Javlon Jovliyev. Ozodlik

Ashampoo_Snap_2017.08.23_20h48m43s_004_.png   Аёл ортиқ гапиролмади. Оппоқ юзларидан дона-дона ёш томчилари думалаб тушарди. Кўзлариданмас, лабларидан ёш қуюлиб келаётгандан, кафти билан оғзини ёпиб олди. Қишлоқ идорасининг пастқам деразасидан ёнғоқнинг шапалоқдай ям-яшил барглари кўриниб турар, барглар орасида эса қуёшнинг парчаланган нурлари акс этарди. Тоға асабий титрар, нуқул бўйинбоғини пастга тортиб, хўрсинарди.

Жавлон ЖОВЛИЕВ
ОЗОДЛИК
991

05Жавлон Жовлиев (Жовлиев Жавлонбек Ортиқович) – 1991 йил Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани, Ғиштли қишлоғида туғилган. 2010–2014 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг «Санъатшунослик журналистикаси» йўналишида таҳсил олган. 2015 йилдан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Санъатшунослик ва маданиятшунослик” кафедраси, “Санъат назарияси ва тарихи” (Саҳна ва экран драматургияси) йўналиши магистранти. Ҳозирги кунда ўқиш билан биргаликда, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг «Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси» нашриётида муҳаррир сифатида фаолият олиб бормоқда. “Ёшлик”, “Театр”, “Инфолиб” журналларида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ҳуррият”, “Тошкент оқшоми” ва бошқа матбуот нашрларида ижодий ишлари ва мақолалари чоп этилган. Жовлиев Жавлон бугунги кунда ижодий ишлари билан биргаликда “Мустақиллик йилларида саҳнада акс этган мутафаккир зиёлилари образи” (Ўзбек Миллий Академик драма театр мисолида) мавзусида илмий иш устида ишламоқда.

991

I

14619798021tyu.jpeg– Тоға…
– Ахир, айтдим-ку, сенга!

– Тоға, илтимос!
– Эй..!
– Тоға..! Ёрдам беринг, тоға, болаларим ҳаққи…

Аёл ортиқ гапиролмади. Оппоқ юзларидан дона-дона ёш томчилари думалаб тушарди. Кўзлариданмас, лабларидан ёш қуюлиб келаётгандан, кафти билан оғзини ёпиб олди. Қишлоқ идорасининг пастқам деразасидан ёнғоқнинг шапалоқдай ям-яшил барглари кўриниб турар, барглар орасида эса қуёшнинг парчаланган нурлари акс этарди. Тоға асабий титрар, нуқул бўйинбоғини пастга тортиб, хўрсинарди. Жиянига раҳми келар, лекин қўлидан тайинли иш келмаслигидан ўкинарди. Тоға бироз жим тургач, дадил гапирди:

– Жиян, нима бўлса бўлар, ёзамиз! Вилоятдаги энг каттага, Обком секретарига…

Жиян кўз ёшларини артиб, сергакланди. Ичида эрини қамоқдан чиқариш умиди порлагани учун дум-думалоқ, серкиприк кўзлари катта-катта очилди, бироз олдингга чиққан ияклари титраб кетди.

– Мен ёзишни билмайман-да…
– Мактабни тугатгансан-ку, жиян…Наҳотки?!

– Йўқ… Ёзишни биламан…Ариза ёзишнинг тартиб-қоидасини билмайман, демоқчийдим…

– Мен ўргатаман… Эрингни сен яхши биласан… Кейин… аёл кишининг ёзганларига катталар бошқача қарайди, деб эшитганман. Шундай ёзилмаган қонунлар бор-да, жиян… Лекин таъсирли қилиб, ишонарли қилиб ёз… Фақат, ҳар хил узун-қулоқ гапларни аралаштирмай ёзишинг керак. Сенинг хатингдан кейин, айтиб бўладими, кимларгадир бало келиб, раис-паисними панжарага тиқиб қўймасин. Ҳеч кимни айбдор, туҳматчи, деб ёзма… Акс ҳолда уларнинг айбини тан олдиришингга тўғри келади. Сенга ўхшаб бировнинг хотини чирқиллаб қолмасин, жиян…

– Худойим сақласин, бундай кунни душманимга ҳам раво кўрмайман, тоға. Куёвингиз қамоқдан чиқса бўлди… Кичкинам соғинганидан ичикиб қолди…

– Ана шуни ёз, тўртта болам билан азобдамиз, раҳм қилинг, эрим аслида партияни севадиган, унинг содиқ вакили де. Шундаймиди ахир?

– Ҳа… мен тушунмайман… уйда фахрий ёрлиқлари бор…

– Хуллас, жиян, ма қоғоз, мана қалам! Ёз, ҳозир нималарга эътибор беришингни айтиб тураман, уйингга бориб ёзасан.

Жувон эскириб, сарғайиб кетган стуллардан бирига уни ғичирлатишдан қўрққандек оҳиста ўтирди.

– Ёз, маълумоти… қачон, қаерда ўқиган… фаоллигини… хуллас, биласан-ку! Ёздингми?

Калтадан келган, қориндор тоға, оддий колхозчи жиянининг ёзганларини тушунса бўладими деб, қорнини столга тираб, бўйнини чўзиб қаради-ю илжайиб қўйди. Минг қилса ҳам ўзининг жияни-да, ҳуснихати ҳам аъло экан…

– Ҳм… ундан сўнг, иш жойи, ёздингми? Кейин айби… яна, ҳа, олдин хулқини ҳам ёз.

– Айби йўқ бўлса-чи?

– Қандай гумон билан қамалганини ёзасан-да, қизиқсанай, жиян! Кейин, болаларинг ва усиз қийналаётганинг… Нима истасанг, қалбингдагини тўкиб сол жиян. Кесиб-қисқартириб ташлаш осон… Сенга уларнинг раҳми келиши керак. Сенга, ёш жонингга ва болаларингга раҳми келиб ёрдам берар… Бекорга умри завол бўляпти боланинг, ўткир йигит эди деб… Раёнга ўтди-ю… Ҳа, эсингдан чиқмасин… Бугун кечаси билан ёз… Эрта тонг отиши билан менга олиб кел… Туманга ҳисобот топширгани борганимда ими-жимида почта қутисига ташлаб келаман.

– Тоға, раҳмат! Худо қўлласин!
– Опам яхшими?

– Ҳм, энамнинг олдига ҳам чиқолмаяпман, ўзи келади…
– Нимага?
– Болалар бор… Бундан кейин эримнинг йўқлиги учун уйдан чиқиш…

– Тушунарли, яхши қиласан! Ҳа, мана буни олиб қўй, жиян… янганг боққан қўчқорни сўйгандик… Сенга илиндик.

– Йўқ… йўқ…
– Болаларингга…

– Болаларим гўштга ишқибозмас…
– Ол, дедим сенга!

– Тоға…
– Ҳаммаси яхши бўлади… Мана кўрасан, яхши бўлади…

Жувон икки килоча гўшт солинган товоқни титроқ қўллари билан олиб, яна қуйилиб келаётган кўз ёшларини артди. Аёлга гўшт жуда оғирдай туйилиб кетди. Ўраниб олган рўмоли билан юзини ёпган бўлди. Негадир, кўз ёшлари тинай демасди. Жувон чиқиб кетаётганда тоға уни тўхтади.

– Ҳа, жиян… Тартиб билан ёз… Маълумоти… Ишлаган жойлари… Қамоққа олинишининг сабаби ўзинг билганингча, одоби, оилапарварлиги, фарзандларинг азобланиши… Ўйлама, жиян… Эринг чиқиб келади. Ҳа, тўхта… шўрва қилиб ичинглар, гўшт сенга ҳам қувват бўлади. Қуриб кетибсан…

– Эрим қайтса бўлди, мен ҳаммасига чидайман…

– Қайтади… жиян, қайтади…

II. Маълумоти

Хўжайним, Жонтемиров Эгамберди ўзимизнинг «Комсомол» қишлоқ мактабини тугатган. Олтин медаль билан. Медаль ҳозир уйимизда турибди, ишонмасангизлар олиб бориб кўрсатишим мумкин. Ўша йили мен еттинчи синфда ўқирдим. Ҳамма ўқувчилар олтин медаль олган Эгамберди акага ҳавас билан қараган, шулар қаторида мен ҳам бор эдим. Негадир ўша пайтда Эгамберди аканинг мендан бир синф кейин ўқийдиган синглисига ҳавасим келган. Шундай акаси борлиги учун.

Ҳамма Эгамберди акамни Тошкентга кетади, хоҳлаган ўқишига киради, деб ўйларди. Лекин дадаси… (“дадаси” ўчирилиб “Жонтемиров Эгамберди” деб ёзилган) Тошкентга эмас, ўзимизнинг Қаршидаги Қишлоқ хўжалиги институтининг механика факультетига кирди. У бошқалардай катта шаҳарга интилса бўларди. Лекин дадаси (яна шу сўзни ўчириб, ўрнига эрининг исм-фамилияси ёзилган) ёлғиз онасини ташлаб кетишни истамайди. Уни ҳар қандай орзуларидан баланд тутарди. Сизга қайнонам ҳақида ҳам ёзсам. У жуда оқила аёл эди ва менга ҳатто бирор марта қаттиқ гапирмаган… У боласига фақат ва фақат меҳр, ҳалол луқма бериб катта қилган ҳақиқий пахтакор аёл эди. Медали ҳам бор, ўзлари тўрт йил бурун қазо қилгандилар, пилла маҳалида эди… Медали уйимиздаги сандиқда.

Жонтемиров Эгамберди, яъни эрим, қишлоққа олий маълумотли инженер бўлиб қайтади. Қайнонам хурсандлигидан битта катта қўй сўйган. Ўғлининг баҳоларини, қизил дипломини ҳаммага кўрсатган. У одамлар ҳалиям тирик, исбот учун сўзлашлари мумкин… Эрим мард, ҳақгўй, ақлли одам. Авваллари эримдаги ақл ҳамма институтда ўқиганларда бўлса керак деб юрардим. Лекин ундай эмас экан. Қишлоқда кўплаб институтни тугатиб ишлаётганлар у кишидек эмас. Мактабда бешинчи синфда ўқийдиган ўғлимнинг айтишича, Али муаллим исмини ҳам хато ёзармиш, бўлмаса институтни тугатган. Лекин Эгамберди акам ҳалол ўқиб маълумот олган. Унинг эришган ютуқлари фақат ва фақат ўзининг зеҳни, меҳнати эвазига эканлигини биламан… Сиз ҳам бунга ишонишингизни ўтиниб сўрайман. Унда туғма қобилият бор. Шундай инсонинг маълумоти сохта бўлиши мумкинми?! Уни нега ушлаб турибсизлар? Унинг дипломида ҳеч қандай қора доғ йўқ! Юрагидай тоза! Илтимос, болаларим азобда! У кишини озод этинг!

***

– Маълумотинг?
–…

– Маълумотингни сўраяпман?
–….

– Сенга айтяпман? Ов, ҳўкиз!

Терговчи маҳбус қошида қаққайиб турган қоровулга ғижиниб қаради.

– Нима қилдинглар буни, ғажиб-эзиб ташладингларми? Устига сув сеп, қара, қирғоқда қолган балиқдай оғзини катта очишини…

Қоровул челакдаги сувни эриниб кўтарди-да маҳбуснинг юзига чунонам иштиёқ билан сепди. Сепилган сув зарбидан маҳбус ағнаб кетди. Сув терговчининг юзига ҳам сачраб, оппоқ кўйлагини нам қилди. Унинг кўзидан ўт чиқиб, қоровулга бақирмоқчи бўлди-ю, индамади… Сигарет тутатди… Маҳбус эса қалтираб, ғужанак бўлиб ҳўл бетонда ётарди. Қамоқхона қоровули уни ўтирғизиб қўйди.

– Маълумотинг? Гапир, Гапир!
– Инженер…

– Қачон тугатгансан…
– Қулоғим эшитмаяпти… ғингиллаган овоздан бошқа нарса эшитмаяпти…

– Нима мени алдамоқчимисан? Бутун СССРни алдаб келганларинг етмайдими? Пахтани талон-тарож қилганларинг етмайдими? Гапир, гапир… Йўқ, бу умуман терговга ярамай қолибди-ку!

– …
– Мастдай мудрайсан, мудрайсан… Мана, сенга, мана…

Терговчи маҳбусни урушдан бирдан тўхтаб қолди. Қўлларига ачинди. Ранги бўзарган, қуруқ суяк, бунчалар исқирт… Ахир ҳамма маҳбусгаям ўзини шунақа койитаверса ҳа демай аҳволига маймунлар йиғлайди, умри эрта тугайди. Ҳали булар орқали қанақанги наҳангларни зириллатиши керак… Лекин юзи жуда қаттиқ экан. Терговчининг қўллари зирқираб қолди…

III. Иш фаолияти

Қишлоғимизда яхшигина ишлаб юрувди. Мен аниғини билмайман, нимадир бўлди-ю, шаҳарга ишга ўтиб кетдилар. Бир куни жуда хурсанд бўлиб келди. Туман бўйича катта бўлибдилар. Қайси иш, қандай лавозим – мен буларни яхши тушунмайман. Лекин ишни оддий юмушдан бошлаганлар. Фермада техник, кейин бош техник, кейин қишлоқ бўйича бош инженер, кейин туманга катта… Уйга ортиқча битта темир олиб келганлигини билмайман. Ҳеч кимдан ҳеч қандай пора олмаганлар. Мен бунга кафилман. Умрим билан, болаларим ҳаққи қасам ичаман. Улар ҳаромдан ҳазар қилади. Бунинг сабаби ҳам бор, раҳматли қайнонамга ваъда берган экан. Қайнонам ўғлини бир кун олдига олиб: «Ҳаром еб яшама… ҳаром яшама… Бировдан ёки давлатдан сўрамай битта миқ олсанг сендан у дунё-бу дунё рози бўлмайман» – деган. Отаси аҳдида турадиган бир сўзли одам. Тўғри, қайсар, ўзининг гапини ўтказадиган. Лекин бу қатъиятни эркак кишига хос деб биламан. У киши бировни ноҳақ урушмасдилар. Менга танбеҳ берганида ҳам ўзим айбдор, ўзим аҳмоқлик, жаҳли чиқишига арзийдиган бефаҳмлик қилган бўлардим. Аммо айбни доим ўзимдан қидирганим учун ҳеч қачон гап қайтармаганман. Шунинг учун уйимизда доим эримнинг гапи билан суҳбатимиз тугарди. Мен бирдан кечирим сўрардим. У киши бирдан кечирар, одамгарчилик қиларди. Мени доим ҳурмат қилган. Сизга муносиб эмасман, омиман, десам мени урушарди. Ундай дема, дерди. Мен эса у кишини шу гапим билан кўп хафа қилардим. Нима қилай, ўқимаганман-да! Лекин Эгамберди акам касбига хиёнат қиладиган одам эмасди. Ишонмасангиз қўлида ишлаганлардан сўранг… Ҳаммаси уни билади… Шермат ака, Турсун ака, Болтабой бува… Фақат Ўктам мудирдан сўраманглар… Бир маҳаллар отаси унинг айбини билиб қолиб, роса савалаган экан. Шундай бери бизни кўра олмайди. Бир гап чиқариб, туҳматга қолишдан қўрқаман.

Туманга катта бўлганларидан кейин уйга кеч қайтадиган бўлиб қолди. Келганда ҳам доим ҳолсиз, суви сўриб олинган узумдай бўшашиб… бирдан ухлаб қоларди. Суюқ овқатни яхши кўрардилар. Шуни бироз тотгандай бўлиб уйқуга кетарди. У киши кўп кишиларга ёрдам берди. Қишлоқнинг оддий одамларига, бечораларга қарашди. Улар ҳозир ҳам болаларимнинг отасини дуо қилаётган бўлса керак. Бемалол сўраб-суриштиринг, улар гувоҳликка ўтишади. Фарзандларим ҳаққи қасам ичаман, эримнинг иши тоза! Юқорининг қонунлари адолатли деб айтишади-ку! Унинг гуноҳи йўқ. Уни озод қилинг! Ўтиниб-ўтиниб сўрайман сиздан!

IV

– Иш жойингни расво қилдинг, пора олиб шишдинг! Қўшиб ёзишинг орқали топган пулларинг қаердан келаётганини, сен иттифоққа қанчалик зарар келтирганингни биласанми? Сендайларни қора қурт деса ҳам бўлади, сассиқ қурт деса ҳам бўлади…

Терговчи негадир бугун ҳаддан ташқари асабий эди, устига устак маҳбуснинг мудраб ўтиргани унинг баттар ғашига тегяпди. Ўзи бу оқшом тергов қилиш ният йўқ эди… Ҳаммасини ўша ойимча расво қилди. Бугун уни ётоғига қабул қилмади.

– Манжалақи…

Терговчи машуқасини эслаб сўкинди, унинг силлиқ юзлари билинар-билинмас титради. Асабига тегиб, ёнидаги давангир қоровул ҳам мудрай бошлади.

– Ҳой – терговчи столга шарақлатиб урди. Қоровул оёғи тагида илон кўргандай тепага отилиб сакради.

– Эшитаман, ўртоқ капитан?
– Мудрама! Етар манави ҳўкизнинг мудрагани…

Шунда маҳбус нималардир деб гапира бошлади. Капитан ҳеч нима тушунмади. Турма қоровулига қулоқ тут дегандай имлади.

– У нима деди?
– Она, дегандай бўлди, ўртоқ капитан…
– Э, онасини!..

Капитаннинг ёдига ҳам тўсатдан ўз онаси келди. Онасининг кўм-кўк кўзлари меҳрдан порлаб турарди. У, айниқса, умрининг охирларида ўғлига жуда меҳрибон бўлиб қолганди. Сергап, йиғлоқи кампири: “Серёжа, асалли нон е, Серёжа, малинали мураббодан татиб кўр, ўзим сенинг келишингга атайлаб пиширганман” – дея жаврагани-жавраган эди… Ўша пайтларда шуҳратдан бошқа нарсани ўйламайдиган ёш терговчи учун буларнинг бари бачканаликдай туйиларди. Лекин тан олиш керакки, онасидан кейин ҳеч кимдан бундай меҳр-муҳаббат кўрмади! Хотини Галя унга меҳр бердими? Битта фарзанд туғиб берди-ю, чўчқадай семириб, дарғазаб, сергап бўлиб кетди. Бу ердан топган машуқаси уни бугун хонасига киритмади.

– Она, чарчаб кетдингиз кетдик…

Маҳбус алаҳсирар, хаёлида онаси билан суҳбат қурарди. У теракзор ичида улоқчаларини боқиб юрган эмиш. Баҳор фасли, тупроқнинг ширин ҳиди оламни тутган, турли майсалар барқ урган… Ерда чучмома, қоқигул, отқулоқ, ялпиз….Уларнинг кўпини бола узиб еб кўради. Онаси шунда тепадан огоҳлантиради: «Болам, ерда ўсган ҳамма ўтни еб бўлмайди…» Бола жажжи қўлларини пешонасига қўйганча теракзор ичида онасига қарайди, шунча олисда туриб нима узиб еганини онаси қаердан билибди экан…

«Ҳаром ема»… Она узоқдан гапираётгани учун унинг овози акс-садо бериб, бутун оламга сочилмоқда эди. “Ҳаром ема! Ҳаром ема, ҳаром еган одам гадойдир… Пора олган одам, кўчада қўл очиб турган тиланчидан фарқи йўқ. Икки дунёинг куйиб кетади, полвоним…

Бола, теракзор ичида онаси томон чопиб кетади. Боланинг орқасидан қуёш бобо тераклардан сакраб ўтиб эргашади. Майин шабада эса бола пешонасида зўрға жон сақлаганча, унга ширин табассум бахш этиб кетаверади.

– Она…

– Сенга онанг тарбия берганми ё пора билан одам бўласан, деб катта қилганми? Эй, лўттибоз… қишлоқ техникаларини атайлаб ишдан чиқариб сотганинг эсингдан чиқмагандир? Энг катта айбинг – Райкомга пора бериб туманга бош инженер, кейин обкомга пора бериб туманга бош бўлиб олгансан… Санлар шунчалик ҳаромсанларки… тоза нарсанинг фарқига бормай қолгансан!

Терговчи яна урушдан тўхтаб, сигарет тутатди. Қоровул унга тамшаниб қараб турганини кўриб унга ҳам тутди. Шуни кутиб тургандай қоравул бирдан қўл узатиб сигаретни олди-да, лабларини олдингга чўзиб, бурқситиб чека бошлади. “Буларга текин нарса бўлса тошни ҳам ютади”, деб ўйлади терговчи. Ташқарида ҳеч нима кўринмас, ҳар замон-ҳар замонда панжараларнинг шарақлаб очилган овози, ташқарида юрган нозирларнинг ғўнғир-ғўнғири эшитилиб қолади.

Маҳбус эса, хаёлан онаси томон чопиб борарди…

– Она…
– Болам

Негадир ўзининг овози бўғиқ эшитилар, лекин онасининг ҳар бир сўзи жаранглаб кетиб, қулоғида бир мусиқадай, қадим соз куйларидай янграрди…

– Она, сизни кўрмаяпман….
– Мен олдингдаман…Кўзларинг қизариб, киртайиб қолибди…

– Анча кундан бери ухламаганман-да, она…
– Йиғлама, болам, ҳозир алла айтаман, ухлаб қоласан…

– Барибир ухлатишмайди… Ундан кўра сизни бир кўрай, она… Бир марта кўрай…

– Касб масъулияти деганда бирор нарсани тушунасанларми ўзи? Ё ҳаммаси сенларга тез ва осон бўлиши керакми? Порага пулни қаердан олдинг? Отангдан тилла қолганми? Сенда олтин нима қилсин? Ҳамма олтин бухороликларда-ку! Мениям, ўша ёққа жўнатишганда ўзим билардим. Сенларда қуруғи кўп-а? Ҳа, айтишларича, туманга ўтиб хулқинг бузилиб кетибди. Кўпларни сўкибсан, уришибсан… Нима, сенга давлатнинг иши-отхонами, ит? Башарасига теп, башарасига, ухлаб қоляпти….

V. Хулқи

Турмуш ўртоғим мард, бир сўзли, қатъиятли одам. Унинг кўча-кўйда дайдиб, ичиб юрганини ҳеч ким кўрмаган. У бирор марта ҳам менга қўл кўтармаган. Тўғриси, менинг дадам қаттиққўл. Онам дадамдан жуда қўрқади, ҳозиргача… Мен “турмуш ўртоғим жаҳлдор бўлмасин”, деб ният қилардим. Худога шукур! Бирор кун бўш бўлиб қолсалар, ҳовлида ишлайдилар. Дарахтлар тагини юмшатиб, уларни яшнатиб қўядилар… Қўшнимиз Шермат ака хотинини ҳайдагандан кейин бир аёлга илакашиб қолганда, Эгамберди акам унга бир гап айтганини беихтиёр эшитиб қолганман. Шуни сизга ёзишимдан мақсад хулқли инсон эканига сизни ишонтириш! “Ака, мен сизга маслаҳат беришга ёшлик қиламан, – деганди ўшанда – лекин эртароқ янгамни яланиб-ёлвориб бўлса ҳам олиб келинг! Умр сизга қайта берилмайди, уни ўткинчи нарсаларга алмашманг! Ундан кўра болаларингизни ўқитишни, қизларингизни чиқаришни ўйланг! Кейин кеч бўлмасин, ака! Ҳақиқий ўзбек йигити биринчи навбатда оилани эплаши керак, оилани… кейин бошқаси бўлади…”

Онам менга “эрингни ҳеч қачон бировга таққослама, қандай бўлса шундай муҳаббат қўй”, деб ўргатган. Лекин мен Эгамберди акамни ўшанда бировларга таққослаб севингим, яшнагим келиб кетган…

Отаси ҳеч қачон бировга ҳасад билан қарамаган. Ўктам мудирни Анор опани алдагани учун, Қулматни онасини йўқламагани учун, ёлғон гапиргани учун, Жумани хотинини ўласи қилиб калтаклагани учун урган, сўккан! Улар ҳозир жабрланувчиларнинг эсидан ҳам чиқиб кетган. Айблари борлигини ўзлари ҳам тан олса керак. Болаларим ҳаққи қасам ичаман… эрим шу туфайли қамоққа тушган бўлса, кечиринглар! Тўртта ёш боланинг дирдираб турган гавдасини кўз олдингизга келтиринг! Сизнинг ҳам болаларингиз бор-ку! Ялинаман!

VI

– Болаларинг нечта?

Капитан маҳбуснинг саволга жавоб беришга ҳоли йўқлигини билиб турар, лекин ўзини босолмасди. Маҳбуснинг бурнидан қон оқмоқда… Соат тинмай чиққиллар, оппоқ телефон мукка тушган, жим эди. Дераза орти эса ҳамон қоронғу… Қоровул мудраб ўтирарди. Саволи жавобсиз қолаётганидан ғазабланган капитан шу саволни қоровулига берди.

– Еттита болам бор, капитан.
– Еттита? Қандай боқасан уларни…

– Аста-секин…Ўзи катта бўлишяпти…

Капитаннинг озғин юзи буришиб, кўзлари чақчайиб кетади.

– Шунинг учун пора оласанлар-да.
– Нима? – Қўрқиб кетди қоровул…

– Сенда ҳам тушум борми?
– Йўғ-ай, капитан…

– Бунинг боласи нечта, ҳали ёш экан…
– Билмасам, капитан…

Капитаннинг эсига Москвада қолган ўғли келди. Бу йил учинчи синфга чиққандир. Француз тилида санашни ҳам ўрганиб олибди. Ҳа, хотини Галя чўчқадай семиз ва қўпол бўлса-да, бола тарбиясига жиддий қарайди. Ҳа, ўғли Коляни соғинди… Лекин, бу – иш, бу ерга уни махсус вазифа билан жўнатишган. Мана булар эса хотинни қучоқлаб ётишдан бошқага ярамайди…

– Мен сенга бир бемаъни савол бермоқчиман?
– Лаббай, капитан…
– Сен, хотининг билан…

Капитан аҳмоқона кулди. Саволи бачкана туйилди. Кейин бирдан маҳбусга қараб бақира кетди.

– Эй, хотинчалиш, болаларингни туғдириб уларга ҳаром едиришдан қўрқмайсанми? Болаларингни чирқиллатиб қаерларгадир санғиб кетишингни, улар жиноятчининг, махлуқнинг фарзанди, дея иснодга қолишни истамасанг ҳозироқ айт! Обком секретари ўша куни районга борганида сени панага олиб нима деди? У фақат сен билан холи гаплашган. Айт, у сенга нима деди? Қанча пул сўради? Шуни айт-у, уйингга жўна… Мен обком секретарини тергов қилишим керак, сендақаларни тергов қиладиганлар мингта, мен сени қамаганим учун обрў ололмайман.

Қоровул бу шовқин-суронли сўроқларга парво қилмай хуррак ота бошлади. Капитан тутақиб кетди.

– Тур ўрнингдан… Кетишинг мумкин!
– Раҳмат, капитан, лекин…

– Бунинг шалвирашини қара. Менга зиёни тегмайди. Ҳадемай, тонг отади…
– Раҳмат, ўртоқ капитан.

– “Раҳмат, раҳмат, раҳмат” шундан бошқа сўзни биласанми? Бунча эгилаверамасаларинг!

Қоровул тиршайиб кулганча чиқиб кетди. Капитан қоп-қоронғу деразага тикилиб, тунги рангларнинг аста-секин тарқалишини кузатди. Эссиз, бугун Вера уни қабул қилмади. Бўлмаса унинг ҳозир олтин сочларини ҳидлаб, оппоқ йилкаларидан тамшаниб, ўпиб ётарди. Наҳот бошқасини топган бўлса?! Ё ўша найнов, профессор эрига хиёнат қилиш жонига тегдимикан? Эри бир қари ўзбек бўлса, Верага унинг пулларидан бошқа нимаси ҳам ёқсин?! Ўзи бу ердаги ишни унинг эрини йўқ қилишдан бошлашим керак эди. Ўшанда Веранинг ўзи ҳар оқшом тўшагимда рақс тушарди…

***

Маҳбус хаёлан болалари билан дарё бўйида эди. Уни узоқдан онаси кузатиб турар, дарёда қуёшнинг ошлагандай келадиган акси ўйнайди. Болалар сувда қувнашади, кулишади, бир-бирига сув сепишади. Тўнғич ўғли иккита синглисини эҳтиётлаб қўлларидан ушлаб юрибди. Қизалоқлар тиззаларига келиб турган дарё сувидан жунжикар, нуқул “дада”, дея бақиришади.

– Дада, акамга қаранг, мени гум жойга ташлаб юбормоқчи?
– Дада, ковушим оқиб кетяпти! Дада!

– Дада, ҳов тепага борайлик…
– Дада, сувда қувлашмачоқ ўйнайлик…

– Дада, аям нега келмади?..
– Аям дарёга чўмилса, уят бўладими?

– Тепага қараб турган аёл ким, дада, аямми?
– У бувим, буви, буви, келинг биз билан чўмилинг!!!

***

– Сенлар номига яшайсанлар… Манфаат учун хатто оилангдан ҳам кечишга тайёрсан. Веранинг эри саккизта боласини тирик етим қилиб ўн саккиз ёшли ўрис қизга уйланган… Қизнинг айтишича профессорнинг болалари қишлоқда оддий уйда туришар экан, Вера эса шаҳарда, қасрдай уйда яшайди. Бир ҳафтада бир қари эрига «ем» ташлаб қўйса бўлди, қолган пайт билганини қилади. Профессор эшакдай шунинг хизматини қилади. Ким билади Вера Санк Петербургда қандай томошалар кўрсатиб бу ерларга келиб қолган. Профессор ўрисга уйланиб, ўзини замонавий кўрсатмоқчи бўлгандир. Ўзбек тилини қўйиб, рус тилида гаплашганига ўлайми?! Чала-чулпа бўлмай ўл! Сен ҳам гапир, Обком секретари нима деди?.. Болаларингнинг ҳаммасини қамайман, ҳаммасини!.. !Уларнинг бари ҳаромдан бўлган! Ҳозир хотининг кимнинг елкасини уқалаётган экан… Менга қара, менга, сенинг оиланг, оиланг…

VII. Оиласи

Илтимос, илтимос, илтимос! Хўжайним кетгандан бери, қандай яшаётганимизни тасаввур қилолмайсиз. Болаларим кун ботгандан эрта тонггача йиғлаб чиқади. Отаси уларга жуда меҳрибон эди, жонидан ортиқ кўрарди. Абдушукур болам ичикиб, касал бўлиб қолди. Сира ўзига келай демайди. Онам сут ташийди. Дўхтирга обордик. Касалини аниқлашолмади. Нуқул “дадам” дейди. Кимдир унга даданг ўлган, онанг сенга буни айтмаяпти, депти. Илтимос, болам ўлиб қолади. Бир ёш гўдакни асраб қололмасанглар нима қилиб ўтирибсизлар… Қутқаринг, у – олим одам… у – топилмас одам… Партиями, бошқасими, уларга ҳеч ёмон сўз айтмаган. У фақат шу кашфиёти деб курашди. Пахта терадиган бир трактор кашф қилиш ниятида эди. Наҳотки, бу катта жиноят бўлса?

Мен деярли уйдан чиқмайман. Қўшнилар чиқишади, ота-онам ёрдам беради, ўзим тикувчилик қилиб, бир амаллаб турибмиз. Болаларим учун эримни авф этинг!

У киши нима қилган бўлса, одамлар учун қилди. Одамларнинг кун бўйи пахта териб юришини кўриб, уларнинг машаққатини бироз енгиллатадиган бир трактор ишлаб чиқмасам бўлмайди, деб тиришарди. Тунлари билан шуни ўйлаб чиқарди, эрталабгача бир нималарни чизиб чиқарди. Москвага ҳам бир ой бориб иш ўрганиб келди. У ердан кўп мақтов ёрлиқлари олибди. Нима, балки бу янги қилаётган техникаси қонунга тўғри келмадими? Балки, одамлар пахта термаса нима қилади, деб, уни шунга қамаб қўйдингларми? Бизда шундоқ ҳам пахта кўп, иш машинага ҳам, одамга ҳам етади.

Ҳамма «пахта иши», «ўзбек иши» деяпти, булар унинг айби эмас. Лекин мен ўзим беш ёшимдан пахта тераман. Меҳнати оғир, осонмас… Пахта маҳал қишлоғимиздан битта қиз ўзини осиб қўйди, қўшни қишлоқдаги аммамнинг қўшниси эди, катта-матта аёл ўзини ёқиб юборди. Пахта осонмас, пахта жуда ҳам оғир иш…

Хўжайним шу воқеаларни кўриб, қандай жим ўтирсин… Ёмон нияти бўлмаган! Озод қилсанглар, энди кашфиёт қилмайди. Мен сизга ваъда бераман, тунлари ухламай бўлса ҳам, туну кун пахта териб сизга хизмат қиламан. Фақат, у кишини кечиринглар!

Илтимос! Илтимос!! Илтимос!!!

VIII

Маҳбуснинг боши зирқираб, хотираси оғирлашиб қолганди. У алла нималарни айтиб, бетиним алаҳсирарди

– Шуларнинг ҳаммасини ўзингиз тайёрладингизми, ғоя ажойиб, ахир бу оламшумул кашфиёт-ку! Москвадаги ўртоғим Қамашида шундай олим бор деб айтганида ишонмагандим….

– Раҳмат, фақат менга зарурий техникалар керак, Германияда ишлаб чиқарилган бир-иккита қурилмаларни қўллаб кўришим керак, агар уни амалиётга жорий эта олсак, халқимиз пахта азобидан қутулган бўларди. Бир чигит қилиб пахта пояларини пайхон қиладиган техникалардан чарчадик.

– Ўйлаб гапиринг, Эгамберди, пахта, янада байрам, тантана бўларди десангиз, яхши бўларди. Мен сизни яқинда муҳим лавозимга тайинлайман.

– Сиздан илтимос… Менга вақт керак… Ҳеч қандай лавозим керак эмас…Мен шу тракторни ишлаб чиқишим керак… Бу трактор ҳали миллатимизнинг ташвишларини ердан терадиган машина бўлади….

– Мен сизга ҳар қандай ёрдам беришга тайёрман. Москвада сиз ҳақингизда мақола чиқди. Агар ишни тез олиб борсангиз… Сизни Тошкентга олиб кетишлари ҳам мумкин… Тошкентга сиздай одам керак… Фақат тилингиз чатоқ… Ўйлаб гапиринг… Менга бир-иккита имзосиз хатлар келган…

– Менинг дардим битта – пахтани мукаммал терадиган машиналар ишлаб чиқиш… Менга ҳозир вақт керак, мен юзлаб тажрибаларни, минглаб тракторларнинг яратилиш тарихини кўрмоқчиман. Нега шунча пахта терувчи тракторлар одамлардай тоза теролмаяпти, уларда нима камчиликлар бор? Наҳотки, биз орзу қилгандай пахта машиналарини ишлаб чиқиш шунчалик қийин бўлса?! Мен бу саволларга ҳам жавоб топганимча йўқ.

– Мен сизга омад тилмайман…
– Мен сенга лаънат тилайман… Сенга, сендақаларга…

Терговчи баттар қизишди. У ҳамон аламдан титрар, тезроқ тонг отса, бу ерни тарк этиб яна Вераникига борса, балки бугун эрта тонгда уни хушнуд қилар..

– Ҳали қизиқ бир нарсани аниқладим. Сенинг ишингда ҳамманинг айби бор… Санларнинг бошларингда обком турибди. У сени қутқармоқчи ҳам бўлди. У ҳатто мени уйига ҳам чақирди. Аммо хотиннинг зўрини олган экан. Кўим билан сеҳрламоқчийдим, пашша учганчалик таъсир қилмади. Ердан кўзини олмади. Эри ўлса, кейин кўрамиз уни… Хуллас, обком секретари менга сени “машҳур кашфиётчи”, “иттифоқнинг фахри бўлиши мумкин”, деди… Сен пахта терадиган замонавий тракторлар ишлаб чиқмоқчи эмишсан. Шуни билки, буни ҳеч қачон эплолмайсан. Сен қаердаю, бизнинг механиклар, инженерлар қаерда?! Улар неча йиллардан бери қилолмаган ишларни сен – қандайдир Қамаши районидан чиққан оми, қишлоқи одам эплайдими? Шу чириган туманингдан чиқиб-а! Сен ундан кўра кўп бола туғдир… Пахта ўз-ўзидан терилади…

***

Маҳбуснинг хаёлига яна болалари келди… Сочларини ўриб ҳовлидаги райҳону атиргулларга сув қуйишаётгани, хотинининг манти учун хамир муштлаётгани кўз олдидан ўтди… Шермамат бедазордан исмалоқ тергани-терган… Ўғлига исмалоқли манти жуда ёқади.

– Болаларим….

– Болаларинг яхши пахтакор бўлади. Кашфиётингни хотинлар устида қилинглар. Шунда сен – қаҳрамон ота, хотининг ўнта туққан қаҳрамон она, болаларинг эса илғор теримчи бўлишади…

– Ўчир овозингни!

Капитан унинг алаҳсирашига эътибор ҳам бермай деразага тикилиб турарди…

– Хотинингни эртага чақиртирамиз! Қип-яланғоч қилиб, қоп-қора баданига қараб уни суд қиламан! Ёқса балки…- капитан аҳмоқона кулди.

– У покиза аёл!

– Ҳар қандай покизани эзғилаб эркалайман… Фақат кўнглим тортса, жирканмасам! Ўзи ҳам кўпдан бери сени кўрмаган, эркак нафасини туйиши билан ўзини йўқотса керак.

– У покиза аёл

– Кейин болаларинг етим бўлади… Сенинг раиснинг, агрономинг, ҳамма қариндошинг касрингга кетади… Кашфиётчи эмиш… Улар тушуниб етишсин… Қара, ҳадемай тонг отади, тонгни мен, биз, фақат биз кўришимиз керак. Сенлар эса пахтани билсаларинг бўлди. Сен орқали энди мен вилоятдаги ҳамма каттанинг ёстиғини қуритаман. Чунки сенлар порахўр, қўшиб ёзувчисанлар….

– Сен итсан?

– Нима? Тилинг пайдо бўлиб қолдими?

Капитан орқасига бемалол қаради-ю, даҳшатдан қотиб қолди: қаршисида бир баҳайбат нусха, соч-соқоли ўсиб кетган, кўзлари қип-қизил қонга тўлганидан қорачиғи ҳам кўринмай қолган одам унга еб қўйгудай бўлиб қараб турарди. Капитан бақиришгаям улгурмади. Маҳбус ҳаш-паш дегунча кишанланган қўлларининг орасига унинг бошини киргизиб, бор кучи билан терговчининг бўйнини қаттиқ қисди, кейин уни тизза билан тепиб ағнатди. Тирсаги билан бўйнини босиб, жон ҳолатда хириллаб типирчилаётган терговчининг оғзидан кўпик чиқиб, кўм-кўк кўзларидан ёш отилиб қотиб қолгунича тутиб турди. Терговчининг кўзлари катта очилганча тинчиб қолди…

IХ. Якуни

“Тонг отяпти…

Ҳозир болаларим туриб, мени яна ёлғончига чиқаради. “Эртага отангиз келади”, деб уларни овутгандим. Энди уларни нима деб овутай? Қачон келади деб айтай? Қачон?
Сиздан умид қилиб, сизни дуо қилиб, сизга ишониб кутувчи инженер Жонтемиров Эгамбердининг аёли ва болалари…”

Х

Қатор панжаралар билан тўсилган дераза ортида қоронғулик тарқалиб, қуёш бош кўтариб келарди. Тонг отмоқда…

Қуёшнинг илк нурлари маҳбуснинг қора тер ботган юзларига тушгунча ташқарига тикилиб турди. Неларнидир узоқ пичирлади. Кейин чаққон ҳаракат билан терговчилар дам олиши учун қўйилган каравотнинг кўрпа астарини олиб ташлади. Темир каравотнинг яланғоч қиррали томонига белини тўғрилаб унинг устига чиқди ва аламли бақирганча ўзини темир устунга ташлади. Қасиллаб кетган караватнинг овози, маҳбуснинг охирги марта азобдан инграши ташқарида хуруллаб ухлаб ётган қоровулни уйғотиб борди. Жонҳолатда ўзини ичкарига урган қоровул даҳшатли манзарадан қотиб қолди: Терговчининг жасади аллақачон совиб бўлган, фақат кўзлари ҳамон ўқрайиб боқарди. Маҳбус эса (саккиз ойлик азоблардан сўнг) онасининг оёғига бошини қўйганча мириқиб ухлаётган болани эслатарди. Энди бу болаини ҳеч ким, ҳеч қачон уйғатолмайди…

XI

– Тоға, саҳарлаб келганим учун узр! Кеч қолишдан қўрқдим!

– Ёзиб бўлдингми?
– Мана…

–Ўўҳ-ҳууу, асар ёзиб ташлабсан-ку!
– Тоға, куёвингиз чиқармикан?

–Яхши ният қил, чиқади… Хатнинг турли хилидан ёзаверамиз… Бирини бўлмаса, бирини ўқиб қолар…

–Тоға, сизга катта раҳмат… Куёвингиз чиқади-а?

–Ҳа, дедим-ку! Қара, жиян, тонг отяпти, қуёш чиқяпти… Лекин осмонда булутлар ҳам бор… Қалинроқ кийинишим керакка ўхшайди… Майли, мен энди эртароқ отланай…

– Сиз берган гўштдан қайнатма шўрва қилгандим. Болам анча жонланиб қолди. Лекин, тоға, куйиб кетяпмиз-да! Куёвингиз озод бўлармикан?! Озодман, деб келармикан!?

– Мен шошилишим керак, қара, тонг отяпти, қуёш чиқяпти…Бизга аталган кун ҳам бордир ахир…

– Ўша кун қачон келади, тоға?!
– Келади, албатта, келади…

56chrGQr7rA.jpg Ayol ortiq gapirolmadi. Oppoq yuzlaridan dona-dona yosh tomchilari dumalab  tushardi. Ko‘zlaridanmas, lablaridan yosh quyulib kelayotgandan, kafti bilan  og‘zini yopib oldi. Qishloq idorasining pastqam derazasidan yong‘oqning  shapaloqday yam-yashil barglari ko‘rinib turar, barglar orasida esa quyoshning  parchalangan nurlari aks etardi. Tog‘a asabiy titrar, nuqul bo‘yinbog‘ini  pastga tortib, xo‘rsinardi.

Javlon JOVLIYEV
OZODLIK
991

04Javlon Jovliyev (Jovliyev Javlonbek Ortiqovich) – 1991 yil Qashqadaryo viloyati, Qamashi tumani, G‘ishtli qishlog‘ida tug‘ilgan. 2010–2014 yillarda O‘zbekiston davlat san’at va madaniyat institutining «San’atshunoslik jurnalistikasi» yo‘nalishida tahsil olgan. 2015 yildan boshlab O‘zbekiston davlat san’at va madaniyat instituti “San’atshunoslik va madaniyatshunoslik” kafedrasi, “San’at nazariyasi va tarixi” (Sahna va ekran dramaturgiyasi) yo‘nalishi magistranti. Hozirgi kunda o‘qish bilan birgalikda, Alisher Navoiy nomidagi O‘zbekiston Milliy kutubxonasining «Alisher Navoiy nomidagi O‘zbekiston Milliy kutubxonasi» nashriyotida muharrir sifatida faoliyat olib bormoqda. “Yoshlik”, “Teatr”, “Infolib” jurnallarida, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Hurriyat”, “Toshkent oqshomi” va boshqa matbuot nashrlarida ijodiy ishlari va maqolalari chop etilgan. Jovliyev Javlon bugungi kunda ijodiy ishlari bilan birgalikda “Mustaqillik yillarida sahnada aks etgan mutafakkir ziyolilari obrazi” (O‘zbek Milliy Akademik drama teatr misolida) mavzusida ilmiy ish ustida ishlamoqda.

991

I

– Tog‘a…
– Axir, aytdim-ku, senga!

– Tog‘a, iltimos!
– Ey..!
– Tog‘a..! Yordam bering, tog‘a, bolalarim haqqi…

Ayol ortiq gapirolmadi. Oppoq yuzlaridan dona-dona yosh tomchilari dumalab tushardi. Ko‘zlaridanmas, lablaridan yosh quyulib kelayotgandan, kafti bilan og‘zini yopib oldi. Qishloq idorasining pastqam derazasidan yong‘oqning shapaloqday yam-yashil barglari ko‘rinib turar, barglar orasida esa quyoshning parchalangan nurlari aks etardi. Tog‘a asabiy titrar, nuqul bo‘yinbog‘ini pastga tortib, xo‘rsinardi. Jiyaniga rahmi kelar, lekin qo‘lidan tayinli ish kelmasligidan o‘kinardi. Tog‘a biroz jim turgach, dadil gapirdi:

– Jiyan, nima bo‘lsa bo‘lar, yozamiz! Viloyatdagi eng kattaga, Obkom sekretariga…

Jiyan ko‘z yoshlarini artib, sergaklandi. Ichida erini qamoqdan chiqarish umidi porlagani uchun dum-dumaloq, serkiprik ko‘zlari katta-katta ochildi, biroz oldingga chiqqan iyaklari titrab ketdi.

– Men yozishni bilmayman-da…
– Maktabni tugatgansan-ku, jiyan…Nahotki?!

– Yo‘q… Yozishni bilaman…Ariza yozishning tartib-qoidasini bilmayman, demoqchiydim…

– Men o‘rgataman… Eringni sen yaxshi bilasan… Keyin… ayol kishining yozganlariga kattalar boshqacha qaraydi, deb eshitganman. Shunday yozilmagan qonunlar bor-da, jiyan… Lekin ta’sirli qilib, ishonarli qilib yoz… Faqat, har xil uzun-quloq gaplarni aralashtirmay yozishing kerak. Sening xatingdan keyin, aytib bo‘ladimi, kimlargadir balo kelib, rais-paisnimi panjaraga tiqib qo‘ymasin. Hech kimni aybdor, tuhmatchi, deb yozma… Aks holda ularning aybini tan oldirishingga to‘g‘ri keladi. Senga o‘xshab birovning xotini chirqillab qolmasin, jiyan…

– Xudoyim saqlasin, bunday kunni dushmanimga ham ravo ko‘rmayman, tog‘a. Kuyovingiz qamoqdan chiqsa bo‘ldi… Kichkinam sog‘inganidan ichikib qoldi…

– Ana shuni yoz, to‘rtta bolam bilan azobdamiz, rahm qiling, erim aslida partiyani sevadigan, uning sodiq vakili de. Shundaymidi axir?

– Ha… men tushunmayman… uyda faxriy yorliqlari bor…

– Xullas, jiyan, ma qog‘oz, mana qalam! Yoz, hozir nimalarga e’tibor berishingni aytib turaman, uyingga borib yozasan.

Juvon eskirib, sarg‘ayib ketgan stullardan biriga uni g‘ichirlatishdan qo‘rqqandek ohista o‘tirdi.

– Yoz, ma’lumoti… qachon, qayerda o‘qigan… faolligini… xullas, bilasan-ku! Yozdingmi?

Kaltadan kelgan, qorindor tog‘a, oddiy kolxozchi jiyanining yozganlarini tushunsa bo‘ladimi deb, qornini stolga tirab, bo‘ynini cho‘zib qaradi-yu iljayib qo‘ydi. Ming qilsa ham o‘zining jiyani-da, husnixati ham a’lo ekan…

– Hm… undan so‘ng, ish joyi, yozdingmi? Keyin aybi… yana, ha, oldin xulqini ham yoz.

– Aybi yo‘q bo‘lsa-chi?

– Qanday gumon bilan qamalganini yozasan-da, qiziqsanay, jiyan! Keyin, bolalaring va usiz qiynalayotganing… Nima istasang, qalbingdagini to‘kib sol jiyan. Kesib-qisqartirib tashlash oson… Senga ularning rahmi kelishi kerak. Senga, yosh joningga va bolalaringga rahmi kelib yordam berar… Bekorga umri zavol bo‘lyapti bolaning, o‘tkir yigit edi deb… Rayonga o‘tdi-yu… Ha, esingdan chiqmasin… Bugun kechasi bilan yoz… Erta tong otishi bilan menga olib kel… Tumanga hisobot topshirgani borganimda imi-jimida pochta qutisiga tashlab kelaman.

– Tog‘a, rahmat! Xudo qo‘llasin!
– Opam yaxshimi?

– Hm, enamning oldiga ham chiqolmayapman, o‘zi keladi…
– Nimaga?
– Bolalar bor… Bundan keyin erimning yo‘qligi uchun uydan chiqish…

– Tushunarli, yaxshi qilasan! Ha, mana buni olib qo‘y, jiyan… yangang boqqan qo‘chqorni so‘ygandik… Senga ilindik.

– Yo‘q… yo‘q…
– Bolalaringga…

– Bolalarim go‘shtga ishqibozmas…
– Ol, dedim senga!

– Tog‘a…
– Hammasi yaxshi bo‘ladi… Mana ko‘rasan, yaxshi bo‘ladi…

Juvon ikki kilocha go‘sht solingan tovoqni titroq qo‘llari bilan olib, yana quyilib kelayotgan ko‘z yoshlarini artdi. Ayolga go‘sht juda og‘irday tuyilib ketdi. O‘ranib olgan ro‘moli bilan yuzini yopgan bo‘ldi. Negadir, ko‘z yoshlari tinay demasdi. Juvon chiqib ketayotganda tog‘a uni to‘xtadi.

– Ha, jiyan… Tartib bilan yoz… Ma’lumoti… Ishlagan joylari… Qamoqqa olinishining sababi o‘zing bilganingcha, odobi, oilaparvarligi, farzandlaring azoblanishi… O‘ylama, jiyan… Ering chiqib keladi. Ha, to‘xta… sho‘rva qilib ichinglar, go‘sht senga ham quvvat bo‘ladi. Qurib ketibsan…

– Erim qaytsa bo‘ldi, men hammasiga chidayman…

– Qaytadi… jiyan, qaytadi…

II. Ma’lumoti

Xo‘jaynim, Jontemirov Egamberdi o‘zimizning «Komsomol» qishloq maktabini tugatgan. Oltin medal bilan. Medal hozir uyimizda turibdi, ishonmasangizlar olib borib ko‘rsatishim mumkin. O‘sha yili men yettinchi sinfda o‘qirdim. Hamma o‘quvchilar oltin medal olgan Egamberdi akaga havas bilan qaragan, shular qatorida men ham bor edim. Negadir o‘sha paytda Egamberdi akaning mendan bir sinf keyin o‘qiydigan singlisiga havasim kelgan. Shunday akasi borligi uchun.

Hamma Egamberdi akamni Toshkentga ketadi, xohlagan o‘qishiga kiradi, deb o‘ylardi. Lekin dadasi… (“dadasi” o‘chirilib “Jontemirov Egamberdi” deb yozilgan) Toshkentga emas, o‘zimizning Qarshidagi Qishloq xo‘jaligi institutining mexanika fakultetiga kirdi. U boshqalarday katta shaharga intilsa bo‘lardi. Lekin dadasi (yana shu so‘zni o‘chirib, o‘rniga erining ism-familiyasi yozilgan) yolg‘iz onasini tashlab ketishni istamaydi. Uni har qanday orzularidan baland tutardi. Sizga qaynonam haqida ham yozsam. U juda oqila ayol edi va menga hatto biror marta qattiq gapirmagan… U bolasiga faqat va faqat mehr, halol luqma berib katta qilgan haqiqiy paxtakor ayol edi. Medali ham bor, o‘zlari to‘rt yil burun qazo qilgandilar, pilla mahalida edi… Medali uyimizdagi sandiqda.

Jontemirov Egamberdi, ya’ni erim, qishloqqa oliy ma’lumotli injener bo‘lib qaytadi. Qaynonam xursandligidan bitta katta qo‘y so‘ygan. O‘g‘lining baholarini, qizil diplomini hammaga ko‘rsatgan. U odamlar haliyam tirik, isbot uchun so‘zlashlari mumkin… Erim mard, haqgo‘y, aqlli odam. Avvallari erimdagi aql hamma institutda o‘qiganlarda bo‘lsa kerak deb yurardim. Lekin unday emas ekan. Qishloqda ko‘plab institutni tugatib ishlayotganlar u kishidek emas. Maktabda beshinchi sinfda o‘qiydigan o‘g‘limning aytishicha, Ali muallim ismini ham xato yozarmish, bo‘lmasa institutni tugatgan. Lekin Egamberdi akam halol o‘qib ma’lumot olgan. Uning erishgan yutuqlari faqat va faqat o‘zining zehni, mehnati evaziga ekanligini bilaman… Siz ham bunga ishonishingizni o‘tinib so‘rayman. Unda tug‘ma qobiliyat bor. Shunday insoning ma’lumoti soxta bo‘lishi mumkinmi?! Uni nega ushlab turibsizlar? Uning diplomida hech qanday qora dog‘ yo‘q! Yuragiday toza! Iltimos, bolalarim azobda! U kishini ozod eting!

***

– Ma’lumoting?
–…

– Ma’lumotingni so‘rayapman?
–….

– Senga aytyapman? Ov, ho‘kiz!

Tergovchi mahbus qoshida qaqqayib turgan qorovulga g‘ijinib qaradi.

– Nima qildinglar buni, g‘ajib-ezib tashladinglarmi? Ustiga suv sep, qara, qirg‘oqda qolgan baliqday og‘zini katta ochishini…

Qorovul chelakdagi suvni erinib ko‘tardi-da mahbusning yuziga chunonam ishtiyoq bilan sepdi. Sepilgan suv zarbidan mahbus ag‘nab ketdi. Suv tergovchining yuziga ham sachrab, oppoq ko‘ylagini nam qildi. Uning ko‘zidan o‘t chiqib, qorovulga baqirmoqchi bo‘ldi-yu, indamadi… Sigaret tutatdi… Mahbus esa qaltirab, g‘ujanak bo‘lib ho‘l betonda yotardi. Qamoqxona qorovuli uni o‘tirg‘izib qo‘ydi.

– Ma’lumoting? Gapir, Gapir!
– Injener…

– Qachon tugatgansan…
– Qulog‘im eshitmayapti… g‘ingillagan ovozdan boshqa narsa eshitmayapti…

– Nima meni aldamoqchimisan? Butun SSSRni aldab kelganlaring yetmaydimi? Paxtani talon-taroj qilganlaring yetmaydimi? Gapir, gapir… Yo‘q, bu umuman tergovga yaramay qolibdi-ku!

– …
– Mastday mudraysan, mudraysan… Mana, senga, mana…

Tergovchi mahbusni urushdan birdan to‘xtab qoldi. Qo‘llariga achindi. Rangi bo‘zargan, quruq suyak, bunchalar isqirt… Axir hamma mahbusgayam o‘zini shunaqa koyitaversa ha demay ahvoliga maymunlar yig‘laydi, umri erta tugaydi. Hali bular orqali qanaqangi nahanglarni zirillatishi kerak… Lekin yuzi juda qattiq ekan. Tergovchining qo‘llari zirqirab qoldi…

III. Ish faoliyati

Qishlog‘imizda yaxshigina ishlab yuruvdi. Men anig‘ini bilmayman, nimadir bo‘ldi-yu, shaharga ishga o‘tib ketdilar. Bir kuni juda xursand bo‘lib keldi. Tuman bo‘yicha katta bo‘libdilar. Qaysi ish, qanday lavozim – men bularni yaxshi tushunmayman. Lekin ishni oddiy yumushdan boshlaganlar. Fermada texnik, keyin bosh texnik, keyin qishloq bo‘yicha bosh injener, keyin tumanga katta… Uyga ortiqcha bitta temir olib kelganligini bilmayman. Hech kimdan hech qanday pora olmaganlar. Men bunga kafilman. Umrim bilan, bolalarim haqqi qasam ichaman. Ular haromdan hazar qiladi. Buning sababi ham bor, rahmatli qaynonamga va’da bergan ekan. Qaynonam o‘g‘lini bir kun oldiga olib: «Harom yeb yashama… harom yashama… Birovdan yoki davlatdan so‘ramay bitta miq olsang sendan u dunyo-bu dunyo rozi bo‘lmayman» – degan. Otasi ahdida turadigan bir so‘zli odam. To‘g‘ri, qaysar, o‘zining gapini o‘tkazadigan. Lekin bu qat’iyatni erkak kishiga xos deb bilaman. U kishi birovni nohaq urushmasdilar. Menga tanbeh berganida ham o‘zim aybdor, o‘zim ahmoqlik, jahli chiqishiga arziydigan befahmlik qilgan bo‘lardim. Ammo aybni doim o‘zimdan qidirganim uchun hech qachon gap qaytarmaganman. Shuning uchun uyimizda doim erimning gapi bilan suhbatimiz tugardi. Men birdan kechirim so‘rardim. U kishi birdan kechirar, odamgarchilik qilardi. Meni doim hurmat qilgan. Sizga munosib emasman, omiman, desam meni urushardi. Unday dema, derdi. Men esa u kishini shu gapim bilan ko‘p xafa qilardim. Nima qilay, o‘qimaganman-da! Lekin Egamberdi akam kasbiga xiyonat qiladigan odam emasdi. Ishonmasangiz qo‘lida ishlaganlardan so‘rang… Hammasi uni biladi… Shermat aka, Tursun aka, Boltaboy buva… Faqat O‘ktam mudirdan so‘ramanglar… Bir mahallar otasi uning aybini bilib qolib, rosa savalagan ekan. Shunday beri bizni ko‘ra olmaydi. Bir gap chiqarib, tuhmatga qolishdan qo‘rqaman.

Tumanga katta bo‘lganlaridan keyin uyga kech qaytadigan bo‘lib qoldi. Kelganda ham doim holsiz, suvi so‘rib olingan uzumday bo‘shashib… birdan uxlab qolardi. Suyuq ovqatni yaxshi ko‘rardilar. Shuni biroz totganday bo‘lib uyquga ketardi. U kishi ko‘p kishilarga yordam berdi. Qishloqning oddiy odamlariga, bechoralarga qarashdi. Ular hozir ham bolalarimning otasini duo qilayotgan bo‘lsa kerak. Bemalol so‘rab-surishtiring, ular guvohlikka o‘tishadi. Farzandlarim haqqi qasam ichaman, erimning ishi toza! Yuqorining qonunlari adolatli deb aytishadi-ku! Uning gunohi yo‘q. Uni ozod qiling! O‘tinib-o‘tinib so‘rayman sizdan!

IV

– Ish joyingni rasvo qilding, pora olib shishding! Qo‘shib yozishing orqali topgan pullaring qayerdan kelayotganini, sen ittifoqqa qanchalik zarar keltirganingni bilasanmi? Sendaylarni qora qurt desa ham bo‘ladi, sassiq qurt desa ham bo‘ladi…

Tergovchi negadir bugun haddan tashqari asabiy edi, ustiga ustak mahbusning mudrab o‘tirgani uning battar g‘ashiga tegyapdi. O‘zi bu oqshom tergov qilish niyat yo‘q edi… Hammasini o‘sha oyimcha rasvo qildi. Bugun uni yotog‘iga qabul qilmadi.

– Manjalaqi…

Tergovchi mashuqasini eslab so‘kindi, uning silliq yuzlari bilinar-bilinmas titradi. Asabiga tegib, yonidagi davangir qorovul ham mudray boshladi.

– Hoy – tergovchi stolga sharaqlatib urdi. Qorovul oyog‘i tagida ilon ko‘rganday tepaga otilib sakradi.

– Eshitaman, o‘rtoq kapitan?
– Mudrama! Yetar manavi ho‘kizning mudragani…

Shunda mahbus nimalardir deb gapira boshladi. Kapitan hech nima tushunmadi. Turma qorovuliga quloq tut deganday imladi.

– U nima dedi?
– Ona, deganday bo‘ldi, o‘rtoq kapitan…
– E, onasini!..

Kapitanning yodiga ham to‘satdan o‘z onasi keldi. Onasining ko‘m-ko‘k ko‘zlari mehrdan porlab turardi. U, ayniqsa, umrining oxirlarida o‘g‘liga juda mehribon bo‘lib qolgandi. Sergap, yig‘loqi kampiri: “Seryoja, asalli non ye, Seryoja, malinali murabbodan tatib ko‘r, o‘zim sening kelishingga ataylab pishirganman” – deya javragani-javragan edi… O‘sha paytlarda shuhratdan boshqa narsani o‘ylamaydigan yosh tergovchi uchun bularning bari bachkanalikday tuyilardi. Lekin tan olish kerakki, onasidan keyin hech kimdan bunday mehr-muhabbat ko‘rmadi! Xotini Galya unga mehr berdimi? Bitta farzand tug‘ib berdi-yu, cho‘chqaday semirib, darg‘azab, sergap bo‘lib ketdi. Bu yerdan topgan mashuqasi uni bugun xonasiga kiritmadi.

– Ona, charchab ketdingiz ketdik…

Mahbus alahsirar, xayolida onasi bilan suhbat qurardi. U terakzor ichida uloqchalarini boqib yurgan emish. Bahor fasli, tuproqning shirin hidi olamni tutgan, turli maysalar barq urgan… Yerda chuchmoma, qoqigul, otquloq, yalpiz….Ularning ko‘pini bola uzib yeb ko‘radi. Onasi shunda tepadan ogohlantiradi: «Bolam, yerda o‘sgan hamma o‘tni yeb bo‘lmaydi…» Bola jajji qo‘llarini peshonasiga qo‘ygancha terakzor ichida onasiga qaraydi, shuncha olisda turib nima uzib yeganini onasi qayerdan bilibdi ekan…

«Harom yema»… Ona uzoqdan gapirayotgani uchun uning ovozi aks-sado berib, butun olamga sochilmoqda edi. “Harom yema! Harom yema, harom yegan odam gadoydir… Pora olgan odam, ko‘chada qo‘l ochib turgan tilanchidan farqi yo‘q. Ikki dunyoing kuyib ketadi, polvonim…

Bola, terakzor ichida onasi tomon chopib ketadi. Bolaning orqasidan quyosh bobo teraklardan sakrab o‘tib ergashadi. Mayin shabada esa bola peshonasida zo‘rg‘a jon saqlagancha, unga shirin tabassum baxsh etib ketaveradi.

– Ona…

– Senga onang tarbiya berganmi yo pora bilan odam bo‘lasan, deb katta qilganmi? Ey, lo‘ttiboz… qishloq texnikalarini ataylab ishdan chiqarib sotganing esingdan chiqmagandir? Eng katta aybing – Raykomga pora berib tumanga bosh injener, keyin obkomga pora berib tumanga bosh bo‘lib olgansan… Sanlar shunchalik haromsanlarki… toza narsaning farqiga bormay qolgansan!

Tergovchi yana urushdan to‘xtab, sigaret tutatdi. Qorovul unga tamshanib qarab turganini ko‘rib unga ham tutdi. Shuni kutib turganday qoravul birdan qo‘l uzatib sigaretni oldi-da, lablarini oldingga cho‘zib, burqsitib cheka boshladi. “Bularga tekin narsa bo‘lsa toshni ham yutadi”, deb o‘yladi tergovchi. Tashqarida hech nima ko‘rinmas, har zamon-har zamonda panjaralarning sharaqlab ochilgan ovozi, tashqarida yurgan nozirlarning g‘o‘ng‘ir-g‘o‘ng‘iri eshitilib qoladi.

Mahbus esa, xayolan onasi tomon chopib borardi…

– Ona…
– Bolam

Negadir o‘zining ovozi bo‘g‘iq eshitilar, lekin onasining har bir so‘zi jaranglab ketib, qulog‘ida bir musiqaday, qadim soz kuylariday yangrardi…

– Ona, sizni ko‘rmayapman….
– Men oldingdaman…Ko‘zlaring qizarib, kirtayib qolibdi…

– Ancha kundan beri uxlamaganman-da, ona…
– Yig‘lama, bolam, hozir alla aytaman, uxlab qolasan…

– Baribir uxlatishmaydi… Undan ko‘ra sizni bir ko‘ray, ona… Bir marta ko‘ray…

– Kasb mas’uliyati deganda biror narsani tushunasanlarmi o‘zi? Yo hammasi senlarga tez va oson bo‘lishi kerakmi? Poraga pulni qayerdan olding? Otangdan tilla qolganmi? Senda oltin nima qilsin? Hamma oltin buxoroliklarda-ku! Meniyam, o‘sha yoqqa jo‘natishganda o‘zim bilardim. Senlarda qurug‘i ko‘p-a? Ha, aytishlaricha, tumanga o‘tib xulqing buzilib ketibdi. Ko‘plarni so‘kibsan, urishibsan… Nima, senga davlatning ishi-otxonami, it? Basharasiga tep, basharasiga, uxlab qolyapti….

V. Xulqi

Turmush o‘rtog‘im mard, bir so‘zli, qat’iyatli odam. Uning ko‘cha-ko‘yda daydib, ichib yurganini hech kim ko‘rmagan. U biror marta ham menga qo‘l ko‘tarmagan. To‘g‘risi, mening dadam qattiqqo‘l. Onam dadamdan juda qo‘rqadi, hozirgacha… Men “turmush o‘rtog‘im jahldor bo‘lmasin”, deb niyat qilardim. Xudoga shukur! Biror kun bo‘sh bo‘lib qolsalar, hovlida ishlaydilar. Daraxtlar tagini yumshatib, ularni yashnatib qo‘yadilar… Qo‘shnimiz Shermat aka xotinini haydagandan keyin bir ayolga ilakashib qolganda, Egamberdi akam unga bir gap aytganini beixtiyor eshitib qolganman. Shuni sizga yozishimdan maqsad xulqli inson ekaniga sizni ishontirish! “Aka, men sizga maslahat berishga yoshlik qilaman, – degandi o‘shanda – lekin ertaroq yangamni yalanib-yolvorib bo‘lsa ham olib keling! Umr sizga qayta berilmaydi, uni o‘tkinchi narsalarga almashmang! Undan ko‘ra bolalaringizni o‘qitishni, qizlaringizni chiqarishni o‘ylang! Keyin kech bo‘lmasin, aka! Haqiqiy o‘zbek yigiti birinchi navbatda oilani eplashi kerak, oilani… keyin boshqasi bo‘ladi…”

Onam menga “eringni hech qachon birovga taqqoslama, qanday bo‘lsa shunday muhabbat qo‘y”, deb o‘rgatgan. Lekin men Egamberdi akamni o‘shanda birovlarga taqqoslab sevingim, yashnagim kelib ketgan…

Otasi hech qachon birovga hasad bilan qaramagan. O‘ktam mudirni Anor opani aldagani uchun, Qulmatni onasini yo‘qlamagani uchun, yolg‘on gapirgani uchun, Jumani xotinini o‘lasi qilib kaltaklagani uchun urgan, so‘kkan! Ular hozir jabrlanuvchilarning esidan ham chiqib ketgan. Ayblari borligini o‘zlari ham tan olsa kerak. Bolalarim haqqi qasam ichaman… erim shu tufayli qamoqqa tushgan bo‘lsa, kechiringlar! To‘rtta yosh bolaning dirdirab turgan gavdasini ko‘z oldingizga keltiring! Sizning ham bolalaringiz bor-ku! Yalinaman!

VI

– Bolalaring nechta?

Kapitan mahbusning savolga javob berishga holi yo‘qligini bilib turar, lekin o‘zini bosolmasdi. Mahbusning burnidan qon oqmoqda… Soat tinmay chiqqillar, oppoq telefon mukka tushgan, jim edi. Deraza orti esa hamon qorong‘u… Qorovul mudrab o‘tirardi. Savoli javobsiz qolayotganidan g‘azablangan kapitan shu savolni qorovuliga berdi.

– Yettita bolam bor, kapitan.
– Yettita? Qanday boqasan ularni…

– Asta-sekin…O‘zi katta bo‘lishyapti…

Kapitanning ozg‘in yuzi burishib, ko‘zlari chaqchayib ketadi.

– Shuning uchun pora olasanlar-da.
– Nima? – Qo‘rqib ketdi qorovul…

– Senda ham tushum bormi?
– Yo‘g‘-ay, kapitan…

– Buning bolasi nechta, hali yosh ekan…
– Bilmasam, kapitan…

Kapitanning esiga Moskvada qolgan o‘g‘li keldi. Bu yil uchinchi sinfga chiqqandir. Fransuz tilida sanashni ham o‘rganib olibdi. Ha, xotini Galya cho‘chqaday semiz va qo‘pol bo‘lsa-da, bola tarbiyasiga jiddiy qaraydi. Ha, o‘g‘li Kolyani sog‘indi… Lekin, bu – ish, bu yerga uni maxsus vazifa bilan jo‘natishgan. Mana bular esa xotinni quchoqlab yotishdan boshqaga yaramaydi…

– Men senga bir bema’ni savol bermoqchiman?
– Labbay, kapitan…
– Sen, xotining bilan…

Kapitan ahmoqona kuldi. Savoli bachkana tuyildi. Keyin birdan mahbusga qarab baqira ketdi.

– Ey, xotinchalish, bolalaringni tug‘dirib ularga harom yedirishdan qo‘rqmaysanmi? Bolalaringni chirqillatib qayerlargadir sang‘ib ketishingni, ular jinoyatchining, maxluqning farzandi, deya isnodga qolishni istamasang hoziroq ayt! Obkom sekretari o‘sha kuni rayonga borganida seni panaga olib nima dedi? U faqat sen bilan xoli gaplashgan. Ayt, u senga nima dedi? Qancha pul so‘radi? Shuni ayt-u, uyingga jo‘na… Men obkom sekretarini tergov qilishim kerak, sendaqalarni tergov qiladiganlar mingta, men seni qamaganim uchun obro‘ ololmayman.

Qorovul bu shovqin-suronli so‘roqlarga parvo qilmay xurrak ota boshladi. Kapitan tutaqib ketdi.

– Tur o‘rningdan… Ketishing mumkin!
– Rahmat, kapitan, lekin…

– Buning shalvirashini qara. Menga ziyoni tegmaydi. Hademay, tong otadi…
– Rahmat, o‘rtoq kapitan.

– “Rahmat, rahmat, rahmat” shundan boshqa so‘zni bilasanmi? Buncha egilaveramasalaring!

Qorovul tirshayib kulgancha chiqib ketdi. Kapitan qop-qorong‘u derazaga tikilib, tungi ranglarning asta-sekin tarqalishini kuzatdi. Essiz, bugun Vera uni qabul qilmadi. Bo‘lmasa uning hozir oltin sochlarini hidlab, oppoq yilkalaridan tamshanib, o‘pib yotardi. Nahot boshqasini topgan bo‘lsa?! Yo o‘sha naynov, professor eriga xiyonat qilish joniga tegdimikan? Eri bir qari o‘zbek bo‘lsa, Veraga uning pullaridan boshqa nimasi ham yoqsin?! O‘zi bu yerdagi ishni uning erini yo‘q qilishdan boshlashim kerak edi. O‘shanda Veraning o‘zi har oqshom to‘shagimda raqs tushardi…

***

Mahbus xayolan bolalari bilan daryo bo‘yida edi. Uni uzoqdan onasi kuzatib turar, daryoda quyoshning oshlaganday keladigan aksi o‘ynaydi. Bolalar suvda quvnashadi, kulishadi, bir-biriga suv sepishadi. To‘ng‘ich o‘g‘li ikkita singlisini ehtiyotlab qo‘llaridan ushlab yuribdi. Qizaloqlar tizzalariga kelib turgan daryo suvidan junjikar, nuqul “dada”, deya baqirishadi.

– Dada, akamga qarang, meni gum joyga tashlab yubormoqchi?
– Dada, kovushim oqib ketyapti! Dada!

– Dada, hov tepaga boraylik…
– Dada, suvda quvlashmachoq o‘ynaylik…

– Dada, ayam nega kelmadi?..
– Ayam daryoga cho‘milsa, uyat bo‘ladimi?

– Tepaga qarab turgan ayol kim, dada, ayammi?
– U buvim, buvi, buvi, keling biz bilan cho‘miling!!!

***

– Senlar nomiga yashaysanlar… Manfaat uchun xatto oilangdan ham kechishga tayyorsan. Veraning eri sakkizta bolasini tirik yetim qilib o‘n sakkiz yoshli o‘ris qizga uylangan… Qizning aytishicha professorning bolalari qishloqda oddiy uyda turishar ekan, Vera esa shaharda, qasrday uyda yashaydi. Bir haftada bir qari eriga «yem» tashlab qo‘ysa bo‘ldi, qolgan payt bilganini qiladi. Professor eshakday shuning xizmatini qiladi. Kim biladi Vera Sank Peterburgda qanday tomoshalar ko‘rsatib bu yerlarga kelib qolgan. Professor o‘risga uylanib, o‘zini zamonaviy ko‘rsatmoqchi bo‘lgandir. O‘zbek tilini qo‘yib, rus tilida gaplashganiga o‘laymi?! Chala-chulpa bo‘lmay o‘l! Sen ham gapir, Obkom sekretari nima dedi?.. Bolalaringning hammasini qamayman, hammasini!.. !Ularning bari haromdan bo‘lgan! Hozir xotining kimning yelkasini uqalayotgan ekan… Menga qara, menga, sening oilang, oilang…

VII. Oilasi

Iltimos, iltimos, iltimos! Xo‘jaynim ketgandan beri, qanday yashayotganimizni tasavvur qilolmaysiz. Bolalarim kun botgandan erta tonggacha yig‘lab chiqadi. Otasi ularga juda mehribon edi, jonidan ortiq ko‘rardi. Abdushukur bolam ichikib, kasal bo‘lib qoldi. Sira o‘ziga kelay demaydi. Onam sut tashiydi. Do‘xtirga obordik. Kasalini aniqlasholmadi. Nuqul “dadam” deydi. Kimdir unga dadang o‘lgan, onang senga buni aytmayapti, depti. Iltimos, bolam o‘lib qoladi. Bir yosh go‘dakni asrab qololmasanglar nima qilib o‘tiribsizlar… Qutqaring, u – olim odam… u – topilmas odam… Partiyami, boshqasimi, ularga hech yomon so‘z aytmagan. U faqat shu kashfiyoti deb kurashdi. Paxta teradigan bir traktor kashf qilish niyatida edi. Nahotki, bu katta jinoyat bo‘lsa?

Men deyarli uydan chiqmayman. Qo‘shnilar chiqishadi, ota-onam yordam beradi, o‘zim tikuvchilik qilib, bir amallab turibmiz. Bolalarim uchun erimni avf eting!

U kishi nima qilgan bo‘lsa, odamlar uchun qildi. Odamlarning kun bo‘yi paxta terib yurishini ko‘rib, ularning mashaqqatini biroz yengillatadigan bir traktor ishlab chiqmasam bo‘lmaydi, deb tirishardi. Tunlari bilan shuni o‘ylab chiqardi, ertalabgacha bir nimalarni chizib chiqardi. Moskvaga ham bir oy borib ish o‘rganib keldi. U yerdan ko‘p maqtov yorliqlari olibdi. Nima, balki bu yangi qilayotgan texnikasi qonunga to‘g‘ri kelmadimi? Balki, odamlar paxta termasa nima qiladi, deb, uni shunga qamab qo‘ydinglarmi? Bizda shundoq ham paxta ko‘p, ish mashinaga ham, odamga ham yetadi.

Hamma «paxta ishi», «o‘zbek ishi» deyapti, bular uning aybi emas. Lekin men o‘zim besh yoshimdan paxta teraman. Mehnati og‘ir, osonmas… Paxta mahal qishlog‘imizdan bitta qiz o‘zini osib qo‘ydi, qo‘shni qishloqdagi ammamning qo‘shnisi edi, katta-matta ayol o‘zini yoqib yubordi. Paxta osonmas, paxta juda ham og‘ir ish…

Xo‘jaynim shu voqealarni ko‘rib, qanday jim o‘tirsin… Yomon niyati bo‘lmagan! Ozod qilsanglar, endi kashfiyot qilmaydi. Men sizga va’da beraman, tunlari uxlamay bo‘lsa ham, tunu kun paxta terib sizga xizmat qilaman. Faqat, u kishini kechiringlar!

Iltimos! Iltimos!! Iltimos!!!

VIII

Mahbusning boshi zirqirab, xotirasi og‘irlashib qolgandi. U alla nimalarni aytib, betinim alahsirardi

– Shularning hammasini o‘zingiz tayyorladingizmi, g‘oya ajoyib, axir bu olamshumul kashfiyot-ku! Moskvadagi o‘rtog‘im Qamashida shunday olim bor deb aytganida ishonmagandim….

– Rahmat, faqat menga zaruriy texnikalar kerak, Germaniyada ishlab chiqarilgan bir-ikkita qurilmalarni qo‘llab ko‘rishim kerak, agar uni amaliyotga joriy eta olsak, xalqimiz paxta azobidan qutulgan bo‘lardi. Bir chigit qilib paxta poyalarini payxon qiladigan texnikalardan charchadik.

– O‘ylab gapiring, Egamberdi, paxta, yanada bayram, tantana bo‘lardi desangiz, yaxshi bo‘lardi. Men sizni yaqinda muhim lavozimga tayinlayman.

– Sizdan iltimos… Menga vaqt kerak… Hech qanday lavozim kerak emas…Men shu traktorni ishlab chiqishim kerak… Bu traktor hali millatimizning tashvishlarini yerdan teradigan mashina bo‘ladi….

– Men sizga har qanday yordam berishga tayyorman. Moskvada siz haqingizda maqola chiqdi. Agar ishni tez olib borsangiz… Sizni Toshkentga olib ketishlari ham mumkin… Toshkentga sizday odam kerak… Faqat tilingiz chatoq… O‘ylab gapiring… Menga bir-ikkita imzosiz xatlar kelgan…

– Mening dardim bitta – paxtani mukammal teradigan mashinalar ishlab chiqish… Menga hozir vaqt kerak, men yuzlab tajribalarni, minglab traktorlarning yaratilish tarixini ko‘rmoqchiman. Nega shuncha paxta teruvchi traktorlar odamlarday toza terolmayapti, ularda nima kamchiliklar bor? Nahotki, biz orzu qilganday paxta mashinalarini ishlab chiqish shunchalik qiyin bo‘lsa?! Men bu savollarga ham javob topganimcha yo‘q.

– Men sizga omad tilmayman…
– Men senga la’nat tilayman… Senga, sendaqalarga…

Tergovchi battar qizishdi. U hamon alamdan titrar, tezroq tong otsa, bu yerni tark etib yana Veranikiga borsa, balki bugun erta tongda uni xushnud qilar..

– Hali qiziq bir narsani aniqladim. Sening ishingda hammaning aybi bor… Sanlarning boshlaringda obkom turibdi. U seni qutqarmoqchi ham bo‘ldi. U hatto meni uyiga ham chaqirdi. Ammo xotinning zo‘rini olgan ekan. Ko‘im bilan sehrlamoqchiydim, pashsha uchganchalik ta’sir qilmadi. Yerdan ko‘zini olmadi. Eri o‘lsa, keyin ko‘ramiz uni… Xullas, obkom sekretari menga seni “mashhur kashfiyotchi”, “ittifoqning faxri bo‘lishi mumkin”, dedi… Sen paxta teradigan zamonaviy traktorlar ishlab chiqmoqchi emishsan. Shuni bilki, buni hech qachon eplolmaysan. Sen qayerdayu, bizning mexaniklar, injenerlar qayerda?! Ular necha yillardan beri qilolmagan ishlarni sen – qandaydir Qamashi rayonidan chiqqan omi, qishloqi odam eplaydimi? Shu chirigan tumaningdan chiqib-a! Sen undan ko‘ra ko‘p bola tug‘dir… Paxta o‘z-o‘zidan teriladi…

***

Mahbusning xayoliga yana bolalari keldi… Sochlarini o‘rib hovlidagi rayhonu atirgullarga suv quyishayotgani, xotinining manti uchun xamir mushtlayotgani ko‘z oldidan o‘tdi… Shermamat bedazordan ismaloq tergani-tergan… O‘g‘liga ismaloqli manti juda yoqadi.

– Bolalarim….

– Bolalaring yaxshi paxtakor bo‘ladi. Kashfiyotingni xotinlar ustida qilinglar. Shunda sen – qahramon ota, xotining o‘nta tuqqan qahramon ona, bolalaring esa ilg‘or terimchi bo‘lishadi…

– O‘chir ovozingni!

Kapitan uning alahsirashiga e’tibor ham bermay derazaga tikilib turardi…

– Xotiningni ertaga chaqirtiramiz! Qip-yalang‘och qilib, qop-qora badaniga qarab uni sud qilaman! Yoqsa balki…- kapitan ahmoqona kuldi.

– U pokiza ayol!

– Har qanday pokizani ezg‘ilab erkalayman… Faqat ko‘nglim tortsa, jirkanmasam! O‘zi ham ko‘pdan beri seni ko‘rmagan, erkak nafasini tuyishi bilan o‘zini yo‘qotsa kerak.

– U pokiza ayol

– Keyin bolalaring yetim bo‘ladi… Sening raisning, agronoming, hamma qarindoshing kasringga ketadi… Kashfiyotchi emish… Ular tushunib yetishsin… Qara, hademay tong otadi, tongni men, biz, faqat biz ko‘rishimiz kerak. Senlar esa paxtani bilsalaring bo‘ldi. Sen orqali endi men viloyatdagi hamma kattaning yostig‘ini quritaman. Chunki senlar poraxo‘r, qo‘shib yozuvchisanlar….

– Sen itsan?

– Nima? Tiling paydo bo‘lib qoldimi?

Kapitan orqasiga bemalol qaradi-yu, dahshatdan qotib qoldi: qarshisida bir bahaybat nusxa, soch-soqoli o‘sib ketgan, ko‘zlari qip-qizil qonga to‘lganidan qorachig‘i ham ko‘rinmay qolgan odam unga yeb qo‘yguday bo‘lib qarab turardi. Kapitan baqirishgayam ulgurmadi. Mahbus hash-pash deguncha kishanlangan qo‘llarining orasiga uning boshini kirgizib, bor kuchi bilan tergovchining bo‘ynini qattiq qisdi, keyin uni tizza bilan tepib ag‘natdi. Tirsagi bilan bo‘ynini bosib, jon holatda xirillab tipirchilayotgan tergovchining og‘zidan ko‘pik chiqib, ko‘m-ko‘k ko‘zlaridan yosh otilib qotib qolgunicha tutib turdi. Tergovchining ko‘zlari katta ochilgancha tinchib qoldi…

IX. Yakuni

“Tong otyapti…

Hozir bolalarim turib, meni yana yolg‘onchiga chiqaradi. “Ertaga otangiz keladi”, deb ularni ovutgandim. Endi ularni nima deb ovutay? Qachon keladi deb aytay? Qachon?
Sizdan umid qilib, sizni duo qilib, sizga ishonib kutuvchi injener Jontemirov Egamberdining ayoli va bolalari…”

X

Qator panjaralar bilan to‘silgan deraza ortida qorong‘ulik tarqalib, quyosh bosh ko‘tarib kelardi. Tong otmoqda…

Quyoshning ilk nurlari mahbusning qora ter botgan yuzlariga tushguncha tashqariga tikilib turdi. Nelarnidir uzoq pichirladi. Keyin chaqqon harakat bilan tergovchilar dam olishi uchun qo‘yilgan karavotning ko‘rpa astarini olib tashladi. Temir karavotning yalang‘och qirrali tomoniga belini to‘g‘rilab uning ustiga chiqdi va alamli baqirgancha o‘zini temir ustunga tashladi. Qasillab ketgan karavatning ovozi, mahbusning oxirgi marta azobdan ingrashi tashqarida xurullab uxlab yotgan qorovulni uyg‘otib bordi. Jonholatda o‘zini ichkariga urgan qorovul dahshatli manzaradan qotib qoldi: Tergovchining jasadi allaqachon sovib bo‘lgan, faqat ko‘zlari hamon o‘qrayib boqardi. Mahbus esa (sakkiz oylik azoblardan so‘ng) onasining oyog‘iga boshini qo‘ygancha miriqib uxlayotgan bolani eslatardi. Endi bu bolaini hech kim, hech qachon uyg‘atolmaydi…

XI

– Tog‘a, saharlab kelganim uchun uzr! Kech qolishdan qo‘rqdim!

– Yozib bo‘ldingmi?
– Mana…

–O‘o‘h-huuu, asar yozib tashlabsan-ku!
– Tog‘a, kuyovingiz chiqarmikan?

–Yaxshi niyat qil, chiqadi… Xatning turli xilidan yozaveramiz… Birini bo‘lmasa, birini o‘qib qolar…

–Tog‘a, sizga katta rahmat… Kuyovingiz chiqadi-a?

–Ha, dedim-ku! Qara, jiyan, tong otyapti, quyosh chiqyapti… Lekin osmonda bulutlar ham bor… Qalinroq kiyinishim kerakka o‘xshaydi… Mayli, men endi ertaroq otlanay…

– Siz bergan go‘shtdan qaynatma sho‘rva qilgandim. Bolam ancha jonlanib qoldi. Lekin, tog‘a, kuyib ketyapmiz-da! Kuyovingiz ozod bo‘larmikan?! Ozodman, deb kelarmikan!?

– Men shoshilishim kerak, qara, tong otyapti, quyosh chiqyapti…Bizga atalgan kun ham bordir axir…

– O‘sha kun qachon keladi, tog‘a?!
– Keladi, albatta, keladi…

02

(Tashriflar: umumiy 1 325, bugungi 1)

Izoh qoldiring