G’afur G’ulom. Mening o’g’rigina bolam & G’afur G’ulom. Hikoyalar ktobi

Ashampoo_Snap_2016.12.07_22h38m59s_002_.png10 май — Ғафур Ғулом туғилган кун

     Сентабр ойларининг охири, илк куз оқшомларидан бири эди. Ҳаво анчагина салқин. Биз етимлар бир-биримизнинг пинжимизга тиқилиб, бир-биримизни иситиб уйқуга кетганмиз. Қаторда энг сўнгги бўлиб, она чумчуқдай қора бувим ётардилар, у киши саксондан ошиб кетган, носкаш кампир эдилар.

Ғафур ҒУЛОМ
МЕНИНГ ЎҒРИГИНА БОЛАМ
08

09Ўзбек адабиётининг машҳур намояндаларидан бири Ғафур Ғулом 1903 йил 10 майда Тошкент шаҳрининг Қўрғонтеги маҳалласида таваллуд топди. Тўққиз ёшида отасидан, ўн беш ёшида онасидан етим қолган Ғафур аввал эски мактабда, сўнгра рус-тузем мактабида таълим олди. У Октябрь тўнтаришидан кейинги йилларда муаллимлар тайёрлов курсини битириб, янги мактабларда ўқитувчилик қилди.

1923 йилдан болалар уйида мудир ва тарбиячи, сўнг «Камбағал деҳқон», «Қизил Ўзбекистон», «Шарқ ҳақиқати» газеталари таҳририятларида ишлади. Газета унинг учун дорилфунун ролини ўтади, халқ ҳаётини ўрганиш, унга фаол аралашиш йўлида муҳим восита бўлди.

30-йилларда Ғафур Ғулом ҳикоя, очерк, фелъетонлар қатори «Нетай», «Ёдгор», «Тирилган мурда» каби қиссаларини ҳам яратди. Уруш йилларида шоир ўз ижодининг бутун ҳароратини фашист босқинчиларига қарши курашаётган халққа бағишлади, унинг муқаррар ғалабасига ишонч руҳи билан суғорилган шеърлар яратди. У «Сен етим эмассан», «Кузатиш», «Вақт», «Соғиниш» каби шеърлар, публицистик очерк ва мақолалар ёзиб, халқни жанг ва меҳнат ғалабасига отлантирди.

Ғафур Ғулом ўзбек таржима мактабининг майдонга келишига ҳам улкан ҳисса қўшган. У «Отелло», «Қирол Лир» сингари жаҳон адабиёти дурдоналарини ^ўзбек тилига катта маҳорат билан ўгирган. Ғафур Ғулом Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси (1943) эди.

У 60 йиллик юбилейи муносабати билан «Ўзбекистон халқ шоири» фахрий унвонига сазовор бўлган (1963). 2000 йилда эса Ватан олдидаги унутилмас хизматлари учун унга «Буюк хизматлари учун» ордени берилди.

Ўзбек шеъриятининг оташин жарчиси, улкан сўз санъаткори Ғафур Ғулом миллий адабиётимизнинг ривожига катта ҳисса қўшган адибдир. Адиб 1966 йилда вафот этган.

08

Отамизнинг ўлганига анчагина йил ўтиб кетди. Бу йил — ўн еттинчи йилнинг кўкламида онамиздан ҳам ажралиб, шум етим бўлиб қолдик. Биз тўрт етимдан хабар олиб туришга катта онам — онамнинг оналари Роқиябиби келиб турибдилар. Бу кишини биз эркалаб «қора буви» деб атаймиз.

Оқшомлари бувим бошлиқ ҳаммамиз олди очиқ айвонда увунтўда[1] кўрпа-ёстиқларга ўралиб, биттагина Ўратепанинг кир ип шолчаси устида ухлаймиз.

Сентабр ойларининг охири, илк куз оқшомларидан бири эди. Ҳаво анчагина салқин. Биз етимлар бир-биримизнинг пинжимизга тиқилиб, бир-биримизни иситиб уйқуга кетганмиз. Қаторда энг сўнгги бўлиб, она чумчуқдай қора бувим ётардилар, у киши саксондан ошиб кетган, носкаш кампир эдилар.

Бу оқшом уч хўроз ўтгандан кейин, етти қароқчи юлдузи тик келганда ғўнғир-ғўнғир овоздан уйғониб кетдим.

Бувим ким биландир анчагина баланд овоз билан суҳбатлашмоқда эдилар. Ҳовлимиз, ота-бувадан қолган, анчагина катта бўлиб, тўртбурчак таноби ҳовлилардан эди. Гир атрофи иморат, шимол томонда амакиваччаларимиз туришарди. Лекин улар ёзда боғга кўчиб кетардилар. Ҳозир улар томон бўш.

Буни қаранг-а, бизнинг уйимизга ўғри кепти. Бизни ҳам одам деб йўқлайдиган кишилар бор экан-да, дунёда? Эртага ўртоқларимга тоза мақтанадиган бўлдим-да: «Бизнинг уйга ўғри келди». Ғурур билан айтилса бўлади. Лекин ишонишармикан?

Ўғри ўша амакиваччаларнинг томидан секин юра келиб, бувимнинг тўғриларига келганда акса уриб юборибди. Бувим эса ёстиқни кўкракларига қўйиб, тил тагидаги нос билан ўйлаб ётар эканлар. Бувим «туф» деб носни туфлаб, томга қараб:
— Ўғригина болам, ҳой ўғригина болам, ҳойнаҳой бирор тирикликнинг кўйида томга чиққан кўринасан, ахир касбинг нозик, тумов-пумовингни ёзиб чиқсанг бўлмайдими, — дебдилар.

Ўғри томдан туриб:
— Ахир, бувижон, сиз ҳам бироргина кеча тинчингизни олиб ухласангиз бўлмайдими, бизнинг тирикчилигимизнинг йўлини тўсаверасизми? — дебди.

Мен гап шу ерларга келганда уйғониб кетган бўлсам керак. Қолган гапларни эшитганимча қилиб ёзаман.
— Ҳой, айланай, ўғригина болам, бошимда шундай мусибат турганда кўзимга уйқу келадими? Мана: олти ой бўлди, бирор соат мижжа қоқиб ухлаганим йўқ. Кундуз кунлар гарангдай довдираб юраман.

Бирор ерга ўтиб мизғигандай қуш уйқуси қиламан. Кечалари хаёл олиб қочиб кетади.

— Нималарни хаёл сурасиз, бувижон? — бу гапдан кейин устидаги тўнини турмучлаб[2] бўғотнинг устига ёстиқ қилиб қўйиб, ўғри ҳам ёнбошлаб олди.

— Нималарнинг хаёлини сурардим. Шу тўртта етимнинг эртасини ўйлайман-да, болам. Замонни ўзинг кўриб турибсан, тириклик тошдан қаттиқ, туянинг кўзидай нон анқога шапиғ. Ҳали буларнинг қўлидан иш келмайди. Сўққабошгина аравакаш тоғаларининг топгани ўзининг рўзғоридан ортиб, буларга қут-лоямут[3] бўлиши қийин. Рўзғорда бўлса, кўз кўриб, қўл тутгудай арзигулик буюм қолгани йўқ. Бир чеккадан сотиб еб турибмиз. «Туриб еганга турумтоғ чидамас», деганлар. Эҳ-ҳа, бу болалар қачон улғаяди-ю, қачон ўзининг нонини топиб ейдиган бўлади! Чор-ночор хаёл сурасан, киши. Тағин бу етимларнинг биттагинаси ўғил, учтаси қиз. Энди ўн тўртдан ўн бешга ўтди. Қизлари қурғур қачон бир ерга элашиб кетади-ю. Ўзи ўраб, ўзи чирмаб оладиган жой чиқмаса, буларга кимнинг ҳам кўзи учиб турибди дейсан. Замон қаттиқ, ўғригина болам, замон қаттиқ!

— Тўғри айтасиз, бувижон, — деди ўғри, — менинг ҳам икки болам, хотиним, битта кампир онам бор, бир товуққа ҳам дон керак, ҳам сув керак, деганларидек, шуларни боқишим керак. Тўртта чавати нон[4] топиш учун ўзимни ўтга, чўғга, Алининг қиличига ураман. Бўлмаса, ишлай десам билагимда қувват бор, ақл-у ҳушим жойида. Менга ҳозир шу қилиб турган ўғрилик касби ёқади, дейсизми. Туппа-тузук аёлманд косибнинг боласи эдим. Замон чаппасига кетди. Керинска пошшо[5] бўлгандан кейин уруш тўхтайди, деган эдилар. Ҳали-бери тўхтайдиган кўринмайди. Ҳали ҳам замон-замон ўша илиги тўқларники.

— Бирор бошқа касб қилсанг бўлмайдими, болам, — деди кампир.

— Нима касб қилай? Ҳамма касбларнинг ҳам бозори касод. Ота касбим кавушдўзликни қилайми? Аввало шуки, кавуш тикишга на чарм бор, на сирач, на мих, на лок. Масаллиғининг ўзи битиб чиққан кавушдан уч баравар қиммат. Ҳаммоллик қилай десам, аввалгидек қоплаб ғалла, қоплаб сабзи-шолғом оладиган бадавлатнинг тухуми қуриган. Тунов куни шу маҳалланинг девкор этикдўзларидан Бувамат ота бутун қолип-у шон-у сўзан, бигизларини улгуржисига икки пуд жўхори унга мовоза қилди. Яхши қилди. Унинг этигини киядиган ўзбек, қозоқ, қирғиз деҳқонлари қаёқда дейсиз, қолган эмас. Фақат уларнинг етимларигина шаҳримизни тўлдириб юрибди. Қайси бурчакка, қайси чордеворга бош суқманг, ўн бешта етим ювуқсиз қўлини чўзиб: «Амаки, нон беринг», дейди. Нон-а, ўзимникига тополмайман-у! Битта ман эмас, буви, маҳалладаги ҳамма косибларнинг аҳволи шунақа. Пичоқчилар ҳам, бўзчилар ҳам, кўнчилар ҳам, борингки, мактаб домлалари ҳам, муллаваччаларнинг ҳам ранги пано. Бир қошиқ оби ёвғонга зор. Санқиб юрибди.

— Ҳув, худоё уруши бошига етсин, қиёмат-қойим дегани шудир-да, а, ўғригина болам-а. Ҳа, майли, шу етимларнинг ҳам пешанасига ёзгани бордир. Хўш, энди ўзингдан сўрай. Ахир, ноиложликдан-ку, шу ҳаром йўлга қадам босибсан, ўзига тўқроқ, бадавлатроқ одамларникига борсанг бўлмайдими? Мана шу маҳаллада Карим қори деган читфуруш бор, Одилхўжабой деган пудратчи бор. Матёқуббой деган кўнчи бор. Буларнинг давлати-ку мил-мил. Бешикдаги боласи ҳам четига байт ёзилган чинни косада ош ичади. Шуларнинг томини тешсанг бўлмайдими?

— Эй, бувим тушмагур, соддасиз-да, содда, — деди ўғри. — Бойларнинг уйига тушиб бўладими, уларнинг пахсаси саккиз қават, эшиклари темирдан, ҳар биттасининг қўрасида эшакдай-эшакдай иккита, учтадан итлари бор. Бу итлар ҳовли саҳнидан битта капалак ўтса, бир ҳафта вовуллайди. Одилхўжабойнинг ғуломгардишида-чи[6], милтиқ ушлаган городовой туради. Жонимдан кечибманми, ўлдирмаганда ҳам сибир қилиб юборади.

— Бу гапинг ҳам тўғри, ўғригина болам. Аммо-лекин эҳтиёт бўл. Эл-юртнинг олдида тағин бадном бўлиб қолмагин, — деди бизнинг кампир.

— Гапингиз тўғри, буви, тунов куни Ориф сассиқнинг отхонасидан тўртта товуқ, битта хўроз ўмарган эдим.
— Товуқ, хўроз дедингми? Ҳа, бу махлуқлари қурғур қақақлаб сени шарманда қилмадими?

— Ҳамма ишнинг ҳам ўз мароми бўлар экан, буви, товуқ олгани борганда чўнтагимга бир шишага сув солиб оламан. Кейин қўндоқнинг тагига бориб, оғзимни сувга тўлдириб товуқларга пуркайман. Товуқдай аҳмоқ жонивор оламда йўқ. Ёмғир ёғяпти, шекилли, деб ўйлаб, бошини ичига тиқиб, ҳап ётаверади, кейин битта-битта ҳиқилдоғидан тутиб халтага соламан.

— Шунақа дегин, вой тавба-эй. Ҳамма ҳунарнинг ҳам ўзининг мурт гардони[7] бўлар экан-да.

— Шундай қилиб десангиз, бувижон, сиримнинг хашаги очилишига оз қолди. Йўқ, элликбошимиз Раҳмонхўжага хўрозни олиб бориб берган эдим, ишни босди-босди қилиб юборди. Раҳмонхўжа мен билан тузук, яхши одам. Бултур уни-буни сотиб, саксон уч сўм пул жамғариб: «Топганимиз шу, элликбоши ота», деб пора берган эдим, рабочийга кетишдан олиб қолди.

— Ҳа, ишқилиб, бола-чақасининг эгилигини[8] кўрсин. Энди буёққа қара, ўғри болам, ҳадемай тонг ҳам ёришиб қолар. Ана, ёруғ юлдуз ҳам тиккага келиб қолди. Ошхонанинг ёнидаги тутдан сирғалиб пастга туш, ўтинимиз йўқ. Ошхонада бир замонлар боғдан келган бир-иккита ёнғоқ тўнка бор, болтани олиб, шунинг бир чеккасидан озгина учириб бер, қумғон қўяман. Кеча тоғанг бериб кетган зоғорадан иккитасини олиб қўйганман, биргалашиб чой ичамиз.

— Йўғ-э, буви, — деди ўғри, — тўнка ёриб-ку берарман, аммо чой ичолмайман, чунки кун ёришиб қолса, мени таниб қоласиз. Жуда ҳам юзимни сидириб ташлаганим йўқ, андишам бор, уяламан.
— Вой ўлай, қутлуғ уйдан қуруқ кетасанми, болам? Бир нима олиб кет. Тўхта, нима олиб кетсанг экан, ҳа, дарвоқе, ошхонада битта ярим пудлик қозон бор. Аллазамонлар уйимизда одамлар кўп эди, катта қозонда ош ичардик. Худонинг ғашига тегдик шекилли, шундоқ катта, гуркираган хонадондан мана шу тўрттагина етим қолиб турибди. Эҳ-ҳа, булар қачон катта қозонни қайнатар эди-ю… Шуни олиб кета қол. Сотиб бир кунингга яратарсан, ўғригина болам.

— Йўқ, йўғ-э, буви, ёмон ният қилманг. Ҳа-ҳув дегунча бу кунлар ҳам унут бўлиб кетади. Яна катта оилалар жам бўлади. Ҳатто бу қозон ҳам кичиклик қилиб қолади. Ўша етимларнинг ўзига буюрсин. Тўйларида ўйнаб-кулиб хизмат қилайлик. Хайр энди, буви, мен кетаман, тоғ томон ҳам ёришиб қолди.

— Хайр, ўғригина болам, келиб тур.
— Хўп, она, хўп…

Мен ўша ўғри кишини танир эдим. Ҳалигача ҳеч кимга кимлигини айтган эмасман.

Изоҳталаб сўзлар:
1. Увунтўда — эски, титилиб кетган.
2. Турмучлаб — буклаб.
3. Лут-лоямут — етарли овқат.
4. Чавати нон — оширилмаган хамирдан қилинадиган юпқа нон.
5. Керинска пошшо — Россияда 1917-йилнинг февралидан октабр ойига қадар ҳукм сурган муваққат (вақтинчалик) ҳукумат бошлиғи.
6. Ғуломгардиш — ҳовли дарвозаси ёнида қуллар яшайдиган кулба; бу ерда «йўлак» маъносида ишлатилган.
7. Мурт гардони — ҳисоб-китоби, жавоби.
8. Eгилигини — «роҳатини», «орзу-ҳавасини» маъносида.

G‘afur G‘ULOM
MЕNING O‘G‘RIGINA BOLAM
08

z080.jpgO‘zbek adabiyotining mashhur namoyandalaridan biri G‘afur G‘ulom 1903 yil 10 mayda Toshkent shahrining Qo‘rg‘ontegi mahallasida tavallud topdi. To‘qqiz yoshida otasidan, o‘n besh yoshida onasidan yetim qolgan G‘afur avval eski maktabda, so‘ngra rus-tuzem maktabida ta’lim oldi. U Oktyabr to‘ntarishidan keyingi yillarda muallimlar tayyorlov kursini bitirib, yangi maktablarda o‘qituvchilik qildi.

1923 yildan bolalar uyida mudir va tarbiyachi, so‘ng «Kambag‘al dehqon», «Qizil O‘zbekiston», «Sharq haqiqati» gazetalari tahririyatlarida ishladi. Gazeta uning uchun dorilfunun rolini o‘tadi, xalq hayotini o‘rganish, unga faol aralashish yo‘lida muhim vosita bo‘ldi.

30-yillarda G‘afur G‘ulom hikoya, ocherk, felyetonlar qatori «Netay», «Yodgor», «Tirilgan murda» kabi qissalarini ham yaratdi. Urush yillarida shoir o‘z ijodining butun haroratini fashist bosqinchilariga qarshi kurashayotgan xalqqa bag‘ishladi, uning muqarrar g‘alabasiga ishonch ruhi bilan sug‘orilgan she’rlar yaratdi. U «Sen yetim emassan», «Kuzatish», «Vaqt», «Sog‘inish» kabi she’rlar, publitsistik ocherk va maqolalar yozib, xalqni jang va mehnat g‘alabasiga otlantirdi.

G‘afur G‘ulom o‘zbek tarjima maktabining maydonga kelishiga ham ulkan hissa qo‘shgan. U «Otello», «Qirol Lir» singari jahon adabiyoti durdonalarini ^o‘zbek tiliga katta mahorat bilan o‘girgan. G‘afur G‘ulom O‘zbekiston Fanlar akademiyasining haqiqiy a’zosi (1943) edi.

U 60 yillik yubileyi munosabati bilan «O‘zbekiston xalq shoiri» faxriy unvoniga sazovor bo‘lgan (1963). 2000 yilda esa Vatan oldidagi unutilmas xizmatlari uchun unga «Buyuk xizmatlari uchun» ordeni berildi.

O‘zbek she’riyatining otashin jarchisi, ulkan so‘z san’atkori G‘afur G‘ulom milliy adabiyotimizning rivojiga katta hissa qo‘shgan adibdir. Adib 1966 yilda vafot etgan.

08

Otamizning o‘lganiga anchagina yil o‘tib ketdi. Bu yil — o‘n yettinchi yilning ko‘klamida onamizdan ham ajralib, shum yetim bo‘lib qoldik. Biz to‘rt yetimdan xabar olib turishga katta onam — onamning onalari Roqiyabibi kelib turibdilar. Bu kishini biz erkalab «qora buvi» deb ataymiz.

Oqshomlari buvim boshliq hammamiz oldi ochiq ayvonda uvunto‘da[1] ko‘rpa-yostiqlarga o‘ralib, bittagina O‘ratepaning kir ip sholchasi ustida uxlaymiz.

Sentabr oylarining oxiri, ilk kuz oqshomlaridan biri edi. Havo anchagina salqin. Biz yetimlar bir-birimizning pinjimizga tiqilib, bir-birimizni isitib uyquga ketganmiz. Qatorda eng so‘nggi bo‘lib, ona chumchuqday qora buvim yotardilar, u kishi saksondan oshib ketgan, noskash kampir edilar.

Bu oqshom uch xo‘roz o‘tgandan keyin, yetti qaroqchi yulduzi tik kelganda g‘o‘ng‘ir-g‘o‘ng‘ir ovozdan uyg‘onib ketdim.

Buvim kim bilandir anchagina baland ovoz bilan suhbatlashmoqda edilar. Hovlimiz, ota-buvadan qolgan, anchagina katta bo‘lib, to‘rtburchak tanobi hovlilardan edi. Gir atrofi imorat, shimol tomonda amakivachchalarimiz turishardi. Lekin ular yozda bog‘ga ko‘chib ketardilar. Hozir ular tomon bo‘sh.

Buni qarang-a, bizning uyimizga o‘g‘ri kepti. Bizni ham odam deb yo‘qlaydigan kishilar bor ekan-da, dunyoda? Ertaga o‘rtoqlarimga toza maqtanadigan bo‘ldim-da: «Bizning uyga o‘g‘ri keldi». G‘urur bilan aytilsa bo‘ladi. Lekin ishonisharmikan?

O‘g‘ri o‘sha amakivachchalarning tomidan sekin yura kelib, buvimning to‘g‘rilariga kelganda aksa urib yuboribdi. Buvim esa yostiqni ko‘kraklariga qo‘yib, til tagidagi nos bilan o‘ylab yotar ekanlar. Buvim «tuf» deb nosni tuflab, tomga qarab:
— O‘g‘rigina bolam, hoy o‘g‘rigina bolam, hoynahoy biror tiriklikning ko‘yida tomga chiqqan ko‘rinasan, axir kasbing nozik, tumov-pumovingni yozib chiqsang bo‘lmaydimi, — debdilar.

O‘g‘ri tomdan turib:
— Axir, buvijon, siz ham birorgina kecha tinchingizni olib uxlasangiz bo‘lmaydimi, bizning tirikchiligimizning yo‘lini to‘saverasizmi? — debdi.

Men gap shu yerlarga kelganda uyg‘onib ketgan bo‘lsam kerak. Qolgan gaplarni eshitganimcha qilib yozaman.
— Hoy, aylanay, o‘g‘rigina bolam, boshimda shunday musibat turganda ko‘zimga uyqu keladimi? Mana: olti oy bo‘ldi, biror soat mijja qoqib uxlaganim yo‘q. Kunduz kunlar garangday dovdirab yuraman.

Biror yerga o‘tib mizg‘iganday qush uyqusi qilaman. Kechalari xayol olib qochib ketadi.

— Nimalarni xayol surasiz, buvijon? — bu gapdan keyin ustidagi to‘nini turmuchlab[2] bo‘g‘otning ustiga yostiq qilib qo‘yib, o‘g‘ri ham yonboshlab oldi.

— Nimalarning xayolini surardim. Shu to‘rtta yetimning ertasini o‘ylayman-da, bolam. Zamonni o‘zing ko‘rib turibsan, tiriklik toshdan qattiq, tuyaning ko‘ziday non anqoga shapig‘. Hali bularning qo‘lidan ish kelmaydi. So‘qqaboshgina aravakash tog‘alarining topgani o‘zining ro‘zg‘oridan ortib, bularga qut-loyamut[3] bo‘lishi qiyin. Ro‘zg‘orda bo‘lsa, ko‘z ko‘rib, qo‘l tutguday arzigulik buyum qolgani yo‘q. Bir chekkadan sotib yeb turibmiz. «Turib yeganga turumtog‘ chidamas», deganlar. Eh-ha, bu bolalar qachon ulg‘ayadi-yu, qachon o‘zining nonini topib yeydigan bo‘ladi! Chor-nochor xayol surasan, kishi. Tag‘in bu yetimlarning bittaginasi o‘g‘il, uchtasi qiz. Endi o‘n to‘rtdan o‘n beshga o‘tdi. Qizlari qurg‘ur qachon bir yerga elashib ketadi-yu. O‘zi o‘rab, o‘zi chirmab oladigan joy chiqmasa, bularga kimning ham ko‘zi uchib turibdi deysan. Zamon qattiq, o‘g‘rigina bolam, zamon qattiq!

— To‘g‘ri aytasiz, buvijon, — dedi o‘g‘ri, — mening ham ikki bolam, xotinim, bitta kampir onam bor, bir tovuqqa ham don kerak, ham suv kerak, deganlaridek, shularni boqishim kerak. To‘rtta chavati non[4] topish uchun o‘zimni o‘tga, cho‘g‘ga, Alining qilichiga uraman. Bo‘lmasa, ishlay desam bilagimda quvvat bor, aql-u hushim joyida. Menga hozir shu qilib turgan o‘g‘rilik kasbi yoqadi, deysizmi. Tuppa-tuzuk ayolmand kosibning bolasi edim. Zamon chappasiga ketdi. Kerinska poshsho[5] bo‘lgandan keyin urush to‘xtaydi, degan edilar. Hali-beri to‘xtaydigan ko‘rinmaydi. Hali ham zamon-zamon o‘sha iligi to‘qlarniki.

— Biror boshqa kasb qilsang bo‘lmaydimi, bolam, — dedi kampir.

— Nima kasb qilay? Hamma kasblarning ham bozori kasod. Ota kasbim kavushdo‘zlikni qilaymi? Avvalo shuki, kavush tikishga na charm bor, na sirach, na mix, na lok. Masallig‘ining o‘zi bitib chiqqan kavushdan uch baravar qimmat. Hammollik qilay desam, avvalgidek qoplab g‘alla, qoplab sabzi-sholg‘om oladigan badavlatning tuxumi qurigan. Tunov kuni shu mahallaning devkor etikdo‘zlaridan Buvamat ota butun qolip-u shon-u so‘zan, bigizlarini ulgurjisiga ikki pud jo‘xori unga movoza qildi. Yaxshi qildi. Uning etigini kiyadigan o‘zbek, qozoq, qirg‘iz dehqonlari qayoqda deysiz, qolgan emas. Faqat ularning yetimlarigina shahrimizni to‘ldirib yuribdi. Qaysi burchakka, qaysi chordevorga bosh suqmang, o‘n beshta yetim yuvuqsiz qo‘lini cho‘zib: «Amaki, non bering», deydi. Non-a, o‘zimnikiga topolmayman-u! Bitta man emas, buvi, mahalladagi hamma kosiblarning ahvoli shunaqa. Pichoqchilar ham, bo‘zchilar ham, ko‘nchilar ham, boringki, maktab domlalari ham, mullavachchalarning ham rangi pano. Bir qoshiq obi yovg‘onga zor. Sanqib yuribdi.

— Huv, xudoyo urushi boshiga yetsin, qiyomat-qoyim degani shudir-da, a, o‘g‘rigina bolam-a. Ha, mayli, shu yetimlarning ham peshanasiga yozgani bordir. Xo‘sh, endi o‘zingdan so‘ray. Axir, noilojlikdan-ku, shu harom yo‘lga qadam bosibsan, o‘ziga to‘qroq, badavlatroq odamlarnikiga borsang bo‘lmaydimi? Mana shu mahallada Karim qori degan chitfurush bor, Odilxo‘jaboy degan pudratchi bor. Matyoqubboy degan ko‘nchi bor. Bularning davlati-ku mil-mil. Beshikdagi bolasi ham chetiga bayt yozilgan chinni kosada osh ichadi. Shularning tomini teshsang bo‘lmaydimi?

— Ey, buvim tushmagur, soddasiz-da, sodda, — dedi o‘g‘ri. — Boylarning uyiga tushib bo‘ladimi, ularning paxsasi sakkiz qavat, eshiklari temirdan, har bittasining qo‘rasida eshakday-eshakday ikkita, uchtadan itlari bor. Bu itlar hovli sahnidan bitta kapalak o‘tsa, bir hafta vovullaydi. Odilxo‘jaboyning g‘ulomgardishida-chi[6], miltiq ushlagan gorodovoy turadi. Jonimdan kechibmanmi, o‘ldirmaganda ham sibir qilib yuboradi.

— Bu gaping ham to‘g‘ri, o‘g‘rigina bolam. Ammo-lekin ehtiyot bo‘l. El-yurtning oldida tag‘in badnom bo‘lib qolmagin, — dedi bizning kampir.

— Gapingiz to‘g‘ri, buvi, tunov kuni Orif sassiqning otxonasidan to‘rtta tovuq, bitta xo‘roz o‘margan edim.
— Tovuq, xo‘roz dedingmi? Ha, bu maxluqlari qurg‘ur qaqaqlab seni sharmanda qilmadimi?

— Hamma ishning ham o‘z maromi bo‘lar ekan, buvi, tovuq olgani borganda cho‘ntagimga bir shishaga suv solib olaman. Keyin qo‘ndoqning tagiga borib, og‘zimni suvga to‘ldirib tovuqlarga purkayman. Tovuqday ahmoq jonivor olamda yo‘q. Yomg‘ir yog‘yapti, shekilli, deb o‘ylab, boshini ichiga tiqib, hap yotaveradi, keyin bitta-bitta hiqildog‘idan tutib xaltaga solaman.

— Shunaqa degin, voy tavba-ey. Hamma hunarning ham o‘zining murt gardoni[7] bo‘lar ekan-da.

— Shunday qilib desangiz, buvijon, sirimning xashagi ochilishiga oz qoldi. Yo‘q, ellikboshimiz Rahmonxo‘jaga xo‘rozni olib borib bergan edim, ishni bosdi-bosdi qilib yubordi. Rahmonxo‘ja men bilan tuzuk, yaxshi odam. Bultur uni-buni sotib, sakson uch so‘m pul jamg‘arib: «Topganimiz shu, ellikboshi ota», deb pora bergan edim, rabochiyga ketishdan olib qoldi.

— Ha, ishqilib, bola-chaqasining egiligini[8] ko‘rsin. Endi buyoqqa qara, o‘g‘ri bolam, hademay tong ham yorishib qolar. Ana, yorug‘ yulduz ham tikkaga kelib qoldi. Oshxonaning yonidagi tutdan sirg‘alib pastga tush, o‘tinimiz yo‘q. Oshxonada bir zamonlar bog‘dan kelgan bir-ikkita yong‘oq to‘nka bor, boltani olib, shuning bir chekkasidan ozgina uchirib ber, qumg‘on qo‘yaman. Kecha tog‘ang berib ketgan zog‘oradan ikkitasini olib qo‘yganman, birgalashib choy ichamiz.

— Yo‘g‘-e, buvi, — dedi o‘g‘ri, — to‘nka yorib-ku berarman, ammo choy icholmayman, chunki kun yorishib qolsa, meni tanib qolasiz. Juda ham yuzimni sidirib tashlaganim yo‘q, andisham bor, uyalaman.
— Voy o‘lay, qutlug‘ uydan quruq ketasanmi, bolam? Bir nima olib ket. To‘xta, nima olib ketsang ekan, ha, darvoqe, oshxonada bitta yarim pudlik qozon bor. Allazamonlar uyimizda odamlar ko‘p edi, katta qozonda osh ichardik. Xudoning g‘ashiga tegdik shekilli, shundoq katta, gurkiragan xonadondan mana shu to‘rttagina yetim qolib turibdi. Eh-ha, bular qachon katta qozonni qaynatar edi-yu… Shuni olib keta qol. Sotib bir kuningga yaratarsan, o‘g‘rigina bolam.

— Yo‘q, yo‘g‘-e, buvi, yomon niyat qilmang. Ha-huv deguncha bu kunlar ham unut bo‘lib ketadi. Yana katta oilalar jam bo‘ladi. Hatto bu qozon ham kichiklik qilib qoladi. O‘sha yetimlarning o‘ziga buyursin. To‘ylarida o‘ynab-kulib xizmat qilaylik. Xayr endi, buvi, men ketaman, tog‘ tomon ham yorishib qoldi.

— Xayr, o‘g‘rigina bolam, kelib tur.
— Xo‘p, ona, xo‘p…

Men o‘sha o‘g‘ri kishini tanir edim. Haligacha hech kimga kimligini aytgan emasman.

Izohtalab so‘zlar:
1. Uvunto‘da — eski, titilib ketgan.
2. Turmuchlab — buklab.
3. Lut-loyamut — yetarli ovqat.
4. Chavati non — oshirilmagan xamirdan qilinadigan yupqa non.
5. Kerinska poshsho — Rossiyada 1917-yilning fevralidan oktabr oyiga qadar hukm surgan muvaqqat (vaqtinchalik) hukumat boshlig‘i.
6. G‘ulomgardish — hovli darvozasi yonida qullar yashaydigan kulba; bu yerda «yo‘lak» ma’nosida ishlatilgan.
7. Murt gardoni — hisob-kitobi, javobi.
8. Egiligini — «rohatini», «orzu-havasini» ma’nosida.

Gafur G’ulom. Hikoyalar — Xurshid Davron kutubxonasi by Khurshid Davron on Scribd

005

(Tashriflar: umumiy 14 504, bugungi 1)

Izoh qoldiring