31 may — O’zbekiston xalq artisti Mukarrama Turg’unboeva tavalludining 100 yilligi.

09876
Миллий рақс санъатимизнинг моҳир намоёндаси, юртимизда санъатнинг барча йўналишлари каби миллий рақс санъатини изчил равнақ топтириш, бу борадаги бой анъана ва усулларни тиклаш, “Устоз-шогирд” анъаналарини янада ривожлантириш юзасидан жуда ҳам катта ишларни амалга оширган буюк санъаткор Мукаррама Турғунбоева  1913 йил 31 майда Фарғонада туғилган. Фарғона билим юртини тамомлагач, 1929 йилда Муҳиддинқори Қориёқубов ёрдамида Самарқанд Давлат мусиқали театрининг ёрдамчи труппасига ишга кирди ва театрда саҳналаштирилган мусиқали спектаклларда иштирок этди.

1932- 1933 йилларда Уста Олим Комилов ва Тамарахонимлар устозлигида ўзбек рақсларидан машқлар тайёрлаган бўлса, 1936 йилда ўзи мустақил равишда «Пахта» рақсини яратиб, 1937 йилда «Гулсара» мусиқали драмаси учун рақслар саҳналаштирди.

М. Турғунбоева 1939 йилдан А. Навоий номидаги Опера ва балет театрида ишлаб, А. Томский, И. Арбатов, В. Гурская, П. Йоркинлардан балет санъати сирларини ўрганди, Уста Олим Комилов ва А. Томскийлар билан ҳамкорликда Ф. Талнинг «Шоҳида» балетини саҳнага қўйди. Сўнгра Е. Брусиловскийнинг «Гуландом»ида Гуландом, Б. Асафьевнинг «Бохчасарой фонтани»да Зарема, Г. Мушелнинг «Балерина»сида Ҳинд делегати, Д. Зокиров.Б. Гиенколарнинг «Ойниса»сида Ойниса каби образларини яратди.

Раққоса Иккинчи Жаҳон уруши йилларида раққоса ва балетмейстер сифатида ниҳоятда унумли ва самарали меҳнат қилиб, якка ва оммавий рақсларни саҳналаштирди. 1944-1945 йилларда «Уйғурча рақс»ни, 1947 йилда «Доира дазраси» рақсини қайта ишлаб, 50-йилларнинг бошларида Ўзбекистоннинг етакчи балетмейстери сифатида танилди.

Устозларидан ўрганиш, рақс санъатининг нозик сирларини пухта эгаллаш, тинимсиз ижодий меҳнат санъаткорга шундай катта шуҳрат келтирдики, бу ҳақда унинг ўзи шундай деган эди: «Мени биринчи марта театрга олиб келган Уста Олим ака, Тамарахоним ва Қориёқубовлар бўлишган. Ёшлигимдан ота-она меҳрига тўймаган эдим, уни Уста Олим ака, Бегимхон аяларнинг қўлига келганда кўрдим.
Ота-она қадрига ана шу кишилар қўлида тушундим. Ҳар битта панжани қандай қилиб ўйнатиш, қимирлатишни, рақс ҳаракатларининг нозик қирраларини шу оилада ўргандим.
Булардан ташқари одамийлик ва одамгарчилик нималигини шу улуғ ннсонлардан ўргандим.

Уста Олим чалган усулларни доирачиларимиз эшитиб, ундан тарбия олишса яхши бўлар эди. Бу одам шундай санъаткор эдиларки, марварид доналаридек териб чалган усулларини эшитгаи киши роҳат қилар, раққосага эса завқ-шавқ бағишлаб, рақс ҳаракатларини янада ҳам гўзалроқ ижро этишга илҳомлантирар эди».

М. Турғунбоева ижро этган «Тановар», «Занг», «Роҳат», «Катта ўйин», «Муножот». «Пилла», «Андижон полькаси», «Хумор», «Жонон», «Фарғона рубоийси», «Кўзларингни яширма», «Зор этдинг», хоразмча, бухороча дилбар рақслар, у саҳнага қўйган «Пахта байра-ми», «Тошкент пиёласи», «Наманган олмаси», «Баёт», «Катта ўйин»; «Баҳор вальси», «Самарқанд баҳори», «Алёр» каби 200 дан ортиқ рақслар ўзбек рақс санъатининг олтин хазинасига қўшилган муносиб ҳисса бўлди.

Раққоса 1955 йилда Тошкент хореография билим юрти талабаларидан иборат раққоса қизлар гуруҳини ташкил қилган эди. 1957 йили эса шу гуруҳ асосида «Баҳор» дастаси тузилди ва М. Турғунбоева А. Навоий театрида балетмейстерлик қилиш билан бирга «Баҳор» дастасида бадиий раҳбар, бош балетмейстер бўлиб фаолият кўрсатди. 1957 йили даста жаҳон ёшлари ва тала-балари фестивалида «Олтин медаль», 1971 йили Лейпциг шаҳрида ўтказилган XIII фестйвалда ҳам «Олтин медаль» олди.

М. Турғунбоева ташкил қилган «Баҳор» Давлат рақс дастаси ер куррасининг жуда кўп мамлакатларида бўлиб, ўзбек рақс санъатининг ноёб дурдоналарини намойиш этди.

Санъаткорнинг ўзбек рақс санъати ривожидаги хизматлари бир неча бор юксак орден ва медаллар билан мукофотланиб, «Ўзбекистон халқ артисти» унвони ва Давлат мукофотлари (1946, 1951, 1967, 1973) билан муносиб тақдирланган.

Етук санъаткор Мукаррама Турғунбоева 1978 йилда Тошкент шаҳрида вафот этди.

(Tashriflar: umumiy 3 360, bugungi 1)

Izoh qoldiring