O’rozboy Abdurahmonov: “Adabiyot ona allasidan boshlanadi”.

099
Китоб бечораларни қишлоқда орзиқиб кутиб турган маскан-ташкилот йўқ. Китоб савдоси, матлубот жамиятларининг китоб дўконлари ёки расталари аллақачон хусусийлаштирилиб, китобдан бош­қа барча нарсаларни сотяпти. Сабаби, китоб ҳеч қачон савдо мутасаддиларининг биринчи даражали моллар рўйхатида турмайди. Чунки уларнинг наздида китоб қоринни тўйдирадиган озиқ эмас.

90
АДАБИЁТ ОНА АЛЛАСИДАН БОШЛАНАДИ
ЁХУД БЕРДАҚ ЕЛКАСИГА ТЎН ЁПМОҚЧИ БЎЛГАН ҲОКИМ ҲАҚИДА
Таниқли адиб Ўрозбой Абдураҳмонов билан Нурали Шодиев суҳбатлашди

   Дард инсонни тез улғайтиради, айниқса, ижодкорни.Ўтган асрнинг 80-йилларида заҳматкаш ижодкорЎрозбой Абдураҳмоновни ана шундай дард — «Оролим — дардим менинг» китоби дунёга танитди. Китоб жаҳоннинг ўнлаб тилларига таржима қилинди. Унда бутун бир халқнинг дарди мужассам эди.
Қорақалпоғистон халқ ёзувчисиЎрозбой Абдураҳмонов билан адабиёт ва оиладаги тарбиявий муҳит муштараклиги хусусида суҳбат асносида ана шу сирни билишга интилдик.

—Ўрозбой оға, ёзувчилик танланадиган касб ҳам, ўқиб ўрганиб оладиган унвон ҳам эмас. Кўпчилик ёзувчилик — бу қисмат дейди ёки кўнгил эҳтиё­жи деб таъриф беришади. Сизнинг қўлингизга қалам тутқазган, ижодга, адабиётга ундаган нарса нима?

— Қўлимга қалам тутқазган айнан, мана бу нарса десам, ёлғон гапирган бўлардим. Бунга, балки адабиёт муаллими бўлган отамнинг китоб жавонлари билан қорақалпоқ осмонида муаллақ сайрайдиган тўрғай овози, балки адабиёт муаллимим Жиянбой оға Ережеповнинг ўтган дарслари билан Тошкент зилзиласидан кейин кечки ўқишни кундузги иш билан баробар ўтказган ёшлигим, балки дунёни ташвишга солиб, қуриб бораётган Орол сабаб бўлгандир. Балки қалам тутишимга бахтли яшаш истаги ва яхшиликка интилиш йўлидаги машаққатлар сабабдир. Нима бўлса ҳам энди бу бизга тақдир бўлиб қолди.

Менинг ёзишимга булбулнинг овози, қизларнинг нози, мутасаддининг буйруғи кор этмаган. Ёзиш истаги кўнгилда туюлган қандайдир сирли оламнинг хуфиясини ошкор этишдан туғилар балки…

Бир авлод даврини чорак аср деб олсак, менимча, тўлақонли оиланинг шаклланиши учун ҳам шунча муддат лозим бўлади. Демак, чақалоқнинг шахсгача шаклланиш жараёни асосан оилада ва бошқа ижтимоий инс­титутларда кечади. Бизда «Бўладиган бола беш ёшидан беллидур» дейишади. Немислар ҳар хил ранг ва шаклдаги ўйинчоқлар орқали чақалоқ уч ойлигидаёқ унинг лаёқатини аниқлаб, зарур касб-ҳунарга тайёр­лашни бошларкан.

Адабиёт касб эмас, лекин у инсоннинг шахс сифатида маънавий шакл­ланишида энг муҳим омил саналади. Адабиётга эътибор, буюк Мольернинг бутун умр прозада гапириб юриб, бунинг проза деб номланишини фақат кексайганда англаган қаҳрамонига ўхшаб қолмаслик учун ҳам зарур.

Доимо чиройли, меҳрли сўзлар қўлланиладиган оиладан маънавий етук шахслар чиқади. Агар биз миллий менталитетимизга лойиқ, аждодлар йўлига содиқ авлод етишиб чиқишини истасак, адабиёт дарсини она алласидан бошлаганимиз маъқул.

— Адабиётда ҳам ўз даврининг йўлчи юлдузлари бўлади, улар ҳам ёзувчи, ҳам шахс сифатида ҳурмат-эҳтиромга ло­йиқ инсонлардир. Сиз бугун адабиётга хизмат қилиш масаласи хусусида қандай мулоҳаза билдирасиз?

— Аввало, инсон шахс бўлиб туғилмайди, шахс инсоннинг интеллектуал имконига мос равишда жамиятда шакл­ланади. Менимча, адабиётда шакл­ланган шахслар ижод қилгани маъқул­роқ, чунки уларда мус­тақил фикр,
нимани ёзиш ёки ёзмаслик инсофи, энг муҳими, маҳорат деган тушунча ҳам мавжуд бўлади. Абдулла Қаҳҳор, Шайхзода, Ойбек каби адиблар маънавий дунёси кенг, буюк шахс­лар эди. Улар халқ дардини ўз дарди деб билган ва уни енгиллатиш йўлида ўз имкониятини сарфлаган ва ўз идеалларига охиригача содиқ бўлган.

Адабиётга хизмат деганда ёзувчи меҳнатининг қадр-қиммати тўғрисида ҳам фикрлаш мумкин. «Ўзинг ёз, ўзинг нашр қил, ўзинг олиб бориб сот» қабилидаги муносабат билан адабиёт икки дунёда ҳам ривожланмайди.

— Оилада фарзандлар тарбия­сида мутолаанинг, адабиётнинг ўрни қандай бўлиши керак?

— Онанинг алласи билан кирган нарса меҳр бўлса, ҳаётнинг завқи ва шавқи, ранг-баранглиги ва мураккаблиги тўғрисидаги тушунчалар сўз сеҳри билан мутолаа орқали муҳрланиб боради. Боланинг қўлига илинган дастлабки китоб-дафтарларга кўп нарса боғлиқ. Ёшига, иқтидорига қараб танланган китоб, бола учун бир умр буюк адабиёт бўлиб қолади.

Биз баъзан боланинг бирин-кетин­ бериладиган, мантиқли-мантиқсиз саволларидан қочиб қоламиз ёки унинг жавобини ўзимиз ҳам билмаймиз. «Алдагани бола яхши» қабилида баъзан ёлғон айтиб қўямиз. Майли, овунгани учун шундай қилиш ҳам керакдир, лекин ёлғоннинг уруғи кўнгилга бир тушдими, уни кейин кетмонлаб ҳам олиб ташлай олмайсиз. Шунинг учун мутолаани ўрнак, намуна тарзида ўргатиш лозим. Шахсий намуна бунда алоҳида аҳамият касб этади.Ўзингиз ўқимасангизу болангизга ўқигин деганингиз, ўзи ароқхўр одамнинг энди ичишни ўрганаётган боласига «ичмагин» дегани билан баб-баробар.

— Адабиётни, бадиий китоб­ларни оилаларга янада яқинлаштириш учун нималар қилиш зарур?

— Шахснинг шаклланиш давридаги романтик туйғуларни шаҳарнинг «югур-югур» тирикчилигидан олиб бўлмайди. Лекин сўнгги пайт­лари қишлоқларимизга шаҳар жамоли, шаҳарларимизга эса табиат кенгликларининг эниб келиши кузатилмоқда. Бу ижобий ҳол. Буюклар ҳамма жойда туғилиб, яшайвериши мумкин, лекин китоблар асосан йирик шаҳарларда чоп этиляпти. У қишлоқларга ўз оёғи билан етиб бора олмайди. Ҳатто, Тошкентнинг ўзида йўл юкини енгиллатиш мақсадида йўл-йўлакай ташлаб кетилган китоб­ларни кўрганман.

Иккинчидан, китоб бечораларни қишлоқда орзиқиб кутиб турган маскан-ташкилот йўқ. Китоб савдоси, матлубот жамиятларининг китоб дўконлари ёки расталари аллақачон хусусийлаштирилиб, китобдан бош­қа барча нарсаларни сотяпти. Сабаби, китоб ҳеч қачон савдо мутасаддиларининг биринчи даражали моллар рўйхатида турмайди. Чунки уларнинг наздида китоб қоринни тўйдирадиган озиқ эмас.

Китоб бозорга чиқдими, демак, у товарга айланди. Бирининг бозори чаққон, бирининг эса харидори кам. Нима қилиш керак? Демак, ушбу молнинг нималиги, унинг қадр-қиммати ҳақида аввало, оилада, кейин боғча ва мактабда уқтирилиши лозим. Айтиш, мажбурлаш эмас, ибрат йўли билан.

Сўнгги пайтлари, ота-оналар, тарбиячилар, ҳатто, муаллимларнинг ўзлари китобни кам ўқиётгани бор гап. Бир ҳокимдан муовини Бердақ бобомизнинг таваллуди тадбирлари бўйича маслаҳат сўраганида, у: «Ўзларини чақиринг, бозордан йилтироқ чопон олиб ёпинг, кейин ўзимизнинг ёзадиганлардан бир-иккитасини қўшиб ош беринг-да, тезда жўнатинг. Ҳозир вақт зиқ, пахта пайти, мен жуда бандман, ўзингиз бош-қош бўлинг», — деб жўнаб қолибди. Бу латифа эмас, ҳақиқат.

— Бугунги ёшлар ҳақида нима дея оласиз, уларнинг қайси жиҳатлари сизни қувонтиради, илҳомлантиради, қайси жиҳатларидан баъзида ранжийсиз?

— Бизнинг анъанавий оилада кексага ҳурмат, кичикка иззат тушунчаси қонуний қоида сифатида синг­дирилган. Агар қайси бир пайтлари болага мардлик, меҳр-инсоф мавжлари ўрнига миттигина ёлғончилик томчиси тушиб қолган бўлса, оқибатини энди тотаверасиз. Авар шоири Расул Ҳамзатов бир пайтлари «Сиз ўтмишга тўппонча кўрсатсангиз, келажак сизни тўп билан ўққа тутади» деб бекорга айтмаган.Ўтмиш билан келажакни туташтирувчи дунё бўлмиш китобга эътиборсизлик хунук оқибатларга олиб келиши мумкин.

Менга ёшларимизнинг тиниб-тинчимас, изланувчан қайсарлиги, қўйган эзгу мақсадларга интилишлари, илм-билимга, ҳунарга қизиқувчанликлари қувонтиради, илҳомлантиради. «Эҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди!» деган мисралар ёдимга келади.

Мен бир йигитни биламан. У мактабда, университетда яхши ўқиди, яхшигина бир ишга кирди, оила қурди, фарзандли бўлди… хуллас, ҳаммаси яхши эди. Ёш мутахассис сифатида ўарбда малака ошириб ҳам келди ва лекин аввалги меҳнатсевар изланувчан йигитнинг ўрнига куну тун ётиб, компьютердан бошини узмайдиган, ётағон кимса бўлиб қайтди. У ўзича ҳаммадан ақлли, билимдон. Лекин ётағон билимдон кимга ҳам керак?! Оқибатда оила бузилди. Ана шундайларни кўриб ранжийман.

— Қандай мавзуларни кўнглингизга тугиб юрибсиз?

— Орол мавзуси мен, менга ўхшаганларнинг умрига етиб-ортади, деб ўйлайман. Бундан ўттиз йилча муқаддам «Бўсаға» деган бир роман ёзиб, ёшгина йигитнинг Тошкент зилзиласи синдирган тақдири билан тугатган эдим.Ўқувчилар унинг давомини сўраётир, ҳаракат қилиб кўрсаммикин дейман. Унинг синган тақдирининг Устюрт­ кенгликларида тикланиши, халқимизнинг ер устидаги насибаси камайгани билан ер остидан, яъни қуриётган Орол тагидан ризқ топилгани менинг бош мавзуим бўлиб қолади.

Яқиндан буён «Муссага ҳасса берди…» деб номланган шингил ҳаётий эсселар туркумини ишлаш ниятим бор. Қандай чиқади, қачон чиқади, ўзим ҳам билмайман. Умуман, доимо ҳаракатдаман. Зерикишга эса вақт топа олмаяпман.

Манба: «Оила даврасида» газетаси

(Tashriflar: umumiy 97, bugungi 1)

Izoh qoldiring