15 декабр — Таниқли шоира Зебо Мирзо таваллуд топган кун
Бу шеърларда Зебонинг қалбини кўргандай,унинг қалбидаги дарду шодлик билан юзма-юз келгандай бўлдим. Шоира жуда кўп шеърларида ўз-ўзини жасорат билан тафтиш этади,гоҳ муҳаббатдан телба бўлгандай,юрагида энг мубҳам қатламларгача дунёга очади. Бу шеърларда “нур билан соя қўшилган”,”майсалар титроғини яширганбкичик бахтни сиғдиролмаган улкан юрак” намоён бўлади.
Хуршид Даврон
ИШҚ ЁҒДУСИ ЁРИТГАН САТРЛАР
«Ишқ» китоби учун ёзилган
Мен бу китобни ҳаяжон билан ўқиб чиқдим.Мутолаа давомида Зебонинг матбуотда эълон қилинган илк шеърий туркумларини, дастлабки китобларини эсладим.Унинг мураккаб ва сирли ҳаёти бу китобда жамланган шеърларда нечоғли акс этмасин,бари бир мен учун сирли бўлиб қолганини ҳам пайқадим.Шеърнинг ўзи,ижоднинг ўзи сирли бўлгандан кейин унинг одами ҳам сирли бўлиши керак деб ўйладим.
Бугунги ўзбек шеъриятида шоираларнинг алоҳида ўрни,янада очиқроқ айтадиган бўлсам, “эркаклар” шеърияти билан тенглашган даражадаги мавқеъи бор.Ана шу ўринни,мавқеъни белгилаган ва белгилаётган шоиралардан бири Зебодир.
Зебонинг шеърларини севиб ўқишимнинг сабаби маълум.Мен айнан мана шу руҳдаги: инсон туйғулари асосидагина пайдо бўладиган ва инсон туйғулари табиат руҳи билан бойитилган шеърларни аъло биламан.
Яна бир гапни айтиб ўтишим лозим.Йигирма йилча аввал,яъни шўро тузуми даврида бу китобдаги аксарият шеърлар шак-шубҳасиз гражданлик руҳидан маҳрум деб баҳоланар,субъективизм кўриниши сифатида қораланарди. Узоқ йиллик қатағон диктатурасига асосланган тузум даврида шеър адабиётнинг энг субъектив тури экани батамом унутилди.Ҳар бир шоирдан,ҳар бир шеърдан ижтимоийлик талаб этиш адабиётшунослигу адабий танқиднинг “қонуни”га айланган эди. Устозларимиздан бири “поэзия вазифа ва моҳият эътибори билан сиёсий масаладир,шеър – шоирнинг ижтимоий виждонидир” — деб таъкидлаганини эсга олиш кифоя. Ҳолбуки,шоир “мен” деб ёзади ва бу “мен” қанчалик инсоний ва табиий бўлса,унинг ёзганлари “биз”нинг мулкига айланади.
Шеър,ўзи нималигини тушунтирганларнинг ҳеч бири бу вазифани уддалай олмаганини жуда яхши биламан. Шеърнинг нималигини қўрқмай тушунтирадиганларнинг кўпи – адабиётшунослар.Шоирларнинг ўзи бу ишга камдан-кам қўл уради.Шахсан мен учун,шеър бу энг аввало туйғу,ғойибдан пайдо бўлиб,юракни (шоир юрагини) жунбушга солган,йиғлатган,шодлантирган инсон туйғуси.Шоирнинг истеъдоди шу туйғуни нечоғлик қабул қила олиши, шу туйғуни асллигини сақлаб,бошқа юракларга узата билиши билан ўлчанади.Кичкина “истеъдод” кичкинагина туйғуни кўтаришга яраса,улкан истеъдод улкан туйғуларни ғойибдан қабул қилишга,унинг бир япроғини,бир томчисини тўкдирмай,титроғу момогулдурагини сақлаган ҳолда милён юракларга бера олишга қодир бўлади.
Шу ўринда Жалолиддин Румийнинг ёзганлари эсга келди.Мавлоно фикрича,”вужуд ҳам Марям кабидир. Ҳар биримизнинг ичимизда Исомиз бор.Бизда ҳам Марямдаги каби дард пайдо бўлса,Исомиз туғилади.Агар дард бўлмаса, у ўз келган йўлидан қайтиб кетади”,яъни Исомиз туғилмайди. Мавлоно айтган ҳикмат шеърнинг қандай туғилиши ҳақидаги ривоятдек туюлади.
Қўлимдаги тўпламда Зебонинг қалбини кўргандай,унинг қалбидаги дарду шодлик билан юзма-юз келгандай бўлдим.Шоира жуда кўп шеърларида ўз-ўзини жасорат билан тафтиш этади,гоҳ муҳаббатдан телба бўлгандай,юрагида энг мубҳам қатламларгача дунёга очади. Бу шеърларда “нур билан соя қўшилган”,”майсалар титроғини яширганбкичик бахтни сиғдиролмаган улкан юрак” намоён бўлади.
Ватан,миллат,тил ва аввалан муҳаббат ҳар бир шоир руҳиятининг туганмас илҳом манбаидир.Зебонинг она юртига, ўзбек халқига бағишланган юксак шеърлари жуда кўп. Бу шеърларда Навоий Ойбек билан учрашади,Хонзодабегим биродари бўлмиш Бобур Мирзога тасаллилар беради,Самарқанд билан Ҳирот сирли хаёлий кўприк орҳали туташади,шоира тунда ўзи тикилиб турган ойга Ҳазрат Навоий ҳам қараб турганини сезади,шу ой,шу мангу юлдузлар ёруғида Шоҳи Зинда зиналаридан кўтарилаётган Бибихонимни,Марғилон кўчасида Кумушни кўриб қолади.
Унинг туғилган диёри:
…Бир чеккаси чўлдир ҳарсиллаб ётган,
Бир чеккаси қорлар тизгача ботган,
Бир чеккаси тоғлар кўкни кўтариб,
Булоқлари бориб тонгни уйғотган
Қашқадарёга бағишлаган қасидаси ўқувчи юрагига жуда юксак ҳаяжон солишига ишончим комил.
Аммо, назаримда,Зебо бутун ижоди (демак,умри) давомида одамларга,дунёга ўзи севган,ўзи кутаётган,келишига ишончи тобора йўқолиб бораётган одамга бўлган меҳру муҳаббати кўзи билан қарайди. Унинг сатрларида афсусу надомат,фиғону фарёд рўйи рост кўринади.Бу ҳислар қанчалик мунгли бўлмасин,умид ва ишонч туйғулари барқарор қолади:
…Мен учун — ҳаёт,
…Сўнгсиз азоб-ғам,
…Руҳимдаги нур —
Бу дунёда сенинг севгинг борлиги.
Шоира умр бўйи битта шеърни — “Ишқ” сарлавҳали шеърни ёзаётгандай.Ҳар бир шеър олдинги шеърнинг давомидек туюлади,уни тўлдиради,уни янада кучлироқ порлашига қувват беради…
Минг йиллик муҳаббат Зебо юрагида янгиланади,унинг кўнгил мулкига айланади. Комил ишонч билан Ҳоди Тоқтошнинг “Муҳаббат эски нарсадир,ҳар бир юрак уни янгиртар” деган ҳикматини эслаган ҳолда шоиранинг ишқ дафтари ўзбек шеъриятининг кўҳна дафтарига янги саҳифалар қўшди деб айта оламан.
Шоира шеърларида бўртиб кўринадиган яна бир хусусият инсонга хос бўлган ишқий туйғулар табиат манзаралари,ҳолатлари билан ҳамоҳангликда намоён бўлади. Улуғ бобомиз ҳазрат Насафий катта олам билан кичик олам ҳақида гапириб,катта оламдаги ҳамма нарса кичик оламда акс этади деб таъкидлаганини эсланг. Шоир, энг аввало, Оллоҳ яратган икки улуғ мавжудот: Инсоният ва Табиатни ўзида мужассам этгувчидир.Инсон ва табиат руҳияти мужассам шоир юраги олам қадар кенгаяди ва бу кенгликка юзма-юз бўлган одамзотни ҳам юксаларга олиб чиқади.
Шоиранинг айрим шеърларидан Анна Ахматованинг шивирлашларини ( айниқса, У-га бағишланган сатрларда: “Ёруғ-ёруғ хаёлларимдан Юрагимга кириб келдингиз…), Марина Цветаеванинг титроқ ва асaбий нафасини сезаман:
Ишқ ёғдудир юракка оққан,
Қайдан билсин зулмат сочганлар?
Бизни англар,бизни кўрарлар
Кўзни юмиб,дилни очганлар!
Ёр жамолидан умидвор Мавлоно ёзганидек: Кўзни юмгил,кўзга айлансин кўнгил…
Тўпламдаги кўп сатрлар шоиранинг буюклар руҳи яшаётган юксак тоғ томон интилиб бораётганини билдирса-да,улар ҳақли равишда Зебонинг ўз йўли,ўз овози борлигини ва бу йўл,бу овоз салмоқли эканини исботлаб туради.
Шоира шеърлари ўқувчидан кўз билан эмас,қалб билан идрок этиб мутолаа қилишни талаб қилади. Цветаева бир пайтлар таъкидлаганидек,” Шеър мутолааси — ижодий жараён.бу сатрлардаги,сўзлар тубидаги яширин сирларни кашф этиш,уларнинг маъносини минг кўйда тахмин этиш… Шеър мутолааси қувноқ ёки кўнгилёзар сайру саёҳат эмас,бу шоир билан баробар машаққатли довондан ўтишга қодирлик матонати ҳамдир. Буюк Рауф Парфи “Санъаткор” шеърида айтганидай,асарда ҳал бўлган тақдир (шеърда сингдирилган туйғулар) китобхон юрагида давом этиши керак.
Бир куйни эшитасан,бир шеърни ўқисан,бир манзарани томоша қиласан ва узоқ вақт ўша лаҳзада юракда пайдо бўлган туйғулар асири бўлиб қоласан.Зебонинг шеърларини мутолаа қиладиган китобхон уни тезда унутиб қўймаслигига,юрагига кўчган ишқ сайли узоқ давом этишига ишонаман. Ҳоди Тоқтошнинг юқорида келтирилган сатрлари фақат ижодкорга эмас,ўқувчиларга ҳам тегишли эканини унутмасдан китобни варақлай бошлайлик.
Зебо Мирзо
ШЕЪРЛАР
Зебо Мирзаева 1964 йил 15 декабрда Қашқадарё вилояти, Китоб туманининг Бештерак қишлоғида туғилган. ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган (1987). «Тун маликаси», «Ажр», «Нур кукунлари»,»Ишқ» ва яна бир неча шеърий тўпламлари нашр этилган.
ИЗТИРОБ
Нима бўпти,
эсламасангиз?
Нима бўпти,
қараб қўймасам?
Дилингизда тошармиди ҳис,
Сиз деб куйсам
ёки куймасам?
Менга лаънат бўлган бу ишқдан
Ёниб кетса ҳаётим беиз,
Бутун умр севиб ўтсам-у,
Бир лаҳза ҳам
севолмасангиз…
Нима бўпти,
мен сизнинг эмас,
Севгингизнинг бўлсам тутқуни?
Севиб ўтсам,
Севиб ўпсам маст
Хаёлимда сақлаб мен уни?
Киприкларим юмсам,
У ҳозир
Ҳузуримда бўлади пайдо:
Мана, титроқ қўлларим сузар
Унинг тошқин сочлари аро!
Мен севган У — жудаям ёруғ!
Мен севган У — мағрур ва ҳалол!
Суянаман елкаларига
Тонгни қучган атиргул мисол!
У — менинг мард,
тенгсиз Қуролим,
Мен у билан Ҳур маликаман.
Бахт яратиб ҳар нафасидан,
Осмонларга юлдуз экаман!
…Юрагимни енгаман деманг,
Юрагимда гарчанд фақат Сиз!
Билсангиз…
Мен жуда бахтлиман!
Нима бўпти…
Билолмасангиз!
Кўнглингизни бўлаклаб беринг,
Қушчаларга едиринг, майли.
Сиз севгимга қилмангиз шафқат,
Бахтсиз ўтган бахти туфайли!
Қўл силтаманг….
кулманг….
ачинманг….
Ачинаман мен сизга кўпроқ.
Севилган-у буюк ишқ билан,
Севилганин билмаган бироқ!…
* * *
Ёмғир ёғар
Нурлар ёмғири,
Кулиб, йиғлаб очилади кун.
Юрагингни қийнар ишқ сири,
Деразага қарайсан маҳзун.
Чўмилади дарахтлар барги
Майнинг майин ёмғирларида.
Оқиб кетар дилларнинг занги
Шаффоф кўзёшларнинг бағрида.
Тутолмайсан ҳовучларингни,
Ҳовучингда гуллар атри бор.
Тортиб қўйма дарпардаларни,
Нигоҳингда кўнгил дарди бор…
Ёмғир ёғар,
Нурлар ёмғири…
* **
Менга тошлар отиб, асрадинг кимни?
Ким учун бу қадар ғазаб ва итоб?
Наҳотки севгисиз диллар олдида
Тоза севгим учун берурман жавоб?
Бир ўтдай куйдириб ўтдинг шиддаткор,
Бир кескир қиличдай санчилдинг нохос.
Наҳот кўнглим учун адоват даркор?
Наҳот севгим учун олурсан қасос?
Кўзингда томчидай яшаган бўлсам,
Бир умр тўкилиб сўрайман узр.
Адашиб бир меҳр ташлаган бўлсам,
Қароғимни юлиб тилайман ҳузур.
Фақат, айт, кимларга бўлади қурбон
Менинг бор дунёмни ловуллатган Ҳис?
Ким эди?
Мен уни оғритдим ёмон,
Ким эди
Сен учун шу қадар азиз?..
* * *
Гўзал ҳисларимиз этдилар барбод
Ағёрнинг озори, дўст ағёрлиги…
Аммо мен учун бахт,
Мен учун ҳаёт
Бу дунёда сенинг севгинг борлиги…
Телефон қизғонар овозингни ҳам,
Кўзингга етмайман, дил ночорлиги.
Сўнгсиз изтиробдир,
Сўнгсиз азоб — ғам
Бу дунёда сенинг севгинг борлиги…
Исмингни ўпаман…. Кимга ғалати
Бахтсиз тунларимнинг бахтиёрлиги.
Худонинг кўнглимга берган неъмати —
Бу дунёда сенинг севгинг борлиги…
Балким унутгансан?.. Балким барибир
Кўйингда паришон умрим хорлиги.
Эҳтимол, билмассан?..
Руҳимдаги нур —
Бу дунёда сенинг севгинг борлиги…
Балким кимларгадир келади малол
Ғариб икки дилнинг интизорлиги…
…Аммо мен учун туш,
Мен учун хаёл
Бу дунёда сенинг севгинг борлиги.
***
Кўзим тушса куяди офтоб,
Қўлим чўзсам тўкилар дилим,
Айтсам гуноҳ, айтмасам азоб,
Бу қандай дард,
Бу қандай ўлим?
Юзларимни босаман тошга,
Ёмғирлардай ёғиламан жим,
Мен бошқаман, бутунлай бошқа!
Бу қандай дард,
Бу қандай ўлим?
Қалқиб турган шарпаман холос,
Ўлганини тан олмас кўнглим.
Осмон билмас, замин англамас,
Бу қандай дард,
Бу қандай ўлим?
Оловларда ёқиладурман,
Дўзахлардан ўтмоқда йўлим.
Бир буюк ишқни соғинадурман!
Бу қандай дард,
Бу қандай ўлим?
Тирикману ҳаётим йўқдай,
Тан заҳарга тўлди-ку лим-лим.
Ерга сиғмайман, сиғмайман кўкка,
Бу қандай дард,
Бу қандай ўлим?
***
Сизни тушларимда кўрсам, сиғинсам,
Оғир ботмасмикан?Озор етмасми?
Тунлар ўзим билмай сизни соғинсам,
Бу гуноҳдан ерлар ютмасми?
Ёнингизга хаёлан борсам,
Қувмайсизми,
ҳайдамайсизми?
Ҳисларимни сизга ишонсам,
кулмайсизми,
алдамайсизми?
Ишқ – бор, деб тунларга эртаклар айтсам,
Лаънатламайсизми,
йиғлатмайсизми?..
Нега индамайсиз,
Нимага жимсиз?
Ишона оласизми?
Сўрагум…
Ахир, қон ютиб зор қарғамоққамас,
Севмоққа яралган юрагим!..
Ахир, никоҳландим нигоҳингизга,
Билмайсиз, бу сирни кимдан ўргандим.
Азизим,
ишқ – менинг тушимда олган
Битта бўсангиздан
кўрган фарзандим!..
***
Азизим,
Не учун майса эмасмиз,
Еллар ўпганида суйкалиб ўтган?
Не учун, не учун дарахт бўлмадик,
Илдизи,
Шохлари чирмашиб кетган?
Ариқлар бўйида гиёҳдай ўссак,
Сувларда тушимиз эшилармиди?
Адирлар ортида шамол бўлсайдик,
Кўкларда руҳимиз қўшилармиди?
Нечун мавжудмизу, нечун йўқдаймиз?
Бармоқлар учида нозик бир титроқ?
Нафаслар қўшилиб турганда нечун
Оловлар ичида жим кутиб турмоқ?
Нечун пичоқларга тиралар кўзим?
Кўкка суянгандай суянолмайман?
Нечун қўлингизда лоладек ухлаб,
Кўксингизда тонгдек уйғонолмайман?
Не учун ҳаётим бу қадар саҳро?
Нечун юрагимда бу қадар зорлик?
Қаршимда шовуллаб оқар бир дарё,
Бир томчи сув сўраб ўтинолмайман…
Азизим,
Не учун инсон яралдик,
Кўнглимиз сиғмаса еру самога?
Оҳ, энди шу қадар муҳабат билан
Биз қандай яшаймиз бу тор дунёда?
Биз нечун яралдик ёлғон дунёда?..
Азизим, не учун майса эмасмиз?..
***
Кел…
На умримда баҳор,
На бағримда ёз.
На зуҳримда ўксик тириклик изи.
Нимага яшадим, билмайман, аммо,
Кимнидир жим кутдим,
билмам, ким ўзи?
Сен кимсан?
Соғиндим шу қадар аччиқ?
Наҳот дийдорингга етмоғим учун,
Ўтмоғим шарт эди умримни янчиб?
Наҳот нафасингга тегмай нафасим
Умрим тугар дунё харобасида?
Наҳотки бир кўнгил хаёли учун
Куйиб ўтдим кун ва тун орасидан?
Сен бормидинг ўзи?
Сен йўқ эдинг, сен?
Ҳаётим улашмай бир тола нурга.
Ўлим қўлларида топмоқ учун жон
Наҳотки ўзимни асрадим гўрга?
Кел, менинг ўтинчим,
Кел, менинг қабрим.
Кел, куюк кўнглимнинг жаннатий хоби!
Сен асли бу дунга мен билан келиб,
Мен билан кетгувcҳи дўзах азоби!
Кел,
Осий кундага босҳини егиб
Барча азобларга топгандай барҳам.
Кел, тоғдай кўксингга бошимни қўйиб,
Бағрингда ўларман гўдакдай беғам…
***
Сизга…
Тунда…
ногоҳ уйғонасизми,
Дилингизга кирган титроқдан?
Турасизми оғир хўрсиниб,
Чиқасизми аста ётоқдан?
Очасизми деразаларни,
Қарайсизми…
Ойга тикилиб?
Кўксингизнинг остида надир
Яшаётган бўлар ўкиниб.
Ёдим ўтса хаёлингиздан,
Тушасизми сиз ҳам ларзага?
Розимисиз ҳаётингиздан,
Менга берган
оний лаҳзага?
Ёлғизликнинг гирдобларида
Чорасизлик бўлганида тош.
Менинг учун юрагингиздан
Тўкасизми бирон томчи ёш?
Кесиб ўтса нигоҳингизни
Муҳаббатнинг қовжироқ лаби,
Сиз ҳам…
қаттиқ соғинасизми?
Севасизми сиз ҳам мен каби?
Чидайсизми,
жимгина мендек-
Қонингизда ёнган оловга?
Ёнингизга бир куни борсам,
Бермайсизми…
Кейин бировга?
***
Умримни ўткинчи сабога бердим,
Энг сўнгги чақамни гадога бердим,
Бу телба руҳимни Худога бердим…
Сабо олиб борди, гадога берди
Гадо йиғлаб борди, Худога берди.
Худо мени сенга хатога берди,
Сен мени кимларга бердинг, Азизим?
***
Нигоҳингни ўпиб уйғонар олам,
Исмингдан гуркираб яшайди дунё.
Сен менинг самога чўзган қўлимсан,
Умидим тонгдаги порлаган зиё…
Сенинг кўнглинг – осмон,
Сенинг руҳинг – Нур.
Орзум – юлдузларинг қўярсан ёқиб,
Мен эса юксалиб бораман мағрур,
Осмонлардай ўтган умрингга боқиб…
* * *
Саҳролар бағрида адашган,
Илиқ ёмғирлардай ёғсайдинг.
Намиққан тупроқлар кўксида
Маҳфуз гиёҳлардек уйғонсам…
Исминг хуш бўйлари тўкилса,
Руҳинг титроғида оқсайдим,
Оловли уммонни сипқорган
Тунги осмон каби тўлғонсам…
…Соянг тушиб ўтса нигоҳларимга!..
Қўлинг топиб борса қалбимни.
Овозинг сачраган ҳавога
шивирлаб боссайдим лабимни!
…овозинг ўпсайдим, овозинг…
Сукунат бўғрикқан тунлардан
суғуриб олсайди овозинг!
Дилимни ечсайдим беҳадик,
Кўрсайдинг қўлларим парвозин!
Нафасинг ўтидан яралсам,
тушларимдан тушиб келсайдим.
Бир лаҳза ўзимни унутсам,
бир лаҳза ўзимни билсайдим…
Берсайдинг руҳимга тириклик
кўзларинг бир тола нурини,
еллар оғушида чайқалган
беҳуш майсаларнинг умрини…
…йиқилсам, бағрингга йиқилсам,
Юрагингга етарми йўлим?
Оқиб бораяпман умрингта,
Қўлларимдан ушла, севгилим…
* * *
Йўқ,
Энди кўнглингдан чиқаролмайсан,
Умрингда қуёшдай порлайвераман.
Минг йиллар қаърига кетганингда ҳам,
Мен сени самодай чорлайвераман.
Исмингни тонгларга ёзаман маҳтал,
Ғунчалар баргида ухлайвераман.
Йўқ, бахтинг менингсиз бўлолмас тугал,
Мен сени ҳар лаҳза йўқлайвераман.
Оташман,
Денгизман,
Самоман,
Нурман,
Жисму жаҳонингни ўрайвераман,
Айт, қандай топасан, қочмоққа имкон —
Мен сени Худодан сўрайвераман.
Мен – сўнгти томчиман,
Ягона нажот.
Фақат сен ичгин деб қистайвераман.
Қўлларимда қолди
Энг сўнгги ҳаёт,
Ўлсам ҳам ишқингни истайвераман!
Xurshid Davron
ISHQ YOG’DUSI YORITGAN SATRLAR
«Ishq» kitobi uchun yozilgan
Men bu kitobni hayajon bilan o’qib chiqdim.Mutolaa davomida Zeboning matbuotda e’lon qilingan ilk she’riy turkumlarini, dastlabki kitoblarini esladim.Uning murakkab va sirli hayoti bu kitobda jamlangan she’rlarda nechog’li aks etmasin,bari bir men uchun sirli bo’lib qolganini ham payqadim.She’rning o’zi,ijodning o’zi sirli bo’lgandan keyin uning odami ham sirli bo’lishi kerak deb o’yladim.
Bugungi o’zbek she’riyatida shoiralarning alohida o’rni,yanada ochiqroq aytadigan bo’lsam, “erkaklar” she’riyati bilan tenglashgan darajadagi mavqe’i bor.Ana shu o’rinni,mavqe’ni belgilagan va belgilayotgan shoiralardan biri Zebodir.
Zeboning she’rlarini sevib o’qishimning sababi ma’lum.Men aynan mana shu ruhdagi: inson tuyg’ulari asosidagina paydo bo’ladigan va inson tuyg’ulari tabiat ruhi bilan boyitilgan she’rlarni a’lo bilaman.
Yana bir gapni aytib o’tishim lozim.Yigirma yilcha avval,ya’ni sho’ro tuzumi davrida bu kitobdagi aksariyat she’rlar shak-shubhasiz grajdanlik ruhidan mahrum deb baholanar,sub’ektivizm ko’rinishi sifatida qoralanardi. Uzoq yillik qatag’on diktaturasiga asoslangan tuzum davrida she’r adabiyotning eng sub’ektiv turi ekani batamom unutildi.Har bir shoirdan,har bir she’rdan ijtimoiylik talab etish adabiyotshunosligu adabiy tanqidning “qonuni”ga aylangan edi. Ustozlarimizdan biri “poeziya vazifa va mohiyat e’tibori bilan siyosiy masaladir,she’r – shoirning ijtimoiy vijdonidir” — deb ta’kidlaganini esga olish kifoya. Holbuki,shoir “men” deb yozadi va bu “men” qanchalik insoniy va tabiiy bo’lsa,uning yozganlari “biz”ning mulkiga aylanadi.
She’r,o’zi nimaligini tushuntirganlarning hech biri bu vazifani uddalay olmaganini juda yaxshi bilaman.She’rning nimaligini qo’rqmay tushuntiradiganlarning ko’pi – adabiyotshunoslar.Shoirlarning o’zi bu ishga kamdan-kam qo’l uradi.Shaxsan men uchun,she’r bu eng avvalo tuyg’u,g’oyibdan paydo bo’lib,yurakni (shoir yuragini) junbushga solgan,yig’latgan,shodlantirgan inson tuyg’usi.Shoirning iste’dodi shu tuyg’uni nechog’lik qabul qila olishi, shu tuyg’uni aslligini saqlab,boshqa yuraklarga uzata bilishi bilan o’lchanadi.Kichkina “iste’dod” kichkinagina tuyg’uni ko’tarishga yarasa,ulkan iste’dod ulkan tuyg’ularni g’oyibdan qabul qilishga,uning bir yaprog’ini,bir tomchisini to’kdirmay,titrog’u momogulduragini saqlagan holda milyon yuraklarga bera olishga qodir bo’ladi.
Shu o’rinda Jaloliddin Rumiyning yozganlari esga keldi.Mavlono fikricha,”vujud ham Maryam kabidir.Har birimizning ichimizda Isomiz bor.Bizda ham Maryamdagi kabi dard paydo bo’lsa,Isomiz tug’iladi.Agar dard bo’lmasa, u o’z kelgan yo’lidan qaytib ketadi”,ya’ni Isomiz tug’ilmaydi. Mavlono aytgan hikmat she’rning qanday tug’ilishi haqidagi rivoyatdek tuyuladi.
Qo’limdagi to’plamda Zeboning qalbini ko’rganday,uning qalbidagi dardu shodlik bilan yuzma-yuz kelganday bo’ldim.Shoira juda ko’p she’rlarida o’z-o’zini jasorat bilan taftish etadi,goh muhabbatdan telba bo’lganday,yuragida eng mubham qatlamlargacha dunyoga ochadi. Bu she’rlarda “nur bilan soya qo’shilgan”,”maysalar titrog’ini yashirganbkichik baxtni sig’dirolmagan ulkan yurak” namoyon bo’ladi.
Vatan,millat,til va avvalan muhabbat har bir shoir ruhiyatining tuganmas ilhom manbaidir.Zeboning ona yurtiga, o’zbek xalqiga bag’ishlangan yuksak she’rlari juda ko’p. Bu she’rlarda Navoiy Oybek bilan uchrashadi,Xonzodabegim birodari bo’lmish Bobur Mirzoga tasallilar beradi,Samarqand bilan Hirot sirli xayoliy ko’prik orhali tutashadi,shoira tunda o’zi tikilib turgan oyga Hazrat Navoiy ham qarab turganini sezadi,shu oy,shu mangu yulduzlar yorug’ida Shohi Zinda zinalaridan ko’tarilayotgan Bibixonimni,Marg’ilon ko’chasida Kumushni ko’rib qoladi.
Uning tug’ilgan diyori:
…Bir chekkasi cho’ldir harsillab yotgan,
Bir chekkasi qorlar tizgacha botgan,
Bir chekkasi tog’lar ko’kni ko’tarib,
Buloqlari borib tongni uyg’otgan
Qashqadaryoga bag’ishlagan qasidasi o’quvchi yuragiga juda yuksak hayajon solishiga ishonchim komil.
Ammo, nazarimda,Zebo butun ijodi (demak,umri) davomida odamlarga,dunyoga o’zi sevgan,o’zi kutayotgan,kelishiga ishonchi tobora yo’qolib borayotgan odamga bo’lgan mehru muhabbati ko’zi bilan qaraydi. Uning satrlarida afsusu nadomat,fig’onu faryod ro’yi rost ko’rinadi.Bu hislar qanchalik mungli bo’lmasin,umid va ishonch tuyg’ulari barqaror qoladi:
…Men uchun — hayot,
…So’ngsiz azob-g’am,
…Ruhimdagi nur —
Bu dunyoda sening sevging borligi.
Shoira umr bo’yi bitta she’rni — “Ishq” sarlavhali she’rni yozayotganday.Har bir she’r oldingi she’rning davomidek tuyuladi,uni to’ldiradi,uni yanada kuchliroq porlashiga quvvat beradi…
Ming yillik muhabbat Zebo yuragida yangilanadi,uning ko’ngil mulkiga aylanadi.Komil ishonch bilan Hodi Toqtoshning “Muhabbat eski narsadir,har bir yurak uni yangirtar” degan hikmatini eslagan holda shoiraning ishq daftari o’zbek she’riyatining ko’hna daftariga yangi sahifalar qo’shdi deb ayta olaman.
Shoira she’rlarida bo’rtib ko’rinadigan yana bir xususiyat insonga xos bo’lgan ishqiy tuyg’ular tabiat manzaralari,holatlari bilan hamohanglikda namoyon bo’ladi. Ulug’ bobomiz hazrat Nasafiy katta olam bilan kichik olam haqida gapirib,katta olamdagi hamma narsa kichik olamda aks etadi deb ta’kidlaganini eslang. Shoir, eng avvalo, Olloh yaratgan ikki ulug’ mavjudot: Insoniyat va Tabiatni o’zida mujassam etguvchidir.Inson va tabiat ruhiyati mujassam shoir yuragi olam qadar kengayadi va bu kenglikka yuzma-yuz bo’lgan odamzotni ham yuksalarga olib chiqadi.
Shoiraning ayrim she’rlaridan Anna Axmatovaning shivirlashlarini ( ayniqsa, U-ga bag’ishlangan satrlarda: “Yorug’-yorug’ xayollarimdan Yuragimga kirib keldingiz…), Marina Svetaevaning titroq va asabiy nafasini sezaman:
Ishq yog’dudir yurakka oqqan,
Qaydan bilsin zulmat sochganlar?
Bizni anglar,bizni ko’rarlar
Ko’zni yumib,dilni ochganlar!
Yor jamolidan umidvor Mavlono yozganidek: Ko’zni yumgil,ko’zga aylansin ko’ngil…
To’plamdagi ko’p satrlar shoiraning buyuklar ruhi yashayotgan yuksak tog’ tomon intilib borayotganini bildirsa-da,ular haqli ravishda Zeboning o’z yo’li,o’z ovozi borligini va bu yo’l,bu ovoz salmoqli ekanini isbotlab turadi.
Shoira she’rlari o’quvchidan ko’z bilan emas,qalb bilan idrok etib mutolaa qilishni talab qiladi. Svetaeva bir paytlar ta’kidlaganidek,” She’r mutolaasi — ijodiy jarayon.bu satrlardagi,so’zlar tubidagi yashirin sirlarni kashf etish,ularning ma’nosini ming ko’yda taxmin etish… She’r mutolaasi quvnoq yoki ko’ngilyozar sayru sayohat emas,bu shoir bilan barobar mashaqqatli dovondan o’tishga qodirlik matonati hamdir. Buyuk Rauf Parfi “San’atkor” she’rida aytganiday,asarda hal bo’lgan taqdir (she’rda singdirilgan tuyg’ular) kitobxon yuragida davom etishi kerak.
Bir kuyni eshitasan,bir she’rni o’qisan,bir manzarani tomosha qilasan va uzoq vaqt o’sha lahzada yurakda paydo bo’lgan tuyg’ular asiri bo’lib qolasan.Zeboning she’rlarini mutolaa qiladigan kitobxon uni tezda unutib qo’ymasligiga, yuragiga ko’chgan ishq sayli uzoq davom etishiga ishonaman. Hodi Toqtoshning yuqorida keltirilgan satrlari faqat ijodkorga emas,o’quvchilarga ham tegishli ekanini unutmasdan kitobni varaqlay boshlaylik.
Zebo Mirzo
SHE’RLAR
Zebo Mirzaeva 1964 yil 15 dekabrda Qashqadaryo viloyati, Kitob tumanining Beshterak qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning o’zbek filologiyasi fakul`tetini tamomlagan (1987). «Tun malikasi», «Ajr», «Nur kukunlari»,»Ishq» va yana bir necha she’riy to’plamlari nashr etilgan.
IZTIROB
Nima bo’pti,
eslamasangiz?
Nima bo’pti,
qarab qo’ymasam?
Dilingizda tosharmidi his,
Siz deb kuysam
yoki kuymasam?
Menga la’nat bo’lgan bu ishqdan
Yonib ketsa hayotim beiz,
Butun umr sevib o’tsam-u,
Bir lahza ham
sevolmasangiz…
Nima bo’pti,
men sizning emas,
Sevgingizning bo’lsam tutquni?
Sevib o’tsam,
Sevib o’psam mast
Xayolimda saqlab men uni?
Kipriklarim yumsam,
U hozir
Huzurimda bo’ladi paydo:
Mana, titroq qo’llarim suzar
Uning toshqin sochlari aro!
Men sevgan U — judayam yorug’!
Men sevgan U — mag’rur va halol!
Suyanaman yelkalariga
Tongni quchgan atirgul misol!
U — mening mard,
tengsiz Qurolim,
Men u bilan Hur malikaman.
Baxt yaratib har nafasidan,
Osmonlarga yulduz ekaman!
…Yuragimni yengaman demang,
Yuragimda garchand faqat Siz!
Bilsangiz…
Men juda baxtliman!
Nima bo’pti…
Bilolmasangiz!
Ko’nglingizni bo’laklab bering,
Qushchalarga yediring, mayli.
Siz sevgimga qilmangiz shafqat,
Baxtsiz o’tgan baxti tufayli!
Qo’l siltamang….
kulmang….
achinmang….
Achinaman men sizga ko’proq.
Sevilgan-u buyuk ishq bilan,
Sevilganin bilmagan biroq!…
* * *
Yomg’ir yog’ar
Nurlar yomg’iri,
Kulib, yig’lab ochiladi kun.
Yuragingni qiynar ishq siri,
Derazaga qaraysan mahzun.
Cho’miladi daraxtlar bargi
Mayning mayin yomg’irlarida.
Oqib ketar dillarning zangi
Shaffof ko’zyoshlarning bag’rida.
Tutolmaysan hovuchlaringni,
Hovuchingda gullar atri bor.
Tortib qo’yma darpardalarni,
Nigohingda ko’ngil dardi bor…
Yomg’ir yog’ar,
Nurlar yomg’iri…
* **
Menga toshlar otib, asrading kimni?
Kim uchun bu qadar g’azab va itob?
Nahotki sevgisiz dillar oldida
Toza sevgim uchun berurman javob?
Bir o’tday kuydirib o’tding shiddatkor,
Bir keskir qilichday sanchilding noxos.
Nahot ko’nglim uchun adovat darkor?
Nahot sevgim uchun olursan qasos?
Ko’zingda tomchiday yashagan bo’lsam,
Bir umr to’kilib so’rayman uzr.
Adashib bir mehr tashlagan bo’lsam,
Qarog’imni yulib tilayman huzur.
Faqat, ayt, kimlarga bo’ladi qurbon
Mening bor dunyomni lovullatgan His?
Kim edi?
Men uni og’ritdim yomon,
Kim edi
Sen uchun shu qadar aziz?..
* * *
Go’zal hislarimiz etdilar barbod
Ag’yorning ozori, do’st ag’yorligi…
Ammo men uchun baxt,
Men uchun hayot
Bu dunyoda sening sevging borligi…
Telefon qizg’onar ovozingni ham,
Ko’zingga yetmayman, dil nochorligi.
So’ngsiz iztirobdir,
So’ngsiz azob — g’am
Bu dunyoda sening sevging borligi…
Ismingni o’paman…. Kimga g’alati
Baxtsiz tunlarimning baxtiyorligi.
Xudoning ko’nglimga bergan ne’mati —
Bu dunyoda sening sevging borligi…
Balkim unutgansan?.. Balkim baribir
Ko’yingda parishon umrim xorligi.
Ehtimol, bilmassan?..
Ruhimdagi nur —
Bu dunyoda sening sevging borligi…
Balkim kimlargadir keladi malol
G’arib ikki dilning intizorligi…
…Ammo men uchun tush,
Men uchun xayol
Bu dunyoda sening sevging borligi.
***
Ko’zim tushsa kuyadi oftob,
Qo’lim cho’zsam to’kilar dilim,
Aytsam gunoh, aytmasam azob,
Bu qanday dard,
Bu qanday o’lim?
Yuzlarimni bosaman toshga,
Yomg’irlarday yog’ilaman jim,
Men boshqaman, butunlay boshqa!
Bu qanday dard,
Bu qanday o’lim?
Qalqib turgan sharpaman xolos,
O’lganini tan olmas ko’nglim.
Osmon bilmas, zamin anglamas,
Bu qanday dard,
Bu qanday o’lim?
Olovlarda yoqiladurman,
Do’zaxlardan o’tmoqda yo’lim.
Bir buyuk ishqni sog’inadurman!
Bu qanday dard,
Bu qanday o’lim?
Tirikmanu hayotim yo’qday,
Tan zaharga to’ldi-ku lim-lim.
Yerga sig’mayman, sig’mayman ko’kka,
Bu qanday dard,
Bu qanday o’lim?
***
Sizni tushlarimda ko’rsam, sig’insam,
Og’ir botmasmikan?Ozor yetmasmi?
Tunlar o’zim bilmay sizni sog’insam,
Bu gunohdan yerlar yutmasmi?
Yoningizga xayolan borsam,
Quvmaysizmi,
haydamaysizmi?
Hislarimni sizga ishonsam,
kulmaysizmi,
aldamaysizmi?
Ishq – bor, deb tunlarga ertaklar aytsam,
La’natlamaysizmi,
yig’latmaysizmi?..
Nega indamaysiz,
Nimaga jimsiz?
Ishona olasizmi?
So’ragum…
Axir, qon yutib zor qarg’amoqqamas,
Sevmoqqa yaralgan yuragim!..
Axir, nikohlandim nigohingizga,
Bilmaysiz, bu sirni kimdan o’rgandim.
Azizim,
ishq – mening tushimda olgan
Bitta bo’sangizdan
ko’rgan farzandim!..
***
Azizim,
Ne uchun maysa emasmiz,
Yellar o’pganida suykalib o’tgan?
Ne uchun, ne uchun daraxt bo’lmadik,
Ildizi,
Shoxlari chirmashib ketgan?
Ariqlar bo’yida giyohday o’ssak,
Suvlarda tushimiz eshilarmidi?
Adirlar ortida shamol bo’lsaydik,
Ko’klarda ruhimiz qo’shilarmidi?
Nechun mavjudmizu, nechun yo’qdaymiz?
Barmoqlar uchida nozik bir titroq?
Nafaslar qo’shilib turganda nechun
Olovlar ichida jim kutib turmoq?
Nechun pichoqlarga tiralar ko’zim?
Ko’kka suyanganday suyanolmayman?
Nechun qo’lingizda loladek uxlab,
Ko’ksingizda tongdek uyg’onolmayman?
Ne uchun hayotim bu qadar sahro?
Nechun yuragimda bu qadar zorlik?
Qarshimda shovullab oqar bir daryo,
Bir tomchi suv so’rab o’tinolmayman…
Azizim,
Ne uchun inson yaraldik,
Ko’nglimiz sig’masa yeru samoga?
Oh, endi shu qadar muhabat bilan
Biz qanday yashaymiz bu tor dunyoda?
Biz nechun yaraldik yolg’on dunyoda?..
Azizim, ne uchun maysa emasmiz?..
***
Kel…
Na umrimda bahor,
Na bag’rimda yoz.
Na zuhrimda o’ksik tiriklik izi.
Nimaga yashadim, bilmayman, ammo,
Kimnidir jim kutdim,
bilmam, kim o’zi?
Sen kimsan?
Sog’indim shu qadar achchiq?
Nahot diydoringga yetmog’im uchun,
O’tmog’im shart edi umrimni yanchib?
Nahot nafasingga tegmay nafasim
Umrim tugar dunyo xarobasida?
Nahotki bir ko’ngil xayoli uchun
Kuyib o’tdim kun va tun orasidan?
Sen bormiding o’zi?
Sen yo’q eding, sen?
Hayotim ulashmay bir tola nurga.
O’lim qo’llarida topmoq uchun jon
Nahotki o’zimni asradim go’rga?
Kel, mening o’tinchim,
Kel, mening qabrim.
Kel, kuyuk ko’nglimning jannatiy xobi!
Sen asli bu dunga men bilan kelib,
Men bilan ketguvchi do’zax azobi!
Kel,
Osiy kundaga bos’hini yegib
Barcha azoblarga topganday barham.
Kel, tog’day ko’ksingga boshimni qo’yib,
Bag’ringda o’larman go’dakday beg’am…
***
Sizga…
Tunda…
nogoh uyg’onasizmi,
Dilingizga kirgan titroqdan?
Turasizmi og’ir xo’rsinib,
Chiqasizmi asta yotoqdan?
Ochasizmi derazalarni,
Qaraysizmi…
Oyga tikilib?
Ko’ksingizning ostida nadir
Yashayotgan bo’lar o’kinib.
Yodim o’tsa xayolingizdan,
Tushasizmi siz ham larzaga?
Rozimisiz hayotingizdan,
Menga bergan
oniy lahzaga?
Yolg’izlikning girdoblarida
Chorasizlik bo’lganida tosh.
Mening uchun yuragingizdan
To’kasizmi biron tomchi yosh?
Kesib o’tsa nigohingizni
Muhabbatning qovjiroq labi,
Siz ham…
qattiq sog’inasizmi?
Sevasizmi siz ham men kabi?
Chidaysizmi,
jimgina mendek-
Qoningizda yongan olovga?
Yoningizga bir kuni borsam,
Bermaysizmi…
Keyin birovga?
***
Umrimni o’tkinchi saboga berdim,
Eng so’nggi chaqamni gadoga berdim,
Bu telba ruhimni Xudoga berdim…
Sabo olib bordi, gadoga berdi
Gado yig’lab bordi, Xudoga berdi.
Xudo meni senga xatoga berdi,
Sen meni kimlarga berding, Azizim?
***
Nigohingni o’pib uyg’onar olam,
Ismingdan gurkirab yashaydi dunyo.
Sen mening samoga cho’zgan qo’limsan,
Umidim tongdagi porlagan ziyo…
Sening ko’ngling – osmon,
Sening ruhing – Nur.
Orzum – yulduzlaring qo’yarsan yoqib,
Men esa yuksalib boraman mag’rur,
Osmonlarday o’tgan umringga boqib…
* * *
Sahrolar bag’rida adashgan,
Iliq yomg’irlarday yog’sayding.
Namiqqan tuproqlar ko’ksida
Mahfuz giyohlardek uyg’onsam…
Isming xush bo’ylari to’kilsa,
Ruhing titrog’ida oqsaydim,
Olovli ummonni sipqorgan
Tungi osmon kabi to’lg’onsam…
…Soyang tushib o’tsa nigohlarimga!..
Qo’ling topib borsa qalbimni.
Ovozing sachragan havoga
shivirlab bossaydim labimni!
…ovozing o’psaydim, ovozing…
Sukunat bo’g’rikqan tunlardan
sug’urib olsaydi ovozing!
Dilimni yechsaydim behadik,
Ko’rsayding qo’llarim parvozin!
Nafasing o’tidan yaralsam,
tushlarimdan tushib kelsaydim.
Bir lahza o’zimni unutsam,
bir lahza o’zimni bilsaydim…
Bersayding ruhimga tiriklik
ko’zlaring bir tola nurini,
yellar og’ushida chayqalgan
behush maysalarning umrini…
…yiqilsam, bag’ringga yiqilsam,
Yuragingga yetarmi yo’lim?
Oqib borayapman umringta,
Qo’llarimdan ushla, sevgilim…
* * *
Yo’q,
Endi ko’nglingdan chiqarolmaysan,
Umringda quyoshday porlayveraman.
Ming yillar qa’riga ketganingda ham,
Men seni samoday chorlayveraman.
Ismingni tonglarga yozaman mahtal,
G’unchalar bargida uxlayveraman.
Yo’q, baxting meningsiz bo’lolmas tugal,
Men seni har lahza yo’qlayveraman.
Otashman,
Dengizman,
Samoman,
Nurman,
Jismu jahoningni o’rayveraman,
Ayt, qanday topasan, qochmoqqa imkon —
Men seni Xudodan so’rayveraman.
Men – so’ngti tomchiman,
Yagona najot.
Faqat sen ichgin deb qistayveraman.
Qo’llarimda qoldi
Eng so’nggi hayot,
O’lsam ham ishqingni istayveraman!
ишқ – менинг тушимда олган
Битта бўсангиздан
кўрган фарзандим!..
Зебо Мирзо шеърларини укиётганда гузал бир ишкнинг гузал оламида кезаётгандек, мовий денгизнинг юмшок тулкинлари орасида сузаётгандек булади киши. Танадан рух ажралиб, хаёл отига миниб олис-олисларга учиб кетади. Бетакрор, нафосат билан ёзилган хар бир сатр майин оханг аро дилга кириб боради. Худди сиз атгандек, китобхон юрагига кучган ишк сайли жуда узок давом этади… Офарин, деб юбораман бехосдан.