Zuhra Ochilova. Yangi she’rlar

01   Ўзига хос изланишлари билан диққатга сазовор Зуҳра Очилованинг сизга тақдим этилаётган шеърий туркуми шоира шуурида она шаҳри қадимий Кеш — Шаҳрисабзнинг қўҳна кечмишлари уйғотган туйғулар билан йўғрилган…

Зуҳра ОЧИЛОВА
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
054

05Зуҳра Очилова 1975 йил 30 ноябрда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида туғилган. Шаҳрисабз шаҳридаги Қори–Ниёзий номли 7-сонли умумий ўрта таълим мактабида сабоқ олган.Ҳамза номидаги Шаҳрисабз Педагогика билим юртининг мактабгача таълим мутахассислиги бўйича сиртдан ўқиган.Қарши Давлат Университетининг ўзбек филологияси факулътетеда сиртдан таҳсил олган. Кўп йиллардан буён таълим соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Вилоят, республика матбуотларида назмий, насрий, публицистик чиқишлар қилган. Илмий-услубий ва илмий- адабий мақолалари республика ва хориж илмий-амалий анжуман нашрларида чоп этилган.Унинг “Мовий ифор”, “Гулшамол”, “Тафтли ошён”, “ Сезимлар ҳисси” номли шеърий тўпламлари нашр қилинган.

ЗУМРАД ИЛДИЗ

Шаҳрисабзим –
Сен Гова Сўғда юраги
Сен залворли Наутака
Сен афсона Кеши

Шаҳрисабзим –
Сен – Александр Македонни
Мангу ошуфта этган
Дунёдаги энг соҳибжамол аёл Руксона – висоли

Шаҳрисабзим –
Сен – Муқаннанинг сиғинган
зумрад оташгоҳи

Шаҳрисабзим –
Сен – Бахшиларни туганмас достони
думбиралари сасидан
ҳануз эврилаётган аср

Шаҳрисабзим –
Сен – Баҳодир Тарағай, Текинабегимни
Суюнтирган – бешик
Етти иқлим қалбини забт айлаб
Пойига тиз чўктирган Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон ўғлонни
муҳташам диёрисан

Шаҳрисабзим –
Сен – Амир Носир Хусрав Деҳлавий
Ҳазрат Мир Алишер Навоий
Абдуқодир Мирзо Бедил
Шоҳ Заҳириддин Бобур каби
ДАҲО БОБОКАЛОНлар шажараси

Шаҳрисабзим –
Сен –
Хаттотлар даргоҳи
Ғаройиб суйланар
Зумрад ёзувларнингни жодуси

Шаҳрисабзим –
Сен –
Таҳқирдан енгилмаган
Кенагасбегимнинг мардона аёл исёни

Шаҳрисабзим –
Сендан бошланади
зумрад ишқ
Ошиқар сенга маҳбуб бўлгали қалблар
Зумрад жамолинга ошиқар мафтунлик
Ошиқар таваллолар,
ошиқар беморлик
излаганин сендан топар бегумон

Шаҳрисабзим –
Сен – ИЛМ ва АДАБ ҚУББАСИсан
Сен – ЯШИЛЛИК ТОЖИ
Сен – сирли ЗУМРАД ИЛДИЗим
Шавкатлигин ўчмагай
Тарих зарварағидан

2019 йил.

СУФИЁНА КЕШ

қулоғимга ишқ айтган азон
бўғзимдан кирган
раҳмондан зумрад мастоналик
жонимни чайқатиб
сўзни най қилган
толеига
кифоямас ишқсиз
карамлик
зумрад бармоғимда ўйнаган
мастона танбур бўлди сўз
сато куйи мастона эшилиб
сўзга айланар
вужудимдаги КЕШ қадим ва янги
мақомида зумрад суфийлик

2019 йил.

ШАҲРИСАБЗ ҚАЛЪАСИ

Ҳар не истарсан, ўзингда жам эрур…
Жалолиддин Румий.
Шаҳрисабз қалъа деворларидан
гўпириб киради ташқари
Шаҳрисабз қалъа деворларидан
ичкари киради гўпириб
ташқарида ичкари
ичкарида ташқари

ташқарига чиқади ўйланиб
Шаҳрисабз қалъа деворларидан
чиқади ўйланиб ичкарига
Шаҳрисабз қалъа деворларидан
ташқарида ичкари
ичкарида ташқари

ташқари ичкарига талпинар яна
Шаҳрисабз қалъа деворларидан
яна ичкари талпинар ташқарига
Шаҳрисабз қалъа деворларидан
ташқарида ичкари
ичкарида ташқари

ташқарида Шаҳрисабз мозийи
ичкарида Шаҳрисабз мозийи

мозийни кезинар ташқари
ичкари кезинар мозийни

Шаҳрисабз қалъаси узра
Истак ташқариси
Ичкариси истак

Излаган истаги ўзида ташқарини
ичкарини излаган истаги ўзида
жам эрур…

2019 йил.

КЕШ ИФОДАСИ

Ифодаланар
Кеш тонгида
кешийча оҳорлик
Ифодаланар
офтобли кунда кешийча меҳр
Ифодаланар
дарахтларда кешийча ўйлар
Ифодаланар
кешийча шабада ислари
Ифодаланар
Майсалар қалби кешийча
Қушлар ифодасида
кешийча парвоз
Ифодаланар
сувлар таъми кешийча
Ифодаланар
руҳиятда
Таббарук Кешийлик

2019 йил.

ТУПРОҒИДА…

Шаҳрисабз тупроғларида
Навбаҳорни баҳри қитиғлар димоғ

Шаҳрисабз тупроғларида
Шивирлайди ишқни титроғи

Шаҳрисабз тупроғларида
Аломатин кўрсатар эзгулик

2019 йил.

КЕШ ЁМҒИРИ

Илк баҳор ёмғири
Кешнинг рангида
Тўкилиб олган
Зангори ҳислар
Гиёҳ бўлиб ўнар заминда

Ёмғир бугун Кеш тусида

2019 йил.

КЕШ МАНЗАРАСИ

Кеш. Масжид мезанасида
эшитилар кўклам азони
шудринглари сергаклантирар
мудраётган чексиз фазони

тўйиниб олар ҳавони
эснаб керишган дераза
саҳарги елда
чайқалар шойили парда

онамни оқ меҳридай
ҳовлидаги ғужғонгул олча
боғкурсида ўлтирар
хаёл ҳам ўз ҳолича

2019 йил.

ШАҲРИСАБЗ МАЙСАЛАРИ

Ёмғир тинди
Шаҳрисабз майсаларин соғинчи
Заминни уйғотди тўлғотиб

Ёмғир тинди
Шаҳрисабз майсаларин хумори
Ҳаяжонга солди ҳавони

Ёмғир тинди
Шаҳрисабз майсаларин ҳиди
Сармаст қилди дунёни

2019 йил.

КЕШ ҲОВЛИЛАРИ

Кеш ҳовлиларин этакларида
феълидан уялиб қочади ғубор…
Экинсираб жонланган тупроқда
ўз исми билан тирилар не бор..

Кеш ҳовлиларин этакларида
яшил майинлиги ёйилар шарқни
мусаффо кенглик парвозини-ю,
боғларда кўрасан иймонли дардни…

Кеш ҳовлиларин этакларида
сабо суйлаб беради дилнома
Бармоқларда тўқилмоқ истайди
гулчамбарак бўлгали чучмома

Кеш ҳовлиларин этакларида
сасланиб йўл олади ариқлар
Абрни сувидан илдизланади
муйсафид ерга сепган тариқлар

Кеш ҳовлиларин этакларида
дармон оятин пуркар пўдана*
Тоғларидан билдиргай томирин
муъаттарлаган зира, седана…

Кеш ҳовлиларин этакларида
ўғилчалар бошлайди чўпулоқ
Қувлашмачоғ-у, бекинмачоққа
тикайиб боқади шўх отқулоқ…

Кеш ҳовлиларин этакларида
дошқозон осар ўттизта малак…
Наврўз баҳона қизалоқларга
мажнунтоллари улашар баргак

Кеш ҳовлиларин этакларида
ишорат этар сўлим аломат…
Кеш ҳовлиларин этакларида
умрни безар кўкламий ҳаловат…

2019 йил.

*пўдана (аслида пудина. ХДК изоҳи) – ялпиз

ЧАЙҚАЛАР…

кўзларда чайқалар оромсиз бедорлик
чайқалар Кешнинг кўҳна туйғуси
ўнгида тушини этар башорат
кўзларда чайқалган уйғоқ уйқуси

дил қирғоғида яшил ҳарорат
кўзларда чайқалар зангори зиё
Кеш фусунига маҳлиё бўлиб,
чайқалар ростлигин соғинган дунё

кўзларда чайқалар соҳирлик ели
дарвеша муножот Кеш куйида
покиза ҳайратга чайқалади руҳ,
ботинлар чўмади фикрат ўйида

2019 йил.

КЕШ ТУНИ

Айвонда эснар қалдирғоч уяси
Асаби чарчаган эшик босинқирар
Дераза кўзларида Кеш руҳи
Суйлаб берар обидалар афсонасини…

Том ҳакалаган мушук қорин ғамида
Парвойига келмас тун кечинмаси
Май ҳавосин тўйиниб мизғир ҳовли
Бурчакда ғингшиб қуяр
бурга чақган куппак боласи

Салобатли кўринар туннинг сояси
Чўчинмас хаёл
Довучаларни тўкиб
Ойни қўлтиғига бекинар шум шамол

Фазовий қаърида
Жимжитликни тинглар дил
Бармоғин учида қўнган юлдузлар заррасин
Пуфлайди зерикмаслик учун тунги лаҳза

Капалак изидан
Битик олган чечаклар
Рангланиб уйғонар эртага…

2019 йил.

БУГУНЛИК…

БУГУН бугунлиги
билан кўҳли
бугунни яшай билар
нафис капалак
бугун бошланар
гўзаллиги билан
бугунни оҳорига
чўмилар малак

БУГУН бугунлиги
билан шукуҳли
Шаҳрисабз кўчаларидан
юриб борича кўргим
келар бугунни завқини
қанийди эга чиқмаса
баттол вақт бугунга
билмаслар бор
бугунни қадрини

бугунлиги билан
керакдир БУГУН…

2019 йил.

ТАСВИРИЯТ

мўлтирайди шудринглар
чечаклар буғчасида
нур уйнайди тик ўтларнинг
узунчоқ туғчасида

апрель қамишларида
тебранади дайди ун…
болли тутнинг мевасин
териб чайналади кун

ишққа куйинган дунё
топар ўзига овунч…
Кешийлар забонида
хаттотлик қилар соғинч…

2019 йил.

КУТИЛМАГАНЛИК

Кешнинг зардолизор боғи
бошлаб берар пуштируй рўзни
ташлайди пуштируй кайфият
вақтни қароғида
пуштируй соялар чоғи
кенгликлар томоғида хиргойи пуштируй сўзи

кўзларим жим боқар
пуштируй ҳавога
пуштируй офтоб ёйилиб ётар
пуштируй сўқмоқларга эргашади из
пуштируй навога
тўлади бори… тўлиқиб борар
жисмингни эгаллар пуштируйли ҳис

умид беланар пуштируй орзуга
оҳиста имланар пуштируй висол
титраниб сачранар
пуштируй хаёл
кўкнинг қадимий кифтига
эгилиб инади пуштируй ҳилол

зардоли боғлари
пуштируй ифордан
оқшом тиниқиб юзланар
Кеш қибласига…

пуштируй кечди кутилмаганлик…

2019 йил.

ЧОРЛОВ

Ҳар қандай йўқотишдан қўрқманг,
Ниятни йўқотиб қўйишдан қўрқинг!
Ҳаким Термизий.

1.
олтита усул бор тузулмасида
ошиқ лаби пуфлаган найни
чорланади самовий ҳислар
Румий бобо “Маснавий маънавий”сидай
чорланади “Фиҳи мо фиҳий”сидай
мени чорлаётир зумрад севги…
2.
Кеш – зумрад каъба
Кеш – зумрад дард
Кеш – найнинг кўркам ноласи
чорлаётир дилни сафари
Кеш-у Кўнё орасида
ахтарларим биргина зумрад севги…
3.
зумрад ниятим
йўқотмоқдан қўрқаман сени
чорловинг-ла тирикман инон!..
бошқа йўқотишлар керакмас менга
4.
Най чорловида ният ноласи –
Мени борлигим…

2019 йил.

ЯШИЛ ОРЗУ

яшил қўзғалиш
яшил орзудан
КЕШни яшил севгисинда
айланади бош
яшил такия
яшил ҳирқа кийган руҳ
яшил само зикрига тушар
чексиз яшил орзу ҳаракатида
ғойиблари имлар
КЕШ севгисин яшил ҳислари
ҳузурлатар яшил орзуси
яшил само рақсида…

2019 йил.

ҲАЗРАТ ТУТ. КЎК ОТА

Шаҳрисабз шаҳри яқинида Қўштепа ёхуд Қўштепакўл дея номланган жой мавжуд. Бу ерда ёши номаълум тут  дарахти ўсган. Одамлар уни “Ҳазрати тут” номи билан ардоқлашади. Бу тутни эккан Кўк ота исмли авлиёсифат инсон бўлган эмиш. Шу боис “Кўктош ота тути” билан ҳам  номланади.

Қўштепа йўли.
Келаётган ҳам
Қайтаётган ҳам
Тўхтаб Ҳазрат тут олдида
Ўқиб ўтар Кўк тош ота ҳаққига дуо

Қўштепа йўли.
Ҳазрати тут шохларига бойланган
умидларнинг турфа латталари,
Дарахтнинг ҳар япроғида
инганмиш ниятларнинг чин ёруғлиги
Ҳазрати тутнинг ҳазратлиги
Осонлармиш қалбларнинг мушукулларини
Кўктош ота тути
Тавоб этганни етказармиш муродга

Қўштепа йўли.
Саводини чиқарар
Ҳазрат тутни мевасин чўқиб
Чумчуқлар

Қўштепа йўли.
Ҳазрати тутни шохларига
Етказилмас озор
Кесиб ташланмас орзулар

Қўштепа йўли.
Кўктош ота экаётиб
Ҳазрати тутни
ўйлаган экан-а нимани?!…
Қандайдир ҳарорат яширин
Ҳазрати тутда?!…

Ҳазрат тут ҳамон синоат
Қўштепа йўлидаги…

2019 йил.

ШАҲРИСАБЗ ТОҒЛАРИ

Нигоҳимда тоғлар хаёли,
Асотири ҳужранга кирар.
Болаларча бўлар кўнгилдош,
Ҳасратингни истасанг тинглар.

Шаҳрисабз тоғлари фарах,
Кексармайди бу ерда чоғлар.
Нималарга ишора айлар,
Кўксидаги муаррих ғорлар…

Кезингувчи дарвеш шамолни,
Тоғларнинг нишаби чўчитмас.
Қўриқлайди ҳар дам тинчини,
Жонзотларин сира ўкситмас.

Азизлайди паҳлавон тоғлар,
Ушшоққина гиёҳларини.
Ифорига чайитиб берар,
Ёмғирларни сиёҳларини.

Шаҳрисабзнинг тоғлари маъсум
Кулимсираб турар қаршингада…

2019 йил.

ЎТМИШГА ҚАЙТИШ…

Вақт машинасида
қайтиб ўтмишга
Келажакка ибрат бўлгали
ўрганардим боболаримнинг
ўлкан қалбини
ўрганардим момоларимнинг
маҳфуз сабоғини

вақт машинасида
келтирардим
келажак учун
унутилмайдиган қадриятларни

2019 йил.

МАЙ. КЕШ. ТОК НОВДАСИ

Кеш осмони тўлқинланар
момиқ абрлар кечуви тиниқ
май ҳавосин сипқорар хаёл
аср намозин оралиғида
майинлик тебранар силлиқ

ота уйнинг қадриятлари
Кеш обидалари каби бебаҳо
ғалати чигаллиги билан
елпинади токни новдаси
япроғида сокинлик бенаво
май кундузин кафтида
рамзий соялар гавдаси

қалбимга сингади ҳовлидаги
КЕШ ДУНЁСИ
ТОК НОВДАСИН ШИВИРИ
МАЙ КЕЧИНМАСИ…

2019 йил.

ИШҚ ТАРИҚАТИ

Ишқ маснавийси маним Румийимда энди
Ишқ навоси маним Навоийимда энди
Ишқ майи маним Хайёмимда энди
Ишқ дори маним Халложимда энди
Ишқ товони маним Насимиймда энди
Ишқ назари маним Кубройимда энди
Ишқ тупроғи маним Яссавийимда энди
Ишқ заҳмати маним Нақшбандимда энди
Ишқ савдоси маним Атторимда энди
Ишқ дарвешлиги маним Қаландаримда энди
Ишқ соҳибқиронлиги маним Темуримда энди
Ишқ тариқатим маним Шаҳрисабзимда энди

2019 йил.

БОТАШ ҚАБРИСТОНИ. ҲАЗРАТИ ҒОЙИБ БУЗРУГ

Ғузор юрагининг кенгликларида,
Ҳазрати Ғойиб Бузруг сокин мудроқда.
Дашт қушлари зикр этар нафасингизни,
Ғойиблик таваллуд бошлар тупроқда.

Шууримда ғавғо қилади илоҳий ўйлар,
Кўчади руҳимга туйғуларни илми.
Ё Ҳазрати Ғойиб Бузруг бобожон,
Азалий байтимдан излайин кимни?..

Ишорат этар Боташ дунёси,
Сўзлар ғойибига бўлганман дучор,
Ҳаволар ҳарорати суйланар ичда,
Яратиқда маним ғойиблигим бор…

2018 йил.

СОПОЛ СИНИҒИ

Сопол синиғига боқма писандсиз
Бўлгандир ўтмишнинг азиз идиши
Карвон йўл. Сардоба жойида тўхтаб
Эгаси сув ичган қониб чанқоғи
Балки жумард йигит бир сулув қизга
Ясаб берган ишқдан сопол сибизға
Қумри хаёл навосига эргашиб,
Нажиб жўрлангандир чулдироқ жилға
Сопол синиғида урфоннинг балки
Тескари тузилган жадвали бўлган
Ёхуд қир бағрида кўмилиб ногоҳ
Аждар нигоҳида тарих ўкинган
Писандсиз боқма сопол синиғига!…

2018 йил.

КОШИН БЎЛАГИ

Қандайдир безакмас
Кошин бўлаги
Нақшлар аксида қисмат юраги
Тафов этган уни неча қароқлар

Қандайдир безакмас
Кошин бўлаги
У Кешнинг навқирон ўтмиши балки
Ё, юртнинг башорат тилаги эрур

Қандайдир безакмас
Кошин бўлаги
Балки у қадимнинг ўрганилмаган
Ва сен танимаган янги мероси…

2018 йил.

НАДОМАТ

Қандай яхши
грузин, ҳинд, хитой ёзувлари
Ҳавасим келади ҳамон тириксиз
Ҳамон сизда ёзилар асрларнинг маҳобати
Ҳаёт сурпасидаги
тақдирлар изми
қалб ҳарорати
Менинг аждодларим ёзуви эса
Тарих лавҳасида ёд қолган битиктошлар холос
Қадимшунос олимдан бошқани ҳижалашга етмас саводи
Ўтаяпти бобосининг баҳодир ёзувини,
Момосининг мунис ёзувини
танимасдан авлод
битиктошларда қолган армонлар…

2018 йил.

КЕШ. КЎҲНА ЧОЙХОНА

Елпиниб туради мажнунтоллари,
Райҳонли йўлаклар- чузилган морли…
Ясатиқ сурилар хизматига шай,
Чойхона -чолларнинг кўҳна хумори.

Ажинларин ёяр ҳангомалари,
Йиғилса гурунглар чиқиб авжига.
Кўникиб қолгандир тарихлар лавҳи,
Чойхонанинг ҳузурбахш важига.

2017 йил.

02   O’ziga xos izlanishlari bilan diqqatga sazovor Zuhra Ochilovaning sizga taqdim etilayotgan she’riy turkumi shoira shuurida ona shahri qadimiy Kech — Shahrisabzning qo’hna kechmishlari uyg’otgan tuyg’ular bilan yo’g’rilgan…

Zuhra OCHILOVA
YANGI SHE’RLAR
03

   Zuhra Ochilova  – 1975-yil 30-noyabrda Qashqadaryo viloyati Shahrisabz shahrida tug’ilgan. Shahrisabz shahridagi Qori – Niyoziy nomli 7-sonli umumiy o’rta ta’lim maktabida saboq olgan.Hamza nomidagi Shahrisabz Pedagogika bilim yurtining maktabgacha ta’lim mutaxassisligi bo’yicha sirtdan o’qigan.Qarshi Davlat Universitetining o’zbek filologiyasi fakul’teteda sirtdan tahsil olgan. Ko’p yillardan buyon ta’lim sohasida faoliyat yuritib kelmoqda. Viloyat, respublika matbuotlarida nazmiy, nasriy, publitsistik chiqishlar qilgan. Ilmiy-uslubiy va ilmiy- adabiy maqolalari respublika va xorij ilmiy-amaliy anjuman nashrlarida chop etilgan.Uning “Moviy ifor”, “Gulshamol”, “Taftli oshyon”, “ Sezimlar hissi” nomli she’riy to’plamlari nashr qilingan.

ZUMRAD ILDIZ
06
Shahrisabzim –
Sen Gova So’g’da yuragi
Sen zalvorli Nautaka
Sen afsona Keshi

Shahrisabzim –
Sen – Aleksandr Makedonni
Mangu oshufta etgan
Dunyodagi eng sohibjamol ayol Ruksona – visoli

Shahrisabzim –
Sen – Muqannaning sig’ingan
zumrad otashgohi

Shahrisabzim –
Sen – Baxshilarni tuganmas dostoni
dumbiralari sasidan
hanuz evrilayotgan asr

Shahrisabzim –
Sen – Bahodir Tarag’ay, Tekinabegimni
Suyuntirgan – beshik
Yetti iqlim qalbini zabt aylab
Poyiga tiz cho’ktirgan Sohibqiron Amir Temur Ko’ragon o’g’lonni
muhtasham diyorisan

Shahrisabzim –
Sen – Amir Nosir Xusrav Dehlaviy
Hazrat Mir Alisher Navoiy
Abduqodir Mirzo Bedil
Shoh Zahiriddin Bobur kabi
DAHO BOBOKALONlar shajarasi

Shahrisabzim –
Sen –
Xattotlar dargohi
G’aroyib suylanar
Zumrad yozuvlarningni jodusi

Shahrisabzim –
Sen –
Tahqirdan yengilmagan
Kenagasbegimning mardona ayol isyoni

Shahrisabzim –
Sendan boshlanadi
zumrad ishq
Oshiqar senga mahbub bo’lgali qalblar
Zumrad jamolinga oshiqar maftunlik
Oshiqar tavallolar,
oshiqar bemorlik
izlaganin sendan topar begumon

Shahrisabzim –
Sen – ILM va ADAB QUBBASIsan
Sen – YaShILLIK TOJI
Sen – sirli ZUMRAD ILDIZim
Shavkatligin o’chmagay
Tarix zarvarag’idan

2019 yil.

SUFIYoNA KESH

qulog’imga ishq aytgan azon
bo’g’zimdan kirgan
rahmondan zumrad mastonalik
jonimni chayqatib
so’zni nay qilgan
toleiga
kifoyamas ishqsiz
karamlik
zumrad barmog’imda o’ynagan
mastona tanbur bo’ldi so’z
sato kuyi mastona eshilib
so’zga aylanar
vujudimdagi KESh qadim va yangi
maqomida zumrad sufiylik

2019 yil.

ShAHRISABZ QALЪASI

Har ne istarsan, o’zingda jam erur…
Jaloliddin Rumiy.
Shahrisabz qal’a devorlaridan
go’pirib kiradi tashqari
Shahrisabz qal’a devorlaridan
ichkari kiradi go’pirib
tashqarida ichkari
ichkarida tashqari

tashqariga chiqadi o’ylanib
Shahrisabz qal’a devorlaridan
chiqadi o’ylanib ichkariga
Shahrisabz qal’a devorlaridan
tashqarida ichkari
ichkarida tashqari

tashqari ichkariga talpinar yana
Shahrisabz qal’a devorlaridan
yana ichkari talpinar tashqariga
Shahrisabz qal’a devorlaridan
tashqarida ichkari
ichkarida tashqari

tashqarida Shahrisabz moziyi
ichkarida Shahrisabz moziyi

moziyni kezinar tashqari
ichkari kezinar moziyni

Shahrisabz qal’asi uzra
Istak tashqarisi
Ichkarisi istak

Izlagan istagi o’zida tashqarini
ichkarini izlagan istagi o’zida
jam erur…

2019 yil.

KESH IFODASI

Ifodalanar
Kesh tongida
keshiycha ohorlik
Ifodalanar
oftobli kunda keshiycha mehr
Ifodalanar
daraxtlarda keshiycha o’ylar
Ifodalanar
keshiycha shabada islari
Ifodalanar
Maysalar qalbi keshiycha
Qushlar ifodasida
keshiycha parvoz
Ifodalanar
suvlar ta’mi keshiycha
Ifodalanar
ruhiyatda
Tabbaruk Keshiylik

2019 yil.

TUPROG’IDA…

Shahrisabz tuprog’larida
Navbahorni bahri qitig’lar dimog’

Shahrisabz tuprog’larida
Shivirlaydi ishqni titrog’i

Shahrisabz tuprog’larida
Alomatin ko’rsatar ezgulik

2019 yil.

KESh YoMG’IRI

Ilk bahor yomg’iri
Keshning rangida
To’kilib olgan
Zangori hislar
Giyoh bo’lib o’nar zaminda

Yomg’ir bugun Kesh tusida

2019 yil.

KESh MANZARASI

Kesh. Masjid mezanasida
eshitilar ko’klam azoni
shudringlari sergaklantirar
mudrayotgan cheksiz fazoni

to’yinib olar havoni
esnab kerishgan deraza
sahargi yelda
chayqalar shoyili parda

onamni oq mehriday
hovlidagi g’ujg’ongul olcha
bog’kursida o’ltirar
xayol ham o’z holicha

2019 yil.

ShAHRISABZ MAYSALARI

Yomg’ir tindi
Shahrisabz maysalarin sog’inchi
Zaminni uyg’otdi to’lg’otib

Yomg’ir tindi
Shahrisabz maysalarin xumori
Hayajonga soldi havoni

Yomg’ir tindi
Shahrisabz maysalarin hidi
Sarmast qildi dunyoni

2019 yil.

KESh HOVLILARI

Kesh hovlilarin etaklarida
fe’lidan uyalib qochadi g’ubor…
Ekinsirab jonlangan tuproqda
o’z ismi bilan tirilar ne bor..

Kesh hovlilarin etaklarida
yashil mayinligi yoyilar sharqni
musaffo kenglik parvozini-yu,
bog’larda ko’rasan iymonli dardni…

Kesh hovlilarin etaklarida
sabo suylab beradi dilnoma
Barmoqlarda to’qilmoq istaydi
gulchambarak bo’lgali chuchmoma

Kesh hovlilarin etaklarida
saslanib yo’l oladi ariqlar
Abrni suvidan ildizlanadi
muysafid yerga sepgan tariqlar

Kesh hovlilarin etaklarida
darmon oyatin purkar po’dana*
Tog’laridan bildirgay tomirin
mu’attarlagan zira, sedana…

Kesh hovlilarin etaklarida
o’g’ilchalar boshlaydi cho’puloq
Quvlashmachog’-u, bekinmachoqqa
tikayib boqadi sho’x otquloq…

Kesh hovlilarin etaklarida
doshqozon osar o’ttizta malak…
Navro’z bahona qizaloqlarga
majnuntollari ulashar bargak

Kesh hovlilarin etaklarida
ishorat etar so’lim alomat…
Kesh hovlilarin etaklarida
umrni bezar ko’klamiy halovat…

2019 yil.

*po’dana (aslida pudina. XDK izohi)– yalpiz

ChAYQALAR…

ko’zlarda chayqalar oromsiz bedorlik
chayqalar Keshning ko’hna tuyg’usi
o’ngida tushini etar bashorat
ko’zlarda chayqalgan uyg’oq uyqusi

dil qirg’og’ida yashil harorat
ko’zlarda chayqalar zangori ziyo
Kesh fusuniga mahliyo bo’lib,
chayqalar rostligin sog’ingan dunyo

ko’zlarda chayqalar sohirlik yeli
darvesha munojot Kesh kuyida
pokiza hayratga chayqaladi ruh,
botinlar cho’madi fikrat o’yida

2019 yil.

KESh TUNI

Ayvonda esnar qaldirg’och uyasi
Asabi charchagan eshik bosinqirar
Deraza ko’zlarida Kesh ruhi
Suylab berar obidalar afsonasini…

Tom hakalagan mushuk qorin g’amida
Parvoyiga kelmas tun kechinmasi
May havosin to’yinib mizg’ir hovli
Burchakda g’ingshib quyar
burga chaqgan kuppak bolasi

Salobatli ko’rinar tunning soyasi
Cho’chinmas xayol
Dovuchalarni to’kib
Oyni qo’ltig’iga bekinar shum shamol

Fazoviy qa’rida
Jimjitlikni tinglar dil
Barmog’in uchida qo’ngan yulduzlar zarrasin
Puflaydi zerikmaslik uchun tungi lahza

Kapalak izidan
Bitik olgan chechaklar
Ranglanib uyg’onar ertaga…

2019 yil.

BUGUNLIK…

BUGUN bugunligi
bilan ko’hli
bugunni yashay bilar
nafis kapalak
bugun boshlanar
go’zalligi bilan
bugunni ohoriga
cho’milar malak

BUGUN bugunligi
bilan shukuhli
Shahrisabz ko’chalaridan
yurib boricha ko’rgim
kelar bugunni zavqini
qaniydi ega chiqmasa
battol vaqt bugunga
bilmaslar bor
bugunni qadrini

bugunligi bilan
kerakdir BUGUN…

2019 yil.

TASVIRIYAT

mo’ltiraydi shudringlar
chechaklar bug’chasida
nur uynaydi tik o’tlarning
uzunchoq tug’chasida

aprelь qamishlarida
tebranadi daydi un…
bolli tutning mevasin
terib chaynaladi kun

ishqqa kuyingan dunyo
topar o’ziga ovunch…
Keshiylar zabonida
xattotlik qilar sog’inch…

2019 yil.

KUTILMAGANLIK

Keshning zardolizor bog’i
boshlab berar pushtiruy ro’zni
tashlaydi pushtiruy kayfiyat
vaqtni qarog’ida
pushtiruy soyalar chog’i
kengliklar tomog’ida xirgoyi pushtiruy so’zi

ko’zlarim jim boqar
pushtiruy havoga
pushtiruy oftob yoyilib yotar
pushtiruy so’qmoqlarga ergashadi iz
pushtiruy navoga
to’ladi bori… to’liqib borar
jismingni egallar pushtiruyli his

umid belanar pushtiruy orzuga
ohista imlanar pushtiruy visol
titranib sachranar
pushtiruy xayol
ko’kning qadimiy kiftiga
egilib inadi pushtiruy hilol

zardoli bog’lari
pushtiruy ifordan
oqshom tiniqib yuzlanar
Kesh qiblasiga…

pushtiruy kechdi kutilmaganlik…

2019 yil.

ChORLOV

Har qanday yo’qotishdan qo’rqmang,
Niyatni yo’qotib qo’yishdan qo’rqing!
Hakim Termiziy.

1.
oltita usul bor tuzulmasida
oshiq labi puflagan nayni
chorlanadi samoviy hislar
Rumiy bobo “Masnaviy ma’naviy”siday
chorlanadi “Fihi mo fihiy”siday
meni chorlayotir zumrad sevgi…
2.
Kesh – zumrad ka’ba
Kesh – zumrad dard
Kesh – nayning ko’rkam nolasi
chorlayotir dilni safari
Kesh-u Ko’nyo orasida
axtarlarim birgina zumrad sevgi…
3.
zumrad niyatim
yo’qotmoqdan qo’rqaman seni
chorloving-la tirikman inon!..
boshqa yo’qotishlar kerakmas menga
4.
Nay chorlovida niyat nolasi –
Meni borligim…

2019 yil.

YaShIL ORZU

yashil qo’zg’alish
yashil orzudan
KEShni yashil sevgisinda
aylanadi bosh
yashil takiya
yashil hirqa kiygan ruh
yashil samo zikriga tushar
cheksiz yashil orzu harakatida
g’oyiblari imlar
KESh sevgisin yashil hislari
huzurlatar yashil orzusi
yashil samo raqsida…

2019 yil.

HAZRAT TUT. KO’K OTA

Shahrisabz shahri yaqinida Qo’shtepa yoxud Qo’shtepako’l  deya nomlangan joy mavjud. Bu yerda yoshi noma’lum tut  daraxti o’sgan. Odamlar uni “Hazrati tut” nomi bilan  ardoqlashadi. Bu tutni ekkan Ko’k ota ismli avliyosifat  inson bo’lgan emish. Shu bois “Ko’ktosh ota tuti” bilan ham  nomlanadi.

Qo’shtepa yo’li.
Kelayotgan ham
Qaytayotgan ham
To’xtab Hazrat tut oldida
O’qib o’tar Ko’k tosh ota haqqiga duo

Qo’shtepa yo’li.
Hazrati tut shoxlariga boylangan
umidlarning turfa lattalari,
Daraxtning har yaprog’ida
inganmish niyatlarning chin yorug’ligi
Hazrati tutning hazratligi
Osonlarmish qalblarning mushukullarini
Ko’ktosh ota tuti
Tavob etganni yetkazarmish murodga

Qo’shtepa yo’li.
Savodini chiqarar
Hazrat tutni mevasin cho’qib
Chumchuqlar

Qo’shtepa yo’li.
Hazrati tutni shoxlariga
Yetkazilmas ozor
Kesib tashlanmas orzular

Qo’shtepa yo’li.
Ko’ktosh ota ekayotib
Hazrati tutni
o’ylagan ekan-a nimani?!…
Qandaydir harorat yashirin
Hazrati tutda?!…

Hazrat tut hamon sinoat
Qo’shtepa yo’lidagi…

2019 yil.

ShAHRISABZ TOG’LARI

Nigohimda tog’lar xayoli,
Asotiri hujranga kirar.
Bolalarcha bo’lar ko’ngildosh,
Hasratingni istasang tinglar.

Shahrisabz tog’lari farax,
Keksarmaydi bu yerda chog’lar.
Nimalarga ishora aylar,
Ko’ksidagi muarrix g’orlar…

Kezinguvchi darvesh shamolni,
Tog’larning nishabi cho’chitmas.
Qo’riqlaydi har dam tinchini,
Jonzotlarin sira o’ksitmas.

Azizlaydi pahlavon tog’lar,
Ushshoqqina giyohlarini.
Iforiga chayitib berar,
Yomg’irlarni siyohlarini.

Shahrisabzning tog’lari ma’sum
Kulimsirab turar qarshingada…

2019 yil.

O’TMIShGA QAYTISH...

Vaqt mashinasida
qaytib o’tmishga
Kelajakka ibrat bo’lgali
o’rganardim bobolarimning
o’lkan qalbini
o’rganardim momolarimning
mahfuz sabog’ini

vaqt mashinasida
keltirardim
kelajak uchun
unutilmaydigan qadriyatlarni

2019 yil.

MAY. KESh. TOK NOVDASI

Kesh osmoni to’lqinlanar
momiq abrlar kechuvi tiniq
may havosin sipqorar xayol
asr namozin oralig’ida
mayinlik tebranar silliq

ota uyning qadriyatlari
Kesh obidalari kabi bebaho
g’alati chigalligi bilan
yelpinadi tokni novdasi
yaprog’ida sokinlik benavo
may kunduzin kaftida
ramziy soyalar gavdasi

qalbimga singadi hovlidagi
KESh DUNYoSI
TOK NOVDASIN ShIVIRI
MAY KEChINMASI…

2019 yil.

IShQ TARIQATI

Ishq masnaviysi manim Rumiyimda endi
Ishq navosi manim Navoiyimda endi
Ishq mayi manim Xayyomimda endi
Ishq dori manim Xallojimda endi
Ishq tovoni manim Nasimiymda endi
Ishq nazari manim Kubroyimda endi
Ishq tuprog’i manim Yassaviyimda endi
Ishq zahmati manim Naqshbandimda endi
Ishq savdosi manim Attorimda endi
Ishq darveshligi manim Qalandarimda endi
Ishq sohibqironligi manim Temurimda endi
Ishq tariqatim manim Shahrisabzimda endi

2019 yil.

BOTASh QABRISTONI. HAZRATI G’OYIB BUZRUG

G’uzor yuragining kengliklarida,
Hazrati G’oyib Buzrug sokin mudroqda.
Dasht qushlari zikr etar nafasingizni,
G’oyiblik tavallud boshlar tuproqda.

Shuurimda g’avg’o qiladi ilohiy o’ylar,
Ko’chadi ruhimga tuyg’ularni ilmi.
Yo Hazrati G’oyib Buzrug bobojon,
Azaliy baytimdan izlayin kimni?..

Ishorat etar Botash dunyosi,
So’zlar g’oyibiga bo’lganman duchor,
Havolar harorati suylanar ichda,
Yaratiqda manim g’oyibligim bor…

2018 yil.

SOPOL SINIG’I

Sopol sinig’iga boqma pisandsiz
Bo’lgandir o’tmishning aziz idishi
Karvon yo’l. Sardoba joyida to’xtab
Egasi suv ichgan qonib chanqog’i
Balki jumard yigit bir suluv qizga
Yasab bergan ishqdan sopol sibizg’a
Qumri xayol navosiga ergashib,
Najib jo’rlangandir chuldiroq jilg’a
Sopol sinig’ida urfonning balki
Teskari tuzilgan jadvali bo’lgan
Yoxud qir bag’rida ko’milib nogoh
Ajdar nigohida tarix o’kingan
Pisandsiz boqma sopol sinig’iga!…

2018 yil.

KOShIN BO’LAGI

Qandaydir bezakmas
Koshin bo’lagi
Naqshlar aksida qismat yuragi
Tafov etgan uni necha qaroqlar

Qandaydir bezakmas
Koshin bo’lagi
U Keshning navqiron o’tmishi balki
Yo, yurtning bashorat tilagi erur

Qandaydir bezakmas
Koshin bo’lagi
Balki u qadimning o’rganilmagan
Va sen tanimagan yangi merosi…

2018 yil.

NADOMAT

Qanday yaxshi
gruzin, hind, xitoy yozuvlari
Havasim keladi hamon tiriksiz
Hamon sizda yozilar asrlarning mahobati
Hayot surpasidagi
taqdirlar izmi
qalb harorati
Mening ajdodlarim yozuvi esa
Tarix lavhasida yod qolgan bitiktoshlar xolos
Qadimshunos olimdan boshqani hijalashga yetmas savodi
O’tayapti bobosining bahodir yozuvini,
Momosining munis yozuvini
tanimasdan avlod
bitiktoshlarda qolgan armonlar…

2018 yil.

KESh. KO’HNA ChOYXONA

Yelpinib turadi majnuntollari,
Rayhonli yo’laklar- chuzilgan morli…
Yasatiq surilar xizmatiga shay,
Choyxona -chollarning ko’hna xumori.

Ajinlarin yoyar hangomalari,
Yig’ilsa gurunglar chiqib avjiga.
Ko’nikib qolgandir tarixlar lavhi,
Choyxonaning huzurbaxsh vajiga.

2017 yil.

04

(Tashriflar: umumiy 571, bugungi 1)

4 izoh

  1. Omad tilayman ustoz har doim qalamingiz harakatda bo’lsin. Azizbek ashurovdan

  2. Omad tilayman ustoz har doim qalamingiz harakatda bo’lsin. Azizbek ashurovdan

Izoh qoldiring