Javlon Jadid. Xayrli kun, Brussel! & Xurshid Abdurashid. Uyg’urlarim

02   Оҳ, бу ҳайқириқлардан ўзимни йўқотиб қўйдим. Уларнинг ҳар бир ноласи бутун танимни ич-ичидан парчалаб, бўлакларга бўлиб ташларди. Гўёки, қассоб кундасида гўшт каби ўтмас болта билан нимталанардим. Шунда менга нафрат-ла қараб турган қизил рўмол ўраган уйғур қизига кўзим тушиб қолди, негадир у Европарламентнинг маҳобатли биносига эмас, менга қараб қичқирарди…

Хуршид Абдурашид
УЙҒУРЛАРИМ
022

Туркистондан қудрат кетди, фикрат кетди,
Чўлпон кетди, Соғуний-у Фитрат кетди.
Келаверди бу миллатга саф-саф даҳо,
Барин ютди зулм пуркаган аждаҳо.
Кетди кўзи очиғларим, буюкларим,
Йиғлаб-йиғлаб қолди кўкси куюкларим.

Уйғур оғам, на кўмакка ярар бўлдим,
На корингни, на ҳолингни сўрар бўлдим.
Сен ҳам қўли боғлиқ бўлдинг, мен ҳам боғлиқ,
Сен ҳам кўкси доғлиқ бўлдинг, мен ҳам доғлиқ.
Тилим қани, ҳолингни бир сўрай билсам,
Қўлим қани, ҳимоянгга ярай билсам.

Жаҳолатга паноҳ бўлган, ай заминим,
Бу зулмга борми тўхтов, борми тиним.
Туркистон юрт тупроғини булғамишлар,
Заминимнинг кўкрагига қадаб нишлар.

Туркистонни бўлиб-бўлиб хўрладилар,
Истеҳзоли кулиб-кулиб хўрладилар.
Қондош деган бир-биридан ёт бўлганда,
Осон кечди, битта-битта зўрладилар.

Темур кўрса кулмайдими ҳолимизни,
Бунча ширин кўрамиз шу жонимизни?
Оғасини, инисини ахир инсон,
Ит тагига ташлаб қўйган қайси замон?
Бир-бирига эш бўлмайин турса агар,
Бир бўларми туркий миллат – жон жигарлар!

Ҳақ мазлумга нажот йўлин кўрсатгувчи,
Сабил кетмас иймон кучи, виждон кучи.
Уйғуримга Оллоҳ ўзи ёрдамчидир,
Сабр берсин, жон жигарим, озроқ чида…
Кўргуликлар ўтар кун ҳам яқиндир-о…
Бу хўрликлар битар бир кун, иншаалло.

Зулумотнинг адоғига етгунча йўл,
Бардошли бўл, бардошли бўл, бардошли бўл…
… Туркистондан қудрат кетди, фикрат кетди,
Чўлпон кетди, Соғуний-у Фитрат кетди.
Туркистонни Раббим ўзи яна сийлар,
Келар яна Фитрат, Чўлпон, Соғунийлар.

09

ХАЙРЛИ КУН, БРЮССЕЛЬ!
Жавлон Жадид
022

Салом, уйғурлар қатағони!

Майда тош кўчаларини кезиш, бу йўллардан асрлар давомида кимлар ўтгани ҳақида соатлаб ўйлаш нақадар ҳузур. Керак бўлса бутун Белгияни ялангоёқ кезиб чиқишга ҳам тайёрман! Оҳ, Брюссель, Брюссель…

Кўз олдимда бу кўҳна шаҳар улкан ва ғаройиб театр декорациясини эслатарди. Учинчи кун бўлса-да, ҳали таассуротлар мўллигидан бошим айланиши тўхтагани йўқ. Кеча қадим дарвоза ёнидан устига “Брюссель – тинчлик шаҳри” дея ёзилган латта халтачани сотиб олдим. Уни бўйнимга осиб олганча шаҳар бўйлаб эртадан то кеч тинмай кезар, оёқларим шишиб ишдан чиқиб қолгандагина меҳмонхонага қайтар, аммо шунда ҳам хаёлим кўҳна кентнинг ҳали мен бормаган манзилларида қолиб, тонггача сархуш қиларди.

Саҳарлаб меҳмонхона деразасидан бутун Брюссель менга ўз эртакларини намойиш қилишга тайёрланаётгандек кўринар, олов, тўққизил, кумуш рангдаги адоқсиз, турли давр услубларига сингган тому равоқларни муз солинган лимонад идишини чайқатганча кузатар, кунлик борадиган манзилларимни белгилаб олардим. Тарихий шаҳарларга юборилганимда иложи борича муддатдан эртароқ келишга тиришар ва оддий, чекка меҳмонхонадан жой олиб дайди сайёҳга айланар ва истаганимча жиннилик, савол-жавоб, бачканаликлар килардим. Ҳозир ҳам Белгия қироллигининг ҳашамдор, қадим саройларига қўйилган бир синиқ ғиштнинг тарихини билиш учун соатлаб тайёрланар ва бундан ўзим чексиз завқ олардим. Саройнинг аччиқ ва шонли бутун ўтмишини билиб олгач эса сирли деворларнинг тили айлана бошлайди: асрлар аро чалинаётган дард куйини тинглайсиз. Мен бутун шаҳарни ўз тасаввуримга солишни истар ва шундан сўнггина қадим Белгиянинг мунис, ўзига хос симфониясини тинглай олишимни билардим.

Белгиялик офатижон қизлар билан танишиш, қуёш нурида чўмилиш, ширин таомлар ейишни, шоколадга бўкиш, сўкиниш ва жаргонлар талаффузини ўрганиш, театр ва боғларда сайр қилиш ва албатта, тинмай Брюселлнинг дуч келган кўчасига ўзимни уриб, адашишишларни севардим.

Брюсселга келганимнинг тўртинчи куни меҳмонхонада ишловчи Жанна билан танишиб олдим! У олти ой аввал Белгиянинг жануби-ғарбидаги шаҳар Монсдан келган экан. Бу оқ-сариқдан келган, жингалак сочли қиз саёҳат режаларимни вайрон қилишга арзийдиган даражада гўзал эди.

Жанна аждодларида форсларнинг қони борлигини тахмин қиларкан. Бир пайтлар унга бу гапни бобоси айтиб берган. “Аммо ўша пайтлар у эсини еб қўйган чол эди”, деб иккиланиб қўйди Жанна. Мен унинг ишдан чиқар маҳалига меҳмонхонага қайтадиган ва Жанна билан Брюсселни бошқатдан кашф қиладиган бўлдим.

Жанна кўп гапирмас, кўпинча тинглашни ва жилмайишни хуш кўрарди. Бошида чет эллик бўлганим учун шундай илтифот қиляпти деб ўйладим, йўқ, асли унинг феъли шундай экан. Оилавий видеоларини кўрсатганда бунга амин бўлдим. Укаси Дублинда ўқир, Монсда ота-онаси ёлғиз туришаркан.

Июль қуёши чарақлаб турган бўлса-да, Шимол денгизининг намхуш ҳавоси шаҳар ҳароратининг ҳаддидан ошишига йўл қўймасди.

– Мўтадил денгиз иқлими… – деди нозик қўлларини майин шабадани силаётгандек ўйнаётган Жанна.

Қиролликнинг қадим ва маҳобатли Ла Монне опера театридан чиқаётганимизда, этлари буришган, аммо кўзлари ғайриоддий, болаларникидай порлаб турувчи кампирлар турфа гуллар сотиб ўтирганига кўзим тушди. Жаннага япроқлари капалакнинг қанотлари каби нафис гулни совға қилдим. Оҳ, Жанна, севинганидан ўзининг жилмайиш чегарисидан ўта олди, ҳиссиётлари чегара қирғоғидан тошди. Шундагина қизнинг лобар ва сирли кўзларига боқиб Брюсселни тинглай бошлаганимни англадим. Аммо… ҳаммаси театрдан Европарламент биносигача, жуда қисқа, ўттиз дақиқача давом этди, холос.

Жанна мени дунё тинчлигининг маркази – Европарламент биноси томон бошлаб бораётганида кўҳна қироллик соборлари, саройлар, протестант ва католик черковлари, замонавий банклар, масжидлар ёнидан ўтаётганимда ҳам, қадим биржа фонд биноларига ҳайрат-ла қотиб турганимда ҳам бу куй қулоғимга чалиниб турарди. Улкан суворий ҳайкалларга ойнаванд баланд бинолар соя ташлаб турар, майдонга тўп байроқлар – бўялган баргларни эслатувчи озод мамлакат рамзлари осиб қўйилганди. Маҳобатли Европарламент ёнига келганимизда кекса пианист чалаётган куй каби бизнинг сирли оҳанг ҳам тўсатдан тинди-қолди.

Европарламент қошида қоққан қозиқдай тош қотиб турганимга Жанна ҳайрон бўлиб турарди.

— Улар сеннинг танишингми? – деб сўради атрофга йиғилган ва Европарламент биноси томон ҳайқираётган юздан ошиқ намойишчиларни кўрсатиб.

-Йўқ! – дедим. Ортиқ бошқа сўзга тилим бормас эди.

— Ким ўзи улар? – деди яна Жанна асабийлашиб. Оҳ, у менинг ичимни билиб тургандай, башарамни фош қилган фолбиндай кўзларимга маъноли боқиб турарди.

— Билмайман…

Бу сўз томоғимдан қандай сирғалиб чиққанини яхши англаб турардим!

— Уларнинг тилини тушуняпсанми?

— Йўқ-йўқ ..! – дедим. Жаннанинг савол – нидолари иродамни тилиб ташлаётган эди. Зудлик билан кетиш керак… керак, дердим ўзимга ўзим. Жаннанинг қўлларидан маҳкам ушладим-да, тортқилаб, кетайлик дедим. Аммо кечиккан эдик, биз намойишчиларга қўшилиб бўлгандик. Улар француз, нидерланд, немис, инглиз ва энг муҳими, менинг жондек азиз туркий тилим бўлаги – уйғурча ҳайқиришар ва Европарламент биносидан нажот кутишарди.

— Геноцид! Хитой зулми остидаги уйғурлар, қандай даҳшат… – дея инграб оғзини ёпиб олди Жанна. – Бу бечоралар ҳақида эшитганман. Наҳот, XXI асрда ҳам ирқий қирғинга журъат этишаётган бўлса? Миллатлар, маданиятлар ва динларга қарши таъқиб- ку, тўғрими? Сен буни мендан яхшироқ билсанг керак, ахир сен..? – Жаннанинг саволларига мени лол ва шол қилганди.

“Уйғур ирқий зўрликда”, “Уйғурларни миллат сифатида йўқ қилишмоқчи”, “Хитой террорига қаршимиз”, “Шарқий Туркистонга озодлик!”, «Хитойдаги этник тозалаш тўхтатилсин!», «Уйғурларни қутқаринг!» “Миллиондан ошиқ уйғурлар, болалар жазо лагерларида сақланмоқда. Уларга ёрдам зарур!” “Менинг қизим хитойликлар қўлида, ўз она тилида гапиришга ҳаққи йўқ!”, “Оилам лагерда, уларга озодлик беринг”, “Уйғурларга озодлик, уйғурлар қирғинига қаршимиз!”…

Оҳ, бу ҳайқириқлардан ўзимни йўқотиб қўйдим. Уларнинг ҳар бир ноласи бутун танимни ич-ичидан парчалаб, бўлакларга бўлиб ташларди. Гўёки, қассоб кундасида гўшт каби ўтмас болта билан нимталанардим. Шунда менга нафрат-ла қараб турган қизил рўмол ўраган уйғур қизига кўзим тушиб қолди, негадир у Европарламентнинг маҳобатли биносига эмас, менга қараб қичқирарди:

“Ғарбнинг либерал қадриятлари шарқда таъсирсизми?”

Унинг мўнчоқдек қоп-қора кўзларини кимгадир ўхшатдим, балки опамгадир, аммо ҳозир ортиқча қиёслаб ўтришга тоқатим етмасди. Қизнинг нигоҳидан улуғлик, жасорат, ўзига ишонч билан бирга, ҳадик, умидсизлик, мунис ожизалик ва энг муҳими менга бўлган кучли нафратнинг ўткир ва аччиқ рангларини англаб турардим. Нозик қўлларида олов, ҳа олов сўзлар бор эди, бу ўт менинг танамни, теримни аччиқ, безиллатиб куйдирарди: “Инсон ҳуқуқлари, уйғурлар учун ҳамми? Нечун сукутдасиз?” “Инсон ҳуқуқлари, уйғурлар учун ҳамми? Нечун сукутдасиз?” “Инсон ҳуқуқлари, уйғурлар учун ҳамми? Нечун Сукутдасиз?»

Намойишчилар орасидан Жаннани йўқотиб қўйдим. Шовқин-сурон тинчимас, тинмай турли тилларда янграётган оҳу нолалар мени ўйлаб кўришга ҳам қўймасди. Жаннани қидириб дуч келган тарафга кетар эканман, намойишчи қиз айтган шу сўзлар қулоғимдан сира кетмасди.

“Инсон ҳуқулари уйғурлар учун ҳамми? Нечун сукутдасиз?”

Ла Монне театри ёнида ҳам Жанна йўқ. Шундагина у намойишчилар орасида қолиб кетган, деб ўйладим. Нега яхшилаб қидирмаганимга ҳайрон қолдим. Уни ташлаб қочдимми ёки йўқ, деб ўзим билан ўзим соатлаб гап талашдим. Қўрқоқлик қилдим, йўқ… мен батамом даҳшатга тушиб қолгандим, йўқ… мен Жанна тугул ўзимни ҳам топа олмасдим, йўқ…
Жанна кўзларига қандай қарайман энди. Меҳмонхонага ҳам қайтиб бориб бўлмайди.

Кўз олдимдан алвон рўмолли қизнинг ўткир нигоҳлари сира кетмасди. Опамнинг, Жаннанинг қарашларига ўхшаш нигоҳ… Оҳ, овозлари ҳам бир хил… Қулоғим тагида даранглаб ётибди. Бошларимни беркитиб олсам ҳам уйғур қизнинг овози аламли шивирлаш бўлиб ичимга сирғалиб киради ва тонгги туман каби кўз пардамни қоплаб олади.
“Инсон ҳуқуқлари уйғурлар учун ҳамми? Нечун сукутдасиз?” Ё Худо, бу аламли шивирларни ўзинг тиндир, ўзинг…

Жаннанинг ўткир сўзлари ва менинг унга берган номуссиз жавобларим қайта-қайта қулоқларимга игнадек қадаларди, миямга кириб олган қўнғиздай азоблайди: “Сен уларни танийсанми?” “Йўқ!” “Улар ким?” “Билмайман!” “Тилини тушунасанми? “Йўқ-йўқ!”

Алламаҳалгача Брюсселнинг исқирт кўчаларида итдек дайдиб юрдим. Уйсиз қариялар, ярим яланғоч қизлар, тасқара фоҳишалар, иркит мушуклар, одамлардан тап тортмайдиган сурбет каламушларни соатлаб кузатдим. Чалғимоқчи, унутмоқчи ва барини ўчирмоқчи бўлдим. Аммо қаерга бормай қулоғимдан ўша шивирлар тинмас, қизил рўмолли уйғур қизининг кўзлари мени таъқиб қиларди:

“Инсон ҳуқуқлари уйғурлар учун ҳамми? Нечун сукутдасиз?”

Мен бу сўзларни тушунмаяпман, тушунмасликка мажбурман, ахир. Ҳаммасини билмасликка олишим шарт! Аниқ биламанки, менинг ватанимдагилар ҳам бу сўзнинг маъносини билмайдилар, туркий миллатнинг бир бўғини, жондош, жонқарз уйғурларни танимайдилар, тингламайдилар, миллионлаб болаларга ачинмайдилар, мен каби ўзидаги аламли нолаларга қулоқ тутишдан кўрқадилар. Сиёсатдан, иқтисоддан ва эски идоралар соясидан қора кунда ажал каби тушингга кирувчи алвасти кампирдан қўрққан каби даҳшатга тушадилар ва мендек тинчлик ва музокаралар шаҳри Брюсселга фақат дам олиш ва сукут сақлаб тилни тийиш буйруғи билангина келишади, ортиқча оҳларга, кўзёшларга парво қилмай бахтиёр оҳангларнигина эшитишга ўз қулоқларини ўзи зўрлашади. Мен каби, мендек, …дек!

Жанна қаерда қолди экан? Наҳотки уйғурлар орасида қолиб кетган бўлса… У мендан нафратланса керак, аниқ нафратланади. Оҳ, аслида нафрат бу менинг ҳоли шарифимга мақтов, аслида унинг ҳар балою қарғишларга лойиқман.

***

Эрта тонг қулоғимга урилаётган денгиз товуши, чағалайларнинг шўхчан овозидан уйғониб кетдим. Денгиз тўлқинларида қуёшнинг силлиқ тонгги нурлари сузар, кумуш ранг осмон расмини денгиз узра чизарди.

Оҳ, бу куй менга таниш, таниш!

Ҳатто денгизлар ҳам улар дардига жўр бўлиб куйламоқда. Ўзининг ошиб кетолмас қирғоқлари узра туриб, қўзғалиб Шарқий Туркистон тоғларига мадад беряпти. Ҳа, у ерда денгизлар йўқ, улкан океанлар олис, аммо мағрур тоғлар бор, адоқсиз тоғларда, адоқсиз дардлар бор. Ҳар бир чўққининг ўз куйи, ўз қўшиғи бор. Бу тоғлар Туркистон тоғлари, туркийлар тоғидир, тоғлар ҳам ватан куйини ватан тилида чалади, уйғур, қозоқ, қирғиз, ўзбек… – бир жон, бир оҳанг қўшиқларидан айтади. Ватан юрагини тебратади.
Аччиқ кўзёшлардан қорилган Хитой деворининг ҳар бир тупроғи, Рим харобаларидаги сидирилиб ва ҳавога учган ҳар бир ранг, Океан тубидаги ҳар бир зар, ҳар бир сир, ҳиндулар қони тўкилган азиз масканлар ҳам, шимол ҳам, жануб ҳам, осмон ҳам ер ҳам қулоқ тутсанг шу мазлумлар дардини куйламоқда. Аргентинада кир ювувчи қора танли фаррош кампирдан тортиб, гўзал Жаннагача сен ва сеникилар ожизлигидан нафратланади, севиш тугул, сени Брюсселда ортиқ кўришни ҳам истамайди. Бундай пайтда қочиш керак, аммо шу он фақат ўзликка, қочаётган нуқтангга олиб боради.

Олис Туркистон чўққиларида дутор чалиб қўшиқ айтган, от чоптириб ўтган отанг ҳам, бобонг ҳам, жамики минг аждодларингнинг қоядай мустаҳкам юраклари ҳам сендан нафрат-ла кўпиради, қалқади. Қуриётган Орол денгизингдан, анави балиқчи поляк чолининг қармоқ симларини чийиллатаётган шамолгача, кўк китлар ўкиригидан, осмондан ёғилаётган чувалчанг ёмғиригача мазлумлар дардидан сўзлаётганда гунглик сенга муборак бўлсин, қутлуғ бўлсин, азизим!

Сендан бирор нарса сўрашга ҳам ҳақсиз сезяпман ўзимни, аммо ўтинч тинмайди. Эртага Европарламент йиғилишида минтақанинг расмий вакили сифатида қатнашаман. Забонсиз, шарҳсиз ва бетарафликда. Зулмларга, хўрликлар, аламларга ва ичимдан отилаётган хўрликларга бепарво, тарафсиз, жим турмоқликка мажбурман. Ўзимга, юрагимга эрк бермасликка ва бу нолаларга тезроқ тинишига ёрдам бер, Аллоҳим.

Қулоқларимдан Шимол Денгизи, Брюссель, Жанна ва Қадим Шарқий Туркистон чалаётган аччиқ нолалар тинмаса ҳам ҳар қандай журъатсизликни муваффақиятли уддалай оламан.

Айтадиганим –
Хайрли кун, Брюссель!
Салом, уйғурлар қатағони!

P.S. Дунёнинг 22 мамлакати Хитой ҳукуматининг бугунги кунда уйғурларга нисбатан олиб бораётган ирқчилик сиёсати, “ахлоқ тузатиш” лагерларида миллионлаб уйғурларнинг мажбурий сақланётгани, диний ва ирқий тажовузларини қоралаб расмий баёнат билан чиқди. Улар орасида на биронта мусулмон, на биронта туркий давлат йўқ. Ҳикоя ушбу аҳвол ўлароқ ёзилди.

2019 йил, июль

Oh, bu hayqiriqlardan o’zimni yo’qotib qo’ydim. Ularning har bir nolasi butun tanimni ich-ichidan parchalab, bo’laklarga bo’lib tashlardi. Go’yoki, qassob kundasida go’sht kabi o’tmas bolta bilan nimtalanardim. Shunda menga nafrat-la qarab turgan qizil ro’mol o’ragan uyg’ur qiziga ko’zim tushib qoldi, negadir u Yevroparlamentning mahobatli binosiga emas, menga qarab qichqirardi…

XAYRLI KUN, BRYUSSEL!
Javlon Jadid
022

Salom, uyg’urlar qatag’oni!

Mayda tosh ko’chalarini kezish, bu yo’llardan asrlar davomida kimlar o’tgani haqida soatlab o’ylash naqadar huzur. Kerak bo’lsa butun Belgiyani yalangoyoq kezib chiqishga ham tayyorman! Oh, Bryussel, Bryussel…

Ko’z oldimda bu ko’hna shahar ulkan va g’aroyib teatr dekoratsiyasini eslatardi. Uchinchi kun bo’lsa-da, hali taassurotlar mo’lligidan boshim aylanishi to’xtagani yo’q. Kecha qadim darvoza yonidan ustiga “Bryussel` – tinchlik shahri” deya yozilgan latta xaltachani sotib oldim. Uni bo’ynimga osib olgancha shahar bo’ylab ertadan to kech tinmay kezar, oyoqlarim shishib ishdan chiqib qolgandagina mehmonxonaga qaytar, ammo shunda ham xayolim ko’hna kentning hali men bormagan manzillarida qolib, tonggacha sarxush qilardi.

Saharlab mehmonxona derazasidan butun Bryussel` menga o’z ertaklarini namoyish qilishga tayyorlanayotgandek ko’rinar, olov, to’qqizil, kumush rangdagi adoqsiz, turli davr uslublariga singgan tomu ravoqlarni muz solingan limonad idishini chayqatgancha kuzatar, kunlik boradigan manzillarimni belgilab olardim. Tarixiy shaharlarga yuborilganimda iloji boricha muddatdan ertaroq kelishga tirishar va oddiy, chekka mehmonxonadan joy olib daydi sayyohga aylanar va istaganimcha jinnilik, savol-javob, bachkanaliklar kilardim. Hozir ham Belgiya qirolligining hashamdor, qadim saroylariga qo’yilgan bir siniq g’ishtning tarixini bilish uchun soatlab tayyorlanar va bundan o’zim cheksiz zavq olardim. Saroyning achchiq va shonli butun o’tmishini bilib olgach esa sirli devorlarning tili aylana boshlaydi: asrlar aro chalinayotgan dard kuyini tinglaysiz. Men butun shaharni o’z tasavvurimga solishni istar va shundan so’nggina qadim Belgiyaning munis, o’ziga xos simfoniyasini tinglay olishimni bilardim.

Belgiyalik ofatijon qizlar bilan tanishish, quyosh nurida cho’milish, shirin taomlar yeyishni, shokoladga bo’kish, so’kinish va jargonlar talaffuzini o’rganish, teatr va bog’larda sayr qilish va albatta, tinmay Bryusellning duch kelgan ko’chasiga o’zimni urib, adashishishlarni sevardim.

Bryusselga kelganimning to’rtinchi kuni mehmonxonada ishlovchi Janna bilan tanishib oldim! U olti oy avval Belgiyaning janubi-g’arbidagi shahar Monsdan kelgan ekan. Bu oq-sariqdan kelgan, jingalak sochli qiz sayohat rejalarimni vayron qilishga arziydigan darajada go’zal edi.

Janna ajdodlarida forslarning qoni borligini taxmin qilarkan. Bir paytlar unga bu gapni bobosi aytib bergan. “Ammo o’sha paytlar u esini yeb qo’ygan chol edi”, deb ikkilanib qo’ydi Janna. Men uning ishdan chiqar mahaliga mehmonxonaga qaytadigan va Janna bilan Bryusselni boshqatdan kashf qiladigan bo’ldim.

Janna ko’p gapirmas, ko’pincha tinglashni va jilmayishni xush ko’rardi. Boshida chet ellik bo’lganim uchun shunday iltifot qilyapti deb o’yladim, yo’q, asli uning fe’li shunday ekan. Oilaviy videolarini ko’rsatganda bunga amin bo’ldim. Ukasi Dublinda o’qir, Monsda ota-onasi yolg’iz turisharkan.

Iyul` quyoshi charaqlab turgan bo’lsa-da, Shimol dengizining namxush havosi shahar haroratining haddidan oshishiga yo’l qo’ymasdi.

– Mo’tadil dengiz iqlimi… – dedi nozik qo’llarini mayin shabadani silayotgandek o’ynayotgan Janna.

Qirollikning qadim va mahobatli La Monne opera teatridan chiqayotganimizda, etlari burishgan, ammo ko’zlari g’ayrioddiy, bolalarnikiday porlab turuvchi kampirlar turfa gullar sotib o’tirganiga ko’zim tushdi. Jannaga yaproqlari kapalakning qanotlari kabi nafis gulni sovg’a qildim. Oh, Janna, sevinganidan o’zining jilmayish chegarisidan o’ta oldi, hissiyotlari chegara qirg’og’idan toshdi. Shundagina qizning lobar va sirli ko’zlariga boqib Bryusselni tinglay boshlaganimni angladim. Ammo… hammasi teatrdan Yevroparlament binosigacha, juda qisqa, o’ttiz daqiqacha davom etdi, xolos.

Janna meni dunyo tinchligining markazi – Yevroparlament binosi tomon boshlab borayotganida ko’hna qirollik soborlari, saroylar, protestant va katolik cherkovlari, zamonaviy banklar, masjidlar yonidan o’tayotganimda ham, qadim birja fond binolariga hayrat-la qotib turganimda ham bu kuy qulog’imga chalinib turardi. Ulkan suvoriy haykallarga oynavand baland binolar soya tashlab turar, maydonga to’p bayroqlar – bo’yalgan barglarni eslatuvchi ozod mamlakat ramzlari osib qo’yilgandi. Mahobatli Yevroparlament yoniga kelganimizda keksa pianist chalayotgan kuy kabi bizning sirli ohang ham to’satdan tindi-qoldi.

Yevroparlament qoshida qoqqan qoziqday tosh qotib turganimga Janna hayron bo’lib turardi.

— Ular senning tanishingmi? – deb so’radi atrofga yig’ilgan va Yevroparlament binosi tomon hayqirayotgan yuzdan oshiq namoyishchilarni ko’rsatib.

-Yo’q! – dedim. Ortiq boshqa so’zga tilim bormas edi.

— Kim o’zi ular? – dedi yana Janna asabiylashib. Oh, u mening ichimni bilib turganday, basharamni fosh qilgan folbinday ko’zlarimga ma’noli boqib turardi.

— Bilmayman…

Bu so’z tomog’imdan qanday sirg’alib chiqqanini yaxshi anglab turardim!

— Ularning tilini tushunyapsanmi?

— Yo’q-yo’q ..! – dedim. Jannaning savol – nidolari irodamni tilib tashlayotgan edi. Zudlik bilan ketish kerak… kerak, derdim o’zimga o’zim. Jannaning qo’llaridan mahkam ushladim-da, tortqilab, ketaylik dedim. Ammo kechikkan edik, biz namoyishchilarga qo’shilib bo’lgandik. Ular frantsuz, niderland, nemis, ingliz va eng muhimi, mening jondek aziz turkiy tilim bo’lagi – uyg’urcha hayqirishar va Yevroparlament binosidan najot kutishardi.

— Genotsid! Xitoy zulmi ostidagi uyg’urlar, qanday dahshat… – deya ingrab og’zini yopib oldi Janna. – Bu bechoralar haqida eshitganman. Nahot, XXI asrda ham irqiy qirg’inga jur’at etishayotgan bo’lsa? Millatlar, madaniyatlar va dinlarga qarshi ta’qib- ku, to’g’rimi? Sen buni mendan yaxshiroq bilsang kerak, axir sen..? – Jannaning savollariga meni lol va shol qilgandi.

“Uyg’ur irqiy zo’rlikda”, “Uyg’urlarni millat sifatida yo’q qilishmoqchi”, “Xitoy terroriga qarshimiz”, “Sharqiy Turkistonga ozodlik!”, «Xitoydagi etnik tozalash to’xtatilsin!», «Uyg’urlarni qutqaring!» “Milliondan oshiq uyg’urlar, bolalar jazo lagerlarida saqlanmoqda. Ularga yordam zarur!” “Mening qizim xitoyliklar qo’lida, o’z ona tilida gapirishga haqqi yo’q!”, “Oilam lagerda, ularga ozodlik bering”, “Uyg’urlarga ozodlik, uyg’urlar qirg’iniga qarshimiz!”…

Oh, bu hayqiriqlardan o’zimni yo’qotib qo’ydim. Ularning har bir nolasi butun tanimni ich-ichidan parchalab, bo’laklarga bo’lib tashlardi. Go’yoki, qassob kundasida go’sht kabi o’tmas bolta bilan nimtalanardim. Shunda menga nafrat-la qarab turgan qizil ro’mol o’ragan uyg’ur qiziga ko’zim tushib qoldi, negadir u Yevroparlamentning mahobatli binosiga emas, menga qarab qichqirardi:

“G’arbning liberal qadriyatlari sharqda ta’sirsizmi?”

Uning mo’nchoqdek qop-qora ko’zlarini kimgadir o’xshatdim, balki opamgadir, ammo hozir ortiqcha qiyoslab o’trishga toqatim yetmasdi. Qizning nigohidan ulug’lik, jasorat, o’ziga ishonch bilan birga, hadik, umidsizlik, munis ojizalik va eng muhimi menga bo’lgan kuchli nafratning o’tkir va achchiq ranglarini anglab turardim. Nozik qo’llarida olov, ha olov so’zlar bor edi, bu o’t mening tanamni, terimni achchiq, bezillatib kuydirardi: “Inson huquqlari, uyg’urlar uchun hammi? Nechun sukutdasiz?” “Inson huquqlari, uyg’urlar uchun hammi? Nechun sukutdasiz?” “Inson huquqlari, uyg’urlar uchun hammi? Nechun Sukutdasiz?»

Namoyishchilar orasidan Jannani yo’qotib qo’ydim. Shovqin-suron tinchimas, tinmay turli tillarda yangrayotgan ohu nolalar meni o’ylab ko’rishga ham qo’ymasdi. Jannani qidirib duch kelgan tarafga ketar ekanman, namoyishchi qiz aytgan shu so’zlar qulog’imdan sira ketmasdi.

“Inson huqulari uyg’urlar uchun hammi? Nechun sukutdasiz?”

La Monne teatri yonida ham Janna yo’q. Shundagina u namoyishchilar orasida qolib ketgan, deb o’yladim. Nega yaxshilab qidirmaganimga hayron qoldim. Uni tashlab qochdimmi yoki yo’q, deb o’zim bilan o’zim soatlab gap talashdim. Qo’rqoqlik qildim, yo’q… men batamom dahshatga tushib qolgandim, yo’q… men Janna tugul o’zimni ham topa olmasdim, yo’q… Janna ko’zlariga qanday qarayman endi. Mehmonxonaga ham qaytib borib bo’lmaydi.

Ko’z oldimdan alvon ro’molli qizning o’tkir nigohlari sira ketmasdi. Opamning, Jannaning qarashlariga o’xshash nigoh… Oh, ovozlari ham bir xil… Qulog’im tagida daranglab yotibdi. Boshlarimni berkitib olsam ham uyg’ur qizning ovozi alamli shivirlash bo’lib ichimga sirg’alib kiradi va tonggi tuman kabi ko’z pardamni qoplab oladi. “Inson huquqlari uyg’urlar uchun hammi? Nechun sukutdasiz?” YO Xudo, bu alamli shivirlarni o’zing tindir, o’zing…

Jannaning o’tkir so’zlari va mening unga bergan nomussiz javoblarim qayta-qayta quloqlarimga ignadek qadalardi, miyamga kirib olgan qo’ng’izday azoblaydi: “Sen ularni taniysanmi?” “Yo’q!” “Ular kim?” “Bilmayman!” “Tilini tushunasanmi? “Yo’q- yo’q!”

Allamahalgacha Bryusselning isqirt ko’chalarida itdek daydib yurdim. Uysiz qariyalar, yarim yalang’och qizlar, tasqara fohishalar, irkit mushuklar, odamlardan tap tortmaydigan surbet kalamushlarni soatlab kuzatdim. Chalg’imoqchi, unutmoqchi va barini o’chirmoqchi bo’ldim. Ammo qaerga bormay qulog’imdan o’sha shivirlar tinmas, qizil ro’molli uyg’ur qizining ko’zlari meni ta’qib qilardi:

“Inson huquqlari uyg’urlar uchun hammi? Nechun sukutdasiz?”

Men bu so’zlarni tushunmayapman, tushunmaslikka majburman, axir. Hammasini bilmaslikka olishim shart! Aniq bilamanki, mening vatanimdagilar ham bu so’zning ma’nosini bilmaydilar, turkiy millatning bir bo’g’ini, jondosh, jonqarz uyg’urlarni tanimaydilar, tinglamaydilar, millionlab bolalarga achinmaydilar, men kabi o’zidagi alamli nolalarga quloq tutishdan ko’rqadilar. Siyosatdan, iqtisoddan va eski idoralar soyasidan qora kunda ajal kabi tushingga kiruvchi alvasti kampirdan qo’rqqan kabi dahshatga tushadilar va mendek tinchlik va muzokaralar shahri Bryusselga faqat dam olish va sukut saqlab tilni tiyish buyrug’i bilangina kelishadi, ortiqcha ohlarga, ko’zyoshlarga parvo qilmay baxtiyor ohanglarnigina eshitishga o’z
quloqlarini o’zi zo’rlashadi. Men kabi, mendek, …dek!

Janna qaerda qoldi ekan? Nahotki uyg’urlar orasida qolib ketgan bo’lsa… U mendan nafratlansa kerak, aniq nafratlanadi. Oh, aslida nafrat bu mening holi sharifimga maqtov, aslida uning har baloyu qarg’ishlarga loyiqman.

***

Erta tong qulog’imga urilayotgan dengiz tovushi, chag’alaylarning sho’xchan ovozidan uyg’onib ketdim. Dengiz to’lqinlarida quyoshning silliq tonggi nurlari suzar, kumush rang osmon rasmini dengiz uzra chizardi.

Oh, bu kuy menga tanish, tanish!

Hatto dengizlar ham ular dardiga jo’r bo’lib kuylamoqda. O’zining oshib ketolmas qirg’oqlari uzra turib, qo’zg’alib Sharqiy Turkiston tog’lariga madad beryapti. Ha, u yerda dengizlar yo’q, ulkan okeanlar olis, ammo mag’rur tog’lar bor, adoqsiz tog’larda, adoqsiz dardlar bor. Har bir cho’qqining o’z kuyi, o’z qo’shig’i bor. Bu tog’lar Turkiston tog’lari, turkiylar tog’idir, tog’lar ham vatan kuyini vatan tilida chaladi, uyg’ur, qozoq, qirg’iz, o’zbek… – bir jon, bir ohang qo’shiqlaridan aytadi.

Vatan yuragini tebratadi.

Achchiq ko’zyoshlardan qorilgan Xitoy devorining har bir tuprog’i, Rim xarobalaridagi sidirilib va havoga uchgan har bir rang, Okean tubidagi har bir zar, har bir sir, hindular qoni to’kilgan aziz maskanlar ham, shimol ham, janub ham, osmon ham yer ham quloq tutsang shu mazlumlar dardini kuylamoqda. Argentinada kir yuvuvchi qora tanli farrosh kampirdan tortib, go’zal Jannagacha sen va senikilar ojizligidan nafratlanadi, sevish tugul, seni Bryusselda ortiq ko’rishni ham istamaydi. Bunday paytda qochish kerak, ammo shu on faqat o’zlikka, qochayotgan nuqtangga olib boradi.

Olis Turkiston cho’qqilarida dutor chalib qo’shiq aytgan, ot choptirib o’tgan otang ham, bobong ham, jamiki ming ajdodlaringning qoyaday mustahkam yuraklari ham sendan nafrat-la ko’piradi, qalqadi. Quriyotgan Orol dengizingdan, anavi baliqchi polyak cholining qarmoq simlarini chiyillatayotgan shamolgacha, ko’k kitlar o’kirigidan, osmondan yog’ilayotgan chuvalchang yomg’irigacha mazlumlar dardidan so’zlayotganda gunglik senga muborak bo’lsin, qutlug’ bo’lsin, azizim!

Sendan biror narsa so’rashga ham haqsiz sezyapman o’zimni, ammo o’tinch tinmaydi. Ertaga Yevroparlament yig’ilishida mintaqaning rasmiy vakili sifatida qatnashaman. Zabonsiz, sharhsiz va betaraflikda. Zulmlarga, xo’rliklar, alamlarga va ichimdan otilayotgan xo’rliklarga beparvo, tarafsiz, jim turmoqlikka majburman. O’zimga, yuragimga erk bermaslikka va bu nolalarga tezroq tinishiga yordam ber, Allohim.

Quloqlarimdan Shimol Dengizi, Bryussel, Janna va Qadim Sharqiy Turkiston chalayotgan achchiq nolalar tinmasa ham har qanday jur’atsizlikni muvaffaqiyatli uddalay olaman.

Aytadiganim –
Xayrli kun, Bryussel!
Salom, uyg’urlar qatag’oni!

P.S. Dunyoning 22 mamlakati Xitoy hukumatining bugungi kunda uyg’urlarga nisbatan olib borayotgan irqchilik siyosati, “axloq tuzatish” lagerlarida millionlab uyg’urlarning majburiy saqlanyotgani, diniy va irqiy tajovuzlarini qoralab rasmiy  bayonat bilan chiqdi. Ular orasida na bironta musulmon, na bironta turkiy davlat yo’q. Hikoya ushbu ahvol o’laroq yozildi.

2019 yil, iyul

055

Xurshid Abdurashid
UYG’URLARIM
022

Turkistondan qudrat ketdi, fikrat ketdi,
Cho’lpon ketdi, Sog’uniy-u Fitrat ketdi.
Kelaverdi bu millatga saf-saf daho,
Barin yutdi zulm purkagan ajdaho.
Ketdi ko’zi ochig’larim, buyuklarim,
Yig’lab-yig’lab qoldi ko’ksi kuyuklarim.

Uyg’ur og’am, na ko’makka yarar bo’ldim,
Na koringni, na holingni so’rar bo’ldim.
Sen ham qo’li bog’liq bo’lding, men ham bog’liq,
Sen ham ko’ksi dog’liq bo’lding, men ham dog’liq.
Tilim qani, holingni bir so’ray bilsam,
Qo’lim qani, himoyangga yaray bilsam.

Jaholatga panoh bo’lgan, ay zaminim,
Bu zulmga bormi to’xtov, bormi tinim.
Turkiston yurt tuprog’ini bulg’amishlar,
Zaminimning ko’kragiga qadab nishlar.

Turkistonni bo’lib-bo’lib xo’rladilar,
Istehzoli kulib-kulib xo’rladilar.
Qondosh degan bir-biridan yot bo’lganda,
Oson kechdi, bitta-bitta zo’rladilar.

Temur ko’rsa kulmaydimi holimizni,
Buncha shirin ko’ramiz shu jonimizni?
Og’asini, inisini axir inson,
It tagiga tashlab qo’ygan qaysi zamon?
Bir-biriga esh bo’lmayin tursa agar,
Bir bo’larmi turkiy millat – jon jigarlar!

Haq mazlumga najot yo’lin ko’rsatguvchi,
Sabil ketmas iymon kuchi, vijdon kuchi.
Uyg’urimga Olloh o’zi yordamchidir,
Sabr bersin, jon jigarim, ozroq chida…
Ko’rguliklar o’tar kun ham yaqindir-o…
Bu xo’rliklar bitar bir kun, inshaallo.

Zulumotning adog’iga yetguncha yo’l,
Bardoshli bo’l, bardoshli bo’l, bardoshli bo’l…
… Turkistondan qudrat ketdi, fikrat ketdi,
Cho’lpon ketdi, Sog’uniy-u Fitrat ketdi.
Turkistonni Rabbim o’zi yana siylar,
Kelar yana Fitrat, Cho’lpon, Sog’uniylar.

06

(Tashriflar: umumiy 512, bugungi 1)

Izoh qoldiring