Қалбида романтик туйғулар тўлиб-тошган, ақл-заковатда, юриш-туришда, сўзлаш ва муомалада ҳеч кимдан кам бўлмаган, миллий туйғулари ўта кучли аёллар куй-қўшиққа, рақс ва умуман санъатга берилган бўлишади. Афсуски, нисбатан олисроқ ўтмишимизда қўшиққа, куйга ишқивоз одамлар камситилган, хўрланган. Айниқса, бирон қиз ашула айтиб номи чиқса, жоҳил одамлар уларни бузуқ санаб, ҳазар қилиш даражасида яккалаб қўйишган. Кийикнинг айби кўзида деганларидай, гўзаллик, латофат ва романтик фазилатлари уларнинг бошига бахтсизлик келтирган. Ашула айтгани учуноқ сўйилганлар эса битта Турсуной ва битта Нурхон эмас эдилар. Шунинг учун ҳам ўзбек аёлларининг қўшиқлари асосан алла, турмуш қийинчиликларидан нолиш, соғиниш, йиғи-йўқлов, хуллас, асосан “ичкари” руҳида кўпроқ шаклланган. Шунданмикин, ўзбек халқ лирикасининг энг салмоқли, энг таъсирчан қисмини аёллар ижоди ташкил этади. Уларнинг поэтик кучи ва руҳи эса бениҳоя зўр. Дунёда шу қадар теран ҳиссиётлар ҳам бўлганига тонг қоласан киши. Бундай туйғулар бизнинг аёлларга, бизнинг оналарга хос эди… Davomini o'qish