«Nur qidirib» quyoshga yetdik. Oybek va Zarifa Saidnosirova muhabbati

09

Ойбек таваллудининг 100 йиллиги олдидан

Ойбек ҳар кўрганида «Севаман сени, ҳар дақиқа хаёлимда фақат сен яшайсан! Нега мендан қочасан?» деб таъна қилади. Мен бўлсам «Ҳали ёшман, бундай гапларга тушунмайман», дейман уялиб. У хафа бўлади. «Хиёбонларда айланайлик», «Юр, суратга тушайлик» дейди. Кўнмайман. У яна ва яна хафа бўлади… (Зарифа Саидносирова. «Ойбегим менинг» китобидан)

04
07
«НУР ҚИДИРИБ» ҚУЁШГА ЕТДИК
Ойбек ва Зарифа Саидносирова муҳаббати
Дилбар Аралова тайёрлаган
07

Юраман, юраман излаб изингда,
Ёнимда, дилда сен, кўра олмайман.
Кўзларинг хаёлчан, китоб тиззангда,
Қулоқда товушинг, кўра олмайман…
Ойбек вафотидан кейин қоғозга туширилган бу каби мисралар илк ўзбек кимёгари, биринчи  аёл ўзбек рассоми Зарифа Саидносирова юрагини ўртаган ҳижронни енгишида ёрдам берган бўлса ажабмас. Уларнинг ибрат бўларли ҳаёт йўлининг айрим лаҳзаларини ёритишни лозим топдик. Шу мақсадда Ойбек уй музейи директори, ёзувчининг набираси Ойнур Тошмуҳаммедова билан суҳбатлашдик.

011

Бувим билан кечган умр

— Гарчи набира бўлсам-да, улар ҳақида гапиришга қийналаман. Бироқ шундай буюк инсонларга алоқадор эканлигим, вужудимда уларнинг қони оқаётгани мен учун катта фахр. Тошмуҳаммедовларга зиёлилар ва ижодкорлар «Ойбек домланинг оиласи кичик Фанлар академияси» деб ташбеҳ беришади. Бу ўхшатиш осмондан тушиб қолмаган. Бу йиллар давомида қилинган меҳнат самарасига берилган муносиб баҳо. Чунки бувам ва бувимнинг саъй-ҳаракатлари туфайли тўрт фарзанд ҳам юртга керакли инсонлар бўлиб ул¬ғайишди. Набиралар ҳам Ойбек ва Зарифанинг чашмалари бўлган ижод, расм, руҳият оламида фаолият юритишмоқда. Бувимнинг ташаббуслари билан бу мемориал музей барпо этилган. Бувим бобомнинг адабий меросини йиғиш, йигирма жилддан иборат асарларини нашр эттириш, халққа мерос қолдириш учун кўп куч сарфлади. Бу меҳнат Ойбек вафотидан кейин бўлгани йўқ. Назаримда, бувим бобомнинг буюк инсон бўлишига ишонган. Илк танишган даврлариданоқ ҳамма хатлари, кундаликлари, ёзишмалари ва ҳаттоки қоралама қоғозларини ҳам сақлаб келган. Бувимизга бўлган чуқур ҳурмат ўлароқ, музейниям Ойбек ва Зарифахоним бирга яшаган вақтидаги ҳолатга келтирдик.

Бувимнинг йиғлаганини бир мартагина кўрганман

— Бувим шу қадар иродаси мустаҳкам аёл эдики, касал бўлганида ҳам оғриқни енгиб, эртанги кун учун нимадир қолдиришга интиларди. Балки ички туйғуларини бизга ошкор қилишни истамагандир. Ойбекни эслаганида кўз ёш билан эмас, фахр билан тилга олиши ҳамон эсимда. Бир мартагина бувимнинг ўксиб йиғлаганини кўрганман. Кенжа ўғли Суюнбекнинг ўлими унга кучли зарба бўлганди. Зарифахоним вақтни беҳуда ўтказишни истамасди. Айниқса, умрининг охирги йилларида Ўрол Тансиқбоев совға қилган мольберт яқин сирдошига айланганди.

«Зарифа, сенинг тимсолингда фан нима топганини айта олмасам-да, аммо санъат истеъдодли мусаввирни йўқотгани аниқ!»
Ўрол Тансиқбоев

Ойбек асарлари одамларни ҳаётга қайтарган

— Музейимиз икки қисмдан иборат: адабий экспозиция ва мемориал қисмдан иборат. Адабий экспозиция бешта залга жо бўлган. Булар, кириш, болалик, «Қутлуғ қон», «Навоий», кўргазмалар зали. Шунингдек, Зарифа бувимнинг оталари Саидносир Миржалилов хонаси, мемориал хона (40-йилдаги Ойбекнинг ижодхонаси). Бу ерда қадрли асарлар, қўлёзмалар бор. Шуларнинг орасида 1970-йилларнинг охирида Абдураҳмон Раҳимов совға қилган «Навоий» романи алоҳида эътирофга муносиб, деб ўйлайман. У киши немис конц¬лагеридан эсон-омон қайтиб келган эканлар. «Мени, мен каби азобда ётган инсонларни шу асар яшашга ундади. Ҳаётдан умидимиз узилган чоғларда уни ўқиб куч, ирода олдик. Ойбекнинг олдида чуқур таъзимдамиз», деган эканлар. Бу ҳавойи гаплар эмас.

«Навоий» асари ёзилган вақтда бувим билан бобом яшаган шу ҳовлида на чироқ, на сув бўлган. Бувим буни ўз китобларида «Ойбек 30-йиллардан Навоийнинг ҳаёти ва ижодига доир материалларни йиғиб, 1942 йилда «Навоий»ни керосин лампаси ёруғида гоҳ оч, гоҳ тўқ бўлиб тугатган ва бу роман унга мисли кўрилмаган шуҳрат олиб келганди», деб эслайди.

Ойбек ва Зарифа муҳаббати

Зарифахонимнинг иқрори ва шу воқеадан кейинги муҳаббат ва ҳижрон қийноқлари анча йиллар давом этади. Ойбек ва Зарифа муҳаббати йиллар тўфонида чархланади, тобланади. Бу ҳақда Зарифахоним хотираларида ажойиб лавҳалар бор:

«Ойбек ҳар кўрганида «Севаман сени, ҳар дақиқа хаёлимда фақат сен яшайсан! Нега мендан қочасан?» деб таъна қилади. Мен бўлсам «Ҳали ёшман, бундай гапларга тушунмайман», дейман уялиб. У хафа бўлади. «Хиёбонларда айланайлик», «Юр, суратга тушайлик» дейди. Кўнмайман. У яна ва яна хафа бўлади…

Бир куни йўлда кетаётсам рўпарамда Ойбек пайдо бўлиб, кутилмаганда мени бағрига олди.
— Қўйиб юборинг! Уят бўлади! — типирчилаб, қучоғидан чиқаман.
— Соғиндим, қаттиқ соғиндим, Зарифа! Кўргим келди, сени! Сен бўлсанг, шунчалар бепарво! — дейди у ҳаяжонланиб.
— Ёшлигимни ўйламайсиз…- сўз бошлашим билан гапимни бўлади:
— Ёшликдан бошланган севги ҳам кучли, ҳам эзгу, ҳам абадий бўлади! — У шундай дейди-ю, юзимни икки қўли орасига олади. — Кўзларингни кўрсат! Кўзларинг учқунидан кўнглингни ўқий!
— Кўнглимда не бўлса, бари тилимда. Мен мактаб қизиман. Уят бўлади!- дейман юзимни унинг қўлларидан бўшатиб…
Ўша кезларда Ойбек билан менинг ўртамдаги суҳбатлар шу тарз¬да кечар эди»

Ойбекнинг бахт чироғи

Хастамен… Фикрга, туйғуга тўлиб,
Ой менга ҳамқадам сокин юрамен.
Соғайсам бир куни ёзамен тўйиб,
Ҳисларга қалбимни қўшиб ёзамен.

Кечалар юрурмен телбадай ҳориб,
Бошимда ой борур, менга ҳамқадам.
Хаёллар учади машъалдай ёниб,
Тўйиб ёзажакмен бир кун соғайсам…

1938 йилдаёқ академик-ёзувчи мақомига эришган Ойбекнинг душманлари ҳам йўқ эмасди. Уларнинг ғаламисликлари оқибатида шоир оғир касалликка учради (Бу ҳақда сайтимизда 7.01. куни эълн қилинажак  Зарифа Саидносированинг «Ойбегим менинг» китобидан олинган «Ойбекка қарши ҳужум» номли бобда батафсил  ўқишингиз мумкин. «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайти маъмурининг изоҳи). Аммо умрининг охирига қадар ижод булоғида қайнади. Авлодларга улкан мерос қолдиришга улгурди. Зарифахоним билан биргаликда катта ютуқларга эришди. Бу ҳақда Зарифахонимнинг энг яқин инсонларидан бири бўлган Наим Каримов шундай хотирлайди.

«Зарифа опа қирқ йил давомида улуғ ёзувчининг рафиқаси сифатида унинг хонадонида севги ва бахт чироғини ёқиб келди. Не-не асарларининг ёзилишига илҳом берди. Ойбек душманлар хуружи туфайли тилдан қолиб, қўли ёзолмай қолганида, унинг бийрон тили ва чаққон қўли бўлди. Ойбек вафотидан кейин эса адибнинг адабий меросини тўплаб, тўла нашр этиш ва Ойбек уй-музейини барпо қилишга раҳбарлик қилди.

Зарифа опа учун Ойбек билан боғлиқ барча юмушлар бирламчи аҳамиятга молик эди. Лекин у бу юмушларни аъло даражада бажариш билан бирга кимёгар сифатида ҳам меҳнат қилиб чарчамади. У 1930 йилдан умрининг охирига қадар Тошкент Қишлоқ хўжалик институтида аввал ассистент, кейин доцент, 1945 йилдан бошлаб кафедра мудири лавозимида хизмат қилди. Кўп¬лаб дарслик ва қўлланмаларнинг майдонга келишида иштирок этди. У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди».

«Ойбекдек ажойиб отангиз бор… Биз бахтлимиз!»

«1968 йил 1 июлда Ойбек вафот этди. Мен ҳаётимнинг бирдан-бир маъноси бўлган улуғ инсондан жудо бўлдим. Болаларим бир умрга отасиз қолдилар… У кунларни эслаш ниҳоятда оғир. Ёзсам-ёзмасам, барибир Ойбекнинг сўнгги нафас олишлари ҳар кун, ҳар соат, ҳар дақиқа кўз олдимдан ўтади. Мен ҳамиша болаларга «Ойбекдек ажо¬йиб отангиз бор… Демак, бизнинг заррадек ғамимиз йўқ. Биз бахтлимиз!» дер эдим.»

Сўнгсўз ўрнида…

Халқимиз орасида бувам ва бувимнинг ҳаёт ва ижод йўлига бефарқ бўлмаган, уларнинг ишларини тадбиқ этаётган ёшлар кўплигидан хурсандман. Тилагим уларга Зарифахоним ва Ойбекнинг муҳаббати, шижоати, иродаси ҳамроҳ бўлсин!
Назаримда, бу икки жуфтликни тангри яратган ва тақдирини бир қилган. Улар жисман орамизда мавжуд бўлишмаса-да, йиллар давомида асарлари, илм нурлари билан зиё истаган қалбларга бахт ва ёруғлик улашиб бораверади.

Матнни тайёрлашда Зарифа Саидносированинг «Ойбегим менинг» китобидан фойдаланилди.

Манба: «Бекажон» газетаси

022

(Tashriflar: umumiy 927, bugungi 1)

Izoh qoldiring