Murod Muhammad Do’st. Toshkentdan maktublar. Said Ahmad (01).

022

Би-би-си Ўзбек хизмати “Тошкентдан мактублар” рукни остида янги лойиҳага қўл ургани, таниқли ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст бу рукннинг муаллифи экани ҳақида хабар берган эдик. Мурод Муҳаммад Дўстнинг машҳур актёр, Халқ артисти Шукур Бурҳонга бағишланган  биринчи мактуби билан таништирган эдик. Бугунги — иккинчи мактуб машҳур ўзбек адиби Саид Аҳмад ҳақида.

054

Мурод Муҳаммад Дўст
ТОШКЕНТДАН МАКТУБЛАР
ИККИНЧИ МАКТУБ: САИД АҲМАД

Устознинг тўлиқ оти – Саидаҳмад эди. Отасининг оти – Ҳусанхўжа. Тошкентда туғилган. Чимкентда туғилганида балки Сайдамат бўларди. Бошқа касб тутганида Тошкентнинг ўзида ҳам Сайдаҳмат бўлиб кетиши ҳам тайин эди. Лекин у отини иккига бўлиб, адабий тахаллусга айлантиришга улгурди – Саид Аҳмад.
Пиримқулга ҳайронман, – деди бир куни жаҳлланиб, – манга нуқул Саид ака деб гапиради.

Раҳматли Пиримқул Қодировнинг не сабабдан Саид Аҳмад исмини қисқартиб олгани бизга қоронғу. Ўзимизча, иккига бўлинган исмнинг ҳар порасини алоҳида ва бурро талаффуз этиб, яна ортига “ака”ни қўшишга эринган, деб тусмол қилардик.

Хуллас, Саид Аҳмадга Пиримқул аканинг қилиғи ёқмади. Шогирдларига икки–уч ой нолиб юрди. Лекин шогирдлар нима ҳам қила оларди. Пиримқул ака инжафеъл одам, айтсанг – дарров кўнгилга олиб, салом–аликни йиғиштириб қўйиши ҳам мумкин.

Пиримқул ака Дўрмон боғини, боғ атрофидаги жойларни кезишга ишқибоз эди. Ёзда ҳам, қишда ҳам шу одатини канда қилмаган. Эрта тонгда – бир, тунда яна бир мартадан узоқ сайр қилади. Чамаси, ёзадиган китобларини мияда пишитади.

“Ҳаво олгани чиқдим”, деяр эди йўлда учраган танишларига. Дўрмонда ҳафталаб ўтириб ижод қилган кезлари шаҳарга тушиб чиққан ҳамкасбларидан охирги янгиликларни ижикилаб суриштирарди. Биладиганини билиб олгач, суҳбатдоши билан хайр–маъзур ҳам қилмасдан, қўлбола ҳассачасини дўқиллатиб бир ўзи четга бурилиб кетарди: ”Мен бир ҳаво олиб келай…”

–“Падишайт ваздухом” деганими бу? – деб ўсмоқчиларди Саид Аҳмад. – Эътибор бергин, болам, Пиримқул ошхонага кирганда нуқул “Яхши иштаҳолар!” деб айтади. Приятний аппитит, деганими бу? Ғирт ўрисча–ку? Иштаҳа эмас, иштаҳо! Шундай дегани билан ўзбекча бўп қоладими? Қизиқ одам экан бу Пиримқул, мени нуқул Саид ака дейди…

Ниҳоят, Саид Аҳмад Пиримқул Қодировга “жазо” ўйлаб топди – ўзи ҳам Пиримқул исмининг “мухтасар” шаклига ўтди.

– Саломалайкум, Саид ака!

– Ваалайкум ассалом, Пир ака!

Давоми – маълум: ҳаво олгани чиқибсиз–да, Пир ака? Иштаҳолар яхшими, Пир ака? Ва ҳоказо ва ҳоказолар ва яккаш – Пир ака.

Янги шакл турланишда давом этиб, “Пир ака” аввал “Пирака”га айланди, сўнг баттар қисқариб анчайин “прака” бўлди ва ниҳоят мутлақо мавҳум “фрака” тусини олдики, бу замонга келиб Пиримқул Қодиров Саид Аҳмад исмини тўлиқ ва бехато айтишни одат қилиб улгурган эди.

* * *

Саид Аҳмаднинг бир ажойиб ҳангомасини кўпчилик эслайди. Воқеа ростдан ҳам бўлганми, ёки уни Саид Аҳмаднинг ўзи тўқиганми – бу сирни устоз дорулбақога олиб кетган.

–Бир куни Шукрулло ёнимга келди, – деб ҳикоя қилар эди раҳматли. – Келиб, ёзган эсдаликларини ўқиб берди. Маълум бўлишича, Шукруллонинг биринчи китоби чиққанида отаси ўқиб кўриб, ўғлини роса мақтабди:”Балли, ўғлим, китобинг манга маъқул, бундан кейин ҳам шундай яхши ёзавер. Кузда, хазонрез фаслида боғ кезганмисан? Оёғинг остида ётган сариқ япроқлар ичидан ёнғоқ топиб қувонганмисан? Ҳа, балли, қувонгансан! Бу ёғига ҳам шундай қилавер! Ҳар бир сўзни хазон остидан топилган ёнғоқдай битта–битта териб, фақат мағзи тўқларини қолдириб, пучларини нарига итқитиб юбор!” Шукрулло ёзганларини завқ билан ўқияпти, мани эса шайтон қитиқлайди. Ахийри чидолмадим. Шукрулло, дедим, биринчи китобинг чиққанингда эмчи отанг дунёдан ўтиб кетган эди–ку? Шукруллонинг отаси эмчилик қилган, икков тенгдошмиз, узоқ қариндошлиги ҳам бор… Бироқ Шукруллога гапим ёқмади. Ҳафсаласи пир бўлди. Лекин ёзганларини кўзи қиймади чоғи, секин маслаҳат сўради: ”Саидаҳмад, бўмасам “Ғафур Ғулом айтувди” десаммикан?”.

Ҳар гал мемуар ўқиганимда шу гап ёдимга тушади.

Бугун, айни эсдаликларга қўл уриб, савқи табиий хуруж этган чоғларда ёзганларимга ўтрук аралашиб кетмасмикан, деган ҳадигим бор.

Куни кеча дўстимиз Хуршид Даврон шоир Рауф Парпи ҳақидаги хотиралар китобининг салкам ярми “соқийнома”га айланиб кетибди, дея койинди, шоир ҳақида, шеърият ҳақида бирор тузукроқ гап йўқ. Рости, Рауф акани ўйлаганимда, мен фақирнинг хаёлимга ҳам энг аввало биргаликда бўшатган тотли финжонларимиз келаверади. Акангиз эди, икки–уч саҳифа ёзиб берсангиз, деб сўраган ташкилчи укамизнинг илтимосини бажара олмаганимнинг сабаби ҳам шунда.

Алқисса, Саид Аҳмад билан Шукрулло домла тенгдош, унинг устига яна қариндош бўлгани учун ҳазил–мутойибада бир–бирини аяш йўқ эди. Ул замонда Шукрулло домла Президент Кенгашига аъзо, тагида – рақамидан мелиса чўчийдиган мошина, гапининг оҳанги ҳам нуфузга яраша… баланд ва дадил эди. Саид Аҳмад эса ҳали янги замон улуғлари назарига тушмаган, шу боис, анча маъюс юрар, аниқроғи – Дўрмонда хонанишин бўлиб ўтирар эди. Бир кун йўқлаб борсак, тенгдоши ва қариндошидан андак нолиш қилиб қолди. Эмишки, Шукрулло домла: “Саидаҳмад, сан қачон бир тузукроқ нарса ёзасан?”, сўраган эмиш.

–Шукрулло ичишни ташладию бузилди… – деди. – Аввал бунақа эмасди, аввал у билан гаплашса бўларди… Ўзи бир эмчининг боласи бўлса, аввал “Уфқ”нинг битта китобини эплаб ёз, ундан кейин гапир!.. Ёзиш тугул, романнинг номини ҳам тузук–қуруқ айтолмайди. “Уфуқ–муфуқ” дейди–я! Мавзуси майда эмиш, катта мавзулардан чўчиб, нуқул енгил–елпи уруш–пурушни ёзган эмишман…

Устозни қўлдан келганича юпатдик. Лекин у қаттиқ оғринган экан, ҳадеганда ўзига келавермади.

–Ман шиғирни тушунмайман, – деди жиғибийрон бўлиб, – санлар ўқигансанлар, хўш, ўртоқ Юсуповнинг ўзи… бирор тузукроқ нарса ёзганини биласанларми?

Гумраҳлик қурсин, мен унда Оврупою Амриқонинг зарарли таъсирига берилиб, Шукрулло домланинг шеърларини кам ўқиган эдим. Эркин Воҳидовни, Абдулла Ориповни, Рауф Парпи, ўзимга тенгдош шоирларни ўқиганман, ҳаттоки Рамз Бобожон билан Нормурод Нарзуллаевларнинг доҳиёна думбуллиги билан машҳур сатрларини ёдаки биламан, лекин Шукрулло домлани жиддийроқ ўқишга ҳафсала қилмаган эканман. Қаттиқ мулзам бўлдим. Қарасам, шерикларим ҳам, – ё ростдан ўқимаганми, ёинки Саид Аҳмад домланинг кўнгли учунми, – бари баробар ер чизиб ўтирибди.

–Энди, тўм–тўм китоб чиқарган, яхши шеърлари кўп бўлиши керак, – дея тусмол қилди ошналардан бири.

–Санлар маниям ўқимаган чиқарсанлар? – дея ўсмоқчилаб сўради Саид Аҳмад домла.

Табиийки, жўровоз бўлиб эътироз билдирдик. Бу аснода домланинг кайфияти ўнгланди, ичкари хонага кириб мазмуни яримлаб қолган коняк шишасини кўтариб чиқди.

–Ман ичмайман, ўзларинг майдалайсанлар…

–Бутунроғи йўқми, домла, майдалаб ўтирмасдик, – деб кимдир ҳазиллашди.

–Шукруллодай катта шоирни тузукроқ ўқимаган нодонларга бутуни ҳайф! – деди Саид Аҳмад сал очилиб. – Билсанг, Шукрулло бошдан Ғафур Ғуломнинг этагини тутган эди. Энди Ғафур Ғуломнинг ўрнигаям ўзим қолганман, деб ўйлайди. Шукрулло мандан бир ёш кичик, Мирмуҳсин, Рамзиддин билан бир йилда туғилган. Асқад билан йилимиз бир. Ҳамид Ғулом биздан бир ёш катта. Бир–икки ёш нима бўпти, ҳаммамиз тенгқур. Ҳаммамиз яхшию ёмон яшаб юрибмиз. Биргина Асқад эрта ўлиб кетди…

Шу ерга келганда Саид Аҳмад хўрсинди. Биз гап қотмадик. Унинг Асқад Мухторни яхши кўришини ҳаммамиз билардик.

–Ичимизда мулломиз биргина Асқад эди, – деди домла сукутдан сўнг. – Энг тозамиз ҳам Асқаднинг ўзи. Билими, хулқи атвори, ҳаттоки юришигача… ҳавасим келарди. Беайб парвардигор, ҳамма қатори уям хатолар қилган, лекин бундоқ… қутуриб маломат қиладиган даражада эмас. На қиласан энди, Асқаднинг кушандаси ҳам ичимиздан чиқди, татарлигини юзига солди. Шунча йил ўзбекка беминнат хизмат қилиб, охир олган мукофоти шу бўлди…

Биз Асқад Мухторнинг битта айбини билардик. Айбки, Марказқўмнинг амрига бўйсуниб, қайсидир аноним мафкурабознинг саркашроқ ёш ёзувчиларни “уриб” ёзган матнини минбардан ўқиб бергани. Кейинроқ, айбини тамом бўйинга олиб, ошкора тавба қилганини ҳам билардик. Ўзимга келсак, мен ундан фақат яхшилик кўрганман. Учрашганда илиқ сўрашарди. Баъзида ҳазиллашарди: “Яхши юрибсизми, жаноби министр?”. Шу тахлит Афғонистоннинг ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири Шоҳ Муҳаммад Дўст билан нисбимиз уйқаш эканига ишора қиларди. Мен жавоб қилардимки, хешлигимиз йўқ, Асқад ака, умуман ўша министрингиз мендан анча кейин майдонга чиққан… Асқад Мухтор кечиримли эди, беозор кулиб қўярди.

Мен бугун унинг назми ва насри ҳақида кўп сўзлашим мумкин, лекин ўзи ҳақида гапиришга журъатим етмайди. Асқад ака шахси ҳақида уни яқиндан билган Эркин Аъзам ёки Хайриддин Султон ёзгани маъқулдай кўринади.

Асқад Мухтор хасталаниб ётиб қолганида Эркин Аъзам билан кўргали бордик. Ул замон домла деярли тилдан қолган эди. Юз–кўзларида ўзининг абгор эканидан чексиз хижолат бор эдики, бу қайғули манзара мени то бугун қадар таъқиб этади.

Асқад Мухтор ҳақида ўйлаганда, Эркин Аъзамнинг бир гапи бот–бот ёдимга тушади. У “Дўстлик” ордени билан устозни табриклагани борганида Асқад ака синиқ жилмайиб айтган эканки, “Дўстлик” бор–у, дўст йўқ…”

Айни сўзларни ёзаётган чоғимда, Асқад Мухторни умри поёнида ким ҳақорат қилгани, қайси пасткаш ирқчи унинг насли татар эканини (аслида у бошқирд аймоғидан эди) юзига солганини билмоқ истаб, кўп одамдан сўраб–суриштирдим. Лекин ҳамма гапни дудмал қилди. Аниқ бир кимсанинг оти аталмади. Энг яқин дўстларга тусмолимни айтганимда, улар ҳам тусмолу гумондан каттароқ гуноҳ йўқ, дея тўғри танбеҳ бердилар.

Асқад ака вафот этган куни салтанат номидан таъзия матнини битиш менинг чекимга тушди. Бугунгидай ёдимдаки, ўша матнда озгина тазарру бўлиб, ”Ўзбек халқининг атоқли фарзанди Асқад Мухтор…” деган сўзлар билан бошланарди.

* * *

Саид Аҳмад истеъдодли одам эканини яхши билар эди. Армон қилардики, агар Асқадчалик саводим ҳам бўлсайди, булар манинг чангимни ҳам кўролмай қоларди. Роману ҳикояларини мошинкада ёзарди. Имлога, тиниш белгиларига тоби йўқ эди. Бари бир маники хато чиқади, дер эди, тўчка–вергулини ўзларинг қўйиб оласанлар.

Назаримда дастурхон манзарасини чизишда Саид Аҳмаддан моҳирроқ ёзувчи бўлмаса керак. Мана бу тасвирга бир эътибор беринг:

“Улар яланғоч беданаларни бир пасда тозалаб, пешноб билан иликдек пўстдумба қиймасига кўк кашнич, ариқ бўйларидан териб келинган ялпиз,зира, зирк, жамбил қўша бошладилар. Улар бу масаллиқларни эрталабоқ уйда тайёрлаб тоғорада олиб келган эдилар. Шуларни беданалар ичига жойлаб, қоринларини ип билан чатиб, доғланган ёғда қизартириб олдилар. Кейин бошқа қозонга босиб, устига кўпгина серсув помидорни катта–катта бўлак қилиб териб чиқдилар. Қизил сабзи, саримсоқ пиёз, қизил лавлаги, жуда ҳам юпқа парракланган анчагина оқ пиёзни чиройли қилиб териб қўйдилар.”

Ёки яна бир иқтибос:

“Янги сўйилган қўй гўшти, жиндаккина туз еган пешноб, пўстдумба солинган, устига майда кертилган кўм–кўк хушбўй кашнич сепилган, ёғи олинмаган икки қошиққина қатиқ солинган, бетида кўк қалампир сузиб юрган бу таом чимхўр, овқатга инжиқ ҳар қандай ланж одамнинг ҳам иштаҳасини очиб юборар эди”.

Матндаги кераксиз туюлган сўзлар ва яна бутун бир жумланинг тагига атай чизиб чиқдим, қайтариқларни ҳам алоҳида белгиладим. Табиийки, бу кўчирмалар таҳрир деган нарса синф сифатида тугатилган даврда чоп этилган китобдан олинди Ишончим комилки, қўлёзма саводлироқ муҳаррир қўлидан ўтганида “курмак”лари олиб ташланган бўларди. Лекин асосий гап таҳрирда эмас, маҳоратда. Очиқ тан олишим керак, мен бундай ёзолмайман, қўлимдан келмайди, қўлимдан келганида ҳам сабрим чидамаган бўларди. Лекин Саид Аҳмад домла бунақа нарсаларни, ўз таъбири билан айтганда, чап оёғи билан ҳам ёзиб ташлайверарди. Маҳоратига ортиқча бино қўйиб, чап оёқни кўпроқ ишлатиб юборган чоғлари ҳам бўлардики, бу аҳволда ёзганларига чучмалроқ тафсилотлар кўпроқ аралашиб кетарди:

“Ҳаво тоза, осмон тиниқ. Денгизни мавжлантириб биз томонга эсаётган ажиб бир намхуш эпкин кўнгилларимизни яйратади. Сомоншувоқ томларда лолақизғалдоқ гулхани лов–лов ёнади. Йигитлар чаккасида чучмўма, қизлар сочида толбаргакдан сочпопук…”

Лолақизғалдоқни, аниқроғи – қизғалдоқни (лола – бутунлай бошқа, пиёздошлар оиласига мансуб ўсимлик, қизғалдоқнинг эса кўкнорга хешлиги бор – М.М.Д.) лойшувоқ том устида гулхан этиб ёқмаган бирор ўзбек ёзувчиси топилармикан? Лекин бу – ҳолва, устозимиз пашша ҳайдашдан безор бўлиб чаккасига бир шода райҳон тақиб олган бирор чапани чойхоначини кўргани ёдига тушиб, райҳонни чучмўмага айлантириб бўз йигитларнинг қулоқлари ортига осиб қўйганига нима дейсиз? Баҳор ҳавосидан маст бўлган қизгина толпопук таққанига чидасак бўлар, лекин чаккасига чучмўма таққан эркакни тасаввур этиш одамга андак малол келади.

Умуман, бу тахлит “чиройли” ёзиш ўзбек адабиётига теккан касалки, синчилар тилида “китобийлик” деган номи ҳам бор. Буям китоб ўқиб китоб ёзишга ўхшаган нарса. Фақат айни ҳолатда “бадиий кашфиётлар” бошқа китобдан эмас, муаллифнинг ўз миясида ғужғон ўйнаган ўта романтик, ўта кўримли, лекин бирдай ёлғон манзаралардан олинади.

Аслида “китобийлик”нинг давоси осон. Ўша эски гап – битта дидли, ақлли муҳаррир бўлиб, муаллифга: “ёлғонингни йиғиштир, ошна”, деб айтса кифоя.

Ёнларида юриб, ёзганларини ўқиб охир англаганим шу бўлдики, Саид Аҳмад домла учун ҳам ва бошқа кўп машҳур устозларимиз учун бадеҳа билан уйдирма–ёлғон ўртасида тузук–қуруқ чегара бўлмаган экан.

Унинг ноёб истеъдоди сўзни, оҳангни юракдан ҳис қилганида эди. Ҳазил–мутойибага суяги йўқ, киноя, истеҳзо, нозигу қўпол қочирма гапларга жуда уста. “Оқсоқол – ўқланган милтиқ”, дея завқланардик. Чиндан ҳам, ҳали бирор ҳазил қилиб улгурмасингдан нордонгина жавобини олиб турардинг. Ғафур Ғуломни ўзига устоз биларди. Ўла–ўлгунча “Ғафур ака, Ғафур ака”, дея иззатлаб ўтди. Ростдан ҳам, шўролар шаънига аталган чилдирмабоп шеърларини буткул четга суриб, мафкурадан холи қиссаю ҳикоятларини жамлаб айтадиган бўлсак, Ғафур Ғулом домла ўзбек жонли адабий тили ривожига Яссавий, Лутфий, Саккокий, Сўфи Оллоёр, Рабғузий, Гулханий, Қодирийлар қатори, Алпомишу Гўрўғли кечмишини ўта содда, лекин бирдай равон сўзлар билан айтиб берган достончи бахшилар қатори катта хизмат кўрсатган инсондир. Тилимизни бетус, бетаъм сўзлари билан ғорат қилган саводсиз ёзармонлардан ҳимоя этган яна бир улуғ зот – Миртемир домла ҳам борки, унинг хизматларини алоҳида таъриф қилиш фурсати келар, деган умидимиз бор.

Ғафур Ғуломдан ҳам, Миртемир домладан ҳам жуда кўп латифа бизга мерос қолган. Уларнинг бир қисмини Саид Аҳмад домла тўплаб эълон қилган эди. Лекин Саид Аҳмаднинг ўзи ҳақидаги латифаларни йиғса ҳам ёстиқдай китоб бўлади.

Устознинг ғаройиб хислатидан бири шу эдики, у баъзи шоиру ёзувчиларга ўхшаб, етган амалидан, орттирган обрў–эътиборидан, шуҳратидан маст бўлиб, бамисоли ғулғултовуқдай (ўрисчаси – индюк) ҳурпайиб юрмасди. Кулги бўлишдан мутлақо чўчимасди, аксинча, мудом ўзини ўзи мазах қиларди.

Хотини Саида Зуннунова вафотидан кейин, қизи, куёви, неварасининг мулкий оромини ўйлади чоғи, сўққабош бўлиб ўтди. Уларнинг тинчини ўйлагани ростки, шаҳар ҳовлисидан Дўрмонга – Абдулла Қаҳҳорнинг беваси Кибриё опа иккига бўлиб сотган ҳовлининг ўзига қарашли қисмига тамом кўчиб чиқди ва шу ерда умрининг охирига қадар ёлғиз яшади. Чойини ўзи қайнатади, овқатини ўзи пиширади, кир ювиш, дазмол қилиш – ҳаммасига ўзи.

Баъзида биз ташвиқот қилардикки, уйланинг, домла. Яъники – Саид Аҳмад, номинг баланд, номингдан ҳам томинг баланд, сиздай машҳур бўйдоққа тегаман деб юрган бевалар тиқилиб ётибди, кўнгил тусаган бирортасига шартта уйланиб олинг, вассалом.

Домламиз жудаям фаришта эди, деб айтолмайман. Бунақа гапларни ёқтирарди, лекин сир бой бермасди:

–Санларга ўзингларни бу эшикдан қувиб соладиган жодугар кампир керакми? – деб кулгига бурарди. – Санлар аввал манинг афтимга бир қараб олларинг, башарамни кўрган товуқ қўрққанидан курк бўлолмай ўтади. Хунуклик бобида мани биргина Шукрулло ортда қолдириши мумкин…

Бугун ўйлаб қарасам, домламиз Саида Зуннунова вафотидан кейин роппа–роса қирқ йил яшаган экан. Саида опа 1977 йилда, 51 ёшида дунёдан ўтди. Ўшанда Саид Аҳмад 57 ёшда эди. Қолгани – хотира. Энг кўп эсланадиган тафсилот – Саид Аҳмад қамалганида Саида Зуннуновага, эринг – халқ душмани, сен ҳақиқий коммунист сифатида ундан ошкора воз кечасан, деб қўйилган талаб ва Саида опа ташлаб чиққан партбилет.

Давоми бор

Манба: Би-би-си Ўзбек хизмати

(Tashriflar: umumiy 154, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring