Taniqli yozuvchi Jo‘ra Fozil bilan uchrashuv ma’naviyat bayramiga aylandi

09Сўзни ҳурмат қилган одам китоб ўқийди, ўзини ҳурмат қилган одам китоб ўқийди, китобхонни ҳурмат қилган одам китоб ўқийди. Дунёдаги энг бахтли одам – китобни севган одам, дунёдаги энг бой одам – китоби кўп одам, дунёдаги энг омадли ижодкор – китобхонни ҳурмат қилган ижодкор.

 

МАЪНАВИЯТ БАЙРАМИГА АЙЛАНДИ

88Сўзни ҳурмат қилган одам китоб ўқийди, ўзини ҳурмат қилган одам китоб ўқийди, китобхонни ҳурмат қилган одам китоб ўқийди. Дунёдаги энг бахтли одам – китобни севган одам, дунёдаги энг бой одам – китоби кўп одам, дунёдаги энг омадли ижодкор – китобхонни ҳурмат қилган ижодкор. Дарҳақиқат, китоб инсоннинг чин инсоний сифатларини қайтадан кашф этадиган, уни фақат ва фақат эзгу мақсадлар, юксак марралар сари етаклайдиган беминнат ва содиқ дўсти. Китоб – мўъжиза. Ҳамма гап инсоннинг уни мутолаа қилиб, ундаги ўша мўъжизани онгу шуури, қалб кўзлари орқали кўра олишида.Абу Али ибн Сино номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида кетма-кет бўлиб ўткан икки маънавий-маърифий тадбир ҳам айнан китоблар ва уларнинг тарғиботига бағишланди.

Анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимлари жамоалари, уюшма аъзолари, Бухоро давлат университети ҳамда Бухоро давлат педагогика институтининг адабиёт билан ҳамнафас, таниқли ёзувчи Жўра Фозил ижодига бефарқ бўлмаган ўқитувчилари, талаба-ёшлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ахборот-кутубхона аҳли жам бўлди.

Дастлаб адабиётшунос олим, уюшма аъзоси Ғайрат Муродов ҳамда унинг шогирди Сайёра Латипова ҳаммуаллифлигида яратилган “Эпик ижодда тасвирлаш маҳорати (Ёзувчи Жўра Фозил асарлари асосида)” номли монография тақдимоти ўтказилди.

Муаллифлар сўзга чиқиб, китобнинг дунёга келиш тарихи ва зарурати хусусидаги мулоҳазаларини ўртоқлашишди. Тадбир меҳмонлари ҳам Жўра Фозил ижодий маҳорати ҳамда шахсияти билан боғлиқ илиқ фикрларни билдиришди.

– Биз адабиёт учун, буюклар ва уларнинг маънавий меросига ихлос қилганлигимиз, қолаверса, қаҳрамонимизнинг асарлари бадииятан пишиқ бўлганлиги учун ҳам бу ишга қўл урдик. Жўра Фозил ижодига хос бир жиҳатни айтишимиз керакки, унинг жаҳон адабиётини ўқийдиган ижодкорлардан эканлиги асар сюжетидан ҳам, қаҳрамонларнинг ўй-фикрларини ифодалаб беришидан ҳам яққол сезилади. Унинг асарларини ўқир эканмиз, улуғ ёзувчилар – Толстой, Паустовскийларга эргашишни кўриш мумкин. Ёзган асарларидан ёзувчининг адолатга бўлган ташналигини аниқ кўриб турамиз. Агар ёзувчи ўз даврининг энг муҳим муаммоларини англаб етмай, муваққат муаммолар, қаҳрамонлар доирасида қоладиган бўлса, унинг ижоди узоққа бормайди, кўпчилик томонидан ўқилмайди. Шундай экан, ижодкор англай билиши керак: кечаётган жараёнлар ичидан муҳимини номуҳимидан ажратиб олиши, келажак авлодга қоладиган фикрларни, қаҳрамонларни англаб олиши керак. Шу жиҳатдан ҳам Жўра Фозил яратган асарлар, айниқса, ҳикоялар ўқувчида катта таассурот қолдиради. Масалан, мўъжазгина “Йўл” ҳикоясида ижодкор бир кунлик воқеалар давомида инсон умрининг асосини кўрсатиб беради. Қолаверса, “Тирамоҳ армонлари”да у ўз бошидан кечирган кечинмалар, оғриқларни қалб призмаси, жавҳаридан ўтказган ҳолатда ҳаёт ҳақидаги, инсон ҳақидаги қарашларини очиб берган, – деди профессор Ғайрат Муродов адиб ижоди ҳақида фикр юритар экан.

Шунингдек, талабалар адиб ижоди ҳақидаги мулоҳазаларини баён этишди.

Тақдимот якунида адибнинг ўзи ҳам сўзга чиқиб, ҳаёт ва ижод хусусидаги фикрларини билдириб ўтди, тадбир ташкилотчиларига миннатдорлик билдирди.

– Ижодкор қўллаб-қувватланиши керак. Ижодкорни, аввало, унинг асарлари қўллаб-қувватлайди, унга чин ҳамдам ҳам, умрини узайтирадиган ҳам ўша, аслида. Бухорода адабиётни янада бойитишга интилган ва бу йўлда ҳузур-ҳаловатидан кечган жуда кўп улуғ адиблар ўтган. Жўра Фозилни уларнинг муносиб ворислари, давомчиларидан десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз, – деди фахрий журналист, “Меҳнат шуҳрати” ҳамда “Эл-юрт ҳурмати” орденлари совриндори Беҳбуд Жумаев.

Тадбирнинг иккинчи қисми Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда унинг вилоятдаги бўлими томонидан чоп этилган китоблар тақдимотига бағишланди. Янги нашрдан чиққан бадиий китоблар йиғилганларга яқиндан таништирилди.

Қизғин лаҳзаларга, унутилмас онларга бой бўлган кеча якунида ахборот-кутубхона марказига 65 номдаги 300 нусхадан зиёд китоблар жамланмаси тақдим қилинди. Шунингдек, тадбирнинг барча иштирокчиларига бадиий китоблар улашилди.

Суҳроб ҲАМРОЕВ
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими бош мутахассиси

045

(Tashriflar: umumiy 45, bugungi 1)

Izoh qoldiring