Туғилган қишлоғим Чордаранинг ён атрофларида қадимий Самарқандни ўраб турган кўҳна кентлар: Ҳазора, Бухори, Урганжи, Арабхона, Найман, Туркманқишлоқлари бор. Уларнинг ҳар бирида Самарқанд тарихининг бир саҳифаси яширин. Улардан бири Туркманқишлоқ деб аталса-да, кўпроқ хоразмтабиат инсонлар яшайди. Бу қишлоқ таниқли шоир Темур Маъруфий, адабиётшунос олим Нуриддин Шукуров, Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова ва бошқа жуда кўп машҳур ижодкорларнинг киндик қони тўкилган тупроқ.
Бугун шеърларини сизга тақдим этаётган ажойиб шоир ва таржимон Нурулло Остон ҳам Туркманқишлоқнинг фарзанди.
Нурулло ОСТОН
ШЕЪРЛАР
Нурулло Остон 1955 йилнинг 10 сентябрида Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида туғилган. 1981 йил Тошкент Давлат Университет журналистика факултетини, 1989 йил Ленинград олий партия мактабини тугатган. Н.Остонов 1991 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзосидир. Унинг «Юлдузлар чақнаган тун», «Баҳор рақси», «Йўлдаги булоқ», «Юрагимнинг безовта гули», «Қадим йўлларда», «Осмон тўла фаришта» номли шеърий тўпламлари нашрдан чиққан. Ижодкор туркман шоирининг «Рангли ёмғирлар» шеърий тўплами ҳамда Доғистон халқ шоири Расул Ҳамзатовнинг «Бир оила фарзандлари» номли шеърий тўпламларини таржима қилган.
Бу қишлоқни биламан кўпдан…
илон изи—тор кўчалари,
зилол сувли шарқираган сой, —
кўзим қароғи ичра бари…
Бу қалашган ҳовлилар ичра
барно қизлар гуркираб ўсар.
Қарай-қарай деворларидан
йигитчалар хўрсиниб ўтар.
Бунда кўпдир етилган қизлар,
гўзаллиги беқиёсдир хўп…
Шунинг учун бу уйлар қиммат,
бу уйларнинг харидори кўп…
* * *
Кунлар тақиб келди толбаргак,
тупроқларда ялпиз ислари…
Тушлар кўриб тўлғанди сергак
хипча бўйли қишлоқ қизлари.
Хижолатда ўтган кечада
япроқ тақди дуркун новдалар.
Бери келмай қўйди кўчадан
тиним билмас шаддод болалар.
Лабларида қизғиш табассум —
дув очилди шафтоли гули.
Ҳар гардида яшаш навоси,
гулга тўлди дунёнинг йўли…
САМАРҚАНД
Ҳали ноз уйқудан уйғонмай шамол,
Тоғлар тун қабосин ечмайин ҳали,
Ҳар саҳар кўчага чиқади бир чол,
Самарқанд гардини кўзга суртгали.
Ватандан айрилган ватангадолар
Тириклик йўлида саргардон, дали,
Лаблардан узилар мажруҳ нидолар
Самарқанд гардини кўзга суртгали.
Дунёни таниган не-не зотлар ҳам
Мағрибу машриқдан келган маҳали
Улуғбек юртига қўяркан қадам
Самарқанд гардини кўзга суртгали.
Олислаб кетганда она юртимдан,
Қалбимда титрайди бир туғён сели,
Соғиниб қайтарман етти иқлимдан,
Самарқанд гардини кўзга суртгали.
* * *
Юрагимни Ватанимга элтинглар…
Шопен
Унинг кўзларида қишлаган қушлар
Шайланиб-шайланиб қанот қоқдилар.
Бир фасл юртини ташлаган қушлар
Солланиб-солланиб Шарққа оқдилар.
Оқдилар,
Учолмай қийналди бағир,
Қафасга айланди кўкрак қафаси.
Қирғоқда термилиб қолди бир сағир,
Кўзларда потирлаб соғинч-талваса.
Бу қушлар эрклидир, билмайди ҳудуд,
Узалган йўлларнинг чокин ўрайди.
Кўзларга айланган ночор бир вужуд
Қўлларин чўзганча Ватан сўрайди…
* * *
Жануб туманига чўмди чироқлар,
ёғдулар қуйилди оқшом қаърига.
Қушлар шовуридан ҳориган боғлар
қунишиб ўранар япроқларига.
Тўлин ой паришон сочин ёяди,
чорбоғни оралар оппоқ сокинлик.
Хипча белларини нурга чаяди
дарахтлар — кечанинг масрур ҳокими.
ВАЗНГА СИҒМАЙДИГАН ШЕЪР
Фарзанди йўқ эди Сарви холанинг,
чироғи йўқ эди Сарви холанинг.
Тунлар қуроғини пойига ташлаб,
нинадай қадалиб чиқар эди у.
Бир кун укасининг
чилласи чиқмаган Ғайбулласини
Қўйнида аллалаб
Ётганди
Бедор,
Маммага талпинган гўдак меҳридан
Бирдан —
сут кела бошлади кўкракларига…
Ўзи улғайтирди Ғайбулласини,
Ҳамсуҳбати
Тунни,
Ёлғизликни унутиб.
Кўзмунчоқдай кунларни йиғиб,
тумор қилди узун йилларни…
Энди момо бўлди набираларга.
Бироқ,
тирик етим қолган норасидаларни
кўрганда
ҳали ҳам
оғриққа тўлиб
Сут кела бошлайди кўкракларига…
* * *
Қўшиғинг бунчалар дилбар бўлмаса,
бунчалар малҳамкор, ширин авжлари
Ки, ташна қалбимда оқмоқда менинг
сен айтган қўшиқнинг қайноқ мавжлари.
Кўзларинг бунчалар чақноқ бўлмаса,
бунчалар иболи, бунчалар теран
Ки, акси жойланди кўз гавҳарига,
кўзларинг, дилбарим, жон олгич экан…
Бунчалар мукаммал олам эҳсони,
бир севинч жойланур ҳайратли дилга.
Ки, сенга ўхайди дилбар қўшиқлар,
чароғон кўзларинг — унинг осмони.
* * *
Униққан кўчалар… Сокин хиёбон,
яланғоч дарахтлар…
бунчалар файзсиз.
Сенсиз ҳаловат йўқ кўзларимда,
Қайт,
Ахир тирик жон бўлмас айбсиз!
Кўрдинг-ку,
фаришта эмасман мен ҳам,
изингдан бораман фурсатни чегиб.
Гуноҳкор боқаман маъюс юзингга,
—Салом, бу—мен!— дейман ғурурни енгиб…
БОЛА ҲАҚИДА БАЛЛАДА
«Йўлим олис, отим оқсоқ…»—
кетиб борар бир бола.
Кўз ўнгида кенгаяди
тор туюлгаи бу олам.
Елкасида йиртиқ чопон,
қўлтиғида китоби.
Кетиб борар бола шодон
«катта шаҳар»га шошиб.
Шаҳар қайда—билмас ҳали,
кунчиқарни кўзлайди.
Қуёш тикка келган маҳал
бир сояда мудрайди…
Кўзларига қўнар уйқу,
кундуз ранги ўчади.
Ширингина эрка туйғу
болаликни қучади.
Оппоқ, оппоқ отлар эмиш,
ялтирармиш ёллари.
Тушларида акс этади
бойчечак хаёллари.
Бола тинмай югурармиш,
қийнайди йўл шитоби.
Елкасида йиртиқ чопон,
қўлтиғида китоби.
Етолмасмиш сира-сира
Армон ила термулармиш
арғумоқлар ёнига,
оловланган ёлига.
Сўнг…
ёнида пайдо бўлди,
мунчоқ кўзли синглиси.
Болаликнинг тушларига
урилар райҳон иси…
Югуради ўксик нидо,
эирқирайди мурғак жон.
у туш кўрар.
Қўлда китоб,
тагида эски чопон…
Кўзларида шашқатор ёш,
чорлар уни онаси.
Туманларда кўринади
қадрдон остонаси.
Уйғонади бола бирдан,
тугар ширин эртаги.
Ортга қайтар келган йўлдан
уйнинг ёлғиз эркаги.
Оппоқ отлар, оппоқ отлар…
Қолди уфқ томонда.
Бола эса уйга қайтар
йиртиққина чопонда…
* * *
Уй ичида чироқ ўчади,
кимдир кетар сукунат сари.
Деразани беҳис қучади
панжаранинг темир қўллари.
Неларнидир шивирлар ҳилол,
деразага босиб юзини.
Уйғонади ойдин бир хаёл,
уйғонар ва танир ўзини.
Ҳуркиб чиқар юлдузли боққа
ва эслайди олис ёшликни.
Сўнг оҳиста куйлай бошлайди
унут бўлган олис қўшиқни.
Уйғонади мудраган кўча,
жон киради сокин чорбоққа.
Тун ярмида одамлар чўчиб
ҳайрат билан тутишар ёқа…
* * *
Сукунатга чўкар қадамлар,
чекинади хомушгина йўл.
Сабзалардан шудрингни сочиб,
мен бораман.
Қучоғимда гул.
Изларимдан келар талпиниб
болаликнинг хушнуд кунлари
Ва бағримдан қолар тўкилиб
чанг кўчага дала гуллари.
* * *
Учолмасдан қолган каптарлар —
деразанинг оқ пардалари.
Қаердаднр кетар бетайнн
тугаётган тун шарпалари.
Қўлчаларин чайиб шудрингга,
қиқирлашиб кулар майсалар.
Қуёш чиқар.
Гала каптарлар
Учолмасдан ҳамон чайқалар.
Аллақайдан келади шамол
Ва бузилар исёндан сафлар.
Потирлашиб уча бошлайди
оқ пардадар —
гала оқ каптар.
ТУНГИ ЧАҚМОҚЛАР
Отам Остоноқул Турсун ўғлига
Ота,
тунги чақмоқ сизга ўхшайди.
Ёрқинлиги, бетакрорлиги,
кескирлиги, исёнкорлиги
сизга ўхшайди.
Гарчанд, қирқ йил бўлди, уруш тугаган,
сизни қийнаб келар ҳамон мудҳиш туш.
Ҳамон олишасиз олчоқ ёв билан
сизда давом атар, қирқ йилки,уруш…
Этагин эплолмай юрганлар сизни
бугун ўзларича қилишар эрмак.
Лофликка йўйишар сўзларингизни,
у йиллар даҳшати туюлар эртак…
Сиз эса бепарво.
Улуғ бардошсиз,
ҳақиқат сингари одил ва танти.
Йилларии қаритиб Сиз ҳамон ёшсиз,
садоқат аскари,
Ватаннинг бахти!
Ота,
тунги чақмоқ сизга ўхшайди.
Ёрқинлиги, бетакрорлиги, кескирлиги,
исёнкорлиги сизга ўхшайди.
Эҳ, қани ҳамма ҳам сиздай бўлсайди,
дунё ёришарди, батамом, ОТА
* * *
Б. Норбоевга
Тун шаҳар устига лангар ташлади,
манзилдан адашиб маёқ изларми?
Бугун ҳам онаси дилни ғашлади:
«Болам, Хоразмга… борасизларми…»
У тағин эслади олис йўлларни,
Гулларни. Гурланни. Инжа қизларни…
Волида ёнига кетди умидвор:
«Болам, Хоразмга… борасизларми?»
У эса жимгина ишга жўнайди,
бир нидо таъқибга олар изларни.
Бағрини эзади беун саволлар:
«Болам, Хоразмга… борасизларми…»
Сомон йўлидаги юлдуз чўғидай
онанинг қалбида милтирар туйғу:
Қаватли уйларнинг деразасидан
ҳар куни кутади Хоразмни у…
ОЙНИНГ ЎҒИРЛАНИШИ
Қалқиб кетди хаёлпараст сой,
тўлқинида само рўмоли.
Тўрга тушди олтинбалиқ — ой,
балиқчининг кулди иқболи.
Дарахтларнинг кўксида исён,
Қўлларида бир қатим ёғду.
Сой сатҳига термилди осмон,
кўзларида жудолик доғи.
Шаббодалар учдилар ҳалак,
юлдуз учди тунни тилкалаб.
Булут эса парвойи фалак
кетар эди ойни елкалаб…
САҲНА
«Самарқанд султони, Улуғбек сўзим…»
Саҳнага қадалган кўзларда сурон.
Сарғайган мозийдан келган ким ўзи,
Султон Улуғбекми, ё Шукур Бурҳон?!
— Мендан юз ўгирди ғофил уламо,
умрим юлдузларга мангу боғланди.
Не-не ғанимларга бермадим омон,
Э, воҳ, ўзим бўлдим тақдирга банди.
Қўрқита олмаган эди на ридо,
на шайхлар фитнаси ва на фатвоси.
Мени орзулардан айлади жудо
оқсоқ хаёлларнинг машъум хатоси…
…Шу фурсат бир четдан саҳнага боқиб
ўзи ҳам танимас Шукур Бурҳонни.
Нигоҳлар туғёнда,
Ҳамма орзиқиб
саҳнага чорлайди улуғ Султонни…
* * *
Нечундир қизариб, хижолат чекиб
журъатсиз қарайди дуркунгина қиз.
Елкамда мусофир йилларнинг юки,
жимгина тураман термилиб сўзсиз.
Лаблар шивирлайди:
— Танимадингиз…
Мен сизни танийман… танийман, — деди. —
Қадрдон қишлоқдан жўнаганда сиз
мен ҳали ўн ёшли қизалоқ эдим…
* * *
Мен кетяпман,
Кўзларингдан тўкилиб кетишим,
лабларингдан отилиб кетишим мумкин бўлган
шундай паллада.
Мен кетяпман,
Кўзлардаги ғазаб — меҳрга,
лаблардаги нафрат — сеҳрга
айланишин кўрмоқлик учун.
Биламан, илтижо нариги уйда
сенинг қўлларингдан судрайди.
Бироқ қиёфангда ўжар бир туйғу
мени ташқарида судлайди.
Изимга қайтаман бирпас куттириб,
изимга қайтарар мени ноҳақлик.
Кўзларингда ёшлар қуриб қолибди,
қуритмадимикан уни бефарқлик?!
* * *
Порлаётган Шамс шуълалари
сойнинг сочларига бойланди.
Саратоннинг ашулалари
энди Сунбулага айланди.
Тиниқ юзли қишлоқ қизидан
ранг кўчгандай, эилоллашди сув.
Баргихазон тонглар изидаи
кириб келди Куз номли сулув,
Япроқларни қулатиб ўтди
ўқтин-ўқтин мерган овчилар.
Ҳали замон келади энди
қирмиз олмаларга совчилар.
Қарсак чалиб қарғалар учди,
изғиринли кунларни чорлаб
Ва сулувнинг ёдига тушди
ёғиб ўтган бемаврид қорлар…
* * *
Мудраётган ҳорғин, кимсасиз
далаларга қуйилди туман.
Изғиб қолди йўлларда танҳо
Қора совуқ номли Ёсуман.
Дарахтларнинг киприкларини
оқартирди тушган қировлар.
Қора совуқ шаънин олқишлаб
қарғалардаи келди қутловлар.
Бу Ёсуман, маккор Ёсуман,
тебратади йўргакда Қишни.
Улғайтириб олгач, ўшанда
биргалашиб бошлайди ишни…
* * *
Қуёш нурларига тоблаб қаддини
боғларда қизарди САВР гилослари,
Савсанлар исини таратиб ўтди
мусаффо тонгларнинг оқ либослари.
Майсалар бағрига тўшалди дилим,
кўзим йўргаклади чучмомаларни.
Дуркун япроқларнинг нигоҳларида
ўқидим қуёшнинг номаларини.
Эй, она-табиат, эй, баҳри исён,
ўзинг фарзандингни бир карра кечир:
ё мени ёндирсин, ёки кул қилсин,
Қуёш, шаробингдан бир қултум ичир!
* * *
М. га
Кафтимдаги ҳар чизиқ
сенга аён, фолбиним.
Таржимаи ҳолимни
қилма баён, фолбиним.
Кафтимдаги чизиқлар
умринг билан туташдир,
Иккимизни жуфтлаган
севги номли оташдир.
Шунинг учун суюкли,
бахтиёрсан, фолбиним.
Таржимаи ҳолимда
ўзинг борсан, фолбиним!
БОЛАЛИК СЎҚМОҚЛАРИ
Мен баҳорга қол, деб ўтиндим
болаликнинг кўчаларида.
Ёмғирларнинг сувин симирдим
Конигилнииг кўзаларида.
Қизғалдоқлар пойандозида
кўзларимдан ўт олди гулхан.
Мен қуёшли юрт оташида
юрагимни яратдим гулдан.
Деворларга бўйлашиб ўтдим,
сўқмоқларга солдим сирли из.
Менинг масъум хаёлларимни
ўғирлади қирк кокилли қиз.
Қирқ кокилнинг тўлқинларига
беҳаловат, банди жон бўлдим.
Болаликиинг исёнларида
ёна-ёна навқирон бўлдим.
Сўқмоқлар-эй, мавжларингизда
қалқиб ўтган бир имкон каби
ширин-ширин ғуссалар билан
оқиб кетдим Зарафшон каби…
Манба:»Булоқ кўз очди» тўплами,1985
Tug’ilgan qishlog’im Chordaraning yon atroflarida qadimiy Samarqandni o’rab turgan ko’hna kentlar: Hazora, Buxori, Urganji,Arabxona, Nayman,Turkmanqishloqlari bor. Ularning har birida Samarqand tarixining bir sahifasi yashirin. Ulardan biri Turkmanqishloq deb atalsa-da, ko’proq xorazmtabiat insonlar yashaydi. Bu qishloq taniqli shoir Temur Ma’rufiy, adabiyotshunos olim Nuriddin Shukurov, O’zbekiston xalq artisti To’ti Yusupova va boshqa juda ko’p taniqli odamlarning kindik qoni to’kilgan tuproq. Bugun she’rlarini sizga taqdim etayotgan ajoyib shoir va tarjimon Nurullo Oston ham Turkmanqishloqning farzandi.
Nurullo OSTON
SHE’RLAR
Nurullo Oston 1955 yilning 10 sentyabrida Samarqand viloyatining Samarqand tumanida tug’ilgan. 1981 yil Toshkent Davlat Universitet jurnalistika fakultetini, 1989 yil Leningrad oliy partiya maktabini tugatgan. N.Ostonov 1991 yildan O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosidir. Uning «Yulduzlar chaqnagan tun», «Bahor raqsi», «Yo’ldagi buloq», «Yuragimning bezovta guli», «Qadim yo’llarda», «Osmon to’la farishta» nomli she’riy to’plamlari nashrdan chiqqan. Ijodkor turkman shoirining «Rangli yomg’irlar» she’riy to’plami hamda Dog’iston xalq shoiri Rasul Hamzatovning «Bir oila farzandlari» nomli she’riy to’plamlarini tarjima qilgan.
Bu qishloqni bilaman ko’pdan…
ilon izi—tor ko’chalari,
zilol suvli sharqiragan soy, —
ko’zim qarog’i ichra bari…
Bu qalashgan hovlilar ichra
barno qizlar gurkirab o’sar.
Qaray-qaray devorlaridan
yigitchalar xo’rsinib o’tar.
Bunda ko’pdir yetilgan qizlar,
go’zalligi beqiyosdir xo’p…
Shuning uchun bu uylar qimmat,
bu uylarning xaridori ko’p…
* * *
Kunlar taqib keldi tolbargak,
tuproqlarda yalpiz islari…
Tushlar ko’rib to’lg’andi sergak
xipcha bo’yli qishloq qizlari.
Xijolatda o’tgan kechada
yaproq taqdi durkun novdalar.
Beri kelmay qo’ydi ko’chadan
tinim bilmas shaddod bolalar.
Lablarida qizg’ish tabassum —
duv ochildi shaftoli guli.
Har gardida yashash navosi,
gulga to’ldi dunyoning yo’li…
SAMARQAND
Hali noz uyqudan uyg’onmay shamol,
Tog’lar tun qabosin yechmayin hali,
Har sahar ko’chaga chiqadi bir chol,
Samarqand gardini ko’zga surtgali.
Vatandan ayrilgan vatangadolar
Tiriklik yo’lida sargardon, dali,
Lablardan uzilar majruh nidolar
Samarqand gardini ko’zga surtgali.
Dunyoni tanigan ne-ne zotlar ham
Mag’ribu mashriqdan kelgan mahali
Ulug’bek yurtiga qo’yarkan qadam
Samarqand gardini ko’zga surtgali.
Olislab ketganda ona yurtimdan,
Qalbimda titraydi bir tug’yon seli,
Sog’inib qaytarman yetti iqlimdan,
Samarqand gardini ko’zga surtgali.
* * *
Yuragimni Vatanimga eltinglar…
Shopen
Uning ko’zlarida qishlagan qushlar
Shaylanib-shaylanib qanot qoqdilar.
Bir fasl yurtini tashlagan qushlar
Sollanib-sollanib Sharqqa oqdilar.
Oqdilar,
Ucholmay qiynaldi bag’ir,
Qafasga aylandi ko’krak qafasi.
Qirg’oqda termilib qoldi bir sag’ir,
Ko’zlarda potirlab sog’inch-talvasa.
Bu qushlar erklidir, bilmaydi hudud,
Uzalgan yo’llarning chokin o’raydi.
Ko’zlarga aylangan nochor bir vujud
Qo’llarin cho’zgancha Vatan so’raydi…
* * *
Janub tumaniga cho’mdi chiroqlar,
yog’dular quyildi oqshom qa’riga.
Qushlar shovuridan horigan bog’lar
qunishib o’ranar yaproqlariga.
To’lin oy parishon sochin yoyadi,
chorbog’ni oralar oppoq sokinlik.
Xipcha bellarini nurga chayadi
daraxtlar — kechaning masrur hokimi.
VAZNGA SIG’MAYDIGAN SHE’R
Farzandi yo’q edi Sarvi xolaning,
chirog’i yo’q edi Sarvi xolaning.
Tunlar qurog’ini poyiga tashlab,
ninaday qadalib chiqar edi u.
Bir kun ukasining
chillasi chiqmagan G’aybullasini
Qo’ynida allalab
Yotgandi
Bedor,
Mammaga talpingan go’dak mehridan
Birdan —
sut kela boshladi ko’kraklariga…
O’zi ulg’aytirdi G’aybullasini,
Hamsuhbati
Tunni,
Yolg’izlikni unutib.
Ko’zmunchoqday kunlarni yig’ib,
tumor qildi uzun yillarni…
Endi momo bo’ldi nabiralarga.
Biroq,
tirik yetim qolgan norasidalarni
ko’rganda
hali ham
og’riqqa to’lib
Sut kela boshlaydi ko’kraklariga…
* * *
Qo’shig’ing bunchalar dilbar bo’lmasa,
bunchalar malhamkor, shirin avjlari
Ki, tashna qalbimda oqmoqda mening
sen aytgan qo’shiqning qaynoq mavjlari.
Ko’zlaring bunchalar chaqnoq bo’lmasa,
bunchalar iboli, bunchalar teran
Ki, aksi joylandi ko’z gavhariga,
ko’zlaring, dilbarim, jon olgich ekan…
Bunchalar mukammal olam ehsoni,
bir sevinch joylanur hayratli dilga.
Ki, senga o’xaydi dilbar qo’shiqlar,
charog’on ko’zlaring — uning osmoni.
* * *
Uniqqan ko’chalar… Sokin xiyobon,
yalang’och daraxtlar…
bunchalar fayzsiz.
Sensiz halovat yo’q ko’zlarimda,
Qayt,
Axir tirik jon bo’lmas aybsiz!
Ko’rding-ku,
farishta emasman men ham,
izingdan boraman fursatni chegib.
Gunohkor boqaman ma’yus yuzingga,
—Salom, bu—men!— deyman g’ururni yengib…
BOLA HAQIDA BALLADA
«Yo’lim olis, otim oqsoq…»—
ketib borar bir bola.
Ko’z o’ngida kengayadi
tor tuyulgai bu olam.
Yelkasida yirtiq chopon,
qo’ltig’ida kitobi.
Ketib borar bola shodon
«katta shahar»ga shoshib.
Shahar qayda—bilmas hali,
kunchiqarni ko’zlaydi.
Quyosh tikka kelgan mahal
bir soyada mudraydi…
Ko’zlariga qo’nar uyqu,
kunduz rangi o’chadi.
Shiringina erka tuyg’u
bolalikni quchadi.
Oppoq, oppoq otlar emish,
yaltirarmish yollari.
Tushlarida aks etadi
boychechak xayollari.
Bola tinmay yugurarmish,
qiynaydi yo’l shitobi.
Yelkasida yirtiq chopon,
qo’ltig’ida kitobi.
Yetolmasmish sira-sira
Armon ila termularmish
arg’umoqlar yoniga,
olovlangan yoliga.
So’ng…
yonida paydo bo’ldi,
munchoq ko’zli singlisi.
Bolalikning tushlariga
urilar rayhon isi…
Yuguradi o’ksik nido,
eirqiraydi murg’ak jon.
u tush ko’rar.
Qo’lda kitob,
tagida eski chopon…
Ko’zlarida shashqator yosh,
chorlar uni onasi.
Tumanlarda ko’rinadi
qadrdon ostonasi.
Uyg’onadi bola birdan,
tugar shirin ertagi.
Ortga qaytar kelgan yo’ldan
uyning yolg’iz erkagi.
Oppoq otlar, oppoq otlar…
Qoldi ufq tomonda.
Bola esa uyga qaytar
yirtiqqina choponda…
* * *
Uy ichida chiroq o’chadi,
kimdir ketar sukunat sari.
Derazani behis quchadi
panjaraning temir qo’llari.
Nelarnidir shivirlar hilol,
derazaga bosib yuzini.
Uyg’onadi oydin bir xayol,
uyg’onar va tanir o’zini.
Hurkib chiqar yulduzli boqqa
va eslaydi olis yoshlikni.
So’ng ohista kuylay boshlaydi
unut bo’lgan olis qo’shiqni.
Uyg’onadi mudragan ko’cha,
jon kiradi sokin chorboqqa.
Tun yarmida odamlar cho’chib
hayrat bilan tutishar yoqa…
* * *
Sukunatga cho’kar qadamlar,
chekinadi xomushgina yo’l.
Sabzalardan shudringni sochib,
men boraman.
Quchog’imda gul.
Izlarimdan kelar talpinib
bolalikning xushnud kunlari
Va bag’rimdan qolar to’kilib
chang ko’chaga dala gullari.
* * *
Ucholmasdan qolgan kaptarlar —
derazaning oq pardalari.
Qaerdadnr ketar betaynn
tugayotgan tun sharpalari.
Qo’lchalarin chayib shudringga,
qiqirlashib kular maysalar.
Quyosh chiqar.
Gala kaptarlar
Ucholmasdan hamon chayqalar.
Allaqaydan keladi shamol
Va buzilar isyondan saflar.
Potirlashib ucha boshlaydi
oq pardadar —
gala oq kaptar.
TUNGI CHAQMOQLAR
Otam Ostonoqul Tursun o’g’liga
Ota,
tungi chaqmoq sizga o’xshaydi.
Yorqinligi, betakrorligi,
keskirligi, isyonkorligi
sizga o’xshaydi.
Garchand, qirq yil bo’ldi, urush tugagan,
sizni qiynab kelar hamon mudhish tush.
Hamon olishasiz olchoq yov bilan
sizda davom atar, qirq yilki,urush…
Etagin eplolmay yurganlar sizni
bugun o’zlaricha qilishar ermak.
Loflikka yo’yishar so’zlaringizni,
u yillar dahshati tuyular ertak…
Siz esa beparvo.
Ulug’ bardoshsiz,
haqiqat singari odil va tanti.
Yillarii qaritib Siz hamon yoshsiz,
sadoqat askari,
Vatanning baxti!
Ota,
tungi chaqmoq sizga o’xshaydi.
Yorqinligi, betakrorligi, keskirligi,
isyonkorligi sizga o’xshaydi.
Eh, qani hamma ham sizday bo’lsaydi,
dunyo yorishardi, batamom, OTA
* * *
B. Norboevga
Tun shahar ustiga langar tashladi,
manzildan adashib mayoq izlarmi?
Bugun ham onasi dilni g’ashladi:
«Bolam, Xorazmga… borasizlarmi…»
U tag’in esladi olis yo’llarni,
Gullarni. Gurlanni. Inja qizlarni…
Volida yoniga ketdi umidvor:
«Bolam, Xorazmga… borasizlarmi?»
U esa jimgina ishga jo’naydi,
bir nido ta’qibga olar izlarni.
Bag’rini ezadi beun savollar:
«Bolam, Xorazmga… borasizlarmi…»
Somon yo’lidagi yulduz cho’g’iday
onaning qalbida miltirar tuyg’u:
Qavatli uylarning derazasidan
har kuni kutadi Xorazmni u…
OYNING O’G’IRLANISHI
Qalqib ketdi xayolparast soy,
to’lqinida samo ro’moli.
To’rga tushdi oltinbaliq — oy,
baliqchining kuldi iqboli.
Daraxtlarning ko’ksida isyon,
Qo’llarida bir qatim yog’du.
Soy sathiga termildi osmon,
ko’zlarida judolik dog’i.
Shabbodalar uchdilar halak,
yulduz uchdi tunni tilkalab.
Bulut esa parvoyi falak
ketar edi oyni yelkalab…
SAHNA
«Samarqand sultoni, Ulug’bek so’zim…»
Sahnaga qadalgan ko’zlarda suron.
Sarg’aygan moziydan kelgan kim o’zi,
Sulton Ulug’bekmi, yo Shukur Burhon?!
— Mendan yuz o’girdi g’ofil ulamo,
umrim yulduzlarga mangu bog’landi.
Ne-ne g’animlarga bermadim omon,
E, voh, o’zim bo’ldim taqdirga bandi.
Qo’rqita olmagan edi na rido,
na shayxlar fitnasi va na fatvosi.
Meni orzulardan ayladi judo
oqsoq xayollarning mash’um xatosi…
…Shu fursat bir chetdan sahnaga boqib
o’zi ham tanimas Shukur Burhonni.
Nigohlar tug’yonda,
Hamma orziqib
sahnaga chorlaydi ulug’ Sultonni…
* * *
Nechundir qizarib, xijolat chekib
jur’atsiz qaraydi durkungina qiz.
Yelkamda musofir yillarning yuki,
jimgina turaman termilib so’zsiz.
Lablar shivirlaydi:
— Tanimadingiz…
Men sizni taniyman… taniyman, — dedi. —
Qadrdon qishloqdan jo’naganda siz
men hali o’n yoshli qizaloq edim…
* * *
Men ketyapman,
Ko’zlaringdan to’kilib ketishim,
lablaringdan otilib ketishim mumkin bo’lgan
shunday pallada.
Men ketyapman,
Ko’zlardagi g’azab — mehrga,
lablardagi nafrat — sehrga
aylanishin ko’rmoqlik uchun.
Bilaman, iltijo narigi uyda
sening qo’llaringdan sudraydi.
Biroq qiyofangda o’jar bir tuyg’u
meni tashqarida sudlaydi.
Izimga qaytaman birpas kuttirib,
izimga qaytarar meni nohaqlik.
Ko’zlaringda yoshlar qurib qolibdi,
quritmadimikan uni befarqlik?!
* * *
Porlayotgan Shams shu’lalari
soyning sochlariga boylandi.
Saratonning ashulalari
endi Sunbulaga aylandi.
Tiniq yuzli qishloq qizidan
rang ko’chganday, eilollashdi suv.
Bargixazon tonglar izidai
kirib keldi Kuz nomli suluv,
Yaproqlarni qulatib o’tdi
o’qtin-o’qtin mergan ovchilar.
Hali zamon keladi endi
qirmiz olmalarga sovchilar.
Qarsak chalib qarg’alar uchdi,
izg’irinli kunlarni chorlab
Va suluvning yodiga tushdi
yog’ib o’tgan bemavrid qorlar…
* * *
Mudrayotgan horg’in, kimsasiz
dalalarga quyildi tuman.
Izg’ib qoldi yo’llarda tanho
Qora sovuq nomli Yosuman.
Daraxtlarning kipriklarini
oqartirdi tushgan qirovlar.
Qora sovuq sha’nin olqishlab
qarg’alardai keldi qutlovlar.
Bu Yosuman, makkor Yosuman,
tebratadi yo’rgakda Qishni.
Ulg’aytirib olgach, o’shanda
birgalashib boshlaydi ishni…
* * *
Quyosh nurlariga toblab qaddini
bog’larda qizardi SAVR giloslari,
Savsanlar isini taratib o’tdi
musaffo tonglarning oq liboslari.
Maysalar bag’riga to’shaldi dilim,
ko’zim yo’rgakladi chuchmomalarni.
Durkun yaproqlarning nigohlarida
o’qidim quyoshning nomalarini.
Ey, ona-tabiat, ey, bahri isyon,
o’zing farzandingni bir karra kechir:
yo meni yondirsin, yoki kul qilsin,
Quyosh, sharobingdan bir qultum ichir!
* * *
M. ga
Kaftimdagi har chiziq
senga ayon, folbinim.
Tarjimai holimni
qilma bayon, folbinim.
Kaftimdagi chiziqlar
umring bilan tutashdir,
Ikkimizni juftlagan
sevgi nomli otashdir.
Shuning uchun suyukli,
baxtiyorsan, folbinim.
Tarjimai holimda
o’zing borsan, folbinim!
BOLALIK SO’QMOQLARI
Men bahorga qol, deb o’tindim
bolalikning ko’chalarida.
Yomg’irlarning suvin simirdim
Konigilniig ko’zalarida.
Qizg’aldoqlar poyandozida
ko’zlarimdan o’t oldi gulxan.
Men quyoshli yurt otashida
yuragimni yaratdim guldan.
Devorlarga bo’ylashib o’tdim,
so’qmoqlarga soldim sirli iz.
Mening mas’um xayollarimni
o’g’irladi qirk kokilli qiz.
Qirq kokilning to’lqinlariga
behalovat, bandi jon bo’ldim.
Bolalikiing isyonlarida
yona-yona navqiron bo’ldim.
So’qmoqlar-ey, mavjlaringizda
qalqib o’tgan bir imkon kabi
shirin-shirin g’ussalar bilan
oqib ketdim Zarafshon kabi…
Manba:»Buloq ko’z ochdi» to’plami,1985