Nazar Eshonqul. Ikki hikoya & Ibrohim Haqqul. Evrilish tovushi

004     Одатда, рамзий-мажозий ифодаларда сеҳрли бир хусусият бўлади. Шунинг учун улар хаёл ва виждонни ҳаракатга келтириб, юксак руҳ билан алоқага чорлайди. Бу хусусият “Баҳовуддиннинг ити” учун ҳам хосдурки, буни ёзувчининг асосий бир муваффақияти ўлароқ баҳолаш лозимдир. Мен бу ўринда ҳикоянинг маъно-мазмунини гапириб ўтирмайман. Чунки уни кўпчилик бир хилда тушуниб, бир йўсинда қабул қилолмаслигига ишонаман. Айни пайтда ўзликни англаш лаёқати бутунлай сўнмаган, жамият ва инсон муносабатларига мустақил нигоҳ ташлай оладиган ҳар бир киши унга бефарқ қололмаслигига ҳам шубҳам йўқ.

Иброҳим Ҳаққул
ЭВРИЛИШ ТОВУШИ
034

Бўлмағай оламда мундин турфа сўз,
Ким саодат аҳли итга солса кўз.

Еткурур итга натижа ул назар,
Зотиға солур кишиликдин асар.

Алишер Навоий

Ёзувчилик санъатини ҳаёт ва ўлим сирларини очадиган калитга қиёслаш мумкин. Бадиий ижодда энг муҳим иш воқеанавислик эмас, балки ҳақиқатни кашф айлашга имкон берадиган ана шундай бир “очқич”ни ўқувчига етказишдир. Бу эса дид ва савияси баланд китобхонни сал кам ижодкор даражасига кўтаради. Ва бадиий асар ўқишдан туғилган таассуротларидан у ҳам ўзининг бир китобини яратади.

Маълумки, айни бир давр ва замонда, айни бир жамият ва ижтимоий муҳитда яшаган, бир турли воқеа-ҳодисаларни бошдан ўтказиб, турдош саволларга жавоб ахтарган ёки жавобдан чекинган одамлар аҳвол-руҳияси ўхшаш бўлади. Улардаги ахлоқий-маънавий фазилатлар ҳам, нуқсон, айб ва гуноҳлар ҳам муштаракдир. Мана шу сабабдан ҳам ёзувчи кўп нарса ёзиши, ўқувчининг ўзи кўрган, билган воқеа-ҳодисаларини қайтадан унга ифодалаб бериши шартмас. Китобхоннинг ақл-фаросати, фикрлаш лаёқатига ишониш керак. Нимани ёқлаб, нимани инкор айлаш, нимадан завқланиб, нималарга бефарқ қолиши – бу, ўқувчининг шахсий, демакки, дахлсиз ҳуқуқи. Фақат фаҳми паст, калтабин адибгина ёзган ҳар бир асарим кўпчиликни қизиқтира олади деб ўйлайди. Ҳолбуки, бундай бўлмайди. Сўз ва тасвирнинг куч-қуввати, аввал-охир руҳга таъсири, руҳоний эҳтиёжга нечоғлик мувофиқлиги билан белгиланади. Инсон ўзининг Холиқи, яъни яратувчиси эмас. Шунинг учун ўзи ҳақида у кўп нарса билмайди. Билганлари эса уни ҳамма пайт ҳам хато ва адашишлардан қутқазолмайди… Аммо истак, интилиш ва қўмсаш маъносида инсон руҳи чегарасиз. У яшаётган олам чегараланган. Сўнгсизлик эҳтиросига тўлғин руҳ, воқеликнинг қатъий ва қаттиқ тўсиқларидан изтироб чекади. Ва ҳамиша сўнгсизлик соғинчи билан яшайди. Буни теран тушунган ижодкор моддиёт ва илоҳиёт сирларини ёритишда ҳам, инсон табиати ва характери тасвирида ҳам деярли адашмайди.

Ҳар қандай одамда икки реаллик мавжуд. Бири – ташқи, иккинчиси, ички, яъни зоҳир ва ботин. Асосий мураккаблик ва зиддият ботиндадир. Акс ҳолда ақл, нафс, руҳ, кўнгил хусусида бунчалик кенг, бу қадар кўп баҳс юритилмасди. Чунки ботиний ҳаёт вужуднинг “қалин парда”си билан тўсилган. Нафснинг аҳволи қандай? Руҳнинг ҳоли қанақа, қалб нимага илҳақ – аксарият киши ана шуни билмайди. Чунки буларни билиш жуда қийин. Айниқса, нафсни таниш ва тизгинлаш муаммоларнинг муаммоси эрур. Нафсни қоралаб, нафс измидан четлашмасликнинг бир сабаби ҳам шу. Ваҳоланки, қайси бир ишга нафсоний мақсад ва шаҳвоний орзу аралашса, ўша ишнинг хайр-хосияти барҳам топади. Шунингдек, қалб тўғри йўлдан адашиб, тубанликка йўналади, руҳни риё ва худпарастлик домига тортади. Алишер Навоий ғазалларидан бирида нафс ила руҳни зинҳор-базинҳор қўшиб-қориштирмаслик шартлигини таъкидлаб:

Руҳ раҳмони эрур, нафс эса шайтони,
Иккисин бир-бирига қўшмоқ эмастур машрут,

деганида шуларни назарда тутган.

Йигирманчи аср ўзбек адабиётида бу ҳақиқатни мукаммал англаган ва тўла-тўкис унга амал қилган қалам соҳиблари бўлганми? Бўлган тақдирда ҳам сони уларнинг жуда камчилдир. Адабиётимизда руҳ ва руҳоний ҳаёт ифодаси кескин камайиб кетиши шундан. Агар чини билан руҳ учун қайғуриб, руҳнинг тозалиги, эркинлиги таъминланганда, адабиётда нафс ва тамаъ, ёлғон ва иккиюзламачилик, хушомад ва маддоҳлик авж олмасди. Ҳаётга нафс нигоҳи ила қараш, ихтиёрий равишда қўрқув ва уятсизликка кўнишдир. Нафсоний истаклар қанча кучайса, шижоат ва мардлик туйғуси ўшанча пасаяди. Ният нечоғлик юксак ва олийжаноб бўлмасин, сўз, маъно, туйғу нафсга боғландими – унинг таъсири ҳам, умри ҳам узоққа чўзилмайди. Бироқ бунда бошқа бир нарса муҳим. Ҳеч қайси банда нафсини танишга уринмасдан, ботиний имкони ва куч-қуввати етгуни қадар нафс “сайр”ини амалга оширмасдан қалб ва руҳ саёҳатига эришолмайди. Инсон нафсга диққатини қарата олдими – у азобланиш ва изтироб чекишга маҳкум. Ёлғиз ўзининг эмас, дунё ва аҳли дунё қалбининг нимага, асосан нима боисдан бузилиши ё кирланишини у нисбатан яхши мушоҳада этади. Ҳаммага ўхшаб қолмаслик, ҳамма айтадиган фикр-мулоҳазаларни тўтидай такрорламаслик, яккаланиб қолишдан чўчимасликнинг илк чораси худди шудир. Қайси ижодкор буни англаса, нафсига бир бадиий асар янглиғ сайқал бериб, уни шахсият ҳукмига тобе айлашга бел боғлайди. Шундан эътиборан наинки нафсу ҳаво, балки маҳдуд ақлнинг истак ва талабларидан ҳам узоқлаша бошлайди. Бу йироқлашувда сир кўп, ҳикмат кўп. Бу эса нафсни танишга ҳам, қалб таври, руҳ ҳолидаги ўзгариш ва янгиланишларни идрок қилишга ҳам яқиндан ёрдам беради. Дарвоқе, нафс нима ўзи? Нима учун унга бунчалик эътибор зарур?

Ҳужвирийнинг “Кашфуъл маҳжуб” китобида ёзилишича, нафс сўзи луғавий маънода бирор нарсанинг борлиғи, ҳақиқати, зоти ва ўзлиги демак. Халқнинг тилида ушбу калима бир-бирига зид бир қанча мазмунларда ишлатилган. Бир жамоатга кўра, руҳ, бир гуруҳ тушунчасида мурувват ва одамийлик, бир тоифа нуқтаи назарида жасад ва вужуд, бошқа бир фирқага кўра, у қон маъносини ифодалаган. Сўфий ва мутасаввифлар эса ҳамжиҳатлик ила нафсни гуноҳнинг сарчашмаси, ёмонлик, разиллик ва ёвузликнинг асоси, деб ҳисоблашган. “Аҳли тасаввуф энг яхши нафсшунос бўлгани каби, — дейди Шаҳобиддин Умар Сухравардий, – дунёнинг турли ҳолларини, ҳаво ва ҳавас найрангларини, нафснинг яширин орзуларидаги тубанлик, ёмонлик ва ўткинчи лаззатларини бағоят чуқур билгувчилардир”. Шайху машойихларнинг назарида нафс тулки, илон, сичқон сувратида кўринган. Тасаввуф адабиётида буни тасдиқловчи жуда кўп қизиқарли ривоят, ҳикоят, нақлллар тўқилган. Итга бағишлангани улар орасида кўпчиликни ташкил этади. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ўша ҳикоят, ривоятларда ит тимсоли асосан ижобий ва ибратли маъноларда талқин этилади. Мана, бир мисол.

Нақл қилинишича, машҳур шайх Абу Бакр Шиблий (вафоти 946)дан “Тариқатдаги илк йўлбошчингиз ким?” деб сўралганда, у “Бир итдир” деб сўзини шундай давом эттирган экан: “Бу ит сувсизликдан ўлим ёқасида тик турарди. У сув ичиш учун не замон ариққа яқинлашса, сувда ўз аксини кўрар ва ундан қўрқарди. Чунки ўзининг суратини у бошқа бир итники деб ўйларди. Аммо ташналик охири зўр келиб, ит ўзини сувнинг ичига отди… Ана шундан сўнг “бошқа кучук” йўқлигига инонди. Ит билан ўртадаги борлиқ орасига кирган итнинг “ўзга манлиги” унинг йўлига тўсиқ пайдо этган эди. Мен аҳволимнинг айнан шу итга ўхшашини, яъни йўлимдаги энг катта тўсиқ нафсим эканини англадим… Хуллас, менинг биринчи йўлбошчим шу ит бўлди. Асосий йўлга қандай қадам ташлаш лозимлигини менга бир кучук кўрсатди”.

Нафсни тасаввуф адабиётида ит қиёфасида тасаввур қилинишида шу сингари фикр ва эътирофлар таъсир ўтказганлиги эҳтимолдан йироқмас. Бироқ асосийси ит ҳам, тулки ё шери даррон ҳам эмас, барибир нафсдир. Кўзга кўринмай дунёни туб-тубидан ғорат қиладиган мавжудлик, бу –нафс. У қанча кўп ҳукмронликка эришса, дунёнинг ахлоқий-маънавий ҳолати ўшанча бузилади; ҳақиқат ва виждон, диёнат ва ростлик бошидаги қаро булутлар шу қадар қуюқлашади. Шунингдек, зоҳирий чора-тадбирлар, баҳсу мунозаралар нафсдан туғилажак кулфат, мусибат ва ҳалокатларнинг йўлига тўсиқ қўёлмайди. Нафс эркин ва эркли экан, ёлғон, риё, зулм, зўравонлик, мунофиқлик, хуллас, ҳамма ёмон ва тубан сифатлар гуллаб-яшнайверади. Булар эса инсон ботинидаги “ит” – нафснинг ўйинлари. Хоҳласа, одамни у парчалаб, сочиб юборади, истаса, ўзни йиғиштириб олишга имкон беради. Лекин ҳар қанча уриниб-суринманг, ундан ажралолмайсиз. Сиз – унда, у – сизда яшайди. У – сизга, сиз – унга боғлиқсиз. Кимки уни қанча хору залил эта олса, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам ўшанча яхши англаши муқаррардир. Талантли адиб Назар Эшонқулнинг “Баҳовуддиннинг ити” номли ҳикояси айнан ана шу моҳият тасвирига бағишланган.  Рости гап, мен ҳикояни зўр мароқ билан ўқидим. Биринчидан, унинг маъно илдизи чуқур. Ҳатто тасаввуфий тажрибаларга қараб узанади. Иккинчидан, мўлжалга олинган “нишон”нинг ўзиёқ одамнинг дилида бир ларза қўзғайди. Учинчидан, маънавийни моддийлаштирган ва моддийни маънавийлаштириш моҳирлик билан уддаланган.

Одатда, рамзий-мажозий ифодаларда сеҳрли бир хусусият бўлади. Шунинг учун улар хаёл ва виждонни ҳаракатга келтириб, юксак руҳ билан алоқага чорлайди. Бу хусусият “Баҳовуддиннинг ити” учун ҳам хосдурки, буни ёзувчининг асосий бир муваффақияти ўлароқ баҳолаш лозимдир. Мен бу ўринда ҳикоянинг маъно-мазмунини гапириб ўтирмайман. Чунки уни кўпчилик бир хилда тушуниб, бир йўсинда қабул қилолмаслигига ишонаман. Айни пайтда ўзликни англаш лаёқати бутунлай сўнмаган, жамият ва инсон муносабатларига мустақил нигоҳ ташлай оладиган ҳар бир киши унга бефарқ қололмаслигига ҳам шубҳам йўқ. Ҳикояда ифодаланган ҳаёт – бугунги ҳаёт. Қаҳрамонлар ҳам таниш – бизу сиз кўриб-билиб юрган одамлар. Ёлғиз бир нарса – қарийб тимсол мақомига кўтарилган ТОВУШ қадимий. Мунгли ва маҳзун бир оҳанг бағоят эски. Мен кўнгилни ўртайдиган хотира чақириғи деб қабул қилдим. Назаримда, ҳикоядаги “ит” тимсоли хусусида алоҳида сўзлашга ҳожат йўқ. Нафсини тозалаш, енгиш азобини зиммасига ола билган ҳар бир киши ўз сийратида уни кўриб, нолаларини эшитади. Зеро, Навоийдек улуғ зот ҳам бир ўринда – “нафсоният туғёнидин” “ўзумни итга ташбиҳ қилибмен”, деганлар. “Баҳовуддиннинг ити” ҳикоясида тасаввуфдан илҳомланиш бор. Бироқ ундан сўфиёна бир маъно ёки бўёқ қидирмаслик керак. Ҳикоянинг нафс, ахлоқ, қалб, руҳ тўғрисидаги қадим даврларда илгари сурилган фикр-мулоҳазаларни эслашга рағбатлантириши – бу бошқа масала. Ва улардан айримлари соғлом руҳий ҳаёт, мусаффо маънавий боғланиш асрлар мобайнида инсоният эришолмаган буюк орзу эканлигини билиш жиҳатидан алоҳида аҳамиятга моликдир. Машҳур шайх Абусаид Абулхайрнинг мана бу сўзларини эшитинг: “Оллоҳ инсонларнинг вужудларини яратишдан минг йил аввал руҳларни яратди ва уларни ҳузурига чорлаб, устларига нур сочди. Ҳар бир руҳ қабул айлаган нур миқдори ва мунавварлик даражасига қараб сўнг уларга лутф кўрсатди. Руҳлар, тамоман ойдинлашганига қадар ўша нур ичида қолди. У дунёда шод-хуррам, бир-бири ила маънан иттифоқда бўлган инсонлар, бошқа оламда ҳам бир-бирларига яқин, ҳамжиҳат яшашлари керак… Зеро, руҳлар худди отлар сингари бир-бировларини ҳидларидан танийдилар. Бири Мағрибда, иккинчиси Машриқда бўлса ҳам сўзларидан суюниб, завқланадилар…”.

Менинг бу гапларга ишонгим келади. Чунки инсониятнинг буюк бирлиги ва саодати соғлом руҳий муносабатда, руҳ яқинлигидадир. Руҳни қўя турайлик. Башар тарихининг бирор бир даврида, бирор минтақада нафс зарур тарзда Ақлга бўйсундирилганми? Бунча бахтсизлик ва кулфат, бунча зулм ва зўравонлик, тасаввурга сиғмас қотиллик ва ҳақсизликлар қаёндан туғилган?

Покистоннинг буюк мутафаккир шоири Муҳаммад Иқбол ёзади:

Маро гўй, ки аз шайтон ҳазар кун,
Бигў бо ман, к ў парвардаи кист?

Яъни: мени шайтондан ҳазар қил дейсан, лекин менга айтгил: у кимнинг арзандаси?

Бу савол ҳамон тўлиқ жавобини топган эмас. Кимдир тақдир тақозоси билан нафсини танишга муваффақ бўлди дейлик. Бугунги ижтимоий-ахлоқий муҳитда унинг аҳволи қандай кечади? Ва уни ким тушунади? Назар Эшонқул ҳикоясида шу саволга ҳам жавоб бор. Менимча, бу ҳикоя ичидаги энг ғаройиб бир ҳикоядир…

***

Умуман олганда, инсоннинг дунёга келиши хайрли ҳодиса. Туғилиш – бу, кўпайиш, ўсиш, ҳаракат ва ривожланиш демак. Лекин бунда иккинчи бир жиҳатни ҳам назардан четда қолдириб бўлмайди, албатта. Яъни кўпайиш ва ривожланиш, айни пайтда, ҳар турли ижтимоий, иқтисодий, ахлоқий ва сиёсий муаммоларга дуч келишдир. Бутун тарихи мобайнида куч ва имкони етгунича буларни инсоният ҳал қилишга уриниб келган. Бирда муваффақиятга эришса, бирда мағлубиятга учраган; гоҳо йўлни тўғри танлаган бўлса, баъзан йўлдан адашиб, ўзини-ўзи қийинчилик ва азоб-уқубатларга гирифтор айлаган. Аммо ҳар қандай вазият ва ҳолатда ҳам тўхтаб қолмаган. Беҳад ранж чекиб, ҳатто қон кечса ҳам турғунлик, ночорлик тўсиқларини енгиб ўтган. Бу амалий тажриба – башарият ҳаётидаги энг порлоқ ва умидбахш тажриба деса асло хато бўлмайди.

Одам қавми ақл ва тафаккур жабҳасида жуда кўп ютуқлар, ҳайратланарли қанчадан-қанча янгиликларни қўлга киритди. Булар билан у ҳар қанча мақтанса ҳам арзийди. Илм-фан ва техник тараққиётда у нималарни ихтиро этиб, ўзига хизмат қилдирмади дейсиз? Шунча зафар, шунча юксалишнинг ҳаммаси ҳам дунё аҳлининг осойишта, фаровон ва бахтли яшашига ёрдам бердими? Эришилган нимаю, йўқотилган нима ёки муваффақият нимаю маҳрумият қайси – булар тўғри сарҳисоб қилиндими? Йўқ, албатта. Шунинг учун ғам, кулфат, мусибат ва ҳар турли зиддиятлар олдинги асрга нисбатан янги юз йилликда кўпроқ юз очди. Зулм, зўравонлик, таҳлика шиддати кучайса, кучайдики, сусайгани йўқ. Нима учун? Бу саволга бугун энди қаноатланарли жавоб қайтариш осон эмас. Қолаверса, жаҳоннинг кўп минтақасида, “Мен кимман? Нимага бундай яшашим керак? Инсонийлик шарафи ўзи нима?” деб ўйлаш аллақачон “мода”дан чиқиб кетган. Меҳр – қаҳрга, шафқат – ёвузликка, руҳ – нафсу ҳавога таслимлиги шундан. Шунинг учун дунёда макр, риё, гуноҳ ва худбинлик “бозор”и қизиб кетгандир. Агар масалага тарихан назар ташланса, охир-оқибатда асосий бир офат – барча бало ва ёмонликларнинг дояси нафсга тўхталишга тўғри келади. Ахир, Шарқнинг буюк донишмандлари тасодифан “Нафси аммора соҳиблари ҳайвонга ўхшашдирлар, балки ундан ҳам тубан эрурлар… нафси аммора жумла мунофиқ, фосиқ, кофир ва золимларнинг нафсларидир” демаганлар-ку! Қаердаки, бир йиртқичлик, бир бебошлик, бир бадбахтлик қад кўтарса, билингки, бу шу баттол нафснинг қилмишидир. Ёмонлик, нодонлик ва гумроҳликнинг тури бисёр. Булар ҳақида тўхтовсиз гапирамиз – лекин илдиз қаерда, нега уларни чеклаб-чегаралаб йўқотиб ҳам бўлмайди – бу ҳақда кўпинча тўғри мушоҳада ҳам юрита олмаймиз. Ваҳдатул вужуд нуқтаи назаридан қаралса, ёмонлик, ёвузлик, тубанлик йўқ нарса – бир рўё, холос. Шу боисдан ҳам инсон Ҳаққа интилиши, уни севиши, бутун борлиғи ила унга суяниши шарт. У ёлғиз ўзига таянса, билиб, билмай, нафсоний, ҳайвоний ва шайтоний майлларига таянишга маҳкумдир. Тасаввур қилинг, бир чақалоқ туғилди. Вояга етгач у бехосият, баджаҳл, ваҳший махлуққа айланади, деб ким хаёлга келтиради? Ҳеч ким. У кимдан тўраган? Қандай тарбия олган? Қандай хислат ва фазилатлар қонига мерос кўчган? Булар хусусида кўп фикр юритиш ва ибратли бир хулосалар чиқариш мумкин. Назар Эшонқулнинг иккинчи ҳикояси – “Қултой” шу жиҳатдан диққатга моликдир. Ҳикоя қаҳрамонининг номи Улжон. У мол изидан таёқ судраб, умри қиру адрларда ўтаётган барзанги бир йигит. Улжон шу қадар ҳайвонлашганки, одамга ҳам молдан паст назар билан қарайди. Хотин зотини ҳақоратлаш ва уришдан ич-ичдан мароқланади. Бир гал калтакка чидолмаган хотини отасиникига кетиб қолади ва бирмас, иккимас, тўрт қайниси келиб уни “худди пахта савалашаётгандай бири қўйиб, бири савалайди”. Шу пайт маймоқ бир аёл келиб унинг бошига ўзини ташлайди-да, бор овози билан қишлоқдошларини ёрдамга чақиради. Бу муштипар, ҳақорат ва хўрликдан жуссаси кичрайиб бораётган аёл Улжонга “хола” – Арзихол эди. Шунда ғалати бир ҳолат рўй беради: Улжон нақ бурнига тегиб турган аёлнинг кўкрагидан “ўзига жуда таниш” бир ҳидни туяди. Лекин “бу ҳид димоғида қачон ва қандай ўрнашиб” қолганини фаҳмлолмайди. Калтакланётганини ҳам унутиб тамшаниб кетади… Хуллас, шу ҳид уни таъқиб эта бошлайди. Негадир бундан у ғазабланади. Баҳона топиб Арзихолнинг елкасига гаврон туширади. Аёл эса ғиқ этмасдан чидайди. Чунки ҳаммасига: қалтак, таҳқир, ҳақоратга аллақачон кўниккан. Боис не? Асосий жумбоқ ва фожиа шунда. Арзихол Улжонга хола эмас, аслида она. Поччаси Ражаб чўпонга эса асранди ўғил. Бу ҳақда унга ҳеч ким, ҳеч нима демаган. Ражаб чўпон феъл-атворидаги қўрслик, одамовилик, жиззакилик асранди болага шундоқ кўчиб ўтган. Улжон мактабда ҳам ўқимаган – ғирт авом.

Ким билади, Ражаб чўпон ўзи ўғил кўрганида, унинг хотини Роҳат бир ҳафталик чақалоқнинг онасини ўлдига чиқариб, уни уйига олиб келмас, касал бўлиб ётиб қолгач эса бадбахт Арзихолга ҳам муҳтожлик сезмаслиги мумкин эди. Лекин ҳаёт инсоннинг хоҳиш-иродаси билан ҳисоблашмаган ва ҳисоблашмайди ҳам. Шу учун Арзихол опасиникида яшар экан, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қийноқлар бошига тушади. Қайнилар билан бўлган жанжалда Улжонни у қотилликдан сақлаб қолади. Улжон эса уриб, унинг қўлини синдиради. Шунда ҳам ўзини у айбдор сезади. Ўзига ўзи ўлим тилайди. Терсоталиклардан биронтаси Улжонни койий бошласа ва у ҳақда ёмон фикр билдирса, Арзихол бирдан “Аслида айб менда…” дея уни ҳимоя қилишга тушади.

Нима жавру жафо кўрмасин, у шу Улжонни дейди. Қашқирсифат шу йигит учун жонни фидо айлаб кун ўтказади. Унинг бу ҳолатини тасаввур қилиш мумкин. Қиз чоғида қир ортидаги қишлоқлик бир чавандоз йигитни яхши кўрган. Бот-бот тўқайзорда учрашиб туришган. Йигитнинг ота-онаси чўлоқ бир қизни келин қилишга кўнишмаган. Шуми ёки бошқа сабабданми, “қамчисига бандак тўқиб бергани” чавандоз йигит ғойиб бўлиб, орадан ойлар ўтса-да, қорасини кўрсатмаган. Қиз эса юрак ютиб… Ҳеч бировга гапиролмаган.

Севги дейсизми, алданиш, адашиш ёки ҳирс қурбони дейсизми, хуллас, нима бўлмасин Арзихол таъна-маломатларга чидаб ўғил туғади. Холаси чақалоқни олиб кетгунга қадар ва кейин ҳам уни эмизади. Ниҳоятда ажабланарли ҳол: ёши улғайган сайин Арзихолдан Улжон жирканади. Кўрдими, ғазабланиб, нафрати ошиб-тошаверади. Унинг қўрс-қўпол муомаласини давом эттирган хотини ва болаларининг бир муштипар, ғуссакаш аёлга муносабатлари ҳар қандай одамни ачинтиради.

“Товуши дўриллай бошлаган Улжоннинг болалари ҳам уни худди оталаридай жеркир, келин эса тиним бермай ишга кўмиб ташлар, у эса яроқсиз бўлиб қолгач, ташлаб юбориладиган буюмга ўхшаб уйдан ҳайдалишдан чўчигандек ҳеч бир ишдан бўйин товламас, ўзини кераксиз бўлиб қолаяпман деб ўйлагани сайин Улжоннинг болаларидан тортиб, ўзи ҳам кампирга суяниб борар, унинг оғриб ё касал бўлиб ётиб қолишини тасаввур ҳам қилишолмасди”.

Орадан унча кўп вақт ўтмай, шундай кун келади: Арзихол бирдан ётиб қолади. Шу ётишда хазонрезгини ўтказиб, қишнинг нақ чилласида жони узилади. Уни сўнгги манзилга кузатишга ўнтача терсоталик ва бир неча қариндошлари йиғилади. Аза ҳам азага ўхшамайди. “Маймоқ” энди йўқ – тупроққа этиб кўмилади. Улжон шунда ҳам ундан норозилигини яширмайди. Ўйлаб қоласан: шунақа кимсалар ҳаётда борми, учрайдими ўзи? Тўғри, айнан Улжонга ўхшаганлар эҳтимол учрамас. Лекин ёвузлик ва бағритошликда ундан баттарлар бор. Табиати ундан-да мудҳишроқ махлуқларнинг сони дунёда оз эмас.

Улжонга қайтайлик. У чолларнинг қистови билан, таёққа суяниб “холам-ов” дейди. Овози “йўқловдан кўра зардага ўхшаб” эшитилади. “Чоллар ёши қирқдан ошиб ҳам эл расм-русумини тушунмаган бу бесўнақай ва қўрс одамдан норози бўлиб бош чайқаб қўйишади. Шунда кимдир келиб унинг қўлтиғидан олади. Қараса, кенжа тоғаси. Уни жуда кексайиб, мункиллаб қолган отаси, яъни Улжоннинг бобоси ёнига бошлаб боради. Бобосини ҳам у хуш кўрмайди. Бобо эса айбдордай бошини эгиб турар, маймоқ ва мажруҳ бўлса ҳам фарзанди ўзидан олдин дунёдан ўтганидан эзилиб, кўзлари ёшланганди. У хирилдоқ овозда Улжонга дейди:
– Онам деб йўқланг, болам, Онам денг.
– Нега онам дейман? Онам ўлганига ўттиз йилдан ошди…

Бобо оғир ва чуқур хўрсинади. Кўзларини олиб қочиб, секин пичирлайди:
– Арзихол сизнинг туққан онангиз бўлади, болам. Салом чавандоз уни бадном қилиб кетгач, сизни Роҳатга бердик. Аслида, сизни Арзихолнинг ўзи эмизиб катта қилди, болам. У сизнинг ҳақиқий онангиз…

Бу шафқатсиз гапдан албатта Улжон довдирайди. У “кимдир бу ёлғон дейишини кутар”, аммо бунақа мардни топиб бўлмасди. Ёши қирқдан ўтса ҳам нима учун туққан, оқ сутини эмизган аёлга у зарра қадар бўлсин дилдан яқинлик сезмади? Нега уни урган сари ургиси, хўрлаган сайин хўрлагиси келаверди? Бобо сир “парда”сини очди. Улжон ўзидан энди қаёнга қочади, қандай бош кўтариб яшайди? Қисматнинг бу даражада чигаллигига сабаб нима? Ёзувчи бу саволларга жавоб бермайди.
Ўқувчининг ўзи мушоҳада юритиб, ўзи топиши керак жавобни. Ёзувчини Улжон тақдирини ҳикоя қилишга ундаган изтироб ҳам балки шудир.

 

Назар Эшонқул
ИККИ ҲИКОЯ
034

БАҲОВИДДИННИНГ ИТИ

«…Шайх у гўзалнинг жамолини кўриш умидида ёр
кўчасидаги итлар орасига қўшилди…»

«Мантиқ ут-тайр»дан

Ҳаммасига муҳаррирнинг инжиқлиги сабаб бўлди. Аслида ташқи овозлар-у шовирларсиз ҳам радиопеса тузуккина чиққанди. Унга актёрлар билан ойлаб сайқал берган, бастакор атайлаб песа учун мусиқа ёзган, мен ва ёрдамчим олти ой кеча-ю кундуз фақат шу асар устида бош қотирган, тушимиз ҳам, ҳушимиз ҳам шу пЪеса бўлган, мана энди машаққатдан қутулдик деганда, муҳаррирда бирдан янги фикр туғилиб қолганди. Аслида бу фикр янги ҳам эмасди. Мен песага ишлов бераётганда ёки монтажда ўтирганда, агар табиий шовқинларни ҳам қўшсак, асар мукаммал чиқади деб ўйлаган, аммо иш кўплигидан ва яна вақт кетишини билганим учун бу режадан воз кечиб қўя қолгандим. Энди эса бирдан муҳаррир биздан талаб қилиб қолди.

— Асар жуда яхши. Лекин биз танловда ютиб чиқишимиз учун бу ерга табиий шовқинларни қўшишимиз керак. Қушлар сайроғими, дарахтлар шовқиними, шамол, қўй-қўзиларми…умуман, асарнинг саҳналарига қараб табиий шўх-шодон оҳанглар қўшиш керак. Песадаги қувноқ, хушнуд оҳангларга уйғунлашиб кетиши, бахтиёрлик ва хушанашинлик нафақат қаҳрамонларга, балки бутун табиатга хос эканини, табиат ҳам биз билан бирга ва у ҳам қаҳрамонларимизнинг иқболидан қувониб, шўх садолар таратаётганини кўрсатиб беролсак, мукофот чўнтакда деб ҳисоблайверинглар…

Бош муҳаррир танловга оз муддат қолганини билдириш учун оғиз жуфтлади-ю, аммо муҳаррирнниг «чўнтагингизда деб ҳисоблайверинг» деган аниқ ишончидан сўнг бирдан бош ирғади.
— Албатта, қилиш керак. Шунча маблағ сарфлангандан сўнг яна бироз қийналсаларинг ҳеч нарса қилмайди. Харажат ошса, мукофотдан чиқариб оларсизлар. Аммо шошилиш керак. Вақт оз қолган.
Норозилик билдиришга ўрин қолмади. Шусиз ҳам бош муҳаррир радиопесага сарфланган маблағ ошиб кетгани учун биздан норози бўлиб турганди. Унинг бу мукофотни қўлга киритишимизни астойдил истаётганидан фақат биз эмас, унинг ўзи ҳам манфатдор эди. У песага бадиий раҳбар, табиийки, мукофотда унинг ҳам улуши бор эди.

Гарчи ёрдамчим билан мен энди ишни тугатдик деб турганда яна бошоғриқ бошлангани ёқмаётган бўлса ҳам эртасигаёқ ишга киришдик. Биз олдин ўзимиздаги — радиофонддаги шовқинлар жамғармасини кўриб чиқдик. Шунда бу шовқинларнинг биронтаси ҳам ярамаслигига, биттаси ёзилавериб, хиралашган бўлса, бошқасида қандайдир сунъийлик борлигига амин бўлдик. Буларнинг биронтаси биз кутган хушанишинликни табиий тарзда акс эттиролмасди. Демак, шовқинни табиат қўйнидан ёзиб олишга тўғри келади.

Бунинг учун биз турли жойларни кўз олдимизга келтириб кўрдик. Масалан, шаҳарга туташ қишлоғу далалар. Аммо бу қишлоқларнинг ҳаммасида ҳозир дала ишлари қизғин, тракторларнинг шовқини тушиб қолади. Микрофонларимиз шунчалик сезувчанки, агар бошқа товушлар тушса, кейин тозалаб олиш амримаҳол. Бизга қушлар ё ҳашоратларми, бири қўйиб, бири сайрайдиган, айни уйғониш фаслига хос бахтиёр ва кўтаринки шовурлар керак: у қушники ё дарахт-ўсимликникими, ҳашорату-ариникими, фарқи йўқ, соадат сасларини ўзида мужассам этган макон керак эди. Шу сабабли қушлар шовқинини шаҳар четидаги эски хиёбонда ёзадиган бўлдик. Шаҳарда уларнинг ихтиёрисиз бирорта гулнинг ҳам кўкаришга ҳаққи йўқ ободончилик корхонасидагилар негадир уни тартибга солишни унутиб қўйишганди. Шу сабабли хиёбонда дарахтлар шунчалик зич ва тарвақайлаб кетган, устига устак, шаҳарнинг барча қушлари анча йиллардан бери арра товушини эшитмаган дарахтларга уя қуришганди. Ёрдамчим телефон орқали ободончилик маъмурияти билан олдиндан келишиб қўйди. Маъмурият эрталаб ўнгача хиёбонга ҳеч кимни киритмайди. Саҳардан соат ўнгача бир олам шовқинларни, дарахтми, қушлар чуғурими ёки ҳаётдан миннатдор бўлиб, уни ўзгартиришга астойдил бел боғлаган, ўз ўрни ва бахтини топганларидан ичларига сиғмай ҳаммани бахтиёр қилгиси келаётган бизнинг пЪеса қаҳрамонларимиз каби шўх-шодон эсаётган шамолми, ҳашорат овозими, ёзиб олишимиз мумкин. Бу таклиф бизга маъқул тушди.

Эртасига қуёш энди бош кўтараётганда ёрдамчим ва овоз режиссёри билан бирга бориб, микрофонларни хиёбонга ўрнатдик. Яқин-атрофда катта машина ва темир йўллари бўлмагани учун бу ер худди биз истагандек осуда эди. Дарахтлар секин шовуллаб турар, боғни қушлар чуғури қоплаган, гўё парранда аҳли одамлар бу ерга йиғилмасдан бурун бир яйраб қолмоқчидек, бор овозлари билан чуғурлашар, дарахтдан дарахтга учиб, ўзига хос саодатманд сайроқилар хорини ташкил қилганди. Баъзи-баъзида гулларга келиб қўнаётган ариларнинг ёки ниначилар ва сўналарнинг ғунғиллаган овозлари бу шовқинни бир пас босиб кетгандек туюлар, лекин бу ҳашоратлар овозида ҳам бизнинг песамизга мос уйғунлик ва кўтаринкилик бор, шу сабабли ҳаммаси табиий ва гўзал эди. Мен режиссёр сифатида ҳамиша ишлатилавериб, қолаверса, атайин техник жило берилган, бироз сунъийлашган «Шовқинлар жамғармаси»даги овозлардан фойдаланганим учун бу ердаги овозларнинг табиийлигидан ҳайратланиб турардим. Шу пайтгача ортиқча иш кўпайганидан норози бўлиб юрган ёрдамчимнинг юзида ҳам табассум пайдо бўлди. У қушлар чуғури-ю, ҳашоратлар навоси, ўсимликлар шитирлаши, дарахтларнинг майин шовуллаши уйғунлашиб кетган, гўё биз яратган пЪеса билан бахтиёрлик бобида бас бойлашгандек таралаётган табиатнинг мусиқий «песа»сини берилиб эшитаркан, менга қараб қўяр, овоз режиссёрининг эса юзида мамнуният зуҳурланган, қушлар чуғури, дарахтлар шовқинидан илҳом олгандек, берилиб ишлар, ҳар-ҳар дамда магнитафонга қулоқ тутиб, овоз қандай ёзилаётганини эшитиб кўрар, ишидан қониқиб, бизга қараб қўярди. Осмонда оқ булутлар сузиб юрар, лекин бу булутлар ҳам кўм-кўк осмонга энди гард бўлолмаслигини билиб, секин тоғ тараф силжирди. Баҳор охирлаб қолган бўлса ҳам ҳали майсалар ям-яшил, дарахтлар гуллаб, хиёбонни гулу-чаманга айлантириб юборганди. Ёрдамчим бекорга бу хиёбонни танламаганини энди сезиб турардим. Бу ерда бошқа хиёбонларда учрамайдиган мевали дарахтлар билан бирга ҳали тарошланмаган, тартибга солинмаган, ўн йиллардан бери ўз ҳолича шохлаб, гуллаб, эмин-эркин тарвақайлаб кетган дарахтлар ҳам бор эди. Эҳтимол, айнан шунинг учун қушлар бу ерни макон тутгандир? Бутун вужудимни қулоққа айлантириб овозларнинг қайси бири ариники, қайси бири қалдирғочники, қайси бири оддий чумчуқники дея ўзимча ажратиб олишга тиришиб, кўзларимни юмиб ётардим. Қушлар чуғури билан бирга яна қандайдир тушуниқсиз сас ҳам элас-элас чалинарди. Лекин мен бу сас нималигини ажрата олмадим, у итнинг ҳам, бўрининг ҳам ёки бирон яқинидан айрилган жониворнинг изтиробли ноласига ўхшарди. Эҳтимол, бу шаҳарнинг хиёбонга ўрмалаб кирган ер ости йўллари шовиридир? Нима бўлганда ҳам бу сас қушлар шовқинига халал беролмаётган, қолаверса, бу менинг қулоғимнинг шанғиллаши бўлиши ҳам мумкин эди.
— Бўлди, етади, — деган овоз эшитилди ёнимда.

Кўзларимни очиб, тепамда менга қараб турган овоз режиссёрини кўрдим. У аллақачон асбобларини ва магнитафонни йиғиштириб бўлган, энди кетишга тайёр турарди.
— Етади. Бу ерда сизга зарур овозларни икки марта қайта ёздим. Яна ўнта песага ишлатсангиз ҳам бу овозлар тугамайди.

Худди ғайришуурий лаззатдан бемаврид бебаҳра қилгандек, унга соатимни кўрсатиб, норозилик билдирмоқчи бўлдим. Аммо соат ўн беш дақиқаси кам ўнни кўрсатиб турарди. Яна ўн беш дақиқадан сўнг бу ерга қуёшдан қочган бекорчиларнинг ҳаммаси бостириб келади. Кетишдан бошқа иложимиз қолмаганини тушундим.

Биз хиёбон ўртасига келганимизда дарвозадан бир тўда қувноқ ёшлар кириб келди. Улар хиёбонга киришлари билан турли томонларга тарқаб кетишди ва бирдан боғда ўзига хос шодонлик бошланди. Радиокарнайлардан қувноқ ва шўх қўшиқлар, мусиқа, сотувчиларнинг чорловлари, чархпалак, ҳалинчакларнинг ғийқиллаши бир пасда хиёбонни тутиб кетди. Гўё хиёбоннинг биз боягина ҳис этган ва гувоҳ бўлган манзаралари, ҳар бир ўтирғичигача ўрнашиб қолган қушларнинг саодатманд чуғурлари, дарахтларнинг маҳобатли ва ғолибона шовуллашлари, бизга ненидир англатмоқчидек ҳашоратларнинг хиёбон узра шодон таралаётган наволари радиокарнайлар шовқинлари олдида бирдан ғойиб бўлганди. Бу нарса таъбимизни бироз тирриқ қилса ҳам, ночора, биз ишимиз битганидан хурсанд бўлиб, ишхонага йўл олдик.
— Сиз бу шовқинларни келишган саҳналаримизга қўйиб чиқинг, — дедим мен трамвайга чиққач овоз режиссёрига. — Ёрдамчим ёнингизда бўлади. Мен бошлиқларни топиб, уларни тушдан кейин эшитишга таклиф қиламан.

Овоз режиссёри ва ёрдамчим бош ирғашди. Улар бу ишдан тезроқ қутулиб, бир-икки кун таътил олишни сўрашгани учун ҳам мен уларни шошилтираётгандим.

Тушдан кейин одатдагидек менинг хонамга йиғилдик. Бош муҳаррир оромкурсига яхшилаб жойлашиб олди. Кенгаш аъзолари бўлмиш қулоқлари оғирлаша бошлаган иккита кекса режиссёр эса магнитафонга яқинроқ ўтиришди. Муҳаррир одатдагидек бош муҳаррирнинг ёнидан жой олди. У ўзининг таклифи билан шунча ишлар қилингани ва ҳаммасига ўзи бош-қош бўлиб турганидан мамнун бўлиб, бироз гердайиб қўярди. Овоз режиссёри худди ишни дўндириб қўйгандек, эшик ортидаги курсида чой ҳўплаб ўтирар, рўмолча билан юзини елпиб, бизга «ҳозир мен яратган мўъжизани кўрасизлар» деётгандай писанда билан қараб турарди. Ёрдамчим биз эрталаб боғда ёзиб олган шовқинлар билан бойитилган саҳналарни қўйиб бера бошлади. Олдинига мен ҳеч нарса тушунмадим. Балки менга шундай эшитилаяптими деб ўйладим ва секин кўз остим билан бош муҳаррирга қарадим. Йўқ. Қулоқларим алдамаётган эди. Бош муҳаррир ҳам негадир ҳеч нарса тушунмай, муҳаррирга ва менга савол назари билан қарай бошлади. Иккита кекса режиссёр эса қулоқларига қўлларини қўйиб, оғизларини ланг очиб туришарди. Ёрдамчимнинг эса дами ичига тушиб кетганди. У магнитафон тугмасини босишни ҳам, босмасликни ҳам билмай менга қараб, довдираб турарди. Биз кўтаринки кайфият акс этиши керак бўлган ва табиатнинг шодон наволарига уйғунлашган саҳнада қандайдир мунгли, мустар ва юракни эзадиган бир дардли, эрталаб хиёбонда қулоғимга элас-элас эшитилган сас-увиллаш эшитиларди. Мен ҳеч нарсага тушунмай ёрдамчимга қарадим.
— Бу нима?! — ниҳоят бош муҳаррирнинг қаҳрли овози янгради. — Бизни масхара қилаяпсиларми?

Ёрдамчим овоз режиссёрига қаради. Овоз режиссёрининг юзи гезариб кетганди. У ирғиб туриб, ёрдамчимга жаҳл билан тикилиб, у қўйиб бераётган тасманинг рақамига яқин бориб қаради. Кейин ажаблангандек, чўнтагидаги дафтарчани олиб, у ердан ниманидир, афтидан, тасманинг рақамини излади. Кейин топди, шекилли, яна тасмага қаради. Бирпас ҳеч нарсага тушунмагандек, безрайиб туриб қолди.
— Шу тасмага ёзгандик, чоғи. Аниқ шу тасма эди. Қизиқ… — деди у довдираб.
— Бизнинг бекорчи вақтимиз борми, — зарда қилди муҳаррир. — Аниқ шу тасмамиди?
— Ҳа, — деди ўзига ишонмай овоз режиссёри. — Шу эди… Яна ким билади.. Балки адашиб…

У бизга узрхоҳлик билан қаради-да, шошиб хонадан чиқиб кетди. Унинг даҳлизда югуриб кетаётганини ҳаммамиз эшитиб турардик.
— Буларнинг хаёли жойида эмас, — деди бош муҳаррир норози бўлиб. — Мана шундан ҳам ишга бўлган муносабатни билса бўлади. Тасманинг рақамини ҳам адаштирадими эси жойида одам?

Ҳамиша ўзим билан ишлайдиган гуруҳнинг ёнини олганим учун у менга иддао қилиб гапирарди. Бу марта унга қарши ҳеч нарса демадим: у ҳақ эди. Энг муҳим пайтда ёрдамчим билан овоз режиссёри мени уялтириб қўйганди. Салдан кейин бир қучоқ тасма кўтарган овоз режиссёри кириб келди.
— Мана, бугунги овоз ёзган ва монтаж қилган тасмаларим. Балким чарчаб, рақамни адаштиргандирмиз…

Шундай деб у бирин-кетин тасмаларни қўйиб кўра бошлади. Аммо у қўйган биронта ҳам тасмада биз кутган шовқинлар йўқ эди. Овоз режиссёри бундан баттар ажабланар ва довдирарди.
— Менга қаранг, — деди охири муҳаррир. — Сизлар эрталаб ёзиб келган тасмани қўйиб беринг. Бизнинг ўзимиз қайси шовқинларни қўйишни айтамиз. Қайтадан қўйиб чиқасизлар. Бу кетишда бизга бутун жамғармадаги тасмани қўйиб берасиз, чоғи.

Бу гап менга ҳам маъқул бўлди. Мулзам бўлиб ўтиргандан кўра эрталаб ёзиб олган шовқинларни қўйиб, қайси шовқинни қайси саҳнага қўйишни келишиш осонроқ эди. Овоз режиссёри маъқул дегандек, бир тасманинг устига қаради-да, ўша тасмани магнитафонга қўйди. Энди буниси устимиздан бир челак сув қуйиб юборгандай таъсир қилди. Тасмадан биз боягина пЪеса саҳналарида эшитган нола тўла увиллаш аниқ-тиниқ келиб турарди. Овоз режиссёри беҳол ўтириб қолди. Унинг юзлари оқариб, рангида ранг қолмаганди.
— Ахир эрталаб шу тасмага ёзгандик, бу шовқин қаердан пайдо бўлди?
— Балки охирроғига ёзгандирмиз. Айлантириб кўрингчи, — деди ёрдамчим умид билан.

Овоз режиссёри тасмани олдин бошига, кейин охирига қараб айлантирди. Аммо бутун тасмага ўша нола ёзилган, худди устимиздан кулгандек, қаерида тўхтатиб, тугмачани босса, ўша ердан эшилиб-буралиб, ғайритабиий нола чиқиб келарди. Бу шунчаки нола эмасди. Қандайдир табиатдаги жами ғамгин ва музтар товушлар, сайрашлар ва шовуллашлар уйғунлашган ўта ғамгин, дилни ўртайдиган, одамни ғамгин ва дилгир қилиб қўядиган, бизнинг пЪесамизга мутлақо зид андуҳ тўла нола — эгасидан айрилган итннинг увиллашидай нола эди.
— Бу нима?! — энди ўрнидан туриб тутоқиб кетди бош муҳаррир. — Сизлар бизни майна қилишга чақирдиларингми?

У кўпроқ менга кўзларини лўқ қилиб, важоҳат билан қараб турарди. Мен елкамни қисдим.
— Бугун эрталаб биз энг зарур шовқинларни ёзиб келгандик. Билмадим, нима бўлаяпти?
Шундай деб, овоз режиссёрига ва ёрдамчимга қарадим. Улар шошиб қолишган, бир тасмани олиб, иккинчисини магнитафонга тиқишар, эшитиб, кутилган овоз келмагач, яна бошқасини тиқишарди.

Ниҳоят овоз режиссёри чарчади. У бизга қарамай курсига ўтириб, ниманидир эсламоқчидек ўйга толди.
— Сиздан сўраяпман, нима бўлди? Яна тасмани ўчириб юборибсизларми? — бош муҳаррир студияда тез-тез бўлиб турадиган вазият бўлган, булар тасмани билмасдан ўчириб юборган деб ўйлаётган эди.

Овоз режиссёри унга жаҳл аралаш лаблари титраб билан қаради. У энди бошлиқдан ҳайиқмаётган, тўғрироғи, унга нимадир жуда қаттиқ таъсир қилганидан ўзига келолмаётган, энди йўқотадиган нарсаси йўқ одам каби терс ва қўпол бўлиб қолганди.
— Йўқ. Биз адашиб, ўчириб юбормадик. Агар ўчирсак, ёзиб келган иккала тасма турарди. Боғдан ёзиб олинган тасмага ҳам шу шовқин ёзилиб турибди.
— Тушунмадим, — дедим мен энди баттар ажабланиб. — Ярим соат олдин, бўлди, шовқинларни саҳналарга қўйдик, энди эшитсак бўлади деган сиз эмасми?

Овоз режиссёри кўзларини юмиб-қайта очди.
— Ҳа, шундай дегандик. Лекин кўраяпсиз-ку…
— Эрталабки тасма-чи?
— Эрталаб ҳар эҳтимолга қарши иккитадан тасмага нусхаси билан ёзиб олганман. Аммо иккаласи ҳам ўша увиллаш билан тўлиб турибди. Ахир бу увиллаш ҳам, яқин атрофимизда ит ҳам йўқ эди…Шунга ҳайрон қолаяпман. Боя саҳналарга қўяётганимизда ҳам ҳаммаси ўз жойида эди. Буни ким қилиши мумкин, билолмаяпман.

Бош муҳаррир гапимиздан ҳеч нарсани тушунмаган бўлса ҳам аммо муроса қилгандек, уфлади.
— Мабодо эрталабдан ҳалқумни ҳўллаб олмаганмидиларинг? Балки бу шовқинни кайф аралаш ёзиб келгандирсизлар?

Унга «туҳмат қилманг!» дегандек зарда билан қарадим. У менинг ичкиликка ўч эмаслигимни, айниқса, эрталабдан ичиб олмаслигимни биларди. Шунинг учун мендан кўзини олиб қочиб, овоз режиссёрига таҳдид қилди.
— Етар. Тасмаларни топсангиз, топинг, бўлмаса, эртага қайтадан ёзиб келинг. Бу марта ёнингизга бошқа овоз режиссёрини ҳам олволинг. Эҳтиёт шарт. Шусиз ҳам ишни чўзиб юбордиларинг…

Шу гапни айтиб, норози ва асабий қиёфада чиқиб кетди. Унинг изидан муҳаррир ва иккита кекса режиссёр ҳам чиқиб кетди. Биз энди тасмаларни олиб, шошилмай бирма-бир эшита бошладик. Аммо ёзиб келган шовқинлардан асар ҳам йўқ эди. Эрталаб шу иш учун атайин рақамлаган тасмаларда ҳам ўша мунгли, мустар нола-соҳибини йўқотган ит увиллаши эшитилиб турарди. Ким биз билан ҳазиллашаган бўлса ҳам қўпол ҳазиллашган эди.
— Балким биз тушликка чиққанда кимдир ўчакишиб, устига ёзиб юборгандир? — деди ёрдамчим.
— Кўролмайдиганлар қанча?

Овоз режиссёри бошини ирғади.
— Йўқ. Бўлиши мумкин эмас. Мен бу тасмаларни ўзимнинг сейфимга солиб, тушликка чиққандим. Биров қилиши мумкин эмас.
— Нима, сейфингизнинг калити бошқада йўқ деяпсизми? Одамларнинг сейфи очилмасдан пули йўқолаяпти-ю…

Мен уларнинг баҳсига қўшилмадим. Эртага эрталаб яна боққа боришимизни, қайта овоз ёзиб олишимизни ва ўзлари билан яна битта овоз режиссёри ва қўшимча магнитафон олиб олишини тайинлаб, уйга жўнадим. Трамвайда кетарканман биз эшитган мунг қулоғим остида жаранглагандай бўлди. Қизиқ, мен шунча йил радиода ишлаб, овозлар ва мусиқа жамғармасини беш қўлдай била туриб, бундай увиллашни ҳеч эшитмаган эдим. Бу кимнинг ҳазили ёки ўчакишиши оқибати экан? Хаёлимдан мукофотга номзод бўлган бошқа студиядаги ҳамкасбларим бирма-бир келди. Аммо уларнинг бу даражада пасткашлик қилишларига ишонгим келмасди.

Эртасига биз яна ўша хиёбонда овоз ёзиб ўтирардик. Бу сафар овоз режиссёри иккита, ёзиш ускуналаримиз эса учта эди. Овоз режиссёри ўзи билан иккинчи магнитафонни ҳам олиб келганди. Биз яна ўша тонгги наботот, ҳашорат ва парранда овозларини — табиатнинг улуғворлигини мадҳ этаётган, борлиқ билан уйғунлашиб кетган тириклик ва яратувчилик оҳангларини ёзиб ола бошладик. Мен кўзларимни юмиб ётарканман, бирдан қушлар ва ҳашоратларнинг қувноқ овозлари остида кечаги тасмадаги увиллаш келаётгандек бўлди. Чўчиб, бошқаларга қарадим. Улар индамай ишини давом эттиришарди. Демак, кеча асабийлашганим учун қулоғимга эшитилаяпти деб ўйладим. Аммо бу сас энди менга аниқ эшитилаётган эди. Қушлар чуғури остида у бирдан қулоққа чалинмас, аммо бутун вужудингизни шу шовқинларга берсангиз, унда ана шу шодонликлар остида маҳзун увиллаш келиб турар, у бир йўқолиб, бир пайдо бўлар, гўё бахтиёрлик ва шодонлик билан баҳс бойлашиб, ютқизаётгандек эди. Мен ҳар эҳтимолга қарши чакалакзорга қарадим: у ерда биронта ит йўқмикин? Шунча меҳнатимиз яна зое кетса деган фикрдан кўз олдим бижирлаб кетди-назаримда, чакалакзор ичида қандайдир катта бир ит менга қараб, масхара қилиб, тилини чиқариб тургандек туюлди. Кўзимни юмиб очдим — итга ўхшаб ҳурпайиб турган шохга кўзим тушди-да, кулгим келди. Лекин мен ит увиллашини аниқ эшитдим. Бу итнинг увиллаши экани кундай аён-ку. У қанақа ит экан, бунчалик бағри хун бўлган?! Овоз режиссёрлари шовқинларнинг тиниқ ва аниқ ёзиб олинаётганига гувоҳ бўлиш учун қулоқларини ускуналарга тегизиб туришар, кейин мамнун бош ирғашарди. Демак, ҳеч қандай ғайритабиий нарсанинг ўзи йўқ. Менинг қулоғимга шундай эшитилаяпти, бунинг ҳаммаси кечаги можаронинг таъсири. Биз энди бу марта ишимиз юришишга заррача шубҳа қилмасдик. Шунинг учун мен саҳналарга қўйилган шовқинларни эртага эшитамиз деб, хиёбондан чиқишда хайрлашиб, уйга кетдим.

Кечқурун ёрдамчим телефон қилди. У жудаям ҳаяжонда эди.
— Айтсам, ишонмайсиз. Барча тасмалар яна ўша увиллашни ёзиб олибди. — У, афтидан, йиғламоқдан бери ҳолатда, у телефон қилаётган хонада овоз режиссёрлари бўлса керак, асабий овозлар келарди. — Келмасангиз бўлмайди.

Мен тезда кийиниб жўнадим. Овоз ёзиш студиясида энди бошқа режиссёрлар ҳам йиғилган, муҳаррир ҳам шу ерда эди.
— Сира ақлим етмаяпти. Бу қаердан келди? Ахир биз бошқа шовқинни ёзиб олгандик? — Овоз режиссёри асабий гапирарди.
— Балки бошқа каналга ёзгандирсизлар? — кимдир, менимча, муҳандислардан бири сўради.
— Ҳамма канални текширдик. Шу увиллашдан бошқа овоз йўқ.

Ростданам тасмалардан яна ўша-мунгли ва маҳзун нола — энг қизиғи, хиёбонда менга шундай туюлаяпти деган увиллаш келарди. Мен энди тонг қотдим. Ва гап тасмада ҳам, ёзиш ускунасида ҳам эмаслигини сезиб турардим. Хиёбонда менинг кўзимга кўринган ит аслида бўлган ва у ўша дарахтлар орасида туриб увиллаяпти, биз гарчи қанча уринмайлик, фақат унинг овозини ёзиб оляпмиз. Бу ерда қандай сир бор? У қандай ит бўлди? Унинг увиллашида бизни нимадандир огоҳ қилмоқчи бўлаётгандек, сирли нола бор эди. Ускуналаримиз гарчи қушлар овозини ёзаётгандек туюлса-да, аслида қулоққа элас-элас чалинадиган ўша сирли увиллашни ёзиб оляпти. Нега? У қандай нола бўлдики, ўзига замонавий ускуналарни ҳам бўйсундириб, бизни масту-музтар қилган саодатманд оҳанглар ўрнига асрий ғам-андуҳ акс этган итнинг увиллашини тақдим этаяпти? У қандай ит? У қандай увиллаш, нола?

Муҳаррирнинг фиғони фалакка чиқди. У бир пайтлардаги келишмовчилигимизни эслади, чоғи, мени атайлаб шундай қиляпти деб ўйлади. Менга бақрайиб тикилганча кўрсаткич бармоғини бигиз қилиб кўрсатди:
— Сиз… сиз бу ишингиз билан жавоб берасиз. Бу билан нима демоқчисиз? Бу масхарабозликнинг тагида нима ётибди ўзи?! Ҳали тингловчига ит увиллашини қўйиб берасизми? Ит нега увиллаяпти? А?
— Мен ҳам шуни билмоқчиман, — дедим фавқулодда ўзимни босиқ тутиб. — Бу ўзи нима? Табиат бу увиллаш орқали бизга нима демоқчи? Менинг ҳам ақлим етмаяпти. Лекин бу жудаям ғаройиб нола. Буни атайлаб яратиб бўлмайди. Бу тайёр куйнинг ўзи.
Муҳаррир менга нимадир демоқчи бўлиб, яна кўрсаткич бармоғини бигиз қилди. Унинг мусиқадан умуман саводи йўқлигини эслаб, гапларим беҳуда кетганини сездим. У аксар ҳолларда эшиттириш матнини бериб, кейин режиссёрларга «Ўқилгач, бир тинғин-тинғир қўйиб юборинглар» дерди. Режиссёрлар «Аслида эшиттиришда ана шу тинғир-тинғирдан бошқа нарса ҳам йўқ, тингловчи фақат ўша тинғир-тинғирни эшитади», деб изидан майна қилишарди. У режиссёрларнинг ўзига муносабатини билар, лекин улар билан гап талашиб, обрўсини кеткизмасди. Ҳозир ҳам ҳушёр ақли бирдан ишлаб кетди. Заҳрини ичига ютди.
— Беш дақиқадан кейин бош муҳаррирнинг олдида учрашамиз.

У эшикни зарб билан ёпиб чиқиб кетди. Мен овоз режиссёрига қарадим. У елка қисди. Биз яна бир марта ёзиб келган тасмаларни эшитиб кўрдик. Барча тасмаларни ўша увиллаш босиб кетганди. Ёрдамчимга бу оҳангларни аудио тасмага кўчириб, ўзимга беришини тайинлаб, бош муҳаррирнинг олдига йўл олдим.

Эртасига бизни асарга безак беришдан четлатишди. Итнинг увиллашини ёзиб келганимиз учун бошимизга ит кунини солишмоқчи эди, аммо танлов яқин қолгани сабабли истисно қилишди: бошқа гуруҳ песага шовқинлар ишловини берадиган бўлди. Бизга ҳам айнан шу керак эди. Энди ғирт бекорчи эдим. Ёрдамчим ёзиб берган тасмадаги итнинг увиллашини яна бир неча кун эшитиб юрдим. Эшитганим сайин бу ит нега увиллаяпти, у кимни чорлаяпти, кимга нола қилаяпти деган ўй бутун фикру хаёлимни эгаллаб олди. Энди фақат нола қилаётган ит ҳақида ўйлар ва эрта-ю-кеч қулоғим тагида фақат ўша итнинг фиғони жарангларди. У қандай ит? Эгаси бормикин? Нега у бунчалик нола чекаяпти? Бир неча кунлик саволларимга худди ташландиқ боғ жавоб берадигандек, ўша итга ўхшаб ҳурпайиб олган шохлар орасида мени жавоб кутиб тургандек, хиёбонга йўл олдим. Қуёш энди шаҳарнинг тоққа туташ қисмидан бош кўтариб келарди. Боғ қушлар ва паррандалар, умуман, тирикликнинг гўзал қўшиғига тўлганди. Мен яна ўша овоз ёзган жойга бориб ўтирдим. Майса ҳиди келарди боғдан. Шудринг ҳовурида димоққа урилиб, кейин қушлар чуғурига қўшилиб кетарди. Бу ерда ҳамма нарса бахтиёрлик, яшнаш ва уйғонишдан дарак берарди. Ғайритабиий нарсанинг ўзи, айниқса, бу атрофда итдан дарак йўқ эди. Унда увиллаш қаердан келаяпти? Қандай қилиб тасмаларга жойлашиб олди? Мен дарахтлар орасини, орқадаги, дала билан туташ, шаббалаб кетганидан чакалакзорга айланган дафназор ва тутзорни бирма-бирма кўздан кечирдим. Боғда шохлар орасини титиб юрганимни кўрган танишларим эсдан оғибди деб ўйлашлари мумкин эди. Қаердаки хилват ва ит бекиниб олиши, қаердаки ётиши, пусиши ёки уя қилиши мумкин бўлса, ҳамма жойни излаб чиқдим. Ҳеч қанақа ит йўқ эди. Унда увиллаш қаердан келаяпти? Ҳолдан тойиб, синиб ётган дарахтга ўтирдим. Худди телбалардай хиёбонни ахтарганим ўзимга нашъа қиларди. Шу билан бирга мен ўша сирли увиллашнинг тагига етишни истардим. Тин олмоқчидай кўзларимни юмдим. Атрофимни қуршаган хушанишин чуғурлардан куч олиш учун бирпас уларнинг сеҳрига берилдим, кейин ҳар қандай товушлардан ўзимни узиб, яна ўша увиллашни эшитиш учун элас-элас келаётган шовурларга қулоқ солдим. Шу ҳолатда узоқ ўтирдим. Хаёлим орқали боғнинг мен ҳали етиб бормаган ичкарисига кириб кетдим. У ерларда анвойи гуллар гуркирар, ҳамма нарса ўз ҳолича ва ўз эркича ўсиб ётарди. Дарахтлар чиркинликни инкор этиб, янги барглар чиқарар, кейин тўкилган гуллар ўрнига янги ғунчалар очилар, минглаб ранглар боққа зеб бериш учун шайланиб турарди. Бу ерда гўзаллик билан хунуклик, завол билан яшариш, тубанлик билан юксаклик ўртасида кураш кетарди. Бир маҳал кўзим илиндими, ё менга шундай туюлдими, бирдан тасмаларда эшитган нола олдин секин, кейин баралла эшитила бошлади. Салдан кейин мен увиллашни аниқ эшитдим. Увиллаш бир олисдан, бир ёнимдан эшитилар, кўзимни очиб қарагим, увиллаётган итни кўзим билан кўргим келар, аммо бирдан ит ҳам, нола ҳам йўқолиб қолса-чи деган хавотирда кўзларимни очгим келмасди. Увиллашда мунис андуҳ бор эди. Ундан дард, мусибат, изтироб, ғам-уқубат тараларди. Бу дардга ва бу ғамга чидаб бўлмасди. Уни эшитган сайин шунчалик дард кўпаяр, мусибат улуғлашар, ғам юракни тўлдирар, йиғлагим келарди, аммо увиллашдан таралаётган хўрлик олдида йиғи нима бўлибди деб ўзимни овутардим. Одам қандай чидайди бу нолага деб ўкириб юборгинг келарди. У ўзининг андуҳи билан сеҳрлар, андуҳи билан мафтун қилар, мусибати билан жодулаб қўярди. Бу увиллашни эшитган одам бошқа оҳангни қайта эшита олармикин? Бу нола, бу маҳзунлик бошқа барча оҳангларни фош қилиб, сохталаштириб қўярди. Нега мен шу пайтгача бу андуҳни эшитмаганман, нега шу пайтгача бу мусибатдан узоқ бўлганман? Нега бу нола ўзларини хушанишин оҳанглар тагига яширди экан? Нега увиллаётган ит одамлардан ўзини пинҳон тутяпти экан? Увиллашдаги андуҳ таъсирида кўзларимдан юм-юм ёш оқаётганини билардим. Йиғлаган сайин енгил тортар, янаям ўкириб йиғлагим келарди. Йиғига ғарқ қилувчи бу нола қайдан келаяпти, қайга кетаяпти? Нега у мени мунгга ва мусибатга ошно этаяпти?

Эртасига ҳам, кейинги кунлар ҳам мен боғнинг бир четида ўтириб, кўзларимни юмганча кунимни шу ҳолатда, мусибат ва андуҳдан титраб ўтказдим. Мен увиллаётган итни кўргим, унинг ғамига шерик бўлгим, мусибат эзган бошини силагим келарди. Энди бир умр бу ноладан ҳам, итдан ҳам айрилолмайдигандай эдим. Кўзларимни очганимда увиллаш йўқолар, юмиб олишим билан қулоғим тагида пайдо бўлар, мени ўз оҳангига олиб кириб кетарди. Увиллашда хўрлик ва ҳақорат тўла эди. Маҳкумлик ва мутелик, ожизлик ва зулм қоришиқ эди. Бу хўрлик билан одам яшаши мумкин эмасди. Мен кўзларимни очиб, «Қаердасан, нега мени бунчалик эзасан, кел, сени кўрай, мақсадинг нима?!» деб пичирлардим. Пичирлашим қулоғим тагида худди ҳайқириқдай садо берарди. Ўшандай лаҳзаларда мен бир нарсани билиб қолдим: кўзимни юмишим билан менинг ичимдан нимадир ташқарига сакраб чиқиб кетар, менга ўша сакраб чиқиб кетган нарса итдай бўлиб туюлар, аммо менинг ичимда ит нима қилади дея бу шубҳани инкор қилардим. Аста-секин боққа келишим билан ичимдан сакраб чиқиб кетган шарпанинг итга ўхшашлигига ишона бошладим. Ичимдан чиқиб кетаркан, кўкрагим ит панжалари билан тирналгандек оғриқни ҳис қилардим. Бир куни кўзимни юмганча, итнинг ноласи бошланишини кутиб турарканман, увиллаш шундай ёнгинамдан келаётгандай туюлди. Беихтиёр, ўзим кутмаган шиддат билан кўзимни очдим. Сезгиларим алдамаган эди. Ёнимда қопқора ит турарди. Унинг жуссаси мен ўйлагандан кўра катта эди. Аммо кўринишининг ўзиданоқ бу итни ғам адо қилган деган фикр келарди. Унинг кўзларида мунг ва ҳасрат қотиб қолган, ўзи афтода, озғин, қовурғалари кўриниб ётар, оёқда зўрға тургандай туюлганди менга. Гўё бир неча кун эмас, бир ойдан бери туз тотмаганга ўхшарди. Ўрнимдан қимирлашга қўрқиб, уни кузатиб турардим. Ит ҳар доимгидай боққа одамлар кириб келгунча, шовқин бошлангунча увиллади, кейин секин чакалакзор орасига кириб кетди. Мен унинг изидан югурдим. У чакалакзордан чиқиб, деворнинг тирқишидан ўтди-да,шаҳарга қараб кетди. Девор ошиб тушганимда, у аллақачон одамлар ичига кириб, ғойиб бўлганди. Мен енгил тортдим. Тирикчилик шовқини-ю ҳамиша думни ликиллатишга ва кетни қимиллатишга ундайдиган куй ҳамда шунга мос оломон билан тўлаётган боғда итни кўрганимдан ва уни топганимдан хурсанд эдим. Эртасига ит мендан ўзини олиб қочмади. У энди мени ҳар куни шу ерда кўриб кўникиб қолгандек эди. Ёнимга келиб, орқа оёқларига ўтирарди-да, осмон-у фалакка қараганча яна ўша ноласини бошларди. У нега айнан шу ерга келиб увиллаяпти, сира ақлим етмасди. Аммо у ҳар доим бир пайтда бир жойга келиб увларди. Итнинг менга қараб туришининг ўзидаёқ мунг ва ҳасрат бор эди. Эҳтимол, у ўзининг қанчалар афтода эканини билмас ҳам? Эҳтимол, ана шу ғариблиги билан боққа келиб, эрта-ю кеч ўйиндан бошқасини билмайдиган такасалтанглар-у олифталарга нимадир ишора қилмоқчидир? Билмадим, аммо бир қарашдаёқ унинг нақадар ожиз ва мушфиқ эканини билиб олса бўларди. У ўзига ҳеч четдан қараб кўрганмикин? Ўзини бир марта бўлсин кузатганмикин? Бунча ғариб ва фақир бўлмаса вужуд дегани? Унга қараб бу афтода танани эзғилагинг, эзғилаган сайин таҳқирлагинг, таҳқирлаган сайин унинг оёқлари остида ўзинг таҳқирлангинг келарди. Унинг қўтир босган вужудида қандайдир сеҳрли бир куч бордай эди. Биз тезда бир-биримизга ўрганиб қолдик. Энди мен ҳам ит билан бирга девор туйнугидан эмаклаб, кўчага чиқар, кейин унинг изидан санқиб юрардим. Биргаликда шаҳарнинг шунча йиллардан бери бирон марта кўрмаган ғарибгина кулбалар, тўкилай деб турган масжиду мадрасалар жойлашган эски тор кўчаларини, қадимий қалъалару қасрлар харобалари қолган тепаликларни айланиб чиқардик. Анча кундан кейин мен итнинг ҳар куни бир хил йўналиш бўйлаб бир хил кўчаларни айланишини, фақат шаҳар четида қолган тор кўчаларнинг биридаги ўйма нақшларини йиллар ёмғири сидириб юбораёзган иккита дарвоза тагига чиқариб қўйилган егуликдан ейишини, яна ўша йўл билан изига — боққа қайтиб киришини ўрганиб чиқдим. Ит шаҳарнинг гуллаб-яшнаб ётган қисмига деярли бурилмас, бошқа бирон жойдан егулик ахтариб умидвор ҳам бўлмас, йўлидаги дайди мушуклар ва санғи лайчалар ўралашиб юрган ошхона-ю базмхоналар олдидан индамай, бошини эгиб ўтиб кетарди. Суяк талашаётган лайчаларга бир кўз ташларди-да, йўлидан давом этарди. Агар ўша эски дарвоза олдида егулик бўлмаса, индамай изига қайтар, кун бўйи оч юрса ҳам, ўзини хўрак талашиб ириллашаётган лайчалар ичига урмасди. Шунинг учун унга егулик олиб кела бошладим. У мен кутгандай егулик деб думини ликиллатиб, суйкалмас, минг бир мулозамат билан берган пишлоқ ёки бўтқани олдин роса ҳидлаб, кейин бир бўлак ер, қолганига эътибор ҳам бермасди. Менга у касалдай туюлди. Эҳтимол, шунинг учун у мана шу овлоққа маскан қургандир, эҳтимол танасидаги оғриқни енгиш учун нола қилар?! Ахир соғ ит хўракдан ўзини тиёлмайди-ку. Шундай бўлса-да, уни ўзимга ўргатиш учун егулик олиб келар, увиллаш маросими тугагач, биз биргаликда шаҳар айланардик. У менинг тасаввуримдаги итга ўхшамасди—камсуқум, ғариб, ва устига устак ўта қўрқоқ эди. Худи фил олдини тўсган қоплонлардек, дайди лайчалар олдини ҳуриб тўсса, улар билан талашиб ўтирмасди — улар нимани талаб қилса, ўша ёққа индамай бурилиб, бепарво кетаверарди. Унинг бирон марта тишини кўрсатиб, ириллаганини, феълини кўрсатиб, бировга ёт қараш қилганини кўрмадим. Ундаги камсуқумлик ва озурдалик менга ҳам аста-секин юқа бошлади. Бир куни уни уйимга олиб кетдим. У мен билан кетишни истамади. Аммо унга қараб, ўзимнинг бор муҳаббатимни изҳор қилиб, нималардир дедим. Аслида ҳам итга меҳрим тушиб қолганди. Уни энди ўзимдан айро тасаввур қилолмасдим. Сал кўрмасам соғинар ва унга мафтун бўлиб қолгандим. У ҳис-ҳаяжонга тўлган гапимни тушунгандай бир пас мулоҳаза қилиб, кўзларимга тикилиб турди, кейин изимдан индамай эргашди. Ўша кеча биз, тўғрироғи мен унга ўзим ҳақимда ҳикоя қилиб бердим. Хаёлчан болалигим, изтиробда ўтган ўсмирлик, балоғатнинг алдов ва хиёнатлари, тирикчиликнинг мазахомуз қуллиги, дўстликнинг жуда осон сотилгани, ҳаётнинг аёвсиз синовлари ва табиийки, эришилмаган муҳаббат ҳам бу ҳикоядан четда қолмади. У менинг гапимни оёқлари устига тумшуғини қўйиб эшитиб ётарди. Кўп марта дўстлар билан бўлгандек ва кейин нега шуларга дардимни ёздим деб ўзимдан нафратланиб юрган пайтимдагидек, ҳикоя давомида у ухлаб қолмади. Аксинча, ақалли бирон марта ҳам мендан кўзини узмади, юммади ҳам. Унга гапларим ва ўтмишим таъсир қилди. Орада бир-икки менга ҳамдарддек ҳуриб қўйди. Сўққабошлигим иккаламизга ҳам қўл келди. Ит меникида қолди. Биз энди худди туғишгандай ёки ошиқ-маъшуқдай бир-биримизсиз туролмайдиган ҳолатга етгандик. Иккаламиз жимгина шаҳар кўчаларини кезардик. Иккаламиз ҳам тилсиз, забонсиз бир-биримизни тушунардик. Ишдан чиқиб, кечгача кўчаларни айланар, юзлари ўзини фош қилиб қўяётган бахтиёрликдан синиққан ва ташвишлардан гезарган издиҳом ичида бир-биримиздан кўзимизни узмай, одамларнинг бизга ажабланиб қарашларига парво ҳам қилмай, ёнма-ён кетганча тилсиз-товушсиз сўзлашиб кетардик.
Бир куни мен бошқа томонимга ағдарилиб ётиш учун ўгириларканман, тўшагимнинг ярмида ётган жунли танага қўлим тегди. Чўчиб уйғониб кетдим. Қаддимни кўтариб қараганимда ёнимда, ёстиғимнинг ярмига тумшуғини қўйганча ухлаб ётган итни кўрдим. Шундагина ит энди менга тўла ишонганинини ва ит ҳақида нимани ўйласам, ит ҳам мен ҳақимда шуни ўйлашини сездим. Беихтиёр қўлларим билан унинг жунларини силадим. Кафтларим энди дағаллашиб қурий бошлаган, сабаби менга номаъулум бўлган ит кунларидан дарак бериб турган яраларга тегди. Этим жимирлашди. Назаримда бу яралар ўзимнинг танамда ва ўз танамни силаётгандай туюлди. Бу туйғу кейинчалик ҳам тарк этмади. Ҳар кеча унинг яраларини силарканман, худди ўз баданимни силаётгандай бўлар, кимдир ҳаётнинг адолатсиз сўқмоқларида орттирган жароҳатларимни силаб менга ором бераётгандай эди. Бу итга ҳам хуш келди, чоғи, у мен билан бир тўшакда ётишга ўрганди. Унга ҳар кеча итга ошно бўлмаган ва ит бўлмаган пайтларимнинг азоб-уқубатлари, чеккан андуҳларим, ҳасратларим ҳақида ҳикоя қилиб берардим. У энг оғриқли кечинмаларимни гапираётганимда ғингшиб қўяр, хотирам билан бирга унинг ҳам жони азобланаётганини сезиб қолар, кўзларидан оқаётган ёшлар ёстиғимни ҳўл қилар, баъзан эса мен у билан боғга бориб, унга қўшилиб увиллар ва увлаган сайин вужудимдан оғриқ ва уқубатлар ариб, руҳим янаям енгиллашиб бораётганини сезар ва беихтиёр кўнглимда нега мен бу лаззатдан шунча йиллар бебаҳра юрдим экан деган надомат пайдо бўларди. Мен шу увлаш орқали ўзимни ва атрофимни кашф қилаётгандай эдим. Ит кўпинча мени ишгача кузатиб борар, кейин қаёққадир, менимча, ўша овлоқ боққа кетар, ишдан чиқар пайтим кўча юзида кутиб турарди. Танишларим менинг ит асраётганимни кўриб ажабланишарди. Атиги бир неча ой олдин итни кўрса ижирғанадиган мендай келажаги порлоқ, ҳарқалай, бир силтов кам таниқли бўлиб қолган йигитнинг қандайдир кўринишиёқ одамда ёқимсиз ҳис ва ирганиш уйғотадиган касалманд ва қўтир ит билан яшашини тасаввур қилишолмасди. Буни менга ошкора айтганлар ҳам бўлди. Аммо менинг парвойимга ҳам келмади. Мен уларга сиз агар унинг увиллашини бир эшитсангиз эди, дегим келар, лекин бу гапимдан уялардим. Ахир итнинг увиллаши ҳам одамни сеҳрлаб қўйиши ёки одам ит ноласига ҳам ошуфта бўлиши мумкинми? Бу улар учун ғирт бемаънилик бўлиб туюларди. Шунинг учун уларга жавобан индамай қўяқолардим. Менга уларнинг кулишидан кўра мана шу касалманд итнинг меҳрини қозониш афзалдай туюларди.

Бир куни тушликдан қайтишда даҳлизда менинг хонам олдида йиғилиб турган ҳамкасбларимни кўрдим — у ерда худди тўполон бўлаётгандек эди. Қадамимни тезлатдим. Мени кўриб ёрдамчим қаршимга югурди. Унинг ранглари оқариб кетган, анчадан бери мени излаб юрган экан.
— Сизни бош муҳаррир хонангизда кутаяпти — , деди хавотир ва ҳамдардлик билан.
— Нима гап? Мукофотни бўлишаяптими, — дедим хонам олдида бутун бошли жамоа йиғилиб олганига ишора қилиб.
— Йўқ. Кимдир сизнинг хонангизда ит ётганини кўрибди, — деди. — Бошқалар ҳам итни кўрган экан. Ҳаммаси гувоҳлик беришга йиғилишган.

Унинг гапи менинг кулгимни қистатди. Ҳамкасбларим ақлдан озганга ўхшайди деб ўйладим. Хонамга шошиб кирарканман, у ерда бош муҳаррирдан ташқари муҳаррир, яна хўжалик бўлимидан ҳам икки киши борлигини кўрдим. Улар ниманидир шивирлашиб гаплашишарди. Бош муҳаррир қўлидаги рўмолча билан бурнини ушлаб турарди. Мени кўришлари билан жим бўлишди. Нима гап дегандай бош муҳаррирга ва муҳаррирга қарадим.
— Сиз ишхонага ит олиб келиш мумкин эмаслигини биласизми, — деди бош муҳаррир ўсмоқчилаб, худди мени айб устида қўлга туширгандай.
— Биламан, — дедим. — Бу ерга ит олиб келганим йўқ.
— Бекор гап, — деди хўжалик бўлимидаги калта киши. — Фаррошлар бир ойдан бери сизнинг хонангиздан ит ҳиди келаётганини айтишаяпти. Қолаверса… — у бош муҳаррирга айтаверайми дегандай қаради. Бош муҳаррир бош ирғагач, гапида давом этди.— … бу хонадан ҳар куни ит тезаги чиқаяпти.
— Бўлиши мумкин эмас, — дедим мен. — Мен ҳеч қачон бу ерга ит олиб кирмадим. Бу туҳмат.

Муҳаррир бош муҳаррирнинг қулоғига бир нима деб шивирлади.
— Уйингизда ит асраётганингиз ростми? — деди бош муҳаррир салдан кейин.
— Рост, асраяпман…— дедим муҳаррирнинг яқинда уйимга борганда итни кўриб, остонамдан ҳам кирмай қайтиб кетганини эслаб, бор можарони шу олифта уюштирдимикан деган шубҳада.
— Унда сиз бизга туҳмат қилаяпсиз, — деди бош муҳаррир.— Хуллас, гап шу. Сиз ё итни, ё ишни танлайсиз. Шу бугун ҳал қилинг. Шусиз ҳам ходимлар ишхонани ит ҳиди босиб кетгани ҳақида гап-сўз қилиб юришибди. Мен бу гап юқоридагиларнинг қулоғига етиб боришини истамайман.

У гап тамом дегандай ўрнидан турди. У ҳамон қўлидаги рўмолча билан бурнини ушлаб турар, хонадаги ҳиддан ўзига келолмаётганди. Муҳаррирнинг ҳам бурни жийрилиб турарди. Фақат мен бу ерда ҳеч қандай ғайритабиий ҳид сезмасдим.
— Хонангизни ит ҳиди босиб кетибди. Шамоллатиш керак, — деди хўжалик бўлимидаги калта киши. Унга қараб заҳарханда қилиб кулдим. Бошлиқ биронтани тепса, булар бориб янчиб ўтадиганлар тоифасидан эди.
— Менга қаранг, бу тасмадаги ит увиллаши билан сизнинг ит асрашингиз-у мана бу ҳид ўртасида боғлиқлик йўқми? — сўради муҳаррир катта бир сирни очгандай. — Сиз бизни ит увиллаши билан мазах қилганингиз етмагандай энди итни хонангизга ҳам киритиб олиб, ишхонани итхонага айлантираяпсизми?

Мен индамадим. Уларга гапириш бефойдалигини билардим. Йўлакда мажоранинг қандай якун топишини кузатиб турган томошаталаб ҳамкасбларимнинг юзида ҳам муҳаррирнинг гапини тасдиқлашаётгани билиниб турарди. Эртасига мен кимни танлаганимни айтиб, итим билан боққа йўл олдик.

У ерга бориб, итим увиллар, кўзларимни юмиб, мен ҳам увиллар, увиллаш билан танамни боғда қолдирганча, увиллашдаги мусибатга қўшилиб, олис-олисларга, ўзим ҳам англамаган, гўё ҳамма нарсанинг ибтидоси бўлиб туюлаётган олисларга кетиб қолардим. Нола мени энди ҳали яхлит бўлган руҳнинг жилваларга қараб бошлаб кетарди. Ҳали ҳеч нарсага исм ҳам, ном ҳам берилмаган ўша ерда мен итим билан яна юзма-юз келардик ва шундагина биз битта вужуд эканимизни сезиб қолардим. Энди боққа келган пайтларим ичимдан чиққан ва қайтиб кирган нарса итлигига сира шубҳа қилмасдим. Ўша дақиқаларда бўлакларга бўлиниб, бир қисмим итга айланиб кетганини билардим. Увиллаш мени бўлаклаб, боғнинг турли бурчакларига сочиб ташлар, кейин яна ит қиёфасига киритиб, секин бир жойга йиғар ва яна сочиб юборарди. Шунда бутун ҳаётим ана шу сочилиш ва йиғилиш орасидаги бир лаҳза эканини ҳис қилардим. Ит мени сочиб юборар экан, мен машаққатлар билан турли томонга адашиб — улоқиб кетган ўзимни йиғиб келардим, у эса худди мен билан ўйнашаётгандай яна сочиб юборарди. Тарқоқ ва таравақайлаган ҳолатда вужудимни тариқдай сочиб юбораётган кучни кўрмоқчидек, итга қараб «Кимсан, мендан нима истайсан, сен ит, нега ичимга кириб олдинг?!» деб шивирлардим… Эҳтимол, у ҳам менга шундай деб тикилаётган ва сўраётгандир? Биз юзма-юз турганча бир-биримизнинг кимлигимизни аниқлашга уринардик. У менга қанча боғланиб қолса, мен ҳам унга шунча боғланиб борардим. Биз энди бир-бирига тикилиб турган бир вужуддай эдик. Бир вужуд бўла туриб айро-айро эдик. Менга ундан таралаётган айрилиқ азоб берарди. Биз қачон бирга бўлсак, айрилиқ мусибати босилар, салгина айрилсак, вужудимни андуҳ тўлдирарди. Мен итга айланишни, унинг ёнида бўлишни, унинг қўтир босган танасини узун, ўзиникидай, худди муҳаббат яловидай осилиб турадиган тилим билан ялашни, унинг ҳам ғафлат яраси босган танамни ялаб ҳаловат бағишлашини истардим. Унинг ёнида хаёл лаззатига ғарқ бўлиб, шу лаззатга чўкиб кетишни орзу қилиб ўтирардим…

«Бош муҳаррирга,
Режиссёр ёрдамчиси …дан
Билдирги

Эълон қилинган танлов бўйича бизнинг «Баҳовиддиннинг ити» радиопесамиз «Энг яхши адабий режиссёр» мукофотига сазовор бўлгани сабабли менга режиссёрни зудлик билан топишни тайинлаганингиз учун уни қаердан бўлса ҳам излаб топишга қарор қилдим. Дастлаб уйига бордим. Уйни ҳеч ким очмади. Қўшниларининг хабар беришича, у бир неча ҳафтадан бери уйга келмаётган экан. Шунинг учун нима қилишни билмай қолдим. Шунда ёдимга унинг ишдан ҳайдалгач, кунини биз уч ой муққадам овоз ёзган овлоқ боққа бориб ўтказаётганини айтгани эсимга тушди. Зудлик билан ўша ёққа йўл олдим. Қайта таъмирлаш мақсадида анчадан бери боғ ишламаётган экан. Шундай бўлса-да, сизнинг топшириғингизни бажариш учун қаровсиз боққа кириб, режиссёрни излашга қоровулдан рухсат олдим. Аммо боғда ҳеч ким йўқ эди. Мен бирон овлоқроқ жойда ўтиргандир деб боғнинг хилват жойларини ахтара бошладим. Бир соатлар чамаси изласам ҳам одам зотига дуч келмадим. Ҳафсалам пир бўлиб, энди қайтмоқчи бўлганимда девор туйнугидан кириб келган, бир-бирини қувлаб юрган иккита итга кўзим тушди. Улар гоҳ мендан узоқлашиб боғ бўйлаб югуришар, гоҳ бир-бирини эркалаб тишлаганча, ёнимдан қувлашиб ўтар, худди икки ошиққа ўхшар, бир-бирларининг қўтирларини тиллари билан ялашар, бир-бирининг яраларига кўзларини суртишар, шу даражада бахтиёр эдики, менинг ёнларида турганимни ҳам, изидан анча ергача эргашиб борганимни ҳам сезишмади: улар бутун дунёни унутишгандек, улар учун фақат иккаласидан бошқа ҳеч нарсанинг, боғнинг ҳам, одамларнинг ҳам, улкан ва шовқинли шаҳарнинг ҳам аҳамияти йўқдек эди. Уларнинг бир-бирига муҳаббатига қараб менинг ҳам ҳавасим келди. Беихтиёр тасмаларга ёзилган увиллаш ёдимга тушди. Балки шулардан бирининг ноласи бизнинг тасмага тушиб, бизни роса овора қилгандир деб ўйладим. Энг қизиғи ва сизга бу нарсаларни батафсил ёзаётганимнинг сабаб шуки, итлардан бирининг бўйнида мен режиссёрнинг бўйнида кўп марта кўрганим — чарм тумор осилиб турарди. Боғда бошқа ҳеч
кимни учратмадим… Режиссёрни топишнинг иложи бўлмади.»

 

ҚУЛТОЙ

…Кетсин мендан оҳу войим,
Обод бўлсин мазгил жойим,
Дуо қилган, қиблагойим,
Отам Қултой, хуш қол энди…

«Алпомиш» достонидан Алпомиш сўзи

Юзи аралаш тушган қамчидан сўнг орқасидан тепки еди — кўпкариларда ўзларига йўл очиш учун олдини тўсган отларнинг биқинига тепиб ўрганган қайнилар бу барзанги ва на хотинни, на рўзғорни биладиган, умри молнинг изидан таёқ судраб, қир-у адирларда ўтаётган ва шунга яраша куч-қувватга тўлиб турган одамни бошқа жойига тепиб йиқитиб бўлмаслигини, хотинидан бошқа ҳеч кимга айтмаган сирини — айнан шу чап оёғини қирнинг устида бўри ғажиб, қувватсиз бўлиб қолганини билишгандай мўлжалдан адашмай нақ тиззасига, бўрининг тишлари қолган ва беш йилдан бери намгарчилик пайтлари зирқираб, азоб берадиган чандиқ устига орқа тарафдан кетма-кет зарба беришди — Улжоннинг кўзидан ўт чақнаб кетди. У оёғим синди деб ўйлади ва шунинг учун энди нима қилиб бўлса ҳам моматалоқ бўлиб кетмасин деб, бир пайтлар Ражаб чўпон билан Толли яйловида муз ёғаётган дўл остида қолиб, устига эшакнинг жабдуғини ёпиниб қутулиб қолишгандай, дўлдай ёғилаётган қамчилардан ҳимояланиш учун юзини қўллари билан тўсганча ҳар қандай ҳўкизни орқа оёғидан бир тортиб, қассобларга боғлаб берадиган чайир панжаларига агар биронтасининг ақалли балоғи илашиб қолса ҳам худди қутурган шердай тагига тортиб, тилка-пора қиладигандек, қайниларининг яқин келишини пешонасидан сизаётган қондан ачишиб турган кўзларини қисиб олганча пойлаб ётар, қайнилар ҳам ичидагини билиб туришгандай оёқларини унинг қўллари етмайдиган масофада сақлаб, худди пахта савалашаётгандай бири қўйиб, бири қамчилар, Улжон энди тақдирга тан берган кўйи, кўз олдига негадир ҳали қулоғи кесилмаган кучуги келган, кейин булар мени ўлдириб қўйса, изимдан йиғлаб қоладиганим ҳам йўқ, анови эси кирди-чиқди маймоққа эса мен ўламанми, қоламанми, фарқи йўқ, у мендан кейин ҳам этагига тезак йиғиб, ўтган-кетганга ишшайиб юраверади деган жосусона фикр лип этиб ўтганди-ю томоғига аламли хўрсиниқ тиқилиб, ҳатто қаршилик қилиш ҳақида ўйлашга ҳам қурби келмай, бўшашганча, ўзи неча марта кўзига қараб туриб, бўғизлаб ташлаган новвосларнинг жонҳолатда пишқиргани каби ҳансираб ётаркан, бирдан аёлнинг чинқириғини эшитди-қайдандир маймоқланиб Арзихол пайдо бўлганди; у қайниларнинг атайлаб учига қотирилган тери ўрнатилган қамчилари моматалоқ қилаётган Улжоннинг бошига ўзини ташлади: энди қамчилар аёлнинг елкаси аралаш визиллар, Арзихол бор овози билан қишлоқдошларини ёрдамга чақирганча, худди ёш гўдагини бағрига олиб, бостириб келаётган бало-қазолардан асраётгандай Улжоннинг бошини товон-у бармоқлари бирлашиб кетган майиб оёқлар билан туғилгани ва айни шу нуқсони учун соғлом ва нуқсонсиз одамлар дунёсида бир умрга бўйнини қисиб, бошини эгиб юришга маҳкум этилгани бери бошидан аримаган ҳақорат ва хўрликдан йилма-йил кичрайиб бораётган миттигина жуссаси билан тўсиб олганди. Улжон нақ бурнига тегиб турган аёлнинг кўкрагидан ачимсиқ тер ва ўзига жуда таниш бўлган кўкрак ҳидини тўйди: бир зум у бу ҳид қаердан келаётганини ва бу ҳид димоғида қачон ва қандай ўрнашиб қолганини англолмай, ўзини калтаклашаётганини ҳам унутиб, беихтиёр худди эмаётгандек тамшанди. Тамшанди-ю, кейинчалик шу ҳолатини эслаб жаҳли чиқди, сал бўлмаса, иккита сигирнинг оёғини гаврони билан уриб синдираёзди. Икки-уч ойдан кейин хотини уйга қайтиб, боласини эмизиб турганини кўрди-да, яна ўша ҳид эсига тушди. Бу ҳид жуда таниш, шу билан бирга нотаниш эди. Қисир сигирдан фарқи йўқ, бир маймоқ тўқолнинг кўкрак ҳиди ўзига таниш бўлиши ғазабини келтирди ва отасидан ўрганган одатини қилди: подага қўшиш учун сигирни етаклаб чиққан Арзихолниннг елкасига алам билан гаврон туширди. Бу марта аёлни аяди, гавроннинг учигина тегди. Арзихол унинг қўрс ва қўпол муомаласига ўрганиб кетганди. Елкасига гаврон тушганда майишиб кетар, оғриқни билдирмай унга ожиз ва ялинчоқ тарзда тикилганча маймоқ оёқларини судраб, нари кетарди. Шундай пайтлари Улжон Ражаб чўпондан ўрганган сўзлар билан «Энағар, маймоқ!» деб сўкинарди. Ражаб чўпон одамови ва қаҳри қаттиқ одам эди. Унга мол билан одамнинг фарқ йўқ, ким жаҳлини чиқарса, узун гаврони билан тушириб қолар, шунинг учун терсоталиклар уни кўпам давраларга қўшавермас, у подаси билан яйловда қанча юрса, қишлоқ шунча тинч бўлади дейишарди. Унинг ана шу қўрс ва ўзига ёқмаган ҳар қандай масалага гаврон билан аралашиш одати, гарчи пушти камаридан тушган фарзанди бўлмаса ҳам Улжонга тўлиқ кўчиб ўтганди. Ражаб чўпон қаҳри қаттиқ бўлгани билан мижғов эмасди. Улжоннинг асранди эканини бирон марта ҳам юзига солмади, шу сабабли Улжон бу уйга асранди экани хаёлига ҳам келмасди. Бола қизи билан кўкрак талашиб катта бўла бошлагач, бировнинг фарзанди экани ҳам Ражабнинг эсидан чиқиб кетди ва у олти ёшга кириши билан ўзига қўшиб, подага олиб кетди. Шундан сўнг гоҳ Чит устидаги, гоҳ Толлидаги яйловларда ойлаб қолиб кетишар, ота-бола пода кетидан юриб, ўз изларидан худди ўз умрларининг ёрқин ва навқирон даврларини бирма-бир ёқиб, кейин ўчиришаётгандек тутаб ётган ўчоқлар билан бирга мол тезаклари қолдирганча, гавронлари билан сигир оёқлари-ю ўзларига ёқмаган одамлар елкасига жиззаки феълларининг асоратларини чизиб, ўзларининг гоҳ юввош, гоҳ зардали кайфиятлари каби ўзгарувчан фасллар-у йилларни бу тоғ яйловлари ва дашту-далаларга бирма-бир алмаштириб чиқишарди. Улжон мактабда ўқимади, унинг борлигини биров эсламади ҳам. Шунинг учун худди дашт бўриси каби жиззаки ва циркаси сув кўтармайдиган қизиққон бўлиб ўсди. Орадан йиллар ўтиб, балоғат ёшига етгандагина, ҳужжат кераклиги ёдига тушишдими, Ражаб чўпон бир қўзили қўйга эски таниши орқали туғилганлик гувоҳномасини тўғирлаб олди. Шундай қилиб, Улжоннинг асранди фарзанд экани ҳам, кенжа қизи икки ойлик бўлганда, баҳорнинг охирларида безгак тутиб ётган хотини касал ҳолида отасиникига кетиб, қўлида бир ҳафталик бола кўтариб келгани ҳам эсидан чиқиб кетди. Ўшанда у хотинининг қўлидаги эти ҳилвираб ётган чақалоқни кўриб, отасиникида икки кун қолиб кетгани учун гаврон билан савламоқчи бўлди-ю, аммо хотинининг ўзига ялиниб, илтижо билан титраб, безгак тутиб турганини кўргач индамади. Устма-уст қиз туғиб, мендан калтак еявергани учун ҳам бу болани олиб келган деб ўйлади ўзича. «Бир қариндошимиз туққан куни ўлиб қолибди, қизинг ҳали сутдан чиқмаган деб менга беришди, бу энди бизнинг боламиз, отаси» деди Роҳат. Ражаб энди туғилган қўзичоқдай бўлиб ётган чақалоққа қаради-ю, бошқа бу бола кимнинг боласи, қандай қариндоши бўлади, қайнотаси нега касал хотинини айнан шу кунлари Читга шошлинч чақирди ва хотини қандай қилиб бу болани олиб келди, қайта суриштириб ўтирмади. Ҳатто унга исм қўйиш ҳам эсдан чиқиб кетди. Орадан бир ҳафта ўтмай хотини безгакдан қалтираб иккита чақалоқни боқишга қийналаётганини айтди ва отасининг уйида ўтириб қолган маймоқ синглисини олиб келишини сўради. Ражаб чўпон индамади. Хотини куви пишишга ҳам қурби етмай қолганини ва кундан кун худди кузги шувоқдек тўкилиб бораётганини биларди—Арзихолни қайнотаси бир сўз демай, худди бу эр олмас қиздан безор бўлишгандек, битта эшак қулоғича келадиган бўғчага ўралган кийимлари билан ташлаб кетди. Ҳатто куёвнинг кўзларига қарамади ҳам. Ражабнинг майдакашлик одати йўқ эди. Бунга эътибор ҳам бергани йўқ. Кейинчалик бола юра бошлаганда Ражаб боланинг бўлиқ оёқларига қараб туриб, хотинига «Бу энди бизнинг ул бўлди, Улжон қўяқол» деди. Шундай қилиб, Читлик бола Ражаб чўпоннинг меросхўри бўлиб қолди ва Арзихол ҳам қайтиб отасиникига кетмади. Улжоннинг ҳам асранди экани баъзида келиб, отасининг уйи-ю молига иддао қилиб кетадиган қизлари демаса, ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Аммо қизлар Ражаб чўпоннинг Улжонга бўлган муносабатини кўриб, бу ҳақда очиқ-ошкора оғиз очишмасди. Роҳат тўшакка михланиб қолгандан кейин бутун рўзғор мўйлови сабза уриб, отасидай бағритош ва қўпол бўлиб вояга етаётган Улжоннинг турткилашлари-ю қамчиларидан қирқдан ошар-ошмай муштдай бўлиб қолган шу маймоқ аёлга, Ражаб чўпондан сўнг қишлоқнинг подаси эса Улжонга қолди.

Улжон Арзихолни бошидаёқ ёқтирмасди: у бу мажруҳ аёл нега ўзлари билан яшаётганини узоқ вақтгача тушунмади — кейин эса онасининг ўрнидан туролмай ётганда ёлғиз шу майиб холаси кунига яраётганини кўрганда, баттар ғаши келди: унга бу аёлнинг бирон ишни эплаб қилолмаслиги, иш буюрса, ҳамиша чаласи бўлиши, чироқ ёққанда, шишаси ёрилиши, идиш ювганда коса синдириши, нон ёп деса, хамир оқиб кетиб, нонсиз қолишлари, соғиб олган сутига, албатта, мол гўнги қўшилиб қолиши, умуман, аёлга хос бўлган жуда кўп фазилатлар бу Худо урганда йўқлиги унинг ғашини келтирар, устига устак бу аёлга раҳм қиладиган, унга ачинадиган одамнинг ўзи йўқ, отасидан тортиб, опаларигача Арзихолга бир кераксиз ва ортиқча буюмга қарагандай қарашар, боболари билан тоғалари ҳам Читдан қидириб келишганда Арзихол билан номига сўрашар, гўё у аллақачон ўлиб кетгандай, бу майиб аёл бир бегонадай, унинг ҳали ҳам ўша отаси билан олиб келган бўғчадаги кийимлари устига илиниб турган абгор қиёфасига эътибор ҳам беришмас, Роҳат эса касаллик ҳеч кимга кераги бўлмаган бир маймоқни эмас, айнан ўзини танлаб, ҳаёт шамларини бирма-бир ўчираётгани учун алами келгандек ётган жойида Арзихолни «Сен тўқол, мени ўзингдай бебурд қиласан, мени иснодга қўясан» деб қарғанар, кўзи тушган жойда уни гўрдан олиб, гўрга тиқар, шунда ҳам бу аёл хўрлик ва ҳақоратга лойиқдай бирон эътироз билдириш тугул, ҳамиша қўрқиб, ҳуркиб, бурчак-бурчакларга бекиниб, бировларнинг кўзига кўринмай яшар, бу эса Улжоннинг ғашини баттар келтирар, уни кўрган жойда турткилаб ўтар ва ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ деб сўкарди.

Қайниларининг қирдан ошиб келаётганини кўргандаёқ Улжон буларнинг нияти бузуқлигини билганди. Аммо том айланиб қочишга ё бекинишга ғурури йўл қўймади. Отнинг абзалини тортганча уларни пойлаб тураверди. Биринчи қамчи келиб тушганда, от ҳуркиб, қочиб қолди. Қишлоқда ҳар ким ўз иши билан банд, тўртта барзангининг қишлоқдаги ҳар қандай йигитни бир чўқишда қочирадиган Улжондай одамни уйига келиб калтаклаши хаёлларига ҳам келмасди. Аммо қайнилар бир сўз демай куёвни савалашга тушишди. Товуқларга дон бериб, катакдан ўрмалаб чиқаётган Арзихол кўриб қолиб, ўзини устига ташлаб, бор овози билан бутун қишлоқни оёққа турғизгандагина қишлоқдошлари ажабланган кўйи бирин-кетин югуриб кела бошлашди.

Бойқул чол Қўшкўллик қайниларни жеркиб берди.

— Сингилларингни ҳайдаб юборган бўлса, қамчи билан қўшасизларми? Ҳе, ўргилдим сизлардай оркашлардан.
— Синглимиз энди бу ҳўкизнинг уйига ўлса ҳам келмайди! Бунга бошқа хотин топиб беринглар! — деди ўртанча қайни.

У жимитдай гавдаси билан Улжоннинг бошини тўсиб олган Арзихолнинг елкаси оша қамчи туширганда акасидан бир қамчи еб, бўйнини ушлаб турарди.
Қайнилар от чопиб, қишлоқларининг орини кўтариб юрган одамлар эди. Кекса чол билан тортишиб ўтиришмади. Бундан ташқари терсоталиклар ҳам ўз қишлоқларига қамчи кўтариб бостириб келишганидан нафсонияти қўзғалиб, бири таёқ, бири паншаха кўтариб олишган, важоҳатларидан ака-укаларни ғажиб ташлагудек кўринишарди. Улар отларига миниб, бир сўз демай жўнаб қолишди. Арзихол юзидан сизаётган қон бўйни орқали ичига оқиб кетаётганидан бехабар Улжоннинг юзидаги жароҳат изларини рўмоли учи билан артар, нарига учиб кетган телпагини қоқиб бошига кийдирарди. Унинг меҳрибончилиги Улжоннинг жаҳлини чиқарди. У ўзига келиб, аёлни итариб юбориб, ҳали қирга етмаган қайниларига бир кўз ташлаб, омборга қараб югурди. Арзихол унинг нима учун омборга кирганини билди. Маймоқланиб, Бойқул чолга нимадир деб ғулдураганча, изидан чопди ва омборнинг эшигига таёқ ўтказиб қўйди. Ичкаридан Улжон эшикни тепиб бақираётгани эшитилди. Улжон бир илож қилиб, эшикни бузиб, қўлида милтиқ билан чиққанда қайнилар аллақачон қир ошиб кетганди. Улжон аламига чидолмай қўндоқ билан Арзихолни бир уриб йиқитди.
— Энағар маймоқ, уларнинг ўрнига сени ўлдираман!

Улжон хотинининг кетиб қолиши-ю, қайниларининг ўзини савалашгани аламини биратўла маймоқ аёлдан олди: ҳар доим подадан қайтганда Ражаб чўпон оёқ остида ётмаслик учун ўргатган жойга — айвоннинг шифтига тиқиб қўйилган узун ирғай таёқ билан Арзихолни солиб қолди. Аёл сал бўлмаса икки қадамга, айвонга териб қўйилган буғдой қоплари устига учиб бориб тушди: унинг жимитдай танаси худди коптокдай юқорига кўтарилиб тушганини бу ерга нафсониятлари қўзғалиб эмас, кўпроқ томоша учун келган терсоталиклар аниқ кўришди. Арзихол Улжонга ожизона ва заиф овозда нимадир демоқчи бўлди, мусичанинг қуриллашидай овоз чиқарди, аммо ҳеч нарса демади, таёқ тушиши билан бошидан учиб тушган рўмолини олиб, эсига тушгандагина қатиққа ювиладиган сочи патак бўлиб ётган тўзғоқ бошига ташлаб, Улжоннинг кўзидан яшириниш учун молхона тарафга пилдираб ўтиб кетди.

Кечга яқин Ўрол уста қоп-қорайиб кетган таёқ ўрнини кўриб, заифлашиб қолган тирсакни ушлаб кўраркан, аёлчалиш қилиб қарғанди:
— Ҳўкиздай бўлмай ўл-да, сен, Улжон. Келиб-келиб бир майибга кучинг етдими? Қўлини синдириб қўйибсан-ку, жувонмарг.
Арзихолнинг оғриқдан кўкариб кетган юзига қараб, ўзи устани бошлаб келиб, ўзи дакки эшитаётгани жаҳлини келтирдими, ё қилган ишидан уялдими, Улжон чолга бир оғиз гап қайтармай нари кетди.
— Уни қарғаманг, уста бова, — деди Арзихол оғриқдан терлаб, инқилларкан. — Айб ўзимда. Ўзим йиқилиб тушдим. Хотинини мен сиғдирмадим. Мени деб кетиб қолди. Нима қилай, мен бир Худо урган аёл эканман. Бунга ҳам дардисар бўлдим. Ўзи опамнинг ўрнига мен ўлиб кетсам бўларди.

Терсоталикларнинг биронтаси Улжонни койий бошласа ва у ҳақда ёмон фикр билдирса, Арзихол бирдан уни «Аслида айб менда, опамнинг ўрнига мен ўлиб кетсам яхши бўларди» деган сўзлар билан ҳимоя қилишга тушарди. Роҳат одам танимай, кўзлари орқали рози-ризолик қилиб ётаркан, Арзихол розилик сўраш ўрнига «Сизнинг ўрнинигзда мен ўлсам яхши бўларди, Улжон ҳам шуни истаяпти», деб йиғлаганини ҳали ҳалигача қишлоқдошлари эслаб юришарди. Терсоталиклар бу мажруҳ аёлнинг ҳамиша ўзи қилмаган айбни бўйнига олиши ва ҳамиша ҳуркак, бир нарсадан хавотирда юргандай доимо Улжоннинг олдида қалтираб туриши, Улжон деса касаллигига қарамай ўрнидан туриб кетиши, Улжон келмаса кечалари токи у келгунча мижжа қоқмай чиқиши, баъзида оч кетганда, овқат кўтариб, майиб ҳолига қарамай, икки қир нарига — яйловга пиёда бориб келиши, болалари ва хотинининг тайёр чўриси бўлиб қолганининг сабаби — аёл унга ўрганиб қолган, шу сабабли Улжоннинг уйдан ҳайдаб юборишидан қўрқади, пода изидан юравериб, ўзи ҳам ҳўкизга ўхшаб қолган бу ёввойи уни ҳайдаб юборишдан ҳам қайтмайди, шунинг учун ҳам бу аёл ўзига шунча азоб берган одамга барибир меҳрибонлик қилаверади, чунки бу асрандини чақалоқлигидан ўзи кўтариб катта қилган, ўз боласидай бўлиб қолган, бир уйга бека бўлиш бахтидан маҳрум бўлган шўрликнинг шу чўпондан бошқа бу дунёда овунчоғи қолмаган, фақат шу Улжонга бўлган меҳргина бу бебахтни дунёда ушлаб турибди дейишарди.

Ўрол уста ўшанда қарийиб ўттиз йилдан бери Ражаб чўпоннинг уйида ярим жон ва миттигина бўлишига қарамай, қўли косов, сочи супурги бўлиб қолган аёлнинг йиқилиб тушганига ишонмаганди: таёқнинг ўрни билиниб турарди. Арзихол ҳеч қачон бирон кишига айтмаган бўлса ҳам унинг гоҳ пешонаси, гоҳ юзи шилиниб, кўкариб юрганини кўрган қишлоқдошлари бу Улжоннинг иши эканини билишарди. Уста Ўрол тухум суртиб, Арзихолни додлатиб, тирсакни худди мунчоқ тераётгандай силаб-ишқалади, цинган суякларни қўли билан текислаб бўлгач, чорчўп қилиб боғлаб қўйди. Оғриқ қолгандек бўлди-ю, аммо Арзихолнинг тирсаги йиллар ўтиши билан қалтирайдиган, кейин эса, салга чиқиб кетадиган даражада мўртлашиб қолди. Орадан йиллар ўтиб, Арзихолнинг чиқиб кетган тирсагини худди қўғирчоқнинг қўлидек жойига солиб қўйишга Улжоннинг болалари ҳам ўрганиб кетишди, тирсакни жойига солиш пайти аёл дод-вой қилиб турганда, Улжон секин уйдан чиқиб кетар, шунча йиллар ўтган бўлса ҳам негадир қайнилари келиб кетганда алам устида Арзихолни калтаклагани ёдидан чиқмас ва ўша кунги тер ҳиди келаётган кўкрак ҳидини димоғида туярди. Ваҳоланки, у бу маймоқни жаҳл устида таёқ билан солиб, майиб қилиб қўяй деган ҳолатлар умри давомида кўп бўлган, буларнинг биронтаси ҳам эсида қолиш тугул, ҳатто бир мўйини қилт эттирганини эслолмасди. Нега айнан ўша кунги воқеа ёдида бунчалик узоқ сақланиб қолганини тушунмасди. Энг кайвони кампирлару оқсоқолларнинг ҳам қўлидан келмагач, терсоталикларни ҳайратга солиб, пою-пиёда маймоқланиб Қўшкўлга кириб борган Арзихол билан бирга уйига қайтгани сабабли сингиллари билан юз кўришмас бўлиб кетгани учунми ё турмуш дегани чимилдиқдаги энтикишдан бошқа нарса эканлиги туфайлими, хотинининг тобора инжиқ ва мижғов бўлиб бораётганига қарамай изма-из туғилаётган болалар ўша кунги калтакланганининг аламини ҳам, хотинининг заиф жойини сотиб қўйганини ҳам, қайнилари уни уриш учун айнан ўша заиф жойидан фойдаланишганини ҳам, ўша куни Арзихолни жаҳл устида уриб, биринчи марта чеккан хижолатини ҳам унинг хотирасидан суриб чиқаришди, аммо ачимсиқ, тер таъми бор кўкрак ҳиди эсидан чиқмади. У бу ҳидни илгари қаерда ҳидлаганман деб кенг водийда ёйилиб ўтлаётган подаларга худди ўз мулкини кузатиб турган шаҳоншоҳдай серсолиб қараганча, Арзихолнининг гоҳ елкаси, гоҳ оёғига тушавериб, ўзи ҳам аёлнинг билак ва елкаларига қўшилиб, йилма-йил ейилиб-силлиқланиб бораётган таёққа суяниб, азобли ўйининг тагига етишга уринарди. У йилларнинг уваланиб кетган кесаклари ва сувоқлари остида қолган йилтиллаб турган ўша хотирасини топгандек бўлди: Арзихол маймоқ чақалоқлигида ўзини овутиш учун кўкрак берган, шу йўл билан Роҳат онаси йўқ пайтлари, кейин эса, касал бўлгандан кейин ҳамиша тер ҳиди келаётган, оёқларидек заиф ва ҳаёт асари йўқ, худди сузмаси ачиб қолган халтадек сўлғин, сассиқ кўкрагини оғзига тутган, ҳид ўшандан димоғида қолган деб ўйлади ва бу уни баттар тутоқтириб юборди — у бу маймоқни эр ҳам олмагандан кейин менга кўкрагини бериб, ўзини овутган, шунинг учун мени худди ўзи туғиб қўйгандай меҳрибонлик қилган, бу ҳид ўша пайтлардан хотирамда қолган деган хулосага келди: бу унинг жаҳлини баттар қўзғади, агар шу пайт маймоқ олдида бўлганда, гаврони билан елкасига солиб қолишдан ва соғ қўлини ҳам майиб қилишдан қайтмасди. Шунинг учун у кейинчалик ҳам Арзихолнинг майиб оёғига қўшилиб, ўнг қўли ҳам бутунлай ишламай қолганда, бирон марта ўзини айбдордай ҳис қилмади: аксинча, унинг бир пайтлар, онаси ўрнига ўзининг шўрланган теридай кўкрагини тутгани учун кечиролмади. Улжоннинг аёлга бўлган бундай муносабати кейинчалик унинг болаларига ҳам ўтди: эсини таниётган болалари ҳам чақалоқларнинг иштонини ювишми, тезакдан гувала қилишми, қозон остига олов ёқишми, қиш кунлари қуриган юлғун териб, тўқайзор титиб юришми, ҳаммаси маймоқ аёлнинг чекига тушганидан заррача ҳам ажабланишмай қўйишган, уни момоларининг синглиси деб эмас, уйларидаги ўзлари қилишга ирганадиган ёки қўллари бормайдиган қора ишларни бажаришга маҳкум этилган чўри деб тасаввур қилишар, Роҳат ўлгандан кейин Арзихол сичқон ҳиди босиб кетган омборга кўчиб ўтган — Улжон нозик меҳмонларга атайлаб тоғда отиб келган, шамолда қуритиб, қотириш учун омборни тўлдириб илиб ташлаган ва қотгани сайин шунча мазаси чиқадиган тўнғиз этлари билан бирга бу аёлнинг умри ҳам кичкина ҳужрада йилма-йил қуруқшиб борарди.

Аслида хотинининг кетиб қолишида Арзихолнинг айби йўқ эди. Арзихол келинни ҳайдатиб юбориш тугул, унга ўқрайиб қарашга ҳам юраги бетламаган, аксинча, келин келган куниданоқ бу маймоқ аёлга бутун жасадини ташлаб олганди. Олдинига номига бўлса ҳам Улжоннинг онаси ўрнидаги холаси, шуларнинг хизматини қиласан дейишди келинга. Аммо Арзихол келинга хизмат қилдиришга имкон ҳам қолдирмади. Ҳали чилласи чиқмаган деб уй юмушларини ўз зиммасига олди — келиннинг бахти бор экан — чимилдиқдалигидаёқ текин хизматкорга эга бўлди. Келин пода изидан кетган, баъзи кечалари туни билан ҳам яйловда тунаб қоладиган куёвни кутиб ўтирган тунларда Арзихол уни овутишга уринарди — ҳали ҳеч кимга, ҳатто ўз опасига ҳам айтмаган сирларини шивирлаб айтиб, келиннинг куёви келмаётганидан пайдо бўлган ҳижронини бироз бўлса ҳам босишга уринарди. Келин биринчи бор кўргандаёқ бу аёлнинг оёғини тўғрилаб босишдан бошқа армони бўлмаса керак, бундай аёлда орзу-ҳавас нима қилади деб хато ўйлаганини ўша кунлари билиб қолди. Зеро Арзихолнинг ана шу сиридан бошқа биронта ҳам бошқаларга айтишга арзигулик хотираси йўқ эди. Шунинг учун чилласининг чанқоғини босолмаган келинга шу хотирани айтиб, чимилдиқдан чиқмасдан куёвдан норози бўлаётган келинни чалғитишга уринганди. Шундан бошқа нияти йўқ эди. У келинга уялиброқ, лекин хўрсиниқ билан бир чавондоз йигитга кўнгли тушганини, ўзларига маймоқ келинни муносиб кўрмаган ота-онасидан нолиб, у йигит ҳу анови қир ортидаги қишлоқдан келиб, тўқайзорда учрашиб турганини, Арзихол ҳам уйларидаги сув тўла челакларни ўрага ағдариб, тез-тез сув олиб келиш учун дарё бўйига—ўша тўқайга тез-тез бориб туришини, йигитнинг қамчисига каштали бандак тўқиб берганини, кейин нима бўлиб, чавондоз йигит кўринмай қолганини, орадан ойлар ўтса ҳам ундан хабар бўлмаганини, у эса юрак ютиб бировга бу ҳақда гапиролмаганини, ҳали ҳам ўша йигит навқирон ва ўктам қиёфада, юлғун ва зирк билан тўлган тўқайда юргандек, ўша тўқайга боргиси, уни кўриб, кўкрагига бош қўйиб шунча йиллик айрилиқ учун гина қилиб, тўйиб-тўйиб йиғлагиси келишини айтиб қўйди. Ўша пайти келин бу гапларни бирон кишига гуллаб қўймасликка ваъда берганди. Аммо болалар туғилиб, Улжоннинг холасига бўлган қўпол-қўрс муомаласи аста-секин келиннинг ҳам бетини қотирди—у ҳам Арзихолга эрига ўхшаб муомала қилишни ўрганди. Олдинма-кетин туғилаётган болаларнинг бешигини тебратавериб аёлнинг қўллари чилвирдай эшилди, кейин эса кўтаравериб, елкасининг яғири чиқди. Аммо буни аёл бир марта ҳам на Улжоннинг, на келиннинг юзига солгани йўқ. Аксинча у худди ўз невараларини бағрига олиб, тарбия қилаётгандай болаларнинг на хархашасидан, на тўполонидан безор бўлар, болалар уни қийнаган сайин аёлнинг уларга меҳри ийиб, кўпроқ суйиб борар, болалар уни гоҳ от, гоҳ эшак қилиб миниб, бутун ҳовлини айланиб юрганини кўрганда Улжон асли бу маймоқнинг эси йўқ, бунинг ўзини тарбиялаш керак олдин, у томонидан бу томони яқин қолган кампир ҳам шунақа қилиб болалар билан ўйнайдими деб ўйлар ва шундай бир аёлни ўзига дардисар қилиб ташлаб кетган онасидан норози бўлиб, қўлидаги гавронни ғазаб билан ушлаб қўярди. Келин ҳам энди унга бир хизматкорга қарагандай қарар, уй ишлари-ю, супур-сидир, мол-ҳолга ва болаларга қараш Арзихолнинг зиммасида эди. Йиллар ўтиши ва чимилдиқдан узоқлашиб, турмушнинг бетийиқ эҳтиросларига ўралашиб қолган келин берган ваъдасини унутди. Бир куни Улжон дастурхон устида қир ортидаги бир чавондозни байтали тепиб ўлдирганини айтиб, жанозага бораяпман деб, хотинини шошира бошлади.
— Энағарни бедов эмас, байтал тепиб ўлдирибди. Худди ўч олгандек, нақ қаншарига тепибди, — деди у.—Бойқул чол кутиб турибди. Худди ўзи борса қирда бўри ейдигандай… Тез бўл…

Шунда келин бефаросатлик қилди.
— Бу, ҳалиги, сиз билан ваъдалашиб юрган чавондоз эмасми, — деди пичинг аралаш келин бир четда Улжоннинг хуржунини омбордан олиб чиққан Арзихолга. — Ҳали поччамнинг азасига бораяпман денг…

Улжон ажабланиб хотинига қаради. Арзихол эса тахтадай қотиб қолди — у ҳозир ҳаммаси тугайдигандек, Улжон унинг сирини билиб, терисига сомон тиқадигандек гезариб-қалтираб турарди. Унинг юзи бунчалик оқариб кетганини ва бунчалик саросимага тушганини ҳали ҳеч ким кўрмаганди. Унинг юзи кечириб бўлмас гуноҳ устида қўлган тушгандек оқариб кетганди. Аммо Улжон хотинининг гапидан бошқа маъно туйди: бир ҳафта олдин келиннинг холаси тўй қилганда Улжон «Поччангнинг олдида тўй қарзим йўқ, мен тўй қилганимда ҳам келгани йўқ, орамиз очиқ» деганди. Бир ҳафтадан бери тўмтайиб юрган хотини қош қўяман деб кўз чиқарганини кеч англади, пичинги қимматга тушди.

Безрайиб турган Арзихол аралашишга улгурмади, келин фақат қариндошларининг тўй-азасига бормай қўйгани учун эмас, эри йилнинг уч фаслини яйловда ўтказаётгани ва ўзининг гулдай умри иккита чурвақанинг биғиллаши билан ўтиб бораётгани учун тўлиб турган эканми, тилига келганини оғзи чарчагунча гапирди, Улжон ҳам қўли чарчагунча уни савалади. Улжон кетгач, елкаси маматалоқ бўлган келин болаларини олиб, Қўшкўлга, отасиникига кетиб қолди. Арзихол Қўшкўл қиригача ялиниб борса ҳам келин қайрилиб қарамади: у келиннинг изидан токи қош қорайгунча қараб ўтирган қир устида эртасига тўртта отлиқ пайдо бўлди….

* * *

Ўзига тенгдош аёллар аллақачон келинли бўлиб, болалар-у набиралар, келинлару қизлар парваришида, етти қават кўрпа устида соғликларидан нолий бошлаганда ҳам Арзихол на соғлигидан, на турмушидан нолир, ҳали ҳам отаси Ражаб чўпонникига опасининг хизматини қилиш учун ташлаб кетган ўша сунбула оқшомидек тонгдан шомгача Улжоннинг йилма-йил каттариб бораётган ғалвали рўзғорида, қўзи изидан тўқайзору баҳор пайтлари худди дунё ўткинчилигини таъкидлаётгандек шошиб-тўлиқиб оқадиган дарё бўйида, пода тезаги тушган қиру адирда, қишлоқнинг миш-мишлару ғурбат кўмилган чанг кўчаларида ўзининг шум тақдирини етаклаб юргандек куймаланиб юрар, уни майиб қилиб яратган тақдир худди уни энди сийлаётгандек ёши ўтган сайин у тетиклашиб, кучга тўлиб борар, янаям жонсарак бўлиб қолган, кечаси ҳаммадан кейин ётар, очилиб қолган болаларнинг ва Улжоннинг устини ёпиб қўяр, совуб қолган печкага тезак ташлар, ухлаб ётган келиннинг уйғониб қолишидан хавотирланиб, нафасини ичига ютиб бешик тебратиб чиқар, кейин алламаҳалда йиллар-у фасллар қор ва ёмғир қиёфасида емиравериб, каламушнинг уясидай ғариб қилиб қўйган омборга кириб кетар, эрталаб эса маймоқланиб ё офтобани, ё сут тўла кадини ағдариб юборган шовқин билан бошқаларни уйғотар, энди товуши дўриллай бошлаган Улжоннинг болалари ҳам уни худди оталаридай жеркир, келин эса тиним бермай юмушга кўмиб ташлар, у эса яроқсиз бўлиб қолгач ташлаб юбориладиган буюмга ўхшаб бу уйдан ҳайдалишдан чўчигандек ҳеч бир ишдан бўйин товламас, у ўзини кераксиз бўлиб қолаяпман деб ўйлагани сайин Улжоннинг болаларидан тортиб, ўзи ҳам кампирга кўпроқ суяниб борар, унинг оғриб ё касал бўлиб ётиб қолишини тасаввур ҳам қилишолмасди. Худди ўзи чиқмаса, қишлоқ моли ўрмайдигандек, Улжонни пода изидан Азлар қиригача кузатиб қўяр, агар кеч қолса, ҳеч кимга айтмай яна ўша қирга, чайир ва темирдай мустаҳкам илдизлари тошларни ёриб, қояга чирмовуқдай ёпишиб олган, шохлари қуриб-қақшаб кетганига қарамай энг баланд новдасида ҳали жўшқинлик ва кўклам ҳиди барқ уриб турган, бир жуфт ғуддасини худди бутун дунёга кўз-кўз қилаётгандай силкитиб қўядиган ва табиатнинг фасллар қиёфасида гоҳ изғирин, гоҳ жазира, гоҳ сел бўлиб келадиган барча синовларига матонат билан дош бериб келаётган ёлғиз кекса заранг дарахти ёнига бориб, хира торта бошлаган кўзларини олис яйловларга тикиб, чўккалаб ўтириб олар, гўё кекса заранг билан сабр ва матонат борасида баҳс бойлашаётгандай токи узоқлардан келаётган поданинг чанги кўринмагунча шу ҳолатда қилт этмай ўтираверар, пода кўриниши билан маймоқланиб, туртиниб-суртиниб, пешвоз чиқар, қарийб эллик йилдан бери ёлғизликдан зериккан дарахт эса уни қўйиб юбормаслик учун жулдур кийимларидан бир парча юлиб қолганини ҳам, кейин асов шамолда худди ғолиблик туғидай лахтакни ҳилпиратиб турганини ҳам сезмай, Улжон сари отиларди. Аёл қариган сайин жонсарак, ҳаракатчан, серғайрат бўлиб борар, энди уни бошқа терсоталакларнинг ҳам хизматини қилиб, турли ҳовлиларда ғимирлаб юрганини кўриб қолишарди.

Уни кўрганда ўз қисматдошини топгандай шабада тили билан овоз чиқарадиган зарангнинг зорланишлари ҳам, маймоқ кампирнинг худди жандасини судраб юрган дарвишдай ойма-ой тўкилиб бораётган танасини бошқаларга билдирмаслик учун азод кўтариб юриши ҳам энди пешонасига ёзилган тақдири азал ҳукмини ўзгартиролмади: Арзихол бир умр қўрққан нарса кузнинг ўрталарида тегирмондан ярим халта ун торттириб келгандан сўнг содир бўлди — у бирдан ётиб қолди — худди жон томири узилиб кетгандай кундан кунга юзларидан ҳаёт асари йўқола бошлади. Шу ётиш билан хазонрезгини ўтказиб, қишнинг нақ чилласида қайтиш қилди. Туфласа тупук музлайдиган тонгда уни сўнгги манзилга кузатишга ўнтача терсоталик ва ҳали бетлари қотмаган қариндошлар йиғилишди: бу ерга йиғилганлар азага келгандан кўра чет қишлоқдан келиб, бошқалар бир неча кунда эгаллаб оладиган терсоталикларнинг кўнглига қирқ йилдан ортиқ яшаб ҳам киролмаган, кириш у ёқда турсин, кириш эшигини тақиллатиб ҳам кўрмаган ва шунча йиллардан бери ўзининг маймоқ оёғини, қирқ йилча бирга яшаб ҳам сирли ва номаълум бўлиб қолган кўнглини ўзларидан яшириб ўтган мажруҳ аёлнинг ҳеч қурса сўнгги кунида, худди қулаган қалъага бостириб кирган қўшиндай, унинг бор сирини энди фош қилиш мақсадида йиғилишгандай эди: Улжон ҳам айни шундай кунда ўзини ташвишга қўйганидан норози тўнғилларди.
— Бу маймоқнинг ўлган куни ҳам ўзига ўхшаган ташвиш бўлди-я…

У бу гапларни атайин бошқаларга эшиттириб айтди, шу йўл билан касал онаси ўлгандан сўнг ҳам Читга қайтариб олиб кетмай ўзининг бошига мажруҳ аёлни дардисар қилиб қўйгани учун бобоси билан тоғасини чақиб олмоқчи эди. Бобосининг энди парти кетиб, шарти қолганди, унинг гапига парво қилмади — у ўзининг дармонсизликдан осилиб тушаётган бошини зўрға кўтариб турар, тоғаси эса ўзини эшитмаганга соларди.

Улжон номига бўлса ҳам чолларнинг қистови билан майит ётган омборхона туйнуги олдида туриб, рўмолча билан кўзларини ишқалаган бўлди, таёққа суяниб, «холам-ов» деди. Унинг бу йўқлови тинч осмонда момоқалдироқ гумбурлагандай таъсир қилди, йўқловдан кўра зардага ўхшаб эшитилди. Азага келганларнинг кулгуси қистади. Чоллар ёши қирқдан ошиб ҳам эл русумини тушунмаган бу бесўнақай ва қўрс одамдан норози бўлиб бош чайқаб қўйишди. Шунда кимдир келиб, Улжоннинг қўлтиғидан олди. Улжон секин бурилиб, кенжа тоғасини кўрди. Тоғаси Читдан эрталаб икки киши отда суяб зўрға олиб келган ва айвоннинг бир четида тагига омонат тўшалган пўстакда ўтирган бобоси чақираётганини шивирлаб тушунтирди. Улжон кўпам жини суймайдиган ва шунча йилдан бери онда-сонда боболигини эслаб қоладиган, шунда ҳам бирров келиб, тез жўнаб кетадиган чолнинг ўзида нима гапи бўлиши мумкинлигига ажабланиб, лайлак юриш қилиб, чолнинг олдига борди-да, «Нима дейсиз?» дегандай сурлик билан таёққа суйаниб турди. Бобоси худди айбдордай бошини эгиб олганди. Кейин қариликданми ёки барибир маймоқ ва мажруҳ бўлса ҳам фарзанди ўзидан олдин дунёдан ўтганидан эзилганиданми, кўзлари ёшга тўлиб, хириллоқ товушда деди:
— Онам деб йўқланг, болам. Онам денг.

Улжоннинг ғаши келди. Энди шу етмай турувди деб ўйлади.
— Нега она деб чақираман? Онам ўлиб кетганига ўттиз йилдан ошди.

Бобоси чуқур хўрсинди. Кўзларини олиб қочди. Кейин пичирлади:
— Арзихол сизнинг туққан онангиз бўлади, болам. Салом чавондоз бадном қилиб кетгач сизни Роҳатга бердик. Аслида сизни Арзихолнинг ўзи эмизиб катта қилди, болам… У сизнинг ҳақиқий онангиз…

Чол бошқа ҳеч нарса демади. Куннинг аёзини жунлар ичига кириб олиб енгмоқчидай, пўстакни оёқларига ўраб, кўзларини юмиб олди ва шу билан ўзининг сўнгсиз дардларига ва маймоқ қизини исноддан қутқариш учун ўйлаб топган ўша олис хотирасига кўмилиб кетди.

Улжон эса «Бу эсини еган нима деяпти?!» дегандек тоғасига қаҳр билан қаради. Тоғаси бошқалар эшитиб қолишидан қўрққандек, отасининг гапини тасдиқлаб, «Шундай!» дегандек индамай бош ирғади ва у ҳам бу бетийиқ жияни таёқ билан солиб қолишидан қўрққандек нари кетди. Улжон худди бу азали ҳовлининг безовта ҳилпираётган яловидай юзи пирпираб, атрофга илинж билан тикилар, кимдир бу гапларни ёлғон дейишини кутар, аммо ҳамма ўз иши билан банд ва бу гапни инкор қиладиган марднинг ўзи бу ҳовлида кўринмасди. Шунда аввал қайнилари калтаклашга келган кунда туйган кўкрак ҳидини димоғи тагида туйди, кейин бу ҳид унинг аллақачон зулмат қаърига сингиб кетган хотирасини — ўзининг тамшаниб эмаётганини ва ўзига ҳам гуноҳкорона, ҳам қўрқув билан боқиб турган ёш ва опасининг навбатдаги қарғишидан дилдираб турган Арзихолни лип этиб ёритиб юборди.

Улжонни қабр тепасида ёлғиз қолдиришди. Унинг қирқ йилдан ошиқ елкасидан қўймаган ва азада суяниб турган таёғини бу аёлнинг ҳам изидан йиғлаб қолган кишиси бор дейишгандай шунчаки удум учун қабрга тиқиб қўйишди. Энди Улжон дастлаб Ражаб чўпоннинг, кейин эса қарийб ўттиз йил ўзининг қўли билан гоҳ ўчоқ бошида бутун ҳовлини тутунга тўлдириб юборгани, гоҳ куви пишаман деб ёғи билан қўшиб ағдариб қўйгани учун, гоҳ сигирни эмиб ётган бузоқ олдида, гоҳ хамири оқиб кетган тандир бошида Арзихолни таъқиб этган, қачон жаҳли чиқса, қачон қаҳри қўзиса, нуқул оёғи остида ўралашадиган, урган сари ургиси, хўрлаган сайин хўрлагиси келаверадиган, шунча хўрликларга индамай чидаб, яна мени ур дегандай қаршисида пайдо бўладиган, нимжон ва мажруҳ аёлни гоҳ турткилаб, гоҳ савалаб, ўзи ҳам энди савалаган сайин бир қучоқ қуриган ўтиндай кўтариб келишиб, манови дўмпайиб турган қабрга тиқишган аёлнинг устихонлари каби силлиқлашиб-ингичкалашиб қолган ва Улжон учун бу ҳаётда подасининг изидан эргашиб юрадиган итчалик ҳам қадри бўлмаган жимитдай жуссали аёлга берилган шунча йиллик хўрликларига «мана, мен гувоҳман» деётгандек қад кериб турган таёқ билан юзма-юз турарди.

 

09

Ibrohim Haqqul
EVRILISH TOVUSHI
034

Bo’lmag’ay olamda mundin turfa so’z,
Kim saodat ahli itga solsa ko’z.

Yetkurur itga natija ul nazar,
Zotig’a solur kishilikdin asar.

Alisher Navoiy

Yozuvchilik san’atini hayot va o’lim sirlarini ochadigan kalitga qiyoslash mumkin. Badiiy ijodda eng muhim ish voqeanavislik emas, balki haqiqatni kashf aylashga imkon beradigan ana shunday bir “ochqich”ni o’quvchiga yetkazishdir. Bu esa did va saviyasi baland kitobxonni sal kam ijodkor darajasiga ko’taradi. Va badiiy asar o’qishdan tug’ilgan taassurotlaridan u ham o’zining bir kitobini yaratadi.

Ma’lumki, ayni bir davr va zamonda, ayni bir jamiyat va ijtimoiy muhitda yashagan, bir turli voqea-hodisalarni boshdan o’tkazib, turdosh savollarga javob axtargan yoki javobdan chekingan odamlar ahvol-ruhiyasi o’xshash bo’ladi. Ulardagi axloqiy-ma’naviy fazilatlar ham, nuqson, ayb va gunohlar ham mushtarakdir. Mana shu sababdan ham yozuvchi ko’p narsa yozishi, o’quvchining o’zi ko’rgan, bilgan voqea-hodisalarini qaytadan unga ifodalab berishi shartmas. Kitobxonning aql-farosati, fikrlash layoqatiga ishonish kerak. Nimani yoqlab, nimani inkor aylash, nimadan zavqlanib, nimalarga befarq qolishi – bu, o’quvchining shaxsiy, demakki, daxlsiz huquqi. Faqat fahmi past, kaltabin adibgina yozgan har bir asarim ko’pchilikni qiziqtira oladi deb o’ylaydi. Holbuki, bunday bo’lmaydi. So’z va tasvirning kuch-quvvati, avval-oxir ruhga ta’siri, ruhoniy ehtiyojga nechog’lik muvofiqligi bilan belgilanadi. Inson o’zining Xoliqi, ya’ni yaratuvchisi emas. Shuning uchun o’zi haqida u ko’p narsa bilmaydi. Bilganlari esa uni hamma payt ham xato va adashishlardan qutqazolmaydi… Ammo istak, intilish va qo’msash ma’nosida inson ruhi chegarasiz. U yashayotgan olam chegaralangan. So’ngsizlik ehtirosiga to’lg’in ruh, voqelikning qat’iy va qattiq to’siqlaridan iztirob chekadi. Va hamisha so’ngsizlik sog’inchi bilan yashaydi. Buni teran tushungan ijodkor moddiyot va ilohiyot sirlarini yoritishda ham, inson tabiati va xarakteri tasvirida ham deyarli adashmaydi.

Har qanday odamda ikki reallik mavjud. Biri – tashqi, ikkinchisi, ichki, ya’ni zohir va botin. Asosiy murakkablik va ziddiyat botindadir. Aks holda aql, nafs, ruh, ko’ngil xususida bunchalik keng, bu qadar ko’p bahs yuritilmasdi. Chunki botiniy hayot vujudning “qalin parda”si bilan to’silgan. Nafsning ahvoli qanday? Ruhning holi qanaqa, qalb nimaga ilhaq – aksariyat kishi ana shuni bilmaydi. Chunki bularni bilish juda qiyin. Ayniqsa, nafsni tanish va tizginlash muammolarning muammosi erur. Nafsni qoralab, nafs izmidan chetlashmaslikning bir sababi ham shu. Vaholanki, qaysi bir ishga nafsoniy maqsad va shahvoniy orzu aralashsa, o’sha ishning xayr-xosiyati barham topadi. Shuningdek, qalb to’g’ri yo’ldan adashib, tubanlikka yo’naladi, ruhni riyo va xudparastlik domiga tortadi. Alisher Navoiy g’azallaridan birida nafs ila ruhni zinhor-bazinhor qo’shib-qorishtirmaslik shartligini ta’kidlab:

Ruh rahmoni erur, nafs esa shaytoni,
Ikkisin bir-biriga qo’shmoq emastur mashrut,

deganida shularni nazarda tutgan.

Yigirmanchi asr o’zbek adabiyotida bu haqiqatni mukammal anglagan va to’la-to’kis unga amal qilgan qalam sohiblari bo’lganmi? Bo’lgan taqdirda ham soni ularning juda kamchildir. Adabiyotimizda ruh va ruhoniy hayot ifodasi keskin kamayib ketishi shundan. Agar chini bilan ruh uchun qayg’urib, ruhning tozaligi, erkinligi ta’minlanganda, adabiyotda nafs va tama’, yolg’on va ikkiyuzlamachilik, xushomad va maddohlik avj olmasdi. Hayotga nafs nigohi ila qarash, ixtiyoriy ravishda qo’rquv va uyatsizlikka ko’nishdir. Nafsoniy istaklar qancha kuchaysa, shijoat va mardlik tuyg’usi o’shancha pasayadi. Niyat nechog’lik yuksak va oliyjanob bo’lmasin, so’z, ma’no, tuyg’u nafsga bog’landimi – uning ta’siri ham, umri ham uzoqqa cho’zilmaydi. Biroq bunda boshqa bir narsa muhim. Hech qaysi banda nafsini tanishga urinmasdan, botiniy imkoni va kuch-quvvati yetguni qadar nafs “sayr”ini amalga oshirmasdan qalb va ruh sayohatiga erisholmaydi. Inson nafsga diqqatini qarata oldimi – u azoblanish va iztirob chekishga mahkum. Yolg’iz o’zining emas, dunyo va ahli dunyo qalbining nimaga, asosan nima boisdan buzilishi yo kirlanishini u nisbatan yaxshi mushohada etadi. Hammaga o’xshab qolmaslik, hamma aytadigan fikr-mulohazalarni to’tiday takrorlamaslik, yakkalanib qolishdan cho’chimaslikning ilk chorasi xuddi shudir. Qaysi ijodkor buni anglasa, nafsiga bir badiiy asar yanglig’ sayqal berib, uni shaxsiyat hukmiga tobe aylashga bel bog’laydi. Shundan e’tiboran nainki nafsu havo, balki mahdud aqlning istak va talablaridan ham uzoqlasha boshlaydi. Bu yiroqlashuvda sir ko’p, hikmat ko’p. Bu esa nafsni tanishga ham, qalb tavri, ruh holidagi o’zgarish va yangilanishlarni idrok qilishga ham yaqindan yordam beradi. Darvoqe, nafs nima o’zi? Nima uchun unga bunchalik e’tibor zarur?

Hujviriyning “Kashfu’l mahjub” kitobida yozilishicha, nafs so’zi lug’aviy ma’noda biror narsaning borlig’i, haqiqati, zoti va o’zligi demak. Xalqning tilida ushbu kalima bir-biriga zid bir qancha mazmunlarda ishlatilgan. Bir jamoatga ko’ra, ruh, bir guruh tushunchasida muruvvat va odamiylik, bir toifa nuqtai nazarida jasad va vujud, boshqa bir firqaga ko’ra, u qon ma’nosini ifodalagan. So’fiy va mutasavviflar esa hamjihatlik ila nafsni gunohning sarchashmasi, yomonlik, razillik va yovuzlikning asosi, deb hisoblashgan. “Ahli tasavvuf eng yaxshi nafsshunos bo’lgani kabi, — deydi Shahobiddin Umar Suxravardiy, – dunyoning turli hollarini, havo va havas nayranglarini, nafsning yashirin orzularidagi tubanlik, yomonlik va o’tkinchi lazzatlarini bag’oyat chuqur bilguvchilardir”. Shayxu mashoyixlarning nazarida nafs tulki, ilon, sichqon suvratida ko’ringan. Tasavvuf adabiyotida buni tasdiqlovchi juda ko’p qiziqarli rivoyat, hikoyat, naqlllar to’qilgan. Itga bag’ishlangani ular orasida ko’pchilikni tashkil etadi. Shuni ham ta’kidlash joizki, o’sha hikoyat, rivoyatlarda it timsoli asosan ijobiy va ibratli ma’nolarda talqin etiladi. Mana, bir misol.

Naql qilinishicha, mashhur shayx Abu Bakr Shibliy (vafoti 946)dan “Tariqatdagi ilk yo’lboshchingiz kim?” deb so’ralganda, u “Bir itdir” deb so’zini shunday davom ettirgan ekan: “Bu it suvsizlikdan o’lim yoqasida tik turardi. U suv ichish uchun ne zamon ariqqa yaqinlashsa, suvda o’z aksini ko’rar va undan qo’rqardi. Chunki o’zining suratini u boshqa bir itniki deb o’ylardi. Ammo tashnalik oxiri zo’r kelib, it o’zini suvning ichiga otdi… Ana shundan so’ng “boshqa kuchuk” yo’qligiga inondi. It bilan o’rtadagi borliq orasiga kirgan itning “o’zga manligi” uning yo’liga to’siq paydo etgan edi. Men ahvolimning aynan shu itga o’xshashini, ya’ni yo’limdagi eng katta to’siq nafsim ekanini angladim… Xullas, mening birinchi yo’lboshchim shu it bo’ldi. Asosiy yo’lga qanday qadam tashlash lozimligini menga bir kuchuk ko’rsatdi”.

Nafsni tasavvuf adabiyotida it qiyofasida tasavvur qilinishida shu singari fikr va e’tiroflar ta’sir o’tkazganligi ehtimoldan yiroqmas. Biroq asosiysi it ham, tulki yo sheri darron ham emas, baribir nafsdir. Ko’zga ko’rinmay dunyoni tub-tubidan g’orat qiladigan mavjudlik, bu –nafs. U qancha ko’p hukmronlikka erishsa, dunyoning axloqiy-ma’naviy holati o’shancha buziladi; haqiqat va vijdon, diyonat va rostlik boshidagi qaro bulutlar shu qadar quyuqlashadi. Shuningdek, zohiriy chora-tadbirlar, bahsu munozaralar nafsdan tug’ilajak kulfat, musibat va halokatlarning yo’liga to’siq qo’yolmaydi. Nafs erkin va erkli ekan, yolg’on, riyo, zulm, zo’ravonlik, munofiqlik, xullas, hamma yomon va tuban sifatlar gullab-yashnayveradi. Bular esa inson botinidagi “it” – nafsning o’yinlari. Xohlasa, odamni u parchalab, sochib yuboradi, istasa, o’zni yig’ishtirib olishga imkon beradi. Lekin har qancha urinib-surinmang, undan ajralolmaysiz. Siz – unda, u – sizda yashaydi. U – sizga, siz – unga bog’liqsiz. Kimki uni qancha xoru zalil eta olsa, o’zini ham, o’zgalarni ham o’shancha yaxshi anglashi muqarrardir. Talantli adib Nazar Eshonqulning “Bahovuddinning iti” nomli hikoyasi aynan ana shu mohiyat tasviriga bag’ishlangan. Rosti gap, men hikoyani zo’r maroq bilan o’qidim. Birinchidan, uning ma’no ildizi chuqur. Hatto tasavvufiy tajribalarga qarab uzanadi. Ikkinchidan, mo’ljalga olingan “nishon”ning o’ziyoq odamning dilida bir larza qo’zg’aydi. Uchinchidan, ma’naviyni moddiylashtirgan va moddiyni ma’naviylashtirish mohirlik bilan uddalangan.

Odatda, ramziy-majoziy ifodalarda sehrli bir xususiyat bo’ladi. Shuning uchun ular xayol va vijdonni harakatga keltirib, yuksak ruh bilan aloqaga chorlaydi. Bu xususiyat “Bahovuddinning iti” uchun ham xosdurki, buni yozuvchining asosiy bir muvaffaqiyati o’laroq baholash lozimdir. Men bu o’rinda hikoyaning ma’no-mazmunini gapirib o’tirmayman. Chunki uni ko’pchilik bir xilda tushunib, bir yo’sinda qabul qilolmasligiga ishonaman. Ayni paytda o’zlikni anglash layoqati butunlay so’nmagan, jamiyat va inson munosabatlariga mustaqil nigoh tashlay oladigan har bir kishi unga befarq qololmasligiga ham shubham yo’q. Hikoyada ifodalangan hayot – bugungi hayot. Qahramonlar ham tanish – bizu siz ko’rib-bilib yurgan odamlar. Yolg’iz bir narsa – qariyb timsol maqomiga ko’tarilgan TOVUSH qadimiy. Mungli va mahzun bir ohang bag’oyat eski. Men ko’ngilni o’rtaydigan xotira chaqirig’i deb qabul qildim. Nazarimda, hikoyadagi “it” timsoli xususida alohida so’zlashga hojat yo’q. Nafsini tozalash, yengish azobini zimmasiga ola bilgan har bir kishi o’z siyratida uni ko’rib, nolalarini eshitadi. Zero, Navoiydek ulug’ zot ham bir o’rinda – “nafsoniyat tug’yonidin” “o’zumni itga tashbih qilibmen”, deganlar. “Bahovuddinning iti” hikoyasida tasavvufdan ilhomlanish bor. Biroq undan so’fiyona bir ma’no yoki bo’yoq qidirmaslik kerak. Hikoyaning nafs, axloq, qalb, ruh to’g’risidagi qadim davrlarda ilgari surilgan fikr-mulohazalarni eslashga rag’batlantirishi – bu boshqa masala. Va ulardan ayrimlari sog’lom ruhiy hayot, musaffo ma’naviy bog’lanish asrlar mobaynida insoniyat erisholmagan buyuk orzu ekanligini bilish jihatidan alohida ahamiyatga molikdir. Mashhur shayx Abusaid Abulxayrning mana bu so’zlarini eshiting: “Olloh insonlarning vujudlarini yaratishdan ming yil avval ruhlarni yaratdi va ularni huzuriga chorlab, ustlariga nur sochdi. Har bir ruh qabul aylagan nur miqdori va munavvarlik darajasiga qarab so’ng ularga lutf ko’rsatdi. Ruhlar, tamoman oydinlashganiga qadar o’sha nur ichida qoldi. U dunyoda shod-xurram, bir-biri ila ma’nan ittifoqda bo’lgan insonlar, boshqa olamda ham bir-birlariga yaqin, hamjihat yashashlari kerak… Zero, ruhlar xuddi otlar singari bir-birovlarini hidlaridan taniydilar. Biri Mag’ribda, ikkinchisi Mashriqda bo’lsa ham so’zlaridan suyunib, zavqlanadilar…”.

Mening bu gaplarga ishongim keladi. Chunki insoniyatning buyuk birligi va saodati sog’lom ruhiy munosabatda, ruh yaqinligidadir. Ruhni qo’ya turaylik. Bashar tarixining biror bir davrida, biror mintaqada nafs zarur tarzda Aqlga bo’ysundirilganmi? Buncha baxtsizlik va kulfat, buncha zulm va zo’ravonlik, tasavvurga sig’mas qotillik va haqsizliklar qayondan tug’ilgan?

Pokistonning buyuk mutafakkir shoiri Muhammad Iqbol yozadi:

Maro go’y, ki az shayton hazar kun,
Bigo’ bo man, k o’ parvardai kist?

Ya’ni: meni shaytondan hazar qil deysan, lekin menga aytgil: u kimning arzandasi?

Bu savol hamon to’liq javobini topgan emas. Kimdir taqdir taqozosi bilan nafsini tanishga muvaffaq bo’ldi deylik. Bugungi ijtimoiy-axloqiy muhitda uning ahvoli qanday kechadi? Va uni kim tushunadi? Nazar Eshonqul hikoyasida shu savolga ham javob bor. Menimcha, bu hikoya ichidagi eng g’aroyib bir hikoyadir…

***

Umuman olganda, insonning dunyoga kelishi xayrli hodisa. Tug’ilish – bu, ko’payish, o’sish, harakat va rivojlanish demak. Lekin bunda ikkinchi bir jihatni ham nazardan chetda qoldirib bo’lmaydi, albatta. Ya’ni ko’payish va rivojlanish, ayni paytda, har turli ijtimoiy, iqtisodiy, axloqiy va siyosiy muammolarga duch kelishdir. Butun tarixi mobaynida kuch va imkoni yetgunicha bularni insoniyat hal qilishga urinib kelgan. Birda muvaffaqiyatga erishsa, birda mag’lubiyatga uchragan; goho yo’lni to’g’ri tanlagan bo’lsa, ba’zan yo’ldan adashib, o’zini-o’zi qiyinchilik va azob-uqubatlarga giriftor aylagan. Ammo har qanday vaziyat va holatda ham to’xtab qolmagan. Behad ranj chekib, hatto qon kechsa ham turg’unlik, nochorlik to’siqlarini yengib o’tgan. Bu amaliy tajriba – bashariyat hayotidagi eng porloq va umidbaxsh tajriba desa aslo xato bo’lmaydi.

Odam qavmi aql va tafakkur jabhasida juda ko’p yutuqlar, hayratlanarli qanchadan-qancha yangiliklarni qo’lga kiritdi. Bular bilan u har qancha maqtansa ham arziydi. Ilm-fan va texnik taraqqiyotda u nimalarni ixtiro etib, o’ziga xizmat qildirmadi deysiz? Shuncha zafar, shuncha yuksalishning hammasi ham dunyo ahlining osoyishta, farovon va baxtli yashashiga yordam berdimi? Erishilgan nimayu, yo’qotilgan nima yoki muvaffaqiyat nimayu mahrumiyat qaysi –bular to’g’ri sarhisob qilindimi? Yo’q, albatta. Shuning uchun g’am, kulfat, musibat va har turli ziddiyatlar oldingi asrga nisbatan yangi yuz yillikda ko’proq yuz ochdi. Zulm, zo’ravonlik, tahlika shiddati kuchaysa, kuchaydiki, susaygani yo’q. Nima uchun? Bu savolga bugun endi qanoatlanarli javob qaytarish oson emas. Qolaversa, jahonning ko’p mintaqasida, “Men kimman? Nimaga bunday yashashim kerak? Insoniylik sharafi o’zi nima?” deb o’ylash allaqachon “moda”dan chiqib ketgan. Mehr – qahrga, shafqat – yovuzlikka, ruh – nafsu havoga taslimligi shundan. Shuning uchun dunyoda makr, riyo, gunoh va xudbinlik “bozor”i qizib ketgandir. Agar masalaga tarixan nazar tashlansa, oxir-oqibatda asosiy bir ofat – barcha balo va yomonliklarning doyasi nafsga to’xtalishga to’g’ri keladi. Axir, Sharqning buyuk donishmandlari tasodifan “Nafsi ammora sohiblari hayvonga o’xshashdirlar, balki undan ham tuban erurlar… nafsi ammora jumla munofiq, fosiq, kofir va zolimlarning nafslaridir” demaganlar-ku! Qaerdaki, bir yirtqichlik, bir beboshlik, bir badbaxtlik qad ko’tarsa, bilingki, bu shu battol nafsning qilmishidir. Yomonlik, nodonlik va gumrohlikning turi bisyor. Bular haqida to’xtovsiz gapiramiz – lekin ildiz qaerda, nega ularni cheklab-chegaralab yo’qotib ham bo’lmaydi – bu haqda ko’pincha to’g’ri mushohada ham yurita olmaymiz. Vahdatul vujud nuqtai nazaridan qaralsa, yomonlik, yovuzlik, tubanlik yo’q narsa – bir ro’yo, xolos. Shu boisdan ham inson Haqqa intilishi, uni sevishi, butun borlig’i ila unga suyanishi shart. U yolg’iz o’ziga tayansa, bilib, bilmay, nafsoniy, hayvoniy va shaytoniy mayllariga tayanishga mahkumdir. Tasavvur qiling, bir chaqaloq tug’ildi. Voyaga yetgach u bexosiyat, badjahl, vahshiy maxluqqa aylanadi, deb kim xayolga keltiradi? Hech kim. U kimdan to’ragan? Qanday tarbiya olgan? Qanday xislat va fazilatlar qoniga meros ko’chgan? Bular xususida ko’p fikr yuritish va ibratli bir xulosalar chiqarish mumkin. Nazar Eshonqulning ikkinchi hikoyasi – “Qultoy” shu jihatdan diqqatga molikdir. Hikoya qahramonining nomi Uljon. U mol izidan tayoq sudrab, umri qiru adrlarda o’tayotgan barzangi bir yigit. Uljon shu qadar hayvonlashganki, odamga ham moldan past nazar bilan qaraydi. Xotin zotini haqoratlash va urishdan ich-ichdan maroqlanadi. Bir gal kaltakka chidolmagan xotini otasinikiga ketib qoladi va birmas, ikkimas, to’rt qaynisi kelib uni “xuddi paxta savalashayotganday biri qo’yib, biri savalaydi”. Shu payt maymoq bir ayol kelib uning boshiga o’zini tashlaydi-da, bor ovozi bilan qishloqdoshlarini yordamga chaqiradi. Bu mushtipar, haqorat va xo’rlikdan jussasi kichrayib borayotgan ayol Uljonga “xola” – Arzixol edi. Shunda g’alati bir holat ro’y beradi: Uljon naq burniga tegib turgan ayolning ko’kragidan “o’ziga juda tanish” bir hidni tuyadi. Lekin “bu hid dimog’ida qachon va qanday o’rnashib” qolganini fahmlolmaydi. Kaltaklanyotganini ham unutib tamshanib ketadi… Xullas, shu hid uni ta’qib eta boshlaydi. Negadir bundan u g’azablanadi. Bahona topib Arzixolning yelkasiga gavron tushiradi. Ayol esa g’iq etmasdan chidaydi. Chunki hammasiga: qaltak, tahqir, haqoratga allaqachon ko’nikkan. Bois ne? Asosiy jumboq va fojia shunda. Arzixol Uljonga xola emas, aslida ona. Pochchasi Rajab cho’ponga esa asrandi o’g’il. Bu haqda unga hech kim, hech nima demagan. Rajab cho’pon fe’l-atvoridagi qo’rslik, odamovilik, jizzakilik asrandi bolaga shundoq ko’chib o’tgan. Uljon  maktabda ham o’qimagan – g’irt avom.

Kim biladi, Rajab cho’pon o’zi o’g’il ko’rganida, uning xotini Rohat bir haftalik chaqaloqning onasini o’ldiga chiqarib, uni uyiga olib kelmas, kasal bo’lib yotib qolgach esa badbaxt Arzixolga ham muhtojlik sezmasligi mumkin edi. Lekin hayot insonning xohish-irodasi bilan hisoblashmagan va hisoblashmaydi ham. Shu uchun Arzixol opasinikida yashar ekan, ko’z ko’rib, quloq eshitmagan qiynoqlar boshiga tushadi. Qaynilar bilan bo’lgan janjalda Uljonni u qotillikdan saqlab qoladi. Uljon esa urib, uning qo’lini sindiradi. Shunda ham o’zini u aybdor sezadi. O’ziga o’zi o’lim tilaydi. Tersotaliklardan birontasi Uljonni koyiy boshlasa va u haqda yomon fikr bildirsa, Arzixol birdan “Aslida ayb menda…” deya uni himoya qilishga tushadi.

Nima javru jafo ko’rmasin, u shu Uljonni deydi. Qashqirsifat shu yigit uchun jonni fido aylab kun o’tkazadi. Uning bu holatini tasavvur qilish mumkin. Qiz chog’ida qir ortidagi qishloqlik bir chavandoz yigitni yaxshi ko’rgan. Bot-bot to’qayzorda uchrashib turishgan. Yigitning ota-onasi cho’loq bir qizni kelin qilishga ko’nishmagan. Shumi yoki boshqa sababdanmi, “qamchisiga bandak to’qib bergani” chavandoz yigit g’oyib bo’lib, oradan oylar o’tsa-da, qorasini ko’rsatmagan. Qiz esa yurak yutib… Hech birovga gapirolmagan.

Sevgi deysizmi, aldanish, adashish yoki hirs qurboni deysizmi, xullas, nima bo’lmasin Arzixol ta’na-malomatlarga chidab o’g’il tug’adi. Xolasi chaqaloqni olib ketgunga qadar va keyin ham uni emizadi. Nihoyatda ajablanarli hol: yoshi ulg’aygan sayin Arzixoldan Uljon jirkanadi. Ko’rdimi, g’azablanib, nafrati oshib-toshaveradi. Uning qo’rs-qo’pol muomalasini davom ettirgan xotini va bolalarining bir mushtipar, g’ussakash ayolga munosabatlari har qanday odamni achintiradi.

“Tovushi do’rillay boshlagan Uljonning bolalari ham uni xuddi otalariday jerkir, kelin esa tinim bermay ishga ko’mib tashlar, u esa yaroqsiz bo’lib qolgach, tashlab yuboriladigan buyumga
o’xshab uydan haydalishdan cho’chigandek hech bir ishdan bo’yin tovlamas, o’zini keraksiz bo’lib qolayapman deb o’ylagani sayin Uljonning bolalaridan tortib, o’zi ham kampirga suyanib borar, uning og’rib yo kasal bo’lib yotib qolishini tasavvur ham
qilisholmasdi”.

Oradan uncha ko’p vaqt o’tmay, shunday kun keladi: Arzixol birdan yotib qoladi. Shu yotishda xazonrezgini o’tkazib, qishning naq chillasida joni uziladi. Uni so’nggi manzilga kuzatishga o’ntacha tersotalik va bir necha qarindoshlari yig’iladi. Aza ham azaga o’xshamaydi. “Maymoq” endi yo’q – tuproqqa etib ko’miladi. Uljon shunda ham undan noroziligini yashirmaydi. O’ylab qolasan: shunaqa kimsalar hayotda bormi, uchraydimi o’zi? To’g’ri, aynan Uljonga o’xshaganlar ehtimol uchramas. Lekin yovuzlik va bag’ritoshlikda undan battarlar bor. Tabiati undan-da mudhishroq maxluqlarning soni dunyoda oz emas.

Uljonga qaytaylik. U chollarning qistovi bilan, tayoqqa suyanib “xolam-ov” deydi. Ovozi “yo’qlovdan ko’ra zardaga o’xshab” eshitiladi. “Chollar yoshi qirqdan oshib ham el rasm-rusumini tushunmagan bu beso’naqay va qo’rs odamdan norozi bo’lib bosh chayqab qo’yishadi. Shunda kimdir kelib uning qo’ltig’idan oladi. Qarasa, kenja tog’asi. Uni juda keksayib, munkillab qolgan otasi, ya’ni Uljonning bobosi yoniga boshlab boradi. Bobosini ham u xush ko’rmaydi. Bobo esa aybdorday boshini egib turar, maymoq va majruh bo’lsa ham farzandi o’zidan oldin dunyodan o’tganidan ezilib, ko’zlari yoshlangandi. U xirildoq ovozda Uljonga deydi:
– Onam deb yo’qlang, bolam, Onam deng.
– Nega onam deyman? Onam o’lganiga o’ttiz yildan oshdi…

Bobo og’ir va chuqur xo’rsinadi. Ko’zlarini olib qochib, sekin pichirlaydi:
– Arzixol sizning tuqqan onangiz bo’ladi, bolam. Salom chavandoz uni badnom qilib ketgach, sizni Rohatga berdik. Aslida, sizni Arzixolning o’zi emizib katta qildi, bolam. U sizning haqiqiy onangiz…

Bu shafqatsiz gapdan albatta Uljon dovdiraydi. U “kimdir bu yolg’on deyishini kutar”, ammo bunaqa mardni topib bo’lmasdi. Yoshi qirqdan o’tsa ham nima uchun tuqqan, oq sutini emizgan ayolga u zarra qadar bo’lsin dildan yaqinlik sezmadi? Nega uni urgan sari urgisi, xo’rlagan sayin xo’rlagisi kelaverdi? Bobo sir “parda”sini ochdi. Uljon o’zidan endi qayonga qochadi, qanday bosh ko’tarib yashaydi? Qismatning bu darajada chigalligiga sabab nima? Yozuvchi bu savollarga javob bermaydi.
O’quvchining o’zi mushohada yuritib, o’zi topishi kerak javobni. Yozuvchini Uljon taqdirini hikoya qilishga undagan iztirob ham balki shudir.

 

Nazar Eshonqul
IKKI HIKOYA
034

BAHOVIDDINNING ITI

“…Shayx u go’zalning jamolini ko’rish
umidida kechasi yor ko’chasidagi itlar
orasiga qo’shildi…”

“Mantiq ut-tayr”

Hammasiga muharrirning injiqligi sabab bo’ldi. Aslida tashqi ovozlar-u shovirlarsiz ham radiop`esa tuzukkina chiqqandi. Unga aktyorlar bilan oylab sayqal bergan, bastakor ataylab p’esa uchun musiqa yozgan, men va yordamchim olti oy kecha-yu kunduz faqat shu asar ustida bosh qotirgan, tushimiz ham, hushimiz ham shu p’esa bo’lgan, mana endi mashaqqatdan qutuldik deganda, muharrirda birdan yangi fikr tug’ilib qolgandi. Aslida bu fikr yangi ham emasdi. Men p’esaga ishlov berayotganda yoki montajda o’tirganda, agar tabiiy shovqinlarni ham qo’shsak, asar mukammal chiqadi deb o’ylagan, ammo ish ko’pligidan va yana vaqt ketishini bilganim uchun bu rejadan voz kechib qo’ya qolgandim. Endi esa birdan muharrir bizdan talab qilib qoldi.

-Asar juda yaxshi. Lekin biz tanlovda yutib chiqishimiz uchun bu yerga tabiiy shovqinlarni qo’shishimiz kerak. Qushlar sayrog’imi, daraxtlar shovqinimi, shamol, qo’y-qo’zilarmi…umuman, asarning sahnalariga qarab tabiiy sho’x-shodon ohanglar qo’shish kerak. P’esadagi quvnoq, xushnud ohanglarga uyg’unlashib ketishi, baxtiyorlik va xushanashinlik nafaqat qahramonlarga, balki butun tabiatga xos ekanini, tabiat ham biz bilan birga va u ham qahramonlarimizning iqbolidan quvonib, sho’x sadolar taratayotganini ko’rsatib berolsak, mukofot cho’ntakda deb hisoblayveringlar…

Bosh muharrir tanlovga oz muddat qolganini bildirish uchun og’iz juftladi-yu, ammo muharrirnnig “cho’ntagingizda deb hisoblayvering” degan aniq ishonchidan so’ng birdan bosh irg’adi.
— Albatta, qilish kerak. Shuncha mablag’ sarflangandan so’ng yana biroz qiynalsalaring hech narsa qilmaydi. Xarajat oshsa, mukofotdan chiqarib olarsizlar. Ammo shoshilish kerak. Vaqt oz qolgan.

Norozilik bildirishga o’rin qolmadi. Shusiz ham bosh muharrir radiop’esaga sarflangan mablag’ oshib ketgani uchun bizdan norozi bo’lib turgandi. Uning bu mukofotni qo’lga kiritishimizni astoydil istayotganidan faqat biz emas, uning o’zi ham manfatdor edi. U p’esaga badiiy rahbar, tabiiyki, mukofotda uning ham ulushi bor edi.

Garchi yordamchim bilan men endi ishni tugatdik deb turganda yana boshog’riq boshlangani yoqmayotgan bo’lsa ham ertasigayoq ishga kirishdik. Biz oldin o’zimizdagi- radiofonddagi shovqinlar jamg’armasini ko’rib chiqdik. Shunda bu shovqinlarning birontasi ham yaramasligiga, bittasi yozilaverib, xiralashgan bo’lsa, boshqasida qandaydir sun’iylik borligiga amin bo’ldik. Bularning birontasi biz kutgan xushanishinlikni tabiiy tarzda aks ettirolmasdi. Demak, shovqinni tabiat qo’ynidan yozib olishga to’g’ri keladi.

Buning uchun biz turli joylarni ko’z oldimizga keltirib ko’rdik. Masalan, shaharga tutash qishlog’u dalalar. Ammo bu qishloqlarning hammasida hozir dala ishlari qizg’in, traktorlarning shovqini tushib qoladi. Mikrofonlarimiz shunchalik sezuvchanki, agar boshqa tovushlar tushsa, keyin tozalab olish amrimahol. Bizga qushlar yo hashoratlarmi, biri qo’yib, biri sayraydigan, ayni uyg’onish fasliga xos baxtiyor va ko’tarinki shovurlar kerak: u qushniki bo’ladimi yoki hashoratu-arinikimi, farqi yo’q, ana shunday saslarni o’zida mujassam etgan bog’ kerak edi. Shu sababli qushlar shovqinini shahar chetidagi eski xiyobonda yozadigan bo’ldik. Shaharda ularning ixtiyorisiz birorta gulning ham ko’karishga haqqi yo’q obodonchilik korxonasidagilar negadir uni tartibga solishni unutib qo’yishgandi. Shu sababli xiyobonda daraxtlar shunchalik zich va tarvaqaylab ketgan, ustiga ustak, shaharning barcha qushlari ancha yillardan beri arra tovushini eshitmagan daraxtlarga uya qurgandi. Yordamchim telefon orqali obodonchilik ma’muriyati bilan oldindan kelishib qo’ydi.

Ma’muriyat ertalab o’ngacha xiyobonga hech kimni kiritmaydi. Sahardan soat o’ngacha bir olam shovqinlarni, daraxtmi, qushlar chug’urimi yoki hayotdan minnatdor bo’lib, uni o’zgartirishga astoydil bel bog’lagan, hayotda o’z o’rni va baxtini topganlaridan ichlariga sig’may hammani baxtiyor qilgisi kelayotgan bizning p’esa qahramonlarimiz kabi sho’x-shodon esayotgan shamolmi, hashorat ovozimi, yozib olishimiz mumkin. Bu taklif bizga ma’qul tushdi.

Ertasiga quyosh endi bosh ko’tarayotganda yordamchim va ovoz rejissyori bilan birga borib, mikrofonlarni xiyobonga o’rnatdik. Yaqin-atrofda katta mashina va temir yo’llari bo’lmagani uchun bu yer xuddi biz istagandek osuda edi. Daraxtlar sekin shovullab turar, qushlar chug’uri hammayoqni qoplagan, go’yo qushlar ham odamlar bu yerga yig’ilmasdan burun bir yayrab qolmoqchidek, bor ovozlari bilan chug’urlashar, daraxtdan daraxtga uchib, o’ziga xos saodatmand sayroqilar xorini tashkil qilgandi. Ba’zi-ba’zida gullarga kelib qo’nayotgan arilarning yoki ninachilar va so’nalarning g’ung’illagan ovozlari bu shovqinni bir pas bosib ketgandek tuyular, lekin bu hashoratlar ovozida ham bizning p’esamizga mos uyg’unlik va ko’tarinkilik bor, shu sababli hammasi tabiiy va go’zal edi. Men rejissyor sifatida hamisha ishlatilaverib, qolaversa, atayin texnik jilo berilgan, biroz sun’iylashgan “Shovqinlar jamg’armasi”dagi ovozlardan foydalanganim uchun bu yerdagi ovozlarning tabiiyligidan hayratlanib turardim. Shu paytgacha ortiqcha ish ko’payganidan norozi bo’lib yurgan yordamchimning yuzida ham tabassum paydo bo’ldi. U qushlar chug’uri-yu, hashoratlar navosi, o’simliklar shitirlashi, daraxtlarning mayin shovullashi uyg’unlashib ketgan, go’yo biz yaratgan p’esa bilan baxtiyorlik bobida bas boylashgandek taralayotgan tabiatning musiqiy “p’esa”sini berilib eshitarkan, menga qarab qo’yar, ovoz rejissyorining esa yuzida mamnuniyat zuhurlangan, qushlar chug’uri, daraxtlar shovqinidan ilhom olgandek, berilib ishlar, har-har damda magnitafonga quloq tutib, ovoz qanday yozilayotganini eshitib ko’rar, ishidan qoniqib, bizga qarab qo’yardi. Osmonda oq bulutlar suzib yurar, lekin bu bulutlar ham ko’m-ko’k osmonga endi gard bo’lolmasligini bilib, sekin tog’ taraf siljirdi. Bahor oxirlab qolgan bo’lsa ham hali maysalar yam-yashil, daraxtlar gullab, xiyobonni gulu-chamanga aylantirib yuborgandi. Yordamchim bekorga bu xiyobonni tanlamaganini endi sezib turardim. Bu yerda boshqa xiyobonlarda uchramaydigan mevali daraxtlar bilan birga hali taroshlanmagan, tartibga solinmagan, o’n yillardan beri o’z holicha shoxlab, gullab, emin-erkin tarvaqaylab ketgan daraxtlar ham bor edi. Ehtimol, aynan shuning uchun bu yerda qushlar chug’uri ko’pdir? Men butun vujudimni quloqqa aylantirib ovozlarning qaysi biri ariniki, qaysi biri qaldirg’ochniki, qaysi biri oddiy chumchuqniki deya o’zimcha ajratib olishga tirishib, ko’zlarimni yumib yotardim. Qushlar chug’uri bilan birga yana qandaydir tushuniqsiz uvillash elas-elas chalinardi. Lekin men bu sas nimaligini ajrata olmadim, u itning ham, bo’rining ham, yoki biron yaqinidan ayrilgan jonivorning iztirobli nolasiga o’xshardi. Ehtimol, bu shaharning xiyobonga o’rmalab kirgan odatdagi shovqinidir?

Nima bo’lganda ham bu shovqin qushlar shovqiniga xalal berolmayotgan, qolaversa, bu mening qulog’imning shang’illashi bo’lishi ham mumkin edi.
-Bo’ldi, yetadi,- degan ovoz eshitildi yonimda.Ko’zlarimni ochib, tepamda menga qarab turgan ovoz rejissyorini ko’rdim. U allaqachon asboblarini va magnitafonni yig’ishtirib bo’lgan, endi ketishga tayyor turardi. Mening savol nazari bilan qaraganimga o’zicha izoh qildi.
-Yetadi. Bu yerda sizga zarur ovozlarni ikki marta qayta yozdim. Yana o’nta p’esaga ishlatsangiz ham bu ovozlar tugamaydi.

Xuddi g’ayrishuuriy lazzatdan bemavrid bebahra qilgandek, unga soatimni ko’rsatib, norozilik bildirmoqchi bo’ldim. Ammo soat o’n besh daqiqasi kam o’nni ko’rsatib turardi. Yana o’n besh daqiqadan so’ng bu yerga quyoshdan qochgan bekorchilarning hammasi bostirib keladi. Ketishdan boshqa ilojimiz qolmaganini tushundim.

Biz xiyobon o’rtasiga kelganimizda darvozadan bir to’da quvnoq yoshlar kirib keldi. Ular xiyobonga kirishlari bilan turli tomonlarga tarqab ketishdi va birdan bog’da o’ziga xos shodonlik boshlandi. Radiokarnaylardan quvnoq va sho’x qo’shiqlar, musiqa, sotuvchilarning chorlovlari, charxpalak, halinchaklarning g’iyqillashi bir pasda xiyobonni tutib ketdi. Go’yo xiyobonning biz boyagina his etgan va guvoh bo’lgan manzaralari, har bir o’tirg’ichigacha o’rnashib qolgan qushlarning saodatmand chug’urlari, daraxtlarning mahobatli va g’olibona shovullashlari, hashoratlarning biri-qo’yib, biri bizga nenidir anglatmoqchidek, xiyobon uzra shodon taralayotgan navolari radiokarnaylar shovqinlari oldida birdan g’oyib bo’lgandi. Bu narsa ta’bimizni biroz tirriq qilsa ham, nochora, biz ishimiz bitganidan xursand bo’lib, ishxonaga yo’l oldik.
-Siz bu shovqinlarni kelishgan sahnalarimizga qo’yib chiqing.- dedim men tramvayga chiqqach ovoz rejissyoriga.- Yordamchim sizga yordam beradi. Men boshliqlarni topib, ularni tushdan keyin eshitishga taklif qilaman.

Ovoz rejissyori va yordamchim bosh irg’ashdi. Ular bu ishdan tezroq qutulib, bir-ikki kun ta’til olishni so’rashgani uchun ham men ularni shoshiltirayotgandim.
Tushdan keyin odatdagidek mening xonamga yig’ildik. Bosh muharrir oromkursiga yaxshilab joylashib oldi. Kengash a’zolari bo’lmish quloqlari og’irlasha boshlagan ikkita keksa rejissyor esa magnitafonga yaqinroq o’tirishdi. Muharrir odatdagidek bosh muharrirning yonidan joy oldi. U o’zining taklifi bilan shuncha ishlar qilingani va hammasiga o’zi bosh-qosh bo’lib turganidan mamnun bo’lib, biroz gerdayib qo’yardi. Ovoz rejissyori xuddi ishni do’ndirib qo’ygandek, eshik ortidagi kursida choy ho’plab o’tirar, ro’molcha bilan yuzini yelpib, bizga “hozir men yaratgan mo»jizani ko’rasilar” deyotganday pisanda bilan qarab turardi. Yordamchim biz ertalab bog’da yozib olgan shovqinlar bilan boyitilgan sahnalarni qo’yib bera boshladi. Oldiniga men hech narsa tushunmadim. Balki menga shunday eshitilayaptimi deb o’yladim va sekin ko’z ostim bilan bosh muharrirga qaradim. Yo’q.

Quloqlarim aldamayotgan edi. Bosh muharrir ham negadir hech narsa tushunmay, muharrirga va menga savol nazari bilan qaray boshladi. Ikkita keksa rejissyor esa quloqlariga qo’llarini qo’yib, hech narsaga tushunmay og’izlarini lang ochib turishardi. Yordamchimning esa dami ichiga tushib ketgandi. U magnitafon tugmasini bosishni ham, bosmaslikni ham bilmay menga qarab, dovdirab turardi. Biz ko’tarinki kayfiyat aks etishi kerak bo’lgan va tabiatning shodon navolariga to’la bilan uyg’unlashgan sahnada qandaydir mungli, mustar va yurakni ezadigan bir dardli, ertalab xiyobonda qulog’imga elas-elas eshitilgan uvillash eshitilardi. Men hech narsaga tushunmay yordamchimga qaradim.
-Bu nima?!- nihoyat bosh muharrirning qahrli ovozi yangradi.- Bizni masxara qilayapsilarmi?

Yordamchim ovoz rejissyoriga qaradi. Ovoz rejissyorining yuzi gezarib ketgandi. U irg’ib turib, yordamchimga jahl bilan tikilib, qo’yib berayotgan tasmaning raqamiga yaqin borib qaradi. Keyin ajablangandek, cho’ntagidagi daftarchani olib, u yerdan nimanidir, aftidan, tasmaning raqamini izladi. Keyin topdi, shekilli, yana tasmaga qaradi. Birpas hech narsaga tushunmagandek, bezrayib turib qoldi.
— Shu tasmaga yozgandik, chog’i. Aniq shu tasma edi. Qiziq…- dedi u dovdirab.
— Bizning bekorchi vaqtimiz bormi,- zarda qildi muharrir.- Aniq shu tasmamidi?
— Ha,- dedi o’ziga ishonmay ovoz rejissyori.- Shu edi… Yana kim biladi.. Balki adashib…

U bizga uzrxohlik bilan qaradi-da, shoshib xonadan chiqib ketdi. Uning dahlizda yugurib ketayotganini hammamiz eshitib turardik.
— Bularning xayoli joyida emas,- dedi bosh muharrir norozi bo’lib.- Mana shundan ham ishga bo’lgan munosabatni bilsa bo’ladi. Tasmaning raqamini ham adashtiradimi esi joyida odam?
Hamisha o’zim bilan ishlaydigan guruhning yonini olganim uchun u menga iddao qilib gapirardi. Bu marta unga qarshi hech narsa demadim: u haq edi. Eng muhim paytda yordamchim bilan ovoz rejissyori meni uyaltirib qo’ygandi. Saldan keyin bir quchoq tasma ko’targan ovoz rejissyori kirib keldi.
— Mana, bugungi ovoz yozgan va montaj qilgan tasmalarim. Balkim charchab, raqamni adashtirgandirmiz…
Shunday deb u birin-ketin tasmalarni qo’yib ko’ra boshladi. Ammo u qo’ygan bironta ham tasmada biz kutgan shovqinlar yo’q edi. Ovoz rejissyori bundan battar ajablanar va dovdirardi.
— Menga qarang,- dedi oxiri muharrir.- Sizlar ertalab yozib kelgan tasmani qo’yib bering.

Bizning o’zimiz qaysi shovqinlarni qo’yishni aytamiz. Qaytadan qo’yib chiqasizlar. Bu ketishda bizga butun jamg’armadagi tasmani qo’yib berasiz, chog’i.
Bu gap menga ham ma’qul bo’ldi. Kulgu bo’lib o’tirgandan ko’ra ertalab yozib olgan shovqinlarni qo’yib, qaysi shovqinni qaysi sahnaga qo’yishni kelishish osonroq edi. Ovoz rejissyori ma’qul degandek, bir tasmaning ustiga qaradi-da, o’sha tasmani magnitafonga qo’ydi. Endi bunisi ustimizdan bir chelak suv quygandek ta’sir qildi. Tasmadan biz boyagina p’esa sahnalarida eshitgan nola to’la uvillash aniq-tiniq kelib turardi. Ovoz rejissyori behol o’tirib qoldi. Uning yuzlari oqarib, rangida rang qolmagandi.
— Axir ertalab shu tasmaga yozgandik, bu shovqin qaerdan paydo bo’ldi?
— Balki oxirrog’iga yozgandirmiz. Aylantirib ko’ringchi,-dedi yordamchim umid bilan.

Ovoz rejissyori tasmani oldin boshiga, keyin oxiriga qarab aylantirdi. Ammo butun tasmaga o’sha nola yozilgan, xuddi ustimizdan kulgandek, qaerida to’xtatib, tugmachani bossa, o’sha yerdan eshilib-buralib, sohibidan ayrilgan kabi nola chekayotgan itning uvillashi chiqib kelardi. Bu shunchaki uvillash emasdi. Qandaydir tabiatdagi jami tovushlar, sayrashlar va shovullashlar uyg’unlashgan o’ta g’amgin, dilni o’rtaydigan, odamni g’amgin va dilgir qilib qo’yadigan, bizning p’esamizga mutlaqo zid anduh to’la uvillash edi.
— Bu nima ?!- endi o’rnidan turib tutoqib ketdi bosh muharrir.- Sizlar bizni mayna qilishga chaqirdilaringmi?
U ko’proq menga ko’zlarini lo’q qilib, vajohat bilan qarab turardi. Men yelkamni qisdim.
— Bugun ertalab biz eng zarur shovqinlarni yozib kelgandik. Bilmadim, nima bo’layapti?

Shunday deb, ovoz rejissyoriga va yordamchimga qaradim. Ular shoshib qolishgan, bir tasmani olib, ikkinchisini magnitafonga tiqishar, eshitib, kutilgan ovoz kelmagach, yana boshqasini tiqishardi. Nihoyat ovoz rejissyori charchadi. U bizga qaramay kursiga o’tirib, nimanidir eslamoqchidek o’yga toldi.
— Sizdan so’rayapman, nima bo’ldi? Yana tasmani o’chirib yuboribsizlarmi?-Bosh muharrir studiyada tez-tez bo’lib turadigan vaziyat bo’lgan, bular tasmani bilmasdan o’chirib yuborgan deb o’ylayotgan edi.
Ovoz rejissyori unga indamay qaradi. U endi boshliqdan hayiqmayotgan, to’g’rirog’i, unga nimadir juda qattiq ta’sir qilganidan o’ziga kelolmayotgan, endi yo’qotadigan narsasi yo’q odam kabi ters va qo’pol bo’lib qolgandi.
— Yo’q. Biz adashib, o’chirib yubormadik. Agar o’chirsak, yozib kelgan ikkala tasma turardi.

Bog’dan yozib olingan tasmaga ham shu shovqin yozilib turibdi.
-Tushunmadim, -dedim men endi battar ajablanib.- Sal oldin bo’ldi, shovqinlarni sahnalarga qo’yib bo’ldik, endi eshitsak bo’ladi degan siz emasmi?
Ovoz rejissyori ko’zlarini yumib-qayta ochdi.
— Ha, shunday degandik. Lekin ko’rayapsiz-ku…
— Ertalabki tasma-chi?
— Ertalab har ehtimolga qarshi ikkitadan tasmaga nusxasi bilan yozib olganman. Ammo ikkalasi ham o’sha uvillash bilan to’lib turibdi. Axir bu uvillash ham, yaqin atrofimizda it ham yo’q edi… Shunga hayron qolayapman. Boya sahnalarga qo’yayoyotganimizda ham hammasi o’z joyida edi. Buni kim qilishi mumkin, bilolmayapman.

Bosh muharrir gapimizdan hech narsani tushunmagan bo’lsa ham ammo murosa qilgandek, ufladi.
— Mabodo ertalabdan xalqumni ho’llab olmaganmidilaring? Balki mastlikda shu shovqinni yozib kelgandirsizlar?
Men tuhmat qilmang degandek unga zarda bilan qaradim. U mening ichkilikka o’ch emasligimni, ayniqsa, ertalabdan ichib olmasligimni bilardi. Shuning uchun mendan ko’zini olib qochib, ovoz rejissyoriga tahdid qildi.

-Yetar. Tasmalarni topsangiz, toping, bo’lmasa, ertaga qaytadan yozib keling. Bu marta yoningizga boshqa ovoz rejissyorini ham olvoling. Ehtiyot shart. Shusiz ham ishni cho’zib yubordilaring…
Shu gapni aytib, norozi va asabiy qiyofada chiqib ketdi. Uning izidan muharrir va ikkita keksa rejissyor ham chiqib ketdi. Biz endi tasmalarni olib, shoshilmay birma-bir eshita boshladik. Ammo yozib kelgan shovqinlardan asar ham yo’q edi. Ertalab shu ish uchun atayin raqamlagan tasmalarda ham o’sha mungli, mustar nola-sohibini yo’qotgan it uvillashi eshitilib turardi. Kim biz bilan hazillashagan bo’lsa ham qo’pol hazillashgan edi.
-Balkim biz tushlikka chiqqanda kimdir o’chakishib, ustiga yozib yuborgandir?-dedi yordamchim. –Ko’rolmaydiganlar qancha?
Ovoz rejissyori boshini irg’adi.
-Yo’q. Bo’lishi mumkin emas. Men bu tasmalarni o’zimning seyfimga solib, tushlikka chiqqandim. Birov qilishi mumkin emas.
-Nima, seyfingizning kaliti boshqada yo’q deyapsizmi? Odamlarning seyfi ochilmasdan puli yo’qolayati-yu…

Men ularning bahsiga qo’shilmadim. Ertaga ertalab yana boqqa borishimizni, qayta ovoz yozib olishimizni va o’zlari bilan yana bitta ovoz rejissyori va qo’shimcha magnitafon olib olishini tayinlab, uyga jo’nadim. Tramvayda ketarkanman biz eshitgan mung qulog’im ostida jaranglaganday bo’ldi. Qiziq, men shuncha yil radioda ishlab, ovozlar va musiqa jamg’armasini besh qo’lday bila turib, bunday uvillashni hech eshitmagan edim. Bu kimning hazili yoki o’chakishishi oqibati ekan? Xayolimdan mukofotga nomzod bo’lgan boshqa studiyadagi hamkasblarim birma-bir keldi. Ammo ularning bu darajada pastkashlik qilishlariga ishongim kelmasdi.

Ertasiga biz yana o’sha xiyobonda ovoz yozib o’tirardik. Bu safar ovoz rejissyori ikkita, yozish uskunalarimiz esa uchta edi. Ovoz rejissyori o’zi bilan ikkinchi magnitafonni ham olib kelgandi. Biz yana o’sha tonggi nabotot, hashorat va parranda ovozlarini- tabiatning ulug’vorligini madh etayotgan, borliq bilan uyg’unlashib ketgan tiriklik va yaratuvchilik ohanglarini yozib ola boshladik. Men ko’zlarimni yumib yotarkanman, birdan qushlar va hashoratlarning quvnoq ovozlari ostida kechagi tasmadagi uvillash kelayotgandek bo’ldi. Cho’chib, boshqalarga qaradim. Ular indamay ishini davom ettirishardi. Demak, kecha asabiylashganim uchun qulog’imga eshitilayapti deb o’yladim. Ammo bu sas endi menga aniq eshitilayotgan edi. Qushlar chug’uri ostida u birdan quloqqa chalinmas, ammo butun vujudingizni shu shovqinlarga bersangiz, unda ana shu shodonliklar ostida mahzun uvillash kelib turar, u bir yo’qolib, bir paydo bo’lar, go’yo baxtiyorlik va shodonlik bilan bahs boylashib, yutqizayotgandek edi. Men har ehtimolga qarshi chakalakzorga qaradim: u yerda bironta it yo’qmikin? Shuncha mehnatimiz yana zoya ketsa degan fikrdan ko’z oldim bijirlab ketdi-nazarimda, chakalakzor ichida qandaydir katta bir it menga qarab, masxara qilib, tilini chiqarib turgandek tuyuldi. Ko’zimni yumib ochdim- itga o’xshab hurpayib turgan shoxga ko’zim tushdi-da, kulgim keldi. Lekin men it uvillashini aniq eshitdim. Bu itning uvillashi ekani kunday ayon-ku. U qanaqa it ekan, bunchalik bag’ri xun bo’lgan?! Ovoz rejissyorlari shovqinlarning tiniq va aniq yozib olinayotganiga guvoh bo’lish uchun quloqlarini uskunalarga tegizib turishar, keyin mamnun bosh irg’ashardi. Demak, hech qanday g’ayritabiiy narsaning o’zi yo’q. Mening qulog’imga shunday eshitilayapti, buning hammasi kechagi mojaroning ta’siri. Biz endi bu marta ishimiz yurishishga zarracha shubha qilmasdik. Shuning uchun men sahnalarga qo’yilgan shovqinlarni ertaga eshitamiz deb, ular bilan tramvayda xayrlashdim.

Kechqurun yordamchim telefon qildi. U judayam hayajonda edi.
-Aytsam, ishonmaysiz. Barcha tasmalar yana o’sha uvillashni yozib olibdi.- U, aftidan, yig’lamoqdan beri holatda, u telefon qilayotgan xonada ovoz rejissyorlari bo’lsa kerak, asabiy ovozlar kelardi.- Kelmasangiz bo’lmaydi.

Men tezda kiyinib jo’nadim. Ovoz yozish studiyasida endi boshqa rejissyorlar ham yig’ilgan, muharrir ham shu yerda edi.
-Sira aqlim yetmayapti. Bu qaerdan keldi? Axir biz boshqa shovqinni yozib olgandik?- Ovoz rejissyori asabiy gapirardi.
-Balki boshqa kanalga yozgandirsizlar?- kimdir, menimcha, muhandislardan biri so’radi.
-Hamma kanalni tekshirdik. Shu uvillashdan boshqa ovoz yo’q.

Rostanam tasmalardan yana o’sha-mungli va mahzun nola-eng qizig’i, xiyobonda menga shunday tuyulayapti degan uvillash kelardi. Men endi tong qotdim. Va gap tasmada ham, yozish uskunasida ham emasligini sezib turardim. Xiyobonda mening ko’zimga ko’ringan it aslida bo’lgan va u o’sha daraxtlar orasida turib uvillayapti, biz garchi qancha urinmaylik, faqat uning ovozini yozib olyapmiz. Bu yerda qanday sir bor? U qanday it bo’ldi? Uning uvillashida bizni nimadandir ogoh qilmoqchi bo’layotgandek, sirli nola bor edi. Uskunalarimiz garchi qushlar ovozini yozayotgandek tuyulsa-da, aslida quloqqa elas-elas chalinadigan o’sha sirli uvillashni yozib olyapti. Nega? U qanday nola bo’ldiki, o’ziga zamonaviy uskunalarni ham bo’ysundirib, saodatmand ohanglarni eshitamiz desak, bizga asriy g’am-anduh aks etgan itning uvillashini taqdim etayapti? U qanday it? U qanday uvillash, nola?

Muharrirning fig’oni falakka chiqdi. U bir paytlardagi kelishmovchiligimizni esladi, chog’i, meni ataylab shunday qilyapti deb o’yladi. Menga baqrayib tikilgancha ko’rsatkich barmog’ini bigiz qilib ko’rsatdi:
— Siz… siz bu ishingiz bilan javob berasiz. Bu bilan nima demoqchisiz? Bu mazxarabozlikning tagida nima yotibdi o’zi?! Hali tinglovchiga it uvillashini qo’yib berasizmi? It nega uvillayapti? A?
— Men ham shuni bilmoqchiman, -dedim favqulodda o’zimni bosiq tutib.- Bu o’zi nima? Tabiat bu uvillash orqali bizga nima demoqchi? Mening ham aqlim yetmayapti. Lekin bu judayam g’aroyib nola. Buni ataylab yaratib bo’lmaydi. Bu tayyor kuyning o’zi.

Muharrir menga nimadir demoqchi bo’lib, yana ko’rsatkich barmog’ini bigiz qildi. Uning musiqadan umuman savodi yo’qligini eslab, gaplarim behuda ketganini sezdim. U aksar hollarda eshittirish matnini berib, keyin rejissyorlarga “O’qilgach, bir ting’in-ting’ir qo’yib yuboringlar” derdi. Rejissyorlar “Aslida eshittirishda ana shu ting’ir-ting’irdan boshqa narsa ham yo’q, tinglovchi faqat o’sha ting’ir-ting’irni eshitadi”, deb izidan mayna qilishardi. U rejissyorlarning o’ziga munosabatini bilar, lekin ular bilan gap talashib, obro’sini ketkizmasdi. Hozir ham hushyor aqli birdan ishlab ketdi. Zahrini ichiga yutdi.
— Besh daqiqadan keyin bosh muharrirning oldida uchrashamiz.
U eshikni zarb bilan yopib chiqib ketdi. Men ovoz rejissyoriga qaradim. U yelka qisdi. Biz yana bir marta yozib kelgan tasmalarni eshitib ko’rdik. Barcha tasmalarni o’sha uvillash bosib ketgandi. Men yordamchimga bu ohanglarni audio tasmaga ko’chirib, o’zimga berishini tayinlab, bosh muharrirning oldiga yo’l oldim.

Ertasiga bizni asarga bezak berishdan chetlatishdi. Itning uvillashini yozib kelganimiz uchun boshimizga it kunini solishmoqchi edi, ammo tanlov yaqin qolgani sababli istisno qilishdi: boshqa guruh p’esaga shovqinlar ishlovini beradigan bo’ldi. Bizga ham aynan shu kerak edi. Endi g’irt bekorchi edim. Yordamchim yozib bergan tasmadagi itning uvillashini yana bir necha kun eshitib yurdim. Eshitganim sayin bu it nega uvillayapti, u kimni chorlayapti, kimga nola qilayapti degan o’y butun fikru xayolimni egallab oldi. Endi faqat nola qilayotgan it haqida o’ylar va erta-yu-kech qulog’im tagida faqat o’sha itning fig’oni jaranglardi. U qanday it? Egasi bormikin? Nega u bunchalik nola chekayapti? Bir necha kunlik savollarimga xuddi tashlandiq bog’ javob beradigandek, o’sha itga o’xshab hurpayib olgan shoxlar orasida meni javob kutib turgandek, xiyobonga yo’l oldim. Quyosh endi shaharning toqqa tutash qismidan bosh ko’tarib kelardi. Bog’ qushlar va parrandalar, umuman, tiriklikning go’zal qo’shig’iga to’lgandi. Men yana o’sha ovoz yozgan joyga borib o’tirdim. Maysa hidi kelardi bog’dan. Shudring hovurida dimoqqa urilib, keyin qushlar chug’uriga qo’shilib ketardi. Bu yerda hamma narsa baxtiyorlik, yashnash va uyg’onishdan darak berardi. G’ayritabiiy narsaning o’zi, ayniqsa, bu atrofda itdan darak yo’q edi. Unda uvillash qaerdan kelayapti? Qanday qilib tasmalarga joylashib oldi? Men daraxtlar orasini, orqadagi, dala bilan tutash, shabbalab ketganidan chakalakzorga aylangan dafnazor va tutzorni birma-birma ko’zdan kechirdim. Bog’da shoxlar orasini titib yurganimni ko’rgan tanishlarim esdan og’ibdi deb o’ylashlari mumkin edi. Qaredaki xilvat va it bekinib olishi, qaerdaki yotishi, pusishi yoki uya qilishi mumkin bo’lsa, hamma joyni izlab chiqdim. Hech qanaqa it yo’q edi. Unda uvillash qaerdan kelayapti? Holdan toyib, sinib yotgan daraxtga o’tirdim. Xuddi telbalarday xiyobonni axtarganim o’zimga nash’a qilardi. Shu bilan birga men o’sha sirli uvillashning tagiga yetishni istardim. Tin olmoqchiday ko’zlarimni yumdim. Atrofimni qurshagan xushanishin chug’urlardan kuch olish uchun birpas ularning sehriga berildim, keyin har qanday tovushlardan o’zimni uzib, yana o’sha uvillashni eshitish uchun elas-elas kelayotgan shovurlarga quloq soldim. Shu holatda uzoq o’tirdim. Xayolim orqali bog’ning men hali yetib bormagan ichkarisiga kirib ketdim. U yerlarda anvoyi gullar gurkirar, hamma narsa o’z holicha va o’z erkicha o’sib yotardi. Daraxtlar chirkinlikni inkor etib, yangi barglar chiqarar, keyin to’kilgan gullar o’rniga yangi g’unchalar ochilar, minglab ranglar boqqa zeb berish uchun shaylanib turardi. Bu yerda go’zallik bilan xunuklik, zavol bilan yasharish, tubanlik bilan yuksaklik o’rtasida kurash ketardi. Bir mahal ko’zim ilindimi, yo menga shunday tuyuldimi, birdan tasmalarda eshitgan nola oldin sekin, keyin baralla eshitila boshladi. Saldan keyin men uvillashni aniq eshitdim.

Uvillash bir olisdan, bir yonimdan eshitilar, ko’zimni ochib qaragim, uvillayotgan itni ko’zim bilan ko’rgim kelar, ammo birdan it ham bo’lmay, nola ham yo’qolib qolsa-chi degan xavotirda ko’zlarimni ochgim kelmasdi. Uvillashda munis anduh bor edi. Undan dard, musibat, iztirob, g’am-uqubat taralardi. Bu dardga va bu g’amga chidab bo’lmasdi. Uni eshitgan sayin shunchalik dard ko’payar, musibat ulug’lashar, g’am yurakni to’ldirar, yig’lagim kelardi, ammo uvillashdan taralayotgan xo’rlik oldida yig’i nima bo’libdi deb o’zimni ovutardim. Odam qanday chidaydi bu nolaga deb o’kirib yuborging kelardi. U o’zining anduhi bilan sehrlar, anduhi bilan maftun qilar, musibati bilan jodulab qo’yardi. Bu uvillashni eshitgan odam boshqa ohangni qayta eshita olarmikin? Bu nola, bu mahzunlik boshqa barcha ohanglarni fosh qilib, soxtalashtirib qo’yardi. Nega men shu paytgacha bu anduhni eshitmaganman, nega shu paytgacha bu musibatdan uzoq bo’lganman? Nega bu nola o’zini xushanishin ohanglar tagiga yashirdi ekan? Nega uvillayotgan it odamlardan o’zini pinhon tutyapti ekan? Uvillashdagi anduh ta’sirida ko’zlarimdan yum-yum yosh oqayotganini bilardim. Yig’lagan sayin yengil tortar, yanayam o’kirib yig’lagim kelardi. Yig’iga g’arq qiluvchi bu nola qaydan kelayapti, qayga ketayapti? Nega u meni mungga va musibatga oshno etayapti?

Ertasiga ham, keyingi kunlar ham men bog’ning bir chetida o’tirib, ko’zlarimni yumgancha kunimni shu holatda, musibat va anduhdan titrab o’tkazdim. Men uvillayotgan itni ko’rgim, uning g’amiga sherik bo’lgim, musibat ezgan boshini silagim kelardi. Endi bir umr bu noladan ham, itdan ham ayrilolmaydiganday edim.

Ko’zlarimni ochganimda uvillash yo’qolar, yumib olishim bilan qulog’im tagida paydo bo’lar, meni o’z ohangiga olib kirib ketardi. Uvillashda xo’rlik va haqorat to’la edi. Mahkumlik va mutelik, ojizlik va zulm qorishiq edi. Bu xo’rlik bilan odam yashashi mumkin emasdi. Men ko’zlarimni ochib, “Qaerdasan, nega meni bunchalik ezasan, kel, seni ko’ray, maqsading nima?!” deb pichirlardim. Pichirlashim qulog’im tagida xuddi hayqiriqday sado berardi. O’shanday lahzalarda men bir  narsani bilib qoldim: ko’zimni yumishim bilan mening ichimdan nimadir tashqariga sakrab chiqib ketar, menga o’sha sakrab chiqib ketgan narsa itday bo’lib tuyular, ammo mening ichimda it nima qiladi deya bu shubhani inkor qilardim. Asta-sekin boqqa kelishim bilan ichimdan sakrab chiqib ketgan sharpaning itga o’xshashligiga ishona boshladim. Ichimdan chiqib ketarkan, ko’kragimda it panjalari bilan tirnalgandek og’riqni his qilardim. Bir kuni ko’zimni yumgancha, itning nolasi  boshlanishini kutib turarkanman, uvillash shunday yonginamdan kelayotganday tuyuldi. Beixtiyor, o’zim kutmagan shiddat bilan ko’zimni ochdim. Sezgilarim aldamagan edi. Yonimda qopqora it turardi. U kattagina edi. Ammo ko’rinishining o’zidanoq bu itni g’am ado qilgan degan fikr kelardi. Uning ko’zlarida mung va hasrat qotib qolgan, o’zi aftoda, ozg’in, qovurg’alari ko’rinib yotar, oyoqda zo’rg’a turganday tuyulgandi menga. Go’yo bir necha kun emas, bir oydan beri tuz totmaganga o’xshardi.

O’rnimdan qimillashga qo’rqib, uni kuzatib turardim. It har doimgiday boqqa odamlar kirib kelguncha, shovqin boshlanguncha uvilladi, keyin sekin chakalakzor orasiga kirib ketdi. Men uning izidan yugurdim. U chakalakzordan chiqib, devorning tirqishidan o’tdi-da, shaharga qarab ketdi. Devor oshib tushganimda, u allaqachon odamlar ichiga kirib, g’oyib bo’lgandi. Men yengil tortdim. Tirikchilik shovqini-yu hamisha dumni likillatishga va ketni qimillatishga undaydigan kuy  hamda shunga mos olomon bilan to’layotgan bog’da itni ko’rganimdan va uni topganimdan xursand edim. Ertasiga it mendan o’zini olib qochmadi. U endi meni har kuni shu yerda ko’rib ko’nikib qolgandek edi. Yonimga kelib, orqa oyoqlariga o’tirardi-da, osmon-u falakka qaragancha yana o’sha nolasini boshlardi. U nega aynan shu yerga kelib uvillayapti, sira aqlim yetmasdi. Ammo u har doim bir paytda bir joyga kelib uvlardi. Itning menga qarab turishining o’zidayoq mung va hasrat bor edi.

Ehtimol, u o’zining qanchalar aftoda ekanini bilmas ham? Ehtimol, ana shu g’aribligi bilan boqqa kelib, erta-yu kech o’yindan boshqasini bilmaydigan takasaltanglar-u oliftalarga nimadir ishora qilmoqchidir? Bilmadim, ammo bir qarashdayoq uning naqadar ojiz va mushfiq ekanini bilib olsa bo’lardi. U o’ziga hech chetdan qarab ko’rganmikin? O’zini bir marta bo’lsin kuzatganmikin? Buncha g’arib va faqir bo’lmasa vujud degani? Unga qarab bu aftoda tanani ezg’ilaging,  ezg’ilagan sayin tahqirlaging, tahqirlagan sayin uning oyoqlari ostida o’zing tahqirlanging kelardi. Uning qo’tir bosgan vujudida qandaydir sehrli bir kuch borday edi. Biz tezda bir-birimizga o’rganib qoldik. Endi men ham it bilan birga devor tuynugidan emaklab, ko’chaga chiqar, keyin uning izidan sanqib yurardim.

Birgalikda shaharning shuncha yillardan beri biron marta ko’rmagan g’aribgina kulbalar, to’kilay deb turgan masjidu madrasalar joylashgan eski tor ko’chalarini, qadimiy qal’alaru qasrlar xarobalari qolgan tepaliklarni aylanib chiqardik. Ancha kundan keyin men itning har kuni bir xil yo’nalish bo’ylab bir xil ko’chalarni aylanishini, faqat shahar chetida qolgan tor ko’chalarning biridagi o’yma naqshlarini yillar yomg’iri sidirib yuborayozgan ikkita darvoza tagigachiqarib qo’yilgan yegulikdan yeyishini, yana o’sha yo’l bilan iziga — boqqa qaytib kirishini sezdim. It boshqa -shaharning gullab-yashnab yotgan qismiga deyarli burilmas, boshqa biron joydan yegulik axtarib umidvor ham bo’lmas, yo’lidagi daydi mushuklar va sang’i laychalar o’ralashib yurgan oshxona-yu bazmxonalar oldidan indamay, boshini egib o’tib ketardi. Suyak talashayotgan laychalarga bir ko’z tashlardi-da, yo’lidan davom etardi. Agar o’sha eski darvoza oldida yegulik bo’lmasa, indamay iziga qaytar, kun bo’yi och yursa ham, o’zini xo’rak talashib irillashayotgan laychalar ichiga urmasdi. Shuning uchun unga yegulik olib kela boshladim. U men kutganday yegulik deb dumini likillatib, suykalmas, ming bir mulozamat bilan bergan pishloq yoki bo’tqani oldin rosa hidlab, keyin bir bo’lak yer, qolganiga  e’tibor ham bermasdi. Menga u kasalday tuyuldi. Ehtimol, shuning uchun u mana shu ovloqqa maskan qurgandir, ehtimol tanasidagi og’riqni yengish uchun nola qilar?!

Axir sog’ it xo’rakdan o’zini tiyolmaydiku. Shunday bo’lsa-da, uni o’zimga o’rgatish uchun yegulik olib kelar, uvillash marosimi tugagach, biz birgalikda shahar aylanardik. U mening tasavvurimdagi itga o’xshamasdi-kamsuqum, g’arib, va ustiga ustak o’ta qo’rqoq edi. Xudi fil oldini to’sgan qoplonlardek, daydi laychalar oldini hurib to’ssa, ular bilan talashib o’tirmasdi- ular nimani talab qilsa, o’sha yoqqa indamay burilib, beparvo ketaverardi. Uning biron marta tishini ko’rsatib, irillaganini, fe’lini ko’rsatib, birovga yot qarash qilganini ko’rmadim. Undagi kamsuqumlik va ozurdalik menga ham asta-sekin yuqa boshladi. Bir kuni uni uyimga olib ketdim. U men bilan ketishni istamadi. Ammo unga qarab, o’zimning bor muhabbatimni izhor qilib, nimalardir dedim. Aslida ham itga mehrim tushib qolgandi. Uni endi o’zimdan ayro tasavvur qilolmasdim. Sal ko’rmasam sog’inar va unga maftun bo’lib qolgandim. U his-hayajonga to’lgan gapimni tushunganday bir pas mulohaza qilib, ko’zlarimga tikilib turdi, keyin izimdan indamay ergashdi. O’sha kecha biz, to’g’rirog’i men unga o’zim haqimda hikoya qilib berdim. Xayolchan bolaligim, iztirobda o’tgan o’smirlik, balog’atning aldov va xiyonatlari, tirikchilikning mazaxomuz qulligi, do’stlikning juda oson sotilgani, hayotning ayovsiz sinovlari va tabiiyki,erishilmagan muhabbat ham bu hikoyadan chetda qolmadi. U mening gapimni oyoqlari ustiga tumshug’ini qo’yib eshitib yotardi. Ko’p marta do’stlar bilan bo’lgandek va keyin nega shularga dardimni yozdim deb o’zimdan nafratlanib yurgan paytimdagidek, uzoq hikoya davomida u uxlab qolmadi. Aksincha, aqalli biron marta ham mendan ko’zini uzmadi ham, yummadi ham. Unga gaplarim va o’tmishim ta’sir qildi. Orada bir-ikki menga hamdarddek hurib qo’ydi.

So’qqaboshligim ikkalamizga ham qo’l keldi. It menikida qoldi. Biz endi xuddi tug’ishganday yoki oshiq-ma’shuqday bir-birimizsiz turolmaydigan holatga yetgandik.
Ikkalamiz jimgina shahar ko’chalarini kezardik. Ikkalamiz ham tilsiz, zabonsiz bir-birimizni tushunardik. Ikkalamiz kechgacha ko’chalarni aylanar, yuzlari o’zini fosh qilib qo’yayotgan baxtiyorlikdan siniqqan va tashvishlardan gezargan izdihom ichida yurar, odamlarning bizga ajablanib qarashlariga parvo ham qilmay, yonma-yon ketgancha tilsiz-tovushsiz so’zlashib ketardik. U ko’pincha meni ishgacha kuzatib borar, keyin qayoqqadir, menimcha, o’sha ovloq boqqa ketar, ishdan chiqar paytim ko’cha yuzida kutib turardi. Tanishlarim mening it asrayotganimni ko’rib ajablanishardi. Atigi bir necha oy oldin itni ko’rsa ijirg’anadigan menday kelajagi porloq, harqalay, bir siltov kam taniqli bo’lib qolgan yigitning qandaydir ko’rinishiyoq odamda yoqimsiz his va irganish uyg’otadigan kasalmand va qo’tir it bilan yashashini tasavvur qilisholmasdi. Buni menga oshkora aytganlar ham bo’ldi. Ammo mening parvoyimga ham kelmadi. Men ularga siz agar uning uvillashini bir eshitsangiz edi, degim kelar, lekin bu gapimdan uyalardim. Axir itning uvillashi ham odamni sehrlab qo’yishi yoki odam it nolasiga ham oshufta bo’lishi mumkinmi? Bu ular uchun g’irt bema’nilik bo’lib tuyulardi. Shuning uchun ularga javoban indamay qo’yaqolardim. Menga ularning kulishidan ko’ra mana shu kasalmand itning mehrini qozonish afzalday tuyulardi.

Bir kuni tushlikdan qaytishda dahlizda mening xonam oldida yig’ilib turgan hamkasblarimni ko’rdim — u yerda xuddi to’palon bo’layotgandek edi. Qadamimni tezlatdim. Meni ko’rib yordamchim qarshimga yugurdi. Uning ranglari oqarib ketgan, anchadan beri meni izlab yurgan ekan.
-Sizni bosh muharrir xonangizda kutayapti-, dedi xavotir va hamdardlik bilan.
-Nima gap? Mukofotni bo’lishayaptimi,-dedim xonam oldida butun boshli jamoa yig’ilib olishganiga ishora qilib.
-Yo’q. Kimdir sizning xonangizda it yotganini ko’ribdi,-dedi.- Boshqalar ham itni ko’rgan ekan. Hammasi guvohlik berishga yig’ilgan.

Uning gapi mening kulgimni qistatdi. Hamkasblarim aqldan ozganga o’xshaydi deb o’yladim. Xonamga shoshib kirarkanman, u yerda bosh muharrirdan tashqari muharrir, yana xo’jalik bo’limidan ham ikki kishi borligini ko’rdim. Ular nimanidir shivirlashib gaplashishardi. Bosh muharrir qo’lidagi ro’molcha bilan burnini ushlab turardi. Meni ko’rishlari bilan jim bo’lishdi. Nima gap deganday bosh muharrirga va muharrirga qaradim.
— Siz ishxonaga it olib kelish mumkin emasligini bilasizmi,- dedi bosh muharrir o’smoqchilab, xuddi meni ayb ustida qo’lga tushirganday.
— Bilaman,- dedim. –Bu yerga it olib kelganim yo’q.
-Bekor gap,- dedi xo’jalik bo’limidagi kalta kishi.- Farroshlar bir oydan beri sizning xonangizdan it hidi kelayotganini aytishayapti. Qolaversa…- u bosh muharrirga aytaveraymi deganday qaradi. Bosh muharrir bosh irg’agach, gapida davom etdi.-… bu xonadan har kuni it tezagi chiqayapti.
— Bo’lishi mumkin emas,- dedim men.- Men hech qachon bu yerga it olib kirmadim. Bu tuhmat.

Muharrir bosh muharrirning qulog’iga bir nima deb shivirladi.
— Uyingizda it asrayotganingiz rostmi,-dedi bosh muharrir saldan keyin.
— Rost, asrayapman…-dedim muharrirning yaqinda uyimga borganda itni ko’rib, ostonamdan ham kirmay qaytib ketganini eslab, bor majorani shu olifta uyushtirdimikan degan shubhada.
-Unda siz bizga tuhmat qilayapsiz, –dedi bosh muharrir.-Xullas, gap shu. Siz yo itni, yo ishni tanlaysiz. Shu bugun hal qiling. Shusiz ham xodimlar ishxonani it hidi bosib ketgani haqida gap-so’z qilib yurishibdi. Men yuqoridagilarning qulog’iga bu gap yetib borishini istamayman.

U gap tamom deganday o’rnidan turdi. U hamon qo’lidagi ro’molcha bilan burnini ushlab turar, xonadagi hiddan o’ziga kelolmayotgandi. Muharrirning ham burni jiyrilib turardi. Faqat men bu yerda heya qanday g’ayritabiiy hid sezmasdim.
-Xonangizni it hidi bosib ketibdi. Shamollatish kerak,- dedi xo’jalik bo’limidagi kalta kishi. Unga qarab zaharxanda qilib kuldim. Boshliq birontani tepsa, bular borib yanchib o’tadiganlar toifasidan edi.
-Menga qarang, bu tasmadagi it uvillashi bilan sizning it asrashingiz-u mana bu hid o’rtasida bog’liqlik yo’qmi?- so’radi muharrir katta bir sirni ochganday.- Siz bizni it uvillashi bilan mazax qilganingiz yetmaganday endi itni xonangizga ham kiritib olib, ishxonani itxonaga aylantirayapsizmi?
Men indamadim. Ularga gapirish befoydaligini bilardim. Yo’lakda majoraning qanday yakun topishini kuzatib turgan tomoshatalab hamkasblarimning yuzida ham muharrirning gapini tasdiqlashayotgani bilinib turardi. Ertasiga men kimni tanlaganimni aytib, itim bilan boqqa yo’l oldik.

U yerga borib, itim uvillar, men esa ko’zlarimni yumib, yonimda turgan itdan uzilib, uni uvillashi bilan shu bog’da qoldirgancha, uvillashdagi musibatga qo’shilib, olis-olislarga, o’zim ham anglamagan, go’yo hamma narsaning ibtidosi bo’lib tuyulayotgan olislarga ketib qolardim. Nola meni endi hali yaxlit bo’lgan ruhning jilvalarga qarab boshlab ketardi. Hali hech narsaga ism ham, nom ham berilmagan o’sha yerda men itim bilan yana yuzma-yuz kelardik va shundagina biz bitta vujud ekanimizni sezib qolardim. Endi boqqa kelgan paytlarim ichimdan chiqqan va qaytib kirgan narsa itligiga sira shubha qilmasdim. O’sha daqiqalarda bo’laklarga bo’linib, bir qismim itga aylanib ketganini bilardim. Uvillash meni bo’laklab, bog’ning turli burchaklariga sochib tashlar, keyin yana o’zi it qiyofasiga kirib, sekin bir joyga yig’ar va yana sochib yuborardi. Shunda butun hayotim ana shu sochilish va yig’ilish orasidagi bir lahza ekanini his qilardim. It meni sochib yuborar ekan, men mashaqqatlar bilan turli tomonga adashib — uloqib ketgan o’zimni yig’ib kelardim, u esa xuddi men bilan o’ynashayotganday yana sochib yuborardi. Tarqoq va taravaqaylagan holatda vujudimni tariqday sochib yuborayotgan kuchni ko’rmoqchidek, itga qarab “Kimsan, mendan nima istaysan, sen it, nega ichimga kirib olding?!” deb shivirlardim… Ehtimol, u ham menga shunday deb tikilayotgan va so’rayotgandir? Biz yuzma-yuz turgancha bir-birimizning kimligimizni aniqlashga urinardik. U menga qancha bog’lanib qolsa, men ham unga shuncha bog’lanib borardim. Biz endi bir-biriga tikilib turgan bir vujudday edik. Bir vujud bo’la turib ayro-ayro edik. Menga undan taralayotgan ayriliq azob berardi. Biz qachon birga bo’lsak, ayriliq musibati bosilar, salgina ayrilsak, vujudimni anduh to’ldirardi. Men unga aylanishni, uning yonida bo’lishni, uning qo’tir bosgan tanasini uzun, o’zinikiday, xuddi muhabbat yaloviday osilib turadigan tilim bilan yalashni, uning ham tanamni yalab halovat bag’ishlashini istardim. Uning yonida xayol lazzatiga g’arq bo’lib, shu lazzatga cho’kib ketishni orzu qilib o’tirardim…

Bosh muharrirga,
Rejissyor yordamchisi …dan

Bildirgi

E’lon qilingan tanlov bo’yicha bizning “Bahoviddinning iti” radiop’esamiz “Eng yaxshi adabiy rejissyor” mukofotiga sazovor bo’lgani sababli menga rejissyorni zudlik bilan topishni tayinlaganingiz uchun uni qaerdan bo’lsa ham izlab topishga qaror qildim. Dastlab uyiga bordim. Uyni hech kim ochmadi. Qo’shnilarining xabar berishicha, u bir necha haftadan beri uyga kelmayotgan ekan. Shuning uchun nima qilishni bilmay qoldim. Shunda yodimga uning ishdan haydalgach, kunini biz uch oy muqqadam ovoz yozgan ovloq boqqa borib o’tkazayotganini aytgani esimga tushdi. Zudlik bilan o’sha yoqqa yo’l oldim. Qayta ta’mirlash maqsadida anchadan beri bog’ ishlamayotgan ekan. Shunday bo’lsa-da,sizning topshirig’ingizni bajarish uchun qarovsiz boqqa kirib, rejissyorni izlashga qorovuldan ruxsat oldim. Ammo bog’da hech kim yo’q edi. Men biron ovloqroq joyda o’tirgandir deb bog’ning xilvat joylarini axtara boshladim. Bir soatlar chamasi izlasam ham odam zotiga duch kelmadim.

Hafsalam pir bo’lib endi qaytmoqchi bo’lganimda devor tuynugidan kirib kelgan, bir-birini quvlab yurgan ikkita itga ko’zim tushdi. Ular goh mendan uzoqlashib bog’ bo’ylab yugurishar, goh bir-birini erkalab tishlagancha, yonimdan quvlashib o’tar, xuddi ikki oshiqqa o’xshar, bir-birlarining qo’tirlarini tillari bilan yalashar, bir-birining yaralariga ko’zlarini surtishar, shu darajada baxtiyor ediki, mening yonlarida turganimni ham, izidan ancha yergacha ergashib borganimni ham sezishmasdi: ular butun dunyoni unutishgandek, ular uchun faqat ikkalasidan boshqa hech narsaning, bog’ning ham, odamlarning ham, ulkan va shovqinli shaharning ham ahamiyati yo’qdek edi. Ularning bir-biriga muhabbatiga qarab mening ham havasim keldi. Beixtiyor tasmalarga yozilgan uvillash yodimga tushdi. Balki shulardan birining nolasi bizning tasmaga tushib, bizni rosa ovora qilgandir deb o’yladim. Eng qizig’i va sizga bu narsalarni batafsil yozayotganimning sabab shuki, itlardan birining bo’ynida men rejissyorning bo’ynida ko’p marta ko’rganim-charm tumor osilib turardi. Bog’da boshqa hech kimni uchratmadim…Rejissyorni topishning iloji bo’lmadi.

2008 yil

QULTOY

..Ketsin mendan ohu voyim,
Obod bo‘lsin mazgil joyim,
Duo qilgan, qiblagoyim,
Otam Qultoy, xush qol endi…

«Alpomish» dostonidan Alpomish so‘zi

Yuzi aralash tushgan qamchidan soʻng orqasidan tepki yedi — koʻpkarilarda oʻzlariga yoʻl ochish uchun oldini toʻsgan otlarning biqiniga tepib oʻrgangan qaynilar bu barzangi va na xotinni, na roʻzgʻorni biladigan, umri molning izidan tayoq sudrab, qir-u adirlarda oʻtayotgan va shunga yarasha kuch-quvvatga toʻlib turgan odamni boshqa joyiga tepib yiqitib boʻlmasligini, xotinidan boshqa hech kimga aytmagan sirini — aynan shu chap oyogʻini qirning ustida boʻri gʻajib, quvvatsiz boʻlib qolganini bilishganday moʻljaldan adashmay naq tizzasiga, boʻrining tishlari qolgan va besh yildan beri namgarchilik paytlari zirqirab, azob beradigan chandiq ustiga orqa tarafdan ketma-ket zarba berishdi — Uljonning koʻzidan oʻt chaqnab ketdi. U oyogʻim sindi deb oʻyladi va shuning uchun endi nima qilib boʻlsa ham momataloq boʻlib ketmasin deb, bir paytlar Rajab choʻpon bilan Tolli yaylovida muz yogʻayotgan doʻl ostida qolib, ustiga eshakning jabdugʻini yopinib qutulib qolishganday, doʻlday yogʻilayotgan qamchilardan himoyalanish uchun yuzini qoʻllari bilan toʻsgancha har qanday hoʻkizni orqa oyogʻidan bir tortib, qassoblarga bogʻlab beradigan chayir panjalariga agar birontasining aqalli balogʻi ilashib qolsa ham xuddi quturgan sherday tagiga tortib, tilka-pora qiladigandek, qaynilarining yaqin kelishini peshonasidan sizayotgan qondan achishib turgan koʻzlarini qisib olgancha poylab yotar, qaynilar ham ichidagini bilib turishganday oyoqlarini uning qoʻllari yetmaydigan masofada saqlab, xuddi paxta savalashayotganday biri qoʻyib, biri qamchilar, Uljon endi taqdirga tan bergan koʻyi, koʻz oldiga negadir hali qulogʻi kesilmagan kuchugi kelgan, keyin bular meni oʻldirib qoʻysa, izimdan yigʻlab qoladiganim ham yoʻq, anovi esi kirdi-chiqdi maymoqqa esa men oʻlamanmi, qolamanmi, farqi yoʻq, u mendan keyin ham etagiga tezak yigʻib, oʻtgan-ketganga ishshayib yuraveradi degan josusona fikr lip etib oʻtgandi-yu tomogʻiga alamli xoʻrsiniq tiqilib, hatto qarshilik qilish haqida oʻylashga ham qurbi kelmay, boʻshashgancha, oʻzi necha marta koʻziga qarab turib, boʻgʻizlab tashlagan novvoslarning jonholatda pishqirgani kabi hansirab yotarkan, birdan ayolning chinqirigʻini eshitdi-qaydandir maymoqlanib Arzixol paydo boʻlgandi; u qaynilarning ataylab uchiga qotirilgan teri oʻrnatilgan qamchilari momataloq qilayotgan Uljonning boshiga oʻzini tashladi: endi qamchilar ayolning yelkasi aralash vizillar, Arzixol bor ovozi bilan qishloqdoshlarini yordamga chaqirgancha, xuddi yosh goʻdagini bagʻriga olib, bostirib kelayotgan balo-qazolardan asrayotganday Uljonning boshini tovon-u barmoqlari birlashib ketgan mayib oyoqlar bilan tugʻilgani va ayni shu nuqsoni uchun sogʻlom va nuqsonsiz odamlar dunyosida bir umrga boʻynini qisib, boshini egib yurishga mahkum etilgani beri boshidan arimagan haqorat va xoʻrlikdan yilma-yil kichrayib borayotgan mittigina jussasi bilan toʻsib olgandi. Uljon naq burniga tegib turgan ayolning koʻkragidan achimsiq ter va oʻziga juda tanish boʻlgan koʻkrak hidini toʻydi: bir zum u bu hid qaerdan kelayotganini va bu hid dimogʻida qachon va qanday oʻrnashib qolganini anglolmay, oʻzini kaltaklashayotganini ham unutib, beixtiyor xuddi emayotgandek tamshandi. Tamshandi-yu, keyinchalik shu holatini eslab jahli chiqdi, sal boʻlmasa, ikkita sigirning oyogʻini gavroni bilan urib sindirayozdi. Ikki-uch oydan keyin xotini uyga qaytib, bolasini emizib turganini koʻrdi-da, yana oʻsha hid esiga tushdi. Bu hid juda tanish, shu bilan birga notanish edi. Qisir sigirdan farqi yoʻq, bir maymoq toʻqolning koʻkrak hidi oʻziga tanish boʻlishi gʻazabini keltirdi va otasidan oʻrgangan odatini qildi: podaga qoʻshish uchun sigirni yetaklab chiqqan Arzixolninng yelkasiga alam bilan gavron tushirdi. Bu marta ayolni ayadi, gavronning uchigina tegdi. Arzixol uning qoʻrs va qoʻpol muomalasiga oʻrganib ketgandi. Yelkasiga gavron tushganda mayishib ketar, ogʻriqni bildirmay unga ojiz va yalinchoq tarzda tikilgancha maymoq oyoqlarini sudrab, nari ketardi. Shunday paytlari Uljon Rajab choʻpondan oʻrgangan soʻzlar bilan «Enagʻar, maymoq!» deb soʻkinardi. Rajab choʻpon odamovi va qahri qattiq odam edi. Unga mol bilan odamning farq yoʻq, kim jahlini chiqarsa, uzun gavroni bilan tushirib qolar, shuning uchun tersotaliklar uni koʻpam davralarga qoʻshavermas, u podasi bilan yaylovda qancha yursa, qishloq shuncha tinch boʻladi deyishardi. Uning ana shu qoʻrs va oʻziga yoqmagan har qanday masalaga gavron bilan aralashish odati, garchi pushti kamaridan tushgan farzandi boʻlmasa ham Uljonga toʻliq koʻchib oʻtgandi. Rajab choʻpon qahri qattiq boʻlgani bilan mijgʻov emasdi. Uljonning asrandi ekanini biron marta ham yuziga solmadi, shu sababli Uljon bu uyga asrandi ekani xayoliga ham kelmasdi. Bola qizi bilan koʻkrak talashib katta boʻla boshlagach, birovning farzandi ekani ham Rajabning esidan chiqib ketdi va u olti yoshga kirishi bilan oʻziga qoʻshib, podaga olib ketdi. Shundan soʻng goh Chit ustidagi, goh Tollidagi yaylovlarda oylab qolib ketishar, ota-bola poda ketidan yurib, oʻz izlaridan xuddi oʻz umrlarining yorqin va navqiron davrlarini birma-bir yoqib, keyin oʻchirishayotgandek tutab yotgan oʻchoqlar bilan birga mol tezaklari qoldirgancha, gavronlari bilan sigir oyoqlari-yu oʻzlariga yoqmagan odamlar yelkasiga jizzaki fe’llarining asoratlarini chizib, oʻzlarining goh yuvvosh, goh zardali kayfiyatlari kabi oʻzgaruvchan fasllar-u yillarni bu togʻ yaylovlari va dashtu-dalalarga birma-bir almashtirib chiqishardi. Uljon maktabda oʻqimadi, uning borligini birov eslamadi ham. Shuning uchun xuddi dasht boʻrisi kabi jizzaki va sirkasi suv koʻtarmaydigan qiziqqon boʻlib oʻsdi. Oradan yillar oʻtib, balogʻat yoshiga yetgandagina, hujjat kerakligi yodiga tushishdimi, Rajab choʻpon bir qoʻzili qoʻyga eski tanishi orqali tugʻilganlik guvohnomasini toʻgʻirlab oldi. Shunday qilib, Uljonning asrandi farzand ekani ham, kenja qizi ikki oylik boʻlganda, bahorning oxirlarida bezgak tutib yotgan xotini kasal holida otasinikiga ketib, qoʻlida bir haftalik bola koʻtarib kelgani ham esidan chiqib ketdi. Oʻshanda u xotinining qoʻlidagi eti hilvirab yotgan chaqaloqni koʻrib, otasinikida ikki kun qolib ketgani uchun gavron bilan savlamoqchi boʻldi-yu, ammo xotinining oʻziga yalinib, iltijo bilan titrab, bezgak tutib turganini koʻrgach indamadi. Ustma-ust qiz tugʻib, mendan kaltak yeyavergani uchun ham bu bolani olib kelgan deb oʻyladi oʻzicha. «Bir qarindoshimiz tuqqan kuni oʻlib qolibdi, qizing hali sutdan chiqmagan deb menga berishdi, bu endi bizning bolamiz, otasi» dedi Rohat. Rajab endi tugʻilgan qoʻzichoqday boʻlib yotgan chaqaloqqa qaradi-yu, boshqa bu bola kimning bolasi, qanday qarindoshi boʻladi, qaynotasi nega kasal xotinini aynan shu kunlari Chitga shoshlinch chaqirdi va xotini qanday qilib bu bolani olib keldi, qayta surishtirib oʻtirmadi. Hatto unga ism qoʻyish ham esdan chiqib ketdi. Oradan bir hafta oʻtmay xotini bezgakdan qaltirab ikkita chaqaloqni boqishga qiynalayotganini aytdi va otasining uyida oʻtirib qolgan maymoq singlisini olib kelishini soʻradi. Rajab choʻpon indamadi. Xotini kuvi pishishga ham qurbi yetmay qolganini va kundan kun xuddi kuzgi shuvoqdek toʻkilib borayotganini bilardi—Arzixolni qaynotasi bir soʻz demay, xuddi bu er olmas qizdan bezor boʻlishgandek, bitta eshak qulogʻicha keladigan boʻgʻchaga oʻralgan kiyimlari bilan tashlab ketdi. Hatto kuyovning koʻzlariga qaramadi ham. Rajabning maydakashlik odati yoʻq edi. Bunga e’tibor ham bergani yoʻq. Keyinchalik bola yura boshlaganda Rajab bolaning boʻliq oyoqlariga qarab turib, xotiniga «Bu endi bizning ul boʻldi, Uljon qoʻyaqol» dedi. Shunday qilib, Chitlik bola Rajab choʻponning merosxoʻri boʻlib qoldi va Arzixol ham qaytib otasinikiga ketmadi. Uljonning ham asrandi ekani ba’zida kelib, otasining uyi-yu moliga iddao qilib ketadigan qizlari demasa, hech kimning xayoliga kelmasdi. Ammo qizlar Rajab choʻponning Uljonga boʻlgan munosabatini koʻrib, bu haqda ochiq-oshkora ogʻiz ochishmasdi. Rohat toʻshakka mixlanib qolgandan keyin butun roʻzgʻor moʻylovi sabza urib, otasiday bagʻritosh va qoʻpol boʻlib voyaga yetayotgan Uljonning turtkilashlari-yu qamchilaridan qirqdan oshar-oshmay mushtday boʻlib qolgan shu maymoq ayolga, Rajab choʻpondan soʻng qishloqning podasi esa Uljonga qoldi.

Uljon Arzixolni boshidayoq yoqtirmasdi: u bu majruh ayol nega oʻzlari bilan yashayotganini uzoq vaqtgacha tushunmadi — keyin esa onasining oʻrnidan turolmay yotganda yolgʻiz shu mayib xolasi kuniga yarayotganini koʻrganda, battar gʻashi keldi: unga bu ayolning biron ishni eplab qilolmasligi, ish buyursa, hamisha chalasi boʻlishi, chiroq yoqqanda, shishasi yorilishi, idish yuvganda kosa sindirishi, non yop desa, xamir oqib ketib, nonsiz qolishlari, sogʻib olgan sutiga, albatta, mol goʻngi qoʻshilib qolishi, umuman, ayolga xos boʻlgan juda koʻp fazilatlar bu Xudo urganda yoʻqligi uning gʻashini keltirar, ustiga ustak bu ayolga rahm qiladigan, unga achinadigan odamning oʻzi yoʻq, otasidan tortib, opalarigacha Arzixolga bir keraksiz va ortiqcha buyumga qaraganday qarashar, bobolari bilan togʻalari ham Chitdan qidirib kelishganda Arzixol bilan nomiga soʻrashar, goʻyo u allaqachon oʻlib ketganday, bu mayib ayol bir begonaday, uning hali ham oʻsha otasi bilan olib kelgan boʻgʻchadagi kiyimlari ustiga ilinib turgan abgor qiyofasiga e’tibor ham berishmas, Rohat esa kasallik hech kimga keragi boʻlmagan bir maymoqni emas, aynan oʻzini tanlab, hayot shamlarini birma-bir oʻchirayotgani uchun alami kelgandek yotgan joyida Arzixolni «Sen toʻqol, meni oʻzingday beburd qilasan, meni isnodga qoʻyasan» deb qargʻanar, koʻzi tushgan joyda uni goʻrdan olib, goʻrga tiqar, shunda ham bu ayol xoʻrlik va haqoratga loyiqday biron e’tiroz bildirish tugul, hamisha qoʻrqib, hurkib, burchak-burchaklarga bekinib, birovlarning koʻziga koʻrinmay yashar, bu esa Uljonning gʻashini battar keltirar, uni koʻrgan joyda turtkilab oʻtar va oʻtirsa oʻpoq, tursa soʻpoq deb soʻkardi.

Qaynilarining qirdan oshib kelayotganini koʻrgandayoq Uljon bularning niyati buzuqligini bilgandi. Ammo tom aylanib qochishga yo bekinishga gʻururi yoʻl qoʻymadi. Otning abzalini tortgancha ularni poylab turaverdi. Birinchi qamchi kelib tushganda, ot hurkib, qochib qoldi. Qishloqda har kim oʻz ishi bilan band, toʻrtta barzangining qishloqdagi har qanday yigitni bir choʻqishda qochiradigan Uljonday odamni uyiga kelib kaltaklashi xayollariga ham kelmasdi. Ammo qaynilar bir soʻz demay kuyovni savalashga tushishdi. Tovuqlarga don berib, katakdan oʻrmalab chiqayotgan Arzixol koʻrib qolib, oʻzini ustiga tashlab, bor ovozi bilan butun qishloqni oyoqqa turgʻizgandagina qishloqdoshlari ajablangan koʻyi birin-ketin yugurib kela boshlashdi.

Boyqul chol Qoʻshkoʻllik qaynilarni jerkib berdi.
— Singillaringni haydab yuborgan boʻlsa, qamchi bilan qoʻshasizlarmi? He, oʻrgildim sizlarday orkashlardan.
— Singlimiz endi bu hoʻkizning uyiga oʻlsa ham kelmaydi! Bunga boshqa xotin topib beringlar! — dedi oʻrtancha qayni.

U jimitday gavdasi bilan Uljonning boshini toʻsib olgan Arzixolning yelkasi osha qamchi tushirganda akasidan bir qamchi yeb, boʻynini ushlab turardi.

Qaynilar ot chopib, qishloqlarining orini koʻtarib yurgan odamlar edi. Keksa chol bilan tortishib oʻtirishmadi. Bundan tashqari tersotaliklar ham oʻz qishloqlariga qamchi koʻtarib bostirib kelishganidan nafsoniyati qoʻzgʻalib, biri tayoq, biri panshaxa koʻtarib olishgan, vajohatlaridan aka-ukalarni gʻajib tashlagudek koʻrinishardi. Ular otlariga minib, bir soʻz demay joʻnab qolishdi. Arzixol yuzidan sizayotgan qon boʻyni orqali ichiga oqib ketayotganidan bexabar Uljonning yuzidagi jarohat izlarini roʻmoli uchi bilan artar, nariga uchib ketgan telpagini qoqib boshiga kiydirardi. Uning mehribonchiligi Uljonning jahlini chiqardi. U oʻziga kelib, ayolni itarib yuborib, hali qirga yetmagan qaynilariga bir koʻz tashlab, omborga qarab yugurdi. Arzixol uning nima uchun omborga kirganini bildi. Maymoqlanib, Boyqul cholga nimadir deb gʻulduragancha, izidan chopdi va omborning eshigiga tayoq oʻtkazib qoʻydi. Ichkaridan Uljon eshikni tepib baqirayotgani eshitildi. Uljon bir iloj qilib, eshikni buzib, qoʻlida miltiq bilan chiqqanda qaynilar allaqachon qir oshib ketgandi. Uljon alamiga chidolmay qoʻndoq bilan Arzixolni bir urib yiqitdi.
— Enagʻar maymoq, ularning oʻrniga seni oʻldiraman!

Uljon xotinining ketib qolishi-yu, qaynilarining oʻzini savalashgani alamini biratoʻla maymoq ayoldan oldi: har doim podadan qaytganda Rajab choʻpon oyoq ostida yotmaslik uchun oʻrgatgan joyga — ayvonning shiftiga tiqib qoʻyilgan uzun irgʻay tayoq bilan Arzixolni solib qoldi. Ayol sal boʻlmasa ikki qadamga, ayvonga terib qoʻyilgan bugʻdoy qoplari ustiga uchib borib tushdi: uning jimitday tanasi xuddi koptokday yuqoriga koʻtarilib tushganini bu yerga nafsoniyatlari qoʻzgʻalib emas, koʻproq tomosha uchun kelgan tersotaliklar aniq koʻrishdi. Arzixol Uljonga ojizona va zaif ovozda nimadir demoqchi boʻldi, musichaning qurillashiday ovoz chiqardi, ammo hech narsa demadi, tayoq tushishi bilan boshidan uchib tushgan roʻmolini olib, esiga tushgandagina qatiqqa yuviladigan sochi patak boʻlib yotgan toʻzgʻoq boshiga tashlab, Uljonning koʻzidan yashirinish uchun molxona tarafga pildirab oʻtib ketdi.

Kechga yaqin Oʻrol usta qop-qorayib ketgan tayoq oʻrnini koʻrib, zaiflashib qolgan tirsakni ushlab koʻrarkan, ayolchalish qilib qargʻandi:

— Hoʻkizday boʻlmay oʻl-da, sen, Uljon. Kelib-kelib bir mayibga kuching yetdimi? Qoʻlini sindirib qoʻyibsan-ku, juvonmarg.

Arzixolning ogʻriqdan koʻkarib ketgan yuziga qarab, oʻzi ustani boshlab kelib, oʻzi dakki eshitayotgani jahlini keltirdimi, yo qilgan ishidan uyaldimi, Uljon cholga bir ogʻiz gap qaytarmay nari ketdi.

— Uni qargʻamang, usta bova, — dedi Arzixol ogʻriqdan terlab, inqillarkan. — Ayb oʻzimda. Oʻzim yiqilib tushdim. Xotinini men sigʻdirmadim. Meni deb ketib qoldi. Nima qilay, men bir Xudo urgan ayol ekanman. Bunga ham dardisar boʻldim. Oʻzi opamning oʻrniga men oʻlib ketsam boʻlardi.

Tersotaliklarning birontasi Uljonni koyiy boshlasa va u haqda yomon fikr bildirsa, Arzixol birdan uni «Aslida ayb menda, opamning oʻrniga men oʻlib ketsam yaxshi boʻlardi» degan soʻzlar bilan himoya qilishga tushardi. Rohat odam tanimay, koʻzlari orqali rozi-rizolik qilib yotarkan, Arzixol rozilik soʻrash oʻrniga «Sizning oʻrninigzda men oʻlsam yaxshi boʻlardi, Uljon ham shuni istayapti», deb yigʻlaganini hali haligacha qishloqdoshlari eslab yurishardi. Tersotaliklar bu majruh ayolning hamisha oʻzi qilmagan aybni boʻyniga olishi va hamisha hurkak, bir narsadan xavotirda yurganday doimo Uljonning oldida qaltirab turishi, Uljon desa kasalligiga qaramay oʻrnidan turib ketishi, Uljon kelmasa kechalari toki u kelguncha mijja qoqmay chiqishi, ba’zida och ketganda, ovqat koʻtarib, mayib holiga qaramay, ikki qir nariga — yaylovga piyoda borib kelishi, bolalari va xotinining tayyor choʻrisi boʻlib qolganining sababi — ayol unga oʻrganib qolgan, shu sababli Uljonning uydan haydab yuborishidan qoʻrqadi, poda izidan yuraverib, oʻzi ham hoʻkizga oʻxshab qolgan bu yovvoyi uni haydab yuborishdan ham qaytmaydi, shuning uchun ham bu ayol oʻziga shuncha azob bergan odamga baribir mehribonlik qilaveradi, chunki bu asrandini chaqaloqligidan oʻzi koʻtarib katta qilgan, oʻz bolasiday boʻlib qolgan, bir uyga beka boʻlish baxtidan mahrum boʻlgan shoʻrlikning shu choʻpondan boshqa bu dunyoda ovunchogʻi qolmagan, faqat shu Uljonga boʻlgan mehrgina bu bebaxtni dunyoda ushlab turibdi deyishardi.

Oʻrol usta oʻshanda qariyib oʻttiz yildan beri Rajab choʻponning uyida yarim jon va mittigina boʻlishiga qaramay, qoʻli kosov, sochi supurgi boʻlib qolgan ayolning yiqilib tushganiga ishonmagandi: tayoqning oʻrni bilinib turardi. Arzixol hech qachon biron kishiga aytmagan boʻlsa ham uning goh peshonasi, goh yuzi shilinib, koʻkarib yurganini koʻrgan qishloqdoshlari bu Uljonning ishi ekanini bilishardi. Usta Oʻrol tuxum surtib, Arzixolni dodlatib, tirsakni xuddi munchoq terayotganday silab-ishqaladi, singan suyaklarni qoʻli bilan tekislab boʻlgach, chorchoʻp qilib bogʻlab qoʻydi. Ogʻriq qolgandek boʻldi-yu, ammo Arzixolning tirsagi yillar oʻtishi bilan qaltiraydigan, keyin esa, salga chiqib ketadigan darajada moʻrtlashib qoldi. Oradan yillar oʻtib, Arzixolning chiqib ketgan tirsagini xuddi qoʻgʻirchoqning qoʻlidek joyiga solib qoʻyishga Uljonning bolalari ham oʻrganib ketishdi, tirsakni joyiga solish payti ayol dod-voy qilib turganda, Uljon sekin uydan chiqib ketar, shuncha yillar oʻtgan boʻlsa ham negadir qaynilari kelib ketganda alam ustida Arzixolni kaltaklagani yodidan chiqmas va oʻsha kungi ter hidi kelayotgan koʻkrak hidini dimogʻida tuyardi. Vaholanki, u bu maymoqni jahl ustida tayoq bilan solib, mayib qilib qoʻyay degan holatlar umri davomida koʻp boʻlgan, bularning birontasi ham esida qolish tugul, hatto bir moʻyini qilt ettirganini eslolmasdi. Nega aynan oʻsha kungi voqea yodida bunchalik uzoq saqlanib qolganini tushunmasdi. Eng kayvoni kampirlaru oqsoqollarning ham qoʻlidan kelmagach, tersotaliklarni hayratga solib, poyu-piyoda maymoqlanib Qoʻshkoʻlga kirib borgan Arzixol bilan birga uyiga qaytgani sababli singillari bilan yuz koʻrishmas boʻlib ketgani uchunmi yo turmush degani chimildiqdagi entikishdan boshqa narsa ekanligi tufaylimi, xotinining tobora injiq va mijgʻov boʻlib borayotganiga qaramay izma-iz tugʻilayotgan bolalar oʻsha kungi kaltaklanganining alamini ham, xotinining zaif joyini sotib qoʻyganini ham, qaynilari uni urish uchun aynan oʻsha zaif joyidan foydalanishganini ham, oʻsha kuni Arzixolni jahl ustida urib, birinchi marta chekkan xijolatini ham uning xotirasidan surib chiqarishdi, ammo achimsiq, ter ta’mi bor koʻkrak hidi esidan chiqmadi. U bu hidni ilgari qaerda hidlaganman deb keng vodiyda yoyilib oʻtlayotgan podalarga xuddi oʻz mulkini kuzatib turgan shahonshohday sersolib qaragancha, Arzixolnining goh yelkasi, goh oyogʻiga tushaverib, oʻzi ham ayolning bilak va yelkalariga qoʻshilib, yilma-yil yeyilib-silliqlanib borayotgan tayoqqa suyanib, azobli oʻyining tagiga yetishga urinardi. U yillarning uvalanib ketgan kesaklari va suvoqlari ostida qolgan yiltillab turgan oʻsha xotirasini topgandek boʻldi: Arzixol maymoq chaqaloqligida oʻzini ovutish uchun koʻkrak bergan, shu yoʻl bilan Rohat onasi yoʻq paytlari, keyin esa, kasal boʻlgandan keyin hamisha ter hidi kelayotgan, oyoqlaridek zaif va hayot asari yoʻq, xuddi suzmasi achib qolgan xaltadek soʻlgʻin, sassiq koʻkragini ogʻziga tutgan, hid oʻshandan dimogʻida qolgan deb oʻyladi va bu uni battar tutoqtirib yubordi — u bu maymoqni er ham olmagandan keyin menga koʻkragini berib, oʻzini ovutgan, shuning uchun meni xuddi oʻzi tugʻib qoʻyganday mehribonlik qilgan, bu hid oʻsha paytlardan xotiramda qolgan degan xulosaga keldi: bu uning jahlini battar qoʻzgʻadi, agar shu payt maymoq oldida boʻlganda, gavroni bilan yelkasiga solib qolishdan va sogʻ qoʻlini ham mayib qilishdan qaytmasdi. Shuning uchun u keyinchalik ham Arzixolning mayib oyogʻiga qoʻshilib, oʻng qoʻli ham butunlay ishlamay qolganda, biron marta oʻzini aybdorday his qilmadi: aksincha, uning bir paytlar, onasi oʻrniga oʻzining shoʻrlangan teriday koʻkragini tutgani uchun kechirolmadi. Uljonning ayolga boʻlgan bunday munosabati keyinchalik uning bolalariga ham oʻtdi: esini taniyotgan bolalari ham chaqaloqlarning ishtonini yuvishmi, tezakdan guvala qilishmi, qozon ostiga olov yoqishmi, qish kunlari qurigan yulgʻun terib, toʻqayzor titib yurishmi, hammasi maymoq ayolning chekiga tushganidan zarracha ham ajablanishmay qoʻyishgan, uni momolarining singlisi deb emas, uylaridagi oʻzlari qilishga irganadigan yoki qoʻllari bormaydigan qora ishlarni bajarishga mahkum etilgan choʻri deb tasavvur qilishar, Rohat oʻlgandan keyin Arzixol sichqon hidi bosib ketgan omborga koʻchib oʻtgan — Uljon nozik mehmonlarga ataylab togʻda otib kelgan, shamolda quritib, qotirish uchun omborni toʻldirib ilib tashlagan va qotgani sayin shuncha mazasi chiqadigan toʻngʻiz etlari bilan birga bu ayolning umri ham kichkina hujrada yilma-yil quruqshib borardi.

Aslida xotinining ketib qolishida Arzixolning aybi yoʻq edi. Arzixol kelinni haydatib yuborish tugul, unga oʻqrayib qarashga ham yuragi betlamagan, aksincha, kelin kelgan kunidanoq bu maymoq ayolga butun jasadini tashlab olgandi. Oldiniga nomiga boʻlsa ham Uljonning onasi oʻrnidagi xolasi, shularning xizmatini qilasan deyishdi kelinga. Ammo Arzixol kelinga xizmat qildirishga imkon ham qoldirmadi. Hali chillasi chiqmagan deb uy yumushlarini oʻz zimmasiga oldi — kelinning baxti bor ekan — chimildiqdaligidayoq tekin xizmatkorga ega boʻldi. Kelin poda izidan ketgan, ba’zi kechalari tuni bilan ham yaylovda tunab qoladigan kuyovni kutib oʻtirgan tunlarda Arzixol uni ovutishga urinardi — hali hech kimga, hatto oʻz opasiga ham aytmagan sirlarini shivirlab aytib, kelinning kuyovi kelmayotganidan paydo boʻlgan hijronini biroz boʻlsa ham bosishga urinardi. Kelin birinchi bor koʻrgandayoq bu ayolning oyogʻini toʻgʻrilab bosishdan boshqa armoni boʻlmasa kerak, bunday ayolda orzu-havas nima qiladi deb xato oʻylaganini oʻsha kunlari bilib qoldi. Zero Arzixolning ana shu siridan boshqa bironta ham boshqalarga aytishga arzigulik xotirasi yoʻq edi. Shuning uchun chillasining chanqogʻini bosolmagan kelinga shu xotirani aytib, chimildiqdan chiqmasdan kuyovdan norozi boʻlayotgan kelinni chalgʻitishga uringandi. Shundan boshqa niyati yoʻq edi. U kelinga uyalibroq, lekin xoʻrsiniq bilan bir chavondoz yigitga koʻngli tushganini, oʻzlariga maymoq kelinni munosib koʻrmagan ota-onasidan nolib, u yigit hu anovi qir ortidagi qishloqdan kelib, toʻqayzorda uchrashib turganini, Arzixol ham uylaridagi suv toʻla chelaklarni oʻraga agʻdarib, tez-tez suv olib kelish uchun daryo boʻyiga—oʻsha toʻqayga tez-tez borib turishini, yigitning qamchisiga kashtali bandak toʻqib berganini, keyin nima boʻlib, chavondoz yigit koʻrinmay qolganini, oradan oylar oʻtsa ham undan xabar boʻlmaganini, u esa yurak yutib birovga bu haqda gapirolmaganini, hali ham oʻsha yigit navqiron va oʻktam qiyofada, yulgʻun va zirk bilan toʻlgan toʻqayda yurgandek, oʻsha toʻqayga borgisi, uni koʻrib, koʻkragiga bosh qoʻyib shuncha yillik ayriliq uchun gina qilib, toʻyib-toʻyib yigʻlagisi kelishini aytib qoʻydi. Oʻsha payti kelin bu gaplarni biron kishiga gullab qoʻymaslikka va’da bergandi. Ammo bolalar tugʻilib, Uljonning xolasiga boʻlgan qoʻpol-qoʻrs muomalasi asta-sekin kelinning ham betini qotirdi—u ham Arzixolga eriga oʻxshab muomala qilishni oʻrgandi. Oldinma-ketin tugʻilayotgan bolalarning beshigini tebrataverib ayolning qoʻllari chilvirday eshildi, keyin esa koʻtaraverib, yelkasining yagʻiri chiqdi. Ammo buni ayol bir marta ham na Uljonning, na kelinning yuziga solgani yoʻq. Aksincha u xuddi oʻz nevaralarini bagʻriga olib, tarbiya qilayotganday bolalarning na xarxashasidan, na toʻpolonidan bezor boʻlar, bolalar uni qiynagan sayin ayolning ularga mehri iyib, koʻproq suyib borar, bolalar uni goh ot, goh eshak qilib minib, butun hovlini aylanib yurganini koʻrganda Uljon asli bu maymoqning esi yoʻq, buning oʻzini tarbiyalash kerak oldin, u tomonidan bu tomoni yaqin qolgan kampir ham shunaqa qilib bolalar bilan oʻynaydimi deb oʻylar va shunday bir ayolni oʻziga dardisar qilib tashlab ketgan onasidan norozi boʻlib, qoʻlidagi gavronni gʻazab bilan ushlab qoʻyardi. Kelin ham endi unga bir xizmatkorga qaraganday qarar, uy ishlari-yu, supur-sidir, mol-holga va bolalarga qarash Arzixolning zimmasida edi. Yillar oʻtishi va chimildiqdan uzoqlashib, turmushning betiyiq ehtiroslariga oʻralashib qolgan kelin bergan va’dasini unutdi. Bir kuni Uljon dasturxon ustida qir ortidagi bir chavondozni baytali tepib oʻldirganini aytib, janozaga borayapman deb, xotinini shoshira boshladi.
— Enagʻarni bedov emas, baytal tepib oʻldiribdi. Xuddi oʻch olgandek, naq qanshariga tepibdi, — dedi u.—Boyqul chol kutib turibdi. Xuddi oʻzi borsa qirda boʻri yeydiganday… Tez boʻl…

Shunda kelin befarosatlik qildi.
— Bu, haligi, siz bilan va’dalashib yurgan chavondoz emasmi, — dedi piching aralash kelin bir chetda Uljonning xurjunini ombordan olib chiqqan Arzixolga. — Hali pochchamning azasiga borayapman deng…

Uljon ajablanib xotiniga qaradi. Arzixol esa taxtaday qotib qoldi — u hozir hammasi tugaydigandek, Uljon uning sirini bilib, terisiga somon tiqadigandek gezarib-qaltirab turardi. Uning yuzi bunchalik oqarib ketganini va bunchalik sarosimaga tushganini hali hech kim koʻrmagandi. Uning yuzi kechirib boʻlmas gunoh ustida qoʻlgan tushgandek oqarib ketgandi. Ammo Uljon xotinining gapidan boshqa ma’no tuydi: bir hafta oldin kelinning xolasi toʻy qilganda Uljon «Pochchangning oldida toʻy qarzim yoʻq, men toʻy qilganimda ham kelgani yoʻq, oramiz ochiq» degandi. Bir haftadan beri toʻmtayib yurgan xotini qosh qoʻyaman deb koʻz chiqarganini kech angladi, pichingi qimmatga tushdi.

Bezrayib turgan Arzixol aralashishga ulgurmadi, kelin faqat qarindoshlarining toʻy-azasiga bormay qoʻygani uchun emas, eri yilning uch faslini yaylovda oʻtkazayotgani va oʻzining gulday umri ikkita churvaqaning bigʻillashi bilan oʻtib borayotgani uchun toʻlib turgan ekanmi, tiliga kelganini ogʻzi charchaguncha gapirdi, Uljon ham qoʻli charchaguncha uni savaladi. Uljon ketgach, yelkasi mamataloq boʻlgan kelin bolalarini olib, Qoʻshkoʻlga, otasinikiga ketib qoldi. Arzixol Qoʻshkoʻl qirigacha yalinib borsa ham kelin qayrilib qaramadi: u kelinning izidan toki qosh qorayguncha qarab oʻtirgan qir ustida ertasiga toʻrtta otliq paydo boʻldi….

* * *

Oʻziga tengdosh ayollar allaqachon kelinli boʻlib, bolalar-u nabiralar, kelinlaru qizlar parvarishida, yetti qavat koʻrpa ustida sogʻliklaridan noliy boshlaganda ham Arzixol na sogʻligidan, na turmushidan nolir, hali ham otasi Rajab choʻponnikiga opasining xizmatini qilish uchun tashlab ketgan oʻsha sunbula oqshomidek tongdan shomgacha Uljonning yilma-yil kattarib borayotgan gʻalvali roʻzgʻorida, qoʻzi izidan toʻqayzoru bahor paytlari xuddi dunyo oʻtkinchiligini ta’kidlayotgandek shoshib-toʻliqib oqadigan daryo boʻyida, poda tezagi tushgan qiru adirda, qishloqning mish-mishlaru gʻurbat koʻmilgan chang koʻchalarida oʻzining shum taqdirini yetaklab yurgandek kuymalanib yurar, uni mayib qilib yaratgan taqdir xuddi uni endi siylayotgandek yoshi oʻtgan sayin u tetiklashib, kuchga toʻlib borar, yanayam jonsarak boʻlib qolgan, kechasi hammadan keyin yotar, ochilib qolgan bolalarning va Uljonning ustini yopib qoʻyar, sovub qolgan pechkaga tezak tashlar, uxlab yotgan kelinning uygʻonib qolishidan xavotirlanib, nafasini ichiga yutib beshik tebratib chiqar, keyin allamahalda yillar-u fasllar qor va yomgʻir qiyofasida yemiraverib, kalamushning uyasiday gʻarib qilib qoʻygan omborga kirib ketar, ertalab esa maymoqlanib yo oftobani, yo sut toʻla kadini agʻdarib yuborgan shovqin bilan boshqalarni uygʻotar, endi tovushi doʻrillay boshlagan Uljonning bolalari ham uni xuddi otalariday jerkir, kelin esa tinim bermay yumushga koʻmib tashlar, u esa yaroqsiz boʻlib qolgach tashlab yuboriladigan buyumga oʻxshab bu uydan haydalishdan choʻchigandek hech bir ishdan boʻyin tovlamas, u oʻzini keraksiz boʻlib qolayapman deb oʻylagani sayin Uljonning bolalaridan tortib, oʻzi ham kampirga koʻproq suyanib borar, uning ogʻrib yo kasal boʻlib yotib qolishini tasavvur ham qilisholmasdi. Xuddi oʻzi chiqmasa, qishloq moli oʻrmaydigandek, Uljonni poda izidan Azlar qirigacha kuzatib qoʻyar, agar kech qolsa, hech kimga aytmay yana oʻsha qirga, chayir va temirday mustahkam ildizlari toshlarni yorib, qoyaga chirmovuqday yopishib olgan, shoxlari qurib-qaqshab ketganiga qaramay eng baland novdasida hali joʻshqinlik va koʻklam hidi barq urib turgan, bir juft gʻuddasini xuddi butun dunyoga koʻz-koʻz qilayotganday silkitib qoʻyadigan va tabiatning fasllar qiyofasida goh izgʻirin, goh jazira, goh sel boʻlib keladigan barcha sinovlariga matonat bilan dosh berib kelayotgan yolgʻiz keksa zarang daraxti yoniga borib, xira torta boshlagan koʻzlarini olis yaylovlarga tikib, choʻkkalab oʻtirib olar, goʻyo keksa zarang bilan sabr va matonat borasida bahs boylashayotganday toki uzoqlardan kelayotgan podaning changi koʻrinmaguncha shu holatda qilt etmay oʻtiraverar, poda koʻrinishi bilan maymoqlanib, turtinib-surtinib, peshvoz chiqar, qariyb ellik yildan beri yolgʻizlikdan zerikkan daraxt esa uni qoʻyib yubormaslik uchun juldur kiyimlaridan bir parcha yulib qolganini ham, keyin asov shamolda xuddi gʻoliblik tugʻiday laxtakni hilpiratib turganini ham sezmay, Uljon sari otilardi. Ayol qarigan sayin jonsarak, harakatchan, sergʻayrat boʻlib borar, endi uni boshqa tersotalaklarning ham xizmatini qilib, turli hovlilarda gʻimirlab yurganini koʻrib qolishardi.

Uni koʻrganda oʻz qismatdoshini topganday shabada tili bilan ovoz chiqaradigan zarangning zorlanishlari ham, maymoq kampirning xuddi jandasini sudrab yurgan darvishday oyma-oy toʻkilib borayotgan tanasini boshqalarga bildirmaslik uchun azod koʻtarib yurishi ham endi peshonasiga yozilgan taqdiri azal hukmini oʻzgartirolmadi: Arzixol bir umr qoʻrqqan narsa kuzning oʻrtalarida tegirmondan yarim xalta un torttirib kelgandan soʻng sodir boʻldi — u birdan yotib qoldi — xuddi jon tomiri uzilib ketganday kundan kunga yuzlaridan hayot asari yoʻqola boshladi. Shu yotish bilan xazonrezgini oʻtkazib, qishning naq chillasida qaytish qildi. Tuflasa tupuk muzlaydigan tongda uni soʻnggi manzilga kuzatishga oʻntacha tersotalik va hali betlari qotmagan qarindoshlar yigʻilishdi: bu yerga yigʻilganlar azaga kelgandan koʻra chet qishloqdan kelib, boshqalar bir necha kunda egallab oladigan tersotaliklarning koʻngliga qirq yildan ortiq yashab ham kirolmagan, kirish u yoqda tursin, kirish eshigini taqillatib ham koʻrmagan va shuncha yillardan beri oʻzining maymoq oyogʻini, qirq yilcha birga yashab ham sirli va noma’lum boʻlib qolgan koʻnglini oʻzlaridan yashirib oʻtgan majruh ayolning hech qursa soʻnggi kunida, xuddi qulagan qal’aga bostirib kirgan qoʻshinday, uning bor sirini endi fosh qilish maqsadida yigʻilishganday edi: Uljon ham ayni shunday kunda oʻzini tashvishga qoʻyganidan norozi toʻngʻillardi.
— Bu maymoqning oʻlgan kuni ham oʻziga oʻxshagan tashvish boʻldi-ya…

U bu gaplarni atayin boshqalarga eshittirib aytdi, shu yoʻl bilan kasal onasi oʻlgandan soʻng ham Chitga qaytarib olib ketmay oʻzining boshiga majruh ayolni dardisar qilib qoʻygani uchun bobosi bilan togʻasini chaqib olmoqchi edi. Bobosining endi parti ketib, sharti qolgandi, uning gapiga parvo qilmadi — u oʻzining darmonsizlikdan osilib tushayotgan boshini zoʻrgʻa koʻtarib turar, togʻasi esa oʻzini eshitmaganga solardi.

Uljon nomiga boʻlsa ham chollarning qistovi bilan mayit yotgan omborxona tuynugi oldida turib, roʻmolcha bilan koʻzlarini ishqalagan boʻldi, tayoqqa suyanib, «xolam-ov» dedi. Uning bu yoʻqlovi tinch osmonda momoqaldiroq gumburlaganday ta’sir qildi, yoʻqlovdan koʻra zardaga oʻxshab eshitildi. Azaga kelganlarning kulgusi qistadi. Chollar yoshi qirqdan oshib ham el rusumini tushunmagan bu besoʻnaqay va qoʻrs odamdan norozi boʻlib bosh chayqab qoʻyishdi. Shunda kimdir kelib, Uljonning qoʻltigʻidan oldi. Uljon sekin burilib, kenja togʻasini koʻrdi. Togʻasi Chitdan ertalab ikki kishi otda suyab zoʻrgʻa olib kelgan va ayvonning bir chetida tagiga omonat toʻshalgan poʻstakda oʻtirgan bobosi chaqirayotganini shivirlab tushuntirdi. Uljon koʻpam jini suymaydigan va shuncha yildan beri onda-sonda boboligini eslab qoladigan, shunda ham birrov kelib, tez joʻnab ketadigan cholning oʻzida nima gapi boʻlishi mumkinligiga ajablanib, laylak yurish qilib, cholning oldiga bordi-da, «Nima deysiz?» deganday surlik bilan tayoqqa suyanib turdi. Bobosi xuddi aybdorday boshini egib olgandi. Keyin qarilikdanmi yoki baribir maymoq va majruh boʻlsa ham farzandi oʻzidan oldin dunyodan oʻtganidan ezilganidanmi, koʻzlari yoshga toʻlib, xirilloq tovushda dedi:
— Onam deb yoʻqlang, bolam. Onam deng.

Uljonning gʻashi keldi. Endi shu yetmay turuvdi deb oʻyladi.
— Nega ona deb chaqiraman? Onam oʻlib ketganiga oʻttiz yildan oshdi.

Bobosi chuqur xoʻrsindi. Koʻzlarini olib qochdi. Keyin pichirladi:
— Arzixol sizning tuqqan onangiz boʻladi, bolam. Salom chavondoz badnom qilib ketgach sizni Rohatga berdik. Aslida sizni Arzixolning oʻzi emizib katta qildi, bolam… U sizning haqiqiy onangiz…

Chol boshqa hech narsa demadi. Kunning ayozini junlar ichiga kirib olib yengmoqchiday, poʻstakni oyoqlariga oʻrab, koʻzlarini yumib oldi va shu bilan oʻzining soʻngsiz dardlariga va maymoq qizini isnoddan qutqarish uchun oʻylab topgan oʻsha olis xotirasiga koʻmilib ketdi.

Uljon esa «Bu esini yegan nima deyapti?!» degandek togʻasiga qahr bilan qaradi. Togʻasi boshqalar eshitib qolishidan qoʻrqqandek, otasining gapini tasdiqlab, «Shunday!» degandek indamay bosh irgʻadi va u ham bu betiyiq jiyani tayoq bilan solib qolishidan qoʻrqqandek nari ketdi. Uljon xuddi bu azali hovlining bezovta hilpirayotgan yaloviday yuzi pirpirab, atrofga ilinj bilan tikilar, kimdir bu gaplarni yolgʻon deyishini kutar, ammo hamma oʻz ishi bilan band va bu gapni inkor qiladigan mardning oʻzi bu hovlida koʻrinmasdi. Shunda avval qaynilari kaltaklashga kelgan kunda tuygan koʻkrak hidini dimogʻi tagida tuydi, keyin bu hid uning allaqachon zulmat qa’riga singib ketgan xotirasini — oʻzining tamshanib emayotganini va oʻziga ham gunohkorona, ham qoʻrquv bilan boqib turgan yosh va opasining navbatdagi qargʻishidan dildirab turgan Arzixolni lip etib yoritib yubordi.

Uljonni qabr tepasida yolgʻiz qoldirishdi. Uning qirq yildan oshiq yelkasidan qoʻymagan va azada suyanib turgan tayogʻini bu ayolning ham izidan yigʻlab qolgan kishisi bor deyishganday shunchaki udum uchun qabrga tiqib qoʻyishdi. Endi Uljon dastlab Rajab choʻponning, keyin esa qariyb oʻttiz yil oʻzining qoʻli bilan goh oʻchoq boshida butun hovlini tutunga toʻldirib yuborgani, goh kuvi pishaman deb yogʻi bilan qoʻshib agʻdarib qoʻygani uchun, goh sigirni emib yotgan buzoq oldida, goh xamiri oqib ketgan tandir boshida Arzixolni ta’qib etgan, qachon jahli chiqsa, qachon qahri qoʻzisa, nuqul oyogʻi ostida oʻralashadigan, urgan sari urgisi, xoʻrlagan sayin xoʻrlagisi kelaveradigan, shuncha xoʻrliklarga indamay chidab, yana meni ur deganday qarshisida paydo boʻladigan, nimjon va majruh ayolni goh turtkilab, goh savalab, oʻzi ham endi savalagan sayin bir quchoq qurigan oʻtinday koʻtarib kelishib, manovi doʻmpayib turgan qabrga tiqishgan ayolning ustixonlari kabi silliqlashib-ingichkalashib qolgan va Uljon uchun bu hayotda podasining izidan ergashib yuradigan itchalik ham qadri boʻlmagan jimitday jussali ayolga berilgan shuncha yillik xoʻrliklariga «mana, men guvohman» deyotgandek qad kerib turgan tayoq bilan yuzma-yuz turardi.

003

(Tashriflar: umumiy 864, bugungi 1)

Izoh qoldiring