Blez Paskal. Ishq-muhabbatga oid mulohazalar

Ashampoo_Snap_2017.01.09_17h02m03s_009_.png   Муҳаббат ва иззатталаблик — бошқа кўплаб ҳис-туйғулар тажассуми ҳисобланувчи икки асосий инсоний ҳис-туйғу. Бу туйғулар хилма-хил эканидан қатъий назар кўпчиликнинг эътирофича, уларни боғловчи-туташтирувчи хоссалар мавжуд. Аслида эса, улар, аксинча, ўзаро кушанда, ёв бўлмаган тақдирда ҳам бир-бирини заифлаштиради…

Блез ПАСКАЛЬ
ИШҚ-МУҲАББАТГА ОИД МУЛОҲАЗАЛАР
Рус тилидан Абдуҳамид ПАРДАЕВ таржимаси
008

 Ashampoo_Snap_2017.01.09_16h43m21s_001_.png Паскаль (Pascal) Блез (1623.19.6, Клермон-Ферран — 1662.19.8, Париж) — француз математиги, физик ва файласуфи. «Конус кесимлар назариясининг тажрибаси» номли асарида (1639) проектив геометриянинг асосий теоремаларидан бири — Паскаль теоремасини исботлаган, 1641 йилда жамлаш машинасини қурган. Арифметика, сонлар назарияси, алгебра, эҳтимоллар назарияси, проектив геометрия ва бошқа соҳаларга оид ишлари муҳим. Паскаль биринчи марта математик индукция усулини қўллаган, Шарқ математикларидан мустақил ҳолда биномиал коэффициентларни ҳисоблаш усулини топган. Паскаль қўллаган юза ва ҳажмларни ҳисоблаш усуллари дифференциал ҳамда интеграл ҳисоблар яратилишида асос бўлди. Паскаль гидростатика асосчиларидан бири, 1648 йили атмосфера босими мавжудлигини исботлайдиган тажриба ўтказган. Паскаль қонунини асослаган. Паскаль фалсафий қарашлари билан рационализм ва скептицизм орасида иккиланиб турган. Унинг «провинциалга хатлар» асари француз прозаси ва театри тараққиётида муҳим ўрин тутади. Паскаль француз классик прозасининг шаклланишига катта ҳисса қўшган.

008

006Инсон тафаккур учун яралган. У узлуксиз, ҳар лаҳза-сония тафаккур юритади, мулоҳаза қилади. Бироқ бахтиёр қила оладиган бокира фикр-мулоҳазалар билан хаёли ҳамиша банд бўлса, толиқади ва ҳолдан тояди. Инсон якранг турмуш тарзига мослашмаган, унга хатти-ҳаракат ва фаолият зарур. Бошқача айтганда, хотиржамлигини эҳтирослар туғёни ўқтин-ўқтин безовта қилиши зарур. Уларни жўшқин ва теран эҳтирослар манбаи — қалбидан топади.

Муҳаббат ва иззатталаблик — бошқа кўплаб ҳис-туйғулар тажассуми ҳисобланувчи икки асосий инсоний ҳис-туйғу. Бу туйғулар хилма-хил эканидан қатъий назар кўпчиликнинг эътирофича, уларни боғловчи-туташтирувчи хоссалар мавжуд. Аслида эса, улар, аксинча, ўзаро кушанда, ёв бўлмаган тақдирда ҳам бир-бирини заифлаштиради.

Қанчалар теран, қамровдор ақл-идрок, тафаккурга эга бўлмайлик, фақат ягона кучли туйғуни ҳис эта оламиз. Шу боис ҳам муҳаббат, ҳам иззатталаблик дардига мубтало эканмиз, бу туйғу-хислатларнинг ҳар бири ўз куч-қудратининг атиги ярмини намоён этади, башарти бири иккинчисига монелик қилмаганида, дейлик, улардан биттасининг қудрати тўлалигича намоён бўларди.

Бу икки туйғунинг юзага келиши ҳам, сўниши ҳам ёшга боғлиқ эмас. Улар ҳаётнинг дастлабки лаҳзаларидаёқ пайдо бўлиб, инсон қалбига умрбод ҳамроҳлик қилади. Бироқ оташталаб-ёлқинталаб бўлгани учун одамлар ёшлик-навқиронлик йилларида уларга кўпроқ мойил бўладилар ва шу боис умр ўтгани сайин ҳис-туйғулар ўтмаслашиб борадигандай таассурот пайдо бўлади, ҳолбуки бу камдан-кам рўй беради.

Инсон ҳаёти ачинарли даражада қисқа. Дунёга келган лаҳзадан ҳаёт ҳисоб-китоби бошланади. Менга қолса, инсон ҳаётини ақл-идрок, тафаккур қилиш қобилияти шаклланган — фаҳм-фаросат, ақл-идрок билан иш тутадиган палладан, одатда камида йигирма ёшдан ҳисоблаган бўлардим. Бу ёшгача боладан фарқимиз йўқ, бола-болакай эса ҳали тўла-тўкис инсон дегани эмас.

Дастлаб меҳр-муҳаббат, кейинчалик эса иззатталаблик ҳукмронлик қиладиган ҳаёт қанчалар бахтли-я! Танлаш имконияти бўлганида, бошқача ҳаётни хаёлимга ҳам келтирмаган бўлардим. Қалбимизда токи оташ-аланга гуруллар экан, ишқ-муҳаббат исканжасида бўламиз, бироқ эртами-кечми аланга сўнади – ўшанда иззатталаблик учун тасаввурга сиғмайдиган уфқлар очилади! Жўшқин ҳаёт фавқулодда тафаккур соҳибларига насиб этади, оралиқ-аросатдагиларга бундай ҳаётнинг қизиғи йўқ: жамики саъй-ҳаракатларни содир этишда машина сингари иш тутишади. Шу боис ҳаётининг аввалида ишқ-муҳаббатга мубтало бўлиб, ёши ўтинқирагач, иззатталаблик домига тушадиган инсон ҳис қилиши мумкин олий бахт-саодатга эришадилар.

Инсоннинг ақл-идроки, тафаккури қанчалар кучли бўлса, ҳис-туйғулари ҳам мутаносиб равишда кучли, ўткир бўлади. Ахир эҳтирослар — гарчи ташқи сабаби тана билан боғлиқ бўлса ҳам, аслида тўла-тўкис ақл-идрок, тафаккурга мансуб туйғулар ва фикр-муоҳазалар; демак, уларда ақл-идрокка ёт-бегона ҳеч вақо йўқ, бинобарин, улар тафаккурга мутаносиб. Бу ўринда фақат жўшқин эҳтиросларни назарда тутяпман. Бошқа ҳис-туйғулар эса изтиробли мавҳумликни юзага келтириб, аксарият қоришиқ бўладилар; бироқ кучли ақл-идрок соҳиблари ҳеч қачон бундай ҳолатга тушмайдилар.
Қалбан буюклик – улуғвор қалб барча жиҳатларда ўзлигини намоён этади.

Баъзан севишнинг ҳожати борми, дея сўрайдилар. Бу ҳақда савол-сўроққа ҳеч ўрин йўқ, буни ҳис этиш, бошдан кечириш лозим. Одамлар севиш-севмаслик ҳақида мулоҳаза қилмайдилар – истак-хоҳиш, майлларига амал қилиб, бирон шубҳа-гумон туғилиши ҳамоно лаққа тушадилар.

Ақл-идрок, тафаккурнинг равшанлиги-тиниқлиги эҳтирослар бокиралигига замин ҳозирлайди, шу боис теран ва равшан ақл-идрок соҳиби қизғин, жўшқин дили билан сева олади ва муҳаббатига ҳамиша имони комил.

Икки хил ақл-идрок мавжуд: биринчиси геометрик ақл-идрок, иккинчисини эса назокатли-ҳафиф ақл-идрок дейиш мумкин.

Дастлабки ақл-идрок соҳиби нарса-ашё-предметни турли томонлардан синчиклаб кўздан кечиради. Иккинчи хил ақл-идрок соҳиби эса шундай оқилона мулоҳаза соҳибики, севадиган одамининг кўплаб жозибадор хислат-фазилатларини бир қарашдаёқ илғайди. Унинг ўткир нигоҳи қалбгача етиб боради, натижада лаҳзалик имо-ишоралар воситасида қалбдаги кечинмаларни пайқайди.

Ҳар икки хил ақл-идрокни умумлаштира олган шахс ишқ-муҳаббатдан нақадар лаззатланишини тасаввур қилиш қийин! Ахир у наинки ақлий куч-қувват, балки манзур-маҳбуба бир-бирига муҳаббатини ғоят нафосат билан изҳор эта олиши учун зарур оқилона ақл-идрок соҳиби.

Биз қалбимизда муҳаббат билан дунёга келамиз. Ақл-идрокимиз такомиллашгани сайин меҳр-муҳаббатимиз шаклланиб, жозибадор гўзаллик-нафосат асли қандай эканини ҳеч қачон уқтирмаганларидан қатъий назар, ўзимиз жозибадор-гўзаллик ҳисобловчи сиймони севишга ундайди, даъват этади. Бинобарин, ёлғиз муҳаббат учун дунёга келганимизга ким ҳам шубҳа қиларди? Ўзимиздан яшириш бемаънилик: биз ҳамиша севамиз, ҳатто ишқ-муҳаббатдан нафратлангандай бўлсак ҳам, аслида муҳаббат қалбимизнинг қаърида юзага чиқиш учун пайт пойлайди. Илло, муҳаббатсиз бир лаҳза ҳам яшай олмаймиз.

Инсон ёлғизлик юкини кўтара олмайди; бинобарин у севади, — демак, меҳр-муҳаббатини бахшида этадиган манба-сиймо топиши зарур. Фақат жозибадор-гўзаллик соҳиб-соҳибаси шундай манба бўла олади; унинг ўзи – барча илоҳий нарса-ашё-мавжудотларнинг гултожи бўлгани боис ён-атрофда қидираётган жозибадор-гўзаллик намунасини ўз қалбидан топиши керак. Унинг нишоналарини, хоҳиш-истак бўлса бас, ҳар ким ўз қалбидан топади. Ташқи нарса-ашё-предметлар бу намунага мос келиш-келмаслигига биноан одамлар ўзлари учун ҳар бир нарса-ашёга нисбатан гўзал ва хунук тушунчасини ҳосил қиладилар. Лекин гарчи инсон ўз «Мен»ининг сарҳадларидан ёриб чиққани ҳамоно юзага келувчи чексиз бўшлиқни тўлдириш учун восита қидирганидан қатъий назар исталган нарса-ашё билан қаноатлана олмайди. Унинг қалби уфқлари жуда кенг; шу боис ахтараётган алланарса лоақал унга ўхшаш ёки яқин бўлиши талаб этилади. Шунинг учун у танлайдиган жозибадор гўзаллик наинки уйғун, балки ўхшаш бўлади. Бу уни турли жинслар доирасига дохил-ошна этади.

Бу ҳақиқатни она табиат қалбимизга шу қадар аниқ-қатъий муҳрлаганки, бундай гўзалликни қабул қилиш, англаш, идрок этиш учун на санъат, на бирон-бир билим-малака талаб қилинади; афтидан, қалбимизда унинг учун алоҳида махсус жой меҳроб-тахт ажратилгану, у бўш қолмаслиги керак. Буни ифодалаш-таърифлашдан ҳис этиш осон. Табиий тушунча, фаҳм-фаросатининг нигоҳини хиралаштириб, уларни назар писанд-қилмайдиган кимсаларгина буни пайқамайдилар.

Умумий жозибадор гўзаллик ғоя-тушунчаси қалбимизга қатъий муҳрланганидан қатъий назар гўзаллик-нафосатга оид тасаввурлармиз афсуски, бир хил эмас, лекин бунинг ёлғиз сабаби майл-иштиёқларимизга бориб тақалади. Илло, бизга шунчаки гўзалликнинг кераги йўқ — биз учун яна қатор жиҳатлар муҳим бўлиб, улар биз кўпроқ нималарга мойил эканимизга боғлиқ ва шунинг учун айтиш мумкинки, ҳар бир инсон ўзига хос ва мос, алоҳида гўзаллик тимсолини яратиб, унинг тажассуми бўлган сиймони тўрт томондан ахтаради. Бундай гўзаллик тимсоли аксарият аёллар бўладп. Эркакларнинг эс-хушига ёлғиз хукмронлик қилган ҳолда ўзларига хос ёҳуд ўзлари қимматли билган гўзаллик белгилари-нишоналари-хоссалари билан гўзалликка оид эркаклар тасаввурини тўлдиради; бошланғич гўзаллик ғояси-тушунчасига кўнгиллари тусаган хоссалар билан қўшимчалар киритади. Шу боис оч малла ранглилар давру даврони ва қорамтир жононлар асри бўлади, ва шунга мос равишда, аёлларнинг ундай ёки бундай кўриниш касб этишни афзал билишларига биноан эркакларнинг ҳам диди ўзгаради.

Гўзалликка оид тушунча-тасаввуримиз ҳатто биз яшайдиган мамлакатдаги расм-русумлар ва модага ҳам боғлиқ. Расм-русум, урф-одатлар эҳтиросларимиз устидан ҳукмронлик қилиши ҳайратлантиради. Бундан қатъий назар ҳар бир инсоннинг гўзалликка оид шахсий тушунча-тасаввури бўлиб, шундан келиб чиққан ҳолда бошқалар ҳақида фикрлайди. Ошиқнинг наздида маъшуқа бошқа барча қиз-жуонлардан афзал гўзаллик-нафосат намунаси.

Гўзаллик ғоят ранг-баранг. Унинг энг нафис тимсоли – аёл. Аёл оқила бўлса, гўзалликка ҳайратланарли руҳ бахш этиб, яна ҳам юксалтиради.

Агар аёл манзур бўлишни истаса ва бу борада барча гўзал сифат-фазилатлар соҳиби бўлса ёки лоақал уларнинг айримларига эга бўлса, ниятига, албатта, етади. Устига устак эркаклар унга салгина эътибор берсалар бас, ҳеч бир саъй-ҳаракат қилмаса ҳам уни, албатта, кимдир севиб қолади. У бирон ташна қалбдаги бўш муҳаббат тахти соҳибасига – маликага айланади.

Инсон ҳузур-ҳаловат, роҳат-фароғат учун яралган. Буни ҳис этади, бошқа далил-исботларга ҳожат йўқ. Бинобарин, роҳат-фароғатга берилар экан, инсон ақлан иш тутади. Лекин кўпинча шундай ҳол рўй берадики, қалбида эҳтирос туғёнини ҳис этгани ҳолда бунинг сабаб-илдизини била олмайди.

Сохта роҳат-фароғат ҳам чинакам роҳат-фароғат каби ақл-идрокни эгаллиши ҳеч гап эмас. Биз эса унинг сохта эканини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз, чунки чинакам, ҳаққоний лаззат деб ўйлаймиз!
Муҳаббат ҳақида баҳс юритиш асносида айни дардга мубтало бўламиз: ахир бу инсонга хос ғоят табиий эҳтиросли туйғу!

Муҳаббат ёшга қарамайди, қайта-қайта туғилаверади. Буни шеърий асарлар исботлайди, шоирлар муҳаббатни фарзанддек тасвирлашлари бежиз эмас. Бироқ аслида ҳам шундай эканини шеъру ашъорсиз ҳам ҳис қила оламиз.

Муҳаббат ақлга ақл қўшади ва айни пайтда ақл-тафаккурга таянади. Севги-муҳаббат — санъат, санъаткорлик, ижодкорликни тақозо этади. Дейлик, ошиқ маъшуқага манзур бўлиш учун ишга соладиган воситалар кун сайин камая боради, бироқ аҳди қатъий бўлгани боис – унинг меҳрини қозонади.

Иззатталаб, шахсиятпараст бўлганимиз боис кўпчилик меҳрига лойиқмиз деб ҳисоблаймиз; шунинг учун ҳам севимли бўлиш хуш ёқади. Муҳаббатга ташналигимиз туфайли бизни севадиган манзур-маҳбубанинг нигоҳида тез-тез муҳаббат ёлқинларига кўзимиз тушади. Ахир кўзлар-нигоҳмиз — қалбдаги кечинмалар кўзгуси, бу кўзгудаги битикларни фақат хушёр ошиқ ё маъшуқа ўқий олади.
Ёлғиз кимса – ярим бағир, ярим кўнгилдай гап. Бахтли-саодатли бўлиш учун ўз тенгини топиши зарур. Аксарият умр йўлдошни ёру биродарларимиз доирасидан ахтарамиз: уларнинг даврасида ўзимизни бемалол тутамиз ва ўзлигимизни намоён этиш имкониятлари кўп. Бироқ баъзида юқорироқ доираларга назар ташлаймизу муайян нигоҳдаги ёлқинга кўзимиз тушганидан қатъий назар бунинг сир-асрорини кашф этишга журъатимиз етмайди.

Танлаган маъшуқангиз аввалига яқинига йўлатмагани боис дастлаб муҳаббатга иззатталаблик ҳамроҳ бўлиши мумкин, лекин ҳеч қанча фурсат ўтмай ишқ-муҳаббат якка-ёлғиз ҳукмронга айланади. Бу шундай хукмфармо туйғуки, тахтида ёлғиз хукмронлик қилиш мақсадида ён-атрофида баслашишга давогар ҳис-туйғулар билан мутлақо чиқиша олмайди. Бўлак ҳис-туйғулар барчаси унга йўл бериши ва итоат қилиши шарт.

Одатий тенг мойилликка нисбатан улуғвор дўстлик-қадрдонлик кучлироқ жалб этади. Енгил-елпи ҳеч қандай кечинма инсон қалбининг теранликларини бўйлай олмайди; фақат олижаноб, улуғвор туйғулар қалбимизга доимий ҳамроҳ-ҳукмрон бўла олади.

Китобларда аксарият шундай фикр-мулоҳазалар билдириладики, уларнинг ҳаққонийлигини фақат ҳар бир инсонни ўзи устида мулоҳаза юритишга мажбурлаш ва бевосита ишонч ҳосил қилиш асносида асослаш мумкин. Каминанинг барча фикр-мулоҳазалари ҳам айни шу асно тасдиқланади.

Бироз фаҳм-фаросатга эга, назокатли одам муҳаббатнинг нозиклиги, нафосатини ҳам ҳис этади. Ахир бирон-бир ташқи нарса-ашё ҳаяжонга солгани каби тушунча-тасаввурига зид нарса-ашёлардан йироқлашишга уринади. Назокатлилик мезонини равшан, олижаноб ва улуғвор ақл-идрок, тафаккур белгилайди. Биз назокатли бўлмаган ҳолда ўзимизни шундай хислатга эга деб ҳисоблашимиз ҳеч гап эмас, ва бунинг учун ён-атрофимиздагилар таъна қилишга, қоралашга ҳақли. Аксинча, гўзаллик борасида ҳар кимнинг шахсий мезон-андоза-ўлчови мавжуд бўлиб, бошқаларнинг дидига боғлиқ эмас. Бироқ назокатлилик билан ундан батамом маҳрумлик ўртасида оралиқ нуқта борлигини ҳамда назокатли бўлишни истаган одам кўзлаган мақсадидан унча узоқ масофада эмаслигини эътироф этишимиз зарур. Назокатли эркаклар аёлларга хуш ёқади ва, менимча, айни шу хислат воситасида уларнинг меҳр-муҳаббатини қозонишдан осони йўқ. Минглаб кишилар орасидан айнан сизни танлагани кимга ҳам хуш ёқмайди дейсиз.

Ақл-идрок, тафаккур қобилият-хислатларини машқлар воситасида ҳосил қилиб бўлмайди, уларни фақат такомиллаштириш, баркамоллаштириш мумкин. Шунинг натижасида ойдинлашадики, назокатлилик, нуктадонлик – санъат самара-натижаси эмас, балки табиий, туғма хислат.

Инсон қанча ақлли бўлса, унинг наздида гўзаллик шакл-шамойиллари шунча кўп, бироқ бу борада севги дардига чалинмаган бўлиши керак, чунки ошиқнинг наздида бутун гўзаллик маъшуқанинг ягона-яхлит тимсолида мужассамлашади.

Жувон-аёл ўзгалар қалбини забт этиши натижасида ҳар гал ўз қалбида бошқалар учун жой ҳозирлаётгандай туюлмайдими? Буни рад этувчи аёллар борлигини, ҳақиқатдан ҳам, биламан. Бироқ ким буни нотўғри дейди? Олишнинг бериши бор.

Башарти фикр-мулоҳазалар муттасил ёлғиз мавзу билан банд бўлса, толиқади ва ғариблашиб-қашшоқлашади. Шу боис муҳаббатдан имкон қадар кўпроқ баҳра олиш-лазззатланиш учун севигимиз, муҳаббат дардимизни ўқтин-ўқтин ёдимиздан чиқаришимиз, хаёлдан фаромуш қилишимиз керак. Бунда ҳеч қандай хиёнат йўқ: ахир бошқаларни севаётганимиз йўқ, фақат севгимиз оташи сўниб қолмаслиги учун куч-қувват тўплаяпмиз, холос. Бу ўз ўзидан рўй беради; ақл-идрок, фаҳм-фаросатимиз ҳисоботсиз ундов-даъватга биноан, ўзига дам беради — бу табиат ҳукми, табиий ҳолат.
Бироқ шу асно инсон феъл-атворига хос заифликка йўл бераётганимизни ҳам эътироф этмасликнинг имкони йўқ ва биз фикр-мулоҳазаларда ўзгаришлар қилишга эҳтиёж сезмаганимизда, яна ҳам бахтлироқ бўлар эдик. Афсуски, бу борада инон-ихтиёримиз ўз қўлимизда эмас.

Изҳори қилинмаган севгининг наъшаси изтиробли ўй-хаёллар билан йўғрилади, бироқ бундай муҳаббатнинг ўзига хос завқ-шавқи бор. Қалбимиз тўридан жой олган сиймога манзур бўлиш билан боғлиқ барча ишларга сидқидилдан киришамиз. Кун сайин ўзлигимизни кашф этишнинг янгидан янги усулларини ўйлаб топамиз. Бу юмушлар учун меҳримиз тушган сиймо билан суҳбатлашишга кетадиган вақтга тенг фурсат сарфлаймиз. Маъшуқа кўнглимизда, рафторимизда кечаётган туғёнларни билиш-билмаслигидан қатъий назар нигоҳимиз гоҳ алангаланиб, гоҳ сўнади; бу ҳаяжон-туғёнларнинг барчаси улар учун ғоят мос сиймо туфайли эканини ҳис этиш ҳам мамнун этади. Ҳис-туйғуларимизни баён этиш учун булбулдай сайрагимиз келади; ҳолбуки муҳаббатимизни сўзлар билан ифодалашга журъат қила олмай теран маъно-мазмунга эга имо-ишоралар, саъй-ҳаракатлар билан чекланишга, қаноатланишга мажбурмиз.

Муҳаббат қалбни шоду хуррамлик — завқ шавқ билан лиммо-лим этиб, бутун фикру зикримизни эгаллаб олади. Бу бахтиёрлигимиз аломат-нишонаси, чунки эҳтиросни бир маромда сақлаб туришнинг бутун сир-асрори ақл-идрок, тафаккурда бир пайса ҳам бўшлиқ-холи жойни қолдирмасликдан, уни бор бўйича муҳаббатимизга оид мастона хаёлларга ғарқ қилувчи нарса-ашёларга муттасил йўналтиришдан иборат. Лекин агар биз томошабиндай четда тураверадиган бўлсак, бундай маҳлиёлик кайфиятини узоқ сақлай олмаймиз. Чунки икки шахс — манзур-маҳбуба учун хос эҳтирослар гирдобида ёлғизланиб қолганимиз боис ҳис-туйғуларимиз тезда барҳам топади.

Эҳтирослар, ҳис-ҳаяжонлар янгилашга муҳтож. Инсон ақл-идроки хилма-хилликни тусайди ва кимки шундай янгиланиш, хилма-хилликка мойил бўлса, ундай манзур-маҳбубанинг баҳридан кечиш қийин.
Эҳтирослар ўта таранглашгач, баъзан жўшқинлигини йўқотади. Ҳаётбахш манбадан маҳрум бўлгач, сўниб-сўламиз ва бағримизни нимталовчи изтиробли хаёллар исканжасига тушиб қоламиз. Бироқ заифона умид шуъласи милтиллагани ҳамоно қалбимиз қуш каби қанот боғлайди. Аёллар-қиз-жувонлар учун бу аксарият ўйиндай гап, лекин баъзида бефарқ эмаслигини изҳор этиб, чинакамига ҳамдардлик билдирадилар – ўшанда яна ўзимизни бахтиёр сезамиз.

Кучли ва собитқадам муҳаббат ҳамиша инжа саъй-ҳаракатлар, аъмоллар билан бошланади. Бу борада асосий вазифа кўзлар зиммасига тушади. Лекин нигоҳлар ифодаси — сир-асрорини уқиб-илғай билиш зарур.

Икки шахс – ошиқ-маъшуқ ягона ишқ-муҳаббат алангаси ичра ёнар экан, нигоҳлар ифодасини уқишлари шарт эмас. Чунки улардан лоақал бири иккинчиси нима демоқчи эканини, ҳатто уни тушунмаган, ёҳуд тушуна олмаган тақдирда ҳам шубҳасиз англайди.

Ошиқ-маҳлиё бўлганимизда, яъни севиш асносида бутунлай бошқа инсонга айланганимизни пайқаймиз. Қанчалик ўзгарганимизни ён-атрофдагиларнинг барчаси пайқагандай туюлади. Бу ўта хато тасаввур, лекин ақлу ҳушимизни жўшқин эҳтиросларимиз хиралаштириб-ўтмаслаштириб қўйгани боис ўзимизни аксинча эканига ишонтира олмаймиз ва ён-атрофдагиларга ишонқирамай муносабатда бўламиз.

Ўзгалар кўнглида кечаётган эҳтиросли туйғуларни пайқашига ошиқнинг ишончи комил. Бу кўнглига ғулғула солади.

Муҳаббат йўли, солномаси, қисса-достони қанчалик узун-давомли бўлса, назокатли қалб соҳиби шунча кўп завқу шавқ оғушида яшайди.

Шундай одамлар борки, улар узоқ муддат умидворлик билан яшайдилар, — булар назокатли ақл-идрок соҳиблари. Бошқалар эса тўсиқ-ғов-монеликларга астойдил қарши тура олмайдилар – булар ўта заиф-дағал фаҳм-фаросат эгалари. Дастлабки ақл-идрок соҳиблари феъл-атворида барқарорлик бор; улар ишқ-муҳаббатдан чексиз завқланади. Навбатдаги фаҳм-фаросат эгалари эса жуда тез севиб қолишидан қатъий назар муҳаббатининг умри қисқа бўлади.

Эъзоз-эҳтиром – муҳаббатнинг дастлабки нишона-аломати. Севган манзур-маҳбубамизни ғоят эъзозлаймиз, ва бу табиий, чунки меҳр-муҳаббатимизга сазовор сиймонинг тенги бўлиши мумкин эмас.
Шоир-адиблар манзур-маҳбубалар ҳис-туёғуларини бутун ранг-баранглиги ила акс эттиришлари жуда мушкул. Бунинг учун уларнинг ўзлари бу дардни – муҳаббат изтироблари ва қувончларини бошдан кечиришлари зарур.

Ақлнинг айниши сингари аҳлоқсизлик ҳам ўта даҳшатли.

Ишқ-муҳаббатда сукут – ҳар қандай таъриф-таснифдан қиммат. Тортинчоқлик тилимизни боғлаб ташлагани маъқул: сукут сақлашда шу қадар теран маъно-мазмун мужассамки, у ҳар қандай изҳори дилдан кўра қалбга яхшироқ етиб боради. Ошиқ тортинчоқлик-саросима ичра сукут сақлаш асносида қалби маъшуқасига айтадиган муҳаббат изҳорлари билан лиммо-лим бўлади ва бу борада қанчалар зукко ақл-идрок, тафаккур соҳибига айланади! Ҳар қанча сўзамол бўлмайлик, аксарият бутун сўз бойлигимиз тугаб-соб бўлгани афзалдай туюлади. Бу борада ҳеч қандай ҳисоб-китоб ва ҳеч қандай қонун-қоида йўқ. Ҳаммаси қандай бўлиши керак бўлса, айни шу тартибда содир бўлади.

Кўпинча шундай бўладики, кўнгил қўйганини ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган маъшуқасига ошиқ узоқ муддат содиқ бўлади. Бироқ бунинг учун ғоят бокира ва оташин муҳбат билан севиш зарур.
Одамларнинг ақл-идроки, биробарин, эҳтирослари қандайлиги эканини ўзимизга қиёсан билиб оламиз.

Ошиқ ёру биродарларини ҳам унутиб, қадр-қиммати ҳақида ўйламайди, деган фикрни мен ҳам маъқуллайман. Жиддий, садоқатли, меҳр-оқибатли дўстона муносабатлар ҳам шунга олиб келади. Ошиқларнинг бу қадар бепарволиги бежиз эмас, чунки маъшуқасидан бўлак яна бирон-бир кимсага муҳтожлик уларнинг ҳатто хаёлига ҳам келмайди. Ишқ-муҳаббат исканжасидаги ошиқ ўзи ҳақида қайғурмайди ҳам, хавотирга ҳам тушмайди. Бусиз муҳаббат том маънодаги жўшқинлик-оташинлик-нафосат касб этмайди; шу боис ошиқ одамларнинг фикр-мулоҳазалари билан заррача қизиқмайди, билгани шуки, ён-атрофдагилар саъй-ҳаракатларига маломат тошларини ёғдирмасликлари зарур, чунки ошиқона саъй-ҳаракатлар соғлом ақл-идрок билан йўғрилган. Эҳтирослар домига тушиб қолган, муҳаббат дардига тамомила мубтало девонаи ишқ фикрлаш-мулоҳаза юритиш қобилиятини йўқотади ҳисоби.

Аёл-жувоннинг хайрихоҳлиги, меҳр-муҳаббатини қозониш умиди билан йигит-эркак дастлабки қадамни ташлайди – бу шунчаки урф-одат, расм-русум эмас, балки табиат зиммасига юклаган бурч-мажбурият.

Муҳаббат мубтало қилувчи девоналик ва маъшуқага маҳлиёлик ошиқ феъл-атворида илгари бўлмаган хосса-хусусиятларни пайдо қилади. Муҳаббат одамларни олижаноб, бағри кенг, Ҳотамтой қилади. Ҳатто хасис кимса ҳам ҳотамтойга айланиб, аввалги хислат-одатини ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди. Булар бежиз эмас. Чунки кўнгилни торайтирадиган ва азоблайдиган ҳис-туйғулар билан бирга шундай жўшқин эҳтирослар ҳам мавжудки, улар қалбга чексиз куч-қувват, қанот бахш этади.

Меҳр-муҳаббатни ақл-идрокдан айрича тасаввур қилишга беҳуда уринадилар. Уларни зидлаштириш, қарама-қарши қўйиш учун асос йўқ, чунки ақл-идрок ва меҳр-муҳаббат айни бир, яхлит-ягона хислат, хусусиятга эга. Биз яхши билиб улгурмасдан муайян инсон билан қизиқа бошлаймиз, — бу ақл-идрокнинг ўзига хос шошма-шошарлиги, бироқ бундай иш тутиш оқилликка бегона эмас, ва биз бошқа бўлмаслигимиз, бу ҳақда ўйламаслигимиз ҳам керак: аксинча ҳис-туйғудан маҳрум машинага айланиб қолган бўлардик. Башарти шундай экан, ишқ-муҳаббатдан ақл-идрокни айирмайлик-ажратмайлик, чунки улар ажралмас, бир бутун, яхлит.

Бундан келиб чиқадики, шоирлар даъво қилганидек, муҳаббатнинг кўзи кўр эмас. Ёруғ дунёни беркитиб турган боғични муҳаббат кўзлари-нигоҳидан юлқиб олиш зарур.

Ишқ-муҳаббат учун яралган қалб фаол, жўшқин воқеаларга бой ҳаётга муштоқ. Қалбга ором бегона, ҳамиша беором, безовта, шу боис ён-атрофда ҳамма-ҳаммаси унга мос равишда қайнаб тошиши керак. Шундай жўшқин ҳаёт тарзи қайноқ эҳтирослар учун кенг уфқлар очади. Саройга қадам ранжида қилмайдиган шаҳарликларга нисбатан сарой аҳли осонлик билан маҳлиё қилишлари бежиз эмас: аҳли саройнинг қалбида ҳамиша аланга ёлқинланади, остона ҳатлаб ташқарига чиқмайдиган шаҳарликлар эса қалбга туғён соладиган жиддий бирон воқеа рўй бермайдиган якранг, туссиз турмуш тарзига кўникиб қолган. Жўшқин турмуш тарзи кутилмаган воқеа-ҳодисалар ато этади, ақл-идрокни чархлаб, ёрқин таассурот-хотиралар қолдиради.

Менимча, муҳаббат қалбни ўзгартиради, янгилайди. Ишқ-муҳаббат юксалтиради ва олижаноблик бахш этади. Феъл-атвор, рафтор, аъмоллар – барча-барчаси муҳаббатга мос бўлиши зарур, аксинча залворли муҳаббат юкини кўтариш амри маҳол.

Гўзаллик ва ёқимлилик – айнан бир хил экани барчага аён. Бу борада сўз-иборалар ва саъй-ҳаракатлардаги ахлоқий нафосат-гўзалликни назарда тутяпман. Ҳа, ёқимтой, хўшрўй бўлишнинг, албатта, муайян қонун-қоидалари мавжуд, бироқ яна жисмоний мойиллик-хайрихоҳлик ҳам борки, бу сиз билан бизнинг ихтиёримизга боғлиқ эмас.

Ёқимтойлик-жозибадорликка оид шу қадар идеал тасаввурни ҳосил қилдикки, гўё бутун дунёда унга мос-муносиб сиймо йўқ. Дўппини ёнимизга олиб қўйиб, астойдил мулоҳаза юритайлик ва одамлар феъл-атворидаги самимият ва ақлий тийрак зийраклик мафтун-маҳлиё қилишини эътироф этайлик. Бу икки хислат-фазилат ишқ-муҳаббат учун жуда зарур: ошиқ шошиши ҳам, сусткашлик қилиши ҳам керак эмас. Қолган барчасини тажриба ихтиёрига қўйиб бераверинг.

Ҳурмат-эҳтиром ва меҳр-муҳаббат ўзаро шу қадар мутаносиб бўлиши керакки, ўзаро таянч бўлиши ва ҳурмат-эҳтиром муҳаббатдан устунлик қилмаслиги керак.

Кетма-кет севадиган кимсалар эмас, балки бор вужуди, бутун қалби билан севадиганлар қалбан бағри кенг сиймолар ҳисобланади. Уларни фақат тийиқсиз жўшқин эҳтирос мувозанатдан чиқариб, бутун вужудини қамрай олади. Бироқ уларнинг қалбида муҳаббат туғилса, бошқаларга ибрат-намуна бўла оладиган тарзда кучли севадилар.

Турли халқлар турли даражада севги дардига мубтало бўлади, деган ақида мавжуд. Аслида бундай эмас; нима бўлганда ҳам бу фикрни шубҳасиз ҳақиқат сифатида қабул қилиб бўлмайди.

Муҳаббат токи фикр-мулоҳазаларнинг муайян сиймога йўналганлигидан иборат экан, ҳамма жойда бир хил хосса-хусусиятга эга экани шубҳасиз. Ишқ-муҳаббат туйғуси ёлғиз кўнгил иши бўлмагани туфайли об-ҳаво, иқлимнинг хилма-хиллиги унга муайян ўзгартиришлар киритади, бироқ бу фақат танага тааллуқли.

Муҳаббат – бамисоли оқилона мазмун-моҳият. Бошқаларнинг ақли қанча бўлса, шунча ақл-идрокка эга эканига, бинобарин бошқалар қандай севса, ўзлари ҳам айни шу асно севишига ҳар бир инсоннинг ишончи комил. Бироқ, жиддий мулоҳаза юритгудай бўлсак, манзур-маҳбубада ҳар бир инсон учун шундай хусусият-фазилатлар қимматлики, уларга бошқалар эътибор бермайди. (Бу фарқни илғаш учун жиддий синчковлик, нуктадонлик зарур.)

Кимки ўзини севиб қолгандай тутадиган бўлса, росмана муҳаббат дардига мубтало бўлиши ҳеч гап эмас; нима бўлмасин, бу борада енгил қизиқувчанликсиз, ишқибозликсиз иш битмайди. Ахир Мажнун қиёфасига киришга уринаётган ишқибоз бошқаларни ишонтиришга астойдил уринади, аксинча унинг даъвосига ким ҳам ишонарди?

Ҳис-туйғулар, эҳтирослар туғёнини пинҳон тутиш бошқа муҳимроқ туйғуларни яширишдан кўра мураккаб. Ҳиссиётларни пинҳон сақлаш учун даставвал ҳайрат, топқирлик, енгил ва оний ақлий зукколик зарур, бошқа туйғуларни сир сақлаш учун фақат зийраклик қилиш ва вақтни чўзиш кифоя, бу, албатта, нисбатан осон.

Меҳримиз тушган манзур-маҳбубадан токи олис эканмиз, қўлимиздан келмайдиган иш йўқдай ва севгимизни шоирона теша тегмаган ибора-ифодалар билан изҳор этишга қодирдай сезамиз, бироқ рўбарў келганимиз ҳамоно гўё оёқ-қўлимиз тушовланиб, тилимизга калима ҳам келмайди. Бундай заифона сусткашликнинг боиси не? Гап шундаки, меҳримиз тушган сиймодан токи маълум масофада эканмиз, руҳимий мувозанатни сақлашимиз осон, айни пайтда манзур-маҳбубаа ёнида қатъиятдан тамомила маҳрум қилувчи аллақандай ҳаяжон гирдобига тушиб қоламиз.

Барчасини бой беришдан чўчиганимиз боис муҳаббат масаласида таваккал қилишга журъатимиз етмайди. Албатта, илгарилаш зарур, бироқ айнан қайси нуқтада тўхташ кераклигини ким билади? Токи шу нуқтани топмас эканмиз, ўзимизни қўйгани жой тополмаймиз, лекин топгач, ундан хатлаб ўтиш осон. Бу борада оқилона иш тутиш наф бермайди.

Севги дардига мубтало бўлиш ва меҳр-муҳаббат қозонганимизга ишона олмасликдан ҳам изтиробли ҳолат йўқ. Ўқтин-ўқтин умид кўнглимизни ёритса, лекин кейинчалик қўрқув қамраб олади ва пировард натижада енгади.

Сидқидилдан севганимизда меҳримиз тушган манзур-маҳбубага ҳар гал илк бора кўраётгандай суқланиб назар ташлаймиз. /ойиб бўлгани ҳамоно орадан бирон дақиқа ўтар-ўтмас рухсорини қумсай бошлаймиз. Сиймоси қаршимизда пайдо бўлиши билан қалбимиз нурга тўлиб, ёришгандай бўлади! /улғула, саросима кўнглимизни шу заҳоти тарк этади.

Бироқ бунинг учун муҳаббат етарли даражада етук, баркамол бўлиши талаб қилинади. Башарти эндигина туғилиб келаётган бўлса ва ҳали манзур-маҳбубанинг меҳрини қозониб улгурмаган бўлсак, хавотирлар барҳам топади, лекин уларнинг ўрнини бошқалари эгаллайди.

Қанчалар мушкуллигидан қатъий назар изтироблардан нажот топиш илинжида севганимиз ёнида бўлишга интиламиз. Бироқ унинг чеҳрасига кўзимиз тушгани ҳамоно яна ҳам кучли изтироблар гирдобига тушиб қоламиз. Аввалги азоб-уқубатлар айни пайтдаги изтироблар сингари қийнамайди, бизлар айни паллада кўнглимиздан кечаётган ҳис-туйғуларга биноан хулоса чиқарамиз. Шундай изтиробларни бошдан кечираётган ошиқнинг дарду ҳасратларини баҳам кўрмасликнинг имкони борми?

М: «Философия любви» (Москва, 1990. 2 том, 229-241-бетлар.) китобидан олинди.

Ashampoo_Snap_2017.01.09_16h44m53s_002_.pngBlez PASKAL
ISHQ-MUHABBATGA OID MULOHAZALAR
Rus tilidan Abduhamid PARDAYEV tarjimasi
008

 Paskal (Pascal) Blez (1623.19.6, Klermon-Ferran — 1662.19.8, Parij) — fransuz matematigi, fizik va faylasufi. «Konus kesimlar nazariyasining tajribasi» nomli asarida (1639) proyektiv geometriyaning asosiy teoremalaridan biri — Paskal teoremasini isbotlagan, 1641 yilda jamlash mashinasini qurgan. Arifmetika, sonlar nazariyasi, algebra, ehtimollar nazariyasi, proyektiv geometriya va boshqa sohalarga oid ishlari muhim. Paskal birinchi marta matematik induksiya usulini qo‘llagan, Sharq matematiklaridan mustaqil holda binomial koeffitsiyentlarni hisoblash usulini topgan. Paskal qo‘llagan yuza va hajmlarni hisoblash usullari differensial hamda integral hisoblar yaratilishida asos bo‘ldi. Paskal gidrostatika asoschilaridan biri, 1648 yili atmosfera bosimi mavjudligini isbotlaydigan tajriba o‘tkazgan. Paskal qonunini asoslagan. Paskal falsafiy qarashlari bilan ratsionalizm va skeptitsizm orasida ikkilanib turgan. Uning «provinsialga xatlar» asari fransuz prozasi va teatri taraqqiyotida muhim o‘rin tutadi. Paskal fransuz klassik prozasining shakllanishiga katta hissa qo‘shgan.

008

007Inson tafakkur uchun yaralgan. U uzluksiz, har lahza-soniya tafakkur yuritadi, mulohaza qiladi. Biroq baxtiyor qila oladigan bokira fikr-mulohazalar bilan xayoli hamisha band bo‘lsa, toliqadi va holdan toyadi. Inson yakrang turmush tarziga moslashmagan, unga xatti-harakat va faoliyat zarur. Boshqacha aytganda, xotirjamligini ehtiroslar tug‘yoni o‘qtin-o‘qtin bezovta qilishi zarur. Ularni jo‘shqin va teran ehtiroslar manbai — qalbidan topadi.

Muhabbat va izzattalablik — boshqa ko‘plab his-tuyg‘ular tajassumi hisoblanuvchi ikki asosiy insoniy his-tuyg‘u. Bu tuyg‘ular xilma-xil ekanidan qat’iy nazar ko‘pchilikning e’tiroficha, ularni bog‘lovchi-tutashtiruvchi xossalar mavjud. Aslida esa, ular, aksincha, o‘zaro kushanda, yov bo‘lmagan taqdirda ham bir-birini zaiflashtiradi.

Qanchalar teran, qamrovdor aql-idrok, tafakkurga ega bo‘lmaylik, faqat yagona kuchli tuyg‘uni his eta olamiz. Shu bois ham muhabbat, ham izzattalablik dardiga mubtalo ekanmiz, bu tuyg‘u-xislatlarning har biri o‘z kuch-qudratining atigi yarmini namoyon etadi, basharti biri ikkinchisiga monelik qilmaganida, deylik, ulardan bittasining qudrati to‘laligicha namoyon bo‘lardi.

Bu ikki tuyg‘uning yuzaga kelishi ham, so‘nishi ham yoshga bog‘liq emas. Ular hayotning dastlabki lahzalaridayoq paydo bo‘lib, inson qalbiga umrbod hamrohlik qiladi. Biroq otashtalab-yolqintalab bo‘lgani uchun odamlar yoshlik-navqironlik yillarida ularga ko‘proq moyil bo‘ladilar va shu bois umr o‘tgani sayin his-tuyg‘ular o‘tmaslashib boradiganday taassurot paydo bo‘ladi, holbuki bu kamdan-kam ro‘y beradi.

Inson hayoti achinarli darajada qisqa. Dunyoga kelgan lahzadan hayot hisob-kitobi boshlanadi. Menga qolsa, inson hayotini aql-idrok, tafakkur qilish qobiliyati shakllangan — fahm-farosat, aql-idrok bilan ish tutadigan palladan, odatda kamida yigirma yoshdan hisoblagan bo‘lardim. Bu yoshgacha boladan farqimiz yo‘q, bola-bolakay esa hali to‘la-to‘kis inson degani emas.

Dastlab mehr-muhabbat, keyinchalik esa izzattalablik hukmronlik qiladigan hayot qanchalar baxtli-ya! Tanlash imkoniyati bo‘lganida, boshqacha hayotni xayolimga ham keltirmagan bo‘lardim. Qalbimizda toki otash-alanga gurullar ekan, ishq-muhabbat iskanjasida bo‘lamiz, biroq ertami-kechmi alanga so‘nadi – o‘shanda izzattalablik uchun tasavvurga sig‘maydigan ufqlar ochiladi! Jo‘shqin hayot favqulodda tafakkur sohiblariga nasib etadi, oraliq-arosatdagilarga bunday hayotning qizig‘i yo‘q: jamiki sa’y-harakatlarni sodir etishda mashina singari ish tutishadi. Shu bois hayotining avvalida ishq-muhabbatga mubtalo bo‘lib, yoshi o‘tinqiragach, izzattalablik domiga tushadigan inson his qilishi mumkin oliy baxt-saodatga erishadilar.

Insonning aql-idroki, tafakkuri qanchalar kuchli bo‘lsa, his-tuyg‘ulari ham mutanosib ravishda kuchli, o‘tkir bo‘ladi. Axir ehtiroslar — garchi tashqi sababi tana bilan bog‘liq bo‘lsa ham, aslida to‘la-to‘kis aql-idrok, tafakkurga mansub tuyg‘ular va fikr-muohazalar; demak, ularda aql-idrokka yot-begona hech vaqo yo‘q, binobarin, ular tafakkurga mutanosib. Bu o‘rinda faqat jo‘shqin ehtiroslarni nazarda tutyapman. Boshqa his-tuyg‘ular esa iztirobli mavhumlikni yuzaga keltirib, aksariyat qorishiq bo‘ladilar; biroq kuchli aql-idrok sohiblari hech qachon bunday holatga tushmaydilar.
Qalban buyuklik – ulug‘vor qalb barcha jihatlarda o‘zligini namoyon etadi.

Ba’zan sevishning hojati bormi, deya so‘raydilar. Bu haqda savol-so‘roqqa hech o‘rin yo‘q, buni his etish, boshdan kechirish lozim. Odamlar sevish-sevmaslik haqida mulohaza qilmaydilar – istak-xohish, mayllariga amal qilib, biron shubha-gumon tug‘ilishi hamono laqqa tushadilar.

Aql-idrok, tafakkurning ravshanligi-tiniqligi ehtiroslar bokiraligiga zamin hozirlaydi, shu bois teran va ravshan aql-idrok sohibi qizg‘in, jo‘shqin dili bilan seva oladi va muhabbatiga hamisha imoni komil.

Ikki xil aql-idrok mavjud: birinchisi geometrik aql-idrok, ikkinchisini esa nazokatli-hafif aql-idrok deyish mumkin.

Dastlabki aql-idrok sohibi narsa-ashyo-predmetni turli tomonlardan sinchiklab ko‘zdan kechiradi. Ikkinchi xil aql-idrok sohibi esa shunday oqilona mulohaza sohibiki, sevadigan odamining ko‘plab jozibador xislat-fazilatlarini bir qarashdayoq ilg‘aydi. Uning o‘tkir nigohi qalbgacha yetib boradi, natijada lahzalik imo-ishoralar vositasida qalbdagi kechinmalarni payqaydi.

Har ikki xil aql-idrokni umumlashtira olgan shaxs ishq-muhabbatdan naqadar lazzatlanishini tasavvur qilish qiyin! Axir u nainki aqliy kuch-quvvat, balki manzur-mahbuba bir-biriga muhabbatini g‘oyat nafosat bilan izhor eta olishi uchun zarur oqilona aql-idrok sohibi.

Biz qalbimizda muhabbat bilan dunyoga kelamiz. Aql-idrokimiz takomillashgani sayin mehr-muhabbatimiz shakllanib, jozibador go‘zallik-nafosat asli qanday ekanini hech qachon uqtirmaganlaridan qat’iy nazar, o‘zimiz jozibador-go‘zallik hisoblovchi siymoni sevishga undaydi, da’vat etadi. Binobarin, yolg‘iz muhabbat uchun dunyoga kelganimizga kim ham shubha qilardi? O‘zimizdan yashirish bema’nilik: biz hamisha sevamiz, hatto ishq-muhabbatdan nafratlanganday bo‘lsak ham, aslida muhabbat qalbimizning qa’rida yuzaga chiqish uchun payt poylaydi. Illo, muhabbatsiz bir lahza ham yashay olmaymiz.

Inson yolg‘izlik yukini ko‘tara olmaydi; binobarin u sevadi, — demak, mehr-muhabbatini baxshida etadigan manba-siymo topishi zarur. Faqat jozibador-go‘zallik sohib-sohibasi shunday manba bo‘la oladi; uning o‘zi – barcha ilohiy narsa-ashyo-mavjudotlarning gultoji bo‘lgani bois yon-atrofda qidirayotgan jozibador-go‘zallik namunasini o‘z qalbidan topishi kerak. Uning nishonalarini, xohish-istak bo‘lsa bas, har kim o‘z qalbidan topadi. Tashqi narsa-ashyo-predmetlar bu namunaga mos kelish-kelmasligiga binoan odamlar o‘zlari uchun har bir narsa-ashyoga nisbatan go‘zal va xunuk tushunchasini hosil qiladilar. Lekin garchi inson o‘z «Men»ining sarhadlaridan yorib chiqqani hamono yuzaga keluvchi cheksiz bo‘shliqni to‘ldirish uchun vosita qidirganidan qat’iy nazar istalgan narsa-ashyo bilan qanoatlana olmaydi. Uning qalbi ufqlari juda keng; shu bois axtarayotgan allanarsa loaqal unga o‘xshash yoki yaqin bo‘lishi talab etiladi. Shuning uchun u tanlaydigan jozibador go‘zallik nainki uyg‘un, balki o‘xshash bo‘ladi. Bu uni turli jinslar doirasiga doxil-oshna etadi.

Bu haqiqatni ona tabiat qalbimizga shu qadar aniq-qat’iy muhrlaganki, bunday go‘zallikni qabul qilish, anglash, idrok etish uchun na san’at, na biron-bir bilim-malaka talab qilinadi; aftidan, qalbimizda uning uchun alohida maxsus joy mehrob-taxt ajratilganu, u bo‘sh qolmasligi kerak. Buni ifodalash-ta’riflashdan his etish oson. Tabiiy tushuncha, fahm-farosatining nigohini xiralashtirib, ularni nazar pisand-qilmaydigan kimsalargina buni payqamaydilar.

Umumiy jozibador go‘zallik g‘oya-tushunchasi qalbimizga qat’iy muhrlanganidan qat’iy nazar go‘zallik-nafosatga oid tasavvurlarmiz afsuski, bir xil emas, lekin buning yolg‘iz sababi mayl-ishtiyoqlarimizga borib taqaladi. Illo, bizga shunchaki go‘zallikning keragi yo‘q — biz uchun yana qator jihatlar muhim bo‘lib, ular biz ko‘proq nimalarga moyil ekanimizga bog‘liq va shuning uchun aytish mumkinki, har bir inson o‘ziga xos va mos, alohida go‘zallik timsolini yaratib, uning tajassumi bo‘lgan siymoni to‘rt tomondan axtaradi. Bunday go‘zallik timsoli aksariyat ayollar bo‘ladp. Erkaklarning es-xushiga yolg‘iz xukmronlik qilgan holda o‘zlariga xos yohud o‘zlari qimmatli bilgan go‘zallik belgilari-nishonalari-xossalari bilan go‘zallikka oid erkaklar tasavvurini to‘ldiradi; boshlang‘ich go‘zallik g‘oyasi-tushunchasiga ko‘ngillari tusagan xossalar bilan qo‘shimchalar kiritadi. Shu bois och malla ranglilar davru davroni va qoramtir jononlar asri bo‘ladi, va shunga mos ravishda, ayollarning unday yoki bunday ko‘rinish kasb etishni afzal bilishlariga binoan erkaklarning ham didi o‘zgaradi.

Go‘zallikka oid tushuncha-tasavvurimiz hatto biz yashaydigan mamlakatdagi rasm-rusumlar va modaga ham bog‘liq. Rasm-rusum, urf-odatlar ehtiroslarimiz ustidan hukmronlik qilishi hayratlantiradi. Bundan qat’iy nazar har bir insonning go‘zallikka oid shaxsiy tushuncha-tasavvuri bo‘lib, shundan kelib chiqqan holda boshqalar haqida fikrlaydi. Oshiqning nazdida ma’shuqa boshqa barcha qiz-juonlardan afzal go‘zallik-nafosat namunasi.

Go‘zallik g‘oyat rang-barang. Uning eng nafis timsoli – ayol. Ayol oqila bo‘lsa, go‘zallikka hayratlanarli ruh baxsh etib, yana ham yuksaltiradi.

Agar ayol manzur bo‘lishni istasa va bu borada barcha go‘zal sifat-fazilatlar sohibi bo‘lsa yoki loaqal ularning ayrimlariga ega bo‘lsa, niyatiga, albatta, yetadi. Ustiga ustak erkaklar unga salgina e’tibor bersalar bas, hech bir sa’y-harakat qilmasa ham uni, albatta, kimdir sevib qoladi. U biron tashna qalbdagi bo‘sh muhabbat taxti sohibasiga – malikaga aylanadi.

Inson huzur-halovat, rohat-farog‘at uchun yaralgan. Buni his etadi, boshqa dalil-isbotlarga hojat yo‘q. Binobarin, rohat-farog‘atga berilar ekan, inson aqlan ish tutadi. Lekin ko‘pincha shunday hol ro‘y beradiki, qalbida ehtiros tug‘yonini his etgani holda buning sabab-ildizini bila olmaydi.

Soxta rohat-farog‘at ham chinakam rohat-farog‘at kabi aql-idrokni egallishi hech gap emas. Biz esa uning soxta ekanini xayolimizga ham keltirmaymiz, chunki chinakam, haqqoniy lazzat deb o‘ylaymiz!
Muhabbat haqida bahs yuritish asnosida ayni dardga mubtalo bo‘lamiz: axir bu insonga xos g‘oyat tabiiy ehtirosli tuyg‘u!

Muhabbat yoshga qaramaydi, qayta-qayta tug‘ilaveradi. Buni she’riy asarlar isbotlaydi, shoirlar muhabbatni farzanddek tasvirlashlari bejiz emas. Biroq aslida ham shunday ekanini she’ru ash’orsiz ham his qila olamiz.

Muhabbat aqlga aql qo‘shadi va ayni paytda aql-tafakkurga tayanadi. Sevgi-muhabbat — san’at, san’atkorlik, ijodkorlikni taqozo etadi. Deylik, oshiq ma’shuqaga manzur bo‘lish uchun ishga soladigan vositalar kun sayin kamaya boradi, biroq ahdi qat’iy bo‘lgani bois – uning mehrini qozonadi.

Izzattalab, shaxsiyatparast bo‘lganimiz bois ko‘pchilik mehriga loyiqmiz deb hisoblaymiz; shuning uchun ham sevimli bo‘lish xush yoqadi. Muhabbatga tashnaligimiz tufayli bizni sevadigan manzur-mahbubaning nigohida tez-tez muhabbat yolqinlariga ko‘zimiz tushadi. Axir ko‘zlar-nigohmiz — qalbdagi kechinmalar ko‘zgusi, bu ko‘zgudagi bitiklarni faqat xushyor oshiq yo ma’shuqa o‘qiy oladi.
Yolg‘iz kimsa – yarim bag‘ir, yarim ko‘ngilday gap. Baxtli-saodatli bo‘lish uchun o‘z tengini topishi zarur. Aksariyat umr yo‘ldoshni yoru birodarlarimiz doirasidan axtaramiz: ularning davrasida o‘zimizni bemalol tutamiz va o‘zligimizni namoyon etish imkoniyatlari ko‘p. Biroq ba’zida yuqoriroq doiralarga nazar tashlaymizu muayyan nigohdagi yolqinga ko‘zimiz tushganidan qat’iy nazar buning sir-asrorini kashf etishga jur’atimiz yetmaydi.

Tanlagan ma’shuqangiz avvaliga yaqiniga yo‘latmagani bois dastlab muhabbatga izzattalablik hamroh bo‘lishi mumkin, lekin hech qancha fursat o‘tmay ishq-muhabbat yakka-yolg‘iz hukmronga aylanadi. Bu shunday xukmfarmo tuyg‘uki, taxtida yolg‘iz xukmronlik qilish maqsadida yon-atrofida baslashishga davogar his-tuyg‘ular bilan mutlaqo chiqisha olmaydi. Bo‘lak his-tuyg‘ular barchasi unga yo‘l berishi va itoat qilishi shart.

Odatiy teng moyillikka nisbatan ulug‘vor do‘stlik-qadrdonlik kuchliroq jalb etadi. Yengil-yelpi hech qanday kechinma inson qalbining teranliklarini bo‘ylay olmaydi; faqat olijanob, ulug‘vor tuyg‘ular qalbimizga doimiy hamroh-hukmron bo‘la oladi.

Kitoblarda aksariyat shunday fikr-mulohazalar bildiriladiki, ularning haqqoniyligini faqat har bir insonni o‘zi ustida mulohaza yuritishga majburlash va bevosita ishonch hosil qilish asnosida asoslash mumkin. Kaminaning barcha fikr-mulohazalari ham ayni shu asno tasdiqlanadi.

Biroz fahm-farosatga ega, nazokatli odam muhabbatning nozikligi, nafosatini ham his etadi. Axir biron-bir tashqi narsa-ashyo hayajonga solgani kabi tushuncha-tasavvuriga zid narsa-ashyolardan yiroqlashishga urinadi. Nazokatlilik mezonini ravshan, olijanob va ulug‘vor aql-idrok, tafakkur belgilaydi. Biz nazokatli bo‘lmagan holda o‘zimizni shunday xislatga ega deb hisoblashimiz hech gap emas, va buning uchun yon-atrofimizdagilar ta’na qilishga, qoralashga haqli. Aksincha, go‘zallik borasida har kimning shaxsiy mezon-andoza-o‘lchovi mavjud bo‘lib, boshqalarning didiga bog‘liq emas. Biroq nazokatlilik bilan undan batamom mahrumlik o‘rtasida oraliq nuqta borligini hamda nazokatli bo‘lishni istagan odam ko‘zlagan maqsadidan uncha uzoq masofada emasligini e’tirof etishimiz zarur. Nazokatli erkaklar ayollarga xush yoqadi va, menimcha, ayni shu xislat vositasida ularning mehr-muhabbatini qozonishdan osoni yo‘q. Minglab kishilar orasidan aynan sizni tanlagani kimga ham xush yoqmaydi deysiz.

Aql-idrok, tafakkur qobiliyat-xislatlarini mashqlar vositasida hosil qilib bo‘lmaydi, ularni faqat takomillashtirish, barkamollashtirish mumkin. Shuning natijasida oydinlashadiki, nazokatlilik, nuktadonlik – san’at samara-natijasi emas, balki tabiiy, tug‘ma xislat.

Inson qancha aqlli bo‘lsa, uning nazdida go‘zallik shakl-shamoyillari shuncha ko‘p, biroq bu borada sevgi dardiga chalinmagan bo‘lishi kerak, chunki oshiqning nazdida butun go‘zallik ma’shuqaning yagona-yaxlit timsolida mujassamlashadi.

Juvon-ayol o‘zgalar qalbini zabt etishi natijasida har gal o‘z qalbida boshqalar uchun joy hozirlayotganday tuyulmaydimi? Buni rad etuvchi ayollar borligini, haqiqatdan ham, bilaman. Biroq kim buni noto‘g‘ri deydi? Olishning berishi bor.

Basharti fikr-mulohazalar muttasil yolg‘iz mavzu bilan band bo‘lsa, toliqadi va g‘ariblashib-qashshoqlashadi. Shu bois muhabbatdan imkon qadar ko‘proq bahra olish-lazzzatlanish uchun sevigimiz, muhabbat dardimizni o‘qtin-o‘qtin yodimizdan chiqarishimiz, xayoldan faromush qilishimiz kerak. Bunda hech qanday xiyonat yo‘q: axir boshqalarni sevayotganimiz yo‘q, faqat sevgimiz otashi so‘nib qolmasligi uchun kuch-quvvat to‘playapmiz, xolos. Bu o‘z o‘zidan ro‘y beradi; aql-idrok, fahm-farosatimiz hisobotsiz undov-da’vatga binoan, o‘ziga dam beradi — bu tabiat hukmi, tabiiy holat.
Biroq shu asno inson fe’l-atvoriga xos zaiflikka yo‘l berayotganimizni ham e’tirof etmaslikning imkoni yo‘q va biz fikr-mulohazalarda o‘zgarishlar qilishga ehtiyoj sezmaganimizda, yana ham baxtliroq bo‘lar edik. Afsuski, bu borada inon-ixtiyorimiz o‘z qo‘limizda emas.

Izhori qilinmagan sevgining na’shasi iztirobli o‘y-xayollar bilan yo‘g‘riladi, biroq bunday muhabbatning o‘ziga xos zavq-shavqi bor. Qalbimiz to‘ridan joy olgan siymoga manzur bo‘lish bilan bog‘liq barcha ishlarga sidqidildan kirishamiz. Kun sayin o‘zligimizni kashf etishning yangidan yangi usullarini o‘ylab topamiz. Bu yumushlar uchun mehrimiz tushgan siymo bilan suhbatlashishga ketadigan vaqtga teng fursat sarflaymiz. Ma’shuqa ko‘nglimizda, raftorimizda kechayotgan tug‘yonlarni bilish-bilmasligidan qat’iy nazar nigohimiz goh alangalanib, goh so‘nadi; bu hayajon-tug‘yonlarning barchasi ular uchun g‘oyat mos siymo tufayli ekanini his etish ham mamnun etadi. His-tuyg‘ularimizni bayon etish uchun bulbulday sayragimiz keladi; holbuki muhabbatimizni so‘zlar bilan ifodalashga jur’at qila olmay teran ma’no-mazmunga ega imo-ishoralar, sa’y-harakatlar bilan cheklanishga, qanoatlanishga majburmiz.

Muhabbat qalbni shodu xurramlik — zavq shavq bilan limmo-lim etib, butun fikru zikrimizni egallab oladi. Bu baxtiyorligimiz alomat-nishonasi, chunki ehtirosni bir maromda saqlab turishning butun sir-asrori aql-idrok, tafakkurda bir paysa ham bo‘shliq-xoli joyni qoldirmaslikdan, uni bor bo‘yicha muhabbatimizga oid mastona xayollarga g‘arq qiluvchi narsa-ashyolarga muttasil yo‘naltirishdan iborat. Lekin agar biz tomoshabinday chetda turaveradigan bo‘lsak, bunday mahliyolik kayfiyatini uzoq saqlay olmaymiz. Chunki ikki shaxs — manzur-mahbuba uchun xos ehtiroslar girdobida yolg‘izlanib qolganimiz bois his-tuyg‘ularimiz tezda barham topadi.

Ehtiroslar, his-hayajonlar yangilashga muhtoj. Inson aql-idroki xilma-xillikni tusaydi va kimki shunday yangilanish, xilma-xillikka moyil bo‘lsa, unday manzur-mahbubaning bahridan kechish qiyin.
Ehtiroslar o‘ta taranglashgach, ba’zan jo‘shqinligini yo‘qotadi. Hayotbaxsh manbadan mahrum bo‘lgach, so‘nib-so‘lamiz va bag‘rimizni nimtalovchi iztirobli xayollar iskanjasiga tushib qolamiz. Biroq zaifona umid shu’lasi miltillagani hamono qalbimiz qush kabi qanot bog‘laydi. Ayollar-qiz-juvonlar uchun bu aksariyat o‘yinday gap, lekin ba’zida befarq emasligini izhor etib, chinakamiga hamdardlik bildiradilar – o‘shanda yana o‘zimizni baxtiyor sezamiz.

Kuchli va sobitqadam muhabbat hamisha inja sa’y-harakatlar, a’mollar bilan boshlanadi. Bu borada asosiy vazifa ko‘zlar zimmasiga tushadi. Lekin nigohlar ifodasi — sir-asrorini uqib-ilg‘ay bilish zarur.

Ikki shaxs – oshiq-ma’shuq yagona ishq-muhabbat alangasi ichra yonar ekan, nigohlar ifodasini uqishlari shart emas. Chunki ulardan loaqal biri ikkinchisi nima demoqchi ekanini, hatto uni tushunmagan, yohud tushuna olmagan taqdirda ham shubhasiz anglaydi.

Oshiq-mahliyo bo‘lganimizda, ya’ni sevish asnosida butunlay boshqa insonga aylanganimizni payqaymiz. Qanchalik o‘zgarganimizni yon-atrofdagilarning barchasi payqaganday tuyuladi. Bu o‘ta xato tasavvur, lekin aqlu hushimizni jo‘shqin ehtiroslarimiz xiralashtirib-o‘tmaslashtirib qo‘ygani bois o‘zimizni aksincha ekaniga ishontira olmaymiz va yon-atrofdagilarga ishonqiramay munosabatda bo‘lamiz.

O‘zgalar ko‘nglida kechayotgan ehtirosli tuyg‘ularni payqashiga oshiqning ishonchi komil. Bu ko‘ngliga g‘ulg‘ula soladi.

Muhabbat yo‘li, solnomasi, qissa-dostoni qanchalik uzun-davomli bo‘lsa, nazokatli qalb sohibi shuncha ko‘p zavqu shavq og‘ushida yashaydi.

Shunday odamlar borki, ular uzoq muddat umidvorlik bilan yashaydilar, — bular nazokatli aql-idrok sohiblari. Boshqalar esa to‘siq-g‘ov-moneliklarga astoydil qarshi tura olmaydilar – bular o‘ta zaif-dag‘al fahm-farosat egalari. Dastlabki aql-idrok sohiblari fe’l-atvorida barqarorlik bor; ular ishq-muhabbatdan cheksiz zavqlanadi. Navbatdagi fahm-farosat egalari esa juda tez sevib qolishidan qat’iy nazar muhabbatining umri qisqa bo‘ladi.

E’zoz-ehtirom – muhabbatning dastlabki nishona-alomati. Sevgan manzur-mahbubamizni g‘oyat e’zozlaymiz, va bu tabiiy, chunki mehr-muhabbatimizga sazovor siymoning tengi bo‘lishi mumkin emas.
Shoir-adiblar manzur-mahbubalar his-tuyog‘ularini butun rang-barangligi ila aks ettirishlari juda mushkul. Buning uchun ularning o‘zlari bu dardni – muhabbat iztiroblari va quvonchlarini boshdan kechirishlari zarur.

Aqlning aynishi singari ahloqsizlik ham o‘ta dahshatli.

Ishq-muhabbatda sukut – har qanday ta’rif-tasnifdan qimmat. Tortinchoqlik tilimizni bog‘lab tashlagani ma’qul: sukut saqlashda shu qadar teran ma’no-mazmun mujassamki, u har qanday izhori dildan ko‘ra qalbga yaxshiroq yetib boradi. Oshiq tortinchoqlik-sarosima ichra sukut saqlash asnosida qalbi ma’shuqasiga aytadigan muhabbat izhorlari bilan limmo-lim bo‘ladi va bu borada qanchalar zukko aql-idrok, tafakkur sohibiga aylanadi! Har qancha so‘zamol bo‘lmaylik, aksariyat butun so‘z boyligimiz tugab-sob bo‘lgani afzalday tuyuladi. Bu borada hech qanday hisob-kitob va hech qanday qonun-qoida yo‘q. Hammasi qanday bo‘lishi kerak bo‘lsa, ayni shu tartibda sodir bo‘ladi.

Ko‘pincha shunday bo‘ladiki, ko‘ngil qo‘yganini hatto xayoliga ham keltirmagan ma’shuqasiga oshiq uzoq muddat sodiq bo‘ladi. Biroq buning uchun g‘oyat bokira va otashin muhbat bilan sevish zarur.
Odamlarning aql-idroki, birobarin, ehtiroslari qandayligi ekanini o‘zimizga qiyosan bilib olamiz.

Oshiq yoru birodarlarini ham unutib, qadr-qimmati haqida o‘ylamaydi, degan fikrni men ham ma’qullayman. Jiddiy, sadoqatli, mehr-oqibatli do‘stona munosabatlar ham shunga olib keladi. Oshiqlarning bu qadar beparvoligi bejiz emas, chunki ma’shuqasidan bo‘lak yana biron-bir kimsaga muhtojlik ularning hatto xayoliga ham kelmaydi. Ishq-muhabbat iskanjasidagi oshiq o‘zi haqida qayg‘urmaydi ham, xavotirga ham tushmaydi. Busiz muhabbat tom ma’nodagi jo‘shqinlik-otashinlik-nafosat kasb etmaydi; shu bois oshiq odamlarning fikr-mulohazalari bilan zarracha qiziqmaydi, bilgani shuki, yon-atrofdagilar sa’y-harakatlariga malomat toshlarini yog‘dirmasliklari zarur, chunki oshiqona sa’y-harakatlar sog‘lom aql-idrok bilan yo‘g‘rilgan. Ehtiroslar domiga tushib qolgan, muhabbat dardiga tamomila mubtalo devonai ishq fikrlash-mulohaza yuritish qobiliyatini yo‘qotadi hisobi.

Ayol-juvonning xayrixohligi, mehr-muhabbatini qozonish umidi bilan yigit-erkak dastlabki qadamni tashlaydi – bu shunchaki urf-odat, rasm-rusum emas, balki tabiat zimmasiga yuklagan burch-majburiyat.

Muhabbat mubtalo qiluvchi devonalik va ma’shuqaga mahliyolik oshiq fe’l-atvorida ilgari bo‘lmagan xossa-xususiyatlarni paydo qiladi. Muhabbat odamlarni olijanob, bag‘ri keng, Hotamtoy qiladi. Hatto xasis kimsa ham hotamtoyga aylanib, avvalgi xislat-odatini hatto xayoliga ham keltirmaydi. Bular bejiz emas. Chunki ko‘ngilni toraytiradigan va azoblaydigan his-tuyg‘ular bilan birga shunday jo‘shqin ehtiroslar ham mavjudki, ular qalbga cheksiz kuch-quvvat, qanot baxsh etadi.

Mehr-muhabbatni aql-idrokdan ayricha tasavvur qilishga behuda urinadilar. Ularni zidlashtirish, qarama-qarshi qo‘yish uchun asos yo‘q, chunki aql-idrok va mehr-muhabbat ayni bir, yaxlit-yagona xislat, xususiyatga ega. Biz yaxshi bilib ulgurmasdan muayyan inson bilan qiziqa boshlaymiz, — bu aql-idrokning o‘ziga xos shoshma-shosharligi, biroq bunday ish tutish oqillikka begona emas, va biz boshqa bo‘lmasligimiz, bu haqda o‘ylamasligimiz ham kerak: aksincha his-tuyg‘udan mahrum mashinaga aylanib qolgan bo‘lardik. Basharti shunday ekan, ishq-muhabbatdan aql-idrokni ayirmaylik-ajratmaylik, chunki ular ajralmas, bir butun, yaxlit.

Bundan kelib chiqadiki, shoirlar da’vo qilganidek, muhabbatning ko‘zi ko‘r emas. Yorug‘ dunyoni berkitib turgan bog‘ichni muhabbat ko‘zlari-nigohidan yulqib olish zarur.

Ishq-muhabbat uchun yaralgan qalb faol, jo‘shqin voqealarga boy hayotga mushtoq. Qalbga orom begona, hamisha beorom, bezovta, shu bois yon-atrofda hamma-hammasi unga mos ravishda qaynab toshishi kerak. Shunday jo‘shqin hayot tarzi qaynoq ehtiroslar uchun keng ufqlar ochadi. Saroyga qadam ranjida qilmaydigan shaharliklarga nisbatan saroy ahli osonlik bilan mahliyo qilishlari bejiz emas: ahli saroyning qalbida hamisha alanga yolqinlanadi, ostona hatlab tashqariga chiqmaydigan shaharliklar esa qalbga tug‘yon soladigan jiddiy biron voqea ro‘y bermaydigan yakrang, tussiz turmush tarziga ko‘nikib qolgan. Jo‘shqin turmush tarzi kutilmagan voqea-hodisalar ato etadi, aql-idrokni charxlab, yorqin taassurot-xotiralar qoldiradi.

Menimcha, muhabbat qalbni o‘zgartiradi, yangilaydi. Ishq-muhabbat yuksaltiradi va olijanoblik baxsh etadi. Fe’l-atvor, raftor, a’mollar – barcha-barchasi muhabbatga mos bo‘lishi zarur, aksincha zalvorli muhabbat yukini ko‘tarish amri mahol.

Go‘zallik va yoqimlilik – aynan bir xil ekani barchaga ayon. Bu borada so‘z-iboralar va sa’y-harakatlardagi axloqiy nafosat-go‘zallikni nazarda tutyapman. Ha, yoqimtoy, xo‘shro‘y bo‘lishning, albatta, muayyan qonun-qoidalari mavjud, biroq yana jismoniy moyillik-xayrixohlik ham borki, bu siz bilan bizning ixtiyorimizga bog‘liq emas.

Yoqimtoylik-jozibadorlikka oid shu qadar ideal tasavvurni hosil qildikki, go‘yo butun dunyoda unga mos-munosib siymo yo‘q. Do‘ppini yonimizga olib qo‘yib, astoydil mulohaza yuritaylik va odamlar fe’l-atvoridagi samimiyat va aqliy tiyrak ziyraklik maftun-mahliyo qilishini e’tirof etaylik. Bu ikki xislat-fazilat ishq-muhabbat uchun juda zarur: oshiq shoshishi ham, sustkashlik qilishi ham kerak emas. Qolgan barchasini tajriba ixtiyoriga qo‘yib beravering.

Hurmat-ehtirom va mehr-muhabbat o‘zaro shu qadar mutanosib bo‘lishi kerakki, o‘zaro tayanch bo‘lishi va hurmat-ehtirom muhabbatdan ustunlik qilmasligi kerak.

Ketma-ket sevadigan kimsalar emas, balki bor vujudi, butun qalbi bilan sevadiganlar qalban bag‘ri keng siymolar hisoblanadi. Ularni faqat tiyiqsiz jo‘shqin ehtiros muvozanatdan chiqarib, butun vujudini qamray oladi. Biroq ularning qalbida muhabbat tug‘ilsa, boshqalarga ibrat-namuna bo‘la oladigan tarzda kuchli sevadilar.

Turli xalqlar turli darajada sevgi dardiga mubtalo bo‘ladi, degan aqida mavjud. Aslida bunday emas; nima bo‘lganda ham bu fikrni shubhasiz haqiqat sifatida qabul qilib bo‘lmaydi.

Muhabbat toki fikr-mulohazalarning muayyan siymoga yo‘nalganligidan iborat ekan, hamma joyda bir xil xossa-xususiyatga ega ekani shubhasiz. Ishq-muhabbat tuyg‘usi yolg‘iz ko‘ngil ishi bo‘lmagani tufayli ob-havo, iqlimning xilma-xilligi unga muayyan o‘zgartirishlar kiritadi, biroq bu faqat tanaga taalluqli.

Muhabbat – bamisoli oqilona mazmun-mohiyat. Boshqalarning aqli qancha bo‘lsa, shuncha aql-idrokka ega ekaniga, binobarin boshqalar qanday sevsa, o‘zlari ham ayni shu asno sevishiga har bir insonning ishonchi komil. Biroq, jiddiy mulohaza yuritguday bo‘lsak, manzur-mahbubada har bir inson uchun shunday xususiyat-fazilatlar qimmatliki, ularga boshqalar e’tibor bermaydi. (Bu farqni ilg‘ash uchun jiddiy sinchkovlik, nuktadonlik zarur.)

Kimki o‘zini sevib qolganday tutadigan bo‘lsa, rosmana muhabbat dardiga mubtalo bo‘lishi hech gap emas; nima bo‘lmasin, bu borada yengil qiziquvchanliksiz, ishqibozliksiz ish bitmaydi. Axir Majnun qiyofasiga kirishga urinayotgan ishqiboz boshqalarni ishontirishga astoydil urinadi, aksincha uning da’vosiga kim ham ishonardi?

His-tuyg‘ular, ehtiroslar tug‘yonini pinhon tutish boshqa muhimroq tuyg‘ularni yashirishdan ko‘ra murakkab. Hissiyotlarni pinhon saqlash uchun dastavval hayrat, topqirlik, yengil va oniy aqliy zukkolik zarur, boshqa tuyg‘ularni sir saqlash uchun faqat ziyraklik qilish va vaqtni cho‘zish kifoya, bu, albatta, nisbatan oson.

Mehrimiz tushgan manzur-mahbubadan toki olis ekanmiz, qo‘limizdan kelmaydigan ish yo‘qday va sevgimizni shoirona tesha tegmagan ibora-ifodalar bilan izhor etishga qodirday sezamiz, biroq ro‘baro‘ kelganimiz hamono go‘yo oyoq-qo‘limiz tushovlanib, tilimizga kalima ham kelmaydi. Bunday zaifona sustkashlikning boisi ne? Gap shundaki, mehrimiz tushgan siymodan toki ma’lum masofada ekanmiz, ruhimiy muvozanatni saqlashimiz oson, ayni paytda manzur-mahbubaa yonida qat’iyatdan tamomila mahrum qiluvchi allaqanday hayajon girdobiga tushib qolamiz.

Barchasini boy berishdan cho‘chiganimiz bois muhabbat masalasida tavakkal qilishga jur’atimiz yetmaydi. Albatta, ilgarilash zarur, biroq aynan qaysi nuqtada to‘xtash kerakligini kim biladi? Toki shu nuqtani topmas ekanmiz, o‘zimizni qo‘ygani joy topolmaymiz, lekin topgach, undan xatlab o‘tish oson. Bu borada oqilona ish tutish naf bermaydi.

Sevgi dardiga mubtalo bo‘lish va mehr-muhabbat qozonganimizga ishona olmaslikdan ham iztirobli holat yo‘q. O‘qtin-o‘qtin umid ko‘nglimizni yoritsa, lekin keyinchalik qo‘rquv qamrab oladi va pirovard natijada yengadi.

Sidqidildan sevganimizda mehrimiz tushgan manzur-mahbubaga har gal ilk bora ko‘rayotganday suqlanib nazar tashlaymiz. /oyib bo‘lgani hamono oradan biron daqiqa o‘tar-o‘tmas ruxsorini qumsay boshlaymiz. Siymosi qarshimizda paydo bo‘lishi bilan qalbimiz nurga to‘lib, yorishganday bo‘ladi! /ulg‘ula, sarosima ko‘nglimizni shu zahoti tark etadi.

Biroq buning uchun muhabbat yetarli darajada yetuk, barkamol bo‘lishi talab qilinadi. Basharti endigina tug‘ilib kelayotgan bo‘lsa va hali manzur-mahbubaning mehrini qozonib ulgurmagan bo‘lsak, xavotirlar barham topadi, lekin ularning o‘rnini boshqalari egallaydi.

Qanchalar mushkulligidan qat’iy nazar iztiroblardan najot topish ilinjida sevganimiz yonida bo‘lishga intilamiz. Biroq uning chehrasiga ko‘zimiz tushgani hamono yana ham kuchli iztiroblar girdobiga tushib qolamiz. Avvalgi azob-uqubatlar ayni paytdagi iztiroblar singari qiynamaydi, bizlar ayni pallada ko‘nglimizdan kechayotgan his-tuyg‘ularga binoan xulosa chiqaramiz. Shunday iztiroblarni boshdan kechirayotgan oshiqning dardu hasratlarini baham ko‘rmaslikning imkoni bormi?

M: “Filosofiya lyubvi” (Moskva, 1990. 2 tom, 229-241-betlar.) kitobidan olindi.

008

(Tashriflar: umumiy 322, bugungi 1)

Izoh qoldiring