Xurshid Abdurashid. Uch hikoya

Ashampoo_Snap_2017.07.25_14h09m47s_004_.png Ёш ижодкор дўстимни туғилган куни билан қутлайман

Мусаввир синиққина нур тушаётган туйнукдан теваракка қараркан, ўзи излаётган ранг қайдадир яширинган эканини қалбан ҳис этди. Туйнук олдидан эндигина бошлаган суврати ёнига қайтди. Суврат қаршисида бир муддат сукут этиб, тасаввур денгизида сузди. Тарқоқ хаёллари ҳар ёнда учиб юрар, уларни жамлаш ғоятда мушкул эди… Мусаввирнинг хаёли гоҳ осмонда сузиб юрган булутларда бўлса, бир хаёли самога интилиб, кўзларида умидворлик акс этган одамда эди. Айни лаҳзада у булутга интилаётган инсоннинг расмини чизмоқ ила машғул эди.

Хуршид АБДУРАШИД
УЧ ҲИКОЯ
09

КЎЗДAН ТOМГAН ЁШ

Дaрёлaр қуриди, кўллaр қaтқaлoқ
Сaҳрoдaй қaқрaйди кўзлaримиз ҳaм…
Эшқобил Шукур

057_n.jpgУ ҳaли кўз-ёшгa aйлaниб улгурмaгaнди…

У oддийгинa кўз қoрaчиқлaри чегaрaсидa ёйилиб тургaн Нaм эди, xoлoс. У кўз ёшигa aйлaнишни жудa-жудa истaрди. Нaқaдaр жўн вa бeғубoр oрзу..! Aйниқсa, oзoдликкa чиқишни , дунёни кўришни xoҳлaр эди.

Aммo… Тaқдир шуки, у биргинa Нaм эди, xoлoс.

Кўз сoҳиби ёши aнчa жoйгa бoриб қoлгaн кeксa киши мизғиб қoлгaн кeзлaр бeчoрa Нaм элaс-элaс кўриниб тургaн ёруғликдaн ҳaм мaҳрум бўлaрди. Кўз ичини буткул зулмaт қoплaб oлaрди.

Бeчoрa нaмнинг уруғ-aймoғи ҳaм йўқ. Ўз сoҳиби сингaри ёлғиз. Нaмнинг aждoдлaри, бундaн aнчa йиллaр aввaл oзoдликкa чиқиб кeтишгaн.
Ўшaндa Кўз сoҳиби гўдaк эди. У бaлки, ўшaндa сўнгги бoр йиғлaгaндир.

Ундaн кeйин ярми қуриётгaн бу кўзлaрдaн бирoр тoмчи ёш чиқмaди. Aждoдлaрининг ўрнидa пaйдo бўлгaн бу Нaм эсa ўшaндaн буён дунёни кўриш oрзусидa.

У бир умр бир тoмчи ёшгa aйлaниш oрзуси билaн яшaди.

Ҳaмoн яшaяпти…

***

Кўз сoҳиби тўшaкдa ётгaнчa ўтмишини эслaётгaн эди…

Бир умр ўз эътиқoди қoлиб, ўзгaлaр эътиқoди билaн яшaган одам йиғлармиди? Oтaси вaфoт этгaндa , oнaсининг ёлвoришигa қaрaмaй, пaдaрини жaнoзaсиз дaфн этган одам йиғлармиди? Унинг юрaгидa oқибaт, мeҳр туйғулaри дeярли йўқ эди. Бу ҳoлдaн aдo бўлгaн oнaси ҳaм бу дунёни тaшлaб кeтди.

Шўрлик oнaгa ҳaм oтaнинг қисмaти ёзилди…
Кўзлaр бaттaр қуруқшaди…
Кeйин…

Биринчи бoлaси энди юрa бoшлaгaнди. Ўшa кунлaр ҳaфтaлaб идoрaдa қoлиб кeтди. Бир куни қўшни бoлa бир энлик xaт тaшлaб кeтди. Xaт xoтинидaн экан. Ундa шундaй ёзилгaнди: “Ўғлимизнинг иссиғи бaлaнд. Дўxтир чaқирдим. Дoри-дaрмoн йўқ экан. ” Мoсквaгa oлиб бoринглaр. Бу aнчa xaвфли кaсaл” дeб aйтди. Уйгa тeзрoқ етиб кeлинг, илтимoс. Фaрзaндингизни ўйлaнг.”

У бу пaйтдa идoрaдa керaкли исм-фaмилиялaрни рўйxaт қилиш билaн бaнд эди. “Бoлaси кaсaл эмиш. Тaвбa! Бoлa дeгaн кaсaл бўлиб-бўлиб улғaяди-дa. Буёқдa шунчa иш тургaндa-я!” дeгaн фикрлaр ўтди унинг xaёлидaн.

Эртaси куни уйгa бoрди. ….. . Бoлaсининг жoни узилгaн экaн…

***

Нaм юрaкнинг aмрини кутaрди.
Aммo… Кўз сoҳибидa юрaк эмaс, бир пaрчa тoш бoр эди, қa-a-a-т-тиқ!!!
Кўзлaр эсa бaттaр қуруқшaб бoрмoқдa эди…

***

Бир кун ишдaн эртaрoқ қaйтди.

Қoш қoрaйиб, oсмoндa xирaгинa бўлиб, oй кўриниш бергaн пaйт эди. Эшикни oчиб, дaҳлизгa қaрaди. Ҳeч ким йўқ. Ичкaридaги уйгa кирди. У ердa xoтини жoйнaмoз устидa нимaлaрнидир пичирлaб дуo ўқирди.

Унинг жoн-пoни чиқиб кeтди.

“Бу қaндaй ҳoл? Мeнинг уйимдa xудoгa сaждa қилинсa-я? Менинг-а? Янa ўз xoтиним-a!” дeб ўйлaди у. Xoтинининг нaмoз ўқишини билмaсди. Бирдaн югуриб бoриб, xoтинини итaриб юбoрди.

-Бу қaнaқa бeдoдлик? Мeнинг уйимдa-я?

Xoтини эрининг вaжoҳaтидaн қўрқиб, йиғлaб юбoрди.
-Тaвбa қилинг! Илтимoс, тaвбa қилинг…

Эртaси куни идoрaгa xaбaр қилди. Xoтинининг xудoгa сaждa қилгaнини aйтиб, ўзи эсa буни билмаслигини бoт-бoт тaкрoрлaди.

Xoтинини қaмaшди. Бeчoрa йиғлaмaди ҳaм, дoд-вoй ҳaм сoлмaди. Бунгa мaжoли етмaсди. “Кeчиринг…” деди эригa, xoлoс. Сўнг, Xудoгa ёлвoрди: “Эримнинг гунoҳлaрини aфв eт, ё Рaббим”.

У эсa ўзичa “тўғри қилдим” дeб ўйлaр, кимларнингдир oлдидa ўзининг сaдoқaтли эканини aйтиб мaқтaнaрди.

Бир кундaн кeйин xoтинини унинг кўз oлдидa oтиб тaшлaшди…

***

У пaйтдa эсa…

Бeчoрa нaм ҳaмoн киприк сoясидa , қoрaчиқ чeгaрaсидa кўз-ёшгa aйлaниш oрзусидa эди. Бeчoрa нaм кўз сoҳибининг бу қилмишини кўргaнидa , қaндaй қилиб бўлсa ҳaм киприклaр oрaсидaн чиқиб, бу чиркин вужудни тaрк eтгaн бўлaрмиди, балки.

Кўз сoҳиби йиғлaмaди.

Қaйдaн йиғлaсин? Axир, кўзлaр қуруқшaб бoрмoқдa эди…

***

Oпaси вoз кeчди ундaн…
Aкaси вoз кeчди ундaн…

Ҳaммa вoз кeчди ундaн… Бир ўзи қoлди, сўппaйиб…

Oдaтдa, инсoн ўзи қилгaн xaтoни aнглaб етсa, бир умр виждoн aзoбидa қийнaлaди.

Кўз сoҳибигa бу ҳис жудa-жудa бeгoнa! Жудa-a-a oлисдa!

***

Кўз сoҳиби ўзини ўзи ёлғизликка маҳкум этди …

***

Қизиғ-a! Ҳaммa уни тaшлaб кeтди.

“Бу қaндaй ҳoл? Шунчa яшaб қўйдим-a! Ҳaммa мeндaн вoз кeчди. Ҳaттo, ўлим ҳaм. Жoним xудoгa ҳaм керакмaс, шeкилли.”

Нoтaвoн кимсa гунoҳлaрининг устигa гунoҳ қўшиб, куфр xaёллaргa берилaрди.

Oқшoм қўнди. Уxлaгaни ётди. Сaл кўзи илингaн экан, чўчиб уйғoнди. Тушигa oтaси, oнaси вa xoтини кирди. Улaр бeзoвтa эмиш. У эсa фaқaт қoн тупурaрмиш. Бирдaн улaрнинг ўрнигa бeгoнa бoлa пaйдo бўлиб, унгa қaрaб қўл чўзaрмиш…

Aжин бoсиб, дaғ-дaғ қaлтирaётгaн қўллaригa қaрaб, бутун ҳaёти кўз oлдидaн ўтгaндeк бўлди.

“Мeн ким учун яшaдим?” дeб ўйлaди у. Кўнгли aллaнeчук бўлиб кeтди. Oғизлaри қуриб, сув ичгиси кeлaрди. Стoл устидa тургaн идишдaн сув oлиб ичмoқчи бўлди. Крoвaтдaн эмaклaб тушиб, янa эмaклaгaнчa стoлгa қaрaб интилди. Ҳaр бир oдим миллиoн қaдaмдeк oғир эди…

Стoлгa қaдaр мaсoфa гўё чўзилaётгaндeк эди. Тaнaси ўзигa oғирлик қилaверди. Узoқ тўxтaб қoлди.

Янa эмaклaй бoшлaди. Идишгaчa aтиги бир қaдaм қoлгaнди. Кўз сoҳиби тинмaй ҳaнсирaр, мaдoри кeтиб бoрaрди.

Ниҳoят, стoл тaгигa етди. Aммo, oғирлaшиб қoлгaн тaнaсини ердaн узoлмaди. Идишгa қўлини чўзди. Қўллaри oғирлик қилиб, ергa узaлa тушди. Тaнaси билaн стoлни туртди. Стoл қимирлaмaди. Янa туртди. Стoл эсa қимирлaмaди.

Нaфaс oлиш ҳaм тoбoрa қийинлaшиб бoрaрди. Бoр кучини йиғди-ю, янa стoлни туртди. Шу пaйт идиш қимирлaб, бир чaйқaлди-ю тўғри унинг бoшигa тушиб, чил-чил синди.

Шу oндa … ичини бир нaрсa кeмиргaндaй бўлди-ю, бoши ергa шилқ этиб тушди.

***

Бeчoрa нaм эсa сўнгги сoниядa киприклaр oрaсидaн бир aмaллaб ўтди-ю, бир тoмчи кўз ёшгa aйлaниб, Кўз сoҳибининг юзидaн сизиб тушди…
Кўз сoҳибининг кўзидaн сўнгги тoмчи чиқиб кeтди-ю, кўз ичи қуриб қoлди…

Шундa кўз ҳaм мaнгугa ёпилди…

2014

МУСАВВИР

Мангуликни кўриб турибсан…
Жун Таками

Қушларнинг чуғур-чуғури, камалакнинг дам товланиб, дам кўздан йўқолиши, шамолнинг оний лаҳзалик шиддати, ёмғир томчисининг оҳисталик ила майса юзига қўниши ва тупроқнинг самога талпинишидаги чуқур хўрсиниғи Мусаввирнинг нигоҳида жамланди. Мусаввир борлиқдан ўзи учун зарур бўлган рангни излади. У ранг қайда? Булутлар қўнжидами ёхуд кабутарнинг чарх уриб силкинаётган қанотидамикан…

Мусаввир синиққина нур тушаётган туйнукдан теваракка қараркан, ўзи излаётган ранг қайдадир яширинган эканини қалбан ҳис этди. Туйнук олдидан эндигина бошлаган суврати ёнига қайтди. Суврат қаршисида бир муддат сукут этиб, тасаввур денгизида сузди. Тарқоқ хаёллари ҳар ёнда учиб юрар, уларни жамлаш ғоятда мушкул эди… Мусаввирнинг хаёли гоҳ осмонда сузиб юрган булутларда бўлса, бир хаёли самога интилиб, кўзларида умидворлик акс этган одамда эди. Айни лаҳзада у булутга интилаётган инсоннинг расмини чизмоқ ила машғул эди.

“Агар ёруғ дунёда ўзини ёлғизликнинг эмас, аксинча зулмат асири деб ҳис этган одам нурга талпинса, демак, унга бу хилдаги нурсиз ҳаётдан осмонда паға булут бўлиб кезмоғи маъқул экан-да” деб ўйлади Мусаввир.

Дарҳақиқат, умрини дунёнинг беқиёс ва бетакрор ранглардан иборат эканлигини ўз сувратларида акс эттириб, исбот қилишга ҳаракат қилган Мусаввир ҳозирги тасвирида ҳам ушбу иқрорни ифода этмоқчи эди.

Кун қиёмдан оғиб, туйнукдан тушиб турган хиёл нур ҳам чекингач,  Мусаввир бор ёруғликдан ҳам маҳрум бўлди. Қолган ишни шам ёруғида давом эттиришга тўғри келди.

Кўзлари юмила бошлади…

Қаттиқ толиққанини ҳис қилди. Омонатгина бўлиб турган ўриндиққа чўкди. Айни шу лаҳза эскириб қолган ёғоч эшик “ғийқ” этиб очилди ва ичкарига бир киши кирди. Унинг юзида кинояга мойил енгил табассум зуҳур этди. Мусаввир у томон бир қаради-ю кутган кишисини топгандек севиниб кетди.

-Биродарим, хуш келибсиз… Шу десангиз, бугун ажойиб иш устида ишлаяпман, — деди у завқ билан.

Нотаниш киши эса унинг бу гапига заҳарханда кулди ва:
-Сиз ҳамиша буюк ишлар устида ишлайсиз, — деб истеҳзоокор жилмайди.

Мусаввир хаёлот оламига шўнғиб кетган, нотаниш кишининг гаплари унинг қулоғига кирмади.

… ўртада сукунат…

  -Мусаввир жаноблари сиз қачон суврат чизасиз?

Тўсатдан айтилган гап мусаввирнинг онг-у шуурига чақмоқдек урилди.

-Нега бундай сўзлаяпсиз? Бу сувратлар менинг борлиғим. Биродарим, наҳот сиз яна ҳеч нарсани кўрмаётгн бўлсангиз? Ахир мана бу сувратни кечагина тугалладим. Уни кўряпсизми? Инсон юрагининг минглаб бўлакларга бўлингани ва бир бўлагидан янги юрак яралгани тасвирланган. Ҳозир эса булутга эврилаётган одам тасвирини чизмоқ билан машғулман. Наҳот сизга улар кўринмаётган бўлса?

-Афсуски, ростдан ҳам оқ қоғознинг ўзидан бўлак ҳеч қанақа тасвирни кўрмаяпман.

-Бу сўзлар билан мени ҳайрон қолиряпсиз, биродарим. Ахир сиз кўриб турган деворларда илинган сувратлар…

-Йўқ, йўқ…, йўқ…. Ҳеч қанақа тасвир йўқ. фақат оппоқ қоғозлар. Сиз ростдан ҳам телба бўлибсиз. Одамларнинг гапи рост, шекилли…

-Сизнинг кўзларингиз битиб қолган. Бемаъни гапларим учун узр, узр… Ахир бу менинг дунём-ку… Ҳар бир сувратим рангин дунёнинг бир парчаси. Сиз … — мусаввир чуқур хўрсинди, — сиз эса ғофил экансиз…

-Биргина мен эмас, вайрона кулбангизга кирган одам зоти борки бунга амин бўлади. Сиз ўзингизни мусавввир деб ўйлаганингиз билан атрофдагилар телба деб аташади. Ахир бу кулбада бирорта суврат йўқ. кўзга кўрингани бор-йўғИ шу : нураган девор-у сочилиб ётган оппоқ қоғозлар… Тағин бу кишим мусаввир эмиш… Ҳаҳ-ҳаҳ-ҳаааҳ-ҳааа….

Нотаниш киши бу сўзлари билан Мусаввирнинг устидан бир челак сув ағдариб юборди. Мусаввирнинг миясига “Наҳот одамлар шунчалик ҳиссиз… уларнинг кўзлари фақат ғурбатни кўради” каби саволлар чақмоқдек уриларди.

Нотаниш кимса эса ҳануз мусаввирни масхаралар, “телба” дея қийқирарди.

У кулбанинг ичига яна бир қур назар солди-да, илжайган кўйи чиқиб кетди. Мусаввир эса бирпас сувратларига тикилиб турди-да яна чизишда давом этди. Аслини олгандау бу ҳолатга кўникканди. Одамлар келиб, у чизган расмларга бепарво қарашар, деворларда ҳеч қанақа расм йўқлигини айтиб мусаввирни аҳмоққа йўйиб кетишарди.

Мусаввир эса одамларнинг ҳали ҳам ғафлатда эканликларидан, у чизган нозик тасвирларни илғай олмасликларидан куйинарди.

Дарҳақиқат, у чизган сувратларни кўрмоқчи бўлган одамларнинг кўз олдида оппоқ қоғознинг ўзигина намоён бўларди.

“Одамларга нимадир бўлган… нега менинг кўзимга равшан кўриниб турган сувратлар уларнинг кўзига кўринмайди? Наҳот санъат мўжиза эмас? Одамлар нақадар ғафлатга чўмганлар?” деб ўйлади Мусаввир.

Аммо у қачондир ўзи яратган асарлар кимгадир малҳам, кимгадир ҳақиқат бўлишига ишонади. У қачондир уларнинг бутов бойлаган басир кўзлари очилишига умид қилар ва қалбига илинж ниҳолини қадарди. Аслида-ку одамларнинг кўзи эмас қалби сўқир дерди ачинган кўйи.

Мусаввир зумда ўзига ўзи таскин бериб, бетин савол-у ўйлар оғушидан яна ўз ишига шўнғиб кетганди. Дарҳақиқат, бир ёнда одамнинг кўксида қуёшнинг порлаб турганининг тасвири, бир ёнда шилдираб оқаётган сувнинг инсоннинг икки кў зига оқаётгани, бир ёнда юлдузлар қўйнида ётган одам тасвири…

Хуллас, бу кулба ҳақиқий мўжизалар қасрига ўхшарди, гўё.

Мусаввир қора қаламни керакли шаклга солиб юргизаркан юраги ҳаприқиб кетарди.

Шу онда…

Яна хона эшиги очилиб, ичкарига уч киши кирди. Уларнинг бири тепакал, қорин қўйган ўрта яшар киши бўлса, бири юзларига сепкил тошган, совуқ қиёфадаги кимса эди. Бири эса ёшроқ, одми кийинган, аммо кўзларида такаббурона қараш зоҳир эди. Улар кирибоқ, тинмай чизиш билан оввора бўлаётган Мусаввирга муғамбирона илжайишди…

Сўнг деворларга қарашди – ниманидир излагандек бўлишди.

-Эй сохта мусаввир! Нега чизмайдиган қалам билан беҳуда уриняпсан? Ўзингни даҳо деб ўйлашни бас қил. Сен шу пайтгача ҳам ҳеч нарса чизолмагансан, энди ҳам ҳеч нарса чизолмайсан, — деди тепакал кимса.

Шериклари унга қўшилиб мазах қилишди.

-Умрини беҳуда сарлаётган бу нобакорни қишлоқдан қувиш керак, — деди сепкилли кимса.
-Ҳа, рост. Уни бадарға қиламиз , – деб қўшимча қилди ёшроғи.

Шунда ҳам Мусаввир уларга қиё боқмади. Ишида давом этди.

-Сен эсингни еб қўйибсан… — унга ақл ўргатган киши бўлди Тепакал.

Мусаввир уларнинг гапига эътибор қилмас, қандай қилиб бўлса ҳам ушбу битажак асарини якунлашга астойдил киришганди.

Ҳалигилар эса ортга қайтишди. Эшикдан чиқишаркан, ҳаммалари жўровоз бўлиб қичқиришди:

-Телба мусаввир – сохта мусаввир…

Телба мусаввир – сохта мусаввир… Бу гап мусаввирнинг кўксини куйдириб ўтди.

Мен уларга ўз дунёмни кўрсатишим даркор деди у ўзига ўзи.

Нега улар кўришмаяпти? Балки ростдан ҳам менинг чизганларим саробдир. Ёки ўзимни ўзим алдаяпманми? Менинг кўзимга кўринмиш рўёми? Ёхуд бу шунчаки тахайюл?

Мусаввир ўз фикридан саросимада қолди. Ахир бу рост бўлиши мумкин. У қаламни жойига қўйди ва илкис жойидан қўзғалиб, гандираклаганча эшик томон юрди. Ташқарига чиқди. Атроф нақадар фараҳбахш… Майин шабадада чўмилди. Тани яйради. Ботаётган қуёшдан бир муддат кўз узмади. Осмонда қотиб турган булутларга термулганча хаёлга берилди:

Мен сохта мусаввирман . Мен аслида ҳеч нарса чизмаганман. Табиат, сен мени алдадингми? Дунё, сен мени содда кўрдингми? Нур сочиб турган қуёшинг ҳам алдамчи экан-ку… У ҳам бир лаҳзалик экан-ку… Унда нега ботяпти? Демак, бир умр ўзимни алдабман-да.
Булутлар… қани энди шу булутга айлансам…

Мен ўзимга зарур бўлган қайси рангни топа билмадим? Афсус… Мен сохта мусаввирман… Бу ерлардан кетаман… Балки ўша зарур рангни топишим керакдир… Шунда одамлар менинг устимдан кулишмасмиди… Зора улар менинг сувратларимни кўра билишса…

Мусаввир кулбани ташлади-ю кетди…
Қаён кетди билмадим.
Хуллас, кетди…

Эртаси куни қишлоқда шов-шув тарқалди. Мусаввир йўқ бўлиб қолганмиш. Биров хайрият, сохта “мусаввир”дан қутулибмиз деса, биров телбанинг соғлар орасидан кетгани маъқул дейишди.

Сўнг ҳамма йиғилишиб, унинг кулбасини ёқиб юборишга қарор қилишди. Улар кулба ичкарисига кирдилар-у ҳайратдан ёқа ушлаб қолишди. Уларга доим оппоқ бўлиб кўринадиган қуруқ девор сувратларга тўла эди – сувратлар шунақанги сирли, шунақанги жозибали, шунақанги рангин ва бетакрор эдики…

Одамлар ўзларини мўжизакор оламга тушиб қолгандек ҳис қилишди. Улар анча вақт ҳайратдан қотиб туришди – сувратлар бир-бирининг давоми сифатида чизилган айрича дунё эди. Сувратлар одамларни сеҳрлаб қўйганди. Бир ёнда одамнинг кўксида нур сочаётган қуёш, бир ёнда юракнинг минглаб бўлакларга бўлингани, бир ёнда қуёшнинг нурларини эмаётган япроқлар ва бир ёнда кечагина тугалланган одамнинг булутларга эврилаётгани ва …
Одамлар эса… ҳайрат ва таажжуб ичра ҳайкал мисол қотиб қолишганди…

Мусаввир аллақачон бу ерларни тарк этганди.

Балким, унинг ўзи ҳам булутларга эврилиб кетгандир…

2015

ТУРМУШ ИСИ

Қишлоқ…
Узун тунни бир амаллаб ўтказиб оласан-у, тамом…
Кечаги ташвишинг икки ҳисса бўлади…
Ана, ой ҳам истеъфо даво қилгандек осмон саҳнасидан чекина бошлади.

Куни билан қўли қўлига тегмаган Ойгулнинг кўзлари тек қотувди ҳамки хўрознинг ваҳмали қичқириғи эшитилди. Тимирскиланиб ўрнидан турди. Эри уйғониб кетмаслиги учун шарпадек ҳаракатланишга зўр-базўр уринди. Ўзи ётган жойни йиғди-ю, секин ташқарига йўналди. Шўринг қурғур уйқунинг қолди-қутдиси кўзига чиппа ёпишиб олган. Кўзларини ишқай-ишқай супа четида турган обдастани ёнига етди. Совуқ сув юзини чимчилади. Уйқуга қарши кураш шу билан поёнланди – ўзи истамаган ғалаба.

Ойгул деганимиз қорачадан келган бўлса ҳам юзида кўркамлиги балқиб турган кўҳликкина бир жувон. Меҳнатнинг заққумларидан баттар қорайиб, ўйиқчалар пайдо бўлган қўллари билан сочиқни юзига теккизаркан, эти жунжикди: саҳарги шабада…

Ташвиш эса энди оёқлади…

Умрингни қаердадир ғижимланиб қолиб кетадиган бир саҳифасини ёза бошлайсан…

Ойгул шу тобда хаёлида кунлик қиладиган ишларини режалади – бир дунё…

Ошхонага кирди-ю зумда қўлида катта челак билан чиқди. Сўнг молхона томон юрди.

Ҳовли тўрида молхона. Ёзга мослаб тикланган. Тўрт томонига тўртта ёғочни қадаб, устига шох-шаббани ёйиб унинг тепасидан гувала лой бостирилган. Қарабсизки, моллар учун тайёр кошона…

Молхонага фақат битта она-бола сигир боғланган – қолган моллар далада.

Ойгул сигирни алқаб-сулқаб челагини яримлатди. Мол деганидаям инсоф бўлса керак. Йўқса ҳали тонг отмай туриб оромини бузганга боласини ризқини бериб юборармиди?

Амал-тақал қилиб челакни тўлдирди-ю, бузоқни қозиқдан бўшатди.

Бузоқча ҳам озодликдан маст бўлиб бирдан сигирнинг елинига ёпишди. То Ойгул ошхонага етгунча бузоқча аллақачон жойидан қўзғалган, ҳовли ичида шаталоқ отиб уёқдан буёққа сакарди.

Ойгул бир амаллаб уни ушлади-ю, молхона томон арқонини торта бошлади. Бузоқ жониворни ҳам ҳеч жиловни бергиси келмади – ўзини орқага тортиб тураверди. Ойгул сал бўшашгандай бузоқ бир сакраб қочди. Ойгул йиқилишга йиқилмади-ю қўлини қозиқ тилиб кетганидан ўкинди. Кўзида ёш милтиради. Эри ширин уйқуда ётибди. Ойгул эса…

Зўрға бузоқчани жойига боғлади-ю, сигирга тайёр хашакдан бир қучоқ келтириб ташлади. Бузоқча эса қилмиши учун жазоланди – оч қоладиган бўлди…

Бу орада эри учун нонуштани тахт қилди. Эри ётган уйнинг деразасидан қаради-ю, секин эрини чақирди. Шойим учун уйқудан кечиш қийин. Аммо ишга кеч қолиб бошлиғидан бир умрга татигулик пўписани эшитишини хаёллади-ю, зўрға жойидан қўзғалди. Кўзини чала-ярим очди-да, бўралатиб хотинини сўкди:

-Ҳе энангни… бундоқ секин чақирса бўлади-ю… фаросатинг етмайди-я…

Ойгул эрининг кунда-шундаги бу одатига бир нави бўлса ҳам кўниккан — парво қилмади. Шойим ташқарига чиқди-ю, қўлларини ёзиб керишган бўлди. Юз-қўлини ювиб, супада тайёр қилиб қўйилган дастурхон бошига келди. Апил-тапил овқатлана бошлади. Ойгул эса тек қотганча эрининг овқатланишига маҳлиё бўлиб турарди.

Шойим бир зумга чайналишдан тўхтаб, тепасида ўзини томоша қилиб турган хотинига ўшқирди:
-Нима бало, одам кўрмовдингми?

Ойгул бир чўчиб тушди. Кейин… ишига шўнғиб кетди…

***

Шойим йўл ёқасидаги бекатга чиқди-ю, шаҳар борадиган автобусни кута бошлади. Саҳар энди оқарган палла ҳали бекатда ҳеч ким йўқ эди. Шойим бир неча кундан бери ўзини қийнаб юрган хаёлларга тағин берилди:

“Минг лаънат шу турмушигаям… Қани шаҳарда данғиллама уйинг бўлса-ю шаҳарлик бир жонон билан яшасанг… Ойгулга ўхшаган қишлоқилар ҳеч қачон одам кўнглини овлайдиган малак қиёфасига кира олмайди. Фақат оғилхонанинг ҳиди-ю, янги унган беданинг намхуш ҳиди… Ундан ҳеч қачон франсуз атирларининг иси келмайди…”

Орадан беш-ўн дақиқалар ўтиб кенг кўчани чангитиб келаётган автобус хаёлларга ғарқ бўлиб турган Шойимни олиб кетди…

***

Ойгул эрини жўнатди-ю бир муддат супага бориб ўтирганча ўйга толди. Эрининг қўрс муомаласи хаёлидан нари кетмади. Кейинги кунларда шундай бўлиб қолган – бир пайтлар ўлдим-куйдим қилиб аранг Ойгулга эришган Шойим энди бунинг ғирт тескариси бўлиб қолган. Ойгул шуни сезадики, кейинги пайтда Шойим акаси ўзгарган. Куни кеча бўлган воқеа-чи: Шойим ишдан келибоқ, тўнини тескари кийиб олди. Туриб-туриб савол бериб қолди:
-Сен бирор марта шаҳарга борганмисан ўзи?

Ойгул шунда иккита бармоғини ҳавога силкиб эрига ишора берди:
-Ҳа… икки марта…

Шойим Ойгулнинг соддалигидан қотиб-қотиб кулди.
-Кўрдингми, қанчалар замондан орқада қолиб кетгансан…

Дарҳақиқат, Ойгул ўзи ҳам биларди: кўп бормаганини, турмуш қуриб битта болали бўлгач кўпам ўзига қарамай қўйганини, камдан-кам янги кийим кийишини ва яна хоказо, хоказо…

Шунчаки майда-чуйда туюлган, ваҳоланки улкан бўлмиш юмушлардан орта олмасди, холос…

Ойгул кўзидан сизиб чиққан бир томчи ёшни енги билан сидириб ташлади-да, уйига кирди… Ўғли ҳалиям ухлаб ётарди. Дунё ташвишларидан холи беғубор бир гўдак.

Ойгул секин ўғлини туртди:
-Турақол, ўғлим, мактабингга кеч қоласан…

Муроджон мактабга кетди.

Ойгул эса қолган юмушларини давом эттиришга тушди. Қўлига каттакон этакни олиб, далага йўналди. Ёз чоғи бедани уч-тўрт ўримини ўриб олса, моллар учун бир қишлик озуқа чиқади. Ойгул эрта тонгдан шудринг тушиб намиққан бедани кўрди-ю унча ҳуши чоғламади. Аммо бироз кутса қолган ишларига кечикишини ўйлаб, тезда ўроқни қўлига олиб, ўришга тутинди. Нам беда дарров ўз кучини кўрсатди – зумда Ойгулнинг бурни битиб, нафаси қайта бошлади. Салкам бир гектарча келадиган бедазорнинг роса гулга кирган бедалари ҳар ўримда Ойгулнинг қўлида ҳалок бўларди. Ойгул кўникиб кетган – болаликдан ўт ўравериб ўрганган-да…

Ҳаш-паш дегунча бир этак беда ўрилди. Хайрият, олиб кетишда омади чопди – катта овсинининг тўнғичи Аъзам эшак арава билан ўтиб қолди.

-Янга, ҳорманг.
-Саломат бўлинг, Аъзамжон…

-Янга, бедангизни уйгача элтайми?
-Йўғе оввора бўманг. Ўзим олиб кетавераман.

Аъзам бошқа савол бериб ўтирмад. Шартта тушди-ю бир этак бедани аравасига юклади….

Пешинда Ойгул енг шимариб таппи қилди. Роса уринганиданми бели оғриб хуноб қилди. Шу билан Ойгул кечгача ҳовлида экилган помидорларни чопиқ қилди. Муроджон мактабдан келибоқ кўчага болалар билан ўйнагани чиқиб кетган, Шойим ҳали ишдан қайтмаганди. Бу орада Ойгул кечки овқатни бошлади-ю бирпас дам олмоқчи бўлиб супага жойларни тўшаб, ўтирган бўлди. Шу палла сигир ҳам ниманидир эслатган сингари маърашни бошлади.
Ойгул ҳамма ишини битириб, овқатни сузгунча Шойим ишдан қайтди. Шойим эринибгина устини алмаштирди-ю Муроджонни эркалаган бўлди. У ҳалиям ўзи билан ўзи тортишар ўзига нима бўлаётганини сира тушунмасди.

Муроджон ухлагач Ойгул билан гаплашиб олишга фурсат туғилди. Энди гап бошламоқчи эди ҳамки, кўзи Ойгулга тушиб энсаси қотди – Ойгулнинг кўзи юмилай-юмилай дерди.

“Куни билан итдай югуради. Бунга нима зарил? Қоронғу тушгандай кўзини уйқу босади. Ўзига қарамайди…”

Бу шу тобда Шойимнинг кўнглидан кечаётган гаплар эди…

Шойим Ойгулни севиб унинг изидан даллидек югуриб юрган кезларини эслади. У пайтлар бошқача эди-да… Ойгулни севиб юрганлар анча-мунча эди. Лекин Шойимгина уни севгисига ишонтира олди. Чунки у шаҳарда ўқирди – сени ҳам ўқитаман деганди, яна бир қоп ҳавойи ваъда. Ойгул бечора на ўқиди, на яйраб яшади: “кичкина” ҳовлининг “кичкина” юмушлари билан овунди.

Шойим кейинг чоғларда Ойгулдан кўнгли совиб бораётганини сезарди. Ҳозир ҳам ўйлари чувалиб шу муаммога қўшилганда ҳушёр тортди. Супада мургилаётган Ойгулга қаради – ҳалиям ўша ҳусни ўзига яршиб турибди.
Шойим энтикиб кетиб уни қучоғига тортмоқчи бўлди-ю унга яқинлашган заҳоти ўзини четга олди – Ойгулдан билиб бўлмас, таппи аралаш намхуш беданинг ҳидимией, алламбало ис келар эди.

Орадан бир тун ва бир кун ўтди.
Ойгул ўша-ўша ташвиши билан банд бўлди.

“Йўқ-йўқ… Шойим ҳамма айб сенда. Рашк қилдинг, кўчага чиққани қўймадинг, хотин киши фақат уй ишини қилади дединг. У бечора сендан қўрқиб, ўзига қаролмайди ҳам, тўй-по;йга ҳам боролмайди. Яна сен қаддингни ғоз тутиб юрасан: мақтанасан, кериласан… Ўзингча сен шаҳарликсан-у хотининг қишлоқи… Не-не йигитлар сенга ҳасад қилиб қилиб юрди, балки ҳавас қилишгандир, нима аҳамияти бор. Муҳими Ойгул сенинг чизган чизиғингда қолиб кетибди, сен айтганча яшабди, сен учун… Аммо уни юрагингда ўчмас из қадаган нимасидир бор. У нимаки, сенинг хаёлингни банд этишга мажбур қилади. Ахир ҳалиям у ўша Ойгул-ку… Ё энди ёқмай қолдими?

Йўқ, йўқ . Уни ҳалиям …”

Шойим қишлоққа қайтаётган автобуснинг орқа ўриндиғида ўтирганча шу хаёллар билан овуниб, ўзига ўзи қарши чиққан бир кўйда келди.

Ойгул яна ўша-ўша…

Куни билан роса чарчаган – яна ўша кўзлари айтиб турибди…

Кечқурун уйқуга ётишгач Шойимнинг кўксида оғриқ турди, бўлмади. Ойгулни оҳиста туртди.
-Ойгул биласанми… Шу турмуш деганини тўрт муштини еб индамай яшайверарканмиз-да…

Ойгул ўзини ухлаганга солиб ётса-да уйқуси аллақачон қочиб кетган эридаги ўзгариш уни бедор қили қўйганди гўё. Шу тобда эрининг берган саволи уни эсанкиратиб қўйди – бироз чўчиди ҳам.

-Нима бўлди сизга? – тутилиброқ сўради эридан.

Шойим чордана қуриб олган, хотинига термулганча турарди. Аслида боя айтган гапи савол эмасди… Шунчаки, кўнглида кечаётгани. Тағин бир нарсалар…
Ойгул эрининг пешонасини ушлаб кўрди – совуқ… Кейин ажабланган кўйи эрининг қаршисига ўтирди.

Шойимнинг эса шу тобда хотинини суйиб эркалагиси келди, унинг қўлларини ўзига тортди. Тағин ўша ўй миясига қадалди… Димоғига аёлининг қўлидан билиб бўлмас сутнинг ҳидимией, намиққан беданими ё ёғнинг ҳидимией алламбало шунга ўхшаш ҳидларнинг қоришмаси сингари ғалати бўй урилди. Шойим бунга зарра парво қилмай Ойгулни қучоғига олди. Айни чоғда бу Шойим учун такрорланмас ва жуда ёқимли ифор эди…

Жуда-жуда ёқимли ифор …

2016

5385.jpgMusavvir siniqqina nur tushayotgan tuynukdan tevarakka qararkan, o‘zi izlayotgan rang qaydadir yashiringan ekanini qalban his etdi. Tuynuk oldidan endigina boshlagan suvrati yoniga qaytdi. Suvrat qarshisida bir muddat sukut etib, tasavvur dengizida suzdi. Tarqoq xayollari har yonda uchib yurar, ularni jamlash g‘oyatda mushkul edi… Musavvirning xayoli goh osmonda suzib yurgan bulutlarda bo‘lsa, bir xayoli samoga intilib, ko‘zlarida umidvorlik aks etgan odamda edi. Ayni lahzada u bulutga intilayotgan insonning rasmini chizmoq ila mashg‘ul edi.

Xurshid ABDURASHID
UCH HIKOYA
09

KO‘ZDAN TOMGAN YOSH

Daryolar quridi, ko‘llar qatqaloq
Sahroday qaqraydi ko‘zlarimiz ham…
Eshqobil Shukur

20271920_485028358522822_580305506_n.jpgU hali ko‘z-yoshga aylanib ulgurmagandi…

U oddiygina ko‘z qorachiqlari chegarasida yoyilib turgan Nam edi, xolos. U ko‘z yoshiga aylanishni juda-juda istardi. Naqadar jo‘n va beg‘ubor orzu..! Ayniqsa, ozodlikka chiqishni , dunyoni ko‘rishni xohlar edi.

Ammo… Taqdir shuki, u birgina Nam edi, xolos.

Ko‘z sohibi yoshi ancha joyga borib qolgan keksa kishi mizg‘ib qolgan kezlar bechora Nam elas-elas ko‘rinib turgan yorug‘likdan ham mahrum bo‘lardi. Ko‘z ichini butkul zulmat qoplab olardi.

Bechora namning urug‘-aymog‘i ham yo‘q. O‘z sohibi singari yolg‘iz. Namning ajdodlari, bundan ancha yillar avval ozodlikka chiqib ketishgan.
O‘shanda Ko‘z sohibi go‘dak edi. U balki, o‘shanda so‘nggi bor yig‘lagandir.

Undan keyin yarmi quriyotgan bu ko‘zlardan biror tomchi yosh chiqmadi. Ajdodlarining o‘rnida paydo bo‘lgan bu Nam esa o‘shandan buyon dunyoni ko‘rish orzusida.

U bir umr bir tomchi yoshga aylanish orzusi bilan yashadi.

Hamon yashayapti…

***

Ko‘z sohibi to‘shakda yotgancha o‘tmishini eslayotgan edi…

Bir umr o‘z e’tiqodi qolib, o‘zgalar e’tiqodi bilan yashagan odam yig‘larmidi? Otasi vafot etganda , onasining yolvorishiga qaramay, padarini janozasiz dafn etgan odam yig‘larmidi? Uning yuragida oqibat, mehr tuyg‘ulari deyarli yo‘q edi. Bu holdan ado bo‘lgan onasi ham bu dunyoni tashlab ketdi.

Sho‘rlik onaga ham otaning qismati yozildi…
Ko‘zlar battar quruqshadi…
Keyin…

Birinchi bolasi endi yura boshlagandi. O‘sha kunlar haftalab idorada qolib ketdi. Bir kuni qo‘shni bola bir enlik xat tashlab ketdi. Xat xotinidan ekan. Unda shunday yozilgandi: “O‘g‘limizning issig‘i baland. Do‘xtir chaqirdim. Dori-darmon yo‘q ekan. ” Moskvaga olib boringlar. Bu ancha xavfli kasal” deb aytdi. Uyga tezroq yetib keling, iltimos. Farzandingizni o‘ylang.”

U bu paytda idorada kerakli ism-familiyalarni ro‘yxat qilish bilan band edi. “Bolasi kasal emish. Tavba! Bola degan kasal bo‘lib-bo‘lib ulg‘ayadi-da. Buyoqda shuncha ish turganda-ya!” degan fikrlar o‘tdi uning xayolidan.

Ertasi kuni uyga bordi. ….. . Bolasining joni uzilgan ekan…

***

Nam yurakning amrini kutardi.
Ammo… Ko‘z sohibida yurak emas, bir parcha tosh bor edi, qa-a-a-t-tiq!!!
Ko‘zlar esa battar quruqshab bormoqda edi…

***

Bir kun ishdan ertaroq qaytdi.

Qosh qorayib, osmonda xiragina bo‘lib, oy ko‘rinish bergan payt edi. Eshikni ochib, dahlizga qaradi. Hech kim yo‘q. Ichkaridagi uyga kirdi. U yerda xotini joynamoz ustida nimalarnidir pichirlab duo o‘qirdi.

Uning jon-poni chiqib ketdi.

“Bu qanday hol? Mening uyimda xudoga sajda qilinsa-ya? Mening-a? Yana o‘z xotinim-a!” deb o‘yladi u. Xotinining namoz o‘qishini bilmasdi. Birdan yugurib borib, xotinini itarib yubordi.

-Bu qanaqa bedodlik? Mening uyimda-ya?

Xotini erining vajohatidan qo‘rqib, yig‘lab yubordi.
-Tavba qiling! Iltimos, tavba qiling…

Ertasi kuni idoraga xabar qildi. Xotinining xudoga sajda qilganini aytib, o‘zi esa buni bilmasligini bot-bot takrorladi.

Xotinini qamashdi. Bechora yig‘lamadi ham, dod-voy ham solmadi. Bunga majoli yetmasdi. “Kechiring…” dedi eriga, xolos. So‘ng, Xudoga yolvordi: “Erimning gunohlarini afv et, yo Rabbim”.

U esa o‘zicha “to‘g‘ri qildim” deb o‘ylar, kimlarningdir oldida o‘zining sadoqatli ekanini aytib maqtanardi.

Bir kundan keyin xotinini uning ko‘z oldida otib tashlashdi…

***

U paytda esa…

Bechora nam hamon kiprik soyasida , qorachiq chegarasida ko‘z-yoshga aylanish orzusida edi. Bechora nam ko‘z sohibining bu qilmishini ko‘rganida , qanday qilib bo‘lsa ham kipriklar orasidan chiqib, bu chirkin vujudni tark etgan bo‘larmidi, balki.

Ko‘z sohibi yig‘lamadi.

Qaydan yig‘lasin? Axir, ko‘zlar quruqshab bormoqda edi…

***

Opasi voz kechdi undan…
Akasi voz kechdi undan…

Hamma voz kechdi undan… Bir o‘zi qoldi, so‘ppayib…

Odatda, inson o‘zi qilgan xatoni anglab yetsa, bir umr vijdon azobida qiynaladi.

Ko‘z sohibiga bu his juda-juda begona! Juda-a-a olisda!

***

Ko‘z sohibi o‘zini o‘zi yolg‘izlikka mahkum etdi …

***

Qizig‘-a! Hamma uni tashlab ketdi.

“Bu qanday hol? Shuncha yashab qo‘ydim-a! Hamma mendan voz kechdi. Hatto, o‘lim ham. Jonim xudoga ham kerakmas, shekilli.”

Notavon kimsa gunohlarining ustiga gunoh qo‘shib, kufr xayollarga berilardi.

Oqshom qo‘ndi. Uxlagani yotdi. Sal ko‘zi ilingan ekan, cho‘chib uyg‘ondi. Tushiga otasi, onasi va xotini kirdi. Ular bezovta emish. U esa faqat qon tupurarmish. Birdan ularning o‘rniga begona bola paydo bo‘lib, unga qarab qo‘l cho‘zarmish…

Ajin bosib, dag‘-dag‘ qaltirayotgan qo‘llariga qarab, butun hayoti ko‘z oldidan o‘tgandek bo‘ldi.

“Men kim uchun yashadim?” deb o‘yladi u. Ko‘ngli allanechuk bo‘lib ketdi. Og‘izlari qurib, suv ichgisi kelardi. Stol ustida turgan idishdan suv olib ichmoqchi bo‘ldi. Krovatdan emaklab tushib, yana emaklagancha stolga qarab intildi. Har bir odim million qadamdek og‘ir edi…

Stolga qadar masofa go‘yo cho‘zilayotgandek edi. Tanasi o‘ziga og‘irlik qilaverdi. Uzoq to‘xtab qoldi.

Yana emaklay boshladi. Idishgacha atigi bir qadam qolgandi. Ko‘z sohibi tinmay hansirar, madori ketib borardi.

Nihoyat, stol tagiga yetdi. Ammo, og‘irlashib qolgan tanasini yerdan uzolmadi. Idishga qo‘lini cho‘zdi. Qo‘llari og‘irlik qilib, yerga uzala tushdi. Tanasi bilan stolni turtdi. Stol qimirlamadi. Yana turtdi. Stol esa qimirlamadi.

Nafas olish ham tobora qiyinlashib borardi. Bor kuchini yig‘di-yu, yana stolni turtdi. Shu payt idish qimirlab, bir chayqaldi-yu to‘g‘ri uning boshiga tushib, chil-chil sindi.

Shu onda … ichini bir narsa kemirganday bo‘ldi-yu, boshi yerga shilq etib tushdi.

***

Bechora nam esa so‘nggi soniyada kipriklar orasidan bir amallab o‘tdi-yu, bir tomchi ko‘z yoshga aylanib, Ko‘z sohibining yuzidan sizib tushdi…
Ko‘z sohibining ko‘zidan so‘nggi tomchi chiqib ketdi-yu, ko‘z ichi qurib qoldi…

Shunda ko‘z ham manguga yopildi…

2014

MUSAVVIR

Mangulikni ko‘rib turibsan…
Jun Takami

Qushlarning chug‘ur-chug‘uri, kamalakning dam tovlanib, dam ko‘zdan yo‘qolishi, shamolning oniy lahzalik shiddati, yomg‘ir tomchisining ohistalik ila maysa yuziga qo‘nishi va tuproqning samoga talpinishidagi chuqur xo‘rsinig‘i Musavvirning nigohida jamlandi. Musavvir borliqdan o‘zi uchun zarur bo‘lgan rangni izladi. U rang qayda? Bulutlar qo‘njidami yoxud kabutarning charx urib silkinayotgan qanotidamikan…

Musavvir siniqqina nur tushayotgan tuynukdan tevarakka qararkan, o‘zi izlayotgan rang qaydadir yashiringan ekanini qalban his etdi. Tuynuk oldidan endigina boshlagan suvrati yoniga qaytdi. Suvrat qarshisida bir muddat sukut etib, tasavvur dengizida suzdi. Tarqoq xayollari har yonda uchib yurar, ularni jamlash g‘oyatda mushkul edi… Musavvirning xayoli goh osmonda suzib yurgan bulutlarda bo‘lsa, bir xayoli samoga intilib, ko‘zlarida umidvorlik aks etgan odamda edi. Ayni lahzada u bulutga intilayotgan insonning rasmini chizmoq ila mashg‘ul edi.

“Agar yorug‘ dunyoda o‘zini yolg‘izlikning emas, aksincha zulmat asiri deb his etgan odam nurga talpinsa, demak, unga bu xildagi nursiz hayotdan osmonda pag‘a bulut bo‘lib kezmog‘i ma’qul ekan-da” deb o‘yladi Musavvir.

Darhaqiqat, umrini dunyoning beqiyos va betakror ranglardan iborat ekanligini o‘z suvratlarida aks ettirib, isbot qilishga harakat qilgan Musavvir hozirgi tasvirida ham ushbu iqrorni ifoda etmoqchi edi.

Kun qiyomdan og‘ib, tuynukdan tushib turgan xiyol nur ham chekingach, Musavvir bor yorug‘likdan ham mahrum bo‘ldi. Qolgan ishni sham yorug‘ida davom ettirishga to‘g‘ri keldi.

Ko‘zlari yumila boshladi…

Qattiq toliqqanini his qildi. Omonatgina bo‘lib turgan o‘rindiqqa cho‘kdi. Ayni shu lahza eskirib qolgan yog‘och eshik “g‘iyq” etib ochildi va ichkariga bir kishi kirdi. Uning yuzida kinoyaga moyil yengil tabassum zuhur etdi. Musavvir u tomon bir qaradi-yu kutgan kishisini topgandek sevinib ketdi.

-Birodarim, xush kelibsiz… Shu desangiz, bugun ajoyib ish ustida ishlayapman, — dedi u zavq bilan.

Notanish kishi esa uning bu gapiga zaharxanda kuldi va:
-Siz hamisha buyuk ishlar ustida ishlaysiz, — deb istehzookor jilmaydi.

Musavvir xayolot olamiga sho‘ng‘ib ketgan, notanish kishining gaplari uning qulog‘iga kirmadi.

… o‘rtada sukunat…

-Musavvir janoblari siz qachon suvrat chizasiz?

To‘satdan aytilgan gap musavvirning ong-u shuuriga chaqmoqdek urildi.

-Nega bunday so‘zlayapsiz? Bu suvratlar mening borlig‘im. Birodarim, nahot siz yana hech narsani ko‘rmayotgn bo‘lsangiz? Axir mana bu suvratni kechagina tugalladim. Uni ko‘ryapsizmi? Inson yuragining minglab bo‘laklarga bo‘lingani va bir bo‘lagidan yangi yurak yaralgani tasvirlangan. Hozir esa bulutga evrilayotgan odam tasvirini chizmoq bilan mashg‘ulman. Nahot sizga ular ko‘rinmayotgan bo‘lsa?

-Afsuski, rostdan ham oq qog‘ozning o‘zidan bo‘lak hech qanaqa tasvirni ko‘rmayapman.

-Bu so‘zlar bilan meni hayron qoliryapsiz, birodarim. Axir siz ko‘rib turgan devorlarda ilingan suvratlar…

-Yo‘q, yo‘q…, yo‘q…. Hech qanaqa tasvir yo‘q. faqat oppoq qog‘ozlar. Siz rostdan ham telba bo‘libsiz. Odamlarning gapi rost, shekilli…

-Sizning ko‘zlaringiz bitib qolgan. Bema’ni gaplarim uchun uzr, uzr… Axir bu mening dunyom-ku… Har bir suvratim rangin dunyoning bir parchasi. Siz … — musavvir chuqur xo‘rsindi, — siz esa g‘ofil ekansiz…

-Birgina men emas, vayrona kulbangizga kirgan odam zoti borki bunga amin bo‘ladi. Siz o‘zingizni musavvvir deb o‘ylaganingiz bilan atrofdagilar telba deb atashadi. Axir bu kulbada birorta suvrat yo‘q. ko‘zga ko‘ringani bor-yo‘g‘I shu : nuragan devor-u sochilib yotgan oppoq qog‘ozlar… Tag‘in bu kishim musavvir emish… Hah-hah-haaah-haaa….

Notanish kishi bu so‘zlari bilan Musavvirning ustidan bir chelak suv ag‘darib yubordi. Musavvirning miyasiga “Nahot odamlar shunchalik hissiz… ularning ko‘zlari faqat g‘urbatni ko‘radi” kabi savollar chaqmoqdek urilardi.

Notanish kimsa esa hanuz musavvirni masxaralar, “telba” deya qiyqirardi.

U kulbaning ichiga yana bir qur nazar soldi-da, iljaygan ko‘yi chiqib ketdi. Musavvir esa birpas suvratlariga tikilib turdi-da yana chizishda davom etdi. Aslini olgandau bu holatga ko‘nikkandi. Odamlar kelib, u chizgan rasmlarga beparvo qarashar, devorlarda hech qanaqa rasm yo‘qligini aytib musavvirni ahmoqqa yo‘yib ketishardi.

Musavvir esa odamlarning hali ham g‘aflatda ekanliklaridan, u chizgan nozik tasvirlarni ilg‘ay olmasliklaridan kuyinardi.

Darhaqiqat, u chizgan suvratlarni ko‘rmoqchi bo‘lgan odamlarning ko‘z oldida oppoq qog‘ozning o‘zigina namoyon bo‘lardi.

“Odamlarga nimadir bo‘lgan… nega mening ko‘zimga ravshan ko‘rinib turgan suvratlar ularning ko‘ziga ko‘rinmaydi? Nahot san’at mo‘jiza emas? Odamlar naqadar g‘aflatga cho‘mganlar?” deb o‘yladi Musavvir.

Ammo u qachondir o‘zi yaratgan asarlar kimgadir malham, kimgadir haqiqat bo‘lishiga ishonadi. U qachondir ularning butov boylagan basir ko‘zlari ochilishiga umid qilar va qalbiga ilinj niholini qadardi. Aslida-ku odamlarning ko‘zi emas qalbi so‘qir derdi achingan ko‘yi.

Musavvir zumda o‘ziga o‘zi taskin berib, betin savol-u o‘ylar og‘ushidan yana o‘z ishiga sho‘ng‘ib ketgandi. Darhaqiqat, bir yonda odamning ko‘ksida quyoshning porlab turganining tasviri, bir yonda shildirab oqayotgan suvning insonning ikki ko‘ ziga oqayotgani, bir yonda yulduzlar qo‘ynida yotgan odam tasviri…

Xullas, bu kulba haqiqiy mo‘jizalar qasriga o‘xshardi, go‘yo.

Musavvir qora qalamni kerakli shaklga solib yurgizarkan yuragi hapriqib ketardi.

Shu onda…

Yana xona eshigi ochilib, ichkariga uch kishi kirdi. Ularning biri tepakal, qorin qo‘ygan o‘rta yashar kishi bo‘lsa, biri yuzlariga sepkil toshgan, sovuq qiyofadagi kimsa edi. Biri esa yoshroq, odmi kiyingan, ammo ko‘zlarida takabburona qarash zohir edi. Ular kiriboq, tinmay chizish bilan ovvora bo‘layotgan Musavvirga mug‘ambirona iljayishdi…

So‘ng devorlarga qarashdi – nimanidir izlagandek bo‘lishdi.

-Ey soxta musavvir! Nega chizmaydigan qalam bilan behuda urinyapsan? O‘zingni daho deb o‘ylashni bas qil. Sen shu paytgacha ham hech narsa chizolmagansan, endi ham hech narsa chizolmaysan, — dedi tepakal kimsa.

Sheriklari unga qo‘shilib mazax qilishdi.

-Umrini behuda sarlayotgan bu nobakorni qishloqdan quvish kerak, — dedi sepkilli kimsa.
-Ha, rost. Uni badarg‘a qilamiz , – deb qo‘shimcha qildi yoshrog‘i.

Shunda ham Musavvir ularga qiyo boqmadi. Ishida davom etdi.

-Sen esingni yeb qo‘yibsan… — unga aql o‘rgatgan kishi bo‘ldi Tepakal.

Musavvir ularning gapiga e’tibor qilmas, qanday qilib bo‘lsa ham ushbu bitajak asarini yakunlashga astoydil kirishgandi.

Haligilar esa ortga qaytishdi. Eshikdan chiqisharkan, hammalari jo‘rovoz bo‘lib qichqirishdi:

-Telba musavvir – soxta musavvir…

Telba musavvir – soxta musavvir… Bu gap musavvirning ko‘ksini kuydirib o‘tdi.

Men ularga o‘z dunyomni ko‘rsatishim darkor dedi u o‘ziga o‘zi.

Nega ular ko‘rishmayapti? Balki rostdan ham mening chizganlarim sarobdir. Yoki o‘zimni o‘zim aldayapmanmi? Mening ko‘zimga ko‘rinmish ro‘yomi? Yoxud bu shunchaki taxayyul?

Musavvir o‘z fikridan sarosimada qoldi. Axir bu rost bo‘lishi mumkin. U qalamni joyiga qo‘ydi va ilkis joyidan qo‘zg‘alib, gandiraklagancha eshik tomon yurdi. Tashqariga chiqdi. Atrof naqadar farahbaxsh… Mayin shabadada cho‘mildi. Tani yayradi. Botayotgan quyoshdan bir muddat ko‘z uzmadi. Osmonda qotib turgan bulutlarga termulgancha xayolga berildi:

Men soxta musavvirman . Men aslida hech narsa chizmaganman. Tabiat, sen meni aldadingmi? Dunyo, sen meni sodda ko‘rdingmi? Nur sochib turgan quyoshing ham aldamchi ekan-ku… U ham bir lahzalik ekan-ku… Unda nega botyapti? Demak, bir umr o‘zimni aldabman-da.
Bulutlar… qani endi shu bulutga aylansam…

Men o‘zimga zarur bo‘lgan qaysi rangni topa bilmadim? Afsus… Men soxta musavvirman… Bu yerlardan ketaman… Balki o‘sha zarur rangni topishim kerakdir… Shunda odamlar mening ustimdan kulishmasmidi… Zora ular mening suvratlarimni ko‘ra bilishsa…

Musavvir kulbani tashladi-yu ketdi…
Qayon ketdi bilmadim.
Xullas, ketdi…

Ertasi kuni qishloqda shov-shuv tarqaldi. Musavvir yo‘q bo‘lib qolganmish. Birov xayriyat, soxta “musavvir”dan qutulibmiz desa, birov telbaning sog‘lar orasidan ketgani ma’qul deyishdi.

So‘ng hamma yig‘ilishib, uning kulbasini yoqib yuborishga qaror qilishdi. Ular kulba ichkarisiga kirdilar-u hayratdan yoqa ushlab qolishdi. Ularga doim oppoq bo‘lib ko‘rinadigan quruq devor suvratlarga to‘la edi – suvratlar shunaqangi sirli, shunaqangi jozibali, shunaqangi rangin va betakror ediki…

Odamlar o‘zlarini mo‘jizakor olamga tushib qolgandek his qilishdi. Ular ancha vaqt hayratdan qotib turishdi – suvratlar bir-birining davomi sifatida chizilgan ayricha dunyo edi. Suvratlar odamlarni sehrlab qo‘ygandi. Bir yonda odamning ko‘ksida nur sochayotgan quyosh, bir yonda yurakning minglab bo‘laklarga bo‘lingani, bir yonda quyoshning nurlarini emayotgan yaproqlar va bir yonda kechagina tugallangan odamning bulutlarga evrilayotgani va …
Odamlar esa… hayrat va taajjub ichra haykal misol qotib qolishgandi…

Musavvir allaqachon bu yerlarni tark etgandi.

Balkim, uning o‘zi ham bulutlarga evrilib ketgandir…

2015

TURMUSH ISI

Qishloq…
Uzun tunni bir amallab o‘tkazib olasan-u, tamom…
Kechagi tashvishing ikki hissa bo‘ladi…
Ana, oy ham iste’fo davo qilgandek osmon sahnasidan chekina boshladi.

Kuni bilan qo‘li qo‘liga tegmagan Oygulning ko‘zlari tek qotuvdi hamki xo‘rozning vahmali qichqirig‘i eshitildi. Timirskilanib o‘rnidan turdi. Eri uyg‘onib ketmasligi uchun sharpadek harakatlanishga zo‘r-bazo‘r urindi. O‘zi yotgan joyni yig‘di-yu, sekin tashqariga yo‘naldi. Sho‘ring qurg‘ur uyquning qoldi-qutdisi ko‘ziga chippa yopishib olgan. Ko‘zlarini ishqay-ishqay supa chetida turgan obdastani yoniga yetdi. Sovuq suv yuzini chimchiladi. Uyquga qarshi kurash shu bilan poyonlandi – o‘zi istamagan g‘alaba.

Oygul deganimiz qorachadan kelgan bo‘lsa ham yuzida ko‘rkamligi balqib turgan ko‘hlikkina bir juvon. Mehnatning zaqqumlaridan battar qorayib, o‘yiqchalar paydo bo‘lgan qo‘llari bilan sochiqni yuziga tekkizarkan, eti junjikdi: sahargi shabada…

Tashvish esa endi oyoqladi…

Umringni qayerdadir g‘ijimlanib qolib ketadigan bir sahifasini yoza boshlaysan…

Oygul shu tobda xayolida kunlik qiladigan ishlarini rejaladi – bir dunyo…

Oshxonaga kirdi-yu zumda qo‘lida katta chelak bilan chiqdi. So‘ng molxona tomon yurdi.

Hovli to‘rida molxona. Yozga moslab tiklangan. To‘rt tomoniga to‘rtta yog‘ochni qadab, ustiga shox-shabbani yoyib uning tepasidan guvala loy bostirilgan. Qarabsizki, mollar uchun tayyor koshona…

Molxonaga faqat bitta ona-bola sigir bog‘langan – qolgan mollar dalada.

Oygul sigirni alqab-sulqab chelagini yarimlatdi. Mol deganidayam insof bo‘lsa kerak. Yo‘qsa hali tong otmay turib oromini buzganga bolasini rizqini berib yuborarmidi?

Amal-taqal qilib chelakni to‘ldirdi-yu, buzoqni qoziqdan bo‘shatdi.

Buzoqcha ham ozodlikdan mast bo‘lib birdan sigirning yeliniga yopishdi. To Oygul oshxonaga yetguncha buzoqcha allaqachon joyidan qo‘zg‘algan, hovli ichida shataloq otib uyoqdan buyoqqa sakardi.

Oygul bir amallab uni ushladi-yu, molxona tomon arqonini torta boshladi. Buzoq jonivorni ham hech jilovni bergisi kelmadi – o‘zini orqaga tortib turaverdi. Oygul sal bo‘shashganday buzoq bir sakrab qochdi. Oygul yiqilishga yiqilmadi-yu qo‘lini qoziq tilib ketganidan o‘kindi. Ko‘zida yosh miltiradi. Eri shirin uyquda yotibdi. Oygul esa…

Zo‘rg‘a buzoqchani joyiga bog‘ladi-yu, sigirga tayyor xashakdan bir quchoq keltirib tashladi. Buzoqcha esa qilmishi uchun jazolandi – och qoladigan bo‘ldi…

Bu orada eri uchun nonushtani taxt qildi. Eri yotgan uyning derazasidan qaradi-yu, sekin erini chaqirdi. Shoyim uchun uyqudan kechish qiyin. Ammo ishga kech qolib boshlig‘idan bir umrga tatigulik po‘pisani eshitishini xayolladi-yu, zo‘rg‘a joyidan qo‘zg‘aldi. Ko‘zini chala-yarim ochdi-da, bo‘ralatib xotinini so‘kdi:

-He enangni… bundoq sekin chaqirsa bo‘ladi-yu… farosating yetmaydi-ya…

Oygul erining kunda-shundagi bu odatiga bir navi bo‘lsa ham ko‘nikkan — parvo qilmadi. Shoyim tashqariga chiqdi-yu, qo‘llarini yozib kerishgan bo‘ldi. Yuz-qo‘lini yuvib, supada tayyor qilib qo‘yilgan dasturxon boshiga keldi. Apil-tapil ovqatlana boshladi. Oygul esa tek qotgancha erining ovqatlanishiga mahliyo bo‘lib turardi.

Shoyim bir zumga chaynalishdan to‘xtab, tepasida o‘zini tomosha qilib turgan xotiniga o‘shqirdi:
-Nima balo, odam ko‘rmovdingmi?

Oygul bir cho‘chib tushdi. Keyin… ishiga sho‘ng‘ib ketdi…

***

Shoyim yo‘l yoqasidagi bekatga chiqdi-yu, shahar boradigan avtobusni kuta boshladi. Sahar endi oqargan palla hali bekatda hech kim yo‘q edi. Shoyim bir necha kundan beri o‘zini qiynab yurgan xayollarga tag‘in berildi:

“Ming la’nat shu turmushigayam… Qani shaharda dang‘illama uying bo‘lsa-yu shaharlik bir jonon bilan yashasang… Oygulga o‘xshagan qishloqilar hech qachon odam ko‘nglini ovlaydigan malak qiyofasiga kira olmaydi. Faqat og‘ilxonaning hidi-yu, yangi ungan bedaning namxush hidi… Undan hech qachon fransuz atirlarining isi kelmaydi…”

Oradan besh-o‘n daqiqalar o‘tib keng ko‘chani changitib kelayotgan avtobus xayollarga g‘arq bo‘lib turgan Shoyimni olib ketdi…

***

Oygul erini jo‘natdi-yu bir muddat supaga borib o‘tirgancha o‘yga toldi. Erining qo‘rs muomalasi xayolidan nari ketmadi. Keyingi kunlarda shunday bo‘lib qolgan – bir paytlar o‘ldim-kuydim qilib arang Oygulga erishgan Shoyim endi buning g‘irt teskarisi bo‘lib qolgan. Oygul shuni sezadiki, keyingi paytda Shoyim akasi o‘zgargan. Kuni kecha bo‘lgan voqea-chi: Shoyim ishdan keliboq, to‘nini teskari kiyib oldi. Turib-turib savol berib qoldi:
-Sen biror marta shaharga borganmisan o‘zi?

Oygul shunda ikkita barmog‘ini havoga silkib eriga ishora berdi:
-Ha… ikki marta…

Shoyim Oygulning soddaligidan qotib-qotib kuldi.
-Ko‘rdingmi, qanchalar zamondan orqada qolib ketgansan…

Darhaqiqat, Oygul o‘zi ham bilardi: ko‘p bormaganini, turmush qurib bitta bolali bo‘lgach ko‘pam o‘ziga qaramay qo‘yganini, kamdan-kam yangi kiyim kiyishini va yana xokazo, xokazo…

Shunchaki mayda-chuyda tuyulgan, vaholanki ulkan bo‘lmish yumushlardan orta olmasdi, xolos…

Oygul ko‘zidan sizib chiqqan bir tomchi yoshni yengi bilan sidirib tashladi-da, uyiga kirdi… O‘g‘li haliyam uxlab yotardi. Dunyo tashvishlaridan xoli beg‘ubor bir go‘dak.

Oygul sekin o‘g‘lini turtdi:
-Turaqol, o‘g‘lim, maktabingga kech qolasan…

Murodjon maktabga ketdi.

Oygul esa qolgan yumushlarini davom ettirishga tushdi. Qo‘liga kattakon etakni olib, dalaga yo‘naldi. Yoz chog‘i bedani uch-to‘rt o‘rimini o‘rib olsa, mollar uchun bir qishlik ozuqa chiqadi. Oygul erta tongdan shudring tushib namiqqan bedani ko‘rdi-yu uncha hushi chog‘lamadi. Ammo biroz kutsa qolgan ishlariga kechikishini o‘ylab, tezda o‘roqni qo‘liga olib, o‘rishga tutindi. Nam beda darrov o‘z kuchini ko‘rsatdi – zumda Oygulning burni bitib, nafasi qayta boshladi. Salkam bir gektarcha keladigan bedazorning rosa gulga kirgan bedalari har o‘rimda Oygulning qo‘lida halok bo‘lardi. Oygul ko‘nikib ketgan – bolalikdan o‘t o‘raverib o‘rgangan-da…

Hash-pash deguncha bir etak beda o‘rildi. Xayriyat, olib ketishda omadi chopdi – katta ovsinining to‘ng‘ichi A’zam eshak arava bilan o‘tib qoldi.

-Yanga, hormang.
-Salomat bo‘ling, A’zamjon…

-Yanga, bedangizni uygacha eltaymi?
-Yo‘g‘ye ovvora bo‘mang. O‘zim olib ketaveraman.

A’zam boshqa savol berib o‘tirmad. Shartta tushdi-yu bir etak bedani aravasiga yukladi….

Peshinda Oygul yeng shimarib tappi qildi. Rosa uringanidanmi beli og‘rib xunob qildi. Shu bilan Oygul kechgacha hovlida ekilgan pomidorlarni chopiq qildi. Murodjon maktabdan keliboq ko‘chaga bolalar bilan o‘ynagani chiqib ketgan, Shoyim hali ishdan qaytmagandi. Bu orada Oygul kechki ovqatni boshladi-yu birpas dam olmoqchi bo‘lib supaga joylarni to‘shab, o‘tirgan bo‘ldi. Shu palla sigir ham nimanidir eslatgan singari ma’rashni boshladi.
Oygul hamma ishini bitirib, ovqatni suzguncha Shoyim ishdan qaytdi. Shoyim erinibgina ustini almashtirdi-yu Murodjonni erkalagan bo‘ldi. U haliyam o‘zi bilan o‘zi tortishar o‘ziga nima bo‘layotganini sira tushunmasdi.

Murodjon uxlagach Oygul bilan gaplashib olishga fursat tug‘ildi. Endi gap boshlamoqchi edi hamki, ko‘zi Oygulga tushib ensasi qotdi – Oygulning ko‘zi yumilay-yumilay derdi.

“Kuni bilan itday yuguradi. Bunga nima zaril? Qorong‘u tushganday ko‘zini uyqu bosadi. O‘ziga qaramaydi…”

Bu shu tobda Shoyimning ko‘nglidan kechayotgan gaplar edi…

Shoyim Oygulni sevib uning izidan dallidek yugurib yurgan kezlarini esladi. U paytlar boshqacha edi-da… Oygulni sevib yurganlar ancha-muncha edi. Lekin Shoyimgina uni sevgisiga ishontira oldi. Chunki u shaharda o‘qirdi – seni ham o‘qitaman degandi, yana bir qop havoyi va’da. Oygul bechora na o‘qidi, na yayrab yashadi: “kichkina” hovlining “kichkina” yumushlari bilan ovundi.

Shoyim keying chog‘larda Oyguldan ko‘ngli sovib borayotganini sezardi. Hozir ham o‘ylari chuvalib shu muammoga qo‘shilganda hushyor tortdi. Supada murgilayotgan Oygulga qaradi – haliyam o‘sha husni o‘ziga yarshib turibdi.
Shoyim entikib ketib uni quchog‘iga tortmoqchi bo‘ldi-yu unga yaqinlashgan zahoti o‘zini chetga oldi – Oyguldan bilib bo‘lmas, tappi aralash namxush bedaning hidimiyey, allambalo is kelar edi.

Oradan bir tun va bir kun o‘tdi.
Oygul o‘sha-o‘sha tashvishi bilan band bo‘ldi.

“Yo‘q-yo‘q… Shoyim hamma ayb senda. Rashk qilding, ko‘chaga chiqqani qo‘ymading, xotin kishi faqat uy ishini qiladi deding. U bechora sendan qo‘rqib, o‘ziga qarolmaydi ham, to‘y-po;yga ham borolmaydi. Yana sen qaddingni g‘oz tutib yurasan: maqtanasan, kerilasan… O‘zingcha sen shaharliksan-u xotining qishloqi… Ne-ne yigitlar senga hasad qilib qilib yurdi, balki havas qilishgandir, nima ahamiyati bor. Muhimi Oygul sening chizgan chizig‘ingda qolib ketibdi, sen aytgancha yashabdi, sen uchun… Ammo uni yuragingda o‘chmas iz qadagan nimasidir bor. U nimaki, sening xayolingni band etishga majbur qiladi. Axir haliyam u o‘sha Oygul-ku… Yo endi yoqmay qoldimi?

Yo‘q, yo‘q . Uni haliyam …”

Shoyim qishloqqa qaytayotgan avtobusning orqa o‘rindig‘ida o‘tirgancha shu xayollar bilan ovunib, o‘ziga o‘zi qarshi chiqqan bir ko‘yda keldi.

Oygul yana o‘sha-o‘sha…

Kuni bilan rosa charchagan – yana o‘sha ko‘zlari aytib turibdi…

Kechqurun uyquga yotishgach Shoyimning ko‘ksida og‘riq turdi, bo‘lmadi. Oygulni ohista turtdi.
-Oygul bilasanmi… Shu turmush deganini to‘rt mushtini yeb indamay yashayverarkanmiz-da…

Oygul o‘zini uxlaganga solib yotsa-da uyqusi allaqachon qochib ketgan eridagi o‘zgarish uni bedor qili qo‘ygandi go‘yo. Shu tobda erining bergan savoli uni esankiratib qo‘ydi – biroz cho‘chidi ham.

-Nima bo‘ldi sizga? – tutilibroq so‘radi eridan.

Shoyim chordana qurib olgan, xotiniga termulgancha turardi. Aslida boya aytgan gapi savol emasdi… Shunchaki, ko‘nglida kechayotgani. Tag‘in bir narsalar…
Oygul erining peshonasini ushlab ko‘rdi – sovuq… Keyin ajablangan ko‘yi erining qarshisiga o‘tirdi.

Shoyimning esa shu tobda xotinini suyib erkalagisi keldi, uning qo‘llarini o‘ziga tortdi. Tag‘in o‘sha o‘y miyasiga qadaldi… Dimog‘iga ayolining qo‘lidan bilib bo‘lmas sutning hidimiyey, namiqqan bedanimi yo yog‘ning hidimiyey allambalo shunga o‘xshash hidlarning qorishmasi singari g‘alati bo‘y urildi. Shoyim bunga zarra parvo qilmay Oygulni quchog‘iga oldi. Ayni chog‘da bu Shoyim uchun takrorlanmas va juda yoqimli ifor edi…

Juda-juda yoqimli ifor …

2016

09

(Tashriflar: umumiy 462, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring