Saodat Fayziyeva. Yangi she’rlar

007     Саодат Файзиева шеър ёзиш билан бирга ўтган асрнинг 20-йиллари ўзбек  таржима тарихида кечган жараёнларни ўрганиш, тадқиқ қилиш билан ҳам шуғулланиб келмоқда. Ҳар икки ишига ҳам муваффақият тилаб, шоира қизимнинг янги шеърлари билан танишишга таклиф қиламан.

Саодат Файзиева
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
045

Саодат Файзиева 1992-йил 11-июлда Бухоро вилояти Олот туманида туғилган. 2009- йил тумандаги физика-математикага ихтисослаштирилган 31-ИБМИни тугатган. Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факултетида теҳсил олган. Шеърлари ва мақолалари матбуотда чоп этилган.

045

Номсиз эртак
045
Тонгда булут кўзидан
Ёшлар оқизди тим-тим.
Шу ёмғирдек томчилаб
Ўтиб бормоқда умрим.

Кунларга тузоқ қўйиб
Тополмадим сайдимни.
Ҳар беҳуда юмушим
Ошкор қилар айбимни.

Чечакларга шеър ўқиб,
Дарахт сочин тарадим.
Кўзингизга сўнгги бор,
Она, қачон қарадим?

Офтобалар қўлимни
Унутгандир-а буткул.
Ота, қайси томонда
Уйимизга борар йўл?

Қуёш аксин чизади
Покиза юзингизга.
Нимадир камлик қилар
Қишлоқи қизингизга.

Сочпопук тақай, десам,
Калталабди сочларим.
Айвонимни танимай
Ўтар қалдирғочларим.

Кўзимдаги қировлар
Бормай юрагимгача,
Қишлоққа элтар йўлни
Қидириб чиқдим кеча.

Йўлга қўйган ушоғим
Еб кетибди оч қушлар.
Юрагим томон йўлни
Кўрсатар фақат тушлар.

Ота, топдим ниҳоят,
Кўнглим унган манзилни.
Она, кечирармисиз
Юраги тошдек зилни?

Қўлингиздек қалбимнинг
Ҳар томони қадоқли.
Шунча излаб топмадим
Меҳри сиздек ардоқли.

Тонгда булут кўзидан
Ёшлар оққанди тим-тим.
Шу ёмғирдек томчилаб
Меҳрга чўмди умрим!

* * *

Бола эдим тасаввури кенг,
Қўшни эдим шодлигу бахтга.
Гулу майса, булутлар қолиб,
Ўхшатардим ўзим дарахтга.

Ўсдим, менга йўл очди ҳаёт,
Камаярди ранглар тобора.
Вақт нотасин ўзгартирган сўнг
Умр куйи ғалат жаранглар.

Оқу қора кунлар ичида
Тақдир мени дуч этди сенга.
Ҳаёт шунча гўзал экану
Шу пайтгача сезмабман нега?

Соатдаги милга осилиб
Юрагимда кезарди ҳадик.
Эътиқодда собит одамга
Синов борми-оғир шунчалик?

Юрагингда қанча тоқат бор-
Сабрхалтанг лиқ тўла ҳисга.
Энди бироз чалғи юмушдан,
Табассумни илиб юр юзга.

Кетмоқликка йўқ зарра имкон,
Илдизларим чуқурлаб кетган.
Жазирага етмасдан туриб
Бир саволим бор эди сенга:

Не учундир исимоқда дил,
Йўлим узоқдайинми бахтга.
Қайси кўзинг билан қарайсан
Узоқларда қолган дарахтга?…

* * *

Руҳинг чиқди асфалт йўлларга —
Ҳамма ёқда яшил чироқлар.
Сенга тўсиқ қўёлмас энди
Шеърда ҳисни қисган туроқлар.

Мана-Хадра. Сенга таниш жой,
Ўриндиққа чўкасан беҳол
Юрагингнинг дарчасин очиб,
Мўралайди аччиқ бир хаёл.

Хотирингнинг сўқмоқларида,
Тентирайсан топай деб ҳаёт.
Менга таниш барча манзара
Сенга янги туюлар, ҳайҳот.

Бир қарорга ўт қалаб секин,
Оловланиб ёнади кўнглинг.
Қўлларингдан тутиб шамоллар
Кўрсатади боражак йўлинг.

Бармоқларинг сиқар гулларни,
Тор остона туюлар дайр.
Эшикдан бир журъат мўлтирар:
«Кечикдингиз.Кечиринг. Хайр».

Бўш қайтади ҳорғин юрагинг,
Очилмайди руҳингнинг юзи.
Энди бирга-бирга йиғлайди
Сен ва Усмон Азимнинг «Куз»и…..

* * *

Менга “мақтов”лардан тошлар отган дўст,
Қувонсам, кўзига парда тортган дўст,
Барча гуноҳини менга ортган дўст,
Шу кичик елкамга олам сиғади.

Кулгуси жонимга тумор таққан ёр,
Хаёли ёдимга нурдай оққан ёр,
Мендан бошқа ҳамма қизлар ёққан ёр,
Ҳижрон армонлардан эртак йиғади.

Бобо, бу дунёда яхши кам экан,
Яхшининг кўргани мудом ғам экан,
Энг ёруғ нажотлар Ўзда жам экан,
Бу совуқ кунлардан кўнглим синади.

Дунё, нағмаларинг тинч қўймас бир зум,
Ҳали ечилмади минг йиллик тугун,
Бир бора одамдай яшай ўзим- чун,
Айт, қачон бу маҳзун ёмғир тинади?

Айт, қачон юрагим сенга кўнади?

* * *

Шаҳар, мен эртага кетаман,
Кўчангда қолмайди изларим.
Сен қанча ниқоблар кийдирма-
Қишлоқда қорайган юзларим.

Шаҳар, мен эртага кетаман,
Яна бир кўнгилни асрашга.
Имконим ортиқ жон куйдирмас
Кўкси бўш қиз бўлиб яшашга.

Шаҳар, мен эртага кетаман,
Кўзингда қонарми уфқлар?
Сенинг тош кўчангдек текисмас,
Қўлимни безаган чизиқлар.

Шаҳар, мен эртага кетаман,
Ичимда ҳаворанг гул унди.
Қайтарман яна муз бағрингга,
Ёмғирлар шивири  бор кунда.

Шаҳар, мен эртага кетаман,
Қишлоқда тутларим бўзлайди.
Билмадим, мен кетсам, тунлари
Сенга ким эртаклар сўзлайди?

Шаҳар, мен эртага кетаман…

 

Сукут ҳақида эртак

Бир сукут яшарди оламда,
Маҳкам тутиб қулоқларини.
У асрарди ҳамма туйғудан
Нурга ташна қароқларини.

Эшитмасди ҳеч бир товушни,
Дунё гўё овозсиз сурат.
Ташқарида қорни гул билан
Безар эди ўйинқароқ март.

Шамол тинмай чолғусидан мунг
Таратарди телба боғларга.
Сукут ҳамон бегона эди
Ўзи далли, руҳи соғларга.

Майса титрар, япроқларидан
Ерга шабнам томади тим-тим.
Замин кўкка шивирлар аста:
«Ёмғирингни жуда соғиндим…»

Томчиларга тўлади тоқат
Ва оҳиста ёмғирга дўнар.
Ёмғирсевмас қушлар йиғилиб,
Сукутнинг жуфт кифтига қўнар.

Шунда сабр кетади ёниб,
Сукут қулоғини очади.
Чуғур-чуғур сўзлашган қушлар
Секин ини томон қочади.

Олазарак тинглар оламни,
Йўқ бўлса-да тилда талаффуз.
Сукут оғир қадамда туриб,
Томчиларга тутаверди юз.

Ва сўқмоққа бурди йўлини,
Кетаверди уйини ташлаб.
Йўлда учрар ҳар товуш унинг
Борар эди кўзини ёшлаб.

Қадамлари босилган сайин,
Кичраярди нозик жуссаси.
Унга кўплик қилди,чамамда,
Тор дунёнинг кенг-кенг ғуссаси.

Бир эшикка босди юзини,
Шивирлади:»Етдим. Минг шукр!»
Ва кўксидан тўкилиб тушди
Битта гапга сиғган қатим нур.

Нур шамолга қўлини бериб,
Ичкарига кирди хотиржам.
Бир ел эсди қиз қулоғида:
«Сени жуда-жуда севаман!…»

* * *

Қайга кетди шодумон кунлар —
Саратондан қўл узди карам.
Ҳар тонг менинг ҳасратим еган
Қушларимни тополмаяпман.

Бир ғализ ҳис кезар боғларда,
Ҳар япроқда этак-этак ғам.
Мажнунтолим, токай соч ёйиб
Бевафога тутасан мотам?!

Хазон-дарднинг мунгли кўзёши,
Куз келмасдан сарғайди олам.
Қандай бағри қаттиқ одамсиз,
Йиғлатдингиз дарахтларни ҳам…

 

Шоирга

Дунё дунё бўлди Сўз тушгандан сўнг,
Раҳмат ёғди сенинг бармоқларингга.
Раҳмонга қўл берган тушлар келиб ўнг,
Бир товуш тиқилди томоқларингга.

Баҳор сенга бахтлар ваъда берди-ю,
Ёзда эриб кетди оҳу зорлари.
Куз маҳрига олган ижобатларга
Оппоқ армон тутди қишнинг қорлари.

Томоғингда ғусса ўсди кун сайин,
Мунг бўлиб кўкарди осмон кўзингда.
Беқанот ғуссани не қиламан, деб,
Фақат эрк ўстирдинг ўзинг ўзингда.

Ҳали ёрилмади Ишқнинг яраси,
Вужудингда кезиб гуллайверди Сўз.
Устихони дарддан бўлган руҳингга
Бир ҳазин шамоллар олиб кирди куз.

Ногоҳ кўзинг тушди хазонбоғларга,
Сени сел айлади хомуш дарахтлар.
Шивирларга дўниб чиққан Сўзингдан
Йўлини йўқотди покиза бахтлар.

Не дединг дарахтни қучоқлаб йиғлаб?!  —
Англолмай хўрсинди олам қўлингда.
Озод бўлган Сўздан этак-этаклаб
Тоғлар бунёд бўлди мўжаз Кўнглингда…

 

Оддий эртак

Дунё яралгандан сўнг
Лойдан тикланди вужуд
Ва унга жо айланди
Муҳаббат, меҳр, сукут.

Фаришталар таъзимга
Саф тортишди осмонда.
Шунданми, гўзал ҳислар
Пайдо бўлди Инсонда.

Минг йиллар ўтиб кетди,
Авлод тўлди заминда.
Кимни кўрсам, бир ғалат
Ҳис жўшар юрагимда.

Ҳамма менга қариндош,
Ҳамма фарзанди Одам.
Шу яхшилар ичида
Яшаб юрувдим мен ҳам.

Майсадан ҳам нозикроқ
Юрак бор эди менда.
Уни йўқотиб қўйдим
Сенга дуч келган кунда.

Ўзи ерликмисан, айт,
Ё аршданми тупроғинг?
Қийинмикин шунчалар,
Эгилиб қарамоғинг?

Кўзларимни ҳайратга
Ботириб қўйди олам.
Йиғи келар —  тошюрак
Қариндошни ўйласам…

Савобу гуноҳимни
Ҳисоб қилар малаклар.
Бир ёмон ният мени
Кўпдан буён дараклар:

Қарамайман, кулмайман,
Қариндошлар  бўлсак ҳам.
Афзалдир харсанг тошлар
Сендан, меҳрсиз одам.

Бир инсон деб ғуссани
Ҳамдард қилдим ҳолимга.
Яна нелар ёзарман
Номайи аъмолимга?…

Хуршид Даврондан Усмон Азимга мактуб

Осмонга борар йўлни
Тополмадиг-а, жўра,
Дунё бизга тошлардан
Қанча болишлар қўйди.
Анув хомуш майсадан
Қуёшнинг уйин сўра,
Бу қаҳратон кунларим
Юрак-бағримни ўйди.

Мезон кириб умримга
Соврилмоқда ҳушларим,
Самарқанддан берида
Учмас бўлди лайлаклар.
Тонгда зилол анҳорга
Етаклайди тушларим,
Жўра, қачон қанотин
Ўстираркин юраклар?

Қара, Сурхон тарафдан
Бир алп елиб келадир,
Қалампирмунчоқ тақиб
Кузатгандир даштлари.
Биз сиғмаган қишлоқнинг
Суратини силадим  —
Бармоғимни ҳўл қилди
Онамнинг кўзёшлари.

Деразангни чертади
Кузнинг маҳзун товуши,
Бир ёруғ сўз кезади
Сиғмай томирларингга.
Йиллар ўтиб бормоқда
Шамолларга қовушиб,
Мағлуб бўласан ичда
Яшар Темурларингга.

Жўра, бошингни кўтар,
Ҳали яшаймиз узоқ.
Дарахт билан бизларнинг
Илдиз бирдир, худойим.
Бир ўзингмас, башар деб
Сезарсан энди титроқ  —
Иккимизга Сўз деган
Умр берди худойим!

 

* * *

Кўм-кўк дала, бесарҳад осмон,
Кафтларимда сўлмас чечаклар.
Мени равон йўлга йўллаган-
Онам айтган нурли эртаклар.

Қара, осмон яқинлар ерга,
Мен «Лайли ва Мажнун»ни очсам.
Хазон бўлиб тўкилиб кетар
Юрагимни тўлдирган ғуссам.

Тоғлар тинглар сукутга чўмиб —
Бахт рангига қоришар сасим.
Мен тун чоғи ўқиган шеърлар
Тонгда чизар ойнамга расм.

Кўксим тўла ҳаяжон, ҳадик,
Тилда кезар Навоий байти.
Қандай яшай олар одамзот
Китоб ундан юз бурган пайти?!

Кўм-кўк дала, бесарҳад осмон —
Мен борлиққа йўллаган хатим.
Кўнглим омон асраган олам —
Китоблардан қурган жаннатим!

* * *

Сен бахтлисан мендан йироқда —
Елкангдаги фаришта айтди.
Сен кетган сўнг менинг кўнглимга
Момо Ҳавво ҳасрати қайтди.

Кўзларингда ёниб турар нур,
Фақат оппоқ ўйлар сурасан.
Тушларингда атиргул таққан
Ҳижронларнинг аксин кўрасан.

Қўл силтайсан:»Менга барибир,
Мен ҳеч кимга ичмовдим қасам».
Лек Меҳрнинг оғрийди кўнгли
Сен ҳақингда ёниб ўйласам.

Булутларга етган бўйингча
Юрагимда тикланди тоғлар.
Билмам, қачон ювилар энди
Ҳижрон бизга етказган доғлар.

Мен биламан:
Толеъ ичида
Юриб борар дадил қадаминг.
Лек бир куни мени сўроқлар
Ичингдаги ёлғиз Одаминг.

Тополсанг бас бирор баҳона
Ва пушаймон акси тушган юз.
Қўрқаяпман унгача сени
Еб қўймаса кечиккан афсус.

Сен бахтлисан-мендан йироқда…

* * *

09

Қўлим чўзсам, юлдузларга
Етодурман, етодурман.
Охири йўқ бу йўллардан,
Билмам,қайга кетодурман?!

Кўксим узра ёнар оташ —
Тафтларида яшар оҳим.
Дилсизлардан кўнглимда ғаш,
Улар билан кетар роҳим.

Бир куртакка беркитгандай
Бутун олам чиройини.
Оллоҳ қалбимда тикламиш
Муҳаббатнинг саройини.

Томоғимга тиқилган Дард,
Менга шамол сўзлар эркин.
Дунё чанглар ўраб тутган
Ҳисларимни поклаб бергин!

Елкам кенгдур. Бехижолат
Ортавергин улкан ғамлар.
Зора шунда тўлиб кетса
Руҳимдаги кемтик-камлар.

Хаёлимга солиб қўйгин
Малакларнинг шевасини.
Бутун умр териб юрай
Оқибатнинг мевасини.

Туйғу қиммат оламини
Ёқиб ташлай Меҳрим билан.
Дилсиз ўзда сезим туйса,
Мен ўзимга бергайман тан.

Зарра оташ керак менга,
Озгина Дард чўғи камдур.
Агар Уни топа олсам,
Бутун сирлар менда жамдур!

Қўлим чўзсам, юлдузларга
Етодурман, етодурман…

* * *

Мусофирман ғариб дунёда,
Эрта қайда бўлмоғим сўроқ.
Лек толиқдим, изн бер бугун,
Юрагингда бўлайин қўноқ.

Момо Ҳаво нафаси теккан
Юзим нури ёритсин дилинг.
Ўзгаларга меҳр тутай деб
Уйғонса бас бу хасис қўлинг!

Мусофирсан телба дунёда,
Тентирайсан излаб бир макон.
Хаёлингга ясолмас босқин,
Томирингда ухлаган исён.

Одам Ато хато қилишнинг
Қўйиб кетган таъмал тошини.
Шубҳа- сенга ташланган илон,
Эзиб ташла унинг бошини.

Мусофирмиз бир кам дунёда,
Ёнмоқдамиз тополмай ўзни.
Безагайми бир куни келиб,
Юракларни толеънинг ҳусни.

Бутун нарса йўқдир оламда,
Ялтираган ҳар нарса зарми?
Сенга бир сир айтаман, тингла:
Юрагимда бахтингнинг ярми!…

* * *

Ҳижроннинг мўрт қасрида
Қораймоқда ҳушларим.
Жуда кўпайиб кетди
Сувга айтар тушларим.

Ёмғир бўлиб йўлингда
Томчилаб битаяпман.
Кўнглимни нурга ўраб
Келишинг кутаяпман.

Дунё замбарагига
Тушмасин-а ёш жоним.
Шундоқ ҳам тўлиб кетди
Дилсизликка ҳар ёним.

На келиш, на кетишга
Ихтиёринг бермай рўй.
Бўйнимдан аросатнинг
Ипларини олиб қўй.

Фақат кейин йиғлама,
Кечиришга қилмам аҳд.
Ахир, кимга ҳам керак
Аросатдан келган бахт?!

Икки йўлдан бирини
Танлаш қолди қўлингда.
Ёмғир бўлиб томчилаб
Битаяпман йўлингда…

* * *

Тун. Бебош шамоллар басталаб куйин,
Сўнг уни чизар гул чечакларига.
Менга сездирмасдан бир қизча йиғлар
Беркиниб тушимнинг бурчакларига.

Узун тутқатордан югурар тинмай,
Кўзида қотади арқон-арғимчоқ.
Ҳақиқат қидириб чиққан эди у,
Лек йўлда ёлғонлар очдилар қучоқ.

Бобосидан қолган чўпонтаёқдай
Қадрли биларди ҳамма одамни.
Самимий ҳисларга интиқ юраги
Асраб қололсайди қора оламни…

Ахир, у қуёшга бормоқчи эди,
Қанот ўстирмоқчи эди елкалар.
Булут кўпайгандан кўпайиб кетиб,
Уни ўраб олди совуқ кўлкалар.

Менга сездирмасдан бир қизча йиғлар,
Беркиниб тушимнинг бурчакларига.
Катта ҳаёт унга ёқмаган эмиш,
Золимлар кирган сўнг эртакларига.

Тун. Бебош шамоллар басталар куйин,
Бир ҳадик уйғонар жажжи қушларда.
Кўнгилда ухлаган болалар бедор-
Ёшин асролмасдан йиғлар тушларда…

* * *

Ёмғир тегиб кетди жонингга,
Деразани очиб қарадинг.
Шамол кирмай кетди ёнингга-
Томчилардан олдинг аламинг.

Сен ухлашни истайсан, аммо
Уйқу бермай шитирлар ёмғир.
Илгари ҳеч сезмаган дардинг
Юрак бўйлаб отади томир.

Тонгга элтар тушлар ухлаган,
Бутун олам тозарар қайта.
Сен қалбингни тополмай қолдинг —
Навбат сенга етгани пайти.

Ҳамма бирдек ювди кўнглини —
Вужудингни қоплади ғусса.
Қани эди, шу лаҳзаларда
Бутун олам сени унутса…

Ёмғир тегиб кетди жонингга,
Кўзларингда ниш урди мунглар.
Билмагайсан, бир қиз ёшини
Бутун олам сукутда тинглар.

Билмагайсан, сен унутган қиз
Ҳар ёмғирда эзилиб йиғлар…

* * *

Ўша кун юракдан йиғладим илк бор,
Ўша кун юрагинг тамом ўзгарди.
Ўша кун елларга қовушди мадор,
Қор эса заминга Меҳр тўкарди.

Ўша кун узрлар туғди тилгинанг,
Ўша кун Ишқ янги фироқ чиқарди.
Ўша кун кўп дурлар яратди дийданг —
Қор эса заминга Меҳр тўкарди.

Мен бундай кунни ҳеч кутмаган эдим,
Изғирин сўзлардан кўксим кўкарди.
Кўзингга термулдим,тинглаганча жим  —
Қор эса заминга Меҳр тўкарди.

Ўша кун…Ўша кун… Сиёҳ ўша кун,
Ўша кун минг ёшли умрим қисқарди.
Ўша кун қорларга ёмғир ёғдирдим,
Қор эса…заминга Меҳр тўкарди…

Ўша кун мен замин бўлиб қолсайдим…

* * *

Тушларимга кирдинг- эй,
Тушларингга кирдимми?
Ғайрат Мажид

Туш — саробий орзулар
Кўзгу тутар дилингга.
Ўнгда кўринмас манзил
Тушда чорлар йўлингга.
Яримжон тақдиримни
Қўрқмай тугум қўлингга.
Мен ўзимни шунчалар
Дардга ўгай билдимми,
Тушларимга кирдинг- эй,
Тушларингга кирдимми?

Дунё — эгов, умримни
Тарошлайди ҳар онда.
Юзим хазон ранги- ю,
Лолалар оқар қонда.
Нажот излама ишқдан,
Нажот фақат ҳижронда.
Юрагимни қўлтиқлаб
Яна сенга келдимми,
Тушларимга кирдинг- эй,
Тушларингга кирдимми?

Кимнидир йўқлаш савоб,
Фараҳ қўшар ҳаётга.
Қанча савоб кўп бўлса,
Қўрқмай боргум Сиротга.
Сен тушларимда кезсанг,
Умрим ҳалолмас ётга,
Савобларинг саноқсиз,
Мен ҳам савоб қилдимми,
Тушларимга кирдинг- эй,
Тушларингга кирдимми?

* * *

Тонг отди. Кўчанинг бағрида
Одамлар юради ўзича.
Ҳаётни мўлтираб  кузатар
Дарахтда ўтирган мусича.

Ким дайди еллардек кезинар,
Ким кўздан маънолар ўқийди.
Мусича дарахтда ўтириб,
Минг турли фалсафа тўқийди.

Бир ерда ақчасиз гадолар,
Бир ерда юраксиз бойларми?
Мусича кўзларин юмганча,
Ҳаётнинг маънисин ўйларми?

Яхшиям, инсонда имкон кам,
Яхшиям, умримиз минг йилмас.
Қарғага берилган мукофот
Яхшиям, инсонга берилмас.

Мусича, ором ол озгина,
Сен кўрган ҳаётда кўп ёлғон.
Аслида, ҳар битта юракда
Бекиниб яшайди бир Инсон.

Тонг отди. Кўчанинг бағрида
Одамлар юради ўзича.
Ҳаётни мўлтираб кузатар
Дарахтда ўтирган мусича.

007 Saodat Fayzieva she’r yozish bilan birga o’tgan asrning 20-yillari o’zbek tarjima tarixida kechgan jarayonlarni o’rganish, tadqiq qilish bilan ham shug’ullanib kelmoqda. Har ikki ishiga ham muvaffaqiyat tilab, shoira qizimning yangi she’rlari bilan tanishishga taklif qilaman.

Saodat Fayzieva
YANGI SHE’RLAR
045

Saodat Fayzieva 1992-yil 11-iyulda Buxoro viloyati Olot tumanida tug’ilgan. 2009- yil tumandagi fizika-matematikaga ixtisoslashtirilgan 31-IBMIni tugatgan. O’zbekiston Milliy universitetining o’zbek filologiyasi fakultetida tehsil olgan. She’rlari va maqolalari matbuotda chop etilgan.

045

Nomsiz ertak
045
Tongda bulut ko’zidan
Yoshlar oqizdi tim-tim.
Shu yomg’irdek tomchilab
O’tib bormoqda umrim.

Kunlarga tuzoq qo’yib
Topolmadim saydimni.
Har behuda yumushim
Oshkor qilar aybimni.

Chechaklarga she’r o’qib,
Daraxt sochin taradim.
Ko’zingizga so’nggi bor,
Ona, qachon qaradim?

Oftobalar qo’limni
Unutgandir-a butkul.
Ota, qaysi tomonda
Uyimizga borar yo’l?

Quyosh aksin chizadi
Pokiza yuzingizga.
Nimadir kamlik qilar
Qishloqi qizingizga.

Sochpopuk taqay, desam,
Kaltalabdi sochlarim.
Ayvonimni tanimay
O’tar qaldirg’ochlarim.

Ko’zimdagi qirovlar
Bormay yuragimgacha,
Qishloqqa eltar yo’lni
Qidirib chiqdim kecha.

Yo’lga qo’ygan ushog’im
Yeb ketibdi och qushlar.
Yuragim tomon yo’lni
Ko’rsatar faqat tushlar.

Ota, topdim nihoyat,
Ko’nglim ungan manzilni.
Ona, kechirarmisiz
Yuragi toshdek zilni?

Qo’lingizdek qalbimning
Har tomoni qadoqli.
Shuncha izlab topmadim
Mehri sizdek ardoqli.

Tongda bulut ko’zidan
Yoshlar oqqandi tim-tim.
Shu yomg’irdek tomchilab
Mehrga cho’mdi umrim!

* * *

Bola edim tasavvuri keng,
Qo’shni edim shodligu baxtga.
Gulu maysa, bulutlar qolib,
O’xshatardim o’zim daraxtga.

O’sdim, menga yo’l ochdi hayot,
Kamayardi ranglar tobora.
Vaqt notasin o’zgartirgan so’ng
Umr kuyi g’alat jaranglar.

Oqu qora kunlar ichida
Taqdir meni duch etdi senga.
Hayot shuncha go’zal ekanu
Shu paytgacha sezmabman nega?

Soatdagi milga osilib
Yuragimda kezardi hadik.
E’tiqodda sobit odamga
Sinov bormi-og’ir shunchalik?

Yuragingda qancha toqat bor-
Sabrxaltang liq to’la hisga.
Endi biroz chalg’i yumushdan,
Tabassumni ilib yur yuzga.

Ketmoqlikka yo’q zarra imkon,
Ildizlarim chuqurlab ketgan.
Jaziraga yetmasdan turib
Bir savolim bor edi senga:

Ne uchundir isimoqda dil,
Yo’lim uzoqdayinmi baxtga.
Qaysi ko’zing bilan qaraysan
Uzoqlarda qolgan daraxtga?…

* * *

Ruhing chiqdi asfalt yo’llarga —
Hamma yoqda yashil chiroqlar.
Senga to’siq qo’yolmas endi
She’rda hisni qisgan turoqlar.

Mana-Xadra. Senga tanish joy,
O’rindiqqa cho’kasan behol
Yuragingning darchasin ochib,
Mo’ralaydi achchiq bir xayol.

Xotiringning so’qmoqlarida,
Tentiraysan topay deb hayot.
Menga tanish barcha manzara
Senga yangi tuyular, hayhot.

Bir qarorga o’t qalab sekin,
Olovlanib yonadi ko’ngling.
Qo’llaringdan tutib shamollar
Ko’rsatadi borajak yo’ling.

Barmoqlaring siqar gullarni,
Tor ostona tuyular dayr.
Eshikdan bir jur’at mo’ltirar:
«Kechikdingiz.Kechiring. Xayr».

Bo’sh qaytadi horg’in yuraging,
Ochilmaydi ruhingning yuzi.
Endi birga-birga yig’laydi
Sen va Usmon Azimning «Kuz»i…..

* * *

Menga “maqtov”lardan toshlar otgan do’st,
Quvonsam, ko’ziga parda tortgan do’st,
Barcha gunohini menga ortgan do’st,
Shu kichik yelkamga olam sig’adi.

Kulgusi jonimga tumor taqqan yor,
Xayoli yodimga nurday oqqan yor,
Mendan boshqa hamma qizlar yoqqan yor,
Hijron armonlardan ertak yig’adi.

Bobo, bu dunyoda yaxshi kam ekan,
Yaxshining ko’rgani mudom g’am ekan,
Eng yorug’ najotlar O’zda jam ekan,
Bu sovuq kunlardan ko’nglim sinadi.

Dunyo, nag’malaring tinch qo’ymas bir zum,
Hali yechilmadi ming yillik tugun,
Bir bora odamday yashay o’zim- chun,
Ayt, qachon bu mahzun yomg’ir tinadi?

Ayt, qachon yuragim senga ko’nadi?

* * *

Shahar, men ertaga ketaman,
Ko’changda qolmaydi izlarim.
Sen qancha niqoblar kiydirma-
Qishloqda qoraygan yuzlarim.

Shahar, men ertaga ketaman,
Yana bir ko’ngilni asrashga.
Imkonim ortiq jon kuydirmas
Ko’ksi bo’sh qiz bo’lib yashashga.

Shahar, men ertaga ketaman,
Ko’zingda qonarmi ufqlar?
Sening tosh ko’changdek tekismas,
Qo’limni bezagan chiziqlar.

Shahar, men ertaga ketaman,
Ichimda havorang gul undi.
Qaytarman yana muz bag’ringga,
Yomg’irlar shiviri bor kunda.

Shahar, men ertaga ketaman,
Qishloqda tutlarim bo’zlaydi.
Bilmadim, men ketsam, tunlari
Senga kim ertaklar so’zlaydi?

Shahar, men ertaga ketaman…

Sukut haqida ertak

Bir sukut yashardi olamda,
Mahkam tutib quloqlarini.
U asrardi hamma tuyg’udan
Nurga tashna qaroqlarini.

Eshitmasdi hech bir tovushni,
Dunyo go’yo ovozsiz surat.
Tashqarida qorni gul bilan
Bezar edi o’yinqaroq mart.

Shamol tinmay cholg’usidan mung
Taratardi telba bog’larga.
Sukut hamon begona edi
O’zi dalli, ruhi sog’larga.

Maysa titrar, yaproqlaridan
Yerga shabnam tomadi tim-tim.
Zamin ko’kka shivirlar asta:
«Yomg’iringni juda sog’indim…»

Tomchilarga to’ladi toqat
Va ohista yomg’irga do’nar.
Yomg’irsevmas qushlar yig’ilib,
Sukutning juft kiftiga qo’nar.

Shunda sabr ketadi yonib,
Sukut qulog’ini ochadi.
Chug’ur-chug’ur so’zlashgan qushlar
Sekin ini tomon qochadi.

Olazarak tinglar olamni,
Yo’q bo’lsa-da tilda talaffuz.
Sukut og’ir qadamda turib,
Tomchilarga tutaverdi yuz.

Va so’qmoqqa burdi yo’lini,
Ketaverdi uyini tashlab.
Yo’lda uchrar har tovush uning
Borar edi ko’zini yoshlab.

Qadamlari bosilgan sayin,
Kichrayardi nozik jussasi.
Unga ko’plik qildi,chamamda,
Tor dunyoning keng-keng g’ussasi.

Bir eshikka bosdi yuzini,
Shivirladi:»Yetdim. Ming shukr!»
Va ko’ksidan to’kilib tushdi
Bitta gapga sig’gan qatim nur.

Nur shamolga qo’lini berib,
Ichkariga kirdi xotirjam.
Bir yel esdi qiz qulog’ida:
«Seni juda-juda sevaman!…»

* * *

Qayga ketdi shodumon kunlar —
Saratondan qo’l uzdi karam.
Har tong mening hasratim yegan
Qushlarimni topolmayapman.

Bir g’aliz his kezar bog’larda,
Har yaproqda etak-etak g’am.
Majnuntolim, tokay soch yoyib
Bevafoga tutasan motam?!

Xazon-dardning mungli ko’zyoshi,
Kuz kelmasdan sarg’aydi olam.
Qanday bag’ri qattiq odamsiz,
Yig’latdingiz daraxtlarni ham…

Shoirga

Dunyo dunyo bo’ldi So’z tushgandan so’ng,
Rahmat yog’di sening barmoqlaringga.
Rahmonga qo’l bergan tushlar kelib o’ng,
Bir tovush tiqildi tomoqlaringga.

Bahor senga baxtlar va’da berdi-yu,
Yozda erib ketdi ohu zorlari.
Kuz mahriga olgan ijobatlarga
Oppoq armon tutdi qishning qorlari.

Tomog’ingda g’ussa o’sdi kun sayin,
Mung bo’lib ko’kardi osmon ko’zingda.
Beqanot g’ussani ne qilaman, deb,
Faqat erk o’stirding o’zing o’zingda.

Hali yorilmadi Ishqning yarasi,
Vujudingda kezib gullayverdi So’z.
Ustixoni darddan bo’lgan ruhingga
Bir hazin shamollar olib kirdi kuz.

Nogoh ko’zing tushdi xazonbog’larga,
Seni sel ayladi xomush daraxtlar.
Shivirlarga do’nib chiqqan So’zingdan
Yo’lini yo’qotdi pokiza baxtlar.

Ne deding daraxtni quchoqlab yig’lab?! —
Anglolmay xo’rsindi olam qo’lingda.
Ozod bo’lgan So’zdan etak-etaklab
Tog’lar bunyod bo’ldi mo’jaz Ko’nglingda…

Oddiy ertak

Dunyo yaralgandan so’ng
Loydan tiklandi vujud
Va unga jo aylandi
Muhabbat, mehr, sukut.

Farishtalar ta’zimga
Saf tortishdi osmonda.
Shundanmi, go’zal hislar
Paydo bo’ldi Insonda.

Ming yillar o’tib ketdi,
Avlod to’ldi zaminda.
Kimni ko’rsam, bir g’alat
His jo’shar yuragimda.

Hamma menga qarindosh,
Hamma farzandi Odam.
Shu yaxshilar ichida
Yashab yuruvdim men ham.

Maysadan ham nozikroq
Yurak bor edi menda.
Uni yo’qotib qo’ydim
Senga duch kelgan kunda.

O’zi yerlikmisan, ayt,
YO arshdanmi tuprog’ing?
Qiyinmikin shunchalar,
Egilib qaramog’ing?

Ko’zlarimni hayratga
Botirib qo’ydi olam.
Yig’i kelar — toshyurak
Qarindoshni o’ylasam…

Savobu gunohimni
Hisob qilar malaklar.
Bir yomon niyat meni
Ko’pdan buyon daraklar:

Qaramayman, kulmayman,
Qarindoshlar bo’lsak ham.
Afzaldir xarsang toshlar
Sendan, mehrsiz odam.

Bir inson deb g’ussani
Hamdard qildim holimga.
Yana nelar yozarman
Nomayi a’molimga?…

Xurshid Davrondan Usmon Azimga maktub

Osmonga borar yo’lni
Topolmadig-a, jo’ra,
Dunyo bizga toshlardan
Qancha bolishlar qo’ydi.
Anuv xomush maysadan
Quyoshning uyin so’ra,
Bu qahraton kunlarim
Yurak-bag’rimni o’ydi.

Mezon kirib umrimga
Sovrilmoqda hushlarim,
Samarqanddan berida
Uchmas bo’ldi laylaklar.
Tongda zilol anhorga
Yetaklaydi tushlarim,
Jo’ra, qachon qanotin
O’stirarkin yuraklar?

Qara, Surxon tarafdan
Bir alp yelib keladir,
Qalampirmunchoq taqib
Kuzatgandir dashtlari.
Biz sig’magan qishloqning
Suratini siladim —
Barmog’imni ho’l qildi
Onamning ko’zyoshlari.

Derazangni chertadi
Kuzning mahzun tovushi,
Bir yorug’ so’z kezadi
Sig’may tomirlaringga.
Yillar o’tib bormoqda
Shamollarga qovushib,
Mag’lub bo’lasan ichda
Yashar Temurlaringga.

Jo’ra, boshingni ko’tar,
Hali yashaymiz uzoq.
Daraxt bilan bizlarning
Ildiz birdir, xudoyim.
Bir o’zingmas, bashar deb
Sezarsan endi titroq —
Ikkimizga So’z degan
Umr berdi xudoyim!

 

* * *

Ko’m-ko’k dala, besarhad osmon,
Kaftlarimda so’lmas chechaklar.
Meni ravon yo’lga yo’llagan-
Onam aytgan nurli ertaklar.

Qara, osmon yaqinlar yerga,
Men «Layli va Majnun»ni ochsam.
Xazon bo’lib to’kilib ketar
Yuragimni to’ldirgan g’ussam.

Tog’lar tinglar sukutga cho’mib —
Baxt rangiga qorishar sasim.
Men tun chog’i o’qigan she’rlar
Tongda chizar oynamga rasm.

Ko’ksim to’la hayajon, hadik,
Tilda kezar Navoiy bayti.
Qanday yashay olar odamzot
Kitob undan yuz burgan payti?!

Ko’m-ko’k dala, besarhad osmon —
Men borliqqa yo’llagan xatim.
Ko’nglim omon asragan olam —
Kitoblardan qurgan jannatim!

* * *

Sen baxtlisan mendan yiroqda —
Yelkangdagi farishta aytdi.
Sen ketgan so’ng mening ko’nglimga
Momo Havvo hasrati qaytdi.

Ko’zlaringda yonib turar nur,
Faqat oppoq o’ylar surasan.
Tushlaringda atirgul taqqan
Hijronlarning aksin ko’rasan.

Qo’l siltaysan:»Menga baribir,
Men hech kimga ichmovdim qasam».
Lek Mehrning og’riydi ko’ngli
Sen haqingda yonib o’ylasam.

Bulutlarga yetgan bo’yingcha
Yuragimda tiklandi tog’lar.
Bilmam, qachon yuvilar endi
Hijron bizga yetkazgan dog’lar.

Men bilaman:
Tole’ ichida
Yurib borar dadil qadaming.
Lek bir kuni meni so’roqlar
Ichingdagi yolg’iz Odaming.

Topolsang bas biror bahona
Va pushaymon aksi tushgan yuz.
Qo’rqayapman ungacha seni
Yeb qo’ymasa kechikkan afsus.

Sen baxtlisan-mendan yiroqda…

* * *

Qo’lim cho’zsam, yulduzlarga
Yetodurman, yetodurman.
Oxiri yo’q bu yo’llardan,
Bilmam,qayga ketodurman?!

Ko’ksim uzra yonar otash —
Taftlarida yashar ohim.
Dilsizlardan ko’nglimda g’ash,
Ular bilan ketar rohim.

Bir kurtakka berkitganday
Butun olam chiroyini.
Olloh qalbimda tiklamish
Muhabbatning saroyini.

Tomog’imga tiqilgan Dard,
Menga shamol so’zlar erkin.
Dunyo changlar o’rab tutgan
Hislarimni poklab bergin!

Yelkam kengdur. Bexijolat
Ortavergin ulkan g’amlar.
Zora shunda to’lib ketsa
Ruhimdagi kemtik-kamlar.

Xayolimga solib qo’ygin
Malaklarning shevasini.
Butun umr terib yuray
Oqibatning mevasini.

Tuyg’u qimmat olamini
Yoqib tashlay Mehrim bilan.
Dilsiz o’zda sezim tuysa,
Men o’zimga bergayman tan.

Zarra otash kerak menga,
Ozgina Dard cho’g’i kamdur.
Agar Uni topa olsam,
Butun sirlar menda jamdur!

Qo’lim cho’zsam, yulduzlarga
Yetodurman, yetodurman…

* * *

Musofirman g’arib dunyoda,
Erta qayda bo’lmog’im so’roq.
Lek toliqdim, izn ber bugun,
Yuragingda bo’layin qo’noq.

Momo Havo nafasi tekkan
Yuzim nuri yoritsin diling.
O’zgalarga mehr tutay deb
Uyg’onsa bas bu xasis qo’ling!

Musofirsan telba dunyoda,
Tentiraysan izlab bir makon.
Xayolingga yasolmas bosqin,
Tomiringda uxlagan isyon.

Odam Ato xato qilishning
Qo’yib ketgan ta’mal toshini.
Shubha- senga tashlangan ilon,
Ezib tashla uning boshini.

Musofirmiz bir kam dunyoda,
Yonmoqdamiz topolmay o’zni.
Bezagaymi bir kuni kelib,
Yuraklarni tole’ning husni.

Butun narsa yo’qdir olamda,
Yaltiragan har narsa zarmi?
Senga bir sir aytaman, tingla:
Yuragimda baxtingning yarmi!…

* * *

Hijronning mo’rt qasrida
Qoraymoqda hushlarim.
Juda ko’payib ketdi
Suvga aytar tushlarim.

Yomg’ir bo’lib yo’lingda
Tomchilab bitayapman.
Ko’nglimni nurga o’rab
Kelishing kutayapman.

Dunyo zambaragiga
Tushmasin-a yosh jonim.
Shundoq ham to’lib ketdi
Dilsizlikka har yonim.

Na kelish, na ketishga
Ixtiyoring bermay ro’y.
Bo’ynimdan arosatning
Iplarini olib qo’y.

Faqat keyin yig’lama,
Kechirishga qilmam ahd.
Axir, kimga ham kerak
Arosatdan kelgan baxt?!

Ikki yo’ldan birini
Tanlash qoldi qo’lingda.
Yomg’ir bo’lib tomchilab
Bitayapman yo’lingda…

* * *

Tun. Bebosh shamollar bastalab kuyin,
So’ng uni chizar gul chechaklariga.
Menga sezdirmasdan bir qizcha yig’lar
Berkinib tushimning burchaklariga.

Uzun tutqatordan yugurar tinmay,
Ko’zida qotadi arqon-arg’imchoq.
Haqiqat qidirib chiqqan edi u,
Lek yo’lda yolg’onlar ochdilar quchoq.

Bobosidan qolgan cho’pontayoqday
Qadrli bilardi hamma odamni.
Samimiy hislarga intiq yuragi
Asrab qololsaydi qora olamni…

Axir, u quyoshga bormoqchi edi,
Qanot o’stirmoqchi edi yelkalar.
Bulut ko’paygandan ko’payib ketib,
Uni o’rab oldi sovuq ko’lkalar.

Menga sezdirmasdan bir qizcha yig’lar,
Berkinib tushimning burchaklariga.
Katta hayot unga yoqmagan emish,
Zolimlar kirgan so’ng ertaklariga.

Tun. Bebosh shamollar bastalar kuyin,
Bir hadik uyg’onar jajji qushlarda.
Ko’ngilda uxlagan bolalar bedor-
Yoshin asrolmasdan yig’lar tushlarda…

* * *

Yomg’ir tegib ketdi joningga,
Derazani ochib qarading.
Shamol kirmay ketdi yoningga-
Tomchilardan olding alaming.

Sen uxlashni istaysan, ammo
Uyqu bermay shitirlar yomg’ir.
Ilgari hech sezmagan darding
Yurak bo’ylab otadi tomir.

Tongga eltar tushlar uxlagan,
Butun olam tozarar qayta.
Sen qalbingni topolmay qolding —
Navbat senga yetgani payti.

Hamma birdek yuvdi ko’nglini —
Vujudingni qopladi g’ussa.
Qani edi, shu lahzalarda
Butun olam seni unutsa…

Yomg’ir tegib ketdi joningga,
Ko’zlaringda nish urdi munglar.
Bilmagaysan, bir qiz yoshini
Butun olam sukutda tinglar.

Bilmagaysan, sen unutgan qiz
Har yomg’irda ezilib yig’lar…

* * *

O’sha kun yurakdan yig’ladim ilk bor,
O’sha kun yuraging tamom o’zgardi.
O’sha kun yellarga qovushdi mador,
Qor esa zaminga Mehr to’kardi.

O’sha kun uzrlar tug’di tilginang,
O’sha kun Ishq yangi firoq chiqardi.
O’sha kun ko’p durlar yaratdi diydang —
Qor esa zaminga Mehr to’kardi.

Men bunday kunni hech kutmagan edim,
Izg’irin so’zlardan ko’ksim ko’kardi.
Ko’zingga termuldim,tinglagancha jim —
Qor esa zaminga Mehr to’kardi.

O’sha kun…O’sha kun… Siyoh o’sha kun,
O’sha kun ming yoshli umrim qisqardi.
O’sha kun qorlarga yomg’ir yog’dirdim,
Qor esa…zaminga Mehr to’kardi…

O’sha kun men zamin bo’lib qolsaydim…

* * *

Tushlarimga kirding- ey,
Tushlaringga kirdimmi?
G’ayrat Majid

Tush — sarobiy orzular
Ko’zgu tutar dilingga.
O’ngda ko’rinmas manzil
Tushda chorlar yo’lingga.
Yarimjon taqdirimni
Qo’rqmay tugum qo’lingga.
Men o’zimni shunchalar
Dardga o’gay bildimmi,
Tushlarimga kirding- ey,
Tushlaringga kirdimmi?

Dunyo — egov, umrimni
Taroshlaydi har onda.
Yuzim xazon rangi- yu,
Lolalar oqar qonda.
Najot izlama ishqdan,
Najot faqat hijronda.
Yuragimni qo’ltiqlab
Yana senga keldimmi,
Tushlarimga kirding- ey,
Tushlaringga kirdimmi?

Kimnidir yo’qlash savob,
Farah qo’shar hayotga.
Qancha savob ko’p bo’lsa,
Qo’rqmay borgum Sirotga.
Sen tushlarimda kezsang,
Umrim halolmas yotga,
Savoblaring sanoqsiz,
Men ham savob qildimmi,
Tushlarimga kirding- ey,
Tushlaringga kirdimmi?

* * *

Tong otdi. Ko’chaning bag’rida
Odamlar yuradi o’zicha.
Hayotni mo’ltirab kuzatar
Daraxtda o’tirgan musicha.

Kim daydi yellardek kezinar,
Kim ko’zdan ma’nolar o’qiydi.
Musicha daraxtda o’tirib,
Ming turli falsafa to’qiydi.

Bir yerda aqchasiz gadolar,
Bir yerda yuraksiz boylarmi?
Musicha ko’zlarin yumgancha,
Hayotning ma’nisin o’ylarmi?

Yaxshiyam, insonda imkon kam,
Yaxshiyam, umrimiz ming yilmas.
Qarg’aga berilgan mukofot
Yaxshiyam, insonga berilmas.

Musicha, orom ol ozgina,
Sen ko’rgan hayotda ko’p yolg’on.
Aslida, har bitta yurakda
Bekinib yashaydi bir Inson.

Tong otdi. Ko’chaning bag’rida
Odamlar yuradi o’zicha.
Hayotni mo’ltirab kuzatar
Daraxtda o’tirgan musicha.

007

(Tashriflar: umumiy 416, bugungi 1)

Izoh qoldiring