Ozod Mo’min Xo’ja. Pahlavon Mahmudning sevgisi

0_163b00_63a6d473_orig.png12 ноябрь — Ёзувчи Озод Мўъмин Хўжани 65 ёши билан қутлаймиз

   Ёзувчининг қайд этишича, бу  ҳикоя Хива сафари таассуротлари-ю, шаҳар кезганда Паҳлавон Маҳмуд ҳақида эшитган ривоятлар ва  нақллар таъсирида ёзилган…

Озод МЎЪМИН ХЎЖА
ПАҲЛАВОН МАҲМУДНИНГ СЕВГИСИ
011

 4915ce013d4ca649410348b6b39d9268.jpg Озод Мўъмин Хўжа (Мўминов Озод Пўлатович) 1952 йил 12 ноябрда Тошкентда туғилган. Тошкент Давлат Университети Физика факультетини тамомлаган. 1975 йили ВНИИПромгазнинг Ўрта Осиё филиалида инженерлик фаолиятини бошлаган. 1980 йилдан то 1990 йилгача Ўзбекистон Фанлар Академияси Физика-Техника илмий-текшириш институтига ўтиб, илмий ходим сифатида фаолият олиб борган.
У адабиётга фантастик ҳикоялари билан кириб келди.  “Хиёбондаги уч учрашув” (1987)   “Мен – робот” ( 1989) номли фантастик ҳикоялар тўпламлари  ва  таржималаридан иборат  “Энг доно от” (1990) китоби  босмадан чиққан. 1992 йилда “Буюк Амир Темурнинг ёқути” тарихий асари “Шарқ юлдузи” журналида ва 1993 йили «Сомон йўли»  алманахида чоп этилган. Шунингдек,  “Бир йигит ва уч қиз ҳангомаси” ҳажвий ҳикоялари тўплами (1997), “Сардор “Бешагачский” – тоза ўғри” криминал қиссаси (2004), “Ваҳдат ул-ҳақойиқ” фалсафий трактати (2006), “Ойжамол” чойхонаси” криминал триллери (2007) нашр этилган.
Озод Мўъмин Хўжа 1991 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилари Уюшмаси аъзоси.

011

Ровийлар бу воқеа 1267 йилда, Паҳлавон Маҳмуд Пурёрвалий 20 ёшга тўлган вақтда рўй берган, деб ҳикоя қилишади.

Маҳмуд бир кўришда кўнглини ром этган Робияни, оммавий, бутун халқ иштирок этадиган кураш мусобақасида томошабинлар орасида кўриб қолди. Юраги шу ондаёқ “Жиз!” этиб куйди. Эсу хуши қайларгадир учиб кетди.

Бу пайтда, у давра ўртасида рақиби билан юзма-юз беллашаётганди. Диққати бузилди. Ҳаракатларини онг эмас, вужудининг ўзи бошқаришга тушди. У фақат ҳимояланарди. Курашаяпти-ю, аммо ҳаёли ўша қизда. Ҳарифи унинг фикри ўзга ёқда эканлигини дарҳол ҳис қилди. Паришон полвонни кўтариб ерга уришни мўлжаллади. Ва шу усулни қўллашга киришди ҳамки, Маҳмуд эс-хушини йиғмаса, у гўзалнинг олдида шарманда бўлиб қолишини англади. Шунинг учун, у яшин тезлигида унга чап берди ва кейинги кутилмаган ҳаракати билан рақибининг ўзини ерга қулатди. Унинг елкасини катта куч билан ерга босди. Рақиб қимирлай олмай қолди. Маҳмуд шу ҳолатда қотди ва кўзлари ўша хурилиқони қидирди: “У ҳарифимни боплаб йиқитганимни кўрдими, менга қойил қолдими-йўқми?..” Топди! Қизнинг жилмайганини пайқади. Қалби ғурурга тўлди. Ҳакам полвонларга яқинлашиб: “Ҳалол!” деб қичқиргачгина, ўз ҳисларини жиловлади ва ўрнидан турди.

Халқ уни олқишлади, чапак чалди, шу жумладан ўша гўзал ҳам!

Маҳмуд совринни олиб, бир четга ўтди-да, нигоҳи билан қизни қидирди. Афсуски, у қайгадир ғойиб бўлганди. У оҳиста, қалбини ром этган гўзал турган жойга бориб, ўша ердагилардан уни суриштирди. Бир ёшроқ йигитча уни танир экан.

– Робия опам уйига кетди, – хабар берди у. – Онасига, бир зум томоша қиламан-у келаман, деган экан.

– Сенинг исминг нима? – сўради Маҳмуд ўсмир йигитчадан.
– Матчон! – жавоб қилди.

– Менга қара, Матчон! Сен жуда ажойиб йигит экансан, айт-чи, Робиянинг қўшнисимисан?
– Ҳа!

– Қайси кўчада турасан?
– Ҳов, анави! – қўли билан кўрсатди ўсмир йигитча. – Узоқ эмас.
– Раҳмат, сенга Матчон! Мана бу, сенга! – Маҳмуд унинг қўлига икки танга берди. – Ўзингга бирор нима оларсан!

Ўсмир жилмайди.
– Раҳмат, Маҳмуд ака! Билагингизни ушлаб кўрсам майлими?

Маҳмуд унинг елкасидан ушлади-да, четроққа ўтиб, яланғоч билагининг мушакларини қаттиқ қилиб унга рўпара қилди.

– Вой-бў! Метиндай-а!  – деди йигитча ва сўради: – Робия опам сизга ёқиб қолдими?

Полвон тўғри саволга тўғри жавоб бера қолди.
– Ҳа! Уни бир кўришда ёқтириб қолдим. Буни фақат ҳеч кимга гапирма. Келишдикми?.. Кел, дўст бўламиз!

– Майли, келишдик! – хурсанд бўлди ўсмир. – Менга ҳам полвонликни ўргатасизми? Билагим худди сизникидек темир бўлишини орзу қиламан!

– Истасанг, Зўрхонага олиб бораман. Машқлар ўргатаман. Кучинг кўпаяди.
– Яхши! Сизни қаердан топаман?

– Ҳар куни асрдан бир соат ўтгач, мен Зўрхонада бўламан. Келиб, мени сўра, кўрсатишади.
– Жуда яхши. Албатта бораман! – йигитчанинг кўзларида учқун чақнади.

***

Бир неча кун ўтгач Маҳмуд илк шогирди Матчонни Зўрхонада аста-секин машқ қилдира бошлади. У ҳали ёш бўлгани учун, енгил-енгил тошларни кўтартирар ва осонроқ бадантарбиялар қилдирарди. Бир ҳафталардан кейин Матчон сўз қотиб қолди.

– Маҳмуд ака! Мен сиз ҳақингизда Робия опамга айтдим. Сизни Маҳмуд полвон севиб қолибди дедим. У қизариб кетди. Истасангиз, таништириб қўяман!

– Қандай қилиб, Матчон?
– Робия опам якшанба куни у бозорга чиқиб ўзига нималардир олмоқчи экан. Ўша ерда учратишингиз мумкин, истасангиз, мен ёнингизда бўламан.

– Майли, унда якшанба куни хонақоҳга кечроқ борар эканман-да. Майли, Ҳазрат Сайид Аълоуддин пиримга айтаман, рухсат берар…– қувонди Маҳмуд.
– Бўпти, келишдик! – жилмайди ёш шогирд.

Робиянинг товуши майин, сўзлари ширин жаранглар экан. Қиз уялиб, уялиб сўзлашди. Маҳмуд ундан кўзларини узолмас, севиб қолган бу дилдорга нималар дейишни билмас, бирор нотўғри сўз айтиб қолса, у худди бир умрга кетиб қоладигандек, чўчиб-чўчиб гапларини айтарди.

– Мен сизни анави куни кураш мусобақасида кўриб қолгандим! Сизга қараб, кўзимни узолмай, сал бўлмаса рақибимга ютқазиб қўяй дедим… – базўр гап гапирди девқомат йигит.

Робия жилмайди. Ва ерга қараб жавоб берди.
– Ҳа, сездим. Лекин, вақтида ўнгландингиз.

– Ютқизсам, сизнинг олдингизда юзим шувит бўлиб қолишидан қўрқдим. Шунинг учун, жон-жаҳдим билан унинг елкасини ерга теккиздим.
– Ҳа, жуда кучли экансиз!

Маҳмуд яна нима десам экан, деб ўйланқиради-да, ўзи кутмаган ҳолда сўради.
– Китоблар ўқийсизми?
– Ҳа, – жавоб берди у, ийманиб. – Айниқса, шеърларни севаман.
– Ундай бўлса, мен сизга ўзимнинг сизга атаб ёзган рубоийларимдан бераман. Фикрингизни айтарсиз?!

Маҳмуд шундай деб, аввалдан тайёрлаб қўйган қоғоз варақларини қизга тутқизди. У олди.
Йигит сўради.
– Робия! Мен қандай қилиб сизни тез-тез кўриб туришим мумкин?

Қиз индамади. Бироз ўй сурди, сўнг жавоб берди.
– Фақат, шу бозор кунлари ташқарига чиққанимда бўлса керак…
Робиянинг бундай дейишига сабаб, унинг ўзи ҳам шу бўйи баланд, бақувват полвон йигитни ёқтириб қолган эди. Жон-дили билан тез-тез учрашиб турарди-ку, аммо одамлар гап қилиши мумкин. Келгусида, сал улғайса, балки никоҳ ўқитиб, турмуш қуришар…

Робия уйига қайтгач, хонасига кирди-да, букланган қоғозни очди. Учта рубоий битилган экан. Оҳиста ўқиди:

Чун, ойни хира қилғучи тобонинг бор,
Гулзор ила баҳс этар гулистонинг бор.
Бир лаҳза ҳаялламай совут тешгувчи,
Ҳар биттаси бир найза,ки  мужгонинг бор.

Зулми итобларингдан кеч кўнглим учун,
Кўнглим, ки тугун, сен уни еч кўнглим учун.
Мен кўнглинг учун ўзгага бермам кўнглим,
Сен ўзгага берма кўнгил ҳеч кўнглим учун.

Қошимдан ўшал сарви хиромон кетди,
Кўзлардан оёқ остима кўп қон кетди.
Қошимга, келиб раҳми, ки, қайтмас эрса,
Айланг-ки ҳисоб, танимдаги жон кетди.

Оҳ, қандай гўзал сатрлар! Ҳаммаси ўзига аталган. Қизнинг юраги ғурур ва ифтихорга тўлди. Аёл зотининг қалби шундай тузилган: Ким уни севса, унинг чиройини, ақлини, бутун борлиғини мадҳ этса, ўша инсонга нисбатан илиқ ҳислар пайдо бўлади. Кўпинча, ҳаттоки, севиб ҳам қолади. Робия ҳам ана шу рубоийларни қайта–қайта ўқигач, Маҳмудни наинки бир зўр полвон, балки дунёдаги энг яхши одам сифатида ҳам қабул эта бошлади.

Шу-шу, икки ёш – Маҳмуд ва Робия бозор кунлари қисқа вақтга бўлса ҳам, одамлар орасида тўсатдан кўришиб қолган қариндошлардек учрашиб, гаплашиб турадиган бўлиб қолдилар. Улар хайрлашишгандан сўнг, кейинги якшанба кунини орзиқиб кутардилар. Бошқача мулоқотларнинг асло иложиси йўқ эди. Ҳар бир висол онларига йигит албатта бир ёки бир нечта ўз севги ҳислари йўғрилган рубоийлар битиб келар, уларда ифодаланган муҳаббат изҳорлари қизнинг онгига, қалбига чўғ солар, унинг вужудини ловуллатиб ёндирарди.

Орадан тўрт-беш ой ўтди. Бу вақтга келиб, Маҳмуд ҳам, севгилиси Робия ҳам бир ҳолатни аниқ ва тугал англашди – улар фақат бир-бирлари учун яратилганлар. Бошқа бирон кимса билан турмуш қуриш ҳеч кимга бахт ва порлоқ ҳаёт бахш этмайди. Шу фикрга келишгач, Маҳмуд ўз ниятини онасига етказди.

– Онажон! – деди у. – Ҳар бир эркак катта бўлгач, уйланиши керак. Менинг бошимни иккита қилиш ҳақида сиз дадам билан гаплашаётганингизни эшитгандим. Сизга шу тўғрисидаги ўз фикримни айтмоқчиман. Мен бир қизни севиб қолганман…

Йигит онасига ўз ниятини ойдин-очиқ қилиб сўзлаб берди ва Робиянинг хонадонига отасиними ё бошқа бировними совчи қилиб жўнатишни сўради.

– Болам, у қизнинг манзилини, отаси кимлигини, унинг исмини айт, албатта борамиз. Яхши оила бўлса, албатта тўй-томоша қиламиз! – жавоб берди она.

Маҳмуд барча маълумотларни баён этди.
– Лекин, аввал орқаваротдан суриштириш лозим! – сўз қотди она. – Отангга айтаман, ўзим ҳам танишлардан сўраб кўраман. Натижасини бир ҳафталардан кейин айтаман.

Бир ҳафта ўтди. Ўн кун ўтди. Икки ҳафта ўтди. Она жим. Ота ҳам жим.
Ниҳоят, йигирма кун деганда, кечки пайт, она шу мавзуда сўз очди.

– Болам! Мен айтган оилангни суриштирдим. Отанг ҳам сўроқлади. У оила ҳеч бизга тўғри келмас экан.
– Нега? – сўради Маҳмуд.

– Қизнинг онаси айни шу қизини кўчадан топиб олиб, асраб олган экан. Қизнинг насл-насаби номаълум эмиш.
– Нима фарқи бор?! У ҳам Яратганнинг бандаси-ку! Мен уни севаман.

– Жуда ғалатисан-а, ўғлим! Буни умр савдоси дейдилар. Дуч келганни хотин қилиб яшаб кетилмайди. Ошиқлик – ўқдай, совуса – б..қдай, дейилган. Ҳеч қиси йўқ, у бир кунмас бир кун эсингдан чиқади. Ундан кўнглингни уз! Ўзим сенга тагли-зотли, бой-бадавлат, ўзимизга мос хонадоннинг бир гўзал қизини топиб бераман. Отанг ҳам гапларимга рози. Ота рози – Худо рози, дейилган. Ўжарлик қилма! Биз, барибир, у мегажинни сенга олиб бермаймиз! Кимсан, Маҳмуд полвонсан! Кимлар сенга қизини бермайди?! Кимлар сени куёв қилмайди?! Бир ўйлаб кўр!

Маҳмуднинг қалбида бу сўзларга қарши куч пайдо бўлди. Инсон ҳайвон эмас-ку, наслдор зотлар билан қўшилиб, сергўшт ёки серсут мол каби урчитилса! Нега инсон қалбига Севги деган ҳис берилган? Яратган Зот нима учун ўз бандасига, онгли бандасига бу ажиб ҳисни сингдирган? Нега уни ҳайвон каби урғочисини кўрса, ўйлаб ўтирмай, ирғишлаб югуриб кетадиган жонзот сифатида яратмаган? Демак, бу Севги деган ҳиссиётда илоҳийлик мавжуд. Демак, бу – илоҳий туйғу! Шундай экан, уни эътиборга олмай, наслдор аёлга уйланса, келажакда, вақт-соати етганда Унга ўз қилмиши учун жавоб беришига тўғри келади.

Мутлоқ Буюк Зот сўраши мумкин: “Хўш, Маҳмуд полвон, Менга айт-чи, сенинг қалбингга Робияни кўрганингда ўт солганмидим? Бу қизга атаб шеърлар ёзишга ундаганмидим? Бутун борлиғингни ўша гўзалга интилтирганмидим? Ёки, сенинг вужудингда оддий шаҳват ҳукмронмиди? Айт, ўша қизга шаҳват билан интилдингми ё қалбингда туғилган Севги билан интилдингми?.. Албатта, тан оласан – бу фақат Севги эди. Шундай экан, нега бу илоҳий ҳиссиётни менсимадинг? Нега Мен инъом этган ҳис билан эмас, шайтоний ва нафсоний туйғуларга бўйсуниб, уйландинг?! Қани, жавоб бер! Ҳа, индай олмаяпсанми? Демак, айбдорсан! Бунинг учун эса, тегишли Илоҳий Жазо бор. Мана, уни ол!..”

Маҳмуд шу ҳаёлларни дилидан ўтказиб, онасига сўз қотди.
– Ота-онага истагига қарши чиқиш яхши эмас. Лекин, мен зотдор буқа эмасман, зотдор ғунажин билан чатиштириладиган. Уйланмасам, уйланмасман ўша қизга. Аммо, мени зўрламанглар, кимнингнидир қизини ол, деб. Ўзимни ҳам, ўша сиз танлаган аёлни ҳам бахтсиз қилиб, Оллоҳнинг олдида гуноҳкор бўлиб қолмай. Бу менинг полвонлик сўзим. Арслон изидан, йигит сўзидан қайтмас. Гапим – гап, сўзим – сўз.

Маҳмуд шундай деб, ўрнидан турди. Ўз хонаси томон йўл олди. Онаси эса ҳанг-манг бўлганча, қотиб қолди. У нима дейишни ҳам билмасди. Қани, отасига айтсин-чи, у нима деркин…
Эртаси кун ота ишдан келиб, кечки овқатни танаввул қилгач, ўз ўғлини ёнига чақирди.

– Ўғлим! – деди у. – Ҳар ким ўз онасини қадрига етиш керак. Оналар фарзандни дунёга келтирадилар, авайлаб, оқ сут бериб вояга етказадилар. Онангнинг бир дугонаси ўша қизга яқин жойда турар экан, хабар берибди: у оила жуда ёмон экан. Қизи жуда бетга чопар, уй ишларини қилмайдиган, фақат қошларига ўсма қўйиб ўтирадиган , аҳлоқ-одобни билмайдиган, ликиллаган бир бемаъни нусха экан. Бунинг устига, у топилдиқ эмиш. Бу гаплар бежиз чиқмаган бўлса керак. Онангнинг сўзига кир. Ёшликда ҳамма ҳам кимнидир севиб қолади, кейин бу ҳислар ўтиб кетади. Шунинг учун, у қиздан воз кеч. Ўзимизга муносиб бир хонадондан ақлли, одобли қизни топармиз. Онангнинг ана ўша дугонасининг  ой деса ойдек, кун деса кундек, сутга чайгандек оппоқ, жуда гўзал қизи бор экан. Ҳамма мақтаяпти. Истасанг, ўша қизга уйлантириб қўямиз.

Маҳмуд бу тушунтириш гапларининг охирги жумлаларига эътибор қилди. “Демак, онаси ва отаси ўша қандайдир етти ёт хотиннинг ғийбатлари асносида фикр юритишмоқда. Ўша аёлнинг яхши оила қизини бадном қилишидан мақсади, Маҳмуднинг қучоғига ўз қизини тиқиштирмоқчилигидан экан-да!..”, хулоса қилди у.

– Йўқ, ота! Мен ўша ғийбатчи хотиннинг қизига ҳеч қачон уйланмайман. Агар, унинг сўзларига ишониб, севган қизим билан турмуш қуришимга рухсат бермасангиз, умуман дунёдан тоқ ўтаман. Кеча бу ҳақда онамга айтгандим. Чин полвонлик лафзим шу.

– Ўғлим, қизишма! Ўша хотиннинг қизи бўлмаса, Хива тўла бошқа қизлар бор. Бошқа яхши оила топилиб қолар! – деди ота.

– Ота! Сиз нега тушунмаяпсиз? Севги, ҳақиқий севги ахир илоҳий туйғу! У инсон қалбига бекордан келмайди. Мана, мен тасаввуф сирларини ўрганаяпман. Бу дунёда ҳар бир эркак одамга ўзига мос, тўлақонли бахт келтира оладиган жуфти яратилади. Агар, инсон бу бахтдан, турли ғийбатлару миш-мишларга ишониб, воз кечса, у бошқа кимса билан топишиб, тинч-тотув яшай олмайди. Бутун умри ғурбатда ўтади. Мен ғурбатда қолиб, на касбимда, на тасаввуфда, на шеъриятда муваффақият қозона оламан. Шунинг учун, менинг олдимда икки йўл бор. Мен уни баён қилдим. Истасангиз, оқ фотиҳа беринг. Истамасангиз, мен сизга қарши бормайман. Аммо, бошқа ҳеч кимга уйланмайман.

Отанинг боши қотди. Ўғли жуда ўжар. Уни қандай ўз йўлига солса бўлар экан. Майли, тўрт-беш ой ташлаб қўйсин-чи, зора инсофга келиб, ота-онасининг гапини икки қилмайдиган бўлиб қолса…

– Маҳмуд! Мен барибир сени у қизга уйлантирмайман. Шуни аниқ билиб ол! – хитоб қилди у ва ўрнидан турди. – Танангга яхшилаб ўйла!..

Ота шу гапни айтиб, ўз хонасига бугунги боққолчилигидан тушган пулларни санашга кириб кетди.

***

Маҳмуд шу тун ухламади. Эрта тонгга қадар у ёқ – бу ёққа ағанаб чиқди. Тонгда туриб бир рубоий ёзди.

Эй, фалак! Бу кўнглим этолмадинг шод.
Аламдан юрагим бўлмади озод.
Тириклигим бермас энди бир ҳосил –
Азиз умрим бўлди, наҳотки барбод?

У қалбидаги бутун ғамни, аламни шу рубоийга юклади. Сўнг, ювиниб, таҳорат қилиб, бомдод намозини ўқиди-да, пири Ҳазрат Сайид Аълоуддин хонақоҳига кетди.

***

Кейинги бозор куни у ўз Робияси билан учрашди. Қизнинг кўзлари чақноқ, уларда севги ва умид барқ этиб турарди. Маҳмуд юрагидаги яширин ғамини юзага чиқармасликка тиришди. Аммо, ҳамоҳанг қалб барибир дўст қалбдаги ҳар бир ўзгаришни сезади. Шунинг учун, Робия кутилмганда сўраб қолди.

– Полвон оға! Сиз, мабодо бошқа бировни севиб қолмадингизми? Дилингизда бир сирли ғам сезмоқдаман!

Маҳмуд ҳазин жилмайди. Ва шу заҳотиёқ онгига бир рубоий қуйилиб келди. Уни шу дақиқадаёқ тилига чиқарди.

Деди ёрим: нечун бунча ғаминг бор?
Юрагингга ўт ёқдими бир дилдор?
Қўлларига ойна бериб, дедимки:
Ким аксини кўрсанг, менга шудир ёр!

Робия табассум қилди. Унинг табассумида бутун олам гўзаллиги намоён эди. Маҳмуд сўз қотди.
– Робия! Сени то умрим охиригача севаман. Мендан асло шубҳа қилма!

Бу гап билан қизнинг кўнглидаги барча шубҳалар қуёш чарақлаб чиққанда тўс-тўс бўлиб кетадиган булутлардек узоқларга кетишди.

Учрашув охиригача Маҳмуд ўз ҳисларини билдирмади.

***

Орадан ярим йил ўтди. Маҳмуд ва Робия ўртасидаги севги-муҳаббат ришталари янада қалинлашди. Лекин, ота-она ва ўғил ўзгача фикрда яшашди. Отанинг ёши улғайгач, мустақил қарор чиқара олиш хусусияти йўқолганди. У бир пайтлардаги ҳеч кимдан тап тортмайдиган, мўғулларга қирон келтирган шижоатли, девсифат йигит эмас эди. Иши юришаётган боққолга айланиб, тор доирада мулоҳаза қила оладиган кимсага ўхшаб қолганди. У ҳар бир ишини хотини билан маслаҳатлашар, ҳеч бир янги қадамини завжасининг фикрисиз босмас эди. Завжаси эса, ушбу ярим йилда янада қалинлашган дугонасининг гапларига кўниб бўлган эди. Оғзи тинмас бу хотин  эса ҳар келганда содда онанинг қулоғига бир гапни қуяберар эди: “Шошманг, дугонажон! Ўғлингиз эс-хушини йиғиб олади. Мана, ён қўшнимизнинг фарзанди тихирлик қилиб, тихирлик қилиб, барибир волидасининг гапига кирди. Онаси олиб берган қиз билан биб-бинойи турмуш кечиряпти. Оллоҳ дилига солса бўлди…” Шунинг учун, ота-она ўғлимиз инсофга келиб қолар, деган умидда умр кечиришди. Маҳмуд эса бошқача, яъни анави ярамас дугона-хотиннинг онамга таъсири йўқолса эди, менга Робияга уйланишимга рухсат беришарди, деган орзу билан кунларни ўтказди. Хаттоки, суриштириб, севгилисининг ҳеч қандай топилдиқ эмаслигини аниқлади. Бу хабарни падарига етказди, лекин у ишонмади. Қўл силтаб қўя қолди.

Ота бундан йигирма бир йил аввал, Гурганжда яшаётганда учраган кекса ёшуллининг гапларини ҳам ёдидан чиқарганди. Аммо, шу кунларнинг бирида тонг пайти, тушида ўша мўйсафиднинг сиймоси пайдо бўлди: у индамай саволомуз қараб турарди. Шунда, унинг кўрсатмалари ёдига келди. У айтгандики: “Хотинингнинг ой-куни яқинлашганда, сен Хива шаҳрига кўчиб кет. Қолган умринг ўша масканда ўтади. Ўғлинг ҳам ўша жойда улғайсин, ҳунар ўргансин. Яхшиси, унга ота касбинг – пўстиндўзликни ўргат. Фарзандингнинг истакларини бўғма, нимага интилса, ўша ишига ёрдам бер! Унинг руҳини синдирма! У келажакда буюк инсонлардан бўлади.”

Ота дарҳол шу ҳақда аёлига сўз қотган эди, у бобиллаб берди.

– Йўқотинг бу гапларни!  Ўзи борми-йўқми  номаълум бир  чолнинг гапига кириб, уй-жойимизни, қавму қариндошимизни ташлаб, Гурганждан бизга бегона жойга келиб яшаяпмиз! Ўша чол  – Хизр бувами ё одамларни  аврайдиган иблис қавмиданми, ёлғиз худо билади. Маҳмуд менинг айтганимни қилади! Ўғил – меники! Тамом-вассалом!..

Шу гапдан кейин ота фарзандига хотинининг ҳукмини етказди.
– Инсофга келдингми, ўғлим? Рози бўлишинг билан дарҳол келин дараклаймиз!

Инсоф – нисбий тушунча. Уни ҳар бир одам ўз нуқтаи назаридан қараган ҳолда англайди. Ота-она учун ўжар фарзанднинг қулдек бош эгиши, истамаган, севмаган қиз билан турмуш қуриши – инсоф. Йигит учун ўз ота-онасининг бир ғийбатчи аёлнинг гапи билан ўз ўғлини бахтсиз қилишаётганини англаши – инсоф.

Умуман олганда, ўз зурёдларига муносиб ота-оналик қилиш осон эмас. Айниқса, яқин атрофда ёлғондан, ғийбатдан ва туҳматлардан тап тортмайдиган ҳасадгўй ва кўнгли қора нусхалар таъсир қилиб турса – тўғри қарор чиқариш қийинлашади.

Шунинг учун, Яратганга муножат қилиб, палончига инсоф бер, деб сўраётганимизда ўзимизга ҳам атрофдан назар ташлашга ўрганишимиз керак.

Маҳмуд падарининг бу гапига бош чайқади.
– Узр, ота… Мен полвонлик лафзини қилганман.

***

0_1429d7_f4911de1_orig.jpgМаҳмуд ўз орзуларини қандайдир  бегона хотин ўзининг тўқима ғийбатлари билан парча-парча қилиб ташлаганини тўлиқ тушунди. Қалбига чуқур қайғу тушди. У яраланди. Бу яра оғриғига чидаб  бўлмасди. Йигит аламини яна рубоий ёзишдан олди:

Дилим оғрир, қалбим оғрир, боғ кўринар мозордек.
Қизил гуллар қон сачратар вужудида тиғ бордек.
Бахтсизларнинг ҳаётида маза йўқдир, туз йўқдир,
Бахтсизман-ку, нечун менга аччиқ билан шўр ёрдек?

Шундан сўнг, Маҳмуд бозор кунлари севгилисини кўриш завқидан ўзини тийди. Уч ҳафтадан сўнг, Матчон у билан Зўрхонада машқ қилишаётганда айтиб қолди.

– Маҳмуд оға! Келаси бозор куни албатта Робия опамга кўринар экансиз. Гаплари бор экан.

Бу учрашув уларнинг охирги висол онлари эди. Паҳлавон Маҳмуд – бу пайтда Хоразм эли уни худди шундай ном билан аташни бошлаганди – барча бўлган гапларни айтиб берди. Ҳеч нарсани яширмади. Ғамгин рубоийларини эсдалик учун берди.

– Робия! – деди у. – Менинг сенга бўлган севгим то умрим охиригачадир. Шунинг учун, қолган ҳаётимда бошқа ҳеч кимга кўнгил бермайман. Дунёдан тоқ ўтаман. Чунки, биламан, сендан ўзга аёл билан бахтли яшай олмайман. Фарзандларим бўлмаса бўлмас. Сен эса ёшсан, гўзалсан, орзуларинг мўл. Сенинг йўлингни тўсмайман. Ўзингга муносиб бирор йигит топилса, ундан совчи келса, кўп ўйлама, турмушга чиқ. Оила қур. Бахтингни топ.

Робия йигитга тикилди. Наҳотки, энди уни кўрмайди? Наҳотки, энди Полвон акаси билан суҳбатлашмайди? Наҳотки, севгига тўлиқ рубоийлар ўқимайди?.. Унинг кўзларидан милдир-милдир ёш оқди. Қиз товуш чиқармай йиғларди.

Севгилисининг ҳолатига Маҳмуд қаролмади. Нигоҳини ерга қаратди. Бир қанча вақт сукут сақлади, сўнг тилга кирди.

– Йиғлама! Бундан фойда йўқ. Юрагингни ҳам сиқма. Дунё шунақа. Ҳаёт шунақа. Одамлар шунақа. Чархи кажрафтор олдида ожизмиз. Ишон, келажакда музаффар кунлар бор. Сен албатта бахтли бўласан… Мен энди кетдим!

– Полвон оға, тўхтанг! – хитоб қилди Робия. – Мен ҳам гапларимни айтиб олай. Сиз ҳам билинг, қалбимдаги ўйларни. Менга ўзга бахтни тиламанг! Менинг ҳам севгим то умрим охиригачадир. Мен ҳам қолган ҳаётимда бошқа ҳеч кимга кўнгил бермайман. Дунёдан тоқ ўтаман. Чунки, биламан, сиздан ўзга кимса билан бахтли яшай олмайман. Фарзандларим бўлмаса бўлмас. Сиз полвонлик лафзини берибсиз. Мен эса ожизалик сўзини бераман. Ҳеч қандай куч менинг бу аҳдимни бузолмайди. Эсингизда қолсин. Ҳамиша мени ўйланг. Мен ҳам сизни ўй-хаёлимдан кетказмайман… Майли, энди борақолинг…

Маҳмуд хўрсинди. Нима дейишни билмас эди. Севгилисининг бу сўзлари унинг учун кутилмаган бўлди. Ахир, у қиз бола-ку! Нега энди у ҳам бу дунёдан тоқ ўтиши керак?! Йўқ, бу мумкин эмас! Уни фикридан қайтариш лозим.

– Робия! – мурожаат қилди у. – Сен асло бундай қилишинг мумкин эмас! Менга таассуб қилма. Менинг қарорим ўзим ўрганаётган тасаввуф фалсафасига асосланган. Мен эркакман, сен эса қиз боласан, аёлсан. Сен фарзандли бўлишинг, уларни вояга етказишинг керак. Ўйлаб кўр!..

– Кимдан? Ўзим севмаган одамданми? Ҳеч қачон!
– Бу қароринг нотўғри, Робия! Балки, севиб қоларсан, кимнидир.

– Билмадим. Гапингизда жон бордир. Майли, ўйлаб кўраман… Энди, қиёматда учрашамиз. Хайр, Полвон оға! Одамлар бизга қарашаяпти. Борақолинг!

Шу гапдан сўнг, икки севишган инсон бир-бирларига сўнгги нигоҳни ташлашди-да, ўз йўлларига равона бўлишди.

Йиллар ўтди. Йиллар ўтди. Йиллар ўтди. Паҳлавон Маҳмуд ўз полвонлик лафзида қолди. Ҳаётида буюк ишлар қилди, тасаввуфий рубоийлар битди, ночорларга ёрдам берди, ўз халқи вакилларини узоқ эллардаги бандиликлардан қутқарди, донг қозонди, лекин умрини, ҳақиқатдан, уйланмай ўтказди.

Робия ҳам минг тайзиқларга қарамай турмушга чиқмади. Жонли ҳаётдан ҳур қиз бўлиб кетди.

Бугунги кунларда Хивага борсангиз, албатта Паҳлавон Маҳмуд зиёратгоҳига кирасиз. Унинг мақбарасини тавоф қиласиз. Кўпчилик шу шаҳарда – Ичан қалъада Пурёрвалийнинг ёшлигида севган қизининг ҳам катта бўлмаса-да, кўтарилган қабри борлигини билмайди. Билимдонроқ гидларга – сайёҳшуносларга мурожаат этсангиз, улар албатта сизга уни кўрсатишади. Бу қабр рангли нақшин тошлар билан безатилмаган, аммо ўз севгисига садоқати, вафодорлиги ва ожизалик сўзининг ҳам полвонлик лафзидан кам эмаслигига исбот тариқасида, Буюк Севгига ажойиб рамз сифатида асрлар оша ҳамон нурамай қад кўтариб турибди.

17 – 20 март. 2017 йил. Тошкент.

12 NOYABR — YOZUVCHI OZOD MO‘MIN XO‘JANI 65 YOSHI BILAN QUTLAYMIZ

99.jpg  Yozuvchining qayd etishicha, bu hikoya Xiva safari taassurotlari-yu, shahar kezganda Pahlavon Mahmud haqida eshitgan rivoyatlar va naqllar ta’sirida yozilgan…

Ozod MO‘MIN XO‘JA
PAHLAVON MAHMUDNING SЕVGISI
011

 image.jpgOzod Mo‘min Xo‘ja (Mo‘minov Ozod Po‘latovich) 1952 yil 12 noyabrda Toshkentda tug‘ilgan. Toshkent Davlat Universiteti Fizika fakultetini tamomlagan. 1975 yili VNIIPromgazning O‘rta Osiyo filialida injenerlik faoliyatini boshlagan. 1980 yildan to 1990 yilgacha O‘zbekiston Fanlar Akademiyasi Fizika-Texnika ilmiy-tekshirish institutiga o‘tib, ilmiy xodim sifatida faoliyat olib borgan.
U adabiyotga fantastik hikoyalari bilan kirib keldi. “Xiyobondagi uch uchrashuv” (1987) “Men – robot” ( 1989) nomli fantastik hikoyalar to‘plamlari va tarjimalaridan iborat “Eng dono ot” (1990) kitobi bosmadan chiqqan. 1992 yilda “Buyuk Amir Temurning yoquti” tarixiy asari “Sharq yulduzi” jurnalida va 1993 yili “Somon yo‘li” almanaxida chop etilgan. Shuningdek, “Bir yigit va uch qiz hangomasi” hajviy hikoyalari to‘plami (1997), “Sardor “Beshagachskiy” – toza o‘g‘ri” kriminal qissasi (2004), “Vahdat ul-haqoyiq” falsafiy traktati (2006), “Oyjamol” choyxonasi” kriminal trilleri (2007) nashr etilgan.
Ozod Mo‘min Xo‘ja 1991 yildan O‘zbekiston Yozuvchilari Uyushmasi a’zosi.

011

Roviylar bu voqea 1267 yilda, Pahlavon Mahmud Puryorvaliy 20 yoshga to‘lgan vaqtda ro‘y bergan, deb hikoya qilishadi.

Mahmud bir ko‘rishda ko‘nglini rom etgan Robiyani, ommaviy, butun xalq ishtirok etadigan kurash musobaqasida tomoshabinlar orasida ko‘rib qoldi. Yuragi shu ondayoq “Jiz!” etib kuydi. Esu xushi qaylargadir uchib ketdi.

Bu paytda, u davra o‘rtasida raqibi bilan yuzma-yuz bellashayotgandi. Diqqati buzildi. Harakatlarini ong emas, vujudining o‘zi boshqarishga tushdi. U faqat himoyalanardi. Kurashayapti-yu, ammo hayoli o‘sha qizda. Harifi uning fikri o‘zga yoqda ekanligini darhol his qildi. Parishon polvonni ko‘tarib yerga urishni mo‘ljalladi. Va shu usulni qo‘llashga kirishdi hamki, Mahmud es-xushini yig‘masa, u go‘zalning oldida sharmanda bo‘lib qolishini angladi. Shuning uchun, u yashin tezligida unga chap berdi va keyingi kutilmagan harakati bilan raqibining o‘zini yerga qulatdi. Uning yelkasini katta kuch bilan yerga bosdi. Raqib qimirlay olmay qoldi. Mahmud shu holatda qotdi va ko‘zlari o‘sha xuriliqoni qidirdi: “U harifimni boplab yiqitganimni ko‘rdimi, menga qoyil qoldimi-yo‘qmi?..” Topdi! Qizning jilmayganini payqadi. Qalbi g‘ururga to‘ldi. Hakam polvonlarga yaqinlashib: “Halol!” deb qichqirgachgina, o‘z hislarini jilovladi va o‘rnidan turdi.

Xalq uni olqishladi, chapak chaldi, shu jumladan o‘sha go‘zal ham!

Mahmud sovrinni olib, bir chetga o‘tdi-da, nigohi bilan qizni qidirdi. Afsuski, u qaygadir g‘oyib bo‘lgandi. U ohista, qalbini rom etgan go‘zal turgan joyga borib, o‘sha yerdagilardan uni surishtirdi. Bir yoshroq yigitcha uni tanir ekan.

– Robiya opam uyiga ketdi, – xabar berdi u. – Onasiga, bir zum tomosha qilaman-u kelaman, degan ekan.

– Sening isming nima? – so‘radi Mahmud o‘smir yigitchadan.
– Matchon! – javob qildi.

– Menga qara, Matchon! Sen juda ajoyib yigit ekansan, ayt-chi, Robiyaning qo‘shnisimisan?
– Ha!

– Qaysi ko‘chada turasan?
– Hov, anavi! – qo‘li bilan ko‘rsatdi o‘smir yigitcha. – Uzoq emas.
– Rahmat, senga Matchon! Mana bu, senga! – Mahmud uning qo‘liga ikki tanga berdi. – O‘zingga biror nima olarsan!

O‘smir jilmaydi.
– Rahmat, Mahmud aka! Bilagingizni ushlab ko‘rsam maylimi?

Mahmud uning yelkasidan ushladi-da, chetroqqa o‘tib, yalang‘och bilagining mushaklarini qattiq qilib unga ro‘para qildi.

– Voy-bo‘! Metinday-a! – dedi yigitcha va so‘radi: – Robiya opam sizga yoqib qoldimi?

Polvon to‘g‘ri savolga to‘g‘ri javob bera qoldi.
– Ha! Uni bir ko‘rishda yoqtirib qoldim. Buni faqat hech kimga gapirma. Kelishdikmi?.. Kel, do‘st bo‘lamiz!

– Mayli, kelishdik! – xursand bo‘ldi o‘smir. – Menga ham polvonlikni o‘rgatasizmi? Bilagim xuddi siznikidek temir bo‘lishini orzu qilaman!

– Istasang, Zo‘rxonaga olib boraman. Mashqlar o‘rgataman. Kuching ko‘payadi.
– Yaxshi! Sizni qayerdan topaman?

– Har kuni asrdan bir soat o‘tgach, men Zo‘rxonada bo‘laman. Kelib, meni so‘ra, ko‘rsatishadi.
– Juda yaxshi. Albatta boraman! – yigitchaning ko‘zlarida uchqun chaqnadi.

***

Bir necha kun o‘tgach Mahmud ilk shogirdi Matchonni Zo‘rxonada asta-sekin mashq qildira boshladi. U hali yosh bo‘lgani uchun, yengil-yengil toshlarni ko‘tartirar va osonroq badantarbiyalar qildirardi. Bir haftalardan keyin Matchon so‘z qotib qoldi.

– Mahmud aka! Men siz haqingizda Robiya opamga aytdim. Sizni Mahmud polvon sevib qolibdi dedim. U qizarib ketdi. Istasangiz, tanishtirib qo‘yaman!

– Qanday qilib, Matchon?
– Robiya opam yakshanba kuni u bozorga chiqib o‘ziga nimalardir olmoqchi ekan. O‘sha yerda uchratishingiz mumkin, istasangiz, men yoningizda bo‘laman.

– Mayli, unda yakshanba kuni xonaqohga kechroq borar ekanman-da. Mayli, Hazrat Sayid A’louddin pirimga aytaman, ruxsat berar…– quvondi Mahmud.
– Bo‘pti, kelishdik! – jilmaydi yosh shogird.

Robiyaning tovushi mayin, so‘zlari shirin jaranglar ekan. Qiz uyalib, uyalib so‘zlashdi. Mahmud undan ko‘zlarini uzolmas, sevib qolgan bu dildorga nimalar deyishni bilmas, biror noto‘g‘ri so‘z aytib qolsa, u xuddi bir umrga ketib qoladigandek, cho‘chib-cho‘chib gaplarini aytardi.

– Men sizni anavi kuni kurash musobaqasida ko‘rib qolgandim! Sizga qarab, ko‘zimni uzolmay, sal bo‘lmasa raqibimga yutqazib qo‘yay dedim… – bazo‘r gap gapirdi devqomat yigit.

Robiya jilmaydi. Va yerga qarab javob berdi.
– Ha, sezdim. Lekin, vaqtida o‘nglandingiz.

– Yutqizsam, sizning oldingizda yuzim shuvit bo‘lib qolishidan qo‘rqdim. Shuning uchun, jon-jahdim bilan uning yelkasini yerga tekkizdim.
– Ha, juda kuchli ekansiz!

Mahmud yana nima desam ekan, deb o‘ylanqiradi-da, o‘zi kutmagan holda so‘radi.
– Kitoblar o‘qiysizmi?
– Ha, – javob berdi u, iymanib. – Ayniqsa, she’rlarni sevaman.
– Unday bo‘lsa, men sizga o‘zimning sizga atab yozgan ruboiylarimdan beraman. Fikringizni aytarsiz?!

Mahmud shunday deb, avvaldan tayyorlab qo‘ygan qog‘oz varaqlarini qizga tutqizdi. U oldi.
Yigit so‘radi.
– Robiya! Men qanday qilib sizni tez-tez ko‘rib turishim mumkin?

Qiz indamadi. Biroz o‘y surdi, so‘ng javob berdi.
– Faqat, shu bozor kunlari tashqariga chiqqanimda bo‘lsa kerak…
Robiyaning bunday deyishiga sabab, uning o‘zi ham shu bo‘yi baland, baquvvat polvon yigitni yoqtirib qolgan edi. Jon-dili bilan tez-tez uchrashib turardi-ku, ammo odamlar gap qilishi mumkin. Kelgusida, sal ulg‘aysa, balki nikoh o‘qitib, turmush qurishar…

Robiya uyiga qaytgach, xonasiga kirdi-da, buklangan qog‘ozni ochdi. Uchta ruboiy bitilgan ekan. Ohista o‘qidi:

Chun, oyni xira qilg‘uchi toboning bor,
Gulzor ila bahs etar gulistoning bor.
Bir lahza hayallamay sovut teshguvchi,
Har bittasi bir nayza,ki mujgoning bor.

Zulmi itoblaringdan kech ko‘nglim uchun,
Ko‘nglim, ki tugun, sen uni yech ko‘nglim uchun.
Men ko‘ngling uchun o‘zgaga bermam ko‘nglim,
Sen o‘zgaga berma ko‘ngil hech ko‘nglim uchun.

Qoshimdan o‘shal sarvi xiromon ketdi,
Ko‘zlardan oyoq ostima ko‘p qon ketdi.
Qoshimga, kelib rahmi, ki, qaytmas ersa,
Aylang-ki hisob, tanimdagi jon ketdi.

Oh, qanday go‘zal satrlar! Hammasi o‘ziga atalgan. Qizning yuragi g‘urur va iftixorga to‘ldi. Ayol zotining qalbi shunday tuzilgan: Kim uni sevsa, uning chiroyini, aqlini, butun borlig‘ini madh etsa, o‘sha insonga nisbatan iliq hislar paydo bo‘ladi. Ko‘pincha, hattoki, sevib ham qoladi. Robiya ham ana shu ruboiylarni qayta–qayta o‘qigach, Mahmudni nainki bir zo‘r polvon, balki dunyodagi eng yaxshi odam sifatida ham qabul eta boshladi.

Shu-shu, ikki yosh – Mahmud va Robiya bozor kunlari qisqa vaqtga bo‘lsa ham, odamlar orasida to‘satdan ko‘rishib qolgan qarindoshlardek uchrashib, gaplashib turadigan bo‘lib qoldilar. Ular xayrlashishgandan so‘ng, keyingi yakshanba kunini orziqib kutardilar. Boshqacha muloqotlarning aslo ilojisi yo‘q edi. Har bir visol onlariga yigit albatta bir yoki bir nechta o‘z sevgi hislari yo‘g‘rilgan ruboiylar bitib kelar, ularda ifodalangan muhabbat izhorlari qizning ongiga, qalbiga cho‘g‘ solar, uning vujudini lovullatib yondirardi.

Oradan to‘rt-besh oy o‘tdi. Bu vaqtga kelib, Mahmud ham, sevgilisi Robiya ham bir holatni aniq va tugal anglashdi – ular faqat bir-birlari uchun yaratilganlar. Boshqa biron kimsa bilan turmush qurish hech kimga baxt va porloq hayot baxsh etmaydi. Shu fikrga kelishgach, Mahmud o‘z niyatini onasiga yetkazdi.

– Onajon! – dedi u. – Har bir erkak katta bo‘lgach, uylanishi kerak. Mening boshimni ikkita qilish haqida siz dadam bilan gaplashayotganingizni eshitgandim. Sizga shu to‘g‘risidagi o‘z fikrimni aytmoqchiman. Men bir qizni sevib qolganman…

Yigit onasiga o‘z niyatini oydin-ochiq qilib so‘zlab berdi va Robiyaning xonadoniga otasinimi yo boshqa birovnimi sovchi qilib jo‘natishni so‘radi.

– Bolam, u qizning manzilini, otasi kimligini, uning ismini ayt, albatta boramiz. Yaxshi oila bo‘lsa, albatta to‘y-tomosha qilamiz! – javob berdi ona.

Mahmud barcha ma’lumotlarni bayon etdi.
– Lekin, avval orqavarotdan surishtirish lozim! – so‘z qotdi ona. – Otangga aytaman, o‘zim ham tanishlardan so‘rab ko‘raman. Natijasini bir haftalardan keyin aytaman.

Bir hafta o‘tdi. O‘n kun o‘tdi. Ikki hafta o‘tdi. Ona jim. Ota ham jim.
Nihoyat, yigirma kun deganda, kechki payt, ona shu mavzuda so‘z ochdi.

– Bolam! Men aytgan oilangni surishtirdim. Otang ham so‘roqladi. U oila hech bizga to‘g‘ri kelmas ekan.
– Nega? – so‘radi Mahmud.

– Qizning onasi ayni shu qizini ko‘chadan topib olib, asrab olgan ekan. Qizning nasl-nasabi noma’lum emish.
– Nima farqi bor?! U ham Yaratganning bandasi-ku! Men uni sevaman.

– Juda g‘alatisan-a, o‘g‘lim! Buni umr savdosi deydilar. Duch kelganni xotin qilib yashab ketilmaydi. Oshiqlik – o‘qday, sovusa – b..qday, deyilgan. Hech qisi yo‘q, u bir kunmas bir kun esingdan chiqadi. Undan ko‘nglingni uz! O‘zim senga tagli-zotli, boy-badavlat, o‘zimizga mos xonadonning bir go‘zal qizini topib beraman. Otang ham gaplarimga rozi. Ota rozi – Xudo rozi, deyilgan. O‘jarlik qilma! Biz, baribir, u megajinni senga olib bermaymiz! Kimsan, Mahmud polvonsan! Kimlar senga qizini bermaydi?! Kimlar seni kuyov qilmaydi?! Bir o‘ylab ko‘r!

Mahmudning qalbida bu so‘zlarga qarshi kuch paydo bo‘ldi. Inson hayvon emas-ku, nasldor zotlar bilan qo‘shilib, sergo‘sht yoki sersut mol kabi urchitilsa! Nega inson qalbiga Sevgi degan his berilgan? Yaratgan Zot nima uchun o‘z bandasiga, ongli bandasiga bu ajib hisni singdirgan? Nega uni hayvon kabi urg‘ochisini ko‘rsa, o‘ylab o‘tirmay, irg‘ishlab yugurib ketadigan jonzot sifatida yaratmagan? Demak, bu Sevgi degan hissiyotda ilohiylik mavjud. Demak, bu – ilohiy tuyg‘u! Shunday ekan, uni e’tiborga olmay, nasldor ayolga uylansa, kelajakda, vaqt-soati yetganda Unga o‘z qilmishi uchun javob berishiga to‘g‘ri keladi.

Mutloq Buyuk Zot so‘rashi mumkin: “Xo‘sh, Mahmud polvon, Menga ayt-chi, sening qalbingga Robiyani ko‘rganingda o‘t solganmidim? Bu qizga atab she’rlar yozishga undaganmidim? Butun borlig‘ingni o‘sha go‘zalga intiltirganmidim? Yoki, sening vujudingda oddiy shahvat hukmronmidi? Ayt, o‘sha qizga shahvat bilan intildingmi yo qalbingda tug‘ilgan Sevgi bilan intildingmi?.. Albatta, tan olasan – bu faqat Sevgi edi. Shunday ekan, nega bu ilohiy hissiyotni mensimading? Nega Men in’om etgan his bilan emas, shaytoniy va nafsoniy tuyg‘ularga bo‘ysunib, uylanding?! Qani, javob ber! Ha, inday olmayapsanmi? Demak, aybdorsan! Buning uchun esa, tegishli Ilohiy Jazo bor. Mana, uni ol!..”

Mahmud shu hayollarni dilidan o‘tkazib, onasiga so‘z qotdi.
– Ota-onaga istagiga qarshi chiqish yaxshi emas. Lekin, men zotdor buqa emasman, zotdor g‘unajin bilan chatishtiriladigan. Uylanmasam, uylanmasman o‘sha qizga. Ammo, meni zo‘rlamanglar, kimningnidir qizini ol, deb. O‘zimni ham, o‘sha siz tanlagan ayolni ham baxtsiz qilib, Ollohning oldida gunohkor bo‘lib qolmay. Bu mening polvonlik so‘zim. Arslon izidan, yigit so‘zidan qaytmas. Gapim – gap, so‘zim – so‘z.

Mahmud shunday deb, o‘rnidan turdi. O‘z xonasi tomon yo‘l oldi. Onasi esa hang-mang bo‘lgancha, qotib qoldi. U nima deyishni ham bilmasdi. Qani, otasiga aytsin-chi, u nima derkin…
Ertasi kun ota ishdan kelib, kechki ovqatni tanavvul qilgach, o‘z o‘g‘lini yoniga chaqirdi.

– O‘g‘lim! – dedi u. – Har kim o‘z onasini qadriga yetish kerak. Onalar farzandni dunyoga keltiradilar, avaylab, oq sut berib voyaga yetkazadilar. Onangning bir dugonasi o‘sha qizga yaqin joyda turar ekan, xabar beribdi: u oila juda yomon ekan. Qizi juda betga chopar, uy ishlarini qilmaydigan, faqat qoshlariga o‘sma qo‘yib o‘tiradigan , ahloq-odobni bilmaydigan, likillagan bir bema’ni nusxa ekan. Buning ustiga, u topildiq emish. Bu gaplar bejiz chiqmagan bo‘lsa kerak. Onangning so‘ziga kir. Yoshlikda hamma ham kimnidir sevib qoladi, keyin bu hislar o‘tib ketadi. Shuning uchun, u qizdan voz kech. O‘zimizga munosib bir xonadondan aqlli, odobli qizni toparmiz. Onangning ana o‘sha dugonasining oy desa oydek, kun desa kundek, sutga chaygandek oppoq, juda go‘zal qizi bor ekan. Hamma maqtayapti. Istasang, o‘sha qizga uylantirib qo‘yamiz.

Mahmud bu tushuntirish gaplarining oxirgi jumlalariga e’tibor qildi. “Demak, onasi va otasi o‘sha qandaydir yetti yot xotinning g‘iybatlari asnosida fikr yuritishmoqda. O‘sha ayolning yaxshi oila qizini badnom qilishidan maqsadi, Mahmudning quchog‘iga o‘z qizini tiqishtirmoqchiligidan ekan-da!..”, xulosa qildi u.

– Yo‘q, ota! Men o‘sha g‘iybatchi xotinning qiziga hech qachon uylanmayman. Agar, uning so‘zlariga ishonib, sevgan qizim bilan turmush qurishimga ruxsat bermasangiz, umuman dunyodan toq o‘taman. Kecha bu haqda onamga aytgandim. Chin polvonlik lafzim shu.

– O‘g‘lim, qizishma! O‘sha xotinning qizi bo‘lmasa, Xiva to‘la boshqa qizlar bor. Boshqa yaxshi oila topilib qolar! – dedi ota.

– Ota! Siz nega tushunmayapsiz? Sevgi, haqiqiy sevgi axir ilohiy tuyg‘u! U inson qalbiga bekordan kelmaydi. Mana, men tasavvuf sirlarini o‘rganayapman. Bu dunyoda har bir erkak odamga o‘ziga mos, to‘laqonli baxt keltira oladigan jufti yaratiladi. Agar, inson bu baxtdan, turli g‘iybatlaru mish-mishlarga ishonib, voz kechsa, u boshqa kimsa bilan topishib, tinch-totuv yashay olmaydi. Butun umri g‘urbatda o‘tadi. Men g‘urbatda qolib, na kasbimda, na tasavvufda, na she’riyatda muvaffaqiyat qozona olaman. Shuning uchun, mening oldimda ikki yo‘l bor. Men uni bayon qildim. Istasangiz, oq fotiha bering. Istamasangiz, men sizga qarshi bormayman. Ammo, boshqa hech kimga uylanmayman.

Otaning boshi qotdi. O‘g‘li juda o‘jar. Uni qanday o‘z yo‘liga solsa bo‘lar ekan. Mayli, to‘rt-besh oy tashlab qo‘ysin-chi, zora insofga kelib, ota-onasining gapini ikki qilmaydigan bo‘lib qolsa…

– Mahmud! Men baribir seni u qizga uylantirmayman. Shuni aniq bilib ol! – xitob qildi u va o‘rnidan turdi. – Tanangga yaxshilab o‘yla!..

Ota shu gapni aytib, o‘z xonasiga bugungi boqqolchiligidan tushgan pullarni sanashga kirib ketdi.

***

Mahmud shu tun uxlamadi. Erta tongga qadar u yoq – bu yoqqa ag‘anab chiqdi. Tongda turib bir ruboiy yozdi.

Ey, falak! Bu ko‘nglim etolmading shod.
Alamdan yuragim bo‘lmadi ozod.
Tirikligim bermas endi bir hosil –
Aziz umrim bo‘ldi, nahotki barbod?

U qalbidagi butun g‘amni, alamni shu ruboiyga yukladi. So‘ng, yuvinib, tahorat qilib, bomdod namozini o‘qidi-da, piri Hazrat Sayid A’louddin xonaqohiga ketdi.

***

Keyingi bozor kuni u o‘z Robiyasi bilan uchrashdi. Qizning ko‘zlari chaqnoq, ularda sevgi va umid barq etib turardi. Mahmud yuragidagi yashirin g‘amini yuzaga chiqarmaslikka tirishdi. Ammo, hamohang qalb baribir do‘st qalbdagi har bir o‘zgarishni sezadi. Shuning uchun, Robiya kutilmganda so‘rab qoldi.

– Polvon og‘a! Siz, mabodo boshqa birovni sevib qolmadingizmi? Dilingizda bir sirli g‘am sezmoqdaman!

Mahmud hazin jilmaydi. Va shu zahotiyoq ongiga bir ruboiy quyilib keldi. Uni shu daqiqadayoq tiliga chiqardi.

Dedi yorim: nechun buncha g‘aming bor?
Yuragingga o‘t yoqdimi bir dildor?
Qo‘llariga oyna berib, dedimki:
Kim aksini ko‘rsang, menga shudir yor!

Robiya tabassum qildi. Uning tabassumida butun olam go‘zalligi namoyon edi. Mahmud so‘z qotdi.
– Robiya! Seni to umrim oxirigacha sevaman. Mendan aslo shubha qilma!

Bu gap bilan qizning ko‘nglidagi barcha shubhalar quyosh charaqlab chiqqanda to‘s-to‘s bo‘lib ketadigan bulutlardek uzoqlarga ketishdi.

Uchrashuv oxirigacha Mahmud o‘z hislarini bildirmadi.

***

Oradan yarim yil o‘tdi. Mahmud va Robiya o‘rtasidagi sevgi-muhabbat rishtalari yanada qalinlashdi. Lekin, ota-ona va o‘g‘il o‘zgacha fikrda yashashdi. Otaning yoshi ulg‘aygach, mustaqil qaror chiqara olish xususiyati yo‘qolgandi. U bir paytlardagi hech kimdan tap tortmaydigan, mo‘g‘ullarga qiron keltirgan shijoatli, devsifat yigit emas edi. Ishi yurishayotgan boqqolga aylanib, tor doirada mulohaza qila oladigan kimsaga o‘xshab qolgandi. U har bir ishini xotini bilan maslahatlashar, hech bir yangi qadamini zavjasining fikrisiz bosmas edi. Zavjasi esa, ushbu yarim yilda yanada qalinlashgan dugonasining gaplariga ko‘nib bo‘lgan edi. Og‘zi tinmas bu xotin esa har kelganda sodda onaning qulog‘iga bir gapni quyaberar edi: “Shoshmang, dugonajon! O‘g‘lingiz es-xushini yig‘ib oladi. Mana, yon qo‘shnimizning farzandi tixirlik qilib, tixirlik qilib, baribir volidasining gapiga kirdi. Onasi olib bergan qiz bilan bib-binoyi turmush kechiryapti. Olloh diliga solsa bo‘ldi…” Shuning uchun, ota-ona o‘g‘limiz insofga kelib qolar, degan umidda umr kechirishdi. Mahmud esa boshqacha, ya’ni anavi yaramas dugona-xotinning onamga ta’siri yo‘qolsa edi, menga Robiyaga uylanishimga ruxsat berishardi, degan orzu bilan kunlarni o‘tkazdi. Xattoki, surishtirib, sevgilisining hech qanday topildiq emasligini aniqladi. Bu xabarni padariga yetkazdi, lekin u ishonmadi. Qo‘l siltab qo‘ya qoldi.

Ota bundan yigirma bir yil avval, Gurganjda yashayotganda uchragan keksa yoshullining gaplarini ham yodidan chiqargandi. Ammo, shu kunlarning birida tong payti, tushida o‘sha mo‘ysafidning siymosi paydo bo‘ldi: u indamay savolomuz qarab turardi. Shunda, uning ko‘rsatmalari yodiga keldi. U aytgandiki: “Xotiningning oy-kuni yaqinlashganda, sen Xiva shahriga ko‘chib ket. Qolgan umring o‘sha maskanda o‘tadi. O‘g‘ling ham o‘sha joyda ulg‘aysin, hunar o‘rgansin. Yaxshisi, unga ota kasbing – po‘stindo‘zlikni o‘rgat. Farzandingning istaklarini bo‘g‘ma, nimaga intilsa, o‘sha ishiga yordam ber! Uning ruhini sindirma! U kelajakda buyuk insonlardan bo‘ladi.”

Ota darhol shu haqda ayoliga so‘z qotgan edi, u bobillab berdi.

– Yo‘qoting bu gaplarni! O‘zi bormi-yo‘qmi noma’lum bir cholning gapiga kirib, uy-joyimizni, qavmu qarindoshimizni tashlab, Gurganjdan bizga begona joyga kelib yashayapmiz! O‘sha chol – Xizr buvami yo odamlarni avraydigan iblis qavmidanmi, yolg‘iz xudo biladi. Mahmud mening aytganimni qiladi! O‘g‘il – meniki! Tamom-vassalom!..

Shu gapdan keyin ota farzandiga xotinining hukmini yetkazdi.
– Insofga keldingmi, o‘g‘lim? Rozi bo‘lishing bilan darhol kelin daraklaymiz!

Insof – nisbiy tushuncha. Uni har bir odam o‘z nuqtai nazaridan qaragan holda anglaydi. Ota-ona uchun o‘jar farzandning quldek bosh egishi, istamagan, sevmagan qiz bilan turmush qurishi – insof. Yigit uchun o‘z ota-onasining bir g‘iybatchi ayolning gapi bilan o‘z o‘g‘lini baxtsiz qilishayotganini anglashi – insof.

Umuman olganda, o‘z zuryodlariga munosib ota-onalik qilish oson emas. Ayniqsa, yaqin atrofda yolg‘ondan, g‘iybatdan va tuhmatlardan tap tortmaydigan hasadgo‘y va ko‘ngli qora nusxalar ta’sir qilib tursa – to‘g‘ri qaror chiqarish qiyinlashadi.

Shuning uchun, Yaratganga munojat qilib, palonchiga insof ber, deb so‘rayotganimizda o‘zimizga ham atrofdan nazar tashlashga o‘rganishimiz kerak.

Mahmud padarining bu gapiga bosh chayqadi.
– Uzr, ota… Men polvonlik lafzini qilganman.

***

Ashampoo_Snap_2017.11.03_14h00m15s_001_.pngMahmud o‘z orzularini qandaydir begona xotin o‘zining to‘qima g‘iybatlari bilan parcha-parcha qilib tashlaganini to‘liq tushundi. Qalbiga chuqur qayg‘u tushdi. U yaralandi. Bu yara og‘rig‘iga chidab bo‘lmasdi. Yigit alamini yana ruboiy yozishdan oldi:

Dilim og‘rir, qalbim og‘rir, bog‘ ko‘rinar mozordek.
Qizil gullar qon sachratar vujudida tig‘ bordek.
Baxtsizlarning hayotida maza yo‘qdir, tuz yo‘qdir,
Baxtsizman-ku, nechun menga achchiq bilan sho‘r yordek?

Shundan so‘ng, Mahmud bozor kunlari sevgilisini ko‘rish zavqidan o‘zini tiydi. Uch haftadan so‘ng, Matchon u bilan Zo‘rxonada mashq qilishayotganda aytib qoldi.

– Mahmud og‘a! Kelasi bozor kuni albatta Robiya opamga ko‘rinar ekansiz. Gaplari bor ekan.

Bu uchrashuv ularning oxirgi visol onlari edi. Pahlavon Mahmud – bu paytda Xorazm eli uni xuddi shunday nom bilan atashni boshlagandi – barcha bo‘lgan gaplarni aytib berdi. Hech narsani yashirmadi. G‘amgin ruboiylarini esdalik uchun berdi.

– Robiya! – dedi u. – Mening senga bo‘lgan sevgim to umrim oxirigachadir. Shuning uchun, qolgan hayotimda boshqa hech kimga ko‘ngil bermayman. Dunyodan toq o‘taman. Chunki, bilaman, sendan o‘zga ayol bilan baxtli yashay olmayman. Farzandlarim bo‘lmasa bo‘lmas. Sen esa yoshsan, go‘zalsan, orzularing mo‘l. Sening yo‘lingni to‘smayman. O‘zingga munosib biror yigit topilsa, undan sovchi kelsa, ko‘p o‘ylama, turmushga chiq. Oila qur. Baxtingni top.

Robiya yigitga tikildi. Nahotki, endi uni ko‘rmaydi? Nahotki, endi Polvon akasi bilan suhbatlashmaydi? Nahotki, sevgiga to‘liq ruboiylar o‘qimaydi?.. Uning ko‘zlaridan mildir-mildir yosh oqdi. Qiz tovush chiqarmay yig‘lardi.

Sevgilisining holatiga Mahmud qarolmadi. Nigohini yerga qaratdi. Bir qancha vaqt sukut saqladi, so‘ng tilga kirdi.

– Yig‘lama! Bundan foyda yo‘q. Yuragingni ham siqma. Dunyo shunaqa. Hayot shunaqa. Odamlar shunaqa. Charxi kajraftor oldida ojizmiz. Ishon, kelajakda muzaffar kunlar bor. Sen albatta baxtli bo‘lasan… Men endi ketdim!

– Polvon og‘a, to‘xtang! – xitob qildi Robiya. – Men ham gaplarimni aytib olay. Siz ham biling, qalbimdagi o‘ylarni. Menga o‘zga baxtni tilamang! Mening ham sevgim to umrim oxirigachadir. Men ham qolgan hayotimda boshqa hech kimga ko‘ngil bermayman. Dunyodan toq o‘taman. Chunki, bilaman, sizdan o‘zga kimsa bilan baxtli yashay olmayman. Farzandlarim bo‘lmasa bo‘lmas. Siz polvonlik lafzini beribsiz. Men esa ojizalik so‘zini beraman. Hech qanday kuch mening bu ahdimni buzolmaydi. Esingizda qolsin. Hamisha meni o‘ylang. Men ham sizni o‘y-xayolimdan ketkazmayman… Mayli, endi boraqoling…

Mahmud xo‘rsindi. Nima deyishni bilmas edi. Sevgilisining bu so‘zlari uning uchun kutilmagan bo‘ldi. Axir, u qiz bola-ku! Nega endi u ham bu dunyodan toq o‘tishi kerak?! Yo‘q, bu mumkin emas! Uni fikridan qaytarish lozim.

– Robiya! – murojaat qildi u. – Sen aslo bunday qilishing mumkin emas! Menga taassub qilma. Mening qarorim o‘zim o‘rganayotgan tasavvuf falsafasiga asoslangan. Men erkakman, sen esa qiz bolasan, ayolsan. Sen farzandli bo‘lishing, ularni voyaga yetkazishing kerak. O‘ylab ko‘r!..

– Kimdan? O‘zim sevmagan odamdanmi? Hech qachon!
– Bu qaroring noto‘g‘ri, Robiya! Balki, sevib qolarsan, kimnidir.

– Bilmadim. Gapingizda jon bordir. Mayli, o‘ylab ko‘raman… Endi, qiyomatda uchrashamiz. Xayr, Polvon og‘a! Odamlar bizga qarashayapti. Boraqoling!

Shu gapdan so‘ng, ikki sevishgan inson bir-birlariga so‘nggi nigohni tashlashdi-da, o‘z yo‘llariga ravona bo‘lishdi.

Yillar o‘tdi. Yillar o‘tdi. Yillar o‘tdi. Pahlavon Mahmud o‘z polvonlik lafzida qoldi. Hayotida buyuk ishlar qildi, tasavvufiy ruboiylar bitdi, nochorlarga yordam berdi, o‘z xalqi vakillarini uzoq ellardagi bandiliklardan qutqardi, dong qozondi, lekin umrini, haqiqatdan, uylanmay o‘tkazdi.

Robiya ham ming tayziqlarga qaramay turmushga chiqmadi. Jonli hayotdan hur qiz bo‘lib ketdi.

Bugungi kunlarda Xivaga borsangiz, albatta Pahlavon Mahmud ziyoratgohiga kirasiz. Uning maqbarasini tavof qilasiz. Ko‘pchilik shu shaharda – Ichan qal’ada Puryorvaliyning yoshligida sevgan qizining ham katta bo‘lmasa-da, ko‘tarilgan qabri borligini bilmaydi. Bilimdonroq gidlarga – sayyohshunoslarga murojaat etsangiz, ular albatta sizga uni ko‘rsatishadi. Bu qabr rangli naqshin toshlar bilan bezatilmagan, ammo o‘z sevgisiga sadoqati, vafodorligi va ojizalik so‘zining ham polvonlik lafzidan kam emasligiga isbot tariqasida, Buyuk Sevgiga ajoyib ramz sifatida asrlar osha hamon nuramay qad ko‘tarib turibdi.

17 – 20 mart. 2017 yil. Toshkent.

e-melnikov-at-the-mausoleum-of-pahlavan-mahmud-1985.jpgPahlavon Mahmud maqbarasi

05

(Tashriflar: umumiy 364, bugungi 1)

Izoh qoldiring