2013 yil «Sharq yulduzi» jurnalida e’lon qilingan «Eng yaxshi badiiy va ilmiy asarlar» tanlovi g’oliblariga mukofotlar topshirildi.

011
Куни-кеча Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида 2013 йил «Шарқ юлдузи» журналида эълон қилинган «Энг яхши бадиий ва илмий асарлар» танлови ғолибларига мукофотлар топшириш маросими бўлиб ўтди. Маросимни уюшма раиси Муҳаммад Али бошқарди. «Шарқ юлдузи» журнали бош муҳаррири Улуғбек Ҳамдам танлов якунлари ҳақида гапириб, ғолиб деб топилган асарлар ҳақида маълумот берди. Шундан кейин Икром Отамурод, Абдуқаюм Йўлдошев, Орзиқул Эргаш,Рисолат Ҳайдарова, Саъдулло Қуронов танловда ғолиб бўлган асарлар ва муаллифлари ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

091

2013 йил «Шарқ юлдузи» журналида эълон қилинган «Энг яхши бадиий ва илмий асарлар» танлови ғолиблари

002   ПУБЛИЦИСТИКА: Энахон СИДДИҚОВА. «Эзгуликлар рамзисан,Ватан!» мақоласи учун;
002   НАЗМ: Абдулла ШЕР. «Атрофимиз ложувард олам» шеърий туркуми учун;
002   НАСР: Ғафур ШЕРМУҲАММАД. «Қудуқ» қиссаси учун;
002   ДРАМАТУРГИЯ: Хуршид ДАВРОН. «Алғул» (Мирзо Улуғбек)  пьесаси учун;
002 АДАБИЁТШУНОСЛИК: Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ. «Абдулла Қаҳҳорнинг «Картина» ҳикояси, «Мафтунингман» кинокартинаси ва конфликтсизлик назарияси» мақоласи учун.

09
Энахон СИДДИҚОВА
ЭЗГУЛИКЛАР РАМЗИСАН – ВАТАН!

    Қишнинг айни чилласида фарзандларим билан ота-онамнинг қабрини зиёрат қилгани Олтиариққа шошяпмиз. Қор босган далаларга маҳлиё бўлиб эътибор бермабманми, ўғлимнинг ҳайратомуз ҳайқириғи хаёлимни бўлди:
– Вой-бўй, лайлакларни!!! Қаранглар!!! Шундай совуқда ҳам иссиқ юртларга учиб кетишмабди! Совқотишмасмикин?!
Ўғлим симёғочларга қурган инлари атрофида тўда-тўда бўлиб учиб юрган лайлакларга завқланиб боқди. Мен: булар мўъжизакор қушлар, улар файзу баракотли юртлардан кетишмайди, демоқчи эдим, менга жилмайганча термилиб турган кенжа қизимнинг бир нимага оғиз жуфтлаб турганини сезиб гапирақол, дегандек қарадим. Унча-мунча шеър тўқиб юрадиган Мохинур қизим акасига шоирона жавоб қилди:
– Билмайсизми, қачондан буён лайлаклар бошқа ўлкаларга кетмай қўйишганини? Улар ҳам бизга ўхшаб эркинликни, осойишталикни, озодликни, шундай гўзал манзилларни яхши кўришади.
Болаларимнинг покиза, ёруғ туйғуларидан, оддий ҳақиқатни англаб, тушунаётганларидан томоғим ачишди, кўзларимга ёш қуйилди.

Пойтахтимиз азим Тошкентга борсам бунёд этилган Мустақиллик тимсоллари, ўзбек тафаккурининг ҳайкалларидай қад ростлаган Эзгулик аркаси, Мустақиллик майдони, Бахтиёр она сиймоси, Анжуманлар саройи, Маънавият саройи, Навоий кўчаси… бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Бу – муқаддас, ватан каби азиз, илоҳий тимсоллар кўнглимиз, қаддимизни юксак-юксакларга кўтаради. Қувончлиси, бу каби тимсоллар ҳар бир шаҳар, ҳар бир туман, ҳар бир қишлоқда қуриляпти. Булар – бағрикенг, тинчликпарвар, фидойи ўзбек халқининг эзгу орзулари рамзи. Ташриф буюрганлар бу ерда ватанни англайдилар, келажакларини аён кўрадилар.

Ўтган йили гувоҳ бўлганим, Фарғона шаҳрида бунёд этилаётган 1000 ўринли Санoат саройи пойдеворига ғишт қўймоқчи бўлаётган ишчиларни бош уста тўхтатди. Кейин кўчанинг нариги юзида бобоси билан етаклашиб бораётган уч ёшлар чамасидаги болакай рўпарасида тўхтади. Уни қурилиш майдонига олиб ўтиб, озод кўтардию хитоб қилди:
– Рухсат берсаларинг, биринчи ғиштни шу полвон қўйиб берсин! Ишчилар қарсак чалиб юборишди. Биринчи ғиштни бобоси ёрдамида пойдеворга қўйган жажжи болакайнинг қувончи, ҳайрати ва беғубор туйғулари кўзларида чақнаб кетди. Айтмоқчи бўлганим, бу улкан бунёдкорликларга гувоҳ бўлиб улғаяётган янги авлод қурадиган муҳташам тимсолларнинг бўй-бастини нечоғлик улуғвор бўлишини тасаввур этиш қийин эмас.
22 йил!.. Бу – мангулик олдида оний лаҳзалар, лекин ана шу қисқа солнома ниҳоятда буюк воқеаларга бой бўлди. Дунё Ўзбекистонга юз тутди, буни бутун жаҳон ҳамжамияти тан олиб, ҳайрат кўзи билан боқиб турибди.
Одамлар билан суҳбатлашиб, кўрку таровати файзиёб бўлаётган Қўқон, Фарғона, Марғилоннигина эмас, ҳар бир шаҳару қишлоқларни кезиб, шуни англадимки, мамлакатимиз 22 йил мобайнида олдинги ҳолатига мутлақо ўхшамайди. Энг улкан ўзгаришлар халқимиз тафаккурида, қалбида рўй бераяпти. Одамларимизнинг кўнглида эртанги кунига ишонч, ифтихор, ватанпарварлик туйғулари юксалганини кўраман. Бугун юртимиз дунёда ўзининг ўрнини топган, ўзининг мустақил сиёсати билан ҳеч қайси давлатнинг этагини ушламасдан, манаман деб туриб, ўз сўзини айтаётган мамлакат.

Президентимиз ҳар бир нутқларида эл ризолиги, унга муносиб турмуш шароити яратиш масаласига устувор вазифа сифатида қарайдилар. Бу ҳазрат Навоий бобомиз орзулари, умумбашарий ғояларига ҳамоҳанг. «Эл шод эрмас, мамлакат обод эрмас», дейдилар Навоий ҳазрат бир байтларида. Яъни қачон мамлакат обод бўлади – қачонки эл шод, турмуш фаровон бўлса. Бугун мамлакатимиз иқтисодиёт, халқ таълими, тиббиёт каби соҳаларда дунёнинг энг кучли, ривожланган давлатлари қаторида юксак обрў-эътиборга эга бўлиб турганлиги унинг ЯНГИ АСРИ бошланаётганлигига шаҳодатдир…

Яқинда ўзим туғилиб ўсган маҳалламга тўйга бориб, болалигим ўтган кўчалардаги биродарим хонадонини топа олмай қолдим. Кўчанинг бошидан- охиригача барча хонадонлар янгитдан миллий, шарқона ва замонавий услубда қуриб битказилган.
Дарҳақиқат, вилоятда ўтган бир йил ичида Президентимизнинг “Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, 2012-2015 йилларда ижтимоий ва транспорт коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори шаҳарда мисли кўрилмаган ўзгаришларга асос солди. Бош режага мувофиқ, Фарғона шаҳрининг арихитектуравий-режалаштириш қиёфасини миллий анъаналар ва замонавий шаҳарсозлик меъёр ва талаблари асосида тубдан яхшилаш, аҳоли турар-жойлари ва ижтимоий соҳа объектлари, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янгитдан қуриш, экологик вазиятни тубдан яхшилаш ва шунинг асосида аҳолининг яшаши учун муносиб ҳамда сифатли шароитлар яратиш мақсадида, жами 1,3 триллион сўмдан зиёд бунёдкорлик, ободончилик ишлари жадал суратлар билан олиб борилаяпти.
Вилоятда биргина янги лойиҳадаги намунавий уйлар ўтган йили 840 та қурилган бўлса, 2013 йилда 1200 та қуришга жадал киришилди. Янгитдан қуриладиган 150 та 5 қаватли замонавий уйлар 20 мингта оиланинг турмуш тарзига янгича ҳаёт, саодатмандлик бағишлаши – икки карра иккидай аён.

Бугунги янги давр кишилари, қаҳрамонларининг тез ўзгариб бораётган воқелик қайновларида ўз ўрнини топиш, меҳнат билан ўз бахт-иқболини яратиш, изланиш-интилишларини ҳаққоний ёритиш, уни бадиий адабиётга олиб кириш ижодкорлар олдида турган энг долзарб вазифа деб ўйлайман. Кейинги уч-тўрт ой мобайнида бормаган одам Фарғона, Қўқон шаҳарларини кўриб танимай қолиши, қисқа вақтда бунёд этилган архитектура ансамбллари, халқимизнинг бунёдкорлик, ижодкорлик салоҳиятидан ҳайратга тушмасдан иложи йўқ. Бунинг учун халқнинг ичига кириш, етти яшардан етмиш яшаргача бўлган одамларнинг интилишлари, Ватанга муҳаббати, шеъриятга, санъатга бўлган ихлосу иштиёқини қалбан ҳис этиб, эл-юрт орасида юриб қанчадан-қанча талант эгалари, ихлосу эътиборли кишилар билан суҳбатлашсангиз, маънавий сарчашмаларимиз эзгу уммонга айланаётганига ишонч ҳосил қиласиз ва халқимиз олдида қанчалик қарздорлигингизни теранроқ англайсиз.
Бир сўз билан айтсам, бугун ҳамма соҳалар қатори миллий адабиётимизда ҳам гуркираш, юксалиш, эврилишлар содир бўлаяпти. Буни кўрмаслик, ҳис этмаслик мумкин эмас. Айниқса, Президентимизнинг Ўзбекистон Ёзувчиларига йўллаган мурожаати, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида “Ижод” фондини ташкил этиш тўғрисидаги Қарори, унинг замиридаги чексиз ғамхўрликлари ўзбек адабиётини юксалиш йўлига олиб чиқди, ҳар бир ижодкорни учқур илҳом тулпорига миндирди, десам айни ҳақиқат бўлади. Бу борада вилоятимизда катта ташкилий ишлар амалга оширилганини фахр билан айтгим келади.

Вилоятимиз ҳокимининг қарорига кўра, вилоят Ёзувчилар уюшмаси автомашина, зарур ташкилий-техник, маиший жиҳозлар, янги бино билан таъминланди, уюшма қошида китоб маркази ташкил этилди. Ўзбек мумтоз адабиётининг таниқли вакиллари: Хувайдо, Увайсий, Муқимий, Фурқат, Ҳазиний, Чархийнинг уй-музейлари, мақбаралари таъмирдан чиқарилди, ободонлаштирилди. Кейинги уч-тўрт йилнинг ўзида улуғ сўз санъаткорлари: Ҳувайдонинг девони, Фурқатнинг “Муҳаббат йўлида”, Увайсийнинг “Мазмун маъдани”, Муқимийнинг “Боғ аро”, Ҳазинийнинг девони, Чархийнинг “Қиёлаб ўтди”, Рожий Марғилонийнинг девони, Умарали Норматовнинг Худойберди Тўхтабоев тўғрисидаги «Саргузаштлар сардори», «Увайсий издошлари», «Марғилоннома», «Марғилон гулшани», «Ҳазиний юртида», «Фарғона – истиқлол солномаси», Сиддиқ Мўминнинг «Оиладан бошланар Ватан» китоблари Тошкентдаги нуфузли нашриётларда чоп этилди. Шунингдек, вилоятдаги 62 нафар ёш истеъдодларнинг ижод намуналаридан ташкил топган “Ҳайрат булоқлари” китоби нашр қилингани ва асар тақдимотининг Тошкентда, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўтказилиб, адабиётимизнинг таниқли намояндалари, таниқли адабиётшунос олимлар томонидан ёшлар ижодига юксак баҳо берилганлиги Президентимизнинг ёш истеъдодларни камол топтириш борасидаги ғамхўрликликларининг амалий натижасидир. 62 нафар таниқли шоирларнинг ижод намуналари жамланган “Фарғона оҳанглари” антологияси ҳам адабий ҳаётимизда катта воқелик бўлди.
Ҳар сафар адабиёт байрамларида ижодкорлар ўзларининг шеърлари, ҳароратли сўзлари билан халқимизни руҳлантириб, шундай улуғ юрт фарзанди эканлигимизга, тинч ва фаровон ҳаётимизга шукроналик, фахр-ифтихор туйғуси билан бориб, улар олдида хисобот берадилар. Хуррият, мустақиллик бизга нима берди? Буни халқ билан бўлган қизғин учрашувлар, суҳбатларда теран англаш мумкинлигини, қалбан ҳис этиш, кўз билан кўриш мумкин.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилаётган “Истеъдод мактаби” танловида эътироф этилаётган ўнлаб ёш ижодкорларнинг асарлари «Адиб» нашриёти томонидан йигирма минг нусхада чоп этилиб, мамлакатдаги барча ўқув юртларига бепул тарқатилаётганлиги истеъдодлар сафини кенгайтириш, ўзбек адабиётини жаҳон миқёсига олиб чиқиш учун пойдевор қўймоқда. Вилоятимизда ҳар йили ёш истеъдодлар ўртасида мустақиллигимиз олдидан “Энг яхши шеърий асар”, “Энг яхши насрий асар”, “Энг яхши таржима асар” номинациялари бўйича ижодий танловлар ташкил этилмоқда ва танлов ғолиблари бўлган ёш ижодкорларнинг асарлари китоб ҳолида нашр этилиб, улар компьютер тўпламлари билан мукофотланмоқда. Шунингдек, водий вилоятлари ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган минтақавий “Марғилон мушоираси” танлови ҳам ҳар йили янги истеъдодларни кашф этмоқда.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, устозимиз Эркин Воҳидовнинг бир гаплари бор: “Шундай даврлар бўладики, ижодкорнинг ижтимоий ҳаётга, воқеликка муносабати, ижтимоий фаоллиги баъзан ёзган асаридан кўра ҳам муҳим аҳамият касб этади”. Ҳақиқатан ҳам, бугун ниҳоятда мураккаб, таҳликали даврда, ҳатто энг кучли мамлакатлар ҳам иқтисодий таназзуллар исканжасида, турли хавф-хатарлар гирдобида турган бир даврда яшаяпмиз. Президентимизнинг таъбири билан айтганда, дунёдаги ёвуз кучлар маънавиятимиз илдизларига болта урмоқ, ёшларимиз тарбиясини издан чиқармоқ учун мафкуравий курашни турли йўллар билан ғоят кучайтираётган пайтда ёзувчи, шоир фақат асар ёзишим керак, деб хилватга чекиниши мумкинми? Президентимиз ижодкорлар олдига ўзбек адабиётини жаҳон миқёсига олиб чиқиш, бадиий сўз қудратини, халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёзувчининг ижтимоий фаоллиги, фуқаролик позициясини оширишдек масъулиятли вазифани долзарб қилиб қўймоқда. Шунинг учун ҳам вилоят ижодкорлари халқимизнинг барча қатламлари ичига киришга, айниқса, ёшлар билан ўтказилаётган суҳбат ва учрашувларнинг ғоят таъсирчанлигини ошириш, улар онги-шуурига “оммавий маданият” орқали худди наркотиклар каби кириб келаётган, миллий маҳдудлик, ёвузлик, диний экстремизм каби ёт ғояларнинг заҳри қотил, алдов-тузоқ эканлигини нафақат бадиий сўз қудрати, балки юзма-юз туриб ҳароратли сўз билан ҳам тушунтиришимиз бугунги кунда жуда муҳим.

Қаранг, дунё олимларининг хулосасига кўра, иқтисодий инқирозлар маънавий инқирозлар илдизидан ўсиб чиқаркан. Бугун дунёдаги энг кучли мамлакатларнинг ҳам илдизига болта ураётган иқтисодий бўҳронларнинг бош сабабчиси – маънавий ҳалокат, таназзул экан. Президентимизнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарларида огоҳликка чорловчи иборалари ҳикматдай жаранглайди. «Дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилмоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, ягoна энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади». Маънавиятга қарши қаратилган ҳар қандай таҳдид ўз-ўзидан мамлакат хавфсизлигини, унинг миллий манфаатларини, соғлом авлод келажагини хавф-хатарга қўяди ва жамиятни инқирозга олиб келади.

Оммавий маданиятнинг ҳалокатли таъсири аллақачон оммавий ахборот воситалари, интернет орқали вабодай ёприлиб келмоқда. Оммавий ахборот воситаларида дунёнинг тараққий этган давлатларида турмуш қуриш ёшидагиларнинг 80 фоизи оила қуришни, оила қурганларнинг 70 фоизи эса фарзанд кўришни истамаётгани, ит, мушук боқиб олишни афзал кўришаётгани, оила муқаддаслигига дарз кетаётгани, дунёнинг 12 та мамлакатида бир жинслилар никоҳига расман рухсат берилгани ҳақида бонг урилмоқда. Шундай хабарларнинг бирида, америкалик Роберт исмли бир бойвачча йигитнинг ўз жонига қасд қилгани ёзилади. Йигит бор мол-мулкини ўз кўппагига васият қилиб қолдиради.Унинг миллионларига умид қилиб юрган маъшуқаси Анжелика бу фожиадан талвасага тушади ва адвокати билан маслаҳатлашиб, Робертнинг кўппагига турмушга чиқади ва бор бойлигига эга бўлади. Мана Ғарб мафкурасининг бир манзараси. Бизда, афсуски, баъзан машҳур спектаклда айтилганидек, “чет элнинг хўрозқанди бўлса, ётиб ялаш” қусури бор. Куну тун интернетлар қаршисида ўтирган, ҳали ҳаёт ҳақиқатини, турли муғамбирона тузоқ, ахлоқсизликларнинг моҳиятини англаб улгурмаган, тажрибасиз ўсмир ёшларимизнинг бу каби «ўргимчак тўр»ларига тушиб қолмаслигига ким кафолат беради?!
Уйимизу ҳовлимизни ҳамиша озода, саришта тутамиз, чангу ғуборлардан тозалаймиз. Темир буюм бўлган компьютеримизни турли микроб, вируслардан асраш учун антивирус ўрнатамиз. Лекин болаларимиз қалбини-чи? Беғубор қалбларни бало-қазодай, вабодай ёпирилиб келаётган оммавий маданиятнинг вирусларидан асраш учун нима қилаяпмиз? Кўзга кўринмас, лекин атом қуролидан ҳам қудратли бўлган бу вируслар фарзандларимиз иймон-эътиқоди, номус-ҳаёсини емириб бораётганидан ҳамма ҳам огоҳми?

Донишманд боболаримиздан бирининг неча аср муқаддам: «Қалбинг деразасини дунёга очиб қўй. Токи ундан эзгуликлар, тоза ҳаволар, суманбар насимлар, қуёш нурлари кирсин. Лекин унутмагилки, огоҳ бўлгилки, ундан кираётган бўрону шамоллар, довуллар қалбинг Уйини вайрон этмасин», деган сўзлари худди бугунги кун учун, огоҳлик қўнғироғидай айтилгандай. Бугун интернетлар эшигини ёпиб қўйиб бўлмайди. Чунки замонавий тарққиёт қисмидан четда қолишнинг мутлақо иложи йўқ. Ахборот жадал айланмайдиган жамиятда тафаккур суст бўлади, шу боисдан ҳам, ахборот эркинлигига эришиш учун барча омиллар сафарбар этилмоқда. Ақл-идрок, фикр глобаллашуви жуда зарур. Майли, ёшларимиз интернет орқали дунёга ўз сўзларини айтсин. Лекин у орқали ёшларимиз онгига ёпирилиб кираётган, илдизларимизга болта ураётган ёвуз кулфатларнинг йўлини тўсадиган қудратли куч борми? Бор! Маърифат, маънавият ва миллий одобимиз. Бу – фарзандларимиз иймон-эътиқодини бутун қилиб тарбиялаш, уларда миллий руҳоният, ватанпарварлик, шукроналик туйғусини юксалтириш. Бу долзарб масалада қудрати «атомдан кучли бўлган адабиёт»нинг ўрни ғоят беқиёс, деб ўйлайман.

Яқинда вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зикрилла Тешабоев бир воқеани жуда ташвишланиб айтиб берди:
– Болалар ўртасида ўтказилган расм чизиш танловида бошланғич синф ўқувчисининг чизган расми эътиборимни тортди. Ўқувчи ўз расмини «Бизнинг оила»деб атабди. Расмда онаси, ака-опалари қуёшли айвонда жамулжам бўлиб дастурхон устида нонушта қилиб ўтиришибди. Лекин расмда отаси кўринмайди. Отаси вафот этганмикин? Менимча, ҳаёт бўлганида, албатта, тасвирлаган бўларди. Минг бир истеҳола билан боладан секин сўрадим: “Даданг қаерда, нега уни чизмадинг?”
Бола бамайлихотир жавоб берди:
– Дадам уйда, телевизор кўриб ётгандилар.

Ўқувчимнинг жавобидан ўйланиб қолдим. Бугун оталарнинг оилада фарзанд тарбиясидаги ўрнининг йўқолиб бораётганлиги биз педагогларни ғоят ташвишга соляпти.
Фикримни Президентимизнинг “Адабиётга эътибор-маънавиятга, келажакка эътибор” номли рисолаларидаги пурҳикмат сўзлари билан мухтасар қилмоқчиман. “Бугунги мураккаб ва таҳликали замонда ёзувчининг башариятнинг эртанги кунини ўйлаб, одамларни эзгуликка, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка даъват этишга қаратилган ҳароратли сўзи ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда”. Қўлга қалам олишдан олдин шу эзгу каломни унутмасак, бас!

(Tashriflar: umumiy 2 170, bugungi 1)

2 izoh

  1. Баъзиларга очеркдай туюлар, балки энг асоийси моъият маддохлик билан эмас аниқ ликлар бадиийликка йўьрилиб ўқувчини , қайсики ьафлат босганларни туртиб, уйьотиб юборади.

Izoh qoldiring