Erkin A`zam. Pakananing oshiq ko`ngli

00210 август — Таниқли ёзувчи Эркин Аъзам таваллуд топган кун

   Ҳамма бало шундаки, у ўзи ҳақида бошқача фикрда эди. Ўзини барвастаю басавлат деб билмаса-да, ҳарқалай, хийлагина улуғвор ҳисобларди. (Кўнглида, албатта.) Юрганда жуссасига яраша пилдирабгина юрмай, салмоқ билан, бутини йиртгудек йирик-йирик қадам ташлар, гапирганда маврид-бемаврид сўлиш олиб, салмоқ билан, таъсирчанликка интилибми ёки диққатни тортиш учунми, худди махфий бир синоатни очаётгандек пичирлаб гапирар эди. Бари бефойда! У пак-пакана эди…

Эркин АЪЗАМ
ПАКАНАНИНГ ОШИҚ КЎНГЛИ
(Бўй ва мўй ўстириш тажрибаси ёхуд руҳ тарбияси)
055

044 Эркин Аъзам 1950 йил 10 августда тоғли Бойсунда туғилган. 1972 йил Тошкент Давлат университети (ҳозирги Миллий Университети)нинг журналистика факультетини тамомлаган. Республика радиосида муҳаррир, «Гулистон» ва «Ёшлик» журналларида бўлим муҳаррири, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида таҳририят мудири бўлди. 1992—1994 йилларда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида бош директори ўринбосари. 1995 йилдан «Тафаккур» журнали бош муҳаррири I, II чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати.
«Чироқлар ўчмаган кеча» (1977), «Отойининг тутилган йили» (1981), «Олам ям-яшил» (1984), «Жавоб» (1986), «Байрамдан бошқа кунлар» (1988), «Мир в цветах» (1999), «Пакананинг ошиқ кўнгли» (2001), «Кечикаётган одам» (2002) тўпламлари муаллифи. Ёзувчи асарлари асосида «Чантриморе», «Пиёда», «Дилхирож», «Сув ёқалаб», «Забаржад», «Жаннат қайдадир»“Паризод” ва бир қатор бадиий филмлар суратга олинган. Асарларини руҳан бирлаштириб турадиган жиҳат — инсоний эрк, хар қандай зўравонликка муносабат масаласидир.

055

1

Ҳамма бало шундаки, у ўзи ҳақида бошқача фикрда эди. Ўзини барвастаю басавлат деб билмаса-да, ҳарқалай, хийлагина улуғвор ҳисобларди. (Кўнглида, албатта.) Юрганда жуссасига яраша пилдирабгина юрмай, салмоқ билан, бутини йиртгудек йирик-йирик қадам ташлар, гапирганда маврид-бемаврид сўлиш олиб, салмоқ билан, таъсирчанликка интилибми ёки диққатни тортиш учунми, худди махфий бир синоатни очаётгандек пичирлаб гапирар эди.
Бари бефойда! У пак-пакана эди. Ўзини салобатли тутишию салмоқ билан одим отиши бир пул: гўё ёш бола катталарга тақлид қилгандек кулгили, бачкана чиқарди. Товушини не мақомга солмасин, натижа ўша-ўша — баайни чала пуфланган сурнай.
Лекин — кўнгли!.. Э, бу бир бошқа дунё экан. Кўнгил — подшо. Кўнгил — хазина. Кўнгил — бало. Эгам уни одамнинг сирт-сиёғи, бўй-басти ёки мол-мулкига қараб тақсимламайди.
Пакана эса ўзига, ташқи қиёфасию туриш-турмушига ўшал мўъжиза дунёдан туриб қарардики, ҳолига маймунлар йиғлаши шундан. Ачинмай илож йўқ. Кўнгилни кўргазмага қўйиб бўлмаса! Қўйганда ҳам кўрган харидор аввал эгасига назар солади: бўй-басти қандай, афт-ангори?
Аксига — нотавон бу кўнгил гўзалликка беҳад ошуфта, ўта севувчан, меҳру муҳаббатга ташнаи зор эди. Кўнгил дафтарининг ана шу қисми ўзи бир достон. Уни варақламаслик, уни менсимаслик — шундоқ ҳам кам-кемтик Паканани баттар камситиш, ерга уриш билан баробар; бу тарихсиз унинг ҳаёти ғариб, ўзи эса қиёмат Пакана эмас, оддий бир бўйи паст-пачоқ кимса бўлиб қоладики, унақалар оламда сон-мингта, ҳар бирини таърифламоққа бу танбал қаламга сўз қани, сиёҳ қани!
Пакана юрган йўлида шарт-муқаррар кимнидир суйиб қолаверади. Буни қарангки, ё ёши ўзидан катта, ё бўйи ўзидан узун сарвқомат қиз-жувонларга хуштор бўлади. Уйга келибоқ ўшанинг аслидан чандон кўркам хаёлий сиймосини яратади — у рассом — шу баҳона назарга илиниб, изҳори дил этмоқ пайида, иложини топиб уни эгасига тортиқ қилади. Кўнгил боғлаганла-ри кутилмаган туҳфадан ҳайрат-ҳаяжонга тушишади, миннатдор бўлиб, эвазига унга кулиб-кулиб боқишади, раҳматлар айтишади, лекин… яна учратганда ё танимагандек индамай ўтиб кетишади, ё Пакана уларни иттифоқо бошқа биров билан кўриб қолади. Доим шундай бўлган. Зикрхона бу ёқда-ю, ҳалимхона у ёқда. Сув келтирган хор-зор-у, кўза синдирган — азиз. «Айшни нодон суриб, кулфатни доно тортадур». Пакана талай вақт ўзини қўярга жой тополмай, «ул бевафо»нинг доғида куйиб-ўртаниб юради. Яна бир бевафога йўлиққунича, унга ошиқу беқарор бўлгунича!
Бу ҳолнинғ адоғи, кўнгилдаги чандиқнинг саноғи бормикан? Бўлса, ишонаверинг, Пакананинг ўзи-да ҳисобдан адашади.
Ёшлигида у киноактрисаларта ишқибоз эди, Хушрўй-хушрўйларининг суратини «Кино» журналидан қирқиб олиб, дарсхонаси деворларига ёпиштириб қўяр, дилига энг яқин бировининг каттакон қилиб портретини ҳам чизган эди. Кейин ўшани Тошкентга ҳам кўтариб келди — эгасига ҳадя этиб, баҳонада… Бу ерда бошқаларига чалғиб, бир маҳаллар кўзларига сурмаи сулаймон бўлган сиймо аллақайси ижарахонада чанг босиб қолиб кетди. Ҳозир ўша актриса билан театрда бирга ишлайди. Уни ҳар кўрганида ёшликдаги маъсум тасаввур ва изтироблари ёдига тушиб, пушаймон қилади.
Бир куни кўргазма-дарсхонасига нима иш биландир отаси кириб қолган, чиқиб онасига: «Хотин, ўғлингни тезда уйлаб қўймасак бўлмайди, ишлар чатоқ», деган. Бу гапни эшитиб Пакана ерга кириб кетгудек бўлган. Бироқ у анчадан кейин, ўттизларга яқинлашганда уйланди. Уйланиши ҳам ҳеч кимникига ўхшамаган, Пакананинг ўзигагина хос антиқа тарихки, унгада гал келар.

2

Пакана ўзининг пакана эканини, бу ҳол унчалик ҳам фазилат саналмаслигини илк бор талабаликда пахта теримига чиққанларида Азизадан эшитган. Азиза театршунослик бўлимида ўқир, жуда сулув, отасини бениҳоя бадавлат одам дейишар, ҳашарчи қизга кунора шаҳардан тансиқ таомлар ортган оқ «Волга» келиб турар эди.
Балли шунга. Бадавлат одамнинг қизи эканига қарамай, кўнгилдан кўнгилни фарқлай билди. Кўркам-кўркам не-не бўлажак актёру режиссёрларни доғда қолдириб, қай бир фазилати билан Пакана ана шу дилбарни ўзига ром қилиб олган эди. Ахир, ҳазил гапми, гулхан атрофидаги тунги давраларда соатлаб ишқий шеърларни ёддан ўқиганида анов қадди расоларнинг ялтироқ туси ўчиб кетарди-да!
Шундай қизғин, музаффар ўтган бир базмдан сўнг, овлоққинада энтика-энтика ўптираркан, шаддод қиз нима деди денг:
— Сал узунроқ бўлганингиздами, сизни ҳеч кимга бермасдим-а, Пакана ака. Қишлоқданмисиз, районданми, боймисиз, камбағалми — қараб ўтирмасдан, ҳар қанақасига тегиб олардим!
Дарҳақиқат, қиз дуркунроқ, қучоғида мушуквачча мисол типирчилаб ўйин кўрсатаётган йигит эса ушоққина эди. Кўрган одам, талай вақт кўришмаган иноқ-босилқа опа-ука экан, деб ўйлаши тайин. (Азиза унча узун эмас, лекин қиз боланинг ўртабўйи ҳам новча кўринади.)
Пакана шу гап билан ўрталарида бегоналик девори тикланганини пайқади.
Маъшуқасидан ажралгач, одатдагидек, ёнди, куйди, тутади, бироқ гапнинг моҳиятига парво қилмади — паканалигига ўкингани йўқ. Зеро, шу чоққача бўйининг узун-калталиги хаёлига келмаган, қайтага, баъзи найновларнинг довдирлигию калтафаҳмлигидан кулиб, ўзининг пишиқ-пухта, уддабуронлиги билан фахрланиб юрар — қисқасини айтганда, гап ташқи қиёфада эмас, ички дунёдадир деган сохтанамо, ночорроқ руҳда тарбия топган эди. Энди билса — бари сафсата. Дунё — новчаларники экан. Дунё — кўркамларники экан. Қолгани бир пул. Ақл-фаросат деган матоҳлар ҳув кейинги ўринларда туради. Кўркамлик, хушқадлик — қарийб бахтдек гап, омад деганларига тайёр пиллапоя, оёқ қўйсангиз — кифоя. Жисмоний жиҳатдан бирон бир нуқсонли одам, билингки, кўпинча бахил бўлади. Бахилнинг эса боғи кўкармас. Ана шундай сарсон бир ҳалқа бу.
Мағлубият кетма-кет такрорланаверди. Энди Пакана ҳолига қараб, бўйчанроқ қиз-жувондан ўзини четга ола бошлади. Шундай қилгани сари уларнинг жозибаси кўпроқ тортар, кўнгли суст кетганларининг аксарияти бўйчан бўлиб чиқар эди. Улар билан рўбарў бўлиш насиб этганда эса, узоқроқдан туриб ёки зина-пинага чиқибми, иложи борича тикроқ кўринишга тиришиб, асабий бир ҳолатда сўзлашарди. Ўзида пайдо бўлган тағин бир одатни сезиб қолди. Ким билан ёнма-ён турмасин, беихтиёр зимдан бўй ўлчашар экан: елкасидан келаманми, тирсагидан? Жамоат орасида, кўча-кўйда ҳам гоҳо теварагига разм солиб қолади. Тавба, ҳаммасининг бўйи баланд-а! Худо шундай ҳам урадими одамни?!
Кейин-кейин Пакана бир санъатни ўзлаштирди. Новчароқ одам билан учрашганда орқага тисланиброқ, қия қараб (одатдагидек пастдан эмас) гаплашади — шунда фарқ унча билинмайди.
Таажжубли ҳол: (жуссаси кичикроқ бўлгани учунми) у азалдан новча, норғул одамларни ёқтирар, кўпроқ ўшанақалар билан дўст тутинмоққа интилар эди. Ўзи сингари паканаларга эса тоб-тоқати йўқ, уларни қитмир, муғамбир билиб, жинидан баттар ёмон кўради. Рассомлик билим юртида бирга ўқиган собиқ сабоқдоши, отнинг қашқасидек элга таниқли ҳажвчи Обид Асом бундан мустасно, албатта. Аввало, Обиджон Паканадан ҳам паканароқ, қолаверса, ўлгудек истеъдодли, касофат. Уни яхши кўрмай ҳам, тан бермай ҳам илож йўқ.
Алҳосил, пайғамбаримиз бундоқ демишлар: «Одамнинг новчаси аҳмоқ келади, Умардан бошқа; паканаси фитнакор келади, Алидан бошқа».

3

Бўйи пастлиги туфайли унда-бунда панд еявергач, Пакана умуман паканалик, унинг сабаблари тўғрисида кўп бошқотирадиган бўлиб қолди. Ўрта бўйдан пасти — то жимит одамларгача пакана ҳисобланади. Ҳамма бунақаларга ярим одам, чала одамми-ей дегандек беписанд муносабатда бўлади: «Кичкина бўлишига қарамай…», «Бўйи бир қарич-у…», «Муштаккина кўрингани билан…» ва ҳоказо. Кисқаси, одам ҳисобида йўқдек. Хўш, нима бўпти? Пакана ҳам — одам. Фақат қўл-оёғи ихчамроқ-да, холос. Сизда бор юрак унда ҳам бор (агар каттароқ бўлмаса), сизда бор мия унда ҳам бор (агар зўрроқ, ўткирроқ бўлмаса)! Нима, шу аъзолари ҳам кичкина бўлиши керакми энди? Тавба! Дунёга донғи кетган не-не улуғлар, не-не алломалар паст бўйли бўлган. Ана — Наполеонни олайлик, Неронни олайлик, Пушкин, Ганди, Ленин, Сталин… эҳ-ҳэ, бу ёғи мана шу ўзимизнинг Обиджонга қадар! Сизларда-чи, фақат Улуғ Пётру Гулливер! Баттар бўлларинг! Бор қувватни бўйга сарфлаб… Худо бўй бериб ақл бермаган галварслар!
Аммо ўртада бошқа нозиклиги ҳам бор. Ўша улуғлар пакана бўлганликлари учунгина шундай даражага етишганми? Ёки улуғ бўлганликлари туфайлигина биз уларнинг қадди-бастига қизиққанмизми? Хуллас, хийла чигал жумбоқ.
Паканамизнинг ўзига келсак, бобо-бувилари ўртабўй ўтган. Отаси билан онаси ҳам шундай. Укалари, сингиллари бўйчан-бўйчан. Ўзининг уч қизи-ку бири биридан шамшод бўлиб ўсаётир. Биргина Пакана — пакана. «Кимга тортдинг-а, болам? — дейди онаси қайғуриб. — Болаликдан ановинингни (этюдникни назарда тутади) ортмокдаб юравериб, шундай (пакана деёлмайди — онада) бўп қолдинг-ов».
Ул эмас, бул эмас, Пакананинг етти пуштидан кимдир пачоқроқ ўтгани аниқ. Гоҳо у ўша авлодидан норози бўлиб сўкиб қолади. Демак, ўзининг ҳам етти пуштидан кимдир қақшамоғи муқаррар, уни сўкмоғи-да муқаррар. Пакана баъзан ана шу бўлажак насли — неварасими, чевараси олдида ўзини беҳад айбдор сезади. Ахир, эҳтимол, наслнинг бирон бир ўйин-замзамаси билан бу ҳол, бу қусур айнан ундан бошланаётгандир…

4

Бу дунёда чорасиз дард йўқ, ўлимдан бошқасига тадбир топса бўлади, дейдилар. Хўш, бўйни қандай ўстириш мумкин, бунинг йўли бормикан? Бор экан-да. Қаёқдандир эшитди: ҳар куни бир килодан қизил сабзи тановул этилса, қад расо бўлармиш. Пакана шунга амал қилмоққа бел боғлади. Ҳар ҳафта бозорга тушиб, бир тўрва-бир тўрва сара сабзи олади, бошқа таомни йиғиштириб, сабзихўрлик қилади. Икки ойлардан кейин шу аҳволга етдики, сабзини кўрса безиллайдиган, кўнгли айнийдиган бўлди. Бозорга қатнамоққа ҳам ҳафсаласи қолмади. Қад-қоматда эса бирон бир ўзгариш сезилмасди: ўша 154 см. — ўша 154. Бир энлик ҳам силжиш йўқ. Чамаси, бу ҳам бирон бекорчи ўйлаб топган эрмак. Ёки ўсмирлик ортда қолиб, суяк-зуваласи қотиб улгурганидан муолажа кор қилмадимикан? Кўҳна табобат китобларида битилганидек, «Бир ҳисса сариқ ҳалилага қизил батилани қўшиб, бир чимдим омила, бир мисқолдан маккаи сано ва тошбақа сафросига аралаштириб, устига бир пайсадан шақоқул уруғи, сейлон долчини ва боқилла сепиб, сўнг бир дирам Абу Жаҳл тарвузининг данагини туйиб, пиёзчаси ўн йиллик наргис сувида қайнатиб лайлатулқадр кечаси тановул қилинса…» қабилидаги тадбирларга эса ихлос сезмади — натижа чиқадими, йўқми, умр шу ташвишда ўтади.
Хуллас, бу ишларга қўл силтади. Энди «ўзимиз билган» пахтабанд чораларни қўлламоқдан ўзга илож йўқ эди. Қорамтирга мойил кийим-бошга зўр берди: одамни сал хипчароқ кўрсатиб, сал…
Бундан ҳам самара кутилганидек бўлмагач, қўполроқ усулини тутди. Бир қарич пошнали пойабзал харид қилиб, шунда юра бошлади. Пошна ҳисобига ўсган бўй кўнгилни ҳам андак расо қиларкан. Шуниси чатоқки, қурғур, оёқни роса қақшатаркан, сал юрмай акашак бўлиб қолади. Лекин — начора, қурбонсиз ғалаба — ғалабами? Тоққа чиқмасангиз, дўлона қайда!
Кўп ўтмай бу усулнинг миси чиқди. Жамоат ёппасига ерпошна пойабзални урф этган замонда битта унинг лўкиллаб юриши кулгили эди. Илгари қиё боқмаган жононлар энди пошнасига қараб маъноли илжайиб ўтадиган бўлишди: бу кунингдан ўл, кишлоқи пакана!
Хайр, жафокор пошна!
Шунингдек, ҳарчанд қилмасин, уни биров одам ўрнида кўрмасди. Муҳаббат бобидагина эмас, ўзга ҳолларда ҳам камситилгани камситилган. Кўча-кўйда кўрингани ёш бола деб турткилайди, улфатлар даврасида — тайёр югурдак. Шуларни ўйлаганда оёқ-қўллари тортишиб, баттар кичрайиб қолаётгандек, кичрайиб ерга кириб кетаётгандек бўлаверарди. Э, мана сенга деб мўйлов қўйиб юборди. Мўйлов жонивор гуркираб ўсиб берди. Паканабой шунга хурсанд: биз ҳам одамга ўхшадик, салобатлироқ бўлдик! Буниси камлик қилиб, соқол қўйиб олди. Соқол-мўйловли «бола»га энди кўрган ҳайрон. Ие, нима қипти, рассом-да! Рассом билан киночига бир нима деб бўладими? Уларга рухсат бор, уларга ҳаммаси мумкин.
Бу байрам ҳам кўпга чўзилмади. Ҳар нарсанинг ҳисоб-китоби бўлади. Табиатда мувозанат қонуни бор. Ана шу бузилса, билингки, албатта бошқа бир жойдан «тешиб чиқади».
Паканамиз ҳали оддинда кутаётган хавф-хатардан бехабар эди.

5

Дарвоқе, бу орада у институтни битирди, ўзининг таъбири билан айтганда — «Икки йил Астрободда сургунда бўлди», ундан қайтгач, бир муддат бошпанасиз сарсон-саргардонликда юрди, кейин тасодифан уйланиб уйли-жойли бўлди, хотини кетма-кет уч қиз туғиб берди. Лекин бирор кун «излаш-изланиш»дан тўхтагани йўқ.
Институтдан сўнг Пакана олис бир вилоят театрига безакчи рассом қилиб жўнатилган эди. Бориб у ерда ҳеч балони безатгани йўқ, ичкиликка ўргангани қолди, холос. Безатмоққа лойиқ асар ҳам саҳналаштирилмади ҳисоб. Саҳналаштирилганда ҳам камхарж ташкилотда маблағни тежаш мақсадида амал-тақал қилиб эски безаклардан фойдаланиларди.
Пакана бу ерда рассомликни унутиб, соҳасини буткул ўзгартириб юборди, деса бўлади. Театр жамоаси кўпинча дала-кўйга яллачиликка чиқар, азбаройи виждон азоби ёки бекорчиликдан қўшилиб борган Пакана гоҳида очарчи-бошловчилик қилса, гоҳида маъмурлик вазифасини ўтар эди. Маишати чаккимас, театр безакхонасини уйга айлантириб олган, ора-чира колхоз-полхознинг буюртмасини бажариб бериб мўмайгина пул топар, уни аксарияти истеъдодсиз, омадсиз, лекин, аслида Шукур Бурҳонман-у, булар қадримга етмаётибди-да, дегандек зўр даъвода юрадиган шўрпешона улфатлари билан ичиб битирар эди.
Агар ўшанда пойтахт театри вилоят меҳнаткашларига томоша кўрсатгани бориб, шу даргоҳда режиссёрлик қиладиган эски сабоқдош оғайниси Хайрулла Ҳошимовни учратмаганида, ким билсин, «Астробод»да тағин қанча қолиб кетарди! Пакана талабалик кезлари Хайрулланинг ўргамчик спектаклида аллақандай ёш бола ролини ижро этиб, дўстлашиб кетишган эди. Бир шиша арақ устида у Тошкентни қўмсаб арз қилганида, меҳмон: «Хорошо. Бизга келасан, Баҳодир билан ўзим гаплашаман», дея бош режиссёрнинг номини қўшиб ваъда бериб юборди.
Хайрулла ваъдасининг устидан чиқди. Пакана яна тошкентлик бўлди. Мўътабар даргоҳга ишга жойлашди. Даргоҳ мўътабарликка мўътабар эди-ю, Паканадек сиғиндилар у ёқда турсин, йил сайин келиб турган ёш истеъдодларни ҳам бошпана билан таъминлай олмасди. Номи улуғ — супраси қуруқ.
Пакананинг яна дайди ҳаёти бошланди. Энди илк ёшликкагина хос табиий куч-ғайрат сўниб бораётган, қарийб ўн йилга чўзилган оч-юпун талабалик беғамлиги таъсирини кўрсатмоқда, иссиққина ўлан-тўшак, меҳрибон бир парваришга эҳтиёж туғилган эди.

6

Пакананинг уйланиш тарихи ҳам бир достон, йўқ, комедия, йўқ-йўқ — трагикомедия.
Ўша йили кўкламда оёқоғриқ билан касалхонага тушди. Бор ўринлар банд эканми, иттифоқо, нозикроқ одамларга мўлжалланган икки кишилик хонадан жой тегди. Уч кун бир ўзи ётди. Тўртинчи куни тушдан кейин хонанинг ҳақиқий эгаси келди. У элликлардан ошган, барваста, тепакал армани — Левон амаки эди. Икки лунжи қип-қизил, бурни гўштдор, чакичли, қовоқлари салқи — важоҳатидан ёмон одамга ўхшарди. Қўқонда туғилиб вояга етган, ўзбекчани сувдек билар экан. Кўпни кўрган, ҳазилкаш, ҳангамачи одам. Дарров иноқлашиб қолдилар. Левон амакининг ёр-биродари бисёр экан. Қатъий навбат билан келишади. Хона елимхалтаю қоғозхалтага, кўкламда тансиқ мева-чевага тўлиб кетган. Тайёр дастёр Пакана уларни энагаю ҳамшираларга улашиб улгуролмайди. Бу ёқда Левон амакининг чой-пойига қарашуви лозим. Кундузлари беғам, бийрон одам, кечалари белоғриқдан вой-войлаб чиқади. Айтишича, умуртқасига туз йиғилган эмиш. Бўйнида ҳам ўша савилдан бир ҳовучи борми, бошини эркин буролмайди, бутун гавдаси билан ўгирилади. Иссиқда ҳам шарф ўраб юради.
Раҳми келганидан Пакана кечалари унинг бел-бўйнини босиб, умуртқа поғоналарини муштлаб, уқалаб қўярди. Шундай бирпаслик ором чоғларида бемор ийиб кетар, меҳрибон халоскорига бирон бир мурувват кўрсатиш йўлларини қидириб қолар эди.
— Ука, сен энди уйланишинг керак экан. Қачонгача бундай юрасан? Ке, бир иш қилайлик. Ўзингга мос, чиройликкина бир арманкани топиб берай. Сенга айтсам: арманкалардан зўр хотин чиқади. Меҳнаткаш, пазанда, уддабурон. Сизлар айтгандай — ёзда кўрпа, қишда кўрпача. Пушаймон қилмайсан аммо!
— Ўша чиройли арманкангиз менга тегишга рози бўлармикан? — деди Пакана бир чети эрмак, бир чети пинҳона ўкинч билан.
— Кўндирамиз-да, нима деяпсан! Сизлар-ку бегона миллатга кўпам харидор эмассизлар, биламан. Ё ўзбечкасидан бўлсинми?
— Э, унга уй керак, жой керак. Театр…
— Театрингни қўйиб тур. Уй-жой масаласини ўзимиз бир ёқли қиламиз, ишинг бўлмасин,
Пакана бир қоп гўштни алоҳида ҳафсала билан уқалай бошлади. Билиб бўладими, жуда ишбилармон одамга ўхшайди…
— Уйланардим-у, яхшироғи учрамаяпти-да, — деди у баттар таранг қилиб. Кўнглининг тубида милтиллаган бир илинж йўқ эмасди.
— Ия, шаҳар тўла қиз-ку! — деди Левон амаки жиғибийрон бўлгандек ва шу ердаги кўзни қамаштириб юргувчи ҳамшира қизларни мисол қила кетди: — Мана, ўзимизда қанча! Салима, Раъно, Гавҳар, Арофат… ҳаммаси яхши қизлар. Ўзим гаплашиб бераман, агар хўп десанг. Айт, қайсисини?
Куёв бўлмиш, аниқроғи, ҳаваскор куёв шошиб қолди. Ҳимматли ҳамхонаси уни қизлар кўргазмасига бошлаб кирган эди гўё: мана, сайла сайлаганингни, танла танлаганингни! Ночор, нотавон одамнинг кўзига у бир зум Хизр бобо ҳам бўлиб кўринди: тила тилагингни!
— Тўғри, Раъно эрга тегаётганмиш, эшитишимча,— деди Хизр бобо Левон амакига айланиб. — Гавҳар ҳам тузуг-у, лекин… «…сенга тўғри келмайди. Бўйи баланд».
— Яхши улар ҳаммаси. Аммо кўнгилдаги эмас-да.
— А, бундай де. Конечно, рассомсан, поэзия, фантазия! — Левон амаки яна тадбир қидириб ўйга толди, сўнг астойдил ҳафсала билан ёстиққа ёнбошлаб олди.— Ке, бундай қиламиз. Шулардан бирортаси билан никоҳдан ўтасан, кейин…
— Никоҳ?
— Сохта никоҳ-да.
— Сохта никоҳ?! — Пакананинг юраги ёрилгудек бўлди.
— Шошмай турсанг-чи! Кейин сизларни, ёш келин-куёвни бирор жойга рўйхатга тиркаб, уй олиб берамиз. Икки-уч ой бирга яшагандек бўласизлар. Шошмагин-да, номига, қоғозда. Кизни буткул кўрмаслигинг ҳам мумкин, паспорти бўлса бас. Паспорт нима, беш-ўн сўмга янгилаб беради. Қотирамиз. Кейин эса расман ажрашасизлар. Баҳонада уйли бўлиб қоласан, хумпар. Ана у ёғи хоҳлаганингга… Уй-жойли одамга люббойи жон дейди. Қарасам, бу юришда, бир бошинг билан ҳеч ким сенга уй бермайди. Тем более, театринг. Берса, ётоқ-потоқ берар. Сенга тўғри келмайди. Яхши йигит экансан, менга ёқиб қолдинг. Бармоқларинг шифобахш, биотокинг бор сен боланинг, жонимга ора кирди. (Аслида, гавдаси нозикроқ бўлгани билан Пакананинг қўллари чайир, сиртдан озода кўринадиган рассомчиликнинг қора ишларида пишиб, пай бойлаб кетган, холос.) Сенга шундай бир яхшилик қилмасам, номардликка киради. Қалай, маъқулми режа?
— Маъқул-у, қийин ишми дейман-да. Ақл бовар қилмайди, — деди афсунланиб қолган Пакана.
— Ланжликни қўй. Ишнинг осони бор эканми? Албатта, совға-повға бериб қизни рози қилиш керак бўлади. Майли, бу ёғини менга қўйиб бер, ўзим гаплашаман. Қайсиси тузук? Арофат, а? Меҳнаткаш, камтар, ювош. Вдруг, а?.. — Левон амаки шўхлик билан кўз қисиб қўйди. — Сен кўнсанг бас, ишни бошлайверамиз. Қотирамиз!
Пакана индамади. Ҳанг-манг эди. Тақдир подшоси уларни атай шу ерга йиғиб, айни лаҳзаларда келажак ҳаёти ҳал қилинаётганини у ҳали билмасди, бунга сира-сира ишонолмасди.
Рассом бўлинмадаги ҳамширалар билан апоқ-чапоқ бўлиб кетган, даволовчи дўхтиридан тортиб бу қақажонларгача — каттаю кичик барининг аксини қоратош билан бир тахта-бир тахта қалин қоғозга солиб берган эди. Ҳаммаси ундан миннатдор. Қарангки, қелиб-келиб биргина Арофатнинг расмини чизмабди. Ўзи сўрагани ҳам йўқ бир оғиз. Ишдан бошқасини билмай ерга қараб юрадиган, дугоналарига нисбатан хунукроқ бу камгап қизни чизиш истаги ҳам туғилмаган эди.
Тавба, Левон амаки у билан нима деб гаплашди, нима ваъда қилди (кейин маълум бўлишича, қуруқ гапдан бошқа ҳеч вақо), икки кундан сўнг Арофат хона холи пайтда кириб, газетага ўралган паспортини Пакананинг ёстиғи устига қўйиб кетибди.
Эртаси куни Левон амакининг ўзига ўхшаган тадбиркор бир оғайниси ёш «келин-куёв»ни машинасига ўтқазиб, хуфия йўл билан бирпасда никоҳдан ўтказиб келди. Қайтганларида меҳрибон «ота ва қайнота» бир даста лолаю бир шиша шампанни тайёрлаб ўтирган экан… Ҳаммаси осонгина ҳал бўлди. Худди тушда кечаётгандек.
«Ота-бола» олдинма-кетин шифохонадан тузалиб чиқишгач, Пакана Арофатнинг олдига келиб-кетиб, қолган майда-чуйда қоғозларни ҳозирлади. Кейин уларни элтиб уй-жой бошқармасида каттакон бўлиб ишлайдиган Левон амакининг қўлига топширди. Ҳафта ўтмай «келин-куёв» асосан қизиникида яшайдиган тўқсон яшар бир ўрис кампирнинг ҳужрасига расман рўйхатга тиркалди. Бир хонаю газ ўчоқли бир даҳлиздан иборат бу бошпана шаҳарнинг қоқ марказида, Инқилоб хиёбонига яқин қисир дарахтларга кўмилган серсоя ҳовлилардан бирида эди. Ҳовлининг тўрт тарафи мана шунақа пастқам-пастқам уй-жойлар, ўзидан қолган қари-қартанг истиқомат қилади. Ўртадаги каттакон қувурдан кун-уззукун сув шалдираб ётади — тескари фаввора. Биров билан бировнинг иши йўқ. Бошқа нима керак бўйдоқ йигитга!
Паканалигига қарамай, уни шу ердагана расмона одам деб билишар, ҳурмат қилишар эди. Ўзиям уларга ўрганиб қолди. Ғариб-бенаво чол-кампирдан нима зиён! Вакти-вақти билан уларнинг ҳожатини чиқаради: дўкондан ул-бул келтириб беради, куйиб қолган лампочкаларини алмаштиради, дазмол-пазмолни тузатади. Ким яхши — барака топкур Паша яхши, Пашавой яхши! Яна нима керак Паканага!
Отаси қилмаган яхшиликни қилган серҳиммат, мурувватпеша Левон амакига нима жавоб қайтаришни билмай узоқ бош қотириб юрди. Ўйлай-ўйлай, унинг кафтдек суратини сўраб олди-да, бир қулоч матони дастгоҳга тортиб, икки ҳафта мобайнида меҳр-ҳафсала билан тер тўкди. Чаккаларидаги жингалакларидан тепакал бошига ҳам кўчириб, хийла оро бериб, атай яшартириб чизди. Безакдор қасноққа солинган бежирим портретни кўргач, Левон амакининг кўзларидан ёш чиқиб кетди. «Раҳмат, жигарим, раҳмат! — деди Паканани қучоқлаб кўтариб пешонасидан ўпаркан. — Тўппа-тўғри чизибсан. Ёшлигимда худди шундай эдим, сочларим жингала-жингала. Буни ҳали Марина холанг кўрсами!..»
Кейинчалик ҳам талай йил ота-бола бўлиб, борди-келди қилиб юрдилар. Белоғриғи қўзғалдими, Левон амаки келиб, «Сенинг қўлинг енгил, шифобахш», дея Паканани машинасига солиб уйига олиб кетарди. Қайтишида қўлига коньяк-поняк, буниси Арофатга, буниси қизалоқларингга, деб ул-бул бериб жўнатарди. Кампир ўлгач, уйни биратўла Пакананинг номига ўтказиб берган ҳам, ҳовли бузилиб, ўрнига тижоратчилар учун ҳаммом тушади деганда, Юнусободдан хонадон олишига кўмаклашган ҳам ана шу Левон амаки бўлади.

7

Воқеан, Арофат… У ишга ўтиш-қайтишида тутинган сингил сифатидами, ҳожатбарор бир таниш сифатидами, баъзан «уйи»га келиб-кетиб турарди. Бирор қилиғида ё гап-сўзида таъма оҳанги сезилмас, қайтага, бирпас ўтириб, Паканага чой-пой дамлаб, кир-чирини ювиб бериб кетар эди. Унинг яккам-дуккам жавобларидан Пакана унча-мунча нарсани билиб олди. Арофат чала етимча бўлиб, опа-сингил ўгай онанинг қўлида эканлар. Ўгай она деганда Пакананинг кўз оддига эртаклардаги бир ялмоғиз келиб, буни айтганида, «Йўқ, яхшилар, — деди қиз синиқ кулимсираб: — Яхши бўлларинг деб уришадилар-да». Суҳбат асноси Пакана шуни сездики, катта қиз сифатида Арофат шу кунда бамисоли онанинг томоғига тиқилган тош, чунки синглисига устма-уст икки жойдан совчи келаётганмиш. Кўримлироқ бўлса керак-да. Сўрашга ийманди. Кўнглидагани билиб бўлмайдиган ғалати бу муштипарга ичи ачиди. Бирон яхшилик қилай деса, қўлидан нима келади? Мабодо бу қизнинг нияти бошқа бўлиб, ёмонликка олса борми, бирор ёққа қимирлаёлмай қоласан, тўрт тарафинг девор, қаёққа қарасанг — Арофат! Худо сақласин, худо сақласин! Не-не орзулар билан яшаётган кўнгил барбод, йигит умри хазон бўлади-я! Агар таъби тортганида, шу чоққача бу қизни соғ қўярмиди? Мана, гаҳ деса, қўлига қўниб турибди. Ўзи келса, ўзи кетса. Йўқ-йўқ. Бошимиз кал бўлса ҳам кўнглимиз нозик. Пачоққина, теп-текис, қўлга илинадиган жойи йўқ, оёқлар эгри, калта-калта, ёноқ суяклари хунук бўртиб чиққан… Йўқ-йўқ. Лекин, бошини кўтариб қараса — тушуниксиз, одамни довдиратиб қўядиган бир андуҳ чўккан кўзлари!.. Шу учунмикан, улар ўзаро келишиб олгандек, кўпинча бир-бирининг юзига қарамай сўзлашарди.
Шартлашувга кўра, «ажралиш» фурсати яқинлашар, бироқ қиздан чурқ этган садо чиқмас эди. Пакананинг ўзи гап очай деса… йўқ, асло, қайси юз билан, нима деб? Фиғони чиқиб, ўзини қўярга жой тополмай қолди. Қанақа қиз ўзи бу? Бир тулки арманининг гапига лаққа тушиб, дарров рози бўладими? Писмиқ десангиз писмиққа ўхшамайди. Ўлгудек содда, ҳатто лақма. Шу шаҳарда шундай қизнинг борлигига, ўлдиринг агар, одам ишонса. Довдир десангиз — эс-ҳуши жойида, ишига пишиқ-пухта. Саранжом-сариштали. Ишхонасида ҳам, Пакана кўзи билан кўрган одам-да, бир дам тек ўтирмайди. Пазанда. Уйидан бир-икки марта сомса ёпиб келди, еб тўймайсиз. Хуллас, чинакам рўзғорбоп хотин чиқади. Лекин… лекин Пакананинг наъмаю таманноли кўнгли-чи, унга буткул зид-ку бу қиз?..
Тавба, шундай қизга ҳам ўрганиб қолар экан одам. Бир-икки ҳафта кўринмаса, кутадиган бўлди Пакана. Сезишича, ойиси билан аразлашган шекилли, навбатчилик баҳона, бир кеча тунаб ҳам кетди. Бўлак-бўлак ётишди, албатта. Пакананинг бир туки жимир этгани йўқ. Ўлибдими! Аҳмоқ эмас у.
Одамзодга ишониб бўлмас экан. Бир оқшом хизматдошлари билан ошхўрлик килиб, кайфи тарақ, уйга келса — Арофат. Оқ жомасини кийиб, Пакананинг шимига дазмол босяпти. Кўзига чўғдек кўринди. Ўзини ношукурликда айблаб, сўкди. Юраги ёниб-ўртаниб кетди: шундай жонфидо меҳрибоннинг қадрига етмай нима қилиб юрибман ўзи мен?!
Белидан олиб шартта каравотга босди. Биғиллатиб.
Бўлари бўлди. Бокира экан. Ўлдинг, Пакана!
У бирдан ҳовурдан тушиб, каравотнинг ёнига тиз чўқдию ҳўнграб юборди:
— Мен ҳўкизни кечир, Арофат!
Кўз ёшларига беланиб ётган у томон нима деди денг:
— Ишқилиб, бахтли бўлсак бўлди…
Пакананинг сархуш кўзлари шартта очилди: нима-а, бахтли бўлсак?..
Аммо энди кеч эди.
Аммо бу сўзларда беғубор маъсумиятдан бошқа нарса йўқ эди.
Эрталаб Пакана ўзига ўзи иркит кўриниб кетди. Чойнак-пиёла юваётган қиз ундан баттар! Аламини ичига ютмоққа мажбур. Иложи бўлсаки, ўзининг юзига туфурса, бурнини тишласа, ғажиб ташласа! Айни тобда ё бу алвастининг, ё ўзининг бирдан йўқ бўлиб қолишини, ҳечқурса, ўтган кор-ҳол мудҳиш бир тушга айланишини шу қадар истардики, эвазига ярим умридан воз кечмоққа ҳам рози эди.
Шундан сўнг Арофат икки ҳафтача кўринмай кетди. Бир кеч Пакана каравотда китоб варақлаб ётган эди, қийшайибгина кириб келди. Қўлида тугунча. Ҳар хил егулик.
Қизни кўриб Пакананинг яна авжи келди. Шу кунлар мобайнида ботинан уни пойлаб юрганини англади. Ўша мастлиқдаги ишни ҳушёрликда ҳам синаб кўриш иштиёқи туғилди. Синаб кўрди ҳам. Яхши-и!
Шу тариқа бу ҳол яна бир неча бор такрорланди. Икки томон ҳам розидек, икки томон ҳам жимжит.
Бир гал Пакана театрдан ғашланиброқ қайтиб келса — тағин ўтирибди. Дафъатан феъли айниди. Оғзига келган шалоқ гапини қайтармай ҳақоратлаб ҳайдади: «Энди шу ерга қадам боссанг!..»
Арофат сумкачасини олиб, миқ этмай чиқиб кетди. Ёпирай, қанақа қиз-а бу? Бурилиб бир оғиз бир нима деса-чи! «Қаёққа кетар эканман? Бу уйда менинг ҳам улушим бор. Ўзимнинг уйим. Кетсанг, сен чиқиб кет. Мени авраб никоҳдан ўтказдинг, номусимни барбод қилдинг, энди қаёққа ҳайдаяпсан, номард пакана?!»
Йўқ-йўқ, бошини ердан кўтаргани йўқ. Худди шундай бўлишини олдиндан билгандек, гуноҳкорона бурилдию чиқди-кетди. Дардисарнинг дардисари!
Уни ҳайдаб юборишга юборди-ю, Пакана кейин қилмишига пушаймон бўдди. Виждони эзилди. Яна ўтириб-ўтириб ўзини оқлади: «Тўғри қилдим. Ахир қачонгача!..»
Арофат шу бўйи келмай кетди. Орадан уч ойлар ўтгач, Пакана бир оқшом театрдан дилғаш бўлиб қайтмоқда эди. Кайфи бузуқ. Боя телефонда гаплашаётганида ногаҳон бошқа ёққа уланиб, беихтиёр икки қизнинг ўзаро сирлашувига хуфия гувоҳ бўлди. «Анови ерпаканани бошига урадими, Дилфуз, ўзинг айтгин? Жаҳонгир бало-онд бўйли, сочлари жингала…»
Пакана метрода кетмоқ бўлиб «Пахтакор» бекатига тушаётса, чиқиб қелаётганлар орасидан кимдир кўзига иссиқ кўринди. Йўлини кесиб рўбарў чиқци. Арофат. У ғарибона ерга боқиб паст овозда салом берди.
— Яхши юрибсанми, Ароф? Нега келмай кетдинг? Қиз кўзини ердан узиб, таънаомуз бир қараб қўйди.
— Борсам, тағин жаҳлингиз чиқмасин деб…
Бу гапдан алланечук ийиб кетган Пакана тирсагидан ушлаб уни йўлдан четга олиб чиқди.
— Қаёққа кетяпсан?
— Ётоқхонага.
— Қанақа ётоқхона? Нима қиласан у ерда?
— Бир танишимнинг хонасида турибман. Вақтинча.
— Менга қара, нима бўлди ўзи? — Пакана уни иягидан олиб ўзига қаратди-ю, жавдироқ кўзлардан шувиллаб оқаётган ёшни кўриб юраги орқага тортиб кетгудек бўлди. Сўнг бошдан-оёқ разм солиб чиқди. Афтодаҳол. Бу қизга бир бало бўлган. Ёноқларининг эти қочиб, баттар туртиб чиққан, бурун сўррайган. Эгнидаги кенг, узун атлас кўйлакнинг олди кўтарилиб, орқаси осилиб турибди. Аҳвол маълум.
Уйидагалар сезиб қолиб, ҳайдаб юборишибди. Вассалом.
— Нега менинг оддимга келмадинг? — деди Пакана саросимада бошқа гап тополмай, зил кетиб.
— Ўзингиз, энди келма, деган эдингиз.
Ён-верларидан у ёқ-бу ёққа ясан-тусан сулувлар ўтиб турар, кўз қамашар, дил талпинар, орзиқар… улар орасида хунуги, балки энг хунуги мана шу қиз эди ҳозир.
Шундай бўлгани билан Пакана яхши одам эди, олижаноб эди. Айни тобда ана шу бенаво бандаи ожизага нисбатан туғилган шафқат ҳисси унинг сернаъма кўнглини тўлдириб, қолган барча худбин туйғуларни сиқиб чиқарди.
— Ўзимнинг хунуги-им! — деди банди дили бўшашганича уни бағрига олиб. — Уйга юр.
Арофат индамай эргашди.
Кейин… озгина можаро бўлди — номига, оқибати— шаҳарда кичкина, қишлоқда кичкина тўй бўлди. Кейин тўнғич қизлари туғилди. Ширингина, талпинчоқ. Кейин — яна, яна. Хуллас, бир вақтлар нодон қиз башорат қилмиш «ишқилиб, бахтли бўлсак бўлди».
Пакана бахтлими? Тўғри, уй-жойи бор, хотин, бола-чақаси бор. Аммо… хотинига кўнгли илимади-илимади. Унга қарагиси келмайди, таъби тортмайди. Уни ўйласа, ғусса босади. Худонинг ўзи кечирсин-у, учала фарзанди ҳам мастликда бўлган. Ажабки, бири биридан зийрак, бижилдоқ. Демак, анов гап бидъат экан-да. Неча бор ажралмоқни қасд қилди. Лекин бундай саришта рўзғорни, беминнат хотину ширин-ширин қизалоқларини тапглаб қаёққа боради? Қизи бор одамнинг кўнгли юмшоқ бўларкан…

8

Замон ўзгарди, энди қиз-жувон эр танлайдиган бўлиб кетган. Танлаганда ҳам нуқул узунидан бўлса, новчаси бўлса буларга! Ҳам дароз, ҳам жингалак сочига-ку нима етсин!
«Қадрли томошабин» Пакана, кўрсатувлар жадвали баҳона, ҳар хил олди-қочдилар босиладиган енгилтакроқ бир рўзномага обуна эди. Уни қўлига олган заҳоти «Совчи» деган жойига разм солади. Гўзал, хушқомат, замонавий, жозибадор, латофатли, билқиллаган (ўзгиналарининг таърифи — «приятной полнота») хонимларга эр ёки жазман керак экан. Талабгорнинг бўйи 180—190, аммо зинҳор-базинҳор 170 сантиметрдан паст бўлмаслиги шарт. Амриқо ёки бошқа бирон бойроқ араб мамлакатини кўзлаб турган тадбиркор, корчалон жаноблардан бўлса-ку, яна ҳам яхши, нур устига нур. Лекин энг муҳими — бўйи, қадди-қомати! 170 сантиметрдан бир мири кам бўлсаям — чиқит, туёғини шиқиллатаверсин. Новча бўлса-чи, нодону молтабиат чиқса ҳам майли, тўнкалик қилсаям марҳамат, ҳар куни итдек ичиб келиб тепкиласаям — бош устига! Тавба!
Пакана бу рўзномани қўлга олмаслиги, ўша шарманда жойига кўз ташламаслиги ҳам мумкин, албатта. Мумкин-у, биргина нарсадан умидвор-да: бўй-пўйининг аҳамияти йўқ, паканасиям бўлаверади, одам бўлса бас, деган эълон чиқиб қолармикан?.. Қаёқда! Ҳаммасига…
Йўқ-йўқ, ўшанақаси топилиб қолса, дарров югуриб бормоқчи эмас, илинжи бошқа ёқдан. Дунёда шундай аёл ҳам борлигини билса — кифоя. Таскин-тасалли-да.
Пакананинг ошиқ кўнгли меҳрга, муҳаббатга зорлигини биламиз. Хотинига кўнгли йўқ, унга қарамаслигидан ҳам хабаримиз бор. Демак, ягона йўли — четдан маъшуқа орттириш. Эски орзу сўнмоқ ўрнига, йилдан-йил алангаланиб бораётир. Аммо, нотавон кўнгилга қўтир — жомашов. Таъбингизга мос-монанди бу оламда йўқ. Бор чиройли аёлларнинг бошида чиройли эрлари ҳам бўлади. Чиройли, кўркам бўлмаганда ҳам новча, қадди расо бўлади улар. Новча бўлмаганлари эса шундай бир хислат ёки қудратга эгаки, уларнинг қошида ҳар қанақа дарози ҳам қуллуқда туради. Айни шунисига қараб чиройли аёллар уларни танлаган. Агар улар ишончни оқламаса, оқлайдигани топилади. Ҳар қадамда. Бозор бу!
Пакана ана шундай бозорнинг молу харидорларини кўп кўрган.
Қайси йилидир, ёш олим юртдоши уни қўярда-қўймай бир хонадонга зиёфатга олиб борди. Баҳаво ҳовлини, қасрсимон иморатларни, у ердаги дабдабаю асъасани таърифлаш шартмикан? Номини тутиб балога қолмайлиг-у, пойтахтдаги нуфузли, кўчадан келган ҳар қандай одам икки дунёда ҳам остонасига қадам босолмайдиган бир билимгоҳнинг йил сайин қабул ҳайъатида баковуллик қиладиган йўғон домласи қанақа даврон суриши мумкин — тасаввур қилиб олаверинг. Зиёфат ҳам шунга яраша, келажаги порлоқ қўша-қўша дастёр аспирантлар типирчилаб хизматда эди. Меҳмондан мезбон кўп.
Майли, гап ҳозир буларда эмас. Чаман гулзор билан мармар фаввора ўртасига жой қилинган эди. Дастурхон бошида етти-саккиз чоғлиқ одам — эр-хотин, эр-хотин. Кўринишдан зиёли, ўзига яраша мавқели бу кишиларнинг бари бир жойдан етишиб чиққан, бирга ўқиган тенг-тўшлар, бошлаб борган дўстининг ҳамқишлоқлари экан. Олис бир қишлоқдан келиб шаҳри азимда шу қадар томир отган бу жамоага Пакана чинакамига ҳавас қилди: биз ҳам ўзимизни одам бўлдик деб юрган эканмиз-да!
Базмнинг қаҳрамони иккита эди.
Аввало, ҳамманинг диққат-эътибори давра тўридан жой олган тўпорисифат кимсада. Эшонга ўхшаб бетакаллуф қўр тўкиб ўтирган бу одам ўша ёқдаги қандайдир йирик, сердаромад хўжаликнинг эгаси экан. Чамаси, зиёфат «отахоннинг пойтахтга юриши» шарафига бўлмоқда эди. Катта-катта фан уламоларининг тандиркабоб чайнаб, олий меҳмоннинг оғзига тикилиб ўтириши эриш туюларди. Начора, ҳаёт ҳақиқати шу.
У кишининг диққат-эътибори эса, давранинг яна бир қаҳрамони, йўқ-йўқ, гултожи деса арзигулик Зубайдахон исмли бениҳоя соҳибжамол жувонда эди; асосан шу билан сўз беришиб, шу билан сўз олишади, қолганларники бор-йўғи — изоҳ, илова, ялтоқланиб кулиш, гап маъқуллаш, холос.
Ёлчиб ўтирар-ўтирмас, Пакананинг даврадаги вазифаси аён бўлди-қолди. «Улуғ меҳмон»нйнг муборак қиёфасини ҳозирча хомакироқ акс эттириб бериши лозим экан, эсдаликка. Бебилиска зиёфатга судраган писмиқ дўстнинг иши.
Пакана даврадан четроққа курси қўйиб, доим елкасида юрадиган қалин жилддан бир тахта қоғоз олди-да, қоратош билан чор-ночор ишга киришди. Лекин, қиёфа бирпасда битди. Теп-текис, маъно-ифодасиз манман бир башара — нимаси қийин?
Эгаси расмни роса зеҳн солиб, мароқ билан кўздан кечиргач, «Да-а, талант!» деб баҳо берди ва «башара»сини давра аҳли ҳукмига ҳавола этаркан, рассомни ёнига имлади. Унинг қўлини сиқиб, эътирозга ўрин қолдирмайдиган хуфия бир қатъият билан чўнтагига нимадир тиқди-да, «Зубайдахонни ҳам!» дея амр қилди.
Боягиси қанчалик осон бўлса, бу толшириқ шунчалик мураккаб, айни чоқда мароқли эди.
Иш асноси Паканани нозик бир жумбоқ банд этди.
Таништирувдан маълум бўлишича, каттаконлар даволанадиган махсус шифохонада бўлим мудири лавозимида ишлайдиган бу баркамол хонимнинг эри ёнида муштдеккина бўлиб ночор ишшайиб ўтирган, даврадаги энг кўримсиз, пачоқ кимса экан. Пакана қаттиқ таажжубланди. Аввало, пойтахтдаги манаман деган киборона олиймақом базмларни безамоққа қодир бул аслзода хонимнинг ҳув дала-даштларда туғилиб ўсганига ақл бовар қилмасди. Қолаверса, у нега келиб-келиб шундай шумшук таъвияга эрга теккан? Ахир, мана, танласа танлагудек мактабдошу синфдошлари бор экан, ҳечқурса, ана, қудратли тўпори…
Бу чигалликнинг тарихи эса оддийгина. Мана шу ҳозир қисиниб-қимтиниб ўтирган пачоқ кимса бир пайтлар мактабнинг олди, даврадошларнинг энг зўри, энг аълочиси бўлган. (Унда анови тўрда талтайиб ўтирган акамиз мактабда зўрға ўқир, беш карра беш — йигирма беш, деса биров, «Жўғ-э, йеллик беш бўлса кераг-ов, йеккита беш-ку!» дейдиган даражада эди.) Табиийки, қизларнинг аксарияти шунақа пешқадамларга талпинади. Сираси, у кезлар Зубайда ҳали етилмаган ғўр бир ғунча эди. Севишганлар, одатдагидек, бирга ўқишга келадилар, бирга ўқийдилар. Уйланишгач, мусофирчилик, камхарж рўзғор, «игна билан қудуқ қазиш» машаққатлари азалдан жуссаси чоғроқ эрни эзғилаб, янада пачоқ қилиб ташлайди. Азалдан дуркунроқ, беғамрок, бўлган хушрўй хотин эса, туққани сайин етилиб, очилиб кетаверади — авлодида шундай хислат бор экан. Боз устига хизмат жойининг шарофати билан катта охурларга ўрганиб, димоғдор жамоатнинг тенг ҳуқуқли аъзосига, наинки оддий аъзоси, кўпинча гултожига айланадики, буни кўрган шўрпешона эр борган сари рашку хавотирда ўртаниб, ич-этини еб, баттар синиб, ниҳоят, мана шундай афтода-абгор ҳолга тушиб қолади. Энди бирор ўзгариш ясаш маҳол. Фан номзоди тугул етук уламо бўлганингда ҳам, бу сохта-сипо дабдабалардан воз кечиб киндик қонинг тўкилган маъсум лолақизғалдоқ адирларга чиқиб кетганингда ҳам номинг шу — «Зубайдахоннинг эри»!
…Рассом бот-бот кўз ташлаб, ана шундай ўйлар оғушида, ниҳоят, париваш бир рухсорни қоғозга кўчириб битказди. Хўрсинди.
Рассомлик яхши ҳунар, гашти бор.
Лекин — паканалик қандоқ ёмон, пачоқлик қандоқ аламли!

9

Умидли дунё, Пакана ҳали-ҳамон бир куни мўъжиза рўй бериб бўйим чўзилиб қолар, деган хомхаёл билан яшар экан, бу орада яна бир балога гирифтор бўлди.
Кўза кунида синар, лекин бошдаги соч бир кунда тўкилмас!.. Пакана бўй ўстириш ғамида юрибди, соқол-мўйловнинг пардозига зўр берибди-ю, яна бир муҳим нарсани назардан қочирган экан. Бир эрта ойнага қараб соч тарайин деса, куни кеча кўпириб турган матоҳ, тароққа илинмайди, баракаси кетган. Сийпаб кўрмоқчи эди, бир тутами юлиниб қўлига келди, таги очилиб қолди. Кўзгу эса худди масхара қилгандек бешафқат ҳукмини ўқиб турарди: ҳаёт — ана шундай бамисоли бир бекинмачоқ, биродар, кутилмаганда панд беради. Ёшлик даврони ўтди энди, қаридинг… Қаридим? Қачон? Мен ҳали нимани кўрибман, ахир?
Мана, бор умиди — соч ҳам тамом бўпти. Бир маҳаллар, бўй ўстириш ташвишида юрган кезлари кўрган туши бугун чинга, аччиқ ҳақиқатга айланди. Ўшанда бир кеча уйқудан йиғлаб уйғонган эди: тушида бошини силаса, сочи йўқ эмиш.
Тез орада бори ҳам узоққа етмади, соб бўлди. Соқол-мўйловнинг бундай ғовлаб кетгани бежиз эмас экан: бир жойда кўпайса, бошқа жойдан камайиши тайин. Ҳаммасининг ҳисоби бор. Табиат қонуни дейдилар буни, Паканабой!
Шу тариқа, бўй ташвишига мўй ташвиши қўшилди. Бу бобда ҳам доно кўп экан. Бирови такрор-такрор устарада қирдиришни маслаҳат берса, бошқаси— гуручнинг зардобию намакоб (жайдари туз бўлиши шарт!) билан ювишни, бирови — саримсоқпиёзни бошга ишқашни, яна бири буқачанинг шаҳват безинию қора қўйнинг қатиғини суркашни уқтиради. Кимдир ҳатто ермойи — керосин билан чайиб кўрмоқни тавсия қидди. «Донолар бисотидан баҳраманд бўлиб» неча кунлаб сасиб-анқиб юрганлари!..
Пакана бу ишга хотинини ҳам сафарбар этган эди. Унинг асл мақсадидан бехабар гўл хотин югуриб-елиб ҳар хил ўткир дори-дармон топиб келади денг: мажорлар ўйлаб топган камёб «Банфи»ми, латишлар чиқарган антиқа «Дзинтарс»ми…
Хуллас, қилмаган илму амали қолмади. Бефойда. Бир гал телевизорда кўрсатилди. Амриқолик бир афанди тепакал бошини сигирга ялатган экан, гуркираб жингалак соч ўсиб чиқибди. Пакана ўз кўзи билан кўрди: ялтирбош бир давангир чўзилиб ётибди, говмиш келиб ялаяпти. Бу янгиликни ўзидан ҳам бедавороқ тепакал хизматдошига айтган эди, у энсаси қотиб қўл силтади: «Бўлмаган гап! Агар бунинг иложи топилганида, Горбачёв бобо аллақачон жингалаксоч бўларди».
Паканамиз шундан кейингина синалган усулга ўтди. Рассомлиги кор келиб, тажрибали тепакаллар сингари моҳирлик билан ён-веридаги соч толаларини пешонасига тараб юрди. Бора-бора бундан ҳам ҳафсаласи совиди. Шамол-шабадада юриб бўлмаса, қўлингиздан тароқ тушмаслиги керак.
Шундай қилиб, паканалик етмагандек тепакал ҳам бўлиб қолдилар акам. Энди «ҳў пакана»гина эмас, «ҳў кал» ҳам деб чақириладиган бўдди. Худоям қизиқ: бировни топиб олса бас, ҳадеб шуни тарсакилайверар экан.
Аслида-ку, гап сочда ҳам эмас, бўйда ҳам эмас. Зўр бўлсангиз — паканамисиз, новчамисиз ё тепакалмисиз, жингалаксочмисиз — аҳамияти йўқ. Ношуд-нотавон бўлсангиз эса — бари баҳона. Қисқаси, гап омадда. Гап кўнгилда, кўнгилнинг тўқлигида. Йигит кишининг омадини берсин денг. Омади ёр одам қиёфасидага унча-мунча қусурга парво қилмайди. Буни табиатнинг иши деб, ортиқ бош қотирмайди. Негаки, бунга вақт сарфласа, шу билан машғул бўлса, омад кетиб қолади. Уни тутиш эса осон эмас. Омад юришмаса, бир қучоқ соч ҳам, теракдек қомат ҳам бир пул, қуруқ сумбат, холос. Бўйни худо беради, соч — бошдаги омонат мўй, эртами-кечми, ҳаммадаям тўкилиши мумкин. Буни дебгина қайғурмоқ — умрнинг заволи.
Дарвоқе, тепакаллик ҳам ҳусн, соч тарамасининг бир тури, холос, деган тушунча бор. Баъзиларга ярашганини айтинг! Билсангиз, машҳур кишилар пакана бўладими, тепакал бўладими, барибир, кўзга иссиқ кўринаверади. Шу нуқсонлари ҳам ёқимли, жозибали, ҳатто суюмли туюлади. Инсон — бетакрор мўъжиза, уни айнан қайта яратиш Исонинг ҳам, Мусонинг ҳам қўлидан келмас. Мана шу, Обиджон. Уни новча ёки ўртабўй ҳолда тасаввур қилиб кўринг-чи, нимаси қолар экан?
Омад деганлари бир маҳаллар Пакананинг ҳам бошини (тўғри, унда тепакал эмас эди) силаб ўтган.
Пакана рассомлик билим юртини тугаллаш арафасида диплом иши сифатида «Орзу» аталмиш каттакон бир портрет яратди. Ёшликка хос ғайрат ва эҳтирос билан ишланган бу асарга у мўйқалам тутган кунидан бошлаб расмини чизиб келган сулув қиз-жувонларнинг энг жозиб жиҳатларини назокат ила жамлай билган эди. Унда сумбул сочларини тараётиб, қўлида тароқ, ўртагувчи бир ғамза билан қиё боқиб турган соҳибжамол сиймоси акс эттирилган эди. Кимдир бир барака топкурнинг назари тушиб, асар «Санъат» журнали муқовасида эълон қилинди. Сўнгра уни «Субҳидам», «Нозанин», «Тараддуд», «Сумбул», «Бокира»га ўхшаш ҳар хил номлар билан, исми безакли газет-журнал борки, бари кўчириб босди. «Ўзбекистонлик ёш мўйқалам соҳиблари» деган сарлавҳа остида Московдаги «Искусство» журналида ҳам чиқди. Талабалик ётоқхоналаридан тортиб, турли дўкону сартарошхоналарнинг деворлари, трамвай-троллейбусларнинг ойналаригача «Субхидам»у «Тараддуд», «Бокира»ю «Ноза-нин», «Сумбул»у «Орзу»ларга тўлиб кетди. Дейлик, машҳур «Нотаниш аёл» ёки «Мона Лиза»ларга ўхшаб!
Асар тўғрисида матбуотда роса баҳс-мунозара ҳам бўлди. Қиз сиймоси чинакам эҳтирос ва маҳорат билан чизилгани эътироф этилиб, инжиқ мунаққидларни расмдаги бошқа бир ҳолат ҳайратга соларди. Чунончи, асарда субҳидам палласи тасвирлангани аён кўриниб турибди, хўш, унда дераза оша тушаётган тўлин ой ёғдусию ана шу ёғдуда ғужтон ўйнаётган юддузлар тасвирини қандай тушунмоқ керак? Бунда қандай рамзий маъно бор?..
Рости, бу саволга Пакананинг ўзи ҳам жўяли жавоб бермоғи даргумон эди. Шундай чизгиси келган — чизди. Вассалом.
Энди ўйласа, асарни машҳур қилган сир ана шу ғалатилиги, ана шу «хато»сида экан.
Авом томошабин назарида унинг бошқа «хато»лари ҳам бор эди. Дейлик, нега шундоқ офатижон фақат ён тарафидан кўрсатилган, нега қия қараб турибди, холос? Юзини кўрсак бўлармиди… Асалнинг ози яхши, биродар!
Шуҳратнинг қаноти бор. Асар ўзи ягона-ю, таъбига қараб ҳар ким ҳар хил номлайверганидан у бир эмас, бир нечтага ўхшаб қолган, бинобарин, Пакана биттагина эмас, бир неча машҳур асарнинг муаллифига айланган эди.
Шуҳратнинг қаноти борлиги ҳақиқат. Ўша кезлар Пакананинг оёғи ерга тегмас, бир куни кўчада бораётиб ҳатто бўйи чўзилиб, осмонга учиб кетаётгандек ҳам бўлган эди. Қаерга бормасин, ёнверида шивир-шивир: «Ана, истеъдодли ёш рассом… «Орзу»ни чизган-чи, ҳув «Нозанин»ни… Бўлажак Чингиз Аҳмаров дейишяпти…» Унда ҳеч ким пакана демас, паканалигига эътибор бермас эди. Унда анови Обиджон деганларидан ном-нишон ҳам йўқ эди. Бешоғочнинг «думба-жигар» сомсасини чала чайнаб, елкасида ўзидан катта ишхалта, ер бўлиб «Ёшлик» журналига безак-пезак чизиб юрарди. Бугун энди… Чархнинг ўйинини қаранг!
Пакана-ку осмондан тушгандек бу шуҳратдан талтайиб кетгани йўқ, бироқ талай замон хотиржамликка берилиб, ўшанинг ёғдусида исиниб юргани рост. Бу ёғду шу қадар ўткир эканки, кейин ишлаган расмлари «Орзу»нинг такрори — иккинчи, учинчи нусхалари бўлиб чиқаверди. Шу тариқа ўртамиёна бир косибга ўхшаб қолди. Аслида ўзи киройи истеъдоди йўқ эканми, «Орзу» анчайин тасодифий иш бўлган эканми ёки институтдаги даққи қолип таъсир қилдими, кечаги умидли ёш рассом оддий безакчига, яна ҳам тўғрироғи — мана шу Паканага айланди-қўйди. Бугунги мўрт, сарсари туғёнлари, ўзини ўзи еб юришлари, омадсизлик дарди, бари-бари ўша — кузак қуёши мисол йилт этиб ўтмиш омонат шуҳратнинг йўқлови, аламзадаликдан, холос. Ўзи ҳақида бошқача фикрда эканининг ҳам бир чети шунга боғлиқ.
Институтда у театр рассомлиги бўлимида таҳсил кўрди. Бу ерда бошқа нарса талаб қилинарди. Аста-аста рангтасвир, портрет турларидан қўли чиқа бошлади. Боз устига, омади оқсаб, вилоятга кетиб қолди. У ердаги кўлмак муҳит тирикчиликнинг ўнғай йўлларига етаклади. Шу йўсин — ке-етди. Бугун энди изтиробда ўртанади: хўп, ана, ўн йиллар чамаси ўқидим, қолгани-чи, қолган умр қаёққа кетди? Ке-етди. Қулоғини ушлаб. Бошқа амалга ноқобил бўлгач…
У бирон бир фавқулодда иш кўрсатиб, ўзининг оддий пакана эмаслигини, умуман, пакана эмаслигини исботламоқни, эларо ном таратмоқни орзу қилар, зўр бериб турли-туман режалар тузар эди — шояд шунда камписанд паканалиги билинмай кетса!
Лекин, нима ҳунар кўрсатсин? Омад кетган. Кетган омадни қайтариш учун ғайрат керак, шижоат керак, оддий умргузаронликка хос талай неъмат ва ҳаловатлардан мардона воз кечмоқ керак бўлади. Бунинг учун эса озгина рағбат, озгина шиддат даркор. Завқ, илҳом даркор. Илҳомбахш кимса эса йўқ. (Илҳомкуши-ку истаганча топилади.) Уни топмоқ учун яна озгина омад зарур. Омадсизга ит ҳам қарамайди.
Хуллас, бири бирига боғлиқ, тағин ўша сарсон ҳалқа!
Пакананинг шашти синган, ўзидан кўнгли қолган эди. Ўзидан кўнгли қолган одам — ярим одам, чала одам, одам эмас ҳам дейиш мумкин. Ахир, бўй йўқ, соч йўқ, омад йўқ! Дунёдан умидни узсангиз ҳам бўлаверади, Паканабой!
Отахон драматургнинг навбатдаги зиёфатидан кейин Пакана бунга айниқса амин бўлди.

10

Отахон драматург қўли очиқ, дастурхони очиқ, серҳиммат муаллиф эди. Бўшгина-бўшгина «эъжод»ларини «гўшти сиздан, суяш биздан» қабилида театрга келтириб ташлар, ўзи қорасини кўрсатмай кетар эди. Лекин каттакон маҳкамалардан сим қоқдириб безор қиларди. Шундан сўнггана бирон режиссёр сўка-сўка бу хомашёни қўлга олар, актёрлар билан кўпайлашиб, сўка-сўка уни «одам қатори»га қўшар эди. Ана шунда муаллиф қайта пайдо бўлиб, «у ёғидан сузинг, бу ёғидан сузинг» дея айланишиб қоларди. Кейин, то, асар тайёр бўлгунча жамоага бир неча маротаба зайтуну илик ёғига ош қилиб, спектакль тайёр бўлган куни торроқ даврага, у саҳнага чиққан ялпи кўрикнинг эртасига кенг даврага дабдабали зиёфат берарди.
Кенг даврага мўлжалланган бў галги базм «Баҳор» ресторанининг баҳаво, муҳташам толорида ўтмоқда эди. Зиёфатга келган ҳам келган, келмаган ҳам келган. Театрга, умуман, саньатга ҳеч бир алоқаси йўқ, кечаги кўрикда ҳам қорасини кўрсатмаган аллақандай ясан-тусан хонимлару арбобсифат жаноблар. Бамисоли тўй дейсиз. Тўй-да, ахир, отахоннинг байрами, театр устидан қозонган ғалабасининг тантанали намойиши! Ана шунинг нашъасини сургани, бирга баҳам кўргани келган булар. Аксариятини Пакана илгарилари ҳам худди мана шундай сипо жамоатда, текин зиёфатларда учратган.
Дастурхон одатдагидек обод, анвойи ичимликлар шаршара, ягона камчилиги — анқонинг уруғию булбулнинг сути топилмабди қурғур! Анқонинг уруғи — ўз номи билан анқонинг уруғи-да. Айниқса, шу замонда.
Хомашёни «одам қилиш»да қаҳрамонимиз ҳам иштирок этган, бош рассомга кўмаклашув баҳона (аниқроғи, у — нозиктаъб мусаввир — Тўликжон ҳазар қилгандек бурнини жийириб четга чиққанда), асосий хизматни Пакана бажарган эди. Шунга қарамай, ҳозир бор-йўғи номаълум, пойгакроқда бир четга сиқилиб ўтирарди, қолганлар — «саҳна»да.
Базмнинг тантанали қисмини бош режиссёр очди. У асарни деярли тилга олмай усталик билан айланиб ўтди-да, жамоадан изн сўраб, оддига қатнаб юрадиган жикиллоқ шоир ошнаси ҳамроҳлигида тезгина қаёққадир жўнаб қўйди. Бошқа жойда чортанги бўлса керак. Саҳна «қутулган девлар»га қолди. Кечагина чангини чиқариб сўкиб юрганлар тўкин дастурхон устида муаллифни кўкларга кўтариб макташди, «Тағин жиндаккина ишланса, «Келинлар қўзғолони»дан ўтиб кетади», дея башорат қилишди. Отахон тўрда талтайиб ўтирди.
Спектаклнинг безаклари тўғрисида гап кетганда таъриф Тўликжонга тегди, албатта. Ҳолвани ҳоким ер.
Сал ўтиб, шўх яллаю рақс бошлангач, аҳли базм ҳотамтой муаллифни, унга қўшиб қаерда, нима муносабат билан ўтирганини ҳам эсдан чиқариб юборди. Ит эгасини танимай қолди. Театрдаги можаролардан сиқилиб юрган боёқиш актёрлар сиполик тўнини ечиб ташлаб, яйрамоққа тушиб кетишди.
Чаппор уриб ирғишлаётган бахтиёрлар сафидан бир қиз Пакананинг диққатини тортди. Кўзига иссиқ кўринади: ким бўлди бу? Меҳмонларданмикан? Чеҳраси мунча чароғон, муқомлари бу қадар ёқимли, ярашиқли!
Ўзи шундай: чиройлилар доим таниш туюлади. Аммо сен унга нотаниш — «чархи кажрафторнинг бир шеваси».
Пакана кўз узмай ром бўлиб ўтираркан, оққуш мисоли қанот қоқа-қоқа даврани айланаётиб қиз унга жилмайиб ўтди. Таниш, таниш! Бўлмаса… Шу маҳал қаёқдандир пайдо бўлган анови суллоҳ сайёд — Нурали қизнинг олдини тўсиб чиқдию… Пакана доғу армонда қолди.
Чархи кажрафторнинг яна бир шеваси!
Ким эди у таниш-нотаниш дилбар?
Хийлагина ичиб қўйган Пакана сўнгра чалғиб, чиройли хонимларга сукдана-сукдана, уларнинг эрка, нозли рақсларини кузата-кузата, туйқус хўрлиги келди. Ташқарида оламни ларзага солиб, одамни ғафлатдан огоҳ этиб момақалдироқ гумбирлаётибди. Баҳор. Яна бир баҳор! Бу ерда ҳамма шод, бахтиёр. Умр ўтяпти! Унга эса биров қиё ҳам боқмайди, «итмисан, битмисан» демайди, иши йўқ. Ё раб, бу қандай ноҳақлик!
Дафъатан бу ҳуррам зиёфатда, бу жамоатда ўзини ортиқча, итдек хор, битдек зор, пачоқ, пажмурда кимсадек сезди. Вужуд-вужудини қақшатган бир алам билан бошини муштлари устига қўйганини билади…
— Ўзгинам қолдим сизга, Паканажон, туринг энди!
Бошини аранг кўтарса — Қамара. Оҳанжама сўмкачасини кўксига босиб, ўн саккиз яшар нозанин мисол нозланиб турибди. Одатдагидек — бўялмаган, бежалмаган жойи йўқ. Атир-упасидан бош баттар айланади. Актёр халқи ўзаро хийла дангал, бетакаллуф бўлади. Упа-эликни меъёридан ошириб юриши учунми, ғаркўзлигию бепардароқ қилиқлари учунми, бу аёлни очиқдан-очиқ, юз-кўзи олдида шундай деб аташа-и. Ўзи эса пинак бузмайди, бирор сўз билан эътироз ҳам қилмайди. Ким билсин яна!
— Бош оғрияпти, Қамара опа. Айтинг, мени уйга элтиб ташласин бирортаси, — деб ғудранди Пакана.
— Вой, бошгинангдан опанг айлансин, нималарга оғрийди-ё? Туринг энди, тасаддуқ, бизлардан бошқаси қолмади бу ерда, — деди Қамара унинг қўлидан тортиб. — Сизни ўзим олиб кетмасам…
Пакана кўзини ишқаб теваракка қараса, чиндан ҳам, уларга таажжуб аралаш тикила-тикила столларни саранжомлаётган икки хизматчи хотиндан бўлак кимса кўринмайди. Қолганлар қаёққа кетди? Қамара нима қилиб юрибди бу ерда?
Қамара — туғмас, кўп йиллар бурун эридан ажрашган бўлиб, театрнинг орқасида, бир хонали уйда ёлғиз яшар эди.
Паканани уйига олиб келиб, у қилди, бу қилди, эпақага келтириб олди. Кейин тун бўйи унга сиғиниб чиқди. Хулосасини саҳарда айтди:
— Энди яна қачон кутай, жоним? Сендақасини камдан-кам кўрганман…
Қари қанжиқ! Бугун бозоринг касод-да. Беш-олти йил илгари-ку менга ўхшаганни яқинингга йўлатмасдинг. Гапини қаранг! Буни бекорга ановинақа дейишмас экан. Мана, ўз оғзи билан айтиб турибди — кўпни кўрганини, кўпдан қолганини!
Кейин дафъатан ичи тўкилгудек бўлиб кетди. Бу ростдан ҳам ўша Қамарами? Ўша машҳур актриса Қамара Раҳимова? Пакана ўспирин ёшлигида суратларига сиғинган, ишқи илоҳий боғлаган Қамара? Унга яқинлашувни хаёлига ҳам келтиролмаган Қамара? Қани у, қаёққа кетди?..
Рўпарасида қийшанглаб турган аёлни танимади, ўзини ҳам танимади. Бу қандай шафқатсизлик!..
— Мени нима қиласан, Қамара? — деди кун кўрмаган шўрлик Пакана унинг сўзларига ишониб-ишонмай. — Афт-ангоримни кўриб турибсан…
— Зато-о!.. — деди аёл бошини сарак-сарак қилиб.— Куйинма, тасаддуқ, маймундан берироқсан…
Пакана ўша куни балчиққа ботгандек ижирғаниб, ўзини маймундан баттарроқ ҳис этиб қайтди уйига.
Бўлди, бас! Бошқа бу йўлга кириш йўқ. Ёшлик, бебошлик даври ўтди энди. Ҳавойи ҳавасларга чек қўймоқ керак. Насибасида бори шугина экан, начора? Бу ёғи қизлари катта-катта бўлиб қолди…

11

Ёшликнинг оқава нафаси ҳали олдинда эканини билмасди Пакана. Чин муҳаббат ҳали олдинда эканини билмасди у. Ҳали Мажнун янглиғ изтироблар чекажагини-да билмасди. Ниҳоят, «Орзу»сига етай деганида унинг яна «Армон»га айланиб қолишидан ҳам бехабар эди.
Худойим ёрлақаган бир кун Пакана устахонасидан чиқиб нимадир юмуш билан режиссёр дўсти Хайрулла Ҳошимовнинг ҳузурига бораётган эди, иттифоқо саҳна ортидаги торқоронғи йўлақда оппоқ либоси хуш қоматини кўз-кўз қилмоқчидек ёпишиб турган, сермавж кокиллари елкасини тўлдирган бир қизми-жувонга рўбарў келиб қолди. Недандир кайфи чоғ эди, завқи тошиб, ўйлаб ўтирмай уни белидан маҳкам қучоқлаб олди. (Театр оламида бундай қилиқлар кўпда айб саналмайди.)
— Вой-вой, кимсиз? — дея қийқирди қизми-жувон типирчилаб.
Пакана «ўлжа»сини қўйиб юбормай, ижиғ-бижиғ кутариб йўлакнинг бошига — ёруғроқ жойга олиб чиқ-дию… Ўшанда унинг ҳолатини кўрган одам!..
— Вой, сизмидингиз? — деди қиз нафасини ростлаб.— Қўрқитиб юбордингиз одамни.
— Сиз… ўшамисиз? — деди Пакана ҳув баҳордаги зиёфатни эслаб, ҳайратда.
— Сиз… ўшамисиз? — деди қиз ҳам Кумушбибининг оҳангида такрорлаб.
— Ме-ени танийсизми?
— Ия, танимай нима? Рассомсиз-да.
— Қаёқдан биласиз? Ўзингиз-чи, ким?
— Вуй, манови кишини! Кунда неча бор кўрадиган одам!.. Ҳазиллашмаяпсизми ўзи? Келганимга бир йилдан ошди-я! Сафсарман-ку, рассом ака, Сафсар Нишонова. «Кўзғолон»да кенжа келин бўлиб чиқаман, эсингиздами? Биздан бошқа ҳаммасининг портретини чизгансиз-да, бизни танимайсиз!
Пакананинг эси оғиб қолган эди: ўнгими, туши?
Рўпарасида айнан «Орзу»даги сумбул сочли бокира нозаниннинг ўзгинаси!..
Бир йилдан бери кўзинг қаёқда эди, Пакана? Пакана бўлсанг ҳам одам эдинг, йигит эдинг, кўнглинг орзуларга тўла эди — кўзинг қаёқда эди, оғайни?
Ўзидан кўнгли қолган одам атрофга парво қилар эканми? Қолаверса, гавҳарни таниб олмоқ — эшкак эшмоқ эмас!
— Кечирасиз, мен сизни Қамара опа деб ўйлаб…
— Ачиняпсизми? — деди Сафсар шўхлик билан. — Қамара опадан ёмон эканманми?
Бу — ўзингни бунча пастга урдинг, эй йигит, дегани эмасми?
Бу — мен эканимни билганингда қучоқламасмидинг, дегани эмасми?
Бу — қилган ҳақоратингга чидаганим учун раҳмат айтгил, дегани эмасми?
Бу — гавҳарни шиша синиғидан фарқлаёлмаган заргар заргарми, дегани эмасми?
Бу — дунёдан безган зоҳид ҳам кўзини очиб юради, дегани эмасми?
Бу — ҳайф сенга, эй бефаҳм, галварс пакана, дегани эмасми?
У ёғини ўзинг танлаб ол, биродар!
— Қачон, қачон чизай расмингизни? — деб сўради Пакана тотли тушдан уйғонгиси келмагандек чиппа ёпишиб. — Ҳозир десангиз — ҳозир, ҳозироқ…
— Майли, кейин. Бошқа пайт. Ўзим кираман олдингизга. Ҳозир Нурали ака билан бир ёққа бориб келмоқчи эдик. Келишдикми? Қўлни ташланг!
Пакана жойида михланиб туриб қолди.

12

«Дунёмидинг, рўёмидинг — билмадим…»*

Пакана дарҳол бу сирли фаришта бўлиб кўринган қиз ҳақида маълумот тўплашга киришди.
Сафсар институтдан кейин бирга ўқиган сабоқдошига эрга тегиб, Самарқанд театрига ишга кетган экан. Икки йилми-уч йил яшаб, муросалари келишмаганми, ажрашиб қайтиб келибди. Бу орада нима балодир бўлиб эри қамалиб кетибди. Жажжи қизчаси бор экан. Бу ерда ишлаётганига ростдан ҳам анча бўлганмиш.
У ёғини сўрасангиз, эри бир вақтлар Фарҳоду Тоҳир ролларига мўлжаллаб қабул қилинган эди ўқишга. Худойим ҳам бошқадан (Паканага ўхшаш шўртумшуқлардан) қисган бўлса қисганки, манаман деган йигитга атаган борини шунга берган эди. Баланд бўйли, хушбичим, хушсуврат, хуллас — тайёр Фарҳоду тайёргина Тоҳир! Бироқ, тўрт йил давомида на ўқиш билан иши бўлди, на бошқа билан. Бешоғочлик безориларга қўшилиб наша чекиб юрди, яна кўп номаъқулчиликларга бош қўшди. Бир дафъа шимол ёқдан келган биттасини ҳамтовоқлари билан ўртага қўйиб «ҳашар» қилгани учун қамалиб кетишига ҳам салгина қолган. Бу безорини ўқишдан ҳайдасаям бўларди-ю, эркак домлалар, айниқса, занчалишроқ ректор уни кўрганда типирчилагудек бўлиб ўзи келиб саломлашарди — қўлидан ҳар иш келади-да! Аёллар эса… кўнгли сув очиб кетарди: шундоқ йигитлар турганда кимга теккан эканман-а! Унинг ярамаслигини билишарди, албатта, аммо барибир кўрганда ўзларини йўқотиб қўйишарди. Биламиз, биламиз — аблаҳ, аблаҳ-у, лекин яхши — яхши аблаҳ!
Сафсар қандай тушиб қолган унинг чангалига?
Сафсар ҳам ўша аҳли зеболар қавмидан, нима, унинг шохи бор эканми?!
Бор, бор! Паканага қолса, у бошқа, бутунлай бош-қа, ўзгача!
Наҳот, шу чоққа қадар Пакана уни театрда бирор марта кўрмаган, учратмаган?
Кўрган, учратган, аммо зеҳн солиб қарамаганда, эътибор бермаган. Аёл нарса дарров кўзга ташлана қолмайди. Театрда қиз-жувон кўп. Ҳафсаласи совиган одамга уларнинг бари — бир хил. Аёл киши баъзан қандайдир бир либос киядию тамоман ўзгариб, бошқача бўлиб қолади. Пакана Сафсарни шундай ҳолатда учратдимикан ё?..

«Дунёмидинг, рўёмидинг — билмадим…»

Ишқу илҳом жунбушига тушган рассом келасолиб, бисотида ардоқлаб юрган бир тахта нафис хитойи картон билан сувбўёқларини ҳозирлаб қўйди. Портретдан қўли чиқиб қолган одам ишни шундан бошлагани маъқул. Хомакисини қилиб олиб, сўнгра мойбўёқ билан мусовадага — матога кўчиради. Вактни ҳам чўзиши керак-ку. «Сен билан ўтказган дам…»
Қани энди, ундан дарак бўлса! Бир қарасангиз — қизчаси бетоб, бир қарасангиз — ўзи, гоҳо репетиция-а ё қаёққадир ошиқиб турган. Қолган вақт мудом Нуралининг олдида. «Кейин, кейин. Бошқа пайт. Айтдим-ку, ўзим кираман, деб».

«Дунёмидинг, рўёмидинг — билмадим…»

Пакана бу ёқда, кўзи тўрт, зор-интизор. Дастгоҳ тайёр, бўёқлар шай. «Аммо сен ўзгалар базми ила банд»**. Азалдан шеъру ғазалга ҳавасманд кўнгил, нақд шайдойи шоирга айланган, бир пайтлар атай ёдланмиш севимли мисралар тилдан тушмайди. Узун йўлакка чиқиб, Нуралининг эшигига пойлоқчилик қиларкан, муштлари аламдан тугилиб кетади.

«Эҳ, ўзгалар нечун сени севадир?
Севма сен, одаммас улар, ахир!
Уларда дард-изтироб на қилар,
Улар фақат кишнаб юрган йилқилар!»***

Ошиқ яна бир машғулот орттирди. Бир варақ қоғозни найча қилиб олиб, куни дароз пуфлайди. Сибизға. Бўзлар, нола айлар. Кўрган одам савдойи, дейди. Кўрган одам ақлдан озган Мажнун, дейди. Кўрган одам… кулади, масхара этади. Сибизға эса бўзлайди, бўзлайди, нолавор…

Туну кун хаёли ўшанда.
«Эсладимми, лабим тамшанур.
Сен бир қувонч, шиддатидан кўзим ёшланур»***.

Тунлари тўшакда хаёлан у билан суҳбатлар қуради, хаёлан уни қучади, ўпади.
Хуллас, ўн саккиз яшар шайдо йигитчани кўрмадим деманг!
Бироқ, у ҳаддини яхши билади. Биладики, ўзи тепакал, пакана, пачоқ бир бедаво, тағин — бола-чақали ўрта яшар одам. У эса — айни чаппор урган гулдай жувон. Бамисоли ер билан осмон!
Унда бу нотавон кўнгил нимани истайди, муддаоси не?
Мана шу кал, шўрпешона бошни ул санамнинг кўксига бир борагина босса, санам унинг ана шу толесиз бошини силаса, шунда у тенгсиз бу бахтдан йиғлаб юборсаю санам ҳам қўшилиб йиғласа…
Шугина, бошқаси керак эмас. Бошқа армони қолмасди дунёда.

«Дунё сўрармидим сендан, азизим…»****

«Аммо сен ўзгалар базми ила банд».

____________
* Йўлдош Эшбек сатри.
** Алишер- Навоий сатри.
*** Ўлжас Сулаймондан.
**** Асқад Мухтордан.

13

Пакана Нуралига очиқдан-очиқ ҳасад қилади. Нурали театрда камдан-кам кўринади. Ярим ҳиссами, чорак ҳиссами ишлайди, аммо тайин нима иш билан шуғулланишини ҳеч ким айтиб беролмайди. Бир-икки марта «моховга ошно» мақомида афиша ёзганини билади Пакана. Аллақайда даллоллик ширкатида ишлармиш. Тўликжон билан зўр. Тўликжон унга индамайди, қайтага, хосхонасини бўшатиб берган. Ўзи бош режиссёрнинг хонасида «яшайди». Бас дегунча истеъдодли, тиришқоқ бу икки санъат фидойиси, соқоллари ўсган, кўзлари киртайган, қотган нон кавшаганча эртаю кеч, баъзан тонгга қадар бедор ўтириб доҳиёна асар саҳналаштириш режасини тузади, шундан чарчамайди.
Тўликжон ҳам қизиқ. Номи — бош рассом. Аммо қўли остидагилар билан мутлақо иши йўқ: ким бор, ким йитган, қаерда, нима иш қиляпти. Унга шу режадош ошнаси — бош режиссёр бўлса бас, Нуралими, Эралими, билган номаъқулчилигини қилиб юраверсин! Ўзи бетайин бўлгандан кейин… Ўзбекча гап сўрасангиз, ўрисча жавоб беради. Асл исми Толибжон, ҳамма Толик, Толя деб атарди, театрнинг олдин қишлоқ хўжалик вазирлигида ишлаган, кал бошига чуст дўппи киядиган кекса директори «Тўликжон» деганига шундай бўлиб кетган.
Нуралига келсак, у ана шу ҳур, бемалолчилик муҳитида яйраб юрибди. Пакана унга ҳасад қилиши бежиз эмас. Нурали — новча, Пакана унинг, кўкрагидан ҳам келмайди. Лекин роса қоқичак, айниқса, найновсираб, алвасти сочларини у ёқдан-бу ёққа жилпанглатиб юришини кўрсангиз! Чакакбашара, сийрак соқол-мўйлов сал одам қилиб туради-да. Кўзлар денг писка билан эрмакка тилиб қўйилгандек. Эгнида — ўзини билган одам ор қиладиган антиқа кийим-бош. Ҳаммадан ажралиб турай дейди-да касофат. Аммо ўзи ўлгудек хушмуомала, киришимли. Оврупоча таълим-тарбия кўрган падарқусур замона зайли билан зўр бериб «ўзбек бўлмоқ»қа тиришади, мулозаматни кулгили даражада ошириб юборади. Саломлашганда теракдек қоматини икки букиб, маврид-бемаврид «катта раҳмат» дея кафтини кўксига қўйиб туради. Гўё раҳматнинг майдаси ҳам бўладигандек, гўё уни худо номидан ўзи ўлчаб-миеқоллаб берадигандек. Раҳмат дегин-қўй, баччағар, худонинг раҳматига сен даллолмисан?
Бу касофатнинг тағин не бир хислати борки, қиз-жувон унга пашшадек ёпишгани ёпишган! Бозори чаққон. Хушрўй-хушрўй не-не нозанинлар сўроқлаб келади, эшиги тагида соатлаб кутиб ўтиради. Пакана ул-бул юмуш билан у хонага бош суқиб кўрган. Олдиларида бир финжон-бир финжон қаҳва, тамакини бурқситиб, бўлмағур гаплардан валақлашиб ўтиришади.
Мана шундай улфатпараст, ширинсухан йигит, айтишларича, уйидан безор, хотину рўзғорига қарамас эмиш. Эгизагини олдига солиб, хотини унинг устидан бир-икки марта директорга арз ҳам қилиб келди. Ёшгина, кўҳликкина жувон тап тортмай нима дермиш: «Икки ойдан бери ётмайди бу номард!» Начора, унга ҳам алам қилади-да. Ажрашайин деса — «номард»нинг отаси судми, прокурорми, ишқилиб, роса пулдор, давлатманд; ҳашаматли ҳовли-жойни ташлаб, икки гўдаги билан қаёққа борсин? Индамай юраверай деса — «бу номард икки ойдан бери ётмайди», бундан кейин ҳам ётмаслиги мумкин… «Ёшликда бўлади-да, келин, хафа бўлманг, қулоғини чўзиб қўямиз», дея юпатиб чиқариб юборибди вақтида ўзиям шўхроқ ўтган директор. Айбдор эса ерга қараб мунофиқона тиржайиб турганмиш: «Ну всё, Диля, кончай, пожалуйста, я же тебя люблю!»
Нуралининг аллақайда ўзи штаб-квартира деб атайдиган хилватхонаси ҳам бор эмиш. У ерда нима савдо — Паканага қоронғи.
Сафсар келиб-келиб ана шу каззобнинг бозорига мижоз бўлгани аламли бедодлик эмасми?!

«Алданма, ёр, алдамчшар макрига,
Малак бўлма бевафо ишқ шаҳрига,
Улар сени бир босса бас бағрига —
Сени ҳеч ким севолмайди менингдек» *.

________
* Муҳаммад Юсуфдан.

14

Ногаҳоний муҳаббат Пакананинг ташқи қиёфасини ҳам ўзгартириб юборди. Илгарилари аксарият мўйқалам соҳибларига хос бир палапартишлик билан дуч келган матоҳни эгнига илиб, иягига ҳафталаб устара теккизмайдиган одам — сипо, озода кийинадиган, соқол-мўйловини баҳафсала кузаб-бежаб юрадитан бўлиб қолди. Иттифоқо, ҳеч гапдан бехабар ғафлат бандаси Арофат ўша кунлари одатдагидек меҳрибонлик билан «Здоровье» журналини кўтариб келди. Унда бўй ўстиришга оид ибратли тавсиялар чиққан экан. Айни муддао. Шу маслаҳатларга амал қилган биттасининг бўйй бир қаричча узайганмиш. Бир қарич тугул, бир энли узайса ҳам қанийди!
Пакана маслаҳатлардан энг ўнғай ва серзавқроғини танлади — турник. Ҳар эрта қўни-қўшнига томошаю овора бўлиб ҳовлидаги болалар ўйингоҳига чиқиб юриш шарт эмас. Осонгина йўли бор экан. Пакана уйларининг орқасидаги эски-тускилар уюлиб ётадиган ташландиқдан кўпинча ишхоналарда бўладиган узун, ялтироқ кийим илгични топиб келди. Даҳлизининг энига мослаб икки ёнидаги ортиғини кесиб ташлади. Бир учидан чиққан қўш қулоқли қалпоқчасини устахонада тенг икки бўлакка бўлдириб, йўғон михга яраша катталикда тешдириб олди. Қулоқчаларни шифтдан пастроққа, бўйига мўлжаллаган ҳолда, икки деворга маҳкамлаб михлади. Ялтироқ мисрангни ана шу қулоқчаларга кийгизган эди, тап-тайёр турник бўлди-қолди, уйга кирган-чиққанда бемалол осилиб, машқ қилиб кетавериш мумкин. Меҳмон-излом келганда эса, ҳалиги темирни қулоқчаларидан чиқариб, бир чеккага олиб қўйса ҳам бўлади. Ана сизга хонаки машқу муолажа!
Пакана энди ҳар эрта қўлбола турнигига тортанакдек осилиб машқ қилар, ундан кейин одатдаги бадан-тарбияга ўтар эди. Вужудида аллақандай қувват пайдо бўлиб, ўзини хийла тетик сезиб қолди. Энди илгариги ланжлик, лоқайдлик йўқ, юриш-туришлари дадил, гап-сўзлари ҳам қатъият касб этган, ғайрат жўш уриб турибди, кўнгилда эса — муҳаббат алангаси!
Майли-да, бўй ўсмаса ҳам кўнгил ўсгани кифоя.

15

Ниҳоят, у келди. «Ваъдага вафодор малак»*. Пакана бўлажак асарини ўзича олдиндан «Умид» дея номлаб, мўйқаламни қўлга олди.
Сафсар уч мартами-тўрт марта бир соатдан ўтириб кетди. Қизчасини боғчадан олиши керак, кечқурун — спектакль. У кетгач, атиги бир соатлик меҳнатдан Пакана паккага етган улоқчи отдек сулайиб, ҳозиргина Сафсар ўтирган қулай сават курсига чўзилиб қоларди. Ҳар гал шундай. Ҳаяжону зўриқишдан. Бўлмаса, ортиқ гап йўқ, сўз йўқ. Иш, иш.
Ғалати қиз экан. Дастлабки таассуротга ҳар доим ҳам ишониб бўлмаслиги рост. Ҳалигина очилиб-сочилиб бир нимани гапириб ўтиради-ю, лаҳза ўтмай дафъатан сипо тортиб, ўйчан, маъюс, бир нуктага тикилиб қолади. Пакана эса нима деб гап қўшишга ҳайрон. Ўртада девор бор — ҳаяжон девори, бегоналик девори, номуносиблик девори… Умид, умид! Сабр, сабр!
Атиги бир неча соатлик бу ишчан, аммо соқов мулоқотлардан Пакана Сафсар ҳақида билганидан ортиқ деярли ҳеч нарса билолмади. Гап сўрасангиз, таажжубланган каби афтингизга тикилиб қолади, жавоб бермайди. Кейин, бир маҳал ўзига келгандек, бир оғизгина «ҳа» ё «йўқ» дея негадир аянчли кулимсираб қўяди.
Лекин бу қизга бежиз кўнгил қўймаганини Пакана иш жараёнида, унга, унинг юз ифодаларига тикилиб-тикилиб қараган чоғларида англади. Бир пайт фавқулодда мўйқалам қўлидан тушиб кетди: Сафсар ғоз бўйнини шундай бир улуғворона мақомда бурдики!..
У ҳар гал ҳар хил қиёфа, ҳар хил кайфиятда, гўё бошқа одамга айланиб кириб келар, олдингига ўхшамас эди. «Янги ва янги, хилма-хил». Барчаси бирдек ёқар Паканага, лекин — ажабо! — соатлаб термилган, сиймосини тасвирга кўчираётган суюкли одамининг қиёфасини ўзи кетгач, ҳарчанд эслай, кўз олдимга келтирай деса, уддасидан чиқолмас эди. Бошқа таниш-билишлари, ҳатто кўча-кўйда бир-икки мартагина учратганларининг ҳам афт-ангори ёдида, уники — йўқ. Кўзники бошқа, кўнгилники бошқа экан-да. Айниқса, теран ўрнашган бўлса у!
Яна Паканани ажаблантирган ҳам ранжитган жойи шу бўлдики, Сафсар чизилаётган суратини кўрмоққа бирор дафъа рағбат билдирмади. Сабабини шундай изоҳларди: «Кейин қизиғи қолмайди. Санъат сирли бўлиши керак». Воқеан, бир гал гап орасида: «Қушга ўхшатиб чизинг, учи-иб кетаётган қушга ўхшатиб», дегани рост.
Умуман олганда, портрет осон битди, деса бўлади. Чунки бу сиймо, бу юз ифодалари Паканага ёшлигидан таниш, зеҳнига муҳрланиб қолган, йиллар давомида сайқалланиб, нурланиб келган, сираси, сал бошқачароқ ҳолатда уни аввал ҳам бир марта «Орзу»сида акс эттирган эди. Энди у «Умид» бўлиб, баркамол қиёфада жонланмоғи керак.
Иш пайти Қамаранинг икки карра келиб остонада лаб қимтиб тургани! Нияти аён бу ёсуманнинг!
— Кўриб турибсиз-ку, Қамара опа, бандман, — деди Пакана ўзи ҳам кутмаган совуққонлик, айни чоқда бир зарда-қатъият билан. — Бизга халақит беряпсиз.
Кейин ўйлаб ўзи ҳайратда қолди. Шу бир оғизгина гап билан, ортиқча изоҳга ўрин қолдирмай, ҳар икки томонга муносабатини билдириб улгурган экан. Бандман! Халақит беряпсиз. Бизга! Сафсар иккаламизга.
Кўриб турибсиз — биз бандмиз. Сиз эса атай халақит беряпсяз, Қамара опа! Қамара опа бизга, иккаламизга халақит бермоқчи, Сафсар, кўриб турибсиз!
Асар асосан пардоздан чиқиб, якунловчи чизгилари қолгакда режа бузилди — театр жамоаси Наманган сафарига отланди. Одатдагидек, Сафсарнинг фурсат топиши қийин бўлди.
Шу тариқа, портрет ҳам, бошқаси ҳам чала қолди. Насиб этмаган экан.
Театр жамоаси жўнаб кетгач, ҳаммаёқ ҳувиллаб, Пакана шўрлик девона бўлай деди. Бирор баҳона билан уларга қўшилиб олмаганига афсусланди. Кун санаб ўтказди «Дунёмидинг, рўёмидинг…»
______________
* Усмон Носир сатри.

16

Орзуманд Паканамиз саргузаштларининг бу ёғи тасодифлардан иборат. Уларни Пакана ҳам, биз ҳам тўқиб чиқарганимиз йўқ. Зинҳор-базинҳор. Аслида тасодифларга тулиқ ҳаётнинг табиий изми бу. Фақат, сизу бизга шундай туюлади.
Театр сафардан қайтган куннинг эртасига Пакана таътилга чиқиб, оёқоғриғини даволатгани, қарангки, худди ўша томонга — Чортоққа кетадиган бўлиб қолди. Таътили — маълум жадвал бўйича, йўлланмаси ҳам айнан ўша кундан эди. Нимаси тасодиф бунинг?
Пакана охирги иш куни кечқурун уйга қайтаётиб автобусда кимни учратди денг?
Қўлида оғиргина тугунча, Сафсар Юнусободда яшайдиган опасиникига йўл олган экан. Бунинг нимаси тасодиф?
Пакана дарҳол унинг қўлидан юкини олиб, сафар қандай утганини, таассуротларини суриштира кетди.
Сафсар негадир ғамгин, хомуш эди. Беҳафсала жавоб килди. Пакана буни чарчоққа йўйди. Сафар ҳаётини ким билмайди? Айниқса — бетартиб, тўполон жамоавий сафарларни!
Суҳбатлари унчалик қовушмаган бўлса-да, автобусдан тушилгач, Пакана Сафсарни манзилига қадар кузатиб қуйди. Хайрлашаётиб, портретни таътилидан кейин, худо хоҳласа, кузда битиражакларини айтди.
— Шунинг битмагани яхши, — деб қолди Сафсар кутилмаган бир шўхчанлик билан. — Битган нарсаларни хуш кўрмайман. Битди дегани — тугади, тамом бўлди, дегани-да, шунақамасми? Чаласи яхши, доим шуни ўйлаб юрасиз. Иннайкейин, бу дунёда мукаммал нима бор ўзи? Ҳа, дарвоқе, Намангандан мен сизга совға олиб келганман. Нималигини кўрганда биласиз. Ўйланг, қани, топа олармикансиз?
Пакананинг кўнглида чироқ эмас, машъала ёнди. Мурғак бир умид билан қизга тикила-тикила хайрлашди у.
Кечаси худди ана шу манзара — кузатув манзарасини Пакана қайтиб тушида кўрди. Иккаласи ғира-шира оқшом палласи сокин, икки чети дарахтзор хиёбон бўйлаб кетиб боришаётир. Иккаласи-да шод, бахтиёр. Пакана қараса — бўйи унчалик паст ҳам эмас, Сафсардан тикроқ, ҳатто баланд эмиш! Туйқус ёнларидан ўсмир ёшидаги бир йигит-қиз қўлтиқлашиб ўтибди. Қизи эмиш! Беш-олти қадам узоқлашгач, у орқасига қараб қичқирармиш: «Барибир паканасиз-ку, адажон, ўзингиздан баланди билан юриб нима қиласиз? Қаранг, унингизнинг оёғи чўлоқ экан, чўлоқ экан, чўлоқ… Сиз — пакана, пакана, пакана…»
Пакана уйғониб кетиб, таажжубга тушди. Кеча, ростдан ҳам, ёнларидан новча-новча бир йигит-қиз ўтган эди.„ Лекин қўлтиқлашиб эмас! Шунчаки, гаплашиб. Кимдир орқадан нимадир дегандек ҳам бўлди. Эҳтимол, ўзаро бир гапдир, Пакананинг қулоғига киргани йўқ, у том битган эди ўша тобда. Аммо, қизнинг эгнидаги қора лас майка ёдида, негадир шунга эътибор қилибди. Майкада зардўзлик билан ишланган аждар тасвири бор эди…
Арофатнинг айтишича, тўнғич қизлари Ҳилола бир синфдоши билан дўст тутинганмиш. Шунчаки. Тағин ҳар бало хаёлингизга келмасин. Баланд бўйли, бақувват бола экан. Ҳув, телевизорга чиқиб деҳқонларга пахта экишни ўргатадиган бароққош киши бор-ку, ўшанинг ўғли. Ҳилолани ҳар хил хира безорилардан ҳимоя қилиб, қўриқлаб юрар эмиш. Қўриқчимизнинг ҳимматига балли-ю, лекин… ҳар ҳолда қиз бола, ҳали ёш… Пакананинг ғаши келганини кўриб, Арофат койиб берди: гўдак-ку, ниманинг фаҳмига борарди, аммо эси жойида, ўзига пишиқ-пухта, ташвиш қилманг.
Ҳилоланинг эгнида ҳам қандайдир қора майка кўргандек эди. Ҳозир ўшанақаси расм. Лекин, кўкрагида аждари бормиди, йўқмиди — буниси номаълум. Чақириб сўрай деса… ота-боланинг сири бирдан фош бўлади. Уят эмасми? Шармандалик эмасми? Ҳилола ўлақолса бўйнига олмайди: қара-анг, ҳаммаёқ аждарли майкага тўлиб кетган-у!
Бироқ, отасини танигани аниқ: бунақа пакана бу атрофда йўқ. Ия, ўзи-чи, ўзлари?
Йўқ, бу сир — сирлигича қолажак, уни очмоққа ҳеч қайси томон журъат қилмайди. Тиззаси йиртиқ иштрни йўққа кулгандек бўладй.
Ўйлай-ўйлай Пакана шундай фикрга келди: кўрган бўлса кўргандир. Пакана, боз устига кўримсизгина дадасинингки шундоқ соҳибжамол билан юрганини кўриб қайтага фахрлансин! Барибир келиб ойисига айтолмайди, ўғрини қароқчи уриб турган бўлса! Айтганида нима, қўрқаманми? Ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич. Бировдан тилқисиқлик, хижолатли жойим йўқ. Ҳамма эшитсин, билсин: мен шу аёлни яхши кўриб қолганман, Сафсарни яхши кўраман, яхши кўраман, жонимдан ортиқ!..

17

«Дунёмидинг, рўёмидинг — билмадим».
Пакана Чортоқдан қайтиб, ишга чиққан куни мудҳиш шумхабарга дуч келди.
Театр долонидаги мармар устуннинг пойида ўзи яратган «Умид» турар эди! Четлари қора ҳошияга олинган, берироғида бир даста гул…
Телбаланиб қолган Пакана бу ерда қанча турганини ўзи билмайди. Бир маҳал кимдир елкасидан қучиб олиб кетди. Тўликжон экан.
— Да-а, старик, печально, конечно. Такая красавица, жаль!
Кейин қаердадир ўтиришди, чойми, қаҳвами ичишди.
Тўликжоннинг айтишича… тил бормайди… Сафсар ўзини осиб қўйганмиш! Бу фожиага ўн кунлардан ошибди. Бир эрта ҳадеганда хонасидан чиқавермабди. Эшикни очиб қарасалар… шу аҳвол. Ақл бовар қилмайди. Шундай ёш, гўзал қиз! Ҳар хил тахмину тусмол. Бировлар «Душмани дори ичирган», дермиш. Чамаси, уйидагилар ниманидир яширишаётир. Асабдан бўлган, асаби чатоқ эди ўзи, деган гаплар ҳам бор. Бир кунми-икки кун олдин собиқ эри келиб кетган экан. Нега келган, ораларида нима гап кечган — ҳеч ким билмайди. Бировнинг ҳаёти бошқа биров тубини кўролмайдиган қудуқда. Аттанг, биз уни бош режиссёр билан Офелияга мўлжаллаб турувдиг-а! Жуда истеъдодли қиз эди. Таъсирчан, худди Тургеневнинг қаҳрамонларига ўхшарди. Начора — ҳаёт! Қўлингдан нима келарди? Ҳа, дарвоқе, ўша куни дурустроқ сурати топила қолмади, сенинг ишингни олиб осиб қўйдик, хафа бўлмассан. Ҳошияни ўзим ясадим, керак бўлса, секин қийиб ташлаш мумкин. Ўлик фотодан кўра буниси яхшироқ-да. Жонли, оригинал… («Жонли, оригинал…») Бу ёқда мана шунақа гаплар, оғайни. Хўш, ўзингдан гапир, дам олиш қандай ўтди?..
«Дунёмидинг, рўёмидинг — билмадим».
Пакана бир ойлар ўзига келолмай юрди. Сира ишонолмас, кўниколмас эди бу ҳодисага. Гўё бу гаплар уйдирма, гўё Сафсар тирик, қаёқлардадир юрибди, йўқ, ўшанда эри, нашаванд, аблаҳ эри билан ярашиб, Самарқандга кетиб қолган… Лекин — тирик! Кошки шундай бўлса эди!
Портретни олиб келиб, Тўликжон айтгандек, ҳошиясини қирқиб ташлади-да, хонасига осиб қўйди. Асар энди қандайдир мукаммал бир маъно касб этгандек эди. Ногаҳон узилган умр уни гўё якунлади. Ўзи яратган бу хотира илоҳага Пакана соатлаб термилиб ўтиради. Унинг дунёга келиш тарихини, Сафсар билан бирга кечган онларини қайта-қайта кўз олдидан ўтказади. Кейин марҳуманинг ўзи кўрмаган, билмаган сўнгги кунларини, сўнгги лаҳзаларини хаёлан тасаввур қилади, қўрқиб кетади, мислсиз изтиробларга тушади. «Ўша дамларда бирор марта бўлсин хаёлидан ўтганмиканман?» деган бесамар умидларга боради. Сўнг бу худбин ўйдан қочиб, ўзидан ижирғаниб кетади. Яна бошдан бошлайди…
Ўтириб-ўтириб, кўзларига дувиллаб ёш келади. «Учиб кетаётган қушга ўхшатиб чизинг», деган эди. Учиб кетди… Сенга нима бўлди, Сафсар — кеч топиб, эрта йўқотган малагим? Мен сендан ҳеч нарса тиламас эдим-ку, Сафсар, бунга ҳаддим ҳам, ҳаққим ҳам йўқ эди. Бирдан бир тилагим: мана шу ёруғ дунёда омон юргин эди, яшагин эди, Сафсар, шунинг ўзи менга дунё эди. Нега бундай бўлди? Кимга ёмонлик қилган, кимга оғиринг тушган эдики, бу дунёга сиғмадинг, Сафсар? Биламан, биз номуносиб эдик; начора, худодан ўзгасига нолам йўқ. Лекин кўнглим сенга муносиб эди, мойил эди, Сафсар, сеники эди у, асли сенга аталган эди. «Сизга Намангандан совға олиб келдим», деганларинг, аммо нималигини айтмаганларинг! Нима эди у, Сафсар? Рос-дан, менга аталганмиди? Энди ҳеч қачон билолмасман буни, Сафсар. Энди сендан менга ёдгор бўлиб армонга айланган мана шу «Умид» қолади. Яхши кунларингга атаб чизганим, эвоҳки, қора кунингга яради, Сафсар. Сен бу оламда мендек бир нотавон борлигини, у сенга талпиниб яшаганини кўриб, билиб кўз юмдинг, Сафсар. Қорачўғингда кетдим, Сафсар, шунинг ўзи мен учун ҳар недан ортиқ. Сен эса менинг кўнглимда қолажаксан, Сафсар. Ҳамма унутар, ёр-дўстларинг унутар, ота-онанг унутар, қизинг унутар, аммо менинг кўкрагимда қоласан. Кетсам, кўнглимда кетасан, Сафсарим! «Дунёмидинг, рўёмидинг — билмадим», билмай ўтарман, фариштам! Ле-кин шуниси ҳақиқатки, «сен бор эдинг — мен бор эдим дунёда».
Орадан бирор ойлар ўтиб-ўтмай, Пакана учун яна бир хунук ҳодиса рўй берди. «Умид» йўқолди! Уни қайси бир худобехабар кириб хонадан кўтариб кетибди. Пакана зор қақшаб тўрт тарафга югурди, сўрамаган одами қолмади. Йўқ, йўқ.
Кимга керак бўлди у, нима учун? Жумбоқ. Бу оламда жумбоқ кўп, шулардан бири.
Сафсардан қолган ёлғиз ёдгор — «Умид»дан ажралгач, Пакана расмонасига касал бўлди. Шифохонада ётиб ҳам чиқди. Кейин-кейин «Умид»ни хаёлан қайта тикламоқ ташвишига тушди.
Вақт ўтиши билан ҳар қандай яра битар экан. Битди. Табиатан ўксик яралган кўнгилга яна бир доғ қўшилди, ўрнашди.
Дунёмидинг, рўёмидинг…

18

Кунлардан бир кун Пакана мойбўёқ истаб бадиий ашёлар дўконига борганида, сира ёлғиз юролмайдиган Нуралини, одатдагидек иккита ўрис қиз билан кўриб қолади. Қизлар «Потом, потом, как-нибудь» дея хайрлашиб кетишгач, ёлғизликдан қўрқиб Нурали уни «штаб-квартира»сига таклиф қилади. У қадар ош-қатиқ бўлмасалар-да, қизиқувчанлик важидан, қолаверса, пинҳона бир илинж билан (йигит киши ўйламоққа ҳам уялади-ю… ҳар ҳолда, Сафсарга алоқаси бор эди, раҳматлини кўрган, билган…) таклифга кўнган Пакана кўчанинг нарёғига ўтиб, озиқ-овқат дўконидан харажат қилиб келади. Тўққизинчи қаватда жойлашган устахонасининг эшигига етганда Нурали: «Момент! Мен сал тартибга солай», дейди маънодор қилиб. Пакана у ерга киргач, ҳайрон қолади: тартибга соладиган нарсанинг ўзи йўғ-у бунда! Ўртада оёқлари чалмашган пастак думалоқ стол, икки тарафида иккита сават курси, бурчакда қуп-қуруқ баҳайбат дастгоҳ, тўшаги қўқиб ётган кенгиш каравот. Бўлди, шу. Деворларда яккам-дуккам расмлар, кўпчилиги Паканага таниш — бошқа рассомларники, ана, имзолари ҳам кўриниб турибди.
Рассомнинг устахонаси эмас, қуруқвойнинг хилватхонаси-ку!
— Ўзингнинг ишларинг қани? — деб сўрайди бу ерда иш-ижод шарпасини сезмаган Пакана.
— Ўзимнинг ижодимни уйга элтиб ташлаганман, — дейди Нурали бепарво илжайиб. — Бир қисми кўргазмада. Москвада. Кўрмаганмисан?
Московга бориб унинг ижод намуналарини кўриб келмаган, умуман, пичоққа илинадиган бирон асарини билмайдиган Пакананинг ҳайратдан боши қотади: шаҳарнинг қоқ марказидан бунақа жойни ким берди бунга? Нима каромати эвазига?
— Ижод-пижодни қўйиб тур, ке, аввал отайлик биттадан, — дейди Нурали бесабрлик билан шишанинг оғзини очиб.
Ичадилар.
— Қоидасини биласан-а: биринчи қадаҳ билан иккинчисининг ораси беш минутдан ошмаслиги керак!
Яна. Такрор ва такрор. Ундан-бундан валақлашиб шишани соб қиладилар. Тағин ичгилари келади. Жўмардлиги тутиб Пакана чўнтагидаги бор пулини чиқариб беради.
— Айн момент! — дейди Нурали пинжагини кифтига илиб. — Қоровул. Сени танимайди. Беш секундда тушиб-чиқаман. Ана, каравотга чўзилиб, дамингни олиб тур.
Пакана каравот томон ўтаётиб дастгоҳнинг орқасига тушиб ётган аллақандай картонга кўзи тушади. Нафис хитойи картон таниш кўринади. Юраги беусул дукиллаганча аста унга қўл узатади.
Ўша!.. Бир четидаги, жуссасига монанд ихчамгина, саранжом имзонинг устидан қалин, қўпол қилиб «Нур» деб ёзилган. «Кўргазма»сига олиб келган экан-да… Аблаҳ!
Пакана портретни авайлабгина аввалги жойига қўйгач, титроғини босиш учун келиб столдаги чойнакни жўмрагидан кўтаради, сипқаради. Сўнгра ўзини осойишта тутишга уриниб, ҳеч нима бўлмагандек, сават курсига ястаниб олади.
Нурали шиша қўлтиқлаб келади. Бир қўлдан ичадилар.
— Сафсар бу ерга келганмиди? — деб сўрайди шерга айланган Пакана тўсатдан, Нуралига тик қараб.
— Сафсар? Қанақа Сафсар? — дейди Нурали бир хил бўлиб, бўзаргандек. — Ҳа-а, ановими, Сафсар Нишонова? Жинни. Ўзини ўзи қилди у. Ҳар куни дори сўраб кирарди олдимга. Укам дорихонада ишлайди-да. Юраги сиқилиб, ҳаприқиб кетаверармиш. Ҳаётда алданганмиш-да, эри хиёнат қилганмиш. Подумаешь! Бу дунёда ҳеч кимга ишониб бўлмасмиш. Жинни. Ўзига ўзи қилди. Леқин-чи, яхши нарса эди. Шунча уриндим, келмади. Ўлгудек тажанг, асабий қиз эди. Опкелганимда-ку… Ҳайф кетди, эсиз!..
— Ўлган одам ҳақидаги гапингми бу? — дейди шусиз ҳам тарс ёрилай деб ўтирган Пакана титраб.
— Қўйсанг-чи! «Ўлган одам» эмиш. Ҳа, нима қипти? А, олдин тирик эди-ку? Зўр эди аммо!
— Нурали! Ўйлаб гапиряпсанми ўзи? Сен… сенга нима бўлган? Ё мастмисан?
— Ҳеч нима. Шунчаки, ўзим.
Қадди шамшод, башараси маъносиз-ифодасиз, қўлларини кўкрагига чалиштирганча совуққина кулимсираб турибди. Шунчаки, ўзи. Ўзи, шунчаки. Дод!
Пакана шу тобда унинг кимлиги — моҳиятини аниқ англаб етгандек бўлади. Бу энағар, қўлида ўтмас пичоқ, беғам, яйраб яшайди. Бирор нарсанинг оқибатини ўйлаб ўзини койитмайди. Пичоғини бўғзингизга қадаб, «ўзим, шўнчаки» деб тураверади. Сурбет, ёвуз. Тавба, қизларга шунақаси ёқар экан-да? Ўзига ўхшаган ёки текин саргузашт қидириб юрган нодонларга ёқса керак-да. Ҳа, булар бошқа, бошқа тур одамлар.
Пакананинг дами ичига тушиб кетган. Сўз йўқ. Нима десин? Дод!
— Номард экансан, Нурали! Маразнинг ўзгинаси!
— Ни-има? — Нурали кутилмаганда уни бир қўллаб гирибонидан олади-да, кучуквачча мисол питирлатиб эшигидан ташқарига отиб юборади. — Жўна! Калта! Лиллипут!
Пакана бориб тушган бурчагида ётиб эшикни тепа бошлайди. Эшик очилади.
— Сафсарни бер!
— Нима деяпти бу? Жинни бўлдингми?
— Портретни опчиқ!
— Қанақа портрет?
— Опчиқ, деяпман! Бўлмаса!..
Бир зумдан сўнг қия очиқ эшик оша тўрт бўлак қилиб йиртилган алланима оёғи остига келиб тушади. Пакана фиғон аралаш уни териб қўлтиғига қистиради-да, зина томон юради…
Кўчага чиққач, ёнида таксига пули йўқлиги эсига тушади. Шитоб билан елиб бораётган, негадир «шох»сиз троллейбусга қўл кўтаради. Троллейбус тўхтайди. Чиқса, ичида битта ҳам йўловчи йўқ. Вақт алламаҳал бўлиб қолибди-да.
— Жон оғайни, мени Юнусободга элтиб ташла, — деб ялинади Пакана ҳайдовчи йигитга.
— Троллейбус паркка боради, — дейди дароз бўлиб ўтирган ҳайдовчи йўлдан кўз узмай.
Дафъатан Пакананинг кўзи пешойнага ёпиштириб қўйилган суратга тушади. Воажаб, «Орзу»ми? Ўзи бехабар, яна чиқибди-да бу? Қайси барака топкурнинг ғаладонидан топила қолди?
— Оғайни, тўхтат аравангни.
— Ҳа, келдингми Юнусободга? Мана, туш.
Пакана чироқни ёқдириб, расмни синчиклаб кўздан кечиради. Аллақайси тадбиркор ширкат босиб чиқарибди, тагида илон йилининг тақвими. Муаллиф ёнидан фломастер олади-да, расмнинг қуйи қисмидаги «Орзу» сўзини ўчириб, «Армон» деб ёза бошлайди.
— Ўв-ўв, нима қиляпсан? Туш ҳозироқ машинадан, пиёниста!
— Нима қилсам — ўзимнинг ишим, ўзим ишлаган расм!
— Нима деб валдиряпти бу? Туш деяпман, ҳўв пакана!
— Ишонмайсанми? — Пакана қўлтиғидаги тўрт бўлакни олиб, унинг олдига териб қўяди. — Қара, ўхшайдими?
— Ўхшайди, — дейди йигит бир унисига, бир бунисига тикилиб. — Севаранинг худди ўзи! Сен уни қаёқдан биласан?
— Отини нима дединг?
— Севара-да. Бирга ўқиганмиз мактабда. Институтда ўқимагансан деб, мени ташлаб, бир олифтага тегиб кетди. Яхши кўрардим. Ҳозир ҳам яхши кўраман. Ичмаймизми? Менда биттаси бор. Уйга опкетаётувдим. Эсга тушиб кетди-да…
— Яхши кўрган бўлсанг, ҳалиям эслаб юрган бўлсанг, тузук йигит экансан. Ке, олдин танишиб олайлик. Менинг отим Пакана.
— Паканалигингни кўриб турибман, исмингни айт.
— Исмим ана, ёзиб қўйилган. Минг айтганим билан барибир мени пакана деб ўйлайверасан…
Троллейбус елиб бормоқда.
— Қаёққа кетяпмиз, ҳўв оғайни?
— Юнусободга, уйингга.
— Уйимга троллейбус бормайди, бу ёқда қолади.
— Боради. Бордирамиз! Бу — «йўлтанламас»!

19

«Шох»сиз троллейбус чиндан ҳам «шох»сиз — йўл танламас экан. У аллақандай нотаниш даланинг қоқ ўртасига бориб тўхтайди.
Тун бўлишига қарамай, осмон ёруғ, зангори, паға булутлар сузиб юрибди. Куз бўлишига қарамай, атрофда баҳор нафаси — гул, чечаклар. Қаердадир жилдираб сув оқади, қаердалиги номаълум. Кузда шундай жилдирайди. Баҳорда шундай жилдирайди. Майсалар майин елпиндида аста шивирлашади, сирлашади, ҳасратлашади. Одамларга ўхшаб. Баҳорда шундай, баҳорда. Кузда эса куйиб-куйиб йиғлашади — хазон, хас-хашак… Айрилиқдан, ҳижрондан. Одамларга ўхшаб. Шоирлар шундай дейди, қайдам. Биз айтамизки, кўнгил кўнгилга мос тушса, айниқса, ҳамдард чиқиб қолса, бас, гулу хазон — барибир, изғирину шабада — барибир, кузу баҳор — барибир.
Ҳамроҳлар рўбарў, чимзорга ёнбошлайдилар.
«Уйга опкетилаётган» матоҳ ўртага қўйилади.
Шунчаки тасодифий улфат эмас булар. Ҳамдард. Сирдош. Минг йиллик қадрдон. Муштарак кўнгиллар. Бири пакана, бири — дароз. (Шунақалариниям ташлаб кетаркан-да кизлар!..)
— Муҳаббат йўқ экан дунёда…
— Бевафо кўп экан дунёда…
Ҳасратдошлар — тун, қоронғи, хилват, ҳеч ким кўрмайди, айб килмайди — баралла овоз қўйиб увлашади. Ўртадаги сабил тугайди. Дард-ҳасрат ҳам адо бўлгандек саёз тортиб қоляпти. Боз устига — зах, нам баданга ура бошлаган.
Пакана эски дардидан сўз очади…
— Э, ғам ема, ўлимдан бошқасига чора бор! — дейди «минг йиллик қадрдони» беписандлик билан ва «ўлимдан бошқасининг чораси»ни таърифлай кетади, Пакана жон қулоғини бериб тинглайди. — Юр, сени ўша ерга олиб борай. Ҳали кўрасан, мендан ҳам новча бўлиб кетмасанг!..
— Энди бефойда, — дейди Пакана ишонар-ишо-мас, аммо кўнглида умид чироғи липиллаб. — Энди Сафсар йўқ…
— Ке, бўй алмашамиз: сен новча бўласан, мен — пакана. Чунки менга энди бўйнинг аҳамияти йўқ. Новчаманми, паканами — барибир, Севара ташлаб кетган… Анови расмни яна бир кўрай…
Пакана тўрт бўлак қоғозни қўйнидан олиб, чим устида ундан «Армон» ясайди.
Икковлон чўнқайиб ой ёруғида унга термилади.
— Бевафо Севара…
— Шўрлик Сафсар…
Бир дунё алам-ҳасратни далага ташлаб, «шох»сиз троллейбус шаҳарга қайтади.
Ажабо, Пакана неча йил юриб бу шаҳри азимнинг қоқ ўртасида шундай аломат гўша борлигини билмас экан.
Ҳозирги Мустақиллик майдонига ёндош трамвай йўлини кўргансиз, ўшанинг бери ёғида, эски кутубхонадан юқорироқ бир хилватда деворлари баланд-баланд шундай азамат қўрғон бино эдики, нақд подшолар давридан қолган оқсуяклар чорбоғи дейсиз! Деворлари сиртдан кўҳна (дарҳақиқат, овлоқ бир жойида «Сталин кўчаси» деб ёзилган тунука лавҳа ҳам турибди), емирилган-нурагандек кўрингани билан, ҳовлининг ичига кириб оғзингиз очилиб қолади. Кеч куз бўлишига қарамай, ҳаммаёқ гулу гулзор, оройиш-осойишталик ҳукмрон. Нимасидир Пакана бир пайтлар муваққат истиқомат қилган умумҳовлини эслатувчи, аммо чандон обод, ўрдадек кенг бу қадим чорбоғ серсоя арғувону кўркам жўкаларга кўмилган.
Киёматли биродари Паканани чорбоғ адоғидаги дов-дарахт, гулу буталар панасида кўринмай турган нисбатан ғариброқ, сирлироқ пастқам бир кулба сари бошлайди.
Кулба соҳиби худди бўсағага курси қўйиб, уларни кутиб ўтирган экан. Пакананинг ғамхўр ҳомийсини кўриши биланоқ унинг пойи қадамига ўзини юзтубан ташлайди — қурбонинг бўлай дегани, ихлос-садоқатининг изҳори. Меҳмон кифтидан тутиб уни тикка қилади.
Бу — боши ойна мисол сип-силлиқ кал, икки чаккасидан яккам-дуккам соч толалари елкасига паришон осилиб турган — баайни ўртаси тешик пўстакчани эрмакка кийиб олган шўх болакайдек ушоққина, бағоят кўҳна қуриялик чол.
— Шанг шунг сан хува чу! — дея у иззатли меҳмонига илтифот изҳор этиб кафтларини киндиги устида чалиштирганча вазмин таъзим бажо келтиради ва негадир унинг бурнидан тортиб-тортиб қўяди. Суйганимикан?
— Чу хува сан шунг шанг! — дейди меҳмон унга жавобан, сўнг Паканани кўрсатиб алланималарни маъни-дод қилади.
Нима деб вайсаяпти бу? «Жонини олсанг олгин-у, бўиини чўзиб бер», деяптими ё — «Суяги ўзиники, гўшти сеники», деяптими? Тавба, унча-мунча одам боласи тушунолмайдиган чулчутча тилни бу оддий аравакаш қаёқдан билақолди?
Ажабтовур қария Паканага ўгирилиб, кафтларини кўксида жуфтлаштирганча негадир ҳиндийча салом қилади.
Тилмочнинг маълумот беришича, қурияча салом билан ҳиндийча саломни чалкаштирган бу зот Ким Ир Сеннинг холаваччаси эмиш, вақти-замонида Чан Кай-шини, Мао Цзедунни, ҳатто Сталинни даволаган. Ҳитлерни ҳам даволамоқчи бўлган-у, самолётга патта тополмаган. Қўли роса енгил, ўзини Ибн Синонинг шогирди санайди, Тиббий муолажаларини мутлақо тан олмайди, Далай-ламани жинидан баттар ёмон кўради, айни кунларда эса, Шарқда маълуму машҳур ҳаким Абу Бакр ар-Розийнинг тиббиётга оид қўлёзмаларини дараклаб юрганмиш. Бирдан бир камчилиги, афсуски, она тилидан бошқа бирор тилни билмас экан.
Таржима асноси Ким Ир Сеннинг холаваччаси «шундоқ-шундоқ» дегандек ишшайганча бош ирғаб туради.
Ташрифнинг даромад қисми тугаб, ниҳоят, асосий ишга киришилади.
Шахсан ўртоқ Сталинни даволаган (қизиқ, нимасини даволаган экан — қоқшол қўлиними, бужур бетиними, пакана бўйиними ё… бедаво миясиними?) табиби калоннинг амри (таржима орқали, албатта) билан бемор, яъни Пакана шу ернинг ўзида, йўлакда қип-яланғоч бўлиб ечинади.
Ибн Синонинг шогирди беморни нимқоронғи бир хонага бошлаб киради.
Пакана хона тўридаги антиқа мосламали баланд ялтироқ каравотга зўрға тирмашиб чиқади-да, чалқанчасига чўзилиб ётади. Нуқул доҳийларни даволаган (Чингизхону Наполеондан бўлак — афсуски, булар олдин ўтган-да, йўқса, уларни-да даволаган бўларди!) зот унинг оёқларини жуфтлаб қайиш билан чандиб тортадию каравот адоғидаги нимагадир маҳкам қистириб қўяди. Сўнг худди ўшандай чайир, бақувват камарни кураклари оша қўлтиғи остидан ўтказиб, бош томонидаги алланимага ўрнаштиради. Ана шундан кейин бошланади ҳамма савдои қиёмат!
Ҳитлерни даволамоққа собиқ даъвогар оёғи остига таккурси қўйиб олади-да, бош тарафда туриб, қудуқдан сув тортгич ускунага десакмикан ё гўштмайдалагичнинг дастагига десакмикан, хуллас, шунга ўхшаш бир ҳалложисимон пишангнинг чамбарагини секин-аста айлантира бошлайди. Ҳар айлантирганда билган бирдан бир ўзбекчасини такрорлайди: «Якши, йок?» — «Оғрияптими, йўқми?» деганлари бу кишимнинг.
Аввалига қоматингиз тортилади, чўзилади, таранглашади, сўнг нимадир қисир-қисир қилади — суяклар, бўғинлар, қовурға, бел чаноғи, тиззанинг кўзи, тўпиқ; ана кейин кўзингизда чақмоқ чақнай бошлайди, ниҳоят, энангизни кўрасиз — сизни шундай ночор қилиб туққан энангизни, сизни шундай ит азобига гирифтор этган энангизни! Энг охирида — пакана эмас, жимит — лиллипут бўлиб ўлиб кетмоққа ҳам розиман дейсизу бақириб юборасиз:
— Йок, йок, йок!..
— Якши, якши, — деб қўяди жаллод ҳафсаласизлик билан. Кейин қаёқдандир қўлида шам пайдо бўлиб қолади. Ана шу шам ёруғида тилининг тагидан узун-узун игналар олиб, дуч келган жойингизга, йўқ, айнан жон томирларингизга ура кетади: якши — йок, якши — йок… Санчгани-ку майли, эрмакками бураб-бураб қўйганига ўласиз.
Ахийри, ҳаммаёғингизни игнабанд қилиб ташлагач, қимирламоқ у ёқда турсин, ҳатто дамингизни чиқаролмайсиз. Бамисоли Исо пайғамбар, чормихлаб ташлангансиз. Ул зоти шариф-ку бу азоб-қийноқларга эътиқод йўлида маҳкум этилган экан, сиз-чи? Шармандалик, шармандалик! Вужудингиз бўйлаб зирқиратувчи тўк югураётир — зир-зир, зир-зир.
Шундан кейин Якши Йок муолажанинг сўнгги, нисбатан енгилроқ босқичига ўтади. Камзули чўнтагидан думалоқланган-думалоқланган алланималарни олиб игналар устига ўрнаштириб чиқади-да, қўлидаги шамга туташтиради. Бош-оёқ гавдангиз бўйлаб учқун чақнаб, чирсиллаб тутун кўтарила бошлайди.
Шу ишларни чироқни ёқиб ёки қўлидаги шамни бир чеккага қўйибгина қилса бўлмасмикан, деган ўй тинчлик бермайди жафокашга. Жафокор эса бепарво, билганидан қолмайди. Ахир, у — Ким Ир Сеннинг холаваччаси, кимсан — Чан Кайши, Мао Цзедун, Сталинларни даволаган зот! Қолаверса, Ибн Синонинг мухлиси, Розийнинг бўлажак шогирди!
Нимқоронғи хонани баттар тутун босади. Исириқ, ўзимизнинг ҳазориспанд! Бояги азоблардан кейин роҳат, маза. Зеҳнингизни мудроқ чулғайди.
Кўзингизни очсангиз — хона ёп-ёруғ, оёқ-қўлингиз кишандан, аъзойи баданингиз игнадан озод — бўғинлардаги сал-пал оғриқни айтмаса, қушдек енгилсиз! Хона ўртасидаги курсига чиқиб олган мўъжизакор табиб қўлларини киндиги устига қўйганча тиржайиб қўштаъзим бажо келтираётир: якши — йок, якши — йок, якши — йок.
Оқибати яхшилик билан тугаган ҳамма иш хайрлидир, дейдилар. Балки шундайдир. Аммо бу оғриқ, бу хўрликларга чидамоқ!.. Начора! Бу рўйи оламда мукаммал бўлмоқ осон эмас, унинг мана шу каби азобу ташвишлари бисёр-беҳисоб. Ана шу синоқларга чидаган, бардош берганларгина мурод чўққисига етгуси.
Бошқатдан, бошқача бўлиб туғилмоқнинг иложи бўлмагандан кейин — начора? Жон чекмасанг, жонона қайда!
Муолажа баҳона қатнаб юриб Пакана бу ерда кимларни учратмади дейсиз! Бу шаҳри азимга келиб шу чоққача кўрган-билган сулув қиз-жувонларининг бари шу гўшанинг фуқароси бўлиб чиқди. Бунда фақат таниқли, донгдор одамлар истиқомат қилар экан. Ўзбек халқини зўр бериб ягона шўро қавмига қўшмоққа уринган байналмилалчи арбобу эл-улус қатағондан қалтираб жон сақлаган қора йилларда «Ватан обод, халқлар озод!» дея алёр айтиб чиққан замонасоз шоиргача — ҳамма-ҳаммаси шу ерда. Уларнинг кўпчилигини аллақачон ўлиб кетган, деб юраркан, қизиқ, ҳаммаси шу ерда, шу жаннат маконда даврон суриб ётибди. (Бировга ўлим тиламоқ гуноҳ-у, аммо ғофиллик унча катта айб саналмас.)
Пакана уларни танийди, улар Паканани — йўқ.
Айниқса, бир гал пештоқини томошапечак қуршаган кўркам иморат ёнидан ўтаётиб дераза олдида машҳури жаҳон Замирахонимни кўриб, ҳайратидан қотиб қолади: ҳалиям тирик экан-да?! Худо ўзи кечирсин, уни барҳаёт чоғларида ҳам — азбаройи ғофиллик — ўлган ҳисоблаб юрарди. Дарҳон тарафда уйи, томошахонаси борлигини эшитган, лекин ўзи аллақачон оламдан ўтган бўлса керак, деб ўйларди. Тўғри-да, ўзиям хўб унутилиб юра-юра, ҳеч кутилмаганда қайтадан довруғ таратиб, борлигин намоён қилар, турли-туман дабдабали юбилейлар ўтказар, радио-телевизорни забт этиб қолар эди. Эл олдига ҳар сафар янгидан яшариб чиқарди — сири бу ёқда экан-да. Якши — йок, якши — йок, якши — йок…ка, ёш кўрингани билан кампир одам, қандоқ чидаш берар экан? Чидайди, яшариш учун, шон-шуҳрат керак бўлса, бундан баттарига-да чидайди. Жони қаттиқ. Жони қаттиқ бўлмаса, аллақачон хокитуроб бўларди. Ана, ўтирибди-ку дераза олдида, қошига ўсма қўйиб! Ўтган гал ҳовлининг биқинидаги турникда машқ бажариб ётган, Паканага кўзи тушиб, негадир бошини сарак-сарак қилган эди.
Хўш, бу дўзахий муолажалар бирон натижа бердими? Берди. Берганда қандоқ! Аммо…
Аввало шуки, Пакана (энди пакана ҳам эмас, дарвоқе) энкайиб юришни одат килган — бўй қурғур узун-да. Ўзи азалдан хипча эмасми, баттар ингичка тортиб, юрганда ичакдек қоматни тутиб юрмоғи душвор бўлиб қолган — буралиб-буралиб кетаверади. Кисқаси, узун чўзилса, ҳоли нима бўлиши маълум. Иннайкейин, юрган йўлида пешонасига ғурра орттираверади — новчалик сабоқларини ҳали яхши ўзлаштирмаган-да. Энг хунуги… айтаверайликми… бирда қўлларини солиштириб қараса… чапи ўнгидан бир қарич узун, тиззасига етай дейди! Ортиқчасини кесиб ташлаб бўлмаса, кўйлак остига яшириб бўлмаса! Падарлаънати Якши Йок, совуққонлик қилибми (собиқ Паканамиз на доҳий, на машҳур қўмондон эди-да!) ёки кексалик важиданми, муолажа асноси бирон хатоликка йўл қўйдимикан? Ҳаваскор новча аламини ичига ютиб, ноилож ўша нуқсонли қўлини чўнтагига солиб юришни одат қилади. Новчалик сир-асрорларидан ҳали дуруст бехабар ҳаваскоримизнинг дам-бадам қоқилиб-йиқилаверишини айтмайсизми! Ағнаш чоғида, маълумки, савқи табиий жонга ора кириб, қўллар ҳимояга сафарбар бўлади. Новчанинг бир қўли эса чўнтагига «тикиб» қўйилган. Ғурра устига ғурра, «янги ва янги, хилма-хил».
Энди бўйни қўйиб, бошга ўтайлик. Сип-силлиқ эт аввалига қўтирдек дағал тортди, кейин тиғиз тўқай бўлиб жингалак соч ўсиб берганига нима дейсиз! Бамисоли занжининг сочи: на тароққа келади, на тузук ювиб бўлади.
Булари-ку майди, бир иложи топилар. Фожиа шундаки, у ўзини ўзи танимай қолган. Фикр-ўйлари ўзиники эмас, овози ўзиники эмас — ўтмас арранинг ғит-ғити гўё. Қилган иши, гапирган гапи ўзига ёқмайди. Гапирса — худди бошқа биров гапираётгандек, қулоқ тутса — бошқа одам эшитаётгандек, овқат еса — бош-қа кишининг оғзи билан еяётгандек. Кечаси хотинига яқинлашганда… бошқа бир одам…
Алқисса, ўзи сира-сира хоҳламаган бир кимсага айланган. Ҳатто рассомлиги ҳам эсидан чиқиб кетган, умрида қўлига мўйқалам тутмагандек.
Ўзи ўзгаргани баробари ўзгаларнинг ҳам унга муносабати ўзгарган. Кўрган-билганлар масхараомуз кулиб ўтишади. Қизлари, хотини алланечук бегонасираб, таажжуб билан қарашади. Жондан азиз қизлари кўзига негадир бўтадек кўринади, бир вақтлар алвастига ўхшаган хотинига нисбатан эса жўшқин, тийиқсиз муҳаббат пайдо қилган. Бироқ унга яқинлашай, яктан бўлай деса, анови ҳол… бошқа одам…
Хуллас, Ҳаваскор новчамиз ўзидаги бу таносуҳ — эврилишлардан безор бўлади. Бошқа одам бўлиб юриш жонига теккан. Энди у аслига — майли, ўша бадбахт паканалигига қайтишни шундоқ орзу қилардики! Ахийри, қатъий бир қарорга келиб, анови мўъжизакор масканга йўл олади.
Қарангки, чорбоққа қадам босибоқ мотамнинг устидан чиқибди. Аллаким ўлган. Улуғроқ одам бўлса керак, муюлишни (белги-тамғаларига қараб) ҳукумат мошиналари тутган, ўзлари ичкарида — марҳум ётган хонадон йўлагида (мавқе-мансабларига қараб) тўда-тўда бўлиб бош эгиб туришибди. Машҳур арбоблар, казо-казолар, номдор-нуфуздор шахслар.
Ҳаваскор новчамиз мотамхона олдидан беўхшов гавдасини туголмай, найновсираб, зўраки сипо-соме бир ҳолатда ўтади-ю, тағин бир нохушликка гувоҳ бўлади. Нарироқдаги йўлак оғзида «тез ёрдам» мошинаси турибди, икки забардаст тиббий оға уйдан устига чойшаб ёпилган замбилни кўтариб чиқмоқда… Ёпирай, мангулик масканига қирон келдими, нима бало?
Бу манзаралардан дили хуфтон бўлган Ҳаваскор новча чорбоғ адоғига етиб, чап ёндаги айвончага кўзи тушгачгина сал ўзига келади. Хайрият, шодлик ҳам бор экан бунда! Гирд-атрофини томошапечак қуршаган, қўғирчоқдек ясатиғлиқ айвончасида бу дунёнинг ғаму ғурбатларидан йироқ, мангу навқирон опахонимиз десакмикан, онахонимиз десакмикан (гарчи бувимиз тенги бўлса-да!), кафтларини жуфтлаштирганча, бармоқларини қисирлатиб муқом билан ўйин тушмоқда. Анграйиб қолган Ҳаваскоримизга кўзи тушиб, қош учириб қўяди.
Демак, ўзбек санъати оламида яқин айёмда ажойиб бир воқеа юз беражак. Унутилаёзган машҳур санъаткор қайтадан яшариб, яна донг таратажак. Шубҳасиз, Навоий кошонасида яна дабдабали юбилей ўтади, яна опахонимизми, онахонимиз радио-телевизорда ялла айтиб ўйин тушажак. Узоқ танаффусли мангу байрам тағин баравж давом этажак.
Бемор, юраги зада, истар-истамас таниш кулбага қадам босади.
Муолажахона қоп-қоронғи, тутунга тўла. Чироқни ёқиб, не ҳолни кўради денг!..
Тўрдаги муолажа тўшагида аллаким ҳалложига тортилган ичакдек чўзилиб ётибди, игнага тўлиб-тошган» аъзойи бадани қоп-қора, куйиб кулга айланган.
Бемор тўшак сари икки қадам юради-ю, даҳшатдан қотиб қолади: Ким Ир Сеннинг холаваччаси, мўъжизакор таъмирчи Якши Йокнинг ўзи!
Дафъатан миясига бир фикр урилади: не-не зотларни таъмирлаган бу мўъжизакорнинг ўзи пакана, с-биқ Паканадан ҳам пакана-ку!
Бундан чиқади, келиб-келиб энди, шарти кетиб парти қолганда, ўзини ўзи… Хўб яхши, аммо анови чамбаракни ким айлантириб турди экан?.. Жумбоқ, бу ғаройиб зотнинг ўзига ўхшаган бир жумбоқ.
Хонани тутган бадбўйга ортиқ чидаб бўлмайди. Шу дамдан бошлаб энди бедаво бемор шартта бориб деразани очиб юборади ва ўзини бирпас ёпирилиб кираётган мусаффо ҳавога тутиб туради — бу орада хонадаги тутун тарқайди — сўнг ўгирилиб қарайдию телба бўлиб қолаёзади. Якши Йок ғойиб!..
— Кўнгил қўрқувдан чўкади. Чўккан кўнгил ҳаммасидан, паканаликдан ҳам ёмон!
Ким бу? Ким у гапирган? Якши Йок ўзбекчани билмасди-ку? У ўлган-ку? У йўқ-ку? Бўлмаса — ким?
Товуш ўзидан, ўзининг вужудидан таралаётгандек…
Телбаланган одам жони ҳалқумига тиқилиб чорбоғдан қочиб чиқаркан, қўрғон дарвозасида кимни учратади денг? Тополмайсиз. Азизани! Ҳув ўша, устидан шафқатсиз ҳукм ўқиган шаддод қизни!
Дарвоқе, у энди қиз эмас, қимматбаҳо либосларга ўранган, етилиб-тўлишган баркамол бир кибор хоним. Оқсуяклар истиқомат қиладиган мана шу масканда яшайди, шу ерга келин бўлиб тушган. Отасини бадавлат одам дейишарди, бадавлат одам қизини бадавлат хонадонга узатган-да. Расми шу.
— Азизахон, салом! Мен Паканаман. Бирга ўқиганмиз. Эсингиздами, ҳув пахтада нима деган эдингиз? Мана, энди қаранг!..
Кибор хоним тўхтаб, унга таажжуб билан тикилади. Танимайди.
— Йўқ, сиз Пакана эмассиз, бедавосиз! Агар ўша ўзим билган Пакана бўлганингиздами, сизни ҳеч кимга бермасдим-а, жон-жон деб… Кишлоқданмисиз, районданми, боймисиз, камбағалми — қараб ўтирмасдан, ҳар қанақасига тегиб олардим!
— Тўхтанг, Азизахон, мен ахир…
Хоним — Қамара унга иргангандек бир назар ташлайди-да, «Жинни», дейди, сўнг кўнгли тўлмайдими, «Ненормальний» деб қўшади ва ажаб таманно билан шошиб узоқлашади. Нарироққа бориб, ортига қайрилади. Шундагина уни таниб қолади Бедаво: ия, Сафсар экан-ку бу, Сафсар!..
— Сафсар! Сафсар!..
Сафсар бирдан ҳовли бўйлаб югуриб, ҳозиргина Бедаво чиқиб келган машъум кулбага кириб кўздан ғойиб бўлади.
Бедаво катта кўчага чиққачгина ўзига келади. Орқасига бурилиб қараса — сир-синоатга тўла бояги қўрғондан ном-нишон йўқ, унинг ўрнида аллақандай совуқ темир-бетон маҳкамалар…
Шу чоғ ёнгинасига таниш, аммо унутилаёзган «шох»сиз троллейбус келиб тўхтайди. Эшиги очилиб, эски қадрдони — омадсиз ошиқ, Севаранинг шайдоси кўринади. У қучоқ ёзиб кела бошлайди…
Бедавони шунча балоларга гирифтор қилиб, ўзи қаёқларда улоқиб юрибди бу каззоб?

20

Эртаси, якшанба куни Пакана уйқудан карахт бўлиб уйғонди. Ҳаммаёғи зиркирарди, ланж. Дил ғаш. Хаёлида кечаги алоқ-чалоқ саргузашт, аралаш-қуралаш манзаралар. Қаерларга борди, кимларни кўрди, нималар бўлди — кўпи эсида йўқ.
Хонани аллақандай бўғиқ ҳид босган эди. Исириқми? Ким тутатди экан? Якши Йок… Баданида таниш оғриқ туйди.
Даҳлизга чиқиб, қоним юришсин дея, қўлбола турнигига осилмоқчи бўлди. Сакраганида қўли мўлжалга етмай, гуп этиб бурчакка ағанаб тушди, чаккаси деворга урилиб қонади.
Гурсиллаган товушга югуриб чиққан қизи Ҳилола аҳволни кўриб «Вой!» дедию енгилгина узалиб ялтироқ мисрангни қулоқчаларидан кўтариб олди, элтиб деразадан ташқарига улоқтирди.
— Қуриб кетсин!.. Кечаги кузатиб келган ким эди?
— Нимайди?
— Бунақа башарани умримда кўрмаганман. Ҳиринглагани ҳиринглаган. Гапирмайди.
Пакана қизига қарамоқчи бўлиб бошини кўтарди-ю, даҳшат ичида ортига тисланди: аждар, аждарҳо!.. Оғзини катта очиб, тишларини қайраб келаётир… Лаҳза ўтиб аждар кичрайди, кичрайиб кўкракдаги оддий, беозор тасвирга айланди. Унинг ўрнида Ҳилоланинг ҳайрат ва хавотир чулғаб олган ташвишманд чеҳраси намоён бўлди. Ана шу чеҳрага тикиларкан, бурчакда думалаб ётган одам ўзини таниди… Тақдири пешона, тан бермай иложи йўқ.
Чаккасини ишқаб ваннахонага кирган Пакана девордаги кўзгуга рўбарў келди. Кўзгудан ёноғи қон, соқол-мўйлови қўсқи, кўзлари қизарган, афти иркит, бадбашара аллақандай бир таъвия боқиб турарди.
Пакана. Тепакал. Хунук. Истеъдодсиз. Омадсиз. Бахтсиз. Аламзада… Эҳ, мана сенга!..
Кўзгу чил-чил дарз кетди, мўйсафиднинг ажинлари мисоли. Пакана қонаган муштумини куҳ-куҳлаганча, Ҳилола келиб қолмасин деб, шоша-пиша эшикка елкасини тираб олди. Шунда қайтиб кўзгуга кўзи тушдию ногаҳон вужуди бўйлаб югурган илоҳий қон миясига урилиб, гўё мудраб ётган ҳужайраларни уйғотиб юборди.
Мўйсафиднинг ажинлари мисоли дарз кетган кўзгу мукаммал манзара касб эта бошлади. Унинг бир бурчагида мўьжазгина «Умид» пайдо бўлди. Ажабо, ул бахтиқаронинг ёноғида ёш! Сафсар йиғлаяпти… (У йиғламай ким йиғласин!) Ёш томчилари бора-бора манзарани тўлдирди. Ана шу аламли томчилар орасида — ўртада юз-қўли қонга беланган Аламзаданинг ўзи. «А л а м з а д а».
Рассомни узоқ йиллар унутилган бир титроқ чулғаб олди.

1991

04

Erkin A`ZAM
PAKANANING OSHIQ KO`NGLI
(Bo’y va mo’y o’stirish tajribasi yoxud ruh tarbiyasi)
055

044Erkin A`zam 1950 yil 10 avgustda tog`li Boysunda tug`ilgan. 1972 yil Toshkent Davlat universiteti (hozirgi Milliy Universiteti)ning jurnalistika fakultetini tamomlagan. Respublika radiosida muharrir, «Guliston» va «Yoshlik» jurnallarida bo`lim muharriri, G`afur G`ulom nomidagi adabiyot va san`at nashriyotida tahririyat mudiri bo`ldi. 1992—1994 yillarda O`zbekiston Milliy axborot agentligida bosh direktori o`rinbosari. 1995 yildan «Tafakkur» jurnali bosh muharriri I, II chaqiriq O`zbekiston Oliy Majlisi deputati.
«Chiroqlar o`chmagan kecha» (1977), «Otoyining tutilgan yili» (1981), «Olam yam-yashil» (1984), «Javob» (1986), «Bayramdan boshqa kunlar» (1988), «Mir v svetax» (Мир в цветах; 1999), «Pakananing oshiq ko`ngli» (2001), «Kechikayotgan odam» (2002) to`plamlari muallifi. Yozuvchi asarlari asosida «Chantrimore», «Piyoda», «Dilxiroj», «Suv yoqalab», «Zabarjad», «Jannat qaydadir»“Parizod” va bir qator badiiy filmlar suratga olingan. Asarlarini ruhan birlashtirib turadigan jihat — insoniy erk, xar qanday zo`ravonlikka munosabat masalasidir.

055

1

095Hamma balo shundaki, u oʻzi haqida boshqacha fikrda edi. Oʻzini barvastayu basavlat deb bilmasa-da, harqalay, xiylagina ulugʻvor hisoblardi. (Koʻnglida, albatta.) Yurganda jussaeiga yarasha pildirabgina yurmay, salmoq bilan, butini yirtgudek yirik-yirik qadam tashlar, gapirganda mavrid-bemavrid soʻlish olib, salmoq bilan, ta’sirchanlikka intilibmi yoki diqqatni tortish uchunmi, xuddi maxfiy bir sinoatni ochayotgandek pichirlab gapirar edi.

Bari befoyda! U pak-pakana edi. Oʻzini salobatli tutishiyu salmoq bilan odim otishi bir pul: goʻyo yosh bola kattalarga taqlid qilgandek kulgili, bachkana chiqardi. Tovushini ne maqomga solmasin, natija oʻsha-oʻsha — baayni chala puflangan surnay.

Lekin — koʻngli!.. E, bu bir boshqa dunyo ekan. Koʻngil — podsho. Koʻngil — xazina. Koʻngil — balo. Egam uni odamning sirt-siyogʻi, boʻy-basti yoki mol-mulkiga qarab taqsimlamaydi.

Pakana esa oʻziga, tashqi qiyofasiyu turish-turmushiga oʻshal moʻ’jiza dunyodan turib qarardiki, holiga maymunlar yigʻlashi shundan. Achinmay iloj yoʻq. Koʻngilni koʻrgazmaga qoʻyib boʻlmasa! Qoʻyganda ham koʻrgan xaridor avval egasiga nazar soladi: boʻy-basti qanday, aft-angori?

Aksiga — notavon bu koʻngil goʻzallikka behad oshufta, oʻta sevuvchan, mehru muhabbatga tashnai zor edi. Koʻngil daftarining ana shu qismi oʻzi bir doston. Uni varaqlamaslik, uni mensimaslik — shundoq ham kam-kemtik Pakanani battar kamsitish, yerga urish bilan barobar; bu tarixsiz uning hayoti gʻarib, oʻzi esa qiyomat Pakana emas, oddiy bir boʻyi past-pachoq kimsa boʻlib qoladiki, unaqalar olamda son-mingta, har birini ta’riflamoqqa bu tanbal qalamga soʻz qani, siyoh qani!

Pakana yurgan yoʻlida shart-muqarrar kimnidir suyib qolaveradi. Buni qarangki, yo yoshi oʻzidan katta, yo boʻyi oʻzidan uzun sarvqomat qiz-juvonlarga xushtor boʻladi. Uyga keliboq oʻshaning aslidan chandon koʻrkam xayoliy siymosini yaratadi — u rassom — shu bahona nazarga ilinib, izhori dil etmoq payida, ilojini topib uni egasiga tortiq qiladi. Koʻngil bogʻlaganla-ri kutilmagan tuhfadan hayrat-hayajonga tushishadi, minnatdor boʻlib, evaziga unga kulib-kulib boqishadi, rahmatlar aytishadi, lekin… yana uchratganda yo tanimagandek indamay oʻtib ketishadi, yo Pakana ularni ittifoqo boshqa birov bilan koʻrib qoladi. Doim shunday boʻlgan. Zikrxona bu yoqda-yu, halimxona u yoqda. Suv keltirgan xor-zor-u, koʻza sindirgan — aziz. «Ayshni nodon surib, kulfatni dono tortadur». Pakana talay vaqt oʻzini qoʻyarga joy topolmay, «ul bevafo»ning dogʻida kuyib-oʻrtanib yuradi. Yana bir bevafoga yoʻliqqunicha, unga oshiqu beqaror boʻlgunicha!

Bu holningʻ adogʻi, koʻngildagi chandiqning sanogʻi bormikan? Boʻlsa, ishonavering, Pakananing oʻzi-da hisobdan adashadi.

Yoshligida u kinoaktrisalarta ishqiboz edi, Xushroʻy-xushroʻylarining suratini «Kino» jurnalidan qirqib olib, darsxonasi devorlariga yopishtirib qoʻyar, diliga eng yaqin birovining kattakon qilib portretini ham chizgan edi. Keyin oʻshani Toshkentga ham koʻtarib keldi — egasiga hadya etib, bahonada… Bu yerda boshqalariga chalgʻib, bir mahallar koʻzlariga surmai sulaymon boʻlgan siymo allaqaysi ijaraxonada chang bosib qolib ketdi. Hozir oʻsha aktrisa bilan teatrda birga ishlaydi. Uni har koʻrganida yoshlikdagi ma’sum tasavvur va iztiroblari yodiga tushib, pushaymon qiladi.

Bir kuni koʻrgazma-darsxonasiga nima ish bilandir otasi kirib qolgan, chiqib onasiga: «Xotin, oʻgʻlingni tezda uylab qoʻymasak boʻlmaydi, ishlar chatoq», degan. Bu gapni eshitib Pakana yerga kirib ketgudek boʻlgan. Biroq u anchadan keyin, oʻttizlarga yaqinlashganda uylandi. Uylanishi ham hech kimnikiga oʻxshamagan, Pakananing oʻzigagina xos antiqa tarixki, ungada gal kelar.

2

Pakana oʻzining pakana ekanini, bu hol unchalik ham fazilat sanalmasligini ilk bor talabalikda paxta terimiga chiqqanlarida Azizadan eshitgan. Aziza teatrshunoslik boʻlimida oʻqir, juda suluv, otasini benihoya badavlat odam deyishar, hasharchi qizga kunora shahardan tansiq taomlar ortgan oq «Volga» kelib turar edi.

Balli shunga. Badavlat odamning qizi ekaniga qaramay, koʻngildan koʻngilni farqlay bildi. Koʻrkam-koʻrkam ne-ne boʻlajak aktyoru rejissyorlarni dogʻda qoldirib, qay bir fazilati bilan Pakana ana shu dilbarni oʻziga rom qilib olgan edi. Axir, hazil gapmi, gulxan atrofidagi tungi davralarda soatlab ishqiy she’rlarni yoddan oʻqiganida anov qaddi rasolarning yaltiroq tusi oʻchib ketardi-da!

Shunday qizgʻin, muzaffar oʻtgan bir bazmdan soʻng, ovloqqinada entika-entika oʻptirarkan, shaddod qiz nima dedi deng:
— Sal uzunroq boʻlganingizdami, sizni hech kimga bermasdim-a, Pakana aka. Qishloqdanmisiz, rayondanmi, boymisiz, kambagʻalmi — qarab oʻtirmasdan, har qanaqasiga tegib olardim!

Darhaqiqat, qiz durkunroq, quchogʻida mushukvachcha misol tipirchilab oʻyin koʻrsatayotgan yigit esa ushoqqina edi. Koʻrgan odam, talay vaqt koʻrishmagan inoq-bosilqa opa-uka ekan, deb oʻylashi tayin. (Aziza uncha uzun emas, lekin qiz bolaning oʻrtaboʻyi ham novcha koʻrinadi.)

Pakana shu gap bilan oʻrtalarida begonalik devori tiklanganini payqadi.

Ma’shuqasidan ajralgach, odatdagidek, yondi, kuydi, tutadi, biroq gapning mohiyatiga parvo qilmadi — pakanaligiga oʻkingani yoʻq. Zero, shu choqqacha boʻyining uzun-kaltaligi xayoliga kelmagan, qaytaga, ba’zi naynovlarning dovdirligiyu kaltafahmligidan kulib, oʻzining pishiq-puxta, uddaburonligi bilan faxrlanib yurar — qisqasini aytganda, gap tashqi qiyofada emas, ichki dunyodadir degan soxtanamo, nochorroq ruhda tarbiya topgan edi. Endi bilsa — bari safsata. Dunyo — novchalarniki ekan. Dunyo — koʻrkamlarniki ekan. Qolgani bir pul. Aql-farosat degan matohlar huv keyingi oʻrinlarda turadi. Koʻrkamlik, xushqadlik — qariyb baxtdek gap, omad deganlariga tayyor pillapoya, oyoq qoʻysangiz — kifoya. Jismoniy jihatdan biron bir nuqsonli odam, bilingki, koʻpincha baxil boʻladi. Baxilning esa bogʻi koʻkarmas. Ana shunday sarson bir halqa bu.

Magʻlubiyat ketma-ket takrorlanaverdi. Endi Pakana holiga qarab, boʻychanroq qiz-juvondan oʻzini chetga ola boshladi. Shunday qilgani sari ularning jozibasi koʻproq tortar, koʻngli sust ketganlarining aksariyati boʻychan boʻlib chiqar edi. Ular bilan roʻbaroʻ boʻlish nasib etganda esa, uzoqroqdan turib yoki zina-pinaga chiqibmi, iloji boricha tikroq koʻrinishga tirishib, asabiy bir holatda soʻzlashardi. Oʻzida paydo boʻlgan tagʻin bir odatni sezib qoldi. Kim bilan yonma-yon turmasin, beixtiyor zimdan boʻy oʻlchashar ekan: yelkasidan kelamanmi, tirsagidan? Jamoat orasida, koʻcha-koʻyda ham goho tevaragiga razm solib qoladi. Tavba, hammasining boʻyi baland-a! Xudo shunday ham uradimi odamni?!

Keyin-keyin Pakana bir san’atni oʻzlashtirdi. Novcharoq odam bilan uchrashganda orqaga tislanibroq, qiya qarab (odatdagidek pastdan emas) gaplashadi — shunda farq uncha bilinmaydi.

Taajjubli hol: (jussasi kichikroq boʻlgani uchunmi) u azaldan novcha, norgʻul odamlarni yoqtirar, koʻproq oʻshanaqalar bilan doʻst tutinmoqqa intilar edi. Oʻzi singari pakanalarga esa tob-toqati yoʻq, ularni qitmir, mugʻambir bilib, jinidan battar yomon koʻradi. Rassomlik bilim yurtida birga oʻqigan sobiq saboqdoshi, otning qashqasidek elga taniqli hajvchi Obid Asom bundan mustasno, albatta. Avvalo, Obidjon Pakanadan ham pakanaroq, qolaversa, oʻlgudek iste’dodli, kasofat. Uni yaxshi koʻrmay ham, tan bermay ham iloj yoʻq.

Alhosil, paygʻambarimiz bundoq demishlar: «Odamning novchasi ahmoq keladi, Umardan boshqa; pakanasi fitnakor keladi, Alidan boshqa».

3

Boʻyi pastligi tufayli unda-bunda pand yeyavergach, Pakana umuman pakanalik, uning sabablari toʻgʻrisida koʻp boshqotiradigan boʻlib qoldi. Oʻrta boʻydan pasti — to jimit odamlargacha pakana hisoblanadi. Hamma bunaqalarga yarim odam, chala odammi-ey degandek bepisand munosabatda boʻladi: «Kichkina boʻlishiga qaramay…», «Boʻyi bir qarich-u…», «Mushtakkina koʻringani bilan…» va hokazo. Kisqasi, odam hisobida yoʻqdek. Xoʻsh, nima boʻpti? Pakana ham — odam. Faqat qoʻl-oyogʻi ixchamroq-da, xolos. Sizda bor yurak unda ham bor (agar kattaroq boʻlmasa), sizda bor miya unda ham bor (agar zoʻrroq, oʻtkirroq boʻlmasa)! Nima, shu a’zolari ham kichkina boʻlishi kerakmi endi? Tavba! Dunyoga dongʻi ketgan ne-ne ulugʻlar, ne-ne allomalar past boʻyli boʻlgan. Ana — Napoleonni olaylik, Neronni olaylik, Pushkin, Gandi, Lenin, Stalin… eh-he, bu yogʻi mana shu oʻzimizning Obidjonga qadar! Sizlarda-chi, faqat Ulugʻ Pyotru Gulliver! Battar boʻllaring! Bor quvvatni boʻyga sarflab… Xudo boʻy berib aql bermagan galvarslar!

Ammo oʻrtada boshqa nozikligi ham bor. Oʻsha ulugʻlar pakana boʻlganliklari uchungina shunday darajaga yetishganmi? Yoki ulugʻ boʻlganliklari tufayligina biz ularning qaddi-bastiga qiziqqanmizmi? Xullas, xiyla chigal jumboq.

Pakanamizning oʻziga kelsak, bobo-buvilari oʻrtaboʻy oʻtgan. Otasi bilan onasi ham shunday. Ukalari, singillari boʻychan-boʻychan. Oʻzining uch qizi-ku biri biridan shamshod boʻlib oʻsayotir. Birgina Pakana — pakana. «Kimga tortding-a, bolam? — deydi onasi qaygʻurib. — Bolalikdan anoviningni (etyudnikni nazarda tutadi) ortmokdab yuraverib, shunday (pakana deyolmaydi — onada) boʻp qolding-ov».

Ul emas, bul emas, Pakananing yetti pushtidan kimdir pachoqroq oʻtgani aniq. Goho u oʻsha avlodidan norozi boʻlib soʻkib qoladi. Demak, oʻzining ham yetti pushtidan kimdir qaqshamogʻi muqarrar, uni soʻkmogʻi-da muqarrar. Pakana ba’zan ana shu boʻlajak nasli — nevarasimi, chevarasi oldida oʻzini behad aybdor sezadi. Axir, ehtimol, naslning biron bir oʻyin-zamzamasi bilan bu hol, bu qusur aynan undan boshlanayotgandir…

4

Bu dunyoda chorasiz dard yoʻq, oʻlimdan boshqasiga tadbir topsa boʻladi, deydilar. Xoʻsh, boʻyni qanday oʻstirish mumkin, buning yoʻli bormikan? Bor ekan-da. Qayoqdandir eshitdi: har kuni bir kilodan qizil sabzi tanovul etilsa, qad raso boʻlarmish. Pakana shunga amal qilmoqqa bel bogʻladi. Har hafta bozorga tushib, bir toʻrva-bir toʻrva sara sabzi oladi, boshqa taomni yigʻishtirib, sabzixoʻrlik qiladi. Ikki oylardan keyin shu ahvolga yetdiki, sabzini koʻrsa bezillaydigan, koʻngli ayniydigan boʻldi. Bozorga qatnamoqqa ham hafsalasi qolmadi. Qad-qomatda esa biron bir oʻzgarish sezilmasdi: oʻsha 154 sm. — Oʻsha 154. Bir enlik ham siljish yoʻq. Chamasi, bu ham biron bekorchi oʻylab topgan ermak. Yoki oʻsmirlik ortda qolib, suyak-zuvalasi qotib ulgurganidan muolaja kor qilmadimikan? Koʻhna tabobat kitoblarida bitilganidek, «Bir hissa sariq halilaga qizil batilani qoʻshib, bir chimdim omila, bir misqoldan makkai sano va toshbaqa safrosiga aralashtirib, ustiga bir paysadan shaqoqul urugʻi, seylon dolchini va boqilla sepib, soʻng bir diram Abu Jahl tarvuzining danagini tuyib, piyozchasi oʻn yillik nargis suvida qaynatib laylatulqadr kechasi tanovul qilinsa…» qabilidagi tadbirlarga esa ixlos sezmadi — natija chiqadimi, yoʻqmi, umr shu tashvishda oʻtadi.

Xullas, bu ishlarga qoʻl siltadi. Endi «oʻzimiz bilgan» paxtaband choralarni qoʻllamoqdan oʻzga iloj yoʻq edi. Qoramtirga moyil kiyim-boshga zoʻr berdi: odamni sal xipcharoq koʻrsatib, sal…

Bundan ham samara kutilganidek boʻlmagach, qoʻpolroq usulini tutdi. Bir qarich poshnali poyabzal xarid qilib, shunda yura boshladi. Poshna hisobiga oʻsgan boʻy koʻngilni ham andak raso qilarkan. Shunisi chatoqki, qurgʻur, oyoqni rosa qaqshatarkan, sal yurmay akashak boʻlib qoladi. Lekin — nachora, qurbonsiz gʻalaba — Gʻalabami? Toqqa chiqmasangiz, doʻlona qayda!

Koʻp oʻtmay bu usulning misi chiqdi. Jamoat yoppasiga yerposhna poyabzalni urf etgan zamonda bitta uning loʻkillab yurishi kulgili edi. Ilgari qiyo boqmagan jononlar endi poshnasiga qarab ma’noli iljayib oʻtadigan boʻlishdi: bu kuningdan oʻl, kishloqi pakana!

Xayr, jafokor poshna!

Shuningdek, harchand qilmasin, uni birov odam oʻrnida koʻrmasdi. Muhabbat bobidagina emas, oʻzga hollarda ham kamsitilgani kamsitilgan. Koʻcha-koʻyda koʻringani yosh bola deb turtkilaydi, ulfatlar davrasida — tayyor yugurdak. Shularni oʻylaganda oyoq-qoʻllari tortishib, battar kichrayib qolayotgandek, kichrayib yerga kirib ketayotgandek boʻlaverardi. E, mana senga deb moʻylov qoʻyib yubordi. Moʻylov jonivor gurkirab oʻsib berdi. Pakanaboy shunga xursand: biz ham odamga oʻxshadik, salobatliroq boʻldik! Bunisi kamlik qilib, soqol qoʻyib oldi. Soqol-moʻylovli «bola»ga endi koʻrgan hayron. Ie, nima qipti, rassom-da! Rassom bilan kinochiga bir nima deb boʻladimi? Ularga ruxsat bor, ularga hammasi mumkin.

Bu bayram ham koʻpga choʻzilmadi. Har narsaning hisob-kitobi boʻladi. Tabiatda muvozanat qonuni bor. Ana shu buzilsa, bilingki, albatta boshqa bir joydan «teshib chiqadi».

Pakanamiz hali oddinda kutayotgan xavf-xatardan bexabar edi.

5

Darvoqe, bu orada u institutni bitirdi, oʻzining ta’biri bilan aytganda — «Ikki yil Astrobodda surgunda boʻldi», undan qaytgach, bir muddat boshpanasiz sarson-sargardonlikda yurdi, keyin tasodifan uylanib uyli-joyli boʻldi, xotini ketma-ket uch qiz tugʻib berdi. Lekin biror kun «izlash-izlanish»dan toʻxtagani yoʻq.

Institutdan soʻng Pakana olis bir viloyat teatriga bezakchi rassom qilib joʻnatilgan edi. Borib u yerda hech baloni bezatgani yoʻq, ichkilikka oʻrgangani qoldi, xolos. Bezatmoqqa loyiq asar ham sahnalashtirilmadi hisob. Sahnalashtirilganda ham kamxarj tashkilotda mablagʻni tejash maqsadida amal-taqal qilib eski bezaklardan foydalanilardi.

Pakana bu yerda rassomlikni unutib, sohasini butkul oʻzgartirib yubordi, desa boʻladi. Teatr jamoasi koʻpincha dala-koʻyga yallachilikka chiqar, azbaroyi vijdon azobi yoki bekorchilikdan qoʻshilib borgan Pakana gohida ocharchi-boshlovchilik qilsa, gohida ma’murlik vazifasini oʻtar edi. Maishati chakkimas, teatr bezakxonasini uyga aylantirib olgan, ora-chira kolxoz-polxozning buyurtmasini bajarib berib moʻmaygina pul topar, uni aksariyati iste’dodsiz, omadsiz, lekin, aslida Shukur Burhonman-u, bular qadrimga yetmayotibdi-da, degandek zoʻr da’voda yuradigan shoʻrpeshona ulfatlari bilan ichib bitirar edi.

Agar oʻshanda poytaxt teatri viloyat mehnatkashlariga tomosha koʻrsatgani borib, shu dargohda rejissyorlik qiladigan eski saboqdosh ogʻaynisi Xayrulla Hoshimovni uchratmaganida, kim bilsin, «Astrobod»da tagʻin qancha qolib ketardi! Pakana talabalik kezlari Xayrullaning oʻrgamchik spektaklida allaqanday yosh bola rolini ijro etib, doʻstlashib ketishgan edi. Bir shisha araq ustida u Toshkentni qoʻmsab arz qilganida, mehmon: «Xorosho. Bizga kelasan, Bahodir bilan oʻzim gaplashaman», deya bosh rejissyorning nomini qoʻshib va’da berib yubordi.

Xayrulla va’dasining ustidan chiqdi. Pakana yana toshkentlik boʻldi. Moʻ’tabar dargohga ishga joylashdi. Dargoh moʻ’tabarlikka moʻ’tabar edi-yu, Pakanadek sigʻindilar u yoqda tursin, yil sayin kelib turgan yosh iste’dodlarni ham boshpana bilan ta’minlay olmasdi. Nomi ulugʻ — suprasi quruq.

Pakananing yana daydi hayoti boshlandi. Endi ilk yoshlikkagina xos tabiiy kuch-gʻayrat soʻnib borayotgan, qariyb oʻn yilga choʻzilgan och-yupun talabalik begʻamligi ta’sirini koʻrsatmoqda, issiqqina oʻlan-toʻshak, mehribon bir parvarishga ehtiyoj tugʻilgan edi.

6

Pakananing uylanish tarixi ham bir doston, yoʻq, komediya, yoʻq-yoʻq — tragikomediya.

Oʻsha yili koʻklamda oyoqogʻriq bilan kasalxonaga tushdi. Bor oʻrinlar band ekanmi, ittifoqo, nozikroq odamlarga moʻljallangan ikki kishilik xonadan joy tegdi. Uch kun bir oʻzi yotdi. Toʻrtinchi kuni tushdan keyin xonaning haqiqiy egasi keldi. U elliklardan oshgan, barvasta, tepakal armani — Levon amaki edi. Ikki lunji qip-qizil, burni goʻshtdor, chakichli, qovoqlari salqi — vajohatidan yomon odamga oʻxshardi. Qoʻqonda tugʻilib voyaga yetgan, oʻzbekchani suvdek bilar ekan. Koʻpni koʻrgan, hazilkash, hangamachi odam. Darrov inoqlashib qoldilar. Levon amakining yor-birodari bisyor ekan. Qat’iy navbat bilan kelishadi. Xona yelimxaltayu qogʻozxaltaga, koʻklamda tansiq meva-chevaga toʻlib ketgan. Tayyor dastyor Pakana ularni enagayu hamshiralarga ulashib ulgurolmaydi. Bu yoqda Levon amakining choy-poyiga qarashuvi lozim. Kunduzlari begʻam, biyron odam, kechalari belogʻriqdan voy-voylab chiqadi. Aytishicha, umurtqasiga tuz yigʻilgan emish. Boʻynida ham oʻsha savildan bir hovuchi bormi, boshini erkin burolmaydi, butun gavdasi bilan oʻgiriladi. Issiqda ham sharf oʻrab yuradi.

Rahmi kelganidan Pakana kechalari uning bel-boʻynini bosib, umurtqa pogʻonalarini mushtlab, uqalab qoʻyardi. Shunday birpaslik orom chogʻlarida bemor iyib ketar, mehribon xaloskoriga biron bir muruvvat koʻrsatish yoʻllarini qidirib qolar edi.
— Uka, sen endi uylanishing kerak ekan. Qachongacha bunday yurasan? Ke, bir ish qilaylik. Oʻzingga mos, chiroylikkina bir armankani topib beray. Senga aytsam: armankalardan zoʻr xotin chiqadi. Mehnatkash, pazanda, uddaburon. Sizlar aytganday — yozda koʻrpa, qishda koʻrpacha. Pushaymon qilmaysan ammo!
— Oʻsha chiroyli armankangiz menga tegishga rozi boʻlarmikan? — dedi Pakana bir cheti ermak, bir cheti pinhona oʻkinch bilan.
— Koʻndiramiz-da, nima deyapsan! Sizlar-ku begona millatga koʻpam xaridor emassizlar, bilaman. Yo oʻzbechkasidan boʻlsinmi?
— E, unga uy kerak, joy kerak. Teatr…
— Teatringni qoʻyib tur. Uy-joy masalasini oʻzimiz bir yoqli qilamiz, ishing boʻlmasin,

Pakana bir qop goʻshtni alohida hafsala bilan uqalay boshladi. Bilib boʻladimi, juda ishbilarmon odamga oʻxshaydi…
— Uylanardim-u, yaxshirogʻi uchramayapti-da, — dedi u battar tarang qilib. Koʻnglining tubida miltillagan bir ilinj yoʻq emasdi.
— Iya, shahar toʻla qiz-ku! — dedi Levon amaki jigʻibiyron boʻlgandek va shu yerdagi koʻzni qamashtirib yurguvchi hamshira qizlarni misol qila ketdi: — Mana, oʻzimizda qancha! Salima, Ra’no, Gavhar, Arofat… hammasi yaxshi qizlar. Oʻzim gaplashib beraman, agar xoʻp desang. Ayt, qaysisini?

Kuyov boʻlmish, aniqrogʻi, havaskor kuyov shoshib qoldi. Himmatli hamxonasi uni qizlar koʻrgazmasiga boshlab kirgan edi goʻyo: mana, sayla saylaganingni, tanla tanlaganingni! Nochor, notavon odamning koʻziga u bir zum Xizr bobo ham boʻlib koʻrindi: tila tilagingni!
— Toʻgʻri, Ra’no erga tegayotganmish, eshitishimcha,— dedi Xizr bobo Levon amakiga aylanib. — Gavhar ham tuzug-u, lekin… «…senga toʻgʻri kelmaydi. Boʻyi baland».
— Yaxshi ular hammasi. Ammo koʻngildagi emas-da.
— A, bunday de. Konechno, rassomsan, poeziya, fantaziya! — Levon amaki yana tadbir qidirib oʻyga toldi, soʻng astoydil hafsala bilan yostiqqa yonboshlab oldi.— Ke, bunday qilamiz. Shulardan birortasi bilan nikohdan oʻtasan, keyin…
— Nikoh?
— Soxta nikoh-da.
— Soxta nikoh?! — Pakananing yuragi yorilgudek boʻldi.
— Shoshmay tursang-chi! Keyin sizlarni, yosh kelin-kuyovni biror joyga roʻyxatga tirkab, uy olib beramiz. Ikki-uch oy birga yashagandek boʻlasizlar. Shoshmagin-da, nomiga, qogʻozda. Kizni butkul koʻrmasliging ham mumkin, pasporti boʻlsa bas. Pasport nima, besh-oʻn soʻmga yangilab beradi. Qotiramiz. Keyin esa rasman ajrashasizlar. Bahonada uyli boʻlib qolasan, xumpar. Ana u yogʻi xohlaganingga… Uy-joyli odamga lyubboyi jon deydi. Qarasam, bu yurishda, bir boshing bilan hech kim senga uy bermaydi. Tem bolee, teatring. Bersa, yotoq-potoq berar. Senga toʻgʻri kelmaydi. Yaxshi yigit ekansan, menga yoqib qolding. Barmoqlaring shifobaxsh, biotoking bor sen bolaning, jonimga ora kirdi. (Aslida, gavdasi nozikroq boʻlgani bilan Pakananing qoʻllari chayir, sirtdan ozoda koʻrinadigan rassomchilikning qora ishlarida pishib, pay boylab ketgan, xolos.) Senga shunday bir yaxshilik qilmasam, nomardlikka kiradi. Qalay, ma’qulmi reja?
— Ma’qul-u, qiyin ishmi deyman-da. Aql bovar qilmaydi, — dedi afsunlanib qolgan Pakana.
— Lanjlikni qoʻy. Ishning osoni bor ekanmi? Albatta, sovgʻa-povgʻa berib qizni rozi qilish kerak boʻladi. Mayli, bu yogʻini menga qoʻyib ber, oʻzim gaplashaman. Qaysisi tuzuk? Arofat, a? Mehnatkash, kamtar, yuvosh. Vdrug, a?.. — Levon amaki shoʻxlik bilan koʻz qisib qoʻydi. — Sen koʻnsang bas, ishni boshlayveramiz. Qotiramiz!

Pakana indamadi. Hang-mang edi. Taqdir podshosi ularni atay shu yerga yigʻib, ayni lahzalarda kelajak hayoti hal qilinayotganini u hali bilmasdi, bunga sira-sira ishonolmasdi.

Rassom boʻlinmadagi hamshiralar bilan apoq-chapoq boʻlib ketgan, davolovchi doʻxtiridan tortib bu qaqajonlargacha — kattayu kichik barining aksini qoratosh bilan bir taxta-bir taxta qalin qogʻozga solib bergan edi. Hammasi undan minnatdor. Qarangki, qelib-kelib birgina Arofatning rasmini chizmabdi. Oʻzi soʻragani ham yoʻq bir ogʻiz. Ishdan boshqasini bilmay yerga qarab yuradigan, dugonalariga nisbatan xunukroq bu kamgap qizni chizish istagi ham tugʻilmagan edi.

Tavba, Levon amaki u bilan nima deb gaplashdi, nima va’da qildi (keyin ma’lum boʻlishicha, quruq gapdan boshqa hech vaqo), ikki kundan soʻng Arofat xona xoli paytda kirib, gazetaga oʻralgan pasportini Pakananing yostigʻi ustiga qoʻyib ketibdi.

Ertasi kuni Levon amakining oʻziga oʻxshagan tadbirkor bir ogʻaynisi yosh «kelin-kuyov»ni mashinasiga oʻtqazib, xufiya yoʻl bilan birpasda nikohdan oʻtkazib keldi. Qaytganlarida mehribon «ota va qaynota» bir dasta lolayu bir shisha shampanni tayyorlab oʻtirgan ekan… Hammasi osongina hal boʻldi. Xuddi tushda kechayotgandek.

«Ota-bola» oldinma-ketin shifoxonadan tuzalib chiqishgach, Pakana Arofatning oldiga kelib-ketib, qolgan mayda-chuyda qogʻozlarni hozirladi. Keyin ularni eltib uy-joy boshqarmasida kattakon boʻlib ishlaydigan Levon amakining qoʻliga topshirdi. Hafta oʻtmay «kelin-kuyov» asosan qizinikida yashaydigan toʻqson yashar bir oʻris kampirning hujrasiga rasman roʻyxatga tirkaldi. Bir xonayu gaz oʻchoqli bir dahlizdan iborat bu boshpana shaharning qoq markazida, Inqilob xiyoboniga yaqin qisir daraxtlarga koʻmilgan sersoya hovlilardan birida edi. Hovlining toʻrt tarafi mana shunaqa pastqam-pastqam uy-joylar, oʻzidan qolgan qari-qartang istiqomat qiladi. Oʻrtadagi kattakon quvurdan kun-uzzukun suv shaldirab yotadi — teskari favvora. Birov bilan birovning ishi yoʻq. Boshqa nima kerak boʻydoq yigitga!

Pakanaligiga qaramay, uni shu yerdagana rasmona odam deb bilishar, hurmat qilishar edi. Oʻziyam ularga oʻrganib qoldi. Gʻarib-benavo chol-kampirdan nima ziyon! Vakti-vaqti bilan ularning hojatini chiqaradi: doʻkondan ul-bul keltirib beradi, kuyib qolgan lampochkalarini almashtiradi, dazmol-pazmolni tuzatadi. Kim yaxshi — baraka topkur Pasha yaxshi, Pashavoy yaxshi! Yana nima kerak Pakanaga!

Otasi qilmagan yaxshilikni qilgan serhimmat, muruvvatpesha Levon amakiga nima javob qaytarishni bilmay uzoq bosh qotirib yurdi. Oʻylay-oʻylay, uning kaftdek suratini soʻrab oldi-da, bir quloch matoni dastgohga tortib, ikki hafta mobaynida mehr-hafsala bilan ter toʻkdi. Chakkalaridagi jingalaklaridan tepakal boshiga ham koʻchirib, xiyla oro berib, atay yashartirib chizdi. Bezakdor qasnoqqa solingan bejirim portretni koʻrgach, Levon amakining koʻzlaridan yosh chiqib ketdi. «Rahmat, jigarim, rahmat! — dedi Pakanani quchoqlab koʻtarib peshonasidan oʻparkan. — Toʻppa-toʻgʻri chizibsan. Yoshligimda xuddi shunday edim, sochlarim jingala-jingala. Buni hali Marina xolang koʻrsami!..»

Keyinchalik ham talay yil ota-bola boʻlib, bordi-keldi qilib yurdilar. Belogʻrigʻi qoʻzgʻaldimi, Levon amaki kelib, «Sening qoʻling yengil, shifobaxsh», deya Pakanani mashinasiga solib uyiga olib ketardi. Qaytishida qoʻliga konʼyak-ponyak, bunisi Arofatga, bunisi qizaloqlaringga, deb ul-bul berib joʻnatardi. Kampir oʻlgach, uyni biratoʻla Pakananing nomiga oʻtkazib bergan ham, hovli buzilib, oʻrniga tijoratchilar uchun hammom tushadi deganda, Yunusoboddan xonadon olishiga koʻmaklashgan ham ana shu Levon amaki boʻladi.

7

Voqean, Arofat… U ishga oʻtish-qaytishida tutingan singil sifatidami, hojatbaror bir tanish sifatidami, ba’zan «uyi»ga kelib-ketib turardi. Biror qiligʻida yo gap-soʻzida ta’ma ohangi sezilmas, qaytaga, birpas oʻtirib, Pakanaga choy-poy damlab, kir-chirini yuvib berib ketar edi. Uning yakkam-dukkam javoblaridan Pakana uncha-muncha narsani bilib oldi. Arofat chala yetimcha boʻlib, opa-singil oʻgay onaning qoʻlida ekanlar. Oʻgay ona deganda Pakananing koʻz oddiga ertaklardagi bir yalmogʻiz kelib, buni aytganida, «Yoʻq, yaxshilar, — dedi qiz siniq kulimsirab: — Yaxshi boʻllaring deb urishadilar-da». Suhbat asnosi Pakana shuni sezdiki, katta qiz sifatida Arofat shu kunda bamisoli onaning tomogʻiga tiqilgan tosh, chunki singlisiga ustma-ust ikki joydan sovchi kelayotganmish. Koʻrimliroq boʻlsa kerak-da. Soʻrashga iymandi. Koʻnglidagani bilib boʻlmaydigan gʻalati bu mushtiparga ichi achidi. Biron yaxshilik qilay desa, qoʻlidan nima keladi? Mabodo bu qizning niyati boshqa boʻlib, yomonlikka olsa bormi, biror yoqqa qimirlayolmay qolasan, toʻrt tarafing devor, qayoqqa qarasang — Arofat! Xudo saqlasin, xudo saqlasin! Ne-ne orzular bilan yashayotgan koʻngil barbod, yigit umri xazon boʻladi-ya! Agar ta’bi tortganida, shu choqqacha bu qizni sogʻ qoʻyarmidi? Mana, gah desa, qoʻliga qoʻnib turibdi. Oʻzi kelsa, oʻzi ketsa. Yoʻq-yoʻq. Boshimiz kal boʻlsa ham koʻnglimiz nozik. Pachoqqina, tep-tekis, qoʻlga ilinadigan joyi yoʻq, oyoqlar egri, kalta-kalta, yonoq suyaklari xunuk boʻrtib chiqqan… Yoʻq-yoʻq. Lekin, boshini koʻtarib qarasa — tushuniksiz, odamni dovdiratib qoʻyadigan bir anduh choʻkkan koʻzlari!.. Shu uchunmikan, ular oʻzaro kelishib olgandek, koʻpincha bir-birining yuziga qaramay soʻzlashardi.

Shartlashuvga koʻra, «ajralish» fursati yaqinlashar, biroq qizdan churq etgan sado chiqmas edi. Pakananing oʻzi gap ochay desa… yoʻq, aslo, qaysi yuz bilan, nima deb? Figʻoni chiqib, oʻzini qoʻyarga joy topolmay qoldi. Qanaqa qiz oʻzi bu? Bir tulki armanining gapiga laqqa tushib, darrov rozi boʻladimi? Pismiq desangiz pismiqqa oʻxshamaydi. Oʻlgudek sodda, hatto laqma. Shu shaharda shunday qizning borligiga, oʻldiring agar, odam ishonsa. Dovdir desangiz — es-hushi joyida, ishiga pishiq-puxta. Saranjom-sarishtali. Ishxonasida ham, Pakana koʻzi bilan koʻrgan odam-da, bir dam tek oʻtirmaydi. Pazanda. Uyidan bir-ikki marta somsa yopib keldi, yeb toʻymaysiz. Xullas, chinakam roʻzgʻorbop xotin chiqadi. Lekin… lekin Pakananing na’mayu tamannoli koʻngli-chi, unga butkul zid-ku bu qiz?..

Tavba, shunday qizga ham oʻrganib qolar ekan odam. Bir-ikki hafta koʻrinmasa, kutadigan boʻldi Pakana. Sezishicha, oyisi bilan arazlashgan shekilli, navbatchilik bahona, bir kecha tunab ham ketdi. Boʻlak-boʻlak yotishdi, albatta. Pakananing bir tuki jimir etgani yoʻq. Oʻlibdimi! Ahmoq emas u.

Odamzodga ishonib boʻlmas ekan. Bir oqshom xizmatdoshlari bilan oshxoʻrlik kilib, kayfi taraq, uyga kelsa — Arofat. Oq jomasini kiyib, Pakananing shimiga dazmol bosyapti. Koʻziga choʻgʻdek koʻrindi. Oʻzini noshukurlikda ayblab, soʻkdi. Yuragi yonib-oʻrtanib ketdi: shunday jonfido mehribonning qadriga yetmay nima qilib yuribman oʻzi men?!

Belidan olib shartta karavotga bosdi. Bigʻillatib.

Boʻlari boʻldi. Bokira ekan. Oʻlding, Pakana!

U birdan hovurdan tushib, karavotning yoniga tiz choʻqdiyu hoʻngrab yubordi:
— Men hoʻkizni kechir, Arofat!

Koʻz yoshlariga belanib yotgan u tomon nima dedi deng:
— Ishqilib, baxtli boʻlsak boʻldi…

Pakananing sarxush koʻzlari shartta ochildi: nima-a, baxtli boʻlsak?..

Ammo endi kech edi.

Ammo bu soʻzlarda begʻubor ma’sumiyatdan boshqa narsa yoʻq edi.

Ertalab Pakana oʻziga oʻzi irkit koʻrinib ketdi. Choynak-piyola yuvayotgan qiz undan battar! Alamini ichiga yutmoqqa majbur. Iloji boʻlsaki, oʻzining yuziga tufursa, burnini tishlasa, gʻajib tashlasa! Ayni tobda yo bu alvastining, yo oʻzining birdan yoʻq boʻlib qolishini, hechqursa, oʻtgan kor-hol mudhish bir tushga aylanishini shu qadar istardiki, evaziga yarim umridan voz kechmoqqa ham rozi edi.

Shundan soʻng Arofat ikki haftacha koʻrinmay ketdi. Bir kech Pakana karavotda kitob varaqlab yotgan edi, qiyshayibgina kirib keldi. Qoʻlida tuguncha. Har xil yegulik.

Qizni koʻrib Pakananing yana avji keldi. Shu kunlar mobaynida botinan uni poylab yurganini angladi. Oʻsha mastliqdagi ishni hushyorlikda ham sinab koʻrish ishtiyoqi tugʻildi. Sinab koʻrdi ham. Yaxshi-i!

Shu tariqa bu hol yana bir necha bor takrorlandi. Ikki tomon ham rozidek, ikki tomon ham jimjit.

Bir gal Pakana teatrdan gʻashlanibroq qaytib kelsa — tagʻin oʻtiribdi. Daf’atan fe’li aynidi. Ogʻziga kelgan shaloq gapini qaytarmay haqoratlab haydadi: «Endi shu yerga qadam bossang!..»

Arofat sumkachasini olib, miq etmay chiqib ketdi. Yopiray, qanaqa qiz-a bu? Burilib bir ogʻiz bir nima desa-chi! «Qayoqqa ketar ekanman? Bu uyda mening ham ulushim bor. Oʻzimning uyim. Ketsang, sen chiqib ket. Meni avrab nikohdan oʻtkazding, nomusimni barbod qilding, endi qayoqqa haydayapsan, nomard pakana?!»

Yoʻq-yoʻq, boshini yerdan koʻtargani yoʻq. Xuddi shunday boʻlishini oldindan bilgandek, gunohkorona burildiyu chiqdi-ketdi. Dardisarning dardisari!

Uni haydab yuborishga yubordi-yu, Pakana keyin qilmishiga pushaymon boʻddi. Vijdoni ezildi. Yana oʻtirib-oʻtirib oʻzini oqladi: «Toʻgʻri qildim. Axir qachongacha!..»

Arofat shu boʻyi kelmay ketdi. Oradan uch oylar oʻtgach, Pakana bir oqshom teatrdan dilgʻash boʻlib qaytmoqda edi. Kayfi buzuq. Boya telefonda gaplashayotganida nogahon boshqa yoqqa ulanib, beixtiyor ikki qizning oʻzaro sirlashuviga xufiya guvoh boʻldi. «Anovi yerpakanani boshiga uradimi, Dilfuz, oʻzing aytgin? Jahongir balo-ond boʻyli, sochlari jingala…»

Pakana metroda ketmoq boʻlib «Paxtakor» bekatiga tushayotsa, chiqib qelayotganlar orasidan kimdir koʻziga issiq koʻrindi. Yoʻlini kesib roʻbaroʻ chiqsi. Arofat. U gʻaribona yerga boqib past ovozda salom berdi.
— Yaxshi yuribsanmi, Arof? Nega kelmay ketding? Qiz koʻzini yerdan uzib, ta’naomuz bir qarab qoʻydi.
— Borsam, tagʻin jahlingiz chiqmasin deb…

Bu gapdan allanechuk iyib ketgan Pakana tirsagidan ushlab uni yoʻldan chetga olib chiqdi.
— Qayoqqa ketyapsan?
— Yotoqxonaga.
— Qanaqa yotoqxona? Nima qilasan u yerda?
— Bir tanishimning xonasida turibman. Vaqtincha.
— Menga qara, nima boʻldi oʻzi? — Pakana uni iyagidan olib oʻziga qaratdi-yu, javdiroq koʻzlardan shuvillab oqayotgan yoshni koʻrib yuragi orqaga tortib ketgudek boʻldi. Soʻng boshdan-oyoq razm solib chiqdi. Aftodahol. Bu qizga bir balo boʻlgan. Yonoqlarining eti qochib, battar turtib chiqqan, burun soʻrraygan. Egnidagi keng, uzun atlas koʻylakning oldi koʻtarilib, orqasi osilib turibdi. Ahvol ma’lum.

Uyidagalar sezib qolib, haydab yuborishibdi. Vassalom.
— Nega mening oddimga kelmading? — dedi Pakana sarosimada boshqa gap topolmay, zil ketib.
— Oʻzingiz, endi kelma, degan edingiz.

Yon-verlaridan u yoq-bu yoqqa yasan-tusan suluvlar oʻtib turar, koʻz qamashar, dil talpinar, orziqar… ular orasida xunugi, balki eng xunugi mana shu qiz edi hozir.

Shunday boʻlgani bilan Pakana yaxshi odam edi, olijanob edi. Ayni tobda ana shu benavo bandai ojizaga nisbatan tugʻilgan shafqat hissi uning serna’ma koʻnglini toʻldirib, qolgan barcha xudbin tuygʻularni siqib chiqardi.
— Oʻzimning xunugi-im! — dedi bandi dili boʻshashganicha uni bagʻriga olib. — Uyga yur.

Arofat indamay ergashdi.

Keyin… ozgina mojaro boʻldi — nomiga, oqibati— shaharda kichkina, qishloqda kichkina toʻy boʻldi. Keyin toʻngʻich qizlari tugʻildi. Shiringina, talpinchoq. Keyin — yana, yana. Xullas, bir vaqtlar nodon qiz bashorat qilmish «ishqilib, baxtli boʻlsak boʻldi».

Pakana baxtlimi? Toʻgʻri, uy-joyi bor, xotin, bola-chaqasi bor. Ammo… xotiniga koʻngli ilimadi-ilimadi. Unga qaragisi kelmaydi, ta’bi tortmaydi. Uni oʻylasa, gʻussa bosadi. Xudoning oʻzi kechirsin-u, uchala farzandi ham mastlikda boʻlgan. Ajabki, biri biridan ziyrak, bijildoq. Demak, anov gap bid’at ekan-da. Necha bor ajralmoqni qasd qildi. Lekin bunday sarishta roʻzgʻorni, beminnat xotinu shirin-shirin qizaloqlarini tapglab qayoqqa boradi? Qizi bor odamning koʻngli yumshoq boʻlarkan…

8

Zamon oʻzgardi, endi qiz-juvon er tanlaydigan boʻlib ketgan. Tanlaganda ham nuqul uzunidan boʻlsa, novchasi boʻlsa bularga! Ham daroz, ham jingalak sochiga-ku nima yetsin!

«Qadrli tomoshabin» Pakana, koʻrsatuvlar jadvali bahona, har xil oldi-qochdilar bosiladigan yengiltakroq bir roʻznomaga obuna edi. Uni qoʻliga olgan zahoti «Sovchi» degan joyiga razm soladi. Goʻzal, xushqomat, zamonaviy, jozibador, latofatli, bilqillagan (oʻzginalarining ta’rifi — «priyatnoy polnota») xonimlarga er yoki jazman kerak ekan. Talabgorning boʻyi 180—190, ammo zinhor-bazinhor 170 santimetrdan past boʻlmasligi shart. Amriqo yoki boshqa biron boyroq arab mamlakatini koʻzlab turgan tadbirkor, korchalon janoblardan boʻlsa-ku, yana ham yaxshi, nur ustiga nur. Lekin eng muhimi — boʻyi, qaddi-qomati! 170 santimetrdan bir miri kam boʻlsayam — chiqit, tuyogʻini shiqillataversin. Novcha boʻlsa-chi, nodonu moltabiat chiqsa ham mayli, toʻnkalik qilsayam marhamat, har kuni itdek ichib kelib tepkilasayam — bosh ustiga! Tavba!

Pakana bu roʻznomani qoʻlga olmasligi, oʻsha sharmanda joyiga koʻz tashlamasligi ham mumkin, albatta. Mumkin-u, birgina narsadan umidvor-da: boʻy-poʻyining ahamiyati yoʻq, pakanasiyam boʻlaveradi, odam boʻlsa bas, degan e’lon chiqib qolarmikan?.. Qayoqda! Hammasiga…

Yoʻq-yoʻq, oʻshanaqasi topilib qolsa, darrov yugurib bormoqchi emas, ilinji boshqa yoqdan. Dunyoda shunday ayol ham borligini bilsa — kifoya. Taskin-tasalli-da.

Pakananing oshiq koʻngli mehrga, muhabbatga zorligini bilamiz. Xotiniga koʻngli yoʻq, unga qaramasligidan ham xabarimiz bor. Demak, yagona yoʻli — chetdan ma’shuqa orttirish. Eski orzu soʻnmoq oʻrniga, yildan-yil alangalanib borayotir. Ammo, notavon koʻngilga qoʻtir — jomashov. Ta’bingizga mos-monandi bu olamda yoʻq. Bor chiroyli ayollarning boshida chiroyli erlari ham boʻladi. Chiroyli, koʻrkam boʻlmaganda ham novcha, qaddi raso boʻladi ular. Novcha boʻlmaganlari esa shunday bir xislat yoki qudratga egaki, ularning qoshida har qanaqa darozi ham qulluqda turadi. Ayni shunisiga qarab chiroyli ayollar ularni tanlagan. Agar ular ishonchni oqlamasa, oqlaydigani topiladi. Har qadamda. Bozor bu!

Pakana ana shunday bozorning molu xaridorlarini koʻp koʻrgan.

Qaysi yilidir, yosh olim yurtdoshi uni qoʻyarda-qoʻymay bir xonadonga ziyofatga olib bordi. Bahavo hovlini, qasrsimon imoratlarni, u yerdagi dabdabayu as’asani ta’riflash shartmikan? Nomini tutib baloga qolmaylig-u, poytaxtdagi nufuzli, koʻchadan kelgan har qanday odam ikki dunyoda ham ostonasiga qadam bosolmaydigan bir bilimgohning yil sayin qabul hay’atida bakovullik qiladigan yoʻgʻon domlasi qanaqa davron surishi mumkin — tasavvur qilib olavering. Ziyofat ham shunga yarasha, kelajagi porloq qoʻsha-qoʻsha dastyor aspirantlar tipirchilab xizmatda edi. Mehmondan mezbon koʻp.

Mayli, gap hozir bularda emas. Chaman gulzor bilan marmar favvora oʻrtasiga joy qilingan edi. Dasturxon boshida yetti-sakkiz chogʻliq odam — er-xotin, er-xotin. Koʻrinishdan ziyoli, oʻziga yarasha mavqeli bu kishilarning bari bir joydan yetishib chiqqan, birga oʻqigan teng-toʻshlar, boshlab borgan doʻstining hamqishloqlari ekan. Olis bir qishloqdan kelib shahri azimda shu qadar tomir otgan bu jamoaga Pakana chinakamiga havas qildi: biz ham oʻzimizni odam boʻldik deb yurgan ekanmiz-da!

Bazmning qahramoni ikkita edi.

Avvalo, hammaning diqqat-e’tibori davra toʻridan joy olgan toʻporisifat kimsada. Eshonga oʻxshab betakalluf qoʻr toʻkib oʻtirgan bu odam oʻsha yoqdagi qandaydir yirik, serdaromad xoʻjalikning egasi ekan. Chamasi, ziyofat «otaxonning poytaxtga yurishi» sharafiga boʻlmoqda edi. Katta-katta fan ulamolarining tandirkabob chaynab, oliy mehmonning ogʻziga tikilib oʻtirishi erish tuyulardi. Nachora, hayot haqiqati shu.

U kishining diqqat-e’tibori esa, davraning yana bir qahramoni, yoʻq-yoʻq, gultoji desa arzigulik Zubaydaxon ismli benihoya sohibjamol juvonda edi; asosan shu bilan soʻz berishib, shu bilan soʻz olishadi, qolganlarniki bor-yoʻgʻi — izoh, ilova, yaltoqlanib kulish, gap ma’qullash, xolos.

Yolchib oʻtirar-oʻtirmas, Pakananing davradagi vazifasi ayon boʻldi-qoldi. «Ulugʻ mehmon»nyng muborak qiyofasini hozircha xomakiroq aks ettirib berishi lozim ekan, esdalikka. Bebiliska ziyofatga sudragan pismiq doʻstning ishi.

Pakana davradan chetroqqa kursi qoʻyib, doim yelkasida yuradigan qalin jilddan bir taxta qogʻoz oldi-da, qoratosh bilan chor-nochor ishga kirishdi. Lekin, qiyofa birpasda bitdi. Tep-tekis, ma’no-ifodasiz manman bir bashara — nimasi qiyin?

Egasi rasmni rosa zehn solib, maroq bilan koʻzdan kechirgach, «Da-a, talant!» deb baho berdi va «bashara»sini davra ahli hukmiga havola etarkan, rassomni yoniga imladi. Uning qoʻlini siqib, e’tirozga oʻrin qoldirmaydigan xufiya bir qat’iyat bilan choʻntagiga nimadir tiqdi-da, «Zubaydaxonni ham!» deya amr qildi.

Boyagisi qanchalik oson boʻlsa, bu tolshiriq shunchalik murakkab, ayni choqda maroqli edi.

Ish asnosi Pakanani nozik bir jumboq band etdi.

Tanishtiruvdan ma’lum boʻlishicha, kattakonlar davolanadigan maxsus shifoxonada boʻlim mudiri lavozimida ishlaydigan bu barkamol xonimning eri yonida mushtdekkina boʻlib nochor ishshayib oʻtirgan, davradagi eng koʻrimsiz, pachoq kimsa ekan. Pakana qattiq taajjublandi. Avvalo, poytaxtdagi manaman degan kiborona oliymaqom bazmlarni bezamoqqa qodir bul aslzoda xonimning huv dala-dashtlarda tugʻilib oʻsganiga aql bovar qilmasdi. Qolaversa, u nega kelib-kelib shunday shumshuk ta’viyaga erga tekkan? Axir, mana, tanlasa tanlagudek maktabdoshu sinfdoshlari bor ekan, hechqursa, ana, qudratli toʻpori…

Bu chigallikning tarixi esa oddiygina. Mana shu hozir qisinib-qimtinib oʻtirgan pachoq kimsa bir paytlar maktabning oldi, davradoshlarning eng zoʻri, eng a’lochisi boʻlgan. (Unda anovi toʻrda taltayib oʻtirgan akamiz maktabda zoʻrgʻa oʻqir, besh karra besh — yigirma besh, desa birov, «Joʻgʻ-e, yellik besh boʻlsa kerag-ov, yekkita besh-ku!» deydigan darajada edi.) Tabiiyki, qizlarning aksariyati shunaqa peshqadamlarga talpinadi. Sirasi, u kezlar Zubayda hali yetilmagan gʻoʻr bir gʻuncha edi. Sevishganlar, odatdagidek, birga oʻqishga keladilar, birga oʻqiydilar. Uylanishgach, musofirchilik, kamxarj roʻzgʻor, «igna bilan quduq qazish» mashaqqatlari azaldan jussasi chogʻroq erni ezgʻilab, yanada pachoq qilib tashlaydi. Azaldan durkunroq, begʻamrok, boʻlgan xushroʻy xotin esa, tuqqani sayin yetilib, ochilib ketaveradi — avlodida shunday xislat bor ekan. Boz ustiga xizmat joyining sharofati bilan katta oxurlarga oʻrganib, dimogʻdor jamoatning teng huquqli a’zosiga, nainki oddiy a’zosi, koʻpincha gultojiga aylanadiki, buni koʻrgan shoʻrpeshona er borgan sari rashku xavotirda oʻrtanib, ich-etini yeb, battar sinib, nihoyat, mana shunday aftoda-abgor holga tushib qoladi. Endi biror oʻzgarish yasash mahol. Fan nomzodi tugul yetuk ulamo boʻlganingda ham, bu soxta-sipo dabdabalardan voz kechib kindik qoning toʻkilgan ma’sum lolaqizgʻaldoq adirlarga chiqib ketganingda ham noming shu — «Zubaydaxonning eri»!

…Rassom bot-bot koʻz tashlab, ana shunday oʻylar ogʻushida, nihoyat, parivash bir ruxsorni qogʻozga koʻchirib bitkazdi. Xoʻrsindi.

Rassomlik yaxshi hunar, gashti bor.

Lekin — pakanalik qandoq yomon, pachoqlik qandoq alamli!

9

Umidli dunyo, Pakana hali-hamon bir kuni moʻ’jiza roʻy berib boʻyim choʻzilib qolar, degan xomxayol bilan yashar ekan, bu orada yana bir baloga giriftor boʻldi.

Koʻza kunida sinar, lekin boshdagi soch bir kunda toʻkilmas!.. Pakana boʻy oʻstirish gʻamida yuribdi, soqol-moʻylovning pardoziga zoʻr beribdi-yu, yana bir muhim narsani nazardan qochirgan ekan. Bir erta oynaga qarab soch tarayin desa, kuni kecha koʻpirib turgan matoh, taroqqa ilinmaydi, barakasi ketgan. Siypab koʻrmoqchi edi, bir tutami yulinib qoʻliga keldi, tagi ochilib qoldi. Koʻzgu esa xuddi masxara qilgandek beshafqat hukmini oʻqib turardi: hayot — ana shunday bamisoli bir bekinmachoq, birodar, kutilmaganda pand beradi. Yoshlik davroni oʻtdi endi, qariding… Qaridim? Qachon? Men hali nimani koʻribman, axir?

Mana, bor umidi — soch ham tamom boʻpti. Bir mahallar, boʻy oʻstirish tashvishida yurgan kezlari koʻrgan tushi bugun chinga, achchiq haqiqatga aylandi. Oʻshanda bir kecha uyqudan yigʻlab uygʻongan edi: tushida boshini silasa, sochi yoʻq emish.

Tez orada bori ham uzoqqa yetmadi, sob boʻldi. Soqol-moʻylovning bunday gʻovlab ketgani bejiz emas ekan: bir joyda koʻpaysa, boshqa joydan kamayishi tayin. Hammasining hisobi bor. Tabiat qonuni deydilar buni, Pakanaboy!

Shu tariqa, boʻy tashvishiga moʻy tashvishi qoʻshildi. Bu bobda ham dono koʻp ekan. Birovi takror-takror ustarada qirdirishni maslahat bersa, boshqasi— guruchning zardobiyu namakob (jaydari tuz boʻlishi shart!) bilan yuvishni, birovi — sarimsoqpiyozni boshga ishqashni, yana biri buqachaning shahvat beziniyu qora qoʻyning qatigʻini surkashni uqtiradi. Kimdir hatto yermoyi — kerosin bilan chayib koʻrmoqni tavsiya qiddi. «Donolar bisotidan bahramand boʻlib» necha kunlab sasib-anqib yurganlari!..

Pakana bu ishga xotinini ham safarbar etgan edi. Uning asl maqsadidan bexabar goʻl xotin yugurib-elib har xil oʻtkir dori-darmon topib keladi deng: majorlar oʻylab topgan kamyob «Banfi»mi, latishlar chiqargan antiqa «Dzintars»mi…

Xullas, qilmagan ilmu amali qolmadi. Befoyda. Bir gal televizorda koʻrsatildi. Amriqolik bir afandi tepakal boshini sigirga yalatgan ekan, gurkirab jingalak soch oʻsib chiqibdi. Pakana oʻz koʻzi bilan koʻrdi: yaltirbosh bir davangir choʻzilib yotibdi, govmish kelib yalayapti. Bu yangilikni oʻzidan ham bedavoroq tepakal xizmatdoshiga aytgan edi, u ensasi qotib qoʻl siltadi: «Boʻlmagan gap! Agar buning iloji topilganida, Gorbachyov bobo allaqachon jingalaksoch boʻlardi».

Pakanamiz shundan keyingina sinalgan usulga oʻtdi. Rassomligi kor kelib, tajribali tepakallar singari mohirlik bilan yon-veridagi soch tolalarini peshonasiga tarab yurdi. Bora-bora bundan ham hafsalasi sovidi. Shamol-shabadada yurib boʻlmasa, qoʻlingizdan taroq tushmasligi kerak.

Shunday qilib, pakanalik yetmagandek tepakal ham boʻlib qoldilar akam. Endi «hoʻ pakana»gina emas, «hoʻ kal» ham deb chaqiriladigan boʻddi. Xudoyam qiziq: birovni topib olsa bas, hadeb shuni tarsakilayverar ekan.

Aslida-ku, gap sochda ham emas, boʻyda ham emas. Zoʻr boʻlsangiz — pakanamisiz, novchamisiz yo tepakalmisiz, jingalaksochmisiz — ahamiyati yoʻq. Noshud-notavon boʻlsangiz esa — bari bahona. Qisqasi, gap omadda. Gap koʻngilda, koʻngilning toʻqligida. Yigit kishining omadini bersin deng. Omadi yor odam qiyofasidaga uncha-muncha qusurga parvo qilmaydi. Buni tabiatning ishi deb, ortiq bosh qotirmaydi. Negaki, bunga vaqt sarflasa, shu bilan mashgʻul boʻlsa, omad ketib qoladi. Uni tutish esa oson emas. Omad yurishmasa, bir quchoq soch ham, terakdek qomat ham bir pul, quruq sumbat, xolos. Boʻyni xudo beradi, soch — boshdagi omonat moʻy, ertami-kechmi, hammadayam toʻkilishi mumkin. Buni debgina qaygʻurmoq — umrning zavoli.

Darvoqe, tepakallik ham husn, soch taramasining bir turi, xolos, degan tushuncha bor. Ba’zilarga yarashganini ayting! Bilsangiz, mashhur kishilar pakana boʻladimi, tepakal boʻladimi, baribir, koʻzga issiq koʻrinaveradi. Shu nuqsonlari ham yoqimli, jozibali, hatto suyumli tuyuladi. Inson — betakror moʻ’jiza, uni aynan qayta yaratish Isoning ham, Musoning ham qoʻlidan kelmas. Mana shu, Obidjon. Uni novcha yoki oʻrtaboʻy holda tasavvur qilib koʻring-chi, nimasi qolar ekan?

Omad deganlari bir mahallar Pakananing ham boshini (toʻgʻri, unda tepakal emas edi) silab oʻtgan.

Pakana rassomlik bilim yurtini tugallash arafasida diplom ishi sifatida «Orzu» atalmish kattakon bir portret yaratdi. Yoshlikka xos gʻayrat va ehtiros bilan ishlangan bu asarga u moʻyqalam tutgan kunidan boshlab rasmini chizib kelgan suluv qiz-juvonlarning eng jozib jihatlarini nazokat ila jamlay bilgan edi. Unda sumbul sochlarini tarayotib, qoʻlida taroq, oʻrtaguvchi bir gʻamza bilan qiyo boqib turgan sohibjamol siymosi aks ettirilgan edi. Kimdir bir baraka topkurning nazari tushib, asar «San’at» jurnali muqovasida e’lon qilindi. Soʻngra uni «Subhidam», «Nozanin», «Taraddud», «Sumbul», «Bokira»ga oʻxshash har xil nomlar bilan, ismi bezakli gazet-jurnal borki, bari koʻchirib bosdi. «Oʻzbekistonlik yosh moʻyqalam sohiblari» degan sarlavha ostida Moskovdagi «Iskusstvo» jurnalida ham chiqdi. Talabalik yotoqxonalaridan tortib, turli doʻkonu sartaroshxonalarning devorlari, tramvay-trolleybuslarning oynalarigacha «Subxidam»u «Taraddud», «Bokira»yu «Noza-nin», «Sumbul»u «Orzu»larga toʻlib ketdi. Deylik, mashhur «Notanish ayol» yoki «Mona Liza»larga oʻxshab!

Asar toʻgʻrisida matbuotda rosa bahs-munozara ham boʻldi. Qiz siymosi chinakam ehtiros va mahorat bilan chizilgani e’tirof etilib, injiq munaqqidlarni rasmdagi boshqa bir holat hayratga solardi. Chunonchi, asarda subhidam pallasi tasvirlangani ayon koʻrinib turibdi, xoʻsh, unda deraza osha tushayotgan toʻlin oy yogʻdusiyu ana shu yogʻduda gʻujton oʻynayotgan yudduzlar tasvirini qanday tushunmoq kerak? Bunda qanday ramziy ma’no bor?..

Rosti, bu savolga Pakananing oʻzi ham joʻyali javob bermogʻi dargumon edi. Shunday chizgisi kelgan — chizdi. Vassalom.

Endi oʻylasa, asarni mashhur qilgan sir ana shu gʻalatiligi, ana shu «xato»sida ekan.

Avom tomoshabin nazarida uning boshqa «xato»lari ham bor edi. Deylik, nega shundoq ofatijon faqat yon tarafidan koʻrsatilgan, nega qiya qarab turibdi, xolos? Yuzini koʻrsak boʻlarmidi… Asalning ozi yaxshi, birodar!

Shuhratning qanoti bor. Asar oʻzi yagona-yu, ta’biga qarab har kim har xil nomlayverganidan u bir emas, bir nechtaga oʻxshab qolgan, binobarin, Pakana bittagina emas, bir necha mashhur asarning muallifiga aylangan edi.

Shuhratning qanoti borligi haqiqat. Oʻsha kezlar Pakananing oyogʻi yerga tegmas, bir kuni koʻchada borayotib hatto boʻyi choʻzilib, osmonga uchib ketayotgandek ham boʻlgan edi. Qaerga bormasin, yonverida shivir-shivir: «Ana, iste’dodli yosh rassom… «Orzu»ni chizgan-chi, huv «Nozanin»ni… Boʻlajak Chingiz Ahmarov deyishyapti…» Unda hech kim pakana demas, pakanaligiga e’tibor bermas edi. Unda anovi Obidjon deganlaridan nom-nishon ham yoʻq edi. Beshogʻochning «dumba-jigar» somsasini chala chaynab, yelkasida oʻzidan katta ishxalta, yer boʻlib «Yoshlik» jurnaliga bezak-pezak chizib yurardi. Bugun endi… Charxning oʻyinini qarang!

Pakana-ku osmondan tushgandek bu shuhratdan taltayib ketgani yoʻq, biroq talay zamon xotirjamlikka berilib, oʻshaning yogʻdusida isinib yurgani rost. Bu yogʻdu shu qadar oʻtkir ekanki, keyin ishlagan rasmlari «Orzu»ning takrori — ikkinchi, uchinchi nusxalari boʻlib chiqaverdi. Shu tariqa oʻrtamiyona bir kosibga oʻxshab qoldi. Aslida oʻzi kiroyi iste’dodi yoʻq ekanmi, «Orzu» anchayin tasodifiy ish boʻlgan ekanmi yoki institutdagi daqqi qolip ta’sir qildimi, kechagi umidli yosh rassom oddiy bezakchiga, yana ham toʻgʻrirogʻi — mana shu Pakanaga aylandi-qoʻydi. Bugungi moʻrt, sarsari tugʻyonlari, oʻzini oʻzi yeb yurishlari, omadsizlik dardi, bari-bari oʻsha — kuzak quyoshi misol yilt etib oʻtmish omonat shuhratning yoʻqlovi, alamzadalikdan, xolos. Oʻzi haqida boshqacha fikrda ekanining ham bir cheti shunga bogʻliq.

Institutda u teatr rassomligi boʻlimida tahsil koʻrdi. Bu yerda boshqa narsa talab qilinardi. Asta-asta rangtasvir, portret turlaridan qoʻli chiqa boshladi. Boz ustiga, omadi oqsab, viloyatga ketib qoldi. U yerdagi koʻlmak muhit tirikchilikning oʻngʻay yoʻllariga yetakladi. Shu yoʻsin — ke-etdi. Bugun endi iztirobda oʻrtanadi: xoʻp, ana, oʻn yillar chamasi oʻqidim, qolgani-chi, qolgan umr qayoqqa ketdi? Ke-etdi. Qulogʻini ushlab. Boshqa amalga noqobil boʻlgach…

U biron bir favqulodda ish koʻrsatib, oʻzining oddiy pakana emasligini, umuman, pakana emasligini isbotlamoqni, elaro nom taratmoqni orzu qilar, zoʻr berib turli-tuman rejalar tuzar edi — shoyad shunda kampisand pakanaligi bilinmay ketsa!

Lekin, nima hunar koʻrsatsin? Omad ketgan. Ketgan omadni qaytarish uchun gʻayrat kerak, shijoat kerak, oddiy umrguzaronlikka xos talay ne’mat va halovatlardan mardona voz kechmoq kerak boʻladi. Buning uchun esa ozgina ragʻbat, ozgina shiddat darkor. Zavq, ilhom darkor. Ilhombaxsh kimsa esa yoʻq. (Ilhomkushi-ku istagancha topiladi.) Uni topmoq uchun yana ozgina omad zarur. Omadsizga it ham qaramaydi.

Xullas, biri biriga bogʻliq, tagʻin oʻsha sarson halqa!

Pakananing shashti singan, oʻzidan koʻngli qolgan edi. Oʻzidan koʻngli qolgan odam — yarim odam, chala odam, odam emas ham deyish mumkin. Axir, boʻy yoʻq, soch yoʻq, omad yoʻq! Dunyodan umidni uzsangiz ham boʻlaveradi, Pakanaboy!

Otaxon dramaturgning navbatdagi ziyofatidan keyin Pakana bunga ayniqsa amin boʻldi.

10

Otaxon dramaturg qoʻli ochiq, dasturxoni ochiq, serhimmat muallif edi. Boʻshgina-boʻshgina «e’jod»larini «goʻshti sizdan, suyash bizdan» qabilida teatrga keltirib tashlar, oʻzi qorasini koʻrsatmay ketar edi. Lekin kattakon mahkamalardan sim qoqdirib bezor qilardi. Shundan soʻnggana biron rejissyor soʻka-soʻka bu xomashyoni qoʻlga olar, aktyorlar bilan koʻpaylashib, soʻka-soʻka uni «odam qatori»ga qoʻshar edi. Ana shunda muallif qayta paydo boʻlib, «u yogʻidan suzing, bu yogʻidan suzing» deya aylanishib qolardi. Keyin, to, asar tayyor boʻlguncha jamoaga bir necha marotaba zaytunu ilik yogʻiga osh qilib, spektaklʼ tayyor boʻlgan kuni torroq davraga, u sahnaga chiqqan yalpi koʻrikning ertasiga keng davraga dabdabali ziyofat berardi.

Keng davraga moʻljallangan boʻ galgi bazm «Bahor» restoranining bahavo, muhtasham tolorida oʻtmoqda edi. Ziyofatga kelgan ham kelgan, kelmagan ham kelgan. Teatrga, umuman, sanʼatga hech bir aloqasi yoʻq, kechagi koʻrikda ham qorasini koʻrsatmagan allaqanday yasan-tusan xonimlaru arbobsifat janoblar. Bamisoli toʻy deysiz. Toʻy-da, axir, otaxonning bayrami, teatr ustidan qozongan gʻalabasining tantanali namoyishi! Ana shuning nash’asini surgani, birga baham koʻrgani kelgan bular. Aksariyatini Pakana ilgarilari ham xuddi mana shunday sipo jamoatda, tekin ziyofatlarda uchratgan.

Dasturxon odatdagidek obod, anvoyi ichimliklar sharshara, yagona kamchiligi — anqoning urugʻiyu bulbulning suti topilmabdi qurgʻur! Anqoning urugʻi — Oʻz nomi bilan anqoning urugʻi-da. Ayniqsa, shu zamonda.

Xomashyoni «odam qilish»da qahramonimiz ham ishtirok etgan, bosh rassomga koʻmaklashuv bahona (aniqrogʻi, u — nozikta’b musavvir — Toʻlikjon hazar qilgandek burnini jiyirib chetga chiqqanda), asosiy xizmatni Pakana bajargan edi. Shunga qaramay, hozir bor-yoʻgʻi noma’lum, poygakroqda bir chetga siqilib oʻtirardi, qolganlar — «sahna»da.

Bazmning tantanali qismini bosh rejissyor ochdi. U asarni deyarli tilga olmay ustalik bilan aylanib oʻtdi-da, jamoadan izn soʻrab, oddiga qatnab yuradigan jikilloq shoir oshnasi hamrohligida tezgina qayoqqadir joʻnab qoʻydi. Boshqa joyda chortangi boʻlsa kerak. Sahna «qutulgan devlar»ga qoldi. Kechagina changini chiqarib soʻkib yurganlar toʻkin dasturxon ustida muallifni koʻklarga koʻtarib maktashdi, «Tagʻin jindakkina ishlansa, «Kelinlar qoʻzgʻoloni»dan oʻtib ketadi», deya bashorat qilishdi. Otaxon toʻrda taltayib oʻtirdi.

Spektaklning bezaklari toʻgʻrisida gap ketganda ta’rif Toʻlikjonga tegdi, albatta. Holvani hokim yer.

Sal oʻtib, shoʻx yallayu raqs boshlangach, ahli bazm hotamtoy muallifni, unga qoʻshib qaerda, nima munosabat bilan oʻtirganini ham esdan chiqarib yubordi. It egasini tanimay qoldi. Teatrdagi mojarolardan siqilib yurgan boyoqish aktyorlar sipolik toʻnini yechib tashlab, yayramoqqa tushib ketishdi.

Chappor urib irgʻishlayotgan baxtiyorlar safidan bir qiz Pakananing diqqatini tortdi. Koʻziga issiq koʻrinadi: kim boʻldi bu? Mehmonlardanmikan? Chehrasi muncha charogʻon, muqomlari bu qadar yoqimli, yarashiqli!

Oʻzi shunday: chiroylilar doim tanish tuyuladi. Ammo sen unga notanish — «charxi kajraftorning bir shevasi».

Pakana koʻz uzmay rom boʻlib oʻtirarkan, oqqush misoli qanot qoqa-qoqa davrani aylanayotib qiz unga jilmayib oʻtdi. Tanish, tanish! Boʻlmasa… Shu mahal qayoqdandir paydo boʻlgan anovi sulloh sayyod — Nurali qizning oldini toʻsib chiqdiyu… Pakana dogʻu armonda qoldi.

Charxi kajraftorning yana bir shevasi!

Kim edi u tanish-notanish dilbar?

Xiylagina ichib qoʻygan Pakana soʻngra chalgʻib, chiroyli xonimlarga sukdana-sukdana, ularning erka, nozli raqslarini kuzata-kuzata, tuyqus xoʻrligi keldi. Tashqarida olamni larzaga solib, odamni gʻaflatdan ogoh etib momaqaldiroq gumbirlayotibdi. Bahor. Yana bir bahor! Bu yerda hamma shod, baxtiyor. Umr oʻtyapti! Unga esa birov qiyo ham boqmaydi, «itmisan, bitmisan» demaydi, ishi yoʻq. Yo rab, bu qanday nohaqlik!

daf’atan bu hurram ziyofatda, bu jamoatda oʻzini ortiqcha, itdek xor, bitdek zor, pachoq, pajmurda kimsadek sezdi. Vujud-vujudini qaqshatgan bir alam bilan boshini mushtlari ustiga qoʻyganini biladi…
— Oʻzginam qoldim sizga, Pakanajon, turing endi!

Boshini arang koʻtarsa — Qamara. Ohanjama soʻmkachasini koʻksiga bosib, oʻn sakkiz yashar nozanin misol nozlanib turibdi. Odatdagidek — boʻyalmagan, bejalmagan joyi yoʻq. Atir-upasidan bosh battar aylanadi. Aktyor xalqi oʻzaro xiyla dangal, betakalluf boʻladi. Upa-elikni me’yoridan oshirib yurishi uchunmi, gʻarkoʻzligiyu bepardaroq qiliqlari uchunmi, bu ayolni ochiqdan-ochiq, yuz-koʻzi oldida shunday deb atasha-i. Oʻzi esa pinak buzmaydi, biror soʻz bilan e’tiroz ham qilmaydi. Kim bilsin yana!
— Bosh ogʻriyapti, Qamara opa. Ayting, meni uyga eltib tashlasin birortasi, — deb gʻudrandi Pakana.
— Voy, boshginangdan opang aylansin, nimalarga ogʻriydi-yo? Turing endi, tasadduq, bizlardan boshqasi qolmadi bu yerda, — dedi Qamara uning qoʻlidan tortib. — Sizni oʻzim olib ketmasam…

Pakana koʻzini ishqab tevarakka qarasa, chindan ham, ularga taajjub aralash tikila-tikila stollarni saranjomlayotgan ikki xizmatchi xotindan boʻlak kimsa koʻrinmaydi. Qolganlar qayoqqa ketdi? Qamara nima qilib yuribdi bu yerda?

Qamara — tugʻmas, koʻp yillar burun eridan ajrashgan boʻlib, teatrning orqasida, bir xonali uyda yolgʻiz yashar edi.

Pakanani uyiga olib kelib, u qildi, bu qildi, epaqaga keltirib oldi. Keyin tun boʻyi unga sigʻinib chiqdi. Xulosasini saharda aytdi:
— Endi yana qachon kutay, jonim? Sendaqasini kamdan-kam koʻrganman…

Qari qanjiq! Bugun bozoring kasod-da. Besh-olti yil ilgari-ku menga oʻxshaganni yaqiningga yoʻlatmasding. Gapini qarang! Buni bekorga anovinaqa deyishmas ekan. Mana, oʻz ogʻzi bilan aytib turibdi — koʻpni koʻrganini, koʻpdan qolganini!

Keyin daf’atan ichi toʻkilgudek boʻlib ketdi. Bu rostdan ham oʻsha Qamarami? Oʻsha mashhur aktrisa Qamara Rahimova? Pakana oʻspirin yoshligida suratlariga sigʻingan, ishqi ilohiy bogʻlagan Qamara? Unga yaqinlashuvni xayoliga ham keltirolmagan Qamara? Qani u, qayoqqa ketdi?..

Roʻparasida qiyshanglab turgan ayolni tanimadi, oʻzini ham tanimadi. Bu qanday shafqatsizlik!..
— Meni nima qilasan, Qamara? — dedi kun koʻrmagan shoʻrlik Pakana uning soʻzlariga ishonib-ishonmay. — Aft-angorimni koʻrib turibsan…
— Zato-o!.. — dedi ayol boshini sarak-sarak qilib.— Kuyinma, tasadduq, maymundan beriroqsan…

Pakana oʻsha kuni balchiqqa botgandek ijirgʻanib, oʻzini maymundan battarroq his etib qaytdi uyiga.

Boʻldi, bas! Boshqa bu yoʻlga kirish yoʻq. Yoshlik, beboshlik davri oʻtdi endi. Havoyi havaslarga chek qoʻymoq kerak. Nasibasida bori shugina ekan, nachora? Bu yogʻi qizlari katta-katta boʻlib qoldi…

11

Yoshlikning oqava nafasi hali oldinda ekanini bilmasdi Pakana. Chin muhabbat hali oldinda ekanini bilmasdi u. Hali Majnun yangligʻ iztiroblar chekajagini-da bilmasdi. Nihoyat, «Orzu»siga yetay deganida uning yana «Armon»ga aylanib qolishidan ham bexabar edi.

Xudoyim yorlaqagan bir kun Pakana ustaxonasidan chiqib nimadir yumush bilan rejissyor doʻsti Xayrulla Hoshimovning huzuriga borayotgan edi, ittifoqo sahna ortidagi torqorongʻi yoʻlaqda oppoq libosi xush qomatini koʻz-koʻz qilmoqchidek yopishib turgan, sermavj kokillari yelkasini toʻldirgan bir qizmi-juvonga roʻbaroʻ kelib qoldi. Nedandir kayfi chogʻ edi, zavqi toshib, oʻylab oʻtirmay uni belidan mahkam quchoqlab oldi. (Teatr olamida bunday qiliqlar koʻpda ayb sanalmaydi.)
— Voy-voy, kimsiz? — deya qiyqirdi qizmi-juvon tipirchilab.

Pakana «oʻlja»sini qoʻyib yubormay, ijigʻ-bijigʻ kutarib yoʻlakning boshiga — yorugʻroq joyga olib chiq-diyu… Oʻshanda uning holatini koʻrgan odam!..
— Voy, sizmidingiz? — dedi qiz nafasini rostlab.— Qoʻrqitib yubordingiz odamni.
— Siz… Oʻshamisiz? — dedi Pakana huv bahordagi ziyofatni eslab, hayratda.
— Siz… Oʻshamisiz? — dedi qiz ham Kumushbibining ohangida takrorlab.
— Me-eni taniysizmi?
— Iya, tanimay nima? Rassomsiz-da.
— Qayoqdan bilasiz? Oʻzingiz-chi, kim?
— Vuy, manovi kishini! Kunda necha bor koʻradigan odam!.. Hazillashmayapsizmi oʻzi? Kelganimga bir yildan oshdi-ya! Safsarman-ku, rassom aka, Safsar Nishonova. «Koʻzgʻolon»da kenja kelin boʻlib chiqaman, esingizdami? Bizdan boshqa hammasining portretini chizgansiz-da, bizni tanimaysiz!

Pakananing esi ogʻib qolgan edi: oʻngimi, tushi?

Roʻparasida aynan «Orzu»dagi sumbul sochli bokira nozaninning oʻzginasi!..

Bir yildan beri koʻzing qayoqda edi, Pakana? Pakana boʻlsang ham odam eding, yigit eding, koʻngling orzularga toʻla edi — koʻzing qayoqda edi, ogʻayni?

Oʻzidan koʻngli qolgan odam atrofga parvo qilar ekanmi? Qolaversa, gavharni tanib olmoq — eshkak eshmoq emas!
— Kechirasiz, men sizni Qamara opa deb oʻylab…
— Achinyapsizmi? — dedi Safsar shoʻxlik bilan. — Qamara opadan yomon ekanmanmi?

Bu — Oʻzingni buncha pastga urding, ey yigit, degani emasmi?

Bu — men ekanimni bilganingda quchoqlamasmiding, degani emasmi?

Bu — qilgan haqoratingga chidaganim uchun rahmat aytgil, degani emasmi?

Bu — gavharni shisha sinigʻidan farqlayolmagan zargar zargarmi, degani emasmi?

Bu — dunyodan bezgan zohid ham koʻzini ochib yuradi, degani emasmi?

Bu — hayf senga, ey befahm, galvars pakana, degani emasmi?

U yogʻini oʻzing tanlab ol, birodar!
— Qachon, qachon chizay rasmingizni? — deb soʻradi Pakana totli tushdan uygʻongisi kelmagandek chippa yopishib. — Hozir desangiz — hozir, hoziroq…
— Mayli, keyin. Boshqa payt. Oʻzim kiraman oldingizga. Hozir Nurali aka bilan bir yoqqa borib kelmoqchi edik. Kelishdikmi? Qoʻlni tashlang!

Pakana joyida mixlanib turib qoldi.

12

«Dunyomiding, ro’yomiding — bilmadim…»*

Pakana darhol bu sirli farishta bo’lib ko’ringan qiz haqida ma’lumot to’plashga kirishdi.Safsar institutdan keyin birga o’qigan saboqdoshiga erga tegib, Samarqand teatriga ishga ketgan ekan. Ikki yilmi-uch yil yashab, murosalari kelishmaganmi, ajrashib qaytib kelibdi. Bu orada nima balodir bo’lib eri qamalib ketibdi. Jajji qizchasi bor ekan. Bu yerda ishlayotganiga rostdan ham ancha bo’lganmish.
U yog’ini so’rasangiz, eri bir vaqtlar Farhodu Tohir rollariga mo’ljallab qabul qilingan edi o’qishga. Xudoyim ham boshqadan (Pakanaga o’xshash sho’rtumshuqlardan) qisgan bo’lsa qisganki, manaman degan yigitga atagan borini shunga bergan edi. Baland bo’yli, xushbichim, xushsuvrat, xullas — tayyor Farhodu tayyorgina Tohir! Biroq, to’rt yil davomida na o’qish bilan ishi bo’ldi, na boshqa bilan. Beshog’ochlik bezorilarga qo’shilib nasha chekib yurdi, yana ko’p noma’qulchiliklarga bosh qo’shdi. Bir daf’a shimol yoqdan kelgan bittasini hamtovoqlari bilan o’rtaga qo’yib «hashar» qilgani uchun qamalib ketishiga ham salgina qolgan. Bu bezorini o’qishdan haydasayam bo’lardi-yu, erkak domlalar, ayniqsa, zanchalishroq rektor uni ko’rganda tipirchilagudek bo’lib o’zi kelib salomlashardi — qo’lidan har ish keladi-da! Ayollar esa… ko’ngli suv ochib ketardi: shundoq yigitlar turganda kimga tekkan ekanman-a! Uning yaramasligini bilishardi, albatta, ammo baribir ko’rganda o’zlarini yo’qotib qo’yishardi. Bilamiz, bilamiz — ablah, ablah-u, lekin yaxshi — yaxshi ablah!

Safsar qanday tushib qolgan uning changaliga?
Safsar ham o’sha ahli zebolar qavmidan, nima, uning shoxi bor ekanmi?!
Bor, bor! Pakanaga qolsa, u boshqa, butunlay bosh-qa, o’zgacha!
Nahot, shu choqqa qadar Pakana uni teatrda biror marta ko’rmagan, uchratmagan?
Ko’rgan, uchratgan, ammo zehn solib qaramaganda, e’tibor bermagan. Ayol narsa darrov ko’zga tashlana qolmaydi. Teatrda qiz-juvon ko’p. Hafsalasi sovigan odamga ularning bari — bir xil. Ayol kishi ba’zan qandaydir bir libos kiyadiyu tamoman o’zgarib, boshqacha bo’lib qoladi. Pakana Safsarni shunday holatda uchratdimikan yo?..

«Dunyomiding, ro’yomiding — bilmadim…»

Ishqu ilhom junbushiga tushgan rassom kelasolib, bisotida ardoqlab yurgan bir taxta nafis xitoyi karton bilan suvbo’yoqlarini hozirlab qo’ydi. Portretdan qo’li chiqib qolgan odam ishni shundan boshlagani ma’qul. Xomakisini qilib olib, so’ngra moybo’yoq bilan musovadaga — matoga ko’chiradi. Vaktni ham cho’zishi kerak-ku. «Sen bilan o’tkazgan dam…»  Qani endi, undan darak bo’lsa! Bir qarasangiz — qizchasi betob, bir qarasangiz — o’zi, goho repetitsiya-a yo qayoqqadir oshiqib turgan. Qolgan vaqt mudom Nuralining oldida. «Keyin, keyin. Boshqa payt. Aytdim-ku, o’zim kiraman, deb».

«Dunyomiding, ro’yomiding — bilmadim…»

Pakana bu yoqda, ko’zi to’rt, zor-intizor. Dastgoh tayyor, bo’yoqlar shay. «Ammo sen o’zgalar bazmi ila band»**. Azaldan she’ru g’azalga havasmand ko’ngil, naqd shaydoyi shoirga aylangan, bir paytlar atay yodlanmish sevimli misralar tildan tushmaydi. Uzun yo’lakka chiqib, Nuralining eshigiga poyloqchilik qilarkan, mushtlari alamdan tugilib ketadi.

«Eh, o’zgalar nechun seni sevadir?
Sevma sen, odammas ular, axir!
Ularda dard-iztirob na qilar,
Ular faqat kishnab yurgan yilqilar!»***

Oshiq yana bir mashg’ulot orttirdi. Bir varaq qog’ozni naycha qilib olib, kuni daroz puflaydi. Sibizg’a. Bo’zlar, nola aylar. Ko’rgan odam savdoyi, deydi. Ko’rgan odam aqldan ozgan Majnun, deydi. Ko’rgan odam… kuladi, masxara etadi. Sibizg’a esa bo’zlaydi, bo’zlaydi, nolavor…

Tunu kun xayoli o’shanda.
«Esladimmi, labim tamshanur.
Sen bir quvonch, shiddatidan ko’zim yoshlanur»***.

Tunlari to’shakda xayolan u bilan suhbatlar quradi, xayolan uni quchadi, o’padi.
Xullas, o’n sakkiz yashar shaydo yigitchani ko’rmadim demang!
Biroq, u haddini yaxshi biladi. Biladiki, o’zi tepakal, pakana, pachoq bir bedavo, tag’in — bola-chaqali o’rta yashar odam. U esa — ayni chappor urgan gulday juvon. Bamisoli yer bilan osmon!
Unda bu notavon ko’ngil nimani istaydi, muddaosi ne?
Mana shu kal, sho’rpeshona boshni ul sanamning ko’ksiga bir boragina bossa, sanam uning ana shu tolesiz boshini silasa, shunda u tengsiz bu baxtdan yig’lab yuborsayu sanam ham qo’shilib yig’lasa…
Shugina, boshqasi kerak emas. Boshqa armoni qolmasdi dunyoda.

«Dunyo so’rarmidim sendan, azizim…»****

«Ammo sen o’zgalar bazmi ila band».

____________
* Yo’ldosh Eshbek satri.
** Alisher- Navoiy satri.
*** O’ljas Sulaymondan.
**** Asqad Muxtordan.

 

13

Pakana Nuraliga ochiqdan-ochiq hasad qiladi. Nurali teatrda kamdan-kam koʻrinadi. Yarim hissami, chorak hissami ishlaydi, ammo tayin nima ish bilan shugʻullanishini hech kim aytib berolmaydi. Bir-ikki marta «moxovga oshno» maqomida afisha yozganini biladi Pakana. Allaqayda dallollik shirkatida ishlarmish. Toʻlikjon bilan zoʻr. Toʻlikjon unga indamaydi, qaytaga, xosxonasini boʻshatib bergan. Oʻzi bosh rejissyorning xonasida «yashaydi». Bas deguncha iste’dodli, tirishqoq bu ikki san’at fidoyisi, soqollari oʻsgan, koʻzlari kirtaygan, qotgan non kavshagancha ertayu kech, ba’zan tongga qadar bedor oʻtirib dohiyona asar sahnalashtirish rejasini tuzadi, shundan charchamaydi.

Toʻlikjon ham qiziq. Nomi — bosh rassom. Ammo qoʻli ostidagilar bilan mutlaqo ishi yoʻq: kim bor, kim yitgan, qaerda, nima ish qilyapti. Unga shu rejadosh oshnasi — bosh rejissyor boʻlsa bas, Nuralimi, Eralimi, bilgan noma’qulchiligini qilib yuraversin! Oʻzi betayin boʻlgandan keyin… Oʻzbekcha gap soʻrasangiz, oʻrischa javob beradi. Asl ismi Tolibjon, hamma Tolik, Tolya deb atardi, teatrning oldin qishloq xoʻjalik vazirligida ishlagan, kal boshiga chust doʻppi kiyadigan keksa direktori «Toʻlikjon» deganiga shunday boʻlib ketgan.

Nuraliga kelsak, u ana shu hur, bemalolchilik muhitida yayrab yuribdi. Pakana unga hasad qilishi bejiz emas. Nurali — novcha, Pakana uning, koʻkragidan ham kelmaydi. Lekin rosa qoqichak, ayniqsa, naynovsirab, alvasti sochlarini u yoqdan-bu yoqqa jilpanglatib yurishini koʻrsangiz! Chakakbashara, siyrak soqol-moʻylov sal odam qilib turadi-da. Koʻzlar deng piska bilan ermakka tilib qoʻyilgandek. Egnida — Oʻzini bilgan odam or qiladigan antiqa kiyim-bosh. Hammadan ajralib turay deydi-da kasofat. Ammo oʻzi oʻlgudek xushmuomala, kirishimli. Ovrupocha ta’lim-tarbiya koʻrgan padarqusur zamona zayli bilan zoʻr berib «oʻzbek boʻlmoq»qa tirishadi, mulozamatni kulgili darajada oshirib yuboradi. Salomlashganda terakdek qomatini ikki bukib, mavrid-bemavrid «katta rahmat» deya kaftini koʻksiga qoʻyib turadi. Goʻyo rahmatning maydasi ham boʻladigandek, goʻyo uni xudo nomidan oʻzi oʻlchab-mieqollab beradigandek. Rahmat degin-qoʻy, bachchagʻar, xudoning rahmatiga sen dallolmisan?

Bu kasofatning tagʻin ne bir xislati borki, qiz-juvon unga pashshadek yopishgani yopishgan! Bozori chaqqon. Xushroʻy-xushroʻy ne-ne nozaninlar soʻroqlab keladi, eshigi tagida soatlab kutib oʻtiradi. Pakana ul-bul yumush bilan u xonaga bosh suqib koʻrgan. Oldilarida bir finjon-bir finjon qahva, tamakini burqsitib, boʻlmagʻur gaplardan valaqlashib oʻtirishadi.

Mana shunday ulfatparast, shirinsuxan yigit, aytishlaricha, uyidan bezor, xotinu roʻzgʻoriga qaramas emish. Egizagini oldiga solib, xotini uning ustidan bir-ikki marta direktorga arz ham qilib keldi. Yoshgina, koʻhlikkina juvon tap tortmay nima dermish: «Ikki oydan beri yotmaydi bu nomard!» Nachora, unga ham alam qiladi-da. Ajrashayin desa — «nomard»ning otasi sudmi, prokurormi, ishqilib, rosa puldor, davlatmand; hashamatli hovli-joyni tashlab, ikki goʻdagi bilan qayoqqa borsin? Indamay yuraveray desa — «bu nomard ikki oydan beri yotmaydi», bundan keyin ham yotmasligi mumkin…

«Yoshlikda boʻladi-da, kelin, xafa boʻlmang, qulogʻini choʻzib qoʻyamiz», deya yupatib chiqarib yuboribdi vaqtida oʻziyam shoʻxroq oʻtgan direktor. Aybdor esa yerga qarab munofiqona tirjayib turganmish: «Nu vsyo, Dilya, konchay, pojaluysta, ya je tebya lyublyu!»

Nuralining allaqayda oʻzi shtab-kvartira deb ataydigan xilvatxonasi ham bor emish. U yerda nima savdo — Pakanaga qorongʻi.

Safsar kelib-kelib ana shu kazzobning bozoriga mijoz boʻlgani alamli bedodlik emasmi?!

«Aldanma, yor, aldamchshar makriga,
Malak boʻlma bevafo ishq shahriga,
Ular seni bir bossa bas bagʻriga —
Seni hech kim sevolmaydi meningdek».*

—————-
Muhammad Yusufdan.

14

Nogahoniy muhabbat Pakananing tashqi qiyofasini ham oʻzgartirib yubordi. Ilgarilari aksariyat moʻyqalam sohiblariga xos bir palapartishlik bilan duch kelgan matohni egniga ilib, iyagiga haftalab ustara tekkizmaydigan odam — sipo, ozoda kiyinadigan, soqol-moʻylovini bahafsala kuzab-bejab yuraditan boʻlib qoldi. Ittifoqo, hech gapdan bexabar gʻaflat bandasi Arofat oʻsha kunlari odatdagidek mehribonlik bilan «Zdorovʼe» jurnalini koʻtarib keldi. Unda boʻy oʻstirishga oid ibratli tavsiyalar chiqqan ekan. Ayni muddao. Shu maslahatlarga amal qilgan bittasining boʻyy bir qarichcha uzayganmish. Bir qarich tugul, bir enli uzaysa ham qaniydi!

Pakana maslahatlardan eng oʻngʻay va serzavqrogʻini tanladi — turnik. Har erta qoʻni-qoʻshniga tomoshayu ovora boʻlib hovlidagi bolalar oʻyingohiga chiqib yurish shart emas. Osongina yoʻli bor ekan. Pakana uylarining orqasidagi eski-tuskilar uyulib yotadigan tashlandiqdan koʻpincha ishxonalarda boʻladigan uzun, yaltiroq kiyim ilgichni topib keldi. Dahlizining eniga moslab ikki yonidagi ortigʻini kesib tashladi. Bir uchidan chiqqan qoʻsh quloqli qalpoqchasini ustaxonada teng ikki boʻlakka boʻldirib, yoʻgʻon mixga yarasha kattalikda teshdirib oldi. Quloqchalarni shiftdan pastroqqa, boʻyiga moʻljallagan holda, ikki devorga mahkamlab mixladi.

Yaltiroq misrangni ana shu quloqchalarga kiygizgan edi, tap-tayyor turnik boʻldi-qoldi, uyga kirgan-chiqqanda bemalol osilib, mashq qilib ketaverish mumkin. Mehmon-izlom kelganda esa, haligi temirni quloqchalaridan chiqarib, bir chekkaga olib qoʻysa ham boʻladi. Ana sizga xonaki mashqu muolaja!

Pakana endi har erta qoʻlbola turnigiga tortanakdek osilib mashq qilar, undan keyin odatdagi badan-tarbiyaga oʻtar edi. Vujudida allaqanday quvvat paydo boʻlib, oʻzini xiyla tetik sezib qoldi. Endi ilgarigi lanjlik, loqaydlik yoʻq, yurish-turishlari dadil, gap-soʻzlari ham qat’iyat kasb etgan, gʻayrat joʻsh urib turibdi, koʻngilda esa — muhabbat alangasi!

Mayli-da, boʻy oʻsmasa ham koʻngil oʻsgani kifoya.

15

Nihoyat, u keldi. «Va’daga vafodor malak»*. Pakana boʻlajak asarini oʻzicha oldindan «Umid» deya nomlab, moʻyqalamni qoʻlga oldi.

Safsar uch martami-toʻrt marta bir soatdan oʻtirib ketdi. Qizchasini bogʻchadan olishi kerak, kechqurun — spektaklʼ. U ketgach, atigi bir soatlik mehnatdan Pakana pakkaga yetgan uloqchi otdek sulayib, hozirgina Safsar oʻtirgan qulay savat kursiga choʻzilib qolardi. Har gal shunday. Hayajonu zoʻriqishdan. Boʻlmasa, ortiq gap yoʻq, soʻz yoʻq. Ish, ish.

Gʻalati qiz ekan. Dastlabki taassurotga har doim ham ishonib boʻlmasligi rost. Haligina ochilib-sochilib bir nimani gapirib oʻtiradi-yu, lahza oʻtmay daf’atan sipo tortib, oʻychan, ma’yus, bir nuktaga tikilib qoladi. Pakana esa nima deb gap qoʻshishga hayron. Oʻrtada devor bor — hayajon devori, begonalik devori, nomunosiblik devori… Umid, umid! Sabr, sabr!

Atigi bir necha soatlik bu ishchan, ammo soqov muloqotlardan Pakana Safsar haqida bilganidan ortiq deyarli hech narsa bilolmadi. Gap soʻrasangiz, taajjublangan kabi aftingizga tikilib qoladi, javob bermaydi. Keyin, bir mahal oʻziga kelgandek, bir ogʻizgina «ha» yo «yoʻq» deya negadir ayanchli kulimsirab qoʻyadi.

Lekin bu qizga bejiz koʻngil qoʻymaganini Pakana ish jarayonida, unga, uning yuz ifodalariga tikilib-tikilib qaragan chogʻlarida angladi. Bir payt favqulodda moʻyqalam qoʻlidan tushib ketdi: Safsar gʻoz boʻynini shunday bir ulugʻvorona maqomda burdiki!..

U har gal har xil qiyofa, har xil kayfiyatda, goʻyo boshqa odamga aylanib kirib kelar, oldingiga oʻxshamas edi. «Yangi va yangi, xilma-xil». Barchasi birdek yoqar Pakanaga, lekin — ajabo! — soatlab termilgan, siymosini tasvirga koʻchirayotgan suyukli odamining qiyofasini oʻzi ketgach, harchand eslay, koʻz oldimga keltiray desa, uddasidan chiqolmas edi. Boshqa tanish-bilishlari, hatto koʻcha-koʻyda bir-ikki martagina uchratganlarining ham aft-angori yodida, uniki — yoʻq. Koʻzniki boshqa, koʻngilniki boshqa ekan-da. Ayniqsa, teran oʻrnashgan boʻlsa u!

Yana Pakanani ajablantirgan ham ranjitgan joyi shu boʻldiki, Safsar chizilayotgan suratini koʻrmoqqa biror daf’a ragʻbat bildirmadi. Sababini shunday izohlardi: «Keyin qizigʻi qolmaydi. San’at sirli boʻlishi kerak». Voqean, bir gal gap orasida: «Qushga oʻxshatib chizing, uchi-ib ketayotgan qushga oʻxshatib», degani rost.

Umuman olganda, portret oson bitdi, desa boʻladi. Chunki bu siymo, bu yuz ifodalari Pakanaga yoshligidan tanish, zehniga muhrlanib qolgan, yillar davomida sayqallanib, nurlanib kelgan, sirasi, sal boshqacharoq holatda uni avval ham bir marta «Orzu»sida aks ettirgan edi. Endi u «Umid» boʻlib, barkamol qiyofada jonlanmogʻi kerak.

Ish payti Qamaraning ikki karra kelib ostonada lab qimtib turgani! Niyati ayon bu yosumanning!
— Koʻrib turibsiz-ku, Qamara opa, bandman, — dedi Pakana oʻzi ham kutmagan sovuqqonlik, ayni choqda bir zarda-qat’iyat bilan. — Bizga xalaqit beryapsiz.

Keyin oʻylab oʻzi hayratda qoldi. Shu bir ogʻizgina gap bilan, ortiqcha izohga oʻrin qoldirmay, har ikki tomonga munosabatini bildirib ulgurgan ekan. Bandman! Xalaqit beryapsiz. Bizga! Safsar ikkalamizga.

Koʻrib turibsiz — biz bandmiz. Siz esa atay xalaqit beryapsyaz, Qamara opa! Qamara opa bizga, ikkalamizga xalaqit bermoqchi, Safsar, koʻrib turibsiz!

Asar asosan pardozdan chiqib, yakunlovchi chizgilari qolgakda reja buzildi — teatr jamoasi Namangan safariga otlandi. Odatdagidek, Safsarning fursat topishi qiyin boʻldi.

Shu tariqa, portret ham, boshqasi ham chala qoldi. Nasib etmagan ekan.

Teatr jamoasi joʻnab ketgach, hammayoq huvillab, Pakana shoʻrlik devona boʻlay dedi. Biror bahona bilan ularga qoʻshilib olmaganiga afsuslandi. Kun sanab oʻtkazdi «Dunyomiding, roʻyomiding…»

———

  • Usmon Nosir ratri

16

Orzumand Pakanamiz sarguzashtlarining bu yogʻi tasodiflardan iborat. Ularni Pakana ham, biz ham toʻqib chiqarganimiz yoʻq. Zinhor-bazinhor. Aslida tasodiflarga tuliq hayotning tabiiy izmi bu. Faqat, sizu bizga shunday tuyuladi.

Teatr safardan qaytgan kunning ertasiga Pakana ta’tilga chiqib, oyoqogʻrigʻini davolatgani, qarangki, xuddi oʻsha tomonga — Chortoqqa ketadigan boʻlib qoldi. Ta’tili — ma’lum jadval boʻyicha, yoʻllanmasi ham aynan oʻsha kundan edi. Nimasi tasodif buning?

Pakana oxirgi ish kuni kechqurun uyga qaytayotib avtobusda kimni uchratdi deng?

Qoʻlida ogʻirgina tuguncha, Safsar Yunusobodda yashaydigan opasinikiga yoʻl olgan ekan. Buning nimasi tasodif?

Pakana darhol uning qoʻlidan yukini olib, safar qanday utganini, taassurotlarini surishtira ketdi.

Safsar negadir gʻamgin, xomush edi. Behafsala javob kildi. Pakana buni charchoqqa yoʻydi. Safar hayotini kim bilmaydi? Ayniqsa — betartib, toʻpolon jamoaviy safarlarni!

Suhbatlari unchalik qovushmagan boʻlsa-da, avtobusdan tushilgach, Pakana Safsarni manziliga qadar kuzatib quydi. Xayrlashayotib, portretni ta’tilidan keyin, xudo xohlasa, kuzda bitirajaklarini aytdi.
— Shuning bitmagani yaxshi, — deb qoldi Safsar kutilmagan bir shoʻxchanlik bilan. — Bitgan narsalarni xush koʻrmayman. Bitdi degani — tugadi, tamom boʻldi, degani-da, shunaqamasmi? Chalasi yaxshi, doim shuni oʻylab yurasiz. Innaykeyin, bu dunyoda mukammal nima bor oʻzi? Ha, darvoqe, Namangandan men sizga sovgʻa olib kelganman. Nimaligini koʻrganda bilasiz. Oʻylang, qani, topa olarmikansiz?

Pakananing koʻnglida chiroq emas, mash’ala yondi. Murgʻak bir umid bilan qizga tikila-tikila xayrlashdi u.

Kechasi xuddi ana shu manzara — kuzatuv manzarasini Pakana qaytib tushida koʻrdi. Ikkalasi gʻira-shira oqshom pallasi sokin, ikki cheti daraxtzor xiyobon boʻylab ketib borishayotir. Ikkalasi-da shod, baxtiyor. Pakana qarasa — boʻyi unchalik past ham emas, Safsardan tikroq, hatto baland emish! Tuyqus yonlaridan oʻsmir yoshidagi bir yigit-qiz qoʻltiqlashib oʻtibdi. Qizi emish! Besh-olti qadam uzoqlashgach, u orqasiga qarab qichqirarmish: «Baribir pakanasiz-ku, adajon, oʻzingizdan balandi bilan yurib nima qilasiz? Qarang, uningizning oyogʻi choʻloq ekan, choʻloq ekan, choʻloq… Siz — pakana, pakana, pakana…»

Pakana uygʻonib ketib, taajjubga tushdi. Kecha, rostdan ham, yonlaridan novcha-novcha bir yigit-qiz oʻtgan edi.„ Lekin qoʻltiqlashib emas! Shunchaki, gaplashib. Kimdir orqadan nimadir degandek ham boʻldi. Ehtimol, oʻzaro bir gapdir, Pakananing qulogʻiga kirgani yoʻq, u tom bitgan edi oʻsha tobda. Ammo, qizning egnidagi qora las mayka yodida, negadir shunga e’tibor qilibdi. Maykada zardoʻzlik bilan ishlangan ajdar tasviri bor edi…

Arofatning aytishicha, toʻngʻich qizlari Hilola bir sinfdoshi bilan doʻst tutinganmish. Shunchaki. Tagʻin har balo xayolingizga kelmasin. Baland boʻyli, baquvvat bola ekan. Huv, televizorga chiqib dehqonlarga paxta ekishni oʻrgatadigan baroqqosh kishi bor-ku, oʻshaning oʻgʻli. Hilolani har xil xira bezorilardan himoya qilib, qoʻriqlab yurar emish. Qoʻriqchimizning himmatiga balli-yu, lekin… har holda qiz bola, hali yosh… Pakananing gʻashi kelganini koʻrib, Arofat koyib berdi: goʻdak-ku, nimaning fahmiga borardi, ammo esi joyida, oʻziga pishiq-puxta, tashvish qilmang.

Hilolaning egnida ham qandaydir qora mayka koʻrgandek edi. Hozir oʻshanaqasi rasm. Lekin, koʻkragida ajdari bormidi, yoʻqmidi — bunisi noma’lum. Chaqirib soʻray desa… ota-bolaning siri birdan fosh boʻladi. Uyat emasmi? Sharmandalik emasmi? Hilola oʻlaqolsa boʻyniga olmaydi: qara-ang, hammayoq ajdarli maykaga toʻlib ketgan-u!

Biroq, otasini tanigani aniq: bunaqa pakana bu atrofda yoʻq. Iya, oʻzi-chi, oʻzlari?

Yoʻq, bu sir — sirligicha qolajak, uni ochmoqqa hech qaysi tomon jur’at qilmaydi. Tizzasi yirtiq ishtrni yoʻqqa kulgandek boʻlady.

Oʻylay-oʻylay Pakana shunday fikrga keldi: koʻrgan boʻlsa koʻrgandir. Pakana, boz ustiga koʻrimsizgina dadasiningki shundoq sohibjamol bilan yurganini koʻrib qaytaga faxrlansin! Baribir kelib oyisiga aytolmaydi, oʻgʻrini qaroqchi urib turgan boʻlsa! Aytganida nima, qoʻrqamanmi? Oshing halol boʻlsa, koʻchada ich. Birovdan tilqisiqlik, xijolatli joyim yoʻq. Hamma eshitsin, bilsin: men shu ayolni yaxshi koʻrib qolganman, Safsarni yaxshi koʻraman, yaxshi koʻraman, jonimdan ortiq!..

17

«Dunyomiding, roʻyomiding — bilmadim».

Pakana Chortoqdan qaytib, ishga chiqqan kuni mudhish shumxabarga duch keldi.

Teatr dolonidagi marmar ustunning poyida oʻzi yaratgan «Umid» turar edi! Chetlari qora hoshiyaga olingan, berirogʻida bir dasta gul…

Telbalanib qolgan Pakana bu yerda qancha turganini oʻzi bilmaydi. Bir mahal kimdir yelkasidan quchib olib ketdi. Toʻlikjon ekan.
— Da-a, starik, pechalʼno, konechno. Takaya krasavitsa, jalʼ!

Keyin qaerdadir oʻtirishdi, choymi, qahvami ichishdi.

Toʻlikjonning aytishicha… til bormaydi… Safsar oʻzini osib qoʻyganmish! Bu fojiaga oʻn kunlardan oshibdi. Bir erta hadeganda xonasidan chiqavermabdi. Eshikni ochib qarasalar… shu ahvol. Aql bovar qilmaydi. Shunday yosh, goʻzal qiz!

Har xil taxminu tusmol. Birovlar «Dushmani dori ichirgan», dermish. Chamasi, uyidagilar nimanidir yashirishayotir. Asabdan boʻlgan, asabi chatoq edi oʻzi, degan gaplar ham bor. Bir kunmi-ikki kun oldin sobiq eri kelib ketgan ekan. Nega kelgan, oralarida nima gap kechgan — hech kim bilmaydi. Birovning hayoti boshqa birov tubini koʻrolmaydigan quduqda. Attang, biz uni bosh rejissyor bilan Ofeliyaga moʻljallab turuvdig-a! Juda iste’dodli qiz edi. Ta’sirchan, xuddi Turgenevning qahramonlariga oʻxshardi. Nachora — hayot! Qoʻlingdan nima kelardi? Ha, darvoqe, oʻsha kuni durustroq surati topila qolmadi, sening ishingni olib osib qoʻydik, xafa boʻlmassan. Hoshiyani oʻzim yasadim, kerak boʻlsa, sekin qiyib tashlash mumkin. Oʻlik fotodan koʻra bunisi yaxshiroq-da. Jonli, original… («Jonli, original…») Bu yoqda mana shunaqa gaplar, ogʻayni. Xoʻsh, oʻzingdan gapir, dam olish qanday oʻtdi?..

«Dunyomiding, roʻyomiding — bilmadim».

Pakana bir oylar oʻziga kelolmay yurdi. Sira ishonolmas, koʻnikolmas edi bu hodisaga. Goʻyo bu gaplar uydirma, goʻyo Safsar tirik, qayoqlardadir yuribdi, yoʻq, oʻshanda eri, nashavand, ablah eri bilan yarashib, Samarqandga ketib qolgan… Lekin — tirik! Koshki shunday boʻlsa edi!

Portretni olib kelib, Toʻlikjon aytgandek, hoshiyasini qirqib tashladi-da, xonasiga osib qoʻydi. Asar endi qandaydir mukammal bir ma’no kasb etgandek edi. Nogahon uzilgan umr uni goʻyo yakunladi. Oʻzi yaratgan bu xotira ilohaga Pakana soatlab termilib oʻtiradi. Uning dunyoga kelish tarixini, Safsar bilan birga kechgan onlarini qayta-qayta koʻz oldidan oʻtkazadi. Keyin marhumaning oʻzi koʻrmagan, bilmagan soʻnggi kunlarini, soʻnggi lahzalarini xayolan tasavvur qiladi, qoʻrqib ketadi, mislsiz iztiroblarga tushadi. «Oʻsha damlarda biror marta boʻlsin xayolidan oʻtganmikanman?» degan besamar umidlarga boradi. Soʻng bu xudbin oʻydan qochib, oʻzidan ijirgʻanib ketadi. Yana boshdan boshlaydi…

Oʻtirib-oʻtirib, koʻzlariga duvillab yosh keladi. «Uchib ketayotgan qushga oʻxshatib chizing», degan edi. Uchib ketdi… Senga nima boʻldi, Safsar — kech topib, erta yoʻqotgan malagim? Men sendan hech narsa tilamas edim-ku, Safsar, bunga haddim ham, haqqim ham yoʻq edi. Birdan bir tilagim: mana shu yorugʻ dunyoda omon yurgin edi, yashagin edi, Safsar, shuning oʻzi menga dunyo edi. Nega bunday boʻldi? Kimga yomonlik qilgan, kimga ogʻiring tushgan ediki, bu dunyoga sigʻmading, Safsar? Bilaman, biz nomunosib edik; nachora, xudodan oʻzgasiga nolam yoʻq. Lekin koʻnglim senga munosib edi, moyil edi, Safsar, seniki edi u, asli senga atalgan edi.

«Sizga Namangandan sovgʻa olib keldim», deganlaring, ammo nimaligini aytmaganlaring! Nima edi u, Safsar? Ros-dan, menga atalganmidi? Endi hech qachon bilolmasman buni, Safsar. Endi sendan menga yodgor boʻlib armonga aylangan mana shu «Umid» qoladi. Yaxshi kunlaringga atab chizganim, evohki, qora kuningga yaradi, Safsar. Sen bu olamda mendek bir notavon borligini, u senga talpinib yashaganini koʻrib, bilib koʻz yumding, Safsar. Qorachoʻgʻingda ketdim, Safsar, shuning oʻzi men uchun har nedan ortiq. Sen esa mening koʻnglimda qolajaksan, Safsar. Hamma unutar, yor-doʻstlaring unutar, ota-onang unutar, qizing unutar, ammo mening koʻkragimda qolasan. Ketsam, koʻnglimda ketasan, Safsarim! «Dunyomiding, roʻyomiding — bilmadim», bilmay oʻtarman, farishtam! Le-kin shunisi haqiqatki, «sen bor eding — men bor edim dunyoda».

Oradan biror oylar oʻtib-oʻtmay, Pakana uchun yana bir xunuk hodisa roʻy berdi. «Umid» yoʻqoldi! Uni qaysi bir xudobexabar kirib xonadan koʻtarib ketibdi. Pakana zor qaqshab toʻrt tarafga yugurdi, soʻramagan odami qolmadi. Yoʻq, yoʻq.

Kimga kerak boʻldi u, nima uchun? Jumboq. Bu olamda jumboq koʻp, shulardan biri.

Safsardan qolgan yolgʻiz yodgor — «Umid»dan ajralgach, Pakana rasmonasiga kasal boʻldi. Shifoxonada yotib ham chiqdi. Keyin-keyin «Umid»ni xayolan qayta tiklamoq tashvishiga tushdi.

Vaqt oʻtishi bilan har qanday yara bitar ekan. Bitdi. Tabiatan oʻksik yaralgan koʻngilga yana bir dogʻ qoʻshildi, oʻrnashdi.

Dunyomiding, roʻyomiding…

18

Kunlardan bir kun Pakana moyboʻyoq istab badiiy ashyolar doʻkoniga borganida, sira yolgʻiz yurolmaydigan Nuralini, odatdagidek ikkita oʻris qiz bilan koʻrib qoladi. Qizlar «Potom, potom, kak-nibudʼ» deya xayrlashib ketishgach, yolgʻizlikdan qoʻrqib Nurali uni «shtab-kvartira»siga taklif qiladi. U qadar osh-qatiq boʻlmasalar-da, qiziquvchanlik vajidan, qolaversa, pinhona bir ilinj bilan (yigit kishi oʻylamoqqa ham uyaladi-yu… har holda, Safsarga aloqasi bor edi, rahmatlini koʻrgan, bilgan…) taklifga koʻngan Pakana koʻchaning naryogʻiga oʻtib, oziq-ovqat doʻkonidan xarajat qilib keladi. Toʻqqizinchi qavatda joylashgan ustaxonasining eshigiga yetganda Nurali: «Moment! Men sal tartibga solay», deydi ma’nodor qilib. Pakana u yerga kirgach, hayron qoladi: tartibga soladigan narsaning oʻzi yoʻgʻ-u bunda! Oʻrtada oyoqlari chalmashgan pastak dumaloq stol, ikki tarafida ikkita savat kursi, burchakda qup-quruq bahaybat dastgoh, toʻshagi qoʻqib yotgan kengish karavot. Boʻldi, shu. Devorlarda yakkam-dukkam rasmlar, koʻpchiligi Pakanaga tanish — boshqa rassomlarniki, ana, imzolari ham koʻrinib turibdi.

Rassomning ustaxonasi emas, quruqvoyning xilvatxonasi-ku!
— Oʻzingning ishlaring qani? — deb soʻraydi bu yerda ish-ijod sharpasini sezmagan Pakana.
— Oʻzimning ijodimni uyga eltib tashlaganman, — deydi Nurali beparvo iljayib. — Bir qismi koʻrgazmada. Moskvada. Koʻrmaganmisan?

Moskovga borib uning ijod namunalarini koʻrib kelmagan, umuman, pichoqqa ilinadigan biron asarini bilmaydigan Pakananing hayratdan boshi qotadi: shaharning qoq markazidan bunaqa joyni kim berdi bunga? Nima karomati evaziga?
— Ijod-pijodni qoʻyib tur, ke, avval otaylik bittadan, — deydi Nurali besabrlik bilan shishaning ogʻzini ochib.

Ichadilar.
— Qoidasini bilasan-a: birinchi qadah bilan ikkinchisining orasi besh minutdan oshmasligi kerak!

Yana. Takror va takror. Undan-bundan valaqlashib shishani sob qiladilar. Tagʻin ichgilari keladi. Joʻmardligi tutib Pakana choʻntagidagi bor pulini chiqarib beradi.
— Ayn moment! — deydi Nurali pinjagini kiftiga ilib. — Qorovul. Seni tanimaydi. Besh sekundda tushib-chiqaman. Ana, karavotga choʻzilib, damingni olib tur.

Pakana karavot tomon oʻtayotib dastgohning orqasiga tushib yotgan allaqanday kartonga koʻzi tushadi. Nafis xitoyi karton tanish koʻrinadi. Yuragi beusul dukillagancha asta unga qoʻl uzatadi.

Oʻsha!.. Bir chetidagi, jussasiga monand ixchamgina, saranjom imzoning ustidan qalin, qoʻpol qilib «Nur» deb yozilgan. «Koʻrgazma»siga olib kelgan ekan-da… Ablah!

Pakana portretni avaylabgina avvalgi joyiga qoʻygach, titrogʻini bosish uchun kelib stoldagi choynakni joʻmragidan koʻtaradi, sipqaradi. Soʻngra oʻzini osoyishta tutishga urinib, hech nima boʻlmagandek, savat kursiga yastanib oladi.

Nurali shisha qoʻltiqlab keladi. Bir qoʻldan ichadilar.
— Safsar bu yerga kelganmidi? — deb soʻraydi sherga aylangan Pakana toʻsatdan, Nuraliga tik qarab.
— Safsar? Qanaqa Safsar? — deydi Nurali bir xil boʻlib, boʻzargandek. — Ha-a, anovimi, Safsar Nishonova? Jinni. Oʻzini oʻzi qildi u. Har kuni dori soʻrab kirardi oldimga. Ukam dorixonada ishlaydi-da. Yuragi siqilib, hapriqib ketaverarmish. Hayotda aldanganmish-da, eri xiyonat qilganmish. Podumaeshʼ! Bu dunyoda hech kimga ishonib boʻlmasmish. Jinni. Oʻziga oʻzi qildi. Leqin-chi, yaxshi narsa edi. Shuncha urindim, kelmadi. Oʻlgudek tajang, asabiy qiz edi. Opkelganimda-ku… Hayf ketdi, esiz!..
— Oʻlgan odam haqidagi gapingmi bu? — deydi shusiz ham tars yorilay deb oʻtirgan Pakana titrab.
— Qoʻysang-chi! «Oʻlgan odam» emish. Ha, nima qipti? A, oldin tirik edi-ku? Zoʻr edi ammo!
— Nurali! Oʻylab gapiryapsanmi oʻzi? Sen… senga nima boʻlgan? Yo mastmisan?
— Hech nima. Shunchaki, oʻzim.

Qaddi shamshod, basharasi ma’nosiz-ifodasiz, qoʻllarini koʻkragiga chalishtirgancha sovuqqina kulimsirab turibdi. Shunchaki, oʻzi. Oʻzi, shunchaki. Dod!

Pakana shu tobda uning kimligi — mohiyatini aniq anglab yetgandek boʻladi. Bu enagʻar, qoʻlida oʻtmas pichoq, begʻam, yayrab yashaydi. Biror narsaning oqibatini oʻylab oʻzini koyitmaydi. Pichogʻini boʻgʻzingizga qadab, «oʻzim, shoʻnchaki» deb turaveradi. Surbet, yovuz. Tavba, qizlarga shunaqasi yoqar ekan-da? Oʻziga oʻxshagan yoki tekin sarguzasht qidirib yurgan nodonlarga yoqsa kerak-da. Ha, bular boshqa, boshqa tur odamlar.

Pakananing dami ichiga tushib ketgan. Soʻz yoʻq. Nima desin? Dod!
— Nomard ekansan, Nurali! Marazning oʻzginasi!
— Ni-ima? — Nurali kutilmaganda uni bir qoʻllab giribonidan oladi-da, kuchukvachcha misol pitirlatib eshigidan tashqariga otib yuboradi. — Joʻna! Kalta! Lilliput!

Pakana borib tushgan burchagida yotib eshikni tepa boshlaydi. Eshik ochiladi.
— Safsarni ber!
— Nima deyapti bu? Jinni boʻldingmi?
— Portretni opchiq!
— Qanaqa portret?
— Opchiq, deyapman! Boʻlmasa!..

Bir zumdan soʻng qiya ochiq eshik osha toʻrt boʻlak qilib yirtilgan allanima oyogʻi ostiga kelib tushadi. Pakana figʻon aralash uni terib qoʻltigʻiga qistiradi-da, zina tomon yuradi…

Koʻchaga chiqqach, yonida taksiga puli yoʻqligi esiga tushadi. Shitob bilan yelib borayotgan, negadir «shox»siz trolleybusga qoʻl koʻtaradi. Trolleybus toʻxtaydi. Chiqsa, ichida bitta ham yoʻlovchi yoʻq. Vaqt allamahal boʻlib qolibdi-da.
— Jon ogʻayni, meni Yunusobodga eltib tashla, — deb yalinadi Pakana haydovchi yigitga.
— Trolleybus parkka boradi, — deydi daroz boʻlib oʻtirgan haydovchi yoʻldan koʻz uzmay.

daf’atan Pakananing koʻzi peshoynaga yopishtirib qoʻyilgan suratga tushadi. Voajab, «Orzu»mi? Oʻzi bexabar, yana chiqibdi-da bu? Qaysi baraka topkurning gʻaladonidan topila qoldi?
— Ogʻayni, toʻxtat aravangni.
— Ha, keldingmi Yunusobodga? Mana, tush.

Pakana chiroqni yoqdirib, rasmni sinchiklab koʻzdan kechiradi. Allaqaysi tadbirkor shirkat bosib chiqaribdi, tagida ilon yilining taqvimi. Muallif yonidan flomaster oladi-da, rasmning quyi qismidagi «Orzu» soʻzini oʻchirib, «Armon» deb yoza boshlaydi.
— Oʻv-oʻv, nima qilyapsan? Tush hoziroq mashinadan, piyonista!
— Nima qilsam — Oʻzimning ishim, oʻzim ishlagan rasm!
— Nima deb valdiryapti bu? Tush deyapman, hoʻv pakana!
— Ishonmaysanmi? — Pakana qoʻltigʻidagi toʻrt boʻlakni olib, uning oldiga terib qoʻyadi. — Qara, oʻxshaydimi?
— Oʻxshaydi, — deydi yigit bir unisiga, bir bunisiga tikilib. — Sevaraning xuddi oʻzi! Sen uni qayoqdan bilasan?
— Otini nima deding?
— Sevara-da. Birga oʻqiganmiz maktabda. Institutda oʻqimagansan deb, meni tashlab, bir oliftaga tegib ketdi. Yaxshi koʻrardim. Hozir ham yaxshi koʻraman. Ichmaymizmi? Menda bittasi bor. Uyga opketayotuvdim. Esga tushib ketdi-da…
— Yaxshi koʻrgan boʻlsang, haliyam eslab yurgan boʻlsang, tuzuk yigit ekansan. Ke, oldin tanishib olaylik. Mening otim Pakana.
— Pakanaligingni koʻrib turibman, ismingni ayt.
— Ismim ana, yozib qoʻyilgan. Ming aytganim bilan baribir meni pakana deb oʻylayverasan…

Trolleybus yelib bormoqda.
— Qayoqqa ketyapmiz, hoʻv ogʻayni?
— Yunusobodga, uyingga.
— Uyimga trolleybus bormaydi, bu yoqda qoladi.
— Boradi. Bordiramiz! Bu — «yoʻltanlamas»!

19

«Shox»siz trolleybus chindan ham «shox»siz — yoʻl tanlamas ekan. U allaqanday notanish dalaning qoq oʻrtasiga borib toʻxtaydi.

Tun boʻlishiga qaramay, osmon yorugʻ, zangori, pagʻa bulutlar suzib yuribdi. Kuz boʻlishiga qaramay, atrofda bahor nafasi — gul, chechaklar. Qaerdadir jildirab suv oqadi, qaerdaligi noma’lum. Kuzda shunday jildiraydi. Bahorda shunday jildiraydi. Maysalar mayin yelpindida asta shivirlashadi, sirlashadi, hasratlashadi. Odamlarga oʻxshab. Bahorda shunday, bahorda. Kuzda esa kuyib-kuyib yigʻlashadi — xazon, xas-xashak… Ayriliqdan, hijrondan. Odamlarga oʻxshab. Shoirlar shunday deydi, qaydam. Biz aytamizki, koʻngil koʻngilga mos tushsa, ayniqsa, hamdard chiqib qolsa, bas, gulu xazon — baribir, izgʻirinu shabada — baribir, kuzu bahor — baribir.

Hamrohlar roʻbaroʻ, chimzorga yonboshlaydilar.

«Uyga opketilayotgan» matoh oʻrtaga qoʻyiladi.

Shunchaki tasodifiy ulfat emas bular. Hamdard. Sirdosh. Ming yillik qadrdon. Mushtarak koʻngillar. Biri pakana, biri — daroz. (Shunaqalariniyam tashlab ketarkan-da kizlar!..)
— Muhabbat yoʻq ekan dunyoda…
— Bevafo koʻp ekan dunyoda…

Hasratdoshlar — tun, qorongʻi, xilvat, hech kim koʻrmaydi, ayb kilmaydi — baralla ovoz qoʻyib uvlashadi. Oʻrtadagi sabil tugaydi. Dard-hasrat ham ado boʻlgandek sayoz tortib qolyapti. Boz ustiga — zax, nam badanga ura boshlagan.

Pakana eski dardidan soʻz ochadi…
— E, gʻam yema, oʻlimdan boshqasiga chora bor! — deydi «ming yillik qadrdoni» bepisandlik bilan va «oʻlimdan boshqasining chorasi»ni ta’riflay ketadi, Pakana jon qulogʻini berib tinglaydi. — Yur, seni oʻsha yerga olib boray. Hali koʻrasan, mendan ham novcha boʻlib ketmasang!..
— Endi befoyda, — deydi Pakana ishonar-isho-mas, ammo koʻnglida umid chirogʻi lipillab. — Endi Safsar yoʻq…
— Ke, boʻy almashamiz: sen novcha boʻlasan, men — pakana. Chunki menga endi boʻyning ahamiyati yoʻq. Novchamanmi, pakanami — baribir, Sevara tashlab ketgan… Anovi rasmni yana bir koʻray…

Pakana toʻrt boʻlak qogʻozni qoʻynidan olib, chim ustida undan «Armon» yasaydi.

Ikkovlon choʻnqayib oy yorugʻida unga termiladi.
— Bevafo Sevara…
— Shoʻrlik Safsar…

Bir dunyo alam-hasratni dalaga tashlab, «shox»siz trolleybus shaharga qaytadi.

Ajabo, Pakana necha yil yurib bu shahri azimning qoq oʻrtasida shunday alomat goʻsha borligini bilmas ekan.

Hozirgi Mustaqillik maydoniga yondosh tramvay yoʻlini koʻrgansiz, oʻshaning beri yogʻida, eski kutubxonadan yuqoriroq bir xilvatda devorlari baland-baland shunday azamat qoʻrgʻon bino ediki, naqd podsholar davridan qolgan oqsuyaklar chorbogʻi deysiz! Devorlari sirtdan koʻhna (darhaqiqat, ovloq bir joyida «Stalin koʻchasi» deb yozilgan tunuka lavha ham turibdi), yemirilgan-nuragandek koʻringani bilan, hovlining ichiga kirib ogʻzingiz ochilib qoladi. Kech kuz boʻlishiga qaramay, hammayoq gulu gulzor, oroyish-osoyishtalik hukmron. Nimasidir Pakana bir paytlar muvaqqat istiqomat qilgan umumhovlini eslatuvchi, ammo chandon obod, oʻrdadek keng bu qadim chorbogʻ sersoya argʻuvonu koʻrkam joʻkalarga koʻmilgan.

Kiyomatli birodari Pakanani chorbogʻ adogʻidagi dov-daraxt, gulu butalar panasida koʻrinmay turgan nisbatan gʻaribroq, sirliroq pastqam bir kulba sari boshlaydi.

Kulba sohibi xuddi boʻsagʻaga kursi qoʻyib, ularni kutib oʻtirgan ekan. Pakananing gʻamxoʻr homiysini koʻrishi bilanoq uning poyi qadamiga oʻzini yuztuban tashlaydi — qurboning boʻlay degani, ixlos-sadoqatining izhori. Mehmon kiftidan tutib uni tikka qiladi.

Bu — boshi oyna misol sip-silliq kal, ikki chakkasidan yakkam-dukkam soch tolalari yelkasiga parishon osilib turgan — baayni oʻrtasi teshik poʻstakchani ermakka kiyib olgan shoʻx bolakaydek ushoqqina, bagʻoyat koʻhna quriyalik chol.
— Shang shung san xuva chu! — deya u izzatli mehmoniga iltifot izhor etib kaftlarini kindigi ustida chalishtirgancha vazmin ta’zim bajo keltiradi va negadir uning burnidan tortib-tortib qoʻyadi. Suyganimikan?
— Chu xuva san shung shang! — deydi mehmon unga javoban, soʻng Pakanani koʻrsatib allanimalarni ma’ni-dod qiladi.

Nima deb vaysayapti bu? «Jonini olsang olgin-u, boʻiini choʻzib ber», deyaptimi yo — «Suyagi oʻziniki, goʻshti seniki», deyaptimi? Tavba, uncha-muncha odam bolasi tushunolmaydigan chulchutcha tilni bu oddiy aravakash qayoqdan bilaqoldi?

Ajabtovur qariya Pakanaga oʻgirilib, kaftlarini koʻksida juftlashtirgancha negadir hindiycha salom qiladi.

Tilmochning ma’lumot berishicha, quriyacha salom bilan hindiycha salomni chalkashtirgan bu zot Kim Ir Senning xolavachchasi emish, vaqti-zamonida Chan Kay-shini, Mao Szedunni, hatto Stalinni davolagan. Hitlerni ham davolamoqchi boʻlgan-u, samolyotga patta topolmagan. Qoʻli rosa yengil, oʻzini Ibn Sinoning shogirdi sanaydi, Tibbiy muolajalarini mutlaqo tan olmaydi, Dalay-lamani jinidan battar yomon koʻradi, ayni kunlarda esa, Sharqda ma’lumu mashhur hakim Abu Bakr ar-Roziyning tibbiyotga oid qoʻlyozmalarini daraklab yurganmish. Birdan bir kamchiligi, afsuski, ona tilidan boshqa biror tilni bilmas ekan.

Tarjima asnosi Kim Ir Senning xolavachchasi «shundoq-shundoq» degandek ishshaygancha bosh irgʻab turadi.

Tashrifning daromad qismi tugab, nihoyat, asosiy ishga kirishiladi.

Shaxsan oʻrtoq Stalinni davolagan (qiziq, nimasini davolagan ekan — qoqshol qoʻlinimi, bujur betinimi, pakana boʻyinimi yo… bedavo miyasinimi?) tabibi kalonning amri (tarjima orqali, albatta) bilan bemor, ya’ni Pakana shu yerning oʻzida, yoʻlakda qip-yalangʻoch boʻlib yechinadi.

Ibn Sinoning shogirdi bemorni nimqorongʻi bir xonaga boshlab kiradi.

Pakana xona toʻridagi antiqa moslamali baland yaltiroq karavotga zoʻrgʻa tirmashib chiqadi-da, chalqanchasiga choʻzilib yotadi. Nuqul dohiylarni davolagan (Chingizxonu Napoleondan boʻlak — afsuski, bular oldin oʻtgan-da, yoʻqsa, ularni-da davolagan boʻlardi!) zot uning oyoqlarini juftlab qayish bilan chandib tortadiyu karavot adogʻidagi nimagadir mahkam qistirib qoʻyadi. Soʻng xuddi oʻshanday chayir, baquvvat kamarni kuraklari osha qoʻltigʻi ostidan oʻtkazib, bosh tomonidagi allanimaga oʻrnashtiradi. Ana shundan keyin boshlanadi hamma savdoi qiyomat!

Hitlerni davolamoqqa sobiq da’vogar oyogʻi ostiga takkursi qoʻyib oladi-da, bosh tarafda turib, quduqdan suv tortgich uskunaga desakmikan yo goʻshtmaydalagichning dastagiga desakmikan, xullas, shunga oʻxshash bir hallojisimon pishangning chambaragini sekin-asta aylantira boshlaydi. Har aylantirganda bilgan birdan bir oʻzbekchasini takrorlaydi: «Yakshi, yok?» — «Ogʻriyaptimi, yoʻqmi?» deganlari bu kishimning.

Avvaliga qomatingiz tortiladi, choʻziladi, taranglashadi, soʻng nimadir qisir-qisir qiladi — suyaklar, boʻgʻinlar, qovurgʻa, bel chanogʻi, tizzaning koʻzi, toʻpiq; ana keyin koʻzingizda chaqmoq chaqnay boshlaydi, nihoyat, enangizni koʻrasiz — sizni shunday nochor qilib tuqqan enangizni, sizni shunday it azobiga giriftor etgan enangizni! Eng oxirida — pakana emas, jimit — lilliput boʻlib oʻlib ketmoqqa ham roziman deysizu baqirib yuborasiz:
— Yok, yok, yok!..
— Yakshi, yakshi, — deb qoʻyadi jallod hafsalasizlik bilan. Keyin qayoqdandir qoʻlida sham paydo boʻlib qoladi. Ana shu sham yorugʻida tilining tagidan uzun-uzun ignalar olib, duch kelgan joyingizga, yoʻq, aynan jon tomirlaringizga ura ketadi: yakshi — yok, yakshi — yok… Sanchgani-ku mayli, ermakkami burab-burab qoʻyganiga oʻlasiz.

Axiyri, hammayogʻingizni ignaband qilib tashlagach, qimirlamoq u yoqda tursin, hatto damingizni chiqarolmaysiz. Bamisoli Iso paygʻambar, chormixlab tashlangansiz. Ul zoti sharif-ku bu azob-qiynoqlarga e’tiqod yoʻlida mahkum etilgan ekan, siz-chi? Sharmandalik, sharmandalik! Vujudingiz boʻylab zirqiratuvchi toʻk yugurayotir — zir-zir, zir-zir.

Shundan keyin Yakshi Yok muolajaning soʻnggi, nisbatan yengilroq bosqichiga oʻtadi. Kamzuli choʻntagidan dumaloqlangan-dumaloqlangan allanimalarni olib ignalar ustiga oʻrnashtirib chiqadi-da, qoʻlidagi shamga tutashtiradi. Bosh-oyoq gavdangiz boʻylab uchqun chaqnab, chirsillab tutun koʻtarila boshlaydi.

Shu ishlarni chiroqni yoqib yoki qoʻlidagi shamni bir chekkaga qoʻyibgina qilsa boʻlmasmikan, degan oʻy tinchlik bermaydi jafokashga. Jafokor esa beparvo, bilganidan qolmaydi. Axir, u — Kim Ir Senning xolavachchasi, kimsan — Chan Kayshi, Mao Szedun, Stalinlarni davolagan zot! Qolaversa, Ibn Sinoning muxlisi, Roziyning boʻlajak shogirdi!

Nimqorongʻi xonani battar tutun bosadi. Isiriq, oʻzimizning hazorispand! Boyagi azoblardan keyin rohat, maza. Zehningizni mudroq chulgʻaydi.

Koʻzingizni ochsangiz — xona yop-yorugʻ, oyoq-qoʻlingiz kishandan, a’zoyi badaningiz ignadan ozod — boʻgʻinlardagi sal-pal ogʻriqni aytmasa, qushdek yengilsiz! Xona oʻrtasidagi kursiga chiqib olgan moʻ’jizakor tabib qoʻllarini kindigi ustiga qoʻygancha tirjayib qoʻshta’zim bajo keltirayotir: yakshi — yok, yakshi — yok, yakshi — yok.

Oqibati yaxshilik bilan tugagan hamma ish xayrlidir, deydilar. Balki shundaydir. Ammo bu ogʻriq, bu xoʻrliklarga chidamoq!.. Nachora! Bu roʻyi olamda mukammal boʻlmoq oson emas, uning mana shu kabi azobu tashvishlari bisyor-behisob. Ana shu sinoqlarga chidagan, bardosh berganlargina murod choʻqqisiga yetgusi.

Boshqatdan, boshqacha boʻlib tugʻilmoqning iloji boʻlmagandan keyin — nachora? Jon chekmasang, jonona qayda!

Muolaja bahona qatnab yurib Pakana bu yerda kimlarni uchratmadi deysiz! Bu shahri azimga kelib shu choqqacha koʻrgan-bilgan suluv qiz-juvonlarining bari shu goʻshaning fuqarosi boʻlib chiqdi. Bunda faqat taniqli, dongdor odamlar istiqomat qilar ekan. Oʻzbek xalqini zoʻr berib yagona shoʻro qavmiga qoʻshmoqqa uringan baynalmilalchi arbobu el-ulus qatagʻondan qaltirab jon saqlagan qora yillarda «Vatan obod, xalqlar ozod!» deya alyor aytib chiqqan zamonasoz shoirgacha — hamma-hammasi shu yerda. Ularning koʻpchiligini allaqachon oʻlib ketgan, deb yurarkan, qiziq, hammasi shu yerda, shu jannat makonda davron surib yotibdi. (Birovga oʻlim tilamoq gunoh-u, ammo gʻofillik uncha katta ayb sanalmas.)

Pakana ularni taniydi, ular Pakanani — yoʻq.

Ayniqsa, bir gal peshtoqini tomoshapechak qurshagan koʻrkam imorat yonidan oʻtayotib deraza oldida mashhuri jahon Zamiraxonimni koʻrib, hayratidan qotib qoladi: haliyam tirik ekan-da?! Xudo oʻzi kechirsin, uni barhayot chogʻlarida ham — azbaroyi gʻofillik — Oʻlgan hisoblab yurardi. Darhon tarafda uyi, tomoshaxonasi borligini eshitgan, lekin oʻzi allaqachon olamdan oʻtgan boʻlsa kerak, deb oʻylardi. Toʻgʻri-da, oʻziyam xoʻb unutilib yura-yura, hech kutilmaganda qaytadan dovrugʻ taratib, borligin namoyon qilar, turli-tuman dabdabali yubileylar oʻtkazar, radio-televizorni zabt etib qolar edi. El oldiga har safar yangidan yasharib chiqardi — siri bu yoqda ekan-da. Yakshi — yok, yakshi — yok, yakshi — yok…ka, yosh koʻringani bilan kampir odam, qandoq chidash berar ekan? Chidaydi, yasharish uchun, shon-shuhrat kerak boʻlsa, bundan battariga-da chidaydi. Joni qattiq. Joni qattiq boʻlmasa, allaqachon xokiturob boʻlardi. Ana, oʻtiribdi-ku deraza oldida, qoshiga oʻsma qoʻyib! Oʻtgan gal hovlining biqinidagi turnikda mashq bajarib yotgan, Pakanaga koʻzi tushib, negadir boshini sarak-sarak qilgan edi.

Xoʻsh, bu doʻzaxiy muolajalar biron natija berdimi? Berdi. Berganda qandoq! Ammo…

Avvalo shuki, Pakana (endi pakana ham emas, darvoqe) enkayib yurishni odat kilgan — boʻy qurgʻur uzun-da. Oʻzi azaldan xipcha emasmi, battar ingichka tortib, yurganda ichakdek qomatni tutib yurmogʻi dushvor boʻlib qolgan — buralib-buralib ketaveradi. Kisqasi, uzun choʻzilsa, holi nima boʻlishi ma’lum. Innaykeyin, yurgan yoʻlida peshonasiga gʻurra orttiraveradi — novchalik saboqlarini hali yaxshi oʻzlashtirmagan-da. Eng xunugi… aytaveraylikmi… birda qoʻllarini solishtirib qarasa… chapi oʻngidan bir qarich uzun, tizzasiga yetay deydi! Ortiqchasini kesib tashlab boʻlmasa, koʻylak ostiga yashirib boʻlmasa! Padarla’nati Yakshi Yok, sovuqqonlik qilibmi (sobiq Pakanamiz na dohiy, na mashhur qoʻmondon edi-da!) yoki keksalik vajidanmi, muolaja asnosi biron xatolikka yoʻl qoʻydimikan? Havaskor novcha alamini ichiga yutib, noiloj oʻsha nuqsonli qoʻlini choʻntagiga solib yurishni odat qiladi. Novchalik sir-asrorlaridan hali durust bexabar havaskorimizning dam-badam qoqilib-yiqilaverishini aytmaysizmi! Agʻnash chogʻida, ma’lumki, savqi tabiiy jonga ora kirib, qoʻllar himoyaga safarbar boʻladi. Novchaning bir qoʻli esa choʻntagiga «tikib» qoʻyilgan. Gʻurra ustiga gʻurra, «yangi va yangi, xilma-xil».

Endi boʻyni qoʻyib, boshga oʻtaylik. Sip-silliq et avvaliga qoʻtirdek dagʻal tortdi, keyin tigʻiz toʻqay boʻlib jingalak soch oʻsib berganiga nima deysiz! Bamisoli zanjining sochi: na taroqqa keladi, na tuzuk yuvib boʻladi.

Bulari-ku maydi, bir iloji topilar. Fojia shundaki, u oʻzini oʻzi tanimay qolgan. Fikr-oʻylari oʻziniki emas, ovozi oʻziniki emas — Oʻtmas arraning gʻit-gʻiti goʻyo. Qilgan ishi, gapirgan gapi oʻziga yoqmaydi. Gapirsa — xuddi boshqa birov gapirayotgandek, quloq tutsa — boshqa odam eshitayotgandek, ovqat yesa — bosh-qa kishining ogʻzi bilan yeyayotgandek. Kechasi xotiniga yaqinlashganda… boshqa bir odam…

Alqissa, oʻzi sira-sira xohlamagan bir kimsaga aylangan. Hatto rassomligi ham esidan chiqib ketgan, umrida qoʻliga moʻyqalam tutmagandek.

Oʻzi oʻzgargani barobari oʻzgalarning ham unga munosabati oʻzgargan. Koʻrgan-bilganlar masxaraomuz kulib oʻtishadi. Qizlari, xotini allanechuk begonasirab, taajjub bilan qarashadi. Jondan aziz qizlari koʻziga negadir boʻtadek koʻrinadi, bir vaqtlar alvastiga oʻxshagan xotiniga nisbatan esa joʻshqin, tiyiqsiz muhabbat paydo qilgan. Biroq unga yaqinlashay, yaktan boʻlay desa, anovi hol… boshqa odam…

Xullas, Havaskor novchamiz oʻzidagi bu tanosuh — evrilishlardan bezor boʻladi. Boshqa odam boʻlib yurish joniga tekkan. Endi u asliga — mayli, oʻsha badbaxt pakanaligiga qaytishni shundoq orzu qilardiki! Axiyri, qat’iy bir qarorga kelib, anovi moʻ’jizakor maskanga yoʻl oladi.

Qarangki, chorboqqa qadam bosiboq motamning ustidan chiqibdi. Allakim oʻlgan. Ulugʻroq odam boʻlsa kerak, muyulishni (belgi-tamgʻalariga qarab) hukumat moshinalari tutgan, oʻzlari ichkarida — marhum yotgan xonadon yoʻlagida (mavqe-mansablariga qarab) toʻda-toʻda boʻlib bosh egib turishibdi. Mashhur arboblar, kazo-kazolar, nomdor-nufuzdor shaxslar.

Havaskor novchamiz motamxona oldidan beoʻxshov gavdasini tugolmay, naynovsirab, zoʻraki sipo-some bir holatda oʻtadi-yu, tagʻin bir noxushlikka guvoh boʻladi. Nariroqdagi yoʻlak ogʻzida «tez yordam» moshinasi turibdi, ikki zabardast tibbiy ogʻa uydan ustiga choyshab yopilgan zambilni koʻtarib chiqmoqda… Yopiray, mangulik maskaniga qiron keldimi, nima balo?

Bu manzaralardan dili xufton boʻlgan Havaskor novcha chorbogʻ adogʻiga yetib, chap yondagi ayvonchaga koʻzi tushgachgina sal oʻziga keladi. Xayriyat, shodlik ham bor ekan bunda! Gird-atrofini tomoshapechak qurshagan, qoʻgʻirchoqdek yasatigʻliq ayvonchasida bu dunyoning gʻamu gʻurbatlaridan yiroq, mangu navqiron opaxonimiz desakmikan, onaxonimiz desakmikan (garchi buvimiz tengi boʻlsa-da!), kaftlarini juftlashtirgancha, barmoqlarini qisirlatib muqom bilan oʻyin tushmoqda. Angrayib qolgan Havaskorimizga koʻzi tushib, qosh uchirib qoʻyadi.

Demak, oʻzbek san’ati olamida yaqin ayyomda ajoyib bir voqea yuz berajak. Unutilayozgan mashhur san’atkor qaytadan yasharib, yana dong taratajak. Shubhasiz, Navoiy koshonasida yana dabdabali yubiley oʻtadi, yana opaxonimizmi, onaxonimiz radio-televizorda yalla aytib oʻyin tushajak. Uzoq tanaffusli mangu bayram tagʻin baravj davom etajak.

Bemor, yuragi zada, istar-istamas tanish kulbaga qadam bosadi.

Muolajaxona qop-qorongʻi, tutunga toʻla. Chiroqni yoqib, ne holni koʻradi deng!..

Toʻrdagi muolaja toʻshagida allakim hallojiga tortilgan ichakdek choʻzilib yotibdi, ignaga toʻlib-toshgan» a’zoyi badani qop-qora, kuyib kulga aylangan.

Bemor toʻshak sari ikki qadam yuradi-yu, dahshatdan qotib qoladi: Kim Ir Senning xolavachchasi, moʻ’jizakor ta’mirchi Yakshi Yokning oʻzi!

daf’atan miyasiga bir fikr uriladi: ne-ne zotlarni ta’mirlagan bu moʻ’jizakorning oʻzi pakana, s-biq Pakanadan ham pakana-ku!

Bundan chiqadi, kelib-kelib endi, sharti ketib parti qolganda, oʻzini oʻzi… Xoʻb yaxshi, ammo anovi chambarakni kim aylantirib turdi ekan?.. Jumboq, bu gʻaroyib zotning oʻziga oʻxshagan bir jumboq.

Xonani tutgan badboʻyga ortiq chidab boʻlmaydi. Shu damdan boshlab endi bedavo bemor shartta borib derazani ochib yuboradi va oʻzini birpas yopirilib kirayotgan musaffo havoga tutib turadi — bu orada xonadagi tutun tarqaydi — soʻng oʻgirilib qaraydiyu telba boʻlib qolayozadi. Yakshi Yok gʻoyib!..
— Koʻngil qoʻrquvdan choʻkadi. Choʻkkan koʻngil hammasidan, pakanalikdan ham yomon!

Kim bu? Kim u gapirgan? Yakshi Yok oʻzbekchani bilmasdi-ku? U oʻlgan-ku? U yoʻq-ku? Boʻlmasa — kim?

Tovush oʻzidan, oʻzining vujudidan taralayotgandek…

Telbalangan odam joni halqumiga tiqilib chorbogʻdan qochib chiqarkan, qoʻrgʻon darvozasida kimni uchratadi deng? Topolmaysiz. Azizani! Huv oʻsha, ustidan shafqatsiz hukm oʻqigan shaddod qizni!

Darvoqe, u endi qiz emas, qimmatbaho liboslarga oʻrangan, yetilib-toʻlishgan barkamol bir kibor xonim. Oqsuyaklar istiqomat qiladigan mana shu maskanda yashaydi, shu yerga kelin boʻlib tushgan. Otasini badavlat odam deyishardi, badavlat odam qizini badavlat xonadonga uzatgan-da. Rasmi shu.
— Azizaxon, salom! Men Pakanaman. Birga oʻqiganmiz. Esingizdami, huv paxtada nima degan edingiz? Mana, endi qarang!..

Kibor xonim toʻxtab, unga taajjub bilan tikiladi. Tanimaydi.
— Yoʻq, siz Pakana emassiz, bedavosiz! Agar oʻsha oʻzim bilgan Pakana boʻlganingizdami, sizni hech kimga bermasdim-a, jon-jon deb… Kishloqdanmisiz, rayondanmi, boymisiz, kambagʻalmi — qarab oʻtirmasdan, har qanaqasiga tegib olardim!
— Toʻxtang, Azizaxon, men axir…

Xonim — Qamara unga irgangandek bir nazar tashlaydi-da, «Jinni», deydi, soʻng koʻngli toʻlmaydimi, «Nenormalʼniy» deb qoʻshadi va ajab tamanno bilan shoshib uzoqlashadi. Nariroqqa borib, ortiga qayriladi. Shundagina uni tanib qoladi Bedavo: iya, Safsar ekan-ku bu, Safsar!..
— Safsar! Safsar!..

Safsar birdan hovli boʻylab yugurib, hozirgina Bedavo chiqib kelgan mash’um kulbaga kirib koʻzdan gʻoyib boʻladi.

Bedavo katta koʻchaga chiqqachgina oʻziga keladi. Orqasiga burilib qarasa — sir-sinoatga toʻla boyagi qoʻrgʻondan nom-nishon yoʻq, uning oʻrnida allaqanday sovuq temir-beton mahkamalar…

Shu chogʻ yonginasiga tanish, ammo unutilayozgan «shox»siz trolleybus kelib toʻxtaydi. Eshigi ochilib, eski qadrdoni — omadsiz oshiq, Sevaraning shaydosi koʻrinadi. U quchoq yozib kela boshlaydi…

Bedavoni shuncha balolarga giriftor qilib, oʻzi qayoqlarda uloqib yuribdi bu kazzob?

20

Ertasi, yakshanba kuni Pakana uyqudan karaxt boʻlib uygʻondi. Hammayogʻi zirkirardi, lanj. Dil gʻash. Xayolida kechagi aloq-chaloq sarguzasht, aralash-quralash manzaralar. Qaerlarga bordi, kimlarni koʻrdi, nimalar boʻldi — koʻpi esida yoʻq.

Xonani allaqanday boʻgʻiq hid bosgan edi. Isiriqmi? Kim tutatdi ekan? Yakshi Yok… Badanida tanish ogʻriq tuydi.

Dahlizga chiqib, qonim yurishsin deya, qoʻlbola turnigiga osilmoqchi boʻldi. Sakraganida qoʻli moʻljalga yetmay, gup etib burchakka agʻanab tushdi, chakkasi devorga urilib qonadi.

Gursillagan tovushga yugurib chiqqan qizi Hilola ahvolni koʻrib «Voy!» dediyu yengilgina uzalib yaltiroq misrangni quloqchalaridan koʻtarib oldi, eltib derazadan tashqariga uloqtirdi.
— Qurib ketsin!.. Kechagi kuzatib kelgan kim edi?
— Nimaydi?
— Bunaqa basharani umrimda koʻrmaganman. Hiringlagani hiringlagan. Gapirmaydi.

Pakana qiziga qaramoqchi boʻlib boshini koʻtardi-yu, dahshat ichida ortiga tislandi: ajdar, ajdarho!.. Ogʻzini katta ochib, tishlarini qayrab kelayotir… Lahza oʻtib ajdar kichraydi, kichrayib koʻkrakdagi oddiy, beozor tasvirga aylandi. Uning oʻrnida Hilolaning hayrat va xavotir chulgʻab olgan tashvishmand chehrasi namoyon boʻldi. Ana shu chehraga tikilarkan, burchakda dumalab yotgan odam oʻzini tanidi… Taqdiri peshona, tan bermay iloji yoʻq.

Chakkasini ishqab vannaxonaga kirgan Pakana devordagi koʻzguga roʻbaroʻ keldi. Koʻzgudan yonogʻi qon, soqol-moʻylovi qoʻsqi, koʻzlari qizargan, afti irkit, badbashara allaqanday bir ta’viya boqib turardi.

Pakana. Tepakal. Xunuk. Iste’dodsiz. Omadsiz. Baxtsiz. Alamzada… Eh, mana senga!..

Koʻzgu chil-chil darz ketdi, moʻysafidning ajinlari misoli. Pakana qonagan mushtumini kuh-kuhlagancha, Hilola kelib qolmasin deb, shosha-pisha eshikka yelkasini tirab oldi. Shunda qaytib koʻzguga koʻzi tushdiyu nogahon vujudi boʻylab yugurgan ilohiy qon miyasiga urilib, goʻyo mudrab yotgan hujayralarni uygʻotib yubordi.

Moʻysafidning ajinlari misoli darz ketgan koʻzgu mukammal manzara kasb eta boshladi. Uning bir burchagida moʻʼjazgina «Umid» paydo boʻldi. Ajabo, ul baxtiqaroning yonogʻida yosh! Safsar yigʻlayapti… (U yigʻlamay kim yigʻlasin!) Yosh tomchilari bora-bora manzarani toʻldirdi. Ana shu alamli tomchilar orasida — Oʻrtada yuz-qoʻli qonga belangan Alamzadaning oʻzi. «Alamzada».

Rassomni uzoq yillar unutilgan bir titroq chulgʻab oldi.

1991

005

(Tashriflar: umumiy 5 326, bugungi 1)

Izoh qoldiring