Abdulla Oripov. Birinchi muhabbatim (onlayn) & O’roz Haydar. Abadiy sado

Ashampoo_Snap_2016.10.17_23h30m10s_005_.png     Яқинда адиб ва шоир Ўроз Ҳайдарнинг “Буғдойзор оралаган сўқмоқлар” асарини завқ билан ўқиб чиқдим. Тил – адабий ҳодиса (Аҳмад Аъзам) эканлигини асарни ўқиш жараёнида янада чуқурроқ ҳис этдим. Жумлалар беихтиёр сизни ўзига бўйсундириб, хаёлот оламига етаклайди. Ижод машаққати ҳақидаги рангин мулоҳазалар ўқувчини мушоҳадага чорлайди. Хоҳ Чехов, хоҳ Бунин ёхуд миллатимизнинг улуғ ижодкорлари Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев ҳақидаги фикрларни бадиий тадқиқот даражасида дейиш мумкин. Асардан завқланган ҳолда устоз ижодкор, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов ижодига бағишланган “Адабий садо” эссесини кўп сонли ўқувчилар эътиборига ҳавола этишни лозим топдим. Ўйлайманки, шоир ижодига чизгилар сизни бефарқ қолдирмайди.

Нилуфар Умарова

АБАДИЙ САДО
Ўроз ҲАЙДАР
002

Ashampoo_Snap_2016.10.18_14h13m50s_002_.pngАбдулла Орипов билан замондош эканлигимиздан фахрланмоғимиз лозим. Бир пайтлари китобларини пештахта остидан сотиб олганмиз. Мутолаа қилганда, кўзимиздан беихтиёр узилган томчи ерни тебратиб юборган десак, муболаға бўлмас. Мудроқ шууримизга ойдинликнинг тафтини улашган ашъорлари қалбимизнинг боқий мулкига айланган. Назар Эшонқул билан хиёбон четидаги йўлак бўйлаб кетаяпмиз. Кузнинг тафтсиз қуёши дарахт шохларига чирмашиб, онасини йўқотган боладай бежо ва ранги сўнариб боқади. Чинорнинг юрак шаклидаги барглари ҳавода ўйнаб оҳиста ерга қўнади. Бир текис қатор экилган сентябрь гулларининг ачимсиқ, ёқимсиз ҳиди ҳавода муаллақ ўтириб қолган. Кимдир унутиб қолдирган ва бирор қўл тегмаган сарғайган мактуб каби сарғимтил хазонлар оёғимиз орасида ўралашади. Беихтиёр Назарга гап қотаман:

–Абдулла ака етмишни уриб ҳам биздан тиниқроқ шеърлар битаяпти. Ҳали ҳамон қалби навқирон.
–Аллома шоирга Аллоҳдан чексиз заковат ато этилган. Заковатнинг кучи бу.
–Белинский ҳақ экан. Инсон шуурида туғилган асар умрбоқийлик касб этишига ишондим.
–Заколикнинг қудрати илоҳийликдан.

Йўлма-йўл юриб қурган суҳбатимиз асносида Абдулла аканинг бир шеъри атрофида ўз мулоҳазаларим билан ўртоқлашгим келди. Бу мақолани “Абадий садо” деб ҳам номладим.

Турғунлик даврининг энг мудроқ фаслида ўзбек адабиётида “халқчилликнинг уқувсиз куйчиси эмас, балки чинакам санъаткори” (В. Белинский) сифатида Абдулла Ориф майдонга келди. Унинг оташларга йўғрилган поэзияси маънавий бўшлиқни қалб пафоси билан тўлдирди. Асрий қатқалоқлик эркин фикр тажассумида ҳаётбахшликка юз бурди. “Титроқ юлдуз каби музлаган шуур”да замонамиз қурамалиги, яъни замонасозлик муддатини ўтаган махфий қўлёзмадай куйдирилди. Соф туйғулар пўртанаси ақлий жунунлик ва ҳавойи эҳтирослар пуфагини сидириб ташлади. Шоирнинг “Куз хаёллари” шеърини пичирлаб ўқийман:

Қорайганда узоқ тоғларнинг қори,
Боғларга чўкканда оқшомги туман,
Совуқ куз елидан жунжикиб, нари –
Очиқ айвон остин этганда маскан.
Дўстгинам, хаёлан қучаман сени,
Хазон даврасида кутаман сени.

Ҳолат ойдин. Аммо дўстни хазон даврасида кутиш шеър муҳибини ҳайратга солади. Нега, нега деган савол акс-садодай тўлқин ҳосил қилади. Шеърнинг иккинчи олтилигида ҳам табиат манзараси бетимсол чизгиларда мавжланади. Шоирнинг муддаосини учинчи олтиликда яққолроқ сезишга жазм этасиз ва муяссар бўласиз.

Нимани хоҳлайман? Истагим нима?
Чангалзор шовқинин тинглаб тураман.
Япроқлар бандида кезган жимгина
Маюс ва безовта кузни кўраман.
Унинг қўшиғида, унинг оҳида,
Сезаман одамзод қалбин гоҳида.

Ногаҳоний оловли туғён музлаган томирларингда хурофий шовқинга эмас, илоҳий завққа рағбат, бедор туйғуга майл уйғотади. Ҳар қандай шовқинда яланғочлик бор. Шовқин – қофиябознинг шақилдоғи, у туйғулар жунунини тўнглатади, эҳтирослар эркини вазнсизликка мубтало этади. Эрксизлик ва залолат шовқини инсоний умид қотилидир. Япроқлар бандида жимгина кезган безовталик(маъюслик ҳам!) оҳида одамзод қалбини сезиш – бу яшашга берилган ҳуқуқдир. Аслида, ҳаёт – чекланмаган имтиёз.

Унга бари бирдай ҳаёт ва ўлим,
Гўёки кекса чол сўнгини ўйлар.
Ва секин силкитиб қаҳрабо қўлин,
Кўрганин-билганин бирма-бир сўйлар.
Бир ҳикмат ўқийман хазонлардан мен:
“Яшагину, бироқ япроқ бўлма сен”.

“Қаҳрабо қўл” – топилма. Чолнинг қўли қурушқоқ, қаҳрабо тус. Чолни кузга муқоясалаш айни кесишмаган чизиқдай аниқ таассурот қолдиради. Хазон – йўқликдан нишон, унинг шитирида сўлғинлик гиряси ўрлайди, мунг савқида эса ҳаёт моҳиятининг хоссасини кўрамиз. Шоир қалби улуғ бир ҳикматни англади:”Яшагину, бироқ япроқ бўлма сен”. Бу – қалб иқрори.

Мангу яшилликнинг маскани қайда,
Қайдадир хазонни билмаган баҳор?
Нечун у ҳовлиқиб оққувчи сойда,
Чавандоз умрининг қайтмас сеҳри бор?
Нечун уйғонади қайтадан баҳор,
Нечун инсон умри бўлмагай такрор?..

Шоир яшилликнинг мангу масканини инсон қалбидан ахтараяпти. Қалб иллатлардан тозаланмас экан, ундан хазонрезгиликка рўйхуш бермас кўклам манзил тополмайди. Мангу адашади. Қалб баҳоригина инсон руҳиятини бедорликка чорлайди. Инсоннинг ўзи мамлакат. Унинг ҳукмдори ҳам, қули ҳам унинг ўзидир. Ҳаёт – буюк мураббий. Инсон ҳаёт таълимини ўрганиш, ўзини англаш баробарида ўз “мамлакати”га эгалик ҳиссини уйғотади ва ўрнатади. Турғунлик даврининг яланғочлиги, одамлар шуурининг нурсизлиги шоир ҳаловатини жунбушга келтиради. Шоирни кузнинг хаёлидан кўкламнинг нашъаю нағмасини топиш, унинг ҳукмдори бўлиб қолишга даъват этган урғу ҳам шундандир. Шеърда икки қутб мавжудлиги ушбу хулосани туғдиради. Бу –менинг фикрим. Ҳайқириб, ҳовлиққиб оқаётган сойдан чавандоз умрининг қайтмас сеҳрини англаган шоир муножотида дилтанглигу бедорликка сафарбар этган туйғу бурғусини беҳуда чалмаяпти. Инсон умри такрорланмаслиги шоирни қаттиқ ўйга солаяпти. Инсон ана шу такрорланмас умри давомида ўз баҳорини топа оладими ё йўқ? Умр такрорланмайди, баҳор уйғонгувчи. Умр ва баҳор муштараклиги мавжуд эмас экан, инсон ҳаёти хазонрезгиликка маҳкумдир. “Шоир файласуф эмас, мусаввирдир. Унинг манзара ва тасвирларидаги ҳамишалик мавзу “шуҳратга тўла ижод” – беҳудуд ва ранг-баранг ҳодисаларга тўла оламдир. Поэзия кўнгилга образлар билан сўзлайди ва ундаги образлар ибтидоси табиатнинг барча жузъий ҳодисалари ва шакллари қурилишида товланиб турган гўзаллик ифодасининг моҳиятидир”. Бу– Белинский талқини. Буюк мунаққид излаган образ юқоридаги мисраларда қуйма тарзида ўз ифодасини топган.

Мени саволларга кўмар дафъатан,
Хазоннинг тақдири, сўнгги шовқини.
Кўзимга кўринар умрим қайтадан,
Гарчи сурмакдаман баҳор шавқини.
Гарчанд йигит ёшим яшнаб турса ҳам,
Кексалик қисматин ўйлайман шу дам.

Нақадар болдек тотли мисралар! Хазоннинг тақдири шоир хаёлида шовқин солаяпти. Шоир шовқинда эмас, баҳор шавқида умрининг қайтадан ҳадди-ҳисобини ўлчаяпти. Нега яна йигит ёши яшнаб турса ҳам, кексалик қисматини ўйлаяпти? Кексаликда қалб навқиронлигини сақлаб қолиш ҳар кимнинг ҳам чекига тушавермайди. Ҳаёт чархида чархланавериб, жисмоний ва руҳий қувватига дарз кетган киши дунё маломати юкидан қалб мажруҳлигига йўлиқиши баъзан тасаввуримизга келавермайди. Ана шундай дамда…

Шу дам туйғуларга тўлади кўнглим,
Титраб тарашлайман қаламим учин.
Тонг ҳам ёришади, эй менинг умрим,
Бунчалар тезликда чопасан нечун?
Хазонлар шошади, шошаман мен ҳам,
Дўстим, ҳузуримга шошиб кел сен ҳам!

Хазон инсон умрини қадам-боқадам таъқибга олади. Умрнинг тезоблиги хазон шошқалоқлигига ўзаро кесишмайдиган чизиқ тортади. Булар қандайдир бутунликнинг маълум эҳтиёт қисмларга эҳтиёжини оширади. Бу техник таъриф эмас. Шоирни титраб қалам тарашлашида ҳам яшашга чорлов бор. Чорловдан ҳикмат туғилаяпти. Шоир ўз қалб кечинмалари орқали давр руҳининг маҳзунлигини аниқ чизгиларга жо қила олган. Абдулла Ориф ушбу шеърни 21 ёшида битган. Бу– шоирда туғма истеъдоднинг белгиси. Бу йўлда неча кўйлак йиртиб, қуш қўнмас муштдек “тепалик”ка эришолмаганларнинг сони мингта. Савқи табиийликнинг қудрати ҳам шунда-да! Ҳа, ноёб истеъдодлар ҳамиша, ҳар даврда бармоқ билан санагудай даражада камёб учраган.

Белинскийдан ранжимаган ҳолда чин шоирни ҳақиқий файласуф деб атагим келади. Пифагор шоирликнинг уч қутби, яъни бастакор, рассом ва файласуф умумлашмасидан мавжудлигини эрамиздан аввалги асрларда инкишоф этган эди. Мана шу нуқтаи назардан қараганда, муҳим уч қутб Абдулла Орипов ижодида ягона нуқтада бирлашган. Лекин инсоният кечмишида шундай бир давр бўлдики, шоир шеъриятида куй сеҳри, мусаввир мўъжизакорлиги, донишманд заковати баробар ўзи яшаётган даврнинг фарзанди эканлиги ҳақидаги энг тўғри ҳақиқат ҳам ўз аксини топмоғи лозим эди. Абдулла Орипов шеъриятидаги “бу бешафқат ҳақиқат–барчамиз дунёда ягона Ватан–Ўзбекистон фарзандлари эканлигимиз” бутун-бутун авлодларни “тарбиялади”. Шу ўринда яққол айтиш шартки, маънавий-руҳий замонида ҳам Абдулла Орипов шеърияти инсон манзараларининг моҳир наққоши сифатида адабиётга тамал тошини қўйди. Ватан ва инсонга муҳаббат туйғуси олий мақом кўринишини олди. Ҳар бир юртнинг табиати тилсимотдир. Турфа мўъжизалар куйига ҳамоҳанг. Шоир инсонни дунёга шамолдек келиб, шундоқ кетишини англаган ҳолда ўзининг боқий камолини ўз шеъриятида олдин кўра билди.

Қанча шамолларга юзимни бурдим,
Улардан эсдилар турфа хил нафас.
Уларда гоҳ қайғу, гоҳ шодлик кўрдим,
Тўхтамай ўтдилар бари ҳам бирпас…
Фақат қайғулардан сен ўзинг холи,
О, юртим шамоли, юртим шамоли.

Шоир шеъриятида инсон изтироби рангин ташбеҳларда тобланди, чексиз фароғат бахшида этгувчи ҳикматларда юксак жозиба касб этди. “Еллар ҳам уйғонди ишқалаб кафтин”, “Увада камзулда биллур тугмадай, Булутлар ортидан боқади юлдуз”, “Минорлар эмас бу – фалакка қасам”, “Чўнтакдан тўкилган тангалар мисол, Шуълалар ўйнайди супа учида”, “Борлиқ ҳам мисоли ўйчан мусаввир – Нақш этмиш деразанг узра саволлар” каби шаффоф мисраларда қалб гўзаллиги, ҳаётга ташналик, инсониятга раҳнамолик, Коинот тартиботини бузишга уринувчи ёвуз кучларга қарши кураш, нафосат ва фасоҳат чаманларига муштараклик туйғусини улуғлашни ҳар бир шеърда учратасиз ва ҳайрат гирдобига чўмасиз.

Абдулла Орипов шеърияти ҳақида фикр юритиш бизни башар мавжудлигининг сирли-синоатли, жозиб ва тилсимли дунёсига бошлаб боради. Бу изланишда инсон ҳаётига тегишли қалб ва тафаккур, хаёл ва тасаввур, идрок ва заковат дунёсининг энг теран жиҳатлари билан рўбарў келасиз. Зеро, бу шеърият –ҳаёт маёғи бўлиб, абадиятдан садо эканлигини янада чуқурроқ ҳис этасиз ва қувонасиз!

pole-doroga-svet-nebo.jpg Yaqinda adib va shoir O’roz Haydarning “Bug’doyzor oralagan so’qmoqlar” asarini zavq bilan o’qib chiqdim. Til – adabiy hodisa (Ahmad A’zam) ekanligini asarni o’qish jarayonida yanada chuqurroq his etdim. Jumlalar beixtiyor sizni o’ziga bo’ysundirib, xayolot olamiga yetaklaydi. Ijod mashaqqati haqidagi rangin mulohazalar o’quvchini mushohadaga chorlaydi. Xoh Chexov, xoh Bunin yoxud millatimizning ulug’ ijodkorlari Abdulla Oripov, Shukur Xolmirzaev haqidagi fikrlarni badiiy tadqiqot darajasida deyish mumkin. Asardan zavqlangan holda ustoz ijodkor, O’zbekiston Qahramoni, Xalq shoiri Abdulla Oripov ijodiga bag’ishlangan “Adabiy sado” essesini ko’p sonli o’quvchilar e’tiboriga havola etishni lozim topdim. O’ylaymanki, shoir ijodiga chizgilar sizni befarq qoldirmaydi.

Nilufar Umarova

ABADIY SADO
O’roz HAYDAR
002

-0018.jpgAbdulla Oripov bilan zamondosh ekanligimizdan faxrlanmog’imiz lozim. Bir paytlari kitoblarini peshtaxta ostidan sotib olganmiz. Mutolaa qilganda, ko’zimizdan beixtiyor uzilgan tomchi yerni tebratib yuborgan desak, mubolag’a bo’lmas. Mudroq shuurimizga oydinlikning taftini ulashgan ash’orlari qalbimizning boqiy mulkiga aylangan. Nazar Eshonqul bilan xiyobon chetidagi yo’lak bo’ylab ketayapmiz. Kuzning taftsiz quyoshi daraxt shoxlariga chirmashib, onasini yo’qotgan boladay bejo va rangi so’narib boqadi. Chinorning yurak shaklidagi barglari havoda o’ynab ohista yerga qo’nadi. Bir tekis qator ekilgan sentyabr` gullarining achimsiq, yoqimsiz hidi havoda muallaq o’tirib qolgan. Kimdir unutib qoldirgan va biror qo’l tegmagan sarg’aygan maktub kabi sarg’imtil xazonlar oyog’imiz orasida o’ralashadi. Beixtiyor Nazarga gap qotaman:

–Abdulla aka yetmishni urib ham bizdan tiniqroq she’rlar bitayapti. Hali hamon qalbi navqiron.
–Alloma shoirga Allohdan cheksiz zakovat ato etilgan. Zakovatning kuchi bu.
–Belinskiy haq ekan. Inson shuurida tug’ilgan asar umrboqiylik kasb etishiga ishondim.
–Zakolikning qudrati ilohiylikdan.

Yo’lma-yo’l yurib qurgan suhbatimiz asnosida Abdulla akaning bir she’ri atrofida o’z mulohazalarim bilan o’rtoqlashgim keldi. Bu maqolani “Abadiy sado” deb ham nomladim.

Turg’unlik davrining eng mudroq faslida o’zbek adabiyotida “xalqchillikning uquvsiz kuychisi emas, balki chinakam san’atkori” (V. Belinskiy) sifatida Abdulla Orif maydonga keldi. Uning otashlarga yo’g’rilgan poeziyasi ma’naviy bo’shliqni qalb pafosi bilan to’ldirdi. Asriy qatqaloqlik erkin fikr tajassumida hayotbaxshlikka yuz burdi. “Titroq yulduz kabi muzlagan shuur”da zamonamiz quramaligi, ya’ni zamonasozlik muddatini o’tagan maxfiy qo’lyozmaday kuydirildi. Sof tuyg’ular po’rtanasi aqliy jununlik va havoyi ehtiroslar pufagini sidirib tashladi. Shoirning “Kuz xayollari” she’rini pichirlab o’qiyman:

Qorayganda uzoq tog’larning qori,
Bog’larga cho’kkanda oqshomgi tuman,
Sovuq kuz yelidan junjikib, nari –
Ochiq ayvon ostin etganda maskan.
Do’stginam, xayolan quchaman seni,
Xazon davrasida kutaman seni.

Holat oydin. Ammo do’stni xazon davrasida kutish she’r muhibini hayratga soladi. Nega, nega degan savol aks-sadoday to’lqin hosil qiladi. She’rning ikkinchi oltiligida ham tabiat manzarasi betimsol chizgilarda mavjlanadi. Shoirning muddaosini uchinchi oltilikda yaqqolroq sezishga jazm etasiz va muyassar bo’lasiz.

Nimani xohlayman? Istagim nima?
Changalzor shovqinin tinglab turaman.
Yaproqlar bandida kezgan jimgina
Mayus va bezovta kuzni ko’raman.
Uning qo’shig’ida, uning ohida,
Sezaman odamzod qalbin gohida.

Nogahoniy olovli tug’yon muzlagan tomirlaringda xurofiy shovqinga emas, ilohiy zavqqa rag’bat, bedor tuyg’uga mayl uyg’otadi. Har qanday shovqinda yalang’ochlik bor. Shovqin – qofiyabozning shaqildog’i, u tuyg’ular jununini to’nglatadi, ehtiroslar erkini vaznsizlikka mubtalo etadi. Erksizlik va zalolat shovqini insoniy umid qotilidir. Yaproqlar bandida jimgina kezgan bezovtalik(ma’yuslik ham!) ohida odamzod qalbini sezish – bu yashashga berilgan huquqdir. Aslida, hayot – cheklanmagan imtiyoz.

Unga bari birday hayot va o’lim,
Go’yoki keksa chol so’ngini o’ylar.
Va sekin silkitib qahrabo qo’lin,
Ko’rganin-bilganin birma-bir so’ylar.
Bir hikmat o’qiyman xazonlardan men:
“Yashaginu, biroq yaproq bo’lma sen”.

“Qahrabo qo’l” – topilma. Cholning qo’li qurushqoq, qahrabo tus. Cholni kuzga muqoyasalash ayni kesishmagan chiziqday aniq taassurot qoldiradi. Xazon – yo’qlikdan nishon, uning shitirida so’lg’inlik giryasi o’rlaydi, mung savqida esa hayot mohiyatining xossasini ko’ramiz. Shoir qalbi ulug’ bir hikmatni angladi:”Yashaginu, biroq yaproq bo’lma sen”. Bu – qalb iqrori.

Mangu yashillikning maskani qayda,
Qaydadir xazonni bilmagan bahor?
Nechun u hovliqib oqquvchi soyda,
Chavandoz umrining qaytmas sehri bor?
Nechun uyg’onadi qaytadan bahor,
Nechun inson umri bo’lmagay takror?..

Shoir yashillikning mangu maskanini inson qalbidan axtarayapti. Qalb illatlardan tozalanmas ekan, undan xazonrezgilikka ro’yxush bermas ko’klam manzil topolmaydi. Mangu adashadi. Qalb bahorigina inson ruhiyatini bedorlikka chorlaydi. Insonning o’zi mamlakat. Uning hukmdori ham, quli ham uning o’zidir. Hayot – buyuk murabbiy. Inson hayot ta’limini o’rganish, o’zini anglash barobarida o’z “mamlakati”ga egalik hissini uyg’otadi va o’rnatadi. Turg’unlik davrining yalang’ochligi, odamlar shuurining nursizligi shoir halovatini junbushga keltiradi. Shoirni kuzning xayolidan ko’klamning nash’ayu nag’masini topish, uning hukmdori bo’lib qolishga da’vat etgan urg’u ham shundandir. She’rda ikki qutb mavjudligi ushbu xulosani tug’diradi. Bu –mening fikrim. Hayqirib, hovliqqib oqayotgan soydan chavandoz umrining qaytmas sehrini anglagan shoir munojotida diltangligu bedorlikka safarbar etgan tuyg’u burg’usini behuda chalmayapti. Inson umri takrorlanmasligi shoirni qattiq o’yga solayapti. Inson ana shu takrorlanmas umri davomida o’z bahorini topa oladimi yo yo’q? Umr takrorlanmaydi, bahor uyg’onguvchi. Umr va bahor mushtarakligi mavjud emas ekan, inson hayoti xazonrezgilikka mahkumdir. “Shoir faylasuf emas, musavvirdir. Uning manzara va tasvirlaridagi hamishalik mavzu “shuhratga to’la ijod” – behudud va rang-barang hodisalarga to’la olamdir. Poeziya ko’ngilga obrazlar bilan so’zlaydi va undagi obrazlar ibtidosi tabiatning barcha juz’iy hodisalari va shakllari qurilishida tovlanib turgan go’zallik ifodasining mohiyatidir”. Bu– Belinskiy talqini. Buyuk munaqqid izlagan obraz yuqoridagi misralarda quyma tarzida o’z ifodasini topgan.

Meni savollarga ko’mar daf’atan,
Xazonning taqdiri, so’nggi shovqini.
Ko’zimga ko’rinar umrim qaytadan,
Garchi surmakdaman bahor shavqini.
Garchand yigit yoshim yashnab tursa ham,
Keksalik qismatin o’ylayman shu dam.

Naqadar boldek totli misralar! Xazonning taqdiri shoir xayolida shovqin solayapti. Shoir shovqinda emas, bahor shavqida umrining qaytadan haddi-hisobini o’lchayapti. Nega yana yigit yoshi yashnab tursa ham, keksalik qismatini o’ylayapti? Keksalikda qalb navqironligini saqlab qolish har kimning ham chekiga tushavermaydi. Hayot charxida charxlanaverib, jismoniy va ruhiy quvvatiga darz ketgan kishi dunyo malomati yukidan qalb majruhligiga yo’liqishi ba’zan tasavvurimizga kelavermaydi. Ana shunday damda…

Shu dam tuyg’ularga to’ladi ko’nglim,
Titrab tarashlayman qalamim uchin.
Tong ham yorishadi, ey mening umrim,
Bunchalar tezlikda chopasan nechun?
Xazonlar shoshadi, shoshaman men ham,
Do’stim, huzurimga shoshib kel sen ham!

Xazon inson umrini qadam-boqadam ta’qibga oladi. Umrning tezobligi xazon shoshqaloqligiga o’zaro kesishmaydigan chiziq tortadi. Bular qandaydir butunlikning ma’lum ehtiyot qismlarga ehtiyojini oshiradi. Bu texnik ta’rif emas. Shoirni titrab qalam tarashlashida ham yashashga chorlov bor. Chorlovdan hikmat tug’ilayapti. Shoir o’z qalb kechinmalari orqali davr ruhining mahzunligini aniq chizgilarga jo qila olgan. Abdulla Orif ushbu she’rni 21 yoshida bitgan. Bu– shoirda tug’ma iste’dodning belgisi. Bu yo’lda necha ko’ylak yirtib, qush qo’nmas mushtdek “tepalik”ka erisholmaganlarning soni mingta. Savqi tabiiylikning qudrati ham shunda-da! Ha, noyob iste’dodlar hamisha, har davrda barmoq bilan sanaguday darajada kamyob uchragan.

Belinskiydan ranjimagan holda chin shoirni haqiqiy faylasuf deb atagim keladi. Pifagor shoirlikning uch qutbi, ya’ni bastakor, rassom va faylasuf umumlashmasidan mavjudligini eramizdan avvalgi asrlarda inkishof etgan edi. Mana shu nuqtai nazardan qaraganda, muhim uch qutb Abdulla Oripov ijodida yagona nuqtada birlashgan. Lekin insoniyat kechmishida shunday bir davr bo’ldiki, shoir she’riyatida kuy sehri, musavvir mo»jizakorligi, donishmand zakovati barobar o’zi yashayotgan davrning farzandi ekanligi haqidagi eng to’g’ri haqiqat ham o’z aksini topmog’i lozim edi. Abdulla Oripov she’riyatidagi “bu beshafqat haqiqat–barchamiz dunyoda yagona Vatan–O’zbekiston farzandlari ekanligimiz” butun-butun avlodlarni “tarbiyaladi”. Shu o’rinda yaqqol aytish shartki, ma’naviy-ruhiy zamonida ham Abdulla Oripov she’riyati inson manzaralarining mohir naqqoshi sifatida adabiyotga tamal toshini qo’ydi. Vatan va insonga muhabbat tuyg’usi oliy maqom ko’rinishini oldi. Har bir yurtning tabiati tilsimotdir. Turfa mo»jizalar kuyiga hamohang. Shoir insonni dunyoga shamoldek kelib, shundoq ketishini anglagan holda o’zining boqiy kamolini o’z she’riyatida oldin ko’ra bildi.

Qancha shamollarga yuzimni burdim,
Ulardan esdilar turfa xil nafas.
Ularda goh qayg’u, goh shodlik ko’rdim,
To’xtamay o’tdilar bari ham birpas…
Faqat qayg’ulardan sen o’zing xoli,
O, yurtim shamoli, yurtim shamoli.

Shoir she’riyatida inson iztirobi rangin tashbehlarda toblandi, cheksiz farog’at baxshida etguvchi hikmatlarda yuksak joziba kasb etdi. “Ellar ham uyg’ondi ishqalab kaftin”, “Uvada kamzulda billur tugmaday, Bulutlar ortidan boqadi yulduz”, “Minorlar emas bu – falakka qasam”, “Cho’ntakdan to’kilgan tangalar misol, Shu’lalar o’ynaydi supa uchida”, “Borliq ham misoli o’ychan musavvir – Naqsh etmish derazang uzra savollar” kabi shaffof misralarda qalb go’zalligi, hayotga tashnalik, insoniyatga rahnamolik, Koinot tartibotini buzishga urinuvchi yovuz kuchlarga qarshi kurash, nafosat va fasohat chamanlariga mushtaraklik tuyg’usini ulug’lashni har bir she’rda uchratasiz va hayrat girdobiga cho’masiz.

Abdulla Oripov she’riyati haqida fikr yuritish bizni bashar mavjudligining sirli-sinoatli, jozib va tilsimli dunyosiga boshlab boradi. Bu izlanishda inson hayotiga tegishli qalb va tafakkur, xayol va tasavvur, idrok va zakovat dunyosining eng teran jihatlari bilan ro’baro’ kelasiz. Zero, bu she’riyat –hayot mayog’i bo’lib, abadiyatdan sado ekanligini yanada chuqurroq his etasiz va quvonasiz!

Abdulla Oripov. Birinchi Muhabbatim by Khurshid Davron on Scribd

032

(Tashriflar: umumiy 1 406, bugungi 1)

Izoh qoldiring