2 may — Taniqli shoira Xosiyat Bobomurodova tavallud topgan kun. Qutlaymiz!

123
Бутун умримни парвона каби СЎЗга уриб, СЎЗ излаб ўтказибман. Қувончларимдан, ғамларимдан сўз терибман. Билмадим, мен сўзники бўлдимми, ё сўз меники бўлдими? Хато қилдимми, тўғри йўл танладимми…

090

Хосият Бобомуродова
АВВАЛО ИСТЕЪДОД ЗАРУР

Хатирчи туманида туғилганман. Икки акам ва синглим бор эди. Мактабга олти ёшимда бордим. Муаллимлар ҳали кичкинасан, келгуси йил келасан, десалар роса йиғлаганман, аҳволимни кўриб майли, ўқийверсин, дейишган.
Ҳар бир ҳарф, китоб менга мўъжиза каби туюларди. Шеърларни жону дилим билан ёд олардим. Отам мулла Бобомуродга ёд олганларимни айтиб берардим. Отам балли қизим, деб мени рағбатлантириб турардилар.
– Дадажон, фақат аъло баҳоларга ўқисам, мени ўқишга қўясизми? – деб сўрардим.
– Ҳа, қизим, Тошкентга ўқишга борасан, катта дўхтир бўласан, – дердилар.
Биз илк эртакларни сандал атрофида кўсак чувиб, узо-оқ тунларда дадамдан эшитганмиз. Ўша пайтларда ҳар бир хонадонга декабр ойларида ҳатто, қор, ёмғир остида ҳўл бўлган кўсакларни ташлаб кетишарди. Эрталабгача пахтасини чувиб қўйишимиз шарт эди. Акаларим ва мен эртак эшитишга қизиқиб, кўсак чувирдик. “Чор дарвеш”ни ҳам илк бор дадамдан эшитганмиз. Навоий ва Фузулий ғазалларини ҳам айтиб берардилар. Дадам Бухоро мадрасасида таҳсил кўрган, билимдон киши эди. Араб имлосида битилган кўп китоблари бўларди. Ўша пайтлар у китобларнинг қадрига етмаган эканмиз.
Ўн тўрт ёшимда отам дунёдан ўтди. Ҳаммамизга онажоним Фотима Қосимбой қизи ва катта акам Муродулла бош бўлиб қолдилар. Акам жуда маданиятли, ўқимишли киши эди. Аввал ўқитувчи, сўнгра раҳбарлик ишларида ишлаган. Мактабда бизга кимёдан дарс берган.
“Нега сувсиз саҳроларда ҳам тикан ўсаверади?” дея тўсатдан савол бериб қолди бир кун муаллим акам. Биз жим эдик.
– Негаки, унинг томири жуда узун бўлади, сув излаб дарёлар қадар кетаверади. Бунинг номини ҲАЁТ УЧУН КУРАШ дейдилар. Сизлар ҳам орзуларингиз йўлида тинимсиз курашдан эринманглар, – дея ўзи жавоб берди акам.
Биз ўқувчилар сеҳрланган каби жим ўтирардик.
Ҳар гал курашларга дуч келсам ҳам отам, ҳам акам, ҳам ўқитувчим бўлган акажонимнинг шу гаплари ёдимга тушади.
Мактабда шеърлар ёзиб, тадбирларда ўқиб бериб, Хатирчи туманидаги “Янги ҳаёт” газетасида илк шеърларим чоп этилиб қолган эди. Мактабни олтин медал билан битирдим. Ўша кунларда энамдан, янгамдан тез-тез мени акам ўқишга қўярмикин, деб сўрардим. Чуники акажоним ўқитувчилик маоши билан катта оилани тебратарди. Кичик акам Тошкентда талаба эди, уни ҳам ўқитарди. Бизга ҳеч қачон овозларини баландлатиб гапирмас эдилар. Шундай бўлса ҳам салобатлари босиб, чўчиб турардик. Мактабда ҳам барча ўқувчилар ҳурмат қиларди.
“Хосият ҳужжатларини тайёрласин, Тошкентга кетамиз”, – деган кунлари юрагимга олов туташди. Ширин орзуларга ғарқ бўлиб тонг қадар уйқум келмади. Менинг юрагимни сезган каби кўкда чақмоқлар чақди.
Бошимни ювдим, янгам сочларимни майдалаб ўриб қўйди. Қаттиқроқ ўргин, у ёқда ким ўриб қўяди, деди онажоним кўзлари намланиб. Янгам бисотимиздаги ягона бир кийимлик штапелдан менга янги куйлак тикиб берди. Акам талабалик пайтида ишлатган катта чамадонга китоблар ва кўйлакни жойладик. Янгам катта йўлгача кузатиб чиқиб, ортимдан йиғлаб қолди…
Йўлда юрак ютиб сўрадим:
– Ака, қайси ўқишга топшираман?
– Тошкент Давлат Педагогика институтининг математика факультетига.
– Адабиётга эмасми?
– Истеъдоди бор одам бошқа касбда бўлса ҳам ёза олади. Қишлоғимизда математика ўқитувчилари кам.
Акамнинг сўзи оиламизда ҳаммамиз учун қонун эди. Чиндан аввало истеъдод зарур экан. Талабалик бахтига муяссар бўлдим. Институтнинг “Совет педагоги” деган газетасида шеърим босилди:

Ёниб-ёниб яшасам дейман,
Учқун сочиб, шуъла таратсам.
Ёниб қўнган учқунларимдан,
Ўзга қалбда гулхан яратсам.

Кул бўлсам ҳам розиман кейин,
Фақат-фақат қола олса бас.
Минглаб оташ, пок юракларда
Ўзим ёқа олган эҳтирос…

Иккинчи курсга ўтиб, ўқишимни сиртқи бўлимга кўчириб, қишлоққа қайтдим. Ўзим ўқиган 14-мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлай бошлаганимда ўн етти ёшда эдим. Машқларимни ўқувчиларимга ўқиб берардим. Улар билан қўшилиб орзуларга берилардим. Ўша илк ўқувчиларим билан ҳамон бир-биримизни эслаб юрамиз.
Бир куни ҳамқишлоғим, филология фанлари доктори, профессор Тўхтамурод Бобоев (гўрлари нурга тўлсин) Тошкентдан қишлоққа келди. Қишлоқ аҳли у киши билан фахрланарди. Акам домлани меҳмонга чақирди. Дафтаримни домлага кўрсатсам майлими, деб сўрадим акамдан. У киши рози бўлди. Кетар чоғларини пойлаб дарвозада турдим. Уяла-уяла салом бериб, дафтаримни қўлларига тутқаздим. Домла мен билан сўрашди, акам кулимсираб турарди. Мен ўқиб кўраман, деди, домла. Худойжоним-ай, ўқиб кўриб нима деркинлар деб юрагим дуккилаб қолавердим.. Орадан бир неча кун ўтиб колхоз идорасидан хабар келди, домла қўнғироқ қилдилар, Тошкентга борар экансиз деб. Уйдан рухсат тегиб, учиблар бордим. Домлани топиб олдим. У киши мени “Ўқитувчилар газетаси”нинг муҳаррири Ш. Мақсудовга олиб кирди. Муҳаррир дафтаримни ўқиб, яхши, газетада чиқарамиз, суратга тушиб, бериб кетинг, дедилар.
Тўхтамурод Бобоев Ёзувчилар уюшмасига олиб борди. Нормурод Нарзуллаев билан курсдош экан. Улар маслаҳатлашиб мени Ойдин Ҳожиева билан таништирдилар. Ойдин опа меҳр билан кутиб олди, дафтаримни олиб қолди. Тез орада “Гулистон” , “Шарқ юлдузи” журналларида, “Ўқитувчилар газетаси”да, “Ўзбекистон маданияти” газетасида шеърларим босилди. Дунёларга сиғмай қолдим.
Биринчи тўпламимга ҳам Ойдин Ҳожиева муҳаррирлик қилди. Қачон Тошкентга келсам, энг аввало Ойдин опаникига келиб, уларнинг маслаҳатларини оладиган бўлдим.
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлиш учун камида иккита тўплам нашр қилиниши талаб этиларди. Самарқандда уюшманинг кўчма котибияти бўлди. Мен ҳам ариза топширдим. Шоир, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов сўз олиб:
– Мен суйиб гул узсам эмасман жаллод,
Мен узмаган гуллар қилсинлар фарёд,

– деган икки сатр шеъри учун Хосият Бобомуродовани уюшма аъзолигига қабул қилишларингизни сўрайман, деб таклиф киритдилар. Бу ишонч ва мардлик олдида ҳаяжонланиб қолдим.
Устозларимдан англаганларим, тақлид қилишга ҳаракат қилганларим: бағрикенглик, фидойилик, мақсад йўлида қатъий ҳаракат қилиш ва истеъдодли ёшлардан ёрдамингни аямасликдир.

* * *

Шу пайтгача “Дарёдан қатра”, “Қалб титроғи”, “Самарқандга мактублар”, “Мен узган гуллар”, “Мурод қасри”, “Жонимнинг эгаси”, “Ватан ягонадир”, “Тўйлар муборак” номли шеърий тўпламларим, “Бола кўтарган аёл” номли драма, “Меҳр”, “Ҳайқириқ” достонларим ва “Қизилқум маликалари”, “Самарқанд санамлари”, “Қирқ йигит қиссаси”, “Саҳродаги жаннат” номли публицистик китобларим нашрдан чиқди. Уларнинг умумий адади етмиш минг.

* * *

Адабиётсиз ҳаёт – эртаклари йўқ болалик, орзулари йўқ ёшлик – умидлари сўнган кексаликдир. Қўшиқлари йўқ зулумотдир. Ўтмиши, бугуни, келажаги йўқ тарихдир. Ёввойи ҳаётдир. Инсон кимлигини англамоғи учун албатта АДАБИЁТ КЕРАК!

* * *

Бозор адабиёти адабиёт эмас. Бугунги энг гўзал қувончларимизни, изтиробларимизни нафис шаклларда келажакка етказиб берадиган сўз керак деб ўйлайман. Қолганлари ўз-ўзидан йўқолса керак. Инсон танасини маҳв этадиган, ваҳимага тўла баёнлар эмас, инсон руҳига куч бағишлайдиган асарлар керак.

* * *

Икки ўғил, икки қиз берди яратган Эгам. Керагини олди. Мен суйган гулни бағримдан олди. Болаларимнинг ҳаммаси адабиётни тушунишади, аммо турли касб эгалари. Набираларим машқ қилиб туришади. Аммо ҳали бу ҳақда гапиришга эрта.

* * *

Бутун умримни парвона каби СЎЗга уриб, СЎЗ излаб ўтказибман. Қувончларимдан, ғамларимдан сўз терибман. Билмадим, мен сўзники бўлдимми, ё сўз меники бўлдими? Хато қилдимми, тўғри йўл танладимми…

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 3-сонидан олинди.

567

ХОСИЯТ БОБОМУРОДОВА ШЕЪРЛАРИДАН

Ҳар сўз юрагимнинг битта журъати,
Ҳар шеър ҳаётимдан узилган бир гул.
Ҳар сатр руҳимнинг битта сурати,
Ҳар шеърим бир дардкаш излаган кўнгил.

Англадим, эрмакмас, ҳавасмас улар,
Хосиятнинг қаддин тиклаган қирқ жон.
Ё мен йиқиламан, ё сўзлар қулар,
Ҳар бири кўксимда кечган бир исён!

* * *

Дилимдан то тилимгача сўз,
Оёғимдан қўлимгача сўз,
Тангрим, сўздан айлама жудо,
Ҳаётимдан ўлимгача сўз…

Дунёсига йўғу боримни,
Сўзим билан айтиб кетаман.
Тингламаса тилим зоримни..
Кўзим билан айтиб кетаман.

Хайрлашгим келмас

Сени излаб ўзим келдим тоғ,
Кўрсанг кўксим илма тешик, доғ
Суя мени, қўллагил, шу чоғ,
Хайрлашгим келмас сен билан.

Эй, тоғ, лола кўкартирган тош
Бойчечаклар кўтармоқда бош,
Нега менинг кўзларимда ёш,
Хайрлашгим келмас сен билан.

Билмам, эртам оқми, қорадир,
Бағрим ўтдир, бағрим ярадир.
Эзилган дил йиғлаб борадир,
Хайрлашгим келмас сен билан.

«Қаерда эдингиз?»

Ёғай деган булут мужгонларида
Ёмғир бўлолмайин кўп йиллар қолдим.
Шамоллар аямай эзганларида
Қадам етмас саҳроларда йўқолдим.

Жимгина яшадим, кузимни кутиб
Жимгина кўмилдим хазонлар аро.
Бахтлиман,деган бир сўзимни кутиб,
Юрак ярим бўлди, ярми ҳам яра.
Қанча дарёларни кўзга яширдим,
Дунёни тутарди қуйсам селлари.
Кўздан ортганини сўзга яширдим,
Орзуим, армоним шеър эди бари…

Шамол

Ҳар гал сочларимни силаган шамол,
Бугун битта қўймай тўзғитиб кетди.
Безовта кўнглимнинг асрорларини,
Хазон баргларидай изғитиб кетди.

Ҳамма булутларни ҳайдаб бошимга,
Ёмғирларни узоқ-узоқ бўзлатди.
Хоналарга бирма-бир кириб,
Бир қадрдон изни излатди.

Ногоҳ қуюн бўлиб осмонга ўрлаб,
Уюштирди тоза юракларимни.
Қўлларимдан юлиб, юлқилаб кетди,
Маҳзун шеър битилган варақларимни.

Ҳолимни бир бора кўрмадинг сўраб,
Эгилган қаддимни қилавердинг дол.
Сен ҳам рақибларга қўшилиб кетдинг,
Энам йўқлигини билдинг-а, шамол?…

Қандай асрайман

Соғинчингиз жондан ўтганда,
Гулга дардим айтаман ёниб.
Бир кун гуллар олиб кетганда
Сизни қандай асрайман, жоним?

Бизлар юрсак иш билан бўлиб.
Шубҳа, рашкни кўнгилга солиб,
Узун тиллар келсалар ғолиб
Сизни қандай асрайман жоним?

Сизни чорлар юксаклар бот- бот,
Бир сўз демай жимдир муҳаббат,
Мен бир ожиз майсаман фақат
Сизни қандай асрайман жоним?

Билиб ёндим, билиблар куйдим,
Асирликнинг либосин кийдим,
Ўзимнику йўқотиб қўйдим,
Сизни қандай асрайман, жоним.

***

Кўксимга сиғмайди энди бу азоб,
Сўнгигача ёқар томирларимни.
Қора булутларин елдириб тезоб,
Кўзимга келтирди ёмғирларини.

Майсалар югуриб чиқди йўлимдан,
Кўрди кўзимдаги қайноқ ёшимни.
Бошимни силамоқ келмас қўлидан
Ё кўксига ололмайди бошимни.

Чопди юрагимни титиб, яралаб,
Ҳамдард бўлайин деб энг тоза сўзлар.
Кўрса юрагимни кезиб, оралаб,
Қон йиғлар соғинчинг қолдирган излар…

***

Суҳбати хуш ёнимда шукур,
Тангрим, сенинг эҳсонларинг нақд.
Нега бунча қисқадир бул кун,
Нега бизга етишмайди вақт?

Ошно бўлдик қалб сиримизга,
Бахт айланди асиримизга,
Тўймай қолдик бир-биримизга
Бизга мудом етишмайди вақт.

Ҳар гал юрак очилмай қолар,
Битта тугун ечилмай қолар,
Битта кўнгил кечилмай қолар
Бизга фақат етишмайди вақт.

Ғамлар учун ҳамиша вақт бор,
Айрилиқда фурсатлар бисёр,
Этмоқ бўлсак кўнгилни изҳор,
Бизга доим етишмайди вақт.

***

Сенга бунча ёниб интилдим,ё раб,
Бу қандай телбалик, бу қандайин сир
Мўъжиза кашф этдим бир тошга қараб,
Музлаган бир кўшкка бўлибман асир.

Ўзимнинг кўксимга сиғмаган дилни,
Қандай қилиб сенга қўролдим лойиқ.
Тошга топширдим-а , гулдай кўнгилни,
Ҳақлидир ҳолимга кулса ҳалойиқ.

Энг узун тунларда чека-чека ох,
Сўзладим, бўзладим, жим кетдим охир.
Балки ноҳақдирман, сенда йўқ гуноҳ,
Ҳечса ,айбсизман деб айтсанг-чи, ахир…

Сув сепгандай совуқ, жим-жит ҳамма ёқ,
Ўтмай ўтаётган кунлар бари ёд.
Юрагим вайрона, хаёллар чок-чок,
Нега бунча жимсан, қўрқоқ сукунат?!
Сенсиз ҳам баҳорлар келади, дараxтим.

Фақат у баҳорлар бошқа бўлади,
Унда гул очади маҳзун куртаклар.
Недандир кўзларинг ёшга тўлади,
Тилингдан тўкилар узу-ун эртаклар.

Юз бор гул тутса ҳам бошқа баҳорлар,
Мен кул қилган баҳорингга қайтасан.
Осмонга қўшилиб йиғлаб, саҳарлар,
Дардларингни шамолларга айтасан…

Тахтинг билан бирга қулайди бахтинг,
Юз баҳор кўрки ҳам қилмайди таъсир.
Ёлғон, кетаман деб қилган минг аҳдинг,
Хазонрез кузларга тушасан асир.

Қўй кўкка ёлборма,чўкма унга тиз,
Бевафо ёмғирлар сени унутган.
Алдамчи гуллардан умидингни уз
Сенинг баҳорларинг мен билан кетган.

Манба:http://xosiyatbonu.blogspot.se/

(Tashriflar: umumiy 915, bugungi 1)

2 izoh

  1. XOSIYAT OPANING SHE’RLARI MENING QALBIMGA-DA SHE’R ZAVQINI SOLGAN. IJODINGIZGA BARAKA, AZIZ USTOZIM. SOG`-OMON BO`LING!

  2. Men bir yosh havaskor bulajak shoir sifatida Xosiyat opaga havas qilaman. Hamisha sog salomat buling diya Nurbekjon.

Izoh qoldiring