Xurshid Abdurashid. She’rlar

Ashampoo_Snap_2017.08.14_23h25m39s_001_а.png     Бундан бир ойча аввал Хуршид Абдурашиднинг уч ҳикояси билан таништирган эдик. Бугун эса сизнинг ҳукмингизга унинг шеърларини тақдим этарканмиз, ёш ижодкор дўстимизга шеърият сирларини кашф этишда изчил бўлишини тилаб қоламиз.

Хуршид АБДУРАШИД
ШЕЪРЛАР
06

 0_1bc37e_5f65806d_orig.jpg  Хуршид Абдурашид ( Серобов ) 1995 йил 27 июльда Қашқадарё вилояти Касби туманидаги Пандирон қишлоғида туғилган. Ҳозирда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 4 босқич талабаси. Шунингдек, «Ёшлар» радиоканалида ҳам фаолият кўрсатади. «Китоб дунёси» газетасида «Кўздаги армон», «ЎзАС» газетасида «Мусаввир» номли ҳикояси ва шеърлари чоп этилган.

06

ЎША МЕН ЭДИМ…

Деразанг ёнига қўнди кабутар
Илкида ўроғлиқ мактуб бор эди.
Сенга боқиб турган маъюс кўзлари,
Шу онда недандир умидвор эди.
Сен эса пардани ёпиб қўйдинг жим,
Ўша мен эдим-ку, ўша мен эдим.

Кўчага чиқдинг сен боғ айлангани,
Дайди шамоллардай хаёлинг тарқоқ.
Боғ кезиб юрардинг шунда ногаҳон
Оёғинг остига тушди бир япроқ.
Ўша япроқ каби сочилганди ким?
Ўша мен эдим-ку, ўша мен эдим.

Боғда гуллар тердинг авайлаб аста
Ногоҳ қўлларингга санчилди тикан.
Нозик қўлинг билан суғурдинг уни
Дединг “Шундай гулда тикан бор экан”.
Сенга талпинганди шу тикан , гулим,
Ўша мен эдим-ку, ўша мен эдим.

Сўнг қайтдинг уйингга ўй суриб сокин,
Дераза ёнига қўйдинг гулларни.
Тин олмоқ дардида чўкдинг тўшакка
Ва йиғлаб ўқидинг “Ўткан кунлар”ни.
Кимнидир ўйладинг, кўзлари сим-сим,
Ўша мен эдим-ку, ўша мен эдим.

ЁР СУВРАТИ

…бир сувратга етти хил изоҳ…

Туркум

Кўз

Кўз эмас…
Юракни нишонга олиб,
Аёвсиз ўқларин санчаётган
ёв.
Ожизман бу кўзнинг олдида…
Унинг
Ўқларидан
Бетиним томиб
Вужудимни маҳв этаётган
Ширин севгидан…
Аҳли ишқ… бу не ҳол,
Ахир бул ўқлар
Севгиланган экан батамом…

Лаб

Эриб кетмасмикин деб қўрқдим,
Гул ораздан алвон гултомчи.
Ол ширадан илин менга ҳам
Бол қизғанма, гўзал қизғанчиқ,
Сен сўзласанг ҳар бир сўз майин
Шира эмиб чиқар ҳавоға.
Маза тотсам шу қирмизингдан
Борим сенга бўлсин садоға…

Қош

Шундайин тортилган қўшчизиқ…
Юқорига ўрлар бир чети
Бири эниб турар қуйига…
Бамисоли икки томондан
Икки қаттол шай турган каби
Нигоҳимни тилкаламоққа…
Дир-дир титраб ваҳима ичра
Кўзларига кира олмаган
Нигоҳларим дайдийди ҳамон
Шу қўш чизиқ оралиғида…

Соч

Бошдин белинггача гўзал ҳурлиқо
Ёпиниб олибсан тункўрпа билан.
Бахтинг унинг ранги янглиғ бўлмасин
Аммо
Унинг каби узун бўлсин бахтинг, фариштам…

Қўл

Ҳавода қолмаса эди қўлларим,
Қўлингни тутишга бор бўлса ҳаққи.
Узалган ҳамоно қўлларинг менга
Руҳимга сингади мангулик бахтим.

Ҳавода қолмаса эди қўлимиз…

Киприк

Қайдан топдинг
Бунчалар ҳушёр
Сергак турган кўзсоқчиларни…
Шулар мени сендан тўсмаяптими?
Мен пайдо бўлганда қаршингда сени
Баҳайбат киприклар ўсмаяптими?

Ораз

Меҳрибон қулисан…
Худойим сенинг
Оразингга муҳр айламиш ойни.
Ҳимматинг чексиздир, менинг кўзимга
Таратиб турибсан шунча чиройни.
Юзингда беҳудуд ҳусн жилваси,
Ноз-у назокатга бойим, тўлиғим.
Бахтим не? бир бахтки, ер юзи аро
Шу оразга тўқнаш

 

***

Сокин юр…
Ўртага сукунат чўксин.
Мен юрмоқ истайман безабон
Биргина нигоҳлар сўз тўксин.
Шошилиб ўтганда автобус,
Қарама…
Қарама… Йўл узоқ.
Манзилга югуриб етгандан
Кечикиб жўнаган яхшироқ.
Ғажийди қалбимни билмайсан
Нимадир янчади, нимадир…
Юракка айтаман: «Сен золим»
У эса ҳеч нарса демайди.
Термулиб қарайсан самога,
Юлдузлар кўрина бошлайди.
Сокин кет… Сўзлама, сўзлама,
Сўз бизни эзғилаб ташлайди.
«Йўл узоқ» пичирлар лабларинг,
Хавотир ёйилар юзингга,
Йўл тугаб қолса гар бехосдан
Мен қандай тўяман кўзингга…
Художон, шу йўлни кўрсатиб
Йўлладинг бу икки қулингни.
Биз кета бошладик, худойим,
Тугатма, узун қил йўлингни…

 

***

Ичим тўлиб кетди…
Билмам нима бу?
Ғусса деганлари ташлади тўрин.
Деразамдан боқар қоп-қора қайғу,
Хонамда бор унга бўш қолган ўрин.

Соат эрта-ю кеч қилади машқ,
Ҳавасим келади негадир унга.
Юради тўхтамай ҳамиша
шошиб,
Қарамас на кундуз, на қаро тунга.

Мен эса хотирда қишлоқ оралаб,
Дайдидек кезаман излаб ўзимни.
Йўқотиб қўйганман қай
томонида,
Болалик аталган гардсиз изимни.

Ҳаёт қўлда юрган пулга ўхшайди
Кераксиз бўлганда кетасан отиб.
Топганим не бўлди? Топинчлар аро
Аввалги Хуршидни қўйдим йўқотиб…

СЕҲРГАР

Матназар Абдулҳаким хотирасига

Сеҳрлаб қўй мени, сеҳргар,
Тушов билмай қолмоқда тилим.
Ошиб кетди ақлим ҳам ахир
Кўп-да, ҳаёт ўргатган билим.

Илҳом менга илтифот қилиб
Чарчагандир, сўра-чи, не дер.
Сўнг ростданам сеҳргар бўлсанг
Мени шеърга айлантириб бер!

 

ҚИШЛОҚ

Қишлоқ…
Қайтмоқдасан, кўксингда ҳовур
Келар юрагингни чопиб юргиси.
Туясан… ҳавода сузмоқда
Тундан
Мерос – ёниб бўлган чироқ, мой иси.

Хаёл чанг кўчага дарров от солар,
Сендан кетган йиллар қайда дод солар?
Ёдингга болалик шавқин бот солар,
Ёмғир ювиб ўтган тупроқ, лой иси.

Қўшни қиз… ҳоов ана, кетмоқда йўлда,
Боласи бир қўлда, челак бир қўлда,
Не ҳиски, қўзғолур ўжар кўнгилда,
Ундан таралмоқда…
Ўша сой иси…

Секин йўрғалайсан…
Қувмоқда ваҳм,
Кўнглингдан шу тобда кечгани — заҳм.
Қара, вақт бир бора қилмабди раҳм,
Таниш бўй…
Сен ўсган ўша жой иси…

Кўз олдингдан ўтар… Қиш…
Совуқ… Танча…
Юр… Исин меҳрга…
Кутмоқда барча…
Эшик очишинг-ла, пешвоз чиққанча
Димоққа урилар аччиқ чой иси…

***

Шикаста гул – лолақизғалдоқ…
Олам билан… видолашар… у
Дам кулади, дам кўзда ғубор
Интилади кўкка… қайда Арш
Йиғлаётган заҳил ғунчаси
Армонларга улашмоқда дард…

 

АРОБАДА БИР ҚИЗ БОРАДИ…

Чайқалади йўлда ароба,
Чайқалади кўксимда оғриқ.
Олдиндадир олтин хароба,
Ғилдираклар ғижирлар оғир.

Шул ароба ичида бир қиз,
Йиғлай-йиғлай кетиб боради…

Қўл силкийди изидан қишлоқ,
Қўл силкийди дарахтлар – маҳзун.
Аробакаш бош эгган, бироқ
Йўллар каби ўйлари узун.

Шул ароба ичида бир қиз,
Юрагини ситиб боради…

Дийдасидан сирғалар маржон,
Борар жойи  – тақдирга кўниб.
Маъюс боқар онадай осмон,
Ота– Қуёш бормоқда сўниб.

Шул ароба ичида бир қиз,
Маржонларин ютиб боради…

Кутмоқдадир ёрнинг макони,
Гулханларин ўрлатиб кўкка.
Қаёндадир зирқираб жони,
Бир бўз йигит Ҳаққа тиз чўккан…

Шул ароба ичида қиз ҳам,
Ҳаққа бўйин тутиб боради…

ХАЙРЛИ ТОНГ…

Қари кеча…
Ўлими яқин…
Васиятин айта бошлар жим…
Сингиб кетар кўздан нарида
Уни тутиб қолмайди ҳеч ким.

Уйғонамиз, кўзларимиздан
Ўчирамиз тун чизган изни
Ва кечанинг ўлими билан
Табриклаймиз бир-биримизни…

ДАРАХТ

Болта урди нақ томирига,
Қулаб тушди бечора дарахт.
Қишлоқдаги уйнинг бирига
Совуқ қишда энди ўтин тахт.

Инсон учун кечирди ҳаёт,
Инсон учун кесилди умри.
“Ё Инсон!” деб қулаган заҳот
Соябонсиз қолди ҳуув сўри.

Сен ҳам яша умрингни
Фақат
Нафинг тегсин кимгадир бироз.
Гар тегмаса ерга қулоч ёз,
Дарахт бўлгин…
Дарахт бўл…
Дарахт…

СЎНГГИ ТОВУШ

«Кетма» деди, мен кетган эдим,
Қолиш учун йўқ эди сабаб.
«Сен-ла қолсам қанийди» дедим,
Сўнгги бора ортимга қараб.

Бир ҳайқириқ тешди бўшлиқни,
«Бир кун мени излаб топ» деган.
Кейин билсам, ўша сас ишқнинг
Энг охирги овози экан.

Ўша куни мен тонгга қадар
Жуда узоқ   боқдим  осмонга —
Юрагимга тўлдириб кадар
Ўша овоз  кетган томонга..

БАҲОР АРМОНИ

Табиатга бериб кўрк-оҳор
Гулзорга ҳам баҳорлар келди,
Мозорга ҳам баҳорлар келди,
Бизга эса ғуборлар келди,
Кўнглимизга сиғмади баҳор.

Сен баҳорда кўз очган эдинг,
Мен баҳорда учратдим сени.
Иккимиз ҳам хазонрез бўлдик
Хазон қилдик дилнинг ярмини.
Кўнглимизга сиғмади баҳор…

Шундай фасл, шундай мўжиза
Ҳатто эски айвонга сиғди.
Ташрифидан қувондилар ҳам
Кўрган кўз-у мижгонга сиғди.
Кўнглимизга сиғмади баҳор…

Изғиринда музлаган ишқ деб
Қарғадими бизни қарғалар.
Шундай гўзал, фараҳли дамга
Биздан энди ҳасрат тарқалар.
Кўнглимизга сиғмади баҳор…

Кўнглимизга сиғмади баҳор,
Кўнглимизга сиғмайди энди.
Субҳидамда биз учун фақат
Атиргуллар йиғлайди энди…

Сен ҳам йиғла, баҳор ҳурмати…

 

МУСИҚА

Ҳаётбахш мусиқа янграйди сокин,
Дарёдек тошмоқда вужудимда куй.
Шумикан ҳаётнинг тотли лаҳзаси,
Сен ҳам, биродарим, шу лаҳзани суй.

Ғамдан бино бўлган асли одамзот
Дардини оҳангсиз қачон енголган?..
Ўғлидан айрилган Одам Атонинг
Бўғзида бир ингроқ, мунгли куй қолган…

Ҳаёт ҳам оҳангдан иборат асли,
Тириклик бир куйга терилган қатор.
Тошқин дарёлар ҳам куйлар жўровоз,
Ҳатто осмоннинг ҳам ўз қўшиғи бор.

Ушбу дам…
… кўнглимда ғалаён ҳоким,
Ўзинг тасалли бер, илоҳий оҳанг.
Тинмас нигоҳимни намга белагин,
Йўқса кўзларимни босиб қолар занг.

Ахир куй оқими кезмоқда титраб,
Сеҳрлаб ҳаётнинг ҳар сониясин.
Қулоқларим битган…
Қалб-ла тинглайман,
Бетховеннинг маъюс симфониясин…

 

ОҒРИҚ ҚАЙДЛАРИ
Рауф Парфига эргашиб

1
Қай нуқтам оғрийди муттасил
Билмайсанми
Сен ҳам муҳаббат?

2
Бир лаҳза…
У исён этди…
Қаршингда…
Ва йўқотиб қўйдим юрагимни мен…

3
Сўнгги томчиларин сочганда ёмғир
Мен излаб юргандим дайди севгини…
Ивиб бўлдингми? …..

4
Ўзимга жуда узоқлардан қарадим
Сенинг нигоҳларинг билан
Бу лаҳза…

5
Йиғилар никоҳдан ўтишган куни
Кўзига ёш олди
Аччиқ табассум…

6
Уваланиб кетди хотира
Ҳар бўлаги
Сен… сен… сен…

7
Теварак қор ичди
Совуқ ёпинди
Аммо исир эди ҳамон юрагим…

8
Нафрат ва севгининг оралиғида
Ҳали яшалмаган
Умр кезарди…

9
Узр сиздан минг бора узр
Тушингизга кирдим сўроқсиз
Демайсанми
Қувонармидим…

10
Дарахтлар баргини ўлдирган куни
Қўлтиқтаёқ билан
Кириб келди Куз…

11
Ғичирлаб ёпилди эшик…
Демак қайтасан…
Унда ҳеч жаҳлнинг товушлари йўқ…

11
Симирди руҳимни
Тун шарпалари
Совурдим ўзимни кўланкаларга…

12
Бир сўзки сен айтмоқ истаб, айтмаган
Мен тинглаш қасдида
Тинглай билмаган
Бир сўзки…

13
Нигоҳлар айтмакчи бўларди ҳасрат
У эса юракка қуйилиб шу кез
Киймоқ истар эди шеър либосини…

14
Ғуборларга бермадим
Асрадим қорачиқ сингари
Сен ҳам мени асрагин севги…

ШЕЪР БУ….

Шеър – кўнглингга мангу суянчиқ,
Шеър – дардингга илоҳий таскин.
Шеър – зулматни ёритган ақиқ,
Шеър – қалбингга қалбингдек яқин.

Шеър – бу олов. Тин олмай ёнур,
Шеър – бу ёмғир, томчидек тоза.
Шеър бор дилда тошқин чайқалур,
Шеър – нигоҳга кўчган андоза.

Шеър – кўзлардан бекинган уйқу,
Шеър –бу тонгга пешвоз чиққан нур.
Шеър – йиғига эврилган кулгу,
Шеър – самода сузган тасаввур..

Шеър – иймонни тобловчи поклик,
Шеър – кўкдан-да бепоён ва кенг.
Шеър – мискинга берилган бойлик,
Шеър – ўзини излаётган Мен…

 

ЯПРОҚҚА АЙЛАНИБ ҚОЛГАНИМ ҲАҚИДА

Япроқ эдим, тўкилдим ерга
Шамол мени учириб кетди.
Онам – дарахт, эгнида хирқа,
Тик қомати букилган  эди.

Бу дунёнинг ваҳмидан қўрқиб,
Зир-зир титрар новдалар – оғам.
Гўё тақдир китобин ўқиб,
Қўрқинч ила чекмоқдалар ғам.

Ётибдирман чалажон, беҳуш,
Хотиротнинг кўланкасида.
Мисли ўнгим эмас, бу – бир туш,
Нолам – ишққа сўнгсиз қасида.

Нажот қайда…
Ахир сўляпман,
Умрим – увол, қисматим – завол.
Бир ўтиб қўй биз томонлардан
Агар зарра келмаса малол.

Тун аллалаб элтар уйқуга,
Тонг уйғотар шивирлаб секин.
Кетмоқдаман ахир мангуга
Сендан ҳали пайғом йўқ лекин.

Кўзларимни очолмасман бир
Қаролмайман атрофимга ҳам.
Юрак борми сенда тошбағир?
Айт, масофа бор қанча қадам?

Келаётир, оҳ, Азроил – куз,
Ахир хазон бўлгум ҳозироқ.
Шошил… шошил… кўзлари маъюс,
Томиримда зилзила – титроқ.

Мени Кузмас ўзинг хазон қил,
Куз найзаси ажалимга тенг.
Кутмоқдаман ахир сўлмайин,
Бир бор босиб ўтишингни мен…

КУТ МЕНИ…

Кут мени…
Борурман вақтнинг оқ елканларида…

Кут мени…
Куйсанг-да сабрнинг гулханларида…

Балки сен…
Сукунат куйини тинглаб ўтарсан.

Балки мен…
Қалбингда қўшиқдек янграб ўтарман…

Ҳаёт – шу …
Кутиш-у куттириш сонияларидир.

Ҳаёт – шу…
Бир умр ечилмас афсонавий сир.

Сир нима?
Лаҳзанинг кўринмас шамойилими?

Ўксима…
Муҳаббат – шу сирнинг илғанмас илми.

Сен кутгин…
Тақдирнинг лавҳида битилмиш битик.

Ва лекин
Туҳфадир биз учун шу синов – кечик…

***

Қайғулар гуллабди қабоқларингда
Заъфарон экибди юзингга ҳасрат.
Кўзингда севгининг қори эрибди
Бир кафтини олиб қалбимга сачрат.

Томчилар бўйлашур киприкларингга
Нечун қошларингдан бўёқлар кўчди.
Қувдингми мен сенга улашган бахтни
Бекитган кўксингдан наҳотки ўчдим…

Ишониш мушкулдир, мушкул, воажаб,
Армонга улғайтиб бердим севгимни?
Бир пайтлар жон олган ўтли забонинг
Сукутга соврилиб қолганми, жимми?

Наҳот саробларни суғорди бу кун
Тақдирдан ўғирлаб олган ҳовучим.
Тақдир айирганда мени қалбингдан
Ёшдайин кўзингдан сирғалиб тушдим…

0-7a.jpgBundan bir oycha avval Xurshid Abdurashidning uch hikoyasi bilan tanishtirgan edik. Bugun esa sizning hukmingizga uning she’rlarini taqdim etarkanmiz, yosh ijodkor do‘stimizga she’riyat sirlarini kashf etishda izchil bo‘lishini  tilab qolamiz.

Xurshid ABDURASHID
SHE’RLAR
06

0_1bc37d_13615c13_orig.jpg Xurshid Abdurashid ( Serobov ) 1995 yil 27 iyulda Qashqadaryo viloyati Kasbi tumanidagi Pandiron qishlog‘ida tug‘ilgan. Hozirda Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat o‘zbek tili va adabiyoti universiteti 4 bosqich talabasi. Shuningdek, «Yoshlar» radiokanalida ham faoliyat ko‘rsatadi. «Kitob dunyosi» gazetasida «Ko‘zdagi armon», «O‘zAS» gazetasida «Musavvir» nomli hikoyasi va she’rlari chop etilgan.

06

O‘SHA MЕN EDIM…

Derazang yoniga qo‘ndi kabutar
Ilkida o‘rog‘liq maktub bor edi.
Senga boqib turgan ma’yus ko‘zlari,
Shu onda nedandir umidvor edi.
Sen esa pardani yopib qo‘yding jim,
O‘sha men edim-ku, o‘sha men edim.

Ko‘chaga chiqding sen bog‘ aylangani,
Daydi shamollarday xayoling tarqoq.
Bog‘ kezib yurarding shunda nogahon
Oyog‘ing ostiga tushdi bir yaproq.
O‘sha yaproq kabi sochilgandi kim?
O‘sha men edim-ku, o‘sha men edim.

Bog‘da gullar terding avaylab asta
Nogoh qo‘llaringga sanchildi tikan.
Nozik qo‘ling bilan sug‘urding uni
Deding “Shunday gulda tikan bor ekan”.
Senga talpingandi shu tikan , gulim,
O‘sha men edim-ku, o‘sha men edim.

So‘ng qaytding uyingga o‘y surib sokin,
Deraza yoniga qo‘yding gullarni.
Tin olmoq dardida cho‘kding to‘shakka
Va yig‘lab o‘qiding “O‘tkan kunlar”ni.
Kimnidir o‘ylading, ko‘zlari sim-sim,
O‘sha men edim-ku, o‘sha men edim.

YOR SUVRATI

…bir suvratga yetti xil izoh…

Turkum

Ko‘z

Ko‘z emas…
Yurakni nishonga olib,
Ayovsiz o‘qlarin sanchayotgan
yov.
Ojizman bu ko‘zning oldida…
Uning
O‘qlaridan
Betinim tomib
Vujudimni mahv etayotgan
Shirin sevgidan…
Ahli ishq… bu ne hol,
Axir bul o‘qlar
Sevgilangan ekan batamom…

Lab

Erib ketmasmikin deb qo‘rqdim,
Gul orazdan alvon gultomchi.
Ol shiradan ilin menga ham
Bol qizg‘anma, go‘zal qizg‘anchiq,
Sen so‘zlasang har bir so‘z mayin
Shira emib chiqar havog‘a.
Maza totsam shu qirmizingdan
Borim senga bo‘lsin sadog‘a…

Qosh

Shundayin tortilgan qo‘shchiziq…
Yuqoriga o‘rlar bir cheti
Biri enib turar quyiga…
Bamisoli ikki tomondan
Ikki qattol shay turgan kabi
Nigohimni tilkalamoqqa…
Dir-dir titrab vahima ichra
Ko‘zlariga kira olmagan
Nigohlarim daydiydi hamon
Shu qo‘sh chiziq oralig‘ida…

Soch

Boshdin belinggacha go‘zal hurliqo
Yopinib olibsan tunko‘rpa bilan.
Baxting uning rangi yanglig‘ bo‘lmasin
Ammo
Uning kabi uzun bo‘lsin baxting, farishtam…

Qo‘l

Havoda qolmasa edi qo‘llarim,
Qo‘lingni tutishga bor bo‘lsa haqqi.
Uzalgan hamono qo‘llaring menga
Ruhimga singadi mangulik baxtim.

Havoda qolmasa edi qo‘limiz…

Kiprik

Qaydan topding
Bunchalar hushyor
Sergak turgan ko‘zsoqchilarni…
Shular meni sendan to‘smayaptimi?
Men paydo bo‘lganda qarshingda seni
Bahaybat kipriklar o‘smayaptimi?

Oraz

Mehribon qulisan…
Xudoyim sening
Orazingga muhr aylamish oyni.
Himmating cheksizdir, mening ko‘zimga
Taratib turibsan shuncha chiroyni.
Yuzingda behudud husn jilvasi,
Noz-u nazokatga boyim, to‘lig‘im.
Baxtim ne? bir baxtki, yer yuzi aro
Shu orazga to‘qnash

***

Sokin yur…
O‘rtaga sukunat cho‘ksin.
Men yurmoq istayman bezabon
Birgina nigohlar so‘z to‘ksin.
Shoshilib o‘tganda avtobus,
Qarama…
Qarama… Yo‘l uzoq.
Manzilga yugurib yetgandan
Kechikib jo‘nagan yaxshiroq.
G‘ajiydi qalbimni bilmaysan
Nimadir yanchadi, nimadir…
Yurakka aytaman: “Sen zolim”
U esa hech narsa demaydi.
Termulib qaraysan samoga,
Yulduzlar ko‘rina boshlaydi.
Sokin ket… So‘zlama, so‘zlama,
So‘z bizni ezg‘ilab tashlaydi.
“Yo‘l uzoq” pichirlar lablaring,
Xavotir yoyilar yuzingga,
Yo‘l tugab qolsa gar bexosdan
Men qanday to‘yaman ko‘zingga…
Xudojon, shu yo‘lni ko‘rsatib
Yo‘llading bu ikki qulingni.
Biz keta boshladik, xudoyim,
Tugatma, uzun qil yo‘lingni…

***

Ichim to‘lib ketdi…
Bilmam nima bu?
G‘ussa deganlari tashladi to‘rin.
Derazamdan boqar qop-qora qayg‘u,
Xonamda bor unga bo‘sh qolgan o‘rin.

Soat erta-yu kech qiladi mashq,
Havasim keladi negadir unga.
Yuradi to‘xtamay hamisha
shoshib,
Qaramas na kunduz, na qaro tunga.

Men esa xotirda qishloq oralab,
Daydidek kezaman izlab o‘zimni.
Yo‘qotib qo‘yganman qay
tomonida,
Bolalik atalgan gardsiz izimni.

Hayot qo‘lda yurgan pulga o‘xshaydi
Keraksiz bo‘lganda ketasan otib.
Topganim ne bo‘ldi? Topinchlar aro
Avvalgi Xurshidni qo‘ydim yo‘qotib…

SЕHRGAR

Matnazar Abdulhakim xotirasiga

Sehrlab qo‘y meni, sehrgar,
Tushov bilmay qolmoqda tilim.
Oshib ketdi aqlim ham axir
Ko‘p-da, hayot o‘rgatgan bilim.

Ilhom menga iltifot qilib
Charchagandir, so‘ra-chi, ne der.
So‘ng rostdanam sehrgar bo‘lsang
Meni she’rga aylantirib ber!

QISHLOQ

Qishloq…
Qaytmoqdasan, ko‘ksingda hovur
Kelar yuragingni chopib yurgisi.
Tuyasan… havoda suzmoqda
Tundan
Meros – yonib bo‘lgan chiroq, moy isi.

Xayol chang ko‘chaga darrov ot solar,
Sendan ketgan yillar qayda dod solar?
Yodingga bolalik shavqin bot solar,
Yomg‘ir yuvib o‘tgan tuproq, loy isi.

Qo‘shni qiz… hoov ana, ketmoqda yo‘lda,
Bolasi bir qo‘lda, chelak bir qo‘lda,
Ne hiski, qo‘zg‘olur o‘jar ko‘ngilda,
Undan taralmoqda…
O‘sha soy isi…

Sekin yo‘rg‘alaysan…
Quvmoqda vahm,
Ko‘nglingdan shu tobda kechgani — zahm.
Qara, vaqt bir bora qilmabdi rahm,
Tanish bo‘y…
Sen o‘sgan o‘sha joy isi…

Ko‘z oldingdan o‘tar… Qish…
Sovuq… Tancha…
Yur… Isin mehrga…
Kutmoqda barcha…
Eshik ochishing-la, peshvoz chiqqancha
Dimoqqa urilar achchiq choy isi…

***

Shikasta gul – lolaqizg‘aldoq…
Olam bilan… vidolashar… u
Dam kuladi, dam ko‘zda g‘ubor
Intiladi ko‘kka… qayda Arsh
Yig‘layotgan zahil g‘unchasi
Armonlarga ulashmoqda dard…

AROBADA BIR QIZ BORADI…

Chayqaladi yo‘lda aroba,
Chayqaladi ko‘ksimda og‘riq.
Oldindadir oltin xaroba,
G‘ildiraklar g‘ijirlar og‘ir.

Shul aroba ichida bir qiz,
Yig‘lay-yig‘lay ketib boradi…

Qo‘l silkiydi izidan qishloq,
Qo‘l silkiydi daraxtlar – mahzun.
Arobakash bosh eggan, biroq
Yo‘llar kabi o‘ylari uzun.

Shul aroba ichida bir qiz,
Yuragini sitib boradi…

Diydasidan sirg‘alar marjon,
Borar joyi – taqdirga ko‘nib.
Ma’yus boqar onaday osmon,
Ota– Quyosh bormoqda so‘nib.

Shul aroba ichida bir qiz,
Marjonlarin yutib boradi…

Kutmoqdadir yorning makoni,
Gulxanlarin o‘rlatib ko‘kka.
Qayondadir zirqirab joni,
Bir bo‘z yigit Haqqa tiz cho‘kkan…

Shul aroba ichida qiz ham,
Haqqa bo‘yin tutib boradi…

XAYRLI TONG…

Qari kecha…
O‘limi yaqin…
Vasiyatin ayta boshlar jim…
Singib ketar ko‘zdan narida
Uni tutib qolmaydi hech kim.

Uyg‘onamiz, ko‘zlarimizdan
O‘chiramiz tun chizgan izni
Va kechaning o‘limi bilan
Tabriklaymiz bir-birimizni…

DARAXT

Bolta urdi naq tomiriga,
Qulab tushdi bechora daraxt.
Qishloqdagi uyning biriga
Sovuq qishda endi o‘tin taxt.

Inson uchun kechirdi hayot,
Inson uchun kesildi umri.
“Yo Inson!” deb qulagan zahot
Soyabonsiz qoldi huuv so‘ri.

Sen ham yasha umringni
Faqat
Nafing tegsin kimgadir biroz.
Gar tegmasa yerga quloch yoz,
Daraxt bo‘lgin…
Daraxt bo‘l…
Daraxt…

SO‘NGGI TOVUSH

“Ketma” dedi, men ketgan edim,
Qolish uchun yo‘q edi sabab.
“Sen-la qolsam qaniydi” dedim,
So‘nggi bora ortimga qarab.

Bir hayqiriq teshdi bo‘shliqni,
“Bir kun meni izlab top” degan.
Keyin bilsam, o‘sha sas ishqning
Eng oxirgi ovozi ekan.

O‘sha kuni men tongga qadar
Juda uzoq boqdim osmonga —
Yuragimga to‘ldirib kadar
O‘sha ovoz ketgan tomonga..

BAHOR ARMONI

Tabiatga berib ko‘rk-ohor
Gulzorga ham bahorlar keldi,
Mozorga ham bahorlar keldi,
Bizga esa g‘uborlar keldi,
Ko‘nglimizga sig‘madi bahor.

Sen bahorda ko‘z ochgan eding,
Men bahorda uchratdim seni.
Ikkimiz ham xazonrez bo‘ldik
Xazon qildik dilning yarmini.
Ko‘nglimizga sig‘madi bahor…

Shunday fasl, shunday mo‘jiza
Hatto eski ayvonga sig‘di.
Tashrifidan quvondilar ham
Ko‘rgan ko‘z-u mijgonga sig‘di.
Ko‘nglimizga sig‘madi bahor…

Izg‘irinda muzlagan ishq deb
Qarg‘adimi bizni qarg‘alar.
Shunday go‘zal, farahli damga
Bizdan endi hasrat tarqalar.
Ko‘nglimizga sig‘madi bahor…

Ko‘nglimizga sig‘madi bahor,
Ko‘nglimizga sig‘maydi endi.
Subhidamda biz uchun faqat
Atirgullar yig‘laydi endi…

Sen ham yig‘la, bahor hurmati…

MUSIQA

Hayotbaxsh musiqa yangraydi sokin,
Daryodek toshmoqda vujudimda kuy.
Shumikan hayotning totli lahzasi,
Sen ham, birodarim, shu lahzani suy.

G‘amdan bino bo‘lgan asli odamzot
Dardini ohangsiz qachon yengolgan?..
O‘g‘lidan ayrilgan Odam Atoning
Bo‘g‘zida bir ingroq, mungli kuy qolgan…

Hayot ham ohangdan iborat asli,
Tiriklik bir kuyga terilgan qator.
Toshqin daryolar ham kuylar jo‘rovoz,
Hatto osmonning ham o‘z qo‘shig‘i bor.

Ushbu dam…
… ko‘nglimda g‘alayon hokim,
O‘zing tasalli ber, ilohiy ohang.
Tinmas nigohimni namga belagin,
Yo‘qsa ko‘zlarimni bosib qolar zang.

Axir kuy oqimi kezmoqda titrab,
Sehrlab hayotning har soniyasin.
Quloqlarim bitgan…
Qalb-la tinglayman,
Betxovenning ma’yus simfoniyasin…

OG‘RIQ QAYDLARI
Rauf Parfiga ergashib

1
Qay nuqtam og‘riydi muttasil
Bilmaysanmi
Sen ham muhabbat?

2
Bir lahza…
U isyon etdi…
Qarshingda…
Va yo‘qotib qo‘ydim yuragimni men…

3
So‘nggi tomchilarin sochganda yomg‘ir
Men izlab yurgandim daydi sevgini…
Ivib bo‘ldingmi? …..

4
O‘zimga juda uzoqlardan qaradim
Sening nigohlaring bilan
Bu lahza…

5
Yig‘ilar nikohdan o‘tishgan kuni
Ko‘ziga yosh oldi
Achchiq tabassum…

6
Uvalanib ketdi xotira
Har bo‘lagi
Sen… sen… sen…

7
Tevarak qor ichdi
Sovuq yopindi
Ammo isir edi hamon yuragim…

8
Nafrat va sevgining oralig‘ida
Hali yashalmagan
Umr kezardi…

9
Uzr sizdan ming bora uzr
Tushingizga kirdim so‘roqsiz
Demaysanmi
Quvonarmidim…

10
Daraxtlar bargini o‘ldirgan kuni
Qo‘ltiqtayoq bilan
Kirib keldi Kuz…

11
G‘ichirlab yopildi eshik…
Demak qaytasan…
Unda hech jahlning tovushlari yo‘q…

11
Simirdi ruhimni
Tun sharpalari
Sovurdim o‘zimni ko‘lankalarga…

12
Bir so‘zki sen aytmoq istab, aytmagan
Men tinglash qasdida
Tinglay bilmagan
Bir so‘zki…

13
Nigohlar aytmakchi bo‘lardi hasrat
U esa yurakka quyilib shu kez
Kiymoq istar edi she’r libosini…

14
G‘uborlarga bermadim
Asradim qorachiq singari
Sen ham meni asragin sevgi…

SHE’R BU….

She’r – ko‘nglingga mangu suyanchiq,
She’r – dardingga ilohiy taskin.
She’r – zulmatni yoritgan aqiq,
She’r – qalbingga qalbingdek yaqin.

She’r – bu olov. Tin olmay yonur,
She’r – bu yomg‘ir, tomchidek toza.
She’r bor dilda toshqin chayqalur,
She’r – nigohga ko‘chgan andoza.

She’r – ko‘zlardan bekingan uyqu,
She’r –bu tongga peshvoz chiqqan nur.
She’r – yig‘iga evrilgan kulgu,
She’r – samoda suzgan tasavvur..

She’r – iymonni toblovchi poklik,
She’r – ko‘kdan-da bepoyon va keng.
She’r – miskinga berilgan boylik,
She’r – o‘zini izlayotgan Men…

YAPROQQA AYLANIB QOLGANIM HAQIDA

Yaproq edim, to‘kildim yerga
Shamol meni uchirib ketdi.
Onam – daraxt, egnida xirqa,
Tik qomati bukilgan edi.

Bu dunyoning vahmidan qo‘rqib,
Zir-zir titrar novdalar – og‘am.
Go‘yo taqdir kitobin o‘qib,
Qo‘rqinch ila chekmoqdalar g‘am.

Yotibdirman chalajon, behush,
Xotirotning ko‘lankasida.
Misli o‘ngim emas, bu – bir tush,
Nolam – ishqqa so‘ngsiz qasida.

Najot qayda…
Axir so‘lyapman,
Umrim – uvol, qismatim – zavol.
Bir o‘tib qo‘y biz tomonlardan
Agar zarra kelmasa malol.

Tun allalab eltar uyquga,
Tong uyg‘otar shivirlab sekin.
Ketmoqdaman axir manguga
Sendan hali payg‘om yo‘q lekin.

Ko‘zlarimni ocholmasman bir
Qarolmayman atrofimga ham.
Yurak bormi senda toshbag‘ir?
Ayt, masofa bor qancha qadam?

Kelayotir, oh, Azroil – kuz,
Axir xazon bo‘lgum hoziroq.
Shoshil… shoshil… ko‘zlari ma’yus,
Tomirimda zilzila – titroq.

Meni Kuzmas o‘zing xazon qil,
Kuz nayzasi ajalimga teng.
Kutmoqdaman axir so‘lmayin,
Bir bor bosib o‘tishingni men…

KUT MЕNI…

Kut meni…
Borurman vaqtning oq yelkanlarida…

Kut meni…
Kuysang-da sabrning gulxanlarida…

Balki sen…
Sukunat kuyini tinglab o‘tarsan.

Balki men…
Qalbingda qo‘shiqdek yangrab o‘tarman…

Hayot – shu …
Kutish-u kuttirish soniyalaridir.

Hayot – shu…
Bir umr yechilmas afsonaviy sir.

Sir nima?
Lahzaning ko‘rinmas shamoyilimi?

O‘ksima…
Muhabbat – shu sirning ilg‘anmas ilmi.

Sen kutgin…
Taqdirning lavhida bitilmish bitik.

Va lekin
Tuhfadir biz uchun shu sinov – kechik…

***

Qayg‘ular gullabdi qaboqlaringda
Za’faron ekibdi yuzingga hasrat.
Ko‘zingda sevgining qori eribdi
Bir kaftini olib qalbimga sachrat.

Tomchilar bo‘ylashur kipriklaringga
Nechun qoshlaringdan bo‘yoqlar ko‘chdi.
Quvdingmi men senga ulashgan baxtni
Bekitgan ko‘ksingdan nahotki o‘chdim…

Ishonish mushkuldir, mushkul, voajab,
Armonga ulg‘aytib berdim sevgimni?
Bir paytlar jon olgan o‘tli zaboning
Sukutga sovrilib qolganmi, jimmi?

Nahot saroblarni sug‘ordi bu kun
Taqdirdan o‘g‘irlab olgan hovuchim.
Taqdir ayirganda meni qalbingdan
Yoshdayin ko‘zingdan sirg‘alib tushdim…

001

(Tashriflar: umumiy 2 206, bugungi 1)

Izoh qoldiring