Abdurauf Fitrat. Mavludi sharif yoxud Xayrul-bashar miroti (rasul oynasi)

097   Абдурауф Абдураҳим ўғли Фитрат миллатимизнинг чинакам фарзанди, нурли ва буюк қалб эгаси эди. У зот бутун умрини халқ маънавиятини юксалтиришга бағишлади, миллий ғурур, ор-номус, миллий бирлик учун курашди.  ХIХ аср охири ХХ аср бошларида мутаассиблик ботқоғига ботган амирлик тузуми, жаҳон тамаддунидан узилиб, ҳукмдорлар зулмидан эзилиб келаётган оддий, оми халқ осмонини зулмат қоплаган бир шароитда Фитратнинг миллат тақдиридан ташвишланаётган уйғоқ ўйлари, инсоният дарди билан ёнган маърифатчи юраги халқ учун йўл кўрсатувчи маёқ бўлди.
Олим халқни уйғотишга, маҳдудлик, билимсизлик қобиғидан озод этишга умри давомида ҳаракат қилди. Унинг бу йўлдаги уринишлари «Мавлуди шариф ёхуд Хайрул-башар мироти (расул ойнаси)», “Мухтасар Ислом тарихи”, «Нажот йўли» каби асарларида ҳам кўзга ташланади.

031
  ФИТРАТ
МАВЛУДИ ШАРИФ ЁХУД ХАЙРУЛ-БАШАР МИРОТИ (РАСУЛ ОЙНАСИ)
Форс тилидан таржима ва изоҳлар муаллифи Исмоил Бекжонов
044

Бисмиллоҳур-раҳманур-раҳим,
Даргоҳинг ҳижобидир жаҳим (1).
044
Ер, кўк яратгувчиси номин,
Зикр этсак, топар дил комин (2).

Жаҳонни яратган доно У,
Бу ишда қодири танҳо У.

Ўлмас, бордир бу Подшоҳ абад,
Йўқ Унда аёл, қардош, фарзанд.

Жаҳонни яратган ул Худо,
Жисм ила жонни қилган ато,

Қудрати-ла ердан фазогача,
Ясади дил яйрар бир боғча.

Ҳар буржига кенг ариқ ила,
Берди кўп чиройли манзара.

Ям-яшил, феруза ранг кошин,
Тўшаб, остини қилди нақшин.

Баланд шифт ясади самодан,
Ёғдули машъал оймомодан.

Бергач бу боғ камолдан нишон,
Аллоҳ қудрати бўлиб аён.

Бермоқ истаб бу боғни кимга,
Ки бўлса лойиқ бу наим(3)га.

Берди башар-ла ерга зийнат,
Башарга эса маданият,

Тамаддун нуридан қилсин деб,
Ёруғ-равшан ер чаманин деб.

Оёқ қўйгач ер узра инсон,
Уй қуриб, тутди унда макон.

Заминни қилди ўтиб ой-йил,
Ҳаракати ила хуш манзил.

Не ҳаракатким, бу қора хок,
Бўлди андин ойна каби пок.

Қилиб саъй (4), ўзи баҳра олди,
Экиб уруғ, ўзи ўроқ солди.

Ерни шод этиб, яшади шод,
Ишлаб олмаган ким мукофот?

Лек ташлаб олдга неча қадам,
Унутди ичганин Ҳаққа қасам.

Роса қилиб роҳат, айш, сурур,
Текин неъматдан бўлиб мағрур.

Ўзин кўрди ерда ҳукмрон,
Боқмади сира осмон томон.

Наздида тепадан ҳеч бир зот,
Туширмаган пастга уни бот.

Билмади Ҳақ қадрини башар,
Дард топди вужуди, алҳазар.

Аслият, ўй ва ақлу хирад,
Тарк этиб, қилдилар уни рад.

Жаҳолат қоплаб зотин шу тоб,
Обод кўнглин айлади хароб.

Жаҳолат учқуни жон аро,
Тушиб, қилди бор-йўқдин айро.

Қолди бир ҳовуч кул сарбасар (5),
Маданиятдан қолмай асар.

Бу бахтсизлиги касри уриб,
Ер тароватсиз қолди қуриб.

Арабистондан чиққан набавий шариат

Жоҳиллик оёқ қўйиб жаҳонга,
Иниб кўпи Арабистонга.

Бу учқундан ул ноҳия ловлаб,
Барбар (6) у араб қавмин чулғаб.

Бири оғасин қонин тўкди,
Бири сингил ҳижобин йиртди.

Бири амакисин ўлдирди,
Мерос деб чироғин сўндирди.

Бири бериб отасига заҳар,
Қатлига боғлаб ани камар.

Бири кундуз майдан бадхумор,
Бири тонггача ўйнар қимор.

Оқибат банда севар Худо,
Раҳм этди бу ҳолга барпо.

Истади бу халқ дарди минбаъд,
Этмай давом, тўхтасин абад.

Башарга кўрсатди бошқа йўл,
Истамади бўлмоғин кўр, гўл.

Чун арабда жаҳолат кўп эди,
Тузатмоқ ани не хўп эди.

Аҳмад(7)га бериб иршод(8) туғин,
Кеткизди эл қоронғулуғин.

Келиб Муҳаммад даврида шавкат,
Тикланди қайта маданият.

Эй, набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, салавот юбор.

— Муҳаммадга салом де, эй Худо;
Салом саййидимиз, эй Мустафо.

Набининг насаби баёни

Муҳаммад – икки сарой шоҳи,
Ҳидоят ишининг паноҳи.

Башар оламин сарвару сардори,
Башар ойнасин сайқалкори.

Эди ҳазрат Абдуллоҳ отоси,
Абдмуталлиб эса бобоси.

Чўнг бобо Ҳошим, Абдулманноф,
Ҳар бирин кўнгли ҳийладан соф.

Қуссай, Калоб уларга бобо,
Ғолиб, Фаҳрдан кўриб дунё.

Молик, Назр буларга падар,
Канона-ю Хазима, Мадар.

Илёс бин Мазар ибни Низор (9),
Маъд, Аъднон бу силсилада бор.

Аъднон жадди Исмоил Забиҳ,
Десалар шаксиз бўлур саҳиҳ.

Покдир жаноб расул насабда,
Зоти доғсиз, аъло ҳасабда.

Шариф хонадонидан ҳеч зот,
Булғамаган ўзин бирор вақт.

Отаси, бобосин бобоси,
Ҳақ йўлдан етиб интиҳоси.

Кетишди этаклари тоза,
Салоҳ(10)да нажот(11)га андоза.

Не хуш ул хонадонким, ҳеч он,
Тушмаса анга доғу нуқсон!

Ул шарафни бу пок хонадон,
Топди расул қутидан чунон.

Аждодин яхши васфи чексиз,
Башар аълосидан бу шаксиз.

Эй, набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, саловот юбор.

Пайғамбарлик нурининг Абдуллоҳдан Оминага иниши

Аён бўлишин истаб Худо,
Илоҳий дўст сири олам аро.

Деди: Олам ёғдуси Қуёш,
Чиқарсин Батҳо (12) уфқидан бош.

Ой маъқуллаб танлов (13) сўзини,
Пардадан чиқарсин юзини.

Ахир қуёш нега бекинсин,
Ой нега бўлсин зулмат нишин (14).

Қоронғу тун умри туганди,
Порламоқ вақти белгиланди.

Таратсин ер юзига нурин,
Ҳайдасин жаҳолат ғурурин.

Худо берган бу амру фармон,
Адо бўлди ўтмай ҳеч замон.

Ота белидан ул пок гавҳар,
Омина садафига инди яксар,

Не тоза, не пок садаф эрди,
Илоҳий гавҳарга ҳадаф (15) эрди.

Ул нур инган ўшал кеча-тун,
Бахту иқболдан эрди гулгун.

Бир кечаким, гўё ийд тонги,
Ойдин, соф, ҳайрон киши онги.

Ҳавоси насими мушк таратар,
“Кет, эй ғам” дея наъра тортар.

Тоғу тош, саҳро нурга тўлган,
Бари шодлик либосин кийган.

Жин, малак, дарранда, парранда,
Бир-бирига етказган мужда.

Юлдузлар сипоҳи кўп қувнаб,
Кўк гумбаз аро тортган кенг саф.

Ўртада Ой хатибдек расо,
Нурдан тутиб суянчиқ – асо.

Турар қувноқ, юзи босафо,
Хушхабар хутбасин этиб адо.

Омина шу оқшом туш кўрди,
Қулоғига бир садо кирди.

“Эй, бул диёрнинг саидаси,
Ҳаётинг ниҳолин меваси,

Этар сендан оламга зуҳур,
Оламга бахш этажак сурур.

У башар саййиди, олийси,
Дунё яралишин боиси.

Келиб жаҳолатни қилар йўқ,
Қадамидан тирилар бор-йўқ.

У келганда мисоли юлдуз,
Нуридан тун бўлар кундуз.

Замин, осмон айтар мадҳ, ҳамд,
Шу сабаб номин қўй Муҳаммад.

Эй, набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, саловот юбор.

Наби отасининг вафоти ва пайғамбарнинг шариф таваллуди

Кеча оқшом кекса тарихдон,
Қилди менга бу янглиғ баён.

Етгач икки ойга ҳомила,
Рўй берди қайғули воқеа.

Наби отаси ҳазрат Абдулло,
Ёшлик айёми қилмай вафо.

Ота ризоси-ла савдо деб,
Мадина шаҳри қайдо деб.

Кетди ул юртга, бўлди бемор,
Касалидан ўлим намудор (16) .

Ғариб шаҳарда топди вафот,
Қолдириб фарзанд, хотин, ҳайҳот!

Тўққиз ойга етгач ҳомила,
Туғиш вақтин билди Омина.

Кўрди ой зиёсидек бир нур,
Ногаҳ чиқди ёқадан масрур.

Кўтарилиб самога бир дам,
Олам зулматига берди барҳам.

Нур етганда ул гардун аро,
Чархда бўлди уч аёл пайдо.

Олиса, Марям, яна бир ҳур,
Ёнида тўкишди савлат, қўр.

Ҳар бири бериб башорат, дер:
Бу боланг жаҳон ғамини ер.

У бўлар башарга далолат,
Ҳомий, шафе рўзи қиёмат.

Бу ўғлингдир ҳабиби Аллоҳ,
Жумлаи жаҳонга раҳнамо.

Бу ўғлинг чироқдир йўл аро,
Халққа раҳбар, русул(17)га пешво.

Бу ўғлингдир шоҳи коинот,
Олам топар файзидан ҳаёт.

Худо лутфи ёр бўлди, шод бўл,
Ўғлинг дилидек сен обод бўл.

Доя бўлибон бу уч пари,
Туғилди икки олам сарвари.

Шариф қадамин қўйгач бу шоҳ,
Замин отди осмонга кулоҳ (18).

Эй набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, саловот юбор.

Ҳар тукинг ости бўлиб оғиз,
Айтгил набига: Хуш келибсиз!

Нур ил-яқинга марҳабо де,
Ҳомийи динга марҳабо де.

Фахри кавну макон, марҳабо,
Файзи икки жаҳон, марҳабо.

Зикри ороми жон, хуш келдинг,
Исми тилда ҳар он, хуш келдинг.

Жабраилга ошно, хуш келдинг,
Рафраф (19) минган доно хуш келдинг.

Барчага абад қибла, марҳабо,
Барча умидга каъба, марҳабо.

Сахо осмонига қуёш, марҳабо,
Динга ҳоми-ю бош, марҳабо.

Файзу русул фахри, марҳабо,
Муршид, ҳиммат баҳри (20), марҳабо.

Эй, набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, салавот юбор.

Набавий таваллуди кечаси воқеалари зикри ва унинг кўкалтош(21)и баёни

Кеча тарихга ташлаб назар,
Тушди кўзга бу янглиғ хабар.

Мустафо туғилган ул кеча,
Бўлди ғайри ишдан бир неча.

Порслар оташгоҳида олов,
Мавлуд чоғи ўчди дарров.

Порс шоҳи Ануширвон қасри,
Кўрмаган ул каби ҳеч асре.

Аҳмад ер узра қўйгач қадам,
Ўн тўрт тоқи қулади шу дам.

Бутхоналарда бут ва санам,
Қулашди юз тубан бўлиб хам.

* * *

Жаҳонга келгач наби ул тун,
Эмизди Омина неча кун.

Лек Оминанинг сути қочиб,
Сайба неча вақт кўксин очиб.

Наби тўрт ойга тўлган чоғида,
Бўлди Марвуҳа қучоғида.

Кейинги доя бани Саъд(22)дан,
Эди юлдузи равшан, саъд(23)дан.

Келиб, жон деб олди зиммага,
Набилар сўнггисин эмизмага.

Элтиб набини саҳросига,
Кўнгил очар об-ҳавосига.

Ул даҳада пайғамбар мудом,
Яйради тинч, иззатда тамом.

Шарафидан уч йилу неча ой,
Яшади Ҳалима ҳам тинч, бой.

Доялик охирига етгач,
Ҳалима ишин адо этгач.

Набини бобосига элтди,
Она илтифотига етди.

Эй, набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, салавот юбор.

Ҳазрат набавийнинг онаси ва бобосининг вафоти

Олти ёшида Набиуллоҳ,
Онасига бўлиб ул ҳамроҳ.

Мадина бориб, қайтар замон,
Йўлда бир ерни этгач макон.

Омина чарчоқ заҳматидан,
Оғир касаллик меҳнатидан.

Ола бошлаб сўнгги нафасин,
Заиф ҳолда чиқариб сасин.

Видолар айтиб Муҳаммадга,
Бу фонийдан кетди абадга.

Наби қалби ёнди бу дарддан,
Қолди ёлғиз қотиб ҳайратдан.

Аслзода бобо фарзандин,
Сийлаб бошини дилбандин.

Кўп лутф ила қилиб тарбият,
Кўргузди ёрдам-ла марҳамат.

Наби умри саккиздан ўтгач,
Бобо ризқи жаҳондан битгач.

Яна бир ўғлига топшириб,
Наби борасида пандни ошириб.

Асра деб уни ҳар балодан,
Кўз юмаркан ўзи дунёдан.

Бу васиятни адо этди,
Муҳаммад сирин ифшо (24)  этди:

Бу бўлғай оламда пайғамбар,
Ўшал баъсат (25) кунга етсанг гар.

Ҳеч шак келтирмай, қил иқтидо (26),
Васиятим сўзсиз эт адо.

Дегач бу сўзни жадди расул,
Дил-жондан қилди ўғил қабул.

Амак севарди набини кўп,
Жон ила асради уни хўп.

Эй набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, салавот юбор.

— Муҳаммадга салом де, эй Худо;
Салом саййидимиз, ал-Мустафо.

Ҳазрат набавийнинг илк бор Шом томонга Абутолиб билан сафари

Наби ёши ўн иккига равон,
Етгач бўлиб расо бир ўғлон.

Амакисига берай деб мадад,
Тижорат ишин қилиб мақсад.

Шом сафарин ихтиёр этди,
Амакиси ул диёр элтди.

Шом йўлида учради бир шайх,
Исми Буҳайро, худо дер шайх.

Калисо (27) эрди жой-макони,
Динда мазҳабидир насроний (28).

Шайх расулга назар солган он,
Ҳаракотидан қилгач аён.

Деди: — Эй араблар, бу ўғул,
Эрур оламда Ҳақдан расул.

Бахтли ул шахс, дилу жон ила,
Эргашса унга бор имкон ила.

Яна деди амакисига:
— Иш олмасин десанг аксига.

Сен уни Шом шаҳрига элтмагил,
Яҳудларга дучор этмагил.

Янги расулга улар ғаним,
Кўрса тез билар бу бола ким.

Янги расулни қавми Яҳуд,
Ўлдирмоқ истар қилиб ҳасуд.

Қўрқаман бу бадният қавмдан,
Етказмагай зарар деб зимдан.

Ишни бу янглиғ кўргач амак,
Англаб етди недир келажак.

Буҳайро пандин этди қабул,
Буни наби ҳам топди маъқул.

Амак Шом шаҳри йўлин тутди,
Расул уларни даштда кутди.

Эй набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, саловот юбор:

— Муҳаммадга салом де, Худо,
Салом саййидимиз, Мустафо.

Жаноб пайғамбарнинг Хадича томонидан Шомга иккинчи марта сафари

Расул йигирма тўртга тўлди,
Яна сафар насиби бўлди.

Хадича исмли саййида,
Олий мақомли ўз элида.

Набини ўз ишига ёллаб,
Тижорат юмушига чоғлаб.

Юборди карвонда шаҳри Шом,
Аммо етмай манзилга тамом.

Кўриб йўл устида бир мақом,
Тушди унга олай деб ором.

Шайх Буҳайронинг хонақоси,
Эрди бу йўлнинг кенг яқоси.

Бу оламдан кетиб Буҳайро (29),
Қолдириб ўрнида настуро .

Янги роҳиб том узра туриб,
Бахт асар тожир юзин кўриб.

Наъра тортди: Эй аҳли корвон,
Худо бўлсин сизга меҳрибон.

Ул олийжаноб ёш туфайли,
Яралмиш замин, замон хайли.

Меҳри ўрнашди бошу дилда,
Келиб, жой тутинг бу манзилда.

Пайғамбари охири замон,
Бўлди тез роҳиб сари равон.

Шайх Аҳмадга бўлгач рўпара,
Гаплашди ҳар бобдан бир пора.

Наби елкасин очгач ўзи,
Нубувват муҳрин кўрди кўзи.

Деди: бу шахс пайғамбар бўлур,
Барча халқларга раҳбар бўлур.

Шом шаҳрига қилмасин сафар,
Бор анда яҳудлардан хатар.

Роҳиб айтганин жаноби расул,
Қилди ўша кун дилдан қабул.

Шом йўлидан воз кечиб бутун,
Шунда дам олди икки-уч кун.

Маккадан келтирган бор молин,
Худо очиб бахту иқболин.

Барин қиммат баҳога сотди,
Сўнг дарҳол ватан сари қайтди.

Неки сафарида берди рўй,
Хадичага қилди гўфтигўй.

Наби сидқига бўлгач амин,
Меҳрин тутиб дилига яқин.

Хадичада бўлди бу хаёл:
Берса унга имкони висол.

Эй набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, саловот юбор.

— Муҳаммадга салом де, Худо;
Салом саййидимиз, Мустафо.

Ҳазрат расул алайҳиссаломнинг Хадичага уйлангани

Тарих сирин билгувчи доно,
Сўз мағзин бу тарз қилди адо.

Кўргач ул саййидаи Макка,
Наби меҳри тушганин юракка.

Нафисага ҳам қилди баён,
Нафиса ҳам бўлди кўп шодон.

Сўнг етказди бориб расулга,
Набидан ҳам етиб қабулга.

Билгач пайғамбар амакиси,
Битди никоҳ расмин камкўси.

Топиб Хадича висол бахтин,
Қувончдан хуш қилди ўз вақтин.

Наби ҳам бўлди бу ҳолдан шод,
Хадича уйин этиб обод.

Эй, набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, саловот юбор.

— Дуруд де Муҳаммадга, Худо;
Салом саййидимиз, Мустафо.

Набавий алайҳиссаломнинг пайғамбарлик ваколати

Наби қирқ ёшга тўлган айём,
Келди ҳазрат Яздон(30)дан паём (31).

Қилдим сени, — деди ул Худо,
Жаҳон халқларига раҳнамо.

Халқ йўлдан адашди, йўл кўрсат,
Не бўлса хароб, обод қил, тузат.

Жаҳонни қоплади жаҳолат,
Жаҳд қил, тириш, йўқолсин зулмат.

Башар қавми тутди хато йўл,
Сен ҳидоят воситаси бўл.

Рамазондан ўн еттинчи кун,
Рўй берди ул нубувват бир тун.

“Фатаҳно” (32)  туғли шоҳга мақом,
Бўлиб Ҳиро ғори шул оқшом.

Ибодат қиларкан Худога,
Қулоғи тўлди бир садога.

Товуш узоқдан келар эди,
Наби ҳар ёққа қарар эди.

Кўринмади ҳеч нарса, лек боз,
Эшитилди ул ногаҳ овоз.

Наби дилига тушиб қўрқув,
Кўз-ла этиб ҳар ён тинтув.

Овоз эгасидан ҳеч хабар,
Топмади-ю кўрмади асар.

Уч бор қараб олду изига,
Тушди кўзи нур денгизига.

Ногаҳ ундан ҳазрат Жаброил,
Чиқди бўлиб башар шамоил.

Деди: Мен Жаброил, бўл бардам,
Юборди ул яратган эгам.

Ҳақ сенга саломин юборди,
Мўл-кўл қилиб неъматин берди.

Пайғамбарлик давлатидир у,
Раҳбарликнинг шавкатидир у.

Бўлгайсан жаҳонга раҳнамо,
Тур, илоҳий ишни эт адо.

Буту бутхонасин бузғил сен,
Тур, бузилди жаҳон, туз қил сен.

Олам кутар сени интизор,
Тур, бузуқ дайрга бўл меъмор.

Эй ер юзининг раҳмати, тур,
Назар сол оламга сен бир қўр.

Ер жаҳолат ўтида ёнди,
Тамаддун нури ортга ёнди (33).

Тур, эй нажоти инсоният,
Дунё ободлигин қил ният.

Маданият-ла ерга бер зеб,
“Наср мин Аллоҳ, фатҳан қариб.” (34)

Бу башар – бу умидли, бодил (35),
Недин бўлди ожиз, ноқобил.

Дунё, ободлик боиси одам,
Сайъи дунё обрўси одам.

Ўз тадбир панжаси-ла ҳар дам,
Пўлат кўксини тилгувчи одам.

Жанг майдонига кирганда ҳам,
Тошни талқон қилгувчи одам.

Недин бўлди бунча хароб, зор,
Шарафу иззатсиз, беэътибор.

Нега бўлғай бу каби ғофил,
Худову дин ишидан зоил.

Жаҳолат олдида нега у,
Заифу бемор, ланжу мажруҳ,

Тур, эй набиларга хотимат,
Замину замонни янгилат.

Эй Батҳо саййиди, қил мадад,
Башар қавмига сен беадад.

“Вад-дин ҳув-вал-ақл” наърасин,
Уриб ёр бединлик заҳрасин.

Дегил ул башарга: Даҳр аро,
Худо амри етмас биздан айро.

Муҳаммад билди ёлғиз Худо,
Элчиси қилмиш олам аро.

Йўлга тушди Хадича томон,
Келиб, бу сирни қилди аён.

Эй набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, саловот юбор.

— Муҳаммадингга салом де, Худо;
Салом саййидимиз, Мустафо.

Мўъминлар онаси Хадичанинг иймон келтиргани

Кеча оқшом доно нуктадон,
Айтди бу сўзни менга чунон.

Аҳмад гапин эшитган замон,
Хадича қувонди ва шодон,

Деди: Эй жон гулзорин гули,
Сенсан охир замон расули.

Сендан ҳаёт топажак жаҳон,
Бўлур обод замину замон.

Аллоҳи таолои таборак,
Лутфи бўлсин сенга муборак.

Ғам ема, даҳр дилин обод,
Бутхонани эса қил барбод.

Тур, ўтирмоқлик вақти ўтди,
Йўл кўрсатмоқлик пайти етди.

Ҳақ берди иршоддек неъматни,
Таратди нури нубувватни.

Кечиктирма, амри худодир,
Худо амри пайсали хатодир.

Тур ушбу соат қил сен ошкор,
Набилигинг қиссасин якбор.

Ҳақ буйруғидир, ортга сурма,
Қўрқма ва ҳеч ўйлаб ўтирма.

Энг биринчи этгувчи қабул,
Менман, ойдин дининг, эй расул.

Хадичани кўргач пешқадам,
Қабул қилганин динни бу дам.

Деди: Аллоҳ сендан шод бўлсин,
Оқибатинг ҳам обод бўлсин.

Эй набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, саловот юбор.

— Муҳаммадингга салом де, Худо;
Салом саййидимиз, Мустафо.

Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқнинг – Аллоҳ ундан рози бўлсин – иймон келтиргани ва ундан кейин иймон келтирган улуғ зотларнинг зикри

Ҳунарларга ғарқ ақл пири,
Деди: Бундайдир тарих сири.

Исломга кирган биринчи эр,
Бўлганди ҳазрат Абу Бакр.

Сибён(36)дан ҳазрат Али бил,
Наби амакисига ўғил.

Ундан сўнг Зайд, Билол ва баъд (37),
Ҳазрат Усмон, кейин кирди Саъд.

Сўнгра Саид бўлгач мусулмон,
Талҳа, Зубайда топди иймон.

Уч йилгача олийқадр шоҳ,
Араб халқин этмади огоҳ.

Ўз даъватини тутди пинҳон,
Билди фақат бир неча инсон,

Битта-битта келиб яширин,
Қабул этдилар наби динин.

Тўртинчи йили парвардигор,
Деди: Даъватинг қил ошкор.

Худодан олгач бундай фармон,
Ўшал кун қилди динин эълон.

Бориб масжиди Байт ул-ҳаром,
Чақирди араб қавмин тамом.

Деди: Эй аслзода араб,
Топшириқ берди менга ул Рабб.

Етказгумдир сизга батамом,
Жаҳон эгаси амрин, вассалом.

Худо – билгувчи, қодир, ёлғиз,
Тенгсиз, фарзандсизу аёлсиз.

Бу бут, бутхона бари ботил,
Эргашган унга жоҳил, ғофил.

Ким сидқ ила тутса этагим,
Топар икки жаҳон давлатин.

Ким даъвоим инкор этса гар,
Эртанг дўзахда ватан тутар.

Араблар бу сўзни эшитиб,
Дилда ғазаб ўтин қўзитиб.

Бел боғладилар ёниб дарддан,
Қасд олайлик, деб, Муҳаммаддан.

Эй набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, саловот юбор.

— Муҳаммадинга салом де, Худо;
Салом саййидимиз, Мустафо.

Набий алайҳиссаломнинг мушфиқ амакиси ва муҳтарам ҳарамининг вафоти

Тарихда устодим кеча тун,
Бу ёқдан очди сўз эшигин.

Шу ғавғо билан ўтди ўн йил,
Амак жаҳондан узиб кўнгил.

Фоний оламдан силкди этак,
Руҳининг қуши учди юксак.

Аҳмад амакдан бўлгач жудо,
Араб орттириб жабру жафо.

Дунёда бўлса қанча изо (38),
Муҳаммадга кўрдилар раво.

Бири оёғига отди тош,
Бири уятли сўз этди фош.

Бири деди: сеҳргар, маккор.
Бири деди: нокасу беор.

Хуллас, араб бериб кўп азоб,
Чекди наби чексиз изтироб.

Лек Хадича ёнида эрди,
Ғамхўри бўлиб ёрдам берди.

Аммо бор-йўғи ўтиб уч кун,
Набини тарк этди у бутун.

Хадича ҳам орқалаб кўчин,
Йўлга тушди ул бақо учун.

Худо олдида топди қабул,
Лек ёлғиз, танҳо қолди расул.

Араб қавми кўргач бир ўзин,
Қизитди жабру жафо сўзин.

Лек Аллоҳ элчиси қўрқмади,
Нубувват даъвосин қўймади.

Баъсдан ўн икки йил тамоми,
Ўтиб, келди меърож оқшоми.

Эй дили набига вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, саловот юбор.

— Муҳаммадингга салом де, Худо;
Салом саййидимиз, Мустафо.

Меърож

Бахтли-ю қутли бир тун эди,
Ҳавода файз, мишк устун эди.

Ҳурлар сочидек анбарфишон,
Ойнадек ҳар ёғи нурга кон.

Қароси гўё кўз қароғи,
Ҳайит тонгидек хуш ҳар чоғи.

Ҳур кўзин сурмасидек шоми,
Тонгидир нур даштин гулфоми.

Кўзи очиқ юлдузлар барин,
Қилиб фалак узра кўк сайрин.

Хуш уйқуда чоғи пайғамбар,
Жаброил келтирди бир хабар.

— Худоинг дер, эй фахри русул,
Бу Ялдо (39) туни – вақти вусул (40).

Уйқуни тарк эт, бўл сен бедор,
Раббинг кутар бу тун интизор.

Васлдир, уйқуга итоб қил,
Юқори оламга шитоб қил.

Эшитиб Батҳонинг саййиди,
Раддига бирон сўз демади.

Худосин амрига бўйсуниб,
Рафрафнинг тез устига миниб.

Етгач Масжиди Ақсога зуд (41),
Айлади саловоту дуруд.

Сўнг кўтарилди Сурайёга,
Етгач биринчи қат самога.

Учрашди Одам Ото билан,
Илк наби, Сафиулло билан.

Йўналиб иккинчи фалакка,
Суҳбат қурди Исо-ла якка.

Қадам қўйиб тўртинчи само,
Ҳазрат Идрисга бўлди ошно.

Етгач бешинчи сипеҳр(42)ига,
Ҳорун тўйдирди ўз меҳрига.

Тушгач олтинчи қат самога,
Қулоқ тутди ҳазрат Мусога.

Манзил бўлгач еттинчи само,
Иброҳим айлади кўп дуо.

Кетди сўнг йўли очиқ томон,
Лутфлар этди Ҳаййи (43) маҳрибон.

Қайтди яна келган жойига,
Оро кирди шаҳар жонига.

Ўз меърожин уйғонгани он,
Асҳобларига қилди баён.

Бу сўзни қабул тутган илк ёр,
Эди ул Абу Бакр дилдор.

Эй набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, салавот юбор.

— Муҳаммадга салом айт, Худо;
Салом саййидимиз, Мустафо!

Ҳазрат расул алайҳиссаломнинг Мадинага ҳижрати

Ҳақиқатни билгувчи ул пир,
Сўзин қилди бу каби тақрир.

Меърождан қайтиб наби ҳазрат,
Тушди этмакка яна даъват.

Кўрди ҳаётда шундан кўп ранж,
Лек этмади даъват ишин ланж.

Арабга ёқмай бу, чор-ночор,
Қилди ушбудек қасдга қарор.

Йиғилишиб бир ерга гуррос,
Ўлдириб, олгайлар зўр қасос.

Аҳд этдилар наби қатлига,
Лек раво кўрмай расулига,

Худо юборди ўшал айём,
Жабраилдан набига паём.

Деди: Тур, сенга ушбу дамдан,
Ҳижрат изни келди эгамдан.

Бу тун Мадинага қил сафар,
Йўқса бор бунда сенга хатар.

Бу Бакрга бергали мужда,
Бориб наби ул ён бир зумда.

Икковлон Маккадан кетдилар,
Савр деган тоққа етдилар.

Тоғ бағрида бир ғор бор эди,
Ичи тундек қора ғор эди.

Абу Бакру расули Худой,
Ул ғор тўрида олишди жой.

Илоҳий амрдан бир тортан (44),
Ғор оғзини бекитди тордан.

Вадуд (45)  амридан бир жуфт каптар,
Ин қурди ғор оғзида яксар.

Араб қавми қочганин расул,
Билиб, бўлишди ғамгин, малул.

Излаб ҳар тараф зир чопишди,
Ғор оғзин ул ҳолда топишди.

Этмай одам борин ҳеч гумон,
Қайтишди орқага шул замон.

Расулдан топмагач бир нишон,
Қолди дилларида кўп армон.

Эй набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, саловот юбор.

— Муҳаммадга салом айт, Худо;
Салом саййидимиз, Мустафо!

Олам шоҳи қолгач ғорда уч кун,
Ҳақ меҳри бўлиб такя (46), устун.

Тўртинчи кун қуёш порлади,
Дашт, саҳрони нурга чулғади.

Чиқиб, туяга бўлгач савор (47),
Ҳар икковдан холи қолди ғор.

Абу Бакру паёмбар равон,
Кетдилар Ясриб (48) шаҳри томон.

Бир ҳафта шамолдек елдилар,
Мадина ёнига келдилар.

Ясриб аҳлига етгач бу гап,
Келиб, ташлашди ўзин тап-тап,

Наби пойига сургали бош,
Ансор ликларин этгали фош.

Эй набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, саловот юбор.

— Муҳаммадга саловот де, Худо;
Салом саййидимиз, Мустафо!

Хотима

Бу китобким, эрур файзга кон,
Илоҳ лутфидан топди поён.

Расулга севгимиз ҳаққи, қил,
Илоҳим бандалигимиз қабул.

Қилган эсак-да қанча гуноҳ,
Фақат сендан истаймиз паноҳ.

Кечир, олий лутфингдан бизни,
Узмасмиз ҳеч умидимизни.

Атолар бахш этгувчи Подшоҳ мадади билан ушбу китоб 1331 йилнинг 8-раби ул-аввал ойида ниҳоясига етди. 1913 йил 16 февраль.
Котиб самарқандлик мулло Сайфиддин ал-муфти.

ИЗОҲЛАР

1.Жаҳим – дўзах; дўзах олови.
2. Ком – истак, мақсад.
3. Наим – неъмат.
4. Саъй – ҳаракат, тиришиш.
5. Сарбасар – бошдан-оёқ.
6. Барбар – кўчманчи арабларнинг бир уруғи.
7. Аҳмад – Муҳаммад пайғамбарнинг (с.а.в.) Инжилда келган номи.
8. Иршод – етуклик йўлини кўрсатиш.
9. Пайғамбар хонадони шажараси ушбу шаклдадир: Муҳаммад бин Абдуллоҳ бин Абдулмуталлиб бин Ҳошим бин Абдиманноф ибн Қуссай бин Калоб бин Каъб бин Луй бин Ғолиб бин Фаҳр бин Молик бин Назр бин Канона бин Хазима бин Мадар Катар бин Илёс бин Мазр….Исмоил бин Иброҳим…
10. Салоҳ – тўғрилик.
11. Нажот – қутулиш. Бу ерда “рости расти” (тўғри йўлдан юрсанг дўзах азобидан қутуласан) ҳикматига ишора.
12. Батҳо – Макка, Мадина жойлашган минтақа номи.
13. Форсча матнда “Мустафо” берилган. Мустафо сўзи “танланган” маъносини билдириб, Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбарга нисбатан айтилади.
14. Нишин – ўтирувчи.
15. Ҳадаф – нишон.
16. Намудор – кўринган, билинган.
17. Русул – расуллар.
18. Кулоҳ – бош кийими.
19. Рафраф – пайғамбарни меърожга олиб чиққан восита номи; Буроқ (оти).
20. Баҳр – денгиз.
21. Кўкалтош – кўкракдош; Бу ерда бировнинг боласини эмизувчи энага кўзда тутилган.
22. Бани Саъд – Саъд авлоди.
23. Саъд – бахт.
24. Ифшо (фош) – аён.
25. Басъат (баъас) – пайғамбарликнинг келиши.
26. Иқтидо – эргашиш.
27. Калисо – масиҳийлар ибодатхонаси; черков.
28. Насроний – масиҳий; христиан.
29. Настуро (насроний) – масиҳий; христиан.
30. Яздон – икки оламни яратган Худо.
31. Пайём – хабар.
32. Фатаҳно – очдик. Қуръони карим оятларига ишора.
33. Ёнмоқ – қайтмоқ.
34. Наср мин Аллоҳ, фатҳан қарибан – ғалаба Аллоҳдан, фатҳ яқиндир. Қуръони карим ояти.
35. Бодил – довюрак, қўрқмас, ботир.
36. Сибён – болалар.
37. Баъд – кейин, сўнг.
38. Изо – ҳақорат, дашном; Уқубат, азоб.
39. Ялдо туни – энг узун ва қоронғи тун. Мелодда 21-декабрь оқшомига тўғри келади.
40. Вусул – висолга етиш.
41. Зуд – тез.
42. Сипеҳр – осмон, фалак.
43. Ҳайй – ҳаёт бергувчи Аллоҳ.
44. Тортан – тортанак, ўргимчак.
45. Вадуд – меҳрибон. Аллоҳ номларидан бири.
46. Такя – суянчиқ.
47. Савор бўлмоқ – минмоқ.
48. Ясриб – Мадина шаҳрининг ислом пайғмабари келгунгача бўлган номи. Сўнг “Мадинат ун-наби” номини олган ва шундан “Мадина” деб аталади.

097      Abdurauf Abdurahim o’g’li Fitrat millatimizning chinakam farzandi, nurli va buyuk qalb egasi edi. U zot butun umrini xalq ma’naviyatini yuksaltirishga bag’ishladi, milliy g’urur, or-nomus, milliy birlik uchun kurashdi. XIX asr oxiri XX asr boshlarida mutaassiblik botqog’iga botgan amirlik tuzumi, jahon tamaddunidan uzilib, hukmdorlar zulmidan ezilib kelayotgan oddiy, omi xalq osmonini zulmat qoplagan bir sharoitda Fitratning millat taqdiridan tashvishlanayotgan uyg’oq o’ylari, insoniyat dardi bilan yongan ma’rifatchi yuragi xalq uchun yo’l ko’rsatuvchi mayoq bo’ldi.Olim xalqni uyg’otishga, mahdudlik, bilimsizlik qobig’idan ozod etishga umri davomida harakat qildi. Uning bu yo’ldagi urinishlari «Mavludi sharif yoxud Xayrul-bashar miroti (rasul oynasi)», “Muxtasar Islom tarixi”, «Najot yo’li» kabi asarlarida ham ko’zga tashlanadi.

031
FITRAT
MAVLUDI SHARIF YOXUD XAYRUL-BASHAR MIROTI (RASUL OYNASI)
Fors tilidan tarjima va izohlar muallifi Ismoil Bekjonov
044

Bismillohur-rahmanur-rahim,
Dargohing hijobidir jahim (1).
044
Yer, ko’k yaratguvchisi nomin,
Zikr etsak, topar dil komin (2).

Jahonni yaratgan dono U,
Bu ishda qodiri tanho U.

O’lmas, bordir bu Podshoh abad,
Yo’q Unda ayol, qardosh, farzand.

Jahonni yaratgan ul Xudo,
Jism ila jonni qilgan ato,

Qudrati-la yerdan fazogacha,
Yasadi dil yayrar bir bog’cha.

Har burjiga keng ariq ila,
Berdi ko’p chiroyli manzara.

Yam-yashil, feruza rang koshin,
To’shab, ostini qildi naqshin.

Baland shift yasadi samodan,
Yog’duli mash’al oymomodan.

Bergach bu bog’ kamoldan nishon,
Alloh qudrati bo’lib ayon.

Bermoq istab bu bog’ni kimga,
Ki bo’lsa loyiq bu naim(3)ga.

Berdi bashar-la yerga ziynat,
Basharga esa madaniyat,

Tamaddun nuridan qilsin deb,
Yorug’-ravshan yer chamanin deb.

Oyoq qo’ygach yer uzra inson,
Uy qurib, tutdi unda makon.

Zaminni qildi o’tib oy-yil,
Harakati ila xush manzil.

Ne harakatkim, bu qora xok,
Bo’ldi andin oyna kabi pok.

Qilib sa’y (4), o’zi bahra oldi,
Ekib urug’, o’zi o’roq soldi.

Yerni shod etib, yashadi shod,
Ishlab olmagan kim mukofot?

Lek tashlab oldga necha qadam,
Unutdi ichganin Haqqa qasam.

Rosa qilib rohat, aysh, surur,
Tekin ne’matdan bo’lib mag’rur.

O’zin ko’rdi yerda hukmron,
Boqmadi sira osmon tomon.

Nazdida tepadan hech bir zot,
Tushirmagan pastga uni bot.

Bilmadi Haq qadrini bashar,
Dard topdi vujudi, alhazar.

Asliyat, o’y va aqlu xirad,
Tark etib, qildilar uni rad.

Jaholat qoplab zotin shu tob,
Obod ko’nglin ayladi xarob.

Jaholat uchquni jon aro,
Tushib, qildi bor-yo’qdin ayro.

Qoldi bir hovuch kul sarbasar (5),
Madaniyatdan qolmay asar.

Bu baxtsizligi kasri urib,
Yer tarovatsiz qoldi qurib.

Arabistondan chiqqan nabaviy shariat

Johillik oyoq qo’yib jahonga,
Inib ko’pi Arabistonga.

Bu uchqundan ul nohiya lovlab,
Barbar (6) u arab qavmin chulg’ab.

Biri og’asin qonin to’kdi,
Biri singil hijobin yirtdi.

Biri amakisin o’ldirdi,
Meros deb chirog’in so’ndirdi.

Biri berib otasiga zahar,
Qatliga bog’lab ani kamar.

Biri kunduz maydan badxumor,
Biri tonggacha o’ynar qimor.

Oqibat banda sevar Xudo,
Rahm etdi bu holga barpo.

Istadi bu xalq dardi minba’d,
Etmay davom, to’xtasin abad.

Basharga ko’rsatdi boshqa yo’l,
Istamadi bo’lmog’in ko’r, go’l.

Chun arabda jaholat ko’p edi,
Tuzatmoq ani ne xo’p edi.

Ahmad(7)ga berib irshod(8) tug’in,
Ketkizdi el qorong’ulug’in.

Kelib Muhammad davrida shavkat,
Tiklandi qayta madaniyat.

Ey, nabiga dili vafoli yor,
Tur o’rningdan, salavot yubor.

— Muhammadga salom de, ey Xudo;
Salom sayyidimiz, ey Mustafo.

Nabining nasabi bayoni

Muhammad – ikki saroy shohi,
Hidoyat ishining panohi.

Bashar olamin sarvaru sardori,
Bashar oynasin sayqalkori.

Edi hazrat Abdulloh otosi,
Abdmutallib esa bobosi.

Cho’ng bobo Hoshim, Abdulmannof,
Har birin ko’ngli hiyladan sof.

Qussay, Kalob ularga bobo,
G’olib, Fahrdan ko’rib dunyo.

Molik, Nazr bularga padar,
Kanona-yu Xazima, Madar.

Ilyos bin Mazar ibni Nizor (9),
Ma’d, A’dnon bu silsilada bor.

A’dnon jaddi Ismoil Zabih,
Desalar shaksiz bo’lur sahih.

Pokdir janob rasul nasabda,
Zoti dog’siz, a’lo hasabda.

Sharif xonadonidan hech zot,
Bulg’amagan o’zin biror vaqt.

Otasi, bobosin bobosi,
Haq yo’ldan yetib intihosi.

Ketishdi etaklari toza,
Saloh(10)da najot(11)ga andoza.

Ne xush ul xonadonkim, hech on,
Tushmasa anga dog’u nuqson!

Ul sharafni bu pok xonadon,
Topdi rasul qutidan chunon.

Ajdodin yaxshi vasfi cheksiz,
Bashar a’losidan bu shaksiz.

Ey, nabiga dili vafoli yor,
Tur o’rningdan, salovot yubor.

Payg’ambarlik nurining Abdullohdan Ominaga inishi

Ayon bo’lishin istab Xudo,
Ilohiy do’st siri olam aro.

Dedi: Olam yog’dusi Quyosh,
Chiqarsin Batho (12) ufqidan bosh.

Oy ma’qullab tanlov (13) so’zini,
Pardadan chiqarsin yuzini.

Axir quyosh nega bekinsin,
Oy nega bo’lsin zulmat nishin (14).

Qorong’u tun umri tugandi,
Porlamoq vaqti belgilandi.

Taratsin yer yuziga nurin,
Haydasin jaholat g’ururin.

Xudo bergan bu amru farmon,
Ado bo’ldi o’tmay hech zamon.

Ota belidan ul pok gavhar,
Omina sadafiga indi yaksar,

Ne toza, ne pok sadaf erdi,
Ilohiy gavharga hadaf (15) erdi.

Ul nur ingan o’shal kecha-tun,
Baxtu iqboldan erdi gulgun.

Bir kechakim, go’yo iyd tongi,
Oydin, sof, hayron kishi ongi.

Havosi nasimi mushk taratar,
“Ket, ey g’am” deya na’ra tortar.

Tog’u tosh, sahro nurga to’lgan,
Bari shodlik libosin kiygan.

Jin, malak, darranda, parranda,
Bir-biriga yetkazgan mujda.

Yulduzlar sipohi ko’p quvnab,
Ko’k gumbaz aro tortgan keng saf.

O’rtada Oy xatibdek raso,
Nurdan tutib suyanchiq – aso.

Turar quvnoq, yuzi bosafo,
Xushxabar xutbasin etib ado.

Omina shu oqshom tush ko’rdi,
Qulog’iga bir sado kirdi.

“Ey, bul diyorning saidasi,
Hayoting niholin mevasi,

Etar sendan olamga zuhur,
Olamga baxsh etajak surur.

U bashar sayyidi, oliysi,
Dunyo yaralishin boisi.

Kelib jaholatni qilar yo’q,
Qadamidan tirilar bor-yo’q.

U kelganda misoli yulduz,
Nuridan tun bo’lar kunduz.

Zamin, osmon aytar madh, hamd,
Shu sabab nomin qo’y Muhammad.

Ey, nabiga dili vafoli yor,
Tur o’rningdan, salovot yubor.

Nabi otasining vafoti va payg’ambarning sharif tavalludi

Kecha oqshom keksa tarixdon,
Qildi menga bu yanglig’ bayon.

Yetgach ikki oyga homila,
Ro’y berdi qayg’uli voqea.

Nabi otasi hazrat Abdullo,
Yoshlik ayyomi qilmay vafo.

Ota rizosi-la savdo deb,
Madina shahri qaydo deb.

Ketdi ul yurtga, bo’ldi bemor,
Kasalidan o’lim namudor (16) .

G’arib shaharda topdi vafot,
Qoldirib farzand, xotin, hayhot!

To’qqiz oyga yetgach homila,
Tug’ish vaqtin bildi Omina.

Ko’rdi oy ziyosidek bir nur,
Nogah chiqdi yoqadan masrur.

Ko’tarilib samoga bir dam,
Olam zulmatiga berdi barham.

Nur yetganda ul gardun aro,
Charxda bo’ldi uch ayol paydo.

Olisa, Maryam, yana bir hur,
Yonida to’kishdi savlat, qo’r.

Har biri berib bashorat, der:
Bu bolang jahon g’amini yer.

U bo’lar basharga dalolat,
Homiy, shafe ro’zi qiyomat.

Bu o’g’lingdir habibi Alloh,
Jumlai jahonga rahnamo.

Bu o’g’ling chiroqdir yo’l aro,
Xalqqa rahbar, rusul(17)ga peshvo.

Bu o’g’lingdir shohi koinot,
Olam topar fayzidan hayot.

Xudo lutfi yor bo’ldi, shod bo’l,
O’g’ling dilidek sen obod bo’l.

Doya bo’libon bu uch pari,
Tug’ildi ikki olam sarvari.

Sharif qadamin qo’ygach bu shoh,
Zamin otdi osmonga kuloh (18).

Ey nabiga dili vafoli yor,
Tur o’rningdan, salovot yubor.

Har tuking osti bo’lib og’iz,
Aytgil nabiga: Xush kelibsiz!

Nur il-yaqinga marhabo de,
Homiyi dinga marhabo de.

Faxri kavnu makon, marhabo,
Fayzi ikki jahon, marhabo.

Zikri oromi jon, xush kelding,
Ismi tilda har on, xush kelding.

Jabrailga oshno, xush kelding,
Rafraf (19) mingan dono xush kelding.

Barchaga abad qibla, marhabo,
Barcha umidga ka’ba, marhabo.

Saxo osmoniga quyosh, marhabo,
Dinga homi-yu bosh, marhabo.

Fayzu rusul faxri, marhabo,
Murshid, himmat bahri (20), marhabo.

Ey, nabiga dili vafoli yor,
Tur o’rningdan, salavot yubor.

Nabaviy tavalludi kechasi voqealari zikri va uning ko’kaltosh(21)i bayoni

Kecha tarixga tashlab nazar,
Tushdi ko’zga bu yanglig’ xabar.

Mustafo tug’ilgan ul kecha,
Bo’ldi g’ayri ishdan bir necha.

Porslar otashgohida olov,
Mavlud chog’i o’chdi darrov.

Pors shohi Anushirvon qasri,
Ko’rmagan ul kabi hech asre.

Ahmad yer uzra qo’ygach qadam,
O’n to’rt toqi quladi shu dam.

Butxonalarda but va sanam,
Qulashdi yuz tuban bo’lib xam.

* * *

Jahonga kelgach nabi ul tun,
Emizdi Omina necha kun.

Lek Ominaning suti qochib,
Sayba necha vaqt ko’ksin ochib.

Nabi to’rt oyga to’lgan chog’ida,
Bo’ldi Marvuha quchog’ida.

Keyingi doya bani Sa’d(22)dan,
Edi yulduzi ravshan, sa’d(23)dan.

Kelib, jon deb oldi zimmaga,
Nabilar so’nggisin emizmaga.

Eltib nabini sahrosiga,
Ko’ngil ochar ob-havosiga.

Ul dahada payg’ambar mudom,
Yayradi tinch, izzatda tamom.

Sharafidan uch yilu necha oy,
Yashadi Halima ham tinch, boy.

Doyalik oxiriga yetgach,
Halima ishin ado etgach.

Nabini bobosiga eltdi,
Ona iltifotiga yetdi.

Ey, nabiga dili vafoli yor,
Tur o’rningdan, salavot yubor.

Hazrat nabaviyning onasi va bobosining vafoti

Olti yoshida Nabiulloh,
Onasiga bo’lib ul hamroh.

Madina borib, qaytar zamon,
Yo’lda bir yerni etgach makon.

Omina charchoq zahmatidan,
Og’ir kasallik mehnatidan.

Ola boshlab so’nggi nafasin,
Zaif holda chiqarib sasin.

Vidolar aytib Muhammadga,
Bu foniydan ketdi abadga.

Nabi qalbi yondi bu darddan,
Qoldi yolg’iz qotib hayratdan.

Aslzoda bobo farzandin,
Siylab boshini dilbandin.

Ko’p lutf ila qilib tarbiyat,
Ko’rguzdi yordam-la marhamat.

Nabi umri sakkizdan o’tgach,
Bobo rizqi jahondan bitgach.

Yana bir o’g’liga topshirib,
Nabi borasida pandni oshirib.

Asra deb uni har balodan,
Ko’z yumarkan o’zi dunyodan.

Bu vasiyatni ado etdi,
Muhammad sirin ifsho (24) etdi:

Bu bo’lg’ay olamda payg’ambar,
O’shal ba’sat (25) kunga yetsang gar.

Hech shak keltirmay, qil iqtido (26),
Vasiyatim so’zsiz et ado.

Degach bu so’zni jaddi rasul,
Dil-jondan qildi o’g’il qabul.

Amak sevardi nabini ko’p,
Jon ila asradi uni xo’p.

Ey nabiga dili vafoli yor,
Tur o’rningdan, salavot yubor.

— Muhammadga salom de, ey Xudo;
Salom sayyidimiz, al-Mustafo.

Hazrat nabaviyning ilk bor Shom tomonga Abutolib bilan safari

Nabi yoshi o’n ikkiga ravon,
Yetgach bo’lib raso bir o’g’lon.

Amakisiga beray deb madad,
Tijorat ishin qilib maqsad.

Shom safarin ixtiyor etdi,
Amakisi ul diyor eltdi.

Shom yo’lida uchradi bir shayx,
Ismi Buhayro, xudo der shayx.

Kaliso (27) erdi joy-makoni,
Dinda mazhabidir nasroniy (28).

Shayx rasulga nazar solgan on,
Harakotidan qilgach ayon.

Dedi: — Ey arablar, bu o’g’ul,
Erur olamda Haqdan rasul.

Baxtli ul shaxs, dilu jon ila,
Ergashsa unga bor imkon ila.

Yana dedi amakisiga:
— Ish olmasin desang aksiga.

Sen uni Shom shahriga eltmagil,
Yahudlarga duchor etmagil.

Yangi rasulga ular g’anim,
Ko’rsa tez bilar bu bola kim.

Yangi rasulni qavmi Yahud,
O’ldirmoq istar qilib hasud.

Qo’rqaman bu badniyat qavmdan,
Yetkazmagay zarar deb zimdan.

Ishni bu yanglig’ ko’rgach amak,
Anglab yetdi nedir kelajak.

Buhayro pandin etdi qabul,
Buni nabi ham topdi ma’qul.

Amak Shom shahri yo’lin tutdi,
Rasul ularni dashtda kutdi.

Ey nabiga dili vafoli yor,
Tur o’rningdan, salovot yubor:

— Muhammadga salom de, Xudo,
Salom sayyidimiz, Mustafo.

Janob payg’ambarning Xadicha tomonidan Shomga ikkinchi marta safari

Rasul yigirma to’rtga to’ldi,
Yana safar nasibi bo’ldi.

Xadicha ismli sayyida,
Oliy maqomli o’z elida.

Nabini o’z ishiga yollab,
Tijorat yumushiga chog’lab.

Yubordi karvonda shahri Shom,
Ammo yetmay manzilga tamom.

Ko’rib yo’l ustida bir maqom,
Tushdi unga olay deb orom.

Shayx Buhayroning xonaqosi,
Erdi bu yo’lning keng yaqosi.

Bu olamdan ketib Buhayro (29),
Qoldirib o’rnida nasturo .

Yangi rohib tom uzra turib,
Baxt asar tojir yuzin ko’rib.

Na’ra tortdi: Ey ahli korvon,
Xudo bo’lsin sizga mehribon.

Ul oliyjanob yosh tufayli,
Yaralmish zamin, zamon xayli.

Mehri o’rnashdi boshu dilda,
Kelib, joy tuting bu manzilda.

Payg’ambari oxiri zamon,
Bo’ldi tez rohib sari ravon.

Shayx Ahmadga bo’lgach ro’para,
Gaplashdi har bobdan bir pora.

Nabi yelkasin ochgach o’zi,
Nubuvvat muhrin ko’rdi ko’zi.

Dedi: bu shaxs payg’ambar bo’lur,
Barcha xalqlarga rahbar bo’lur.

Shom shahriga qilmasin safar,
Bor anda yahudlardan xatar.

Rohib aytganin janobi rasul,
Qildi o’sha kun dildan qabul.

Shom yo’lidan voz kechib butun,
Shunda dam oldi ikki-uch kun.

Makkadan keltirgan bor molin,
Xudo ochib baxtu iqbolin.

Barin qimmat bahoga sotdi,
So’ng darhol vatan sari qaytdi.

Neki safarida berdi ro’y,
Xadichaga qildi go’ftigo’y.

Nabi sidqiga bo’lgach amin,
Mehrin tutib diliga yaqin.

Xadichada bo’ldi bu xayol:
Bersa unga imkoni visol.

Ey nabiga dili vafoli yor,
Tur o’rningdan, salovot yubor.

— Muhammadga salom de, Xudo;
Salom sayyidimiz, Mustafo.

Hazrat rasul alayhissalomning Xadichaga uylangani

Tarix sirin bilguvchi dono,
So’z mag’zin bu tarz qildi ado.

Ko’rgach ul sayyidai Makka,
Nabi mehri tushganin yurakka.

Nafisaga ham qildi bayon,
Nafisa ham bo’ldi ko’p shodon.

So’ng yetkazdi borib rasulga,
Nabidan ham yetib qabulga.

Bilgach payg’ambar amakisi,
Bitdi nikoh rasmin kamko’si.

Topib Xadicha visol baxtin,
Quvonchdan xush qildi o’z vaqtin.

Nabi ham bo’ldi bu holdan shod,
Xadicha uyin etib obod.

Ey, nabiga dili vafoli yor,
Tur o’rningdan, salovot yubor.

— Durud de Muhammadga, Xudo;
Salom sayyidimiz, Mustafo.

Nabaviy alayhissalomning payg’ambarlik vakolati

Nabi qirq yoshga to’lgan ayyom,
Keldi hazrat Yazdon(30)dan payom (31).

Qildim seni, — dedi ul Xudo,
Jahon xalqlariga rahnamo.

Xalq yo’ldan adashdi, yo’l ko’rsat,
Ne bo’lsa xarob, obod qil, tuzat.

Jahonni qopladi jaholat,
Jahd qil, tirish, yo’qolsin zulmat.

Bashar qavmi tutdi xato yo’l,
Sen hidoyat vositasi bo’l.

Ramazondan o’n yettinchi kun,
Ro’y berdi ul nubuvvat bir tun.

“Fatahno” (32) tug’li shohga maqom,
Bo’lib Hiro g’ori shul oqshom.

Ibodat qilarkan Xudoga,
Qulog’i to’ldi bir sadoga.

Tovush uzoqdan kelar edi,
Nabi har yoqqa qarar edi.

Ko’rinmadi hech narsa, lek boz,
Eshitildi ul nogah ovoz.

Nabi diliga tushib qo’rquv,
Ko’z-la etib har yon tintuv.

Ovoz egasidan hech xabar,
Topmadi-yu ko’rmadi asar.

Uch bor qarab oldu iziga,
Tushdi ko’zi nur dengiziga.

Nogah undan hazrat Jabroil,
Chiqdi bo’lib bashar shamoil.

Dedi: Men Jabroil, bo’l bardam,
Yubordi ul yaratgan egam.

Haq senga salomin yubordi,
Mo’l-ko’l qilib ne’matin berdi.

Payg’ambarlik davlatidir u,
Rahbarlikning shavkatidir u.

Bo’lgaysan jahonga rahnamo,
Tur, ilohiy ishni et ado.

Butu butxonasin buzg’il sen,
Tur, buzildi jahon, tuz qil sen.

Olam kutar seni intizor,
Tur, buzuq dayrga bo’l me’mor.

Ey yer yuzining rahmati, tur,
Nazar sol olamga sen bir qo’r.

Yer jaholat o’tida yondi,
Tamaddun nuri ortga yondi (33).

Tur, ey najoti insoniyat,
Dunyo obodligin qil niyat.

Madaniyat-la yerga ber zeb,
“Nasr min Alloh, fathan qarib.” (34)

Bu bashar – bu umidli, bodil (35),
Nedin bo’ldi ojiz, noqobil.

Dunyo, obodlik boisi odam,
Say’i dunyo obro’si odam.

O’z tadbir panjasi-la har dam,
Po’lat ko’ksini tilguvchi odam.

Jang maydoniga kirganda ham,
Toshni talqon qilguvchi odam.

Nedin bo’ldi buncha xarob, zor,
Sharafu izzatsiz, bee’tibor.

Nega bo’lg’ay bu kabi g’ofil,
Xudovu din ishidan zoil.

Jaholat oldida nega u,
Zaifu bemor, lanju majruh,

Tur, ey nabilarga xotimat,
Zaminu zamonni yangilat.

Ey Batho sayyidi, qil madad,
Bashar qavmiga sen beadad.

“Vad-din huv-val-aql” na’rasin,
Urib yor bedinlik zahrasin.

Degil ul basharga: Dahr aro,
Xudo amri yetmas bizdan ayro.

Muhammad bildi yolg’iz Xudo,
Elchisi qilmish olam aro.

Yo’lga tushdi Xadicha tomon,
Kelib, bu sirni qildi ayon.

Ey nabiga dili vafoli yor,
Tur o’rningdan, salovot yubor.

— Muhammadingga salom de, Xudo;
Salom sayyidimiz, Mustafo.

Mo»minlar onasi Xadichaning iymon keltirgani

Kecha oqshom dono nuktadon,
Aytdi bu so’zni menga chunon.

Ahmad gapin eshitgan zamon,
Xadicha quvondi va shodon,

Dedi: Ey jon gulzorin guli,
Sensan oxir zamon rasuli.

Sendan hayot topajak jahon,
Bo’lur obod zaminu zamon.

Allohi taoloi taborak,
Lutfi bo’lsin senga muborak.

G’am yema, dahr dilin obod,
Butxonani esa qil barbod.

Tur, o’tirmoqlik vaqti o’tdi,
Yo’l ko’rsatmoqlik payti yetdi.

Haq berdi irshoddek ne’matni,
Taratdi nuri nubuvvatni.

Kechiktirma, amri xudodir,
Xudo amri paysali xatodir.

Tur ushbu soat qil sen oshkor,
Nabiliging qissasin yakbor.

Haq buyrug’idir, ortga surma,
Qo’rqma va hech o’ylab o’tirma.

Eng birinchi etguvchi qabul,
Menman, oydin dining, ey rasul.

Xadichani ko’rgach peshqadam,
Qabul qilganin dinni bu dam.

Dedi: Alloh sendan shod bo’lsin,
Oqibating ham obod bo’lsin.

Ey nabiga dili vafoli yor,
Tur o’rningdan, salovot yubor.

— Muhammadingga salom de, Xudo;
Salom sayyidimiz, Mustafo.

Hazrat Abu Bakr Siddiqning – Alloh undan rozi bo’lsin – iymon keltirgani va undan keyin iymon keltirgan ulug’ zotlarning zikri

Hunarlarga g’arq aql piri,
Dedi: Bundaydir tarix siri.

Islomga kirgan birinchi er,
Bo’lgandi hazrat Abu Bakr.

Sibyon(36)dan hazrat Ali bil,
Nabi amakisiga o’g’il.

Undan so’ng Zayd, Bilol va ba’d (37),
Hazrat Usmon, keyin kirdi Sa’d.

So’ngra Said bo’lgach musulmon,
Talha, Zubayda topdi iymon.

Uch yilgacha oliyqadr shoh,
Arab xalqin etmadi ogoh.

O’z da’vatini tutdi pinhon,
Bildi faqat bir necha inson,

Bitta-bitta kelib yashirin,
Qabul etdilar nabi dinin.

To’rtinchi yili parvardigor,
Dedi: Da’vating qil oshkor.

Xudodan olgach bunday farmon,
O’shal kun qildi dinin e’lon.

Borib masjidi Bayt ul-harom,
Chaqirdi arab qavmin tamom.

Dedi: Ey aslzoda arab,
Topshiriq berdi menga ul Rabb.

Yetkazgumdir sizga batamom,
Jahon egasi amrin, vassalom.

Xudo – bilguvchi, qodir, yolg’iz,
Tengsiz, farzandsizu ayolsiz.

Bu but, butxona bari botil,
Ergashgan unga johil, g’ofil.

Kim sidq ila tutsa etagim,
Topar ikki jahon davlatin.

Kim da’voim inkor etsa gar,
Ertang do’zaxda vatan tutar.

Arablar bu so’zni eshitib,
Dilda g’azab o’tin qo’zitib.

Bel bog’ladilar yonib darddan,
Qasd olaylik, deb, Muhammaddan.

Ey nabiga dili vafoli yor,
Tur o’rningdan, salovot yubor.

— Muhammadinga salom de, Xudo;
Salom sayyidimiz, Mustafo.

Nabiy alayhissalomning mushfiq amakisi va muhtaram haramining vafoti

Tarixda ustodim kecha tun,
Bu yoqdan ochdi so’z eshigin.

Shu g’avg’o bilan o’tdi o’n yil,
Amak jahondan uzib ko’ngil.

Foniy olamdan silkdi etak,
Ruhining qushi uchdi yuksak.

Ahmad amakdan bo’lgach judo,
Arab orttirib jabru jafo.

Dunyoda bo’lsa qancha izo (38),
Muhammadga ko’rdilar ravo.

Biri oyog’iga otdi tosh,
Biri uyatli so’z etdi fosh.

Biri dedi: sehrgar, makkor.
Biri dedi: nokasu beor.

Xullas, arab berib ko’p azob,
Chekdi nabi cheksiz iztirob.

Lek Xadicha yonida erdi,
G’amxo’ri bo’lib yordam berdi.

Ammo bor-yo’g’i o’tib uch kun,
Nabini tark etdi u butun.

Xadicha ham orqalab ko’chin,
Yo’lga tushdi ul baqo uchun.

Xudo oldida topdi qabul,
Lek yolg’iz, tanho qoldi rasul.

Arab qavmi ko’rgach bir o’zin,
Qizitdi jabru jafo so’zin.

Lek Alloh elchisi qo’rqmadi,
Nubuvvat da’vosin qo’ymadi.

Ba’sdan o’n ikki yil tamomi,
O’tib, keldi me’roj oqshomi.

Ey dili nabiga vafoli yor,
Tur o’rningdan, salovot yubor.

— Muhammadingga salom de, Xudo;
Salom sayyidimiz, Mustafo.

Me’roj

Baxtli-yu qutli bir tun edi,
Havoda fayz, mishk ustun edi.

Hurlar sochidek anbarfishon,
Oynadek har yog’i nurga kon.

Qarosi go’yo ko’z qarog’i,
Hayit tongidek xush har chog’i.

Hur ko’zin surmasidek shomi,
Tongidir nur dashtin gulfomi.

Ko’zi ochiq yulduzlar barin,
Qilib falak uzra ko’k sayrin.

Xush uyquda chog’i payg’ambar,
Jabroil keltirdi bir xabar.

— Xudoing der, ey faxri rusul,
Bu Yaldo (39) tuni – vaqti vusul (40).

Uyquni tark et, bo’l sen bedor,
Rabbing kutar bu tun intizor.

Vasldir, uyquga itob qil,
Yuqori olamga shitob qil.

Eshitib Bathoning sayyidi,
Raddiga biron so’z demadi.

Xudosin amriga bo’ysunib,
Rafrafning tez ustiga minib.

Yetgach Masjidi Aqsoga zud (41),
Ayladi salovotu durud.

So’ng ko’tarildi Surayyoga,
Yetgach birinchi qat samoga.

Uchrashdi Odam Oto bilan,
Ilk nabi, Safiullo bilan.

Yo’nalib ikkinchi falakka,
Suhbat qurdi Iso-la yakka.

Qadam qo’yib to’rtinchi samo,
Hazrat Idrisga bo’ldi oshno.

Yetgach beshinchi sipehr(42)iga,
Horun to’ydirdi o’z mehriga.

Tushgach oltinchi qat samoga,
Quloq tutdi hazrat Musoga.

Manzil bo’lgach yettinchi samo,
Ibrohim ayladi ko’p duo.

Ketdi so’ng yo’li ochiq tomon,
Lutflar etdi Hayyi (43) mahribon.

Qaytdi yana kelgan joyiga,
Oro kirdi shahar joniga.

O’z me’rojin uyg’ongani on,
As’hoblariga qildi bayon.

Bu so’zni qabul tutgan ilk yor,
Edi ul Abu Bakr dildor.

Ey nabiga dili vafoli yor,
Tur o’rningdan, salavot yubor.

— Muhammadga salom ayt, Xudo;
Salom sayyidimiz, Mustafo!

Hazrat rasul alayhissalomning Madinaga hijrati

Haqiqatni bilguvchi ul pir,
So’zin qildi bu kabi taqrir.

Me’rojdan qaytib nabi hazrat,
Tushdi etmakka yana da’vat.

Ko’rdi hayotda shundan ko’p ranj,
Lek etmadi da’vat ishin lanj.

Arabga yoqmay bu, chor-nochor,
Qildi ushbudek qasdga qaror.

Yig’ilishib bir yerga gurros,
O’ldirib, olgaylar zo’r qasos.

Ahd etdilar nabi qatliga,
Lek ravo ko’rmay rasuliga,

Xudo yubordi o’shal ayyom,
Jabraildan nabiga payom.

Dedi: Tur, senga ushbu damdan,
Hijrat izni keldi egamdan.

Bu tun Madinaga qil safar,
Yo’qsa bor bunda senga xatar.

Bu Bakrga bergali mujda,
Borib nabi ul yon bir zumda.

Ikkovlon Makkadan ketdilar,
Savr degan toqqa yetdilar.

Tog’ bag’rida bir g’or bor edi,
Ichi tundek qora g’or edi.

Abu Bakru rasuli Xudoy,
Ul g’or to’rida olishdi joy.

Ilohiy amrdan bir tortan (44),
G’or og’zini bekitdi tordan.

Vadud (45) amridan bir juft kaptar,
In qurdi g’or og’zida yaksar.

Arab qavmi qochganin rasul,
Bilib, bo’lishdi g’amgin, malul.

Izlab har taraf zir chopishdi,
G’or og’zin ul holda topishdi.

Etmay odam borin hech gumon,
Qaytishdi orqaga shul zamon.

Rasuldan topmagach bir nishon,
Qoldi dillarida ko’p armon.

Ey nabiga dili vafoli yor,
Tur o’rningdan, salovot yubor.

— Muhammadga salom ayt, Xudo;
Salom sayyidimiz, Mustafo!

Olam shohi qolgach g’orda uch kun,
Haq mehri bo’lib takya (46), ustun.

To’rtinchi kun quyosh porladi,
Dasht, sahroni nurga chulg’adi.

Chiqib, tuyaga bo’lgach savor (47),
Har ikkovdan xoli qoldi g’or.

Abu Bakru payombar ravon,
Ketdilar Yasrib (48) shahri tomon.

Bir hafta shamoldek yeldilar,
Madina yoniga keldilar.

Yasrib ahliga yetgach bu gap,
Kelib, tashlashdi o’zin tap-tap,

Nabi poyiga surgali bosh,
Ansor liklarin etgali fosh.

Ey nabiga dili vafoli yor,
Tur o’rningdan, salovot yubor.

— Muhammadga salovot de, Xudo;
Salom sayyidimiz, Mustafo!

Xotima

Bu kitobkim, erur fayzga kon,
Iloh lutfidan topdi poyon.

Rasulga sevgimiz haqqi, qil,
Ilohim bandaligimiz qabul.

Qilgan esak-da qancha gunoh,
Faqat sendan istaymiz panoh.

Kechir, oliy lutfingdan bizni,
Uzmasmiz hech umidimizni.

Atolar baxsh etguvchi Podshoh madadi bilan ushbu kitob 1331 yilning 8-rabi ul-avval oyida nihoyasiga yetdi. 1913 yil 16 fevral`.
Kotib samarqandlik mullo Sayfiddin al-mufti.

IZOHLAR

1.Jahim – do’zax; do’zax olovi.
2. Kom – istak, maqsad.
3. Naim – ne’mat.
4. Sa’y – harakat, tirishish.
5. Sarbasar – boshdan-oyoq.
6. Barbar – ko’chmanchi arablarning bir urug’i.
7. Ahmad – Muhammad payg’ambarning (s.a.v.) Injilda kelgan nomi.
8. Irshod – yetuklik yo’lini ko’rsatish.
9. Payg’ambar xonadoni shajarasi ushbu shakldadir: Muhammad bin Abdulloh bin Abdulmutallib bin Hoshim bin Abdimannof ibn Qussay bin Kalob bin Ka’b bin Luy bin G’olib bin Fahr bin Molik bin Nazr bin Kanona bin Xazima bin Madar Katar bin Ilyos bin Mazr….Ismoil bin Ibrohim…
10. Saloh – to’g’rilik.
11. Najot – qutulish. Bu yerda “rosti rasti” (to’g’ri yo’ldan yursang do’zax azobidan qutulasan) hikmatiga ishora.
12. Batho – Makka, Madina joylashgan mintaqa nomi.
13. Forscha matnda “Mustafo” berilgan. Mustafo so’zi “tanlangan” ma’nosini bildirib, Muhammad (s.a.v.) payg’ambarga nisbatan aytiladi.
14. Nishin – o’tiruvchi.
15. Hadaf – nishon.
16. Namudor – ko’ringan, bilingan.
17. Rusul – rasullar.
18. Kuloh – bosh kiyimi.
19. Rafraf – payg’ambarni me’rojga olib chiqqan vosita nomi; Buroq (oti).
20. Bahr – dengiz.
21. Ko’kaltosh – ko’krakdosh; Bu yerda birovning bolasini emizuvchi enaga ko’zda tutilgan.
22. Bani Sa’d – Sa’d avlodi.
23. Sa’d – baxt.
24. Ifsho (fosh) – ayon.
25. Bas’at (ba’as) – payg’ambarlikning kelishi.
26. Iqtido – ergashish.
27. Kaliso – masihiylar ibodatxonasi; cherkov.
28. Nasroniy – masihiy; xristian.
29. Nasturo (nasroniy) – masihiy; xristian.
30. Yazdon – ikki olamni yaratgan Xudo.
31. Payyom – xabar.
32. Fatahno – ochdik. Qur’oni karim oyatlariga ishora.
33. Yonmoq – qaytmoq.
34. Nasr min Alloh, fathan qariban – g’alaba Allohdan, fath yaqindir. Qur’oni karim oyati.
35. Bodil – dovyurak, qo’rqmas, botir.
36. Sibyon – bolalar.
37. Ba’d – keyin, so’ng.
38. Izo – haqorat, dashnom; Uqubat, azob.
39. Yaldo tuni – eng uzun va qorong’i tun. Melodda 21-dekabr` oqshomiga to’g’ri keladi.
40. Vusul – visolga yetish.
41. Zud – tez.
42. Sipehr – osmon, falak.
43. Hayy – hayot berguvchi Alloh.
44. Tortan – tortanak, o’rgimchak.
45. Vadud – mehribon. Alloh nomlaridan biri.
46. Takya – suyanchiq.
47. Savor bo’lmoq – minmoq.
48. Yasrib – Madina shahrining islom payg’mabari kelgungacha bo’lgan nomi. So’ng “Madinat un-nabi” nomini olgan va shundan “Madina” deb ataladi.

099

(Tashriflar: umumiy 2 387, bugungi 1)

2 izoh

Izoh qoldiring