо кўзнинг оғриғи кундан-кун шиддатлиғ бўлғанда, ҳеч бир натижа ҳосил қилмай ,Комил Хивага қайтиб келадур”.

Гарчи Тошкентдаги муоалажалар ҳам Комил Хоразмийга унчалик ижобий таъсир қилмаган бўлсада, шаҳри азимдан у кўп тассуротлар олади.Уни 1891 йилнинг 5 сентябрида машҳур Н.Остроумовдек ўқитувчилар семинарияси директори уйида меҳмон қилади.Остроумовнинг кундаликларида бу ҳақда шундай ёзилади: “Суҳбат Хива хусусида борди.Собиқ бош инспектор Кунни эсладик( А.Л.Кун 1873 йилги истилода қатнашган Русиялик шарқшунос бўлиб, Хивадан кўплаб қўлёзмалар,хон тахтини Петербургга олиб кетишга бошчилик қилган-У.Б)Кунни мирзабоши ўз буйруқларига салгина қаршилик кўрсатгудек бўлса, Хиванинг қозикалони кетидан Сибирга жўнатаман, дея қутқу солувчи амалдор сифатида таърифлади.Чойдан кейин биз меҳмонхонага ўтдик.Шоир диванда ўтириб, катта қизимнинг рояль чалишини тинглади.У хивача ҳамда форсча куйларни, “қиз муножаоти” ва бошқа баъзи пьесаларни чалиб берди.Қария мусиқани ва рус халқининг баъзи қўшиқларини диққат билан берилиб тинглади.”.

Ўша кунги суҳбатда Комил Хоразмий Остроумов хонадонида эканлигида “Ики шўх” номли ғазал ёзади:

Солурди ғамза хадангни камона ул ики шўх,
Мани ул ўқға қилурлар нишона ул ики шўх.
Ҳам ики гул киби бир шохдин очилмишлар,
Қилур навосини ҳам булбулона ул ики шўх.

Эшитса бандаси бўлғуси Зуҳроу яна Баҳром,
Рубобу чанг ила тузса тарона ул ики шўх.

Боқиб жамолиға юз тил била фиғон айлар,
Етурса илкини фатрапиёна ул ики шўх.

Қилурда нола арақдин ики юз бўлуб гулфом,
Кўзумдин айлади қон ёш равона ул ики шўх.

Қучоқлашиб бўладур бир-бирига жуфт андоқ,
Ки тоқупўсти Ирамға дугона ул ики шўх.

Агарчи ҳуснда маъшуқи аҳли оламдур,
Валек нола қилур ошиқона ул ики шўх.

Парилар эрдимукин, учтилар кўзумдин ё,
Фаришта эрдиму чархи ошёна ул ики шўх.

Бириси Комил бедилғадур басе матлуб,
Агарчи хўблар ичра ягона ул ики шўх.

Комил Хоразмий шу каби Тошкентда эски шўаҳар қисмининг бошлиғи, кейинчалик 1892 йилги вабо қўзғлонининг асосий айбдорларидан саналиб Қўқон турмасида вафот этган Инъомхўжа Умриёхўжа, Муҳиддинхўжа,Шарифхўжа,Сатторхон Абдуғафур ўғли сингари маърифатпарварлар ҳам меҳмон қилишганди.

Остроумов Хивалик шоирни Тошкентдаги эрлар гимназиясига олиб бориб, даргоҳдаги ўқиш жараёни, кутубхона ҳамда пойтахтдаги матбаахона билан ҳам таништирган.
Орадан уч йил ўтиб у яна кўзини даволатиш мақсадида шаҳри азимга ташриф буюради.Бу гал ҳам Комилнинг Тошкентдан олган таассуротлари шунчалик таъсирли бўлдики, бу сафарда кўрганлари ҳақида у “Дар баёни таърифи ва тавсифи Тошканд” деган қасида ҳам ёзди.Унда шундай сатрлар бор:

Рашван этгандек сипеҳр айвонини шамъи нужум,
Шабни рўз айлар чароғони фанори Тошканд…

Сайр этарлар анда юз, минг эркагу қизу жувон,
Барчаси илму хирадда номдори Тошканд..

Ушбу қасида 1894 йил 8 октябрда “Туркистон вилоятининг газети”да нашр этилган
Комил Хоразмий Ўрта Осиёда биринчи бўлиб мумтоз куйларни “нота”га туширган.Дунё мусиқашунослигида “Хоразм танбур чизиғи” дея эътироф этилган нота ёзуви мумтоз куйларнинг замонлар оша авлодларга асл ҳолида етиб келиши учун асос бўлган.Комил шу сингари “мураббаи Комил”, “Пешрави Комил” куйлариниям яратган.

Бундан ташқари хон ўзи билан, 1891 йилда эса валиаҳд шаҳзода Асфандиёр тўра ҳамроҳлигида Россия шаҳарлари,Тошкентни кезган девонбеги тараққиётга эришиш, завод-фабрикаларни ишга тушириш учун маҳаллий кадрлар кераклигини тушуниб етди.Шу боис Хивада ўзи мактабга асос солди.Комил Хоразмийнинг ушбу янги усулда таълим берувчи мактабида рус тили, мусиқа ўқитилгани унинг ўз даврининг замонавий зиёлиси бўлганини кўрсатади.

Шунингдек, у Хивада Ўрта Осиёда илк бор матбаахона ташкил этиш, фаолиятини кенг қулоч ёйдиришга ҳам ҳисса қўшди.Комил Хоразмий матбаахонада қайси китоблар чоп этиш кераклигини белгилаб берарди.Тошбосмадан илк чиққан асарни эса, табиийки хон ҳазратларига кўрсатгани саройга олиб борарди.Давлат миқёсида катта ваколати бўла туриб, у аввало, Навоий, Форобий асарларини чоп қилдирди.Хон ва ўзи яратган ижод намуналарини нашр эттиришга интилмади.Бироқ Комил Хоразмий адабиётнинг мусаддас, маснавий, рубоий, мухаммас, қасида, ғазал жанрларида мафтункор шеърий мўъжизалар яратди.

Комил Хоразмий ўйноқи, шўх, айни пайтда сўз жавҳари сифатида яратилган шеърини, орадан йиллар ўтиб, Комилжон Отаниёзов “Лазги” куйига матн қилиб танлаган.Унгача “Лазги” фақат куй сифатида ижро этилганди.Шу тариқа Комил Хоразмий “Лазги” куйининг қўшиқ матнини ўзи билмаган ҳолда ярим аср олдин яратган шоир сифатида тарихда боқий қолди.Балки бу унинг матнларни “нота” га туширгани туфайли берилган илоҳий инъом бўлгандир.
Комилнинг шўх ғазалларига орадан йиллар ўтиб адаши-Комилжон Отаниёзов ўйноқи мусиқа басталаб куй яратганди:

Қайси фалак буржини меҳри пур анворисан,
Қайси садаф дуржини гавҳари шаҳворисан,
Қайси Хўтан оҳуси, нофаи тоторисан,
Қайси чаманзорни лолаву гулнорисан,
Сўйла манға, эй санам, кимни севар ёрисан?

Қоматинга бандадур боғ аро сарви равон,
Лаъл лабинг рашкидин ғунча эрур бағри қон,
Чунки чаман саҳнида бўлса юзунг гулфишон,
Ноласин айлар фузун булбули бехонумон,
Сўйла манға, эй санам, кимни севар ёрисан?

Айшу нашот истабон ғамга дучор ўлмағон,
Меҳринга дил бастаю зору низор ўлмағон,
Лаъли лабинг шаҳдиға борму хумор ўлмағон,
Даҳр аро йўқтур санға ошиқи зор ўлмағон,
Сўйла манға, эй санам, кимни севар ёрисан?…

Комил Хоразмий шунингдек таржимон сифатида 18 аср адибларидан Бархурдор бир Мумтоз Туркман Фироқийнинг “Қалблар севгилиси”, Сайфийнинг “Латифалар” асарларини, “Махфилоро”нинг бир, “Равзат ус сафо” нинг ўн икки жилдини, “Латиофат Тавоиф” китобларини араб-форс тилларидан таржима қилганди.
Ҳар бир даврда, ҳар бир давлатда бўлган сарой ўйинлари Хива хонлигида ҳам бўлиб,Комил Хоразмий ҳам гуруҳлар таъқибига учраган.Девонбегиликдан истеъфога чиқиб, мирзабошилик қилган.Бироз муддат ўтиб эса амални ўғлига топшириб, ўзини бутунлай ижодга бағишлади.Гарчи умрининг охирида кўзи ожиз бўлиб қолган бўлса-да, мусиқа асбобларини чалиб, Қуръони карим оятларини қироат этиб ўтирган.”нота” ёзувининг қолган қисмини эса ўғли Муҳаммад Расул Мирзо, ижодини эса бобоси каби шоир, давлат арбоби бўлиб етишган невараси давом этдиради.
Шу тариқа Комил Хоразмий авлодларга улкан бой маданий мерос қолдириб, 1899 йили ҳаётдан кўз юмди.Ўша вақтда у 74 ёшга кирган эди.

(Tashriflar: umumiy 382, bugungi 1)

Izoh qoldiring