Abdulla Qahhor o’gitlari & Shukur Xolmirzayev. Abdulla Qahhorni eslab

002Абдулла Қаҳҳор таваллуд топган куннинг 110  йиллиги олдидан

   Абдулла Қаҳҳор деганда, дарҳол унинг китобларини эслаб, жавонга қарайман. Дафъатан кўринмаса, синчиклаб боқаман. Кейин, кўнглим жойига тушади. Агар у зот ҳақида ўйланиб қолсам, кўз олдимга қайсидир синфда ўқиган чоғимда «Ватан абадиёти» дарслигида кўрганим — адибнинг кўзойнак тақиб, хиёл жилмайиб тушган сурати келади…

АБДУЛЛА ҚАҲҲОРНИ ЭСЛАБ…
Шукур ХОЛМИРЗАЕВ
03

099Абдулла Қаҳҳор деганда, дарҳол унинг китобларини эслаб, жавонга қарайман. Дафъатан кўринмаса, синчиклаб боқаман. Кейин, кўнглим жойига тушади. Агар у зот ҳақида ўйланиб қолсам, кўз олдимга қайсидир синфда ўқиган чоғимда «Ватан абадиёти» дарслигида кўрганим — адибнинг кўзойнак тақиб, хиёл жилмайиб тушган сурати келади. Ажаб, у одам билан сал бўлсада, мулоқот қилиш, гап-сўзини эшитиш менга насиб этган. Бироқ таажжуб, ҳамон у кишини эсласам, ўша суратлари кўз олдимга лоп этиб келади. Ўшанда бола бўлганмиз. Болалик хотиралари чиппа ёпишиб, бир умр ёддан чиқмас бўлмайдими, шу боисдан у кишининг сиймоси ўша сурат шаклида миямга ўрнашиб қолган шекилли.

Бироқ мен у кишини илк марта Ёзувчилар союзида, минбарда кўрганда унчалик ҳаяжонланмадим. Сочлари оқара бошлаган, кўзойнак таққан, хушбичимгина киши сўзлаётгандек эди. Нега бундай туюлди менга? У зотни бошқача тасаввур қилармидим? Билмайман. Эслолмайман. Ҳар қалай жонли одамдан бошқачароқ тарзда тасаввур этиб юрган бўлсам эҳтимол. У киши ўшанда адабиёт ҳақида, қандайдир асарлар ҳақида гапирдилар. Айтган сўзлари, фикрлари ёдимда қолмаган. Мен у одамга паришонҳол боқардим. Сўзлари содда, оддий, ғоят ўзбекча. Ғира-шира эсимда бор: қандайдир асар қурилмаси ҳақида гапирарканлар, мен яхши кўрган (ўшанда яхши кўрган) атамалардан бирини ҳам тилларидан эшитмадим. На сюжет, на композиция, на образ… йўқ. Бошқача, жуда жўн номлар билан атаб гапирардиларки, менга, онт ичиб айтаман, Абдулла аканинг ўзлариям жўн, содда бўлиб кўринардилар. Энди атганг дойман: «Э, нодон бола, ўша атамаларни миянгга жойлаб олмайсанми? Кейинчалик уларни ўзинг излаб, қандайдир таржима қилиб, ўзбекчага айлантирар экансан-ку?» Йўқ, ўшанда ўша сирли, салмоқли атамаларни оғиз тўлдириб айтган киши менга «катта, ўқимишли» бўлиб кўриниши керак эди.

Ўша кезлар союзда проза, поэзия секцияси машғулотлари канда қилинмай, ўз вақтида ўтиб турарди.

Мен поэзия, проза муҳокамасига ҳам тайёргарлик кўриб келардим. Бир-икки йил мобайнида ҳар бир машғулотда сўзга чиққаним, ҳатто шоир Ҳусниддин Шарипов билан мунозара қилганим ҳам эсимда.

Ўшанда айрим машғулотларга Абдулла Қаҳҳор Кибриё опа билан келиб, бир четда жимгина қулоқ солиб ўтиришарди, Гоҳо гапирмай чиқиб кетишарди. Гапирган бўлсалар ҳам, айгганлари ёдимда йўқ. Энди ўйлайман: адабиёт учун, хусусан ёшлар учун нечоғлик қайғураркан у инсон? Ҳозир ҳам ўша машғулотлар бўлиб туради. Биз «катга» деб атайдиган қайси забардаст адиб бориб бир четда, ёшларнинг сўзларига диққат билан қулоқ солиб ўгиради? У киши ўтирар эди. Демак, билишни, авлодлар нима ҳақида баҳс юритишини англашни истар эканлар — англар эканлар-да!

Универсигетнинг тўртинчи курсида ўқиб юрганимда Абдулла Қаҳҳордан хат олдим. Кўп дўстларим хатни кўриб, ҳаяжонга тушишди. Айрим домлаларим мени табриклашди. Лекин мен қандайдир ҳайронлик ичида юрдим: «Ўзлари шу ерда — Тошкентда яшасалар, нега хат ёзадилар?» деб ўйлардим баъзан… Баъзан ўша хатни қайта-қайта ўқиб: «Жавоб ёзсаммикан?» дердим-да, беихтиёр кулимсирардим. Эсимда бор: бир куни мен севган адиблардан бири Носир Фозиловга Абдулла Қаҳҳорнинг мактубини кўрсатдим: «Нима қилай?» дедим. Носир ака: «Э, шоир экансиз-ку? Дарров жавоб ёзинг! Бошим осмонга етди, деб ёзинг!» дедилар. Мен «хўп» деб кетдим-у, кўчага чиқиб яна ҳайрон қолдим: «Бошим осмонга етмаган-ку?» Бу калимани сўзма-сўз тушунганим йўқ, йўқ, мен, масалан, хурсанд бўлганимни бундай гап билан изҳор этолмаслигимни англадим. Йўқ, бу гап — менинг гапим эмас. Ёзсам ҳам, бошқача қилиб ёзарман… Бундан ташқари, мен, яна қасам ичиб айтаман, Абдулла Қаҳҳордан бундай мактуб олишдан унчалик фахрланмадим ҳам. Худди шундай. Нега? Назаримда, асарим яхши бўлса, бошқа катта ёзувчилар ҳам шундай йўқловхат ёзишлари мумкин эди, деб ўйлаган бўлишим керак. Лекин э, чархи кажрафтор, билмаган эканман; Абдулла Қаҳҳордай адиблар истисно тариқасида ўтар экан! Оддий бир қаламкашнинг машқий бир қиссасини эринмай ўқиб чиқиб, тағин, ўтириб олиб унга хат ёзиш!.. Мен ортиқ куйинмасдан бир гапни айтиб қўя қолай; Абдулла Қаҳҳордан бўлак бирон ёзувчининг ҳам бирон адибга шу тариқа мактуб бигганини билмайман. (Ўша пайтларда у кишидан Ўткир Ҳошимов ҳам хат олган эди.) Ҳозир эса туриб-туриб ўйлайман: «Мана, ёшинг ҳам ўгаяпти. Қандай ёзувчи бўлдинг — бу иккинчи масала. Бироқ сендан кейин адабиётга кириб келаётган ёшларнинг асарларини эринмай ўқияпсанми? Қайси бирига эринмай, ўз фикр-мулоҳазаларингни очиқ қилиб хат ёздинг?» дейман ўзимга. Мақтанолмайман. Бироқ адабиётга, ёш авлодга жонкуярлик туйғусининг ҳис этилишига, ўзи, Абдулла Қаҳҳор сабаб бўлганига иқрорман, холос.

Кунларнинг бирида дўстим Учқун Назаров: «Юринг, Абдулла акани бир кўриб келамиз», деб қолди. Мен дафъатан ҳайрон қолдим: «Абдулла акани…» Бу гап Учқуннинг тилидан шундайгина, бемалолгина чиқиб кетди. Худди анчайин бир одам бетоб ётибди-ю, уни бирров кўриб келишимиз лозимдай. Бу тариқа гап менга туйқус қувват бўлдими, унинг «Москвич»ига ўтирдим. Гўё Абдулла Қаҳҳор билан минг йиллик қадрдондекман-у, бирров кўриб келгани боряпман. Ҳаяжонланадиган ҳеч нарса йўқ. Аммо юрагим гуп-гуп уриб турарди. Энди ўйлайман: демак, ўшандаям Абдулла Қаҳҳорнинг қандай зот эканини қандайдир пинҳон инстинктларим билан туяр эканман-да? Бўлмасам нега юрагим уради?

Табиий, биз йўлакай ундан-бундан гаплашиб кетдик. Мен хотиржам эдим. Лекин ичимда… энди у кишини қай қиёфада кўришни, уйлари қандай эканини тасаввур қилишга тиришардим. Айни чоғда фавқулодда бораётганимиздан алланечук хижолат ҳисси мени эзишга эзарди-ю, тағин қандайдир манмансираган кишиларга хос ғурур туйғусини туярдим.

Герман Лопатин кўчасидаги уйларига бордик. Яна онт ичишга тайёрман: ўшанда Абдулла Қаҳҳорнинг қандай кийимда эканиям, уй-жиҳозларининг қандайлигиям ёдимда қолмаган. Мен эса хотираси суст киши эмасман. Йўк. Шуичаки… менинг диққатимни у нарсалар жилла ўзига жалб этмаганига ишонаман.

Залга кирдик. Абдулла ака узун столнинг нариги бетида — биз икковимиз бериги бетида. Мен… у кишига пастдан тикиламан. Гангиб қолгандекман. Аммо терлаб кетганим ёдимда. Улар нималар ҳақидадир гаплашишди. Учқун ўзини эркин тутарди. Шунга сал-пал ҳайрон қолиб… унга қараб-қараб қўйганим ҳам бор. Кейин Кибриё опа ярим косадан лағмон олиб келдилар. Учқун бемалол ея бошлади. Менинг томоғимдан ўтмас, наздимда, қошиқни ушлашим маҳол эди. Абдулла ака беозор кулимсираб:
— Енг, Кибриё опангиз чўзган, — дедилар.

Мен кулишимниям, кулмаслигимниям билмай:
— Йўқ, мен… Бизда… — деб чайналдим.

Шунда Учқун Назаров менинг Сурхондарёдан эканим, биз тарафларда «лағмон бўлмаслиги»ни айтиб, бирдан таништирди:
— Шукур Холмирзаев. «Тўлқинлар»нинг автори. Ўзингиз хат ёзгансиз…

Мен: «Ҳа, шундай бир айб иш қилганман… қисса ёзиб» дегандай у кишига мўлтираб қарадим ва негадир жавоб хат ёзмаганим учун энди қаттиқ хижолат тортдим.

Абдулла ака яна беозор кулимсираб, менга «кўзларининг ичидан» тикилиб қаради.
— Ҳа, шу… — деб бош ирғадим.

Ҳозир ўзимга-ўзимнинг ғашим келиб кетади: «Ахир, туппа-тузук тилинг бор. Баъзан жуда… полвон бўлиб кетасан. Унча-мунча одамнинг юзига гап айтишдан ҳам тоймайсан. Кейин пушаймон қилмаган пайтларинг ҳам бор… Бунча нўноқ экансан-а, ўша дамда? Очилиброқ гапирсанг, уни-буни сўрасанг, ўлармидинг? Ҳечқурса, гарангсиб ўтиргандан кўра… айтган гап- сўзларини қулоғингга ол эди», дейман. Энди, илож қанча!

У одамнинг салобати босган экан-да.

Абдулла Қаҳҳорнинг уйидан чиқаётганимизда, Учқун чаққонлик билан эшик оғзида хайрлашди:
— Чиқманг, Абдулла ака. Ҳаво салқин.

Абдулла ака менга… худди дарслик китобидан боқиб турган суратига ўхшаб майин жилмайди.
— Келиб туринг, — деди қандайдир авайлагандек.

  Мен: «У кишининг энсасини қотирдим, шекилли», деб ўйладим. 

Кейин негадир… бошқача хат ёзишни ўйлагандек, бошқача бир вазиятда келишим керак эди, шекилли, деган фикрда кетдим.

Учқун Назаровнинг яхши одатлари бор. Зерикса, «Кетдик, Шукур. Бир далаларга чиқиб келайлик», дейди. Мен у билан дўст бўлиб кетганимдан кейин сўзини қайтармасликни ҳам одат қилган эдим. Бир куни у: «Юринг, ёзувчилар боғига борамиз, Абдулла аканиям кўрамиз», деди. 

Кетдик.

Мен ўшангача ҳам ёзувчиларнинг Дўрмондаги ижод уйига бир неча марта борган, ундан-бундан қандайдир хавотирга ўхшаб кетадиган ички бир ҳавас ва ҳурмат билан: «Мана шу — Абдулла Қаҳҳорнинг дачаси», деган гапни эшитган, азамат липалар тагидан бурилиб кетган асфальт йўлга, унинг устини қоплаган ҳусайни узум бошларига, анча нарида адл кўтарилиб турадиган уч туп қарағайга ва қарағайларнинг ёнидан кўринадиган оппоқ айвонга ўйчан-ўйчан боққан эдим. Бироқ ўшанда боғда дам олаётган адибларнинг аксари мана шу липалар тагига келганда паст овозда сўзлашар, наздимда, Абдулла Қаҳҳорга халал беришни исташмас эди. 

Ўша учрашувни эсласам, шу манзара кўз олдимга келади. Ёзувчилар боғи билан Абдулла Қаҳҳорнинг боғини ажратиб турадиган ариқ устига қўйилган ёғоч каравот. Икки томонида — сувнинг келаётган ва кетаётган томонларида панжарали тўсиқлари бор. Сал нарида бир неча туп баҳайбат садалар битга япроғини ҳам ерга ташлашга қизғанган каби ғуж бўлиб турибди. Абдулла Қаҳҳор ўша тарафда қандайдир иккита ёстиққа суяниб, сал ёнбош бўлиб нимадир деяпти. Бериги бетда Одил Ёқубов билан Пиримқул Қодиров. Биз Учқун иккимиз ариқнинг ёзувчилар боғига қараган томонида, қўлбола қора ўчоққа осилган кичкина қозон атрофида уймалашамиз. Учқун ўт ёқаяпти. Онда-сонда каравотдагиларнинг гурунги қулоққа чалинади… Ажаб! Уларнинг гапини эшитиб қолишдан қандайдир хижолат бўлармидим, денг, ўша тарафга қарашга ботинолмайман. «Биз кичкина. Сизларга қилаётган шу хизматимиз ҳам — бизга етади: эътиборларинг оқибати…» дегандай.

  Энди ўйлайман: «Нега эшитмадинг? Шунга интилмадинг?… Анави қариянинг гапларини ёзиб олиш керак эди-ку? Ҳавога кетгандай энди… Э, уялмай ҳар нарса бўл…»

  Мана, Абдулла Қаҳҳор ҳақида хотиралар китоби чиқаяпти. Улкан рус адиблари ҳақида замондошлари битган кўп хотираларни ўқиганман. Айниқса, И.Буниннинг Чехов ҳақидаги ёдномалари ёқади. Унда Чеховнинг қандай ўтириши, ҳаво қандоқ экани ва нималар дегани ғоят аниқлик билан ёзилган. Ўзимнинг Абдулла Қаҳҳорни кўрган чоғларим ҳақида ўйлаб, хотираларимни беихтиёр анави ёдномаларга солиштиришни истасам: «Тавба, — дегим келади. — Бунин Чеховнинг уйига репортёр сифатида борар экан, холос. Ёки… унинг хотираси ўзи — мўъжиза». 

Ажаб, мен ҳам нималарнидир кўраман, «оламан» деб борардим-у, лекин ҳалигидай гангиб қолардим… 

Абдулла Қаҳҳор оламдан ўтди. Нашриёт ходимлари қатори мен ҳам тобут орқасидан эргашиб кетдим. Ўзимни тутолмай йиғлар эдим… Нега? Мен у зотни қачон яхши кўриб… бунчалик яхши кўриб қолган эдимки, ундан айри тушганим учун — кучим ҳеч нарсага етмаётгани учун жимгина кўзёш тўкиб кетяпман? 

«Чиғатой» қабристонидан қайтишда ҳар ким ўз йўли билан кетди. Мен бир таксига ўтирдим. Ёшгина, мурти бор бир бола: «Абдулла Қаҳҳор жуда… честний ёзувчи эди-я?» деб қолди. Мен унга ялт этиб қарадим. Юрагим увушиб кетди: «Честний ёзувчи… Ана бериладиган баҳо!» деб  ўйладим… 

Бундан бурун, ўн йил бурунмиди, хуллас, ёзувчилар боғида эдим. Кеч куз. Тепада нуқул қарғалар учади. Бекорчиликдан шекилли липалар тагига бордим. Кейин бирдан Абдулла Қаҳҳорнинг боғчасига қарадим. 

Кимсасиз. Токлар кўмилган. Олмалар япроғини тўккан. Баҳайбат садалар ҳам яланғоч. Хувиллаган маскан. Бу ерда ҳеч ким ҳеч қачон яшамагандек. Асфальт йўлкага яқинлашиб, боғнинг илгариги қиёфасини тасаввур этишга уриндим. Ҳа, сада остида ёғоч каравот кўринди. Унда Абдулла Қаҳҳор… Шунда шамол бўлиб, дарахтларни шилдиратди. Боғчанинг ҳувиллаб ётганини таъкидлади. «Э, Тангрим», деб липа остидаги сўрида ўтириб қолдим: — Одам ўтар экан-да… Лекин Абдулла Қаҳҳордек кишилар кўпроқ яшаса бўлади-ку?  Халқ ардокдар эди, алқар эди. Кўпнинг дуосиям тутиб туролмас эканда… Йўқ, ёзувчи ўлгандан кейин унинг иккинчи ҳаёти бошланади, дейдилар-ку, — дея ўзимга тасалли берган бўлдим-у, бу гапга ёпишиб олдим: «Фақат шу асос билан ундай одамнинг жисман оламдан ўтганини оқлаш мумкин эди. — Аммо чинданам шундай-да ўзи… Абдулла Қаҳҳор яшамаяптими? Унинг саҳифаларга муҳрланиб қолган сўзлари, туйғулари бунга гувоҳ эмасми?  Ўқинг… У дарҳол тирилади. Вой, адабиёт мўъжиза-я?» 

Ўзбек адабиётида ана шундай мўъжизаларни яратиб, қолдириб кетган инсонга топиниш мумкин. 

«Жон Абдулла ака! Раҳмат сизга… Биз баъзан китобларингизни варакдай олмай қолган бўлсак, маъзур тутинг. Ўзимиз айбдор. Бу билан ўзимизнинг камбағаллаштирамиз, холос… Вақтида сизнинг қадрингизга етмаган бўлсак, яъни менга ўхшаганлар сизга битта илиқ сўз, раҳмат айтолмаган бўлса, бунинг учун узр… Бу ҳам сизни беқиёс севишимиздан бўлса керак…»

1986

055АБДУЛЛА ҚАҲҲОР ЎГИТЛАРИ
03

* * *

Чуқур билим, ҳақиқий талант эгаси ўз кучига, олдинда кетаётганларга етиб олишига, бир сафда кетаётиб, ҳеч қачон орқада қолмаслигига ишонади. Маърифатсиз, талантсиз ёзувчи (ёзувчи эмас) эса, бировга етиб олишга ожизлик қилади-ю, уни чалиб йиқитишга, лоақал бўйнига кир латта илиб таъбини хира қилишга, юргани халал беришга уринади. Ҳақиқий талант эгаси бир-бирига ҳасад эмас, ҳавас қилади, бир-бирининг ғайратини келтиради. Булар орасида рақобат эмас, жамиятимизни олға силжитадиган куч-мусобақа бўлади.

* * *

Кўз ёши ё кўнгилдаги ғам-ғуссанинг дамини кесиш учун, ё бир бераҳмнинг раҳмини келтириш учун тўкилади.

* * *

Халқнинг қалбига узоқдан қўл солиб бўлмайди, қўл солиш учун унинг олдига бориш керак.

* * *

Мен ўз юртимда мусофир итдай думимни қисиб юришни хоҳламайман.

* * *

Юртдан чиқиш тириклай гўрга кириш деган сўздир.

* * *

Иш сабаби фақат тирикчилик эмас.

* * *

Ўғри мол ўғирласа, ичкилик жон ўғирлайди, жамият аъзосини сафдан чиқариб ташлайди.

* * *

Бир одамнинг бири ўн саккиз яшар, бири қирқ яшар иккита хотини бор экан: ёш хотинининг олдига борганда соч-соқолидаги оқ тукларни юлар экан, қари хотинининг олдига борганда — қора тукларини… Шундай қилиб бу одам моховдек бўлиб юрар экан.

* * *

Уйдирмачилик бошқа, олдиндан кўриш бошқа.

* * *

Биз хатоларни қанча тез тузатсак, ўтмиш маданиятимиз учун ҳам, келгуси тараққиётимиз учун ҳам шунчалик катта савоб иш қилган бўламиз.

* * *

Тилини тишлаб олган одам тишини суғуриб ташламайди.

* * *

Чаласавод киши ўзидан паст, нима деса «ҳикмат» деб турадиган одамлар билан улфатчилик қилишга мойилроқ бўлади.

* * *

Гапни тонналаб олингу граммлаб сотинг.

* * *

Битта гўл порахўрни тутишдан кўра йигирмата учар ўғрини тутиш осонроқ. Ўғри урган киши: «дод, ўғрини ушла» дейди, пора берган киши: «дод, порахўрни ушла!», — демайди.

* * *

Бошига иш тушган одамни шилиш — ўликнинг кафанини ечиб олишдай гап.

* * *

Бирор орзуси бўлмаган, бирор нарсага интилмаган одамнинг мушукдан нима фарқи бор!

* * *

Ростини билатуриб, ёлғон гапирган одамнинг гуноҳини кечириб бўлмайди.

* * *

Кўпсўзлилик ёлғоннинг юзини пардозлаш учун керак. Ҳақиқат шундай жононки, пардоз унинг ҳуснини бузади.

* * *

Ёлғизликнинг ўзи бир тутқунликдир.

* * *

Катакда семириб ётган товуқ учишнинг фойда-зиёнини қаёқдан билсин.

* * *

Душман отган тошдан жигаринг отган увада қаттиқ тегади.

* * *

Уй-жой бахт бўлса, иссиқ оғилда кавш қайтариб ётган сигирдан бахтлироқ жонивор бўлмас эди.

* * *

Умрдан бошқа ҳамма нарса қисқа бўлгани яхши. Умр сал узун бўлса зарари йўқ.

* * *

Дунёда муҳаббатни ҳар қандай қулфга тушадиган калитга айлантириб олган хотинлар ҳам бор.

* * *

Сукут — танқиднинг бир тури.

* * *

Бош тузалса, оёқ тиним олади.

* * *

Йўловчи ҳар бир ҳурган итнинг кетидан қуваверса, манзилга қачон етади?

* * *

Кишан олтин бўлса ҳам ҳар қалай кишан!

* * *

Овчига хизмат қилишдан фақат ит лаззат топади.

002Abdulla Qahhor tavallud topgan kunning 110  yilligi oldidan

ABDULLA QAHHORNI ESLAB…
Shukur XOLMIRZAEV
03

090Abdulla Qahhor deganda, darhol uning kitoblarini eslab, javonga qarayman. Daf’atan ko’rinmasa, sinchiklab boqaman. Keyin, ko’nglim joyiga tushadi. Agar u zot haqida o’ylanib qolsam, ko’z oldimga qaysidir sinfda o’qigan chog’imda «Vatan abadiyoti» darsligida ko’rganim — adibning ko’zoynak taqib, xiyol jilmayib tushgan surati keladi. Ajab, u odam bilan sal bo’lsada, muloqot qilish, gap-so’zini eshitish menga nasib etgan. Biroq taajjub, hamon u kishini eslasam, o’sha suratlari ko’z oldimga lop etib keladi. O’shanda bola bo’lganmiz. Bolalik xotiralari chippa yopishib, bir umr yoddan chiqmas bo’lmaydimi, shu boisdan u kishining siymosi o’sha surat shaklida miyamga o’rnashib qolgan shekilli.

Biroq men u kishini ilk marta Yozuvchilar soyuzida, minbarda ko’rganda unchalik hayajonlanmadim. Sochlari oqara boshlagan, ko’zoynak taqqan, xushbichimgina kishi so’zlayotgandek edi. Nega bunday tuyuldi menga? U zotni boshqacha tasavvur qilarmidim? Bilmayman. Eslolmayman. Har qalay jonli odamdan boshqacharoq tarzda tasavvur etib yurgan bo’lsam ehtimol. U kishi o’shanda adabiyot haqida, qandaydir asarlar haqida gapirdilar. Aytgan so’zlari, fikrlari yodimda qolmagan. Men u odamga parishonhol boqardim. So’zlari sodda, oddiy, g’oyat o’zbekcha. G’ira-shira esimda bor: qandaydir asar qurilmasi haqida gapirarkanlar, men yaxshi ko’rgan (o’shanda yaxshi ko’rgan) atamalardan birini ham tillaridan eshitmadim. Na syujet, na kompozitsiya, na obraz… yo’q. Boshqacha, juda jo’n nomlar bilan atab gapirardilarki, menga, ont ichib aytaman, Abdulla akaning o’zlariyam jo’n, sodda bo’lib ko’rinardilar. Endi atgang doyman: «E, nodon bola, o’sha atamalarni miyangga joylab olmaysanmi? Keyinchalik ularni o’zing izlab, qandaydir tarjima qilib, o’zbekchaga aylantirar ekansan-ku?» Yo’q, o’shanda o’sha sirli, salmoqli atamalarni og’iz to’ldirib aytgan kishi menga «katta, o’qimishli» bo’lib ko’rinishi kerak edi.

O’sha kezlar soyuzda proza, poeziya sektsiyasi mashg’ulotlari kanda qilinmay, o’z vaqtida o’tib turardi.

Men poeziya, proza muhokamasiga ham tayyorgarlik ko’rib kelardim. Bir-ikki yil mobaynida har bir mashg’ulotda so’zga chiqqanim, hatto shoir Husniddin Sharipov bilan munozara qilganim ham esimda.

O’shanda ayrim mashg’ulotlarga Abdulla Qahhor Kibriyo opa bilan kelib, bir chetda jimgina quloq solib o’tirishardi, Goho gapirmay chiqib ketishardi. Gapirgan bo’lsalar ham, aygganlari yodimda yo’q. Endi o’ylayman: adabiyot uchun, xususan yoshlar uchun nechog’lik qayg’urarkan u inson? Hozir ham o’sha mashg’ulotlar bo’lib turadi. Biz «katga» deb ataydigan qaysi zabardast adib borib bir chetda, yoshlarning so’zlariga diqqat bilan quloq solib o’giradi? U kishi o’tirar edi. Demak, bilishni, avlodlar nima haqida bahs yuritishini anglashni istar ekanlar — anglar ekanlar-da!

Universigetning to’rtinchi kursida o’qib yurganimda Abdulla Qahhordan xat oldim. Ko’p do’stlarim xatni ko’rib, hayajonga tushishdi. Ayrim domlalarim meni tabriklashdi. Lekin men qandaydir hayronlik ichida yurdim: «O’zlari shu yerda — Toshkentda yashasalar, nega xat yozadilar?» deb o’ylardim ba’zan… Ba’zan o’sha xatni qayta-qayta o’qib: «Javob yozsammikan?» derdim-da, beixtiyor kulimsirardim. Esimda bor: bir kuni men sevgan adiblardan biri Nosir Fozilovga Abdulla Qahhorning maktubini ko’rsatdim: «Nima qilay?» dedim. Nosir aka: «E, shoir ekansiz-ku? Darrov javob yozing! Boshim osmonga yetdi, deb yozing!» dedilar. Men «xo’p» deb ketdim-u, ko’chaga chiqib yana hayron qoldim: «Boshim osmonga yetmagan-ku?» Bu kalimani so’zma-so’z tushunganim yo’q, yo’q, men, masalan, xursand bo’lganimni bunday gap bilan izhor etolmasligimni angladim. Yo’q, bu gap — mening gapim emas. Yozsam ham, boshqacha qilib yozarman…
Bundan tashqari, men, yana qasam ichib aytaman, Abdulla Qahhordan bunday maktub olishdan unchalik faxrlanmadim ham. Xuddi shun
day. Nega? Nazarimda, asarim yaxshi bo’lsa, boshqa katta yozuvchilar ham shunday yo’qlovxat yozishlari mumkin edi, deb o’ylagan bo’lishim kerak. Lekin e, charxi kajraftor, bilmagan ekanman; Abdulla Qahhorday adiblar istisno tariqasida o’tar ekan! Oddiy bir qalamkashning mashqiy bir qissasini erinmay o’qib chiqib, tag’in, o’tirib olib unga xat yozish!.. Men ortiq kuyinmasdan bir gapni aytib qo’ya qolay; Abdulla Qahhordan bo’lak biron yozuvchining ham biron adibga shu tariqa maktub bigganini bilmayman. (O’sha paytlarda u kishidan O’tkir Hoshimov ham xat olgan edi.) Hozir esa turib-turib o’ylayman: «Mana, yoshing ham o’gayapti. Qanday yozuvchi bo’lding — bu ikkinchi masala. Biroq sendan keyin adabiyotga kirib kelayotgan yoshlarning asarlarini erinmay o’qiyapsanmi? Qaysi biriga erinmay, o’z fikr-mulohazalaringni ochiq qilib xat yozding?» deyman o’zimga. Maqtanolmayman. Biroq adabiyotga, yosh avlodga jonkuyarlik tuyg’usining his etilishiga, o’zi, Abdulla Qahhor sabab bo’lganiga iqrorman, xolos.

Kunlarning birida do’stim Uchqun Nazarov: «Yuring, Abdulla akani bir ko’rib kelamiz», deb qoldi. Men daf’atan hayron qoldim: «Abdulla akani…» Bu gap Uchqunning tilidan shundaygina, bemalolgina chiqib ketdi. Xuddi anchayin bir odam betob yotibdi-yu, uni birrov ko’rib kelishimiz lozimday. Bu tariqa gap menga tuyqus quvvat bo’ldimi, uning «Moskvich»iga o’tirdim. Go’yo Abdulla Qahhor bilan ming yillik qadrdondekman-u, birrov ko’rib kelgani boryapman. Hayajonlanadigan hech narsa yo’q. Ammo yuragim gup-gup urib turardi. Endi o’ylayman: demak, o’shandayam Abdulla Qahhorning qanday zot ekanini qandaydir pinhon instinktlarim bilan tuyar ekanman-da? Bo’lmasam nega yuragim uradi?

Tabiiy, biz yo’lakay undan-bundan gaplashib ketdik. Men xotirjam edim. Lekin ichimda… endi u kishini qay qiyofada ko’rishni, uylari qanday ekanini tasavvur qilishga tirishardim. Ayni chog’da favqulodda borayotganimizdan allanechuk xijolat hissi meni ezishga ezardi-yu, tag’in qandaydir manmansiragan kishilarga xos g’urur tuyg’usini tuyardim.

German Lopatin ko’chasidagi uylariga bordik. Yana ont ichishga tayyorman: o’shanda Abdulla Qahhorning qanday kiyimda ekaniyam, uy-jihozlarining qandayligiyam yodimda qolmagan. Men esa xotirasi sust kishi emasman. Yo’k. Shuichaki… mening diqqatimni u narsalar jilla o’ziga jalb etmaganiga ishonaman.

Zalga kirdik. Abdulla aka uzun stolning narigi betida — biz ikkovimiz berigi betida. Men… u kishiga pastdan tikilaman. Gangib qolgandekman. Ammo terlab ketganim yodimda. Ular nimalar haqidadir gaplashishdi. Uchqun o’zini erkin tutardi. Shunga sal-pal hayron qolib… unga qarab-qarab qo’yganim ham bor. Keyin Kibriyo opa yarim kosadan lag’mon olib keldilar. Uchqun bemalol yeya boshladi. Mening tomog’imdan o’tmas, nazdimda, qoshiqni ushlashim mahol edi. Abdulla aka beozor kulimsirab:
— Yeng, Kibriyo opangiz cho’zgan, — dedilar.

Men kulishimniyam, kulmasligimniyam bilmay:
— Yo’q, men… Bizda… — deb chaynaldim.

Shunda Uchqun Nazarov mening Surxondaryodan ekanim, biz taraflarda «lag’mon bo’lmasligi»ni aytib, birdan tanishtirdi:
— Shukur Xolmirzaev. «To’lqinlar»ning avtori. O’zingiz xat yozgansiz…

Men: «Ha, shunday bir ayb ish qilganman… qissa yozib» deganday u kishiga mo’ltirab qaradim va negadir javob xat yozmaganim uchun endi qattiq xijolat tortdim.

Abdulla aka yana beozor kulimsirab, menga «ko’zlarining ichidan» tikilib qaradi.
— Ha, shu… — deb bosh irg’adim.

Hozir o’zimga-o’zimning g’ashim kelib ketadi: «Axir, tuppa-tuzuk tiling bor. Ba’zan juda… polvon bo’lib ketasan. Uncha-muncha odamning yuziga gap aytishdan ham toymaysan. Keyin pushaymon qilmagan paytlaring ham bor… Buncha no’noq ekansan-a, o’sha damda? Ochilibroq gapirsang, uni-buni so’rasang, o’larmiding? Hechqursa, garangsib o’tirgandan ko’ra… aytgan gap- so’zlarini qulog’ingga ol edi», deyman. Endi, iloj qancha!

U odamning salobati bosgan ekan-da.

Abdulla Qahhorning uyidan chiqayotganimizda, Uchqun chaqqonlik bilan eshik og’zida xayrlashdi:
— Chiqmang, Abdulla aka. Havo salqin.

Abdulla aka menga… xuddi darslik kitobidan boqib turgan suratiga o’xshab mayin jilmaydi.
— Kelib turing, — dedi qandaydir avaylagandek.

Men: «U kishining ensasini qotirdim, shekilli», deb o’yladim.

Keyin negadir… boshqacha xat yozishni o’ylagandek, boshqacha bir vaziyatda kelishim kerak edi, shekilli, degan fikrda ketdim.

Uchqun Nazarovning yaxshi odatlari bor. Zeriksa, «Ketdik, Shukur. Bir dalalarga chiqib kelaylik», deydi. Men u bilan do’st bo’lib ketganimdan keyin so’zini qaytarmaslikni ham odat qilgan edim. Bir kuni u: «Yuring, yozuvchilar bog’iga boramiz, Abdulla akaniyam ko’ramiz», dedi.

Ketdik.

Men o’shangacha ham yozuvchilarning Do’rmondagi ijod uyiga bir necha marta borgan, undan-bundan qandaydir xavotirga o’xshab ketadigan ichki bir havas va hurmat bilan: «Mana shu — Abdulla Qahhorning dachasi», degan gapni eshitgan, azamat lipalar tagidan burilib ketgan asfal`t yo’lga, uning ustini qoplagan husayni uzum boshlariga, ancha narida adl ko’tarilib turadigan uch tup qarag’ayga va qarag’aylarning yonidan ko’rinadigan oppoq ayvonga o’ychan-o’ychan boqqan edim. Biroq o’shanda bog’da dam olayotgan adiblarning aksari mana shu lipalar tagiga kelganda past ovozda so’zlashar, nazdimda, Abdulla Qahhorga xalal berishni istashmas edi.

O’sha uchrashuvni eslasam, shu manzara ko’z oldimga keladi. Yozuvchilar bog’i bilan Abdulla Qahhorning bog’ini ajratib turadigan ariq ustiga qo’yilgan yog’och karavot. Ikki tomonida — suvning kelayotgan va ketayotgan tomonlarida panjarali to’siqlari bor. Sal narida bir necha tup bahaybat sadalar bitga yaprog’ini ham yerga tashlashga qizg’angan kabi g’uj bo’lib turibdi. Abdulla Qahhor o’sha tarafda qandaydir ikkita yostiqqa suyanib, sal yonbosh bo’lib nimadir deyapti. Berigi betda Odil Yoqubov bilan Pirimqul Qodirov. Biz Uchqun ikkimiz ariqning yozuvchilar bog’iga qaragan tomonida, qo’lbola qora o’choqqa osilgan kichkina qozon atrofida uymalashamiz. Uchqun o’t yoqayapti. Onda-sonda karavotdagilarning gurungi quloqqa chalinadi… Ajab! Ularning gapini eshitib qolishdan qandaydir xijolat bo’larmidim, deng, o’sha tarafga qarashga botinolmayman. «Biz kichkina. Sizlarga qilayotgan shu xizmatimiz ham — bizga yetadi: e’tiborlaring oqibati…» deganday.

Endi o’ylayman: «Nega eshitmading? Shunga intilmading?… Anavi qariyaning gaplarini yozib olish kerak edi-ku? Havoga ketganday endi… E, uyalmay har narsa bo’l…»

Mana, Abdulla Qahhor haqida xotiralar kitobi chiqayapti. Ulkan rus adiblari haqida zamondoshlari bitgan ko’p xotiralarni o’qiganman. Ayniqsa, I.Buninning Chexov haqidagi yodnomalari yoqadi. Unda Chexovning qanday o’tirishi, havo qandoq ekani va nimalar degani g’oyat aniqlik bilan yozilgan. O’zimning Abdulla Qahhorni ko’rgan chog’larim haqida o’ylab, xotiralarimni beixtiyor anavi yodnomalarga solishtirishni istasam: «Tavba, — degim keladi. — Bunin Chexovning uyiga reportyor sifatida borar ekan, xolos. Yoki… uning xotirasi o’zi — mo»jiza».

Ajab, men ham nimalarnidir ko’raman, «olaman» deb borardim-u, lekin haligiday gangib qolardim…

Abdulla Qahhor olamdan o’tdi. Nashriyot xodimlari qatori men ham tobut orqasidan ergashib ketdim. O’zimni tutolmay yig’lar edim… Nega? Men u zotni qachon yaxshi ko’rib… bunchalik yaxshi ko’rib qolgan edimki, undan ayri tushganim uchun — kuchim hech narsaga yetmayotgani uchun jimgina ko’zyosh to’kib ketyapman?

«Chig’atoy» qabristonidan qaytishda har kim o’z yo’li bilan ketdi. Men bir taksiga o’tirdim. Yoshgina, murti bor bir bola: «Abdulla Qahhor juda… chestniy yozuvchi edi-ya?» deb qoldi. Men unga yalt etib qaradim. Yuragim uvushib ketdi: «Chestniy yozuvchi… Ana beriladigan baho!» deb o’yladim…

Bundan burun, o’n yil burunmidi, xullas, yozuvchilar bog’ida edim. Kech kuz. Tepada nuqul qarg’alar uchadi. Bekorchilikdan shekilli lipalar tagiga bordim. Keyin birdan Abdulla Qahhorning bog’chasiga qaradim.

Kimsasiz. Toklar ko’milgan. Olmalar yaprog’ini to’kkan. Bahaybat sadalar ham yalang’och. Xuvillagan maskan. Bu yerda hech kim hech qachon yashamagandek. Asfal`t yo’lkaga yaqinlashib, bog’ning ilgarigi qiyofasini tasavvur etishga urindim. Ha, sada ostida yog’och karavot ko’rindi. Unda Abdulla Qahhor… Shunda shamol bo’lib, daraxtlarni shildiratdi. Bog’chaning huvillab yotganini ta’kidladi. «E, Tangrim», deb lipa ostidagi so’rida o’tirib qoldim: — Odam o’tar ekan-da… Lekin Abdulla Qahhordek kishilar ko’proq yashasa bo’ladi-ku? Xalq ardokdar edi, alqar edi. Ko’pning duosiyam tutib turolmas ekanda… Yo’q, yozuvchi o’lgandan keyin uning ikkinchi hayoti boshlanadi, deydilar-ku, — deya o’zimga tasalli bergan bo’ldim-u, bu gapga yopishib oldim: «Faqat shu asos bilan unday odamning jisman olamdan o’tganini oqlash mumkin edi. — Ammo chindanam shunday-da o’zi… Abdulla Qahhor yashamayaptimi? Uning sahifalarga muhrlanib qolgan so’zlari, tuyg’ulari bunga guvoh emasmi? O’qing… U darhol tiriladi. Voy, adabiyot mo»jiza-ya?»

O’zbek adabiyotida ana shunday mo»jizalarni yaratib, qoldirib ketgan insonga topinish mumkin.

«Jon Abdulla aka! Rahmat sizga… Biz ba’zan kitoblaringizni varakday olmay qolgan bo’lsak, ma’zur tuting. O’zimiz aybdor. Bu bilan o’zimizning kambag’allashtiramiz, xolos… Vaqtida sizning qadringizga yetmagan bo’lsak, ya’ni menga o’xshaganlar sizga bitta iliq so’z, rahmat aytolmagan bo’lsa, buning uchun uzr… Bu ham sizni beqiyos sevishimizdan bo’lsa kerak…»

1986

055ABDULLA QAHHOR O’GITLARI
03

* * *

Chuqur bilim, haqiqiy talant egasi o’z kuchiga, oldinda ketayotganlarga yetib olishiga, bir safda ketayotib, hech qachon orqada qolmasligiga ishonadi. Ma’rifatsiz, talantsiz yozuvchi (yozuvchi emas) esa, birovga yetib olishga ojizlik qiladi-yu, uni chalib yiqitishga, loaqal bo’yniga kir latta ilib ta’bini xira qilishga, yurgani xalal berishga urinadi. Haqiqiy talant egasi bir-biriga hasad emas, havas qiladi, bir-birining g’ayratini keltiradi. Bular orasida raqobat emas, jamiyatimizni olg’a siljitadigan kuch-musobaqa bo’ladi.

* * *

Ko’z yoshi yo ko’ngildagi g’am-g’ussaning damini kesish uchun, yo bir berahmning rahmini keltirish uchun to’kiladi.

* * *

Xalqning qalbiga uzoqdan qo’l solib bo’lmaydi, qo’l solish uchun uning oldiga borish kerak.

* * *

Men o’z yurtimda musofir itday dumimni qisib yurishni xohlamayman.

* * *

Yurtdan chiqish tiriklay go’rga kirish degan so’zdir.

* * *

Ish sababi faqat tirikchilik emas.

* * *

O’g’ri mol o’g’irlasa, ichkilik jon o’g’irlaydi, jamiyat a’zosini safdan chiqarib tashlaydi.

* * *

Bir odamning biri o’n sakkiz yashar, biri qirq yashar ikkita xotini bor ekan: yosh xotinining oldiga borganda soch-soqolidagi oq tuklarni yular ekan, qari xotinining oldiga borganda — qora tuklarini… Shunday qilib bu odam moxovdek bo’lib yurar ekan.

* * *

Uydirmachilik boshqa, oldindan ko’rish boshqa.

* * *

Biz xatolarni qancha tez tuzatsak, o’tmish madaniyatimiz uchun ham, kelgusi taraqqiyotimiz uchun ham shunchalik katta savob ish qilgan bo’lamiz.

* * *

Tilini tishlab olgan odam tishini sug’urib tashlamaydi.

* * *

Chalasavod kishi o’zidan past, nima desa «hikmat» deb turadigan odamlar bilan ulfatchilik qilishga moyilroq bo’ladi.

* * *

Gapni tonnalab olingu grammlab soting.

* * *

Bitta go’l poraxo’rni tutishdan ko’ra yigirmata uchar o’g’rini tutish osonroq. O’g’ri urgan kishi: «dod, o’g’rini ushla» deydi, pora bergan kishi: «dod, poraxo’rni ushla!», — demaydi.

* * *

Boshiga ish tushgan odamni shilish — o’likning kafanini yechib olishday gap.

* * *

Biror orzusi bo’lmagan, biror narsaga intilmagan odamning mushukdan nima farqi bor!

* * *

Rostini bilaturib, yolg’on gapirgan odamning gunohini kechirib bo’lmaydi.

* * *

Ko’pso’zlilik yolg’onning yuzini pardozlash uchun kerak. Haqiqat shunday jononki, pardoz uning husnini buzadi.

* * *

Yolg’izlikning o’zi bir tutqunlikdir.

* * *

Katakda semirib yotgan tovuq uchishning foyda-ziyonini qayoqdan bilsin.

* * *

Dushman otgan toshdan jigaring otgan uvada qattiq tegadi.

* * *

Uy-joy baxt bo’lsa, issiq og’ilda kavsh qaytarib yotgan sigirdan baxtliroq jonivor bo’lmas edi.

* * *

Umrdan boshqa hamma narsa qisqa bo’lgani yaxshi. Umr sal uzun bo’lsa zarari yo’q.

* * *

Dunyoda muhabbatni har qanday qulfga tushadigan kalitga aylantirib olgan xotinlar ham bor.

* * *

Sukut — tanqidning bir turi.

* * *

Bosh tuzalsa, oyoq tinim oladi.

* * *

Yo’lovchi har bir hurgan itning ketidan quvaversa, manzilga qachon yetadi?

* * *

Kishan oltin bo’lsa ham har qalay kishan!

* * *

Ovchiga xizmat qilishdan faqat it lazzat topadi.

045

(Tashriflar: umumiy 1 542, bugungi 1)

Izoh qoldiring