Muazzam Ibrohimova. Millat yuragidagi ignalar

Ashampoo_Snap_2018.01.23_20h34m59s_002_.png    Фарғонада танасидан ўн олтита игна топилган чақалоқ хақидаги хабарни ўқиганимдан буён юрагим симиллаб, азоб беради (бу воқеа ҳақдаги kun.uz даги мақола билан танишинг). 

Муаззам Иброҳимова
МИЛЛАТ ЮРАГИДАГИ ИГНАЛАР
09

Ashampoo_Snap_2018.01.23_20h46m03s_003_.pngФарғонада танасидан ўн олтита игна топилган чақалоқ хақидаги хабарни ўқиганимдан буён юрагим симиллаб, азоб беради.

Табрикламайсизми?!
Яна довруқ қозонамиз.

Тирик гўдак танасидаги игналар сони билан ҳам Гиннеснинг “Рекордлар китоби” га кирадиган бўлдик.
Хали бунақаси Гитлер даврида ҳам бўлмаган!

Хатто, энг қонхўр деб ном чиқарган махлуқсийрат газандалар ҳам ўз жигарининг баданига атайлаб, бирма- бир бунча кўп игна санчмаган.

Онанинг гапларини тингладим, яна битмаган ярам янгиланди. Яна шу, жамиятимиздаги ижтимоий муаммолар келтириб чиқарган оқибат. Унинг ҳам эри РОССИЯ га кетган, хозир ота уйида яшаётган экан.

Профессоринг хулосаси майли, оддийгина шифокор бўлсам ҳам ўн бир ойлик эмас, катта одам ҳам ўн олтита игнани ютиши мумкин эмаслигини яхши биламан. Буни ҳамма мендан яхшироқ билади. Қолаверса Рентген хулосалари ҳам бор. Демак бу вахшийликни кимдир қилган!

КИМ?!
Одам боласи албатта!
Она эмасдир!!!
ИШОНМАЯПМАН!

Тўғри, она аталмиш шайтонсийратлар хақида эшитганман.. Майли, хақиқатни терговдан билармиз. Бу фожеага сабачиларни ҳам бир-бир тилга олармиз…
Хозир жонлантириш бўлимида жон талашиб ётган болажоннинг отасига икки оғиз гапим бор.

Укам!
Иним!
Жигарим!

Биламан, совуғи жон-жонингизни бурдалаб ташлаётган ўриснинг юртига ноилож, ишсизлик туфайли кетгансиз. Гулдек аёлингиз, фариштадай болангизни кимларгадир ишониб, аммо ,буткул хотиржам бўлолмай, қалбингизни ярмини ташлаб кетгансиз. Сизга насиҳат қилишга балки умуман хаққим йўқдир, лекин бошқа чидай олмайман.

Илтимос, шу гўдагингизнинг бахтиёр болалиги учун ҳам тезроқ қайтинг! “Унинг келажагини деб, шу ерларда юрибман” деманг, дархол юз бурманг!
Ўтинаман, ўн дақиқагина юрагимга қулоқ солинг!

Хозир ҳаёти шу темир терсакларга илиниб турган болангизнинг ширингина тили чиқиб қолган. Чулдираганча “да-далаб”, амакиси, тоғаларига мўлтираб, баъзан етти ёт бегоналарнинг қиёфасига жавдираб сизни қидиради. Чунки у сизни жудаям соғинган. Хозир ҳам, баданидаги ўн олтита игна билан ўлмай, ўлгиси келмай, Аллохдан сиз билан бўлгувчи ширин дийдорни тилаб ётибди. Уни бутун миллат дуо қиляпти, халқ болангиз билан бирга! Аммо, ўттиз уч миллион инсон “ болам” деса ҳам, ҳеч қачон сизнинг ўрнингизни боса олмаймиз!

Биласизми, бугун у ширин туш кўрди. Тушида, уни кўтариб, осмонга отаётган экансиз. У қийқираб, қиқирлаб кулаётган эди… Бу шунақа ширин туш эдики, ҳамшира томиридан яна битта игна суқиб, дори юбораётганини ҳам сезмади. Бу шундай беғубор туш эдики, теграсида турган фаришталаргина уни кўра олишар эди…

У аллақачон ўлиши керак эди.

Аслида одамнинг ўлимига оёғи билан босиб олинган битта игнанинг ўзи етади. Қон томир ичига тушиб, тўғри юракка бориб санчилса, мана-ман деган, айиқдай эркакни ҳам йиқитади.

Укажоним, нима учун болангиз ҳамон тирик эканлигини энди тушунгандирсиз?!

Балки, унинг қон томирлари игналардан қочиб, митти юракчасини авайлаётгандир?! Балки, игналарининг ўзи игналик қилмай, қилдай жонни , митти омонатни Аллох учун сақлаб тургандирлар…

Мен шифокорман. Гўдаклар жони шунчалик мўртки, миллиён-миллиён давлати бор оталар битта бемор дилбандининг ҳаётини сақлаб қололмай, қон йиғлаб қолганларини кўрганман. Оталар борки, боласининг совуқ жасадини кўтара олмай, юзтубан гурсиллаб қулаганларига гувоҳ бўлганман. Тўрт муччасидан тўрталаси йўқ ногирон дилбандига ҳам шукур қилиб, кўзларига мўлтираб ўтаётганларни ҳам танийман.

Шундай давлатмандларни биламан, яратган Эгам битта фарзанд бериши учун бор-будларини беришга тайёр! Гуноҳ дейдилару, фалон маблағга ўн марталаб уруғ эктириб, битта натижа ололмай сарғайиб ўтаётганлар қанча! Ширк бўлсада, узоқ йўллар босиб, азиз-авлиёлар мозорларига чироқ ёқиб, қўчқор сўйиб умидвор бўлиб юрганларни эшитганман. Ошна – оғайнилар ичида бошини кўтара олмай, битта тирноқсиз ўлиб кетганлар ҳам бор!

Сизга эса, бир хислатингизни ёқтирган Эгам соғлом, бақуввват фарзанд ато этибди. Қош-кўзларини қаранг, ўзингиз! Тўполончилиги ҳам ўхшаган. Дардга бардошлиги эса, балки сиз, балки узоқларга кетган бўлсангиз ҳам миқ этмай кутаётган онасидан ўтгандир?

Энди бошқа томонга ҳам бир қиё боқинг!

Хов анави, мунғайиб қолган норасидаларни кўряпсизми? Кечагина отаси автобусда ёниб кетган юртдошларимнинг сағирлари улар. Анави кичкинтойни қаранг, хали қандай фожиа рўй берганини англамаган, “ отангни олиб келишади” деган битта гапга суюниб, кўмир ёки бир қоп кулни эмас, кулиб хайрлашиб чиқиб кетган дадасини пойлаб турибди. Сочлари майда ўрилган қизалоқчи? У норасида ҳам дадаси, ҳам акасининг куйиб кетганидан беҳабар, ваъда қилинган қўғирчоқ келишидан умидвор…

Бошқа болажонларни ҳам кўрсатайми?

Бир чеккаларда кулмай, ўртоқларига қўшилмай қолган норасталарга кўзингиз тушдими? Улар оталари ўрмонларда, ташландиқ, овлоқларда хуллас, Худо урган жойларда кафансиз кўмилиб, аза очилиб, очилмаган хонадонлардаги болалиги ўғирланган, руҳи буткул синган болалар!

Бошқа болалар ҳам бор!

Уларнинг оталари аввал ростдан камбағал эди. Сиз каби узоқларга кетиб ишлаб, рўзғоридаги камчилигини битиришди. Фарзандларининг оғзи ошга етиб, юзига табассум югурганида уларни шайтон йўлдан урди. “Водка” ўлгурни ичавериб, хорам-харични фарқига бормай, ўнтадан қолган ўрис аёл билан чўчқадай яшаётганларнинг халол фарзандлари ана! Қўни-қўшни олдида тиллари қисиқ, диллари вайрон, пичинг гаплардан бошларини кўтара олмай қолишган. Номусга чидай олмай, жонига қасд қилганлари эса адирда ётишибди. Ота тарбиясини кўрмай, ҳомиладор бўлиб қолган қизлар, ўғирлик қилиб қамалиб қолган ўғилларни ҳам кўряпсизми?!

КЎРЯПСИЗМИ!

Сиз ўз болангизга шундай қисматни раво кўрасизми?! “Ана, зўр яшаётганлари ҳам бор!” деб, алданманг, катта кетманг!

Ҳа бор! Инкор этмайман!

Аммо данғиллама уйларда, зўр яшаётган болаларнинг ҳам қалби ярим. Чунки ота олисда! Россия, Кореядан келаётган пулларга қилинган энг сергўшт палов ҳам томоққа тиқилиб, йўл пойлашади. Олган бешчалари билан мақтаниб, ёдлаган шеърчаларини фақат она эмас, отасига ҳам айтиб беришни хохламаган бола бормикин дунёда?! Йўқ! Бундай болалар хали туғилмаган!

Хов анави ўн бешга етиб қолиб, падарининг маслахатларига мухтожлик туяётган йигитчанинг қалбидагиларни ҳам айтайми? Чидайсизми? Агар давом этсам, фиғоним –жамики юртдошларимни кечаги автобусда қайта ёндиради!

Оналари мардикорликка кетганларни эса умуман гапирмай қўя қолай. Улар хақида ёзадиган бўлсам, қалбимдан чиқадиган бомба шу нома терилаётган телефонимни портлатиб юборади…

Укажон, дилимни, дилингизни титиб ташлаган фарёдимни шу жойигача ўқий олган бўлсангиз демак, болажонингизни жудаям соғингансиз. Демак унга қаро қисматни раво кўрмайсиз!

Қайтинг ука!

Ана, кечаги мақоламдан сўнг аразлаб қолган “Ёшлар иттифоқи” нинг ҳам кўзи очиляпти. Аслида улар ҳам ёмон инсонлар эмас! Минглаб ёшларни ўз болаларимдан кам кўрмайман. Чунки биз бир жонмиз! Россияга кетиш учун пул топа олмаётган ёшларнинг ичида ҳам ишсизлари талай. Нима қилишни билмай, жавдираб туришибди. Илоҳим, ёвуз кучларга алданиб қолишмасин! Улар она тупроқни тарк этишмасин!

Сиз ишлаб оз бўлсада тажриба ортиргандирсиз? Энди қайтиб, ниманидир ўрганган бўлсангиз ўзингиздан кичкиналарга ҳам ўргатинг. Ёнингиздаги дўстларингиз ҳам кам-кўстлари битган бўлса, қайтишсин! Сизларнинг тажрибаларингизга мухтожмиз!

Демагог демасангиз яна бир гап айтай. Келинг, ҳаммамиз бир бўлиб, чалажон Ватанимизнинг қаддини кўтарайлик! Агар беш қитъага тариқдай сочилиб кетган, зиёлиларимизни ҳам қайтара олсак, яна Улуғбек, Навоий, Бобур Мирзоларни тарбиялай оламиз…

Юртда бошқача шабодалар эсяпти. Биз қурол ва жахолат билан эмас, билим ва адолат билан янги жамият қурамиз!

АНЧА ДАРДЛАРНИ ГАПИРИБ ОЛДИК, ЭНДИ ОЗГИНА ОРЗУ ВА ЧИРОЙЛИ НИЯТЛАР ҚИЛАМИЗ.

Эшитдингизми, Мен билан олишган Қариялар уйининг раҳбарига ҳам инсоф берибди. Аллох қалбидаги меҳрни уйғотгани рост бўлсин! У профессор Пўлат Орипов, олим Хабибулло Қодиров, Саида Миртолипова, журналист Рустам Обидларнинг қандай инсон эканликларини англаб, ўз охиратини ҳам ўйлаб қолибди. Энди, фақат байрамлардагина очиладиган каттакон залга ёшлар ташриф буюришар экан. Бир вақтлар унутилган, унуттирилган оқиллар бўлажак олимларга сабоқ беришади! Бошқа қариялар ҳам эъзоз топишади! Етим болалар сони камаяди, балки умуман Меҳрибонлик уйлари қолмас! Чунки бизда силаи раҳм кучли, чунки биз суягини хорламайдиган миллатмиз!

Қулоқ солинг! Кимдир Аллохга нола қилиб, гуноҳларини кечиришни сўраяти.

Ээээ… У сизни ишга олмай, сарсон-саргардон қилган порахўрку! Бугун яна иккита автобусдаги юртошларимиз Қозоғистондаги қаҳратонда музлаб қолаёзганини эшитиб, тавбага юкунди, бир кун боши саждага ҳам тегади… Ха, яратганни эсга олиб, қабр азобини ўйлаб қолгани рост бўлсин! Демак у халол яшамоқчи. Иншааллох, ишга чўнтагингиздаги пул, таниш билишчилик билан эмас, салоҳият ва иқтидорингизга қараб қабул қилинасиз!

Қаранг, ибодатга шошиб қолган ректор олийгоҳга фақат билимли талабаларни қабул қилишга ваъда беряпти!

Ўқиш учун имтиёзга кўз тиккан, билими ҳаминқадар “ иттифоқчи” ва аскарлар эса, имкониятни ўзидан анча аълочи дўстларига бермоқчи!

Ер эгаллаб, уй қуриб, қимматлиги учун сота олмаётган бойвачча уйсиз бечоралар хақида ҳам ўйлаб қолди.

Бюджет хисобидан тутуриқсиз фильмлар олиб, энди халқнинг кўзига қарай олмаётган режиссер, ахлоқи бузуқроқ яллачи ва бошқалар ҳам ўзлигини танияпти!

Миллион-миллион долларларини чет эллардаги банкларда сақлаган миллиардер ҳам биз ўйлаганчалик худо урган банда эмас экан! Ниятини эшитяпсизми? У халқдан тортиб олганларини яна ўзимизга қайтармоқчи! Янги иш жойларини яратмоқчи!

Энди шифокор одам ўлдирмайди, ўқитуви миллат келажагининг вақтини ўғирламайди! Мелиса одам урмайди, Қонхўр, қабиқ юртдошларимиз бўлмайди!

“Эртакку!” деманг!

Чунки, бир ижодкор сифатида юрагимнинг қони билан ўқиётганларингизни ёзаётган бўлсам, она сифатида тинмай дуо қилиб, Яратгандан юртга, халққа эзгуликларни, яхшиликларни сўраяпман. Мендака оналар қанчалигини биласизми? Миллионларининг чин дилдан қилган дуолари эса беижобат қолмайди!

Биласизми, шу уч кун бизларни бирлаштирди. Хатто, элпарвар Президентга тўғаноқ бўлаётганлар ҳам халқ қандай куч эканлигини теранроқ англаб етишди.

НОРҒУЛ ЙИГИТЛАРМИЗДАН ҚОЛГАН 52 КУЛГА ҚАРАБ, “ ОХИРАТДАН ОЛДИН ЁНМАЙЛИК” ДЕГАН МИЛЛАТНИНГ ИЙМОНИ, ҒУРУРИ УЙҒОНДИ!
БОЛАНГИЗНИНГ БАДАНИГА САНЧИЛГАН ЎН ОЛТИТА ИГНА МИЛЛАТ ЮРАГИНИ ТЕШИБ ТАШЛАДИ!
ЭНДИ БИЗ ХАЛҚ БЎЛАМИЗ!
ИНШААЛЛОХ, ХАЛҚ БЎЛАМИЗ!

Манба: Муаззам Иброҳимованинг фейсбукдаги саҳифаси

Ashampoo_Snap_2018.01.23_20h33m06s_001_.png  Farg‘onada tanasidan o‘n oltita igna topilgan chaqaloq xaqidagi xabarni  o‘qiganimdan buyon yuragim simillab, azob beradi (bu haqdagi kun.uz dagi xabar bilan tanishing)

Muazzam Ibrohimova
MILLAT YURAGIDAGI IGNALAR
09

Muazzam Ibrohimova 1975 yili Farg‘onaning Quvasoyida tug‘ilgan Maktabda o‘qib yurgan chog‘idan she’riyatga havas qo‘ydi. Bolalar shifokori bo‘lgani uchunmi keyinchalik ertaklar yoza boshladi. Shu paytgacha bir necha kitobi nashr etilgan. To‘rt farzandning onasi.

09

Farg‘onada tanasidan o‘n oltita igna topilgan chaqaloq xaqidagi xabarni o‘qiganimdan buyon yuragim simillab, azob beradi.

Tabriklamaysizmi?!
Yana dovruq qozonamiz.

Tirik go‘dak tanasidagi ignalar soni bilan ham Ginnesning “Rekordlar kitobi” ga kiradigan bo‘ldik.
Xali bunaqasi Gitler davrida ham bo‘lmagan!

Xatto, eng qonxo‘r deb nom chiqargan maxluqsiyrat gazandalar ham o‘z jigarining badaniga ataylab, birma- bir buncha ko‘p igna sanchmagan.

Onaning gaplarini tingladim, yana bitmagan yaram yangilandi. Yana shu, jamiyatimizdagi ijtimoiy muammolar keltirib chiqargan oqibat. Uning ham eri ROSSIYA ga ketgan, xozir ota uyida yashayotgan ekan.

Professoring xulosasi mayli, oddiygina shifokor bo‘lsam ham o‘n bir oylik emas, katta odam ham o‘n oltita ignani yutishi mumkin emasligini yaxshi bilaman. Buni hamma mendan yaxshiroq biladi. Qolaversa Rentgen xulosalari ham bor. Demak bu vaxshiylikni kimdir qilgan!

KIM?!
Odam bolasi albatta!
Ona emasdir!!!
ISHONMAYAPMAN!

To‘g‘ri, ona atalmish shaytonsiyratlar xaqida eshitganman.. Mayli, xaqiqatni tergovdan bilarmiz. Bu fojeaga sabachilarni ham bir-bir tilga olarmiz…
Xozir jonlantirish bo‘limida jon talashib yotgan bolajonning otasiga ikki og‘iz gapim bor.

Ukam!
Inim!
Jigarim!

Bilaman, sovug‘i jon-joningizni burdalab tashlayotgan o‘risning yurtiga noiloj, ishsizlik tufayli ketgansiz. Guldek ayolingiz, farishtaday bolangizni kimlargadir ishonib, ammo ,butkul xotirjam bo‘lolmay, qalbingizni yarmini tashlab ketgansiz. Sizga nasihat qilishga balki umuman xaqqim yo‘qdir, lekin boshqa chiday olmayman.

Iltimos, shu go‘dagingizning baxtiyor bolaligi uchun ham tezroq qayting! “Uning kelajagini deb, shu yerlarda yuribman” demang, darxol yuz burmang!
O‘tinaman, o‘n daqiqagina yuragimga quloq soling!

Xozir hayoti shu temir tersaklarga ilinib turgan bolangizning shiringina tili chiqib qolgan. Chuldiragancha “da-dalab”, amakisi, tog‘alariga mo‘ltirab, ba’zan yetti yot begonalarning qiyofasiga javdirab sizni qidiradi. Chunki u sizni judayam sog‘ingan. Xozir ham, badanidagi o‘n oltita igna bilan o‘lmay, o‘lgisi kelmay, Alloxdan siz bilan bo‘lguvchi shirin diydorni tilab yotibdi. Uni butun millat duo qilyapti, xalq bolangiz bilan birga! Ammo, o‘ttiz uch million inson “ bolam” desa ham, hech qachon sizning o‘rningizni bosa olmaymiz!

Bilasizmi, bugun u shirin tush ko‘rdi. Tushida, uni ko‘tarib, osmonga otayotgan ekansiz. U qiyqirab, qiqirlab kulayotgan edi… Bu shunaqa shirin tush ediki, hamshira tomiridan yana bitta igna suqib, dori yuborayotganini ham sezmadi. Bu shunday beg‘ubor tush ediki, tegrasida turgan farishtalargina uni ko‘ra olishar edi…

U allaqachon o‘lishi kerak edi.

Aslida odamning o‘limiga oyog‘i bilan bosib olingan bitta ignaning o‘zi yetadi. Qon tomir ichiga tushib, to‘g‘ri yurakka borib sanchilsa, mana-man degan, ayiqday erkakni ham yiqitadi.

Ukajonim, nima uchun bolangiz hamon tirik ekanligini endi tushungandirsiz?!

Balki, uning qon tomirlari ignalardan qochib, mitti yurakchasini avaylayotgandir?! Balki, ignalarining o‘zi ignalik qilmay, qilday jonni , mitti omonatni Allox uchun saqlab turgandirlar…

Men shifokorman. Go‘daklar joni shunchalik mo‘rtki, milliyon-milliyon davlati bor otalar bitta bemor dilbandining hayotini saqlab qololmay, qon yig‘lab qolganlarini ko‘rganman. Otalar borki, bolasining sovuq jasadini ko‘tara olmay, yuztuban gursillab qulaganlariga guvoh bo‘lganman. To‘rt muchchasidan to‘rtalasi yo‘q nogiron dilbandiga ham shukur qilib, ko‘zlariga mo‘ltirab o‘tayotganlarni ham taniyman.

Shunday davlatmandlarni bilaman, yaratgan Egam bitta farzand berishi uchun bor-budlarini berishga tayyor! Gunoh deydilaru, falon mablag‘ga o‘n martalab urug‘ ektirib, bitta natija ololmay sarg‘ayib o‘tayotganlar qancha! Shirk bo‘lsada, uzoq yo‘llar bosib, aziz-avliyolar mozorlariga chiroq yoqib, qo‘chqor so‘yib umidvor bo‘lib yurganlarni eshitganman. Oshna – og‘aynilar ichida boshini ko‘tara olmay, bitta tirnoqsiz o‘lib ketganlar ham bor!

Sizga esa, bir xislatingizni yoqtirgan Egam sog‘lom, baquvvvat farzand ato etibdi. Qosh-ko‘zlarini qarang, o‘zingiz! To‘polonchiligi ham o‘xshagan. Dardga bardoshligi esa, balki siz, balki uzoqlarga ketgan bo‘lsangiz ham miq etmay kutayotgan onasidan o‘tgandir?

Endi boshqa tomonga ham bir qiyo boqing!

Xov anavi, mung‘ayib qolgan norasidalarni ko‘ryapsizmi? Kechagina otasi avtobusda yonib ketgan yurtdoshlarimning sag‘irlari ular. Anavi kichkintoyni qarang, xali qanday fojia ro‘y berganini anglamagan, “ otangni olib kelishadi” degan bitta gapga suyunib, ko‘mir yoki bir qop kulni emas, kulib xayrlashib chiqib ketgan dadasini poylab turibdi. Sochlari mayda o‘rilgan qizaloqchi? U norasida ham dadasi, ham akasining kuyib ketganidan behabar, va’da qilingan qo‘g‘irchoq kelishidan umidvor…

Boshqa bolajonlarni ham ko‘rsataymi?

Bir chekkalarda kulmay, o‘rtoqlariga qo‘shilmay qolgan norastalarga ko‘zingiz tushdimi? Ular otalari o‘rmonlarda, tashlandiq, ovloqlarda xullas, Xudo urgan joylarda kafansiz ko‘milib, aza ochilib, ochilmagan xonadonlardagi bolaligi o‘g‘irlangan, ruhi butkul singan bolalar!

Boshqa bolalar ham bor!

Ularning otalari avval rostdan kambag‘al edi. Siz kabi uzoqlarga ketib ishlab, ro‘zg‘oridagi kamchiligini bitirishdi. Farzandlarining og‘zi oshga yetib, yuziga tabassum yugurganida ularni shayton yo‘ldan urdi. “Vodka” o‘lgurni ichaverib, xoram-xarichni farqiga bormay, o‘ntadan qolgan o‘ris ayol bilan cho‘chqaday yashayotganlarning xalol farzandlari ana! Qo‘ni-qo‘shni oldida tillari qisiq, dillari vayron, piching gaplardan boshlarini ko‘tara olmay qolishgan. Nomusga chiday olmay, joniga qasd qilganlari esa adirda yotishibdi. Ota tarbiyasini ko‘rmay, homilador bo‘lib qolgan qizlar, o‘g‘irlik qilib qamalib qolgan o‘g‘illarni ham ko‘ryapsizmi?!

KO‘RYAPSIZMI!

Siz o‘z bolangizga shunday qismatni ravo ko‘rasizmi?! “Ana, zo‘r yashayotganlari ham bor!” deb, aldanmang, katta ketmang!

Ha bor! Inkor etmayman!

Ammo dang‘illama uylarda, zo‘r yashayotgan bolalarning ham qalbi yarim. Chunki ota olisda! Rossiya, Koreyadan kelayotgan pullarga qilingan eng sergo‘sht palov ham tomoqqa tiqilib, yo‘l poylashadi. Olgan beshchalari bilan maqtanib, yodlagan she’rchalarini faqat ona emas, otasiga ham aytib berishni xoxlamagan bola bormikin dunyoda?! Yo‘q! Bunday bolalar xali tug‘ilmagan!

Xov anavi o‘n beshga yetib qolib, padarining maslaxatlariga muxtojlik tuyayotgan yigitchaning qalbidagilarni ham aytaymi? Chidaysizmi? Agar davom etsam, fig‘onim –jamiki yurtdoshlarimni kechagi avtobusda qayta yondiradi!

Onalari mardikorlikka ketganlarni esa umuman gapirmay qo‘ya qolay. Ular xaqida yozadigan bo‘lsam, qalbimdan chiqadigan bomba shu noma terilayotgan telefonimni portlatib yuboradi…

Ukajon, dilimni, dilingizni titib tashlagan faryodimni shu joyigacha o‘qiy olgan bo‘lsangiz demak, bolajoningizni judayam sog‘ingansiz. Demak unga qaro qismatni ravo ko‘rmaysiz!

Qayting uka!

Ana, kechagi maqolamdan so‘ng arazlab qolgan “Yoshlar ittifoqi” ning ham ko‘zi ochilyapti. Aslida ular ham yomon insonlar emas! Minglab yoshlarni o‘z bolalarimdan kam ko‘rmayman. Chunki biz bir jonmiz! Rossiyaga ketish uchun pul topa olmayotgan yoshlarning ichida ham ishsizlari talay. Nima qilishni bilmay, javdirab turishibdi. Ilohim, yovuz kuchlarga aldanib qolishmasin! Ular ona tuproqni tark etishmasin!

Siz ishlab oz bo‘lsada tajriba ortirgandirsiz? Endi qaytib, nimanidir o‘rgangan bo‘lsangiz o‘zingizdan kichkinalarga ham o‘rgating. Yoningizdagi do‘stlaringiz ham kam-ko‘stlari bitgan bo‘lsa, qaytishsin! Sizlarning tajribalaringizga muxtojmiz!

Demagog demasangiz yana bir gap aytay. Keling, hammamiz bir bo‘lib, chalajon Vatanimizning qaddini ko‘taraylik! Agar besh qit’aga tariqday sochilib ketgan, ziyolilarimizni ham qaytara olsak, yana Ulug‘bek, Navoiy, Bobur Mirzolarni tarbiyalay olamiz…

Yurtda boshqacha shabodalar esyapti. Biz qurol va jaxolat bilan emas, bilim va adolat bilan yangi jamiyat quramiz!

ANCHA DARDLARNI GAPIRIB OLDIK, ENDI OZGINA ORZU VA CHIROYLI NIYATLAR QILAMIZ.

Eshitdingizmi, Men bilan olishgan Qariyalar uyining rahbariga ham insof beribdi. Allox qalbidagi mehrni uyg‘otgani rost bo‘lsin! U professor Po‘lat Oripov, olim Xabibullo Qodirov, Saida Mirtolipova, jurnalist Rustam Obidlarning qanday inson ekanliklarini anglab, o‘z oxiratini ham o‘ylab qolibdi. Endi, faqat bayramlardagina ochiladigan kattakon zalga yoshlar tashrif buyurishar ekan. Bir vaqtlar unutilgan, unuttirilgan oqillar bo‘lajak olimlarga saboq berishadi! Boshqa qariyalar ham e’zoz topishadi! Yetim bolalar soni kamayadi, balki umuman Mehribonlik uylari qolmas! Chunki bizda silai rahm kuchli, chunki biz suyagini xorlamaydigan millatmiz!

Quloq soling! Kimdir Alloxga nola qilib, gunohlarini kechirishni so‘rayati.

Eeee… U sizni ishga olmay, sarson-sargardon qilgan poraxo‘rku! Bugun yana ikkita avtobusdagi yurtoshlarimiz Qozog‘istondagi qahratonda muzlab qolayozganini eshitib, tavbaga yukundi, bir kun boshi sajdaga ham tegadi… Xa, yaratganni esga olib, qabr azobini o‘ylab qolgani rost bo‘lsin! Demak u xalol yashamoqchi. Inshaallox, ishga cho‘ntagingizdagi pul, tanish bilishchilik bilan emas, salohiyat va iqtidoringizga qarab qabul qilinasiz!

Qarang, ibodatga shoshib qolgan rektor oliygohga faqat bilimli talabalarni qabul qilishga va’da beryapti!

O‘qish uchun imtiyozga ko‘z tikkan, bilimi haminqadar “ ittifoqchi” va askarlar esa, imkoniyatni o‘zidan ancha a’lochi do‘stlariga bermoqchi!

Yer egallab, uy qurib, qimmatligi uchun sota olmayotgan boyvachcha uysiz bechoralar xaqida ham o‘ylab qoldi.

Byudjet xisobidan tuturiqsiz filmlar olib, endi xalqning ko‘ziga qaray olmayotgan rejisser, axloqi buzuqroq yallachi va boshqalar ham o‘zligini taniyapti!

Million-million dollarlarini chet ellardagi banklarda saqlagan milliarder ham biz o‘ylaganchalik xudo urgan banda emas ekan! Niyatini eshityapsizmi? U xalqdan tortib olganlarini yana o‘zimizga qaytarmoqchi! Yangi ish joylarini yaratmoqchi!

Endi shifokor odam o‘ldirmaydi, o‘qituvi millat kelajagining vaqtini o‘g‘irlamaydi! Melisa odam urmaydi, Qonxo‘r, qabiq yurtdoshlarimiz bo‘lmaydi!

“Ertakku!” demang!

Chunki, bir ijodkor sifatida yuragimning qoni bilan o‘qiyotganlaringizni yozayotgan bo‘lsam, ona sifatida tinmay duo qilib, Yaratgandan yurtga, xalqqa ezguliklarni, yaxshiliklarni so‘rayapman. Mendaka onalar qanchaligini bilasizmi? Millionlarining chin dildan qilgan duolari esa beijobat qolmaydi!

Bilasizmi, shu uch kun bizlarni birlashtirdi. Xatto, elparvar Prezidentga to‘g‘anoq bo‘layotganlar ham xalq qanday kuch ekanligini teranroq anglab yetishdi.

NORG‘UL YIGITLARMIZDAN QOLGAN 52 KULGA QARAB, “ OXIRATDAN OLDIN YONMAYLIK” DЕGAN MILLATNING IYMONI, G‘URURI UYG‘ONDI!
BOLANGIZNING BADANIGA SANCHILGAN O‘N OLTITA IGNA MILLAT YURAGINI TЕSHIB TASHLADI!
ENDI BIZ XALQ BO‘LAMIZ!
INSHAALLOX, XALQ BO‘LAMIZ!

Manba: Muazzam Ibrohimovaning feysbukdagi sahifasi

07

(Tashriflar: umumiy 517, bugungi 1)

Izoh qoldiring