Abdimurod Qodirov. She’rlar & O‘rolboy Qobil. Turnalarni sog‘ingan shoir

02Хаёлимдан: “Агар Абдимурод чекка қишлоқда эмас, шаҳарда, ижодий муҳит гуриллаб қайнаб турган давраларда юрганда эди, аллақачон номдор шоир бўлиб танилар эди,” — деган фикр ўтди. Менинг камтаргина китоб жавонимда эса, унинг “Ғамгин дарахт қўшиғи” шеърий тўплами бор. Баъзида китобни қўлга олиб варақлайман. Нақадар самимий ва содда сатрлар.

Ўролбой ҚОБИЛ
ТУРНАЛАРНИ СОҒИНГАН ШОИР
03

04Қоратепалик муаллим ва ижодкор Абдимурод Қодировни яхши танийман, қолаверса у тенгдошим, қадрдоним. Кўнглимда бир соғинч уйғонди. Рости, дўстимиз билан кўришмаганимизга ҳам анча йил бўлганди.

Эсладим, раҳматли Саодат Остоннинг тўйида дийдорлашган эканмиз. Бунга ҳам тўрт йилдан ошибди. Абдимуроднинг телефон рақамини ахтариб шоир Йўлдошбек Кенжага сим қоқдим.

-Абдимуродни топдим, эртага келади, бир гурунглашамиз,-деди Йўлдош ака.
-Яхши қилибсиз,- дедим қувониб

Абдимурод эртасига келди. Қадрдонлар даврасида суҳбатимиз қизигандан-қизиди. Кекса ижодкор Бердиқобил Худойқуловнинг ҳикматларга тўла ҳаётий ҳикоялари, Абдивой Раҳимнинг масаллари, Турсунбой Боймировнинг ҳажвиялари, Йўлдошбек Кенжанинг ўйга толдирувчи битиклари, Сайфулла Ал-Муроднинг халқона шеърлари муҳокама қилинди.

Шунда бир чеккада жимгина ўтирган Абдимуродга адиб Темирпўлат Тиллаев сўз қотди:

-Қани, Абдимурод ака, сиздан ҳам бир нима эшитайлик…

Абдимурод эса “янгиси йўқ эди-да”…-дея каловланди.
-Бўлмаса, анови “Турналар”ни ўқинг, — деди Турсунбой ака.

Қолганлар ҳам унинг таклифини маъқуллашди. Абдимурод ўзига хос овозда шеър ўқий бошлади.

Афғон тарафларга учиб кетибсиз,
Қанча даҳшат, балолардан ўтибсиз.
Бойқаро боғини кўриб нетибсиз?
Сафингиз тўлиқми, қайтган турналар?!

Аҳмад Зоирларнинг оҳи сиз билан,
Хабар айро тушди гоҳо сиз билан,
Ғафур Ғулом қизи – Моҳи сиз билан,
Сафингиз тўлиқми, қайтган турналар?!

Сизсиз баҳорлар ҳам баҳор бўлмади,
Тунлар етим қолди, ойлар тўлмади,
Адирларни қучиб Наврўз кулмади.
Сафингиз тўлиқми, қайтган турналар?!

Мирза Бобур юрган йўллар равонми,
Юртига қайтолмай ранги сомонми,
Бобом Алишернинг руҳи омонми,
Сафингиз тўлиқми, қайтган турналар?!

Ногоҳ юлдуз учган жойга қарадик,
Сайёднинг камони – ойга қарадик,
Тиниқми? – деб, Аму – Сирга қарадик,
Энди хатар йўқми, қайтган турналар?!

Шеърнинг залворли оҳангги бизни хушёр этди, ўйга толдирди. Ҳар доимгидек Темирпўлат шоирни яна саволга тутди:
— Нега кўринмай кетдингиз, Абдимурод ака?

Шоир бир зум ўйга толиб синиққина жилмайди.

-Орқада қолиб кетдим… Яна рўзғор ташвишлари, нафақага чиқдим, соғлигим ҳам унчаликмас…

-Олтмишга киргандан кейин ҳаммада ҳам шундай бўлади, ана Йўлдошбек, Ўролбой ҳам аввалгидай эмас. Мен ҳам даволаниб турибман. Аммо, сиз бундай бўшашманг, даврага қўшилинг,- дея Турсунбой ака даврадагиларга қаради.

-Ана қаранг, Бердиқобил ака, Абдивой домлалар саксонни қораласалар ҳам худди йигитлардек юришибди,- деди Йўлдошбек Кенжа ҳазиллашиб.

-Лекин Абдивой домла, сиз ёзган “Беванинг мактуби”ни ўқиб роса мазза қилдим, — деди Темирпўлат домлага қараб.
Мақтов домла ёқди чоғи, жилмайиб қўйди.

Ниҳоят, меҳмонлар қайтишга тараддуд кўришди. Аммо, мен Абдимурод билан тўйиб суҳбатлаша олмаганим боис ундан ажралгим келмасди. Хаёлимдан эса: “Агар Абдимурод чекка қишлоқда эмас, шаҳарда, ижодий муҳит гуриллаб қайнаб турган давраларда юрганда эди, аллақачон номдор шоир бўлиб танилар эди,” — деган фикр ўтди. Менинг камтаргина китоб жавонимда эса, унинг “Ғамгин дарахт қўшиғи” шеърий тўплами бор. Баъзида китобни қўлга олиб варақлайман. Нақадар самимий ва содда сатрлар. Унинг Ватан ҳақидаги мисралари…

Бу чигал дунёда англадим сени,
Кўзимга тўтиё айладим сени.
Бегона кўзлардан асрамоқ учун,
Юракнинг тубига жойладим сени.

Бақириқ-чақириқлардан ҳоли сатрлар. Ватанни шоир бегоналардан, қора ниятли кимсалардан асраш учун ўз юрагига жойлайди. Кўзларига тўтиё қилади.

Бир йили чимлик фермер Ўзбекистон Қаҳрамони Абди Бозоров истиқлол байрами арафасида орден билан мукофотланди. “Қашқадарё” газетасидагилар у ҳақида мақола тайёрлаб беришни илтимос қилишди. Йўқ, дея олмадим. Фермер билан учрашиб маълумотларни ёзиб олдим. Уйга келиб мақолани ёзишга ўтирдим. Аммо нимадан бошлашни билолмасдим. Шунда кўзим Абдимуроднинг китобига тушди ва бирдан унинг бу сатрлари менга маъқул келди:

На шамол, на ёмғир, на майса,
Йўқотиб юбормас изимни.
Бировнинг еримас бу ерлар,
Ўзимнинг еримдир, ўзимнинг.

“Ўзимнинг еримдир, ўзимнинг” мисралари билан мақолани бошладим.

Шоир аллақачон ўзининг ижод сўқмоғини топиб олган. Унинг шеърлари марказий матбуот саҳифаларида эълон қилинган. Назм ихлосмандларининг назарига тушган. Шоир бу ҳақда шундай ёзади:

Оллоҳга шукрона айлагум,
Қиблага қаратиб юзимни.
Бировнинг йўлимас бу йўллар,
Ўзимнинг йўлимдир ўзимнинг

Яқинда Абдимурод Қодирнинг туркум шеърлари “Дарё” газетасида чоп этилди. Мана унинг «Қор гулим» номли шеъри:

Қор гулим-ай, қор гулим,
Самолардан тўкилган.
Дил ҳовурим босақол,
Юрак-бағри сўкилган.

Қор гулим-ай, қор гулим,
Менинг кўнглим қорқизда.
Ёрай десам дилимни,
Юраги экан муздан.

Шоир шеър охирида сиз кутмаган хулосани чиқаради.

Абдимурод Қодир Ватан ҳақида тўлқинланиб мисралар битади. Шоир Ватанни, Азизим, Ёлғизим, Ягонам, Илдизим, Таронам, Юлдузим ва Онам, Кундузим, Пешонам, Чин сўзим, Озодам, Ободам ҳам Кўзим, Иродам, Мардонам, Музаффар, Шукронам, Жон қадар Мангу бўл, Яна эй, Ватан, Яна не, яна дей Ватан?! Дея таърифлайди.

Мунаққид Темирпўлат Тиллаев шоирнинг шеърияти ҳақида шундай ёзади. «Абдимурод Қодиров шеърларида бадиятнинг тилсимли дунёси ўзига хос ташбеҳлар ва беғубор бир нуқтаи назар билан васф қилинадики, узоқ йиллар кўнглимиз қатларида ана шу гўзал изтиробнинг акс садоси жаранглаб туради. Бундан ташқари у яхши таржимон сифатида рус ва жаҳон адабиёти вакилларининг энг сара асарларни она тилимизга маҳорат билан ўгирмоқда.»

Шоир болаларни ҳам ёддан чиқармайди.

Болалар алдашни билмайди,
Алдашни ўргатар катталар.
Хаёли чегара билмайди,
Чегара ўрнатар катталар.

Бизлар эса шоирдан янги ва гўзал шеърлар кутишга ҳақлимиз.

Абдимурод Қодиров
ШЕЪРЛАР
03

  Абдимурод Қодиров  1955 йилда Қамаши тумани Кичик Дўстберди қишлоғида туғилган. Республика рус тили ва адабиёти олийгоҳини тугатган. Бир муддат “Ўз.Миллий Қомус”и таҳририятида ишлади. Сўнгра қишлоғидаги мактаб муаллимлик қилди. Ижод намуналари матбуот саҳифаларида кўп бора эълон қилинган. “Ғамгин дарахт қўшиғи” шеърий тўплами муаллифи. “Ижодкор ўқитувчи” республика танлови қатнашчиси.

03

АРМОН

Умр карвонининг қанчаси ўтди,
Сенсиз ўтган йиллар бари бесамар.
Шу йиллар мен сени интиқиб кутдим,
Сен нечун кечикиб келдинг, Муяссар?!

“Дунёда дард чеккан одам муқаддас” *
Дардимиз армонлар битилган асар.
Юракнинг тубида инграйди бир сас:
Сен нечун кечикиб келдинг, Муяссар?!
.
Армоннинг хазонли боғлари аро,
Бир қушча нолалар чекар ҳар саҳар.
Кўз юмсам, кўзларим олдида пайдо:
“Сен нечун кечикиб келдинг, Муяссар?!”

Кунларим ичикиб сендан оғринди,
Бош эгиб кетдилар йўл олиб Маҳшар.
Бу юрак бир умр сенга талпинди,
Сен нечун кечикиб келдинг, Муяссар?!

ҚОР ГУЛИМ

Қор гулим-ай, қор гулим,04
Самолардан тўкилган.
Дил ҳовурим босақол,
Юрак бағрим сўкилган.

Қор гулим-ай, қор гулим,
Менинг кўнглим қорқизда.
Ёрай десам дилимни,
Юраги экан муздан.

Қор гулим-ай, жон гулим,
Қайга шошиб кетарсан?!
Умринг қурғур бир тутам,
Эриб кетсанг нетарсан?!

Қор гулим-ай, қор гулим,
Чаппор ур мисли қуюн.
Бу дунёнинг ишлари
Билсанг асли қор ўйин.

***

Титраб турар сарғайган япроқ,
Кеч кузакда дарахт шохида.
Эрмак қилиб изғирин шамол,
Пирпиратиб ўйнар гоҳида.

Xазонрезги тушайди ерга,
Япроқлардан ясатиб гилам.
Келмоқ борки, кетмоқ ҳам тайин,
Шу қонун-ла яралган олам.

Во ажабо шунчалар ўхшаш,
Барг қисмати инсон умрига.
Туғилади, яшайди, сўнгра…
Сингиб кетар замин бағрига.

ЖАЖЖИ ШЕЪРЛАР

Дўстим, кел, тортинма,
Кирайлик уйга!
Дилга эзгу ҳислар
Тақиб қўяман.
Хона совуқ, бироқ
Чидасанг бироз
Юрагимни ёқиб қўяман!

***

Дарахт менга яшашни ўргат,
Дарахт ургат менга саботни.
Ўз домига тортганда ғурбат,
Дариғ тутма мендан нажотни.

То бу далли девона юрак
Баҳор кутиб кўкарсин, кулсин.
Қуриса ҳам майлига сендек:
Ҳароратли бир гулхан бўлсин.

***

Анҳорнинг лабида табассум,
Осмон ҳам қушларни соғинган.
Юраклар бокира ва масъум
Фаришта пойига сиғинган.

Ҳаволар ифори ўзгача,
Елкангдан ташвишни ташлагин.
Айниқса, баҳорда юзгача
Яшагинг келади, яшагинг…

***
Осмондаги сайёх булутлар
Кетар хорғин, бедор, бемақсад.
Майсаларнинг қадамин қутлаб,
Ёмғирларга айланар албат.

Худди шундай мен ҳам ишқингда,
Куйдим, ёндим, толмадим сира.
Афсус, ундан эсдалик бўлиб
Кўз ёшларим қолди хотира

НОМ ҚЎЙИШ МАРОСИМИ
(Хитой халқ эртаги асосида)

Насриддинга бир куни,
Мушук қилишди тортиқ.
У ҳам роса севинди,
Совға йўқ бундан ортиқ.

Насриддиннинг кўзлари,
Қувонгандан порлади.
Мушукка ном қўя деб,
Зиёфатга чорлади.

“-Бундай зотдор мушукни,
Кўрмагандим ҳеч қачон” —
Меҳмонларни қаршилаб,
Шу гапни айтди мезбон.

“Бу мушуклар ичида,
Қаранг энг олий насли.
Иккиланмай мен уни,
“Йўлбарс” атардим асли”

Мезбоннинг бу гапига,
Барча қўл чалди чапак.
Тортилди турфа таом,
Улашилди ҳандалак.

Гарчи оддий бир мушук,
Бўлса ҳамки жайдари.
Ғаройиб ва зотдор деб,
Олқишлашарди бари.

-Тўғри, йўлбарс жуда зўр, —
Деди битта билоғон. —
Аммо аждар қудратли,
“Аждар!” дейлик, жўражон.

-Эй, йўқ! – деди биттаси,
Аждар яшар осмонда.
Қолаверса ёвузлик,
Белгиси бор бу номда.

Ёки айтинг бу мушук,
Учадими афанди?
Мезбон чекиб хижолат,
Бир нима деб ғудранди…

-Йўқ, учолмас ҳозирча,
Учиш қочмас, албатта!
Кейинчалик урганиб,
Олаверар бир пастда.

Унда сизга маслаҳат:
“Булут” деб атай қолинг.
Юнги момиқ булутдай,
Яхшилаб назар солинг.

-Тўғри, булут осмонни,
Қоплаб олмоққа қодир.
Аммо бўрон булутдан,
Қудратлироқ баҳодир.

Шундай экан мушукни,
“Бўрон” дея атанг сиз —
Дея аста гап қўшди,
Бир меҳмон четда ёлғиз.

-Йўқ, — эътироз билдирди,
Яна бошқа бир меҳмон. —
Бу тўғри фикр эмас,
Сизга айтсам ошнажон.

Ахир, қалъа девори,
Бўронни этмас писанд.
Шу важдан ҳам мушукни
“Қалъа” деб атамоқ шарт.

-Сичқон қўрқмас қалъадан, —
Деди яна бошқаси.
-Ном беришда адашиб,
Қолмайлик сўнг бош қашиб.

Қалъа сичқон олдида,
Ожиз, беҳол, вайрон, лол!
Яхшиси мушугингни,
“Сичқон” дея атай қол!

“-Ахир сичқон зотини,
Мушук тутиб ер, қаранг…” –
Деб ўйлана-ўйлана
Афанда бўлар тажанг.

Кейин бирдан бақирди:
-Топдим, топдим, эврика!
Мен уни “Мушук” десам,
Қандай бўлар экан-а?

“-О, мана бу зўр фикр!”
“-Қойил қолмай йўқ илож!”
Энди бошқа гап-сўзга,
Қолмаганди эҳтиёж.

Бари гуё елкадан,
Тоғ тушгандай керишди.
Шу тариқа мушукка
“Мушук” деб ном беришди.

Манба: Абдимурод Қодиров. “Ғамгин дарахт қўшиғи” шеърлар. “Насаф” нашриёти. Қарши. 1996

04Xayolimdan: “Agar Abdimurod chekka qishloqda emas, shaharda, ijodiy muhit gurillab qaynab turgan davralarda yurganda edi, allaqachon nomdor shoir bo‘lib tanilar edi,” — degan fikr o‘tdi. Mening kamtargina kitob javonimda esa, uning “G‘amgin daraxt qo‘shig‘i” she’riy to‘plami bor. Ba’zida kitobni qo‘lga olib varaqlayman. Naqadar samimiy va sodda satrlar.

O‘rolboy QOBIL
TURNALARNI SOG‘INGAN SHOIR
03

Qoratepalik muallim va ijodkor Abdimurod Qodirovni yaxshi taniyman, qolaversa u tengdoshim, qadrdonim. Ko‘nglimda bir sog‘inch uyg‘ondi. Rosti, do‘stimiz bilan ko‘rishmaganimizga ham ancha yil bo‘lgandi.

Esladim, rahmatli Saodat Ostonning to‘yida diydorlashgan ekanmiz. Bunga ham to‘rt yildan oshibdi. Abdimurodning telefon raqamini axtarib shoir Yo‘ldoshbek Kenjaga sim qoqdim.

-Abdimurodni topdim, ertaga keladi, bir gurunglashamiz,-dedi Yo‘ldosh aka.
-Yaxshi qilibsiz,- dedim quvonib

Abdimurod ertasiga keldi. Qadrdonlar davrasida suhbatimiz qizigandan-qizidi. Keksa ijodkor Berdiqobil Xudoyqulovning hikmatlarga to‘la hayotiy hikoyalari, Abdivoy Rahimning masallari, Tursunboy Boymirovning hajviyalari, Yo‘ldoshbek Kenjaning o‘yga toldiruvchi bitiklari, Sayfulla Al-Murodning xalqona she’rlari muhokama qilindi.

Shunda bir chekkada jimgina o‘tirgan Abdimurodga adib Temirpo‘lat Tillayev so‘z qotdi:

-Qani, Abdimurod aka, sizdan ham bir nima eshitaylik…

Abdimurod esa “yangisi yo‘q edi-da”…-deya kalovlandi.
-Bo‘lmasa, anovi “Turnalar”ni o‘qing, — dedi Tursunboy aka.

Qolganlar ham uning taklifini ma’qullashdi. Abdimurod o‘ziga xos ovozda she’r o‘qiy boshladi.

Afg‘on taraflarga uchib ketibsiz,
Qancha dahshat, balolardan o‘tibsiz.
Boyqaro bog‘ini ko‘rib netibsiz?
Safingiz to‘liqmi, qaytgan turnalar?!

Ahmad Zoirlarning ohi siz bilan,
Xabar ayro tushdi goho siz bilan,
G‘afur G‘ulom qizi – Mohi siz bilan,
Safingiz to‘liqmi, qaytgan turnalar?!

Sizsiz bahorlar ham bahor bo‘lmadi,
Tunlar yetim qoldi, oylar to‘lmadi,
Adirlarni quchib Navro‘z kulmadi.
Safingiz to‘liqmi, qaytgan turnalar?!

Mirza Bobur yurgan yo‘llar ravonmi,
Yurtiga qaytolmay rangi somonmi,
Bobom Alisherning ruhi omonmi,
Safingiz to‘liqmi, qaytgan turnalar?!

Nogoh yulduz uchgan joyga qaradik,
Sayyodning kamoni – oyga qaradik,
Tiniqmi? – deb, Amu – Sirga qaradik,
Endi xatar yo‘qmi, qaytgan turnalar?!

She’rning zalvorli ohanggi bizni xushyor etdi, o‘yga toldirdi. Har doimgidek Temirpo‘lat shoirni yana savolga tutdi:
— Nega ko‘rinmay ketdingiz, Abdimurod aka?

Shoir bir zum o‘yga tolib siniqqina jilmaydi.

-Orqada qolib ketdim… Yana ro‘zg‘or tashvishlari, nafaqaga chiqdim, sog‘ligim ham unchalikmas…

-Oltmishga kirgandan keyin hammada ham shunday bo‘ladi, ana Yo‘ldoshbek, O‘rolboy ham avvalgiday emas. Men ham davolanib turibman. Ammo, siz bunday bo‘shashmang, davraga qo‘shiling,- deya Tursunboy aka davradagilarga qaradi.

-Ana qarang, Berdiqobil aka, Abdivoy domlalar saksonni qoralasalar ham xuddi yigitlardek yurishibdi,- dedi Yo‘ldoshbek Kenja hazillashib.

-Lekin Abdivoy domla, siz yozgan “Bevaning maktubi”ni o‘qib rosa mazza qildim, — dedi Temirpo‘lat domlaga qarab.
Maqtov domla yoqdi chog‘i, jilmayib qo‘ydi.

Nihoyat, mehmonlar qaytishga taraddud ko‘rishdi. Ammo, men Abdimurod bilan to‘yib suhbatlasha olmaganim bois undan ajralgim kelmasdi. Xayolimdan esa: “Agar Abdimurod chekka qishloqda emas, shaharda, ijodiy muhit gurillab qaynab turgan davralarda yurganda edi, allaqachon nomdor shoir bo‘lib tanilar edi,” — degan fikr o‘tdi. Mening kamtargina kitob javonimda esa, uning “G‘amgin daraxt qo‘shig‘i” she’riy to‘plami bor. Ba’zida kitobni qo‘lga olib varaqlayman. Naqadar samimiy va sodda satrlar. Uning Vatan haqidagi misralari…

Bu chigal dunyoda angladim seni,
Ko‘zimga to‘tiyo ayladim seni.
Begona ko‘zlardan asramoq uchun,
Yurakning tubiga joyladim seni.

Baqiriq-chaqiriqlardan holi satrlar. Vatanni shoir begonalardan, qora niyatli kimsalardan asrash uchun o‘z yuragiga joylaydi. Ko‘zlariga to‘tiyo qiladi.

Bir yili chimlik fermer O‘zbekiston Qahramoni Abdi Bozorov istiqlol bayrami arafasida orden bilan mukofotlandi. “Qashqadaryo” gazetasidagilar u haqida maqola tayyorlab berishni iltimos qilishdi. Yo‘q, deya olmadim. Fermer bilan uchrashib ma’lumotlarni yozib oldim. Uyga kelib maqolani yozishga o‘tirdim. Ammo nimadan boshlashni bilolmasdim. Shunda ko‘zim Abdimurodning kitobiga tushdi va birdan uning bu satrlari menga ma’qul keldi:

Na shamol, na yomg‘ir, na maysa,
Yo‘qotib yubormas izimni.
Birovning yerimas bu yerlar,
O‘zimning yerimdir, o‘zimning.

“O‘zimning yerimdir, o‘zimning” misralari bilan maqolani boshladim.

Shoir allaqachon o‘zining ijod so‘qmog‘ini topib olgan. Uning she’rlari markaziy matbuot sahifalarida e’lon qilingan. Nazm ixlosmandlarining nazariga tushgan. Shoir bu haqda shunday yozadi:

Ollohga shukrona aylagum,
Qiblaga qaratib yuzimni.
Birovning yo‘limas bu yo‘llar,
O‘zimning yo‘limdir o‘zimning

Yaqinda Abdimurod Qodirning turkum she’rlari “Daryo” gazetasida chop etildi. Mana uning “Qor gulim” nomli she’ri:

Qor gulim-ay, qor gulim,
Samolardan to‘kilgan.
Dil hovurim bosaqol,
Yurak-bag‘ri so‘kilgan.

Qor gulim-ay, qor gulim,
Mening ko‘nglim qorqizda.
Yoray desam dilimni,
Yuragi ekan muzdan.

Shoir she’r oxirida siz kutmagan xulosani chiqaradi.

Abdimurod Qodir Vatan haqida to‘lqinlanib misralar bitadi. Shoir Vatanni, Azizim, Yolg‘izim, Yagonam, Ildizim, Taronam, Yulduzim va Onam, Kunduzim, Peshonam, Chin so‘zim, Ozodam, Obodam ham Ko‘zim, Irodam, Mardonam, Muzaffar, Shukronam, Jon qadar Mangu bo‘l, Yana ey, Vatan, Yana ne, yana dey Vatan?! Deya ta’riflaydi.

Munaqqid Temirpo‘lat Tillayev shoirning she’riyati haqida shunday yozadi. “Abdimurod Qodirov she’rlarida badiyatning tilsimli dunyosi o‘ziga xos tashbehlar va beg‘ubor bir nuqtai nazar bilan vasf qilinadiki, uzoq yillar ko‘nglimiz qatlarida ana shu go‘zal iztirobning aks sadosi jaranglab turadi. Bundan tashqari u yaxshi tarjimon sifatida rus va jahon adabiyoti vakillarining eng sara asarlarni ona tilimizga mahorat bilan o‘girmoqda.”

Shoir bolalarni ham yoddan chiqarmaydi.

Bolalar aldashni bilmaydi,
Aldashni o‘rgatar kattalar.
Xayoli chegara bilmaydi,
Chegara o‘rnatar kattalar.

Bizlar esa shoirdan yangi va go‘zal she’rlar kutishga haqlimiz.

Abdimurod Qodirov
SHE’RLAR
03

Abdimurod Qodirov 1955 yilda Qamashi tumani Kichik Do‘stberdi qishlog‘ida tug‘ilgan. Respublika rus tili va adabiyoti oliygohini tugatgan. Bir muddat “O‘z.Milliy Qomus”i tahririyatida ishladi. So‘ngra qishlog‘idagi maktab muallimlik qildi. Ijod namunalari matbuot sahifalarida ko‘p bora e’lon qilingan. “G‘amgin daraxt qo‘shig‘i” she’riy to‘plami muallifi. “Ijodkor o‘qituvchi” respublika tanlovi qatnashchisi.

03

ARMON

Umr karvonining qanchasi o‘tdi,
Sensiz o‘tgan yillar bari besamar.
Shu yillar men seni intiqib kutdim,
Sen nechun kechikib kelding, Muyassar?!

“Dunyoda dard chekkan odam muqaddas” *
Dardimiz armonlar bitilgan asar.
Yurakning tubida ingraydi bir sas:
Sen nechun kechikib kelding, Muyassar?!
.
Armonning xazonli bog‘lari aro,
Bir qushcha nolalar chekar har sahar.
Ko‘z yumsam, ko‘zlarim oldida paydo:
“Sen nechun kechikib kelding, Muyassar?!”

Kunlarim ichikib sendan og‘rindi,
Bosh egib ketdilar yo‘l olib Mahshar.
Bu yurak bir umr senga talpindi,
Sen nechun kechikib kelding, Muyassar?!

QOR GULIM

Qor gulim-ay, qor gulim,
Samolardan to‘kilgan.
Dil hovurim bosaqol,
Yurak bag‘rim so‘kilgan.

Qor gulim-ay, qor gulim,
Mening ko‘nglim qorqizda.
Yoray desam dilimni,
Yuragi ekan muzdan.

Qor gulim-ay, jon gulim,
Qayga shoshib ketarsan?!
Umring qurg‘ur bir tutam,
Erib ketsang netarsan?!

Qor gulim-ay, qor gulim,
Chappor ur misli quyun.
Bu dunyoning ishlari
Bilsang asli qor o‘yin.

***

Titrab turar sarg‘aygan yaproq,04
Kech kuzakda daraxt shoxida.
Ermak qilib izg‘irin shamol,
Pirpiratib o‘ynar gohida.

Xazonrezgi tushaydi yerga,
Yaproqlardan yasatib gilam.
Kelmoq borki, ketmoq ham tayin,
Shu qonun-la yaralgan olam.

Vo ajabo shunchalar o‘xshash,
Barg qismati inson umriga.
Tug‘iladi, yashaydi, so‘ngra…
Singib ketar zamin bag‘riga.

JAJJI SHE’RLAR

Do‘stim, kel, tortinma,
Kiraylik uyga!
Dilga ezgu hislar
Taqib qo‘yaman.
Xona sovuq, biroq
Chidasang biroz
Yuragimni yoqib qo‘yaman!

***

Daraxt menga yashashni o‘rgat,
Daraxt urgat menga sabotni.
O‘z domiga tortganda g‘urbat,
Darig‘ tutma mendan najotni.

To bu dalli devona yurak
Bahor kutib ko‘karsin, kulsin.
Qurisa ham mayliga sendek:
Haroratli bir gulxan bo‘lsin.

***

Anhorning labida tabassum,
Osmon ham qushlarni sog‘ingan.
Yuraklar bokira va mas’um
Farishta poyiga sig‘ingan.

Havolar ifori o‘zgacha,
Yelkangdan tashvishni tashlagin.
Ayniqsa, bahorda yuzgacha
Yashaging keladi, yashaging…

***
Osmondagi sayyox bulutlar
Ketar xorg‘in, bedor, bemaqsad.
Maysalarning qadamin qutlab,
Yomg‘irlarga aylanar albat.

Xuddi shunday men ham ishqingda,
Kuydim, yondim, tolmadim sira.
Afsus, undan esdalik bo‘lib
Ko‘z yoshlarim qoldi xotira

NOM QO‘YISH MAROSIMI
(Xitoy xalq ertagi asosida)

Nasriddinga bir kuni,
Mushuk qilishdi tortiq.
U ham rosa sevindi,
Sovg‘a yo‘q bundan ortiq.

Nasriddinning ko‘zlari,
Quvongandan porladi.
Mushukka nom qo‘ya deb,
Ziyofatga chorladi.

“-Bunday zotdor mushukni,
Ko‘rmagandim hech qachon” —
Mehmonlarni qarshilab,
Shu gapni aytdi mezbon.

“Bu mushuklar ichida,
Qarang eng oliy nasli.
Ikkilanmay men uni,
“Yo‘lbars” atardim asli”

Mezbonning bu gapiga,
Barcha qo‘l chaldi chapak.
Tortildi turfa taom,
Ulashildi handalak.

Garchi oddiy bir mushuk,
Bo‘lsa hamki jaydari.
G‘aroyib va zotdor deb,
Olqishlashardi bari.

-To‘g‘ri, yo‘lbars juda zo‘r, —
Dedi bitta bilog‘on. —
Ammo ajdar qudratli,
“Ajdar!” deylik, jo‘rajon.

-Ey, yo‘q! – dedi bittasi,
Ajdar yashar osmonda.
Qolaversa yovuzlik,
Belgisi bor bu nomda.

Yoki ayting bu mushuk,
Uchadimi afandi?
Mezbon chekib xijolat,
Bir nima deb g‘udrandi…

-Yo‘q, ucholmas hozircha,
Uchish qochmas, albatta!
Keyinchalik urganib,
Olaverar bir pastda.

Unda sizga maslahat:
“Bulut” deb atay qoling.
Yungi momiq bulutday,
Yaxshilab nazar soling.

-To‘g‘ri, bulut osmonni,
Qoplab olmoqqa qodir.
Ammo bo‘ron bulutdan,
Qudratliroq bahodir.

Shunday ekan mushukni,
“Bo‘ron” deya atang siz —
Deya asta gap qo‘shdi,
Bir mehmon chetda yolg‘iz.

-Yo‘q, — e’tiroz bildirdi,
Yana boshqa bir mehmon. —
Bu to‘g‘ri fikr emas,
Sizga aytsam oshnajon.

Axir, qal’a devori,
Bo‘ronni etmas pisand.
Shu vajdan ham mushukni
“Qal’a” deb atamoq shart.

-Sichqon qo‘rqmas qal’adan, —
Dedi yana boshqasi.
-Nom berishda adashib,
Qolmaylik so‘ng bosh qashib.

Qal’a sichqon oldida,
Ojiz, behol, vayron, lol!
Yaxshisi mushugingni,
“Sichqon” deya atay qol!

“-Axir sichqon zotini,
Mushuk tutib yer, qarang…” –
Deb o‘ylana-o‘ylana
Afanda bo‘lar tajang.

Keyin birdan baqirdi:
-Topdim, topdim, evrika!
Men uni “Mushuk” desam,
Qanday bo‘lar ekan-a?

“-O, mana bu zo‘r fikr!”
“-Qoyil qolmay yo‘q iloj!”
Endi boshqa gap-so‘zga,
Qolmagandi ehtiyoj.

Bari guyo yelkadan,
Tog‘ tushganday kerishdi.
Shu tariqa mushukka
“Mushuk” deb nom berishdi.

Manba: Abdimurod Qodirov. “G‘amgin daraxt qo‘shig‘i” she’rlar. “Nasaf” nashriyoti. Qarshi. 1996

05

(Tashriflar: umumiy 192, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring