15 октябрь — улуғ рус шоири Михаил Лермонтов таваллуд топганига 200 йил тўлди
Таржима жараёнида шу нарсага яна бир бор амин бўлдимки, Лермонтовда шоирликнинг асл моҳияти мужассам. Ҳар бир шоир учун муштарак мезон бўлгулик руҳий қиёфа, маҳорат ва санъат, шоирнинг бурчи, вазифаси ва мақсади мужассам. Лермонтов шеърияти ҳақиқий ҳақпарварлик, ҳақиқий ватанпарварлик, ҳақиқий қаҳрамонлик туйғулари акс этган шеъриятдир. Бу шеърият олижаноб севги, инсоний эзгу ниятлар, гўзал фазилатлар, кучли ҳиссиёт, ўткир ақл, қизғин эҳтирос, тафаккур туғёни, қалб самимияти, башарий фалсафа ва озод шоирона руҳ билан нурланиб туради. Бу шеърият зулм, зўравонлик, адолатсизлик, разолатдан, ёвузликдан, кибру ҳаво, ғийбат, туҳмат, риё каби барча иллатлардан нафратланади.
ТАРЖИМОНДАН
Аввалига туҳмат ва ҳақоратга дучор этилган Пушкин тез орада подшоликнинг фитнаси билан келгинди Дантес қўлида ҳалок бўлганидан сўнг Лермонтовнинг “Шоирнинг ўлими” шеъри қўлёзма ҳолида аввал Петербургда, кейин бутун Россияда тарқалиб, рус жамиятини ларзага келтирди.Шеърда:
Эй, тахтни қуршаган очкўз оломон,
Озодлик, Даҳо ва Шон жаллодлари!
Қонун панасида сурасиз даврон,
Суд ҳам, ҳақиқат ҳам – мум тишлар бари!..
Аммо қиёмат бор, айш маҳрамлари!
Даҳшатли ҳакам бор, у кутар сизни; –
дея хитоб этади шоир сарой аъёнларига ва бу жасорати учун Кавказга бадарға қилинади. Орадан атиги тўрт йил ўтиб, сарой уни ҳам Пушкиннинг қисматдошига айлантиради – Лермонтов сарой хуфяси Кушинников қутқуси билан, ўз қуролдош дўсти Мартинов томонидан 27 ёшида отиб ўлдирилади.
Бу жуда қисқа умр. Инсон боласининг аксарияти бу ёшда ҳали бирор ишга улгуриши маҳол. Аммо шундай Худо берган инсонлар бўладики, улар жуда қисқа яшаса-да, ўзидан ўчмас ном қолдириб кетади.
Лермонтов ана шундай Худо ёрлақаган истеъдод эгаси, даҳо шоир бўлган. Салкам ўн уч йилда 400 дан ортиқ шеър, 30 га яқин достон, 6 та драма, 3 та роман ёзган. Гап асарларининг сонида эмас, салмоғида. У Байрон ва Пушкиннинг ғойибона шогирди бўлган, истеъдоди устозларидан ўтар даражада эдики, Белинский бежиз, агар у бевақт ўлмаганида Пушкинни ортда қолдирар эди, демаган. Ўзини ҳурмат қилган ҳар бир адабиёт мухлиси учун Лермонтовдай шоирни билмаслик уят. Зеро, жаҳонда уни билмайдиган халқ кам. Унинг китоблари кириб бормаган хонадон йўқ ҳисоб. Унинг оташнафас шеърларидан ҳаяжонланмаган шеър мухлиси топилмаса керак. Вақтию замонида ўзбек тилида ҳам унинг икки жилдлик асарлари тўплами нашр этилган. Бу тўпламлар ва кейинчалик чиққан баъзи китобларга Лермонтов асарларининг энг яхшилари саралаб киритилган. Йўқ, “саралаб” сўзини чакки ишлатдик, шекилли. Зеро унинг ижодида “мундайроқ” шеърнинг ўзи йўқ. Мана, энди унинг таваллуд куни баҳонасида каминага илгари таржима қилинмаган шеърларидан бир дастасини тилимизга ўгириб, муҳтарам шеърхонларга ҳавола қилиш насиб этди.
Таржима жараёнида шу нарсага яна бир бор амин бўлдимки, Лермонтовда шоирликнинг асл моҳияти мужассам. Ҳар бир шоир учун муштарак мезон бўлгулик руҳий қиёфа, маҳорат ва санъат, шоирнинг бурчи, вазифаси ва мақсади мужассам. Лермонтов шеърияти ҳақиқий ҳақпарварлик, ҳақиқий ватанпарварлик, ҳақиқий қаҳрамонлик туйғулари акс этган шеъриятдир. Бу шеърият олижаноб севги, инсоний эзгу ниятлар, гўзал фазилатлар, кучли ҳиссиёт, ўткир ақл, қизғин эҳтирос, тафаккур туғёни, қалб самимияти, башарий фалсафа ва озод шоирона руҳ билан нурланиб туради. Бу шеърият зулм, зўравонлик, адолатсизлик, разолатдан, ёвузликдан, кибру ҳаво, ғийбат, туҳмат, риё каби барча иллатлардан нафратланади. Маддоҳлик, лаббайгўйлик, хушомадгўйлик ва қўрқоқликдан ҳазар қилади. Қўлига қалам олганлар учун Лермонтов ижодида сабоқ бўларли фазилатлар кўп. Шунинг учун ҳам кўнглида шоирлик иштиёқи бўлган ҳар бир ёш Лермонтовни синчиклаб мутолаа қилса, уни яхшилаб ўрганса ютқазмайди, деб ўйлайман.
Михаил Лермонтов
ДЕНГИЗ ТЎЛҚИНИ
Сулаймон Раҳмон таржималари
…ГА
Ўйлама, раҳмимга сазовор деб, йўқ,
Гарчи қайғулидир сўзларим бироз,
Тортган азобларим бўлса-да қаттиқ,
Улар чўнг кулфатдан бир элчи, холос.
Ёшман, дилда жўшқин куйларим бордир,
Байрондай бўлмоқни истайман ҳар дам;
У билан қалбим бир, азобларим бир, –
Кошки бир бўлсайди қисматимиз ҳам!..
Излайман ундай эрк ва унутликни,
У каби болача ишқ ичра куйдим.
Севдим тоғ шафағи, кўпирган сувни,
Ер-кўкда увлаган бўронни суйдим.
Ҳаловат излайман у каби фақат,
Бир фикр дастидан осуда он йўқ.
Орқага қарайман – ўтганлар даҳшат;
Олдинга қарайман – бир азиз жон йўқ!
Н. Ф. И…вага
Хуш кўрдим ҳаётим бошиданоқ мен
Маъюс ёлғизликда яшамоқни жим;
Келтирмайин дея одамлар раҳмин,
Ҳайиқиб, ғамимни яширмай, лекин
Яшриниб яшадим ўзимдан ўзим.
Ўйлардимки, менга неки қоронғу,
Бахтлилар учун у тамоман мубҳам,
Қора ўйларимни ҳайдамас мангу
Дўстона лаҳзалар қувончларию
Бўсанинг оташин алангаси ҳам.
Шеърларимда муҳмал ўйларимни мен
Ифода айламоқ истадим тўла,
Ушбу варақларни сен ўқиб бир кун,
Мени яраштириб қўймоғинг учун,
Эҳтирослар ила, одамлар ила;
Аммо сен менга тинч нигоҳ иламас,
Ҳайрат кўзи ила боқдинг қуйидан.
Бош чайқаб дединг-ки, ақлинг соғ эмас,
Ақли соғ кимсалар бундай иш қилмас,
Бемаъни истаклар кўр қилиб қўйган.
Сенинг сўзларингга ишониб бисёр,
Юрагимга теран кириб бордим жим,
Ва унда мен шуни билдимки, зинҳор
Сирли нарсаларга бекордан-бекор
Интилмаган экан ўзича ақлим.
Юлдузлари билан қарзга берилган,
Гумбазга у бежиз боқмаган пурғам,
Бежиз интилмаган Ҳақ ваъда қилган
Ва мен йиллар ўтиб, тафаккур билан
Англаб етадиган нарсаларга ҳам.
Лекин бешикданоқ бешафқат, қизғин
Хулқимга мен доим ем бўп келаман…
Қанча алам бўлса, татидим барин,
Мунгли мақсадларнинг мунгли ўйларин
Юракдан кечирмай, билмай ўламан.
1831 ЙИЛ, ЯНВАРЬ
Машъум ўлим чоҳи узра, о,
Сийраклашар оқиш туманлар,
Ўтмишларда ўтган полвонлар
Яна бўлар қаршимда пайдо.
Улар имлар, чорлар; уқаман,
Куйлайман эргашиб уларга,
Тўлиб қизғин ҳиссиётларга,
Ортимга қарашга қўрқаман –
Қўшиғимга аралашмасин
Маиший ва дунёвий саслар;
Сўнгги дамда димоғдор каслар
Ва азоблар ёдга тушмасин,
Тавқи лаънат осган бир гала
Аъёнларни эсламайин, бас!…
– Оғушлари оғуга тўла,
Бахтлари ҳам ёлғонсиз эмас.
ЭРК
Онам эди – аччиқ ҳасрат,
Отам эди – қодир қисмат;
Оғаларим, улар гарчанд,
Одам эди, лекин ҳарчанд,
Кўксимга кўкс очмадилар,
Хор этдилар;
Ор этдилар,
Мен сағирни қучмадилар!
Лекин бордир парвардигор
Ато этган ёшгина ёр,
Эркинлигим – эркам маним,
Эркагинам – эрким маним,
Беқиёсим – ул ноилам;
У бахш этди менга бўлак
Ота-она ҳам оила;
Онам бўлди дашту дала,
Отам бўлди олис фалак;
Улғайтирди мени улар
Эркалатиб, билмай тиним;
Қарағайлар ва қайинлар
Бўлди маним оға-иним.
Отга миниб, айласам гашт,
Ғамхўр бўлди далаю дашт;
Тунда кезсам излаб ҳузур,
Ой сочади йўлимга нур;
Оға-иним ёзнинг куни
Соясига чорлаб мени,
Олисдан қўл тўлғаб ювош,
Кулиб менга ирғайди бош;
Эрким менинг бағримда, бас,
Дунёдай кенг – қучиб бўлмас!
* * *
Туш деб ата умид қилсалар,
Рост деб ата – эшитсанг ёлғон.
Мақтасалар, ишонтирсалар,
Ишонма, бас, ишқимга ишон!
Бундай ишққа ишонмай бўлмас,
Сир яширмас нигоҳим, биллоҳ;
Фариштасан, риёни билмас,
Сенга риё қилмоғим – гуноҳ!
ЖАНГ
Икки осмон ўғли – икки жангари
Учиб, бошим узра солдилар чуввос;
Нуқра эди бирин шокилалари,
Бошқасин эгнида – роҳибча либос.
Кўриб рақибини дарғазаб суллоҳ,
Ёшгина жангчига ачиндим; бироқ
Унинг ёпинчиғи остидан ногоҳ
Кўзимга чалинди момақалдироқ.
Олов пуркаб бурун парракларидан,
Отлари пишқириб қоқарди қанот;
Гирдибод чекинди гулдураклардан,
Ерга қулаб тушди мағлуб қора от.
* * *
Қўй энди беҳуда ғамхўрликларни,
Ўтган кунларимдан гап очма нуқул;
Кўпроқ севишингга сабаб бўларли
Бирор нарса ковлаб топишинг мушкул!
Севасан, биламан, шунинг ўзи бас;
Кимни севишингни билиш – шарт эмас;
Сенга кўнглим очсам, очилар яра,
Ҳаётим шунчалар бўм-бўш ва қора.
Шундай гўзал қалбнинг табаррук бахтин
Қаро қилгим келмас, айтолмайман, о,
Бундай муҳаббатга арзийман деб мен,
Ўзим ҳам қадрига етаман деб ё;
Юрак ардоқлаган нимаики бор,
Юрак учун бу кун заҳар ҳам лазиз,
Энди бу юракка изтироб, озор
Бир ҳамроҳ, бир ака ё мулкдай азиз;
Майли, эркаловчи сўз айтиб маъсум,
Мукофоти учун жонимни сўра;
Аммо ўтмишимдан гап очма, дўстим,
Дардимни дастурхон қилгим йўқ сира.
* * *
Ҳижрон сўзин қилса-да такрор,
Қалбинг тўла умид ва ишонч;
Сен дейсанки, ўзга ҳаёт бор,
Ишонасан унга… хўш, мен-чи?..
Мен жафокаш! Мени қўй, тинч ёт:
Бор бўлса ҳам қайда у олам,
Юрагимга сиғмас қўш ҳаёт!
Менга етар битта ҳаёт ҳам.
Қисқа йўлда қийналган, дейлик,
Узоқ йўлга тушарми қақшаб?
Эзиб ташлар мени мангулик,
Дам олмасдан яшашим – даҳшат!
Абад кўмдим ўтмишни, бироқ,
Келажакка эмасман интиқ,
Ўз тупроғин олди-ку тупроқ,
Қайтиб бермас энди у ортиқ!..
* * *
Улуғ арбоб!
Йўқдир бунда мукофот –
Сенинг шавкатингга муносиб эваз!
Уни кўкдан излар нигоҳлар, ҳайҳот,
Одамлар ичидан уни тополмас.
Аммо ул шарафли жасоратингни
Беғараз садоқат сақлар яхшироқ,
Ўғлинг ҳам эшитиб сенинг отингни,
Қалбида қўзғолар фахрли титроқ.
Бошинг узра қаттиқ азангни тутиб,
Келажак авлод ҳам сени сийлайди,
Кўзидан ёшини астойдил тўкиб,
“Бу одам ватанни севарди!” дейди.
* * *
Ажралишдик, аммо сувратингни мен
Авайлаб сақлайман кўксимда омон:
Яхши йилларимнинг арвоҳидайин
Шодлик бахш этар у кўнглимга ҳамон.
Мени жалб этса-да янги ишқ, ҳавас,
Унута олмадим сувратингни, оҳ,
Ташландиқ бутхона – бутхонадир, бас,
Йиқилган бут эса – барибир илоҳ.
* * *
Истамайман, аъён деб билганларим
Топмоғини махфий қиссамдан хабар;
Қандай севиб, нечун қийналганларим
Фақат Худо билар, виждоним билар!..
Уларга берар қалб ҳиссий ҳисобот
Ва фақат улардан кутади карам;
Лозим кўрган бўлса азобни қай зот,
Ўзи берсин менинг жазоимни ҳам;
Жаҳолат таънаси, одамлар кини
Юксак қалбга ғамдан сололмас соя;
Қанча пишқирмасин денгиз тўлқини,
Йиқилиб тушмас-ку харсангтош қоя;
Бош уриб булутлар ичра қуёшга,
Бас келар икки зўр кучга у мангу,
Момақалдироқдан, бўрондан бошқа
Ҳеч кимга ишонмас ўйларини у…
* * *
Сарғайган буғдойзор сокин мавж урса,
Шамолда шовуллаб турса ёш ўрмон,
Яшриниб яшил барг остига кирса,
Қизил олхўрилар боғларда пинҳон;
Сепиб баргларига муаттар шабнам,
Лутф ила бош чайқаб бута тагидан,
Қизғиш шом пайти ё заррин субҳидам,
Кумуш марваридгул кулса ноз билан;
Бериб хира тушга қандайдир мазмун,
Муз жилға жарликда ўйноқлаб чунон,
Ўзи туғилган у тинч ўлка назмин
Шивирласа менга қилиб бир достон;
Кўнглим ғашликлари кетар ўшанда,
Шунда манглайимдан ажинлар йитар –
Ердаги бахтимга шунда қўл етар,
Фалакда Худони кўраман шунда…
* * *
Гул боланинг туғилишини
Олқишлар бу кечиккан шеърим.
Дуо қилсин, қўлласин уни
Еру осмон малаклари жим!
Отасига бўлсин муносиб;
Онасидай, суюк, мулойим;
Бўлсин руҳан хотиржам, босиқ,
Ҳақиқатда ҳурлардай қоим.
Билмасин у муҳаббат жабрин,
Чалғитмасин шуҳрат хаёли;
Ўйнатмасин маъсум кўзларин
Ёлғон дунё, ёлғон жамоли;
Ёт завқлардан, ўз қувончидан
Изламасин теран сабаблар,
Шунда олам балчиқларидан
Қалби омон, кўнгли оқ чиқар!
* * *
Сўзлар борки, маъноси
Арзимас ё англанмас,
Ва лекин ҳаяжонсиз
Уларни тинглаб бўлмас.
Бу сўзлар садосида
Истаклар бор телбавор!
Айрилиқ ёшлари ва
Висол титроқлари бор.
Алангадан ва нурдан
Туғилган сўзлар, о, бас,
Дунё шовқинларидан
Жавобини тополмас;
Бутхонада, жангда, ё
Қачон, қайда бўламан,
Эшитилса бу садо,
Дарҳол таниб оламан.
Ибодатим тўхтатиб,
Тинглайман уни хушлаб,
Жангда бўлсам, ҳаттоки
Чиқаман жангни ташлаб.
КЕЛИШУВ
Тушунарсиз дўстлигимизни
Лаънатласин оломон ойлаб,
Майли, ғийбат қилсинлар бизни,
Юз ўгирсин сендан оиланг.
Аммо кибор бутлар олдида
Тиз чўкмайман, бу ўта азоб;
Сенга ўхшаб билмайман бунда
Севги борми, борми ё ғазаб.
Сенга ўхшаб ўйнаб-куламан,
Ажратолмай ким инсу ким жин:
Чиқишиб соғ, телба билан ҳам,
Яшайман ўз юрагим учун.
Дунёвий бахт бизда қадрсиз,
Эъзозланар бой одам фақат;
Гар хиёнат қилмасайдик биз,
Қилмасдилар бизга хиёнат.
Оломонда топишгандик биз,
Айирмоқда, мана, ғайрилиқ.
Хафа эди биздан севгимиз,
Хурсанд бўлар энди айрилиқ.
Манба: «Жаҳон адабиёти» журнали, 2012 йил, 10-сон