Xurshid Davron. Alg’ul. Asar asosida radiospektakl & Abdug’afur Rasulov. Alg’ul yulduzi — iztirob ramzi

Ashampoo_Snap_2017.07.28_15h06m29s_005_.png

   Хуршид Давроннинг “Алғул” трагедиясида фалсафий мулоҳаза, воқеа-қаҳрамонларни қиёслаш, узлуксиз ривожланиб, бир-бирини тўлдириб бораётган фикр таянч нуқта вазифасини ўтайди. Драматург асарида рамз, қиёс, ўхшатиш кўп.  “Алғул” матнига қулоқ тутсангиз қаердандир “Чўли ироқ”, “Тановар”, “Сегоҳ” сингари куйлар борлиғингизни сеҳрлаётгандай бўлади.

Абдуғафур Расулов
АЛҒУЛ ЮЛДУЗИ – ИЗТИРОБ РАМЗИ
07

Жаҳон илму фанига бебаҳо ҳисса қўшган сиймолардан бири Мирзо Улуғбекдир. XX асрнинг II ярмидан бошлаб унинг олиму подшоҳлиги ҳақида кўплаб шеър, достон, қисса, роман, драма, илмий бадиа яратилди.

Хуршид Даврон бадиий улуғбекшуносликка “Алғул” (“Шарқ юлдузи”, 2013 йил, 1-сон. Драмани мана бу саҳифада ўқинг) трагедияси билан ҳисса қўшди.

Асарда макон кенглиги, вақт аниқлиги диққатни тортади. Хуршид Даврон Мирзо Улуғбек ҳаётининг охирги кунини тасвирлайди. Вақт тиғиз: тажрибасиз ёзувчи шошиб қолиши, характерлар ва шароитни қориштириб юбориши мумкин эди. “Алғул”да изчил маром, қаҳрамонлар ҳаракатланадиган адабий майдон, характерларнинг бетакрор ўзлиги аниқ сезилади. Драматург майдонни кенгайтириб, қаҳрамонларни ихчам гапиртириб, изчил ҳаракат қилдириб нимага эришади?

“Алғул” трагедиясида фалсафий мулоҳаза, воқеа-қаҳрамонларни қиёслаш, узлуксиз ривожланиб, бир-бирини тўлдириб бораётган фикр таянч нуқта вазифасини ўтайди. Драматург асарида рамз, қиёс, ўхшатиш кўп. У асарнинг бадиий таъсир кучини орттиради. “Алғул” матнига қулоқ тутсангиз қаердандир “Чўли ироқ”, “Тановар”, “Сегоҳ” сингари куйлар борлиғингизни сеҳрлаётгандай бўлади.

Улуғбек ва Али Қушчи аро суҳбатларда бадиийликка чулғанган фалсафий қарашлар ёддан чиқмайди:

Улуғбек: Ҳув анови юлдуз Байтул Жавзодур. Худди ғазабга минган Абдуллатиф кўзларига ўхшайдур!

Али Қушчи: Шомликлар ани иблис кўзи демишлар…

Улуғбек: Алғул юлдузини билурсан, Али.

Али Қушчи: Филҳақиқат, Алғул ғалатдур. Уч кун ёниб, сўнгра сўнади-да, яна пайдо бўлуб аввалгидек порлаб тураверади.

Улуғбек: Кўксимдаги изтироб ана шу Алғулга ўхшайдур, Али! (60-бет)

Алғул юлдузи, руҳдаги изтироб “Сегоҳ” куйи сеҳри шарҳига уланиб кетади. Куй ҳақидаги гап трагедия охиригача давом этади. Асарга мантиқий тарзда Тўйжон тимсолини олиб киради.

Трагедия мантиқий боғлиқ воқеа-ҳодиса, тимсол, персонажлардан иборат. Асар уч самарқандлик суҳбати билан бошланади. Шаҳарликлар Улуғбек фаолиятидан, юртдаги нотинчликдан бохабар. Лекин уларни турмуш ташвишлари қизиқтиради: “Мен учун замин, ою юлдуз ҳаракати эмас, тегирмон тошининг ҳаракати муҳимроқдир” (59-бет).

Улуғбек – “Алғул”даги воқеалар маркази, баҳс-тортишувда етакчи куч. У Хожа Низомиддин, Хожа Бурҳониддин, Шамсиддин Мискиндай саройнинг таянч кучлари билан учрашади. Буларнинг ҳар бири ўз вазифасини яхши билади, вазиятга кўра иш юритади. Ота ва Ўғил аро муросасиз жанг етилмоқда. Амалдорлар Абдуллатифга мактуб жўнатиш тарафдорилар. Улуғбек – Темур набираси, ғурури баланд зот. Аввал ҳам Абдуллатифга мактуб битилган – келишувга даъват қилинган. Ўғил шитоб билан Самарқандга яқинлашмоқда: Отага қарши жангу жадалга ошиқмоқда. Улуғбек жангари ўғилни енгиши тайин. Аммо у ўз фарзандига қарши жанг қилишни эп билмайди. Подшоҳ қалбида изтироб авжланаверади. Қолаверса, сарой амалдорлари тили билан дили бир деб бўлмайди: дўппи тор келиб қолса, улардан биронтаси Абдуллатиф томонга ўтиб кетиши мумкин. Буни донишманд, сиёсат майдонида бўлавериб пишиб кетган Улуғбек ҳам яхши англайди. Аркони сарой билан учрашув Улуғбек изтиробини кучайтиради.

Улуғбек Бобо Ҳусайн Туркистоний, Мироншоҳ Қовчин, Султоншоҳ Барлос, Шоҳ Вали сингари амирлар билан учрашади, кўнглида қувонч учқуни ялтирайди. Нега? Бир тўда амирлар Абдулатифга бош уриб бордилар, айримлар Абулхайрхон паноҳига интиладилар. Энг даҳшатлиси шундаки, Улуғбек кўкалдоши, амир Вафодор қочиб кетаётганида қўлга олинди. Улуғбек ва Вафодорни донишманд Сароймулкхоним тарбиялаган эди. Трагедияда амалдор, амирлар билан учрашув, хоину қочоқлар ҳақида маълумот олиш Улуғбек ғамига ғам, изтиробига изтироб қўшади. Подшоҳ ҳар бир воқеани чуқур таҳлил қилади, амиру беклар қилмишини қалбидан ўтказади. Асарда остки – асосий оқим ва воқеа-ҳодисалар сирти тасвирланган. Китобхон фикр-тафаккурига қарши икки оқимни қиёслаб боради. “Алғул”нинг трагедия сифатидаги моҳиятини остки (фалсафий мушоҳадалар) ва устки (бевосита жараён) оқим белгилайди. Майдоннинг кенг олиниши ўй, қиёс, фикрлашга имконият беради. Тимсол, персонажлар (Али Қушчи, Тўйжон сингарилар истесно – А.Р.) ҳам икки тилда гапирадилар: тилида бир гап, дилида бошқа ўй. Улуғбек билан учрашганлардан Вафодорнинг онаси ва Бобо Туркистоний образи алоҳида ажралиб туради. Она подшоҳ ҳузурига нодон ўғли қилмиши учун узр сўрагани келади. Фарзанди гуноҳидан ўтишни сўрамайди. Амир Вафодорни заҳар бериб ўлдирганини айтади. Онанинг бундай жасорати камдан-кам учрайди.

Бобо Ҳусайн Туркистоний, ўзга амирлар сингари, Улуғбекни нобакор ўғилга қарши жангга киришга ундайди. Амирлар подшоҳга хиёнат қилмайдилар. Айни дамда Улуғбек ўй-хаёлини чулғаб олган фикрларни англамайдилар.

Улуғбек олим-файласуф, тажрибали юртбоши, саркарда, Амир Темур сиймосини аниқ тасаввур қилади. У ўз жигарбандига қарши майдонга чиққан. Ота – юртбошиларни, оқпадарлик тамғасини илиб Отага қарши курашган фарзандларни яхши билади. Улуғбек тирик экан, ўғлига қарши жанг қилмайди. Унинг олимлик, одил шоҳлик эътиқоди шундай. “Алғул”нинг кучли асарлиги маърифат ва жаҳолат аро кураш мудом давом этишида кўринади. Шу ғоя асарнинг ўқ томирларидан бири. Инсоният, адолат, эзгу ният бор экан, мазкур ғоя мангу яшайверади. Маърифат нур манбаи сифатида лоқайдлик, хоинлик, бепарволик, дангасалик, икки юзламачиликни фош этади. Ғоявийлик иллатларга қарши ўт очади, руҳий-маърифий жасорат томон ундайди. “Алғул”даги фидойи амирлар Улуғбекка содиқликни ҳар қандай йўсинда исботлашга тайёр. Абдуллатиф амир-беклар рақиби. Агар у отасига қарши курашиб тахтни эгалласа, унга осойишталик, ҳузур-ҳаловат бегона. Бобо Туркистонийнинг қуйидаги гаплари онтдай янграйди: “Эшитинглар, шаҳзоданинг бу ердаги қулоқлари ҳам эшитинглар: агар у Сизнинг жонингизга қасд қилса, Парвардигор ҳақи айтаман, мен уни соғ қўймайман. Ул нобакор Низомий ҳазратлари айтган ҳикматни унутмасун:

Шоҳ бўлмас отани ўлдирган одам,
Ошмас олти ойдан агар бўлса ҳам”.

Ажабки, Одил Ёқубов романида Абдуллатифни Бобо Туркистоний ўлдирганлиги айтилади.

Етук асарда мантиқ изчиллиги муҳим аҳамият касб этади. Улуғбек Али Қушчи билан бир воқеани эслайди. Устоз ва шогирд бир авлиё девонага дуч келадилар. Улуғбек ўз тақдирини сўрайди. Шунда девона: “Сени Шеруя ўлдиради,” – дейди. Шеруя – Низомий Ганжавийнинг “Хусрав ва Ширин” достонидаги етакчи образлардан бири. Яна бир фикр бор. Улуғбек зинҳор юлдузларга қараб фол очмаган. Лекин унинг руҳида юлдузлар билан тиллашиш хусусияти бор. Байтул Жавзо – Иблис юлдузида у Абдуллатиф руҳи, кўзларидаги ёвузликни кўради. Уч кун ярақлаб тургач, йўқ бўлиб кетадиган Алғулда қалбида мудом давом этаётган нотинчликларни англайди.

“Башорат” ҳикоясида Абдуллазиз авлоди тақдирини Улуғбек ақлли келини илтимосига кўра бехато айтиб беради. Улуғбек, гарчи дунёвий олим бўлса-да, юлдузларнинг фалакдаги жойлашишига кўра вақти-вақти билан башорат қилиб турарди. “Алғул”да улуғ мунажжимнинг башоратларига имо-ишора бор. Хуршид Даврон трагедияси Улуғбекнинг юксак даражадаги олимлиги, илоҳиёт билан боғлиқлигини остки мазмун тарзида ифодалаган.

На Мақсуд Шайхзода, на Одил Ёқубов, на Бўривой Аҳмедов икки зид қутб кишилари Улуғбек ва Абдулатифни бақамти тасвирлаган. Хуршид Даврон ота ва ўғилни қурол ишлатилмайдиган, ҳар бир сўз заҳарланган ўқ-ёй вазифасини ўтайдиган майдонга олиб чиқади. Улуғбек қаҳр отига минган, фарзанди қилмишини зинҳор қўлламайди. Аммо у оталик мақомидан пастламайди. Абдуллатиф майдонга ғазаб билан киради, отасини ер билан яксон қилиб ташлашга тайёр. Унинг асосий, заҳарланган ўқ ёйи шундаки, Улуғбек ичи қора, худбин, истеъдодли одамни, гарчи фарзанди бўлса-да, ёқтирмайди. Абдураҳим истеъдодли эди. Шунинг учун у ота қаҳрига учраганмиш. Бечора Абдураҳим ўн икки ёшида вафот этиб кетмаганида ота ғазабига дучор бўларди. Абдуллатиф жон-жаҳди билан Абдуллазизни ёмон кўради. Айниқса унинг валиаҳдликка тайинланиши оғани ўртаб юборади. Унга тентак, маънавий бузуқ сингари айбларни юклайди. Йигирма бешга тўлган Абдуллатиф тезроқ подшоҳлик тожини киймоқчи. У ўзининг қаттиққўл бўлиб етишишида Гавҳаршодбегим – Улуғбек онаси таъсири борлигини қистириб ўтади. Абдуллатиф дадил, дўқ-пўписа билан гапиради. Аммо унинг даволари пуч, далиллари асоссиз. У Улуғбек ҳукмронлиги пайтида неча амалдор ўлдирилганини ҳам ҳисоблаб юрган. Абдуллатиф подшоҳни “Падари бузруквор” деса-да, энг ашаддий душман эканлигини яшира олмайди.

Трагедияда Улуғбек ва Абдуллатиф аро фикр тўқнашуви кульминацион нуқта вазифасини ўтайди. Маърифатли, фанда мактаб яратган Ота жоҳил, калтабин ўғлини ҳақ йўлига бура олмаслигини англайди. Аксинча, ичи қора, бутун борлиғи-ла тахтга интилган Абдуллатиф қалб майлига зинҳор қулоқ солмайди:

“Улуғбек: Ҳу, анави юлдуз Байтул Жавзадур. Ҳудди ғазабга минган Абдуллатиф кўзларига ўхшайдур!

Али Қушчи: Шомликлар ани иблис кўзи демишлар”(60-бет).

Матиқан, асар шу драматик ҳолатда тугайди. Қон тўкилмайди. Хуршид Даврон асари шу жиҳатдан анъанавий трагедиялардан фарқ қилади. Хусусан, Мақсуд Шайхзода “Мирзо Улуғбек” трагедиясида Улуғбекнинг Саййид Обид ўғли Аббос томонидан ўлдирилиши – қон тўкилишини кўрсатади:

Аббос (чўчиб сипоҳларига): Жадал бўлинг, тез отланинг, дарҳол кетамиз,
Мана қасос, мана сизга отамнинг хуни!

Улуғбек кўксига ханжар тиқади (М.Шайхзода. Асарлар. 6 томлик. 3-том, 252-бет).

Одил Ёқубов “Улуғбек хазинаси” романида Улуғбекнинг ўлдирилишигина эмас, балки падаркуш Абдуллатифнинг ҳам тиғдан ўтказилишини тасвирлаган: “Ниқобларини юлиб олган бу икки суворийнинг бири… амир Султон Жондор эди. Иккинчиси… ё раб! Худди тушида баркаш кўтариб кирган навкарга ўхшаган бу иккинчи суворий… кўпдан бери фитна қўзғаб қочиб юрган Бобо Хусайн Баҳодир эди!…

Шаҳзода жонҳолатда отининг бошини бурди… тўсатдан елкасига зарб билан қадалган ўқ-ёй уни букчайтирганча эгардан ағдарди…”(312-бет)

Трагедия ёзишга қўл урган адиб қийин йўлни танлаганини билади. Хуршид Даврон бевосита қон тўкилишини кўрсатмайди. Қора ранг, мотамсаро куйни маромида тасвирлаб ўзига хос трагедия яратади.

Улуғбек ўлим остонасида турганига қарамай, расадхонани тўлиқ таъмирлашни Али Қушчига топширади. Асосий хазинаси – китобларни яшириб қўйишни шогирдидан ўтиниб сўрайди.

“Сегоҳ” куйи трагедиядаги етакчи образлардан бирига айланади. Улуғбек бир неча бор бу ғаройиб куйни тилга олади: “Тўйжон хониш қилган “Сегоҳ”га қулоқ тутиб ўлтирган кезларим юрагимни кафтимга олиб томоша қилгандек бўламан. “Сегоҳ” аламимга, сирқираб оғриган жонимга ўхшайдур” (60-бет).

Фожеий операда шундай ариялар борки, улар мусиқий асар жони вазифасини ўтайди. Шоир Хуршид Даврон ҳаёт билан видолашаётган Улуғбек руҳи, қалби, жонини акс эттирмаслиги мумкинмасди.

Асар ниҳоясида ихчам, рамзий воқеа бор. Мирзо Улуғбек Хиротда туғилиб, вояга етаётан бола ҳақида Тўйжондан сўрайди:

“ – Подшоҳим ул ўғлоннинг исми Алишердур. Амир Ғиёсиддин фарзанди… волидаси дугонамдур, — деди Тўйжон” (86-бет).

Истеъдодли Улуғбек моҳир қўшиқчидан эртанги куннинг ёруғ юлдузи Алишер ҳақида сўрайди.

“Алғул” мисоли остин-устун қаватли мустаҳкам бино. Юқори қават гуёки кенг-мўл саҳна, ижрочилар ўз ролларини ижро этадилар. Биринчи қават маъно-мазмун, матн ости, шовуллаб оқадиган дарё. Ҳар икки қаватда рамзий ҳаёт жўш уради, “Сегоҳ” куйи янграб туради. Ҳолат, кайфият рўй беражак фожиадан хабар бериб туради. “-дур,”, “-мен” сингари қўшимчалар асар таъсирчанлигини оширади. “Алғул” ўзбек драматургиясининг нурли асари бўлиб қолишига ишонамиз.

Манба: «Ёшлик» журнали, 2014

Xurshid Davronning “Alg‘ul” tragediyasida falsafiy mulohaza, voqea-qahramonlarni qiyoslash, uzluksiz rivojlanib, bir-birini to‘ldirib borayotgan fikr tayanch nuqta vazifasini o‘taydi. Dramaturg asarida ramz, qiyos, o‘xshatish ko‘p. “Alg‘ul” matniga quloq tutsangiz qayerdandir “Cho‘li iroq”, “Tanovar”, “Segoh” singari kuylar borlig‘ingizni sehrlayotganday bo‘ladi.

Abdug’afur Rasulov
ALG’UL YULDUZI – IZTIROB RAMZI
07

Jahon ilmu faniga bebaho hissa qo’shgan siymolardan biri Mirzo Ulug’bekdir. XX asrning II yarmidan boshlab uning olimu podshohligi haqida ko’plab she’r, doston, qissa, roman, drama, ilmiy badia yaratildi.

Xurshid Davron badiiy ulug’bekshunoslikka “Alg’ul” (“Sharq yulduzi”, 2013 yil, 1-son) tragediyasi bilan hissa qo’shdi.

Asarda makon kengligi, vaqt aniqligi diqqatni tortadi. Xurshid Davron Mirzo Ulug’bek hayotining oxirgi kunini tasvirlaydi. Vaqt tig’iz: tajribasiz yozuvchi shoshib qolishi, xarakterlar va sharoitni qorishtirib yuborishi mumkin edi. “Alg’ul”da izchil marom, qahramonlar harakatlanadigan adabiy maydon, xarakterlarning betakror o’zligi aniq seziladi. Dramaturg maydonni kengaytirib, qahramonlarni ixcham gapirtirib, izchil harakat qildirib nimaga erishadi?

“Alg’ul” tragediyasida falsafiy mulohaza, voqea-qahramonlarni qiyoslash, uzluksiz rivojlanib, bir-birini to’ldirib borayotgan fikr tayanch nuqta vazifasini o’taydi. Dramaturg asarida ramz, qiyos, o’xshatish ko’p. U asarning badiiy ta’sir kuchini orttiradi. “Alg’ul” matniga quloq tutsangiz qaerdandir “Cho’li iroq”, “Tanovar”, “Segoh” singari kuylar borlig’ingizni sehrlayotganday bo’ladi.

Ulug’bek va Ali Qushchi aro suhbatlarda badiiylikka chulg’angan falsafiy qarashlar yoddan chiqmaydi:

Ulug’bek: Huv anovi yulduz Baytul Javzodur. Xuddi g’azabga mingan Abdullatif ko’zlariga o’xshaydur!

Ali Qushchi: Shomliklar ani iblis ko’zi demishlar…

Ulug’bek: Alg’ul yulduzini bilursan, Ali.

Ali Qushchi: Filhaqiqat, Alg’ul g’alatdur. Uch kun yonib, so’ngra so’nadi-da, yana paydo bo’lub avvalgidek porlab turaveradi.

Ulug’bek: Ko’ksimdagi iztirob ana shu Alg’ulga o’xshaydur, Ali! (60-bet)

Alg’ul yulduzi, ruhdagi iztirob “Segoh” kuyi sehri sharhiga ulanib ketadi. Kuy haqidagi gap tragediya oxirigacha davom etadi. Asarga mantiqiy tarzda To’yjon timsolini olib kiradi.

Tragediya mantiqiy bog’liq voqea-hodisa, timsol, personajlardan iborat. Asar uch samarqandlik suhbati bilan boshlanadi. Shaharliklar Ulug’bek faoliyatidan, yurtdagi notinchlikdan boxabar. Lekin ularni turmush tashvishlari qiziqtiradi: “Men uchun zamin, oyu yulduz harakati emas, tegirmon toshining harakati muhimroqdir” (59-bet).

Ulug’bek – “Alg’ul”dagi voqealar markazi, bahs-tortishuvda yetakchi kuch. U Xoja Nizomiddin, Xoja Burhoniddin, Shamsiddin Miskinday saroyning tayanch kuchlari bilan uchrashadi. Bularning har biri o’z vazifasini yaxshi biladi, vaziyatga ko’ra ish yuritadi. Ota va O’g’il aro murosasiz jang yetilmoqda. Amaldorlar Abdullatifga maktub jo’natish tarafdorilar. Ulug’bek – Temur nabirasi, g’ururi baland zot. Avval ham Abdullatifga maktub bitilgan – kelishuvga da’vat qilingan. O’g’il shitob bilan Samarqandga yaqinlashmoqda: Otaga qarshi jangu jadalga oshiqmoqda. Ulug’bek jangari o’g’ilni yengishi tayin. Ammo u o’z farzandiga qarshi jang qilishni ep bilmaydi. Podshoh qalbida iztirob avjlanaveradi. Qolaversa, saroy amaldorlari tili bilan dili bir deb bo’lmaydi: do’ppi tor kelib qolsa, ulardan birontasi Abdullatif tomonga o’tib ketishi mumkin. Buni donishmand, siyosat maydonida bo’laverib pishib ketgan Ulug’bek ham yaxshi anglaydi. Arkoni saroy bilan uchrashuv Ulug’bek iztirobini kuchaytiradi.

Ulug’bek Bobo Husayn Turkistoniy, Mironshoh Qovchin, Sultonshoh Barlos, Shoh Vali singari amirlar bilan uchrashadi, ko’nglida quvonch uchquni yaltiraydi. Nega? Bir to’da amirlar Abdulatifga bosh urib bordilar, ayrimlar Abulxayrxon panohiga intiladilar. Eng dahshatlisi shundaki, Ulug’bek ko’kaldoshi, amir Vafodor qochib ketayotganida qo’lga olindi. Ulug’bek va Vafodorni donishmand Saroymulkxonim tarbiyalagan edi. Tragediyada amaldor, amirlar bilan uchrashuv, xoinu qochoqlar haqida ma’lumot olish Ulug’bek g’amiga g’am, iztirobiga iztirob qo’shadi. Podshoh har bir voqeani chuqur tahlil qiladi, amiru beklar qilmishini qalbidan o’tkazadi. Asarda ostki – asosiy oqim va voqea-hodisalar sirti tasvirlangan. Kitobxon fikr-tafakkuriga qarshi ikki oqimni qiyoslab boradi. “Alg’ul”ning tragediya sifatidagi mohiyatini ostki (falsafiy mushohadalar) va ustki (bevosita jarayon) oqim belgilaydi. Maydonning keng olinishi o’y, qiyos, fikrlashga imkoniyat beradi. Timsol, personajlar (Ali Qushchi, To’yjon singarilar istesno – A.R.) ham ikki tilda gapiradilar: tilida bir gap, dilida boshqa o’y. Ulug’bek bilan uchrashganlardan Vafodorning onasi va Bobo Turkistoniy obrazi alohida ajralib turadi. Ona podshoh huzuriga nodon o’g’li qilmishi uchun uzr so’ragani keladi. Farzandi gunohidan o’tishni so’ramaydi. Amir Vafodorni zahar berib o’ldirganini aytadi. Onaning bunday jasorati kamdan-kam uchraydi.

Bobo Husayn Turkistoniy, o’zga amirlar singari, Ulug’bekni nobakor o’g’ilga qarshi jangga kirishga undaydi. Amirlar podshohga xiyonat qilmaydilar. Ayni damda Ulug’bek o’y-xayolini chulg’ab olgan fikrlarni anglamaydilar.

Ulug’bek olim-faylasuf, tajribali yurtboshi, sarkarda, Amir Temur siymosini aniq tasavvur qiladi. U o’z jigarbandiga qarshi maydonga chiqqan. Ota – yurtboshilarni, oqpadarlik tamg’asini ilib Otaga qarshi kurashgan farzandlarni yaxshi biladi. Ulug’bek tirik ekan, o’g’liga qarshi jang qilmaydi. Uning olimlik, odil shohlik e’tiqodi shunday. “Alg’ul”ning kuchli asarligi ma’rifat va jaholat aro kurash mudom davom etishida ko’rinadi. Shu g’oya asarning o’q tomirlaridan biri. Insoniyat, adolat, ezgu niyat bor ekan, mazkur g’oya mangu yashayveradi. Ma’rifat nur manbai sifatida loqaydlik, xoinlik, beparvolik, dangasalik, ikki yuzlamachilikni fosh etadi. G’oyaviylik illatlarga qarshi o’t ochadi, ruhiy-ma’rifiy jasorat tomon undaydi. “Alg’ul”dagi fidoyi amirlar Ulug’bekka sodiqlikni har qanday yo’sinda isbotlashga tayyor. Abdullatif amir-beklar raqibi. Agar u otasiga qarshi kurashib taxtni egallasa, unga osoyishtalik, huzur-halovat begona. Bobo Turkistoniyning quyidagi gaplari ontday yangraydi: “Eshitinglar, shahzodaning bu yerdagi quloqlari ham eshitinglar: agar u Sizning joningizga qasd qilsa, Parvardigor haqi aytaman, men uni sog’ qo’ymayman. Ul nobakor Nizomiy hazratlari aytgan
hikmatni unutmasun:

Shoh bo’lmas otani o’ldirgan odam,
Oshmas olti oydan agar bo’lsa ham”.

Ajabki, Odil Yoqubov romanida Abdullatifni Bobo Turkistoniy o’ldirganligi aytiladi.

Yetuk asarda mantiq izchilligi muhim ahamiyat kasb etadi. Ulug’bek Ali Qushchi bilan bir voqeani eslaydi. Ustoz va shogird bir avliyo devonaga duch keladilar. Ulug’bek o’z taqdirini so’raydi. Shunda devona: “Seni Sheruya o’ldiradi,” – deydi. Sheruya – Nizomiy Ganjaviyning “Xusrav va Shirin” dostonidagi yetakchi obrazlardan biri. Yana bir fikr bor. Ulug’bek zinhor yulduzlarga qarab fol ochmagan. Lekin uning ruhida yulduzlar bilan tillashish xususiyati bor. Baytul Javzo – Iblis yulduzida u Abdullatif ruhi, ko’zlaridagi yovuzlikni ko’radi. Uch kun yaraqlab turgach, yo’q bo’lib ketadigan Alg’ulda qalbida mudom davom etayotgan notinchliklarni anglaydi.

“Bashorat” hikoyasida Abdullaziz avlodi taqdirini Ulug’bek aqlli kelini iltimosiga ko’ra bexato aytib beradi. Ulug’bek, garchi dunyoviy olim bo’lsa-da, yulduzlarning falakdagi joylashishiga ko’ra vaqti-vaqti bilan bashorat qilib turardi. “Alg’ul”da ulug’ munajjimning bashoratlariga imo-ishora bor. Xurshid Davron tragediyasi Ulug’bekning yuksak darajadagi olimligi, ilohiyot bilan bog’liqligini ostki mazmun tarzida ifodalagan.

Na Maqsud Shayxzoda, na Odil Yoqubov, na Bo’rivoy Ahmedov ikki zid qutb kishilari Ulug’bek va Abdulatifni baqamti tasvirlagan. Xurshid Davron ota va o’g’ilni qurol ishlatilmaydigan, har bir so’z zaharlangan o’q-yoy vazifasini o’taydigan maydonga olib chiqadi. Ulug’bek qahr otiga mingan, farzandi qilmishini zinhor qo’llamaydi. Ammo u otalik maqomidan pastlamaydi. Abdullatif maydonga g’azab bilan kiradi, otasini yer bilan yakson qilib tashlashga tayyor. Uning asosiy, zaharlangan o’q yoyi shundaki, Ulug’bek ichi qora, xudbin, iste’dodli odamni, garchi farzandi bo’lsa-da, yoqtirmaydi. Abdurahim iste’dodli edi. Shuning uchun u ota qahriga uchraganmish. Bechora Abdurahim o’n ikki yoshida vafot etib ketmaganida ota g’azabiga duchor bo’lardi. Abdullatif jon-jahdi bilan Abdullazizni yomon ko’radi. Ayniqsa uning valiahdlikka tayinlanishi og’ani o’rtab yuboradi. Unga tentak, ma’naviy buzuq singari ayblarni yuklaydi. Yigirma beshga to’lgan Abdullatif tezroq podshohlik tojini kiymoqchi. U o’zining qattiqqo’l bo’lib yetishishida Gavharshodbegim – Ulug’bek onasi ta’siri borligini qistirib o’tadi. Abdullatif dadil, do’q-po’pisa bilan gapiradi. Ammo uning davolari puch, dalillari asossiz. U Ulug’bek hukmronligi paytida necha amaldor o’ldirilganini ham hisoblab yurgan. Abdullatif podshohni “Padari buzrukvor” desa-da, eng ashaddiy dushman ekanligini yashira olmaydi.

Tragediyada Ulug’bek va Abdullatif aro fikr to’qnashuvi kul`minatsion nuqta vazifasini o’taydi. Ma’rifatli, fanda maktab yaratgan Ota johil, kaltabin o’g’lini haq yo’liga bura olmasligini anglaydi. Aksincha, ichi qora, butun borlig’i-la taxtga intilgan Abdullatif qalb mayliga zinhor quloq solmaydi:

“Ulug’bek: Hu, anavi yulduz Baytul Javzadur. Huddi g’azabga mingan Abdullatif ko’zlariga o’xshaydur!

Ali Qushchi: Shomliklar ani iblis ko’zi demishlar”(60-bet).

Matiqan, asar shu dramatik holatda tugaydi. Qon to’kilmaydi. Xurshid Davron asari shu jihatdan an’anaviy tragediyalardan farq qiladi. Xususan, Maqsud Shayxzoda “Mirzo Ulug’bek” tragediyasida Ulug’bekning Sayyid Obid o’g’li Abbos tomonidan o’ldirilishi – qon to’kilishini ko’rsatadi:

Abbos (cho’chib sipohlariga):  Jadal bo’ling, tez otlaning, darhol ketamiz,
Mana qasos, mana sizga otamning xuni!

Ulug’bek ko’ksiga xanjar tiqadi (M.Shayxzoda. Asarlar. 6 tomlik. 3-tom, 252-bet).

Odil Yoqubov “Ulug’bek xazinasi” romanida Ulug’bekning o’ldirilishigina emas, balki padarkush Abdullatifning ham tig’dan o’tkazilishini tasvirlagan: “Niqoblarini yulib olgan bu ikki suvoriyning biri… amir Sulton Jondor edi. Ikkinchisi… yo rab! Xuddi tushida barkash ko’tarib kirgan navkarga o’xshagan bu ikkinchi suvoriy… ko’pdan beri fitna qo’zg’ab qochib yurgan Bobo Xusayn Bahodir edi!…
Shahzoda jonholatda otining boshini burdi… to’satdan yelkasiga zarb bilan qadalgan o’q-yoy uni bukchaytirgancha egardan ag’dardi…”(312-bet)

Tragediya yozishga qo’l urgan adib qiyin yo’lni tanlaganini biladi. Xurshid Davron bevosita qon to’kilishini ko’rsatmaydi. Qora rang, motamsaro kuyni maromida tasvirlab o’ziga xos tragediya yaratadi.

Ulug’bek o’lim ostonasida turganiga qaramay, rasadxonani to’liq ta’mirlashni Ali Qushchiga topshiradi. Asosiy xazinasi – kitoblarni yashirib qo’yishni shogirdidan o’tinib so’raydi.

“Segoh” kuyi tragediyadagi yetakchi obrazlardan biriga aylanadi. Ulug’bek bir necha bor bu g’aroyib kuyni tilga oladi: “To’yjon xonish qilgan “Segoh”ga quloq tutib o’ltirgan kezlarim yuragimni kaftimga olib tomosha qilgandek bo’laman. “Segoh” alamimga, sirqirab og’rigan jonimga o’xshaydur” (60-bet).

Fojeiy operada shunday ariyalar borki, ular musiqiy asar joni vazifasini o’taydi. Shoir Xurshid Davron hayot bilan vidolashayotgan Ulug’bek ruhi, qalbi, jonini aks ettirmasligi mumkinmasdi.

Asar nihoyasida ixcham, ramziy voqea bor. Mirzo Ulug’bek Xirotda tug’ilib, voyaga yetayotan bola haqida To’yjondan so’raydi:

“ – Podshohim ul o’g’lonning ismi Alisherdur. Amir G’iyosiddin farzandi… volidasi dugonamdur, — dedi To’yjon” (86-bet).

Iste’dodli Ulug’bek mohir qo’shiqchidan ertangi kunning yorug’ yulduzi Alisher haqida so’raydi.

“Alg’ul” misoli ostin-ustun qavatli mustahkam bino. Yuqori qavat guyoki keng-mo’l sahna, ijrochilar o’z rollarini ijro etadilar. Birinchi qavat ma’no-mazmun, matn osti, shovullab oqadigan daryo. Har ikki qavatda ramziy hayot jo’sh uradi, “Segoh” kuyi yangrab turadi. Holat, kayfiyat ro’y berajak fojiadan xabar berib turadi. “-dur,”, “-men” singari qo’shimchalar asar ta’sirchanligini oshiradi. “Alg’ul” o’zbek dramaturgiyasining nurli asari bo’lib qolishiga ishonamiz.

Manba: «Yoshlik» jurnali, 2014

075

(Tashriflar: umumiy 1 050, bugungi 1)

Izoh qoldiring