5 январь — таниқли шоира Фурўғ Фаррухзод таваллудининг 80 йиллиги
Кўҳна форс шеъриятининг бугунги салтанати қанча улкан бӯлмасин, унинг бир шавкатли маликаси бор. Уни ҳамма танийди, ҳамма севади ва ҳамма ҳурмат қилади. Бу малика фоний жаҳонни тарк этганидан кейин ҳам дилларни тарк этгани йӯқ, балки олдингидан ҳам шавкатлироқ салтанатга эришди. Форс шеъриятининг бу гӯзал маликаси шубҳасиз Фурӯғ Фаррухзоддир.
ФОРС ШЕЪРИЯТИ МАЛИКАСИ ФУРЎҒ ФАРРУХЗОД
Форс шеъриятининг бугунги салтанати қанча улкан бўлмасин, унинг бир шавкатли маликаси бор. Уни ҳамма танийди, ҳамма севади ва ҳамма ҳурмат қилади. Бу малика фоний жаҳонни тарк этганидан кейин ҳам дилларни тарк этгани йўқ, балки олдингидан ҳам шавкатлироқ салтанатга эришди. Форс шеъриятининг бу гўзал маликаси шубҳасиз Фурўғ Фаррухзоддир.
У 1935 йил 5 январда Теҳрон шаҳрида дунёга келди. Отасининг каттагина кутубхонаси борлиги сабабли Фурўғ кечикликданоқ китоб билан танишди, китоблар орасида яшаб улғайди. У шеър китобларини кўпроқ ўқиб ёдларди, шунинг учун кўпўтмай илҳом париси унинг ҳузурига келди. Фурўғ 13-14 ёшиданоқ шеър ёза бошлади. У суҳбатларидан бирида бундай деган эди:
“Ҳар кун 2-3 ғазал ёзардим. Ошхонадами, тикув машинаси устидами, барибир эди. Бу шеърларни эълон қилмаганман ва ҳалигача улар шеър эдими йўқми, билмайман, аммо шуни биламанки, улар жуда содда ва самимий эди. Мен у пайтда ўз тилим, услубим ва дунёқарашимни топмаган эдим”.
Фурўғ 16 ёшида институтни битириб ишга кирмаган, ўзидан 15 ёш катта бўлган Парвез Шопурга турмушга чиқди. Улар турмуш қурганда бир никоҳ кўйлагини сотиб олишга қодир эмасдилар. Фурўғ Аёллар Санъат коллежининг тикувчилик ва рассомлик бўлимини тугатди.
Унинг “Асир” номли биринчи шеърий тўплами 1952 йилда, яъни 17 ёшида нашр этилди. Шу йили унинг “Гуноҳ қилдим, тўлиқ лаззат гуноҳи” номли шеъри бир журналда босилиб, анча шов-шувлару оилавий жанжалларга сабаб бўлди. Фурўғ отасининг уйидан чиқиб, бир хона ижара олишга мажбур бўлди. Ўшанда бош қўйиш учун бир ёстиғи ҳам йўқ эди. Шунингдек иши ҳам, пули ҳам. Дўстлар орага тушиб, отасини ўз уйидан асбоб-анжомсиз, бўш бир хона беришга кўндирдилар, қолган энг керакли рўзғор буюмларини ўзлари совға қилдилар. Фурўғ шу замонда худбин, икки юзли одамлардан ранжиб бундай деган эди (Мақолада шеърлар сўзма-сўз таржимада берилмоқда):
Қочарман ушбу зоҳирсоз элдин,
Ки зоҳирда менга якрангдурлар.
Вале ботинда кўп таҳқир айлаб,
Менга турли-туман туҳмат тўқурлар.
Бу мардумданки шеъримни эшитгач,
Юзимга гул каби очилдилар шод.
Вале хилватда мени, телбадур, деб,
Ҳамеша қилдилар номимни барбод.
Фурўғ 1953 йили эри Парвез Шопур билан янги ҳаёт бошлаш мақсадида Аҳвоз шаҳрига кўчиб кетди, аммо кўп туролмай қайтиб келди, чунки улар ораларидаги тушунмовчиликлару низолар шунчалик жиддийлашиб кетган эдики, Комёр номли ўғилларининг туғилиши ҳам уларни яраштиролмади. Бу жанжаллардан қаттиқ чарчаган шоира бир муддат руҳий касалхонада ҳам ётиб чиқди. Касалхонадан чиққандан кейин ҳам кўп вақтгача соғлиғи кўнгилдагидек эмас эди. Фурўғ ва Шопур икки қарама-қарши дунё эдилар. Фурўғ ҳиссиётга берилган, тинимсиз, телба бўлса, Шопур мантиқий, ҳисоб-китобли, оддий эркак эди. Охири бу икки дунё келишолмай, 1955 йили ажрашдилар. Фурўғ эрини севар, аммо шеърини кўпроқ яхши кўрарди. Шунинг учун шеърини танлади:
Биламан энди ул олис уйдан,
Бу ҳаёт шодлиги учиб кетган.
Биламан энди онанинг ҳажри,
Зор гўдак дилини оғритган.
Мен паришону хастажон лекин,
Кезаман орзу-умид йўлин.
Шеър ёрим ва шеър дилдорим,
Кетаман то тутай унинг қўлин.
Эрон қонуни Фурўғни боласидан айирибгина қўймай, кўришга ҳам рухсат бермади. У 16 йил, яъни қисқа умрининг сўнгигача бола соғинчи билан яшади. Гўдак ишқининг кўзлари қонуннинг қора рўмоли билан боғланганда, Фурўғнинг руҳида исён кўтарилдию, телбаларча севишга қарор қилди:
Менинг ишончим,
Адолат суст ипидан осилганда,
Бутун шаҳарда,
Юрагим чироғларин,парча-парча қилганда,
Ишқим гўдагининг кўзларин,
Қонун қора рўмоли билан боғлаётганда,
Орзуларимнинг изтиробли чаккасидан
Қон отилиб чиққанда
Ҳеч бир нарса йўқ эди.
Девордаги соатнинг тиқ-тиқидан ташқари,
Ҳеч бир нарса йўқ эди.
Тушундимки: мен албат
Телбаларча севишим керак.
Фурўғ шеърни деб, эрию боласидан айрилган эди. Энди шеър унинг дўсти, жуфти, яримини бутун қиладиган қисм эди. У бир суҳбатида: “Икки одамнинг ўзаро алоқаси ҳеч қачон, айниқса, ҳозирги замонда, мукаммал эмас, аммо шеър менга шундай бир дўстки, унга етганимда у билан дардлаша оламан, у шундай бир жуфтки, мени тӯлдира олади… баъзи одамлар ӯз камчиликларини бошқа одамга сиғиниш билан тўлдирмоқчи бўладилар, аммо ҳеч қачон тўлдиролмайдилар. Агар тўлдирилса эди, шу алоқанинг ўзи дунёю борлиғнинг энг улуғ шеъри бўла олмасмиди?”.
Шеър Фурўғ учун бир деразага айланди. У дераза орқали “борлиқ” билан боғланди. Ўзи бундай деган эди. “Шеър мен учун бир деразадир. Қачонки у томонга борсам, ўзидан-ўзи очилади. Мен у ерда ўлтираман, қарайман, куйлайман, шовқин кўтараман, йиғлайман, дарахтлар тасвири билан қўшилиб кетаман ва биламанки деразанинг нариги томонида бир фазо бор, бир одам бор – бу одам 200 йилдан кейинми ё 300 йил олдинми туғилган, бунинг фарқи йўқ. Шеър “борлиқ” ва “вужуд” билан боғланиш воситасидир. Яхшилиги шундаки одам шеър ёзганда, мен ҳам борман, ё мен ҳам бор эдим дея олади. Бундай бўлмаганда, қандай қилиб мен борман, ё мен бор эдим, дейиш мумкин? Мен ўз шеъримда бир нарсани излайман, аксинча, ўз шеъримда ўзимни топаман”.
1959 йилда Фурўғга Италияга сафар қилиш имкони муяссар бўлди. Шоира у ердаги ҳаётни кўриб, бу ердаги инсонларнинг қанчалик ҳақирлигини ва ютуқ-камчиликларини билиб олди. Сафардан қайтгач, ўзини бутунлай ўз шеърию санъатига бағишлади. 1957 йили “Девор” номли иккинчи шеърий тўплами босилиб чиқди. Бу тўпламдаги шеърлар унинг бой тажрибаларга эришганидан, шеърнинг янги чўққиларини забт этганидан хабар берсада, мазмун жиҳатдан “Асир” тўпламининг давоми эди. Бу ҳақда унинг ўзи бундай дейди:
“Мен “Асир”да ташқи дунёнинг содда баён этувчиси эдим. Ўша замонда шеър мен билан йўғрилиб, бир бўлиб кетмаган эди, балки бир мунча вақт одам билан яшайдиган барча одамлардек, эрдек, маъшукдек эди. Аммо кейинроқ шеър вужудимга чуқур илдиз отди, ичимда ўса бошлади, шунинг учун шеърнинг мазмуни ҳам ўзгарди.
Фурўғ Фаррухзод «Асир» номли китоби тўғрисида шундай деган эди:“Мен “Асир”да ташқи дунёнинг содда баён этувчиси эдим. ўша замонда шеър мен билан йўғрилиб, бир бўлиб кетмаган эди, балки бир мунча вақт одам билан яшайдиган барча одамлардек, эрдек, маъшуқдек эди. Аммо кейинроқ шеър вужудимга чуқур илдиз отди, ичимда ўса бошлади, шунинг учун шеърнинг мазмуни ҳам ўзгарди. Энди мен шеърни ўз ҳиссиётим баёни деб билмасдим, балки шеър қанча кенгроғу чуқурроқ илдиз отса, ёйса, мен ўшанча парчаланиб, сочилиб янги дунёларни кашф этардим”.
Фурўғ кейинроқ Ниймо Юшиж ва Аҳмад Шомлуларнинг шеърлари билан танишдию, янги бир дунёни кашф этгандек бўлди. Уларнинг тил бойлиги, янги услубу кенг қарашлари унга қандай йўл танлаш кераклигини кўрсатди. У улардан нусха кўчирмади, балки… Келинг ўзидан эшитайлик:
“Мен шеъримнинг шакл тилини Ниймога қараб топдим, аммо мен ўзимга хос андишаларга эгаман, мен ундан қарашни ўргандим, яъни у нигоҳ кенглигини менга тасвирлаб берди. Мен унингдек қарашни, аммо ўз деразамда ўлтириб қарашни истайман. Ниймо кўзимни очиб, “қара!” деди, аммо қарашни ўзим ўргандим”.
1959 йил. Фурўғнинг учинчи тўплами “Исён” номи билан чоп этилиб, шоиранинг асосий ўзгариш томонга қадам босаётганини кўрсатди. Энди у ёшликка хос бўлган алангали ҳиссиётлардан узоқлашиб, ижтимоий ҳиссиётларга яқинлашаётган эди. Бу янги ҳиссиётлару янги қарашлар ўзига хос услубу хос тил ва хос шаклни талаб қиларди. Фурўғ ҳар бир ҳақиқий истеъдодли туғма шоирдек бу мақсадга эришди. Шеърда ўз тили, услуби, вазнию шаклини яратди. У бошқа сўзлару ташбеҳларни қўрқмай ўз шеърларига киритди. Бу ҳақда у шундай деган эди:
“Мен атрофимдаги дунёга, нарсаларга, одамларга ва бу дунёнинг асосий хатларига қарадим, уни кашф этдим ва уни айтмоқчи бўлганимда, сўзларга муҳтожлигимни сезиб қолдим – шу дунёга тегишли сўзларга! Қўрққанимда ўлардим, аммо қўрқмадим. Сўзларни киритдим. Агар бирон сўз шоирона бўлмаса, менинг айбим нима? Сўзнинг жони-маъноси борми? Бор. Шундай экан, шоирона қиламиз, дедим”.
Фурўғ ўз замонасининг фарзанди эди. Шунинг учун замон талаб-эҳтиёжини сездию унинг тилига, шаклу мазмунига ўзини мослаштирди. Унинг шеърида “қонун, календар, кема, гувоҳнома, паспорт, газета, кўк йўтал, касалхона, пешоб, супурги фарш (гилам), арава, бозор, сигара, ручка, оёқ кийим, музхона, сичқон, банг, афюн, бомба, тўпхона, автомат, қурол, сумка, учинчи синф, сут, ўлик, чумчуқлар, борут, мис, идиш-товоқлар, ошхона, телеграф, чигиртка, қатли ом…” каби ғайри шоирона дейилган сўзлар гўзал ифодалару тасвирлар орқали шоирона тус олди.
Фурўғнинг кундан-кунга ошиб бораётган шуҳрати, онги, истеъдоди, ҳаётгаю одамларга бўлган муносабати ҳам ҳасадчилар ва ҳам анъанапараст шоирлару танқидчилар сонини орттирди, аммо у, бу қаршиликлару яхши-ёмон гапларга эътибор бермай, ўз йўлини давом эттираверди. Бир шеърида бу ҳақда айтган сўзларини эслайлик:
Нега тўхтайин?
Мен дарахтлар сулоласиданман,
Қолган ҳаво танаффуси
менга малол келтиради
Учишни эслаб олишни
ўлган қуш насиҳат қилди.
Бу баркамол инсон санъат, гўзаллик, ишқу меҳрибонлик шайдоси эди. Шунинг учун шеърдан ташқари кинода продюсерлик, монтаж ва овоз бериш соҳаларида ҳам ишлади, филм (кино) ва театрда муваффақиятли роллар ижро этди, хулоса қилиб айтганда, бир лаҳза ҳам санъат дунёсидан айрилмади. У 1958 йилда “Бир олов” номли қисқа метражли ҳужжатли филмини монтаж этди. Бу филм 1962 йили Италияда қисқа ва ҳужжатли филмларнинг 12-фестивалида олтин медалга сазовор бўлди. “Эронда совчилик маросими” ҳужжатли филмида ўйнади. Продюсерлик ишларига ёрдам берди, “Сув ва иссиқлик”, “Тўлқин, маржон ва хоро”, “Кайҳон газетаси”, “Дарё”, “Ғишт ва кўзгу” филмларида фаолият кўрсатиб, Луижи Пийрандиллу (итал. Luigi Pirandello)нинг “Олти персонаж бир ёзувчини қидирмоқда” номли песасида жуда муваффақиятли рол ижро этиб, театрда ҳам буюк истеъдод соҳибаси эканлигини исботлади. Аммо унинг ажойиб ва мангу иши – моховлар ҳаётию орзулари ҳақида яратган “Уй қорадир” номли қисқа метражли ҳужжатли филмидир. Фурўғ бу филмни яратиш учун Табризга бориб, моховларнинг қўруқхонасида 12 кун яшаб, филм олишга эришди. У бу филмни қандай қилиб суратга олганини бундай ҳикоя қилади:
“Моховларни биринчи бор кўрганимда жуда ғалати бўлиб кетдим. Жуда қўрқинчли эди. Моховхонада инсоний ҳис-туйғулар билан яшайдиган, аммо инсоний чеҳрадан маҳрум бўлган бир қанча одамлар ҳаёт кечирмоқда. Бир аёлни кўрдимки, юзида фақат бир тешик бор эди, холос ва шу тешик ичидан гапирарди. Мен уларнинг бармоқлари ириб тушган қўлоёқларига қўлимни теккиздим, дастурхонда улар билан бирга ўтирдим, суҳбатлар қурдим. Шундай қилиб уларнинг ишончини қозондим”.
Бу филм 1963 йили Германияда “Энг яхши ҳужжатли филм” мукофотини олди. Филмнинг таъсири шунча кучли эдики, дунёнинг нуфузли фестивалларидан бири “Vorschau” 14-фестивали ўзининг энг катта мукофотини “Фурўғ Фаррухзод” деб номлади ва шу мукофотнинг шиор сўзини “Уй қорадир” филмининг сўзларидан танлаб қуйди.
Фурўғнинг бу қимматли ишлари ва жозибали сиймоси жаҳон таважжуҳини унга қаратди, чунончи 1965 йили унинг ҳаёти ҳақида икки филм яратилди. Буларнинг бири ЮНЕСКО яратган ярим соатли ва иккинчиси таниқли итальян кинорежиссёри Бернардо Бертоложи (итал. Bernardo Bertolucci) суратга олган 15 минутлик Фурўғ ҳаёти ҳақида филмлардир.
Фурўғ шунча ишни ҳаётида жуда азиз, аммо қўли етмайдиган ягона орзуси – фарзанди Комёрни унутиш учун қилди, аммо муяссар бўлмади. У дерди: “Бу жуда қўрқинчлидирки ўлсаму ўғлимни кўрмасам!”. У боласининг соғинчи, айрилиқ дардига моховларнинг соғлом бир боласини асраб олиш билан таскин берди.
У 1964 йили ўттиз ёш арафасида “Қайта туғилиш” шеърий тўпламини нашр эттирди. Бу тўпламдаги шеърлар ҳақиқатан ҳам Фурўғнинг шеър дунёсида қайта туғилганидан, инсоний баркамоллигию санъатдаги такомилидан далолат берарди. Аммо у, ҳар бир ҳақиқий шоирдек, шундай улкан ютуқларидан ҳали ҳам қониқмаган эди.
Манба: IRIB
Фурўғ Фаррухзод
ШЕЪРЛАР
Одил Икром таржималари
ВИДО
Кетарман ложарам,
Кетарман нолиб
Тағин вайронадан вайроналарга.
Кетарман дарбадар, кетарман олиб,
Бу дарё дилимни девоналардай.
Кетарман йироққа,
Қалбимнинг қора
Гуноҳини ҳамда ишқ доғларини
Ювиб, халос этсам дилимдан зора
Хароб истакларнинг дудоқларини.
Кечирмадим, кечдим сендан, умидим,
Бенаво қалбимнинг тинглаб додини,
Тириклайин гўрга олиб кетдим жим,
Қумсамасин дея висол ёдини.
Янграйди андуҳлар, ашклар нағмаси,
Кетарман саргашта, кетарман бадар.
Сиздан, гуноҳларнинг кайноқ чашмаси,
Шояд ўшал онда қилсайдим ҳазар.
Маъсумгина фараҳ ниҳоли эдим,
Шохимни қайирди ишқ панжалари.
Кулфат ёғдусига айландим-қолдим,
Лабим у лаблардан тушганда айри.
Оқибат, пойимга ташлади каманд
Сафар арқонлари. Жигархун, жим-жит
Кетарман, кетарман, торт юрагимдан,
Ночор қўлларингни, бесамар умид…
ЕР АЛОМАТЛАРИ
Қуёш совиб,
Ердан йитгач барака,
Саҳролар бағрида сўлди чечак, гул.
Балиқлар қирилиб кетди дарёда,
Тупроқ ўликларни этмади қабул.
Машъум тасаввурдай,
Туғёнга дўниб,
Юпун дарчаларда зоҳир бўлди тун.
Ва йўллар ўзининг давомини ҳам
Зулматга сингитиб юборди маҳзун.
Ҳеч ким ўйламади ишқ-муҳаббатни,
Энг ғолиб туйғулар келганда малол,
Фикр тарк айлади тирик жонларни,
Ҳеч ким
ҳеч нарсани қилмади хаёл.
Ёлғизлик ғорлари ичра
Дунёга
Ботиллик келарди қалтираб, қақшаб.
Қондан кўкнор ҳиди анқиб кетарди,
Дилни афъюн ҳиди кетарди ғашлаб.
Иккиқат хотинлар,
Минг азоб билан
Бошсиз болаларни туғиб қўйди, оҳ.
Кимсасиз бешиклар шарманда бўлиб,
Fамгин мозорлардан ахтарди паноҳ.
Нечук аччиқ қисмат,
Пайғамбарликнинг
Қудратин чилпарчин айлаб кетди нон,
Тарк этди илоҳий ваъдагоҳини,
Ул оч пайғамбарлар, бағри бўлиб қон.
Йўқолган қўйлару
Йитган қўзилар
Макон айлаб даштнинг eру қирини,
Дашту даманларнинг пучмоқларида
Эшитмади чўпон ҳайқириғини.
Ҳаракатлар, ранглар ҳамда тасвирлар
Бари ёлғон эди,
Барчаси – рўё.
Барчаси тескари кўринар гўё.
Тубан масхарабоз боши устида,
Наҳс босган фоҳиша турқидан тониб,
Ёнарди ўт кетган соябон янглиғ,
Муқаддас, нуроний ойнинг қўрғони.
Шароб кўлмаклари,
Аччиқ, заҳарли
Буғини таратиб ҳар ён, ҳар томон,
Қотган даҳоларнинг издиҳомини
Ўз домига тортиб кетди беомон.
Суллоҳ каламушлар,
Очкўз сичқонлар,
Тиймасдан ҳакалак отган нафсини,
Кемирди қоронғи ковакларида
Мунаққаш китоблар саҳифасини.
Қуёш ўлган эди,
Қуёш ўлганди,
Эртанинг қалбидан чиқарди доди.
Гўдаклар зеҳнида, тасаввурида
Яшар эди унут каломи, ёди.
Улар эски калом нодирлигининг
Тимсолини гўзал иштиёқ билан
Тасвир айлар эди ўз машқларида,
Беўхшов, дағал ва қора доғ билан.
Шўрлик халқ,
Бенаво юраги ўлган,
Ваҳима ичида қалтираб, қақшаб,
Маккор жасадининг юки остида
Кетарди ғурбатдан ғурбатга қараб.
Кетарди нотавон лошини судраб,
Чeкиб юрагининг тубига дарди,
Қинғир жиноятнинг жароҳатлари
Қўлларида газак боғлаб кетарди.
Гоҳида аланга,
Ожиз аланга
Бу ўлик тўдани этарди вайрон.
Уни ич-ичидан қўпориб бирдан,
Ҳужум қилар эди ғамга беомон.
Пичоқ тортар эди қайси бир эркак,
Хотинининг оппоқ бўғзига бу дам.
Тандир оловига қаларди она,
Яккаю ягона фарзандини ҳам.
Улар ғарқ эди ўз ваҳшатларига,
Улар ваҳшат ичра чeкарди беҳол.
Қўрқув, гуноҳ ҳисси,
Чирқиллаган, кўр
Арвоҳларин буткул айлаганди шол.
Гўё машъум қатл маросимида
Дор арқони,
Маҳкум кимсанинг сабил
Кўзларини зўрлик, золимлик билан
Косасидан ситиб чиқарган каби
Қартайган асаби қақшаб кетарди,
Улар ўз-ўзига кетганда ботиб,
Булғанган шаҳвоний тасаввурига
Санчилган ўқларни оларди тортиб.
Аммо, майдонларнинг атрофи доим
Тўлиб кетар митти жондорчаларга.
Улар боқар эди лоқайд, бепарво,
Суви оқаётган фаввораларга.
Эҳтимол, йиртилган кўзлар ортида,
Бу жонсиз табиат умқида маъюс,
Бир паришон ҳамда чалажон нарса,
Ожиз ва нотавон қолгандир ҳануз.
Балки, қолгандир жон талвасасида,
Умид-ла табиат пок одатига,
Қолгандир ишониб сув овозининг
Софлигига ҳамда садоқатига.
Эҳтимол…
Ва лекин, тубсиз бўшлиқда
Қуёш ўлган эди, бутунлай ўлган.
Ҳеч ким билмас эди,
Ул ғамгин каптар
Имондир, қалблардан қувғинди бўлган.
Оҳ, эй тутқун садо,
Умидсиз шуъланг
Бу манфур тундан нур манзили қадар
Элтувчи ер ости йўлини топиб,
Бизга эзгуликдан бердими хабар?..
Оҳ, эй тутқун садо,
Эй, тутқун садо,
Оҳ, эй, садоларнинг сўнгги садоси…
ЁЛFИЗЛИК FУССАСИ
Дераза ортида қор ёғади жим,
Дераза ортида қор ёғади жим,
Дилим сукутига кимнингдир қўли
Қайғу уруғини сочар бетиним.
Аввал-охиримни кўриб, қайғуриб,
Сочларинг оқариб кетди-ку, эй қор.
Фақат, юрагимга ёғдинг, эҳ афсус,
Мозорим бошига ёғмадинг бир бор.
Совуқ урган ниҳол янглиғ қалтираб,
Ёлғизлик дастидан руҳим қақшади.
Қалбим зулматида кўтаради бош,
Ёлғизлик дунёсин ваҳми, ваҳшати.
Сен энди ҳарорат этолмассан бахш,
Эй ишқ, эй, музлаган қуёш танаси.
Кўнглим – умидсизлик саҳроси, яйдоқ,
Хастаман, қалбимда ишқнинг яраси.
Шавқнинг ғунчалари кетди қовжираб,
Эй, шеър, эй, жодугар шайтон, эй золим.
Уйғонди, уйғонди охир-оқибат,
Дард элтган уйқудан уйғонди жоним.
Сўнг… қайга юз бурмай, қаерга боқмай,
Сароб афсунига дуч келдим ногоҳ.
Неки, мен ортидан эргашдим, чопдим,
Уйқу сувратига айланди, эй воҳ!
Эй, Худо,
Бир лаҳза айлагин зоҳир,
Дўзахнинг дардини, даҳшатларини.
Қачонгача дилга қамайман, ахир,
Дўзахнинг оташин ҳасратларини?!
Кўрдим, бот-бот ўшал мен кўрган қуёш,
Уфқнинг ортига кўмилди маъюс.
Уфқсиз қуёшим жануб кўксига
Жим ботди сўлиб ва сарғайиб, афсус.
Нима ахтараман бундан сўнг ундан,
Бундан сўнг не кутай ундан интизор?
Совуқ кўз ёш тўкиб, яратмоқ учун,
Тупроғи совимай турган бир мозор.
Дераза ортида қор ёғади жим,
Дераза ортида қор ёғади жим,
Дилим сукутига кимнингдир қўли,
Қайғу уруғини сочар бетиним.
ГУНОҲ
Гуноҳ қилдим, лаззат кўпирган гуноҳ,
Қайнаб турган иссиқ оғуш ичра маст.
Гуноҳ қилдим, темир билак сиртмоғи
Жисмимга, жонимга айлаганда қасд.
Қоронғи ва жим-жит ул хилватгоҳда
Боқдим сеҳр тўла кўзига беҳол.
Кўксимда юрагим титради зир-зир,
Истак тошиб турган нигоҳидан лол.
Ўшал жим-жит, тийра хилватгоҳ ичра
Тўзғидим, бағрида туйиб эҳтирос.
Шавқ тўкиб лабларим юзига лаби,
Телба дил ғамидан айлади халос.
Мен ишқ қиссасидан сўйладим бир-бир,
Сени истаюрман қадимдан-қадим.
Сени истаюрман, эй жонбахш оғуш,
Фақат, сени, телба ошиғим маним.
Унинг кўзларида порлади ҳавас,
Жон чайқалди гулгун шаробга тўлиб.
Майин тўшак узра менинг вужудим,
Кўксида титради маст-аласт бўлиб.
Гуноҳ қилдим, лаззат кўпирган гуноҳ,
Бир бағирда титраб, ҳушдан айрилдим.
Ул қоронғи, жим-жит хилватгоҳ ичра,
Қайдан билай, Тангрим, мен нима қилдим?!
КУЗ
Афсунгар табиат юзидан олдим,
Fам йўғирган нури дийдаларимни.
То кўрмасин дея оташ нигоҳим
Ҳасрату мотамнинг жилваларини.
Куз, хокка беланган йўловчи, надир
Кўйлагинг остида қаппайган бўхча?..
Дунё орттирмадинг дунёда, ахир,
Қурғаб, хазон бўлган япроқдан ўзга.
Шоир қалбига ғам, алам бахш айлар,
Кунботаринг кўзи, —
Айланган тошга.
Ўртанган жонимга не ҳам бахш айлар,
Оғушинг, рутубат, ғуссадан бошқа?!..
Мудраган қийноқлар бостириб келар,
Қайғуга лиммо-лим сукут қаъридан.
Бедарак йўқолган орзулар елар,
Пинҳона тасаввур қанотларида.
Куз, эй, меҳнат юкин хуш таронаси,
Куз, эй, ўйчан қўшиқ – хаёлга маҳкум.
Афсунгар табиат чеҳрасидаги
Аянчли табассум…
ҚАЙТИШ
Иброҳим Гулистонга
Жисму жоним қоронғилик ояти, эй воҳ,
Сени такрор-такрор айлаб жисму жонимда
Олиб кетай барқарор барқ саҳаргоҳига.
Бу оятда ёниб сенга оҳлар айтдим, оҳ,
Бу оятда сени буткул пайванд айладим
Дарахт насли, сув насаби, олов зотига.
Ҳаёт, балки, бир кeчадир, узундан-узун,
Бу кeчадан ҳар куни бир исмсиз аёл
Кўтарганча ўтаверар тўрхалтасини.
Ҳаёт, балки, бир арқондир, ушбу арқонга
Ҳар куни бир эркакмижоз эркак, бемажол
Елкасидан осиб қўяр ўз гавдасини.
Ҳаёт, балки, бир боладир, мактабдан қайтган
Ё йўловчи, бемаъни бир табассум билан
Бошқа битта йўловчига «Хайрли тонг» дер.
Ёки ҳаёт – кулоҳини бошидан олиб
Илжайганча «Хайрли тонг» дер экан, гангиб
Кетаётган йўловчининг боши оққан ер.
Ҳаёт, балки, сарҳад ичра ўртанган лаҳза…
Қароғингда тўзғиб кетар банди нигоҳим
Дош беролмай бу ҳудуднинг қутқуларига
Ва бу лаҳза ичра шундай туйғу бор, гўё
Бу туйғуни билмай қўшиб юборгандайман
Қоронғида ойни англаш туйғуларига.
Бутун бошли танҳоликка баробар уйда
Термулар жўн бахтиёрлик баҳонасига
Бутун бошли муҳаббатни қамраган қалбим.
Гулдондаги гул заволи, мўъжаз ниҳолга
Ва овози даричани буткул тўлдириб
Куйлаётган бир қушчага термулган каби.
Ҳиссам шулдир,
Ҳиссам шулдир,
Ҳиссам шулдир,
Оҳ…
Осмон маним улушимдир, юз тўсар чоғда
Мендан олар юзидаги пардаларини.
Улушим шул – тарк этилган пиллапоянинг
Тағин битта поясидан қулаб, уласам
Чириб кетган ғамгин ғурбат жандаларини.
Улушим бу – маҳзун-маҳзун кезинган хаёл,
Хотиралар хиёбони узра чарх уриб
Хотиротнинг хаёлотга қовушганидир.
Ва уларнинг азоб билан жон бераётиб
«Қўлларингни суяман» деб айтган лаҳзада
Томоғида қалтираган товушларидир.
Қалдирғочлар тухум қўяр бармоғим аро
Ва биламан, кўтараман чорвоқларингга
Қадар бўлсам бўялган бeш бармоқларимни.
Қулоғимга исирғалар осиб, қирмизи
Ва қўшалоқ гилослардан, тирноқларимга
Қадагайман ёронгулнинг япроқларини.
Бир кeча бор, менга ошиқ-беқарор бўлган
Сочи пахмоқ, бўйни нозик, оёғи ориқ
Ўғлонлар бор бу кeчада, юраги – ярим.
Улар бир тун шамол ўзи билан обкетган
Қизалоқнинг маъсумгина табассумини
Ёд этарлар танҳоликда, ёд этарлар жим.
Бир кeча бор, менинг ярим-ёрти юрагим
Бу кeчани қачонлардир, қўрқиб-қалтираб
Ўғирлатган болалигим маҳалласидан.
Замон йўли узра кечган сафар – бир мааром
Зиёфат еб қайтаётган, тақдирдан огоҳ
Ҳодисотдир мудроқ замон бачадонида.
Биров ўлар,
Биров қолар,
Мана – ҳодисот.
Чуқурчага қуйилгувчи ариқ тубидан
Марварид, зар овламайди ҳеч қайси сайёд.
Мен танийман кичкина бир паризодани,
Бир уммонда ватан тутган, ёғоч най чалиб
Юрагини аллалайди сокин, сумбода.
Ўша ғамгин ва ғаройиб, кичкина пари
Тунда битта бўса бирла дунёдан қайтар
Ва тонг чоғи бир бўсадан қайтар дунёга…
ЖУФТ
Тун қуйилар…
Ва тундан кейин
Тунд зулумот
Ва ундан кейин
Қароғлар, дастлар
Ва нафаслару нафаслару нафаслар.
Сув қуйилар…
Қатра сизиб жўмракдан
Қатра-қатра бўлиб тўкилар нолиб.
Ва икки чўғ – икки ёниқ сигара,
Соат чиқ-чиқи
Ва икки қалб –
Икки танҳолик…
ҚЎFИРЧОҚ
Бундан-да кўп
Жимжитликнинг зормонда қурби.
Ўликларнинг нигоҳидай нигоҳ билан лол,
Бир сигорнинг дуди ичра
Ва битта жомнинг
Қаърига жим чўкиб кетса бўлар бемалол.
Патгиламнинг рангсиз гули,
Девор юзида
Эгри-бугри чизиқ янглиғ бўзариб туриб,
Қуриган қоқ панжаларнинг кўмаги билан,
Деразадан пардаларни бир ёнга суриб,
Кўрса бўлар: Кeча узра ёмғир ёғар тез,
Бир дўппили, варрак тутган болакай – маҳзун.
Ва ҳайоҳуй шитоб билан, бўм-бўш майдонни
Тарк этганин, бесўнақай жилпанглаб файтун.
Қолиб кетса бўлар битта жойда бир умр,
Қолиб кетса бўлар сабру тоқатлар тўлиб,
Қолиб кетса бўлар ўшал парда ортида
Қолса бўлар, аммо, кўру
Аммо, кар бўлиб.
Беҳудага оҳу фарёд айласа бўлар,
Мафтунликда сабил қолиб кетса жону тан.
Сохта садо, ёлғон товуш, ёт овоз билан
Кимгадир ишқ изҳор этса бўлар:
«Севаман».
Супрасимон бадан билан,
Бадҳайбатсаро
Бир эркакнинг тошдай қаттиқ панжаларида
Тошдан қаттиқ сийналарнинг жилвати билан
Дўнса бўлар офатижон манжалақига.
Бир пок ишқнинг номусини топтаса бўлар,
Нишон тугул, ном қолдирмай урвоқларидан,
Қай бир телба,
Қай бир пиён,
Қай бир саёқнинг
Fор комидай ютоққан сард қучоқларида.
Ҳар жумбоқни
Тўғри чизиқ мисоли ечиб,
Калаванинг уч-учидан ушласа бўлар.
Ҳар таъбирни беш ё олти сўз билан шарҳлаб,
Беҳудага кўнгилни ҳам хушласа бўлар.
Бир умр тиз чўкиб эгик,
Йўқласа бўлар
Худони ҳам номаълум бир лаҳад қаърида.
Имон топса бўлар ожиз садақа билан,
Зиёратхон пирдай
Масжид ҳужраларида.
Кўпайтириш, қўшиш билан, айириш билан
Қолдирмасдан номдан ному нишондан нишон,
Жамланган ҳар йиғиндининг натижасини
Бир нафасда этса бўлар вайрону яксон.
Ўз чоҳида қуриб кетса бўлар сув каби,
Чўкса бўлар чуқурликнинг тубсиз қаърига.
Fазабланган кўзларингни ўхшатса бўлар,
Ранги ўчган эски ковуш тугмаларига.
Бир лаҳзалик гўзалликка,
Оний қувончга,
Фурсат соя солганда дил ғашласа бўлар.
Бир лаҳзалик гўзалликни, хижолат тортиб,
Сандиқнинг туб-тубида ҳам асраса бўлар.
Тиқса бўлар бўшаб қолган кун ғилофига,
Маҳкум, мағлуб ё бир мохов сувратин малул.
Девор дарзин сувратчалар билан беркитиб,
Кетса бўлар сувратларга қўшилиб буткул.
Қўғирчоққа дўнса бўлар,
Абадул абад
Боқса бўлар дунёга дун оралиғидан.
Сомон тиқиб тўлдирилган тан билан мангу,
Қути ичра, шиша кўзнинг қорачиғидан.
Зебу зийнат илинжида йитиб ложарам,
Қўғирчоқдай
Қўл текизса бир суюқоёқ,
Ва шунчаки фарёд солиб ҳиссиз, бесабаб
Айтса бўлар:
«Оҳ, мен жуда бахтлиман бу чоғ».
БИЗНИ ОЛИБ КЕТАР САБОЛАР
Афсус, шамол қисқа тунимда чорлар,
Шивирлаб, дарахтнинг ҳар япроғини.
Паришонлик тўзғир қисқа тунимда,
Тингла,
Эшитдингми тун ингроғини?
Fамгин боқаман бу бахтиёрликка,
Кўнглимда – узилган умидлар доғи.
Ахир, бахтсизликка қилганман одат,
Тингла,
Таралмоқда зулмат ингроғи.
Нимадир ўтади тун кўксин тилиб,
Ой қизарган, ором билмас тун бўйи.
Том ёришиб кетар,
Ўша томларни
Ҳар лаҳза қўрқитар тўкилмоқ ўйи.
Булутлар
Азадор тўда сингари
Оғир қайғу ичра ўртайди бағир.
Ёғиш учун фурсат кутади улар,
Ёғиш лаҳзасига бўлиб мунтазир.
Бир лаҳза…
Бари ҳеч, бир лаҳзадан сўнг,
Дераза ортида титраган тун бор.
Ер бор,
Айланишдан тўхтаган тағин,
Кимдир иккимизни кутар интизор.
Эй, зангори ҳилқат,
Аччиқ ёд каби
Қўлларингга ошиқ қўлим бўлсин ер.
Лабларингни, борлиқ ҳароратидай,
Ошиқ лабларимнинг навосига бер.
Бизни олиб кетар ҳануз саболар,
Бизни олиб кетар маъюс саболар.
ИЛОҲИЙ ИСЁН
Ярим тун, тебранар бешиклар ҳорғин,
Одамзод ғамидан бўлмасдан огоҳ.
Қайиқдай чайқалган танимни кимдир
Тўфонлар комига тортади ногоҳ.
Нигоҳимга ётдир чеҳралар буткул,
Юлдуз ёши томган кулбалар, томлар.
Зиндон ваҳми, чақноқ занжир ҳалқаси,
Тангрининг лутфидан келган каломлар.
Ернинг совуқ бағри, гўр уюмлари,
Ҳар салом – видонинг соясидай фош.
Осмон остидаги шипшийдам қўллар,
Иссиқ урган хаста, сарғайган қуёш.
Изланишлар тўзғиб, торож бўлган жим,
Қоронғи йўл узра туртинар азоб.
На оташдан из бор Тур чўққисида,
На ёпиқ эшиклар ортида жавоб.
Зулмат кўзларида қолдим ҳайрон, лол,
Бўларманми бир зум жисмимдан жудо?
Додай чирмашардим дунё дилига,
Мен осий, бир лаҳза бўлсайдим Худо.
Худо бўлсам, ушбу худовандликнинг
Номин менга лойиқ кўрса бу жаҳон,
Мунаққаш тахтимдан ўгирардим юз,
Сокин дилга қуриб хилват бир макон.
Агар Худо бўлсам, ўзимдан оний
Айрилиб-айрилиб кетардим учқур.
Бу кекса дунёнинг тор йўлларидан
Кетардим ридосиз, асло бўлмай нур.
Ваҳшат юракларга солмасди соя,
Осийга бермасдим дўзахий жазо.
Эрам боғи йўлин қисқароқ айлаб,
Бу дунёда жаннат яратардим ё.
Худо бўлсам, исён шуъласи тағин
Бошдан-оёқ ёқиб, ёндирарми, оҳ?
Бош чиқариб жисмим зиндони ичра,
Кетарди дунёмга ўт қўйиб ногоҳ.
Улашардим фарёд қурбин дилларга,
Ўшал дилда ўзим тортар эдим оҳ.
Борлиққа ёйилиб борлиғим бутун,
Уялиб эслардим Худоликни гоҳ.
Бу қаттиқ муштларим, бекордан-бекор
Деворга урилмас эди ҳеч қачон.
Дунёнинг бошига туширардим мушт,
«Борлиқ» девор ичра топширарди жон.
Олардим хоксор халқ орасидан жой,
Сиримни очардим уларга жўшиб.
Майхўрлар базмига қўшилиб тунлар,
Кўчада тентираб куйлардим қўшиқ.
Хилватимда ёниб тунда май шами,
Маст бўлиб топардим тадбир бетиним.
Парҳез чопонини итқитиб тандан,
Жом ичра таҳорат ушатардим жим.
Тўзғиган халққа йўл кўрсатардим, то
Дўзах азобидан юмгунча кўзни.
То борлиқ майидан ҳўплаб бир қултум,
Мастлик ҳолатига келтирсин ўзни.
Чанг навоси бўлиб қўнғир тун аро,
Ўтдай ёнар эдим юрак қаърида.
Бу дунёнинг масжид, майхоналари
Чақнарди қадамим зарбаларидан.
Шўх нигоҳда эдим висол хабари,
Жом лабида меҳр саломи эдим.
Мастлик туни ичра бўса шароби,
Буткул ишқу орзу каломи эдим.
Баъзан, саройимда бўлардим огоҳ,
Бенаво халқ дарди, нидоларидан.
То кўрай, дардига бормикан даво,
Ё не истар улар Худоларидан.
Расулим – пок номим бўларди бешак,
Чок кўксимда шондан қолар эди из.
Ишқ шамширим эди, мастлик – китобим,
Тупроғим ҳам бода эди, шубҳасиз.
Водариғ, қачондир хомуш лабимда
Каломлар бутунлай кетганди қуриб.
Видолашгим келар узоқ ва узоқ,
Ўшал жудоликнинг қаърида туриб.
Забунга ярашмас бу Худоликлар,
Мен қайдаю тандан жудолик қайда?
Мен қайдаю бу ер, бу қатлгоҳдан
Ногаҳоний парвоз, Худолик қайда?
Зулматнинг кўзида турибман ғамгин,
Тирқишдан тун ёғар ёстиғимга жим.
Ҳатто, арш деворин орқасида ҳам
Кўрмасман зулматдан ўзга бир тилсим.
Эй, Худо, эй, ажал рамзин хандаси,
Сенга бегонадир нолаю оҳим.
Мен кофир, мен мункир, осий, беқибла,
Кўзингни оч, шайтон – менинг Илоҳим.
БЎСА
Гуноҳ кулар эди икки кўзида,
Юзида куларди тўлган ой нури.
Ўша сокин лаблар узра куларди,
Шуъланинг бепаноҳ сеҳри, сурури.
Уялиб кетарди гунг бир истакдан,
Порлаган нигоҳи – мастликка мойил.
Боқиб унинг икки кўзига, дедим:
Кўтармоқ керакдир бу ишқдан ҳосил.
Соянинг устига эгилди соя,
Сеҳрли хилвати эди қоп-қора.
Гуноҳнинг юзида сирғалди нафас,
Бўса порлаб кетди икки лаб ора.
ДЕВОР
Ўткинчи дамларнинг совуқ бағрида,
Жим-жит нигоҳларинг беун, беомон,
Атрофимда девор тиклар,
Қочарман
Сендан
Йўллардаги йўлсизлик томон.
Дашту даманларни кўргунимча то
Ойнинг рухсорида, ойнинг доғида,
Чангу ғубор қўнган баданимни ҳам
Ювгунимга қадар нур булоғида,
Этагимни ёзнинг илиқ тонгида
Саҳройи чечакка тўлдирай юриб.
Эшитай хўрозлар қичқириғини
Деҳқон кулбасининг томида туриб.
Сулув саҳронинг кенг этакларига,
Мен сендан қочарман, қолдириб ғамни.
Ё ичай танига оёғим тираб,
Ўша майсадаги совуқ шабнамни.
Қочаман,
Булутнинг сояси тушган
Бўм-бўш қирғоқдаги тош узра маҳзун,
Ўйинқароқ денгиз тўфонларининг
Рақсини томоша айламоқ учун.
Токи, ўшал олис кунботардаги
Йиртқич ва ёввойи каптарлар янглиғ,
Даштларни, тоғларни ва осмонларни
Бемалол бағримга босайин қаттиқ.
Токи, қовжираган ул бутоқларнинг
Узилиб кетмасдан сўнгги нафаси,
Келсин илтижога тўлган сасидан,
Саҳройи қушларнинг шодон нағмаси.
Мен сендан қочаман,
Сендан олисда
Қўярман орзулар шаҳрига қадам.
Шаҳар ичра…
Очиб, олтин қопланган
Ёлғон қасрин маҳкам қулфларини ҳам.
Лек, кўзларинг сокин фарёди билан,
Барча йўлни айлаб кўзларимга тор,
Сеҳрли зулматин ёйиб бетиним,
Менинг атрофимда тиклайди девор.
Бир куни қочаман охир-оқибат,
Мунофиқ дийдалар сеҳридан тайин.
Бир куни таралиб кетаман ногоҳ,
Ёлғонлар гулининг атридай майин.
Қўзғалиб кетаман, тунги шамолнинг
Сочи тўлқинида беғам, беқайғу.
Бораман қуёшнинг қирғоғигача,
Жаҳонда мудроқ
Ва оромда – мангу.
Қаҳрабо булутнинг тўшаги ичра
Ширин энтикаман, дилдан кетар ғам.
Тўкилиб кетар шод осмон юзига
Нурнинг кокиллари –
Оҳангсиз олам.
Мен ўша оламда сархуш ва озод
Кўзимни тикаман кетган дунёга.
Афсункор кўзларинг менинг кўзимга
Йўлларни буткул тор этган дунёга.
Кўзимни тикаман ўшал дунёга,
Афсункор кўзларинг такрор ва такрор
Сеҳрли зулматин ёйиб беқиёс,
Унинг атрофида тиклайди девор.
СОЯЛАР ДУНЁСИ
Намиққан йўлларнинг юзида ҳорғин,
Олачипор туннинг теварагида,
Гўё биздан қочар сояларимиз,
Биздан олисларда, йўл этагида.
Узум новдалари узра тош қотиб,
Совуқдан дийдираб гоҳи-гоҳида,
Бир-бирин пинжига майинлик билан
Талпинар ёришган ой ғуборида.
Йўл юзи намиққан рутубатли тун,
Тупроқ жимлигини айлаганда ҳис,
Гоҳо бир-бирига осилиб ўйнар
Беқарорлик билан
Сояларимиз…
Кечаги шабнамнинг шаробидан маст
Гулларнинг ёйилиб кетганда лаби,
Биздан безор бўлиб қочади тунда,
Гўё биз унутган қўшиқлар каби.
Ушбу қўшиқларни айтмаймиз сира,
Юрак жимлигида сўнди туйғулар.
Бизлар ғазаб ичра унутган куйни
Завқ билан, шавқ билан куйлайди улар.
Соялардан олис,
Дилбандлигининг
Қиссасидан, ҳижрон, васлидан ғофил,
Нотавон жисмимиз ўз майли билан
Ҳаётга бахш этар шаклу шамойил.
Йўл-йўлаклар юзи намиққан тунда,
Ўз-ўзимга айтдим такрор ва такрор:
«Соялар ичра ранг оларми ҳаёт
Ёки биз ўзимиз соямизга ёр?»
Соям қани?
Эй, хўп санқиган руҳлар,
Тийралик мавжидай қамраган мани,
«Ваҳшат нури бор – жим, шаффоф додимда».
Менинг соям қани?
Айт, соям қани?
Истамайман,
Бир зум соямдан, ахир,
Жудо бўлмоқликнинг аччиқ доғини.
Истамайман,
Қай бир гузаргоҳларда,
Мендан олисларда сирғалмоғини.
Ё йиқилса беҳол ҳамда тош қотиб,
Йўловчи оёғи остига беун,
Ўзини ахтармоқ йўллари билан
Юзма-юз келмоғи керакдир нечун?
Ёпиқ эшикларга,
Ҳар остонага
Нечун танин суқар ожиз, ложарам?
Совуқ, бегона бир eлкага нечун,
Умиди узилиб қўйгайдир қадам?!
Оҳ, қуёш,
Оҳ, қуёш,
Менинг соямни
Нечун вужудимдан жудо қилдинг, айт?!
Сендан сўраяпман,
Сендан сўрайман:
Айтгил, қоронғилик шодликми ё дард?
Айт, вужуд зиндонми ё эрк саҳроси?
Тун зулмати надир – узундан-узун?
Тунни кимнинг юзи айлади қора?
Кимнинг қора юзин соясидир тун?
У нима дер экан?
У нима деркин?
Хастадир ҳайрону саргардон таним.
Югуриб-еламан шу сўроқларнинг
Узун ва адоқсиз йўлларида жим.
ТУПРОҚ УЗРА
Ҳаргиз ҳавас қилмаганман,
Кўк саробида
Узоқ-узоқ ялтираган юлдуз қисматин.
Ё олқанган руҳлар каби фаришталарнинг
Сирли, беун суҳбатини орзу қилмадим.
Мен ҳеч қачон мушфиқ ердан айро тушмадим,
Мен ҳеч қачон замин қолиб, юлдуз қучмадим.
Тупроқ узра яшаяпман, тупроқ устида
Ўт-ўландай шимиб нурни, шамол ва намни.
Тупроқ узра яшаяпман, кўтариб бошга
Ўт-ўланлар поясидай мўъжаз танамни.
Истакларим юки ерда қолди, кeтардим,
Дардларимнинг руҳи ерда қолди, кeтардим.
Тупроқ узра яшаяпман, билъакс, чўкардим,
Олисдаги юлдузлар ҳам олқасин дедим,
Шаббодалар менсиз йиғлаб қолмасин дедим.
Даричадан мўралайман, тароналарнинг
Навосидай, ноласидай абасман, абас.
Ва барҳаёт эмасдирман, биргина қўшиқ
Садосидан бошқа садо менга керакмас.
Fамнинг ғариб жимлигидан кўра бокира,
Бир лаззатнинг ноласию фиғони аро
Танам узра шабнам каби қўнган бадандан
Мен қўналға ахтармайман, мен – бахтиқаро.
Кулбам – умр, йуловчилар ундан ҳатлади,
Ёдгор қолди муҳаббатнинг қора хатлари,
Яраланган юракларнинг маломатлари,
Эзғиланган шамнинг куюк маҳобатлари,
Телбаликнинг қинғир-қийшиқ имлоси узра
Имиллаган сўник тиниш аломатлари,
Ёдгорликлар дарёсининг харобатлари
Соҳилида тентираган ул кечаларда
Лабларимга етишган лаб ҳаловатлари…
Ҳаммасини ёруғ ёдгор – юлдуз билгайман,
Нечун энди юлдузларни орзу қилгайман?
Менинг мавзун таронам бу, тароналарим
Бурунгидан кўра баланд янграйди тағин.
Менинг маҳзун таронам бу, самовий, сўлим,
Юрагимга ошно, ошно юракка яқин…
ТУШ
Сокин хилват қолди,
Мен қолдим тағин,
Олис хотирлардан қолди ёлғиз ёд.
Ҳасрату дард билан ўтиб гўр сари
Риҳлат этган ёрсиз ишқдан бир фарёд.
Шам ёқди умидим вайронасига,
Кимнингдир афсунгар бармоқлари жим.
Тўқинди бу гўрда ётган жасаднинг
Ўтли нигоҳига тумтоқ нигоҳим.
Бўзладим, бу – ўша…
Зор юрагимда
Ўтли нигоҳидан қолди ваҳм, дарз.
Лабларида заҳар ханда урди барқ:
— Мени эсладингми, эй сен, булҳавас?..
Титради қайғуга лиммо-лим қалбим,
Вой шўрим, девона бўлган эканман.
Вой шўрим, уни мен ўлдирдим, унга
Ўшанда бегона бўлган эканман…
Менга юрагини олдирди, бироқ,
Ишқимдан қалбида eйилди доғлар.
Топтадим бу юрак остонасини,
Кўзимни кўр ғурур ташлади боғлаб.
Унга азоб бердим, озорлар бердим,
Уқубатлар кўшдим оҳу зорига.
Вой шўрим, вой Худо, вой худойим-эй!
Уни бериб қўйдим ўз мозорига.
Лабим сукутида синграйди нола,
Шам нури қалтирар марқад қаърида.
Бир қатра ёш кўрди сўқир кўзларим,
Жасад кипригининг қабатларида.
Пойига чўкай деб боладай чопдим,
Сўрай деб пушаймон қалб иллатини.
Дегайман: – Мен гумроҳ, бир бечорага
Тилагин Оллоҳнинг махфиратини…
Этагим ҳилпираб, қулаб тушди шам,
Қоронғилик ичра йўқолди кўзлар.
Ортидан ёлвордим: – Кетма, сабр қил…
У кетди сўз демай, у кетди бўзлаб.
Вой шўрим, бунча шўр пешонадирман?
У ётибди топиб тупроқда тўзим.
Вой шўрим, бунчалар девонадирман?
Уни қаро ерга берган Мен Ўзим…
УНГА НИСОР АЙЛАНГ
Унга нисор айланг,
Гоҳи-гоҳида
Хаста вужудининг пайвандин бот-бот
Тўхтаб қолган сувлар
Ва бўшаб қолган
Чуқурликлар ичра айламаса ёд.
Унга нисор айланг,
Аблаҳлик билан
Ўйласа, яшашга бор дея ҳаққим,
Туғённинг қўл етмас орзуси, унинг
Қоғоз дийдасида эриб кетса жим.
Унга нисор айланг,
Тобути узра
Қирмизи ой ўтса тўлишиб, юзиб,
Ва туннинг таралган ҳиди
Минг йиллик
Уйқусини ногоҳ юборса бузиб.
Унга нисор айланг,
Ботини ичра
Fалаён кўтарса учқур тафаккур.
Аммо, кўзларининг пўсти то ҳануз
Куйса нур заррасин айлаб тасаввур.
Ва унинг беҳуда, ботил сочлари,
Умидини узмай шавқ ҳавасидан,
Ишқ қудратин қадим таъсирин туйиб,
Титраб кетса ногоҳ ишқ нафасидан.
Эй, содда бахт юртин содда жонлари,
Эй, ерга ҳамдамлик айлаган изҳор,
Ёмғирда дарича очган одамлар,
Унга нисор айланг,
Айлангиз нисор,
Зеро, тонг сеҳри бор, борлиғингизнинг
Мевали илдизи отганда томир,
Унинг ғурбатининг томири ичра
Ер ости йўлини топмоққа қодир.
Ва унинг ишончга тўлган қалбига
Текканда ҳасратнинг заҳри, зарари,
Кўксининг қоронғи гўшаларида
Нимадир, нимадир кетар қабариб.
ҚУЁШГА АЙЛАНАР
Қара,
Қароғимнинг ичидаги ғам
Нечук қатра-қатра сув бўлар бир-бир!
Қандай қилиб,
Саркаш, қоп-қора соям
Қуёшнинг қўлига тушмоқда асир?
Қара,
Хароб бўлар борлиғим маним,
Қандайдир аланга тортар комига.
Мени авжлар сари кетгайдир олиб,
Мени тортиб кетар тубсиз домига.
Қара, менинг олис осмоним – гўзал,
Дурахшон юлдузга тўлмоқда ҳар гал.
Олислардан келдинг, олис-олисдан,
Атр, нур юртидан келдинг,
Порлайсан,
Оқликдан,
Булутдан
Ва шаффофликдан
Ясалган қайиққа мени жойлайсан.
Олиб кет, умиднинг салтанатига,
Олиб кет, шеъру ғам мамлакатига.
Юлдуз тўлган йўлга кетарсан бошлаб,
Порлайман юлдуздан кўра баландроқ.
Қарагин,
Юлдузлар ёндирар мени,
Тунги юлдузларга тўлиб кетдим, боқ.
Қизил балиқлардай сода, бесабр,
Тун кўлидан юлдуз тергайман бир-бир.
Олис эди кўм-кўк дарчали осмон,
Бундан олдин ер ҳам эмасди яқин.
Эшитаман энди фаришталарнинг
Қорли қанотининг садосин тағин.
Қара,
Етиб келдим ўшал маконга,
Мангулик, чексизлик ва каҳкашонга.
Энди,
Етиб келдик авжлар авжига,
Мавжлар шаробига чўмилтир тағин.
Ҳарир либосига ўраб бўсанинг,
Энг узун тунларда мени қўмсагин.
Мени ҳеч қаерга йўллама, эй ёр,
Мени юлдузлардан айирма зинҳор.
Қара,
Йўлимизда эриб, энтикиб
Тўкилар тун муми, туннинг азоби.
Кўзим косасига,
Қайноқ аллангдан,
Ногоҳ тўлиб кетар уйқу шароби.
Ашъорим бешигин ҳидидай сара,
Сен тошиб, қуёшга айландинг, қара.
ЁЗНИНГ ЯШИЛ СУВЛАРИДА
Сени бир япроқдан айлайман жудо,
Ҳажрим қувончининг юкки-ла бадар.
Ёзнинг кўк сувида,
Ўлим ўлкаси,
Кузги қайғуларнинг соҳили қадар.
Ўзимни сояга урдим мен, лоқайд
Ишқнинг соясига ўзимни урдим.
Мендан қочган гўзал бахт соясига,
Ўшал беқарорлик соясига жим.
Чарх уриб сарсон ва саргардон шамол,
Осмон юрагини эзган тунларда,
Қонли ой гезариб,
Томирларнинг ул
Намчил кeчасида кезган тунларда
Тасалли беролмас
Ёлғиз тунимга,
Руҳимга – ҳисларнинг ҳамроҳ, ёрлиги.
Жўшиб кетар томир зарбаларида
Борлиқнинг туйғуси, хаста борлиғи.
«Бир сир бор дарралар муштоқлигида»,
Тоғнинг чўққисига, тоғнинг бошига
Бу сўзларни кимдир ҳафсала билан
Ўйиб кетмиш тоғнинг хавфли тошига.
Ўзининг жимлиги, сукунатини
Безаганда номсиз ҳислар, туйғулар,
Тоғлар оромини бир тунда, аччиқ
Илтимоси билан бузганди улар.
«Тўлиб-тошган қўллар изтиробида,
Бўш қўллар ороми бўлмагай зинҳор,
Ўшал вайроналар, валангорликлар
Жимлигида боқий бир гўзаллик бор».
Буни қай бир аёл, хўрсиниб оғир,
Сувга айтар эди сўйланиб бот-бот.
Саратоннинг яшил сувлари ичра,
Гўё вайронада кечирар ҳаёт.
Нафасимиз билан бир-биримизни
Белаймиз, буркаймиз узоқ ва узоқ.
Бахтнинг тақвосига бурканиб буткул,
Шамол товушидан қўрқамиз, бироқ.
Гумон соясининг таъсиридан маст,
Бўсалар боғини безаймиз ҳар дам.
Овоз ваҳшатидан титраб-қақшаймиз,
Бизлар нур қасрига қўйганда қадам.
Бундасан, ақойиқ атридан тонгнинг
Кeчасида, кўксим ичра қотиб лол,
Қўлларим доғида, сочларим ичра
Ўздан кетиб бунда ёнарсан беҳол.
Бепоён, қоронғи, саноқсиз недир
Олис кун садоси мисоли, эй воҳ,
Кўзимнинг паришон қароғларида
Чарх уриб, ёйилиб кетади ногоҳ.
Мени симиргайлар булоқдан, балки,
Балки, мени териб олгайлар шохдан.
Эшикдай кўрарлар сўнгги лаҳзада,
Эҳтимол…
Эҳтимол, кўрмасман бошқа.
Яралдик биз қора ерда, кетармиз
Тағин қора ерга тўкилиб, тиниб.
Йўлда «ҳеч»ни кўрдик,
Подшоҳ сингари
Зар ёлли тулпорин кетарди миниб.
Афсус, бахтли бўлсак олармиз ором,
Афсус, жим юракда алам қат-қатдир.
Бахтлимиз, биз яхши кўрамиз, зеро,
Кўнглимиз тор, зеро, ишқ, бу нафратдир.
ИМОН КЕЛТИРАЙЛИК,СОВУҚ ФАСЛ ИБТИДОСИГА
Бу мен,
Ёлғиз аёл,
Совуқ фаслнинг
Остонаси узра булғанган замин,
Содда, ғамгин осмон тушкунлигию
Қоқ қўллар дардини англайман ҳазин.
Замон eтди,
Замон eтдию соат
Тўрт марта янгради овози, уни.
Тўрт марта бонг урди баланд, бетоқат,
Бугун – дай ойининг биринчи куни.
Фасллар асрорин англайман теран,
Аён – ҳар бир лаҳза айтган ибора.
Нажоткорлар гўрда ётибди,
Тупроқ –
Ҳузур-ҳаловатга битта ишора.
Замон ўтиб,
Соат янгради тўрт бор,
Кўчада тентираб кезади шамол.
Мен эса дунёга боқиб умидвор,
Гуллар чангланишин ўйлайман алҳол.
Fунчалар косаси камқону озғин,
Бу замон – силласи қуриган, хаста.
Қарайман, бир эркак
Ҳўл дарахтларнинг
Орасидан ўтиб кетарди аста.
Ўтиб кетаётган эркак бўйнининг
Кўм-кўк томирлари тортилиб таранг,
Ўлган илонлардай,
Йўғон бўйнининг
Икки томонидан ўрмалар гаранг.
Ва боши айланиб,
Энсаси қотиб,
Ўша қонли сўзни айлайди такрор,
Салом!
Салом!
Ва мен ютиб дардимни
Гуллар чангланишин ўйлайман зор-зор.
Ўша совуқ фасл остонасида
Ўлган ойналарга тутилган мотам,
Юпун тажрибалар ғамгин тўдаси,
Жимлик илми бўғоз қилган кунботар
Ўша
Сабр билан,
Оғир,
Саргардон
Кетаётган зотни, юрагини еб,
Қандай қилиб йўлдан қайтаргай, ахир,
Қандай фармон берар унга «Тўхта!» деб?
Унинг қалби ўлган, судралар тани,
Юраги айланган тошга, кесакка,
Айтиш осон эмас,
Тирик эмасдинг,
Тирик эмассан, деб ўша эркакка!
Кўчада ел кезар,
Ёлғиз қарғалар
Чиқиб келар бурчак-бурчакдан беғам.
Қартайган боғ узра чарх урар улар,
Ожиздир норвоннинг баландлиги ҳам.
Улар бир қалбнинг бор соддалигини
Обкетди эртаклар қасрига томон.
Истаклар хайлини тўзғитиб тағин,
Қандай рақсга тушар ёлғиз қолган жон?
Ва нечук болалик кокилларини
Ювар оқаётган сувларга солиб?
Терган ва ҳидлаган олмани нечук
Тепкиласин оёқ остига олиб?
Эй, ёр,
Ягонадан ягона, эй ёр,
Қоп-қора булутлар кутганда эҳсон,
Нечук қувонарди кундузни кутиб,
Қуёшнинг уйида бўлганда меҳмон.
Эсла,
Қанот ато айлагач парвоз,
Парвоз завқи бир зум бахш этганда жон,
Кунлардан бир куни ўша парранда,
Ногоҳ кўз ўнгингда бўлди намоён.
Эсла, хаёлнинг кўк чандиқларидан
Пайдо бўлган ўша бокира ҳавас,
Ўша тоза барглар, тоза япроқлар
Елнинг шаҳватидан оларди нафас.
Эсла, дарчаларнинг пок идрокида
Ўша нилгун шуъла ёнганда бир-бир,
Ёруғликни орзу айламоқликдан,
Қолмаганди ўзга тасаввур, таъбир.
Кўчада тентираб эсади шамол,
Вайронлик боши бу, келтиргай завол.
Зеро, вайрон бўлган кунда қўлларинг,
Кўчада тентираб кезарди шамол.
Қадрдон юлдузлар,
Маъсум юлдузлар!
Осмон бўйлаб ёлғон эсаркан ҳамон,
Нечук
Гангиб қолган пайғамбарларнинг
Сурасидан паноҳ топар оломон?
Минглаб минг йилликлар мурдаси янглиғ
Ўзаро қовушиб кетамиз ювош.
Қуруқ жасадимиз тубанлигига
Ўшанда ҳакамлик қилади қуёш.
Совуқман,
Совуқман, эслаб қол, ҳеч гоҳ
Исимайман, совуқ айлади хароб.
Эй, ёр,
Ягонадан ягона, эй ёр,
«Неча йиллик эди ул эски шароб?»
Қара, бунда қадрин йўқотди замон,
Балиқлар гўштимни ғажимоқда хом.
Айтгил, нима учун мени авайлаб,
Денгизнинг тубида асрайсан мудом?
Совуқман, безорман дур зираклардан,
Совуқман, биламан, англайман оз-моз.
Ёввойи ақойиқ қирмиз ваҳмидан
Бир неча томчи қон қолади холос.
Мактуб жўнатаман
Ва рақамларнинг
Маҳдуд саноғини тўхтатаман гоҳ.
Ҳандасавий шакл қуршовидаги
Ҳислар оғушидан топарман паноҳ.
Урёнман, урёнман!
Ишқий сўзларнинг
Орасида қолган сукунат янглиғ.
Менинг жароҳатим ишқ туфайлидир,
Барчасига сабаб ишқдир, ишқдир, ишқ!
Бу сарсон орол деб,
Уммон туғёни,
Тоғ вулқони билан айладим талош.
Пора-пора бўлган вужуднинг
Кичик заррасидан яралди қуёш.
Салом, эй маъсум тун!
Биёбондаги
Бўрилар кўзидан сачратиб учқун
Мўлтайган суяклар уюмин, имон
Ва эътиқод билан алмаштирган тун.
Эй тун, ариқларнинг бўйида қатор
Толларнинг арвоҳи чирқиллаб унсиз,
Ўткир болталарнинг мушфиқ, меҳрибон
Арвоҳи меҳрини айламоқда ҳис.
Мен бефарқ дунёдан келаётирман,
Фикрлар, садолар, сўзларнинг ботил,
Бефарқ дунёсидан
Ва ушбу жаҳон
Илонлар инига ўхшайди жуда.
Оёқ шарпасига тўлган бу жаҳон
Унда, фақат, қадам товушлари бор.
Сени ўпадилар,
Бироқ, хаёлда
Сени осмоқ учун тиклайдилар дор.
Салом, эй маъсум тун!
Дарча, куз аро
Доим масофа бор,
Кўрмадим нечун?
Боқмадим,
Ул эркак ҳўл дарахтларнинг
Орасидан ўтиб кетганда беун.
Эсла, йиғлаганди онам ўша тун,
Дардга етдим, пайдо бўлди ҳомила.
Ўша маъсум тунда мен келин бўлдим,
Бирикдим ақоқий бошоғи билан.
Исфаҳоннинг мовий кошинлари ҳам
Ўша тун фарёдга кетганди тўлиб.
Ярим бўлагимга айланган кимса
Қайтганди ичимга ҳомила бўлиб.
Мен уни ойнада кўриб турардим,
Ойнадай соф эди,
Чорлади мафтун.
Ақоқий бошоғин келини бўлдим,
Эсла, йиғлаганди онам ўша тун.
Ёпиқ деразадан ёйилган ботил
Ёруғликдан нечун айладим ҳазар?
Қўлларингнинг вайрон бўлишини ҳам
Сезган эди барча масрур лаҳзалар.
Ва мен қарамадим,
Соат дарчаси
Очилиб, келгунча қандайдир хабар.
Ул соат кетма-кет, ғамгин овозда
Тўрт марта, тўрт бор бонг чалгунга қадар.
Ўша ёш аёлни кўрдим,
Кўзлари
Ўхшарди семурғнинг бўм-бўш инига.
Болдирлари қалқиб,
Соф хаёлимни
Бошлаб кетар эди тун тўшагига.
Сочимни шамолда тарайми яна?
Бинафша экайми боғларга тағин?
Шамдонларни қўйиб чиқайми бир-бир,
Дераза ортига – осмонга яқин.
Рақс тушайми тағин шиша устида?
Мени тағин эшик қўнғироқлари
Сокин чорлаб, олиб кетсинми яна
Ўшал интиқ ва зор садолар сари?
«Энди бари тамом» – дедим онамга,
Дедим: «Биз хаёлга келтирмай бурун
Рўй берар ҳодиса,
Тасаллинома
Юбормоқ керакдир рўзнома учун».
Пуч инсон,
Пуч инсон,
Ва лекин ишонч
Тўлиб кетган унинг бўм-бўш танида.
Қара, шовқин солиб куйлайди қўшиқ,
Тишлари, айниқса, кавшанганида.
Кўзлари,
Кўзлари нечоғлик чуқур,
Йиртилиб кетади хира тортган он.
Нечоғ ҳўл дарахтлар орасидан у
Ўтар
Сабр билан,
Оғир,
Саргардон.
Соат тўрт бўлганда,
Томирларининг
Кўм-кўк ипи,
Ўлган илонга ўхшаб,
Бўйнининг ҳар икки ёнидан бўртиб,
Дарҳол юқорига чиқар ўрмалаб.
Ва боши айланиб,
Энсаси қотиб,
Ўшал қонли сўзни айлайди такрор,
— Салом,
— Салом,
Сира ҳидлаганмисан,
Ўша тўртта мовий лолани бир бор?
Замон eтди,
Замон eтдию тунлар
Ақоқий шохига йиқилди беҳол.
Дераза ортида совуқ тил билан
Кечган кун қолдиғин ютар бемалол.
Қаердан келарман?
Қайдан келарман?
Тун ҳиди дилимга нечук солгай чўғ?
Ўша икки ёш қўл кўмилган мозор,
Гўр тупроғи ҳануз совигани йўқ…
Сен менга қанчалик меҳрибон эдинг,
Эй ёр, ягонадан ягона, эй ёр,
Қанчалик меҳрибон эдинг,
Лабингдан
Тўкилганда ёлғон сўзларинг қатор.
Fамхўр эдинг,
Дарча кўзини боғлаб,
Кумуш шамдон шамин ўчириб шодон,
Золим зулмат ичра олиб кетган чоғ,
Мени ишқнинг сўлим саҳроси томон.
Уйқу чаманида,
Ташналик ўти
Ортидан эргашган буғларга қадар,
Чексизлик гирдида чарх урган нозик
Юлдузларга мени бошладинг бадар.
Нечун сўз шовқиндан иборат, нечун
Дийдор кулбасида меҳмондир нигоҳ?!
Нечун бокиралик сочин ҳаёси
Шафқат ҳисларига бергайдир жило?
Қара,
Бунда ваҳм ёйлари билан
Бутга михлангандир озурда жони, —
Калом билан сўйлаб, нигоҳи куйлаб,
Шафқат билан кетгач қўрқувдан тониб.
Ҳақиқатнинг бешта ҳарфи бўлган ул
Қўлларинг панжаси қолдирган янги
Изларнинг ўрнида қолгандир нечук,
Нечук қолди унинг чеҳрасин ранги?
Сукут нима, нима, нима ўзи, айт,
Эй, ёр, ягонадан ягона, эй ёр?
Айтилмасдан қолган сўзлардан ўзга
Жимлик қучоғида яна нима бор?
Мен сўздан қоламан,
Чумчуқлар тили,
Тириклик тилидир, кўнгил малҳами.
Айтилган ҳар жумла, ҳар сўз, ҳар калом –
Табиатнинг бутун бахти, байрами.
Чумчуқ тили – баҳор, баҳор баргидир,
Улар боис ернинг қувнагай дили.
Чумчуқ тили – насим уфурган атр,
Корхонада ўлар чумчуқлар тили.
Ким бу, абадият йўлида туриб,
Ваҳдат лаҳзасига йўналган бот-бот?
Мангулик фурсатин,
Ҳисоб илмининг
Мантиқлари билан жўр айлаган зот?
Ким бу?
Хўрозларнинг қичқириғини
Кун эмас, нонушта боши деб билган?
Ким бу?
Бошига ишқ тожин қўндириб,
Келинлик либоси ичра чириган?
Маълум вақт
Ботгувчи қуёш
Умидсиз
Ҳар икки қутбда порламади соз.
Кошин наърасидан қуладинг,
Учдим,
Овозимни тўшаб ўқирлар намоз…
Бахтиёр жасадлар,
Бадбахт жасадлар
Ва ўйчан жасадлар фикрга ботган,
Хуш-хуррамлик ичра карахт жасадлар,
Яхши кийингану яхши еб ётган
Жасадлар, —
Муайян вақт бекатида
Оний нурга муштоқ шубҳа қавати,
Ботилликнинг чириб-сасиган фосид
Меваси савдосин шавқи, шаҳвати…
Оҳ,
Қандайин халқ бу,
Қандайин халқ бу,
Нурсиз нигоҳини қоплаган парда?
Турфа ҳодисани интизор бўлиб
Мудом кутиб турар чорраҳаларда.
Албатта, албатта ўша лаҳзада,
Тақиқ ҳуштагининг овозин кутар,
Замон ғилдираги остида қолиб,
Ҳўл дарахт оралаб ул эркак ўтар…
Қайдан келдим?..
«Тамом» дедим онамга,
Дедим: «Биз хаёлга келтирмай бурун
Рўй берар ҳодиса,
Тасаллинома
Юбормоқ керакдир рўзнома учун».
Салом, эй танҳолик мўъжизаси, ол,
Ўлан-тўшагимни топширдим бадар.
Зеро, ул қоп-қора булутлар доим
Тоза оятлардан бергуси хабар.
Зеро, бир дона шам гувоҳлигида
Ёруғ сир-асрорлар ниҳондир қат-қат.
Буни ёйилган ва интиҳо топган
Ўша шуъла яхши англайди, фақат.
Сендан сўнг йўл олдик мозорга қараб,
Мозорга юз бурдик сен кетган маҳал,
Улуғ она тутган ҳижоб остида
Оғир-оғир нафас оларди ажал.
Ажал
Йўғон дарахт эди,
Тириклар
Малул шохларини асрарди аранг.
Бошқа бир томонда турган ўликлар
Соларди чириган томирига чанг.
Ажал
Ул муқаддас мақбара узра
Ўтирганда бўлиб ҳар недан огоҳ,
Тўртта бурчагида
Мовий, ҳаворанг
Тўрт лола ёришиб кетади ногоҳ…
Имон келтирайлик,
Имон келтириб
Ўшал совуқ фасл ибтидосига,
Имон келтирайлик хаёл боғининг
Ҳар бир вайронаси,
Ҳар нидосига.
Имон келтирайлик,
Тиғи қайрилиб,
Бекор қолиб кетган ўроқларга зор.
Ер тагида қолган тутқун донларга…
Қара, қандай гўзал ёғаётир қор…
Ўша икки ёш қўл ҳақиқат эди,
Ҳақиқат тимсоли эди, эҳтимол.
Улар тиним билмай ёғаётган оқ
Қор остида қолиб топганди завол.
Ва келаси йилда, келганда баҳор,
Дарча ортидаги осмонга етар.
Танидан
Ҳаётбахш, шаффоф сув бўлиб
Кўм-кўк фавворалар отилиб кетар,
Fунча берар беғам дарахт танаси,
Эй ёр, ягонадан ягона, эй ёр!
Имон келтирайлик,
Имон келтиргин,
Ўшал совуқ фасл бошига бир бор…
ИШҚ ТОНГИ
Кўнглим саҳифаси янглиғ осмонда
Ёруғ ой ёғдуси қолдирар изин.
Бу кеча кўзимдан ширин уйқуни
Қуваман, хаёлинг – уйқудан ширин.
Қолдим толнинг қуюқ сояларида,
Жимлик тўшагига чирмаб лошимни.
Марғуб нағмаларга эргашаман жим,
Дафтарим юзига қўйиб бошимни.
Рақсга тушар юзлаб тарона, сасим
Биллур жарангидай янграган онда.
Қандайдир нотаниш, хаёлий лаззат
Томиримда елиб-югурар қондай.
Оҳ, гўё юрагим дахмаси ичра
Ой арвоҳи кезар тентираб, санқиб.
Ё дайди шамол у, кир этагидан
Келар ёсуманнинг ҳидлари анқиб.
Лабимда лоладай, бўсанг шуъласи
Яшнайди, бир истак қўзиб қонида.
Ногоҳ мен эслаган бир ёруғ юлдуз
Ёришар сеҳрли ой хирмонида.
Кўксим ичра қай бир нотаниш кимса,
Берилиб чангу руд чертгани сайин,
Ҳамроҳ бўлиб мавзун қўшиқларига
Хушбўй ёғоч ҳиди таралар майин.
Оҳ, бундай ҳолатга ишонгим келмас,
Бундай ҳамроҳликдан кетмасман тониб.
Ўшал бир жуфт кўзнинг мафтун нигоҳи,
Наҳот, турган бўлса қаршимда ёниб.
Ўзга дунё ичра мен томон боққан
Зуҳра юлдузининг кўзлари ёнди.
Дафтарим бетига ёзаман масрур:
«Умринг боқий бўлсин, эй ишқ, ишқ тонги!»
ҚАЙFУ ГУЛИ
Масрурман, оловинг ёндирар мени,
Масрурман, ёдингда йиғлайман бедор.
Масрурман, васлингдан кейин эзилиб,
Безавол ишқингдан йиғлайман зор-зор.
Орамизга тушган айрилиқдан сўнг
Бошқа ўйламайди, деб қилма гумон.
Фақат, сенинг ўтинг ёндирар мени,
Сенинг оловингда ёнгайдир бу жон.
Тунлар дарахтзорнинг бир чеккасида
Ўз ғамидан Корун кетганда тошиб.
Гўё ҳасратимнинг фарёди келар,
Тинган тўлқинларнинг бўғзидан жўшиб.
Ошкор бўлган дардим бўлар намоён,
Бир зум қирғоқ узра ўтирсанг тунда.
Ўшанда соянгга ташласанг назар,
Беқарор руҳимни кўрарсан унда.
Тонг шамолин совуқ лаблари билан,
Сен учун тарона ўқийман ҳар он.
Мен ўша юлдузман, порлаган ҳар тун,
Саройинг осмони узра дурахшон.
Мустаҳкам қалъадай, иккимиз аро
Ястанса бепоён саҳролар, не ғам.
Мен ўша каптарман, қанотин ёйган,
Дарё кенглигида, танҳоликда ҳам.
Масрурман, қуриган шох янглиғ тағин,
Жабринг шуълалари ёндирса маъюс.
Шаҳринг қуёшидан қизиб, ловиллаб,
Ёнаётган қайноқ вужудман ҳануз.
Сени қандай қилиб унутай, ахир,
Ёдинг илк муҳаббат ёдидай ширин.
Ёдинг таъсирчандир кузак сингари,
Минглаб жозибаю жило яширин.
Мени атаб расво, радди маърака,
Иғвогар зоҳидлар устимдан кулар.
Номимни булғайди ўшалар, зеро,
Одаммас, шайтондан яралган улар.
Аммо, мен қайғунинг гулиман ўша,
Ёдинг шохларидан яралган бедор.
Ёлғизлик уйида, тунларда сени
Қидираман, ёдинг бўлганида ёр.
МЕНДАН КЕЙИН
Ажал яқинлашар менга ўша кун,
Нур мавжидан порлаб кетганда баҳор.
Ё ғубор қоплаган қаҳратон қишда
Ё кузни тарк этган чоғда оҳу зор.
Ажал яқинлашар менга ўша кун,
Бундан-да аччиғу шириндир бундан.
Ичи бўм-бeш бошқа кунлар сингари,
Қолган бир соядир кеча, бугундан.
Дийдаларим менгзар тор йулакларга,
Гуноҳларим – совуқ мармарлар янглиғ.
Халос бўлгим келар ғамлардан ногоҳ,
Мени уйқу элтиб кетганда қаттиқ.
Шеърнинг афсунидан фориғ қўлларим,
Дафтарим юзида ўрмалар аста.
Эслайман, шеър қони менинг қўлимда
Нурдай сочиларди ҳар бир нафасда.
Тупроқ чорлар мени ўзига ҳар дам,
Йўл босиб, тупроққа қўймоқ-чун малул.
Балки, ошиқларим ярим кечада
Fамгин гўрим узра қўйиб кетар гул.
Мендан сўнг бир ёнга сурилар ногоҳ
Умримнинг қоронғи пардалари ҳам.
Ўрмалар нотаниш кимса нигоҳи,
Қоғоз, дафтарларим юзида у дам.
Мендан сўнг, ёд айлаб қай бир бегона
Мўъжаз кулбам узра қадам қўйган чоғ,
Қолиб кетар кўзгу четида алҳол,
Сочинг толалари, қўл изи, тароқ.
Ўзимдан қутилиб, қоламан ўздан,
Тартиб бузилади бунда дод солиб.
Руҳим шамолдаги елкан мисоли,
Уфқлар ортида кетар йўқолиб.
Бир-бирин изидан чопар бесабр,
Шитоб билан кунлар, ҳафталар, ойлар.
Номага интизор, интиқ кўзларинг
Йўлларга термулиб, йўлимни пойлар.
Совуқ жасадимни асрайди тағин,
Қабрнинг тупроғи чуқур бағрида.
Қалбинг зарбасидан олисда сенсиз
Қалбим чириб кетар тупроқ тагида.
Сўнгра шамол, ёмғир менинг номимни
Тошларнинг юзидан ювиб кетар жим.
Унутилиб кетар йўлда, ном-номус
Эртагидан фориғ менинг мозорим…
Fors she’riyatining bugungi saltanati qancha ulkan bo’lmasin, uning bir shavkatli malikasi bor. Uni hamma taniydi, hamma sevadi va hamma hurmat qiladi. Bu malika foniy jahonni tark etganidan keyin ham dillarni tark etgani yo’q, balki oldingidan ham shavkatliroq saltanatga erishdi. Fors she’riyatining bu go’zal malikasi shubhasiz Furo’g’ Farruxzoddir.
U 1935 yil 5 yanvarda Tehron shahrida dunyoga keldi. Otasining kattagina kutubxonasi borligi sababli Furo’g’ kechiklikdanoq kitob bilan tanishdi, kitoblar orasida yashab ulg’aydi. U she’r kitoblarini ko’proq o’qib yodlardi, shuning uchun ko’po’tmay ilhom parisi uning huzuriga keldi. Furo’g’ 13-14 yoshidanoq she’r yoza boshladi. U suhbatlaridan birida bunday degan edi:
“Har kun 2-3 g’azal yozardim. Oshxonadami, tikuv mashinasi ustidami, baribir edi. Bu she’rlarni e’lon qilmaganman va haligacha ular she’r edimi yo’qmi, bilmayman, ammo shuni bilamanki, ular juda sodda va samimiy edi. Men u paytda o’z tilim, uslubim va dunyoqarashimni topmagan edim”.
Furo’g’ 16 yoshida institutni bitirib ishga kirmagan, o’zidan 15 yosh katta bo’lgan Parvez Shopurga turmushga chiqdi. Ular turmush qurganda bir nikoh ko’ylagini sotib olishga qodir emasdilar. Furo’g’ Ayollar San’at kollejining tikuvchilik va rassomlik bo’limini tugatdi.
Uning “Asir” nomli birinchi she’riy to’plami 1952 yilda, ya’ni 17 yoshida nashr etildi. Shu yili uning “Gunoh qildim, to’liq lazzat gunohi” nomli she’ri bir jurnalda bosilib, ancha shov-shuvlaru oilaviy janjallarga sabab bo’ldi. Furo’g’ otasining uyidan chiqib, bir xona ijara olishga majbur bo’ldi. O’shanda bosh qo’yish uchun bir yostig’i ham yo’q edi. Shuningdek ishi ham, puli ham. Do’stlar oraga tushib, otasini o’z uyidan asbob-anjomsiz, bo’sh bir xona berishga ko’ndirdilar, qolgan eng kerakli ro’zg’or buyumlarini o’zlari sovg’a qildilar. Furo’g’ shu zamonda xudbin, ikki yuzli odamlardan ranjib bunday degan edi (Maqolada she’rlar so’zma-so’z tarjimada berilmoqda):
Qocharman ushbu zohirsoz eldin,
Ki zohirda menga yakrangdurlar.
Vale botinda ko’p tahqir aylab,
Menga turli-tuman tuhmat to’qurlar.
Bu mardumdanki she’rimni eshitgach,
Yuzimga gul kabi ochildilar shod.
Vale xilvatda meni, telbadur, deb,
Hamesha qildilar nomimni barbod.
Furo’g’ 1953 yili eri Parvez Shopur bilan yangi hayot boshlash maqsadida Ahvoz shahriga ko’chib ketdi, ammo ko’p turolmay qaytib keldi, chunki ular oralaridagi tushunmovchiliklaru nizolar shunchalik jiddiylashib ketgan ediki, Komyor nomli o’g’illarining tug’ilishi ham ularni yarashtirolmadi. Bu janjallardan qattiq charchagan shoira bir muddat ruhiy kasalxonada ham yotib chiqdi. Kasalxonadan chiqqandan keyin ham ko’p vaqtgacha sog’lig’i ko’ngildagidek emas edi. Furo’g’ va Shopur ikki qarama-qarshi dunyo edilar. Furo’g’ hissiyotga berilgan, tinimsiz, telba bo’lsa, Shopur mantiqiy, hisob-kitobli, oddiy erkak edi. Oxiri bu ikki dunyo kelisholmay, 1955 yili ajrashdilar. Furo’g’ erini sevar, ammo she’rini ko’proq yaxshi ko’rardi. Shuning uchun she’rini tanladi:
Bilaman endi ul olis uydan,
Bu hayot shodligi uchib ketgan.
Bilaman endi onaning hajri,
Zor go’dak dilini og’ritgan.
Men parishonu xastajon lekin,
Kezaman orzu-umid yo’lin.
She’r yorim va she’r dildorim,
Ketaman to tutay uning qo’lin.
Eron qonuni Furo’g’ni bolasidan ayiribgina qo’ymay, ko’rishga ham ruxsat bermadi. U 16 yil, ya’ni qisqa umrining so’ngigacha bola sog’inchi bilan yashadi. Go’dak ishqining ko’zlari qonunning qora ro’moli bilan bog’langanda, Furo’g’ning ruhida isyon ko’tarildiyu, telbalarcha sevishga qaror qildi:
Mening ishonchim,
Adolat sust ipidan osilganda,
Butun shaharda,
Yuragim chirog’larin,parcha-parcha qilganda,
Ishqim go’dagining ko’zlarin,
Qonun qora ro’moli bilan bog’layotganda,
Orzularimning iztirobli chakkasidan
Qon otilib chiqqanda
Hech bir narsa yo’q edi.
Devordagi soatning tiq-tiqidan tashqari,
Hech bir narsa yo’q edi.
Tushundimki: men albat
Telbalarcha sevishim kerak.
Furo’g’ she’rni deb, eriyu bolasidan ayrilgan edi. Endi she’r uning do’sti, jufti, yarimini butun qiladigan qism edi. U bir suhbatida: “Ikki odamning o’zaro aloqasi hech qachon, ayniqsa, hozirgi zamonda, mukammal emas, ammo she’r menga shunday bir do’stki, unga yetganimda u bilan dardlasha olaman, u shunday bir juftki, meni t?ldira oladi… ba’zi odamlar ?z kamchiliklarini boshqa odamga sig’inish bilan to’ldirmoqchi bo’ladilar, ammo hech qachon to’ldirolmaydilar. Agar to’ldirilsa edi, shu aloqaning o’zi dunyoyu borlig’ning eng ulug’ she’ri bo’la olmasmidi?”.
She’r Furo’g’ uchun bir derazaga aylandi. U deraza orqali “borliq” bilan bog’landi. O’zi bunday degan edi. “She’r men uchun bir derazadir. Qachonki u tomonga borsam, o’zidan-o’zi ochiladi. Men u yerda o’ltiraman, qarayman, kuylayman, shovqin ko’taraman, yig’layman, daraxtlar tasviri bilan qo’shilib ketaman va bilamanki derazaning narigi tomonida bir fazo bor, bir odam bor – bu odam 200 yildan keyinmi yo 300 yil oldinmi tug’ilgan, buning farqi yo’q. She’r “borliq” va “vujud” bilan bog’lanish vositasidir. Yaxshiligi shundaki odam she’r yozganda, men ham borman, yo men ham bor edim deya oladi. Bunday bo’lmaganda, qanday qilib men borman, yo men bor edim, deyish mumkin? Men o’z she’rimda bir narsani izlayman, aksincha, o’z she’rimda o’zimni topaman”.
1959 yilda Furo’g’ga Italiyaga safar qilish imkoni muyassar bo’ldi. Shoira u yerdagi hayotni ko’rib, bu yerdagi insonlarning qanchalik haqirligini va yutuq-kamchiliklarini bilib oldi. Safardan qaytgach, o’zini butunlay o’z she’riyu san’atiga bag’ishladi. 1957 yili “Devor” nomli ikkinchi she’riy to’plami bosilib chiqdi. Bu to’plamdagi she’rlar uning boy tajribalarga erishganidan, she’rning yangi cho’qqilarini zabt etganidan xabar bersada, mazmun jihatdan “Asir” to’plamining davomi edi. Bu haqda uning o’zi bunday deydi:
“Men “Asir”da tashqi dunyoning sodda bayon etuvchisi edim. O’sha zamonda she’r men bilan yo’g’rilib, bir bo’lib ketmagan edi, balki bir muncha vaqt odam bilan yashaydigan barcha odamlardek, erdek, ma’shukdek edi. Ammo keyinroq she’r vujudimga chuqur ildiz otdi, ichimda o’sa boshladi, shuning uchun she’rning mazmuni ham o’zgardi.
Furo’g’ Farruxzod «Asir» nomli kitobi to’g’risida shunday degan edi:“Men “Asir”da tashqi dunyoning sodda bayon etuvchisi edim. o’sha zamonda she’r men bilan yo’g’rilib, bir bo’lib ketmagan edi, balki bir muncha vaqt odam bilan yashaydigan barcha odamlardek, erdek, ma’shuqdek edi. Ammo keyinroq she’r vujudimga chuqur ildiz otdi, ichimda o’sa boshladi, shuning uchun she’rning mazmuni ham o’zgardi. Endi men she’rni o’z hissiyotim bayoni deb bilmasdim, balki she’r qancha kengrog’u chuqurroq ildiz otsa, yoysa, men o’shancha parchalanib, sochilib yangi dunyolarni kashf etardim”.
Furo’g’ keyinroq Niymo Yushij va Ahmad Shomlularning she’rlari bilan tanishdiyu, yangi bir dunyoni kashf etgandek bo’ldi. Ularning til boyligi, yangi uslubu keng qarashlari unga qanday yo’l tanlash kerakligini ko’rsatdi. U ulardan nusxa ko’chirmadi, balki… Keling o’zidan eshitaylik:
“Men she’rimning shakl tilini Niymoga qarab topdim, ammo men o’zimga xos andishalarga egaman, men undan qarashni o’rgandim, ya’ni u nigoh kengligini menga tasvirlab berdi. Men uningdek qarashni, ammo o’z derazamda o’ltirib qarashni istayman. Niymo ko’zimni ochib, “qara!” dedi, ammo qarashni o’zim o’rgandim”.
1959 yil. Furo’g’ning uchinchi to’plami “Isyon” nomi bilan chop etilib, shoiraning asosiy o’zgarish tomonga qadam bosayotganini ko’rsatdi. Endi u yoshlikka xos bo’lgan alangali hissiyotlardan uzoqlashib, ijtimoiy hissiyotlarga yaqinlashayotgan edi. Bu yangi hissiyotlaru yangi qarashlar o’ziga xos uslubu xos til va xos shaklni talab qilardi. Furo’g’ har bir haqiqiy iste’dodli tug’ma shoirdek bu maqsadga erishdi. She’rda o’z tili, uslubi, vazniyu shaklini yaratdi. U boshqa so’zlaru tashbehlarni qo’rqmay o’z she’rlariga kiritdi. Bu haqda u shunday degan edi:
“Men atrofimdagi dunyoga, narsalarga, odamlarga va bu dunyoning asosiy xatlariga qaradim, uni kashf etdim va uni aytmoqchi bo’lganimda, so’zlarga muhtojligimni sezib qoldim – shu dunyoga tegishli so’zlarga! Qo’rqqanimda o’lardim, ammo qo’rqmadim. So’zlarni kiritdim. Agar biron so’z shoirona bo’lmasa, mening aybim nima? So’zning joni-ma’nosi bormi? Bor. Shunday ekan, shoirona qilamiz, dedim”.
Furo’g’ o’z zamonasining farzandi edi. Shuning uchun zamon talab-ehtiyojini sezdiyu uning tiliga, shaklu
mazmuniga o’zini moslashtirdi. Uning she’rida “qonun, kalendar, kema, guvohnoma, pasport, gazeta, ko’k yo’tal, kasalxona, peshob, supurgi farsh (gilam), arava,
bozor, sigara, ruchka, oyoq kiyim, muzxona, sichqon, bang, afyun, bomba, to’pxona, avtomat, qurol, sumka, uchinchi sinf, sut, o’lik, chumchuqlar, borut, mis,
idish-tovoqlar, oshxona, telegraf, chigirtka, qatli om…” kabi g’ayri shoirona deyilgan so’zlar go’zal ifodalaru tasvirlar orqali shoirona tus oldi.
Furo’g’ning kundan-kunga oshib borayotgan shuhrati, ongi, iste’dodi, hayotgayu odamlarga bo’lgan munosabati ham hasadchilar va ham an’anaparast shoirlaru tanqidchilar sonini orttirdi, ammo u, bu qarshiliklaru yaxshi-yomon gaplarga e’tibor bermay, o’z yo’lini davom ettiraverdi. Bir she’rida bu haqda aytgan so’zlarini eslaylik:
Nega to’xtayin?
Men daraxtlar sulolasidanman,
Qolgan havo tanaffusi
menga malol keltiradi
Uchishni eslab olishni
o’lgan qush nasihat qildi.
Bu barkamol inson san’at, go’zallik, ishqu mehribonlik shaydosi edi. Shuning uchun she’rdan tashqari kinoda prodyuserlik, montaj va ovoz berish sohalarida ham ishladi, film (kino) va teatrda muvaffaqiyatli rollar ijro etdi, xulosa qilib aytganda, bir lahza ham san’at dunyosidan ayrilmadi. U 1958 yilda “Bir olov” nomli qisqa metrajli hujjatli filmini montaj etdi. Bu film 1962 yili Italiyada qisqa va hujjatli filmlarning 12-festivalida oltin medalga sazovor bo’ldi. “Eronda sovchilik marosimi” hujjatli filmida o’ynadi. Prodyuserlik ishlariga yordam berdi, “Suv va issiqlik”, “To’lqin, marjon va xoro”, “Kayhon gazetasi”, “Daryo”, “G’isht va ko’zgu” filmlarida faoliyat ko’rsatib, Luiji Piyrandillu (ital. Luigi Pirandello)ning “Olti personaj bir yozuvchini qidirmoqda” nomli pesasida juda muvaffaqiyatli rol ijro etib, teatrda ham buyuk iste’dod sohibasi ekanligini isbotladi. Ammo uning ajoyib va mangu ishi – moxovlar hayotiyu orzulari haqida yaratgan “Uy qoradir” nomli qisqa metrajli hujjatli filmidir. Furo’g’ bu filmni yaratish uchun Tabrizga borib, moxovlarning qo’ruqxonasida 12 kun yashab, film olishga erishdi. U bu filmni qanday qilib suratga olganini bunday hikoya qiladi:
“Moxovlarni birinchi bor ko’rganimda juda g’alati bo’lib ketdim. Juda qo’rqinchli edi. Moxovxonada insoniy his-tuyg’ular bilan yashaydigan, ammo insoniy chehradan mahrum bo’lgan bir qancha odamlar hayot kechirmoqda. Bir ayolni ko’rdimki, yuzida faqat bir teshik bor edi, xolos va shu teshik ichidan gapirardi. Men ularning barmoqlari irib tushgan qo’loyoqlariga qo’limni tekkizdim, dasturxonda ular bilan birga o’tirdim, suhbatlar qurdim. Shunday qilib ularning ishonchini qozondim”.
Bu film 1963 yili Germaniyada “Eng yaxshi hujjatli film” mukofotini oldi. Filmning ta’siri shuncha kuchli ediki, dunyoning nufuzli festivallaridan biri “Vorschau” 14-festivali o’zining eng katta mukofotini “Furo’g’ Farruxzod” deb nomladi va shu mukofotning shior so’zini “Uy qoradir” filmining so’zlaridan tanlab quydi.
Furo’g’ning bu qimmatli ishlari va jozibali siymosi jahon tavajjuhini unga qaratdi, chunonchi 1965 yili uning hayoti haqida ikki film yaratildi. Bularning biri YUNESKO yaratgan yarim soatli va ikkinchisi taniqli ital`yan kinorejissyori Bernardo Bertoloji
(ital. Bernardo Bertolucci) suratga olgan 15 minutlik Furo’g’ hayoti haqida filmlardir.
Furo’g’ shuncha ishni hayotida juda aziz, ammo qo’li yetmaydigan yagona orzusi – farzandi Komyorni unutish uchun qildi, ammo muyassar bo’lmadi. U derdi: “Bu juda qo’rqinchlidirki o’lsamu o’g’limni ko’rmasam!”. U bolasining sog’inchi, ayriliq dardiga moxovlarning sog’lom bir bolasini asrab olish bilan taskin berdi.
U 1964 yili o’ttiz yosh arafasida “Qayta tug’ilish” she’riy to’plamini nashr ettirdi. Bu to’plamdagi she’rlar haqiqatan ham Furo’g’ning she’r dunyosida qayta tug’ilganidan, insoniy barkamolligiyu san’atdagi takomilidan dalolat berardi. Ammo u, har bir haqiqiy shoirdek, shunday ulkan yutuqlaridan hali ham qoniqmagan edi.
Manba: IRIB
Furo’g’ Farruxzod
SHE’RLAR
Odil Ikrom tarjimalari
VIDO
Ketarman lojaram,
Ketarman nolib
Tag’in vayronadan vayronalarga.
Ketarman darbadar, ketarman olib,
Bu daryo dilimni devonalarday.
Ketarman yiroqqa,
Qalbimning qora
Gunohini hamda ishq dog’larini
Yuvib, xalos etsam dilimdan zora
Xarob istaklarning dudoqlarini.
Kechirmadim, kechdim sendan, umidim,
Benavo qalbimning tinglab dodini,
Tiriklayin go’rga olib ketdim jim,
Qumsamasin deya visol yodini.
Yangraydi anduhlar, ashklar nag’masi,
Ketarman sargashta, ketarman badar.
Sizdan, gunohlarning kaynoq chashmasi,
Shoyad o’shal onda qilsaydim hazar.
Ma’sumgina farah niholi edim,
Shoximni qayirdi ishq panjalari.
Kulfat yog’dusiga aylandim-qoldim,
Labim u lablardan tushganda ayri.
Oqibat, poyimga tashladi kamand
Safar arqonlari. Jigarxun, jim-jit
Ketarman, ketarman, tort yuragimdan,
Nochor qo’llaringni, besamar umid…
YER ALOMATLARI
Quyosh sovib,
Yerdan yitgach baraka,
Sahrolar bag’rida so’ldi chechak, gul.
Baliqlar qirilib ketdi daryoda,
Tuproq o’liklarni etmadi qabul.
Mash’um tasavvurday,
Tug’yonga do’nib,
Yupun darchalarda zohir bo’ldi tun.
Va yo’llar o’zining davomini ham
Zulmatga singitib yubordi mahzun.
Hech kim o’ylamadi ishq-muhabbatni,
Eng g’olib tuyg’ular kelganda malol,
Fikr tark ayladi tirik jonlarni,
Hech kim
hech narsani qilmadi xayol.
Yolg’izlik g’orlari ichra
Dunyoga
Botillik kelardi qaltirab, qaqshab.
Qondan ko’knor hidi anqib ketardi,
Dilni af’yun hidi ketardi g’ashlab.
Ikkiqat xotinlar,
Ming azob bilan
Boshsiz bolalarni tug’ib qo’ydi, oh.
Kimsasiz beshiklar sharmanda bo’lib,
Famgin mozorlardan axtardi panoh.
Nechuk achchiq qismat,
Payg’ambarlikning
Qudratin chilparchin aylab ketdi non,
Tark etdi ilohiy va’dagohini,
Ul och payg’ambarlar, bag’ri bo’lib qon.
Yo’qolgan qo’ylaru
Yitgan qo’zilar
Makon aylab dashtning eru qirini,
Dashtu damanlarning puchmoqlarida
Eshitmadi cho’pon hayqirig’ini.
Harakatlar, ranglar hamda tasvirlar
Bari yolg’on edi,
Barchasi – ro’yo.
Barchasi teskari ko’rinar go’yo.
Tuban masxaraboz boshi ustida,
Nahs bosgan fohisha turqidan tonib,
Yonardi o’t ketgan soyabon yanglig’,
Muqaddas, nuroniy oyning qo’rg’oni.
Sharob ko’lmaklari,
Achchiq, zaharli
Bug’ini taratib har yon, har tomon,
Qotgan daholarning izdihomini
O’z domiga tortib ketdi beomon.
Sulloh kalamushlar,
Ochko’z sichqonlar,
Tiymasdan hakalak otgan nafsini,
Kemirdi qorong’i kovaklarida
Munaqqash kitoblar sahifasini.
Quyosh o’lgan edi,
Quyosh o’lgandi,
Ertaning qalbidan chiqardi dodi.
Go’daklar zehnida, tasavvurida
Yashar edi unut kalomi, yodi.
Ular eski kalom nodirligining
Timsolini go’zal ishtiyoq bilan
Tasvir aylar edi o’z mashqlarida,
Beo’xshov, dag’al va qora dog’ bilan.
Sho’rlik xalq,
Benavo yuragi o’lgan,
Vahima ichida qaltirab, qaqshab,
Makkor jasadining yuki ostida
Ketardi g’urbatdan g’urbatga qarab.
Ketardi notavon loshini sudrab,
Chekib yuragining tubiga dardi,
Qing’ir jinoyatning jarohatlari
Qo’llarida gazak bog’lab ketardi.
Gohida alanga,
Ojiz alanga
Bu o’lik to’dani etardi vayron.
Uni ich-ichidan qo’porib birdan,
Hujum qilar edi g’amga beomon.
Pichoq tortar edi qaysi bir erkak,
Xotinining oppoq bo’g’ziga bu dam.
Tandir oloviga qalardi ona,
Yakkayu yagona farzandini ham.
Ular g’arq edi o’z vahshatlariga,
Ular vahshat ichra chekardi behol.
Qo’rquv, gunoh hissi,
Chirqillagan, ko’r
Arvohlarin butkul aylagandi shol.
Go’yo mash’um qatl marosimida
Dor arqoni,
Mahkum kimsaning sabil
Ko’zlarini zo’rlik, zolimlik bilan
Kosasidan sitib chiqargan kabi
Qartaygan asabi qaqshab ketardi,
Ular o’z-o’ziga ketganda botib,
Bulg’angan shahvoniy tasavvuriga
Sanchilgan o’qlarni olardi tortib.
Ammo, maydonlarning atrofi doim
To’lib ketar mitti jondorchalarga.
Ular boqar edi loqayd, beparvo,
Suvi oqayotgan favvoralarga.
Ehtimol, yirtilgan ko’zlar ortida,
Bu jonsiz tabiat umqida ma’yus,
Bir parishon hamda chalajon narsa,
Ojiz va notavon qolgandir hanuz.
Balki, qolgandir jon talvasasida,
Umid-la tabiat pok odatiga,
Qolgandir ishonib suv ovozining
Sofligiga hamda sadoqatiga.
Ehtimol…
Va lekin, tubsiz bo’shliqda
Quyosh o’lgan edi, butunlay o’lgan.
Hech kim bilmas edi,
Ul g’amgin kaptar
Imondir, qalblardan quvg’indi bo’lgan.
Oh, ey tutqun sado,
Umidsiz shu’lang
Bu manfur tundan nur manzili qadar
Eltuvchi yer osti yo’lini topib,
Bizga ezgulikdan berdimi xabar?..
Oh, ey tutqun sado,
Ey, tutqun sado,
Oh, ey, sadolarning so’nggi sadosi…
YOLFIZLIK FUSSASI
Deraza ortida qor yog’adi jim,
Deraza ortida qor yog’adi jim,
Dilim sukutiga kimningdir qo’li
Qayg’u urug’ini sochar betinim.
Avval-oxirimni ko’rib, qayg’urib,
Sochlaring oqarib ketdi-ku, ey qor.
Faqat, yuragimga yog’ding, eh afsus,
Mozorim boshiga yog’mading bir bor.
Sovuq urgan nihol yanglig’ qaltirab,
Yolg’izlik dastidan ruhim qaqshadi.
Qalbim zulmatida ko’taradi bosh,
Yolg’izlik dunyosin vahmi, vahshati.
Sen endi harorat etolmassan baxsh,
Ey ishq, ey, muzlagan quyosh tanasi.
Ko’nglim – umidsizlik sahrosi, yaydoq,
Xastaman, qalbimda ishqning yarasi.
Shavqning g’unchalari ketdi qovjirab,
Ey, she’r, ey, jodugar shayton, ey zolim.
Uyg’ondi, uyg’ondi oxir-oqibat,
Dard eltgan uyqudan uyg’ondi jonim.
So’ng… qayga yuz burmay, qaerga boqmay,
Sarob afsuniga duch keldim nogoh.
Neki, men ortidan ergashdim, chopdim,
Uyqu suvratiga aylandi, ey voh!
Ey, Xudo,
Bir lahza aylagin zohir,
Do’zaxning dardini, dahshatlarini.
Qachongacha dilga qamayman, axir,
Do’zaxning otashin hasratlarini?!
Ko’rdim, bot-bot o’shal men ko’rgan quyosh,
Ufqning ortiga ko’mildi ma’yus.
Ufqsiz quyoshim janub ko’ksiga
Jim botdi so’lib va sarg’ayib, afsus.
Nima axtaraman bundan so’ng undan,
Bundan so’ng ne kutay undan intizor?
Sovuq ko’z yosh to’kib, yaratmoq uchun,
Tuprog’i sovimay turgan bir mozor.
Deraza ortida qor yog’adi jim,
Deraza ortida qor yog’adi jim,
Dilim sukutiga kimningdir qo’li,
Qayg’u urug’ini sochar betinim.
GUNOH
Gunoh qildim, lazzat ko’pirgan gunoh,
Qaynab turgan issiq og’ush ichra mast.
Gunoh qildim, temir bilak sirtmog’i
Jismimga, jonimga aylaganda qasd.
Qorong’i va jim-jit ul xilvatgohda
Boqdim sehr to’la ko’ziga behol.
Ko’ksimda yuragim titradi zir-zir,
Istak toshib turgan nigohidan lol.
O’shal jim-jit, tiyra xilvatgoh ichra
To’zg’idim, bag’rida tuyib ehtiros.
Shavq to’kib lablarim yuziga labi,
Telba dil g’amidan ayladi xalos.
Men ishq qissasidan so’yladim bir-bir,
Seni istayurman qadimdan-qadim.
Seni istayurman, ey jonbaxsh og’ush,
Faqat, seni, telba oshig’im manim.
Uning ko’zlarida porladi havas,
Jon chayqaldi gulgun sharobga to’lib.
Mayin to’shak uzra mening vujudim,
Ko’ksida titradi mast-alast bo’lib.
Gunoh qildim, lazzat ko’pirgan gunoh,
Bir bag’irda titrab, hushdan ayrildim.
Ul qorong’i, jim-jit xilvatgoh ichra,
Qaydan bilay, Tangrim, men nima qildim?!
KUZ
Afsungar tabiat yuzidan oldim,
Fam yo’g’irgan nuri diydalarimni.
To ko’rmasin deya otash nigohim
Hasratu motamning jilvalarini.
Kuz, xokka belangan yo’lovchi, nadir
Ko’ylaging ostida qappaygan bo’xcha?..
Dunyo orttirmading dunyoda, axir,
Qurg’ab, xazon bo’lgan yaproqdan o’zga.
Shoir qalbiga g’am, alam baxsh aylar,
Kunbotaring ko’zi, —
Aylangan toshga.
O’rtangan jonimga ne ham baxsh aylar,
Og’ushing, rutubat, g’ussadan boshqa?!..
Mudragan qiynoqlar bostirib kelar,
Qayg’uga limmo-lim sukut qa’ridan.
Bedarak yo’qolgan orzular yelar,
Pinhona tasavvur qanotlarida.
Kuz, ey, mehnat yukin xush taronasi,
Kuz, ey, o’ychan qo’shiq – xayolga mahkum.
Afsungar tabiat chehrasidagi
Ayanchli tabassum…
QAYTISH
Ibrohim Gulistonga
Jismu jonim qorong’ilik oyati, ey voh,
Seni takror-takror aylab jismu jonimda
Olib ketay barqaror barq sahargohiga.
Bu oyatda yonib senga ohlar aytdim, oh,
Bu oyatda seni butkul payvand ayladim
Daraxt nasli, suv nasabi, olov zotiga.
Hayot, balki, bir kechadir, uzundan-uzun,
Bu kechadan har kuni bir ismsiz ayol
Ko’targancha o’taverar to’rxaltasini.
Hayot, balki, bir arqondir, ushbu arqonga
Har kuni bir erkakmijoz erkak, bemajol
Yelkasidan osib qo’yar o’z gavdasini.
Hayot, balki, bir boladir, maktabdan qaytgan
YO yo’lovchi, bema’ni bir tabassum bilan
Boshqa bitta yo’lovchiga «Xayrli tong» der.
Yoki hayot – kulohini boshidan olib
Iljaygancha «Xayrli tong» der ekan, gangib
Ketayotgan yo’lovchining boshi oqqan yer.
Hayot, balki, sarhad ichra o’rtangan lahza…
Qarog’ingda to’zg’ib ketar bandi nigohim
Dosh berolmay bu hududning qutqulariga
Va bu lahza ichra shunday tuyg’u bor, go’yo
Bu tuyg’uni bilmay qo’shib yuborgandayman
Qorong’ida oyni anglash tuyg’ulariga.
Butun boshli tanholikka barobar uyda
Termular jo’n baxtiyorlik bahonasiga
Butun boshli muhabbatni qamragan qalbim.
Guldondagi gul zavoli, mo»jaz niholga
Va ovozi darichani butkul to’ldirib
Kuylayotgan bir qushchaga termulgan kabi.
Hissam shuldir,
Hissam shuldir,
Hissam shuldir,
Oh…
Osmon manim ulushimdir, yuz to’sar chog’da
Mendan olar yuzidagi pardalarini.
Ulushim shul – tark etilgan pillapoyaning
Tag’in bitta poyasidan qulab, ulasam
Chirib ketgan g’amgin g’urbat jandalarini.
Ulushim bu – mahzun-mahzun kezingan xayol,
Xotiralar xiyoboni uzra charx urib
Xotirotning xayolotga qovushganidir.
Va ularning azob bilan jon berayotib
«Qo’llaringni suyaman» deb aytgan lahzada
Tomog’ida qaltiragan tovushlaridir.
Qaldirg’ochlar tuxum qo’yar barmog’im aro
Va bilaman, ko’taraman chorvoqlaringga
Qadar bo’lsam bo’yalgan besh barmoqlarimni.
Qulog’imga isirg’alar osib, qirmizi
Va qo’shaloq giloslardan, tirnoqlarimga
Qadagayman yorongulning yaproqlarini.
Bir kecha bor, menga oshiq-beqaror bo’lgan
Sochi paxmoq, bo’yni nozik, oyog’i oriq
O’g’lonlar bor bu kechada, yuragi – yarim.
Ular bir tun shamol o’zi bilan obketgan
Qizaloqning ma’sumgina tabassumini
Yod etarlar tanholikda, yod etarlar jim.
Bir kecha bor, mening yarim-yorti yuragim
Bu kechani qachonlardir, qo’rqib-qaltirab
O’g’irlatgan bolaligim mahallasidan.
Zamon yo’li uzra kechgan safar – bir maarom
Ziyofat yeb qaytayotgan, taqdirdan ogoh
Hodisotdir mudroq zamon bachadonida.
Birov o’lar,
Birov qolar,
Mana – hodisot.
Chuqurchaga quyilguvchi ariq tubidan
Marvarid, zar ovlamaydi hech qaysi sayyod.
Men taniyman kichkina bir parizodani,
Bir ummonda vatan tutgan, yog’och nay chalib
Yuragini allalaydi sokin, sumboda.
O’sha g’amgin va g’aroyib, kichkina pari
Tunda bitta bo’sa birla dunyodan qaytar
Va tong chog’i bir bo’sadan qaytar dunyoga…
JUFT
Tun quyilar…
Va tundan keyin
Tund zulumot
Va undan keyin
Qarog’lar, dastlar
Va nafaslaru nafaslaru nafaslar.
Suv quyilar…
Qatra sizib jo’mrakdan
Qatra-qatra bo’lib to’kilar nolib.
Va ikki cho’g’ – ikki yoniq sigara,
Soat chiq-chiqi
Va ikki qalb –
Ikki tanholik…
QO’FIRCHOQ
Bundan-da ko’p
Jimjitlikning zormonda qurbi.
O’liklarning nigohiday nigoh bilan lol,
Bir sigorning dudi ichra
Va bitta jomning
Qa’riga jim cho’kib ketsa bo’lar bemalol.
Patgilamning rangsiz guli,
Devor yuzida
Egri-bugri chiziq yanglig’ bo’zarib turib,
Qurigan qoq panjalarning ko’magi bilan,
Derazadan pardalarni bir yonga surib,
Ko’rsa bo’lar: Kecha uzra yomg’ir yog’ar tez,
Bir do’ppili, varrak tutgan bolakay – mahzun.
Va hayohuy shitob bilan, bo’m-bo’sh maydonni
Tark etganin, beso’naqay jilpanglab faytun.
Qolib ketsa bo’lar bitta joyda bir umr,
Qolib ketsa bo’lar sabru toqatlar to’lib,
Qolib ketsa bo’lar o’shal parda ortida
Qolsa bo’lar, ammo, ko’ru
Ammo, kar bo’lib.
Behudaga ohu faryod aylasa bo’lar,
Maftunlikda sabil qolib ketsa jonu tan.
Soxta sado, yolg’on tovush, yot ovoz bilan
Kimgadir ishq izhor etsa bo’lar:
«Sevaman».
Suprasimon badan bilan,
Badhaybatsaro
Bir erkakning toshday qattiq panjalarida
Toshdan qattiq siynalarning jilvati bilan
Do’nsa bo’lar ofatijon manjalaqiga.
Bir pok ishqning nomusini toptasa bo’lar,
Nishon tugul, nom qoldirmay urvoqlaridan,
Qay bir telba,
Qay bir piyon,
Qay bir sayoqning
For komiday yutoqqan sard quchoqlarida.
Har jumboqni
To’g’ri chiziq misoli yechib,
Kalavaning uch-uchidan ushlasa bo’lar.
Har ta’birni besh yo olti so’z bilan sharhlab,
Behudaga ko’ngilni ham xushlasa bo’lar.
Bir umr tiz cho’kib egik,
Yo’qlasa bo’lar
Xudoni ham noma’lum bir lahad qa’rida.
Imon topsa bo’lar ojiz sadaqa bilan,
Ziyoratxon pirday
Masjid hujralarida.
Ko’paytirish, qo’shish bilan, ayirish bilan
Qoldirmasdan nomdan nomu nishondan nishon,
Jamlangan har yig’indining natijasini
Bir nafasda etsa bo’lar vayronu yakson.
O’z chohida qurib ketsa bo’lar suv kabi,
Cho’ksa bo’lar chuqurlikning tubsiz qa’riga.
Fazablangan ko’zlaringni o’xshatsa bo’lar,
Rangi o’chgan eski kovush tugmalariga.
Bir lahzalik go’zallikka,
Oniy quvonchga,
Fursat soya solganda dil g’ashlasa bo’lar.
Bir lahzalik go’zallikni, xijolat tortib,
Sandiqning tub-tubida ham asrasa bo’lar.
Tiqsa bo’lar bo’shab qolgan kun g’ilofiga,
Mahkum, mag’lub yo bir moxov suvratin malul.
Devor darzin suvratchalar bilan berkitib,
Ketsa bo’lar suvratlarga qo’shilib butkul.
Qo’g’irchoqqa do’nsa bo’lar,
Abadul abad
Boqsa bo’lar dunyoga dun oralig’idan.
Somon tiqib to’ldirilgan tan bilan mangu,
Quti ichra, shisha ko’zning qorachig’idan.
Zebu ziynat ilinjida yitib lojaram,
Qo’g’irchoqday
Qo’l tekizsa bir suyuqoyoq,
Va shunchaki faryod solib hissiz, besabab
Aytsa bo’lar:
«Oh, men juda baxtliman bu chog’».
BIZNI OLIB KETAR SABOLAR
Afsus, shamol qisqa tunimda chorlar,
Shivirlab, daraxtning har yaprog’ini.
Parishonlik to’zg’ir qisqa tunimda,
Tingla,
Eshitdingmi tun ingrog’ini?
Famgin boqaman bu baxtiyorlikka,
Ko’nglimda – uzilgan umidlar dog’i.
Axir, baxtsizlikka qilganman odat,
Tingla,
Taralmoqda zulmat ingrog’i.
Nimadir o’tadi tun ko’ksin tilib,
Oy qizargan, orom bilmas tun bo’yi.
Tom yorishib ketar,
O’sha tomlarni
Har lahza qo’rqitar to’kilmoq o’yi.
Bulutlar
Azador to’da singari
Og’ir qayg’u ichra o’rtaydi bag’ir.
Yog’ish uchun fursat kutadi ular,
Yog’ish lahzasiga bo’lib muntazir.
Bir lahza…
Bari hech, bir lahzadan so’ng,
Deraza ortida titragan tun bor.
Yer bor,
Aylanishdan to’xtagan tag’in,
Kimdir ikkimizni kutar intizor.
Ey, zangori hilqat,
Achchiq yod kabi
Qo’llaringga oshiq qo’lim bo’lsin yer.
Lablaringni, borliq haroratiday,
Oshiq lablarimning navosiga ber.
Bizni olib ketar hanuz sabolar,
Bizni olib ketar ma’yus sabolar.
ILOHIY ISYON
Yarim tun, tebranar beshiklar horg’in,
Odamzod g’amidan bo’lmasdan ogoh.
Qayiqday chayqalgan tanimni kimdir
To’fonlar komiga tortadi nogoh.
Nigohimga yotdir chehralar butkul,
Yulduz yoshi tomgan kulbalar, tomlar.
Zindon vahmi, chaqnoq zanjir halqasi,
Tangrining lutfidan kelgan kalomlar.
Yerning sovuq bag’ri, go’r uyumlari,
Har salom – vidoning soyasiday fosh.
Osmon ostidagi shipshiydam qo’llar,
Issiq urgan xasta, sarg’aygan quyosh.
Izlanishlar to’zg’ib, toroj bo’lgan jim,
Qorong’i yo’l uzra turtinar azob.
Na otashdan iz bor Tur cho’qqisida,
Na yopiq eshiklar ortida javob.
Zulmat ko’zlarida qoldim hayron, lol,
Bo’larmanmi bir zum jismimdan judo?
Doday chirmashardim dunyo diliga,
Men osiy, bir lahza bo’lsaydim Xudo.
Xudo bo’lsam, ushbu xudovandlikning
Nomin menga loyiq ko’rsa bu jahon,
Munaqqash taxtimdan o’girardim yuz,
Sokin dilga qurib xilvat bir makon.
Agar Xudo bo’lsam, o’zimdan oniy
Ayrilib-ayrilib ketardim uchqur.
Bu keksa dunyoning tor yo’llaridan
Ketardim ridosiz, aslo bo’lmay nur.
Vahshat yuraklarga solmasdi soya,
Osiyga bermasdim do’zaxiy jazo.
Eram bog’i yo’lin qisqaroq aylab,
Bu dunyoda jannat yaratardim yo.
Xudo bo’lsam, isyon shu’lasi tag’in
Boshdan-oyoq yoqib, yondirarmi, oh?
Bosh chiqarib jismim zindoni ichra,
Ketardi dunyomga o’t qo’yib nogoh.
Ulashardim faryod qurbin dillarga,
O’shal dilda o’zim tortar edim oh.
Borliqqa yoyilib borlig’im butun,
Uyalib eslardim Xudolikni goh.
Bu qattiq mushtlarim, bekordan-bekor
Devorga urilmas edi hech qachon.
Dunyoning boshiga tushirardim musht,
«Borliq» devor ichra topshirardi jon.
Olardim xoksor xalq orasidan joy,
Sirimni ochardim ularga jo’shib.
Mayxo’rlar bazmiga qo’shilib tunlar,
Ko’chada tentirab kuylardim qo’shiq.
Xilvatimda yonib tunda may shami,
Mast bo’lib topardim tadbir betinim.
Parhez choponini itqitib tandan,
Jom ichra tahorat ushatardim jim.
To’zg’igan xalqqa yo’l ko’rsatardim, to
Do’zax azobidan yumguncha ko’zni.
To borliq mayidan ho’plab bir qultum,
Mastlik holatiga keltirsin o’zni.
Chang navosi bo’lib qo’ng’ir tun aro,
O’tday yonar edim yurak qa’rida.
Bu dunyoning masjid, mayxonalari
Chaqnardi qadamim zarbalaridan.
Sho’x nigohda edim visol xabari,
Jom labida mehr salomi edim.
Mastlik tuni ichra bo’sa sharobi,
Butkul ishqu orzu kalomi edim.
Ba’zan, saroyimda bo’lardim ogoh,
Benavo xalq dardi, nidolaridan.
To ko’ray, dardiga bormikan davo,
YO ne istar ular Xudolaridan.
Rasulim – pok nomim bo’lardi beshak,
Chok ko’ksimda shondan qolar edi iz.
Ishq shamshirim edi, mastlik – kitobim,
Tuprog’im ham boda edi, shubhasiz.
Vodarig’, qachondir xomush labimda
Kalomlar butunlay ketgandi qurib.
Vidolashgim kelar uzoq va uzoq,
O’shal judolikning qa’rida turib.
Zabunga yarashmas bu Xudoliklar,
Men qaydayu tandan judolik qayda?
Men qaydayu bu yer, bu qatlgohdan
Nogahoniy parvoz, Xudolik qayda?
Zulmatning ko’zida turibman g’amgin,
Tirqishdan tun yog’ar yostig’imga jim.
Hatto, arsh devorin orqasida ham
Ko’rmasman zulmatdan o’zga bir tilsim.
Ey, Xudo, ey, ajal ramzin xandasi,
Senga begonadir nolayu ohim.
Men kofir, men munkir, osiy, beqibla,
Ko’zingni och, shayton – mening Ilohim.
BO’SA
Gunoh kular edi ikki ko’zida,
Yuzida kulardi to’lgan oy nuri.
O’sha sokin lablar uzra kulardi,
Shu’laning bepanoh sehri, sururi.
Uyalib ketardi gung bir istakdan,
Porlagan nigohi – mastlikka moyil.
Boqib uning ikki ko’ziga, dedim:
Ko’tarmoq kerakdir bu ishqdan hosil.
Soyaning ustiga egildi soya,
Sehrli xilvati edi qop-qora.
Gunohning yuzida sirg’aldi nafas,
Bo’sa porlab ketdi ikki lab ora.
DEVOR
O’tkinchi damlarning sovuq bag’rida,
Jim-jit nigohlaring beun, beomon,
Atrofimda devor tiklar,
Qocharman
Sendan
Yo’llardagi yo’lsizlik tomon.
Dashtu damanlarni ko’rgunimcha to
Oyning ruxsorida, oyning dog’ida,
Changu g’ubor qo’ngan badanimni ham
Yuvgunimga qadar nur bulog’ida,
Etagimni yozning iliq tongida
Sahroyi chechakka to’ldiray yurib.
Eshitay xo’rozlar qichqirig’ini
Dehqon kulbasining tomida turib.
Suluv sahroning keng etaklariga,
Men sendan qocharman, qoldirib g’amni.
YO ichay taniga oyog’im tirab,
O’sha maysadagi sovuq shabnamni.
Qochaman,
Bulutning soyasi tushgan
Bo’m-bo’sh qirg’oqdagi tosh uzra mahzun,
O’yinqaroq dengiz to’fonlarining
Raqsini tomosha aylamoq uchun.
Toki, o’shal olis kunbotardagi
Yirtqich va yovvoyi kaptarlar yanglig’,
Dashtlarni, tog’larni va osmonlarni
Bemalol bag’rimga bosayin qattiq.
Toki, qovjiragan ul butoqlarning
Uzilib ketmasdan so’nggi nafasi,
Kelsin iltijoga to’lgan sasidan,
Sahroyi qushlarning shodon nag’masi.
Men sendan qochaman,
Sendan olisda
Qo’yarman orzular shahriga qadam.
Shahar ichra…
Ochib, oltin qoplangan
Yolg’on qasrin mahkam qulflarini ham.
Lek, ko’zlaring sokin faryodi bilan,
Barcha yo’lni aylab ko’zlarimga tor,
Sehrli zulmatin yoyib betinim,
Mening atrofimda tiklaydi devor.
Bir kuni qochaman oxir-oqibat,
Munofiq diydalar sehridan tayin.
Bir kuni taralib ketaman nogoh,
Yolg’onlar gulining atriday mayin.
Qo’zg’alib ketaman, tungi shamolning
Sochi to’lqinida beg’am, beqayg’u.
Boraman quyoshning qirg’og’igacha,
Jahonda mudroq
Va oromda – mangu.
Qahrabo bulutning to’shagi ichra
Shirin entikaman, dildan ketar g’am.
To’kilib ketar shod osmon yuziga
Nurning kokillari –
Ohangsiz olam.
Men o’sha olamda sarxush va ozod
Ko’zimni tikaman ketgan dunyoga.
Afsunkor ko’zlaring mening ko’zimga
Yo’llarni butkul tor etgan dunyoga.
Ko’zimni tikaman o’shal dunyoga,
Afsunkor ko’zlaring takror va takror
Sehrli zulmatin yoyib beqiyos,
Uning atrofida tiklaydi devor.
SOYALAR DUNYOSI
Namiqqan yo’llarning yuzida horg’in,
Olachipor tunning tevaragida,
Go’yo bizdan qochar soyalarimiz,
Bizdan olislarda, yo’l etagida.
Uzum novdalari uzra tosh qotib,
Sovuqdan diydirab gohi-gohida,
Bir-birin pinjiga mayinlik bilan
Talpinar yorishgan oy g’uborida.
Yo’l yuzi namiqqan rutubatli tun,
Tuproq jimligini aylaganda his,
Goho bir-biriga osilib o’ynar
Beqarorlik bilan
Soyalarimiz…
Kechagi shabnamning sharobidan mast
Gullarning yoyilib ketganda labi,
Bizdan bezor bo’lib qochadi tunda,
Go’yo biz unutgan qo’shiqlar kabi.
Ushbu qo’shiqlarni aytmaymiz sira,
Yurak jimligida so’ndi tuyg’ular.
Bizlar g’azab ichra unutgan kuyni
Zavq bilan, shavq bilan kuylaydi ular.
Soyalardan olis,
Dilbandligining
Qissasidan, hijron, vaslidan g’ofil,
Notavon jismimiz o’z mayli bilan
Hayotga baxsh etar shaklu shamoyil.
Yo’l-yo’laklar yuzi namiqqan tunda,
O’z-o’zimga aytdim takror va takror:
«Soyalar ichra rang olarmi hayot
Yoki biz o’zimiz soyamizga yor?»
Soyam qani?
Ey, xo’p sanqigan ruhlar,
Tiyralik mavjiday qamragan mani,
«Vahshat nuri bor – jim, shaffof dodimda».
Mening soyam qani?
Ayt, soyam qani?
Istamayman,
Bir zum soyamdan, axir,
Judo bo’lmoqlikning achchiq dog’ini.
Istamayman,
Qay bir guzargohlarda,
Mendan olislarda sirg’almog’ini.
YO yiqilsa behol hamda tosh qotib,
Yo’lovchi oyog’i ostiga beun,
O’zini axtarmoq yo’llari bilan
Yuzma-yuz kelmog’i kerakdir nechun?
Yopiq eshiklarga,
Har ostonaga
Nechun tanin suqar ojiz, lojaram?
Sovuq, begona bir elkaga nechun,
Umidi uzilib qo’ygaydir qadam?!
Oh, quyosh,
Oh, quyosh,
Mening soyamni
Nechun vujudimdan judo qilding, ayt?!
Sendan so’rayapman,
Sendan so’rayman:
Aytgil, qorong’ilik shodlikmi yo dard?
Ayt, vujud zindonmi yo erk sahrosi?
Tun zulmati nadir – uzundan-uzun?
Tunni kimning yuzi ayladi qora?
Kimning qora yuzin soyasidir tun?
U nima der ekan?
U nima derkin?
Xastadir hayronu sargardon tanim.
Yugurib-yelaman shu so’roqlarning
Uzun va adoqsiz yo’llarida jim.
TUPROQ UZRA
Hargiz havas qilmaganman,
Ko’k sarobida
Uzoq-uzoq yaltiragan yulduz qismatin.
YO olqangan ruhlar kabi farishtalarning
Sirli, beun suhbatini orzu qilmadim.
Men hech qachon mushfiq yerdan ayro tushmadim,
Men hech qachon zamin qolib, yulduz quchmadim.
Tuproq uzra yashayapman, tuproq ustida
O’t-o’landay shimib nurni, shamol va namni.
Tuproq uzra yashayapman, ko’tarib boshga
O’t-o’lanlar poyasiday mo»jaz tanamni.
Istaklarim yuki yerda qoldi, ketardim,
Dardlarimning ruhi yerda qoldi, ketardim.
Tuproq uzra yashayapman, bil’aks, cho’kardim,
Olisdagi yulduzlar ham olqasin dedim,
Shabbodalar mensiz yig’lab qolmasin dedim.
Darichadan mo’ralayman, taronalarning
Navosiday, nolasiday abasman, abas.
Va barhayot emasdirman, birgina qo’shiq
Sadosidan boshqa sado menga kerakmas.
Famning g’arib jimligidan ko’ra bokira,
Bir lazzatning nolasiyu fig’oni aro
Tanam uzra shabnam kabi qo’ngan badandan
Men qo’nalg’a axtarmayman, men – baxtiqaro.
Kulbam – umr, yulovchilar undan hatladi,
Yodgor qoldi muhabbatning qora xatlari,
Yaralangan yuraklarning malomatlari,
Ezg’ilangan shamning kuyuk mahobatlari,
Telbalikning qing’ir-qiyshiq imlosi uzra
Imillagan so’nik tinish alomatlari,
Yodgorliklar daryosining xarobatlari
Sohilida tentiragan ul kechalarda
Lablarimga yetishgan lab halovatlari…
Hammasini yorug’ yodgor – yulduz bilgayman,
Nechun endi yulduzlarni orzu qilgayman?
Mening mavzun taronam bu, taronalarim
Burungidan ko’ra baland yangraydi tag’in.
Mening mahzun taronam bu, samoviy, so’lim,
Yuragimga oshno, oshno yurakka yaqin…
TUSH
Sokin xilvat qoldi,
Men qoldim tag’in,
Olis xotirlardan qoldi yolg’iz yod.
Hasratu dard bilan o’tib go’r sari
Rihlat etgan yorsiz ishqdan bir faryod.
Sham yoqdi umidim vayronasiga,
Kimningdir afsungar barmoqlari jim.
To’qindi bu go’rda yotgan jasadning
O’tli nigohiga tumtoq nigohim.
Bo’zladim, bu – o’sha…
Zor yuragimda
O’tli nigohidan qoldi vahm, darz.
Lablarida zahar xanda urdi barq:
— Meni esladingmi, ey sen, bulhavas?..
Titradi qayg’uga limmo-lim qalbim,
Voy sho’rim, devona bo’lgan ekanman.
Voy sho’rim, uni men o’ldirdim, unga
O’shanda begona bo’lgan ekanman…
Menga yuragini oldirdi, biroq,
Ishqimdan qalbida eyildi dog’lar.
Toptadim bu yurak ostonasini,
Ko’zimni ko’r g’urur tashladi bog’lab.
Unga azob berdim, ozorlar berdim,
Uqubatlar ko’shdim ohu zoriga.
Voy sho’rim, voy Xudo, voy xudoyim-ey!
Uni berib qo’ydim o’z mozoriga.
Labim sukutida singraydi nola,
Sham nuri qaltirar marqad qa’rida.
Bir qatra yosh ko’rdi so’qir ko’zlarim,
Jasad kiprigining qabatlarida.
Poyiga cho’kay deb boladay chopdim,
So’ray deb pushaymon qalb illatini.
Degayman: – Men gumroh, bir bechoraga
Tilagin Ollohning maxfiratini…
Etagim hilpirab, qulab tushdi sham,
Qorong’ilik ichra yo’qoldi ko’zlar.
Ortidan yolvordim: – Ketma, sabr qil…
U ketdi so’z demay, u ketdi bo’zlab.
Voy sho’rim, buncha sho’r peshonadirman?
U yotibdi topib tuproqda to’zim.
Voy sho’rim, bunchalar devonadirman?
Uni qaro yerga bergan Men O’zim…
UNGA NISOR AYLANG
Unga nisor aylang,
Gohi-gohida
Xasta vujudining payvandin bot-bot
To’xtab qolgan suvlar
Va bo’shab qolgan
Chuqurliklar ichra aylamasa yod.
Unga nisor aylang,
Ablahlik bilan
O’ylasa, yashashga bor deya haqqim,
Tug’yonning qo’l yetmas orzusi, uning
Qog’oz diydasida erib ketsa jim.
Unga nisor aylang,
Tobuti uzra
Qirmizi oy o’tsa to’lishib, yuzib,
Va tunning taralgan hidi
Ming yillik
Uyqusini nogoh yuborsa buzib.
Unga nisor aylang,
Botini ichra
Falayon ko’tarsa uchqur tafakkur.
Ammo, ko’zlarining po’sti to hanuz
Kuysa nur zarrasin aylab tasavvur.
Va uning behuda, botil sochlari,
Umidini uzmay shavq havasidan,
Ishq qudratin qadim ta’sirin tuyib,
Titrab ketsa nogoh ishq nafasidan.
Ey, sodda baxt yurtin sodda jonlari,
Ey, yerga hamdamlik aylagan izhor,
Yomg’irda daricha ochgan odamlar,
Unga nisor aylang,
Aylangiz nisor,
Zero, tong sehri bor, borlig’ingizning
Mevali ildizi otganda tomir,
Uning g’urbatining tomiri ichra
Yer osti yo’lini topmoqqa qodir.
Va uning ishonchga to’lgan qalbiga
Tekkanda hasratning zahri, zarari,
Ko’ksining qorong’i go’shalarida
Nimadir, nimadir ketar qabarib.
QUYOSHGA AYLANAR
Qara,
Qarog’imning ichidagi g’am
Nechuk qatra-qatra suv bo’lar bir-bir!
Qanday qilib,
Sarkash, qop-qora soyam
Quyoshning qo’liga tushmoqda asir?
Qara,
Xarob bo’lar borlig’im manim,
Qandaydir alanga tortar komiga.
Meni avjlar sari ketgaydir olib,
Meni tortib ketar tubsiz domiga.
Qara, mening olis osmonim – go’zal,
Duraxshon yulduzga to’lmoqda har gal.
Olislardan kelding, olis-olisdan,
Atr, nur yurtidan kelding,
Porlaysan,
Oqlikdan,
Bulutdan
Va shaffoflikdan
Yasalgan qayiqqa meni joylaysan.
Olib ket, umidning saltanatiga,
Olib ket, she’ru g’am mamlakatiga.
Yulduz to’lgan yo’lga ketarsan boshlab,
Porlayman yulduzdan ko’ra balandroq.
Qaragin,
Yulduzlar yondirar meni,
Tungi yulduzlarga to’lib ketdim, boq.
Qizil baliqlarday soda, besabr,
Tun ko’lidan yulduz tergayman bir-bir.
Olis edi ko’m-ko’k darchali osmon,
Bundan oldin yer ham emasdi yaqin.
Eshitaman endi farishtalarning
Qorli qanotining sadosin tag’in.
Qara,
Yetib keldim o’shal makonga,
Mangulik, cheksizlik va kahkashonga.
Endi,
Yetib keldik avjlar avjiga,
Mavjlar sharobiga cho’miltir tag’in.
Harir libosiga o’rab bo’saning,
Eng uzun tunlarda meni qo’msagin.
Meni hech qaerga yo’llama, ey yor,
Meni yulduzlardan ayirma zinhor.
Qara,
Yo’limizda erib, entikib
To’kilar tun mumi, tunning azobi.
Ko’zim kosasiga,
Qaynoq allangdan,
Nogoh to’lib ketar uyqu sharobi.
Ash’orim beshigin hididay sara,
Sen toshib, quyoshga aylanding, qara.
YOZNING YASHIL SUVLARIDA
Seni bir yaproqdan aylayman judo,
Hajrim quvonchining yukki-la badar.
Yozning ko’k suvida,
O’lim o’lkasi,
Kuzgi qayg’ularning sohili qadar.
O’zimni soyaga urdim men, loqayd
Ishqning soyasiga o’zimni urdim.
Mendan qochgan go’zal baxt soyasiga,
O’shal beqarorlik soyasiga jim.
Charx urib sarson va sargardon shamol,
Osmon yuragini ezgan tunlarda,
Qonli oy gezarib,
Tomirlarning ul
Namchil kechasida kezgan tunlarda
Tasalli berolmas
Yolg’iz tunimga,
Ruhimga – hislarning hamroh, yorligi.
Jo’shib ketar tomir zarbalarida
Borliqning tuyg’usi, xasta borlig’i.
«Bir sir bor darralar mushtoqligida»,
Tog’ning cho’qqisiga, tog’ning boshiga
Bu so’zlarni kimdir hafsala bilan
O’yib ketmish tog’ning xavfli toshiga.
O’zining jimligi, sukunatini
Bezaganda nomsiz hislar, tuyg’ular,
Tog’lar oromini bir tunda, achchiq
Iltimosi bilan buzgandi ular.
«To’lib-toshgan qo’llar iztirobida,
Bo’sh qo’llar oromi bo’lmagay zinhor,
O’shal vayronalar, valangorliklar
Jimligida boqiy bir go’zallik bor».
Buni qay bir ayol, xo’rsinib og’ir,
Suvga aytar edi so’ylanib bot-bot.
Saratonning yashil suvlari ichra,
Go’yo vayronada kechirar hayot.
Nafasimiz bilan bir-birimizni
Belaymiz, burkaymiz uzoq va uzoq.
Baxtning taqvosiga burkanib butkul,
Shamol tovushidan qo’rqamiz, biroq.
Gumon soyasining ta’siridan mast,
Bo’salar bog’ini bezaymiz har dam.
Ovoz vahshatidan titrab-qaqshaymiz,
Bizlar nur qasriga qo’yganda qadam.
Bundasan, aqoyiq atridan tongning
Kechasida, ko’ksim ichra qotib lol,
Qo’llarim dog’ida, sochlarim ichra
O’zdan ketib bunda yonarsan behol.
Bepoyon, qorong’i, sanoqsiz nedir
Olis kun sadosi misoli, ey voh,
Ko’zimning parishon qarog’larida
Charx urib, yoyilib ketadi nogoh.
Meni simirgaylar buloqdan, balki,
Balki, meni terib olgaylar shoxdan.
Eshikday ko’rarlar so’nggi lahzada,
Ehtimol…
Ehtimol, ko’rmasman boshqa.
Yaraldik biz qora yerda, ketarmiz
Tag’in qora yerga to’kilib, tinib.
Yo’lda «hech»ni ko’rdik,
Podshoh singari
Zar yolli tulporin ketardi minib.
Afsus, baxtli bo’lsak olarmiz orom,
Afsus, jim yurakda alam qat-qatdir.
Baxtlimiz, biz yaxshi ko’ramiz, zero,
Ko’nglimiz tor, zero, ishq, bu nafratdir.
IMON KELTIRAYLIK,SOVUQ FASL IBTIDOSIGA
Bu men,
Yolg’iz ayol,
Sovuq faslning
Ostonasi uzra bulg’angan zamin,
Sodda, g’amgin osmon tushkunligiyu
Qoq qo’llar dardini anglayman hazin.
Zamon etdi,
Zamon etdiyu soat
To’rt marta yangradi ovozi, uni.
To’rt marta bong urdi baland, betoqat,
Bugun – day oyining birinchi kuni.
Fasllar asrorin anglayman teran,
Ayon – har bir lahza aytgan ibora.
Najotkorlar go’rda yotibdi,
Tuproq –
Huzur-halovatga bitta ishora.
Zamon o’tib,
Soat yangradi to’rt bor,
Ko’chada tentirab kezadi shamol.
Men esa dunyoga boqib umidvor,
Gullar changlanishin o’ylayman alhol.
Funchalar kosasi kamqonu ozg’in,
Bu zamon – sillasi qurigan, xasta.
Qarayman, bir erkak
Ho’l daraxtlarning
Orasidan o’tib ketardi asta.
O’tib ketayotgan erkak bo’ynining
Ko’m-ko’k tomirlari tortilib tarang,
O’lgan ilonlarday,
Yo’g’on bo’ynining
Ikki tomonidan o’rmalar garang.
Va boshi aylanib,
Ensasi qotib,
O’sha qonli so’zni aylaydi takror,
Salom!
Salom!
Va men yutib dardimni
Gullar changlanishin o’ylayman zor-zor.
O’sha sovuq fasl ostonasida
O’lgan oynalarga tutilgan motam,
Yupun tajribalar g’amgin to’dasi,
Jimlik ilmi bo’g’oz qilgan kunbotar
O’sha
Sabr bilan,
Og’ir,
Sargardon
Ketayotgan zotni, yuragini yeb,
Qanday qilib yo’ldan qaytargay, axir,
Qanday farmon berar unga «To’xta!» deb?
Uning qalbi o’lgan, sudralar tani,
Yuragi aylangan toshga, kesakka,
Aytish oson emas,
Tirik emasding,
Tirik emassan, deb o’sha erkakka!
Ko’chada yel kezar,
Yolg’iz qarg’alar
Chiqib kelar burchak-burchakdan beg’am.
Qartaygan bog’ uzra charx urar ular,
Ojizdir norvonning balandligi ham.
Ular bir qalbning bor soddaligini
Obketdi ertaklar qasriga tomon.
Istaklar xaylini to’zg’itib tag’in,
Qanday raqsga tushar yolg’iz qolgan jon?
Va nechuk bolalik kokillarini
Yuvar oqayotgan suvlarga solib?
Tergan va hidlagan olmani nechuk
Tepkilasin oyoq ostiga olib?
Ey, yor,
Yagonadan yagona, ey yor,
Qop-qora bulutlar kutganda ehson,
Nechuk quvonardi kunduzni kutib,
Quyoshning uyida bo’lganda mehmon.
Esla,
Qanot ato aylagach parvoz,
Parvoz zavqi bir zum baxsh etganda jon,
Kunlardan bir kuni o’sha parranda,
Nogoh ko’z o’ngingda bo’ldi namoyon.
Esla, xayolning ko’k chandiqlaridan
Paydo bo’lgan o’sha bokira havas,
O’sha toza barglar, toza yaproqlar
Yelning shahvatidan olardi nafas.
Esla, darchalarning pok idrokida
O’sha nilgun shu’la yonganda bir-bir,
Yorug’likni orzu aylamoqlikdan,
Qolmagandi o’zga tasavvur, ta’bir.
Ko’chada tentirab esadi shamol,
Vayronlik boshi bu, keltirgay zavol.
Zero, vayron bo’lgan kunda qo’llaring,
Ko’chada tentirab kezardi shamol.
Qadrdon yulduzlar,
Ma’sum yulduzlar!
Osmon bo’ylab yolg’on esarkan hamon,
Nechuk
Gangib qolgan payg’ambarlarning
Surasidan panoh topar olomon?
Minglab ming yilliklar murdasi yanglig’
O’zaro qovushib ketamiz yuvosh.
Quruq jasadimiz tubanligiga
O’shanda hakamlik qiladi quyosh.
Sovuqman,
Sovuqman, eslab qol, hech goh
Isimayman, sovuq ayladi xarob.
Ey, yor,
Yagonadan yagona, ey yor,
«Necha yillik edi ul eski sharob?»
Qara, bunda qadrin yo’qotdi zamon,
Baliqlar go’shtimni g’ajimoqda xom.
Aytgil, nima uchun meni avaylab,
Dengizning tubida asraysan mudom?
Sovuqman, bezorman dur ziraklardan,
Sovuqman, bilaman, anglayman oz-moz.
Yovvoyi aqoyiq qirmiz vahmidan
Bir necha tomchi qon qoladi xolos.
Maktub jo’nataman
Va raqamlarning
Mahdud sanog’ini to’xtataman goh.
Handasaviy shakl qurshovidagi
Hislar og’ushidan toparman panoh.
Uryonman, uryonman!
Ishqiy so’zlarning
Orasida qolgan sukunat yanglig’.
Mening jarohatim ishq tufaylidir,
Barchasiga sabab ishqdir, ishqdir, ishq!
Bu sarson orol deb,
Ummon tug’yoni,
Tog’ vulqoni bilan ayladim talosh.
Pora-pora bo’lgan vujudning
Kichik zarrasidan yaraldi quyosh.
Salom, ey ma’sum tun!
Biyobondagi
Bo’rilar ko’zidan sachratib uchqun
Mo’ltaygan suyaklar uyumin, imon
Va e’tiqod bilan almashtirgan tun.
Ey tun, ariqlarning bo’yida qator
Tollarning arvohi chirqillab unsiz,
O’tkir boltalarning mushfiq, mehribon
Arvohi mehrini aylamoqda his.
Men befarq dunyodan kelayotirman,
Fikrlar, sadolar, so’zlarning botil,
Befarq dunyosidan
Va ushbu jahon
Ilonlar iniga o’xshaydi juda.
Oyoq sharpasiga to’lgan bu jahon
Unda, faqat, qadam tovushlari bor.
Seni o’padilar,
Biroq, xayolda
Seni osmoq uchun tiklaydilar dor.
Salom, ey ma’sum tun!
Darcha, kuz aro
Doim masofa bor,
Ko’rmadim nechun?
Boqmadim,
Ul erkak ho’l daraxtlarning
Orasidan o’tib ketganda beun.
Esla, yig’lagandi onam o’sha tun,
Dardga yetdim, paydo bo’ldi homila.
O’sha ma’sum tunda men kelin bo’ldim,
Birikdim aqoqiy boshog’i bilan.
Isfahonning moviy koshinlari ham
O’sha tun faryodga ketgandi to’lib.
Yarim bo’lagimga aylangan kimsa
Qaytgandi ichimga homila bo’lib.
Men uni oynada ko’rib turardim,
Oynaday sof edi,
Chorladi maftun.
Aqoqiy boshog’in kelini bo’ldim,
Esla, yig’lagandi onam o’sha tun.
Yopiq derazadan yoyilgan botil
Yorug’likdan nechun ayladim hazar?
Qo’llaringning vayron bo’lishini ham
Sezgan edi barcha masrur lahzalar.
Va men qaramadim,
Soat darchasi
Ochilib, kelguncha qandaydir xabar.
Ul soat ketma-ket, g’amgin ovozda
To’rt marta, to’rt bor bong chalgunga qadar.
O’sha yosh ayolni ko’rdim,
Ko’zlari
O’xshardi semurg’ning bo’m-bo’sh iniga.
Boldirlari qalqib,
Sof xayolimni
Boshlab ketar edi tun to’shagiga.
Sochimni shamolda taraymi yana?
Binafsha ekaymi bog’larga tag’in?
Shamdonlarni qo’yib chiqaymi bir-bir,
Deraza ortiga – osmonga yaqin.
Raqs tushaymi tag’in shisha ustida?
Meni tag’in eshik qo’ng’iroqlari
Sokin chorlab, olib ketsinmi yana
O’shal intiq va zor sadolar sari?
«Endi bari tamom» – dedim onamga,
Dedim: «Biz xayolga keltirmay burun
Ro’y berar hodisa,
Tasallinoma
Yubormoq kerakdir ro’znoma uchun».
Puch inson,
Puch inson,
Va lekin ishonch
To’lib ketgan uning bo’m-bo’sh tanida.
Qara, shovqin solib kuylaydi qo’shiq,
Tishlari, ayniqsa, kavshanganida.
Ko’zlari,
Ko’zlari nechog’lik chuqur,
Yirtilib ketadi xira tortgan on.
Nechog’ ho’l daraxtlar orasidan u
O’tar
Sabr bilan,
Og’ir,
Sargardon.
Soat to’rt bo’lganda,
Tomirlarining
Ko’m-ko’k ipi,
O’lgan ilonga o’xshab,
Bo’ynining har ikki yonidan bo’rtib,
Darhol yuqoriga chiqar o’rmalab.
Va boshi aylanib,
Ensasi qotib,
O’shal qonli so’zni aylaydi takror,
— Salom,
— Salom,
Sira hidlaganmisan,
O’sha to’rtta moviy lolani bir bor?
Zamon etdi,
Zamon etdiyu tunlar
Aqoqiy shoxiga yiqildi behol.
Deraza ortida sovuq til bilan
Kechgan kun qoldig’in yutar bemalol.
Qaerdan kelarman?
Qaydan kelarman?
Tun hidi dilimga nechuk solgay cho’g’?
O’sha ikki yosh qo’l ko’milgan mozor,
Go’r tuprog’i hanuz sovigani yo’q…
Sen menga qanchalik mehribon eding,
Ey yor, yagonadan yagona, ey yor,
Qanchalik mehribon eding,
Labingdan
To’kilganda yolg’on so’zlaring qator.
Famxo’r eding,
Darcha ko’zini bog’lab,
Kumush shamdon shamin o’chirib shodon,
Zolim zulmat ichra olib ketgan chog’,
Meni ishqning so’lim sahrosi tomon.
Uyqu chamanida,
Tashnalik o’ti
Ortidan ergashgan bug’larga qadar,
Cheksizlik girdida charx urgan nozik
Yulduzlarga meni boshlading badar.
Nechun so’z shovqindan iborat, nechun
Diydor kulbasida mehmondir nigoh?!
Nechun bokiralik sochin hayosi
Shafqat hislariga bergaydir jilo?
Qara,
Bunda vahm yoylari bilan
Butga mixlangandir ozurda joni, —
Kalom bilan so’ylab, nigohi kuylab,
Shafqat bilan ketgach qo’rquvdan tonib.
Haqiqatning beshta harfi bo’lgan ul
Qo’llaring panjasi qoldirgan yangi
Izlarning o’rnida qolgandir nechuk,
Nechuk qoldi uning chehrasin rangi?
Sukut nima, nima, nima o’zi, ayt,
Ey, yor, yagonadan yagona, ey yor?
Aytilmasdan qolgan so’zlardan o’zga
Jimlik quchog’ida yana nima bor?
Men so’zdan qolaman,
Chumchuqlar tili,
Tiriklik tilidir, ko’ngil malhami.
Aytilgan har jumla, har so’z, har kalom –
Tabiatning butun baxti, bayrami.
Chumchuq tili – bahor, bahor bargidir,
Ular bois yerning quvnagay dili.
Chumchuq tili – nasim ufurgan atr,
Korxonada o’lar chumchuqlar tili.
Kim bu, abadiyat yo’lida turib,
Vahdat lahzasiga yo’nalgan bot-bot?
Mangulik fursatin,
Hisob ilmining
Mantiqlari bilan jo’r aylagan zot?
Kim bu?
Xo’rozlarning qichqirig’ini
Kun emas, nonushta boshi deb bilgan?
Kim bu?
Boshiga ishq tojin qo’ndirib,
Kelinlik libosi ichra chirigan?
Ma’lum vaqt
Botguvchi quyosh
Umidsiz
Har ikki qutbda porlamadi soz.
Koshin na’rasidan qulading,
Uchdim,
Ovozimni to’shab o’qirlar namoz…
Baxtiyor jasadlar,
Badbaxt jasadlar
Va o’ychan jasadlar fikrga botgan,
Xush-xurramlik ichra karaxt jasadlar,
Yaxshi kiyinganu yaxshi yeb yotgan
Jasadlar, —
Muayyan vaqt bekatida
Oniy nurga mushtoq shubha qavati,
Botillikning chirib-sasigan fosid
Mevasi savdosin shavqi, shahvati…
Oh,
Qandayin xalq bu,
Qandayin xalq bu,
Nursiz nigohini qoplagan parda?
Turfa hodisani intizor bo’lib
Mudom kutib turar chorrahalarda.
Albatta, albatta o’sha lahzada,
Taqiq hushtagining ovozin kutar,
Zamon g’ildiragi ostida qolib,
Ho’l daraxt oralab ul erkak o’tar…
Qaydan keldim?..
«Tamom» dedim onamga,
Dedim: «Biz xayolga keltirmay burun
Ro’y berar hodisa,
Tasallinoma
Yubormoq kerakdir ro’znoma uchun».
Salom, ey tanholik mo»jizasi, ol,
O’lan-to’shagimni topshirdim badar.
Zero, ul qop-qora bulutlar doim
Toza oyatlardan bergusi xabar.
Zero, bir dona sham guvohligida
Yorug’ sir-asrorlar nihondir qat-qat.
Buni yoyilgan va intiho topgan
O’sha shu’la yaxshi anglaydi, faqat.
Sendan so’ng yo’l oldik mozorga qarab,
Mozorga yuz burdik sen ketgan mahal,
Ulug’ ona tutgan hijob ostida
Og’ir-og’ir nafas olardi ajal.
Ajal
Yo’g’on daraxt edi,
Tiriklar
Malul shoxlarini asrardi arang.
Boshqa bir tomonda turgan o’liklar
Solardi chirigan tomiriga chang.
Ajal
Ul muqaddas maqbara uzra
O’tirganda bo’lib har nedan ogoh,
To’rtta burchagida
Moviy, havorang
To’rt lola yorishib ketadi nogoh…
Imon keltiraylik,
Imon keltirib
O’shal sovuq fasl ibtidosiga,
Imon keltiraylik xayol bog’ining
Har bir vayronasi,
Har nidosiga.
Imon keltiraylik,
Tig’i qayrilib,
Bekor qolib ketgan o’roqlarga zor.
Yer tagida qolgan tutqun donlarga…
Qara, qanday go’zal yog’ayotir qor…
O’sha ikki yosh qo’l haqiqat edi,
Haqiqat timsoli edi, ehtimol.
Ular tinim bilmay yog’ayotgan oq
Qor ostida qolib topgandi zavol.
Va kelasi yilda, kelganda bahor,
Darcha ortidagi osmonga yetar.
Tanidan
Hayotbaxsh, shaffof suv bo’lib
Ko’m-ko’k favvoralar otilib ketar,
Funcha berar beg’am daraxt tanasi,
Ey yor, yagonadan yagona, ey yor!
Imon keltiraylik,
Imon keltirgin,
O’shal sovuq fasl boshiga bir bor…
ISHQ TONGI
Ko’nglim sahifasi yanglig’ osmonda
Yorug’ oy yog’dusi qoldirar izin.
Bu kecha ko’zimdan shirin uyquni
Quvaman, xayoling – uyqudan shirin.
Qoldim tolning quyuq soyalarida,
Jimlik to’shagiga chirmab loshimni.
Marg’ub nag’malarga ergashaman jim,
Daftarim yuziga qo’yib boshimni.
Raqsga tushar yuzlab tarona, sasim
Billur jarangiday yangragan onda.
Qandaydir notanish, xayoliy lazzat
Tomirimda yelib-yugurar qonday.
Oh, go’yo yuragim daxmasi ichra
Oy arvohi kezar tentirab, sanqib.
YO daydi shamol u, kir etagidan
Kelar yosumanning hidlari anqib.
Labimda loladay, bo’sang shu’lasi
Yashnaydi, bir istak qo’zib qonida.
Nogoh men eslagan bir yorug’ yulduz
Yorishar sehrli oy xirmonida.
Ko’ksim ichra qay bir notanish kimsa,
Berilib changu rud chertgani sayin,
Hamroh bo’lib mavzun qo’shiqlariga
Xushbo’y yog’och hidi taralar mayin.
Oh, bunday holatga ishongim kelmas,
Bunday hamrohlikdan ketmasman tonib.
O’shal bir juft ko’zning maftun nigohi,
Nahot, turgan bo’lsa qarshimda yonib.
O’zga dunyo ichra men tomon boqqan
Zuhra yulduzining ko’zlari yondi.
Daftarim betiga yozaman masrur:
«Umring boqiy bo’lsin, ey ishq, ishq tongi!»
QAYFU GULI
Masrurman, oloving yondirar meni,
Masrurman, yodingda yig’layman bedor.
Masrurman, vaslingdan keyin ezilib,
Bezavol ishqingdan yig’layman zor-zor.
Oramizga tushgan ayriliqdan so’ng
Boshqa o’ylamaydi, deb qilma gumon.
Faqat, sening o’ting yondirar meni,
Sening olovingda yongaydir bu jon.
Tunlar daraxtzorning bir chekkasida
O’z g’amidan Korun ketganda toshib.
Go’yo hasratimning faryodi kelar,
Tingan to’lqinlarning bo’g’zidan jo’shib.
Oshkor bo’lgan dardim bo’lar namoyon,
Bir zum qirg’oq uzra o’tirsang tunda.
O’shanda soyangga tashlasang nazar,
Beqaror ruhimni ko’rarsan unda.
Tong shamolin sovuq lablari bilan,
Sen uchun tarona o’qiyman har on.
Men o’sha yulduzman, porlagan har tun,
Saroying osmoni uzra duraxshon.
Mustahkam qal’aday, ikkimiz aro
Yastansa bepoyon sahrolar, ne g’am.
Men o’sha kaptarman, qanotin yoygan,
Daryo kengligida, tanholikda ham.
Masrurman, qurigan shox yanglig’ tag’in,
Jabring shu’lalari yondirsa ma’yus.
Shahring quyoshidan qizib, lovillab,
Yonayotgan qaynoq vujudman hanuz.
Seni qanday qilib unutay, axir,
Yoding ilk muhabbat yodiday shirin.
Yoding ta’sirchandir kuzak singari,
Minglab jozibayu jilo yashirin.
Meni atab rasvo, raddi ma’raka,
Ig’vogar zohidlar ustimdan kular.
Nomimni bulg’aydi o’shalar, zero,
Odammas, shaytondan yaralgan ular.
Ammo, men qayg’uning guliman o’sha,
Yoding shoxlaridan yaralgan bedor.
Yolg’izlik uyida, tunlarda seni
Qidiraman, yoding bo’lganida yor.
MENDAN KEYIN
Ajal yaqinlashar menga o’sha kun,
Nur mavjidan porlab ketganda bahor.
YO g’ubor qoplagan qahraton qishda
YO kuzni tark etgan chog’da ohu zor.
Ajal yaqinlashar menga o’sha kun,
Bundan-da achchig’u shirindir bundan.
Ichi bo’m-besh boshqa kunlar singari,
Qolgan bir soyadir kecha, bugundan.
Diydalarim mengzar tor yulaklarga,
Gunohlarim – sovuq marmarlar yanglig’.
Xalos bo’lgim kelar g’amlardan nogoh,
Meni uyqu eltib ketganda qattiq.
She’rning afsunidan forig’ qo’llarim,
Daftarim yuzida o’rmalar asta.
Eslayman, she’r qoni mening qo’limda
Nurday sochilardi har bir nafasda.
Tuproq chorlar meni o’ziga har dam,
Yo’l bosib, tuproqqa qo’ymoq-chun malul.
Balki, oshiqlarim yarim kechada
Famgin go’rim uzra qo’yib ketar gul.
Mendan so’ng bir yonga surilar nogoh
Umrimning qorong’i pardalari ham.
O’rmalar notanish kimsa nigohi,
Qog’oz, daftarlarim yuzida u dam.
Mendan so’ng, yod aylab qay bir begona
Mo»jaz kulbam uzra qadam qo’ygan chog’,
Qolib ketar ko’zgu chetida alhol,
Soching tolalari, qo’l izi, taroq.
O’zimdan qutilib, qolaman o’zdan,
Tartib buziladi bunda dod solib.
Ruhim shamoldagi yelkan misoli,
Ufqlar ortida ketar yo’qolib.
Bir-birin izidan chopar besabr,
Shitob bilan kunlar, haftalar, oylar.
Nomaga intizor, intiq ko’zlaring
Yo’llarga termulib, yo’limni poylar.
Sovuq jasadimni asraydi tag’in,
Qabrning tuprog’i chuqur bag’rida.
Qalbing zarbasidan olisda sensiz
Qalbim chirib ketar tuproq tagida.
So’ngra shamol, yomg’ir mening nomimni
Toshlarning yuzidan yuvib ketar jim.
Unutilib ketar yo’lda, nom-nomus
Ertagidan forig’ mening mozorim…