Zuhra Ochilova. Yangi she’rlar

Ashampoo_Snap_2017.12.16_16h45m19s_004_a.png  Ўзига хос шеърий дунёсини яратаётган, ҳар бир шеърида дунё ва инсон ҳаётини янгича тарзда идрок этиш қобилияти бўй кўрсатган ижодкорлардан бири Зуҳра Очилованинг янги шеърларини тақдим этамиз.

Зуҳра ОЧИЛОВА
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
09

0_1b6d05_79f7b14f_orig.jpg   Зуҳра Очилова 1975 йил 30 ноябрда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида туғилган. Шаҳрисабз шаҳридаги Қори-Ниёзий номли умумий ўрта таьлим мактабида сабоқ олган. Ҳамза номидаги Шаҳрисабз Педагогика билим юртининг мактабгача таълим мутахассислиги бўйича сиртдан ўқиган. Қарши Давлат Университетининг ўзбек филологияси факултетида сиртдан таҳсил олган. Кўп йиллардан буён таълим соҳасида фаолият юритиб келади.  Туман, вилоят, республика матбуотларида назмий, насрий, публицистик ишлари эълон қилинган. Илмий-услубий ва адабий мақолалари бир неча республика ва хориж илмий-амалий конференция нашрларида чоп этилган. 
Шоиранинг «Мовий ифор», «Гулшамол», «Тафтли ошён»  ноли шеърий тўпламлари нашр қилинган. Янги «Сезимлар ҳисси» тўплами нашр этилиш арафасида.

045

***

Олам ботинида
Ахриманнинг ёвузлик рангида эмас
Ахурамазданинг эзгулик рангида бўлса
Орзунинг ранги…

***

Мени яшай
бошлаган вақтнинг
Қадами етибди кузги санага
Соғинч омон қўймас
Мени яшаётган
вақтнинг кунини

***

Ваража
Алаҳсираш
Барибир сезимладим
хирра тусда
бошимни силаб
хабар олди болалигим

***

Оғироёқ мусича
кўзларида товланади
ҳаёт масрурлиги

***

Ниманидир эслатар
Ҳовлидаги кунгабоқарлар
Охирлаб бораётган
Ёз ҳавосида

***

Жанубий куз.Ҳовлидаги катта
ёнғоқ мевасин қоқиб берди
жанубий тузғинлик

***

Довдир ел мингашган
Шох синди бехос
Чўчиб қочди кўкдагилар
Сергак тортда атроф

***

Ғойиб оламимиз туташар
Кўнглимиз айланар нигоҳга
Учрашамиз шу тарзда
Олисдаги яқиним

***

Совуқ бужмайган дам
Қировланган чарчоқ дил
Зирқирайди туйғу ҳужайраси

***

Йил ўтиб
унибди ниҳоли
ўғри зағизғон оғзидан
тушган ёнғоқдан

***

Безрайган саҳна
Шафқатсиз ёқилган кузакдан
Ғам чанги қолди ҳавода

***

Сим-сим деган афсунни ўқи
Ур туқмоқла ургин яхшилаб
Зора очилса ўзин кўрсатмаган
КЎНГИЛ

***

Қоқилиб уфқ қонатмиш тумшуғин

***

Ҳилолга мингашиб тебранар хаёл

***

Юрагимни хилватида топиндим Ишқга

***

Жонингни ўйнар пинҳон ёввойи рашк хуружи

***

Қорларга уранган
Баҳодир тоғлар
Ғорларда ийманган
Шаффоф ҳислари
Жимиган дараларнинг
Ёввойи садоси
Соғиниб мизғийди
Хушбўй исларни
Қартаймас баҳодир
Тоғлар йўллари
Ўтаверар неча
Замон карвони
Юксак чўққиларнинг
Боқий ўйлари
Пастқам томларнинг
Етмас нарвони
Баҳодир тоғлар
Ўранган қорларга

***

Қуёш билан калтакла мени
Улуғбек Ҳамдам.

Заҳарланган қалбим зимистон
Томирларим инграйди бехос
Судралиб ёраман қоронғуликни
Қуёш топсам ўзгинамга мос

Сўнгагимни най қилган бўрон
Синиқланган жонима карахт
Калтаклансам майли қуёш-ла
Қонимдан кўкарса нур дарахт

Бораяпман, илтифот қилсанг
Шушак бўлиб қотган маржон ёш
Калтагингни емоқлик учун
Манзилингга етайин қуёш

***

Табассумланди оғочларда март,
Хиргойи бошлайди ҳаёт юраги.
Кеший нафасдан қочиб йитди марг,
Ишқланиб гуллажак сўзлар куртаги.

Саҳар тетиклигин юқтиради Кун,
Мақсудга етказар камалак кўприк.
Қанотин нурларга белар сайроқ ун
Елнинг шўхлигидан уялар ўрик.

Ўзанга сиғмайди оқим ҳислари,
Тоғларнинг кўксида улуғ ҳайқириқ.
Ёқар ороланган кўклам ислари,
Бедорлик истар ботиний чақириқ.

***

Канда қилмас эътиборини,
Уйим менга бирам меҳрибон.
“Кўча совуқ. Тинмаган қори.
Бетоб бўлиб қолмагин” дея,
Тутқазади эгнимга пальто,
Ўраб қўяр момиқжун шарфим,
Бармоғимга суқади қўлқоп,
Оёғимга кийгизар этик,
Дуо қилиб кузатар ишга,
Кутиб олар ҳориб қайтган чоғ,
Уйим менга бирам меҳрибон,
Канда қилмас эътиборини.

***

Олча хаёлини тўзғитди шамол,
Заминга таралди севги ифори.
Қадимий соғинчнинг мактубларини,
Хўрсиниб ўқийди майса яфроғи.

Олча титроғида шабнам гулоби,
Томоғин чаяди капалак, ари
Баҳор ўпичидан мастона дунё –
Бир думалаб ёшга айланган қари.

Олча кўзларингга чизар офтобни,
Кулишни ўргатар мунглардан кечиб.
Умид эшигини очиб дилингга,
Бахт либос кийгизар бўғчасин ечиб.

Олча дуосидан ушалар тилак…

***

Аёз тасарруфида
Соат ўлчовлари
Дунё чорраҳалари
Шамойиллар ўзгариши
Фақат тобемас
Муҳаббат аёзга
Қалбининг кафтида
Эрир қор парчалари

***

Саркашланди учқур туёғим,
Қанотини қоқди курагим.
Дунёларни кенгликларида,
Яйраб кишнади озод юрагим.

Туёғимнинг ҳур чақинидан,
Зумрадланди тупроқ илдизи.
Маним тулпорий қароқларимда,
Порлаб юзар жаннат юлдузи.

Қанотимнинг ҳаволарида,
Шукуҳланди осмон ўйлари.
Умрим томон иниб, яқинлаб,
Гуллаб келар иқбол йўллари…

***

Қоплаган қор осойишида,
Қишки ошён дилкашдир ичи.
Недир сўйлар радио тинмай…
Вақт эринчоқ бўп қолган пичи…

Шинамгина қишлов ошёни,
Ўтин қалаб ёқилган печда.
Қайноқ шўрва, мурабболи чой,
Иссиқ нонла сийлайди кечда.

Йўналиш

Шамол йўналишида
Оёғим остида
Югурик манзил
Чекинган мудроқлик
Кўзларим қаршисида
Ёришиб борар
Дунёлар ичи
Назокатланар
Чаманлар диёри
Товушлар оҳанги
Кирар юракка
Юксалар силкиниб
Тоғларнинг қадди
Дарахтлар рангланиб
Айланар боғга
Дарёлар ҳаяжони
Сиғмас ўзанга
Ҳадсиз ёйилган
Осмон қулочи
Шамол йўналишида

***

Ой – мис кўзгу
Унда кўринар
Тунги сояларнинг
Бегуноҳ доғи
Замин кўксида
Сочилма сояларда
Ёғилар фазолар кукуни

Ой – мис кўзгу
Оралиқ аро
Сокинлик чойшабига
Беланган кўнгилни
Масрур этар
Сочимланган алланечук
Навқирон туйғулар

***

Чордоқ — қаровсиз овлоқ
Қачонлардир ҳуштак чалиб
Ҳузурланган ел
Пўпанак хира қилмиш
Бола чоғли буюмларини
Маҳзун боқар хотираларга
Соғинишни унутган одам

***

Шохларимда ҳилпиради мунавварлик
Япроғида товланар
Юлдузлардан сачраган доначалар
Шохларимга қўниб чуғурлади тонг
Осмон энгашиб шохларимга
Юқтирди еттинчи сезгисини

Мен шукуҳланган дарахтман бугун

***

Кузатгандек ўзини
Дераза рўпарасида
Оламга боқар қорачиқ
Номлаб қўяр кўрганларини
Йилларнинг турфа шодлиги-ю
Турфа қайғуси каби
Дераза рўпарасида
Тақдирларин этар намоён
Алмашиб фасллар
Нимаки нелигин
Тушунмоқ истар
Дераза рўпарасида
ўзини кузатгандек қорачиқ

***

Бошлангач ой вақти
Тинч куймас
Уйқусиз сўзлар
Дафтарим ҳошиясига
Энг кўркам
Энг маьсуд сўзлар
Қисмат қаламида битилар
Юлдузларга етар овозаси
Мароқланиб тонггача
Қийнайди мени
Уйқусиз сўзлар
Сўзлар сиздан ташқарида
Эмасдир қудрат

***

Кун якшанбаси
Феруза ёруғлик
Оламга берар чирой
Яшин кесиб ўтган
Сўқмоқда ёмғир доғлари
Эснаб турибди
Тошларни ёриб чиққан
Қўзиқорин
Ўт-ўлан қучоғида
Адашган чигиртка товуши

Якшанбанинг
Камтар ҳордиғи
Дастурхонда
Булоқ суви
Яримта нон
Бир бўлак пишлоқ
Ҳамда
Мутолаа билан
Осойишта қалб

***

Янтоқ донида
Саҳронинг тарих пучмоғи
Ана ўқилмаган китоб худди
Жимирлаб ётибди хаёлот тўзони
Саҳро қобирғасида
Кемирувчи коваги
Ва бунда кезинар жимжитлик саси
Саксовул панасида
Эчкиэмар совуқ боқар
Оламга емиш ғамида
Танҳо соҳибжамол ҳисоблар ўзин
Эгри-бугри судралган илон
Парча булутдан
Салқинланиб олмоқ
Учун нажот истар
Чанқаган саҳро илдизлари

***

Ҳабаш тун бўшлиғида
Сеторалар нафаси
шивирлар
мунажжим башоратини

Чексизлик нафаси
бошқариб турибди
мувозанатни

Маконда
ҳар нарсанинг
ўз нафаси борлигини
изоҳлар ташбеҳ

***

Дағал ҳансироқда кесаклар
Жазирама дала ҳовури
Қақраган ҳавонинг томоғи
Сипқоргиси келар ҳовузни
Бесас қотган жанубнинг ели
Судралиб сингган ҳаракат
Салқин сояларга бекиниб
Мизғиб олар жони бор фақат
Кундузини тоблар саратон

***

Ўзимни ечиб ташлайман
Чигал фикрлардан
Ечаман идрокимни
Ишонувчан туйғуларимни
Афсиз ечаман
Жонимни оғритган
Бахтиёр ғамни ечаман
Ечаман ҳапқирган
Беғубор қувончни
Кўзларимдан ечаман
Булут йиғисини
Лабимдан ечаман
Бенур кулгуни
Яхши туюлган
Сифатларни ечаман буткул
Улоқтираман ечиб
Беўхшов одатларни
Ҳужайраларимдан ҳайдайман
Ечиб ноумид яшовчанликни
Туғилгандек онадан қайта
Енгиллашар юрагим
Ўзини ечиб

***

Лабимда иситгин киприкларингни…
Хуршид Даврон.

Кипригимни исит лабингда,
Чечак очсин ҳар бир толаси.

Кўзларимдан кетсин увишиқ,
Чекинсин-да андуҳ жоласи.

Кипригимни лабингда суйгин,
Биз бировдан бўлмагаймиз кам.
Тушларимга яшириб сени,
Кўзларимда авайлай мен ҳам.

Лабингда эркала кипригим,
Кўзларимда дилингни курай.
Ҳеч кимга бермайин, қизғониб,
Мен дунёда севиниб юрай.

Мовий шакллар

Гўё
Мовий тусда
Бўлган илк яралиш
Мовийликда тўзғиниб
Из қолдирган
Мовий кийиклар тўдаси
Мовий чўққиларда
Садо берар
Мовий наъралар
Мовий ёмғирлар
Тупроқ ҳовучларида
Ундирган мовий чаманни
Мовий ниначи ҳавода
Чизар мовий фаслни
Мовий оғочда
Мовий патли қуш
Мовий оятлардан
Айлар таввало
Мовий маконларда
Кезинган мовий юлдузлардан
Мовий ишқномани
Келтирар мовий шабада
Қорачиғингни кенгайтириб
Юборар мовий ҳайратлик
Мовий лавҳалар
Битилган олам қалбида
Мовий жаннат
Бўлган илк яралиш

***

Бугундан бошлаб
Жазолайман ўзимни
Ўзимни тақиқлайман
Қочаман ўзимдан
Беркиниб оламан
Парвардигорнинг қорачиғига
Афсус
Сезиб қоламан
Ташлаб кетолмаганим ўзимни
Яна ўзимга юзланаман

***

Таксида елади лаҳзалар
Шошилиб кутилаётган
дийдорга
Шошиб келаяпсан менга
Сенга шошиб бораяпман
Ҳапқирар соғинчнинг юраги

***

Август поёнида кузакнинг ҳиди
Қовжирай бошлайди ёзги тасаввур
Киртайиб толади яшноқ эҳтирос
Завқланиш қалбида пасаяр ҳовур

Август поёнида кузакнинг ҳиди
Видолар соқов… олислаб қолар
Муҳаббат соғинчдан карахтланган сир
Тўлиқиб дунёлар тўкилиб олар

***

Сени билмам
Сени танимам
Сен кимимсан мени суйгувчи
Сен айтилмас асроримисан
Нечун сезиб тураман қайдан
Узоқданам ҳароратингни
Тақдир раво кўрдими сенга
Мени ишқим тароватини
Лекин кимимсан суйгувчи ?!…

***

Ёз билан куз
оралиғидаги субҳидам
кузатдим осмон мавжини
Қароғимни кенгликларида
жилмаяр майинлик

***

Индамасдан
қарайсан … шаксиз
ёқтиргансан… бермапман имкон
Дилингдаги қисматда зоҳир
Қадрлисан, мен учун ишон
Боқамиз индамасдан…

***

Ёзги туннинг панасида
Моҳни арқонидан пастлаб
Кўлда чўмилишди ситоралар
Парилар кўнглидан туғилар сирлар…

Ёзги туннинг панасида
Қайрағоч дастида қўноғлаган
Икки қуш сармаст тунайди
Туғилади муҳаббат палапони

Ёзги туннинг панасида
Олисларга термулиб
Сен ҳақингда ўйладим
Туғилади муаззам умр

***

Босинқироқ куз.
Дарахтларда чўчиб тўкилиш.
Учуқ тошар дағал тошларга
Захланади қуюқ товланиш
Қайғу томар синиқ дошларга
Босинқироқ куз.
Нишабда тойиб беовоз
Қайрилади зулматнинг тизи
Туманларни пардасин йиртиб
Қалбга кирар ёруғлик иси…

***

Яшамоқ жазоси
берилган умрга
Ифодалар мазмун
сени борлигинг
нақадар жозибсан
тақиқланган ИШҚ

***

Кузги ёмғир
Салқин кечинма
Зирқирайди кексарган оғриқ
Ачишади ҳаёт димоғи
Ёғин ичра толғинлик сориқ
Қунишади бекат елкаси
Шошилади қайгадир кўча
Ивиб қолар ёмғирда кўнгил…
Ахир кимни соғинган бунча?!..
Хабари етмаган телефон
Ё эринчоқ вақти иммиллар…
Эгаси йўқ уй деразаси
Ёмғирларни сасини тинглар…

***

Бўлмайди кўникиб
Кўникиш мушкул
Гардун қовоғига қараб иш тутиш
Замон ясаб олган ўзига мақбул
Наҳот мумкинмас ундан пок ўтиш…

Бўлмайди кўникиб
Кўникиш мушкул
Иблисий фазилат эмасдир нодир…
Чилторин куйига ўйнатмоқ учун
Кўрсатар найранг қўғирчоқбоз чодир…

Бўлмайди кўникиб
Кўникиш мушкул
(Товба, ўхшама жирканч сурбетга!..)
Кўнгил кўникса бўлгайдир матоҳ
Ҳам улоқтирилгай беназир четга…
Мушкул кўникиш
Кўникиб бўлмас…

***

Намчил ҳаво. Беном маъюслик. Дераза
нигоҳида кузги ёмғир кечинмаси
Ана хонани ҳам тўзитиб юборган
туйғуларни эскирган бичилмаси…

Ҳавода юзади намчил дилгирлик
уйга кирмоқ истайди зарғалдоқ осмон
Ўзининг ташбеҳин излар нимадир…
қайдадир… балки у бир бурчакда омон…

***

Кўкка отиб ўйнар гўдагин
Қиқиридан суюнади у
Табиатнинг кайфи чоғланар
Шу беғубор лаҳза бор кундан

Илиқ хаёл. Энг мунис бўлиб.
Югурласам сенга йўлакдек
Қалбингга бош қўйиб азизим
Эркалангим келди гўдакдек.

***

Ҳорғин кузак. Қаримсиқ йиллар.
Қобиғида оғриқ ичиккан.
Муҳаббат кечмаган. Омад бурмаган.
Озроқ вақт адашиб кечиккан.

Ишорат этган қалдирғоч асли
Боладай қаршила. Эшигинг очгин.
Кўкламга айланиб қолар тўкилиш
Илдамла. Чекинма. Ўзингдан кечгин.

 

***

Хонтахта.
Чойнагу пиёла.
Шапалоқ ҳафталик рўзнома.
Баён этмиш воқеалар ўзини
Содир бўлган қанча янгилик
Гарчи сендан анча кичикман
Бироқ, ўқигим келар кўзингни
Содир бўлармикан биз кутган
Тақдирдаги бахтли янгилик

***

Шувалма шом
Алвастикўз кампирлар қомати гўё
шувалма белгилар солар ваҳима
нафаси қуриб қолган ариқ жим
шувалма хашакдан сонсироқ дала
Кўкнинг шувалма манзилида хира қамар
япроқлари заиф илғанар
Чўчитиб юборар тоғ томондаги
шувалма булутлар шарпаси
шитирлаб кетади шувалма ҳаракат
ҳуриб қўяр шувалма товуш
шувалма босинқираш кечинмаларда
тонгнинг изига тушар
тиниқликни қўмсаган ахтар

Сен

Сен мусиқамсан юрагимга
хуршидлик берган мусиқам
Изланмамсан кўп замон буён
истагандим сени қанча дам

Сен мусиқамсан кўзимдаги
шикастликни аритган эй рўз
Муаззам илҳомимсан ахир
тириклигим сенингла афрўз

Сен мусиқамсан яшамоққа
ундайверасан доимо мени
Яхшиямки о сен мавжудсан
толиқмасман севмоқдан сени

сен мусиқам… мени мусиқам…

***

Қорамтир изғирин
Бўғиз ачир йўтали қисиб
Кўчиб йитган чиройдан афсус
Қолган ундан хазонрез изи

Қорамтир изғирин
Ноябрь дайдийди хаёлкаш
Қавс оғочида тўпланган
Қарғалар ўзича саволкаш

Қорамтир изғирин
Тентак ел булутни қувлайди
Ивирсиган пичан қолдиғи…
Сичқонни коваги увлайди…

***

Кўзларингда
ўзини тасвирлар ҳаёт
ҳар дам ўзини кўраверади
сени кўзларингда
Лекин
бетакрор ҳаёт
ҳаёт бебаҳолиги
бўлар намоён
кўзларингда ҳамиша сени

***

Телефон рақаминг хушнудлар илиқ
Шаффоф сўзланасан… чекинар фироқ
Кўринмас тўлқинда меҳрли нафасинг
Майин сезимланар уялчанг титроқ

Бефарқмаслигинг тушунтирар гўшак
Ёдга тушар ўша илк бора қарош
Йиллар узр сўрар юрагимиздан
Телефон томирида оқар гўзал ёш

***

Жунжикваш куз. Аёл эгнига
Жемперини кийгизди эркак.
Илиб қолди ҳувилаган дил
Ростга айланар унутиқ эртак

Ширингина тортинчоқ шивир…
Олланганди маҳзун уй афти…
Маъсудлади аёл умрини
Эркак жемперин ёқимли тафти…

***

Нимани хоҳлайман бугунги кундан
Шошаман улгурмоқ бўламан ишга
Ниманидир талаб этаман ўзимдан
Кўниктираман режали ташвишга

Уддалайман барин… равшан ҳисларим…
Миннатдор бўламан бугунги кундан
Топиб оламан ўзимга мўъжиза
Мен билан бирга юрган шу йўлдан…

***

Бунда ҳатто ўлим мафтункор,
Ҳатто бунда руё пайдо қилар тус…
Кузни ўйчан руҳини мавҳ этиб,
Оловланиб балки очади Қақнус…

Мурдаси ҳам жуда кўринар дилдор,
Ғуссасидан жони таслим бўлган куз.
Дунё эшигидан кириб келган қиш,
Оҳиста танига ёпар оппоқ бўз…

***

Санғияпман қоралама чизгилар аро
Ҳаяжонсиз қораламалар беўхшов
На ҳикматли қувонч
на мунир изтироб,
на яшамоққа ишқ,
на сулув ўлим
бунда эмас намоён
барчаси қоралама тутриқсиз қуршов
ёқимсиз қораламани
кечиб
учириб
йиртиб
санғияпман аслиятни мавҳ этгали
чизажакман энгдан юксак абадиятни

***

Сўз – тупроқ
Коинотда илдизи
Мустаҳкам сўзлар
Ғаройиб
нағмада
Барг ёзар сўзлар
Ҳавода билинар
Нафислиги
Ғунча очган сўзлар

Сўз – сув
Оқиб кирар сўзлар
Лаҳзалар ўзанига
Денгиз забонида
Калимага келар
Асрлик сокинлик

Сўз – ҳаво
Руҳоний ибодатда
Сўзлай бошлайди
Ҳаводаги муаллақликлар
Чексизликларда ёришар
Тола-тола заррин сўзлар
Ёғилар сўзларнинг
Узилиб-узилмай маьсум
Томчилари

Сўз –олов
Кўнгилларга ёлқинлик
Бергали чирсиллар сўзлар
Сўзлар илитар
Совиб қолган ҳаёт туйғуларини
Олам ўзлигини
Топмоқликдан
Қайта топар
Тупроқ –сўзда
Сув –сўзда
Ҳаво – сўзда
Олов – сўзда
Сўз – жон –
Тупроқ, Сув, Ҳаво, Олов
созида

the-weekly-outfit-rain-00.jpg   O‘ziga xos she’riy dunyosini yaratayotgan, har bir she’rida dunyo va inson  hayotini yangicha tarzda idrok etish qobiliyati bo‘y ko‘rsatgan ijodkorlardan  biri Zuhra Ochilovaning yangi she’rlarini taqdim etamiz.

Zuhra OCHILOVA
YANGI SHE’RLAR
045

0_1be58b_a9d7cf94_orig.jpgZuhra Ochilova  1975-yil 30- noyabrda Qashqadaryo viloyati Shahrisabz tumanida tug‘ilgan. Shahrisabz shahridagi Qori-Niyoziy nomli umumiy o‘rta talim maktabida saboq olgan. Hamza nomidagi Shahrisabz Pedagogika bilim yurtining maktabgacha ta’lim mutaxassisligi bo‘yicha sirtdan o‘qigan. Qarshi Davlat Universitetining o‘zbek filologiyasi fakultetida sirtdan tahsil olgan. Ko‘p yillardan buyon ta’lim sohasida faoliyat yuritib keladi. Tuman, viloyat, respublika matbuotlarida nazmiy, nasriy, publitsistik ishlari e’lon kilingan. Ilmiy-uslubiy va adabiy maqolalari bir necha respublika va xorij ilmiy-amaliy konferensiya nashrlarida chop etilgan.
Shoiraning “Moviy ifor”, “Gulshamol”, “Taftli oshyon” noli she’riy to‘plamlari nashr qilingan. Yangi “Sezimlar hissi” to‘plami nashr etilish arafasida.

045

***

Olam botinida
Axrimanning yovuzlik rangida emas
Axuramazdaning ezgulik rangida bo‘lsa
Orzuning rangi…

***

Meni yashay
boshlagan vaqtning
Qadami yetibdi kuzgi sanaga
Sog‘inch omon qo‘ymas
Meni yashayotgan
vaqtning kunini

***

Varaja
Alahsirash
Baribir sezimladim
xirra tusda
boshimni silab
xabar oldi bolaligim

***

Og‘iroyoq musicha
ko‘zlarida tovlanadi
hayot masrurligi

***

Nimanidir eslatar
Hovlidagi kungaboqarlar
Oxirlab borayotgan
Yoz havosida

***

Janubiy kuz.Hovlidagi katta
yong‘oq mevasin qoqib berdi
janubiy tuzg‘inlik

***

Dovdir yel mingashgan
Shox sindi bexos
Cho‘chib qochdi ko‘kdagilar
Sergak tortda atrof

***

G‘oyib olamimiz tutashar
Ko‘nglimiz aylanar nigohga
Uchrashamiz shu tarzda
Olisdagi yaqinim

***

Sovuq bujmaygan dam
Qirovlangan charchoq dil
Zirqiraydi tuyg‘u hujayrasi

***

Yil o‘tib
unibdi niholi
o‘g‘ri zag‘izg‘on og‘zidan
tushgan yong‘oqdan

***

Bezraygan sahna
Shafqatsiz yoqilgan kuzakdan
G‘am changi qoldi havoda

***

Sim-sim degan afsunni o‘qi
Ur tuqmoqla urgin yaxshilab
Zora ochilsa o‘zin ko‘rsatmagan
KO‘NGIL

***

Qoqilib ufq qonatmish tumshug‘in

***

Hilolga mingashib tebranar xayol

***

Yuragimni xilvatida topindim Ishqga

***

Joningni o‘ynar pinhon yovvoyi rashk xuruji

***

Qorlarga urangan
Bahodir tog‘lar
G‘orlarda iymangan
Shaffof hislari
Jimigan daralarning
Yovvoyi sadosi
Sog‘inib mizg‘iydi
Xushbo‘y islarni
Qartaymas bahodir
Tog‘lar yo‘llari
O‘taverar necha
Zamon karvoni
Yuksak cho‘qqilarning
Boqiy o‘ylari
Pastqam tomlarning
Yetmas narvoni
Bahodir tog‘lar
O‘rangan qorlarga

***

Quyosh bilan kaltakla meni
Ulug‘bek Hamdam.

Zaharlangan qalbim zimiston
Tomirlarim ingraydi bexos
Sudralib yoraman qorong‘ulikni
Quyosh topsam o‘zginamga mos

So‘ngagimni nay qilgan bo‘ron
Siniqlangan jonima karaxt
Kaltaklansam mayli quyosh-la
Qonimdan ko‘karsa nur daraxt

Borayapman, iltifot qilsang
Shushak bo‘lib qotgan marjon yosh
Kaltagingni yemoqlik uchun
Manzilingga yetayin quyosh

***

Tabassumlandi og‘ochlarda mart,
Xirgoyi boshlaydi hayot yuragi.
Keshiy nafasdan qochib yitdi marg,
Ishqlanib gullajak so‘zlar kurtagi.

Sahar tetikligin yuqtiradi Kun,
Maqsudga yetkazar kamalak ko‘prik.
Qanotin nurlarga belar sayroq un
Yelning sho‘xligidan uyalar o‘rik.

O‘zanga sig‘maydi oqim hislari,
Tog‘larning ko‘ksida ulug‘ hayqiriq.
Yoqar orolangan ko‘klam islari,
Bedorlik istar botiniy chaqiriq.

***

Kanda qilmas e’tiborini,
Uyim menga biram mehribon.
“Ko‘cha sovuq. Tinmagan qori.
Betob bo‘lib qolmagin” deya,
Tutqazadi egnimga palto,
O‘rab qo‘yar momiqjun sharfim,
Barmog‘imga suqadi qo‘lqop,
Oyog‘imga kiygizar etik,
Duo qilib kuzatar ishga,
Kutib olar horib qaytgan chog‘,
Uyim menga biram mehribon,
Kanda qilmas e’tiborini.

***

Olcha xayolini to‘zg‘itdi shamol,
Zaminga taraldi sevgi ifori.
Qadimiy sog‘inchning maktublarini,
Xo‘rsinib o‘qiydi maysa yafrog‘i.

Olcha titrog‘ida shabnam gulobi,
Tomog‘in chayadi kapalak, ari
Bahor o‘pichidan mastona dunyo –
Bir dumalab yoshga aylangan qari.

Olcha ko‘zlaringga chizar oftobni,
Kulishni o‘rgatar munglardan kechib.
Umid eshigini ochib dilingga,
Baxt libos kiygizar bo‘g‘chasin yechib.

Olcha duosidan ushalar tilak…

***

Ayoz tasarrufida
Soat o‘lchovlari
Dunyo chorrahalari
Shamoyillar o‘zgarishi
Faqat tobemas
Muhabbat ayozga
Qalbining kaftida
Erir qor parchalari

***

Sarkashlandi uchqur tuyog‘im,
Qanotini qoqdi kuragim.
Dunyolarni kengliklarida,
Yayrab kishnadi ozod yuragim.

Tuyog‘imning hur chaqinidan,
Zumradlandi tuproq ildizi.
Manim tulporiy qaroqlarimda,
Porlab yuzar jannat yulduzi.

Qanotimning havolarida,
Shukuhlandi osmon o‘ylari.
Umrim tomon inib, yaqinlab,
Gullab kelar iqbol yo‘llari…

***

Qoplagan qor osoyishida,
Qishki oshyon dilkashdir ichi.
Nedir so‘ylar radio tinmay…
Vaqt erinchoq bo‘p qolgan pichi…

Shinamgina qishlov oshyoni,
O‘tin qalab yoqilgan pechda.
Qaynoq sho‘rva, murabboli choy,
Issiq nonla siylaydi kechda.

Yo‘nalish

Shamol yo‘nalishida
Oyog‘im ostida
Yugurik manzil
Chekingan mudroqlik
Ko‘zlarim qarshisida
Yorishib borar
Dunyolar ichi
Nazokatlanar
Chamanlar diyori
Tovushlar ohangi
Kirar yurakka
Yuksalar silkinib
Tog‘larning qaddi
Daraxtlar ranglanib
Aylanar bog‘ga
Daryolar hayajoni
Sig‘mas o‘zanga
Hadsiz yoyilgan
Osmon qulochi
Shamol yo‘nalishida

***

Oy – mis ko‘zgu
Unda ko‘rinar
Tungi soyalarning
Begunoh dog‘i
Zamin ko‘ksida
Sochilma soyalarda
Yog‘ilar fazolar kukuni

Oy – mis ko‘zgu
Oraliq aro
Sokinlik choyshabiga
Belangan ko‘ngilni
Masrur etar
Sochimlangan allanechuk
Navqiron tuyg‘ular

***

Chordoq — qarovsiz ovloq
Qachonlardir hushtak chalib
Huzurlangan yel
Po‘panak xira qilmish
Bola chog‘li buyumlarini
Mahzun boqar xotiralarga
Sog‘inishni unutgan odam

***

Shoxlarimda hilpiradi munavvarlik
Yaprog‘ida tovlanar
Yulduzlardan sachragan donachalar
Shoxlarimga qo‘nib chug‘urladi tong
Osmon engashib shoxlarimga
Yuqtirdi yettinchi sezgisini

Men shukuhlangan daraxtman bugun

***

Kuzatgandek o‘zini
Deraza ro‘parasida
Olamga boqar qorachiq
Nomlab qo‘yar ko‘rganlarini
Yillarning turfa shodligi-yu
Turfa qayg‘usi kabi
Deraza ro‘parasida
Taqdirlarin etar namoyon
Almashib fasllar
Nimaki neligin
Tushunmoq istar
Deraza ro‘parasida
o‘zini kuzatgandek qorachiq

***

Boshlangach oy vaqti
Tinch kuymas
Uyqusiz so‘zlar
Daftarim hoshiyasiga
Eng ko‘rkam
Eng masud so‘zlar
Qismat qalamida bitilar
Yulduzlarga yetar ovozasi
Maroqlanib tonggacha
Qiynaydi meni
Uyqusiz so‘zlar
So‘zlar sizdan tashqarida
Emasdir qudrat

***

Kun yakshanbasi
Feruza yorug‘lik
Olamga berar chiroy
Yashin kesib o‘tgan
So‘qmoqda yomg‘ir dog‘lari
Esnab turibdi
Toshlarni yorib chiqqan
Qo‘ziqorin
O‘t-o‘lan quchog‘ida
Adashgan chigirtka tovushi

Yakshanbaning
Kamtar hordig‘i
Dasturxonda
Buloq suvi
Yarimta non
Bir bo‘lak pishloq
Hamda
Mutolaa bilan
Osoyishta qalb

***

Yantoq donida
Sahroning tarix puchmog‘i
Ana o‘qilmagan kitob xuddi
Jimirlab yotibdi xayolot to‘zoni
Sahro qobirg‘asida
Kemiruvchi kovagi
Va bunda kezinar jimjitlik sasi
Saksovul panasida
Echkiemar sovuq boqar
Olamga yemish g‘amida
Tanho sohibjamol hisoblar o‘zin
Egri-bugri sudralgan ilon
Parcha bulutdan
Salqinlanib olmoq
Uchun najot istar
Chanqagan sahro ildizlari

***

Habash tun bo‘shlig‘ida
Setoralar nafasi
shivirlar
munajjim bashoratini

Cheksizlik nafasi
boshqarib turibdi
muvozanatni

Makonda
har narsaning
o‘z nafasi borligini
izohlar tashbeh

***

Dag‘al hansiroqda kesaklar
Jazirama dala hovuri
Qaqragan havoning tomog‘i
Sipqorgisi kelar hovuzni
Besas qotgan janubning yeli
Sudralib singgan harakat
Salqin soyalarga bekinib
Mizg‘ib olar joni bor faqat
Kunduzini toblar saraton

***

O‘zimni yechib tashlayman
Chigal fikrlardan
Yechaman idrokimni
Ishonuvchan tuyg‘ularimni
Afsiz yechaman
Jonimni og‘ritgan
Baxtiyor g‘amni yechaman
Yechaman hapqirgan
Beg‘ubor quvonchni
Ko‘zlarimdan yechaman
Bulut yig‘isini
Labimdan yechaman
Benur kulguni
Yaxshi tuyulgan
Sifatlarni yechaman butkul
Uloqtiraman yechib
Beo‘xshov odatlarni
Hujayralarimdan haydayman
Yechib noumid yashovchanlikni
Tug‘ilgandek onadan qayta
Yengillashar yuragim
O‘zini yechib

***

Labimda isitgin kipriklaringni…
Xurshid Davron.

Kiprigimni isit labingda,
Chechak ochsin har bir tolasi.
Ko‘zlarimdan ketsin uvishiq,
Chekinsin-da anduh jolasi.

Kiprigimni labingda suygin,
Biz birovdan bo‘lmagaymiz kam.
Tushlarimga yashirib seni,
Ko‘zlarimda avaylay men ham.

Labingda erkala kiprigim,
Ko‘zlarimda dilingni kuray.
Hech kimga bermayin, qizg‘onib,
Men dunyoda sevinib yuray.

Moviy shakllar

Go‘yo
Moviy tusda
Bo‘lgan ilk yaralish
Moviylikda to‘zg‘inib
Iz qoldirgan
Moviy kiyiklar to‘dasi
Moviy cho‘qqilarda
Sado berar
Moviy na’ralar
Moviy yomg‘irlar
Tuproq hovuchlarida
Undirgan moviy chamanni
Moviy ninachi havoda
Chizar moviy faslni
Moviy og‘ochda
Moviy patli qush
Moviy oyatlardan
Aylar tavvalo
Moviy makonlarda
Kezingan moviy yulduzlardan
Moviy ishqnomani
Keltirar moviy shabada
Qorachig‘ingni kengaytirib
Yuborar moviy hayratlik
Moviy lavhalar
Bitilgan olam qalbida
Moviy jannat
Bo‘lgan ilk yaralish

***

Bugundan boshlab
Jazolayman o‘zimni
O‘zimni taqiqlayman
Qochaman o‘zimdan
Berkinib olaman
Parvardigorning qorachig‘iga
Afsus
Sezib qolaman
Tashlab ketolmaganim o‘zimni
Yana o‘zimga yuzlanaman

***

Taksida yeladi lahzalar
Shoshilib kutilayotgan
diydorga
Shoshib kelayapsan menga
Senga shoshib borayapman
Hapqirar sog‘inchning yuragi

***

Avgust poyonida kuzakning hidi
Qovjiray boshlaydi yozgi tasavvur
Kirtayib toladi yashnoq ehtiros
Zavqlanish qalbida pasayar hovur

Avgust poyonida kuzakning hidi
Vidolar soqov… olislab qolar
Muhabbat sog‘inchdan karaxtlangan sir
To‘liqib dunyolar to‘kilib olar

***

Seni bilmam
Seni tanimam
Sen kimimsan meni suyguvchi
Sen aytilmas asrorimisan
Nechun sezib turaman qaydan
Uzoqdanam haroratingni
Taqdir ravo ko‘rdimi senga
Meni ishqim tarovatini
Lekin kimimsan suyguvchi ?!…

***

Yoz bilan kuz
oralig‘idagi subhidam
kuzatdim osmon mavjini
Qarog‘imni kengliklarida
jilmayar mayinlik

***

Indamasdan
qaraysan … shaksiz
yoqtirgansan… bermapman imkon
Dilingdagi qismatda zohir
Qadrlisan, men uchun ishon
Boqamiz indamasdan…

***

Yozgi tunning panasida
Mohni arqonidan pastlab
Ko‘lda cho‘milishdi sitoralar
Parilar ko‘nglidan tug‘ilar sirlar…

Yozgi tunning panasida
Qayrag‘och dastida qo‘nog‘lagan
Ikki qush sarmast tunaydi
Tug‘iladi muhabbat palaponi

Yozgi tunning panasida
Olislarga termulib
Sen haqingda o‘yladim
Tug‘iladi muazzam umr

***

Bosinqiroq kuz.
Daraxtlarda cho‘chib to‘kilish.
Uchuq toshar dag‘al toshlarga
Zaxlanadi quyuq tovlanish
Qayg‘u tomar siniq doshlarga
Bosinqiroq kuz.
Nishabda toyib beovoz
Qayriladi zulmatning tizi
Tumanlarni pardasin yirtib
Qalbga kirar yorug‘lik isi…

***

Yashamoq jazosi
berilgan umrga
Ifodalar mazmun
seni borliging
naqadar jozibsan
taqiqlangan ISHQ

***

Kuzgi yomg‘ir
Salqin kechinma
Zirqiraydi keksargan og‘riq
Achishadi hayot dimog‘i
Yog‘in ichra tolg‘inlik soriq
Qunishadi bekat yelkasi
Shoshiladi qaygadir ko‘cha
Ivib qolar yomg‘irda ko‘ngil…
Axir kimni sog‘ingan buncha?!..
Xabari yetmagan telefon
Yo erinchoq vaqti immillar…
Egasi yo‘q uy derazasi
Yomg‘irlarni sasini tinglar…

***

Bo‘lmaydi ko‘nikib
Ko‘nikish mushkul
Gardun qovog‘iga qarab ish tutish
Zamon yasab olgan o‘ziga maqbul
Nahot mumkinmas undan pok o‘tish…

Bo‘lmaydi ko‘nikib
Ko‘nikish mushkul
Iblisiy fazilat emasdir nodir…
Chiltorin kuyiga o‘ynatmoq uchun
Ko‘rsatar nayrang qo‘g‘irchoqboz chodir…

Bo‘lmaydi ko‘nikib
Ko‘nikish mushkul
(Tovba, o‘xshama jirkanch surbetga!..)
Ko‘ngil ko‘niksa bo‘lgaydir matoh
Ham uloqtirilgay benazir chetga…
Mushkul ko‘nikish
Ko‘nikib bo‘lmas…

***

Namchil havo. Benom ma’yuslik. Deraza
nigohida kuzgi yomg‘ir kechinmasi
Ana xonani ham to‘zitib yuborgan
tuyg‘ularni eskirgan bichilmasi…

Havoda yuzadi namchil dilgirlik
uyga kirmoq istaydi zarg‘aldoq osmon
O‘zining tashbehin izlar nimadir…
qaydadir… balki u bir burchakda omon…

***

Ko‘kka otib o‘ynar go‘dagin
Qiqiridan suyunadi u
Tabiatning kayfi chog‘lanar
Shu beg‘ubor lahza bor kundan

Iliq xayol. Eng munis bo‘lib.
Yugurlasam senga yo‘lakdek
Qalbingga bosh qo‘yib azizim
Erkalangim keldi go‘dakdek.

***

Horg‘in kuzak. Qarimsiq yillar.
Qobig‘ida og‘riq ichikkan.
Muhabbat kechmagan. Omad burmagan.
Ozroq vaqt adashib kechikkan.

Ishorat etgan qaldirg‘och asli
Boladay qarshila. Eshiging ochgin.
Ko‘klamga aylanib qolar to‘kilish
Ildamla. Chekinma. O‘zingdan kechgin.

***

Xontaxta.
Choynagu piyola.
Shapaloq haftalik ro‘znoma.
Bayon etmish voqealar o‘zini
Sodir bo‘lgan qancha yangilik
Garchi sendan ancha kichikman
Biroq, o‘qigim kelar ko‘zingni
Sodir bo‘larmikan biz kutgan
Taqdirdagi baxtli yangilik

***

Shuvalma shom
Alvastiko‘z kampirlar qomati go‘yo
shuvalma belgilar solar vahima
nafasi qurib qolgan ariq jim
shuvalma xashakdan sonsiroq dala
Ko‘kning shuvalma manzilida xira qamar
yaproqlari zaif ilg‘anar
Cho‘chitib yuborar tog‘ tomondagi
shuvalma bulutlar sharpasi
shitirlab ketadi shuvalma harakat
hurib qo‘yar shuvalma tovush
shuvalma bosinqirash kechinmalarda
tongning iziga tushar
tiniqlikni qo‘msagan axtar

Sen

Sen musiqamsan yuragimga
xurshidlik bergan musiqam
Izlanmamsan ko‘p zamon buyon
istagandim seni qancha dam

Sen musiqamsan ko‘zimdagi
shikastlikni aritgan ey ro‘z
Muazzam ilhomimsan axir
tirikligim seningla afro‘z

Sen musiqamsan yashamoqqa
undayverasan doimo meni
Yaxshiyamki o sen mavjudsan
toliqmasman sevmoqdan seni

sen musiqam… meni musiqam…

***

Qoramtir izg‘irin
Bo‘g‘iz achir yo‘tali qisib
Ko‘chib yitgan chiroydan afsus
Qolgan undan xazonrez izi

Qoramtir izg‘irin
Noyabr daydiydi xayolkash
Qavs og‘ochida to‘plangan
Qarg‘alar o‘zicha savolkash

Qoramtir izg‘irin
Tentak yel bulutni quvlaydi
Ivirsigan pichan qoldig‘i…
Sichqonni kovagi uvlaydi…

***

Ko‘zlaringda
o‘zini tasvirlar hayot
har dam o‘zini ko‘raveradi
seni ko‘zlaringda
Lekin
betakror hayot
hayot bebaholigi
bo‘lar namoyon
ko‘zlaringda hamisha seni

***

Telefon raqaming xushnudlar iliq
Shaffof so‘zlanasan… chekinar firoq
Ko‘rinmas to‘lqinda mehrli nafasing
Mayin sezimlanar uyalchang titroq

Befarqmasliging tushuntirar go‘shak
Yodga tushar o‘sha ilk bora qarosh
Yillar uzr so‘rar yuragimizdan
Telefon tomirida oqar go‘zal yosh

***

Junjikvash kuz. Ayol egniga
Jemperini kiygizdi erkak.
Ilib qoldi huvilagan dil
Rostga aylanar unutiq ertak

Shiringina tortinchoq shivir…
Ollangandi mahzun uy afti…
Ma’sudladi ayol umrini
Erkak jemperin yoqimli tafti…

***

Nimani xohlayman bugungi kundan
Shoshaman ulgurmoq bo‘laman ishga
Nimanidir talab etaman o‘zimdan
Ko‘niktiraman rejali tashvishga

Uddalayman barin… ravshan hislarim…
Minnatdor bo‘laman bugungi kundan
Topib olaman o‘zimga mo‘jiza
Men bilan birga yurgan shu yo‘ldan…

***

Bunda hatto o‘lim maftunkor,
Hatto bunda ruyo paydo qilar tus…
Kuzni o‘ychan ruhini mavh etib,
Olovlanib balki ochadi Qaqnus…

Murdasi ham juda ko‘rinar dildor,
G‘ussasidan joni taslim bo‘lgan kuz.
Dunyo eshigidan kirib kelgan qish,
Ohista taniga yopar oppoq bo‘z…

***

Sang‘iyapman qoralama chizgilar aro
Hayajonsiz qoralamalar beo‘xshov
Na hikmatli quvonch
na munir iztirob,
na yashamoqqa ishq,
na suluv o‘lim
bunda emas namoyon
barchasi qoralama tutriqsiz qurshov
yoqimsiz qoralamani
kechib
uchirib
yirtib
sang‘iyapman asliyatni mavh etgali
chizajakman engdan yuksak abadiyatni

***

So‘z – tuproq
Koinotda ildizi
Mustahkam so‘zlar
G‘aroyib
nag‘mada
Barg yozar so‘zlar
Havoda bilinar
Nafisligi
G‘uncha ochgan so‘zlar

So‘z – suv
Oqib kirar so‘zlar
Lahzalar o‘zaniga
Dengiz zabonida
Kalimaga kelar
Asrlik sokinlik

So‘z – havo
Ruhoniy ibodatda
So‘zlay boshlaydi
Havodagi muallaqliklar
Cheksizliklarda yorishar
Tola-tola zarrin so‘zlar
Yog‘ilar so‘zlarning
Uzilib-uzilmay masum
Tomchilari

So‘z –olov
Ko‘ngillarga yolqinlik
Bergali chirsillar so‘zlar
So‘zlar ilitar
Sovib qolgan hayot tuyg‘ularini
Olam o‘zligini
Topmoqlikdan
Qayta topar
Tuproq –so‘zda
Suv –so‘zda
Havo – so‘zda
Olov – so‘zda
So‘z – jon –
Tuproq, Suv, Havo, Olov
sozida

Zuhra. Moviy ifor — Xurshid Davron kutubxonasi by Khurshid Davron on Scribd

006

(Tashriflar: umumiy 265, bugungi 1)

Izoh qoldiring