Mansur Jumayev. Hazrati sevgidan mujda keltirdim & Hayrat qo’shiqlari. She’rlar to’plami

032 Мен шеърларини кузатиб, танишгим келган ёш шоирлардан бири Мансур Жумаев билан Заркентда — ёш ижодкорлар анжуманига борганда, илк бор қисқагина суҳбатлашдим. Бугун эса унинг шеърларини мамнуният билан сизга тақдим этмоқдаман.

Мансур ЖУМАЕВ
ҲАЗРАТИ СЕВГИДАН МУЖДА КЕЛТИРДИМ


* * *

Кўз ёши ҳам кутмагин2223
севинмаган одамдан;
севги сўрма,
севгилим,
севилмаган одамдан.

Ишқ тиласанг ҳар маҳал,
ошиқ бўлиб сўрагин;
бармоқларингга маҳтал
эшик менинг юрагим.

Йўлинг тушган замони,
ёймай овозасини,
бир йўл чертиб ўт, жоним,
қалбим дарвозасини.

Фақат бир шарт:
чорласам,
кирсанг,
ҳасрат чекиш йўқ,
бу эшикдан, азизам,
кириш бордир,
чиқиш йўқ!

* * *

Юрак зарбин матн қилдим,
шеърни изҳор хатим қилдим,
сочларингни ўқиб чиққач,
кўзларингни хатм қилдим.

Куйса куйсин дил, ғамим йўқ,
сендан ўзга, бил, ғаним йўқ;
сени қандай севиб қолдим,
худо ҳаққи, билганим йўқ!

ШАЙТОН

Маҳол шаклида келдинг,
Мен таслим бўлганим йўқ.
Малол шаклида келдинг,
Мен таслим бўлганим йўқ.

Савол шаклида келдинг,
Мен таслим бўлганим йўқ.
Хаёл шаклида келдинг,
Мен таслим бўлганим йўқ.

Қалбим қизиқ савдолар
Эритолмас муммикин?..
Аёл шаклида келма,
Таслим бўлишим мумкин.

* * *

Манов осмон,
манов юлдуз,
манов япроқ,
манов қушлар
сано айтар ҳабибимга
мингта рангу минг товушда.

Манов темир,
манов тошлар
аро нафсим кўзин хушлаб,
манам борман,
ман борарман –
жон ҳовучлаб,
руҳ ҳовучлаб.

Келар,
кетар,
тинар,
шошар –
ўнг тарафим,
сўл тарафим…
ичимда бир дарё тошар:
зикри хафий,
зикри хафий.

Сассиз кишнар қайғуланиб 11
асовларим,
айғирларим…
улуғ севги – пинҳон севги:
ҳайқирмадим,
ҳайқирмадим.

Биз шундайин суғро, ғариб,
биз шундайин кубро, шариф,
биз шундайин ялдоли тун,
биз шундайин субҳи зариф.

Бизга бир ёр ёрдир – тамиз,
сукут бизни эш этадир:
севгимизни севгилимиз
айтмасак ҳам эшитадир!

БИЗ КУТГАН ФАСЛ

Неча бор қалбингда тикладим қаср,
Айрилиқ бўрони бузди муттасил.
Нечун яна қаттиқ қиш келаётир,
Баҳор эмасмиди биз кутган фасл?!

Саҳройи севгимиз кўкарган даштим,
Соғинч ўрдасида мунча саваштим?..
Наҳот адаштирдим, наҳот адашдим,
Баҳор эмасмиди биз кутган фасл?!

Севилдик — севиндик, аммо ақлли
Зотлардек бўлмадик сипо шаклли,
Эртароқ нишонлаб қўйдик шекилли,
Баҳор эмасмиди биз кутган фасл?!

Азизим, асалга эврилсин заҳр:
Севгида сахий бўл, нафратда — бахил,
Баҳорга айлантир қишни ҳам, ахир,
Баҳор эмасмиди биз кутган фасл?!

Баҳор эмасмиди биз кутган фасл?!

* * *

Олдинда бир йўл бор кўп йироқ,
тарҳини, топмадим, ким бичган:
қиличим дамидан ўткирроқ,
сочларинг торидан ингичка.

Олдинда кўприк бор — ости жар,
билмадим ўзим не бўламан,
азизим, сен ўтгил бехатар,
азизим, сен фақат қулама!

Олдинда чаман бор,
сафо бор,
хотиржам-хотиржам ҳаво бор…
азизим,
унгача озгина
сабр бор,
ситам бор,
жафо бор…

Ишқ дедим кезиб тўрт ёғингда,
ишқ дедим,
чорладим билмайин;
азизим, сен борар боғингда
мен кутиб олурман жилмайиб!

Унгача йўл бордир кўп йироқ,
тарҳини, топмадим, ким бичган:
қиличим дамидан ўткирроқ,
сочларинг торидан ингичка.

ҲАЙРАТ ҚЎШИҒИ

Ёрижон,
ай ёрижон,
кетди жон сен сори, жон:
кўрмадим кўркам нақш
кўзларингдай,
ёрижон!

На Беҳзоду на Артур,
Рўзи,
Чингиз,
Ўрол,
Нур,
на Пикассо ё Маҳмуд
бўйла сурат чекибдур.

Боридан безди жоним,
борлигин сезди жоним;
жоним ё ерга кирди,
ё кўкда кезди жоним.

Кўзимдан сизди жоним,
бир савол эзди жоним:
жоним-ай,
жоним берай,
сени ким чизди, жоним?!

Сени ким чизди, жоним?!

МЕНИНГ ХАТОЛАРИМ

Бир суйдирги ичимда…
бир куйдирги ичимда –
чиқиб кетар сирғалиб
ўттиз икки тишимдан.

Саҳройи дил савдойи;
шеърдан нечук қайтаман?!
Хато шудир: ҳаммага
ҳаммасини айтаман…

Менинг хатоларим-ай,
ў, менинг хатоларим!
Фиғон урди афғонзай –
у менинг хатоларим.

Кечолмадим бу жонон,
нозик адоларимдан;
кечмишлар кечдилар қон
менинг хатоларимдан.

Этларни сихлаганман,
Исони михлаганман,
виждонга пичоқ тортиб,
устида йиғлаганман.

Хатодан чиқмаганман,
дунёга сиғмаганман,
Расулуллоҳни тинглаб,
эсимни йиғмаганман.

Марди йўқ майдон билан
ўлимлар сотганим чин, 7
зарсулув шайтон билан
чирмашиб ётганим чин…

Нечун сизни қўймайман,
ў, менинг хатоларим!
Мен ўзимни ўйлайман –
шу менинг хатоларим…

Фарзандим – унут олам –
дилгинангнинг дарзиман;
болам, дорга ос, болам,
болам, шунга арзийман.

Ҳирқиратинг – безарар,
эй, Ҳақдан атоларим;
сиртмоқда силтаниблар
тўкилса хатоларим!

Қарғанг! Сўкинг! Турманг жим!
Ўйлай жон чиқар они
қолдирдим деб шу чиркин
тўзиб ётган дунёни.

Хатоларим ўрнини
наҳот босмайсан, нолам;
ўзим келдим дорингга,
нечун осмайсан, болам?..

Ув, менинг хатоларим!
Ҳув, менинг хатоларим!
Болам, келдими навбат,
юв менинг хатоларим…

Мерос эди хатолар,
ворис бўлар бўтам ҳам;
хато сабаб жаннатдан
қувилганди Отам ҳам.

Тан олмасам – бу гуноҳ:
яшолмайман бегуноҳ…
мени бунча севасиз,
о, иштибоҳ, иштибоҳ!

Сизга раҳмат қарз бўлсин,
о, менинг хатоларим!
Буюр, Худо, дарс бўлсин
то менинг хатоларим.

Доно, доро бўлиб гар
тўрадимми Атодан?!
Қилинган хато!
Қайтар
қилинмаган хатодан!

* * *

Эсингдами, ака,
ёз оқшомлари,
зангор шуълаларга чўмган сўримиз,
бақалар сайраган тун илҳомланиб,
кўклам кенгликлардан аразлаган кез,
осмон ҳавзасида порлаган қизлар,
нозбўй ҳидларини улашган палла,
шакароб тупроқдан сочилган ислар,
кимсасиз маҳалла?!
Эски «Женифер»га термилиб қандай
ажаб афсоналар кўрардик қанча:
Дэвид Аттенборо,
Мел Гибсон,
Ван Дамм,
Жет Ли,
Жеки Чан…
Фильм ярмидаёқ ухлаб қолардик,
қолгани тушимда бўларди бунёд.
Қизиқтирмас эди бизни беҳадик
Бинямин расмига топинган дунё.
Бизни қизиқтирган ўшанда фақат
уруш саҳналари
ва жанг-талотум
ва мардона ўлим
ва буюк тоқат,
«бидиш-бидиш»,
«бум-бум»…
Ажаб далли эдик иккаламиз ҳам,
мен — бир хаёлпараст,
сен — бир шумтака… 71
саҳарлар чанг ютиб арпа ўрган дам
эсингдами, ака?!
Ям-яшил пайкаллар ўроқ дамидан
бироз тин олганда — кар, соқов, сўқир —
кечаги кинони қолган ярмидан
айтиб берар эдинг ичингдан тўқиб.
Сенинг қиёфангда келарди балқиб,
сўзларди,
урарди
ва бўларди гум:
Брюс Ли,
Шоҳруххон,
Маколей Калкин;
«бидиш-бидиш»,
«бум-бум»…
Ёлғон эди сенинг ҳикоянг гарчи,
гарчи ишланмаган сен айтган фильм,
аммо ишонардим сенга чиппа-чин,
шундай содда эди,
кенг эди феълим.

Эсингдами, ака,
ёз оқшомлари,
зангор шуълаларга чўмган сўримиз?!
О, ҳануз қўмсайман ўша онларни,
о, ҳануз қолсайдим ўшандай тамиз!
Гарчи давом этар то мана-ҳануз
уруш саҳналари,
кураш,
талотум,
ўлимлар,
ўлимлар…
ва яна ҳануз
«бидиш-бидиш»,
«бум-бум».
Энди зерикарли бўлиб туюлар,
энди қўрқитади бу ваҳший «кино»,
сенинг қиёфангда аврамоқ бўлар
Бинямин расмига топинган дунё.
Энди толиқади руҳим
ичимда
кечган «бидиш-бидиш, бум-буму буф»дан,
зориққан,
ичиккан маҳдудман чиндан
қудуқда хожасин кутган Юсуфдай.
Ажаб икки далли бўлган эдик жам:
мен — бир хаёлпараст,
сен — бир шумтака…
ва ҳануз ишонай
ёлғон бўлса ҳам
кино тўқиб бергин мен учун, ака!
Ёлғон гапирмайсан энди, биламан,
биламан, рўйирост айтасан энди,
акажон,
ҳозирги ростгўйлигингдан
ўша ёлғонларинг азизроқ эди.
Биламан, уруш ҳам кўрдинг — ҳақиқий,
талотўплар ичра яшадинг ҳар зум,
чиндан чангал урди ҳар бир дақиқа
«бидиш-бидиш»,
«бум-бум»…
Аммо унутмагин
шуълага ботган 73
эски «Женифер»га ёндош сўрини,
ёлғон ҳикоянгга ишониб ётган
уканг кўзларингга турсин кўриниб.
Осмон ҳавзасида порлаган қизлар,
кўйна зовурларда ҳайқирган бақа,
шакароб тупроқдан сочилган ислар…
эсингдами, ака?!

Эсингдами, ака,
ёз оқшомлари?!

НАВРЎЗНОМА

Тун эди навосиз наво дайдиган,
Бир совуқ, бир қора ҳаво дайдиган.
Наврўзий насимлар келдилар ногоҳ
Кўксимни кўкларга ҳаволайдиган.

Изладим тун ипин узгувчи шамни,
Кун чиқди – кулгуси кезди оламни,
Қўшиқлар тўқидим кўкни, кўкламни,
Ерни куйлайдиган, наволайдиган.

Бахт иси ёйилди ёғин-ёмғирдан,
Варраклар ўсдилар бахмал адирдан –
Деҳқони хокисор руҳимни ердан
Кўкка йўллайдиган, раволайдиган.

Тарновда сумалак эриди, инди,
Индию бойчечак бошида синди,
Тупроқдан тириклик ифори унди,
Сумалак пиширдим – даволайдиган.

Куйладим – қуёшни наволайдиган,
Чўпонлар даштидан ҳаволайдиган.
Наврўзий насимлар мужда келтирди –
Совуган кўнгилни даволайдиган.

ТАНГРИГА МАКТУБЛАР ТУРКУМИДАН

Дарвешлар топинди қалби — шоҳига;
кемалар юкинди бандаргоҳига.
Оллоҳим, Оллоҳим, эшитяпсанми,
қандай чидаяпсан банданг оҳига?!

Ризқими,
тинчими,
эрки бўғилган —
тили тугилганнинг мушти тугилган.
Руҳи бут,
кўзи тўқ,
кўнгли соғ одам
туғилганми ўзи,
қачон туғилган?!

Ночор кулгиларда наво кўрмадим,
узлатимдан бўлак даво кўрмадим,
Кўргиликлар кўрдим,
кўрган кунимни
кўрмаган кимсага раво кўрмадим.

Сезмадим жаҳолат чоҳига, Эгам,
тушмаганимни ҳам,
тушганимни ҳам.
Дўстларим қонини тўктирма, Худо,
Худо, йиғлатмагин душманимни ҳам.

Комил бир кўнгилни юрдим соғиниб,
гарчи кўрсатмадинг умид доғини,
тузган жаҳонингдан кўнглим тўлмади,
Тангрим, қайтадан чиз яхшироғини!

ЎТМИШДАН ЭРТАКЛАР

Австралияда 2019 йил сентябрь ойида бошланган даҳшатли ўрмон ёнғинида 18 миллион гектар майдон кулга айланди, 3 миллиардга яқин жонивор нобуд бўлди.
Интернет хабарларидан

Болаликнинг боғлари ёнди
яшил қитъа ўрмонларидай,
лабларимга май тутди ҳаёт —
ўта аччиқ май.

Шундан бери учолмадим бот,
шундан бери кафтимдадир жон,
оёғингга ёпишдим, ҳаёт,
ўтдан қочган коаласимон.

Одамларга боқдим умидвор,
гарчи бари нораста, сабий,
ҳар сув тутган касни билдим ёр,
ташна, куюк кенгуру каби.

Эсимдадир:
апрелми ё май,
тутун мисол ўсди зоримиз,
яшил қитъа ўрмонларидай
ёниб кетди буғдойзоримиз.

Зир югурди отам тўрт томон,
оғаларим чопди ёнига:
ўт қўйганди қай бир мусулмон,
мусулмоннинг дастурхонига.

Отам сўкди,
онам йиғлади,
момом узоқ қарғади айтиб;
оғаларим қора пайкалга
бир дона дон сепмади қайтиб.

Бир болакай ўлди ичимда,
муштдек танда ўсди бир одам:
буғдойзорга қўшилиб шунда
ёнган эди болалигим ҳам.

Энди мавзу — нон-сув, ризқу рўз,
энди гўдак хаёллар абас,
энди синчков боқиб турган кўз
бошқа эди,
олдинги эмас.

Ўша йили қишнинг бўрони
лашкар суриб келганида тик,
дориланган уруғлик донни
тегирмонда тортиб егандик.

Айтолмасман нонга навбат ҳам
тингламоқни кас-нокасини…
ўлчаб берар эди сўнг онам
“магазиннинг буханкаси”ни.

Унутмайман
ўз ҳаққин отам
итга элтиб ташлаган онни,
еб қўйгандим ахир мен нодон
Қоравойга аталган нонни.

Эсимдадир яхмалак йўллар,
ғичир-ғичир эски ароба,
калиш,
чопон,
қизарган қўллар,
темир сувдон — бўйим баробар.

Маош нима билмасдик,
шунча —
ишласа ҳам қайдадир отам;
иситмалаб йиқилмагунча
айтмас эдик дардимизни ҳам…

Кўпга келган тўйдир,
меҳмондир,
бари ўтди,
бироқ,
не қилай,
болаликнинг боғлари ёнди
яшил қитъа ўрмонларидай.

Шундан, балки, тўлишган сабот
қайғуни ҳам қаршилар тикка,
ўтиш оғир аммо,
эй ҳаёт,
тирикликдан тирикчиликка…

Димоғларни ёндирсин атр,
ёндир,
ҳаёт,
ғамнинг барини,
олов тутиб ёқиб қизартир
келинларнинг тандирларини,

бахтдан ёндир мудом кўзларни,
кўнгилларни ёқсин муҳаббат,
ўтга солиб тобла сўзларни…
болаликни ёндирма фақат!

Фақат шуни сўрайман,
ҳаёт,
тоза ҳислар ёнмасин дерман;
шам ёқажак гугуртни, ҳайҳот,
ёмонларнинг қўлига берма!

ИЧИМДАГИ УРУШЛАР

Тўлмоғинг истадим, эй умарий жом,
тўкилмоқ истадим –
тўкилгандайман:
яна шеър,
яна ишқ,
яна соз,
илҳом…
севиб қолганга ўхшайман.

Яна ривоятлар айтадир ғалат
Лев Николаевич,
Лондон,
Кафка,
Рей…
ва Шойим Бўтанинг “Шох”ин варақлаб,
мозийни пуллайди Бродвей.

Темур қаптолида сарбоз курантлар
бонг ураркан тўққиз яримга,
митти қулоқчинлар нажиб дунёдан
хабар келтирадир қулоқларимга.

“Фарсча шарқилар” да бир гўзал турку:
Муҳаммад Муътамид Ҳофиздан айтар.
“Узхитс нуқта нет” ,
сендан илтимос,
замонамга қайтар.

Етар,
оқизмасин кўздан ёшимни
устоди Муҳаммад Ризойи Лутфий,
Муъину
Сиймою
Абдулҳай Вафо
ва Ажмал Порсо нинг жунуний лутфи.

Ичдан шарафлаган ашрофим ғариб,
ичим машриқдиру атрофим мағриб,
юлдузлар чирмашган дарахт пойида
кезаман қаландар Шарқни ахтариб.

Олтин гитарали олтинсоч йигит
олтин қўшиқларин сочадир жонли,
ғариб севгиларни қиладир таъкид:
“Ай нов ю вон ми ту,
ай нов ю вон ми…”

Олтинсоч,
“Раъно” ни айтсайдинг,
ҳечам
иккиланмай борим бериб ғамбода,
Ботирим ҳурмати,
Югнакий гача
кетган бўлар эдим пойи пиёда.

Олтинсоч,
тушунгин,
талху шўр дарё
ўстирган қамишдан туғилган найман,
яна саҳройиман,
боз устига, о,
севиб қолганга ўхшайман.

Олтинсоч,
керакмас майда туйғулар,
кўксимда чайқалар бир умарий жом,
қўявер,
ўлдирса ўлдирсин шулар:
ишқу ишқ,
ишқу ишқ
ва шеър
ва илҳом!

БОЛАЛИК

Қор жилғага айланиб,
кетди ҳаёт сойига:
кетаверди лойланиб
танимаган жойига.

Қорлигидан асар йўқ;
қайга етди, айтмайди…
…у қор бўлиб яшаган
чўққисига қайтмайди…

ТАСАДДУҚ
“Бобурнома”ни ўқиб

Хаста Ҳумоюннинг пойида — ўлим,
бошида Бобуршоҳ — кафтда тутар жон:
«Қанча дардинг бўлса, кўтардим, ўғлим,
қанча дардинг бўлса, кўтардим, ўғлон!»

Бадахшон баҳридан ўтиб Ҳумоюн,
ота дийдоридан кечмаган билга —
бўйла ўғил берсанг, барҳақ худойим,
жонни фидо қилгум ундай ўғилга.

Дард берса, дармонлик падар учун тан,
ғам берса, ғамлари муборак ғамдир —
ўғлига жонини тасаддуқ қилган
Заҳириддин Мирзо Бобур — оғамдир.

Сенга ҳам бир дардкаш шартми, эй гулшан,
сенга ҳам тасаддуқ керакдир балким:
қанча дардинг бўлса, кўтардим, Ватан,
қанча дардинг бўлса, кўтардим, Халқим!

ЭРТАК ҲАҚИДА ЭРТАК

Болаликда қўймасдим омон:
– Эртак айтиб беринг, бувижон!
Бувим айтган эртакда доим
муродига етарди инсон.

Эртакдаги чўпон сингари
севиб қолдим мен ҳам беқарор,
севганимнинг эртаклардаги
маликадай кулгичлари бор.

Эртакдаги севги сингари
остин-устун бўлди еру кўк,
фақат…
фақат эртаклардаги
чўпон каби севилганим йўқ.

Тағин ҳижрон суриб келди от,
армон бу – кул остидаги чўғ.
Айбим менинг –
шаҳзода бўлиб,
кошонада туғилганим йўқ.

То муродга етмай афсонам
тугамасин дер эдим ҳаргиз.
– Эртак тамом! – деди жилмайиб
юрагимни ўғирлаган қиз.

Наҳот шундоқ тугар? 67
У ҳамон
юрагимни қайтиб бермаган…
Бувижоним менга ҳеч қачон,
бундай эртак айтиб бермаган.

* * * 7

Қарши даштларига сабзалар келди,
Тошкент боғларига майсалар келди…
Найзалар келдию кўксимга ботди,
кўксимга ботгувчи ғамзалар келди.

Сўз келди,
соз келди,
хуш навоз келди,
оғоч кокилига қушлар боз келди…
менинг хаёлимга гавжум давраю
тилларанг қандилу гулқоғоз келди.

Жанубдан куйдиргич бир насим келди,
шимолдан яхлаган нафасим келди…
жулдур китобимни жавонга отдим,
одамсиз кўшкларга ҳавасим келди.

Яна нелар келди?
Яна ким келди?
Дардимга на табиб, на ҳаким келди;
фақат мен ҳақимда ўйланг дейди У,
мен улар ҳақида ўйлагим келди…

Дилга довур келган ҳар ўйу ҳар ён,
Тангрим,
бир чора қил,
руҳим емасин!
Бўғзимгача келди бу лойқа дарё…
Сен қачон келасан,
Нуҳнинг кемаси?!

ЙИГИРМА БИРИНЧИ АСР ТАБИБИ

Қалбимдан ненидир юлди ҳабибим,
қолгани оҳмиди,
нолами,
войми…
йигирма биринчи аср табиби,
тузай олурмисан
қалб деган жойни?!

Руҳим қанотини кесди қарибим,
ё алам,
ё нафрат,
ё ғамдир жазо…
йигирма биринчи аср табиби,
айт,
қандай тузалгай
руҳ деган аъзо?!

На қалбсиз жасадда қолди тароват,
на руҳсиз баданда топилди маъни;
ким дейсан,
“жон қуши рам қилиб”,
фақат –
тан отига хашак берган кимсани?!

Табибим,
танамга тилаб фароғат,
насиҳат ўқирсан:
катбий,
шифоҳий;
энг аввал қалбимни қилгил табобат,
энг аввал руҳимга шифо қил.

То фалак пойимга тўшалса,
энса,
то мажруҳ заминни кўтарсам бошга…
табибим,
даво қил,
қўлингдан келса,
келмаса,
мен табиб ахтарай бошқа.

То юлуқ қалбимга қайтарсин чиндан
шабоб ҳисларимни –
содда,
самимий,
қаноти бут руҳим учсин ичимда,
йигирма биринчи аср табиби!

Нега лол қарайсан кўзимга,
бор-йўқ –
шу десам биргина ўтинч,
ўй,
тилак;
наҳотки мендайин бошқа бемор йўқ,
наҳотки табиб йўқ
ўзимдан бўлак?!

* * *

Кўнглим эди кўзимда балққан,
Ёлғиз кема сингари қалққан,
Қалқиб-қалқиб элтажак ҳаққа
Олиб бормас ҳилол ҳам, хоч ҳам.

Танҳо ўшал қолди ҳабибим,
Маним дардим, маним табибим,
Бўлолмайди ундай насибим –
Зарҳал тахту тиллавор тож ҳам.

Соғим ўша, бетобим ўша,
Жандам ўша, кимхобим ўша,
Мен ўзимни яширган гўша,
Умрим учун хирож ҳам, бож ҳам.

Ҳожат эмас дунё билан мол,
Ўзи орзу, ўзи тотлиғ фол,
Нур тараган кўкдай безавол,
Ундан сизар рушду ривож ҳам.

Ўзи бошлар ғавғо, маломат,
Ўзи қолар аммо саломат,
Ўзи босқин ясаб аломат,
Ўзи бўлар талон-торож ҳам.

У бир сирли муқаддас маъво, 51
Ундан маним ҳожатим раво,
Орзум уйи – дорул-муддао,
Шунда кечар лайли меърож ҳам.

Унда маним тавалло, тавбам,
У Масжидул Ҳарамим, Каъбам,
Унда шайтон ин қурган Мийно,
Ҳажар асвад, Муаллақ тош ҳам.

Ҳам поку соф, ҳам бурду бало,
Ҳам шунчалар маъсуму аъло,
Унда қўним топган Таоло,
Ўзгасига йўқ эҳтиёж ҳам.

Гадоман-у, шоҳман деб айтсам,
Йўлчиман-у, роҳман деб айтсам…
Ишонмайсиз ҳақман деб айтсам…
Мансур бўлган бобо Ҳаллож ҳам!

* * *

Кўз ёш ярашмайди эркакка ҳарчанд,
дийдам қаттиқ дея нечук алдандим:
хаста онасининг бошида фарзанд
йиғлаганин кўриб кўзим намланди.
Бир оғриқ кезаркан икки очунда,
бўғзимни тирнади ёввойи ингроқ;
дўстим онасига ачинган кунда
мен ўз волидамга қилдим қўнғироқ…

Ногоҳ отасидан айрилди дўстим:
ҳар айрилиқ – ногоҳ,
ҳамма ғам – ногоҳ,
биров қон йиғлади,
биров қон қусди –
айрилиш дардидан бўлдим мен огоҳ.
Бир оғриқ кезаркан икки очунда,
дийдам юмшадими – тош қотган қадим,
дўстим отасидан айрилган кунда
ўз отамга умр сўраб йиғладим…

Бу боди болангни кечир, онажон,
улоққан ўғлингдан ўкинма, ота,
ҳарнечук ёдига туширса ал-он
ё ғам,
ё хасталик,
ё дард,
ё мотам.
Икки очундаги, эй, икки ҳабиб,
дийдам қотган бўлса, ўксиманг ҳайҳот,
боғбон гул остини юмшатган каби
юмшатиб турипти дийдамни ҳаёт.

* * *

Мен ҳам интизорман, мен ҳам мунтазир,
Мен ҳам дийдорингга муштоқман ҳануз.
Мен ҳам телба эдим, аммо беназир,
Мен ҳам ошиқ эдим, ушшоқман ҳануз.

Менинг ҳам лоларух майдир ичганим,
Менга ҳам тор келди осмон учгани,
Ҳамма ошиқлардек мен ҳам бир ғани,
Ҳамма ошиқлардек қашшоқман ҳануз.

Эски бир жунунга доирман ҳамон,
Севги саҳросида сойирман ҳамон,
Суюк сўз тўкилган шоирман ҳамон,
Куюк бўз тўкилган машшоқман ҳануз.

Бир йигит умрини сипқорган ўғул,
Бир аёл сочини қорга кўмган ғул,
Бир малак тушларин зийнатлаган гул,
Бир пари пойига тушоқман ҳануз.

Жоҳиллигим аён, оқиллигим рост,
Забонимни ёқар айтилмаган роз,
Кўзинг уммонида хасман сарафроз,
Алвон дудоғингда титроқман ҳануз.

Кўклам андалибдан наво келтирди,
Кузак ҳазин тусли сафо келтирди,
Фалак руҳқушимга ҳаво келтирди…
Тупроқман… тупроқман… тупроқман ҳануз.

ЙЎЛОВЧИ ҚЎШИҒИ 45

Висол истар, дийдорталаб
қалбим ёқай тафтинг қалаб,
нетай дунё гардин ялаб,
элтолмасам гар елкалаб?!

Деди: Ҳақдан тониб бўлмас.
Дедим: тонмай таниб бўлмас,
севги севгай ўртамоқни,
бу ишқни ўрганиб бўлмас.

Жоҳил ўзим, порсо ўзим,
муслим ўзим, тарсо ўзим,
бу кун кўзин очган мену,
дунё қадар фарсо ўзим.

Тотганим туз – тузинг берган,
айтганим сўз – сўзинг берган,
бир дам узма нигоҳингни,
бисотим шу – Ўзинг берган.

Ҳарна муштоқ, ҳарна зорман,
висолингдан умидворман,
гар жаннатий эмас бўлсам,
ҳузурингга бу навъ бормам!

СУЖУД

Мен сўзга сажда қилдим,
мен сизга сажда қилдим,
қалбимда қанот қоққан
бир ҳисга сажда қилдим…

Кўксим кўкламга ватан,
туроб вужудимга тан,
Ватан сужудимга тан,
танамда томир ёйган
илдизга сажда қилдим.

Тупроқ, менинг онамсан,
титроқ, менинг онамсан,
Ватан, менинг онамдан
кўпроқ менинг онамсан!

Она, азизим ўзинг,
яна азизим ўзинг;
изларингни ўпган ер –
отизга сажда қилдим.

Шароб тутган кўзага
лаб босганча бўсага,
товонингни тусаган
ялпизга сажда қилдим…

Она!
Ватан!
Ёру Eр
ва дилим зиндонида 13
занжирларин узган шеър,
мен сизга сажда қилдим…
мен сизга сажда қилдим…

* * *

Икки дунё ҳар бошда пойдор,
ҳар жуссада топган ифодат:
ҳар кўнгилда битта Худо бор,
ҳар қадамда битта ибодат.

Ҳар куртакда битта сано бор,
ҳар япроқда битта китобат;
ҳар гиёҳда битта дуо бор,
ҳар ёмғирда битта ижобат.

Ҳар киприкда битта имо бор,
ҳар абруда битта ишорат;
ҳар манглайда битта ҳумо бор,
ҳар юмруқда битта иморат.

Ҳар ёноқда битта ибо бор,
ҳар дудоқда битта муҳаббат;
ҳар қурсоқда битта Исо бор,
ҳар бешикда битта Муҳаммад.

Икки дунё ҳар бошда пойдор,
ҳар заррада улвий иродат:
ҳар кўнгилда битта Худо бор,
ҳар қадамда битта ибодат.

* * *

Азизим, меҳримиз сўнмаса бўлди,
Пушаймон донаси унмаса бўлди.
Қировлар майсага қўнса қўнсин-у,
Сенинг сочларингга қўнмаса бўлди.

Азизим, кузак ҳам келгай бир сулув,
Бир ёғи ёнувдир, бир ёғи сўнув,
Бешиклар, сумаклар йўнса йўнсин-у,
Сен учун ҳассалар йўнмаса бўлди.

Азизим, умримиз қорга ўхшайди,
Эримай турганда борга ўхшайди,
Юрак урмасликка кўнса ҳам майли,
Юрак севмасликка кўнмаса бўлди.

Юрак севмасликка кўнмаса бўлди!

“РУҲПОРАЛАР” ТУРКУМИДАН
Тўртликлар

* * *
Дунёнинг севгидек рози йўқ, жоним,
Ёр кўзидек ростгўй қози йўқ, жоним.
Қуюқ соя солган оғоч остию
Сенинг суҳбатингдан сози йўқ, жоним.

* * *
Деманг: дарвеш тўнин хоқон тутади.
Ҳар ким ўз йўлида мақом тутади.
Дурга айланишни истаган зарра
Чиғаноқ ичини макон тутади.

* * *
Ҳануз гардишида айланар чархим,
Ҳануз сўрайди эл ўз дарди шарҳин.
Ўзинг ҳам киришинг даргумон бўлган
Жаннат билан уни овутма, шайхим.

* * *
Тилимдайин чаққон абобилим бор,
Абобилим сочар асотирим бор.
Оқиласан, аммо асотиримга
Ишондингми деган хавотирим бор.

* * *
Севги сулукини тутган барчанинг
Иши чертиш бўлса изҳор дарчани,
Байроқ айласинлар Юсуф тўнидан
Зулайхо кафтида қолган парчани.

* * *
Кўнгил севги тўла кўкдир, заминдир,
Гулзоринг бунча ҳам кўзга яқиндир.
Ё раббий, қай бирин севмай, ўзинг айт,
Бири – ойюз, бири зуҳражабиндир.

* * *
Зах оёқдан ўтиб, томоқдан олди,
Иссиқ бошдан ўтиб, оёқдан олди.
Бизларни бехабар, беғам деганлар,
Билмадик, бу гапни қаёқдан олди?!

* * *
Яшириб не қилдим надоматимни,
Чалғидим, унутдим тиловатимни.
Гўзалим, қошингда йўқотган эдим,
Ҳануз ахтараман ҳаловатимни.

* * *
Дарбадар шамоллар топдилар касрат,
Йиғлоқ булутлардан тўкилди ҳасрат.
Асраб қололмадим жонимни, ё раб…
Ё раб, қолдиммикан руҳимни асраб?!

* * *
Қонимда тупроқнинг зайли кезади,
Руҳимда осмоннинг майли кезади.
Мажнуний саҳрога айланди кўнглим,
Қачон бу саҳрони Лайли кезади?!

* * *
Титрадим самовот тузган тадбирдан,
Унут туйғуларим барг ёзди бирдан.
Кўкламай бўлурми, ўсмай бўлурми,
Ҳаёт иси келиб турса ёмғирдан?!

* * *
Елкангга ташласанг илм жомасин,
Илғагил ўтмишнинг буюк номасин:
Сино бўлиш керак ўқимоқ учун
Нуҳ ибн Мансурнинг кутубхонасин.

* * *
Хорундай зотлардан ҳиммат чиқмади,
Бебаҳо билганим қиммат чиқмади.
Ҳазрати севгидан мужда келтирдим,
Ҳабибим дейдиган уммат чиқмади.

Men she’rlarini kuzatib, tanishgim kelgan yosh shoirlardan biri Mansur Jumayev bilan Zarkentda — yosh ijodkorlar anjumaniga borganda, ilk bor qisqagina suhbatlashdim. Bugun esa uning she’rlarini mamnuniyat bilan sizga taqdim etmoqdaman.

Mansur JUMAEV
HAZRATI SEVGIDAN MUJDA KELTIRDIM


* * *

Ko’z yoshi ham kutmagin
sevinmagan odamdan;
sevgi so’rma,
sevgilim,
sevilmagan odamdan.

Ishq tilasang har mahal,
oshiq bo’lib so’ragin;
barmoqlaringga mahtal
eshik mening yuragim.

Yo’ling tushgan zamoni,
yoymay ovozasini,
bir yo’l chertib o’t, jonim,
qalbim darvozasini.

Faqat bir shart:
chorlasam,
kirsang,
hasrat chekish yo’q,
bu eshikdan, azizam,
kirish bordir,
chiqish yo’q!

* * *034

Yurak zarbin matn qildim,
she’rni izhor xatim qildim,
sochlaringni o’qib chiqqach,
ko’zlaringni xatm qildim.

Kuysa kuysin dil, g’amim yo’q,
sendan o’zga, bil, g’anim yo’q;
seni qanday sevib qoldim,
xudo haqqi, bilganim yo’q!

ShAYTON

Mahol shaklida kelding,
Men taslim bo’lganim yo’q.
Malol shaklida kelding,
Men taslim bo’lganim yo’q.

Savol shaklida kelding,
Men taslim bo’lganim yo’q.
Xayol shaklida kelding,
Men taslim bo’lganim yo’q.

Qalbim qiziq savdolar
Eritolmas mummikin?..
Ayol shaklida kelma,
Taslim bo’lishim mumkin.

* * *

Manov osmon,
manov yulduz,
manov yaproq,
manov qushlar
sano aytar habibimga
mingta rangu ming tovushda.

Manov temir,
manov toshlar
aro nafsim ko’zin xushlab,
manam borman,
man borarman –
jon hovuchlab,
ruh hovuchlab.

Kelar,
ketar,
tinar,
shoshar –
o’ng tarafim,
so’l tarafim…
ichimda bir daryo toshar:
zikri xafiy,
zikri xafiy.

Sassiz kishnar qayg’ulanib 11
asovlarim,
ayg’irlarim…
ulug’ sevgi – pinhon sevgi:
hayqirmadim,
hayqirmadim.

Biz shundayin sug’ro, g’arib,
biz shundayin kubro, sharif,
biz shundayin yaldoli tun,
biz shundayin subhi zarif.

Bizga bir yor yordir – tamiz,
sukut bizni esh etadir:
sevgimizni sevgilimiz
aytmasak ham eshitadir!

BIZ KUTGAN FASL

Necha bor qalbingda tikladim qasr,
Ayriliq bo’roni buzdi muttasil.
Nechun yana qattiq qish kelayotir,
Bahor emasmidi biz kutgan fasl?!

Sahroyi sevgimiz ko’kargan dashtim,
Sog’inch o’rdasida muncha savashtim?..
Nahot adashtirdim, nahot adashdim,
Bahor emasmidi biz kutgan fasl?!

Sevildik — sevindik, ammo aqlli
Zotlardek bo’lmadik sipo shaklli,
Ertaroq nishonlab qo’ydik shekilli,
Bahor emasmidi biz kutgan fasl?!

Azizim, asalga evrilsin zahr:
Sevgida saxiy bo’l, nafratda — baxil,
Bahorga aylantir qishni ham, axir,
Bahor emasmidi biz kutgan fasl?!

Bahor emasmidi biz kutgan fasl?!

* * *

Oldinda bir yo’l bor ko’p yiroq,
tarhini, topmadim, kim bichgan:
qilichim damidan o’tkirroq,
sochlaring toridan ingichka.

Oldinda ko’prik bor — osti jar,
bilmadim o’zim ne bo’laman,
azizim, sen o’tgil bexatar,
azizim, sen faqat qulama!

Oldinda chaman bor,
safo bor,
xotirjam-xotirjam havo bor…
azizim,
ungacha ozgina
sabr bor,
sitam bor,
jafo bor…

Ishq dedim kezib to’rt yog’ingda,
ishq dedim,
chorladim bilmayin;
azizim, sen borar bog’ingda
men kutib olurman jilmayib!

Ungacha yo’l bordir ko’p yiroq,
tarhini, topmadim, kim bichgan:
qilichim damidan o’tkirroq,
sochlaring toridan ingichka.

HAYRAT QO’ShIG’I

Yorijon,
ay yorijon,
ketdi jon sen sori, jon:
ko’rmadim ko’rkam naqsh
ko’zlaringday,
yorijon!

Na Behzodu na Artur,
Ro’zi,
Chingiz,
O’rol,
Nur,
na Pikasso yo Mahmud
bo’yla surat chekibdur.

Boridan bezdi jonim,
borligin sezdi jonim;
jonim yo yerga kirdi,
yo ko’kda kezdi jonim.

Ko’zimdan sizdi jonim,
bir savol ezdi jonim:
jonim-ay,
jonim beray,
seni kim chizdi, jonim?!

Seni kim chizdi, jonim?!

MENING XATOLARIM

Bir suydirgi ichimda…
bir kuydirgi ichimda –
chiqib ketar sirg’alib
o’ttiz ikki tishimdan.

Sahroyi dil savdoyi;
she’rdan nechuk qaytaman?!
Xato shudir: hammaga
hammasini aytaman…

Mening xatolarim-ay,
o’, mening xatolarim!
Fig’on urdi afg’onzay –
u mening xatolarim.

Kecholmadim bu jonon,
nozik adolarimdan;
kechmishlar kechdilar qon
mening xatolarimdan.

Etlarni sixlaganman,
Isoni mixlaganman,
vijdonga pichoq tortib,
ustida yig’laganman.

Xatodan chiqmaganman,
dunyoga sig’maganman,
Rasulullohni tinglab,
esimni yig’maganman.

Mardi yo’q maydon bilan
o’limlar sotganim chin, 7
zarsuluv shayton bilan
chirmashib yotganim chin…

Nechun sizni qo’ymayman,
o’, mening xatolarim!
Men o’zimni o’ylayman –
shu mening xatolarim…

Farzandim – unut olam –
dilginangning darziman;
bolam, dorga os, bolam,
bolam, shunga arziyman.

Hirqirating – bezarar,
ey, Haqdan atolarim;
sirtmoqda siltaniblar
to’kilsa xatolarim!

Qarg’ang! So’king! Turmang jim!
O’ylay jon chiqar oni
qoldirdim deb shu chirkin
to’zib yotgan dunyoni.

Xatolarim o’rnini
nahot bosmaysan, nolam;
o’zim keldim doringga,
nechun osmaysan, bolam?..

Uv, mening xatolarim!
Huv, mening xatolarim!
Bolam, keldimi navbat,
yuv mening xatolarim…

Meros edi xatolar,
voris bo’lar bo’tam ham;
xato sabab jannatdan
quvilgandi Otam ham.

Tan olmasam – bu gunoh:
yasholmayman begunoh…
meni buncha sevasiz,
o, ishtiboh, ishtiboh!

Sizga rahmat qarz bo’lsin,
o, mening xatolarim!
Buyur, Xudo, dars bo’lsin
to mening xatolarim.

Dono, doro bo’lib gar
to’radimmi Atodan?!
Qilingan xato!
Qaytar
qilinmagan xatodan!

* * *

Esingdami, aka,
yoz oqshomlari,
zangor shu’lalarga cho’mgan so’rimiz,
baqalar sayragan tun ilhomlanib,
ko’klam kengliklardan arazlagan kez,
osmon havzasida porlagan qizlar,
nozbo’y hidlarini ulashgan palla,
shakarob tuproqdan sochilgan islar,
kimsasiz mahalla?!
Eski «Jenifer»ga termilib qanday
ajab afsonalar ko’rardik qancha:
Devid Attenboro,
Mel Gibson,
Van Damm,
Jet Li,
Jeki Chan…
Filьm yarmidayoq uxlab qolardik,
qolgani tushimda bo’lardi bunyod.
Qiziqtirmas edi bizni behadik
Binyamin rasmiga topingan dunyo.
Bizni qiziqtirgan o’shanda faqat
urush sahnalari
va jang-talotum
va mardona o’lim
va buyuk toqat,
«bidish-bidish»,
«bum-bum»…
Ajab dalli edik ikkalamiz ham,
men — bir xayolparast,
sen — bir shumtaka… 71
saharlar chang yutib arpa o’rgan dam
esingdami, aka?!
Yam-yashil paykallar o’roq damidan
biroz tin olganda — kar, soqov, so’qir —
kechagi kinoni qolgan yarmidan
aytib berar eding ichingdan to’qib.
Sening qiyofangda kelardi balqib,
so’zlardi,
urardi
va bo’lardi gum:
Bryus Li,
Shohruxxon,
Makoley Kalkin;
«bidish-bidish»,
«bum-bum»…
Yolg’on edi sening hikoyang garchi,
garchi ishlanmagan sen aytgan filьm,
ammo ishonardim senga chippa-chin,
shunday sodda edi,
keng edi fe’lim.

Esingdami, aka,
yoz oqshomlari,
zangor shu’lalarga cho’mgan so’rimiz?!
O, hanuz qo’msayman o’sha onlarni,
o, hanuz qolsaydim o’shanday tamiz!
Garchi davom etar to mana-hanuz
urush sahnalari,
kurash,
talotum,
o’limlar,
o’limlar…
va yana hanuz
«bidish-bidish»,
«bum-bum».
Endi zerikarli bo’lib tuyular,
endi qo’rqitadi bu vahshiy «kino»,
sening qiyofangda avramoq bo’lar
Binyamin rasmiga topingan dunyo.
Endi toliqadi ruhim
ichimda
kechgan «bidish-bidish, bum-bumu buf»dan,
zoriqqan,
ichikkan mahdudman chindan
quduqda xojasin kutgan Yusufday.
Ajab ikki dalli bo’lgan edik jam:
men — bir xayolparast,
sen — bir shumtaka…
va hanuz ishonay
yolg’on bo’lsa ham
kino to’qib bergin men uchun, aka!
Yolg’on gapirmaysan endi, bilaman,
bilaman, ro’yirost aytasan endi,
akajon,
hozirgi rostgo’yligingdan
o’sha yolg’onlaring azizroq edi.
Bilaman, urush ham ko’rding — haqiqiy,
taloto’plar ichra yashading har zum,
chindan changal urdi har bir daqiqa
«bidish-bidish»,
«bum-bum»…
Ammo unutmagin
shu’laga botgan 73
eski «Jenifer»ga yondosh so’rini,
yolg’on hikoyangga ishonib yotgan
ukang ko’zlaringga tursin ko’rinib.
Osmon havzasida porlagan qizlar,
ko’yna zovurlarda hayqirgan baqa,
shakarob tuproqdan sochilgan islar…
esingdami, aka?!

Esingdami, aka,
yoz oqshomlari?!

NAVRO’ZNOMA

Tun edi navosiz navo daydigan,
Bir sovuq, bir qora havo daydigan.
Navro’ziy nasimlar keldilar nogoh
Ko’ksimni ko’klarga havolaydigan.

Izladim tun ipin uzguvchi shamni,
Kun chiqdi – kulgusi kezdi olamni,
Qo’shiqlar to’qidim ko’kni, ko’klamni,
Yerni kuylaydigan, navolaydigan.

Baxt isi yoyildi yog’in-yomg’irdan,
Varraklar o’sdilar baxmal adirdan –
Dehqoni xokisor ruhimni yerdan
Ko’kka yo’llaydigan, ravolaydigan.

Tarnovda sumalak eridi, indi,
Indiyu boychechak boshida sindi,
Tuproqdan tiriklik ifori undi,
Sumalak pishirdim – davolaydigan.

Kuyladim – quyoshni navolaydigan,
Cho’ponlar dashtidan havolaydigan.
Navro’ziy nasimlar mujda keltirdi –
Sovugan ko’ngilni davolaydigan.

TANGRIGA MAKTUBLAR TURKUMIDAN

Darveshlar topindi qalbi — shohiga;
kemalar yukindi bandargohiga.
Ollohim, Ollohim, eshityapsanmi,
qanday chidayapsan bandang ohiga?!

Rizqimi,
tinchimi,
erki bo’g’ilgan —
tili tugilganning mushti tugilgan.
Ruhi but,
ko’zi to’q,
ko’ngli sog’ odam
tug’ilganmi o’zi,
qachon tug’ilgan?!

Nochor kulgilarda navo ko’rmadim,
uzlatimdan bo’lak davo ko’rmadim,
Ko’rgiliklar ko’rdim,
ko’rgan kunimni
ko’rmagan kimsaga ravo ko’rmadim.

Sezmadim jaholat chohiga, Egam,
tushmaganimni ham,
tushganimni ham.
Do’stlarim qonini to’ktirma, Xudo,
Xudo, yig’latmagin dushmanimni ham.

Komil bir ko’ngilni yurdim sog’inib,
garchi ko’rsatmading umid dog’ini,
tuzgan jahoningdan ko’nglim to’lmadi,
Tangrim, qaytadan chiz yaxshirog’ini!

O’TMIShDAN ERTAKLAR

Avstraliyada 2019 yil sentyabrь oyida boshlangan dahshatli o’rmon yong’inida 18 million gektar maydon kulga aylandi, 3 milliardga yaqin jonivor nobud bo’ldi.
Internet xabarlaridan

Bolalikning bog’lari yondi
yashil qit’a o’rmonlariday,
lablarimga may tutdi hayot —
o’ta achchiq may.

Shundan beri ucholmadim bot,
shundan beri kaftimdadir jon,
oyog’ingga yopishdim, hayot,
o’tdan qochgan koalasimon.

Odamlarga boqdim umidvor,
garchi bari norasta, sabiy,
har suv tutgan kasni bildim yor,
tashna, kuyuk kenguru kabi.

Esimdadir:
aprelmi yo may,
tutun misol o’sdi zorimiz,
yashil qit’a o’rmonlariday
yonib ketdi bug’doyzorimiz.

Zir yugurdi otam to’rt tomon,
og’alarim chopdi yoniga:
o’t qo’ygandi qay bir musulmon,
musulmonning dasturxoniga.

Otam so’kdi,
onam yig’ladi,
momom uzoq qarg’adi aytib;
og’alarim qora paykalga
bir dona don sepmadi qaytib.

Bir bolakay o’ldi ichimda,
mushtdek tanda o’sdi bir odam:
bug’doyzorga qo’shilib shunda
yongan edi bolaligim ham.

Endi mavzu — non-suv, rizqu ro’z,
endi go’dak xayollar abas,
endi sinchkov boqib turgan ko’z
boshqa edi,
oldingi emas.

O’sha yili qishning bo’roni
lashkar surib kelganida tik,
dorilangan urug’lik donni
tegirmonda tortib yegandik.

Aytolmasman nonga navbat ham
tinglamoqni kas-nokasini…
o’lchab berar edi so’ng onam
“magazinning buxankasi”ni.

Unutmayman
o’z haqqin otam
itga eltib tashlagan onni,
yeb qo’ygandim axir men nodon
Qoravoyga atalgan nonni.

Esimdadir yaxmalak yo’llar,
g’ichir-g’ichir eski aroba,
kalish,
chopon,
qizargan qo’llar,
temir suvdon — bo’yim barobar.

Maosh nima bilmasdik,
shuncha —
ishlasa ham qaydadir otam;
isitmalab yiqilmaguncha
aytmas edik dardimizni ham…

Ko’pga kelgan to’ydir,
mehmondir,
bari o’tdi,
biroq,
ne qilay,
bolalikning bog’lari yondi
yashil qit’a o’rmonlariday.

Shundan, balki, to’lishgan sabot
qayg’uni ham qarshilar tikka,
o’tish og’ir ammo,
ey hayot,
tiriklikdan tirikchilikka…

Dimog’larni yondirsin atr,
yondir,
hayot,
g’amning barini,
olov tutib yoqib qizartir
kelinlarning tandirlarini,

baxtdan yondir mudom ko’zlarni,
ko’ngillarni yoqsin muhabbat,
o’tga solib tobla so’zlarni…
bolalikni yondirma faqat!

Faqat shuni so’rayman,
hayot,
toza hislar yonmasin derman;
sham yoqajak gugurtni, hayhot,
yomonlarning qo’liga berma!

IChIMDAGI URUShLAR

To’lmog’ing istadim, ey umariy jom,
to’kilmoq istadim –
to’kilgandayman:
yana she’r,
yana ishq,
yana soz,
ilhom…
sevib qolganga o’xshayman.

Yana rivoyatlar aytadir g’alat
Lev Nikolayevich,
London,
Kafka,
Rey…
va Shoyim Bo’taning “Shox”in varaqlab,
moziyni pullaydi Brodvey.

Temur qaptolida sarboz kurantlar
bong urarkan to’qqiz yarimga,
mitti quloqchinlar najib dunyodan
xabar keltiradir quloqlarimga.

“Farscha sharqilar” da bir go’zal turku:
Muhammad Mu’tamid Hofizdan aytar.
“Uzxits nuqta net” ,
sendan iltimos,
zamonamga qaytar.

Yetar,
oqizmasin ko’zdan yoshimni
ustodi Muhammad Rizoyi Lutfiy,
Mu’inu
Siymoyu
Abdulhay Vafo
va Ajmal Porso ning jununiy lutfi.

Ichdan sharaflagan ashrofim g’arib,
ichim mashriqdiru atrofim mag’rib,
yulduzlar chirmashgan daraxt poyida
kezaman qalandar Sharqni axtarib.

Oltin gitarali oltinsoch yigit
oltin qo’shiqlarin sochadir jonli,
g’arib sevgilarni qiladir ta’kid:
“Ay nov yu von mi tu,
ay nov yu von mi…”

Oltinsoch,
“Ra’no” ni aytsayding,
hecham
ikkilanmay borim berib g’amboda,
Botirim hurmati,
Yugnakiy gacha
ketgan bo’lar edim poyi piyoda.

Oltinsoch,
tushungin,
talxu sho’r daryo
o’stirgan qamishdan tug’ilgan nayman,
yana sahroyiman,
boz ustiga, o,
sevib qolganga o’xshayman.

Oltinsoch,
kerakmas mayda tuyg’ular,
ko’ksimda chayqalar bir umariy jom,
qo’yaver,
o’ldirsa o’ldirsin shular:
ishqu ishq,
ishqu ishq
va she’r
va ilhom!

BOLALIK

Qor jilg’aga aylanib,
ketdi hayot soyiga:
ketaverdi loylanib
tanimagan joyiga.

Qorligidan asar yo’q;
qayga yetdi, aytmaydi…
…u qor bo’lib yashagan
cho’qqisiga qaytmaydi…

TASADDUQ
“Boburnoma”ni o’qib

Xasta Humoyunning poyida — o’lim,
boshida Boburshoh — kaftda tutar jon:
«Qancha darding bo’lsa, ko’tardim, o’g’lim,
qancha darding bo’lsa, ko’tardim, o’g’lon!»

Badaxshon bahridan o’tib Humoyun,
ota diydoridan kechmagan bilga —
bo’yla o’g’il bersang, barhaq xudoyim,
jonni fido qilgum unday o’g’ilga.

Dard bersa, darmonlik padar uchun tan,
g’am bersa, g’amlari muborak g’amdir —
o’g’liga jonini tasadduq qilgan
Zahiriddin Mirzo Bobur — og’amdir.

Senga ham bir dardkash shartmi, ey gulshan,
senga ham tasadduq kerakdir balkim:
qancha darding bo’lsa, ko’tardim, Vatan,
qancha darding bo’lsa, ko’tardim, Xalqim!

ERTAK HAQIDA ERTAK

Bolalikda qo’ymasdim omon:
– Ertak aytib bering, buvijon!
Buvim aytgan ertakda doim
murodiga yetardi inson.

Ertakdagi cho’pon singari
sevib qoldim men ham beqaror,
sevganimning ertaklardagi
malikaday kulgichlari bor.

Ertakdagi sevgi singari
ostin-ustun bo’ldi yeru ko’k,
faqat…
faqat ertaklardagi
cho’pon kabi sevilganim yo’q.

Tag’in hijron surib keldi ot,
armon bu – kul ostidagi cho’g’.
Aybim mening –
shahzoda bo’lib,
koshonada tug’ilganim yo’q.

To murodga yetmay afsonam
tugamasin der edim hargiz.
– Ertak tamom! – dedi jilmayib
yuragimni o’g’irlagan qiz.

Nahot shundoq tugar? 67
U hamon
yuragimni qaytib bermagan…
Buvijonim menga hech qachon,
bunday ertak aytib bermagan.

* * * 7

Qarshi dashtlariga sabzalar keldi,
Toshkent bog’lariga maysalar keldi…
Nayzalar keldiyu ko’ksimga botdi,
ko’ksimga botguvchi g’amzalar keldi.

So’z keldi,
soz keldi,
xush navoz keldi,
og’och kokiliga qushlar boz keldi…
mening xayolimga gavjum davrayu
tillarang qandilu gulqog’oz keldi.

Janubdan kuydirgich bir nasim keldi,
shimoldan yaxlagan nafasim keldi…
juldur kitobimni javonga otdim,
odamsiz ko’shklarga havasim keldi.

Yana nelar keldi?
Yana kim keldi?
Dardimga na tabib, na hakim keldi;
faqat men haqimda o’ylang deydi U,
men ular haqida o’ylagim keldi…

Dilga dovur kelgan har o’yu har yon,
Tangrim,
bir chora qil,
ruhim yemasin!
Bo’g’zimgacha keldi bu loyqa daryo…
Sen qachon kelasan,
Nuhning kemasi?!

YIGIRMA BIRINChI ASR TABIBI

Qalbimdan nenidir yuldi habibim,
qolgani ohmidi,
nolami,
voymi…
yigirma birinchi asr tabibi,
tuzay olurmisan
qalb degan joyni?!

Ruhim qanotini kesdi qaribim,
yo alam,
yo nafrat,
yo g’amdir jazo…
yigirma birinchi asr tabibi,
ayt,
qanday tuzalgay
ruh degan a’zo?!

Na qalbsiz jasadda qoldi tarovat,
na ruhsiz badanda topildi ma’ni;
kim deysan,
“jon qushi ram qilib”,
faqat –
tan otiga xashak bergan kimsani?!

Tabibim,
tanamga tilab farog’at,
nasihat o’qirsan:
katbiy,
shifohiy;
eng avval qalbimni qilgil tabobat,
eng avval ruhimga shifo qil.

To falak poyimga to’shalsa,
ensa,
to majruh zaminni ko’tarsam boshga…
tabibim,
davo qil,
qo’lingdan kelsa,
kelmasa,
men tabib axtaray boshqa.

To yuluq qalbimga qaytarsin chindan
shabob hislarimni –
sodda,
samimiy,
qanoti but ruhim uchsin ichimda,
yigirma birinchi asr tabibi!

Nega lol qaraysan ko’zimga,
bor-yo’q –
shu desam birgina o’tinch,
o’y,
tilak;
nahotki mendayin boshqa bemor yo’q,
nahotki tabib yo’q
o’zimdan bo’lak?!

* * *

Ko’nglim edi ko’zimda balqqan,
Yolg’iz kema singari qalqqan,
Qalqib-qalqib eltajak haqqa
Olib bormas hilol ham, xoch ham.

Tanho o’shal qoldi habibim,
Manim dardim, manim tabibim,
Bo’lolmaydi unday nasibim –
Zarhal taxtu tillavor toj ham.

Sog’im o’sha, betobim o’sha,
Jandam o’sha, kimxobim o’sha,
Men o’zimni yashirgan go’sha,
Umrim uchun xiroj ham, boj ham.

Hojat emas dunyo bilan mol,
O’zi orzu, o’zi totlig’ fol,
Nur taragan ko’kday bezavol,
Undan sizar rushdu rivoj ham.

O’zi boshlar g’avg’o, malomat,
O’zi qolar ammo salomat,
O’zi bosqin yasab alomat,
O’zi bo’lar talon-toroj ham.

U bir sirli muqaddas ma’vo, 51
Undan manim hojatim ravo,
Orzum uyi – dorul-muddao,
Shunda kechar layli me’roj ham.

Unda manim tavallo, tavbam,
U Masjidul Haramim, Ka’bam,
Unda shayton in qurgan Miyno,
Hajar asvad, Muallaq tosh ham.

Ham poku sof, ham burdu balo,
Ham shunchalar ma’sumu a’lo,
Unda qo’nim topgan Taolo,
O’zgasiga yo’q ehtiyoj ham.

Gadoman-u, shohman deb aytsam,
Yo’lchiman-u, rohman deb aytsam…
Ishonmaysiz haqman deb aytsam…
Mansur bo’lgan bobo Halloj ham!

* * *

Ko’z yosh yarashmaydi erkakka harchand,
diydam qattiq deya nechuk aldandim:
xasta onasining boshida farzand
yig’laganin ko’rib ko’zim namlandi.
Bir og’riq kezarkan ikki ochunda,
bo’g’zimni tirnadi yovvoyi ingroq;
do’stim onasiga achingan kunda
men o’z volidamga qildim qo’ng’iroq…

Nogoh otasidan ayrildi do’stim:
har ayriliq – nogoh,
hamma g’am – nogoh,
birov qon yig’ladi,
birov qon qusdi –
ayrilish dardidan bo’ldim men ogoh.
Bir og’riq kezarkan ikki ochunda,
diydam yumshadimi – tosh qotgan qadim,
do’stim otasidan ayrilgan kunda
o’z otamga umr so’rab yig’ladim…

Bu bodi bolangni kechir, onajon,
uloqqan o’g’lingdan o’kinma, ota,
harnechuk yodiga tushirsa al-on
yo g’am,
yo xastalik,
yo dard,
yo motam.
Ikki ochundagi, ey, ikki habib,
diydam qotgan bo’lsa, o’ksimang hayhot,
bog’bon gul ostini yumshatgan kabi
yumshatib turipti diydamni hayot.

* * *

Men ham intizorman, men ham muntazir,
Men ham diydoringga mushtoqman hanuz.
Men ham telba edim, ammo benazir,
Men ham oshiq edim, ushshoqman hanuz.

Mening ham lolarux maydir ichganim,
Menga ham tor keldi osmon uchgani,
Hamma oshiqlardek men ham bir g’ani,
Hamma oshiqlardek qashshoqman hanuz.

Eski bir jununga doirman hamon,
Sevgi sahrosida soyirman hamon,
Suyuk so’z to’kilgan shoirman hamon,
Kuyuk bo’z to’kilgan mashshoqman hanuz.

Bir yigit umrini sipqorgan o’g’ul,
Bir ayol sochini qorga ko’mgan g’ul,
Bir malak tushlarin ziynatlagan gul,
Bir pari poyiga tushoqman hanuz.

Johilligim ayon, oqilligim rost,
Zabonimni yoqar aytilmagan roz,
Ko’zing ummonida xasman sarafroz,
Alvon dudog’ingda titroqman hanuz.

Ko’klam andalibdan navo keltirdi,
Kuzak hazin tusli safo keltirdi,
Falak ruhqushimga havo keltirdi…
Tuproqman… tuproqman… tuproqman hanuz.

YO’LOVChI QO’ShIG’I 45

Visol istar, diydortalab
qalbim yoqay tafting qalab,
netay dunyo gardin yalab,
eltolmasam gar yelkalab?!

Dedi: Haqdan tonib bo’lmas.
Dedim: tonmay tanib bo’lmas,
sevgi sevgay o’rtamoqni,
bu ishqni o’rganib bo’lmas.

Johil o’zim, porso o’zim,
muslim o’zim, tarso o’zim,
bu kun ko’zin ochgan menu,
dunyo qadar farso o’zim.

Totganim tuz – tuzing bergan,
aytganim so’z – so’zing bergan,
bir dam uzma nigohingni,
bisotim shu – O’zing bergan.

Harna mushtoq, harna zorman,
visolingdan umidvorman,
gar jannatiy emas bo’lsam,
huzuringga bu nav’ bormam!

SUJUD

Men so’zga sajda qildim,
men sizga sajda qildim,
qalbimda qanot qoqqan
bir hisga sajda qildim…

Ko’ksim ko’klamga vatan,
turob vujudimga tan,
Vatan sujudimga tan,
tanamda tomir yoygan
ildizga sajda qildim.

Tuproq, mening onamsan,
titroq, mening onamsan,
Vatan, mening onamdan
ko’proq mening onamsan!

Ona, azizim o’zing,
yana azizim o’zing;
izlaringni o’pgan yer –
otizga sajda qildim.

Sharob tutgan ko’zaga
lab bosgancha bo’saga,
tovoningni tusagan
yalpizga sajda qildim…

Ona!
Vatan!
Yoru Er
va dilim zindonida 13
zanjirlarin uzgan she’r,
men sizga sajda qildim…
men sizga sajda qildim…

* * *

Ikki dunyo har boshda poydor,
har jussada topgan ifodat:
har ko’ngilda bitta Xudo bor,
har qadamda bitta ibodat.

Har kurtakda bitta sano bor,
har yaproqda bitta kitobat;
har giyohda bitta duo bor,
har yomg’irda bitta ijobat.

Har kiprikda bitta imo bor,
har abruda bitta ishorat;
har manglayda bitta humo bor,
har yumruqda bitta imorat.

Har yonoqda bitta ibo bor,
har dudoqda bitta muhabbat;
har qursoqda bitta Iso bor,
har beshikda bitta Muhammad.

Ikki dunyo har boshda poydor,
har zarrada ulviy irodat:
har ko’ngilda bitta Xudo bor,
har qadamda bitta ibodat.

* * *

Azizim, mehrimiz so’nmasa bo’ldi,
Pushaymon donasi unmasa bo’ldi.
Qirovlar maysaga qo’nsa qo’nsin-u,
Sening sochlaringga qo’nmasa bo’ldi.

Azizim, kuzak ham kelgay bir suluv,
Bir yog’i yonuvdir, bir yog’i so’nuv,
Beshiklar, sumaklar yo’nsa yo’nsin-u,
Sen uchun hassalar yo’nmasa bo’ldi.

Azizim, umrimiz qorga o’xshaydi,
Erimay turganda borga o’xshaydi,
Yurak urmaslikka ko’nsa ham mayli,
Yurak sevmaslikka ko’nmasa bo’ldi.

Yurak sevmaslikka ko’nmasa bo’ldi!

“RUHPORALAR” TURKUMIDAN
To’rtliklar

* * *
Dunyoning sevgidek rozi yo’q, jonim,
Yor ko’zidek rostgo’y qozi yo’q, jonim.
Quyuq soya solgan og’och ostiyu
Sening suhbatingdan sozi yo’q, jonim.

* * *
Demang: darvesh to’nin xoqon tutadi.
Har kim o’z yo’lida maqom tutadi.
Durga aylanishni istagan zarra
Chig’anoq ichini makon tutadi.

* * *
Hanuz gardishida aylanar charxim,
Hanuz so’raydi el o’z dardi sharhin.
O’zing ham kirishing dargumon bo’lgan
Jannat bilan uni ovutma, shayxim.

* * *
Tilimdayin chaqqon abobilim bor,
Abobilim sochar asotirim bor.
Oqilasan, ammo asotirimga
Ishondingmi degan xavotirim bor.

* * *
Sevgi sulukini tutgan barchaning
Ishi chertish bo’lsa izhor darchani,
Bayroq aylasinlar Yusuf to’nidan
Zulayxo kaftida qolgan parchani.

* * *
Ko’ngil sevgi to’la ko’kdir, zamindir,
Gulzoring buncha ham ko’zga yaqindir.
Yo rabbiy, qay birin sevmay, o’zing ayt,
Biri – oyyuz, biri zuhrajabindir.

* * *
Zax oyoqdan o’tib, tomoqdan oldi,
Issiq boshdan o’tib, oyoqdan oldi.
Bizlarni bexabar, beg’am deganlar,
Bilmadik, bu gapni qayoqdan oldi?!

* * *
Yashirib ne qildim nadomatimni,
Chalg’idim, unutdim tilovatimni.
Go’zalim, qoshingda yo’qotgan edim,
Hanuz axtaraman halovatimni.

* * *
Darbadar shamollar topdilar kasrat,
Yig’loq bulutlardan to’kildi hasrat.
Asrab qololmadim jonimni, yo rab…
Yo rab, qoldimmikan ruhimni asrab?!

* * *
Qonimda tuproqning zayli kezadi,
Ruhimda osmonning mayli kezadi.
Majnuniy sahroga aylandi ko’nglim,
Qachon bu sahroni Layli kezadi?!

* * *
Titradim samovot tuzgan tadbirdan,
Unut tuyg’ularim barg yozdi birdan.
Ko’klamay bo’lurmi, o’smay bo’lurmi,
Hayot isi kelib tursa yomg’irdan?!

* * *
Yelkangga tashlasang ilm jomasin,
Ilg’agil o’tmishning buyuk nomasin:
Sino bo’lish kerak o’qimoq uchun
Nuh ibn Mansurning kutubxonasin.

* * *
Xorunday zotlardan himmat chiqmadi,
Bebaho bilganim qimmat chiqmadi.
Hazrati sevgidan mujda keltirdim,
Habibim deydigan ummat chiqmadi.

054

(Tashriflar: umumiy 1 486, bugungi 5)

Izoh qoldiring