Vosil Qobulov. Do’stim Matyoqubga maktub & Bahodir Karim. Ijodi ham, hayoti ham ibrat.

33

Матёқуб Қўшжонов иккинчи жаҳон урушида снайпер — мерган сифатида иштирок этган бўлса, жангу жадал майдонини илм майдонига алмаштиргач, ўзбек адабиётида ҳар бир сўзи аниқ нишонга бориб урилган моҳир адабиётшунос олимга айланди.

022
Академик Восил Қобулов
ДЎСТИМ МАТЁҚУБГА МАКТУБ
012

044Дўстим Матёқуб!
Илиқ сўзлар билан тортиқ қилинган «Тепки босилди…» номли китобингизни сатрма-сатр ўқиб чиқдим ва юрак туйғуларимни ушбу хат билан изҳор қилишни лозим топдим.

Аввало, ўша даҳшат йиллари фронт кезиб, хатарлар уммонидан тирик чиққан аскарлар ўзаро абадий дўст бўлиб қоладилар. Шунинг учун ҳам ушбу мактубимни «Дўстим Матёқубга» деб бошладим. Биласизми, мен уруш ҳақида саркардалар ёзган юзлаб китоблар тўпладим, уларда фронт, армия, ниҳоят, дивизиялар ҳаёти ҳақида гаплар, лекин оддий аскар ҳаёти, унинг кечинмалари тўғрисида ҳаққоний гаплар ёзилган «солдат асари» камдан-кам. Сиз урушнинг энг даҳшатли жойларидан бири саналган Синявино тепаликларида оддий аскарлар кечирган машаққатли кунлар ҳақида ҳикоя қилгансиз ва у таҳсинга сазовор.

Китобингизда она юртингиз Тошҳовуз яқинидаги, машҳур Кўҳна Урганч минораси кўриниб турадиган Зийли қишлоғидаги ҳаёт билан ундан узоқ-узокларда, фронт йилларида кечирилган ҳаёт бир-бирига боғлаб тасвирланган.

Ҳақиқатан ҳам биз солдатлар қаерда бўлмайлик, қайси окопларда, снаряд ва бомбалар хавфи остида ётмайлик, ҳамма вақт ўз юртимиз ҳақида ўйлаганмиз, уни қўмсаганмиз. Ўша жойлардан омон қайтибмиз, эҳтимол, бизга ота-оналаримиз, ёр-биродарлар меҳри мадад бўлгандир. Сиз командирингиз Алексей Кочегаров, дўстингиз Фомин ва бошқаларни эсга олгансиз. Ҳақиқатан ҳам, ўша жойларда инсон қалбининг олижаноб қирралари очиларди, фронтдагилар бир-бирларига одамшинавандалик билан муносабатда бўлмасалар ҳаёт ўчмас, ҳеч ким миллатга, ҳеч ким қаердан келганига караб ўтирмас, балки жангу жадалда ёнма-ён туриб бардош беришга интилар эди. Шунинг учун бўлса керак, мен ҳозир ҳам ўзимни фронтда, деб ҳис қиламан ва атрофдагиларга ўша вақтлардаги каби ҳамкорлар, деб қарашга ҳаракат қиламан.
Фикримча, халқимизнинг ҳозирги ҳар бир ҳалол одами арзимаган ғаразларни четга суриб қўйиб, иттифоқ бўлиши ва халқимиз фаровонлиги йўлида бирга курашиши керак.

Китобингизни ўқиб, шулар ҳакида ўйлаб қолдим. Сиз урушни Синявино ботқоқликларидан бошлаган экансиз. «Биз снаряд портлаётган, пулемётлар тариллаётган томонга қараб юришда давом этдик» (9-бет). Бу ҳолат хаммамизнинг бошимиздан ўтган, бунинг қанчалик даҳшат эканлиги ҳали ҳам эсимда. Синявинода дўстингиз Напас билан битта тор окопчада ўтган кунларингиз, биринчи жароҳат ва «санбат» — булар ҳам оддий солдат ҳаётидаги оддий синоатлар эди. Кейин снайпер бўлибсиз, солдатларимизни немис снайперлари ўқидан халос қилишда иш кўрсатибсиз, «озод овлар» олиб борибсиз, булар таҳсинга сазовор. Буни ўша двизия командири Родигин ҳам таъкидлаб ўтган.

Сиз жанг майдонида дарров тушуниб бўлмайдиган, жангчини ўта ажаблантирадиган пайтларни кўп кўргансиз. Катта йиғинларда сизнинг гапларингизни эшитсам, ҳозирги тинчлик даврида ҳам шундай ҳолатлар ҳаётингизда кам эмаслигини кўриб, ҳайратда қоламан.

Биз — фронт қатнашчилари ҳаёти ҳеч вақт осон ўтмаган, эҳтимол, бу синовларга фронтларда олинган сабоқлар воситасида бардош берармиз. Сиз: «Жанг пайтлари бир ҳафталик дам олиш йилларга баробар эканини бир соат бўлса ҳам жанг майдонига кириб чиққанлар яхши билишади», деб ёзибсиз. Ҳакқоний гап. Бунинг маъносига етиш керак. Душманнинг снаряд ва бомбалар «ёмғири» остида қолган солдат, агар тирик қолсам ҳар кандай ҳаётга тайёрман, деб Аллоҳга илтижолар қилганини кўп кўрганмиз, эшитганмиз. Бундан ташкари фронтда дам олиш нима эканлигини яхши биламиз. Мен ҳам «… бир неча дақиқагина олдин суҳбат қуриб ўтиришган дўстларимизнинг биронтасини бугун топа ололмаган» (113- бет) ҳолларига кўп дуч келганман. Илоҳим бундай фожиаларни ҳозир ҳам, бундан кейин ҳам хеч кимга раво кўрмасин.

Йиллаб ажал гирдобида юрганингдан кейин, одам ўлимга хдм кўникиб қолади, бу тўғри, лекин сиз ҳамма вақт олдинга саф томон қадам ташлагансиз. Халқимиз сиздек ўғлонлари билан фахрланса арзийди.

Китобингизнинг иккинчи қисми «Дийдор» деб аталган. Бунда онахонлар меҳри-муруввати, дўстингиз Напас мардоналиги ҳақида ҳикоя килинади. Қишлоғингиз ҳаёти тасвирланади. Хоразм воҳасидаги бир фожиа тўғрисида гапириб, китобни ушбу сўзлар билан якунлагансиз: «Ҳой одамлар, огоҳ бўлинглар, ён-атрофингизга қаранглар. Ҳаёт факат бугунги куннинг тинч-тотув ўтишида эмас, балки эртаги кунимиз қандай ўтишига, невара-чевараларимизга нима колдиришимизга ҳам боғлик. Наҳотки, Напас дўстим билан ва бизга ўхшаган миллионлар 50 йил кейин Қолмик букконга (Хоразмдаги кўл номи — В.Қ.) ўхшаган манбаларини емириш учун окопларда ўтириб, мина-снарядлар портлашига бардош бериб, ўқ-дори ҳидини ҳидлаган бўлсак? — дегим келади» (158- бет). Мен ҳам шундай деб келаётганларданман. Китобларингизни ўқиб ўтмишни эсладим, фронт хотираларимни ёзсаммикин, деган хаёл ҳам ўтди. Қани энди, сиз берган илҳом далда бўлиб, бу режа амалга ошса.

022
Баҳодир Карим
ИЖОДИ ҲАМ, ҲАЁТИ ҲАМ ИБРАТ
012

qoshjonovАкадемик Матёқуб Қўшжонов қарийб олтмиш йил ижод қилди. Бу мўътабар устозимиздан элликка яқин китоб, беш юз-олти юз атрофида илмий мақолалар мерос бўлиб қолди. Уларда олим Абдулла Қодирий, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Орипов ижодини, образ, композиция, сюжет, конфликт каби адабиёт назарияси масалаларини тадқиқ қилди. Шу маънода ХХ аср ўзбек адабиётшунослиги ва адабий танқидчилиги тарихини Матёқуб Қўшжоновнинг илмий асарларисиз тўкис тасаввур этиб бўлмайди.

Матёқуб Қўшжонов учун адабий матн энг асосий, энг муҳим манба бўлди. “Образлар ўз маъноси билан китобхонга қандай таъсир ўтказади, қай даражада одоб беради, руҳан бойитади, уларнинг қиммати шу билан белгиланади. Бу — азалий ҳақиқат!”. Бундай фикрлар адабий матнни, жумлама-жумла, сўзма-сўз, яъни имманент анализ қилгандан кейин баён этилади. Шу зайлда санъат асарининг бадиий-эстетик қимматини аниқлаш Матёқуб Қўшжоновдек улкан адабиётшунос истеъдодига, услуби ва табиатига хос фазилатдир. Олим таҳлил ва талқин жараёнида ўз илмий концепциясига садоқатан асарда мавжуд бўлмаган жиҳатларни бўрттирмайди. Санъат ҳодисасига номуносиб эпизодларни аяб, хаспўшлаб ўтирмайди; танқидий фикрини лўнда қилиб айтади-қўяди. Айни пайтда, асарнинг бадииятига, фазилатларига, адабиёт тарихи ёки адабий кечимдаги ўрнига холис баҳо беради. Лозим бўлса, мавжуд адабий матнни дунё адабиётининг дурдоналарига қиёслаб, қамровни кенгайтиради; назарияга таяниб, фикрни эркин қўяди.

Уйимизда Матёқуб Қўшжоновнинг 1965 йили босилган қўнғир муқовали, қалингина “Ойбек маҳорати” номли — сарлавҳаси қизил рангда, сарлавҳанинг бош “О” ҳарфи оқ рангда ёзилган — китоби бўлар эди. Китобнинг ёши мендан бир йилга катта. Уни V — VI синфларда ўқиб юрган кезларим отамнинг физика-математикага оид китоблари ичидан олиб варақлаганман. Шунда отам: “Бу киши Матёқуб Қўшжонов бўлади. Ўзимизнинг Ҳаллангдан. Биласанми, унга “Ўзбекларнинг Белинскийси” деб ном беришган”, деб айтган гапларини ҳали-ҳали эслайман.

Матёқуб Қўшжонов жуда самимий инсон эди. Бировдан маслаҳатини аяган эмас. Ҳеч қистанмасдан, қисинмасдан гапирар, бирор кўнгилсиз воқеа бўлса ҳам ортиқча ҳаяжонланмай, донишмандларга хос босиқлик билан муаммога ёндашар, маслаҳат берарди. Маслаҳати бамаъни ва ўринли бўлар, ортиқча эзмаликни ёқтирмасди. Оз сўз билан кўп маъноларни ифодалагувчи бир инсон эди домла.

…Илмий ишимни ёқлашимга яқин қолган эди. Бундай пайтлари, одатда, диссертантларнинг иши кўп, асаби таранг бўлиб юради. Мен учун ҳам уч юз эллик бетлик диссертацияга доир бир профессорнинг ярим бетлик фикри қадрли бўлиб турган кунлар. Аммо ундан дарак йўқ, сабрдан ўзга чора. Баъзан қуюшқондан чиқиб, жиғибийрон бўлдим. Ихтисослашган кенгаш раиси профессор Тўра Мирзаев ҳам сабрдан маслаҳат беради. Шу пайт Тил ва адабиёт институти олдида Матёқуб акани кўриб қолдим. “Ҳа, — деди домла. — Ишлар нима бўлаяпти?”. М.Қўшжонов ҳам Ихтисослашган кенгаш аъзоси. Ҳолатни тушунтирдим. Асабийлашиб юрганимни яширишнинг ҳеч иложи бўлмади. Қараб туриб: “Шунга шунчами?”, деди ва қачонлардир бошидан ўтган ибратли бир воқеани сўзлади. Бир неча туҳматчи гуруҳбоз кишиларга қарши ёлғиз курашганини, аммо ҳақгўйлиги туфайли қоматни тик тутиб (“Мана бундай”, деб айни ҳолатини кўрсатиб берди), асло таслим бўлмаганини ва ҳар кунги одатига кўра бориб Анҳорнинг муздек сувида чўмилганини айтиб берди. Бу тарих олдида мен учун жуда муҳим ва ечимсиздек туюлган ҳалиги ташвишлар арзимаган бўлиб кўринди. Асаблар жойига келди… Муаммолар ҳал бўлди. Диссертацияни ёқлаган кунимда норасмий тақризчи сифатида Матёқуб ака яхши фикрлар, илиқ сўзлар айтди. Иш янги тадқиқотлар учун йўл очиши мумкинлигидан гапирди. Елкамдан тоғ ағдарилди, десам, елкамга юк юкланди…

Бир куни Матёқуб акани кўчада кўриб саломлашдим. Домланинг кўриши яхши бўлмагани боис, ҳар доимгидек саломдан сўнг ўзимни танитиб: “Матёқуб ака, Баҳодирман”, дедим. “Ҳа, овозингдан танидим”, дея аҳвол сўради домла. Сўнг ёзув-чизув ишларимни сўради. Баъзи нарсалар ёзаётганимни айтдим. “Ҳа, яхши, — деди Матёқуб ака шошилмай. — Шу, томчилаб туравер, томчилаб. Аммо-лекин асло тўхтаб қолмагин. Тўхтаган ёмон”. Бу муҳим гап, бу муҳим насиҳат ва далда эди. Айниқса, қалам аҳли учун.

Янги китобим чиқса, албатта, Матёқуб Қўшжоновга дастхат ёзиб олиб борардим. Бир куни факултетда ўтирсам, телефон жиринглаб қолди. Олдим. Матёқуб аканинг доимгидек майин-босиқ овози. “Бир китоб ёзибсан, Боҳодир. Ҳозиргина ўқиб беришди. Яхши китоб экан. Фикрлар лўнда, услуб яхши. Мавзулари, кўтарилган масалалари жуда муҳим. Уни ҳатто яна шу зайлда бемалол давом эттириш ҳам мумкин. Ишларингга муваффақият”, деди майин оҳангда. Матёқуб ака мўъжазгина бир китобча ҳақида гапираётган эди. Бу самимий муносабатда биз учун ибрат бор эди.

Матёқуб Қўшжонов “Шарқ юлдузи” журналида 90-йиллар бошида хоразмлик Матёқуб Абдуллаев тўғрисида “Ўтмиш фожеаларидан бир лавҳа” деган мақола ёзган эди. М.Абдуллаев 30-йиллари адабий жараёнда фаол бўлган. “Қилич” номли роман ҳам ёзган. Бу ижодкор урушда асирга олиниб, легионерга айланади. Аммо М.Қўшжонов унинг олмонлар томонидаги тақдиридан бехабар эди. Мақола айнан шу мазмундаги гаплар билан тугалланади. Илмий сафарга борганимда, Берлиннинг Унтер ден линден кўчасидаги Марказий кутубхонага кириб, Туркистон легионерлари фаолиятига оид матбуот манбаларини изладим. Буни қарангки, Матёқуб Абдуллаев ҳақида янги маълумотлар топилди. Шу асосда мақола ёздим. Мақола мазмунан Матёқуб ака фикрларини тўлдирган эди. Домла ўз мақоласидаги тахминга ойдинлик киритилганидан мамнун бўлганини яширмади.

“Дийдор” номли алломанинг замондошлари билан кечган дамларига бағишланган китоби нашрдан чиққач, Матёқуб акани йўқлаб уйларига бордим. Ҳар доимгидек мароқли суҳбат бўлди. Сўнгра “Дийдор”нинг ички саҳифасига дастхат ёзди. Муҳтарам газетхон такаббурликка йўймасин, домладан хотира бўлган ўша дуодек дил сўзини шу ўринда эслаб ўтмоқчиман: “Ёш дўстим Боҳодир! Ҳозирнинг ўзида илмда из қолдирадиган анча ишлар қилдингиз. Келажакда илмингиз яна ҳам теранлашсин, борган сари баракали бўлаверсин! Ишларингиз ўнгидан келиб, омад сизга доим ёр бўлсин! Ҳурмату эҳтиром ила имзо. 24.05.2005”. Тўғри, мақтов кимга ёқмайди! Бироқ бу тилакка лойиқ бўлиш осон эмас. Матёқуб Қўшжонов ана шундай меҳр-мурувватли, бағрикенг ИНСОН эди…

Домланинг ҳар куни бир бет ёзиш керак, деган қатъий ақидасини, шунга мувофиқ хаёли ҳар доим янги асар режаси билан банд бўлганини кўпчилик билади. Сабоқ бўладиган бир фазилат бу. Матёқуб ака суҳбат чоғи ижодий режаларини, ёзаётган мақола ёки китобларини яширмай айтарди; суҳбатдошининг мавзуларга муносабатига бефарқ бўлмасди. Хоразмлик ижодкорлар тўғрисида бир китоб ёзаётганини айтиб, мендан ҳам ижодий биография сўраган эди. Китобларимни олиб бордим, ижодий биография масаласи ортга сурилди. Режадаги ўша китоб “Хоразм мўъжизаси” деб номланиши керак эди. Фикримча, унинг анча қисми ёзилганди. Охирига етмай қолди, чамаси.

Матёқуб ака соғлиқ-саломатликка жиддий эътибор берадиган инсон эди. Соғлиқ хусусида гап кетганда, тананинг сирлари тўғрисида донишманд табибдек гапирар ва гапини тўхтатиб: “Бу тўғрида инсон танасидаги аъзолар баҳси услубида бир асар ёзмоқчиман”, деган ниятини айтганди. Асарнинг услуби, композицияси хаёлда тайёрлигини, унда Мия, Юрак, Ошқозон каби бир қанча рамзий образлар бўлишини сўзлаганди.

Матёқуб ака шогирдларидан профессор Бегали Қосимовни яхши кўрар, уни алоҳида ҳурмат билан тилга оларди. Бегали Қосимов тўғрисида хотиралар жамланаётганини эшитиб, мақола ёзиб бермоқчи эди. “Мақоланинг бошланишини ўйлаб қўйдим. Бир йили ёзда шогирдлар билан Амударёда чўмилдик. Улар орасида Бегали ҳам бор эди. Ўша пайтлари ҳам кўзойнак тақарди Бегали. Кўзойнакни ечмай дарёга шўнғибди. Сувдан бошини чиқарди. Кўзойнак йўқ. Мен ўша жойини тахминлаб, калла отиб (шўнғиб — шевада) сув остидан Бегалининг кўзойнагини топиб чиққанман”. Хотира-мақола шу воқеадан бошланиши керак эди.

Матёқуб Қўшжонов умри бўйи турли авлодларга мансуб истеъдодларни қўллаб-қувватлади. Айниқса, ХХ асрда шаклланиб, чин ижодкор номига муносиб бир адабий авлод олим мурувватидан баҳраманд бўлди. Демак, Матёқуб Қўшжоновнинг умри фақат ўз асарлари ёки фарзандларидагина эмас, балки шогирдлари ижодида ҳам давом этаётир.


«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 8-сонидан олинди.

12

Matyoqub Qo’shjonov ikkinchi jahon urushida snayper — mergan sifatida ishtirok etgan bo’lsa, jangu jadal maydonini ilm maydoniga almashtirgach, o’zbek adabiyotida har bir so’zi aniq nishonga borib urilgan mohir adabiyotshunos olimga aylandi.

022
Akademik Vosil Qobulov
DO’STIM MATYOQUBGA MAKTUB
012

Do’stim Matyoqub!
Iliq so’zlar bilan tortiq qilingan «Tepki bosildi…» nomli kitobingizni satrma-satr o’qib chiqdim va yurak tuyg’ularimni ushbu xat bilan izhor qilishni lozim topdim.

Avvalo, o’sha dahshat yillari front kezib, xatarlar ummonidan tirik chiqqan askarlar o’zaro abadiy do’st bo’lib qoladilar. Shuning uchun ham ushbu maktubimni «Do’stim Matyoqubga» deb boshladim. Bilasizmi, men urush haqida sarkardalar yozgan yuzlab kitoblar to’pladim, ularda front, armiya, nihoyat, diviziyalar hayoti haqida gaplar, lekin oddiy askar hayoti, uning kechinmalari to’g’risida haqqoniy gaplar yozilgan «soldat asari» kamdan-kam. Siz urushning eng dahshatli joylaridan biri sanalgan Sinyavino tepaliklarida oddiy askarlar kechirgan mashaqqatli kunlar haqida hikoya qilgansiz va u tahsinga sazovor.

Kitobingizda ona yurtingiz Toshhovuz yaqinidagi, mashhur Ko’hna Urganch minorasi ko’rinib turadigan Ziyli qishlog’idagi hayot bilan undan uzoq-uzoklarda, front yillarida kechirilgan hayot bir-biriga bog’lab tasvirlangan.

Haqiqatan ham biz soldatlar qaerda bo’lmaylik, qaysi okoplarda, snaryad va bombalar xavfi ostida yotmaylik, hamma vaqt o’z yurtimiz haqida o’ylaganmiz, uni qo’msaganmiz. O’sha joylardan omon qaytibmiz, ehtimol, bizga ota-onalarimiz, yor-birodarlar mehri madad bo’lgandir. Siz komandiringiz Aleksey Kochegarov, do’stingiz Fomin va boshqalarni esga olgansiz. Haqiqatan ham, o’sha joylarda inson qalbining olijanob qirralari ochilardi, frontdagilar bir-birlariga odamshinavandalik bilan munosabatda bo’lmasalar hayot o’chmas, hech kim millatga, hech kim qaerdan kelganiga qarab o’tirmas, balki jangu jadalda yonma-yon turib bardosh berishga intilar edi. Shuning uchun bo’lsa kerak, men hozir ham o’zimni frontda, deb his qilaman va atrofdagilarga o’sha vaqtlardagi kabi hamkorlar, deb qarashga harakat qilaman.  Fikrimcha, xalqimizning hozirgi har bir halol odami arzimagan g’arazlarni chetga surib qo’yib, ittifoq bo’lishi va xalqimiz farovonligi yo’lida birga kurashishi kerak.

Kitobingizni o’qib, shular hakida o’ylab qoldim. Siz urushni Sinyavino botqoqliklaridan boshlagan ekansiz. «Biz snaryad portlayotgan, pulemyotlar tarillayotgan tomonga qarab yurishda davom etdik» (9-bet). Bu holat xammamizning boshimizdan o’tgan, buning qanchalik dahshat ekanligi hali ham esimda. Sinyavinoda do’stingiz Napas bilan bitta tor okopchada o’tgan kunlaringiz, birinchi jarohat va «sanbat» — bular ham oddiy soldat hayotidagi oddiy sinoatlar edi. Keyin snayper bo’libsiz, soldatlarimizni nemis snayperlari o’qidan xalos qilishda ish ko’rsatibsiz, «ozod ovlar» olib boribsiz, bular tahsinga sazovor. Buni o’sha dviziya komandiri Rodigin ham ta’kidlab o’tgan.

Siz jang maydonida darrov tushunib bo’lmaydigan, jangchini o’ta ajablantiradigan paytlarni ko’p ko’rgansiz. Katta yig’inlarda sizning gaplaringizni eshitsam, hozirgi tinchlik davrida ham shunday holatlar hayotingizda kam emasligini ko’rib, hayratda qolaman.

Biz — front qatnashchilari hayoti hech vaqt oson o’tmagan, ehtimol, bu sinovlarga frontlarda olingan saboqlar vositasida bardosh berarmiz. Siz: «Jang paytlari bir haftalik dam olish yillarga barobar ekanini bir soat bo’lsa ham jang maydoniga kirib chiqqanlar yaxshi bilishadi», deb yozibsiz. Hakqoniy gap. Buning ma’nosiga yetish kerak. Dushmanning snaryad va bombalar «yomg’iri» ostida qolgan soldat, agar tirik qolsam har kanday hayotga tayyorman, deb Allohga iltijolar qilganini ko’p ko’rganmiz, eshitganmiz. Bundan tashkari frontda dam olish nima ekanligini yaxshi bilamiz. Men ham «… bir necha daqiqagina oldin suhbat qurib o’tirishgan do’stlarimizning birontasini bugun topa ololmagan» (113- bet) hollariga ko’p duch kelganman. Ilohim bunday fojialarni hozir ham, bundan keyin ham xech kimga ravo ko’rmasin.

Yillab ajal girdobida yurganingdan keyin, odam o’limga xdm ko’nikib qoladi, bu to’g’ri, lekin siz hamma vaqt oldinga saf tomon qadam tashlagansiz. Xalqimiz sizdek o’g’lonlari bilan faxrlansa arziydi.

Kitobingizning ikkinchi qismi «Diydor» deb atalgan. Bunda onaxonlar mehri-muruvvati, do’stingiz Napas mardonaligi haqida hikoya kilinadi. Qishlog’ingiz hayoti tasvirlanadi. Xorazm vohasidagi bir fojia to’g’risida gapirib, kitobni ushbu so’zlar bilan yakunlagansiz: «Hoy odamlar, ogoh bo’linglar, yon-atrofingizga qaranglar. Hayot fakat bugungi kunning tinch-totuv o’tishida emas, balki ertagi kunimiz qanday o’tishiga, nevara-chevaralarimizga nima koldirishimizga ham bog’lik. Nahotki, Napas do’stim bilan va bizga o’xshagan millionlar 50 yil keyin Qolmik bukkonga (Xorazmdagi ko’l nomi — V.Q.) o’xshagan manbalarini yemirish uchun okoplarda o’tirib, mina-snaryadlar portlashiga bardosh berib, o’q-dori hidini hidlagan bo’lsak? — degim keladi» (158- bet). Men ham shunday deb kelayotganlardanman. Kitoblaringizni o’qib o’tmishni esladim, front xotiralarimni yozsammikin, degan xayol ham o’tdi. Qani endi, siz bergan ilhom dalda bo’lib, bu reja amalga oshsa.

022
Bahodir Karim
IJODI HAM, HAYOTI HAM IBRAT
012

Akademik Matyoqub Qo’shjonov qariyb oltmish yil ijod qildi. Bu mo»tabar ustozimizdan ellikka yaqin kitob, besh yuz-olti yuz atrofida ilmiy maqolalar meros bo’lib qoldi. Ularda olim Abdulla Qodiriy, Oybek, Abdulla Qahhor, Abdulla Oripov ijodini, obraz, kompozitsiya, syujet, konflikt kabi adabiyot nazariyasi masalalarini tadqiq qildi. Shu ma’noda XX asr o’zbek adabiyotshunosligi va adabiy tanqidchiligi tarixini Matyoqub Qo’shjonovning ilmiy asarlarisiz to’kis tasavvur etib bo’lmaydi.

Matyoqub Qo’shjonov uchun adabiy matn eng asosiy, eng muhim manba bo’ldi. “Obrazlar o’z ma’nosi bilan kitobxonga qanday ta’sir o’tkazadi, qay darajada odob beradi, ruhan boyitadi, ularning qimmati shu bilan belgilanadi. Bu — azaliy haqiqat!”. Bunday fikrlar adabiy matnni, jumlama-jumla, so’zma-so’z, ya’ni immanent analiz qilgandan keyin bayon etiladi. Shu zaylda san’at asarining badiiy-estetik qimmatini aniqlash Matyoqub Qo’shjonovdek ulkan adabiyotshunos iste’dodiga, uslubi va tabiatiga xos fazilatdir. Olim tahlil va talqin jarayonida o’z ilmiy kontseptsiyasiga sadoqatan asarda mavjud bo’lmagan jihatlarni bo’rttirmaydi. San’at hodisasiga nomunosib epizodlarni ayab, xaspo’shlab o’tirmaydi; tanqidiy fikrini lo’nda qilib aytadi-qo’yadi. Ayni paytda, asarning badiiyatiga, fazilatlariga, adabiyot tarixi yoki adabiy kechimdagi o’rniga xolis baho beradi. Lozim bo’lsa, mavjud adabiy matnni dunyo adabiyotining durdonalariga qiyoslab, qamrovni kengaytiradi; nazariyaga tayanib, fikrni erkin qo’yadi.

Uyimizda Matyoqub Qo’shjonovning 1965 yili bosilgan qo’ng’ir muqovali, qalingina “Oybek mahorati” nomli — sarlavhasi qizil rangda, sarlavhaning bosh “O” harfi oq rangda yozilgan — kitobi bo’lar edi. Kitobning yoshi mendan bir yilga katta. Uni V — VI sinflarda o’qib yurgan kezlarim otamning fizika-matematikaga oid kitoblari ichidan olib varaqlaganman. Shunda otam: “Bu kishi Matyoqub Qo’shjonov bo’ladi. O’zimizning Hallangdan. Bilasanmi, unga “O’zbeklarning Belinskiysi” deb nom berishgan”, deb aytgan gaplarini hali-hali eslayman.

Matyoqub Qo’shjonov juda samimiy inson edi. Birovdan maslahatini ayagan emas. Hech qistanmasdan, qisinmasdan gapirar, biror ko’ngilsiz voqea bo’lsa ham ortiqcha hayajonlanmay, donishmandlarga xos bosiqlik bilan muammoga yondashar, maslahat berardi. Maslahati bama’ni va o’rinli bo’lar, ortiqcha ezmalikni yoqtirmasdi. Oz so’z bilan ko’p ma’nolarni ifodalaguvchi bir inson edi domla.

…Ilmiy ishimni yoqlashimga yaqin qolgan edi. Bunday paytlari, odatda, dissertantlarning ishi ko’p, asabi tarang bo’lib yuradi. Men uchun ham uch yuz ellik betlik dissertatsiyaga doir bir professorning yarim betlik fikri qadrli bo’lib turgan kunlar. Ammo undan darak yo’q, sabrdan o’zga chora. Ba’zan quyushqondan chiqib, jig’ibiyron bo’ldim. Ixtisoslashgan kengash raisi professor To’ra Mirzaev ham sabrdan maslahat beradi. Shu payt Til va adabiyot instituti oldida Matyoqub akani ko’rib qoldim. “Ha, — dedi domla. — Ishlar nima bo’layapti?”. M.Qo’shjonov ham Ixtisoslashgan kengash a’zosi. Holatni tushuntirdim. Asabiylashib yurganimni yashirishning hech iloji bo’lmadi. Qarab turib: “Shunga shunchami?”, dedi va qachonlardir boshidan o’tgan ibratli bir voqeani so’zladi. Bir necha tuhmatchi guruhboz kishilarga qarshi yolg’iz kurashganini, ammo haqgo’yligi tufayli qomatni tik tutib (“Mana bunday”, deb ayni holatini ko’rsatib berdi), aslo taslim bo’lmaganini va har kungi odatiga ko’ra borib Anhorning muzdek suvida cho’milganini aytib berdi. Bu tarix oldida men uchun juda muhim va yechimsizdek tuyulgan haligi tashvishlar arzimagan bo’lib ko’rindi. Asablar joyiga keldi… Muammolar hal bo’ldi. Dissertatsiyani yoqlagan kunimda norasmiy taqrizchi sifatida Matyoqub aka yaxshi fikrlar, iliq so’zlar aytdi. Ish yangi tadqiqotlar uchun yo’l ochishi mumkinligidan gapirdi. Yelkamdan tog’ ag’darildi, desam, yelkamga yuk yuklandi…

Bir kuni Matyoqub akani ko’chada ko’rib salomlashdim. Domlaning ko’rishi yaxshi bo’lmagani bois, har doimgidek salomdan so’ng o’zimni tanitib: “Matyoqub aka, Bahodirman”, dedim. “Ha, ovozingdan tanidim”, deya ahvol so’radi domla. So’ng yozuv-chizuv ishlarimni so’radi. Ba’zi narsalar yozayotganimni aytdim. “Ha, yaxshi, — dedi Matyoqub aka shoshilmay. — Shu, tomchilab turaver, tomchilab. Ammo-lekin aslo to’xtab qolmagin. To’xtagan yomon”. Bu muhim gap, bu muhim nasihat va dalda edi. Ayniqsa, qalam ahli uchun.

Yangi kitobim chiqsa, albatta, Matyoqub Qo’shjonovga dastxat yozib olib borardim. Bir kuni fakultetda o’tirsam, telefon jiringlab qoldi. Oldim. Matyoqub akaning doimgidek mayin-bosiq ovozi. “Bir kitob yozibsan, Bohodir. Hozirgina o’qib berishdi. Yaxshi kitob ekan. Fikrlar lo’nda, uslub yaxshi. Mavzulari, ko’tarilgan masalalari juda muhim. Uni hatto yana shu zaylda bemalol davom ettirish ham mumkin. Ishlaringga muvaffaqiyat”, dedi mayin ohangda. Matyoqub aka mo»jazgina bir kitobcha haqida gapirayotgan edi. Bu samimiy munosabatda biz uchun ibrat bor edi.

Matyoqub Qo’shjonov “Sharq yulduzi” jurnalida 90-yillar boshida xorazmlik Matyoqub Abdullaev to’g’risida “O’tmish fojealaridan bir lavha” degan maqola yozgan edi. M.Abdullaev 30-yillari adabiy jarayonda faol bo’lgan. “Qilich” nomli roman ham yozgan. Bu ijodkor urushda asirga olinib, legionerga aylanadi. Ammo M.Qo’shjonov uning olmonlar tomonidagi taqdiridan bexabar edi. Maqola aynan shu mazmundagi gaplar bilan tugallanadi. Ilmiy safarga borganimda, Berlinning Unter den linden ko’chasidagi Markaziy kutubxonaga kirib, Turkiston legionerlari faoliyatiga oid matbuot manbalarini izladim. Buni qarangki, Matyoqub Abdullaev haqida yangi ma’lumotlar topildi. Shu asosda maqola yozdim. Maqola mazmunan Matyoqub aka fikrlarini to’ldirgan edi. Domla o’z maqolasidagi taxminga oydinlik kiritilganidan mamnun bo’lganini yashirmadi.

“Diydor” nomli allomaning zamondoshlari bilan kechgan damlariga bag’ishlangan kitobi nashrdan chiqqach, Matyoqub akani yo’qlab uylariga bordim. Har doimgidek maroqli suhbat bo’ldi. So’ngra “Diydor”ning ichki sahifasiga dastxat yozdi. Muhtaram gazetxon takabburlikka yo’ymasin, domladan xotira bo’lgan o’sha duodek dil so’zini shu o’rinda eslab o’tmoqchiman: “Yosh do’stim Bohodir! Hozirning o’zida ilmda iz qoldiradigan ancha ishlar qildingiz. Kelajakda ilmingiz yana ham teranlashsin, borgan sari barakali bo’laversin! Ishlaringiz o’ngidan kelib, omad sizga doim yor bo’lsin! Hurmatu ehtirom ila imzo. 24.05.2005”. To’g’ri, maqtov kimga yoqmaydi! Biroq bu tilakka loyiq bo’lish oson emas. Matyoqub Qo’shjonov ana shunday mehr-muruvvatli, bag’rikeng INSON edi…

Domlaning har kuni bir bet yozish kerak, degan qat’iy aqidasini, shunga muvofiq xayoli har doim yangi asar rejasi bilan band bo’lganini ko’pchilik biladi. Saboq bo’ladigan bir fazilat bu. Matyoqub aka suhbat chog’i ijodiy rejalarini, yozayotgan maqola yoki kitoblarini yashirmay aytardi; suhbatdoshining mavzularga munosabatiga befarq bo’lmasdi. Xorazmlik ijodkorlar to’g’risida bir kitob yozayotganini aytib, mendan ham ijodiy biografiya so’ragan edi. Kitoblarimni olib bordim, ijodiy biografiya masalasi ortga surildi. Rejadagi o’sha kitob “Xorazm mo»jizasi” deb nomlanishi kerak edi. Fikrimcha, uning ancha qismi yozilgandi. Oxiriga yetmay qoldi, chamasi.

Matyoqub aka sog’liq-salomatlikka jiddiy e’tibor beradigan inson edi. Sog’liq xususida gap ketganda, tananing sirlari to’g’risida donishmand tabibdek gapirar va gapini to’xtatib: “Bu to’g’rida inson tanasidagi a’zolar bahsi uslubida bir asar yozmoqchiman”, degan niyatini aytgandi. Asarning uslubi, kompozitsiyasi xayolda tayyorligini, unda Miya, Yurak, Oshqozon kabi bir qancha ramziy obrazlar bo’lishini so’zlagandi.

Matyoqub aka shogirdlaridan professor Begali Qosimovni yaxshi ko’rar, uni alohida hurmat bilan tilga olardi. Begali Qosimov to’g’risida xotiralar jamlanayotganini eshitib, maqola yozib bermoqchi edi. “Maqolaning boshlanishini o’ylab qo’ydim. Bir yili yozda shogirdlar bilan Amudaryoda cho’mildik. Ular orasida Begali ham bor edi. O’sha paytlari ham ko’zoynak taqardi Begali. Ko’zoynakni yechmay daryoga sho’ng’ibdi. Suvdan boshini chiqardi. Ko’zoynak yo’q. Men o’sha joyini taxminlab, kalla otib (sho’ng’ib — shevada) suv ostidan Begalining ko’zoynagini topib chiqqanman”. Xotira-maqola shu voqeadan boshlanishi kerak edi.
Matyoqub Qo’shjonov umri bo’yi turli avlodlarga mansub iste’dodlarni qo’llab-quvvatladi. Ayniqsa, XX asrda shakllanib, chin ijodkor nomiga munosib bir adabiy avlod olim muruvvatidan bahramand bo’ldi. Demak, Matyoqub Qo’shjonovning umri faqat o’z asarlari yoki farzandlaridagina emas, balki shogirdlari ijodida ham davom etayotir.


«O’zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasining 2008 yil 8-sonidan olindi.

12

(Tashriflar: umumiy 1 857, bugungi 1)

Izoh qoldiring