Mavlono Jaloliddin Rumiy. «Ma’naviy Masnaviy». Birinchi kitobdan to’qqizinchi parcha.

044      Мавлоно Жалолиддин Румий инсониятга қолдирган ўлмас хазина — «Маънавий Маснавий»нинг иқтидорли шоир ва мутаржим Одил Икром таржима қилган биринчи китобини тақдим этишни давом этамиз. Бугун асарнинг тўққизинчи парчасини мутолаа қилишингиз мумкин…

ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ
МАЪНАВИЙ МАСНАВИЙ
Биринчи китобдан тўққизинчи парча
Одил Икром таржимаси
06

ПИРЛИК ХИСЛАТИ ВА УНГА ИТОАТ БАЁНИ

Кел, Зиёулҳақ Ҳусомиддин,1 яқин
Ол қоғоз, пир васфидан сўйлай тағин!

Гарчи йўқ толғин танингда куч-мадор,
Лек, қуёшсиз бизга нур бўлмайди ёр. 2935

Гарчи сен қандил ва биллурсан бу чоқ,
Ип учи, дил аҳлига бошсан, бироқ.2

Ип учи гар қўлдадир, амринг етур,
Дилдаги дур, шода инъоминг эрур.

Раҳнамо пир ҳолидан ёзгил, тамом,
Улни бил Йўл манбаи, эргаш мудом.

Пир агар ёз, халқ эрур ул ёз аро,
Пир агар ой, халқ эрур тундай қаро.

Кекса деб ёш бахтга ном бердимки, бас,
Кексадир Ҳақдан, бу айёмдин эмас. 2940

Шундайин пирдирки, аввал, боши йўқ,
Ул мислсиз дур, бирор йўлдоши йўқ.

Эскириб, майнинг кучи ортар бутун,
Ул шароб махсус шаробдир “мин ладун”.3

Танла муршид, англагин, пирсиз сафар,
Келтирар кўп офату қўрқув хатар.

Ўша Йўлким, сен юрарсан неча бор
Раҳнамосиз, ҳам эрурсан беқарор.

Қайси йўлдан юрмаган бўлсанг ҳануз,
Юрма ёлғиз, раҳнамодан бурма юз. 2945

Бўлмаса ул сояси, эй, бенаво ,
Айлагай сарсон, бериб шайтон садо.

Шайтанат йўлдан уриб, кўрмиш зарар
Ушбу йўлда не даҳо то сен қадар!

Тингла Қуръондинки, қилмиш хору зор
Неча гумроҳларни Иблис нобакор.

Қилди, бошлаб хўрлигу кулфат сари,
Тўғри Йўлдан неча минг йиллар нари.4

Кўр суяк, сочин уларнинг, эрта-кеч,
Ибрат ол, бурма эшак ул ёнга ҳеч! 5 2950

Бур эшакни Тўғри Йўлга бегумон,
Раҳнамо, Ҳақ йўлга йўлловчи томон.

Маҳкам ушла, берма унга ихтиёр,
Жалб этар эшшакни кўм-кўк майсазор.

Қўйвориб, ғафлатда қолсанг ногаҳон,
Неча фарсанг6 кетгуси ўтлоқ томон.

Бил, эшак – Йўл ёви, маст айлаб хашак,
Не эшакка қулни этмиш бедарак!

Билмасанг Йўлни, эшак юргай қаён,
Тескари юр, Тўғри Йўл шул бегумон. 2955

“Шовиру ҳунна” ва сўнгра “холифу”,
“Инна ман лам яъсиҳинна толифу”.7

Ҳирсу орзуларга бунча бўлма қул,
Бил “юзиллук ан сабилиллоҳ”дир ул.8

Синдирар нафсингни бул олам аро,
Сенга ҳамроҳ сояси бўлгач паноҳ.

—————————-
1 — Зиёулҳақ Ҳусомиддин – Мавлононинг котиби Шайх Ҳусомиддин Чалабий.

2 – “Оллоҳ осмонлар ва Ернинг нуридир (яъни, уларнинг барчасини ёритиб, кўзга кўрсатиб – йўқдан бор қилиб тургучидир). У Зот нурининг (мўмин банда қалбидаги) мисоли худди бир токча, унинг устида бир чироқ, бу чироқ бир шиша ичида, у шиша гўё бир дур юлдузга ўхшайди…” (Қуръони карим, «Нур» сураси, 35-оят).

3 – “Бас, бандаларимиздан бир бандани топдиларки, Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат (яъни, пайғамбарлик) ато этган ва Ўз ҳузуримиздан илм берган эдик”. (Қуръони карим, «Каҳф» сураси, 65-оят).

“Мин ладун” – “Оллоҳ ҳузуридан берилган илм”

4 – “Айтинг: “Оллоҳдан ўзга, бизга фойда ҳам, зиён ҳам келтирмайдиган нарсага дуо-илтижо қиламизми ва Оллоҳ бизни ҳидоят қилганидан сўнг яна ортимизга (динсизликка) қайтариламизми? Худди жинлар чалиб лол-ҳайрон ҳолда (номаълум) ерга олиб кетган ва дўстлари: “Кел”, деб ҳидоятга чорлаётган (аммо дўстларининг бу даъватларига қулоқ солмаётган) кимсага ўхшаб-а?” Айтинг. “Оллоҳнинг Йўлигина Тўғри Йўлдир. Биз барча оламлар Парвардигорига бўйинсунишга маъмурмиз (амр этилганмиз)”. (Қуръони карим, “Анъом” сураси, 71-оят).

5 – “Бас, Ер юзида сайру саёҳат қилиб, (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар”. (Қуръони карим, «Наҳл» сураси, 36-оят).

6 – Фарсанг – муайян бир масофа, тахминан 6 км.га тенг келади.

7 – “Хотинлар билан маслаҳат қил, сўнг тескарисини қил. Дарҳақиқат, ким хотинлар маслаҳатига кирса, (итоат қилса) талафот кўради”. (Ҳадис).

8 – “Эй Довуд, дарҳақиқат, Биз сени Ерда (ўзингдан аввал ўтган пайғамбарларга ўринбосар) халифа қилдик. Бас, сен одамлар орасида ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилгин ва (нафс) хоҳишига эргашиб кетмагин! Акс ҳолда у сени Оллоҳнинг Йўлидан оздирур. Албатта Оллоҳ Йўлидан озадиган кимсалар учун ҳисоб-китоб Кунини (яъни, Қиёматни) унутиб қўйганлари сабабли қаттиқ азоб бордир” (Қуръони карим, «Сод» сураси, 26-оят).

“Юзиллук ан сабилиллоҳ” – “Сени Оллоҳнинг Йўлидан оздирур”

ПАЙҒАМБАР САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИНГ АЛИ КАРАМАЛЛОҲУ ВАЖҲАҲУГА: “ҲАР КИМ ҲАҚҚА ЎЗ ТОАТИ ТАРЗИ БИЛАН ЯҚИНЛАШМОҚ ИСТАЙДИ, СЕН ОҚИЛ ВА ХОС БАНДАЛАР СУҲБАТИ ОРҚАЛИ ҲАҚҚА ЯҚИНЛАШГИН, ТОКИ, ҲАММАДАН ПЕШҚАДАМРОҚ БЎЛГИН” — ДЕБ ВАСИЯТ ҚИЛГАНИ1

Деди Пайғамбар Алига: «Эй, Али!
Паҳлавон, Ҳақ шеридирсан, долғали.

Лек, ишонма шерлигингга ҳар қачон,
Сен умиднинг соясинда сақла жон. 2960

Бил паноҳ ҳар битта оқил соясин,
Токи ҳеч ким ўзга йўлга солмасин.

Сояси – Қоф тоғидай, ерда паноҳ,
Руҳи Симурғдай кезар осмон аро.

То қиёматга қадар этгай давом,
Сўйласам мадҳин унинг, бўлмас тамом.

Одамий зотда ниҳон бул офтоб,
Англагин, “валлоҳу аълам би-с-савоб”.2

Эй, Али, тоат Йўли ичра асил,
Хосу хос Ҳақ соясин сен танлагил. 2965

Ким итоатлар томон бургай юзин,
Уйғотар ўзда халослик туйғусин.

Талпин оқил соясига кеча-кун,
Ичқаро ёвдан халос бўлмоқ учун.

Бор итоат кўрки бул тоатда жам,
Пешқадамдан ҳам бўларсан пешқадам.

Пирга бўл таслим, қабул қилганда то,
Ул Хизр ҳукминда бўлгандек Мусо.3

Қил, Хизр не қилса тоқат бериё,
Айтмасин токи Хизр: “Кет, алвидо!”. 4 2970

Кемани синдирса ҳам, жим тур у дам,5
Юлмагин соч, гар гўдакни сўйса ҳам.6

Ул қўлин Ҳақ ўз қўлидай ҳис этур
То “ядуллаҳ фавқа айдиҳим” эрур.7

Ҳақ қўли ўлдирганин ҳам бор этар,
Не тирилтмоқ, жонини пойдор этар!

Кимки танҳо топди бул Йўлда қарор,
Топди пирлар ҳиммати боис барор.

Пир қўли ғайб аҳли-чун ҳеч калтамас,
Пир қўли – Ҳақ чангали, жўн панжамас. 2975

Баски, ғойибларга бунча ҳадялар,
Ҳозир ўлганларга афзал қанчалар.

Баски, ғойибларга шунча ризқу нон,
Айлашар меҳмонга нечоғ армуғон?!

Қайда ул, Шоҳ олдида хизматга шай,
Улки, эшик ортида тургувчидай?

Кўнгли нозик бўлмагин, пир танласанг,
Бўлма сув, лойдай суюқ, ланжу тажанг.

Қўзғаса ҳар зарб дилингда кек-ғубор,
Айт, ахир, сайқалсиз ойна қайда бор? 2980

———————————-
1 – “Эй, Али, агар одамлар Ҳаққа итоат эшиги орқали яқинлашишга йўл ахтарса, сен Ҳаққа ақлу идрок билан яқинлашиш йўлини ахтар. Шунда сен мақомда ҳам, охиратда ҳам Оллоҳ олдида ҳаммадан пешқадам бўлгайсан”. (Ҳадис).

2 – “Валлоҳу аълам би-с-савоб” – “Оллоҳ савоб(Ҳақ)ни билгувчи Донодир”.

3 – “У (Хизир) айтди: “Бас, агар менга эргашсанг, то ўзим сенга айтмагунимча бирон нарса ҳақида мендан сўрамагин!”. (Қуръони карим, «Каҳф» сураси, 70-оят).

4 – “У(Хизир) айтди: “Мана шу сен билан менинг ажралишимиздир. Энди мен сени сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвили (шарҳи)дан огоҳ қилурман”. (Қуръони карим, «Каҳф» сураси, 78-оят).

5 – “Бас, икков йўлга тушдилар. То бориб бир кемага минишлари билан (Хизир кемани) тешиб қўйди. (Мусо) айтди: “Уни (бизга кемаларидан жой берган) одамларни ғарқ қилиш учун тешдингми? Жуда даҳшатли иш қилдингку?!” (Қуръони карим, “Каҳф” сураси, 70-оят).

6 – “Сўнг яна йўлга тушдилар. То бориб бир болага рўбарў бўлганларида, (Хизир) уни ўлдирди. (Буни кўрган Мусо) деди: “Бировни (ўлдирмаган) бир бегуноҳ жонни ноҳақ ўлдирдинг-а?! Дарҳақиқат, (сен) бузуқ иш қилдинг!”. (Қуръони карим, “Каҳф” сураси, 74-оят).

7 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), дарҳақиқат, Сизга байъат-қасамёд қиладиган зотлар ҳеч шак-шубҳасиз, Оллоҳга байъат қилурлар — Оллоҳнинг Қўли уларнинг қўллари устида бўлур. Энди ким (ўз қасамёдини) бузса, бас, у фақат ўз зиёнига бузур. Ва ким Оллоҳ билан аҳд-паймон қилган нарсасига вафо қилса, у ҳолда (Оллоҳ) унга улуғ ажр-мукофот ато этур”. (Қуръони карим, «Фатҳ» сураси, 10-оят).

“Ядуллаҳ фавқа айдиҳим” – “Оллоҳнинг Қўли уларнинг қўллари устида бўлур”

БИР ҚАЗВИНЛИК КИШИ ЕЛКАСИГА ШЕР СУВРАТИНИ ЧИЗДИРГАНИ, ИГНА ЗАХМИДАН УНГА ОЗОР ЕТИБ, СЎНГ ПУШАЙМОН БЎЛГАНИ

Бир ҳикоят тингла изҳор аҳлидан,
Қазвинийлар одати ҳам тарзидан.

Қўл, бадан ҳам елка узра ҳар сафар
Игна санчиб нақш ўярди безарар.

Қазвиний наққошга учраб бир маҳал
Деди: “Жисмим узра суврат сол гўзал”.

Деди: “Эй, алп, нақш этай қандай шакл?”
Деди: “Бир шер чиз ёвузу баджаҳл.

Шер эрур буржим, уни нақш айлагин,
Айла жаҳд, кўк рангни кўпроқ чаплагин”. 2985

Деди: “Айт, қайга солай шер аксини?”,
Деди: “Сол елкамга шернинг расмини”.

Шунда уста игнасин санчган ҳамон,
Қўзғалиб дард, елкадан қурмиш макон.

Паҳлавон инграрди: “Эй, олийжаноб!
Ул нечук нақш? Айладинг ҳолим хароб!”.

Деди: “Шер шаклин буюрдинг-ку, ахир!”,
Деди: “Айт, сен бошлаган аъзо надир?”.

Деди: “Дум қисмин тилишдан бошладим”,
Деди: “Қўй думни, тамомдир тоқатим! 2990

Шер думи бўғзимдан олди, энди бас,
Қуйруғи олдиргани қўймас нафас.

Шерни думсиз айла нақш, эй, шерясар!
Игнанинг озоридан кўнглим озар”.

Бошқа қисмин чизгали чекмиш захм,
Айламай шафқат, муросо ҳам раҳм.

Солди дод: “Қай қисми бул?” – деб қазвиний,
Деди: “Бул шернинг қулоғи, эй, закий”.

Деди: “Шер бўлсин қулоқсиз, эй, ҳаким!
Қўй қулоқни, калта қил, айлаб раҳм”. 2995

Санчди ходим бошқа жойга игнасин,
Қазвиний инграб, фиғон тортмиш тағин:

“Бул учинчи нақш эрур қай қисми, айт?”
Деди: “Шер қорнига гал етмиш бу пайт”.

Деди: “Қўй, шерни қориндан қил халос!
Ортди дард, захмингни кам айла бироз!”.

Солди кўп ҳайратга ходимни бу ҳол,
Тишламиш бармоғини, қолганча лол.

Отди ходим игнасин, айлаб ғазаб:
“Борми олам ичра бул янглиғ талаб? 3000

Борми шер бош дум, қоринсиз мутлақо?
Шундайин шерни яратганми Худо?”

Эй, биродар, ботса ниш, сабр эт бироз,
Ўтпараст нафс захмидан то бўл халос.

Ул гуруҳким, жисмидан бўлмиш жудо,
Ой, қуёш, осмон этар таъзим бажо.

Ўтпараст нафсин агар ўлдирса ким,
Амрига офтоб, булут бош эгди жим.

Билса шам ёқмоқни қай дил, қайси жон,
Улни офтоб куйдиролмас ҳеч қачон. 3005

Порлагич офтобни Ҳақ зикр этдиким,
Деди: “Таззовар казо ан каҳфиҳим”.1

Бўлгуси буткул тикон хуш, мисли гул,
Кулл томон боргувчи жузв олдида ул.

Не эрур Ҳақни улуғвор айламоқ?
Ўзни хору хоксор деб англамоқ.

Ҳақ таоло тавҳидин билмоқ недур?
Ўзни Воҳид олдида ёқмоқ эрур.

Кундайин порлаб, жило сочмоқ учун,
Тунсимон ўз борлиғинг ёндир бутун. 3010

Борлиғинг Ул борлиғинда айла ҳис,
Сен эрит, кимё ичинда, худди, мис.

“Мен”у “Биз”ни икки қўллаб тутма ҳеч,
“Икки борлик”дир ҳалокат эрта-кеч.

———————————
1 – “Қуёш – чиқишда уларнинг ғорларидан ўнг тарафдан ўтиб кетганини, ботишда эса уларнинг сўл томонга йироқлашиб кетганини (чиқишда ҳам, ботишда ҳам уларни қиздириб, уйқу-оромларини бузмаганини), улар эса (ғор)нинг тўрида эканликларини кўрурсан. Бу ҳам Оллоҳнинг оят-мўъжизаларидан (биридир). Кимни Оллоҳ ҳидоят қилса, бас, ўшагина ҳидоят топгувчидир. Кимни йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон Тўғри Йўлга йўллагувчи дўст топа олмассан”. (Қуръони карим, «Каҳф» сураси, 17-оят).

“Таззовар казо ан каҳфиҳим” – “Қуёш уларнинг ғорларидан оғиб кетди”.

БЎРИ БИЛАН ТУЛКИНИНГ ШЕРГА ХИЗМАТ ЮЗАСИДАН ОВГА ЧИҚҚАНИ

Бўри, тулки, шер қилиб ўлжа талаб,
Ов учун йўл олдилар тоққа қараб.

Токи қўллаб бир-бировин чоғласин,
Ўлжаларга домни маҳкам боғласин,

То учов бирга кезиб саҳрою чўл,
Ўлжа тутсинлар ажойиб, мўлу кўл. 3015

Гарчи шерга ор эди бул иттифоқ,
Бўлди ҳамроҳ илтифот айлаб, бироқ.

Етса ҳам бул шоҳга лашкар заҳмати,
Бўлди ҳамроҳ, бор – жамоат раҳмати.1

Ор этар юлдуздан ой, лек, доимо,
Ҳиммат айлаб, қолди юлдузлар аро.

Амри “шовирҳум”2 Расулга бўлди ёр,
Гарчи йўқдир ул қароридай қарор.

Арпа мезонда шерикдир зар билан,
Тенг эмас, лек, зар каби, гавҳар билан. 3020

Айла танга жонни ҳамроҳ деб фараз,
Худди, ит даргоҳга соқчи бир нафас.3

Тоғ томон етмиш жамоат ҳам чунон,
Шер билан бирга солиб шовқин-сурон,

Овлаб эчки, тўнғизу семиз қуён,
Ишлари олдинга юрмиш ногаҳон.

Жанг-жадалда эргашар гар шерга ким,
Кеча ҳам кундуз кабоб ер бетиним.

Элтдилар тоғдан барин ўрмон сари,
Қонталаш, мажруҳ, ўлик эрди бари. 3025

Бўри ва тулки тамаъ айларди хом:
“Ақл ила тақсим қилар шоҳлар мудом”.

Шерда акс этди уларнинг таъмаси,
Англамиш, таъма – таянчин шарпаси.

Кимки асрор шеридир ёхуд амир,
Англагай қалб ичра бордир неки сир.

Асрагин, эй, фикри ғиж-ғиж бошида,
Дилни бадбин ўйдан, Улнинг қошида.4

Билса ҳам, эшшакни жим ҳайдаб кетар,
Ул кулиб юзга, юзин пинҳон этар. 3030

Шер улар таҳликасин сезмиш у чоқ,
Пойламиш пайт, ошкор айтмай, бироқ.

Дерди, аммо, ўзича: “Бергум жазо,
Сизга, эй, зиқна гадолар, бенаво!

Ёқмагайми мендаги фикру қараш?
Не гумон бул, этганингиз менга бахш?!

Эй, қарор, ақли – қарорим ичра жам,
Бул жаҳон эҳсонидан кўрку ҳашам.

Не фикр ҳам билдирар наққошга нақш?
Неки бор нақш узра, наққош қилди бахш. 3035

Жўн, тубан шубҳа-гумонлар бул қадар
Бормиди, эй, давр аро шармандалар!

“Зонина биллаҳи занна-с-суъро”,5
Узмасам бошин агар, бўлгай хато.

Қутқарай шармандаликдан чархни то,
Ушбу достон қолгуси олам аро”.

Шер куларди шул хаёли бирла ҳам,
Кулса гар шер, эҳтиёт бўл ҳар қадам.

Барча олам моли – Ҳақ кулгусидек,
Бизни мағрур, маст, яроқсиз қилди, лек. 6 3040

Фақр-азобга, эй, далил, боққин кулиб,
Сўнг табассум домини ташлар юлиб.7

—————————
1 – “Жамоат раҳматдир, тафриқа (ажралиш) азобдир”. (Ҳадис).

2 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Оллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли уларга (саҳобаларингизга) юмшоқ сўзли бўлдингиз. Агар қўпол, қаттиқдил бўлганингизда эди, албатта улар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар. Бас, уларни авф этинг, улар учун Оллоҳдан мағфират сўранг ва ишларингизда уларга маслаҳат солинг! Энди (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Оллоҳга таваккал қилинг – суянинг! Албатта Оллоҳ Ўзига таваккал қилгувчиларни севади”. (Қуръони карим, «Ол-и-Имрон» сураси, 159-оят).

“Шовирҳум” – “Уларга маслаҳат солинг”.

3 – “Уйқуда эканлар, (кўзлари очиқ бўлгани учун) сен уларни уйғоқ деб ўйларсан. Биз уларни (баданларидан ерга тегиб турган томони чириб кетмаслиги учун) ўнг томон, сўл томонга айлантириб турурмиз. Уларнинг итлари эса олди оёқларини остонага ёзиб турур. Агар уларнинг устидан чиқиб қолсанг (ва кўзлари очиқ ҳолда у ёндан-бу ёнга ағдарилиб ётганларини кўрсанг), уларнинг (аҳволидан) даҳшатга тушиб юз ўгириб қочган бўлур эдинг”. (Қуръони карим, «Каҳф» сураси, 18-оят).

4 – “Самовот ва Ердаги бор нарса Оллоҳникидир. Ичингиздаги нарсани хоҳ ошкор қилинг, хоҳ яширинг, Оллоҳ сизларни ўша нарса билан ҳисоб-китоб қилади ва Ўзи истаган кишини мағфират қилиб, Ўзи истаган кишини азоблайди. Оллоҳ ҳамма нарсага Қодирдир”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 284-оят).

5 – “Ва Оллоҳ ҳақида (У Ўз Пайғамбарига ва мўминларга мадад – ғалаба бермайди, деб) ёмон гумон қилгувчи мунофиқ ва мунофиқаларни ҳамда мушрик ва мушрикаларни азоблаш (учун мўминларни уларга қарши жиҳод қилишга буюрди). Уларнинг устига ҳалокат балоси (тушгувчидир). Оллоҳ улардан дарғазаб бўлди, уларни лаънатлади ва улар учун жаҳаннамни тайёрлаб қўйди. Нақадар ёмон жойдир у!” (Қуръони карим, «Фатҳ» сураси, 6-оят).

“Зонина биллаҳи занна-с-суъро” – “Ва Оллоҳ ҳақида ёмон гумон қилгувчи”

6 – “Куфр йўлини тутган кимсалар уларга берган муҳлатимизни зинҳор ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Балки Биз уларга фақат гуноҳларини зиёда қилишлари учунгина муҳлат берамиз. Улар учун хор қилгувчи азоб бордир”. (Қуръони карим, «Ол-и-Имрон» сураси, 178-оят).

7 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), маълумки, Сиздан аввалги миллатларга ҳам элчилар юборганмиз. (Элчиларимизни улар ёлғончи қилишган), шояд тавба-тазарруъ қилсалар, деб уларни бало ва зиёнлар билан ушлаганмиз”. (Қуръони карим, «Анъом» сураси, 42-оят).

“Бизнинг балойимиз етганда ҳам тазарруъ қилмадиларми?! (Албатта тавба-тазарруъ қилишлари лозим эди), лекин уларнинг диллари қотиб қолган ва шайтон уларга ўзлари қилиб юрган ишларини чиройли кўрсатиб қўйгандир”. (Қуръони карим, «Анъом» сураси, 43-оят).

ШЕР БЎРИНИ СИНАБ КЎРИШ МАҚСАДИДА: “ЭЙ, БЎРИ, КЕЛ, ОЛДИНГА ЎТИБ, ЎЛЖАЛАРНИ ҲАММАМИЗГА ТАҚСИМЛАБ БЕР” — ДЕГАНИ

Деди шер: “Эй, бўри, келгин, ўлжа бўл,
Эй, қаримсиқ, адл ила ур бунга қўл!

Тақсимотда ноибим бўл, кел буён,
Токи аслинг, гавҳаринг бўлсин аён”.

Деди: “Эй, шоҳ, ол, бу тўнғиз сенгадур,
Сен – йирик, ул ҳам йирик, семиз эрур.

Ўртаҳол эчки маним бўлсин, чунон
Тўғри бўлгай, тулкига тегса қуён”. 3045

Деди шер: “Эй, бўри, қайтар, не дединг?
Бунда мен турганда, недир “биз”, “сен”инг?

Қандай итсан, бунча дейсан мен–мен,
Мендайин шер, тенги йўқ олдида сен!

Бери кел, эшшак, ўзингдан кўр!” — дебон,
Бўрини шер ташламиш йиртиб шу он.

Тўғри тадбир топмагач, шер бехато,
Бўрининг пўстин шилиб, бермиш жазо.

Деди: “Кўрмай мени, билдинг ўзни бор,
Бундайин жон ўлгусидир зору зор! 3050

Бўлмагач қаршимда сен фоний, хароб,
Сендайинлар бошини узмоқ – савоб!”.

Ул Юзи бор, “куллу шайъин ҳоликун”,
Ул Юзинда йўқ эсанг, йўқсан бутун.1

Кимки Бизнинг Юзда топгай гар фано,
“Куллу шайъин ҳоликун” бўлмас жазо.2

Чунки, ул “илло”дадир, “ло”дан жудо,
Ким агар “илло”дадир, бўлмас фано.3

Ким қоқиб Ул эшигин, “мен”, “биз” деюр,
Ҳайдалиб эшикка, “ло”да айланур. 3055
——————————
1-2 – “Оллоҳ билан бирга бошқа бирон «илоҳ»га илтижо қилманг! Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Барча нарса ҳалок бўлгувчидир, магар Унинг Юзи – Ўзигина (мангудир), Ҳукм Унинг (Ҳукмидир). Ва (барчаларингиз) Ёлғиз Унга қайтарилурсизлар”. (Қуръони карим, «Қасас» сураси, 88-оят).

“Куллу шайъин ҳоликун” – “Барча нарса ҳалок бўлгувчидир”.

3 – “Илло” – Ўзга”

“Ло” – “эмас”, яъни, ким агар Оллоҳдан ўзга Илоҳ йўқлигига иймон келтирса.

БИР КИШИ ДЎСТ ЭШИГИНИ ТАҚИЛЛАТГАНДА, ИЧКАРИДАГИ КИШИ: “КИМ У?” — ДЕБ СЎРАГАНИ, ЭШИК ҚОҚҚАН КИШИ: “МЕН” — ДЕБ ЖАВОБ БЕРГАЧ, ИЧКАРИДАГИ КИШИ: “СЕН АГАР “СЕН” БЎЛСАНГ, ЭШИГИМНИ ОЧМАЙМАН, ЧУНКИ, ДЎСТЛАРИМ ИЧРА “МЕН” БЎЛГАН БИРОР КИМСАНИ ТАНИМАЙМАН, БОР, ЖЎНА!” — ДЕБ ЖАВОБ БЕРГАНИ ҚИССАСИ

Бир киши дўст эшигин қоқмиш шу пайт,
Сўрди дўсти: “Эй, ишончли, кимсан, айт?”.

Деди: “Мен”. Деди: “Жўна тез, пайтимас,
Бундайин хомлар бу жой файзи эмас!”.

Хомни ҳижрон оташидан ўзга, айт,
Ким пиширгай? Ким риёдан дейди: “Қайт?!”

Неча йил ул нотавон қилмиш сафар,
Дўст фироғин ўти ўртаб қанчалар.

Пишди, ёнгач ўт аро, келмиш тағин,
Дўст уйин атрофида кезмиш тағин. 3060

Қоқди дўстнинг эшигин қўрқиб-писиб,
Нораво гапдан тилин маҳкам тийиб.

“Ким эшик қоқмоқда?”. Дўст бермиш садо,
Деди: “Бул сенсан, ўзинг, эй, дилрабо!”

Деди: “Эй, “мен”, “мен”эсанг, кел, энди кир!
Икки “мен” бир хонага сиғмас, ахир”.

Икки ип бир игнага бормас кириб,
Игнадан ўтгин, агар сен – битта ип.

Игнага ип мослиги – чин ҳодисот,
Тевага келмайди мос “самму-л-хиёт”. 1 3065

Тева жисми озгусидир қай маҳал
Бўлса қайчи ё риёзат, ё амал.

Ҳақ йўли лозимдир унга, эй, фалон,
Ул эрур ҳар бир маҳолга “кун факон”.2

Ҳақ қўлиндан ҳар маҳол мумкин бўлар,
Ҳар ўжар Ул ваҳмидан сокин бўлар.

Кўр, мохов ул ёқда турсин, мурда ҳам,
Жонланар, сеҳр айлагач Ул муҳтарам.3

Гарчи йўқлик мурдадан жонсиз эрур,
Ул Ижодкор наздида ожиз эрур. 3070

“Кулла явмин ҳува фй шаънин”ни бил,
Улни ишсиз ҳам амалсиз билмагил.4

Ул ишин энг камтари – ҳар кун равон
Айлар уч лашкарни бизларга томон:

Пушткамардан гар қўшин – она томон,
Бачадонда куртак отсин токи жон.5

Бачадондан гар қўшин – қўналға ер,
Токи тўлсин дун аро урғочи эр.6

Эрса хокдан гар қўшин – уқбо сари,
Токи Ул иш, ҳимматин кўрсин бари. 7 3075

Ушбу сўзнинг сўнги йўқ, талпин чунон,
Икки пок ҳам беғараз дўстлар томон.

Деди дўсти: “Киргин, эй, сен, бори – “мен”,
Гул-тикондай боғда, зидмас “мен”у “сен”.

Битта бўлмиш ип, адашма ҳар сафар
Гар кўрингай “коф”у “нун” икки нафар!8

“Кофу нун” жазб айлагич сиртмоқсимон,9
Тортсин ул йўқликни то борлик томон.

Қўш кўринсин унда сиртмоқ ҳар бири,
Гарчи бир бўлгай иковнинг таъсири. 3080

Хоҳ жуфт хоҳ тўрт оёқ-ла йўл кезар,
Қайчидай икки томон бирга кесар.

Икки кир ювғувчи ҳамкорларга боқ:
Ташқи ўхшашлик уларда йўқ, бироқ.

Биттаси бўзни ювар, кетгунча кир,
Шериги бўзни қуритгай бирма-бир.

Қуп-қуруқ бўзни бири ҳўллар тағин,
Дўстига зид, қарши иш қилгандайин.

Бир-бирин зидди мисол икки нафар,
Аслида кўнгил, иши – бир ҳар сафар. 3085

Ҳар набий, ҳар бир валий ўз йўли бор,
Бир бўлиб топгай бари Ҳақда қарор.

Уйқу тингловчи ҳушинг элтгай агар,
Сув тегирмон тошларин элтмиш бадар.

Сув оқар бунда тегирмондан баланд,
Гар тегирмонда оқар – сиз баҳраманд.

Сизда ун тортмоққа ҳожат йўқ агар,
Сувни асл анҳорга бургай ҳар сафар.

Нутқ аро тил таълими топмиш қарор,
Йўқса, ул сўйловчин ўзга сойи бор. 3090

Оққуси такрорсиз, унсиз ҳар сафар,
“Таҳтаҳа-л-анҳор”10дан ул гулзор қадар.

Эй, Худо, бер жонга шундай бир мақом,
Жонда унсин токи ҳарфсиз ҳар калом.

Айласин бор қўл-оёғи бирла то
Беғубор жон беадад йўқлик аро:

Беҳудуд кенглик ва бесарҳад фазо
Топсин ундан бул хаёл, борлик наво.

Келди йўқликдан хаёл тор, не ажаб,
Шул сабаб, бўлгай хаёл ғамга сабаб. 3095

Эрди борликдан кўра кенгроқ хаёл,
Шул сабаб, ой бўлгуси унда ҳилол.

Ҳиссу ранглар олами ҳам бирма-бир
Келди тор, эрди у тор зиндон, ахир.

Барча торликка сабаб – таркиб, саноқ,
Талпинар таркиб томон ҳислар, бироқ.

Англа Тавҳид оламин ҳисдан нари,
Истасанг “бир”ликни, боргин Ул сари.

Эрди “кун” амри амал, ул “нуну коф”,
Сўзга айланганда маъни бўлди соф. 11 3100

Охири йўқдир бу сўзнинг, энди қайт,
Бўри ҳоли жангда не кечди бу пайт?

———————————
1 – “Албатта Бизнинг оятларимизни ёлғон деган ва улардан кибр-ҳаво билан (юз ўгирган) кимсалар учун ҳаргиз само эшиклари очилмас ва токи туя игна тешигидан ўтмас экан, улар ҳам жаннатга кира олмаслар (яъни, ҳеч қачон жаннатга кира олмаслар). Биз жинояткор-осийларни мана шундай жазолагаймиз”.(Қуръони карим, «Аъроф» сураси, 40-оят).

“Самму-л-хиёт” – “Туя игна тешигидан ўтмас”

2 – “Иннама амруҳу иза арода шай-ан ай яқула лаҳу кун фаякун” – “Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина “Бўл”, демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур – вужудга келур”. (Қуръони карим, «Ёсин» сураси, 82-оят).

3 – “Ва унга (Ийсога) ёзиш ва ҳикмат – илмни, таврот ва Инжилни таълим беради. (Уни) бани Исроил қавмига пайғамбар қилади. (Ийсо бани Исроилга дейди): Мен сизларга Парвардигорингиздан (ўзимнинг ҳақ пайғамбар эканлигимни тасдиқловчи) оят-далил келтирдим: Мен сизларга лойдан қуш тимсолини ясайман, сўнг унга пуфласам, у Оллоҳнинг изни-иродаси билан ҳақиқий қуш бўлади. Ва яна кўр, пес касалларини тузата оламан ва Оллоҳнинг амри билан ўликларни тирилтираман…” (Қуръони карим, “Ол-и-имрон” сураси, 48-49-оятлар).

4 – “Осмонлар ва Ердаги (барча) жонзот (Унга муҳтождир ва бор тилак-мақсадларини ёлғиз) Ундан сўрар. У Зот ҳар куни иш-амалдадир”. (Қуръони карим, «Раҳмон» сураси, 29-оят).

“Кулла явмин фй шаънин” – “У Зот ҳар куни иш-амалдадир”.

5-6-7 – “Эй инсонлар, агар сизлар қайта тирилишдан шубҳада бўлсангизлар, у ҳолда (қаранглар), Биз сизларга (Оллоҳнинг қудратини) баён қилиш учун сизларни (яъни, отангиз Одамни) тупроқдан, сўнгра (барча жонзотни аввало) нутфа-манийдан, сўнгра лахта қондан, сўнгра яралиб битган-битмаган) тишлам гўштдан яратдик. Биз (сизларни) Ўзимиз хоҳлаганимизча – муайян муддатгача (оналарингиз) қорнида қолдириб, сўнгра чақалоқ ҳолингизда (ёруғ оламга) чиқарурмиз, сўнгра вояга етгунларингизгача (ҳам Ўзимиз тарбия қилурмиз)”. (Қуръони карим, «Ҳаж» сураси, 5-оят).

Али ибн Абу Толиб келтирган ҳадисга ишора: “Оллоҳ таолонинг ҳар лаҳзада уч лашкари бор. Бир лашкарни отанинг пуштидан онанинг раҳмига, бир лашкарни онанинг раҳмидан ерга, бир лашкарни эса бу дунёдан охиратга юборади”.

8-9 – “Коф” ва “нун” ҳарфлари қўшиб ёзилганда, унинг шакли сиртмоқни эслатади.

10 – “Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли – сифати (будир): “Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичгувчилар учун лаззатли (яъни, бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир…” (Қуръони карим, «Муҳаммад» сураси, 15-оят).

“…улар учун остларидан дарёлар оқиб тургувчи жаннатлар бор…” (Қуръони карим, “Бақара2 сураси, 25-оят).

“Таҳтаҳа-л-анҳор” – “Остларидан дарёлар оқиб ўтгувчи”

11 – “Коф” ва “нун” ҳарфларидан иборат бўлмиш “Кун” (“бўл”, “ярал”) сўзи билан Худо дунёни яратишга амр этганлигига ишора.

ЎЛЖАЛАРНИ ТАҚСИМЛАШДА ОДОБСИЗЛИК ҚИЛГАНИ УЧУН, ШЕРНИНГ БЎРИНИ ЖАЗОЛАГАНИ

Бўри бошин узди шер, ул сарфароз,
Қолмасин деб иккибошлик имтиёз.

“Фантақамно минҳум”,1 эй, бўри, чида,
Ўлмадинг гар сен амирнинг қошида.

Тулкига шер юзланиб айтмиш: “Қани,
Ўлжани бўлгин тановул этгани.

Тулки шернинг қошида чўкканча тиз,
Деди: “Нонуштанг эрур, шоҳим, ҳўкиз. 3105

Эчкининг гўшти – ярим бўлганда кун,
Қўру қут бўлгуси ғолиб шоҳ учун.

Ул қуён бўлгусидир, келганда шом,
Меҳрибон шоҳга таомдан сўнг таом”.

Деди: «Эй, тулки, адолат айладинг,
Бундайин тақсимни кимдан англадинг?

Эй, улуғ, айт, бул сабоқ қай соридан?”
Деди: “Эй, шоҳ, бўрининг аҳволидан!”.

Деди: “Бўлдинг ишқимизга сен гаров,
Олгину кет, сенга бўлсин барча ов. 3110

Биз билан, эй, тулки, бўлдинг бир бутун,
Биз-ла эрсанг, сенга озор не учун?

Сенгадирмиз, сенгадир бор ўлжа ҳам,
Чиқ ва қўй еттинчи осмонга қадам.

Ибрат олдинг гар у нокас бўридан,
Тулкимас, сен энди шерлар зўрисан!

Оқил улдир, ўзни айлар эҳтиёт,
Дўстига келган балодан шул заҳот”.

Тулки шукр айларди тинмасдан бу пайт:
“Бўридан сўнг чорламиш шер, хайрият! 3115

Бўридан олдин буюрса ўша он
Бўл дея, қолмасди бул жоним омон”.

Офаринким Унга, бизни даҳр аро
Айламиш олдингилардан сўнг бино.2

Токи ўтмиш аҳлига ул бесаноқ
Ҳақ жазосидан олайлик деб сабоқ.3

Токи ўтган бўрилар ҳолин кўриб,
Асранайлик тулкидай огоҳ бўлиб.

“Уммати марҳума”4 дер бизни, ахир,
Ҳақ Расули, ҳар баёнда беназир. 3120

Бўрилар пўст, сўнгагига бир назар
Ташлабон ибрат олинг эй, яхшилар!5

Бўлмас оқил ҳой-ҳавас, борлиққа қул,
Тингласа Фиръавну Однинг сўнгин ул.

Йўқса, ночор ҳолига ташлаб назар,
Олгай ул гумроҳдан ибрат ўзгалар.

—————————-
1 – “Бас, Биз улардан интиқом олдик. Энди у (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилгувчиларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринг!” (Қуръони карим, «Зухруф» сураси, 25-оят).

“Фантақамна минҳум” – “Биз улардан интиқом олдик”

2-3 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), аниқки, Биз Сиздан илгари ҳам пайғамбарларни ўз қавмларига юборганмиз. Бас, улар (қавмларига) аниқ-равшан ҳужжатлар келтирганлар. Сўнг Биз жиноят қилган (яъни ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган) кимсалардан интиқом олганмиз ва иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган”. (Қуръони карим, «Рум» сураси, 47-оят).

4 – “Дарҳақиқат, менинг умматим раҳм қилинган умматдир. Охиратда унга азоб йўқ. Унинг азоби бу дунёда – ўлдирмоқ, ваҳима, зилзила”. (Ҳадис).

“Уммати марҳума” – “Раҳм қилинган уммат”.

5 – “Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган сўз эмас, балки у ўзидан аввалги нарсаларни (яъни, самовий китобларни) тасдиқ этувчи, (унга) иймон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи Ҳидоят ва Раҳмат (бўлган бир Китобдир)”. (Қуръони карим, “Юсуф” сураси, 111-оят).

НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ЎЗ ҚАВМИГА: “ЭЙ, АДАШГАНЛАР, МЕН БИЛАН ТОРТИШМАНГЛАР, ЧУНКИ, МЕН БИЛАН ТОРТИШСАНГЛАР, МЕНДАГИ ХУДО БИЛАН ТОРТИШГАН БЎЛАСИЗЛАР” — ДЕБ ТАҲДИД ҚИЛГАНИ

Нуҳ деди: “Эй, аҳли шак, мен – мен эмас,
Жондан ўлдим, менга Жонон бўлса бас.1

Булбашар ҳаввосидан етмай хатар,
Бўлди Ҳақ менга қулоқ, идрок, назар.2 3125

Бул нафас Ҳудан, агар мен – мен эмас,3
Кофир ул, ким Қошида олгай нафас.4

Тулки шакли ичра шернинг жони бор,
Бўлма бундай тулкига қўрқмай дучор.

Сезмасанг гар кўрганинг чоғ гавдасин,
Сезмадингми ундаги шер наърасин?

Бўлмаса Нуҳда агар Ҳақдан жавоб,
Ул нечук дунёни айларди хароб?

Неча юз минг шер эди унда ниҳон,
Эрди ул оташ ва хирмон бул жаҳон. 3130

Бермагач хирмон улуш – ўндан бирин,
Сўнгра ул хирмонга сочди оташин.5

Бул ниҳон шер қошида ким беадаб
Бўридай ножўя сўзга очса лаб,

Бўридай ташларди шер улни бўғиб,
“Фантақамно минҳуму”6 ҳукмин ўқиб.

Бўридай шер дастидан қолмас омон,
Қўрқмаса шердан, у – тентак бегумон.

Кошки етса танга зарба ул замон,
Кўнгилу иймони қолсайди омон! 3135

Бунга етгач, кетди тандан куч-мадор,
Мен нечук айлай бу сирни ошкор?

Тулкидек камроқ тилаб енг гоҳида,
Тулкибозлик айламанг Даргоҳида.

“Биз” ва “мен”ни олдига бир-бир теринг,
Мулк Унинг Мулки эрур, Мулкин беринг.

Тўғри Йўлдан сиз юринг мисли фақир,
Шунда шер, шер ўлжаси ҳам сизгадир.

Чунки, Ул покдир ва поклик –Унга тож,
Унда йўқ пўст-мағзу кўркка эҳтиёж. 3140

Ҳар нечук ўлжа, карамлар, неки бор,
Бўлгай ул Шоҳ қулларин ризқи, нисор.

Шоҳда йўқ таъма, барин халққа берур,
Мулку бойлик, билса ким хушбахт эрур!

Улки мулк, икки жаҳонни қилди бор,
Мулку бойликка сира бўлгайми зор?

Дилни Ул пок олдида асранг омон,
То уялманг сўнг, қилиб шубҳа-гумон.7

Унга маълум барча излов, сир, хаёл,
Худди, пок сут ичра турган соч мисол.8 3145

Улки силлиқ, нақшидан айри бағир,
Барча ғайб нақши учун соф ойнадир.

Сирримизга бегумон кўнгил берур,
Чунки, мўмин кўзгуси мўмин эрур.9

Нақдимиз қўйса маҳакка ҳар сафар,
Шубҳадан ҳақни у дарҳол ажратар.

Нақд учун жони маҳак бўлгай қачон,
Қалбаки ҳам қалбни кўргай ул аён.11

—————————-
1 – “У деди: «Эй қавмим, албатта мен сизларни (юборилган) очиқ огоҳлантиргувчидирман. Оллоҳга ибодат қилинглар ва У Зотдан қўрқинглар ҳамда менга итоат этинглар”. (Қуръони карим, «Нуҳ» сураси, 2-3-оятлар).

2 – “Агар мен бандани яхши кўрсам, унинг эшитгувчи қулоғи, кўргувчи кўзи, тутгувчи қўли ва юргувчи оёғи бўламан”. (Ҳадис).

3 – “Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Оллоҳ томонидан Пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир”. (Қуръони карим, “Ва-н-нажм” сураси, 3-4-оятлар).

4 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Биз Сиздан аввалги пайғамбарларга Китоблар нозил қилганмиз). Шунингдек, Сизга ҳам Китоб – Қуръон нозил қилдик. Бас, Биз Китоб (яъни, Таврот ва Инжил) ато этган зотлар унга (яъни, Қуръонга) иймон келтирурлар. Ана у (Макка аҳли орасида ҳам) унга иймон келтирадиган кишилар бордир. Бизнинг оятларимизни фақат кофирларгина инкор қилур”. (Қуръони карим, “Анкабут” сураси, 47-оят).

5 – “Нуҳ айтди: “Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин”. (Қуръони карим, «Нуҳ» сураси, 26-оят).

6 – “Бас, Биз улардан интиқом олдик. Энди у (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилгувчиларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринг!” (Қуръони карим, «Зухруф» сураси, 25-оят).

“Фантақамно минҳуму” – “Биз улардан интиқом олдик”.

“Бас, Биз улардан интиқом олдик – оятларимизни ёлғон деганлари ва у (оят-мўъжизалардан) ғофил бўлиб олганликлари сабабли Биз уларни денгизга ғарқ қилдик”. (Қуръони карим, “Аъроф” сураси, 136-оят).

7 – “Ва Оллоҳ ҳақида (У Ўз Пайғамбарига ва мўминларга мадад – ғалаба бермайди, деб) ёмон гумон қилгувчи мунофиқ ва мунофиқаларни ҳамда мушрик ва мушрикаларни азоблаш (учун мўминларни уларга қарши жиҳод қилишга буюрди). Уларнинг устига ҳалокат балоси (тушгувчидир). Оллоҳ улардан дарғазаб бўлди, уларни лаънатлади ва улар учун жаҳаннамни тайёрлаб қўйди. Нақадар ёмон жойдир у!”. (Қуръони карим, “Фатҳ” сураси, 6-оят).

8 – “Огоҳ бўлингизким, албатта улар (кофирлар) Ундан сир тутиш учун дилларидаги (адоватлари)ни яширадилар.Огоҳ бўлсинларким, улар кийимларига ўраниб олган чоғларида ҳам (Оллоҳ) уларнинг яширган ва ошкор қилган нарсаларини билур. Дарҳақиқат, У Зот дилларни эгаллаган сирларни Билгувчидир. Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Оллоҳнинг зиммасидадир. У Зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-равшан Китобда бордир”. (Қуръони карим, “Ҳуд” сураси, 5-6-оятлар).

9 – “Мўмин мўминнинг кўзгусидир, мўмин мўминнинг биродаридир, ёддан чиққанини ёдга туширади, камчилигини қоплайди; моли, жони ва ор-номусини ҳимоя қилади”. (Ҳадис).

10 – “Эй мўминлар, агар Оллоҳдан қўрқсангизлар, У Зот сизлар учун (ҳақ билан ноҳақни) ажратадиган нарсани (яъни, Ҳақ Йўлга ҳидоятни ато) қилур ва ёмоник-гуноҳларингизни ўчириб, сизларни мағфират қилур. Оллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир”. (Қуръони карим, «Анфол» сураси, 29-оят).

КЎЗЛАРИНИ РАВШАН АЙЛАМОҚ МАҚСАДИДА, ПОДШОҲЛАР ДОНИШМАНД СЎФИЙЛАРНИ ЎЗЛАРИГА ЮЗМА-ЮЗ ҚИЛИБ ЎТҚАЗГАНИ

Бор эди шундай удум, шоҳларга хос,
Эслагин гар сен эшитгансан бироз: 3150

Чап томонда – паҳлавон, алплар қатор,
Чап томонда, чунки, дил топган қарор.

Ўнг томонда – котибу аҳли қалам,
Чунки, ўнг қўлда илм, қайд, нома ҳам.

Юзма-юз шоҳларга сўфийлар турар,
Жонга кўзгу, кўзгудан ҳам соф улар.

Дилга сайқал – фикру зикри ҳар нафас,
Токи этсин дилда поклик нақши акс.

Кимки насли покиза, солим эрур,
Олдида кўзгу қўйиш лозим эрур. 3155

Кўзгуга ой юз мудом маҳтал эрур,
Жон учун “тақва-л-қулуб”1 сайқал эрур.

———————————
1 – “(Иш) шудир. Ким Оллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур”. (Қуръони карим, «Ҳаж» сураси, 32-оят).

“Тақва-л-қулуб” – “Дилларнинг тақводорлиги”

ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ҲУЗУРИГА МЕҲМОН КЕЛГАНИ ВА ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМ УНДАН НОДИР ТУҲФА ВА АРМУҒОН ТАЛАБ ЭТГАНИ

Келди олисдан яқин дўст, меҳрибон,
Бўлди сўнг сиддиқ Юсуфга меҳмон.

Ёшлигиндан дўст каби келган суйиб,
Ошнолик ёстиғига бош қўйиб.

Оғаларнинг макри эсланди шу он,
Деди: “Бизлар – шер, улар – занжирсимон.1

Шерга занжир бўлмаган айб ҳеч қачон,
Қилмадик Ҳақ ҳукмидан арзу гумон. 3160

Бўлса ҳам занжирда шер банди, асир,
Барча занжирсоз учун бўлгай амир».

Деди: “Қандоқ эрди зиндон, чоҳ аро?”
Деди: “Ойнинг сўнгида ойдай адо”.

Янги ой кичрайса, букчайгай у пайт,
Оқибат тўлмасми осмон узра, айт?

Гарчи ўғир ичра дур янчилса ҳам,
Кўз, юракка нур бағишлар, муҳташам.2

Кўмсалар буғдойни гар ерга, бироқ,
Ундирарлар хокидан сўнгра бошоқ. 3165

Янчдилар донни тегирмонда чунон,
Ошди қадри, жонга ёр бўлганда нон.

Сўнгра тишлар остида янчилди нон,
Бўлди ҳар идроку ҳушга ақлу жон.

Ишқда ул жон ўзни маҳв этгай кейин,
“Юъжибуззурроъ”3 келар, бўлгач экин.

Ушбу сўзнинг сўнги йўқ, қайт, шубҳасиз,
То Юсуфга не деб айтмиш ул азиз.

Қиссасин сўйлаб деди сўнг: “Эй, фалон!
Бизга сен келтирдинг, айт, не армуғон?” 3170

Дўст уйига туҳфасиз келмоқ надир?
Ғалласиз бормоқ тегирмонга, ахир!”.

Ҳақ таоло халққа айтар Сўнгги Кун:
“Армуғон қайда тирилганлик учун?

Жиътумуно ва фуродо бенаво,
Сиз ўшалдирсиз халақнокум қазо.4

Хўш, надир келтирганингиз бегумон,
Бул Қиёмат кунга лойиқ армуғон?

Йўқмиди қайтмоқ умидиндан асар? 3175
Ёки бекорми бугундан ваъдалар?”

Ўзни меҳмон англамай эшшаксимон,
Элтасан тупроғу кул ундан бу ён.

Тонмасанг, дўстинг уйига сен бу дам,
Айт, нега бўш қўл билан қўйдинг қадам?

Сал тийил уйқу, емакдан бегумон,
Дўст ила учрашгали элт армуғон!

Бўл “қалилу-н-навми мимо яҳжаъун”,
Ҳамда тонг чоғинда бўл “ястағфирун”.5

Ҳомила янглиғ қимирла раҳм аро,
Токи нур кўргувчи ҳис бўлсин ато. 3180

Баччадон янглиғ жаҳондан сен келиб,
Йўртасан кенгликка, ердан интилиб.

Улки, “Оллоҳ ери кенг” дерлар чунон,
Анбиёнинг кенглигин деб қил гумон.6

Тормас ул кенгликда кўнгил эрта-кеч,
Тан ниҳоли қовжираб кетмайди ҳеч.

Ҳисларинг ҳаммолидирсан айни дам,
Бемадор, ҳорғин эрурсан, боши хам.

Сен агар ҳаммол эмас, юксан шу тоб,
Ухлагач, йитгай бутун чарчоқ, азоб. 3185

Англагин сен уйқунинг ҳолин у дам,
Авлиё ҳолин юкин наздинда таъм.

Авлиё асҳоби Каҳф, эй, терс одам!
“Ҳум руқуд”7 – тик, ўгирилган ҳолда ҳам.

Тортар ул овораликсиз ҳар сафар,
Ўнгу сўлга, лек, улар жим, бехабар.8

Не эрур ул ўнг тараф? Эзгу амал,
Чап тараф не? Тан ишидир ҳар маҳал.

Иккиси ҳам анбиёдан тарқалар,
Акс-садодай бехабар бўлгай алар. 3190

Бўлса яхши ё ёмон гар акс-садо,
Тоғлар ундан бехабардир мутлақо.

——————————
1 – “Мен нафсимни оқламайман. Чунки нафс – агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса – албатта ёмонликка буюргувчидир. Дарҳақиқат, Парвардигорим Мағфиратли, Меҳрибондир”. (Қуръони карим, «Юсуф» сураси, 53-оят).

2 – Туйилган дур кукуни қадимда кўз ва юрак касалликларини даволашда ишлатилган.

3 – “Мана шу (яъни, кофирларга қарши, мўминларга меҳрли бўлиш ва кўп намоз ўқиб, рукуъ-сажда қилиш) уларнинг Тавротдаги мисолларидир. (Яъни, Тавротда ҳам Оллоҳ таоло мўминларни мана шундай сифатлар билан сифатлагандир). Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса худди бир шохлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб, ўз новдасида тик турган, деҳқонларни лол қолдирадиган ўсимликка ухшайди. (Мўминларнинг аввал-бошда заиф-озчилик бўлишиб, кейин аста-секин кўпайиб, кучга тўлиб кетишлари Инжилда юқорида зикр қилинганидек, ўсимликка ўхшатилиши) улар сабабли кофирларни хафа қилиш учундир…” (Қуръони карим, «Фатҳ» сураси, 29-оят).

“Юъжибуззурроъ” – “Деҳқонларни лол қолдирадиган”

4 – “Мана, Бизнинг ҳузуримизга сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ёлғиз ҳолда келдингиз. Биз сизларга берган нарсаларимизни (яъни, мақтанадиган мол-дунёларингизни) ортингизда қолдирибсиз. Сизлар билан бирга ўзингизча Оллоҳга шерик деб гумон қилган қўлловчиларингизни ҳам кўрмаяпмиз. Ўрталарингиз узилиб қолибди. Ишониб юрган нарсаларингиз – бутларингиз сизлардан йўқ бўлибди!” (Қуръони карим, «Анъом» сураси, 94-оят).

“Жиътумуно ва фуродо” – “Шундай ёлғиз ҳолда келдингиз”.

“Халақнакум қазо” – “Сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак”

5 – “Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар. Ва саҳарларда улар (қилган саҳву хатолари учун Парвардигордан) мағфират сўрар эдилар”. (Қуръони карим, «Ваз-Зариёт» сураси, 17-18-оятлар).

“Қалилу-н-навми мимо яҳжаъун” – “Кам ухла, улар кам ухлар эдилар”

“Ястағфирун” – “Мағфират сўрайдиган”

6 – “Албатта (мусулмонлар билан бирга ҳижрат қилмасдан кофирлар қўл остида яшашга рози бўлиш билан) ўз жонларига жабр қилган кимсаларнинг жонларини олиш чоғида фаришталар уларга: “Қандай ҳолда яшадингиз?”, деганларида: “Биз бу ерда чорасиз бечоралар эдик”, дедилар. (Шунда фаришталар): “Ҳижрат қилсанглар Оллоҳнинг Ери кенг эди-ку?! (Нега дину иймонарингиз Йўлида бу юртдан ҳижрат қилмадинглар?)”, дейишди…” (Қуръони карим, “Нисо” сураси, 97-оят).

7-8 – “Уйқуда эканлар, (кўзлари очиқ бўлгани учун) сен уларни уйғоқ деб ўйларсан. Биз уларни (баданларидан ерга тегиб турган томони чириб кетмаслиги учун) ўнг томон, сўл томонга айлантириб турурмиз. Уларнинг итлари эса олди оёқларини остонага ёзиб турур. Агар уларнинг устидан чиқиб қолсанг (ва кўзлари очиқ ҳолда у ёндан-бу ёнга ағдарилиб ётганларини кўрсанг), уларнинг (аҳволидан) даҳшатга тушиб юз ўгириб қочган бўлур эдинг”. (Қуръони карим, «Каҳф» сураси, 18-оят).

“Хум руқуд” – “Улар уйқуга чўмганлар”.

ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ МЕҲМОНИ УНГА: “БИР КЎЗГУ КЕЛТИРДИМ, ҲАР ГАЛ КЎЗГУГА БОҚИБ, ГЎЗАЛ ЧЕҲРАНГНИ КЎРАСАН ВА МЕНИ ЭСЛАЙСАН” — ДЕГАНИ

Деди Юсуф: “Бер, қани ул армуғон?!”
Шунда меҳмон қимтиниб тортмиш фиғон.

Деди: “Сенга изладим совға чунон,
Ёқмади кўнглимга ҳеч бир армуғон.

Зар ушоғин конга элтай мен нечук?
Қатрани уммонга элтай мен нечук?

Жон-дилимни келтириш бу сен томон, –
Худди, Кирмонга зира элтгансимон.1 3195

Йўқ уруғ йўқдир бу омбор ичра, бас,
Тенги йўқ ҳуснингдан ўзга ҳар нафас.

Сенга битта кўзгуни билдим раво,
Унда кўнглим нури берсин то жило.

Унда акс этсин жамолинг нури ҳам,
Эй, қуёш – кўк узра нур ёйгувчи шам!

Эй, ёруғлик, кўзгу – сенга армуғон!
Эслагин, унда юзинг кўрган ҳамон”.

Қўйнидан кўзгу чиқармиш шул заҳот,
Кўзгудир гул чеҳраларга машғулот. 3200

Не бу борлик ойнаси? Йўқлик! Агар,
Соғ эсанг, йўқликни элтгин ҳар сафар.

Борни йўқда кўрсатиш мумкин мудом,
Бой фақирга кўрсатар мулкин мудом.

Нонга соф кўзгу топилмас оччалик,
Ёки чақмоқтош учун кўзгу – пилик.

Қайда йўқлик, нуқс агар бўлгусидир,
Барча касб эзгулигин кўзгусидир.

Гар тикилган бўлса кўйлак мос, етук,
Ул тикувчин санъати бўлгай нечук? 3205

Холимас поя бутоқ ҳам шохидин,
То дурадгор йўнсин ул шох-томирин.

Ҳар синиқчи боргуси ул жойга тез,
Қайда гар синган оёқ бордир у кез.

Қайда йўқ гар хасталик кўргувчи зот,
Санъатин айларми ошкор тиббиёт?

Хорлигу пастлик аёнмас мисда то,
Кўрсата олгай уни қай кимиё?

Нуқс эрур кўзгу камол васфи учун,
Зор, ҳақирлик – кўзгу шон аҳли учун. 3210

Чунки, зидни айлагай зид ошкор,
Сиркадан бўлгай асал пайдою бор.

Кимки ўз нуқсин таниб, кўргай аён,
Чопгуси ўн от билан авжи томон.

Зулжалолга елмаган ҳар ақли хом,
Ўзни комил деб гумон айлар мудом.

Энг ёмон иллат – дилинг ичра агар
Ўзни комил англамак, эй, ишвагар!

Кўзу кўнглинг бўлгуси қонларга ғарқ,
Сени то мафтулигинг этгунча тарк. 3215

Эрди Иблисда “ано хайрий”2 – мараз,
Барча махлуқ нафси бундан холимас.

Кўрсатар ўзни синиқ – то хор десак,
Сув юзи соф, лек, тубинда бор тезак.

Қалқитиб, айлар сени гар имтиҳон,
Сув тезак рангига киргай шул замон.

Сув тубинда, боқ, тезак бор, эй, йигит!
Соф кўрингай кўрганингда гарчи сирт.

Йўллагай зукко ва йўл билгувчи пир,
Нафси кулл боғинда ориқлар қазир. 3220

Ўз-ўзин покларми ориқ ҳеч маҳал?
Илмимиз Ҳақ илмидан олмиш амал.

Ҳеч қачон кесгайми тиғ ўз сопини?
Бор, қўяр жарроҳ ярангга дорини.

Ҳар яранг узра йиғилмиш пашшалар,
Кўрмасин жирканчлигин деб ҳеч назар.

Пашшалар – фикру хаёл, молинг эрур,
Ул яранг – зулматдаги ҳолинг эрур.

Қўйса пир малҳам ярангга, шул заҳот,
Сени тарк айлайди дард ҳам оҳу дод. 3225

То ишонмас, кетди деб иллат нари,
Товланар ул ерда малҳам нурлари.

Тортма бош малҳамдан, эй, иллатпараст!
Бил шифони шуъладан, ўздан эмас.

———————————
1 – Кирмон – Эрондаги шаҳар, қора зираси билан машҳур бўлган.

2 – “(Шунда Оллоҳ) деди: “Эй иблис, Мен Ўз Қўлларим билан яратган нарсага – Одамга сажда қилишдан нима сени манъ қилди?! Кибру ҳаво қилдингми, ёки сен (Одамга нисбатан) юксак мартабали зотлардан эдингми?!”. У айтди: “Мен ундан яхшироқман. Сен мени оловдан яратгансан, уни эса лойдан яратдинг”. (Қуръони карим, “Сод” сураси, 75-76-оятлар).

“Ано хайрий” – “Мен ундан яхшироқман”

ВАҲИЙ КОТИБИНИНГ, ВАҲИЙ ШУЪЛАСИ УНГА ТУШГАЧ: “МЕНГА ҲАМ ВАҲИЙ КЕЛДИ” ОЯТИНИ ПАЙFАМБАР САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМДАН ИЛГАРИ ЎҚИГАНИ ВА ШУ БОИС ДИНДАН ҚАЙТГАНИ

Котиб ўтган эрди Усмондан бурун,
Ул ваҳий-ла машғул эрди кеча-кун.

Айтса Пайғамбар ваҳийдан гар надир,
Шул заҳот ёзмиш вароққа бирма-бир.

Тушди унга ул ваҳийнинг шуъласи,
Етди гўё дилга ҳикмат муждаси. 3230

Айни шул ҳикматни айтганди Расул,
Бул насибдан йўлдан озди булфузул:

“Неки айтмиш ул Расулким, нурга ёр,
Ул ҳақиқатлар маним кўнглимда бор!”.

Фикридан тушгач Расулга шуъла сал,
Жонига Ҳақ қаҳри инмиш шу маҳал.

Чиқди ҳам котиблигу ҳам диндан у,
Бўлди ёв дин, Мустафога киндан у.

Мустафо дедики: “Эй, саркаш бало,
Шуълалик бўлсанг, нечун тортдинг қаро? 3235

Сен илоҳий чашма эрсанг, ҳеч қачон,
Лойқа сувни айламас эрдинг равон!”.

Бўлмасин шарманда деб ул-бул аро,
Шул заҳот ёпмиш унинг оғзин Худо.

Ич-ичиндан ўртанарди шул сабаб,
Тавба ҳам қилмасди ҳеч гоҳ, воажаб!

Фойдасиз оҳ чекди, тўкди ёшини,
Тиғ юлиб кетганди гўё бошини.

Этди Ҳақ номусни темир – неча пуд,
Қолди бул пинҳон кишанда не вужуд! 3240

Кибру куфри боғламиш йўлни чунон,
Ошкор оҳ тортмаги эрди гумон.

Деди: “Ағлолан фаҳум биҳ муқмаҳун”,1
Лек, эмас ташдан бизим занжир, тугун!

“Халфаҳум саддан фаағшайноҳуму”,
Олду ортдан кўрмагай занжирни у!2

Бор тўсиқлар чўл-биёбон рангидек,
Ул Қазо деворидир, билмайди, лек.

Шоҳидинг шоҳид юзига ғов эрур,
Муршидинг муршид сўзига ғов эрур. 3245

Кўп эрур куффорки, васвос дин аро,
Барча кибру номуси – занжирнамо.

Ёширин занжир темирдан ҳам ёмон,
Парчалар темирни болта бегумон.

Бўлса темирдан кишан, ечмоқ раво,
Йўқ эрур ғайб занжирига, лек, даво.

Ниш уриб чаққай ари кимни агар,
Таъби дарҳол даф этишга шайланар.

Борлиғингдан бўлса ниш захми, бироқ,
Ортадир дард, кетмагай сендан йироқ. 3250

Шарҳким бул, сиғдиролмас жону тан,
Лек, умидсиз этмасин деб қўрқаман.

Йўқ, умидсиз бўлма, ўзни шод қил,
Оҳларинг етгувчига фарёд қил:3

“Эй, мудом бизни кечирган, айла авф!
Эски иллатларни қилгич бартараф!”.4

Бўлди ҳикмат аксидан ул ҳоли танг,
Ўзни кўрма, то чиқарма гарду чанг.

Эй, биродар, сенга ҳикмат ёғди, бас,
Ул эрур абдолдану сендан эмас. 3255

Гарчи нурга тўлди кўнглинг кулбаси,
Қўшнидан тушгай у нурнинг шуъласи.

Шукр қил, сен алданиб кеккайма ҳеч,
Қилма худбинлик, қулоқ тут эрта-кеч.

Юз надоматким, бу янглиғ ҳар бало,
Қилди умматликдан умматни жудо!

Унга қулман, қайси уйда бўлмагай,
Ҳар таомга ўзни лойиқ кўрмагай.

Кўп эрур карвонсарой, тарк айла, тур,
Бир куни манзилга то етмоқ зарур. 3260

Аслимас – темир қизаргай қанчалик,
Ёғдуси – ўт олдирувчин лаҳзалик.

Нурга тўлса хона ёхуд дарчалар,
Бил, у нур ёлғиз қуёшдан тарқалар.

Ҳар эшик, девор дегай: “Менман ёруғ,
Менга мендан ўзга нур бергувчи йўқ!”.

Сўнг қуёш дер унга: “Эй, Ҳақдан нари!
Мен қачон ботсам, аён бўлгай бари!”.

Майсалар айтар: “Яшилмиз ўзимиз,
Шоду хандон порлагай юз-кўзимиз”. 3265

”Эй, тўда, огоҳ бўлингким, – дейди ёз, –
Ҳолингиз не, мен кетиб, келса аёз!”

Тан жамол-кўрки-ла мақтангай чунон,
Руҳ қанотин, шавкатин айлар ниҳон.

Деркан унга: “Кимсан, айт, эй, хору хас?
Сен маним нурим-ла борсан бир нафас.

Ноз-карашманг сиғмагай дунё аро,
Шошма, сендан мен чиқиб кетгунча то!

Гўр қазирди сенга ул ғамхўрларинг,
Ем қилар қурту чумолига танинг. 3270

Сассиғингдан бурнини четга бурар,
Сенга ўз жонин фидо қилгувчилар”.

Руҳ нуридир нутқу кўз бирлан қулоқ,
Сувда қайноқлик оловдан асли, боқ.

Ҳамда жонинг шуъласи бор тан аро,
Бўлмиш абдол шуъласи жонимга жо.

Жондаги жондан чекинса жон агар,
Англа, жон жонсиз жасадга айланар!

Ерга бош қўйгум, бунинг боиси шул,
Токи бўлсин бир гувоҳ, маҳшарда ул. 3275

“Зулзилат Зилзол”да маҳшар они, оҳ,
Ушбу ер ҳолларга бўлгуси гувоҳ.5

Ё “туҳаддис жаҳратан ахбор” аён,
Еру тошлар тилга киргай шул замон.6

Гар бу ўйни файласуф инкор қилур,
Унга айт: “Бошингни, бор, деворга ур!”.

Хоку сув, лой айлагайдир не баён,
Аҳли дил ҳисси билан бўлгай аён.7

Файласуф оҳ-зорни инкор қилгуси,8
Унга ётдир авлиё ҳис-туйғуси. 3280

Ул дегай: “Халқда жунундан ёғдулар,
Халқда пайдо айлагай хом орзулар”.

Айлабон куфру фасодин акси лол,
Айламиш ул шундайин мункир хаёл.

Файласуф шайтонни гар инкор этар,
Лаҳза ўтмай унга ўзни ёр этар.

Кўрмасанг шайтонни, кўр ўзни аён,
Бесабаб манглай кўкармас ҳеч қачон!

Тўлса кимнинг кўнглига шубҳа, гумон,
Бул жаҳонда файласуфдир ул ниҳон. 3285

Эътиқод қилгуси ул, лек, гоҳ-гоҳ,
Фалсафий томир юзин айлар қаро.

Гар у – сизда, мўъмин аҳли, алҳазар!
Сизда бордир чексиз олам қанчалар.

Сенда етмиш икки миллат жам турар,9
Воҳки, бир кун қўзғалар сендан улар!

Кимки ул иймонни деб қайғурса чин,
Ваҳмидан титрайди бир япроқдайин.

Иблису девдан куларсан шул заҳот,
Англамаслик-чун ўзингни эзгу зот. 3290

Кийса тўнин тескари жон гоҳ-гоҳ,
Айлагай дин аҳли қанча оҳу воҳ!

Бўлди шод дўкон аро ҳар зарсимон,
Чунки, эрди имтиҳон тоши ниҳон.

Пардамизни очма эй, Сатторимиз,
Бўл синовда қўллагувчи ёримиз!

Тунда зар бирлан баробар сохта зар,
Тоза зар кундузга зордир қанчалар.

Дейди зар ҳолнинг тили бирлан у тун:
“Шошма, эй, қаллоб, ёруғ бўлгунча кун!”. 3295

Неча юз минг йилки, шум Иблис лаъин,
Эрди абдолу амирулмўминин.

Қилди жанг Одам-ла, ноз айлаб чунон,
Бўлди расво тонгдаги тезаксимон.10

————————————-
1 – “Инна жаъална фи аънақиҳим ағлалан фаҳия илал ахқони фақумм муқмаҳун” – “Дарҳақиқат, Биз уларнинг бўйинларига то иякларигача (етадиган) кишанларни уриб қўйдик, бас, улар ғўдайиб қолдилар (яъни, улар Ҳаққа эгилмаслар)”. (Қуръони карим, «Ёсин» сураси, 8-оят).

2 – “Ва жаъална мим байни айдиҳим саддав ва мин халфиҳим саддан фа ағшайнаҳум фаҳум ла юбсирун” – “Ва Биз уларнинг олдиларидан бир тўсиқ-парда қилиб, уларни ўраб қўйдик. Бас, улар кўра олмаслар”. (Қуръони карим, «Ёсин» сураси, 9-оят).

3-4 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: “Оллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Оллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина Мағфиратли, Меҳрибондир”. (Қуръони карим, «Зумар» сураси, 53-оят).

5 – “Қачонки Ер ўзининг (энг даҳшатли) зилзиласи билан ларзага тушганда; Ва Ер (ўз бағридаги хазина-ю дафиналардан ва инсон жасадларидан иборат) «юк»ларини (юзага) чиқариб ташлаганида; Ва (ҳаётлик пайтида қайта тирилишни инкор қилгувчи ўлган) инсон (қайта тирилганидан даҳшатга тушиб: «Ерга) нима бўлди ўзи?», деб қолганида…” (Қуръони карим, «Залзала» сураси, 1-3-оятлар).

“Зулзилат Зилзол” – “Зилзиласи билан ларзага тушганда”

6 – “Ана Ўша Кунда (Ер), Парвардигорингиз унга ваҳий қил(иб, сўзлашга буюр)гани сабабли ўз хабарларини сўзлар!” (Қуръони карим, «Залзала» сураси, 4-5-оятлар).

“Туҳаддис жаҳратан ахбор” – “Ўз хабарларини сўйлар”.

7 – “Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот (Оллоҳни) поклар. Мавжуд бўлган барча нарса (Оллоҳга) ҳамду сано айтиш билан У Зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар) уларнинг тасбеҳ айтишларини – поклашларини англамассизлар. Дарҳақиқат, У ҳалим ва Мағфиратли Зотдир”. (Қуръони карим, «Ал-Исро» сураси, 44-оят).

8 – Олдинги байтлардаги ҳаннона (нола қилгувчи) устунга ишора.

9 – “Яҳудийлар етмиш бир фирқага, насоролар етмиш икки фирқага бўлиндилар”. (Ҳадис).

10 – Қуёш чиқиб, ҳаво исигач, сассиқ ҳиднинг атрофга тарқалиши кўзда тутилган.

БАЛЪАМ БОУР1НИНГ: “МУСО ВА УНИНГ ҚАВМИНИ УЛАР ҚУРШАБ ОЛГАН ШАҲАРДАН НОУМИД ҚАЙТАРГИН” — ДЕБ ДУО ҚИЛГАНИ ВА ДУОСИ ИЖОБАТ БЎЛГАНИ

Балъами Боурга ром эрди жаҳон,
Ул замон Ийсоси эрди бегумон.

Айлашарди ёлғиз унга саждани,
Афсуни солим этарди хастани.

Қилди жанг Мусо-ла, айлаб кибру кин,
Неки юз бермиш, эшитгайсан барин. 3300

Неча минг Иблису Балъамни жаҳон
Кўрди гоҳо ошкору гоҳ ниҳон.2

Иккисин донғин таратмишдир Илоҳ,
Бошқаларга то улар бўлсин гувоҳ.

Икки бул ўғрин баланд дорга илар,
Йўқса, қаҳр айларди бошқа ўғрилар.

Сўнг шаҳарга элтди боғлаб иккисин,
Кўп эди қурбони Ул қаҳру тиғин.3

Нозаниндирсан, бироқ, ҳаддингни бил,
Оллоҳ, Оллоҳ, бунча ҳаддан ошмагил. 3305

Этсанг ўздан нозанинга қасд агар,
Етти қат ер қаърида зор қақшатар.

Од, Самуднинг қиссаси бор не учун?
Анбиё нозик дидин токи тушун.

Хўрлигу таҳқиру чақмоқдан нишон,
Нотиқ ул Жон қурбидан айлар баён.

Қатл эт одам ҳаққи бор ҳайвонни сен,
Қатл эт ақлу ҳуш учун инсонни сен.

Ҳуш надир? Идрокли куллнинг ақлидек,
Жузв ақл идрок эрур, ожиз у, лек. 3310

Одамий боиски, не ёввойи бор,
Бўлмиш уй ҳайвонлари олдида хор.

Халқ улар қонин мудом қилгай талаб,
Чунки, ваҳшийдир, улуғ ақли сабаб.

Кетди ваҳший ҳурмати кўп пастлашиб,
Сўнгра одамга улар бўлмиш рақиб.

Иззатинг қолгайми ҳеч, эй, нодира!
Сен эсанг гар “ҳумурун мустанфира?”4

Наф учун эшшакни сўймоқлик – хато,
Бўлса гар ваҳший, уни сўймоқ – раво. 3315

Гарчи ул ваҳшийлик илминдан йироқ,
Дўст унинг узрин қабул қилмас, бироқ.

Баски, ул дамдан ёвуз одамда жон,
Эй, азиз, узри қабул бўлгай қачон?

Шубҳасиз, кофир хуни бўлмиш раво,
Найза, ўқ олдида бир ваҳшийнамо.

Бил, раво – фарзанду жуфтин қонлари,
Чунки, идроксиз, адашгандир бари.

Гар ақл қочгай Ақллар Ақлидан,
Ақл эмас, бўлгуси ҳайвон наслидан.5 3320

———————————
1 – Балъами Боур – Бани Исроил уламоларидан бири. Мустажаббуддаавот (дуоси Оллоҳ томонидан қабул қилинадиган) эди ва унинг қарғиши туфайли Мусо алайҳиссалом биёбонда қирқ кун тентираган. (“Ғиёсул-луғот”)

2 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), уларга (яҳудийларга) бир кимсанинг хабарини тиловат қилинг – у кимсага оятларимизни билдирган эдик. Бас, у ўша оятларимиздан четлангач (яъни, уларга амал қилмагач), уни шайтон эргаштириб кетиб, йўлдан озгувчилардан бўлиб қолди”. (Қуръони карим, «Аъроф» сураси, 175-оят).

3 – “(Чунки у Кунда) жиноятчи-осий кимсалар сиймо-белгиларидан танилиб, пешона ва оёқларидан олинурлар (ва жаҳаннамга отилурлар)!” (Қуръони карим, “Раҳмон” сураси, 41-оят).

4 – “Нега улар худди шердан қочган ёввойи эшакларга ўхшаб бу Эслатмадан – Қуръондан юз ўгиради-
лар-а?!” (Қуръони карим, «Муддассир» сураси, 49-51-оятлар).

“Ҳумурун мустанфира” – “Қочган ёввойи эшакларга ўхшаб”.

5 – “Аниқки, Биз жин ва инсдан кўпларни жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда чорвалардан ҳам) адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир”. (Қуръони карим, “Аъроф” сураси, 179-оят).

099

JALOLIDDIN RUMIY
MA’NAVIY MASNAVIY
Birinchi kitobdan to’qqizinchi parcha
Odil Ikrom tarjimasi
06

PIRLIK XISLATI VA UNGA ITOAT BAYONI

Kel, Ziyoulhaq Husomiddin,1 yaqin
Ol qog’oz, pir vasfidan so’ylay tag’in!

Garchi yo’q tolg’in taningda kuch-mador,
Lek, quyoshsiz bizga nur bo’lmaydi yor. 2935

Garchi sen qandil va billursan bu choq,
Ip uchi, dil ahliga boshsan, biroq.2

Ip uchi gar qo’ldadir, amring yetur,
Dildagi dur, shoda in’oming erur.

Rahnamo pir holidan yozgil, tamom,
Ulni bil Yo’l manbai, ergash mudom.

Pir agar yoz, xalq erur ul yoz aro,
Pir agar oy, xalq erur tunday qaro.

Keksa deb yosh baxtga nom berdimki, bas,
Keksadir Haqdan, bu ayyomdin emas. 2940

Shundayin pirdirki, avval, boshi yo’q,
Ul mislsiz dur, biror yo’ldoshi yo’q.

Eskirib, mayning kuchi ortar butun,
Ul sharob maxsus sharobdir “min ladun”.3

Tanla murshid, anglagin, pirsiz safar,
Keltirar ko’p ofatu qo’rquv xatar.

O’sha Yo’lkim, sen yurarsan necha bor
Rahnamosiz, ham erursan beqaror.

Qaysi yo’ldan yurmagan bo’lsang hanuz,
Yurma yolg’iz, rahnamodan burma yuz. 2945

Bo’lmasa ul soyasi, ey, benavo ,
Aylagay sarson, berib shayton sado.

Shaytanat yo’ldan urib, ko’rmish zarar
Ushbu yo’lda ne daho to sen qadar!

Tingla Qur’ondinki, qilmish xoru zor
Necha gumrohlarni Iblis nobakor.

Qildi, boshlab xo’rligu kulfat sari,
To’g’ri Yo’ldan necha ming yillar nari.4

Ko’r suyak, sochin ularning, erta-kech,
Ibrat ol, burma eshak ul yonga hech! 5 2950

Bur eshakni To’g’ri Yo’lga begumon,
Rahnamo, Haq yo’lga yo’llovchi tomon.

Mahkam ushla, berma unga ixtiyor,
Jalb etar eshshakni ko’m-ko’k maysazor.

Qo’yvorib, g’aflatda qolsang nogahon,
Necha farsang6 ketgusi o’tloq tomon.

Bil, eshak – Yo’l yovi, mast aylab xashak,
Ne eshakka qulni etmish bedarak!

Bilmasang Yo’lni, eshak yurgay qayon,
Teskari yur, To’g’ri Yo’l shul begumon. 2955

“Shoviru hunna” va so’ngra “xolifu”,
“Inna man lam ya’sihinna tolifu”.7

Hirsu orzularga buncha bo’lma qul,
Bil “yuzilluk an sabililloh”dir ul.8

Sindirar nafsingni bul olam aro,
Senga hamroh soyasi bo’lgach panoh.

—————————-
1 — Ziyoulhaq Husomiddin – Mavlononing kotibi Shayx Husomiddin Chalabiy.

2 – “Olloh osmonlar va Yerning nuridir (ya’ni, ularning barchasini yoritib, ko’zga ko’rsatib – yo’qdan bor qilib turguchidir). U Zot nurining (mo’min banda qalbidagi) misoli xuddi bir tokcha, uning ustida bir chiroq, bu chiroq bir shisha ichida, u shisha go’yo bir dur yulduzga o’xshaydi…” (Qur’oni karim, «Nur» surasi, 35-oyat).

3 – “Bas, bandalarimizdan bir bandani topdilarki, Biz unga O’z dargohimizdan rahmat (ya’ni, payg’ambarlik) ato etgan va O’z huzurimizdan ilm bergan edik”. (Qur’oni karim, «Kahf» surasi, 65-oyat).

“Min ladun” – “Olloh huzuridan berilgan ilm”

4 – “Ayting: “Ollohdan o’zga, bizga foyda ham, ziyon ham keltirmaydigan narsaga duo-iltijo qilamizmi va Olloh bizni hidoyat qilganidan so’ng yana ortimizga (dinsizlikka) qaytarilamizmi? Xuddi jinlar chalib lol-hayron holda (noma’lum) yerga olib ketgan va do’stlari: “Kel”, deb hidoyatga chorlayotgan (ammo do’stlarining bu da’vatlariga quloq solmayotgan) kimsaga o’xshab-a?” Ayting. “Ollohning Yo’ligina To’g’ri Yo’ldir. Biz barcha olamlar Parvardigoriga bo’yinsunishga ma’murmiz (amr etilganmiz)”. (Qur’oni karim, “An’om” surasi, 71-oyat).

5 – “Bas, Yer yuzida sayru sayohat qilib, (o’z payg’ambarlarini) yolg’onchi qilgan kimsalarning oqibatlari qanday bo’lganini ko’ringlar”. (Qur’oni karim, «Nahl» surasi, 36-oyat).

6 – Farsang – muayyan bir masofa, taxminan 6 km.ga teng keladi.

7 – “Xotinlar bilan maslahat qil, so’ng teskarisini qil. Darhaqiqat, kim xotinlar maslahatiga kirsa, (itoat qilsa) talafot ko’radi”. (Hadis).

8 – “Ey Dovud, darhaqiqat, Biz seni Yerda (o’zingdan avval o’tgan payg’ambarlarga o’rinbosar) xalifa qildik. Bas, sen odamlar orasida haq (hukm) bilan hukm qilgin va (nafs) xohishiga ergashib ketmagin! Aks holda u seni Ollohning Yo’lidan ozdirur. Albatta Olloh Yo’lidan ozadigan kimsalar uchun hisob-kitob Kunini (ya’ni, Qiyomatni) unutib qo’yganlari sababli qattiq azob bordir” (Qur’oni karim, «Sod» surasi, 26-
oyat).

“Yuzilluk an sabililloh” – “Seni Ollohning Yo’lidan ozdirur”

PAYG’AMBAR SALLALLOHU ALAYHI VA SALLAMNING ALI KARAMALLOHU VAJHAHUGA: “HAR KIM HAQQA O’Z TOATI TARZI BILAN YAQINLASHMOQ ISTAYDI, SEN OQIL VA XOS  BANDALAR  SUHBATI ORQALI HAQQA YAQINLASHGIN, TOKI, HAMMADAN PESHQADAMROQ BO’LGIN” — DEB VASIYAT QILGANI1

Dedi Payg’ambar Aliga: «Ey, Ali!
Pahlavon, Haq sheridirsan, dolg’ali.

Lek, ishonma sherligingga har qachon,
Sen umidning soyasinda saqla jon. 2960

Bil panoh har bitta oqil soyasin,
Toki hech kim o’zga yo’lga solmasin.

Soyasi – Qof tog’iday, yerda panoh,
Ruhi Simurg’day kezar osmon aro.

To qiyomatga qadar etgay davom,
So’ylasam madhin uning, bo’lmas tamom.

Odamiy zotda nihon bul oftob,
Anglagin, “vallohu a’lam bi-s-savob”.2

Ey, Ali, toat Yo’li ichra asil,
Xosu xos Haq soyasin sen tanlagil. 2965

Kim itoatlar tomon burgay yuzin,
Uyg’otar o’zda xaloslik tuyg’usin.

Talpin oqil soyasiga kecha-kun,
Ichqaro yovdan xalos bo’lmoq uchun.

Bor itoat ko’rki bul toatda jam,
Peshqadamdan ham bo’larsan peshqadam.

Pirga bo’l taslim, qabul qilganda to,
Ul Xizr hukminda bo’lgandek Muso.3

Qil, Xizr ne qilsa toqat beriyo,
Aytmasin toki Xizr: “Ket, alvido!”. 4 2970

Kemani sindirsa ham, jim tur u dam,5
Yulmagin soch, gar go’dakni so’ysa ham.6

Ul qo’lin Haq o’z qo’liday his etur
To “yadullah favqa aydihim” erur.7

Haq qo’li o’ldirganin ham bor etar,
Ne tiriltmoq, jonini poydor etar!

Kimki tanho topdi bul Yo’lda qaror,
Topdi pirlar himmati bois baror.

Pir qo’li g’ayb ahli-chun hech kaltamas,
Pir qo’li – Haq changali, jo’n panjamas. 2975

Baski, g’oyiblarga buncha hadyalar,
Hozir o’lganlarga afzal qanchalar.

Baski, g’oyiblarga shuncha rizqu non,
Aylashar mehmonga nechog’ armug’on?!

Qayda ul, Shoh oldida xizmatga shay,
Ulki, eshik ortida turguvchiday?

Ko’ngli nozik bo’lmagin, pir tanlasang,
Bo’lma suv, loyday suyuq, lanju tajang.

Qo’zg’asa har zarb dilingda kek-g’ubor,
Ayt, axir, sayqalsiz oyna qayda bor? 2980

———————————-
1 – “Ey, Ali, agar odamlar Haqqa itoat eshigi orqali yaqinlashishga yo’l axtarsa, sen Haqqa aqlu idrok bilan yaqinlashish yo’lini axtar. Shunda sen maqomda ham, oxiratda ham Olloh oldida hammadan peshqadam bo’lgaysan”. (Hadis).

2 – “Vallohu a’lam bi-s-savob” – “Olloh savob(Haq)ni bilguvchi Donodir”.

3 – “U (Xizir) aytdi: “Bas, agar menga ergashsang, to o’zim senga aytmagunimcha biron narsa haqida mendan so’ramagin!”. (Qur’oni karim, «Kahf» surasi, 70-oyat).

4 – “U(Xizir) aytdi: “Mana shu sen bilan mening ajralishimizdir. Endi men seni sabr qilishga toqating yetmagan narsalarning ta’vili (sharhi)dan ogoh qilurman”. (Qur’oni karim, «Kahf» surasi, 78-oyat).

5 – “Bas, ikkov yo’lga tushdilar. To borib bir kemaga minishlari bilan (Xizir kemani) teshib qo’ydi. (Muso) aytdi: “Uni (bizga kemalaridan joy bergan) odamlarni g’arq qilish uchun teshdingmi? Juda dahshatli ish qildingku?!” (Qur’oni karim, “Kahf” surasi, 70-oyat).

6 – “So’ng yana yo’lga tushdilar. To borib bir bolaga ro’baro’ bo’lganlarida, (Xizir) uni o’ldirdi. (Buni ko’rgan Muso) dedi: “Birovni (o’ldirmagan) bir begunoh jonni nohaq o’ldirding-a?! Darhaqiqat, (sen) buzuq ish qilding!”. (Qur’oni karim, “Kahf” surasi, 74-oyat).

7 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), darhaqiqat, Sizga bay’at-qasamyod qiladigan zotlar hech shak-shubhasiz, Ollohga bay’at qilurlar — Ollohning Qo’li ularning qo’llari ustida bo’lur. Endi kim (o’z qasamyodini) buzsa, bas, u faqat o’z ziyoniga buzur. Va kim Olloh bilan ahd-paymon qilgan narsasiga vafo qilsa, u holda (Olloh) unga ulug’ ajr-mukofot ato etur”. (Qur’oni karim, «Fath» surasi, 10-oyat).

“Yadullah favqa aydihim” – “Ollohning Qo’li ularning qo’llari ustida bo’lur”

BIR QAZVINLIK KISHI YELKASIGA SHER SUVRATINI CHIZDIRGANI, IGNA ZAXMIDAN UNGA OZOR YETIB, SO’NG PUSHAYMON BO’LGANI

Bir hikoyat tingla izhor ahlidan,
Qazviniylar odati ham tarzidan.

Qo’l, badan ham yelka uzra har safar
Igna sanchib naqsh o’yardi bezarar.

Qazviniy naqqoshga uchrab bir mahal
Dedi: “Jismim uzra suvrat sol go’zal”.

Dedi: “Ey, alp, naqsh etay qanday shakl?”
Dedi: “Bir sher chiz yovuzu badjahl.

Sher erur burjim, uni naqsh aylagin,
Ayla jahd, ko’k rangni ko’proq chaplagin”. 2985

Dedi: “Ayt, qayga solay sher aksini?”,
Dedi: “Sol yelkamga sherning rasmini”.

Shunda usta ignasin sanchgan hamon,
Qo’zg’alib dard, yelkadan qurmish makon.

Pahlavon ingrardi: “Ey, oliyjanob!
Ul nechuk naqsh? Aylading holim xarob!”.

Dedi: “Sher shaklin buyurding-ku, axir!”,
Dedi: “Ayt, sen boshlagan a’zo nadir?”.

Dedi: “Dum qismin tilishdan boshladim”,
Dedi: “Qo’y dumni, tamomdir toqatim! 2990

Sher dumi bo’g’zimdan oldi, endi bas,
Quyrug’i oldirgani qo’ymas nafas.

Sherni dumsiz ayla naqsh, ey, sheryasar!
Ignaning ozoridan ko’nglim ozar”.

Boshqa qismin chizgali chekmish zaxm,
Aylamay shafqat, muroso ham rahm.

Soldi dod: “Qay qismi bul?” – deb qazviniy,
Dedi: “Bul sherning qulog’i, ey, zakiy”.

Dedi: “Sher bo’lsin quloqsiz, ey, hakim!
Qo’y quloqni, kalta qil, aylab rahm”. 2995

Sanchdi xodim boshqa joyga ignasin,
Qazviniy ingrab, fig’on tortmish tag’in:

“Bul uchinchi naqsh erur qay qismi, ayt?”
Dedi: “Sher qorniga gal yetmish bu payt”.

Dedi: “Qo’y, sherni qorindan qil xalos!
Ortdi dard, zaxmingni kam ayla biroz!”.

Soldi ko’p hayratga xodimni bu hol,
Tishlamish barmog’ini, qolgancha lol.

Otdi xodim ignasin, aylab g’azab:
“Bormi olam ichra bul yanglig’ talab? 3000

Bormi sher bosh dum, qorinsiz mutlaqo?
Shundayin sherni yaratganmi Xudo?”

Ey, birodar, botsa nish, sabr et biroz,
O’tparast nafs zaxmidan to bo’l xalos.

Ul guruhkim, jismidan bo’lmish judo,
Oy, quyosh, osmon etar ta’zim bajo.

O’tparast nafsin agar o’ldirsa kim,
Amriga oftob, bulut bosh egdi jim.

Bilsa sham yoqmoqni qay dil, qaysi jon,
Ulni oftob kuydirolmas hech qachon. 3005

Porlagich oftobni Haq zikr etdikim,
Dedi: “Tazzovar kazo an kahfihim”.1

Bo’lgusi butkul tikon xush, misli gul,
Kull tomon borguvchi juzv oldida ul.

Ne erur Haqni ulug’vor aylamoq?
O’zni xoru xoksor deb anglamoq.

Haq taolo tavhidin bilmoq nedur?
O’zni Vohid oldida yoqmoq erur.

Kundayin porlab, jilo sochmoq uchun,
Tunsimon o’z borlig’ing yondir butun. 3010

Borlig’ing Ul borlig’inda ayla his,
Sen erit, kimyo ichinda, xuddi, mis.

“Men”u “Biz”ni ikki qo’llab tutma hech,
“Ikki borlik”dir halokat erta-kech.

———————————
1 – “Quyosh – chiqishda ularning g’orlaridan o’ng tarafdan o’tib ketganini, botishda esa ularning so’l tomonga yiroqlashib ketganini (chiqishda ham, botishda ham ularni qizdirib, uyqu-oromlarini buzmaganini), ular esa (g’or)ning to’rida ekanliklarini ko’rursan. Bu ham Ollohning oyat-mo»jizalaridan (biridir). Kimni Olloh hidoyat qilsa, bas, o’shagina hidoyat topguvchidir. Kimni yo’ldan ozdirsa, bas, uning uchun biron To’g’ri Yo’lga yo’llaguvchi do’st topa olmassan”. (Qur’oni karim, «Kahf» surasi, 17-oyat).

“Tazzovar kazo an kahfihim” – “Quyosh ularning g’orlaridan og’ib ketdi”.

BO’RI BILAN TULKINING SHERGA XIZMAT YUZASIDAN OVGA CHIQQANI

Bo’ri, tulki, sher qilib o’lja talab,
Ov uchun yo’l oldilar toqqa qarab.

Toki qo’llab bir-birovin chog’lasin,
O’ljalarga domni mahkam bog’lasin,

To uchov birga kezib sahroyu cho’l,
O’lja tutsinlar ajoyib, mo’lu ko’l. 3015

Garchi sherga or edi bul ittifoq,
Bo’ldi hamroh iltifot aylab, biroq.

Yetsa ham bul shohga lashkar zahmati,
Bo’ldi hamroh, bor – jamoat rahmati.1

Or etar yulduzdan oy, lek, doimo,
Himmat aylab, qoldi yulduzlar aro.

Amri “shovirhum”2 Rasulga bo’ldi yor,
Garchi yo’qdir ul qaroriday qaror.

Arpa mezonda sherikdir zar bilan,
Teng emas, lek, zar kabi, gavhar bilan. 3020

Ayla tanga jonni hamroh deb faraz,
Xuddi, it dargohga soqchi bir nafas.3

Tog’ tomon yetmish jamoat ham chunon,
Sher bilan birga solib shovqin-suron,

Ovlab echki, to’ng’izu semiz quyon,
Ishlari oldinga yurmish nogahon.

Jang-jadalda ergashar gar sherga kim,
Kecha ham kunduz kabob yer betinim.

Eltdilar tog’dan barin o’rmon sari,
Qontalash, majruh, o’lik erdi bari. 3025

Bo’ri va tulki tama’ aylardi xom:
“Aql ila taqsim qilar shohlar mudom”.

Sherda aks etdi ularning ta’masi,
Anglamish, ta’ma – tayanchin sharpasi.

Kimki asror sheridir yoxud amir,
Anglagay qalb ichra bordir neki sir.

Asragin, ey, fikri g’ij-g’ij boshida,
Dilni badbin o’ydan, Ulning qoshida.4

Bilsa ham, eshshakni jim haydab ketar,
Ul kulib yuzga, yuzin pinhon etar. 3030

Sher ular tahlikasin sezmish u choq,
Poylamish payt, oshkor aytmay, biroq.

Derdi, ammo, o’zicha: “Bergum jazo,
Sizga, ey, ziqna gadolar, benavo!

Yoqmagaymi mendagi fikru qarash?
Ne gumon bul, etganingiz menga baxsh?!

Ey, qaror, aqli – qarorim ichra jam,
Bul jahon ehsonidan ko’rku hasham.

Ne fikr ham bildirar naqqoshga naqsh?
Neki bor naqsh uzra, naqqosh qildi baxsh. 3035

Jo’n, tuban shubha-gumonlar bul qadar
Bormidi, ey, davr aro sharmandalar!

“Zonina billahi zanna-s-su’ro”,5
Uzmasam boshin agar, bo’lgay xato.

Qutqaray sharmandalikdan charxni to,
Ushbu doston qolgusi olam aro”.

Sher kulardi shul xayoli birla ham,
Kulsa gar sher, ehtiyot bo’l har qadam.

Barcha olam moli – Haq kulgusidek,
Bizni mag’rur, mast, yaroqsiz qildi, lek. 6 3040

Faqr-azobga, ey, dalil, boqqin kulib,
So’ng tabassum domini tashlar yulib.7

—————————
1 – “Jamoat rahmatdir, tafriqa (ajralish) azobdir”. (Hadis).

2 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), Olloh tomonidan bo’lgan bir marhamat sababli ularga (sahobalaringizga) yumshoq so’zli bo’ldingiz. Agar qo’pol, qattiqdil bo’lganingizda edi, albatta ular atrofingizdan tarqalib ketgan bo’lar edilar. Bas, ularni avf eting, ular uchun Ollohdan mag’firat so’rang va ishlaringizda ularga maslahat soling! Endi (maslahat qilgach, biron ishni) qasd qilsangiz, Ollohga tavakkal qiling – suyaning! Albatta Olloh O’ziga tavakkal qilguvchilarni sevadi”. (Qur’oni karim, «Ol-i-Imron» surasi, 159-oyat).

“Shovirhum” – “Ularga maslahat soling”.

3 – “Uyquda ekanlar, (ko’zlari ochiq bo’lgani uchun) sen ularni uyg’oq deb o’ylarsan. Biz ularni (badanlaridan yerga tegib turgan tomoni chirib ketmasligi uchun) o’ng tomon, so’l tomonga aylantirib tururmiz. Ularning itlari esa oldi oyoqlarini ostonaga yozib turur. Agar ularning ustidan chiqib qolsang (va ko’zlari ochiq holda u yondan-bu yonga ag’darilib yotganlarini ko’rsang), ularning (ahvolidan) dahshatga tushib yuz o’girib qochgan bo’lur eding”. (Qur’oni karim, «Kahf» surasi, 18-oyat).

4 – “Samovot va Yerdagi bor narsa Ollohnikidir. Ichingizdagi narsani xoh oshkor qiling, xoh yashiring, Olloh sizlarni o’sha narsa bilan hisob-kitob qiladi va O’zi istagan kishini mag’firat qilib, O’zi istagan kishini azoblaydi. Olloh hamma narsaga Qodirdir”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 284-oyat).

5 – “Va Olloh haqida (U O’z Payg’ambariga va mo’minlarga madad – g’alaba bermaydi, deb) yomon gumon qilguvchi munofiq va munofiqalarni hamda mushrik va mushrikalarni azoblash (uchun
mo’minlarni ularga qarshi jihod qilishga buyurdi). Ularning ustiga halokat balosi (tushguvchidir). Olloh ulardan darg’azab bo’ldi, ularni la’natladi va ular uchun jahannamni tayyorlab qo’ydi. Naqadar yomon joydir u!” (Qur’oni karim, «Fath»
surasi, 6-oyat).

“Zonina billahi zanna-s-su’ro” – “Va Olloh haqida yomon gumon qilguvchi”

6 – “Kufr yo’lini tutgan kimsalar ularga bergan muhlatimizni zinhor o’zlari uchun yaxshilik deb hisoblamasinlar! Balki Biz ularga faqat gunohlarini ziyoda qilishlari uchungina muhlat beramiz. Ular uchun xor qilguvchi azob bordir”. (Qur’oni karim, «Ol-i-Imron» surasi, 178-oyat).

7 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), ma’lumki, Sizdan avvalgi millatlarga ham elchilar yuborganmiz. (Elchilarimizni ular yolg’onchi qilishgan), shoyad tavba-tazarru’ qilsalar, deb ularni balo va ziyonlar bilan ushlaganmiz”. (Qur’oni karim, «An’om» surasi, 42-oyat).

“Bizning baloyimiz yetganda ham tazarru’ qilmadilarmi?! (Albatta tavba-tazarru’ qilishlari lozim edi), lekin ularning dillari qotib qolgan va shayton ularga o’zlari qilib yurgan ishlarini chiroyli ko’rsatib qo’ygandir”. (Qur’oni karim, «An’om» surasi, 43-oyat).

SHER BO’RINI SINAB KO’RISH MAQSADIDA: “EY, BO’RI, KEL, OLDINGA O’TIB, O’LJALARNI HAMMAMIZGA TAQSIMLAB BER” — DEGANI

Dedi sher: “Ey, bo’ri, kelgin, o’lja bo’l,
Ey, qarimsiq, adl ila ur bunga qo’l!

Taqsimotda noibim bo’l, kel buyon,
Toki asling, gavharing bo’lsin ayon”.

Dedi: “Ey, shoh, ol, bu to’ng’iz sengadur,
Sen – yirik, ul ham yirik, semiz erur.

O’rtahol echki manim bo’lsin, chunon
To’g’ri bo’lgay, tulkiga tegsa quyon”. 3045

Dedi sher: “Ey, bo’ri, qaytar, ne deding?
Bunda men turganda, nedir “biz”, “sen”ing?

Qanday itsan, buncha deysan men–men,
Mendayin sher, tengi yo’q oldida sen!

Beri kel, eshshak, o’zingdan ko’r!” — debon,
Bo’rini sher tashlamish yirtib shu on.

To’g’ri tadbir topmagach, sher bexato,
Bo’rining po’stin shilib, bermish jazo.

Dedi: “Ko’rmay meni, bilding o’zni bor,
Bundayin jon o’lgusidir zoru zor! 3050

Bo’lmagach qarshimda sen foniy, xarob,
Sendayinlar boshini uzmoq – savob!”.

Ul Yuzi bor, “kullu shay’in holikun”,
Ul Yuzinda yo’q esang, yo’qsan butun.1

Kimki Bizning Yuzda topgay gar fano,
“Kullu shay’in holikun” bo’lmas jazo.2

Chunki, ul “illo”dadir, “lo”dan judo,
Kim agar “illo”dadir, bo’lmas fano.3

Kim qoqib Ul eshigin, “men”, “biz” deyur,
Haydalib eshikka, “lo”da aylanur. 3055
——————————
1-2 – “Olloh bilan birga boshqa biron «iloh»ga iltijo qilmang! Hech qanday iloh yo’q, magar Uning O’zigina bordir. Barcha narsa halok bo’lguvchidir, magar Uning Yuzi – O’zigina (mangudir), Hukm Uning (Hukmidir). Va (barchalaringiz) Yolg’iz Unga qaytarilursizlar”. (Qur’oni karim, «Qasas» surasi, 88-oyat).

“Kullu shay’in holikun” – “Barcha narsa halok bo’lguvchidir”.

3 – “Illo” – O’zga”

“Lo” – “emas”, ya’ni, kim agar Ollohdan o’zga Iloh yo’qligiga iymon keltirsa.

BIR KISHI DO’ST ESHIGINI TAQILLATGANDA, ICHKARIDAGI KISHI: “KIM U?” — DEB SO’RAGANI, ESHIK QOQQAN KISHI: “MEN” — DEB JAVOB BERGACH, ICHKARIDAGI KISHI: “SEN AGAR “SEN”
BO’LSANG, ESHIGIMNI OCHMAYMAN, CHUNKI, DO’STLARIM ICHRA “MEN” BO’LGAN BIROR KIMSANI TANIMAYMAN, BOR, JO’NA!” — DEB JAVOB BERGANI QISSASI

Bir kishi do’st eshigin qoqmish shu payt,
So’rdi do’sti: “Ey, ishonchli, kimsan, ayt?”.

Dedi: “Men”. Dedi: “Jo’na tez, paytimas,
Bundayin xomlar bu joy fayzi emas!”.

Xomni hijron otashidan o’zga, ayt,
Kim pishirgay? Kim riyodan deydi: “Qayt?!”

Necha yil ul notavon qilmish safar,
Do’st firog’in o’ti o’rtab qanchalar.

Pishdi, yongach o’t aro, kelmish tag’in,
Do’st uyin atrofida kezmish tag’in. 3060

Qoqdi do’stning eshigin qo’rqib-pisib,
Noravo gapdan tilin mahkam tiyib.

“Kim eshik qoqmoqda?”. Do’st bermish sado,
Dedi: “Bul sensan, o’zing, ey, dilrabo!”

Dedi: “Ey, “men”, “men”esang, kel, endi kir!
Ikki “men” bir xonaga sig’mas, axir”.

Ikki ip bir ignaga bormas kirib,
Ignadan o’tgin, agar sen – bitta ip.

Ignaga ip mosligi – chin hodisot,
Tevaga kelmaydi mos “sammu-l-xiyot”. 1 3065

Teva jismi ozgusidir qay mahal
Bo’lsa qaychi yo riyozat, yo amal.

Haq yo’li lozimdir unga, ey, falon,
Ul erur har bir maholga “kun fakon”.2

Haq qo’lindan har mahol mumkin bo’lar,
Har o’jar Ul vahmidan sokin bo’lar.

Ko’r, moxov ul yoqda tursin, murda ham,
Jonlanar, sehr aylagach Ul muhtaram.3

Garchi yo’qlik murdadan jonsiz erur,
Ul Ijodkor nazdida ojiz erur. 3070

“Kulla yavmin huva fy sha’nin”ni bil,
Ulni ishsiz ham amalsiz bilmagil.4

Ul ishin eng kamtari – har kun ravon
Aylar uch lashkarni bizlarga tomon:

Pushtkamardan gar qo’shin – ona tomon,
Bachadonda kurtak otsin toki jon.5

Bachadondan gar qo’shin – qo’nalg’a yer,
Toki to’lsin dun aro urg’ochi er.6

Ersa xokdan gar qo’shin – uqbo sari,
Toki Ul ish, himmatin ko’rsin bari. 7 3075

Ushbu so’zning so’ngi yo’q, talpin chunon,
Ikki pok ham beg’araz do’stlar tomon.

Dedi do’sti: “Kirgin, ey, sen, bori – “men”,
Gul-tikonday bog’da, zidmas “men”u “sen”.

Bitta bo’lmish ip, adashma har safar
Gar ko’ringay “kof”u “nun” ikki nafar!8

“Kofu nun” jazb aylagich sirtmoqsimon,9
Tortsin ul yo’qlikni to borlik tomon.

Qo’sh ko’rinsin unda sirtmoq har biri,
Garchi bir bo’lgay ikovning ta’siri. 3080

Xoh juft xoh to’rt oyoq-la yo’l kezar,
Qaychiday ikki tomon birga kesar.

Ikki kir yuvg’uvchi hamkorlarga boq:
Tashqi o’xshashlik ularda yo’q, biroq.

Bittasi bo’zni yuvar, ketguncha kir,
Sherigi bo’zni quritgay birma-bir.

Qup-quruq bo’zni biri ho’llar tag’in,
Do’stiga zid, qarshi ish qilgandayin.

Bir-birin ziddi misol ikki nafar,
Aslida ko’ngil, ishi – bir har safar. 3085

Har nabiy, har bir valiy o’z yo’li bor,
Bir bo’lib topgay bari Haqda qaror.

Uyqu tinglovchi hushing eltgay agar,
Suv tegirmon toshlarin eltmish badar.

Suv oqar bunda tegirmondan baland,
Gar tegirmonda oqar – siz bahramand.

Sizda un tortmoqqa hojat yo’q agar,
Suvni asl anhorga burgay har safar.

Nutq aro til ta’limi topmish qaror,
Yo’qsa, ul so’ylovchin o’zga soyi bor. 3090

Oqqusi takrorsiz, unsiz har safar,
“Tahtaha-l-anhor”10dan ul gulzor qadar.

Ey, Xudo, ber jonga shunday bir maqom,
Jonda unsin toki harfsiz har kalom.

Aylasin bor qo’l-oyog’i birla to
Beg’ubor jon beadad yo’qlik aro:

Behudud kenglik va besarhad fazo
Topsin undan bul xayol, borlik navo.

Keldi yo’qlikdan xayol tor, ne ajab,
Shul sabab, bo’lgay xayol g’amga sabab. 3095

Erdi borlikdan ko’ra kengroq xayol,
Shul sabab, oy bo’lgusi unda hilol.

Hissu ranglar olami ham birma-bir
Keldi tor, erdi u tor zindon, axir.

Barcha torlikka sabab – tarkib, sanoq,
Talpinar tarkib tomon hislar, biroq.

Angla Tavhid olamin hisdan nari,
Istasang “bir”likni, borgin Ul sari.

Erdi “kun” amri amal, ul “nunu kof”,
So’zga aylanganda ma’ni bo’ldi sof. 11 3100

Oxiri yo’qdir bu so’zning, endi qayt,
Bo’ri holi jangda ne kechdi bu payt?

———————————
1 – “Albatta Bizning oyatlarimizni yolg’on degan va ulardan kibr-havo bilan (yuz o’girgan) kimsalar uchun hargiz samo eshiklari ochilmas va toki tuya igna teshigidan o’tmas ekan, ular ham jannatga kira olmaslar (ya’ni, hech qachon jannatga kira olmaslar). Biz jinoyatkor-osiylarni mana shunday jazolagaymiz”.(Qur’oni karim, «A’rof» surasi, 40-oyat).

“Sammu-l-xiyot” – “Tuya igna teshigidan o’tmas”

2 – “Innama amruhu iza aroda shay-an ay yaqula lahu kun fayakun” – “Biron narsani (yaratishni) iroda qilgan vaqtida Uning ishi faqatgina “Bo’l”, demoqligidir. Bas, u (narsa) bo’lur – vujudga kelur”. (Qur’oni karim, «Yosin» surasi, 82-oyat).

3 – “Va unga (Iysoga) yozish va hikmat – ilmni, tavrot va Injilni ta’lim beradi. (Uni) bani Isroil qavmiga payg’ambar qiladi. (Iyso bani Isroilga deydi): Men sizlarga Parvardigoringizdan (o’zimning haq payg’ambar ekanligimni tasdiqlovchi) oyat-dalil keltirdim: Men sizlarga loydan qush timsolini yasayman, so’ng unga puflasam, u Ollohning izni-irodasi bilan haqiqiy qush bo’ladi. Va yana ko’r, pes kasallarini tuzata olaman va Ollohning amri bilan o’liklarni tiriltiraman…” (Qur’oni karim, “Ol-i-imron” surasi, 48-49-oyatlar).

4 – “Osmonlar va Yerdagi (barcha) jonzot (Unga muhtojdir va bor tilak-maqsadlarini yolg’iz) Undan so’rar. U Zot har kuni ish-amaldadir”. (Qur’oni karim, «Rahmon» surasi, 29-oyat).

“Kulla yavmin fy sha’nin” – “U Zot har kuni ish-amaldadir”.

5-6-7 – “Ey insonlar, agar sizlar qayta tirilishdan shubhada bo’lsangizlar, u holda (qaranglar), Biz sizlarga (Ollohning qudratini) bayon qilish uchun sizlarni (ya’ni, otangiz Odamni) tuproqdan, so’ngra (barcha jonzotni avvalo) nutfa-maniydan, so’ngra laxta qondan, so’ngra yaralib bitgan-bitmagan) tishlam go’shtdan yaratdik. Biz (sizlarni) O’zimiz xohlaganimizcha – muayyan muddatgacha (onalaringiz) qornida qoldirib, so’ngra chaqaloq holingizda (yorug’ olamga) chiqarurmiz, so’ngra voyaga yetgunlaringizgacha (ham O’zimiz tarbiya qilurmiz)”. (Qur’oni karim, «Haj» surasi, 5-oyat).

Ali ibn Abu Tolib keltirgan hadisga ishora: “Olloh taoloning har lahzada uch lashkari bor. Bir lashkarni otaning pushtidan onaning rahmiga, bir lashkarni onaning rahmidan yerga, bir lashkarni esa bu dunyodan oxiratga yuboradi”.

8-9 – “Kof” va “nun” harflari qo’shib yozilganda, uning shakli sirtmoqni eslatadi.

10 – “Taqvo egalari uchun va’da qilingan jannatning misoli – sifati (budir): “Unda aynimagan suvdan bo’lgan daryolar ham, ta’mi o’zgarmagan sutdan bo’lgan daryolar ham, ichguvchilar uchun lazzatli (ya’ni, badta’m va aqldan ozdirguvchi bo’lmagan) maydan bo’lgan daryolar ham, musaffo asaldan bo’lgan daryolar ham bordir…” (Qur’oni karim, «Muhammad» surasi, 15-oyat).

“…ular uchun ostlaridan daryolar oqib turguvchi jannatlar bor…” (Qur’oni karim, “Baqara2 surasi, 25-oyat).

“Tahtaha-l-anhor” – “Ostlaridan daryolar oqib o’tguvchi”

11 – “Kof” va “nun” harflaridan iborat bo’lmish “Kun” (“bo’l”, “yaral”) so’zi bilan Xudo dunyoni yaratishga amr etganligiga ishora.

O’LJALARNI TAQSIMLASHDA ODOBSIZLIK QILGANI UCHUN, SHERNING BO’RINI JAZOLAGANI

Bo’ri boshin uzdi sher, ul sarfaroz,
Qolmasin deb ikkiboshlik imtiyoz.

“Fantaqamno minhum”,1 ey, bo’ri, chida,
O’lmading gar sen amirning qoshida.

Tulkiga sher yuzlanib aytmish: “Qani,
O’ljani bo’lgin tanovul etgani.

Tulki sherning qoshida cho’kkancha tiz,
Dedi: “Nonushtang erur, shohim, ho’kiz. 3105

Echkining go’shti – yarim bo’lganda kun,
Qo’ru qut bo’lgusi g’olib shoh uchun.

Ul quyon bo’lgusidir, kelganda shom,
Mehribon shohga taomdan so’ng taom”.

Dedi: «Ey, tulki, adolat aylading,
Bundayin taqsimni kimdan anglading?

Ey, ulug’, ayt, bul saboq qay soridan?”
Dedi: “Ey, shoh, bo’rining ahvolidan!”.

Dedi: “Bo’lding ishqimizga sen garov,
Olginu ket, senga bo’lsin barcha ov. 3110

Biz bilan, ey, tulki, bo’lding bir butun,
Biz-la ersang, senga ozor ne uchun?

Sengadirmiz, sengadir bor o’lja ham,
Chiq va qo’y yettinchi osmonga qadam.

Ibrat olding gar u nokas bo’ridan,
Tulkimas, sen endi sherlar zo’risan!

Oqil uldir, o’zni aylar ehtiyot,
Do’stiga kelgan balodan shul zahot”.

Tulki shukr aylardi tinmasdan bu payt:
“Bo’ridan so’ng chorlamish sher, xayriyat! 3115

Bo’ridan oldin buyursa o’sha on
Bo’l deya, qolmasdi bul jonim omon”.

Ofarinkim Unga, bizni dahr aro
Aylamish oldingilardan so’ng bino.2

Toki o’tmish ahliga ul besanoq
Haq jazosidan olaylik deb saboq.3

Toki o’tgan bo’rilar holin ko’rib,
Asranaylik tulkiday ogoh bo’lib.

“Ummati marhuma”4 der bizni, axir,
Haq Rasuli, har bayonda benazir. 3120

Bo’rilar po’st, so’ngagiga bir nazar
Tashlabon ibrat oling ey, yaxshilar!5

Bo’lmas oqil hoy-havas, borliqqa qul,
Tinglasa Fir’avnu Odning so’ngin ul.

Yo’qsa, nochor holiga tashlab nazar,
Olgay ul gumrohdan ibrat o’zgalar.

—————————-
1 – “Bas, Biz ulardan intiqom oldik. Endi u (o’z payg’ambarlarini) yolg’onchi qilguvchilarning oqibatlari qanday bo’lganini ko’ring!” (Qur’oni karim, «Zuxruf» surasi, 25-oyat).

“Fantaqamna minhum” – “Biz ulardan intiqom oldik”

2-3 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), aniqki, Biz Sizdan ilgari ham payg’ambarlarni o’z qavmlariga yuborganmiz. Bas, ular (qavmlariga) aniq-ravshan hujjatlar keltirganlar. So’ng Biz jinoyat qilgan (ya’ni o’z payg’ambarlarini yolg’onchi qilgan) kimsalardan intiqom olganmiz va iymon keltirgan zotlarni g’olib qilish Bizning zimmamizdagi haq bo’lgan”. (Qur’oni karim, «Rum» surasi, 47-oyat).

4 – “Darhaqiqat, mening ummatim rahm qilingan ummatdir. Oxiratda unga azob yo’q. Uning azobi bu dunyoda – o’ldirmoq, vahima, zilzila”. (Hadis).

“Ummati marhuma” – “Rahm qilingan ummat”.

5 – “Darhaqiqat, ularning qissalarida aql egalari uchun ibrat bordir. (Ushbu Qur’on) to’qib chiqariladigan so’z emas, balki u o’zidan avvalgi narsalarni (ya’ni, samoviy kitoblarni) tasdiq etuvchi, (unga) iymon keltiradigan qavm uchun barcha narsalarni mufassal bayon qilib beruvchi Hidoyat va Rahmat (bo’lgan bir Kitobdir)”. (Qur’oni karim, “Yusuf” surasi, 111-oyat).

NUH ALAYHISSALOMNING O’Z QAVMIGA: “EY, ADASHGANLAR, MEN BILAN TORTISHMANGLAR, CHUNKI, MEN BILAN TORTISHSANGLAR, MENDAGI XUDO BILAN TORTISHGAN BO’LASIZLAR” —
DEB TAHDID QILGANI

Nuh dedi: “Ey, ahli shak, men – men emas,
Jondan o’ldim, menga Jonon bo’lsa bas.1

Bulbashar havvosidan yetmay xatar,
Bo’ldi Haq menga quloq, idrok, nazar.2 3125

Bul nafas Hudan, agar men – men emas,3
Kofir ul, kim Qoshida olgay nafas.4

Tulki shakli ichra sherning joni bor,
Bo’lma bunday tulkiga qo’rqmay duchor.

Sezmasang gar ko’rganing chog’ gavdasin,
Sezmadingmi undagi sher na’rasin?

Bo’lmasa Nuhda agar Haqdan javob,
Ul nechuk dunyoni aylardi xarob?

Necha yuz ming sher edi unda nihon,
Erdi ul otash va xirmon bul jahon. 3130

Bermagach xirmon ulush – o’ndan birin,
So’ngra ul xirmonga sochdi otashin.5

Bul nihon sher qoshida kim beadab
Bo’riday nojo’ya so’zga ochsa lab,

Bo’riday tashlardi sher ulni bo’g’ib,
“Fantaqamno minhumu”6 hukmin o’qib.

Bo’riday sher dastidan qolmas omon,
Qo’rqmasa sherdan, u – tentak begumon.

Koshki yetsa tanga zarba ul zamon,
Ko’ngilu iymoni qolsaydi omon! 3135

Bunga yetgach, ketdi tandan kuch-mador,
Men nechuk aylay bu sirni oshkor?

Tulkidek kamroq tilab yeng gohida,
Tulkibozlik aylamang Dargohida.

“Biz” va “men”ni oldiga bir-bir tering,
Mulk Uning Mulki erur, Mulkin bering.

To’g’ri Yo’ldan siz yuring misli faqir,
Shunda sher, sher o’ljasi ham sizgadir.

Chunki, Ul pokdir va poklik –Unga toj,
Unda yo’q po’st-mag’zu ko’rkka ehtiyoj. 3140

Har nechuk o’lja, karamlar, neki bor,
Bo’lgay ul Shoh qullarin rizqi, nisor.

Shohda yo’q ta’ma, barin xalqqa berur,
Mulku boylik, bilsa kim xushbaxt erur!

Ulki mulk, ikki jahonni qildi bor,
Mulku boylikka sira bo’lgaymi zor?

Dilni Ul pok oldida asrang omon,
To uyalmang so’ng, qilib shubha-gumon.7

Unga ma’lum barcha izlov, sir, xayol,
Xuddi, pok sut ichra turgan soch misol.8 3145

Ulki silliq, naqshidan ayri bag’ir,
Barcha g’ayb naqshi uchun sof oynadir.

Sirrimizga begumon ko’ngil berur,
Chunki, mo’min ko’zgusi mo’min erur.9

Naqdimiz qo’ysa mahakka har safar,
Shubhadan haqni u darhol ajratar.

Naqd uchun joni mahak bo’lgay qachon,
Qalbaki ham qalbni ko’rgay ul ayon.11

—————————-
1 – “U dedi: «Ey qavmim, albatta men sizlarni (yuborilgan) ochiq ogohlantirguvchidirman. Ollohga ibodat qilinglar va U Zotdan qo’rqinglar hamda menga itoat etinglar”. (Qur’oni karim, «Nuh» surasi, 2-3-oyatlar).

2 – “Agar men bandani yaxshi ko’rsam, uning eshitguvchi qulog’i, ko’rguvchi ko’zi, tutguvchi qo’li va yurguvchi oyog’i bo’laman”. (Hadis).

3 – “Va u (sizlarga keltirayotgan Qur’onni) o’z havoyi-xohishi bilan so’zlamas. U (Qur’on) faqat (Olloh tomonidan Payg’ambarga) vahiy qilinayotgan (tushirilayotgan) bir vahiydir”. (Qur’oni karim, “Va-n-najm” surasi, 3-4-oyatlar).

4 – “(Ey Muhammad alayhis-salom, Biz Sizdan avvalgi payg’ambarlarga Kitoblar nozil qilganmiz). Shuningdek, Sizga ham Kitob – Qur’on nozil qildik. Bas, Biz Kitob (ya’ni, Tavrot va Injil) ato etgan zotlar unga (ya’ni, Qur’onga) iymon keltirurlar. Ana u (Makka ahli orasida ham) unga iymon keltiradigan kishilar bordir. Bizning oyatlarimizni faqat kofirlargina inkor qilur”. (Qur’oni karim, “Ankabut” surasi, 47-oyat).

5 – “Nuh aytdi: “Parvardigorim, Yer yuzida kofirlardan biron hovli-joy egasini qoldirmagin”. (Qur’oni karim, «Nuh» surasi, 26-oyat).

6 – “Bas, Biz ulardan intiqom oldik. Endi u (o’z payg’ambarlarini) yolg’onchi qilguvchilarning oqibatlari qanday bo’lganini ko’ring!” (Qur’oni karim, «Zuxruf» surasi, 25-oyat).

“Fantaqamno minhumu” – “Biz ulardan intiqom oldik”.

“Bas, Biz ulardan intiqom oldik – oyatlarimizni yolg’on deganlari va u (oyat-mo»jizalardan) g’ofil bo’lib olganliklari sababli Biz ularni dengizga g’arq qildik”. (Qur’oni karim, “A’rof” surasi, 136-oyat).

7 – “Va Olloh haqida (U O’z Payg’ambariga va mo’minlarga madad – g’alaba bermaydi, deb) yomon gumon qilguvchi munofiq va munofiqalarni hamda mushrik va mushrikalarni azoblash (uchun mo’minlarni ularga qarshi jihod qilishga buyurdi). Ularning ustiga halokat balosi (tushguvchidir). Olloh ulardan darg’azab bo’ldi, ularni la’natladi va ular uchun jahannamni tayyorlab qo’ydi. Naqadar yomon joydir u!”. (Qur’oni karim, “Fath” surasi, 6-oyat).

8 – “Ogoh bo’lingizkim, albatta ular (kofirlar) Undan sir tutish uchun dillaridagi (adovatlari)ni yashiradilar.Ogoh bo’lsinlarkim, ular kiyimlariga o’ranib olgan chog’larida ham (Olloh) ularning yashirgan va oshkor qilgan narsalarini bilur. Darhaqiqat, U Zot dillarni egallagan sirlarni Bilguvchidir. Yerda o’rmalagan narsa borki, barchasining rizqi Ollohning zimmasidadir. U Zot ularning turar joylarini ham, borar joylarini ham bilur. Hamma narsa ochiq-ravshan Kitobda bordir”. (Qur’oni karim, “Hud” surasi, 5-6-oyatlar).

9 – “Mo’min mo’minning ko’zgusidir, mo’min mo’minning birodaridir, yoddan chiqqanini yodga tushiradi, kamchiligini qoplaydi; moli, joni va or-nomusini himoya qiladi”. (Hadis).

10 – “Ey mo’minlar, agar Ollohdan qo’rqsangizlar, U Zot sizlar uchun (haq bilan nohaqni) ajratadigan narsani (ya’ni, Haq Yo’lga hidoyatni ato) qilur va yomonik-gunohlaringizni o’chirib, sizlarni mag’firat qilur. Olloh ulug’ fazlu marhamat sohibidir”. (Qur’oni karim, «Anfol» surasi, 29-oyat).

KO’ZLARINI RAVSHAN AYLAMOQ MAQSADIDA, PODSHOHLAR DONISHMAND SO’FIYLARNI O’ZLARIGA YUZMA-YUZ QILIB O’TQAZGANI

Bor edi shunday udum, shohlarga xos,
Eslagin gar sen eshitgansan biroz: 3150

Chap tomonda – pahlavon, alplar qator,
Chap tomonda, chunki, dil topgan qaror.

O’ng tomonda – kotibu ahli qalam,
Chunki, o’ng qo’lda ilm, qayd, noma ham.

Yuzma-yuz shohlarga so’fiylar turar,
Jonga ko’zgu, ko’zgudan ham sof ular.

Dilga sayqal – fikru zikri har nafas,
Toki etsin dilda poklik naqshi aks.

Kimki nasli pokiza, solim erur,
Oldida ko’zgu qo’yish lozim erur. 3155

Ko’zguga oy yuz mudom mahtal erur,
Jon uchun “taqva-l-qulub”1 sayqal erur.

———————————
1 – “(Ish) shudir. Kim Olloh qonunlarini hurmat qilsa, bas, albatta (bu hurmat) dillarning taqvodorligi sababli bo’lur”. (Qur’oni karim, «Haj» surasi, 32-oyat).

“Taqva-l-qulub” – “Dillarning taqvodorligi”

YUSUF ALAYHISSALOMNING HUZURIGA MEHMON KELGANI VA YUSUF ALAYHISSALOM UNDAN NODIR TUHFA VA ARMUG’ON TALAB ETGANI

Keldi olisdan yaqin do’st, mehribon,
Bo’ldi so’ng siddiq Yusufga mehmon.

Yoshligindan do’st kabi kelgan suyib,
Oshnolik yostig’iga bosh qo’yib.

Og’alarning makri eslandi shu on,
Dedi: “Bizlar – sher, ular – zanjirsimon.1

Sherga zanjir bo’lmagan ayb hech qachon,
Qilmadik Haq hukmidan arzu gumon. 3160

Bo’lsa ham zanjirda sher bandi, asir,
Barcha zanjirsoz uchun bo’lgay amir».

Dedi: “Qandoq erdi zindon, choh aro?”
Dedi: “Oyning so’ngida oyday ado”.

Yangi oy kichraysa, bukchaygay u payt,
Oqibat to’lmasmi osmon uzra, ayt?

Garchi o’g’ir ichra dur yanchilsa ham,
Ko’z, yurakka nur bag’ishlar, muhtasham.2

Ko’msalar bug’doyni gar yerga, biroq,
Undirarlar xokidan so’ngra boshoq. 3165

Yanchdilar donni tegirmonda chunon,
Oshdi qadri, jonga yor bo’lganda non.

So’ngra tishlar ostida yanchildi non,
Bo’ldi har idroku hushga aqlu jon.

Ishqda ul jon o’zni mahv etgay keyin,
“Yu’jibuzzurro’”3 kelar, bo’lgach ekin.

Ushbu so’zning so’ngi yo’q, qayt, shubhasiz,
To Yusufga ne deb aytmish ul aziz.

Qissasin so’ylab dedi so’ng: “Ey, falon!
Bizga sen keltirding, ayt, ne armug’on?” 3170

Do’st uyiga tuhfasiz kelmoq nadir?
G’allasiz bormoq tegirmonga, axir!”.

Haq taolo xalqqa aytar So’nggi Kun:
“Armug’on qayda tirilganlik uchun?

Ji’tumuno va furodo benavo,
Siz o’shaldirsiz xalaqnokum qazo.4

Xo’sh, nadir keltirganingiz begumon,
Bul Qiyomat kunga loyiq armug’on?

Yo’qmidi qaytmoq umidindan asar? 3175
Yoki bekormi bugundan va’dalar?”

O’zni mehmon anglamay eshshaksimon,
Eltasan tuprog’u kul undan bu yon.

Tonmasang, do’sting uyiga sen bu dam,
Ayt, nega bo’sh qo’l bilan qo’yding qadam?

Sal tiyil uyqu, yemakdan begumon,
Do’st ila uchrashgali elt armug’on!

Bo’l “qalilu-n-navmi mimo yahja’un”,
Hamda tong chog’inda bo’l “yastag’firun”.5

Homila yanglig’ qimirla rahm aro,
Toki nur ko’rguvchi his bo’lsin ato. 3180

Bachchadon yanglig’ jahondan sen kelib,
Yo’rtasan kenglikka, yerdan intilib.

Ulki, “Olloh yeri keng” derlar chunon,
Anbiyoning kengligin deb qil gumon.6

Tormas ul kenglikda ko’ngil erta-kech,
Tan niholi qovjirab ketmaydi hech.

Hislaring hammolidirsan ayni dam,
Bemador, horg’in erursan, boshi xam.

Sen agar hammol emas, yuksan shu tob,
Uxlagach, yitgay butun charchoq, azob. 3185

Anglagin sen uyquning holin u dam,
Avliyo holin yukin nazdinda ta’m.

Avliyo as’hobi Kahf, ey, ters odam!
“Hum ruqud”7 – tik, o’girilgan holda ham.

Tortar ul ovoraliksiz har safar,
O’ngu so’lga, lek, ular jim, bexabar.8

Ne erur ul o’ng taraf? Ezgu amal,
Chap taraf ne? Tan ishidir har mahal.

Ikkisi ham anbiyodan tarqalar,
Aks-sadoday bexabar bo’lgay alar. 3190

Bo’lsa yaxshi yo yomon gar aks-sado,
Tog’lar undan bexabardir mutlaqo.

——————————
1 – “Men nafsimni oqlamayman. Chunki nafs – agar Parvardigorimning O’zi rahm qilmasa – albatta yomonlikka buyurguvchidir. Darhaqiqat, Parvardigorim Mag’firatli, Mehribondir”. (Qur’oni karim, «Yusuf» surasi, 53-oyat).

2 – Tuyilgan dur kukuni qadimda ko’z va yurak kasalliklarini davolashda ishlatilgan.

3 – “Mana shu (ya’ni, kofirlarga qarshi, mo’minlarga mehrli bo’lish va ko’p namoz o’qib, ruku’-sajda qilish) ularning Tavrotdagi misollaridir. (Ya’ni, Tavrotda ham Olloh taolo mo’minlarni mana shunday sifatlar bilan sifatlagandir). Ularning Injildagi misollari esa xuddi bir shoxlar chiqarib, quvvatga kirgach, yo’g’onlashib, o’z novdasida tik turgan, dehqonlarni lol qoldiradigan o’simlikka uxshaydi. (Mo’minlarning avval-boshda zaif-ozchilik bo’lishib, keyin asta-sekin ko’payib, kuchga to’lib ketishlari Injilda yuqorida zikr qilinganidek, o’simlikka o’xshatilishi) ular sababli kofirlarni xafa qilish uchundir…” (Qur’oni karim, «Fath» surasi, 29-oyat).

“Yu’jibuzzurro’” – “Dehqonlarni lol qoldiradigan”

4 – “Mana, Bizning huzurimizga sizlarni avval-boshda qanday yaratgan bo’lsak, shunday yolg’iz holda keldingiz. Biz sizlarga bergan narsalarimizni (ya’ni, maqtanadigan mol-dunyolaringizni) ortingizda qoldiribsiz. Sizlar bilan birga o’zingizcha Ollohga sherik deb gumon qilgan qo’llovchilaringizni ham ko’rmayapmiz. O’rtalaringiz uzilib qolibdi. Ishonib yurgan narsalaringiz – butlaringiz sizlardan yo’q bo’libdi!” (Qur’oni karim, «An’om» surasi, 94-oyat).

“Ji’tumuno va furodo” – “Shunday yolg’iz holda keldingiz”.

“Xalaqnakum qazo” – “Sizlarni avval-boshda qanday yaratgan bo’lsak”

5 – “Ular kechadan ozgina (fursatgina) ko’z yumar edilar. Va saharlarda ular (qilgan sahvu xatolari uchun Parvardigordan) mag’firat so’rar edilar”. (Qur’oni karim, «Vaz-Zariyot» surasi, 17-18-oyatlar).

“Qalilu-n-navmi mimo yahja’un” – “Kam uxla, ular kam uxlar edilar”

“Yastag’firun” – “Mag’firat so’raydigan”

6 – “Albatta (musulmonlar bilan birga hijrat qilmasdan kofirlar qo’l ostida yashashga rozi bo’lish bilan) o’z jonlariga jabr qilgan kimsalarning jonlarini olish chog’ida farishtalar ularga: “Qanday holda yashadingiz?”, deganlarida: “Biz bu yerda chorasiz bechoralar edik”, dedilar. (Shunda farishtalar): “Hijrat qilsanglar Ollohning Yeri keng edi-ku?! (Nega dinu iymonaringiz Yo’lida bu yurtdan hijrat qilmadinglar?)”, deyishdi…” (Qur’oni karim, “Niso” surasi, 97-oyat).

7-8 – “Uyquda ekanlar, (ko’zlari ochiq bo’lgani uchun) sen ularni uyg’oq deb o’ylarsan. Biz ularni (badanlaridan yerga tegib turgan tomoni chirib ketmasligi uchun) o’ng tomon, so’l tomonga aylantirib tururmiz. Ularning itlari esa oldi oyoqlarini ostonaga yozib turur. Agar ularning ustidan chiqib qolsang (va ko’zlari ochiq holda u yondan-bu yonga ag’darilib yotganlarini ko’rsang), ularning (ahvolidan) dahshatga tushib yuz o’girib qochgan bo’lur eding”. (Qur’oni karim, «Kahf» surasi, 18-oyat).

“Xum ruqud” – “Ular uyquga cho’mganlar”.

YUSUF ALAYHISSALOMNING MEHMONI UNGA: “BIR KO’ZGU KELTIRDIM, HAR GAL KO’ZGUGA BOQIB, GO’ZAL CHEHRANGNI KO’RASAN VA MENI ESLAYSAN” — DEGANI

Dedi Yusuf: “Ber, qani ul armug’on?!”
Shunda mehmon qimtinib tortmish fig’on.

Dedi: “Senga izladim sovg’a chunon,
Yoqmadi ko’nglimga hech bir armug’on.

Zar ushog’in konga eltay men nechuk?
Qatrani ummonga eltay men nechuk?

Jon-dilimni keltirish bu sen tomon, –
Xuddi, Kirmonga zira eltgansimon.1 3195

Yo’q urug’ yo’qdir bu ombor ichra, bas,
Tengi yo’q husningdan o’zga har nafas.

Senga bitta ko’zguni bildim ravo,
Unda ko’nglim nuri bersin to jilo.

Unda aks etsin jamoling nuri ham,
Ey, quyosh – ko’k uzra nur yoyguvchi sham!

Ey, yorug’lik, ko’zgu – senga armug’on!
Eslagin, unda yuzing ko’rgan hamon”.

Qo’ynidan ko’zgu chiqarmish shul zahot,
Ko’zgudir gul chehralarga mashg’ulot. 3200

Ne bu borlik oynasi? Yo’qlik! Agar,
Sog’ esang, yo’qlikni eltgin har safar.

Borni yo’qda ko’rsatish mumkin mudom,
Boy faqirga ko’rsatar mulkin mudom.

Nonga sof ko’zgu topilmas ochchalik,
Yoki chaqmoqtosh uchun ko’zgu – pilik.

Qayda yo’qlik, nuqs agar bo’lgusidir,
Barcha kasb ezguligin ko’zgusidir.

Gar tikilgan bo’lsa ko’ylak mos, yetuk,
Ul tikuvchin san’ati bo’lgay nechuk? 3205

Xolimas poya butoq ham shoxidin,
To duradgor yo’nsin ul shox-tomirin.

Har siniqchi borgusi ul joyga tez,
Qayda gar singan oyoq bordir u kez.

Qayda yo’q gar xastalik ko’rguvchi zot,
San’atin aylarmi oshkor tibbiyot?

Xorligu pastlik ayonmas misda to,
Ko’rsata olgay uni qay kimiyo?

Nuqs erur ko’zgu kamol vasfi uchun,
Zor, haqirlik – ko’zgu shon ahli uchun. 3210

Chunki, zidni aylagay zid oshkor,
Sirkadan bo’lgay asal paydoyu bor.

Kimki o’z nuqsin tanib, ko’rgay ayon,
Chopgusi o’n ot bilan avji tomon.

Zuljalolga yelmagan har aqli xom,
O’zni komil deb gumon aylar mudom.

Eng yomon illat – diling ichra agar
O’zni komil anglamak, ey, ishvagar!

Ko’zu ko’ngling bo’lgusi qonlarga g’arq,
Seni to maftuliging etguncha tark. 3215

Erdi Iblisda “ano xayriy”2 – maraz,
Barcha maxluq nafsi bundan xolimas.

Ko’rsatar o’zni siniq – to xor desak,
Suv yuzi sof, lek, tubinda bor tezak.

Qalqitib, aylar seni gar imtihon,
Suv tezak rangiga kirgay shul zamon.

Suv tubinda, boq, tezak bor, ey, yigit!
Sof ko’ringay ko’rganingda garchi sirt.

Yo’llagay zukko va yo’l bilguvchi pir,
Nafsi kull bog’inda oriqlar qazir. 3220

O’z-o’zin poklarmi oriq hech mahal?
Ilmimiz Haq ilmidan olmish amal.

Hech qachon kesgaymi tig’ o’z sopini?
Bor, qo’yar jarroh yarangga dorini.

Har yarang uzra yig’ilmish pashshalar,
Ko’rmasin jirkanchligin deb hech nazar.

Pashshalar – fikru xayol, moling erur,
Ul yarang – zulmatdagi holing erur.

Qo’ysa pir malham yarangga, shul zahot,
Seni tark aylaydi dard ham ohu dod. 3225

To ishonmas, ketdi deb illat nari,
Tovlanar ul yerda malham nurlari.

Tortma bosh malhamdan, ey, illatparast!
Bil shifoni shu’ladan, o’zdan emas.

———————————
1 – Kirmon – Erondagi shahar, qora zirasi bilan mashhur bo’lgan.

2 – “(Shunda Olloh) dedi: “Ey iblis, Men O’z Qo’llarim bilan yaratgan narsaga – Odamga sajda qilishdan nima seni man’ qildi?! Kibru havo qildingmi, yoki sen (Odamga nisbatan) yuksak martabali zotlardan edingmi?!”. U aytdi: “Men undan yaxshiroqman. Sen meni olovdan yaratgansan, uni esa loydan yaratding”. (Qur’oni karim, “Sod” surasi, 75-76-oyatlar).

“Ano xayriy” – “Men undan yaxshiroqman”

VAHIY KOTIBINING, VAHIY SHU’LASI UNGA TUSHGACH: “MENGA HAM VAHIY KELDI” OYATINI PAYFAMBAR SALLALLOHU ALAYHI VA SALLAMDAN ILGARI O’QIGANI VA SHU BOIS  DINDAN QAYTGANI

Kotib o’tgan erdi Usmondan burun,
Ul vahiy-la mashg’ul erdi kecha-kun.

Aytsa Payg’ambar vahiydan gar nadir,
Shul zahot yozmish varoqqa birma-bir.

Tushdi unga ul vahiyning shu’lasi,
Yetdi go’yo dilga hikmat mujdasi. 3230

Ayni shul hikmatni aytgandi Rasul,
Bul nasibdan yo’ldan ozdi bulfuzul:

“Neki aytmish ul Rasulkim, nurga yor,
Ul haqiqatlar manim ko’nglimda bor!”.

Fikridan tushgach Rasulga shu’la sal,
Joniga Haq qahri inmish shu mahal.

Chiqdi ham kotibligu ham dindan u,
Bo’ldi yov din, Mustafoga kindan u.

Mustafo dediki: “Ey, sarkash balo,
Shu’lalik bo’lsang, nechun tortding qaro? 3235

Sen ilohiy chashma ersang, hech qachon,
Loyqa suvni aylamas erding ravon!”.

Bo’lmasin sharmanda deb ul-bul aro,
Shul zahot yopmish uning og’zin Xudo.

Ich-ichindan o’rtanardi shul sabab,
Tavba ham qilmasdi hech goh, voajab!

Foydasiz oh chekdi, to’kdi yoshini,
Tig’ yulib ketgandi go’yo boshini.

Etdi Haq nomusni temir – necha pud,
Qoldi bul pinhon kishanda ne vujud! 3240

Kibru kufri bog’lamish yo’lni chunon,
Oshkor oh tortmagi erdi gumon.

Dedi: “Ag’lolan fahum bih muqmahun”,1
Lek, emas tashdan bizim zanjir, tugun!

“Xalfahum saddan faag’shaynohumu”,
Oldu ortdan ko’rmagay zanjirni u!2

Bor to’siqlar cho’l-biyobon rangidek,
Ul Qazo devoridir, bilmaydi, lek.

Shohiding shohid yuziga g’ov erur,
Murshiding murshid so’ziga g’ov erur. 3245

Ko’p erur kufforki, vasvos din aro,
Barcha kibru nomusi – zanjirnamo.

Yoshirin zanjir temirdan ham yomon,
Parchalar temirni bolta begumon.

Bo’lsa temirdan kishan, yechmoq ravo,
Yo’q erur g’ayb zanjiriga, lek, davo.

Nish urib chaqqay ari kimni agar,
Ta’bi darhol daf etishga shaylanar.

Borlig’ingdan bo’lsa nish zaxmi, biroq,
Ortadir dard, ketmagay sendan yiroq. 3250

Sharhkim bul, sig’dirolmas jonu tan,
Lek, umidsiz etmasin deb qo’rqaman.

Yo’q, umidsiz bo’lma, o’zni shod qil,
Ohlaring yetguvchiga faryod qil:3

“Ey, mudom bizni kechirgan, ayla avf!
Eski illatlarni qilgich bartaraf!”.4

Bo’ldi hikmat aksidan ul holi tang,
O’zni ko’rma, to chiqarma gardu chang.

Ey, birodar, senga hikmat yog’di, bas,
Ul erur abdoldanu sendan emas. 3255

Garchi nurga to’ldi ko’ngling kulbasi,
Qo’shnidan tushgay u nurning shu’lasi.

Shukr qil, sen aldanib kekkayma hech,
Qilma xudbinlik, quloq tut erta-kech.

Yuz nadomatkim, bu yanglig’ har balo,
Qildi ummatlikdan ummatni judo!

Unga qulman, qaysi uyda bo’lmagay,
Har taomga o’zni loyiq ko’rmagay.

Ko’p erur karvonsaroy, tark ayla, tur,
Bir kuni manzilga to yetmoq zarur. 3260

Aslimas – temir qizargay qanchalik,
Yog’dusi – o’t oldiruvchin lahzalik.

Nurga to’lsa xona yoxud darchalar,
Bil, u nur yolg’iz quyoshdan tarqalar.

Har eshik, devor degay: “Menman yorug’,
Menga mendan o’zga nur berguvchi yo’q!”.

So’ng quyosh der unga: “Ey, Haqdan nari!
Men qachon botsam, ayon bo’lgay bari!”.

Maysalar aytar: “Yashilmiz o’zimiz,
Shodu xandon porlagay yuz-ko’zimiz”. 3265

”Ey, to’da, ogoh bo’lingkim, – deydi yoz, –
Holingiz ne, men ketib, kelsa ayoz!”

Tan jamol-ko’rki-la maqtangay chunon,
Ruh qanotin, shavkatin aylar nihon.

Derkan unga: “Kimsan, ayt, ey, xoru xas?
Sen manim nurim-la borsan bir nafas.

Noz-karashmang sig’magay dunyo aro,
Shoshma, sendan men chiqib ketguncha to!

Go’r qazirdi senga ul g’amxo’rlaring,
Yem qilar qurtu chumoliga taning. 3270

Sassig’ingdan burnini chetga burar,
Senga o’z jonin fido qilguvchilar”.

Ruh nuridir nutqu ko’z birlan quloq,
Suvda qaynoqlik olovdan asli, boq.

Hamda joning shu’lasi bor tan aro,
Bo’lmish abdol shu’lasi jonimga jo.

Jondagi jondan chekinsa jon agar,
Angla, jon jonsiz jasadga aylanar!

Yerga bosh qo’ygum, buning boisi shul,
Toki bo’lsin bir guvoh, mahsharda ul. 3275

“Zulzilat Zilzol”da mahshar oni, oh,
Ushbu yer hollarga bo’lgusi guvoh.5

YO “tuhaddis jahratan axbor” ayon,
Yeru toshlar tilga kirgay shul zamon.6

Gar bu o’yni faylasuf inkor qilur,
Unga ayt: “Boshingni, bor, devorga ur!”.

Xoku suv, loy aylagaydir ne bayon,
Ahli dil hissi bilan bo’lgay ayon.7

Faylasuf oh-zorni inkor qilgusi,8
Unga yotdir avliyo his-tuyg’usi. 3280

Ul degay: “Xalqda junundan yog’dular,
Xalqda paydo aylagay xom orzular”.

Aylabon kufru fasodin aksi lol,
Aylamish ul shundayin munkir xayol.

Faylasuf shaytonni gar inkor etar,
Lahza o’tmay unga o’zni yor etar.

Ko’rmasang shaytonni, ko’r o’zni ayon,
Besabab manglay ko’karmas hech qachon!

To’lsa kimning ko’ngliga shubha, gumon,
Bul jahonda faylasufdir ul nihon. 3285

E’tiqod qilgusi ul, lek, goh-goh,
Falsafiy tomir yuzin aylar qaro.

Gar u – sizda, mo»min ahli, alhazar!
Sizda bordir cheksiz olam qanchalar.

Senda yetmish ikki millat jam turar,9
Vohki, bir kun qo’zg’alar sendan ular!

Kimki ul iymonni deb qayg’ursa chin,
Vahmidan titraydi bir yaproqdayin.

Iblisu devdan kularsan shul zahot,
Anglamaslik-chun o’zingni ezgu zot. 3290

Kiysa to’nin teskari jon goh-goh,
Aylagay din ahli qancha ohu voh!

Bo’ldi shod do’kon aro har zarsimon,
Chunki, erdi imtihon toshi nihon.

Pardamizni ochma ey, Sattorimiz,
Bo’l sinovda qo’llaguvchi yorimiz!

Tunda zar birlan barobar soxta zar,
Toza zar kunduzga zordir qanchalar.

Deydi zar holning tili birlan u tun:
“Shoshma, ey, qallob, yorug’ bo’lguncha kun!”. 3295

Necha yuz ming yilki, shum Iblis la’in,
Erdi abdolu amirulmo’minin.

Qildi jang Odam-la, noz aylab chunon,
Bo’ldi rasvo tongdagi tezaksimon.10

————————————-
1 – “Inna ja’alna fi a’naqihim ag’lalan fahiya ilal axqoni faqumm muqmahun” – “Darhaqiqat, Biz ularning bo’yinlariga to iyaklarigacha (yetadigan) kishanlarni urib qo’ydik, bas, ular g’o’dayib qoldilar (ya’ni, ular Haqqa egilmaslar)”. (Qur’oni karim, «Yosin» surasi, 8-oyat).

2 – “Va ja’alna mim bayni aydihim saddav va min xalfihim saddan fa ag’shaynahum fahum la yubsirun” – “Va Biz ularning oldilaridan bir to’siq-parda qilib, ularni o’rab qo’ydik. Bas, ular ko’ra olmaslar”. (Qur’oni karim, «Yosin» surasi, 9-oyat).

3-4 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), Mening (turli gunoh-ma’siyatlar qilish bilan) o’z jonlariga jinoyat qilgan bandalarimga ayting: “Ollohning rahmat-marhamatidan noumid bo’lmangiz! Albatta Olloh (O’zi xohlagan bandalarining) barcha gunohlarini mag’firat qilur. Albatta Uning O’zigina Mag’firatli, Mehribondir”. (Qur’oni karim, «Zumar» surasi, 53-oyat).

5 – “Qachonki Yer o’zining (eng dahshatli) zilzilasi bilan larzaga tushganda; Va Yer (o’z bag’ridagi xazina-yu dafinalardan va inson jasadlaridan iborat) «yuk»larini (yuzaga) chiqarib tashlaganida; Va (hayotlik paytida qayta tirilishni inkor qilguvchi o’lgan) inson (qayta tirilganidan dahshatga tushib: «Yerga) nima bo’ldi o’zi?», deb qolganida…” (Qur’oni karim, «Zalzala» surasi, 1-3-oyatlar).

“Zulzilat Zilzol” – “Zilzilasi bilan larzaga tushganda”

6 – “Ana O’sha Kunda (Yer), Parvardigoringiz unga vahiy qil(ib, so’zlashga buyur)gani sababli o’z xabarlarini so’zlar!” (Qur’oni karim, «Zalzala» surasi, 4-5-oyatlar).

“Tuhaddis jahratan axbor” – “O’z xabarlarini so’ylar”.

7 – “Etti osmon, Yer va ulardagi bor jonzot (Ollohni) poklar. Mavjud bo’lgan barcha narsa (Ollohga) hamdu sano aytish bilan U Zotni poklar. Lekin sizlar (ey insonlar) ularning tasbeh aytishlarini – poklashlarini anglamassizlar. Darhaqiqat, U halim va Mag’firatli Zotdir”. (Qur’oni karim, «Al-Isro» surasi, 44-oyat).

8 – Oldingi baytlardagi hannona (nola qilguvchi) ustunga ishora.

9 – “Yahudiylar yetmish bir firqaga, nasorolar yetmish ikki firqaga bo’lindilar”. (Hadis).

10 – Quyosh chiqib, havo isigach, sassiq hidning atrofga tarqalishi ko’zda tutilgan.

BAL’AM BOUR1NING: “MUSO VA UNING QAVMINI ULAR QURSHAB OLGAN SHAHARDAN NOUMID QAYTARGIN” — DEB DUO QILGANI VA DUOSI IJOBAT BO’LGANI

Bal’ami Bourga rom erdi jahon,
Ul zamon Iysosi erdi begumon.

Aylashardi yolg’iz unga sajdani,
Afsuni solim etardi xastani.

Qildi jang Muso-la, aylab kibru kin,
Neki yuz bermish, eshitgaysan barin. 3300

Necha ming Iblisu Bal’amni jahon
Ko’rdi goho oshkoru goh nihon.2

Ikkisin dong’in taratmishdir Iloh,
Boshqalarga to ular bo’lsin guvoh.

Ikki bul o’g’rin baland dorga ilar,
Yo’qsa, qahr aylardi boshqa o’g’rilar.

So’ng shaharga eltdi bog’lab ikkisin,
Ko’p edi qurboni Ul qahru tig’in.3

Nozanindirsan, biroq, haddingni bil,
Olloh, Olloh, buncha haddan oshmagil. 3305

Etsang o’zdan nozaninga qasd agar,
Yetti qat yer qa’rida zor qaqshatar.

Od, Samudning qissasi bor ne uchun?
Anbiyo nozik didin toki tushun.

Xo’rligu tahqiru chaqmoqdan nishon,
Notiq ul Jon qurbidan aylar bayon.

Qatl et odam haqqi bor hayvonni sen,
Qatl et aqlu hush uchun insonni sen.

Hush nadir? Idrokli kullning aqlidek,
Juzv aql idrok erur, ojiz u, lek. 3310

Odamiy boiski, ne yovvoyi bor,
Bo’lmish uy hayvonlari oldida xor.

Xalq ular qonin mudom qilgay talab,
Chunki, vahshiydir, ulug’ aqli sabab.

Ketdi vahshiy hurmati ko’p pastlashib,
So’ngra odamga ular bo’lmish raqib.

Izzating qolgaymi hech, ey, nodira!
Sen esang gar “humurun mustanfira?”4

Naf uchun eshshakni so’ymoqlik – xato,
Bo’lsa gar vahshiy, uni so’ymoq – ravo. 3315

Garchi ul vahshiylik ilmindan yiroq,
Do’st uning uzrin qabul qilmas, biroq.

Baski, ul damdan yovuz odamda jon,
Ey, aziz, uzri qabul bo’lgay qachon?

Shubhasiz, kofir xuni bo’lmish ravo,
Nayza, o’q oldida bir vahshiynamo.

Bil, ravo – farzandu juftin qonlari,
Chunki, idroksiz, adashgandir bari.

Gar aql qochgay Aqllar Aqlidan,
Aql emas, bo’lgusi hayvon naslidan.5 3320

———————————
1 – Bal’ami Bour – Bani Isroil ulamolaridan biri. Mustajabbuddaavot (duosi Olloh tomonidan qabul qilinadigan) edi va uning qarg’ishi tufayli Muso alayhissalom biyobonda qirq kun tentiragan. (“G’iyosul-lug’ot”)

2 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), ularga (yahudiylarga) bir kimsaning xabarini tilovat qiling – u kimsaga oyatlarimizni bildirgan edik. Bas, u o’sha oyatlarimizdan chetlangach (ya’ni, ularga amal qilmagach), uni shayton ergashtirib ketib, yo’ldan ozguvchilardan bo’lib qoldi”. (Qur’oni karim, «A’rof» surasi, 175-oyat).

3 – “(Chunki u Kunda) jinoyatchi-osiy kimsalar siymo-belgilaridan tanilib, peshona va oyoqlaridan olinurlar (va jahannamga otilurlar)!” (Qur’oni karim, “Rahmon” surasi, 41-oyat).

4 – “Nega ular xuddi sherdan qochgan yovvoyi eshaklarga o’xshab bu Eslatmadan – Qur’ondan yuz o’giradi-
lar-a?!” (Qur’oni karim, «Muddassir» surasi, 49-51-oyatlar).

“Humurun mustanfira” – “Qochgan yovvoyi eshaklarga o’xshab”.

5 – “Aniqki, Biz jin va insdan ko’plarni jahannam uchun yaratganmiz. Ularning dillari boru anglay olmaydilar, ko’zlari boru ko’ra olmaydilar, quloqlari boru eshitmaydilar. Ular chorvalar kabidirlar, yo’q, ular (beaql, befahmlikda chorvalardan ham) adashganroqdirlar. Ana o’shalar g’aflatda qolgan kimsalardir”. (Qur’oni karim, “A’rof” surasi, 179-oyat).

099

(Tashriflar: umumiy 688, bugungi 1)

Izoh qoldiring