Zabixulla Saipov. Saboq chiqarilmagan tarix darslari

07

Ватан тарихини ўрганиш, унинг методологияси ва эҳтимол мавжуд “оқ доғларига” доир масалаларни фаол муҳокама этиш миллий ўзликни англаш ва халқ хотирасини сайқаллашда катта аҳамият касб этади. Аксинча мавжуд зиддиятли ва баҳсли масалаларни тўлиқ ёритмаслик ёки хаспўшлашга уриниш тарих саҳифаларидаги қатор муҳим ҳодисаларнинг жумбоқлигича қолиб кетишига, пировардида жамоатчилик орасида ғоявий парокандиликка олиб келиши табиийдир.

088
CАБОҚ ЧИҚАРИЛМАГАН ТАРИХ ДАРСЛАРИ
Забихулла Саипов
сиёсий фанлар номзоди, тадқиқотчи
066

I. ТАРИХ “ОҚ ДОҒЛАРИНИ” ТАДҚИҚ ЭТИШДА МАНБАШУНОСЛИК, МУНАҚҚИДЛИК ВА МУРОСА

07аълумки, 2012 йилда Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича жамоатчилик кенгаши (1) таъсис этилди. Унинг низомида “энг янги тарихни тизимли ўрганишни ташкил этиш, ўзбек халқининг ўтмиши ва ҳозирги кунини баҳолашда тарихийлик ва объективлик принципларига асосланиб, бир ёқлама ёндашув ва догматизмга йўл қўймаслик” деб белгиланган. Шунингдек, кенгаш ҳузурида “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалаларига оид чет эл илмий тадқиқотларни танқидий таҳлил қилиш сектори” ташкил этилиб, “замонавий чет эл илмий ва ўқув адабиётларида Ўзбекистон тарихини сохталаштириш, бузиб кўрсатиш фактларини аниқлашга йўналтирилган тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш, ҳозирги Ўзбекистоннинг тарихий ўтмиши, ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланиши, мамлакатда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар тўғрисидаги холис ахборотни кенг халқаро жамоатчиликка етказиш” масаласи кўндаланг қўйилган.

Умуман олганда, ижтимоий-гуманитар фанларда, чунончи Ватан тарихини ўрганиш, унинг методологияси ва эҳтимол мавжуд “оқ доғларига” доир масалаларни фаол муҳокама этиш миллий ўзликни англаш ва халқ хотирасини сайқаллашда катта аҳамият касб этади. Аксинча мавжуд зиддиятли ва баҳсли масалаларни тўлиқ ёритмаслик ёки хаспўшлашга уриниш тарих саҳифаларидаги қатор муҳим ҳодисаларнинг жумбоқлигича қолиб кетишига, пировардида жамоатчилик орасида ғоявий парокандиликка олиб келиши табиийдир. Бу борада биз “жамиятшунослар Ўзбекистон тарихининг кўпгина саҳифаларини қайта битишлари, ҳужжатлар асосида назар солишлари, теран ва холис тадқиқ этишлари зарур бўлади. Баҳслар ва шубҳалардан чўчимаслик керак. Ҳақиқатни коллектив бўлиб рўёбга чиқариш, бунинг учун илмий-назарий ва илмий-амалий конференциялар, «давра суҳбатлари» ўтказиш керак”,(2) деган фикрга тўла қўшиламиз.

Биз Ўзбекистон тарихидаги баъзи “оқ доғлар” сифатида атрофлича ўрганилиб, ҳануз сўнгги тарихий баҳо берилмаётган ёки алоҳида тадқиқот объекти сифатида дадил кўтарилмаётган шўролар даврида содир бўлган босмачилик ҳаракати, Туркистон легиони, пахта яккаҳокимлиги, қулоқлаштириш, ҳужум амалиётлари ва ҳоказо каби масалаларни мисол сифатида кўрсатишимиз мумкин. Қарорда зикр этилган ниҳоятда муҳим бандларни ҳаётга татбиқ этишда амалий ҳисcа сифатида биз Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ёритишда ўзига хос тадқиқот мактабини яратишни ҳамда унинг доимий методологик йўриқномаси сифатида энг муҳим уч омил бўлмиш – манбашунослик (1), мунаққидлик (2) ва муроса маданияти (3) анъанасини вужудга келтиришни таклиф этамиз. Мазкур илмий мактабни шакллантиришдаги энг биринчи масала бу талқин масаласи бўлиб қолади (3). Ҳолбуки, талқин орқали деярли истаган ҳодисани мавжуд мафкура ракурси билан исталган йўсинга солиш мумкин. Тарихчи ўрганаётган давр тарихини талқин этишдан олдин, у дуч келган манбанинг ўзи қайси мафкурадан туриб талқин этилганини аниқлаб олиши зарур.

Манбашунослик. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб ҳамда сўнгги йиллардаги тадқиқотларимиз барча манбаларни аслида тўрт синфга табақалаштирилган ҳолда ўрганиш лозимлигига ишора қилмоқда. Яъни биз барча манбаларни улар қанчалар кўп бўлмасин асосан 4 синфга типологик равишда тоифалаштиришимиз мумкин: улар расмий (1), норасмий — мухолиф (2), активист — фаол-жонкуяр (3) ва тадқиқотчи илмий (4) нуқтаи назардан ёритилган манбалардир. Биринчи манбада – ўз мафкураси доирасидан четламаган қуруқ ҳукмрон фактлар, иккинчисида – ҳокимиятга интилишга бўйсиндирилган аламли тарафкашлик, учинчисида – баъзида хушсиз даражадаги ҳиссиёт ва эҳтирослар бўлса, тўртинчисида эса – кўпинча мавҳум, лекин теран назария ва қонуниятлар яширинган. Назаримизда, олис ва яқин мозийдан ҳикоя этувчи ва уни ёзиб қолдирувчи тадқиқотчилар манбаларни юқорида зикр этилган табақалаштиришдан бошласалар воқеа ва ҳодисаларни имкон қадар ҳаққоний ва холис яратишда анча қўл келади.

Ҳозирги пайтда улкан маълумотлар уммонида манбаларнинг гуручини курмагидан ажратиб олиш, уларнинг бирламчилигини аниқлаш тадқиқотчилардан қўшимча малакаларни тақозо этмоқда. Ахборот коммуникацион технологияларнинг муттасил ривожланиб бораётган давримизда сарғайган саҳифаларга айланаётган тарихни қайта яратишдек машаққатли вазифани пухта илмий-услубий ва методологик ёндашув орқалигина уддасидан чиқиш мумкинлиги тобора аён бўлиб бомоқда. Тарихни холис талқин этишда турли манбалар қиёсий ўрганилиб, таҳлил ва синтез қилинади, тадқиқотчи тарафкашлигига йўл қўйилмайди. Бунинг учун масаланинг моҳияти ва туб илдизи изланиб, хаёлан чорраҳа саволларга тутилиб, унга жавоб топилиши орқали тегишли хулосалар қилиш мумкин.

Тарихни ўрганишда халқаро миқёсда тан олинган турли хорижий методологик тажриба ва услублардан ҳам фойдаланиш мумкин. Шулардан бири француз олими Марк Блок қаламига мансуб “Тарихчи касби” (4) номли асаридир. Назаримизда, мазкур манбада илгари сурилган муайян концептуал, назарий ва методологик ёндашувлар Ўзбекистоннинг энг янги ва яқин ўтмиш тарихини ўрганишда асқотиши мумкин деган фикрдамиз.

Марк Блок фикрига кўра, замонанинг муайян ҳодисаларини унинг сабабчи илдизларидан воқиф бўлган ҳолда ойдинлаштириш мумкин. Ўтмишни гавдалантириш ҳозирги замон воқеалар кетма-кетлигини тўғри кузатиш ва оқилона қарор чиқаришга ёрдам беради. Умуман олганда, ҳар бир тарихчидан замон ва вақт маконлари оралиғида фикран ғойибона саёҳат қила олувчи тафаккур (1), сиёсатшунослик, социология, диншунослик, маданиятшунослик, психология, ҳуқуқ, иқтисод каби турли фанлараро ёндаша олувчи илмий салоҳият (2) ҳамда имкон қадар атамашунослик ва тилшуносликдан пухта хабардор полиглот мутахассис бўлиши (3) талаб этилиб, ушбу малакалар тарихни ҳаққонийлик ва объективлик тамойилларига асосланиб холис англаш учун ниҳоятда улкан ёрдамчи бўла олади.

Мунаққидлик. Зикр этилган кўникмалар орасида турли манбаларни холис мунаққидлик қилишда тилшунослик малакаси эканини алоҳида эътироф этмоқчимиз. Сабаби таржима ва тилшунослик фанлар орасида табиатан энг объектив соҳалардан бири ҳисобланиб, мутаржим-мутахассисни автоматик равишда тадқиқот объекти сарҳадларидан ташқарига парвоз қилдира олади. Ўрганилаётган ҳужжатнинг асл забони ҳамда ўша маконга хос тилни таққослаш инъикосида келтирилаётган далиллар ишончли эканига амин бўлишимиз мумкин. Ҳужжатда ишлатилган тилнинг ўзига хос жиҳатлари – сўз бирикмалари, мақол, матал, нақл, киноя, кесатиш, пичинг, ғазаб, алам, ишора каби коса остидаги нимкоса сўз ва сўз бирикмалари мағзини чақиш орқали, манба муаллифининг ўз даврида бошидан кечирган руҳий кайфиятига баҳо бериш ва тегишли хулосаларни чиқариш мумкин.

Шунингдек, Марк Блок ўрганилаётган муайян жамият инсонларини ўз замонасининг маҳсули сифатида кўришни таклиф этади. Пировард натижада, қадимги, янги ва энг янги давр инсонига ягона йўл-йўриқ, мавқе ёки дастурлар ракурси орқали ёндашиш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантиради. Тарихни ортиқча бўрттириш ёки унга нохолис баёнлар билан талқин этмаслик мақсадида, тарихчи ўз нуқтаи назаридан эмас, балки тадқиқот объекти инсонининг нуқтаи назаридан ўрганишга даъват этади. М.Блок ўз илмий қарашларида ўтмиш инсони онгу-шуурини барча таровати билан борлигича бир бутунликда қайта гавдалантириш сари интилади. Шу аснода биз маълум тарихдаги воқеаларда фалончи Х одамнинг, яъни давлат ёки жамоат арбобининг хулқ-атвори ва руҳий кечинмалари нима учун айнан шу тарзда кечгани, ўз даври теварагидаги макон ва замонга ғилофланган ҳамда айнан ўша воқеа содир бўлишидан аввалги ва кейинги воқеалар билан чамбарчас боғланган ҳолда тушунишимиз зарурлиги, уни самарали таҳлил этишда аъло мезон бўла олишига алоҳида урғу бермоқчимиз.

Муроса маданияти. Бағрикенг ўзбекистонликлар билан боғлиқ шонли тарихни том маънода “қайта аудит ва ревизия қилиш” ҳамда энг муҳими айнан шу талқинга ҳам мамлакат ичкарисидаги, ҳам мамлакат ташқарисидаги кенг жамоатчиликни инонтира олиш учун талай ишларни амалга ошириш лозим.
Тарихий фактларни талқин этишда халқимизга хос бағрикенглик билан илмий баҳс ва муроса маданиятини янада қарор топтириш мақсадга мувофиқ экани барчага тушунарли. Ўзбекистон тарихини тадқиқ этиш, унга холис баҳо бериш, ўтмиш ўтган даврлардаги таҳликали ва мавҳум вазиятни тушуниш билан қабул қилишни тақозо этади. Фикримизча, тарихий фактлар холислик ва ҳаққонийликда мўътадил ва муроса оҳангида ёритилиши кутилади. Шу билан биргаликда тарихга ва тарихий фактларга тик кўз билан қарай олиш ҳам жасорат ҳам журъатни тақозо этади.

Ўзбекистон тарихининг тўлиқ, қисқартирилмаган шаклини яратиш ва уларни холис талқин этишда бир неча мафкуравий муаммоларга дуч келиб қолиши мумкин. Масалан, тарихни очиқ ва холис ёритиш Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан муносабатларига ҳам таъсир этиб қолиши мумкин. Хусусан, тарихнинг ўз миллий давлатчилиги мафкурасидан келиб чиқиб ўзига хос талқин этилиши ҳозирда Яқин Шарқ, Узоқ Шарқ, Жанубий Осиё ва МДҲ маконидаги давлатларнинг таранг ва кескин муносабатларида яққол кўришимиз мумкин. Яратилажак энг янги тарих халқлар ва миллатлар орасида адоват уруғини сочиб қўймасин. Мазкур муросали муносабат мамлакатда бардавом миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликни сақлаб қолишда ҳамда муҳим хорижий ҳамкорлар билан узоқ муддатли ишончли мулоқотни давом эттиришга хизмат қилиши мумкин.

————————

[1] Ўзбекистон Рреспубликаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгашини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори ПҚ-1694-сон. Тошкент. 2012 йил 27 январь. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 – 5-сон. 42-модда. www.lex.uz

[2] А.Бекмуродов (ва бошқ.). Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобини ўрганиш бўйича ўқув-услубий қўлланма. / ЎзР Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги. Т.: «O‘qituvchi» NMIU, 2011. – 111 б.

[3] З.Сoипов Халқаро муносабатларда талқин масаласи // Жамият ва бошқарув 2/2007, 109-110 бб.

[4] Marc Bloch. Chapter 1, History, Men, and Time, The Historian’s Craft with introduction by Peter Burke 1992 pp.20-47  

II. “ШАЙТОН ОРҚАСИДАН КЕТГАНЛАР…”

09ейс стади — Туркистон легиони. Энди юқорида баён этган тадқиқот методологиямизни Туркистон легионининг баъзи бош қаҳрамонларидан бўлмиш Рўзи Назар (Марғилон 1917 й.да туғилган) ва Боймирза Ҳайит (Наманган, 17.12.1916 й. — Кёльн, 31.10.2006 й.)нинг портретига ёрқинроқ чизгилар чизишга уриниш мисолида кўриб чиқсак. Уларнинг иккови қисматида деярли ягона тақдир намоён бўлди – II Жаҳон уруши даврида немисларга асирга тушиб Гитлер Германияси томонидан тузилган Туркистон легиони фаолиятида иштирок этган. Кейинчалик Р.Назар АҚШга кўчиб кетса, Б.Ҳайит эса Германияда қолади.

Шуни айтиш мумкинки, бу икки шахснинг ҳаёти ва ижодига нисбатан кўплаб ўзбекистонлик мутахассислар томонидан ижобий баҳо берилган. Масалан, Боймирза Ҳайит бир манбада “таниқли ўзбек олими”, “маърифатпарвар ватандошимиз” (1) дейилса, яна бир манбада “хориждаги ўзбек диаспорасининг таниқли олими” (2) , бошқа бир манбада “етук устоз олим” (3) деб ёзилган. Ушбу мавзуга бевосита алоқадор “II Жаҳон уруши ва ўзбеклар” номли мақолада эса бу кишиларнинг номи умуман тилга олинмаган, эҳтимол ботина олинмаган (4). Рўзи Назар эса яна бир бошқа манбада “ўзбек диаспорасининг Америкадаги фахри” деб баён этилган (5). Туркистон легионини ўрганишда аҳамиятга молик яна бир нисбатан тўлиқ нодир манба Би-Би-Си ўзбек хизмати ижодкорлари томонидан тайёрланган “Туркистон легиони: тарихнинг ўқилмаган варақлари” номли рисоласи ҳисобланади (6). Бу аудио лавҳаларда легион туркистонликларни омон қолдирган имконият деб баҳоланган.

Рўзи Назар машҳур “Тафаккур ўйини” (A Beautiful Mind) китоби муаллифи Сильвия (Зулфия) Назарнинг отаси. Баъзи манбаларда Рўзи Назар туркман, Боймирза Ҳайит эса қозоқ миллатига мансуб бўлгани ҳам қайд этилган. Ўз қизи исмига Sylvia исмини қўйишнинг ўзи қатор маъноларни англатиши мумкин. Зулфия ички оилавий истеъмол учун, Сильвия эса қўним топган давлат ҳаётига тўлақонли интеграция қилиш, ўқиш ва иш жойида ортиқча саволларга тутилишни бартараф этиш ҳамда ўз истиқболини аввалда тарғиб этилган Туркистон келажаги билан боғламаслик истаги ётган бўлиши мумкин, деган тахминларни эҳтимол илгари суриш мумкин. Шу каби собиқ ватандошларимиздан бирини Нодир деб чақириб, лекин ҳужжатдаги исми Nather деб номланиш ҳоллари юқорида зикр этилган фикрни қисман тасдиқлайди.

Боймирза Ҳайит қаламига мансуб мақолаларнинг (7) бирламчи таҳлили уларнинг асосий мазмуни шўролар зуғуми устидан нафрат, Туркистон ўлкасида туркийлик ва исломийликка мансуб жамиятни барпо этишдан иборат орзу ва армонларга йўғрилган фикрларга бориб тақалади. У Туркистон легионига қўшилиш хатти-ҳаракатини асирга тушганларнинг кўпини омонликда сақлашга кўмаклашгани билан изоҳлайди. Албатта Совет Иттифоқининг маълум алоҳида миллий ва дин ишлари бўйича сиёсати боис Боймирза Ҳайитнинг мулоҳаза ва ғоялари собиқ СССРда муросага бора олмаслиги аниқ ва яшаб кетолмасликка маҳкум эди. Боймирза Ҳайит ва Рўзи Назар СССР нуқтаи назаридан худбин, хоин ва ватангадо эдилар.

Ўз навбатида 2009 йилда “Америка манзаралари” кўрсатувига интервью берган Рўзи Назар эса аниқ сонни айтмаган ҳолда, лекин кўп асир лагерларидан ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, тожик юртдошлар келганини, у ерда 9 та рота ташкил этилиб, шу роталардан биринчисига у командир бўлганини билдирган. Шунингдек, Р.Назар ўз суҳбатида “Мустафо Чўқайнинг ғояси, Туркистон бирлигини яратиш, уни мустақилликка эриштириш, шу соҳада у курашган инсон. Унинг бу ғояси биз учун байроқ бўлди. Биз шу ғоя орқасидан кетдик. Биз ҳатто агар шайтон Московга қарши курашса, биз шайтон орқасидан кетамиз деганмиз”,(8)  деб ўз мавқени маълум қилган.

Ушбу мақолани ёзишга мажбур қилган ва бизни ўйга толдирган асосий масала Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида чоп этилган манбалардан фарқли ўлароқ Рўзи Назар ва Боймирза Ҳайитнинг ўзлари қўним топган АҚШ, Германия, Туркия ва бошқа Ғарб мамлакатлари адабиётларида уларнинг тамомила аксинча салбий ва танқидий жиҳатдан талқин этилишлари бўлди. Шу боис ушбу тадқиқотдан кўзланган мақсад сўнгги йилларда Ўзбекистон ва хорижий манбашуносликда ёритилаётган аралаш ижобий ва салбий талқинларнинг мағзини англашдир.

Масалан, Пулицер мукофоти лауреати, The Wall Street Journal газетасининг Берлин шаҳридаги бюроси шеф-мухбири Айен Жонсон ўзининг “Мюнхендаги масжид: нацистлар, Марказий разведка бошқармаси ва Ғарбдаги Мусулмон- биродарлар” (9) номли китобининг тўлиқ бир бобини Рўзи Назар ва Боймирза Ҳайит ҳаётининг биз билмаган қирраларига бағишлаган. Чунончи, унда қайд этилишича, Рўзи Назар Рейхнинг босиб олинган шарқий ҳудудлар вазирлиги мутахассиси Герхард фон Менде ва SS бошқармаси билан ҳамкорлик қилади, урушдан кейин “Озодлик” радиоси, кейинчалик эса АҚШ Марказий разведка бошқармасига ишга ёлланади. Ҳатто 1955 йилда Совет Иттифоқидан Саудия Арабистонига борган ҳожилар орасида саботаж қилишга уринади. Рўзи Назарнинг дўсти Анвар Олтойнинг Туркияда чоп этилган “Ruzi Nazar: CIA’nin Türk Casusu” (10) номли китоби ҳам буни тасдиқлайди. Унда ҳатто АҚШнинг 1979 йилда Эрон ислом инқилобида гаровга тушган ўз фуқароларини озод қилиш “Арго” операциясига Рўзи Назар шахсан ўзи кураторлик қилгани маълум қилинган.

Яна бир манбада дезертир ва коллаборационистларнинг аниқ сони турлича талқин этилиб, мавжуд далиллар уларнинг миқёси ҳайратли ва мисли кўрилмаган даражада бўлгани, жами 1 миллиондан зиёд собиқ совет миллатлари вакиллари Германия жанговар ҳаракатларида иштирок этиб, улар Шарқий фронтда сафарбар этилганларнинг чорак қисмини ташкил этган. Улар сафида Ўрта oсиёликлар 110-180 минг (11) кишидан иборат бўлган. 1941 й. кузида асирга тушган 100 минг нафар ўрта осиёлик-туркистонликлар (12) орасидан атиги олти минг (6,000) нафари қишдан омон чиқа олган. Уларнинг аксариятини ҳатна қилингани боис яҳудий деб тахмин этилиб, на суд ва на терговсиз отиб ташланган. Польшанинг Ченстохова шаҳрида эса ўттиз минг (30,000) ўрта осиёлик аскар асирлардан атиги икки минги (2,000) ҳаёт қолган (13).

Маълум бўлишича, нацизмнинг бош мафкурачиси Рейхнинг босиб олинган шарқий ҳудудлари бўйича вазири (Ostministerium) Альфред Розенберг собиқ Совет Иттифоқи ҳудудини 7 та алоҳида норусийзабон қисмларга бўлиш, шу жумладан Туркистонни ҳам режасини назарда тутган бўлсада, уларга ҳеч қачон сиёсий суверенитет ёки ўз тақдирини ўзи белгилаш ғоясини илгари сурмаганини, балки у ягона немис сиёсий гегемонлигини ёқлаб чиққанини таъкидлайди. Бу мақсадга эришиш учун А.Розенберг урушни ёлғиз ҳарбий воситалар билан ғолиб бўлиш тўғри эмаслиги, аҳоли ишончини қозонган ҳолда маҳаллий миллатлар истиқомат қилувчи ҳудудлар бўйлаб гўё санитар тасмадек қалқон сарҳадларни яратиш фикрини ҳимоя қилган (14).

Бельгиялик тадқиқотчи Бруно де Кордиер мусулмонларни “Рейхнинг фидойилари, II Жаҳон уруши мобайнидаги коллаборационизм” (15). деб атайди. Фин тадқиқотчиси Симо Микконэн эса улар ҳақида бафуржа тўхталиб, “Вашингтон 1950-йилларда ГФР ва АҚШдаги совет эммигрантларидан совуқ уруш стратегиясининг бир жиҳати, психологик операциялар кампанияси сифатида фойдаланди,” (16). деб баҳолайди. Бу фикрни АҚШнинг ўзида сўнгги йилларда маҳфийлик грифи олиб ташлаб оммалаштирилган архив ҳужжатлари каталоглари ҳам тасдиқламоқди (17).. Туркистон легионига ўралашиб қолганлар орасида ватан соғинчи устун келиб ўз юртига қайтганлар ҳам бўлган. Улардан бири қўқонлик Аҳрор Аъзамовдир (18). Ушбу манбада 100 дан ортиқ давлатларнинг 50 дан ортиқ тиллардаги маҳаллий ва жаҳон тарихи матбуот хабарлари хроникаси жамланган. Кўрсатилган сўнгги икки манбадан келгуси тадқиқот ишларида фойдаланиш мумкин.

———————

[1] Боймирза Ҳайит: Икки мақола, бир суҳбат. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа уйи http://tinyurl.com/mrkuxkf

[2] Саидакбар Агзамходжаев. История Туркестанской автономии (Туркистон мухторияти). Институт истории АН РУ Т.: Изд.-пол.объед.“Тошкент ислом университети” 2006 – Б.23.

[3] Ш.Ҳайитов, А.Абдуллаев. Хориждаги “фарғонийлар” ўтмишда ва бугун. 08.13.2012 http://uzbekny.tv/archives/2488

[4] Ҳамид Зиёев, II Жаҳон уруши ва ўзбеклар. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 25-сонидан. www.ziyouz.uz

[5] Мавлон Шукурзода, Автор бестселлера «A Beautiful Mind» — гордость узбекской диаспоры в Америке. Нью-Йорк 23.05.2011 www.12uz.com/ru/news/show/compatriots/6269 Туркистон-Америка Ассоциациясининг асосчиларидан бири Рўзи Назар бугун 95 ёшга тўлди 21.01.2012 http://vatandosh.uz/2012/01/21/turkiston-legionining-su-ngi-ofitseri

[6] Луиза Искандарий, Абдулҳамид Исмоилов. Туркистон легиони: Тарихнинг ўқилмаган варақлари, 2007 й. 21 февраль www.bbc.co.uk/uzbek/news/story/2007/02/070221_turkiston_legioni.shtml Аросат ё Туркистон легиони, 2007 й. 19 июнь www.bbc.co.uk/uzbek/news/story/2007/06/070619_arosat.shtml

[7] Baymirza Hayit, Two outstanding figures in modern Uzbek literature: Qadiri and Cholpan. Journal of the Royal Central Asian Society. Volume 52Issue 1, 1965 pages 49-52; Turkistan: a case for national independence. Institute of Muslim Minority Affairs. Journal Volume 1Issue 1, 1979 pages 38-50; Some reflections on the subject of annexation of Turkestani Kazakhstan by Russia. Central Asian Survey. Volume 3Issue 4, 1984 pages 61-75; Western Turkestan: the Russian dilemma Institute of Muslim Minority Affairs. Journal Volume 6Issue 1, 1985 pages 137-151; Islam in Turkestan: perspectives on an enduring problem. Institute of Muslim Minority Affairs. Journal Volume 9Issue 2, 1988 pages 338-349. Islam under Communist Rule: A View From Turkestan. Institute of Muslim Minority Affairs. Journal Volume 14Issue 1-2, 1993 pages 246-248

[8] Urush xotiralari / Memories of War Amerika Ovozi TV «Amerika Manzaralari» dasturidan 25.05.2009 www.youtube.com/watch?v=xgcB3NqIRZQ

[9] Ian Johnson, A Mosque in Munich: Nazis, the CIA, and the Rise of the Muslim Brotherhood in the West. 2011

[10] Мавлон Шукурзода. Ватандошимиз Рўзи Назар ҳақида янги китоб 28.05.2013 http://vatandosh.uz/2013/05/28/ruzinaza ҳамда www.dogankitap.com.tr да

[11] Patrick von zur Muehlen. Zwischen Hakenkreuz und Sowjetstern: Der Nationalismus der sowjetischen Orientvoelker im Zweiten Weltkrieg (Bonner Schriften zur Politik und Zeitgeschichte, Vol.5). Droste Verlag. Dusseldorf. 1971 in Alex Alexiev. Soviet Nationalities in German Wartime Strategy, 1941-1945. RAND August 1982 R-2772-NA. p.32-33

[12-13] Jurgen Thorwald. Die Illusion: Rotarmisten in Hitlers Heeren. Droemer Knauer Verlag. Zurich. 1974 in Alex Alexiev. Soviet Nationalities in German Wartime Strategy, 1941-1945. RAND August 1982 R-2772-NA. p.31

[14] Alex Alexiev. Soviet Nationalities in German Wartime Strategy, 1941-1945. RAND August 1982 R-2772-NA. p.8

[15] Bruno De Cordier. The Fedayeen of the Reich: Muslims, Islam and Collaborationism during World War II. China and Eurasia Forum Quarterly. Central Asia-Caucasus Institute & Silk Road Studies Program. Volume 8, No. 1. 2010. pp. 23–46

[16] Simo Mikkonen. “Exploiting the Exiles: Soviet Émigrés in U.S. Cold War Strategy.” Journal of Cold War Studies 14:2 (Spring 2012): 98-127 http://dx.doi.org/10.1162/JCWS_a_00222

[17] Extensive Collection of Declassified Materials Now Accessible, Searchable in New Digital Archive. International History Declassified. Woodrow Wilson International Center for Scholars. Washington, DC http://digitalarchive.wilsoncenter.org

[18] Uzbek Repatriate’s Life Abroad Profiled (R.Shagayev; Sovet Ozbekistoni, February 5, 1987 referring to «The Forty-First Parallel») via Joint Publications Research Service (JPRS) Report JPRS-UPA-87-013 Soviet Union. Political Affairs July 14, 1987. Reproduced by U.S. Department of Commerce National Technical Information Service p.10-11 www.dtic.mil/get-tr-doc/pdf?AD=ADA351365 www.dtic.mil/dtic/search/tr/tr.html http://guides.library.harvard.edu/jprs

 

III. ТАҲЛИЛИЙ ТАРИХГА ОИД МУЛОҲАЗАЛАР

03аҳлилий тарихни яратиш бу тарихий воқеаларнинг нима учун ва қандай қилиб содир бўлганининг сабаб ва оқибатларини таҳлилий ёндашув орқали ёритишдир. Бунда тарихни баён этишга бел боғлаган мутахассис ниҳоятда кўп ва кенг қамровли манбалар билан ишлашга лаёқатли бўлиш, хорижий тилларни эгаллаган бўлиши, нафақат таҳлил, балки манбаларни синтез қилиш натижасида назарий концептуал фикрлай олий малакасини оширишга эътиборни қаратиш лозим.

Хўш, имкон қадар ойдинлик киритиб, ёритишга ҳаракат қилинган биз таклиф этаётган тарихни тадқиқ этиш методологиясини қўллаган ҳолда Туркистон легиони ҳақидаги турли манбаларга мунаққидлик қилиб қандай муросага келишимиз мумкин? Нима учун талқинлар турлича? Нима учун манбалар турфа? Нима учун хулоса ва баҳолар ҳам ўзгача? Улар ҳақидаги ҳақиқатга яқин ҳақиқат қаерда?

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонга оид қадимги ва янги тарих ҳозирда асосан ноўзбекистонликлар томонидан ёзилиб, оммавий воситаларда бутун дунё бўйлаб кенг тарқатилаётгани маълум. Шундай плюралистик ва муқобил фикрлар мавжуд бўлган ғоялар беллашувида қанчалар рақобатбардошмиз? Бундай фикрлар жанги ва тарихни баён этишда шаффофлик, холислик, кучли аргумент ғолиб бўлади. Албатта, энг янги тарих қотиб қолган догмалардан холи бўлиши лозим. Халқаро афкор оммаси билан интеграция бўлиш зарурлигини инобатга олиб, янги пайдо бўлаётган манбалар хусусида эркин баҳс-мунозара юритиш муҳити мавжудлиги нафақат соҳа бардавомлигини таъминлш учун, балки унинг мунтазам ички тизимли такомиллаша олиш қобилиятини оширади.

Олиб борган дастлабки тадқиқотларимиз биринчи томондан, қатор Ғарб олимларининг фикри Совет Иттифоқи даврида Туркистон легионига берилган баҳолар билан муштарак бўлиб чиқаётганлигидан далолат бермоқда. Агар тарихий аналогия сифатида кўриб чиқилса, худди Буюк Британия Усмонийлар салтанатига қарши ўз курашида араб бирдамлигини ваъда этиб, араблар ёрдамида марказга қарши исён ўтказиб, сепаратизмга олиб келгани каби фашист Германияси ҳам собиқ СССРга қарши рус бўлмаган миллат вакилларидан ўзини узоқ муддатли стратегик мақсадларида фойдаланган.

Диёримиздаги XIX аср ўрталаридан ҳозирга қадар содир бўлган ва бўлаётган воқеалар мағзини чақиш жаҳон ҳарбий-сиёсий, савдо-иқтисодий ва энг муҳими мафкуравий тенденциялари билан узвий боғлаб тушунишни талаб этади. Рўзи Назар, Боймирза Ҳайит ва биз билмаган миллионлар Учинчи рейх, Ғарб мамлакатлари, шу жумладан АҚШ, Буюк Британия ва Совет Иттифоқининг II Жаҳон уруши ва ундан кейинги совуқ уруш давридаги кескин ҳарбий-сиёсий стратегиянинг элементлари сифатида англаш лозим.

Ватан тарихига боғлиқ Туркистон легиони каби қалтис мавзуни ёзишдан кўзланган асосий мақсад ҳеч кимни айблаш эмас, балки уни яқиндан тушунишга уриниш, тадқиқот услубларимиз ҳамда тадқиқотчиларни ҳам савол остига қўйиш, шунингдек бугунги кундаги долзарб муаммолар билан аналогия ва параллел келтириб тегишли тавсияларни ишлаб чиқишдир. Тарихнинг қай тарзда талқин этилиши мамлакат фуқароларининг муқобил ахборотга дуч келган ҳолатларида яққол юзага чиқади.

Фикримизча, жамоатчилик фикрида жипслашган тарихий хотирани янада шакллантиришда Ўзбекистоннинг нафақат 1989 йилдан бошланган энг янги тарихи, балки ундан аввалги асрлардаги ниҳоятда бой, серқирра, шу билан бирга буткул ўрганиб улгурилмаган даврлар ҳақида кўп жилдлик энқиклопедик тарихни яратишни тақозо этади. Чунончи, тарихий, сиёсий, иқтисодий ва маданий хариталарни тиклаш, хорижий илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш, улар асосида мультимедиа материаллари, кўп қисмли видеосериалларнинг яратилиши тарихнинг оммалашишига хизмат қилиши табиийдир.

Мақола чоп этилишга тайёрланаётганда В.Путин жаноблари ўзининг янги 2015 йилдаги ниҳоятда рамзли демарши бўлмиш илк фармони билан Россия Федерацияси ҳудудида истиқомат қилаётган хориж фуқароларини мамлакат Қуролли кучлари сафида ҳарбий хизматни ўташ мумкинлигига изн берувчи низомга имзо чекди (1). Аслида бу масалага оид илк сигналли сас икки ой муқаддам ЛДПР партиясининг Давлат думасидаги фракцияси депутати Роман Худяков тимсолида янграган эди. Унда Россияда тирикчилик қилаётган ўзбекистонлик ва тожикистонликлар ҳисобидан худди француз легиони каби “мусулмон легионини” тузиш ташаббуси олға сурилган (2). Бу тасдиқланиш натижасида яқиндагина нонсенс бўлиб туюлган хабар расмий тусни олди.

Россия Федерал миграция хизматининг 2014 й. 4 декабрь ҳолатига кўра ҳисоботида фақат 18 ёшдан 29 ёшгача бўлган 919,437 нафар эркак ва 138,975 нафар қиз-жувон ўзбекистонликлар (3) бепоён Россиянинг турли ўлкаларида шу кеча-кундузда кун кечиришмоқда. Эътибор қаратинг – бу рақамлар расмий рўйхатдан ўтган фуқаролар, рўйхатдан ўтмаганлар ва бошқа давлатларда ҳам эҳтимол саргардонликда юрганлиги тўғрисида аниқ маълумот мавжуд эмас. Ушбу мақоламиз учун айнан шу ёшдаги табақа вакилларининг миқдори бекорга келтирилмаяпти. Бу айнан ўқиш, таълим олиш, ўз устида ишлаш, дунёни англаш ва ҳақиқий дўстлар орттириш даври.

Назаримизда, кўп муаммоларнинг ечими таълим эшикларини ҳар бир истовчи фуқароларимиз учун ланг очишда ётибди. Маълумки, ўтаётган 2014-2015 ўқув йили учун бакалавриат таълим йўналиши бўйича 56,907 нафар талабага қабул ўрни ажратилди (4), бу мавжуд талабнинг ўндан бир қисми қондирилишидир холос. Олий таълим тизимимизнинг яна бир тушунарсиз томони ўқишга қабул йилда фақат бир маротаба бўлиши ҳамда талабаларнинг ўз билим ва қизиқишлари бўйича бир вақтнинг ўзида бир неча университетларга киришга куч синаб кўришлари имкониятининг йўқлигидир. Билими бор, ҳатто ўқиш пулини тўлашга қодир ёшларимиз олий маълумот олишдаги чеклов туфайли, бир йил вақтни бой бермаслик учун, хорижга бош кўтариб кетаётган бўлишлари мумкин деб тахмин қилишга асос бор.

Шу масалага тааллуқли бошқа манбага кўра, МДҲ мамлакатлари орасида Ўзбекистон малакали мутахассисларнинг ўз юртларини тарк этиб кетиш мезони бўйича жаҳон рейтингида пешқадамлик қилмоқда (5). Бу нима дегани? Ушбу статистик хабарлардан шу нарса маълум бўладики, турли омиллар туфайли ўқишга кира олмаганлар Россияга, ўқиб бўлган олий тоифали мутахассислар ҳам афсуски чет давлатларга кетиши давом этяптими?

Мавжуд манзаранинг энг хунук жиҳати ўзини ўз юртида топа олмаган йигит ва қизларимиз ғурбатда чет эл мутаассиб ташкилотлари сафига қўшилиб кетаётганлари тўғрисидаги ташвишли маълумотлар қулоққа чалинмоқда. Агар мазлум ва аламзадалардан ўз мақсадларида устомонлик билан фойдаланиш мумкин бўлса, мамлакатда ҳар бир фуқаро ўз юртига эгалик қилиб, ундан рози бўлиши, ўсиб-униб, палак ёзиши учун қўшимча нима қилиш мумкинлиги хусусида бош қотириш керак. Масалан, шу йилнинг ўзидан қабул квотасини 200 минг этиб белгилаш мумкинми? Ахир минтақадаги энг йирик мамлакатнинг давлат дошқозони ҳам ўзига муносиб бўлиши керак. Маҳаллий жамиятшунослар олдида аҳоли ички ва ташқи миграциясининг туб сабаблари, кишилар норизолигига сабаб бўлувчи омилларни атрофлича илмий ва амалий ўрганишнини талаб этади. Шунингдек, биз истаган тарих ёзилиши учун аҳоли норозилигига сабаб бўлиши мумкин бўлган ишлардан жиловланиш масаласи ҳақида ҳам бош қотириш муаммолар ечимини топишнинг юқори поғонада англашдир.

———————-

[1] Путин своим указом внес изменения в Положение о порядке прохождения военной службы в РФ. // Армия и ОПК. ТАСС. 2 января 2015 г. http://itar-tass.com/armiya-i-opk/1683402

[2] Игорь Молотов. Госдума просит Минобороны создать иностранный легион // 10 ноября 2014 г. http://izvestia.ru/news/579099 // Антон Мардасов. «Мусульманский легион» для Минобороны. Депутаты Госдумы предлагают защищать РФ от «Исламского государства» с помощью узбекских и таджикских частей // 10 ноября 2014 г. http://svpressa.ru/war21/article/103567

[3] Официальные статистические данные Статистические сведения в отношении иностранных граждан, находящихся на территории Российской Федерации Сведения в отношении иностранных граждан, находящихся на территории Российской Федерации, в половозрастном разрезе (по состоянию на 4 декабря 2014 г.) // Федеральная миграционная служба России www.fms.gov.ru/about/statistics/data/details/54891

[4] ВУЗы Узбекистана в 2014/2015 учебном году примут более 62,9 тыс. студентов 01 июля 2014 г. UzDaily.uz http://www.uzdaily.uz/articles-id-20900.htm

[5] Failed States Index 2014: The Book. The Fund for Peace. June 24, 2014 http://library.fundforpeace.org/cfsir1423 http://ffp.statesindex.org/2014-uzbekistan

077

088
CABOQ CHIQARILMAGAN TARIX DARSLARI
Zabixulla Saipov
siyosiy fanlar nomzodi, tadqiqotchi
066

I. TARIX “OQ DOG’LARINI” TADQIQ ETISHDA MANBASHUNOSLIK, MUNAQQIDLIK VA
MUROSA

07a’lumki, 2012 yilda O’zbekistonning eng yangi tarixi bo’yicha jamoatchilik kengashi (1) ta’sis etildi. Uning nizomida “eng yangi tarixni tizimli o’rganishni tashkil etish, o’zbek xalqining o’tmishi va hozirgi kunini baholashda tarixiylik va ob’ektivlik printsiplariga asoslanib, bir yoqlama yondashuv va dogmatizmga yo’l qo’ymaslik” deb belgilangan. Shuningdek, kengash huzurida “O’zbekistonning eng yangi tarixi masalalariga oid chet el ilmiy tadqiqotlarni tanqidiy tahlil qilish sektori” tashkil etilib, “zamonaviy chet el ilmiy va o’quv adabiyotlarida O’zbekiston tarixini soxtalashtirish, buzib ko’rsatish faktlarini aniqlashga yo’naltirilgan tizimli chora-tadbirlarni amalga oshirish, hozirgi O’zbekistonning tarixiy o’tmishi, ijtimoiy-iqtisodiy va ijtimoiy-siyosiy rivojlanishi, mamlakatda olib borilayotgan demokratik islohotlar to’g’risidagi xolis axborotni keng xalqaro jamoatchilikka yetkazish” masalasi ko’ndalang qo’yilgan.

Umuman olganda, ijtimoiy-gumanitar fanlarda, chunonchi Vatan tarixini o’rganish, uning metodologiyasi va ehtimol mavjud “oq dog’lariga” doir masalalarni faol muhokama etish milliy o’zlikni anglash va xalq xotirasini sayqallashda katta ahamiyat kasb etadi. Aksincha mavjud ziddiyatli va bahsli masalalarni to’liq yoritmaslik yoki xaspo’shlashga urinish tarix sahifalaridagi qator muhim hodisalarning jumboqligicha qolib ketishiga, pirovardida jamoatchilik orasida g’oyaviy parokandilikka olib kelishi tabiiydir. Bu borada biz “jamiyatshunoslar O’zbekiston tarixining ko’pgina sahifalarini qayta bitishlari, hujjatlar asosida nazar solishlari, teran va xolis tadqiq etishlari zarur bo’ladi. Bahslar va shubhalardan cho’chimaslik kerak. Haqiqatni kollektiv bo’lib ro’yobga chiqarish, buning uchun ilmiy-nazariy va ilmiy-amaliy konferentsiyalar, «davra suhbatlari» o’tkazish kerak”,(2) degan fikrga to’la qo’shilamiz.

Biz O’zbekiston tarixidagi ba’zi “oq dog’lar” sifatida atroflicha o’rganilib, hanuz so’nggi tarixiy baho berilmayotgan yoki alohida tadqiqot ob’ekti sifatida dadil ko’tarilmayotgan sho’rolar davrida sodir bo’lgan bosmachilik harakati, Turkiston legioni, paxta yakkahokimligi, quloqlashtirish, hujum amaliyotlari va hokazo kabi masalalarni misol sifatida ko’rsatishimiz mumkin. Qarorda zikr etilgan nihoyatda muhim bandlarni hayotga tatbiq etishda amaliy hisca sifatida biz O’zbekistonning eng yangi tarixini yoritishda o’ziga xos tadqiqot maktabini yaratishni hamda uning doimiy metodologik yo’riqnomasi sifatida eng muhim uch omil bo’lmish – manbashunoslik (1), munaqqidlik (2) va murosa madaniyati (3) an’anasini vujudga keltirishni taklif etamiz. Mazkur ilmiy maktabni shakllantirishdagi eng birinchi masala bu talqin masalasi bo’lib qoladi (3). Holbuki, talqin orqali deyarli istagan hodisani mavjud mafkura rakursi bilan istalgan yo’singa solish mumkin. Tarixchi o’rganayotgan davr tarixini talqin etishdan oldin, u duch kelgan manbaning o’zi qaysi mafkuradan turib talqin etilganini aniqlab olishi zarur.

Manbashunoslik. Shu nuqtai nazardan kelib chiqib hamda so’nggi yillardagi tadqiqotlarimiz barcha manbalarni aslida to’rt sinfga tabaqalashtirilgan holda o’rganish lozimligiga ishora qilmoqda. Ya’ni biz barcha manbalarni ular qanchalar ko’p bo’lmasin asosan 4 sinfga tipologik ravishda toifalashtirishimiz mumkin: ular rasmiy (1), norasmiy — muxolif (2), aktivist — faol-jonkuyar (3) va tadqiqotchi ilmiy (4) nuqtai nazardan yoritilgan manbalardir. Birinchi manbada – o’z mafkurasi doirasidan chetlamagan quruq hukmron faktlar, ikkinchisida – hokimiyatga intilishga bo’ysindirilgan alamli tarafkashlik, uchinchisida – ba’zida xushsiz darajadagi hissiyot va ehtiroslar bo’lsa, to’rtinchisida esa – ko’pincha mavhum, lekin teran nazariya va qonuniyatlar yashiringan. Nazarimizda, olis va yaqin moziydan hikoya etuvchi va uni yozib qoldiruvchi tadqiqotchilar manbalarni yuqorida zikr etilgan tabaqalashtirishdan boshlasalar voqea va hodisalarni imkon qadar haqqoniy va xolis yaratishda ancha qo’l keladi.

Hozirgi paytda ulkan ma’lumotlar ummonida manbalarning guruchini kurmagidan ajratib olish, ularning birlamchiligini aniqlash tadqiqotchilardan qo’shimcha malakalarni taqozo etmoqda. Axborot kommunikatsion texnologiyalarning muttasil rivojlanib borayotgan davrimizda sarg’aygan sahifalarga aylanayotgan tarixni qayta yaratishdek mashaqqatli vazifani puxta ilmiy-uslubiy va metodologik yondashuv orqaligina uddasidan chiqish mumkinligi tobora ayon bo’lib bomoqda. Tarixni xolis talqin etishda turli manbalar qiyosiy o’rganilib, tahlil va sintez qilinadi, tadqiqotchi tarafkashligiga yo’l qo’yilmaydi. Buning uchun masalaning mohiyati va tub ildizi izlanib, xayolan chorraha savollarga tutilib, unga javob topilishi orqali tegishli xulosalar qilish mumkin.

Tarixni o’rganishda xalqaro miqyosda tan olingan turli xorijiy metodologik tajriba va uslublardan ham foydalanish mumkin. Shulardan biri frantsuz olimi Mark Blok qalamiga mansub “Tarixchi kasbi” (4) nomli asaridir. Nazarimizda, mazkur manbada ilgari surilgan muayyan kontseptual, nazariy va metodologik yondashuvlar O’zbekistonning eng yangi va yaqin o’tmish tarixini o’rganishda asqotishi mumkin degan fikrdamiz.

Mark Blok fikriga ko’ra, zamonaning muayyan hodisalarini uning sababchi ildizlaridan voqif bo’lgan holda oydinlashtirish mumkin. O’tmishni gavdalantirish hozirgi zamon voqealar ketma-ketligini to’g’ri kuzatish va oqilona qaror chiqarishga yordam beradi. Umuman olganda, har bir tarixchidan zamon va vaqt makonlari oralig’ida fikran g’oyibona sayohat qila oluvchi tafakkur (1), siyosatshunoslik, sotsiologiya, dinshunoslik, madaniyatshunoslik, psixologiya, huquq, iqtisod kabi turli fanlararo yondasha oluvchi ilmiy salohiyat (2) hamda imkon qadar atamashunoslik va tilshunoslikdan puxta xabardor poliglot mutaxassis bo’lishi (3) talab etilib, ushbu malakalar tarixni haqqoniylik va ob’ektivlik tamoyillariga asoslanib xolis anglash uchun nihoyatda ulkan yordamchi bo’la oladi.

Munaqqidlik. Zikr etilgan ko’nikmalar orasida turli manbalarni xolis munaqqidlik qilishda tilshunoslik malakasi ekanini alohida e’tirof etmoqchimiz. Sababi tarjima va tilshunoslik fanlar orasida tabiatan eng ob’ektiv sohalardan biri hisoblanib, mutarjim-mutaxassisni avtomatik ravishda tadqiqot ob’ekti sarhadlaridan tashqariga parvoz qildira oladi. O’rganilayotgan hujjatning asl zaboni hamda o’sha makonga xos tilni taqqoslash in’ikosida keltirilayotgan dalillar ishonchli ekaniga amin bo’lishimiz mumkin. Hujjatda ishlatilgan tilning o’ziga xos jihatlari – so’z birikmalari, maqol, matal, naql, kinoya, kesatish, piching, g’azab, alam, ishora kabi kosa ostidagi nimkosa so’z va so’z birikmalari mag’zini chaqish orqali, manba muallifining o’z davrida boshidan kechirgan ruhiy kayfiyatiga baho berish va tegishli xulosalarni chiqarish mumkin.

Shuningdek, Mark Blok o’rganilayotgan muayyan jamiyat insonlarini o’z zamonasining mahsuli sifatida ko’rishni taklif etadi. Pirovard natijada, qadimgi, yangi va eng yangi davr insoniga yagona yo’l-yo’riq, mavqe yoki dasturlar rakursi orqali yondashish mumkin emasligi haqida ogohlantiradi. Tarixni ortiqcha bo’rttirish yoki unga noxolis bayonlar bilan talqin etmaslik maqsadida, tarixchi o’z nuqtai nazaridan emas, balki tadqiqot ob’ekti insonining nuqtai nazaridan o’rganishga da’vat etadi. M.Blok o’z ilmiy qarashlarida o’tmish insoni ongu-shuurini barcha tarovati bilan borligicha bir butunlikda qayta gavdalantirish sari intiladi. Shu asnoda biz ma’lum tarixdagi voqealarda falonchi X odamning, ya’ni davlat yoki jamoat arbobining xulq-atvori va ruhiy kechinmalari nima uchun aynan shu tarzda kechgani, o’z davri tevaragidagi makon va zamonga g’iloflangan hamda aynan o’sha voqea sodir bo’lishidan avvalgi va keyingi voqealar bilan chambarchas bog’langan holda tushunishimiz zarurligi, uni samarali tahlil etishda a’lo mezon bo’la olishiga alohida urg’u bermoqchimiz.

Murosa madaniyati. Bag’rikeng o’zbekistonliklar bilan bog’liq shonli tarixni tom ma’noda “qayta audit va reviziya qilish” hamda eng muhimi aynan shu talqinga ham mamlakat ichkarisidagi, ham mamlakat tashqarisidagi keng jamoatchilikni inontira olish uchun talay ishlarni amalga oshirish lozim.
Tarixiy faktlarni talqin etishda xalqimizga xos bag’rikenglik bilan ilmiy bahs va murosa madaniyatini yanada qaror toptirish maqsadga muvofiq ekani barchaga tushunarli. O’zbekiston tarixini tadqiq etish, unga xolis baho berish, o’tmish o’tgan davrlardagi tahlikali va mavhum vaziyatni tushunish bilan qabul qilishni taqozo etadi. Fikrimizcha, tarixiy faktlar xolislik va haqqoniylikda mo»tadil va murosa ohangida yoritilishi kutiladi. Shu bilan birgalikda tarixga va tarixiy faktlarga tik ko’z bilan qaray olish ham jasorat ham jur’atni taqozo etadi.

O’zbekiston tarixining to’liq, qisqartirilmagan shaklini yaratish va ularni xolis talqin etishda bir necha mafkuraviy muammolarga duch kelib qolishi mumkin. Masalan, tarixni ochiq va xolis yoritish O’zbekistonning xorijiy mamlakatlar bilan munosabatlariga ham ta’sir etib qolishi mumkin. Xususan, tarixning o’z milliy davlatchiligi mafkurasidan kelib chiqib o’ziga xos talqin etilishi hozirda Yaqin Sharq, Uzoq Sharq, Janubiy Osiyo va MDH makonidagi davlatlarning tarang va keskin munosabatlarida yaqqol ko’rishimiz mumkin. Yaratilajak eng yangi tarix xalqlar va millatlar orasida adovat urug’ini sochib qo’ymasin. Mazkur murosali munosabat mamlakatda bardavom millatlararo va dinlararo hamjihatlikni saqlab qolishda hamda muhim xorijiy hamkorlar bilan uzoq muddatli ishonchli muloqotni davom ettirishga xizmat qilishi mumkin.

————————

[1] O’zbekiston Rrespublikasi Oliy va o’rta maxsus ta’lim vazirligi huzurida O’zbekistonning eng yangi tarixi bo’yicha Jamoatchilik kengashini tashkil etish to’g’risida O’zbekiston Respublikasi Prezidentining Qarori PQ-1694-son. Toshkent. 2012 yil 27 yanvar`. O’zbekiston Respublikasi qonun hujjatlari to’plami, 2012 – 5-son. 42-modda. www.lex.uz

[2] A.Bekmurodov (va boshq.). O’zbekiston Respublikasi Prezidenti Islom Karimovning “O’zbekiston mustaqillikka erishish ostonasida” kitobini o’rganish bo’yicha o’quv-uslubiy qo’llanma. / O’zR Oliy va o’rta maxsus ta’lim vazirligi. T.: «O‘qituvchi» NMIU, 2011. – 111 b.

[3] Z.Soipov Xalqaro munosabatlarda talqin masalasi // Jamiyat va boshqaruv 2/2007, 109-110 bb.

[4] Marc Bloch. Chapter 1, History, Men, and Time, The Historian’s Craft with introduction by Peter Burke 1992 pp.20-47

II. “SHAYTON ORQASIDAN KETGANLAR…”

09yeys stadi — Turkiston legioni. Endi yuqorida bayon etgan tadqiqot metodologiyamizni Turkiston legionining ba’zi bosh qahramonlaridan bo’lmish Ro’zi Nazar (Marg’ilon 1917 y.da tug’ilgan) va Boymirza Hayit (Namangan, 17.12.1916 y. — Kyol`n, 31.10.2006 y.)ning portretiga yorqinroq chizgilar chizishga urinish misolida ko’rib chiqsak. Ularning ikkovi qismatida deyarli yagona taqdir namoyon bo’ldi – II Jahon urushi davrida nemislarga asirga tushib Gitler Germaniyasi tomonidan tuzilgan Turkiston legioni faoliyatida ishtirok etgan. Keyinchalik R.Nazar AQShga ko’chib ketsa, B.Hayit esa Germaniyada qoladi.

Shuni aytish mumkinki, bu ikki shaxsning hayoti va ijodiga nisbatan ko’plab o’zbekistonlik mutaxassislar tomonidan ijobiy baho berilgan. Masalan, Boymirza Hayit bir manbada “taniqli o’zbek olimi”, “ma’rifatparvar vatandoshimiz” (1) deyilsa, yana bir manbada “xorijdagi o’zbek diasporasining taniqli olimi” (2) , boshqa bir manbada “etuk ustoz olim” (3) deb yozilgan. Ushbu mavzuga bevosita aloqador “II Jahon urushi va o’zbeklar” nomli maqolada esa bu kishilarning nomi umuman tilga olinmagan, ehtimol botina olinmagan (4). Ro’zi Nazar esa yana bir boshqa manbada “o’zbek diasporasining Amerikadagi faxri” deb bayon etilgan (5). Turkiston legionini o’rganishda ahamiyatga molik yana bir nisbatan to’liq nodir manba Bi-Bi-Si o’zbek xizmati ijodkorlari tomonidan tayyorlangan “Turkiston legioni: tarixning o’qilmagan varaqlari” nomli risolasi hisoblanadi (6). Bu audio lavhalarda legion turkistonliklarni omon qoldirgan imkoniyat deb baholangan.

Ro’zi Nazar mashhur “Tafakkur o’yini” (A Beautiful Mind) kitobi muallifi Sil`viya (Zulfiya) Nazarning otasi. Ba’zi manbalarda Ro’zi Nazar turkman, Boymirza Hayit esa qozoq millatiga mansub bo’lgani ham qayd etilgan. O’z qizi ismiga Sylvia ismini qo’yishning o’zi qator ma’nolarni anglatishi mumkin. Zulfiya ichki oilaviy iste’mol uchun, Sil`viya esa qo’nim topgan davlat hayotiga to’laqonli integratsiya qilish, o’qish va ish joyida ortiqcha savollarga tutilishni bartaraf etish hamda o’z istiqbolini avvalda targ’ib etilgan Turkiston kelajagi bilan bog’lamaslik istagi yotgan bo’lishi mumkin, degan taxminlarni ehtimol ilgari surish mumkin. Shu kabi sobiq vatandoshlarimizdan birini Nodir deb chaqirib, lekin hujjatdagi ismi Nather deb nomlanish hollari yuqorida zikr etilgan fikrni qisman tasdiqlaydi.

Boymirza Hayit qalamiga mansub maqolalarning (7) birlamchi tahlili ularning asosiy mazmuni sho’rolar zug’umi ustidan nafrat, Turkiston o’lkasida turkiylik va islomiylikka mansub jamiyatni barpo etishdan iborat orzu va armonlarga yo’g’rilgan fikrlarga borib taqaladi. U Turkiston legioniga qo’shilish xatti-harakatini asirga tushganlarning ko’pini omonlikda saqlashga ko’maklashgani bilan izohlaydi. Albatta Sovet Ittifoqining ma’lum alohida milliy va din ishlari bo’yicha siyosati bois Boymirza Hayitning mulohaza va g’oyalari sobiq SSSRda murosaga bora olmasligi aniq va yashab ketolmaslikka mahkum edi. Boymirza Hayit va Ro’zi Nazar SSSR nuqtai nazaridan xudbin, xoin va vatangado edilar.

O’z navbatida 2009 yilda “Amerika manzaralari” ko’rsatuviga interv`yu bergan Ro’zi Nazar esa aniq sonni aytmagan holda, lekin ko’p asir lagerlaridan o’zbek, qozoq, qirg’iz, turkman, tojik yurtdoshlar kelganini, u yerda 9 ta rota tashkil etilib, shu rotalardan birinchisiga u komandir bo’lganini bildirgan. Shuningdek, R.Nazar o’z suhbatida “Mustafo Cho’qayning g’oyasi, Turkiston birligini yaratish, uni mustaqillikka erishtirish, shu sohada u kurashgan inson. Uning bu g’oyasi biz uchun bayroq bo’ldi. Biz shu g’oya orqasidan ketdik. Biz hatto agar shayton Moskovga qarshi kurashsa, biz shayton orqasidan ketamiz deganmiz”,(8) deb o’z mavqeni ma’lum qilgan.

Ushbu maqolani yozishga majbur qilgan va bizni o’yga toldirgan asosiy masala O’zbekistonning mustaqillik yillarida chop etilgan manbalardan farqli o’laroq Ro’zi Nazar va Boymirza Hayitning o’zlari qo’nim topgan AQSH, Germaniya, Turkiya va boshqa G’arb mamlakatlari adabiyotlarida ularning tamomila aksincha salbiy va tanqidiy jihatdan talqin etilishlari bo’ldi. Shu bois ushbu tadqiqotdan ko’zlangan maqsad so’nggi yillarda O’zbekiston va xorijiy manbashunoslikda yoritilayotgan aralash ijobiy va salbiy talqinlarning mag’zini anglashdir.

Masalan, Pulitser mukofoti laureati, The Wall Street Journal gazetasining Berlin shahridagi byurosi shef-muxbiri Ayen Jonson o’zining “Myunxendagi masjid: natsistlar, Markaziy razvedka boshqarmasi va G’arbdagi Musulmon- birodarlar” (9) nomli kitobining to’liq bir bobini Ro’zi Nazar va Boymirza Hayit hayotining biz bilmagan qirralariga bag’ishlagan. Chunonchi, unda qayd etilishicha, Ro’zi Nazar Reyxning bosib olingan sharqiy hududlar vazirligi mutaxassisi Gerxard fon Mende va SS boshqarmasi bilan hamkorlik qiladi, urushdan keyin “Ozodlik” radiosi, keyinchalik esa AQSH Markaziy razvedka boshqarmasiga ishga yollanadi. Hatto 1955 yilda Sovet Ittifoqidan Saudiya Arabistoniga borgan hojilar orasida sabotaj qilishga urinadi. Ro’zi Nazarning do’sti Anvar Oltoyning Turkiyada chop etilgan “Ruzi Nazar: CIA’nin Turk Casusu”
(10) nomli kitobi ham buni tasdiqlaydi. Unda hatto AQShning 1979 yilda Eron islom inqilobida garovga tushgan o’z fuqarolarini ozod qilish “Argo” operatsiyasiga Ro’zi Nazar shaxsan o’zi kuratorlik qilgani ma’lum qilingan.

Yana bir manbada dezertir va kollaboratsionistlarning aniq soni turlicha talqin etilib, mavjud dalillar ularning miqyosi hayratli va misli ko’rilmagan darajada bo’lgani, jami 1 milliondan ziyod sobiq sovet millatlari vakillari Germaniya jangovar harakatlarida ishtirok etib, ular Sharqiy frontda safarbar etilganlarning chorak qismini tashkil etgan. Ular safida O’rta osiyoliklar 110-180 ming (11) kishidan iborat bo’lgan. 1941 y. kuzida asirga tushgan 100 ming nafar o’rta osiyolik-turkistonliklar (12) orasidan atigi olti ming (6,000) nafari qishdan omon chiqa olgan. Ularning aksariyatini hatna qilingani bois yahudiy deb taxmin etilib, na sud va na tergovsiz otib tashlangan. Pol`shaning Chenstoxova shahrida esa o’ttiz ming (30,000) o’rta osiyolik askar asirlardan atigi ikki mingi (2,000) hayot qolgan (13).

Ma’lum bo’lishicha, natsizmning bosh mafkurachisi Reyxning bosib olingan sharqiy hududlari bo’yicha vaziri (Ostministerium) Al`fred Rozenberg sobiq Sovet Ittifoqi hududini 7 ta alohida norusiyzabon qismlarga bo’lish, shu jumladan Turkistonni ham rejasini nazarda tutgan bo’lsada, ularga hech qachon siyosiy suverenitet yoki o’z taqdirini o’zi belgilash g’oyasini ilgari surmaganini, balki u yagona nemis siyosiy gegemonligini yoqlab chiqqanini ta’kidlaydi. Bu maqsadga erishish uchun A.Rozenberg urushni yolg’iz harbiy vositalar bilan g’olib bo’lish to’g’ri emasligi, aholi ishonchini qozongan holda mahalliy millatlar istiqomat qiluvchi hududlar bo’ylab go’yo sanitar tasmadek qalqon sarhadlarni yaratish fikrini himoya qilgan (14).

Bel`giyalik tadqiqotchi Bruno de Kordier musulmonlarni “Reyxning fidoyilari, II Jahon urushi mobaynidagi kollaboratsionizm” (15). deb ataydi. Fin tadqiqotchisi Simo Mikkonen esa ular haqida bafurja to’xtalib, “Vashington 1950-yillarda GFR va AQShdagi sovet emmigrantlaridan sovuq urush strategiyasining bir jihati, psixologik operatsiyalar kampaniyasi sifatida foydalandi,” (16). deb baholaydi. Bu fikrni AQShning o’zida so’nggi yillarda mahfiylik grifi olib tashlab ommalashtirilgan arxiv hujjatlari kataloglari ham tasdiqlamoqdi (17).. Turkiston legioniga o’ralashib qolganlar orasida vatan sog’inchi ustun kelib o’z yurtiga qaytganlar ham bo’lgan. Ulardan biri qo’qonlik Ahror A’zamovdir (18). Ushbu manbada 100 dan ortiq davlatlarning 50 dan ortiq tillardagi mahalliy va jahon tarixi matbuot xabarlari xronikasi jamlangan. Ko’rsatilgan so’nggi ikki manbadan kelgusi tadqiqot ishlarida foydalanish mumkin.

———————

[1] Boymirza Hayit: Ikki maqola, bir suhbat. G’afur G’ulom nomidagi nashriyot-matbaa uyi http://tinyurl.com/mrkuxkf

[2] Saidakbar Agzamxodjaev. Istoriya Turkestanskoy avtonomii (Turkiston muxtoriyati). Institut istorii AN RU T.: Izd.-pol.ob’ed.“Toshkent islom universiteti” 2006 – B.23.

[3] SH.Hayitov, A.Abdullaev. Xorijdagi “farg’oniylar” o’tmishda va bugun. 08.13.2012 http://uzbekny.tv/archives/2488

[4] Hamid Ziyoev, II Jahon urushi va o’zbeklar. «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasining 2003 yil 25-sonidan. www.ziyouz.uz

[5] Mavlon Shukurzoda, Avtor bestsellera «A Beautiful Mind» — gordost` uzbekskoy diaspori v Amerike. N`yu-York 23.05.2011 www.12uz.com/ru/news/show/compatriots/6269 Turkiston-Amerika Assotsiatsiyasining asoschilaridan biri Ro’zi Nazar bugun 95 yoshga to’ldi 21.01.2012 http://vatandosh.uz/2012/01/21/turkiston-legionining-su-ngi-ofitseri

[6] Luiza Iskandariy, Abdulhamid Ismoilov. Turkiston legioni: Tarixning o’qilmagan varaqlari, 2007 y. 21 fevral` www.bbc.co.uk/uzbek/news/story/2007/02/070221_turkiston_legioni.shtml
Arosat yo Turkiston legioni, 2007 y. 19 iyun` www.bbc.co.uk/uzbek/news/story/2007/06/070619_arosat.shtml

[7] Baymirza Hayit, Two outstanding figures in modern Uzbek literature: Qadiri and Cholpan. Journal of  the Royal Central Asian Society. Volume 52, Issue 1, 1965 pages 49-52; Turkistan: a case for national independence. Institute of Muslim Minority Affairs.
Journal Volume 1, Issue 1, 1979 pages 38-50; Some reflections on the subject of annexation of Turkestani Kazakhstan by Russia. Central Asian Survey. Volume 3, Issue 4, 1984 pages 61-75; Western Turkestan: the Russian dilemma Institute of Muslim Minority Affairs. Journal Volume 6, Issue 1, 1985 pages 137-151; Islam in Turkestan: perspectives on an enduring problem. Institute of Muslim Minority Affairs. Journal Volume 9, Issue 2, 1988 pages 338-349. Islam under Communist Rule: A View From Turkestan. Institute of Muslim Minority Affairs. Journal Volume 14, Issue 1-2, 1993 pages 246-248

[8] Urush xotiralari / Memories of War Amerika Ovozi TV «Amerika Manzaralari» dasturidan 25.05.2009 www.youtube.com/watch?v=xgcB3NqIRZQ

[9] Ian Johnson, A Mosque in Munich: Nazis, the CIA, and the Rise of the Muslim Brotherhood in the West. 2011

[10] Mavlon Shukurzoda. Vatandoshimiz Ro’zi Nazar haqida yangi kitob 28.05.2013 http://vatandosh.uz/2013/05/28/ruzinaza hamda www.dogankitap.com.tr da

[11] Patrick von zur Muehlen. Zwischen Hakenkreuz und Sowjetstern: Der Nationalismus der sowjetischen Orientvoelker im Zweiten Weltkrieg (Bonner Schriften zur Politik und Zeitgeschichte, Vol.5). Droste Verlag. Dusseldorf. 1971 in Alex Alexiev. Soviet Nationalities in German Wartime Strategy, 1941-1945. RAND August 1982 R-2772-NA. p.32-33

[12-13] Jurgen Thorwald. Die Illusion: Rotarmisten in Hitlers Heeren. Droemer Knauer Verlag. Zurich. 1974 in Alex Alexiev. Soviet Nationalities in German Wartime Strategy, 1941-1945. RAND August 1982 R-2772-NA. p.31

[14] Alex Alexiev. Soviet Nationalities in German Wartime Strategy, 1941-1945. RAND August 1982 R-2772-NA. p.8

[15] Bruno De Cordier. The Fedayeen of the Reich: Muslims, Islam and Collaborationism during World
War II. China and Eurasia Forum Quarterly. Central Asia-Caucasus Institute & Silk Road Studies Program. Volume 8, No. 1. 2010. pp. 23–46

[16] Simo Mikkonen. “Exploiting the Exiles: Soviet Emigres in U.S. Cold War Strategy.” Journal of Cold
War Studies 14:2 (Spring 2012): 98-127 http://dx.doi.org/10.1162/JCWS_a_00222

[17] Extensive Collection of Declassified Materials Now Accessible, Searchable in New Digital Archive.
International History Declassified. Woodrow Wilson International Center for Scholars. Washington, DC http://digitalarchive.wilsoncenter.org

[18] Uzbek Repatriate’s Life Abroad Profiled (R.Shagayev; Sovet Ozbekistoni, February 5, 1987 referring to «The Forty-First Parallel») via Joint Publications Research Service (JPRS) Report JPRS-UPA-87-013 Soviet Union. Political Affairs July 14, 1987. Reproduced by U.S. Department of Commerce National Technical Information Service p.10-11 www.dtic.mil/get-tr-doc/pdf?AD=ADA351365 www.dtic.mil/dtic/search/tr/tr.html http://guides.library.harvard.edu/jprs

 

III. TAHLILIY TARIXGA OID MULOHAZALAR

03ahliliy tarixni yaratish bu tarixiy voqealarning nima uchun va qanday qilib sodir bo’lganining sabab va oqibatlarini tahliliy yondashuv orqali yoritishdir. Bunda tarixni bayon etishga bel bog’lagan mutaxassis nihoyatda ko’p va keng qamrovli manbalar bilan ishlashga layoqatli bo’lish, xorijiy tillarni egallagan bo’lishi, nafaqat tahlil, balki manbalarni sintez qilish natijasida nazariy kontseptual fikrlay oliy malakasini oshirishga e’tiborni qaratish lozim.

Xo’sh, imkon qadar oydinlik kiritib, yoritishga harakat qilingan biz taklif etayotgan tarixni tadqiq etish metodologiyasini qo’llagan holda Turkiston legioni haqidagi turli manbalarga munaqqidlik qilib qanday murosaga kelishimiz mumkin? Nima uchun talqinlar turlicha? Nima uchun manbalar turfa? Nima uchun xulosa va baholar ham o’zgacha? Ular haqidagi haqiqatga yaqin haqiqat qaerda?

Shuni ham ta’kidlash joizki, O’zbekistonga oid qadimgi va yangi tarix hozirda asosan noo’zbekistonliklar tomonidan yozilib, ommaviy vositalarda butun dunyo bo’ylab keng tarqatilayotgani ma’lum. Shunday plyuralistik va muqobil fikrlar mavjud bo’lgan g’oyalar bellashuvida qanchalar raqobatbardoshmiz? Bunday fikrlar jangi va tarixni bayon etishda shaffoflik, xolislik, kuchli argument g’olib bo’ladi. Albatta, eng yangi tarix qotib qolgan dogmalardan xoli bo’lishi lozim. Xalqaro afkor ommasi bilan integratsiya bo’lish zarurligini inobatga olib, yangi paydo bo’layotgan manbalar xususida erkin bahs-munozara yuritish muhiti mavjudligi nafaqat soha bardavomligini ta’minlsh uchun, balki uning muntazam ichki tizimli takomillasha olish qobiliyatini oshiradi.

Olib borgan dastlabki tadqiqotlarimiz birinchi tomondan, qator G’arb olimlarining fikri Sovet Ittifoqi davrida Turkiston legioniga berilgan baholar bilan mushtarak bo’lib chiqayotganligidan dalolat bermoqda. Agar tarixiy analogiya sifatida ko’rib chiqilsa, xuddi Buyuk Britaniya Usmoniylar saltanatiga qarshi o’z kurashida arab birdamligini va’da etib, arablar yordamida markazga qarshi isyon o’tkazib, separatizmga olib kelgani kabi fashist Germaniyasi ham sobiq SSSRga qarshi rus bo’lmagan millat vakillaridan o’zini uzoq muddatli strategik maqsadlarida foydalangan.

Diyorimizdagi XIX asr o’rtalaridan hozirga qadar sodir bo’lgan va bo’layotgan voqealar mag’zini chaqish jahon harbiy-siyosiy, savdo-iqtisodiy va eng muhimi mafkuraviy tendentsiyalari bilan uzviy bog’lab tushunishni talab etadi. Ro’zi Nazar, Boymirza Hayit va biz bilmagan millionlar Uchinchi reyx, G’arb mamlakatlari, shu jumladan AQSH, Buyuk Britaniya va Sovet Ittifoqining II Jahon urushi va undan keyingi sovuq urush davridagi keskin harbiy-siyosiy strategiyaning elementlari sifatida anglash lozim.

Vatan tarixiga bog’liq Turkiston legioni kabi qaltis mavzuni yozishdan ko’zlangan asosiy maqsad hech kimni ayblash emas, balki uni yaqindan tushunishga urinish, tadqiqot uslublarimiz hamda tadqiqotchilarni ham savol ostiga qo’yish, shuningdek bugungi kundagi dolzarb muammolar bilan analogiya va parallel keltirib tegishli tavsiyalarni ishlab chiqishdir. Tarixning qay tarzda talqin etilishi mamlakat fuqarolarining muqobil axborotga duch kelgan holatlarida yaqqol yuzaga chiqadi.

Fikrimizcha, jamoatchilik fikrida jipslashgan tarixiy xotirani yanada shakllantirishda O’zbekistonning nafaqat 1989 yildan boshlangan eng yangi tarixi, balki undan avvalgi asrlardagi nihoyatda boy, serqirra, shu bilan birga butkul o’rganib ulgurilmagan davrlar haqida ko’p jildlik enqiklopedik tarixni yaratishni taqozo etadi. Chunonchi, tarixiy, siyosiy, iqtisodiy va madaniy xaritalarni tiklash, xorijiy ilmiy hamkorlikni yo’lga qo’yish, ular asosida mul`timedia materiallari, ko’p qismli videoseriallarning yaratilishi tarixning ommalashishiga xizmat qilishi tabiiydir.

Maqola chop etilishga tayyorlanayotganda V.Putin janoblari o’zining yangi 2015 yildagi nihoyatda ramzli demarshi bo’lmish ilk farmoni bilan Rossiya Federatsiyasi hududida istiqomat qilayotgan xorij fuqarolarini mamlakat Qurolli kuchlari safida harbiy xizmatni o’tash mumkinligiga izn beruvchi nizomga imzo chekdi (1). Aslida bu masalaga oid ilk signalli sas ikki oy muqaddam LDPR partiyasining Davlat dumasidagi fraktsiyasi deputati Roman Xudyakov timsolida yangragan edi. Unda Rossiyada tirikchilik qilayotgan o’zbekistonlik va tojikistonliklar hisobidan xuddi frantsuz legioni kabi “musulmon legionini” tuzish tashabbusi olg’a surilgan (2). Bu tasdiqlanish natijasida yaqindagina nonsens bo’lib tuyulgan xabar rasmiy tusni oldi.

Rossiya Federal migratsiya xizmatining 2014 y. 4 dekabr` holatiga ko’ra hisobotida faqat 18 yoshdan 29 yoshgacha bo’lgan 919,437 nafar erkak va 138,975 nafar qiz-juvon o’zbekistonliklar (3) bepoyon Rossiyaning turli o’lkalarida shu kecha-kunduzda kun kechirishmoqda. E’tibor qarating – bu raqamlar rasmiy ro’yxatdan o’tgan fuqarolar, ro’yxatdan o’tmaganlar va boshqa davlatlarda ham ehtimol sargardonlikda yurganligi to’g’risida aniq ma’lumot mavjud emas. Ushbu maqolamiz uchun aynan shu yoshdagi tabaqa vakillarining miqdori bekorga keltirilmayapti. Bu aynan o’qish, ta’lim olish, o’z ustida ishlash, dunyoni anglash va haqiqiy do’stlar orttirish davri.

Nazarimizda, ko’p muammolarning yechimi ta’lim eshiklarini har bir istovchi fuqarolarimiz uchun lang ochishda yotibdi. Ma’lumki, o’tayotgan 2014-2015 o’quv yili uchun bakalavriat ta’lim yo’nalishi bo’yicha 56,907 nafar talabaga qabul o’rni ajratildi (4), bu mavjud talabning o’ndan bir qismi qondirilishidir xolos. Oliy ta’lim tizimimizning yana bir tushunarsiz tomoni o’qishga qabul yilda faqat bir marotaba bo’lishi hamda talabalarning o’z bilim va qiziqishlari bo’yicha bir vaqtning o’zida bir necha universitetlarga kirishga kuch sinab ko’rishlari imkoniyatining yo’qligidir. Bilimi bor, hatto o’qish pulini to’lashga qodir yoshlarimiz oliy ma’lumot olishdagi cheklov tufayli, bir yil vaqtni boy bermaslik uchun, xorijga bosh ko’tarib ketayotgan bo’lishlari mumkin deb taxmin qilishga asos bor.

Shu masalaga taalluqli boshqa manbaga ko’ra, MDH mamlakatlari orasida O’zbekiston malakali mutaxassislarning o’z yurtlarini tark etib ketish mezoni bo’yicha jahon reytingida peshqadamlik qilmoqda (5). Bu nima degani? Ushbu statistik xabarlardan shu narsa ma’lum bo’ladiki, turli omillar tufayli o’qishga kira olmaganlar Rossiyaga, o’qib bo’lgan oliy toifali mutaxassislar ham afsuski chet davlatlarga ketishi davom etyaptimi?

Mavjud manzaraning eng xunuk jihati o’zini o’z yurtida topa olmagan yigit va qizlarimiz g’urbatda chet el mutaassib tashkilotlari safiga qo’shilib ketayotganlari to’g’risidagi tashvishli ma’lumotlar quloqqa chalinmoqda. Agar mazlum va alamzadalardan o’z maqsadlarida ustomonlik bilan foydalanish mumkin bo’lsa, mamlakatda har bir fuqaro o’z yurtiga egalik qilib, undan rozi bo’lishi, o’sib-unib, palak yozishi uchun qo’shimcha nima qilish mumkinligi xususida bosh qotirish kerak. Masalan, shu yilning o’zidan qabul kvotasini 200 ming etib belgilash mumkinmi? Axir mintaqadagi eng yirik mamlakatning davlat doshqozoni ham o’ziga munosib bo’lishi kerak. Mahalliy jamiyatshunoslar oldida aholi ichki va tashqi migratsiyasining tub sabablari, kishilar norizoligiga sabab bo’luvchi omillarni atroflicha ilmiy va amaliy o’rganishnini talab etadi. Shuningdek, biz istagan tarix yozilishi uchun aholi noroziligiga sabab bo’lishi mumkin bo’lgan ishlardan jilovlanish masalasi haqida ham bosh qotirish muammolar yechimini topishning yuqori pog’onada anglashdir.

———————-

[1] Putin svoim ukazom vnes izmeneniya v Polojenie o poryadke proxojdeniya voennoy slujbi v RF. // Armiya i OPK. TASS. 2 yanvarya 2015 g. http://itar-tass.com/armiya-i-opk/1683402

[2] Igor` Molotov. Gosduma prosit Minoboroni sozdat` inostranniy legion // 10 noyabrya 2014 g. http://izvestia.ru/news/579099 // Anton Mardasov. «Musul`manskiy legion» dlya Minoboroni. Deputati Gosdumi predlagayut zashishat` RF ot «Islamskogo gosudarstva» s pomosh`yu uzbekskix i tadjikskix chastey // 10 noyabrya 2014 g. http://svpressa.ru/war21/article/103567

[3] Ofitsial`nie statisticheskie dannie Statisticheskie svedeniya v otnoshenii inostrannix grajdan, naxodyashixsya na territorii Rossiyskoy Federatsii Svedeniya v otnoshenii inostrannix grajdan, naxodyashixsya na territorii Rossiyskoy Federatsii, v polovozrastnom razreze (po sostoyaniyu na 4 dekabrya 2014 g.) // Federal`naya migratsionnaya slujba Rossii www.fms.gov.ru/about/statistics/data/details/54891

[4] VUZi Uzbekistana v 2014/2015 uchebnom godu primut bolee 62,9 tis. studentov 01 iyulya 2014 g. UzDaily.uz http://www.uzdaily.uz/articles-id-20900.htm

[5] Failed States Index 2014: The Book. The Fund for Peace. June 24, 2014 http://library.fundforpeace.org/cfsir1423 http://ffp.statesindex.org/2014-uzbekistan

001

(Tashriflar: umumiy 1 191, bugungi 1)

1 izoh

  1. Nima uchun Vali Qayumxon haqida hech narsa yoritilmagan. Boymirza Hayit va Ro’zi Nazarlarning urushgacha istiqlol uchun kurash g’oyasi bo’lmaganku ularni har kim o’z bilganicha talqin etsin. Lekin, Vali Qayumxon haqiqiy vatanparvar bo’lgani ko’pchilikka ma’lum bo’lsa kerak. Legion qurilmasdan oldin V.Qayumxonning turkistonlik asirlarni sanoatda va ziroatda mehnatga yonlash orqali jonini saqlashga uringani uning o’z vatandoshlariga va vataniga bo’lgan muhabbatini anglatmaydimi?

Izoh qoldiring