Matnazar Abdulhakim. «Tafakkur chorrahalarida» kitobidan (6). Ikkinchi muallim saboqlari.

033
Аллома шоир Матназар Абдулҳакимнинг»Тафаккур чорраҳаларида.Таржимон талқинлари» номли салмоқли китоби буюк мутафаккир,шоир, жавонмардлик тариқатининг йирик намояндаси Паҳлавон Маҳмуд (1247-1326) меросини идрок этиш, рубоийларини таржима қилиш жараёнида мутафаккир қарашларини англашга бағишланган мақола,эссе ва суҳбатлардан ташкил топган. Шунингдек, ҳазрат Пирёр валий қолдирган меросни тадқиқу таржима этиш мобайнида Шарқ мумтоз адабиётининг бетимсол сиймолари ижоди, адабий ва абадий ёдгорликлар моҳияти, тасаввуфда акс этган фалсафа табиати ҳақида мутаржимнинг қалб дафтарида қайд этилган кузатишлар, мулоҳазалар жамул жам бўлган.
Шу пайтгача китобнинг:
«Иймон туҳфаси» ;
«Ялдони ёритган нур»  (Биринчи қисм; Иккинчи қисм.);
— «Иккинчи муаллим сабоқлари» (Биринчи қисм; Иккинчи қисм.) фаслларини ёритган эдик.
Бугун «Иккинчи муаллим сабоқлари» нинг якуний  бўлагини тақдим этамиз.

03
МАТНАЗАР АБДУЛҲАКИМ
ТАФАККУР ЧОРРАҲАЛАРИДА
Таржимон талқинлари

07

ИККИНЧИ МУАЛЛИМ САБОҚЛАРИ

САҲИФА МУНДАРИЖАСИ
СУҚРОТ ФАРИШТАСИ
ШАХС ҲАҚИДА БАҲС
ТАФАККУР ЧОРРАҲАЛАРИДА

СУҚРОТ ФАРИШТАСИ

07Пaҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ижодининг Суқрот Ҳакийм билан, бу улуғ юнон алломасидан бизга шогирдларининг хотиралари орқали етиб келган қарашлари билан ҳамоҳанглиги ҳам кўзга ташланарлидир. Суқрот ҳакиймнинг шахсига хос бўлган улкан фазилатлардан бири шунда бўлган-ки, у ўз тарғиботига монанд яшаган. Бизнинг шарқда “Мулланинг айтганини қил, қилганини қилма”, деган мақол бор. Бу, албатта, кесатиқ гап. Шуниси алоҳида диққатга сазоворки, тасаввуфда ҳам сўз ва амал бирлиги муҳим аҳлоқий талаблардан биридир. “Беилму амал равзаи ризвон бўлмас”, – дейди Паҳлавон Маҳмуд, Суқрот Ҳакиймнинг ўзидан аввалги алломалардан фарқи шунда бўлганки, у ахлоқ-одоб хулосаларини ҳаётдан чиқармаган, балки ҳаётни ахлоқ-одоб тамойилларидан келиб туриб кечирган. Суқротнинг алоҳида уқтиришича, инсоннинг ҳалоллигини кафолатлайдиган аҳлоқий мезонлар хамиша мавжуд бўлган ва уларга амал қилиш ҳар бир одамнинг қай даражада инсонлигини белгилаган.

Паҳлавон Маҳмуднинг лирик қаҳрамони, Суқрот ҳакийм фалсафасига монанд ўлароқ мавжуд қоидаларга биноан ҳаёт кечиради. Албатта, энди Паҳлавон Маҳмуд эътиқодига мос мавжуд қоидалар ислом дини мезонларига монанддир. “Туз тотмадим ҳеч, ишқ юрагим қон айлар, Ухламадим, ёр мени нолон айлар” – дейди мутафаккир. Ошиқ бўлган одамнинг ишқ андуҳи, муҳаббат кечинмалари билан “юраги қон” бўлиши табиий бир ҳол. Ошиқнинг бу аҳволи Оллоҳ ишқида рўза тутган одамнинг аҳволига менгзатилади ва фикр иккинчи мисрада ҳам шунга монанд давом эттирилади. Демак, шоир тасвирлаётган ошиқ аввалдан — азалдан мавжуд бўлган муҳаббат қоидаларига монанд ҳаёт кечирмоқда. Рубоийдаги зоҳид бунинг акси ўларок, ана шу ошиқнинг қилмишларига ҳатто зоҳирий жиҳатдан тақлид қилиб, ўз ҳаётидан қонун-қоидалар келтириб чиқарса, буни бошқаларга миннат қилади, яъни дарров ўзини барча гуноҳлардан фориғ бўлган деб ҳисоблайди. Мана асарнинг тўлиқ матни, рубоий:

Туз тотмадим ҳеч, ишқ юрагим қон айлар,
Ухламадим, ёр мени нолон айлар,
Ҳолимга менинг тушсами бир дам зоҳид,
Дарров ўзини фаришта эълон айлар.

Суқрот ҳакийм ҳамда Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг маънавий дунёларидаги тафовут ва муштаракликлар бунинг билан чекланмайди, албатта. Ҳар иккала аллома ҳам, албатта, турли хил тарихий шарт-шароитларда ҳамда шундан келиб чиқиб, хилма-хил ижтимоий тузум ва дунёқарашлар таъсирида, ягона бир эзгу мақсад билан – ўз замондошлари ҳамда макондошларини яна ҳам савобталаб, янада баркамол ҳолда кўриш ва мазкур баркамолликка эришувларида уларга астойидил мадад кўрсатиш нияти би¬лан ҳаёт кечирдилар. Ўзларининг бу мақсадларига эришмак учун фаол ҳаракатда бўлдилар. Уларнинг қарашларидаги ўхшашликлар ҳам, фарқлар ҳам бу икки аллома фаолиятидаги юқорида зикр этилган жиҳатлар билан изоҳланади.

Суқрот ҳакийм гарчи инсон ўз ҳаётини аввалдан мавжуд қонун-қоидалар деб атагани дастуриламалларга биноан кечирган бўлса-да, шунингдек, бу дастурларга риоя қилишга ўз ватандошларини тинимсиз даъват қилиб яшаган бўлса-да, бу дастуриламалларнинг анчайин бир муаллақ аҳволда мавжудлиги уни мутлақо қаноатлантирмас эди, албатта. Мавжуд бу дастурлар муайян амалий фаолиятга айланган тақдирдагина аллома учун аҳамият касб этар эди. Манбаларнинг хабар беришларича, Суқрот ҳакийм турли ёшдаги ва турли даражадаги – етти яшардан етмиш яшаргача, шоҳдан тортиб гадогача, барча одамлар билан суҳбатлашишни ўз касби деб билган ва ўз фаолиятининг самарадорлигини ана шу суҳбатларда кўрган. Суқрот камтарлик билан ўзини кўгайин (сўна)га ўхшатган ва ўз устидан нимкулгу билан “Худо мени бу шаҳарга ҳамма жойда визиллаб юриб, ҳар бирингизни уйқудан уйғотиш, барчангизни савоб ишларга кўндириш, хайри йўқ амалларингизни барчангизнинг юзларингизга солиб юриш учун юборган” , деган экан ўз ҳамшаҳарларига. Айни пайтда эътироф этишича, у ҳамиша ўзининг ички фаришталарининг кўрсатмаларига монанд фаолиятда бўлган-ки, ушбу буюк юнон мутафаккирининг бизнинг мусулмон шарқи файласуфлари, хусусан, мўътабар сўфийларимиз, шу жумладан, албатта, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари билан муайян маънодаги маслакдошлигини, “Зоҳирда халқ билан, ботинда Ҳақ билан” бўлиш ҳикматини худди шу нуқтада ёрқин кузатиш мумкин.

Зоҳирда халқ, ботинда Ҳақ билан бўлиш алломаларимиздан ҳеч қандай бир муболағасиз, фидоийликни талаб қилар эди. “Сизларга ёхуд сизларга ўхшаган бошқа бир кўпчиликка қарши бориб, давлатда содир бўлаётган адолатсизлик ва қонунбузарликларни бартараф қилишга бел боғлаган одамнинг омон қолиши мумкин эмас, – деган эди у ўз хамшаҳарларига қарата, – барибир, агар бордию бирмунча вақт омон қолган тақдирда ҳам, бундай одат хусусий тарзда ҳаёт кечириши керак ва ижтимоий жабҳага ўтиб фаолият кўрсатмаслиги лозим”. Суқрот ҳакиймнинг афиналиклар томонидан суд қилинаётган ва шу суднинг оқибатида ўлимга ҳукм қилинган пайтида айтган бу гаплари барча замон ва барча макон ҳукамолари учун ибрат бўлиб қолган.

Биз Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини ўқиган сари Суқрот ҳакиймнинг фаолиятини бошқарган зоҳирий ва ботиний тамойиллар, мутафаккирга ҳалақит берган сиртқи “иблис”лару, ички фаришталар хоразмлик аллома фаолиятида ҳам муҳим аҳамият касб этганлигининг гувоҳи бўламиз. Рубоий:

Ҳамдамларим, оҳ ягона билгайлар ўзин,
Юз гулни кўриб чаманда, юлгайлар ўзин.
Мен эса кўзгуга гапирган боладек,
Соям ила соз гурунглар қургайман ўзим.

Кўриняптики, шоирга “чаманда ўзини ягона билиб юлиш” васвасаси бегона, бироқ унинг руҳиятида болаларга хос бўлган ҳалоллик ва ростгўйлик, ўзига хос “Суқрот фариштаси” бор. Мана шу “фаришта” раҳнамолигида Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ҳақиқатни излайди, Ҳақни ахтаради. Рубоий:

Устимга улуғ сафар либосин ёпдим,
Манзиллар аро кўп югуриб кўп чопдим.
Беҳишт каби тўхтов эди ҳар дил менга,
Ҳар дилда, не бахт, фақат ўзингни топдим.

Худди шу ўринда Суқротнинг ўзини ўлимга ҳукм қилган афиналикларга муҳаббатининг боиси англашилади, Яъни, ҳар бир дил Ҳақ эътиқоди учун қутлуғ ватандир, ундаги бошқа иллатлар шайтон васвасаси оқибати. Шуни учун ҳам Суқрот, файласуфлар таъбири билан айтганда, иллатли юракка эмас, балки юракдаги иллатга қарши курашиб барча нуқсонларига қарамай, ўз ҳамшаҳарларини ёмон кўрмас, балки уларнинг нуқсонларини ёмон кўрар эди. Паҳлавон Маҳмуд ҳамиша ўзини ҳар қайси бири битта мамлакатга қиёс этгулик юракларга сафарда деб билди, улардан ҳақиқатни излади, топди.

Суқрот ҳакийм ҳақиқат йўлида қандай собитқадамлик билан йўл юрган бўлса, бу улуғ неъматнинг, бу илоҳий дийдорнинг йўлида Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ҳам бошқа ҳар қандай имтиёзлардан воз кечди. У биргина нуфузни Ҳақ нуфузини, у биргина дийдорни – Ҳақиқат дийдорини эътироф этиб яшади, тан олиб амал қилди. Рубоий:

Мен на қаро ёки на-да оқ била мен,
Ёки на пийр, ё на мурид ёқ била мен.
Пасту баланд, жаҳлу аламдан озод,
Дунё ишидан холиману, Ҳақ била мен.

Паҳлавон Маҳмуд ҳам ўзини Суқрот ҳакиймнинг ислом оламидаги шогирди деб билди. Шунинг учун ҳам у ўзини одамларга ҳақиқатни англатиш учун уларни ҳар лаҳза безовта қилиб туриш йўлида сафарбар деб ҳисоблади, хислат сўнаси, донишмандлик кўгайини сингари ҳар лаҳзада одамларни уйқудан бедор қилиб, одамийликдан узоқлашиб бораётганларга уларнинг бу иллатларини таъна қилиб ҳушёр торттиришни дунёга келишидан бош мақсад деб англади ва шу йўлда ижод этди. Рубоий:

Жонларга тегиб меҳрдан бегона ўзим,
Сўзлар чоғи бешарм ва мастона ўзим.
Маҳрумман учиш бахтидан, ўтдан-да жудо,
Тунлари пашша, кундуз парвона ўзим.

“Яланғочларнинг юртида либос кийиш айб саналади”, деган бир ҳикмат бор. Худди шундай, бешармларнинг олдида шармлилик беҳаёлик ҳисоб этилади, меҳрибонлик бемеҳрлик саналади. Бундай одамларга уқтирилаётган гап, гарчи уларнинг манфаати учун бўлса-да, хирапашшаликка ўхшаб туюлади. Беҳуда кетади. Паҳлавон Маҳмуднинг Суқрот ҳакиймга хос бу донишмандлиги бизни Ҳақ йўлидаги курашда сабрли-матонатли бўлишга, уқубатлар тортишга, риёзат чекишга шай туришга ўргатади. Суқротни ҳикматлари, адолатли панду насиҳатлари учун ўлимга ҳукм этган афиналикларнинг аҳволига тушиб, тарих олдида шармисорликка гирифтор бўлмасликка даъват қилади. Хоразмнинг буюк Суқроти шуни алоҳида уқтирадики, рубоий:

Дейман мени асра бир нафас зор, эй дил,
Йўқ мени бор эт, то ўзинг бор, эй дил.
БИЛМАСА ГАР ҲАҚНИ АХИЙР ОЛҒАЙ ТАН,
ХАҚ ТАНИГАНГА БЎЛСА КИМ ЁР ЭЙ ДИЛ!.

Ҳақни таниш, Ҳақни танитиш, Ҳақни таниш бахтига мушарраф бўлмаганларни эса Ҳақ таниганларга ёр қилиш ва шу туфайли гуноҳлардан асраш – Паҳлавон пийримизнинг Суқрот ҳакиймдан баҳраманд бўлароқ айни пайтда дини ислом дастуриламалларига риоя қилиб олиб борган фаолиятининг мағзидир.

Суқрот ҳакиймга бир кун физиогномист (қиёфашунос) унинг ниҳоятда ҳиссиётга берилувчан одам эканлигини, жисмоний тузилиши шундан дарак беришини айтганида, мазкур қиёфашуносни шу ерда ҳозир бўлганлар калака қилишипти, чунки Суқротнинг феъл — атвори бутунлай аксинча экан. Шунда Суқрот ҳакийм кулаётганларга танбеҳ бериб дебди-ки, “бу қиёфашуноснинг гапи тўғри, мен табиатан чиндан ҳам ҳиссиётларга берилувчан одамман, бироқ ўзимдаги бу иллатни, нафсимга муттасил қарши курашиб, енгдим”. Шу мисолдан кўриниб турибдики, гарчи риоя қилиниши керак бўлган эзгу дастуриламалларни Суқрот ҳакийм азалдан бор деб билса ҳамки, бу фазилатларга эришмак учун у ҳар бир киши ўзини ўзи муттасил тарбиялаб туриши керак деб ишонган.

Паҳлавон Маҳмуднинг рубоиётида ҳам инсон ўзи муносиб бўлган фазилатларга сазовор бўлиши учун тинимсиз кураш олиб бориши кераклиги, акс ҳолда инсон ўзининг табиатига ёт бўлган иллатлар ботқоғига ботиб қолиши ҳеч гап эмаслиги алоҳида бир поэтик эҳтирос билан, бироқ бундай тарбиянинг мураккаблиги инкор этилмаган ҳолда таъкидланади. Рубоий:

Қилдиму тавба бўлди гоҳ ғам чил — чил,
Берди азоб дардима барҳам чил – чил.
Тавбамга тегиб бўлди қадаҳ чил — чил гоҳ,
Гоҳ тегди қадаҳга, бўлди тавбам чил – чил.

Рубоий:

Ё раб, не ажаб қилса мени қон тавба.
Айладим излаб сени паймон, тавба.
Этдимки пушаймон, бу пушаймонимдан
Қилдирди мени бошқа пушаймон тавба.

Гуноҳлардан тавба қилиш ва бу тавбадан пушаймон ҳамда бу пушаймондан тағин тавба этиш – руҳий жиҳатдан нақадар оғир кечинма ва айни бир пайтда ўз-ўзини тарбиялаш эканлигини фаҳм этиш қийин эмас. Мана шундай машаққатли тарбия “чиғириқларидан” ўтган одамларнинг юксак маънавий даражалари хусусида Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг оташин мисралар битганини биз биламиз. Рубоий:

Ёдинг ила ҳар даму ҳар он тоза бўлур,
Тонг ели эсар ва гулситон тоза бўлур.
Байрам каби дийдамда экан дийдоринг,
Хотир хушу, дил хурраму, жон тоза бўлур.

Эзгу амалларнинг хайрли эканлигини юзаки англамоқ бу –одамларни эзгу амаллар қилишга олиб келмайди. Қачонки эзгу амаллар қилиш зарурати одамнинг йилигига сингса, яъни ҳар бир одам эзгу амаллар қилмасдан туролмаса, ана шундагина у одатга айланади. Тарки одат эса — амри маҳолдир. Суқрот шуни алоҳида таъкидлаганки, табиатни узил-кесил билишга инсон лаёқатли эмас, бундай илм – худога мансубдир. Одам эса иложи борича ўзини англаши, “Ўзини ўзи билиб етиши”, ўзига ва ўзгаларга қила оладиган хайрли амалларининг даражасини, миқёсини теран фаҳм этиши, ўз билимига риоя қилишида бу билимни ҳаётга тадбиқ этишида муҳим аҳамият касб этади. Алломанинг уқтиришича, одам ёмонликни билмасдан қилганидан билиб қилгани афзалдир. Чунки билмасдан қилинган ёмонлик яна такрорланиши мумкин, чунки уни амалга ошираётган жоҳил ўзининг ёмонлигидан ғафлатдадир. Ёмонликни билиб қилаётган одам эса яхшилик нимаю, ёмонлик нима эканлигини яхши англайди ва у ёмонликни зарурат юзасидан, ўзича жоиз деб билган ҳоллардагина амалга оширади. Бундай одам ўзини ўзи ёҳуд бундай одамни ўзгалар бир галмас, бир гал ёмонлик қилишдан сақлаб қолишлари мумкин. Эзгулик маърифати, Суқрот таъкидича, амалий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эгадир.

Паҳлавон Маҳмуд Суқрот дунёқарашини ўзича тарраққий топтиради. Суқрот таълимотидаги бир қараш ақлга тўғри келмайдиган, “қоврилган муз” ҳолати, яъни ёмонликни билиб қилган одам ёмонликни беихтиёр қилган одамга нисбатан афзаллиги хусусидаги фалсафа Паҳлавон Маҳмуд талқинида бўлакча бир сайқал топади. Паҳлавон Маҳмуд борлиқда эзгу амалларнинг аҳамиятини англайдиганларнинг йўқлигидан азият чекади. Рубоий:

Хайр иш этаман ҳалак, қиё боқмаслар,
На одаму, на малак қиё боқмаслар.
Нуроний десам буларни ҳам кар, ҳам кўр,
Покликка замин, фалак қиё боқмаслар.

Айни пайтда Паҳлавон Маҳмуднииг лирик қаҳрамони ўзининг нуқсонли эканлигини ҳам англайди. “Кўп менда савол, энди жавоб ким қилгай. Кўп менда гуноҳ, энди савоб ким қилгай?!” — деб хитоб этади у. Ва бу ҳушёрлик ўзининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам аҳволидан огоҳлик туйғуси шоирнинг кўнглини дунёдан совутмайди, балки уни эзгулик сари яна ҳам қаттиқроқ сафарбар этади.

Суқротнинг эзгулик маърифати ҳақидаги фикри шунинг учун ҳам муҳимдирки, яхшилик ва ёмонликнинг нима эканлигини англаш, буларни бир-биридан тафовут қилиш унчалик осон иш эмасдир. Бунинг сабаби, яхшилик ва ёмонликнинг, аксар нисбий тушунча эканлигида, ҳар иккала сифатга ёндашиладиган мезонларнинг муайян вазиятга, замон ва маконга ҳамда бошқа шарт-шароитларга қараб ўзгариб туришидадир. Шунинг учун ҳам Суқрот ҳакийм мардлик, адолат ва шуларга монанд фазилатлар тўғрисидаги собит тушунчаларни тинимсиз ахтарди гоҳ топди, гоҳ адашди. “Ўзим тинимсиз чалкашганим етмагандай, бошқаларни ҳам тинимсиз чалкаштираман” деган эди у ўз суҳбатларидан бирида.

Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари рубоиётида бу адашув, бу чалкашлик Ҳақ дийдори умиди билан барҳам топгандай бўлади. Бироқ, бунинг билан ҳам муаммолар бартараф бўлмайди, Ҳақ не, гумон не, ахтариб ўй ўйлаб, Икки жаҳони шу билан вайрондир” — деб ёзади мутафаккир инсон табиати ҳақида. Шоирнинг лирик қаҳрамони ўз идеалидаги инсонга мурожаат қилиб дейдики. Рубоий:

Зулм бирла адолатинг сенинг мард олишар,
Гўёки саломатлик ила дард олишар.
Ҳамла қилар бўлса сенинг найзангга нафс,
Семурғ ила гўёки аждар олишар.

Паҳлавон Маҳмуд бу рубоийда адолат найзасининг семурғ билан олишуви образини танлагани бежиз эмас. Семурғ гарчи афсонавий муайян бир қушнинг номи бўлса-да, мажозан “семурғ” – “уч қуш”, “си мурғ” – “ўттиз қуш” дегани. Нафс ўзининг хилма-хиллиги ҳамда инсондаги эзгуликка қарши ёвуз курашда ҳамжиҳатлиги билан ана шундай аталишга лойиқдир. Суқрот ахтарган, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари Ҳақ дийдори йўлида топган фазилатлар мажмуаси – нафсларнинг барча турларини ўзингга бўйсундириб яшамоқдадир. Гарчи ўзларининг нафсларини амир деб билганлар, бу дунёда ғолибдек кўринсалар ҳам, аҳвол:

Дунёнинг иши тўс — тўполон, жанг деб бил,
Номарднинг эмас марднинг иши танг деб бил.
Дунёнинг иши бу — Каъбатайну нарддир,
Омадли эрур соҳиби найранг деб бил.

Ёки:

Ҳеч қора тош дур каби маъдан бўлмас,
Мурч ила занжабил ширин таъм бўлмас.
Тинглаки, Пурёнвали айтади сўз,
Аслида номард сира одам бўлмас,

қабилида бўлса ҳам, шуниси қувончлики, қоратошлар бор дунёда дурлар, мурч ила занжабил мавжуд ерларда тотли неъматлар ҳам мавжуд бўлганидек, номардлар мавжуд бу рўйи заминда мардлар, пок табиатли инсонлар хам барҳаётдирлар. Суқротнинг яхшилик ва ёмонликни тафовут қилишдаги чалкашганлигига боис дунё ишларининг ўзида, Паҳлавон Маҳмуд талқинича, чувалишиқлик мавжуд. Оддий бир мисол ўлим яхшими, ёмон-ми? Ёмон десангиз, одамлар вафот этиб турмаса, рўйи замин бир кунмас бир кун ҳаёт кечириш учун торлик қилиб қолади, демак яхши. Ҳақ. Агар бордию яхши десангиз, ўлим бизни азизлардан маҳрум қилиб, мотамга маҳкум этади. Шунинг учун ҳам Паҳлавон Маҳмуд ёзадики, рубоий:

Ерни бировларки бисот деб тургай,
Ўлча-улаш, ё ол, ё сот деб тургай,
Оқил билади, қабрдир ул ебтўймас,
Кирмаса тез-тез одам, дод деб тургай.

Паҳлавон Маҳмуд талқинича, табиатнинг мана шу мураккаб ҳукми олдида довдираб яшамаслиги учун, инсонлар бир — бирлари билан ўз заковатлари туфайли фаҳм этишлари зарур, солиҳ амаллар воситасида муомалада бўлишлари лозим. Бунинг учун эса қуйидаги насиҳатга амал қилиб яшамоқ керак, рубоий:

Қўрқитса сени журму гуноҳ — шайтонни йўқот,
Ҳақ йўлига юр, адашма, оҳ — шайтонни йўқот.
Ҳақ ариғидан фақр оқар, бошингга
Тож эмас, йўқ, танла кулоҳ — шайтонни йўқот.

“Шайтонни йўқотмоқ”, аслида, инсониятнинг азалий муаммосидир. Бунинг учун, Суқрот таъкидича, ҳамиша яхши-ёмонни фарқлаб яшашга интилмоқ керак. Яхшилик нима эканлигини билишнинг ўзиёқ муайян маънода яхши бўлиш демакдир. Суқрот ҳакийм яхши бўлишни ўз тушунчасидаги худоларни эъзозлашда деб ҳам билганди. “Эзгуликдан мол-дунё пайдо бўлиши мумкин, лекин мол-дунёдан эзгулик пайдо бўлмайди” деган эди Суқрот. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари унинг фикрини шундай тасдиқлайди, рубоий:

Йўқдир хабаринг, бошида не ҳол дунё,
Эй хожа, хаёлингда мудом мол – дунё.
Бир сидра кафандир улушинг, оҳ уни ҳам,
Кўргайму раво йўқми бу қаттол дунё.

“Энг гўзал кўза ҳам гўзал қизнинг ёнида ҳечдир, энг гўзал қиз ҳам худонинг ёнида ҳечдир” – деган эди Суқрот ҳакийм ҳазратлари, эзгуликнинг чўққисини худони севиш деб англар экан.

Пахлавон Махмуд шеъриятини Суқроти ҳакийм ворислари ижоди билан муқояса қилганда ҳам мароқли ҳамоҳангликлар аён бўлади. “Суқрот мактаби”га мансуб Кирен деган жойдан келиб чиққан ва этика илмида киренаиклар деб ном олган мактаб вакили Аристипп меросига назар солсак, Хоразмнинг буюк алломаси ижодининг нақадар чуқур илдиз отиб тарихнинг қаър-қаърларидан озиқланганлигини кузатишимиз мумкин. Муаллифларнинг гувоҳлик беришича, Аристипп ҳам ўз устози сингари гоҳ подшоҳ Деонисей билан, гоҳ Афлотун билан, гоҳ хизматкорлар билан мулоқотда бўлиб шоҳу гадога бирдек эътибор билан қараган.

Айтишларича, Аристипп ҳаддан зиёд тоқатли ва ақли ўткир одам бўлган. Бир куни шоҳ Дионисей унга қараб тупурганида у чидаган. Буни таъна қилганларида у “Катта балиқни овлаш учун денгиз мавжидан сачраган кўпикларнинг у ер-бу еринга тегиб кетишига кўникишга тўғри келади” – деб жавоб берган. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари эса бу дарёни ҳамда бу Дарё қаърида сузадиган катта балиқларни ҳар ким ўзида кашф этиши керак деб, Аристипп ва унга монанд олимларнинг фикрларини яна ҳам мукаммаллаштирган. Рубоий:

Мангу қазо ҳукмида сиймоман мен,
Яктолар ичинда, билки, яктоман мен.
Сиртим осойишта, юрак туғёндир,
Қаъринда наҳанг сузгучи дарёман мен.

Шуниси диққатга сазоворки, шоҳ Дионисей билан бўлган ихтилофлардан Аристипп ҳамиша фалсафий хулосалар чиқариб, одамларни қойил қолдирган. Аристипп бир куни битта дўстининг ташвишини тортиб, Дионисейга мурожаат қилганида, шоҳ уни тингламаган. Аристипп шунда шоҳнинг оёғига йиқилиб илтижо қилган, шунда уни калака қилганларида, Аристипп ўзини йўқотмаган ва деган-ки. “Айб менда эмас, Дионисейнинг қулоқлари унинг оёғида ўсган бўлса, мен нима қилай, ахир!” Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари мозийдан етиб келган ва ўз даврида ҳам, содир бўлиб турган ана шу ва ана шунга монанд ҳодисалардан хулоса чиқариб ёзадики, рубоий:

Ҳақни ҳақ эт, ноҳақни малъун қилғил,
Яхшини шод, ёмонни дилхун қилғил.
Доно оёқ остиндаю нодон бошда,
Ё раб, бу фалакни остин-устун қилғил.

Аристиппнинг уқтиришича, неъматларни хотирлаш ҳам, неъматларни кутиш ҳам инсонни баҳравар қила билмайди, негаки буларнинг бири аллақачон унутилган, иккинчиси ҳали йўқ. Инсон ўзи баҳраманд бўладиган неъматларни аввало айни шу вақтнинг ўзидан кашф этиб яшамоғи керак.

Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ҳам ҳар бир одам учун айни ўзининг нафас олиб турган вақти ҳамма замонлардан азиз, ўзи яшаб турган вақтдан баҳра ола билиш чинакам донишмандлик эканлигини алоҳида уқтириб, ўзининг юнонистонлик олис салафлари билан ҳамоҳанг фикрлайди. Рубоий:

Дийдорга тўйинг. БУНИНГДЕК ҲЕЧ ДАМ БЎЛМАС,
Такрор биров-бировга ҳамдам бўлмас.
Бўлса пароканда агар дон излаб,
Осонлик ила қушлар, ахир, жаъм бўлмас.

Юнон фалсафасидан тулуъ қилиб, Паҳлавон Маҳмуднинг рубоиётида акс этган бу ажойиб фикр кейинчалик кўпгина улуғ шоирларнинг ижодига баракали таъсир қилганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Мисол тариқасида ҳазрат Навоийнинг:

Шу дамни тут ғаниматким, келур дамдан асар йўқтур,
Не дамки ўтди, худ, андин киши топмас нишон ҳаргиз

мисраларини келтириш кифоя.

Мавриди келганда шуни алоҳида уқтириб ўтиш керакки, бу фикр ўтмиш ва келажак ташвиши билан андармон бўлиб қолиб, айнан ҳозирги вақтнинг қадрини ерга урмаслик зарур деган ҳикматдан иборатдир. Шуниси муҳимки, юнон файласуфлари томонидан ҳам, Паҳлавон Маҳмуд рубоийларида ҳам тарих ва келажак ҳаёти билан яшамоқ, ўтмишдан ибрат олиб, келажакни яна ҳам мукаммал тарзда яратмоқ фазилати алоҳида таъкид этилган. Рубоий:

Ҳар дам ўзини замона бунёд этгай,
Диллар синиғин териб, мени шод этгай.
Ўтмиш-келажак торларининг ўртасида
Келган киши кетган кишини ёд этгай.

Хулоса шундайки, инсон айнан ўзи нафас олиб турган дамнинг қадрига етаётиб, шу дамни яна ҳам мазмунли, унумдор қилиш учун курашади, меҳнат қилади, ҳаёт кечиради, келажакка ибрат бўладиган эзгу ишлар қилиб, ўзидан яхши ном қолдиради. Рубоий:

Тоғларга, не бахт, баҳор келиб кетгувси,
Боғларга унум, барор келиб кетгувси,
ТОПҒИЛКИ ҚАРОР ЖАҲОНДА, ЧУНКИ ИНСОН
ТОПМОҚҚА АБАД ҚАРОР КЕЛИБ КЕТГУВСИ.

Масаланинг эътиборли томони шундаки, Киренаиклар лаззат масаласига муҳим аҳамият бердилар. Уларнинг фикрида бахт ва лаззат бир тушунча эмас. Бахт бу – лаззатлар мажмуасидир. Агар муайян бир лаззатга шу лаззатнинг ўзи учун интилинса, бахтга барча лаззатларнинг мажмуаси учун талпинадилар. Айни шу нафас олиниб турган дамдан лаззатланиш фалсафаси ҳам киренаикларнинг вужуд ва руҳ баҳрамандлигининг муштараклигига интилишларидан ке¬либ чиққан хулосадир.

Суқротчиларнинг бошқа бир тоифа издошлари — Киниклар бўлса бахтли бўлиш учун шахслар ўз лаззатларини ўйлашлари эмас, балки эзгу амаллар билан машғул бўлишлари, бунинг учун Суқрот эга бўлган маънавий қудрат соҳиби бўлишлари зарурлигини алоҳида уқтирдилар. Юнон тилида “Кин” сўзи ит мазмунини беради. Мазкур тоифа мухлислари ўзларига бу номни танлаганликларининг боиси шундаки, киниклар вужудий лаззат масаласини энг охирги ўринга қўйдилар, бундай лаззатнинг зарурлиги масаласини деярли йўққа чиқардилар (эсланг: “итнинг куни” ибораси).

Бу мактабнинг, яъни киникларнинг пешволаридан бири юнонистонлик Диоген шу даражада қашшоқ табиат бўлганки, фақатгина бир сидра кийими ва сув ичадиган бир дона идиши (сархуми) бўлган экан. Диоген бир болакайнинг ҳовучи билан сув ичиб турганини кўрганда, унга ҳавас қилиб, сархумини улоқтириб юборган экан. Бир куни Искандар Зулқарнайн уни йўқлаб бориб, “Тила тилагингни” деганида”, офтоб рўяда исиниб ўтирган аллома: “Сендан шуни тилайманки, қуёш нурини мендан тўсма четга қоч!”, деб хитоб этган экан. Шунда Искандар Зулқарнайн “Агар мен Искандар бўлмаганимда, Диоген бўлишни орзу қилган бўлардим” деб хитоб этган.

Агар биз Паҳлавон Маҳмуднинг бу йўналишдаги фикрларини кузатсак, буюк олим ва шоиримиз, киникларнинг ҳам дунёқарашини ажойиб бир тарзда тараққий топтирганлигининг гувоҳи бўламиз. Шоирнинг:

Бир бурда кифоя, мардга кўп нон не керак,
Дарёдан оқар сув, ана, ризвон ке керак.
Ўз қўли бор, айт, не керак хизматкор,
Ўз дили бор, айт, унга султон не керак,

– деган рубоийсини эсласак, киникларнинг ҳар одам ҳар қандай баҳрамандлигини четдан эмас, балки ўзларидан изласин, деган фикрларига бу мисраларнинг нақадар ҳамоҳанглигини кўрамиз. Киникларнинг “Донишманд одам ҳеч бнр нимага муҳтож бўлмаслиги керак, чунки бошқаларга мансуб неъматлар уники ҳамдир” деган гапларига Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг:

Эй дўст, қани, айт, жонми керак, жон берайин мен,
Ҳар не энг азиз, сен сўра, шул он берайин мен.
Эй кофири шаддод маним қошима бир кел,
Зунноринг олиб ўрнига иймон берайин мен,

– деган мисралари қай даражада мукаммал акс садо беришини тингласак, биз ҳам буюк Диоген ва Искандарларнинг муносабатларидаги юқорида зикр этилган ҳикматли гапни сал ўзгартириб, “ДИОГЕН АГАР ДИОГЕН БЎЛМАЙ, ЯНА ҲАМ БАРКАМОЛ БЎЛГАНИДА, ПАҲЛАВОН МАҲМУД БЎЛГАН БЎЛУР ЭДИ” деб баралла айтишимиз мумкин бўлади. Қолаверса, шуни ҳам алоҳида таъкидлаш ўринлики, Паҳлавон Маҳмуд рубоиётида Киниклар ўз гуруҳлари, ўз мактаблари учун рамз қилиб олган Ит образининг фаол иштирокини кўрамизки, афтидан, бу ҳам тасодиф эмас. Маълумки, Киниклар итдек азоб чекиб бўлсада, одамнинг бошқаларга хайри тегиши лозимлигини ўз фаолиятларининг бош мақсади билиб, ўзлари учун итни тимсол қилиб олган эдилар. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ҳам ўзининг бир рубоийсида “Пурёрвали айтади, бехайр кишидан Лўлига эргашган анов ит афзал” деб хитоб қилса, бошқа бир рубоийсида “Ит бўлайин вафоси бор одамга, Ит яхши вафоси бўлмаган одамдан” деб ўз юрак сирини баён қилади.

Бу борада фикрлашни Паҳлавон Маҳмуд ижодидаги юнонистонлик Киренаиклар ҳамда Киниклар дунёқарашларидан зиддиятларга ҳамоҳанг, иккита рубоийдан бошласак. Рубоий:

Шароб ичиб, майли гўзал айб этгил,
Боғ сайрига чиқ, ғамнинг ишин, ҳайф этгил.
Шомдан то саҳар суриб юриб айшингни,
Тонгдан то қуёш ботгунича кайф этгил.

Рубоий:

Айш аҳлидан ҳеч гарчи ҳазар йўқ бизда,
Айш таъмасидан зарра асар йўқ бизда.
Қон ярамиз лола каби гул очди,
Шунданки чаманларга назар йўқ бизда.

Биз биринчи рубоийда Оллоҳ яратган гўзал табиат неъматларидан баҳравар бўлиш ҳикматини уқсак, иккинчи рубоийдан ҳар бир етук одамнинг ўзини маишатпарастликдан тийиб, бошқаларнинг бахт-саодати йўлида азоб-уқубатлар чекишига ҳам шай туриши лозимлигини англаймиз.

Кўриниб турибдики, Киренаиклар ҳамда Киниклар дунёқарашларидаги бир-бирига монанд, бироқ айрим томонлари билан бир-биридан тубдан тафовут қиладиган жиҳатлар Паҳлавон Маҳмуд меросида ажойиб бир тарзда уйғунлашиб кетган. Тағин шунисини қайд этиб ўтиш муҳимки, Киниклар бор дунёнинг лаззатларини одам сиртдан эмас, балки ўз-ўзидан излаши керак деб, оқибат натижада барибир ўзлари инкор қилган Киренаиклар қарашларига етиб келган эдилар. Бироқ бу “етиб келиш” шунчаки кўр-кўро¬на бўлмасдан, оғир маънавий изланишларнинг ва шу изланишлар туфайли Киренаиклар кашф эта олмаган этик сарҳадларнинг, аҳлоқий жабҳаларнинг забт қилиниши билан ниҳояланган эди. Биз Паҳлавон Маҳмуд ижодида Киренаиклар ва Киниклар фикр тўқнашувларидаги мана шу бир-бирини ҳам инкор, ҳам тақозо қиладиган жиҳатларнинг-да ўзига яраша инъикосини кўрамизки, бу ҳам Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг ўзидан муқаддам яшаб ўтган салафларнинг, шу жумладан, Суқрот ҳакийм фалсафасининг-да ҳикматларини теран, таҳлилий бир тарзда, синтез қилиб ўзлаштирганидан далолат беради.

Суқрот ҳакийм ва унинг шогирдлари эзгулик йўлида тинимсиз изланишда бўлдилар. Улар ҳамиша ўз фариштасига қулоқ тутиб яшадилар. Бу фаришта ҳам, ўз навбатида, Суқрот ҳакиймнинг тафаккури билан тенг мобайинда ўз соҳиби ҳамда унинг издошлари ҳикматларига қулоқ тутмокда бўлган инсониятнинг маънавий манфаатлари учун барҳаётдир.

Паҳлавон Маҳмуд ижодини Суқрот ҳакийм ва у асос солган бадиий фалсафий мактаблар тафаккурий мероси билан чоғиштириб кузатар эканмиз, “Суқрот фариштаси”нинг неча асрлар оша Хоразмнинг буюк мутафаккири Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари юрагида ва ақлида яна ҳам мукаммал, яна ҳам фаол фазилатлар билан пайдо бўлганлигини кўрамиз, рубоий:

Дунёни кўраман кўзларим дарчаси билан,
Бахту ғам, азоб, умид, ишқ – барчаси билан.
Юракни парча-парчалаб, қулоқни мен
Маҳкам тиқаман юракнинг парчаси билан.

Бу рубоий мутафаккир одамнинг ўзидан-ўзи руҳланиши зарурати ҳақидаги ажойиб қўшиқдир. Туйғуларга қулоқ тутиб, ақл билан маслаҳатлашиш санъатидир. Суқрот файласуф Антисфендан “Фалсафа нима?” – деб сўраганида, “Ўз ўзинг билан суҳбатлашиш ҳикмати” – деган экан. “Мен эса кўзгуга гапирган боладек аксим ила соз гурунглар қургайман ўзим”, – дейди Паҳлавон Маҳмуд.

Дейдилар-ки, фаришталардан фарзанд дунёга келмайди. “Суқрот фариштаси” муайян маънода бундан мустаснодир. Паҳлавон Маҳмуд руҳиятидаги фаришта Суқрот фариштасининг минглаган фарзандларидан энг баркамолидир ва у, иншооллоҳ, авлодлардан авлодларга, шахслардан шахсларга, руҳлардан руҳларга ўтиб, ўзининг эзгу амалларини адо этишда давом қилаверади.

ШАХС ҲАҚИДА БАҲС

07Паҳлавон Маҳмуднинг рубоийларидан бирида қуйидаги фикрларни ўқиймиз:

Умрнинг маъниси не, менга де, – дедим,
Ё шаъм, ё чақмоқ ёки парвона, – деди.
Дунёга умид боғласа кимки, не? – дедим,
Ё маст, ё аҳмоқ ёки девона, –деди.

Ноумид – шайтон, дейдилар. Шунга кўра, одамнинг дунёга умид боғлаши ё мастлик, ё аҳмоқлик ёҳуд телбалик бўладиган бўлса, шоирнинг гўё ноумидлик ҳақидаги бу фикри ҳеч қандай мантиққа ва шу жумладан, балки, хусусан, исломий мантиққа тўғри келмаслиги аён. Бу ерда, афтидан, бошқа ҳикмат бор. Одам дунёдан олийроқ бир қудратга, юксак ҳақиқатга, дунёни яратган санъаткорга умид боғламоғи керак. Ушбу сўнгги мантиқни, фикримизча, ўрнидан қўзғатиб бўлмайди. У собитдир.

Инсоният бундай хулосага келгунича, машаққатли тафаккур йўлини босиб ўтди. Паҳлавон Маҳмуд ижодига муайян таъсирлари сезилиб турган юнон файласуфларининг мана шу изланувчилар сафидаги ўрни алоҳида аҳамиятга эга.

Биз юқоридаги фикримизни, яъни, инсон дунёга умид боғламасдан, балки дунёни яратганга умид боғлаши лозим деган мулоҳазамизни ривожлантирсак, шоир олдимизда қўймоқда бўлган умумжаҳоний муаммо ўзининг бир қарашда кутилмаган қирраси билан намоён бўлади. Инсон дунёга умид боғламаслиги, балки дунё инсонга умид боғлаши зарур. Модомики, Оллоҳнинг дунёни яратишдан мақсади инсон экан, демак дунёдаги энг олиймақом ҳилқат инсоннинг зиммасига мана шу дунёнинг ҳаётини мавзун-мутаносиб тарзда таъминлаш вазифаси илоҳий бир бурч қилиб юклатилган. Инсон ўз зиммасидаги бу вазифани адо этмоғи учун ОДИЛ бўлмоғи керак. Шу боисдан ҳам у адолатни, ҳақиқатни тинимсиз ахтармоғи, “бешикдан то тобутгача илм изла”моғи жоиз. Шунинг учун ҳам бизнинг шарқ алломаларимиз ва уларнинг йирик вакили бўлмиш Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари бу йўлда ўз салафлари томонидан яратилган тафаккур неъматларининг уволини ҳам увол қилмасдан, ўз ижодларида самарали мутаассир бўлганликлари алоҳида аҳамиятли ва ибратлидир.

Маълумки, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ижодида нафс масаласи, нафси амморага қарши кураш, ҳар бир лаҳзада машаққатга тайёргарлик ҳамда чекиладиган риёзат туфайли эзгуликка эришмак масаласи муҳим ўрин тутади. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларига-да нисбат бериладиган, бироқ, қандай бўлмасин, жавонмардийликнинг туб моҳиятларидан бири ўз инъикосини топган рубоийлардан бири ҳам бевосита ана шу мавзуга бағишланган. Рубоий:

Нафсингни енгиб сен унга шоҳ бўл – мардсан,
Кимсаси йўқларга паноҳ бўл – мардсан.
Номардлар оёқости қилар мискинни,
Мискин ва ғарибга пойигоҳ бўл – мардсан.

Бу жиҳатдан ҳам юнон фалсафасининг шарқ тафаккурига, хусусан, Паҳлавон Маҳмуд ижодига муайян таъсири сезилади. Ушбу жиҳатни бу гал Демокрит ҳамда Паҳлавон Маҳмуд ижодини муқояса қилиш орқали бир қадар кузатишни, шунингдек, бу икки аллома дунёқарашларидаги айрим муштаракликларни баҳоли қудрат тадқиқ қилишни ният этдик.

Демокрит ёзади: “Лаззатлилик ва нолаззатлилик, ёҳуд бошқача қилиб айтганда, баҳрамандлик ва нобаҳрамандлик (удовольствие-неудовольствие) ҳамма учун бир хилдир. Бироқ биров ўзи учун бир нарсани, бошқа биров бошқа нарсани лаззатлилик деб англайди” . “Ҳолбуки, – деб давом этади бошқа жойда Демокрит, – бу жиҳатларни тўғри англаш яъни — лаззатлилик ва нолаззатлилик мезони фойда ва зарар ўртасидаги чегарани белгилайди” . Шу ўринда Демокрит бу жиҳатни давлат бошқаруви асосида олиб қарайди ва қонунларнинг умуман авом учун фойдалилигини таъкидлаган ҳолда, донишмандлар учун риоя қилиниши шарт бўлмаган синоат деб қарайди. Юнон файласуфининг таъкидлашича, қонун нодонларни маълум интизомлар билан ҳаёт кечиришга мажбур қилиб туриши билан манфаатлидир, уларни донишмандлар эса, агар лозим бўлса, уларни такомиллаштириш учун уларга танқид кўзлари билан қарашга ҳақлидирлар.

Паҳлавон Маҳмуд нафснинг бу ижтимоий қиррасини шоҳ ва дарвеш муносабатлари асосида олиб қарайди ва уларнинг бири учун манфаатли бўлган жиҳат иккинчиси учун зарарли эканлигини қайд этади. Рубоий:

Дарвиш ила шоҳ бўлса агар улфат, бу –
Шоҳ баҳти эрур, дарвиш учун кулфат бу.
Ой нурин йўқотса бир кун албат тўлғай,
Кун нурни йўқотса, кўп ёмон зулмат бу.

Биз Демокритда ҳам, ҳазрати Паҳлавон Маҳмуднинг оташин мисраларида ҳам нафснинг турли ҳам манфий, ҳам мусбат жиҳатларига кучли эътибор қаратилиб, инсонга хос бўлган бу аҳлоқий туйғунинг ҳар тарафлама тадқиқ қилинганлигини кўрамиз. Юқоридаги рубоийда биз нафси бадга муносабатнинг маърифий жиҳатларини шоҳ ва дарвишнинг муносабатлари орқали кўрган эдик.

Шуниси эътиборга моликдирки, бир-биридан неча — неча аср олисда яшаган икки аллома нафси амморанинг одамзодни зулмга ундайдиган иллатлари тўғрисида хам муштарак фикр юритадилар. Хусусан, Демокритнинг “Ноҳақ жабр ўтказаётган золим ҳамиша мазлумга қараганда бахтсизроқдир” деган фикри буюк шоиримизнинг ҳикматли мисраларида ўзининг баракали ҳамоҳанглигини топган. Рубоий:

Муртад била гоҳида не тонг, обид тенг,
Не топса камол ва бўлса не нобуд тенг.
Дунё ишини яхши — ёмон деб айтма,
Оқил назаринда тахт билан тобут тенг.

Ибодатига мос ҳаёт кечирмаётган обиднинг диндан қайтган одам билан тенглигига ишора қилган шоир навбатдаги мисраларида “оқил, назаринда тахт билан тобут” тенглигига ишора қилиб, тахт эгаси агар золим бўлса, адолатсиз ҳукм юргизса, дарҳақиқат, ўлимга лойиқ эканлигини алоҳида бир бадиий-фалсафий мантиқ билан уқтиради. Бундан ташқари оқилнинг назарида тахт билан тобутнинг тенглиги подшоҳликнинг масъулияти тўғрисидаги ҳикмат ҳам бўлиши мумкин-ки, бу ҳолда шоҳлик қилаётган одам ўзини тобутда Оллоҳнииг даргоҳига илоҳий сарҳисоб, аёвсиз савол-жавобга кетаёттан одамдек сезиши керак, деган фалсафа аён бўлади.

Демокритнинг аҳлоқий қарашларини тадқиқ қилган баъзи олимлар (мас. Г.Лауэ) юнон файласуфининг гедонизми, яъни эҳтироспарастлиги ҳақида фикр билдирсалар, айримлари (мас. Э. Радлов, Л. И. Акселрод-Ортодокс), аксинча, Демокрит этикаси эҳтиросларни тийиш, ҳар жиҳатдан инсон ўз табиатидаги меъёрдан ошишларга чек қўйиш фалсафасидан иборат эканлигини таъкид этадилар. Бизнинг фикримизча, Демокрит қарашларида инсоннинг табиатига хос бўлган юқоридаги ҳар иккала жиҳат ҳам мавжуддир ва юнон олимининг қарашларидаги ана шу икки жиҳат билан Паҳлавон Маҳмуд рубоиётида муштараклик бор. Рубоий:

Бир бурда кифоя мардга, кўп нон не керак,
Дарёдан оқар сув, ана, ризвон не керак,
Ўз қўли бор, айт, не керак хизматкор,
Ўз дили бор, айт, унга султон не керак.

Паҳлавон Маҳмуд юқоридаги мисралариди инсон ҳаётда энг кам неъматлар билан кифояланиши заарурлигини таъкидлайди. Шоирнинг бошқа асарларига эътибор қилсак, бу кайфиятнинг тамомила аксини кўрамизки, бунга мисол тариқасида ушбу мисраларга мурожаат қилиш мумкин, рубоий:

Шароб ичиб, майли, гўзал айб этгил,
Боғ сайрига чиқ, ғамнинг ишин хайф этгил.
ШОМДАН ТО САҲАР СУРИБ ЮРИБ АЙШИНГНИ,
ТОНГДАН ТО ҚУЁШ БОТГУНИЧА КАЙФ ЭТГИЛ.

Такрор айтамизки, ҳар иккала рубоий ҳам муайян ҳаётий, кайфиятлар билан битилган ва шу боисдан ҳам улар бир-бирини инкор қиладиган даражада зиддиятли бўлса, бунинг ажабланадиган жойи йўқ. Чунки ҳаётда биз бир-бирига қарама-қарши руҳиятларга тез-тез берилиб туришимиз табиийдир. Биз шоир рубоийларига синчиклаброқ нигоҳ ташлайдиган бўлсак, у ҳар иккала кайфиятни ҳам ўз тарозусига солиб, оқибат натижада мутлақо адолатли тасаввуф тамойиллари билан белгиланган хулосалар чиқарганлигининг гувоҳи бўламизки, бу жиҳатдан Паҳлавон Маҳмуд ана шу қабилдаги асарларини унинг узил-кесил хулосаси деб қабул қилсак, ўринли бўлади. Рубоий:

Ишқ ичра нишон ўзим менинг, тийр ўзим,
Мажнун бу – ўзим, жунунга тадбийр — ўзим.
Чексиз бу самода пойидор маҳбусман,
Қўзғалса, фаришта нафси, занжийр ўзим.

Мана, комил инсоннинг лаззат ва риёзат, баҳраварлик ва дард ҳақидаги ғалаёнли тафаккурининг маҳсули.
Биз Демокрит ва Паҳлавон Маҳмуднинг инсон руҳий — аҳлоқий сифатларига қарашларига эътибор берсак, юнон файласуфининг риёзат ва лаззат ҳақидаги сеҳрли халқа бўлиб кетадиган мураккаб баъзан ҳатто чигал қарашлари тугунларининг ҳазрати Паҳлавон Маҳмуд мисраларининг “тароқлари” билан ечилганлигига гувоҳ бўламиз. Демокрит гоҳ комил инсоннинг белгиси лаззатлилик ва нолаззатлилик мезонларини улардан келадиган фойда-зарарга қараб созлашдадир, деб таъкидласа, гоҳ худди бир нарсанинг ўзи гоҳ фойдали, гоҳ зарарли деб ёҳуд худди шу бир нарсанинг ўзи ҳам фойдали, ҳам зарарли деб гапиради. Баъзан руҳ ва баданнинг ўзаро муносабатлари ҳақида фикрлаётиб, гоҳ унисига, гоҳ бунисига кўпроқ хайриҳоҳлик билдиради, баданнинг руҳ, руҳнинг бадан олдидаги масъулиятига тўхталар экан, инсоннинг фазилати унинг баданидаги аҳволга эмас, балки феъл-атвор йўналишига боғлиқ деган қарорга келади. Айрим вақтларда руҳнинг аҳволи учун танни, таннинг аҳволи учун руҳни кўпроқ жавобгар деб ҳукм чиқаради. Охир-оқибатда эса, ҳар иккала ҳолда ҳам меъёр яхши эканлигига, ҳаддан ошишнинг зиёнлигига ишонч билдиради, шу талабга риоя қилишга даъват этади.

Биз Паҳлавон Маҳмуд ижодида бу мавзунинг тадқиқ ва таҳлили ўз салафлариникидан кенгайганлиги, теранлашганлиги ҳамда юксалганлигининг гувоҳи бўламиз. Демокрит қаламига мансуб саҳифаларда бошлаб берилган вужуд ҳамда руҳнинг ўзаро муносабатлари, бу борада афзалликнинг гоҳ руҳ, гоҳ вужудга берилиши, ҳар иккала жиҳатнинг ўзаро мутаносибликларини тадқиқ қилишдаги номавзунликлар Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг рубоийларида, ниҳоят, ўзининг баракали ечимини топгандек бўлади, юнон салафининг кузатишларидан толиққан ўқувчининг диққати Хоразм мутафаккирининг мисраларида ором топади, осойишталик касб этади. Рубоий:

Дарёдаги сув кўзимдаги намдандир,
Дунёдаги бор аланга сийнамдандир.
Ишлайди кулол, бу қўҳна дўстлар хоки,
Ўт-сув ила мавжуд хазинамдандир.

Бу мисралардан, биз инсоннинг вужуди тўрт унсурдангина таркиб топганлигини билиб қўймасдан, ушбу унсурлар инсон вужудига айлангач, ўзлари маъвоси бўлмиш руҳнинг атворига таъсир қилиб, шунииг воситасида, инсон фаолияти орқали жаҳоншумуллик касб этишини дунёдаги табиий жараёнларга у ёки бу тарзда босим ўтказишни билиб оламиз. Бу ҳол руҳ ҳамда вужуд муносабатларининг ўзаро таъсири синоатларини ўрганишда Паҳлавон Маҳмуднинг мисли кўрилмаган бир журъат билан илгарилаб кетганлигини яққол кўрсатади. Албатта, бу борадаги изланиш миқёсини бу қадар кенг олган мутафаккир вужуд ҳамда руҳнинг ўзаро муносабатлари тилсимини очишда бир рубоий билан чекланиб қўймаслиги аёндир. Паҳлавон Маҳмуд бу мавзуни мисрама-мисра, рубоийма-рубоий тобора равшанлаштириб боради.

Паҳлавон Маҳмуд вужуд ва руҳ масалаларида ўз эътиборини қаратган жиҳатлардан бири – ҳар бир вужуднинг алоҳидалиги ва шу туфайли бетакрорлигидир. Маълумки, ҳар бир инсон ўзининг жузъий кайфияти қандай бўлишидан қатъий назар, қандай маъвода манзил тутиб туришига қараб, турлича аҳволда бўлиши мумкин. Агар биз ўзимизга мажзуб бир манзил-мақомда турган бўлсак, руҳимиз ёруғ, аксинча, номарғуб ерларда бўлсак, тушкун бир ҳолатда бўламиз-ки, шоир талқинича, руҳ ҳам ўзининг қандай баданда эканлигига қараб, ундай ёҳуд бундай ҳолатда бўлиши мумкин. Шундан келиб чиқиб, Паҳлавон Маҳмуд руҳнинг “аҳволи руҳия”сини қайғурар экан, унинг қандай вужудда эканлигига мутлақо бефарқ қарамайди. Шунинг учун ҳам шоир уқтиришича, ҳар бир вужуд қай даражада мукаммал ва бетакрор бўлса, ундан жой олган руҳ ҳам шу даражада баркамол ҳамда ўзига хос бўлади. Рубоий:

Эй сарвиқаду сиймтану гулрухсор,
Даврангда сенинг бўлмасин ҳеч вақт хасу хор.
Гар чаман ичра юксалиб турмишдир,
Гул шохига ҳеч тенг бўла олгайму чинор…

Бинобарии, гулда гул руҳи, чинорда чинор руҳи устувор бўлмас экан, бундай номутаносиблик илоҳий мавзунлик талаблари жиҳатидан номақбулдир.

“Айбламангиз кимсани эскирса либос, Ҳар неки либос ичра ёмон бўлса ёмон”, деб ёзар экан, шоир “либос ичра” жо бўлган вужуд ва вужуд ичра жо бўлган руҳнинг чамбарчаслигига ишора қилади ҳамда бу икки мўъжизанинг ўзаро муносабатлари тўғрисида фаол фикрлайди. Рубоий:

Дилни ҳар пок нафасу доғ пишитар,
Ғиштни мисли ўт-оташгоҳ пишитар.
Кўзёш тўла кўзадир вужуд, хомдир лек,
Хом бу сафолни дард ясар, оҳ пишитар.

Бу мисралардан аён-ки, Паҳлавон Маҳмуд вужуд ва руҳ бир-бири билан муттасил ўзаро таъсирда бўлади. Руҳ инсон вужудини манзил-маъво қилган экан, ўз навбатида унга ўзи бахш этадиган дардлар, чекиладиган оҳ ва азоб-уқубатлар шарофати билан файз бахш этади. Ўз қасрини муҳташамлаштириб боради, дея таъкидлайди. Шоирнинг фикрлашича, Оллоҳдан бошқа ҳеч бир нима мангу эмас. Шунинг учун ҳам руҳнинг ўз манзилини обод қилиши абадий давом этмайди. Бу борада тараққиётнинг таназзули ҳам муқаррардир. Вужудни обод қилган руҳнинг ўзи уни вайрон ҳам қилади. Рубоий:

Мен-ку хазон, ваҳки, елар ел қаттиқ,
Ҳолимга менинг фиғон қилар эл қаттиқ.
Кўз ёш бу вужудни аямай ювмоқда,
Девор гувала, нетай келар сел қаттиқ.

Руҳ обод қилган вужуд худди шу вужудни руҳ тарк этиши арафасида вайронагарчиликка юз тутар экан, буни Ҳақ таолонинг муборак бир адолати деб қараш лозимлиги ҳам Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг исломий тафаккурлар асосида жаҳон фалсафа илмини, бадиий тафаккурини яна-да ривожлантирган жиҳатларидан биридир. Руҳ вужудни тарк этар ва бу тарк этилган вужуд ҳокка айланар экан, у энди шунчаки бир тупроқ эмас, балки руҳга манзил бўлиб ўтган муборак унсурдир ва шуниси билан ҳам энди у аҳли башар учун алоҳида эъзозланарлидир. Худди шу нуқтада мумтоз адабиётимиз намояндалари томонидан, жумладан, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари тарафидан ҳам, ватаннинг ботиний бир улуғланиш жиҳатлари келиб чиқади. Англашиладики, ҳар бир авлод туғилиб ўсаётган тупроқнинг аждодлар руҳи меҳмон бўлиб, дорулфанодан дорулбақога парвоз қилган муқаддас манзил-мақомларининг кўзга суртгулик, келажакда тағин обод бўлишга мустаҳиқ муваққат бир вайроналаридир. Рубоий:

Кўзимдаги сувратингни, эй ёрқин моҳ,
Ёмғир каби тўкдим ўлиминг қўйгач доғ.
Дарҳол танигай энди, сени келганлар,
Гулюзлининг, оҳ, худди ўзи бу тупроқ.

Шуниси яна ҳам мантиққа мувофиқ ва айни пайтда ажабланарлики, фақатгина ватанимизнинг тупроғи мўътабар бўлиб қолмасдан, биз учун мана шу тупроқ билан боғлиқ ҳамма мавжудотлар-ўсимликлар, жониворлар бари-бари ўзига хос бир тарзда мўътабар ва асраб авайланиши, ардоқланиши лозим бўлган мўъжизалардан. Рубоий:

Тупроқ бари оқил элининг бошларидир,
Зарралари дур тишу, кўз ёшларидир.
Сарв, лола ва сунбул дема ундан унган,
Қоматлари, гул чеҳралари, сочларидир.

Паҳлавон Маҳмуд рубоиётининг лирик қаҳрамони мана шундай саодатбахш мўъжизалар баракотидан шод бўлади, бундай мўъжизаларга мушарраф қилган Парвардигори оламдан ниҳоятда масрурланиб, унга саждалар қилиб, шукроналар айтади. Бу сурур шу қадар ажабланарлики, уни изҳор қилиш учун оддий жойнамоз эмас, юрак қонидан бўлган шаҳодат сажжодаси муносиб, фотиҳага очилган, дуога шайланган кафтлар сўзлар билан эмас, балки жавоҳир кўз ёшлар билан зийнатланади. Рубоий:

Дард тилдию кўксимни, дили чок бўлдим,
Ерга тўшаб қон – гиламим пок бўлдим.
Кўзёшима тўлди ҳовучим лиммо лим,
Айб айламангиз, начора, шўрҳок бўлдим.

Демак, руҳ вужудга, вужуд руҳга муносиб бўлса инсон қуйидаги рубоийда таърифланганидек аянчли аҳволга тушмайди:

Дунёга ёпишган чирмовуқмиз ҳаммамиз,
Дон таъмамиз, турқи совуқмиз ҳаммамиз.
Эртага руҳ қушлари бир-бир учади,
Биз қоламиз, чунки товуқмиз ҳаммамиз.

Балки унииг аҳволи бундай бўлади, рубоий:

Дунёга келиб улки азиз ном топди.
Кўп номлар унинг номидан эҳсон топди.
Қўлга олиб қадаҳ лабин теккизди,
Топди шароб шараф, қадаҳ шон топди.

Юқорида келтирганимиз мисоллардан аён бўладики, Паҳлавон Маҳмуд Демокритнинг вужуд, руҳ ва уларнинг ўзаро муносабатлари масаласидаги чалкашликларини гуё тартибга солади, фикрий қарама-қаршиликларга интизом бахш этади.

Бу борада шуни ҳам қайд этиб ўтиш лозимки. Демокрит ўз қарашларида руҳ ҳамда вужуднинг ўзаро алоқаларида уларнинг бири томонидан иккинчисининг тарбияланишида, шунингдек, муайян руҳ ва вужуд жуфтлигининг ўзининг бошқа биродарларига баракали таъсир қилишида Сўз муҳим аҳамият касб этади. Сўз орқали руҳ вужудга, вужуд руҳга таъсир қилиши мумкин. Ва яхлит вужуддан таркиб топган одамлар ҳам бир-бирларига таъсир кўрсатиб яшайдиларки, бу синоат ҳам руҳ ҳамда вужуд тарбиясида Сўзнинг ўрни алоҳида эканлигига далилдир. “Донишмандлик каломи олтиндан муҳимроқдир”, – дейди Демокрит. Паҳлавон Маҳмуд ижодида эса Сўзнинг қадри илоҳий аҳамият касб этади. Мутафаккир бобомизнинг уқтиришича, Калом бу – Оллоҳ мўъжизасидир, шу боисдан ҳам, сўзнинг қадрини белгилайдиган мезонлар бу – Қуръони Карим ҳамда Ҳадиси шарифлардир. Рубоий:

Нутқинг каби нутқ дунёда, эй дўст, йўқдир,
Қутлуғ бу каломда ҳеч каму кўст йўкдир.
Ёнғоқ-ку сўзинг, керакмас арчмоқ, чақмоқ
Ҳаммаси мағз унинг, пўчоқ-пўст йўқдир.

Таъкидлаш жоиз, Демокритнинг ахлоқ-одоб ҳақидаги, инсон маънавияти тўғрисидаги қарашлар зиддияти мутафаккирнинггина “айби” бўлиб қолмасдан, умуман, инсон табиатига хос бўлган ички руҳий қарама-қаршиликнинг оқибати эди. Юнон олимининг инсонга ишончи шундан иборат эдики, у табиат инсонни бунёд этса, таълим-тарбия инсонни камол топтиради, шакллантиради деб ишонарди.

“Маъбудлар қадимда ҳам, ҳозир ҳам инсонларга барча эзгуликларни бахш этадилар, – деб ёзган эди Демокрит, – нимаики фойдасиз, зарарли ёҳуд ақлга хилоф бўлса, уларни худо бермаган, балки нодонлиги оқибатида одамнинг ўзи ўзига орттириб олган” . Шунингдек, Демокрит инсоннинг шахсий хусусиятларига ҳам алоҳида кучли эътибор беради. У этика илмига номус ва бурч тушунчаларини олиб кирди. “Ҳеч бир ёмон гапни гапирма, ҳеч бир ёмон ишни қилма ва бундай ёмон гапларни гапирмаслик ёки қилмаслик учун сен ёт кўзлардан кўра ўзингдан уялишни ўрган” . “Яхши фикрлаш, Яхши гапириш. Яхши уддалаш” – мана Демокритнинг шиори. Шуниси муҳимки, юнон олими амалларга ҳал қилувчи аҳамият берди. “Яхши амалларни ёмон сўз билан булғаб бўлмаганидек, ёмон амалларни яхши сўз билан оқлаб ҳам бўлмайди” – деб ёзган эди у.

Буюк шоиримиз Паҳлавон Маҳмуднинг бу фикрлар билан ҳамоҳанг исломий маслагига Демокрит фалсафаси алоҳида қудрат бахш этганлиги унинг ижодий меросини юнон фалсафаси билан муқояса қилиб тадқиқ этганимизда яққол аён бўлади. Буюк бобомиз ўз рубоийларида илм ва амал бирлигини ва бу бирликдан келиб чиқадиган натижаларнинг якуни инсон инсонни эъзозлашига олиб келиши зарурлигини тафаккур паҳлавони алоҳида бир оташнафаслик билан тараннум этган. Рубоий:

Беилму амал равзаи ризвон бўлмас,
Рўза-намоз бўлмаса, иймон бўлмас.
Ўтмакка илож топса-да қилкўприкдан,
Кимки дилозор – мусулмон бўлмас…

Шу ғоядан келиб чиқиб, шунингдек, Демокритнинг номус ва бурч ҳақидаги, одамнинг эзгу амалларни бировдан уялиб эмас, шунингдек, ёмон ишларни-да кимдандир хижолат бўлмаслик учун эмас, балки ўзидан ўзи уялиб қилиши ёхуд қилмаслиги тўғрисидаги фикрига Пахлавон Маҳмуд рубоийларида мутлақо исломий маслак оҳанглари сингдирилади, шоиримизда бу фикр нафақат ўзидан ўзи уялиб ёмон ишларни қилмаслик балки, Оллоҳдан уялиб ёки қўрқиб, ўзингни ҳамиша биру борнинг кўзи олдида ҳаёт кечираётганлигингга эътиқод қилиб, эзгуликдан тоймаслик тарзида намоён бўлади, рубоий:

Нур сочгучи бошимизга ул моҳдир, бил,
Ул моҳ биза раҳм этгучи бир шоҳдир бил.
Бир-биримиздан нафақат биз огоҳ,
Унутма ҳеч у биздан огоҳдир, бил.

Демокрит ҳамда Паҳлавон Маҳмуднинг тафаккур хазиналарида қонунларга риоя қилишда шахс даражасининг аҳамияти тўғрисидаги муаммоларга алоҳида гоҳ муштарак, гоҳ бир-биридан жиддий тафовут киладиган даражада эътибор қаратилганлиги ҳам мароқлидир.

Демокритнинг таъкидлашича, қонунлар ва уларга риоя қилиш авом учун, аксар жоҳил фуқаро учун зарурдир. Чунки, жоҳиллар интизомни куч билан тутиб турадиган қонунлар бўлмаса, инсонларга хос ҳаёт кечира олмайдилар. Демокрит бу жиҳатдан софистлар билан ҳамоҳанг тафаккур қилиб, донишманд одамларнинг қонундан юксак туришларини, шу сабабдангина улар қонунларга риоя қилишга муҳтож эмасликларини алоҳида таъкид этади. Қонунлар жоҳилларнинг зўравонлик билан бошқалар ҳисобига фаровонликка интилишларини тийиб туради, юнон файласуфининг таъкидлашича, улардаги қусурларни “заҳарни заҳар кесади” қабилида бартараф қилади.

Оқиллар эса асл саодатнинг нима эканлигини ва бу саодатга қандай эришмак мумкинлигини яхши биладилар ва шу ҳалол йўлдан қонунсиз ҳам тўғри бораверадилар. Демокритнинг бу соҳадаги мулоҳазаларини мухтасар қилиб “Одам ахлоқ учун эмас, ахлоқ одам учун яратилган” қабилида якунлаш мумкин.

Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг бу борадаги фикрлаши бир жиҳатдан Демокритники билан муштараклиги, бошқа тарафлама эса тубдан фарқ қилиши туфайли кишини ҳайратга солади. Шарқ мутафаккирининг таъкид қилишича, донишманд одамнинг заковати барча зулмларга қарши енгилмас қурол, адолатни назорат қилгувчи қутлуғ восита, ҳамиша жадалда бўлган ўзига хос бир курашчидир. Рубоий:

Зулм бирла адолатинг сенинг мард олишар,
Гуёки саломатлик ила дард олишар.
Ҳамла қилар бўлса сенинг найзангга нафс,
Семурғ ила гўёки аждар олишар.

Шоирнинг таъкидлашича, унинг лирик қаҳрамони тимсолидаги донишманд одам бу оламдаги ҳудудсиз бир номутаносибликлардан, адолатсизликлардан дарғазаб бўлиб, бундай жаҳоний иллатнинг сувратини улуғ бир жасорат билан чизадиган даражада оқил ҳамда довюракдир. Рубоий:

Ўткинчи бу оламда киши хуррам эмас,
Йўқки биров, кўнгли анинг беғам эмас.
Шод бўлсами бу оламда бирон одам агар,
Бил бу иков на олам, на одам эмас.

Паҳлавон Маҳмуд талқинидаги комил инсон оламнинг ва одамнинг бундай номукаммаллигини тасвирлаш билан кифояланиб қолмасдан, бу номукаммалликни жаҳоншумул бир тадрижий инқилоблар воситасида бартараф қилишни умид этади ва Оллоҳдан илтижо қилади, рубоий:

Ҳақни ҳақ эт, ноҳақни малъун қилғил,
Яхшини – шод, ёмонни дилхун қилғил,
Доно оёқ остиндаю нодон бошда,
Ё раб! Бу фалакнинг остин-устун қилғил.

Албатта, “фалакни остин-устун қилғил” дейишгача бориб етган тафаккур эгасини шошилиб кетиб шаккокликда айблаб қўйиш хавфи ҳам бор. Бироқ шуниси аниқки, рубоийдаги лирик қаҳрамон мулки борлиқдаги мукаммал ягона Оллоҳ ва унинг комил бандалари эканлигини эътироф этиб, жамики номавзунликларга тартиб бахш этишни сўраб яратганнинг ўзига илтижо қилишида мантиққа хилофлик сезилмайди. Худди мана шу мисраларда донишманд инсоннинг жамият ҳаётидаги нуқсонлардан норози бўлиши табиий эканлигига ҳам ишора мавжуддирки, шоиримиз рубоийларидаги ана шу жиҳат муайян маънода юнон файласуфи Демокритиинг фикрлари билан бир қадар ҳамоҳанглик касб этади.

Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг рубоиётида шахс ва оломон масаласи, донишмандларнинг қонунларга риоя қилмасдан яшамоғи мумкинлиги ҳақидаги юноний муаммога муносабати бирмунча тафовутли ҳамда мўътадилликка, мантиққа монанддир. Рубоийнинг лирик қаҳрамони донишмандлар томонидан ижтимоий адолатсизликка кескин муносабат, норозиликка ҳақ-ҳуқуқ масаласини эътироф этса ҳамки, ҳалқни бошқариш учун ҳукм ва ҳукмдорлик ҳуқуқини ҳам тан олади. Рубоий:

Май бирла қадаҳ, қадаҳ сафо бирла ҳаёт,
Дарё дур ила, дур-чи баҳо бирла ҳаёт.
Давлат ила халқ бир-бирига чамбарчас,
Подшо биз ила, биз подшо бирла ҳаёт.

Шоир ўз рубоийларида бу фикрни яна ҳам ривожлантириб, жамоани ана шундай тартиб-интизом, эл-юртини осойишта, ғанимлар тажовузидан омон асраб туриш учун куч-қудрат заруратини ҳам таъкидлайди. Рубоий:

Адлинг ила эй яхши-ёмон осуда,
Бўлсин десанг эл мудом омон осуда,
Қўйма садоқда ўқни тинч, ҳам қинда
Қўйма қилични бир замон осуда.

Ҳали-ку бир-биридан қанчалаб асрлар узоқда турган даврлар тафаккури бу ёқда турсин, бир замонда, бир маконда ҳаёт кечираётган одамларнинг дунёқарашларида нақадар ранг-баранглик мавжуд бўлишини биз яхши биламиз. Биз юнон файласуфи Демокрит ҳамда Хоразм алломаси Паҳлавон Маҳмуднинг инсон шахсига муносабатларини муқояса қилиб қараб чиқдик. Биз оқил бу икки буюк инсоннинг бошқа замон, бошқа макон, бошқа-бошқа маслак, эътиқод кишилари эканлигини бир лаҳза бўлсин фаромуш қилишга ҳақли эмасмиз. Бу икки буюк шахснинг инсон руҳига, кишиларнинг ижтимоий ва индивидуал хусусиятларига бўлган муносабатларидаги фарқлар ана шу жиҳат билан изоҳланади. Бироқ шуниси аҳамиятлики, ўз салафидан қанчалаб аср кейин яшаб ўтган машриқ алломасининг ўзининг мағриблик салафлари билан ҳамоҳанг фикрлашида тасодифийлик, албатта, йўқ. Негаки, Одам Атодан буён инсоният тараққиёт босқичининг турли поғоналарида яшаб ижод этган олимлар, барча чалкашлик ва адашувларга, тўғри йўлни топишу йўқотишларга қарамай, ҳамиша ягона бир мақсад йўлида ҳамқадамдирлар. Бу йўл – Инсонни яна ҳам баркамол, яна ҳам адолатли, яна ҳам гўзал, хуллас, ҳар жиҳатдан етук ҳолда кўриш истаги ва бу истак йўлида фақат олис масофалардан туриб эмас, балки олис асрлардан туриб ҳам бир-бирларига қўл, ақл ва юрак бериб фикрлаш истаги ва бу истакка монанд фаолият кўрсатиш орзуси эди. Ана шу маънода биз бу икки буюк инсонни – Демокрит ва Паҳлавон Маҳмудни маслакдошлар деб айта оламиз. Ва Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг ўз салафи мерос қолдирган таълимотни, шахс руҳиятига муносабат илмини яна ҳам миқёслироқ, яна ҳам юксакроқ, яна ҳам теранроқ даражага еткизганидан биз авлодлар, табиийки, мамнунмиз.

ТАФАККУР ЧОРРАҲАЛАРИДА

07Паҳлавон Маҳмуд ижодига антик давр файласуфлари қарашларининг таъсирини кузатиш жараёнида, шоиримизнинг олис салафлари ишлаб чиққан маънавий мезонлар ўзларининг бир-бирига ўхшамаган, аксар ҳатто бир-бирига зид жиҳатлари билан рубоийларда ўз инъикосини топганлигининг гувоҳи бўламиз. Масалан, софистларнинг ижтимоий қонун-қоидаларнинг беқарорлиги, шунинг учун ҳам ҳар бир инсон табиатга монанд ҳаёт кечирмоғи зарурати ҳақидаги фикрлари Паҳлавон Маҳмуд мисраларига қай даражада ҳамоҳанг эканлигини кузатадиган бўлсак, мутлақо тасодифий бўлмаган акс-садоларга дуч келамиз.

Софистлар башарият ҳаёт кечирадиган қонунлар якка шахс томонидан бузилган тақдирда, жамоанинг қонунга риоя қилиб яшайдиган қисми томонидан мазкур шахснинг умумманфаатга хилоф хатти-ҳаракати сезилмай қолган ҳолатларда, ана шу қонунбузарликка йўл қўйган одамга ҳеч қандай хавф-хатар таҳдид солмаслигини, бироқ бирон-бир одам табиатга зид кирдикорлар содир қилса, буни биров пайқаши-пайқамаслигидан қатъий назар, шу одамнинг ўзига ҳам, умумманфаатга ҳам бу қилғилиқ зарарли эканлигини алоҳида таъкидлаганликлари маълум, Софистларнинг нуқтаи назаридан шуниси аёнки, жамият одоб-аҳлоқ мезонлари кишиларнинг ижодий тафаккурлари ҳосиласи бўлиб, мутлақлик касб этолмайди, яъни ўзгарувчандир. Бу мактабнинг баъзи вакиллари инсоннинг ўзбошимчаликка ҳаққи борлигини ҳимоя қиламан деб, баъзида ҳатто “ҳадларидан ошиб” ҳам кетадилар. Улар шуни алоҳида таъкидлайдиларки, қонун-қоидалар ҳукмдорлар томонидан ўйлаб топилган, одоб-аҳлоқ мезонлари ҳам ана шулар тарафидан ўзларининг ҳукмдорлик манфаатларини кўзлаб белгиланган-ки, шунинг учун ҳам агар озод шахс ана шу қонун-қоидалар ҳамда одоб-аҳлоқ мезонларидан юксакдалигига ўзида маънавий ҳуқуқ ҳис қилса, мазкур қонун-қоида ва мезонларга риоя қилмасдан ҳаёт кечиришга мутлақо ҳақлидир.

Паҳлавон Маҳмуд ижодидан шуниси маълум бўлади-ки, шоир бу фалсафий қарашлардан бехабар бўлмаган кўринади. Бироқ шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мутафаккир бобомиз ўз ижодининг бошқа қирраларидаги сингари, бу жиҳатдан ҳам салафларга шунчаки эргашиб қолмасдан, ўзидан кўплаб аср муқаддам шаклланган бу қарашларта мутлақо эркин ёндошади, бу қарашларни ўзи яшаб турган замон ва макон, шунингдек, ижтимоий ҳаёт талабларидан келиб чиқиб, ижодий ўзлаштиради. Бу қарашларнииг давр синовларига дош беролмасдан эскириб яроқсиз аҳволга келиб қолган унсурларини мутлақо эътиборсиз қолдиради, “иш берадиган” жиҳатларига қайтадан ҳаёт бахш этади.

“Ким агар озоддир ул шоддир” – Паҳлавон Маҳмуднинг бу шиори, софистларнинг қарашларидан фарқли ўлароқ, мутлақо бир эътиқодий асосга эгадир. Рубоий:

Лола юзинг йироқдан ханда қилар,
Эркимни тағин мандан олиб санда қилар.
Ким агар озоддур, ул шоддур,
Мен эса шод, токи лабинг банда қилар.

Мана Паҳлавон Маҳмуд тарғиб ва ташвиқ қиладиган озодлик интизоми.
Паҳлавон Маҳмуд шарҳидаги озодлик бу – жаҳонни дўст тутмай яшашдир, яъни бу дунёнинг бу дунёлигини белгилайдиган зоҳирий неъматларга баднафслик кўзи билан қарамаслик, улардан эркин бўлишдир. Рубоий:

Дўст билма жаҳонни, дўстлиги оғиру пуч,
Кийну нифоқдан ўзга йўқ зоҳири, пуч.
Минг йил яшасанг ҳамки ўлим келгусидир,
Минг мулкни эгалла, барибир охири пуч.

Шунинг учун ҳам, шоир уқтиришича, инсон эркинлиги бу – эзгу амалларни адо қилиш эркинлиги бўлмоғи лозим. Рубоий:

Кимманки, ахир, тавоф талаб этгайлар,
Ҳар қилмишима жавоб талаб этгайлар.
Фаришта ҳам ҳисобда йўқ жойларда
Еб-ичганима жавоб талаб этгайлар,

– дейиш билан шоир ўзининг қўлларини зоҳирий тақволардан бирмунча ечиб олади, ўзини ўзи ҳақда авом нима деб ўйлашига бефарқлик даражасига етказиб, руҳидаги ортиқча андишабозлик занжирларини узиб ташлайди. Нега-ки, шоир биладики, рубоий:

Бизга насиб адл ила инсоф, ақл,
Бир телба учун, оҳ, неча минг соф ақл.
Қандай қутулай ўлимдан, айтолмайсиз,
Гарчи теварак ақл ва атроф ақл.

Шоир борган сайин ўзининг озодликка бўлган муносабатини теранлаштира боради. Руҳий озодликка тўсқинлик қиладиган бўлса, шоир талқинича, ҳатто туйғуларга ҳам қаттиқ берилмаслик одамларнинг ортиқча гап-сўзларидан ҳам ўз ботиний дунёсини ихота қилиб яшамоқ лозимлигини Паҳлавон Маҳмуд ажойиб бир бадиий воситалар орқали баён этади. Рубоий:

Дунё кўраман кўзларим дарчаси билан,
Бахту ғам, азоб, умид, ишқ – барчаси билан.
Юракни парча-парчалаб, қулоқни мен
Маҳкам тиқаман юракнинг парчаси билан.

Ана шу ҳолдагина шахс асл камолотга эришади. Ана шундагина, баъзан софистлар тарғиб қилган бошбошдоқлик тарзидаги эркинликка эмас, балки шоирнинг ўзи эътиқод қўйган исломий озодликка мушарраф бўлади. Паҳлавон Маҳмуд инсоннинг эзгу амаллар қилиш борасидаги озодлигини қалбаки ибодат эмас, балки асл ибодатга тенг хайрли ишлар таъмин этишини теран англайди. Рубоий:

Муртад била гоҳида, не тонг, обид тенг.
Не топса камол ва бўлса не нобуд тенг.
Дунё ишини яхши-ёмон деб айтма,
Оқил назаринда тахт билан тобут тенг,

– деб уқтиради у ўзининг бу борадаги дастуриламалини ҳамда бу дастуриламалга ўзига хос мустаҳкам бир мантиқ билан аниқлик киритади. Рубоий:

Ё на қаро билан ё на оқ била мен,
На шайх тарафда, на мурид ёқ била мен.
Пасту баланд, жаҳлу аламдан озод,
Дунё ишидан холиману, Ҳақ била мен.

Ана шундай руҳий босқичларнинг поклантиргувчи машаққатларидан ўтган инсонгина чинакам озодликка эриша олади. Ҳамиша асл ҳаётга, эзгу фаолиятга ташна яшайди. Рубоий:

Қиш қаъридаман, гарчи баҳордир ҳавасим,
Дарёнинг ичиндаман канордир ҳавасим,
Тарки ватану шаҳру диёрдир ҳавасим,
Рўзғор не учун…. эрк ихтиёрдир ҳавасим,

– деб хитоб қила олган инсонгина, рубоий:

Бир бурда кифоя, мардга кўп нон не керак,
Дарёдан оқар сув, ана, ризвон не керак.
Ўз қўли бор, айт, не керак хизматкор,
Ўз дили бор, айт, унга султон не керак,

тарзида ҳаёт кечира олади. Ўзининг эзгу амалларини эмин-эркин, ҳар қандай майда ғаразлардан озод бир руҳий кайфият билан амалга оширади. Паҳлавон Маҳмуднинг рубоийларини ўзига хос тафаккур чорраҳаларига ўхшатиш мумкин. Бу рубоийларда, юнон фалсафасининг ранг-баранг зиддиятли қарашлари ўзига хос тарзда туташиб кетади. Бу туташувдан салафларнинг дунёқарашлари Паҳлавон Маҳмуднинг ғояларига дуч келиб, ҳам ўзига хос бир фалсафий чақин чақнайди, ҳам диалектик мўътадиллик бунёд бўлади. Биз рубоийларда софистларнинг шахс озодлиги ҳақидаги таълимоти билан, ҳатто, масалан, Суқротнинг фуқаролик аҳлоқи тўғрисидаги насиҳатлари муштараклигини ҳам шоир рубоийларида учратишимиз мумкин-ки, бу ҳам Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг ўз изланишларида ҳеч қандай ихтилофий фикрлашлардан чўчимаганлигини кўрсатади. Рубоий:

Май бирла қадаҳ, қадаҳ сафо бирла ҳаёт,
Дарё дур ила, дур-чи баҳо бирла ҳаёт.
Давлат ила халқ бир бирига чамбарчас,
Подшо биз ила, биз подшо бирла ҳаёт.

Биз юқорида қайд этилган шахс эркинлиги ҳар бир инсоннинг муайян ижтимоий қонун-қоидалар асосида ҳаёт кечирмаги заруратлари мутаносиблигининг Паҳлавон Маҳмуд рубоийларидаги муштараклигини кўрар эканмиз, бу жиҳатдан шоиримиз меросида, масалан, Демокрит фалсафасидаги “нимадин-ки эзгулик келиб чиқса, муайян шароитларда ўшандан ёвузлик ва худди ана шу ёвузликни бартараф қилиш имконлари ҳам пайдо бўлиши мумкинлиги” тарзидаги ғоянинг ижодий ривожлантирилган тарздаги инъикосини ҳам кўрамиз. Шоир, шунингдек, юнон файласуфларидан киренаикларнинг лаззатпарастлик оҳангларига ҳам бегона бўлмаган мисралар ижод этганлигининг (рубоий: “Шароб ичиб, майли, гўзал айб этгил, Боғ сайрига чиқ ғамнинг ишин хайф этгил. Шомдан то саҳар суриб юриб айшингни, Тонгдан то қуёш ботгунча кайф этгил”) ёҳуд ўзларига луғавий мазмуни “ит” сўзи билан боғлиқ тарзда “киниклар” деб ном берган ва ўз қарашларини “ит азоби” билан қиёс қилиб, барча айш-ишратларни лаънатлаб, риёзатбандликка, машаққатсеварликка юз тутган фалсафий оқим ғояларига мос мисралар битганлигининг (“Ит бўлайин вафоси бор одамга, Ит яхши вафоси бўлмаган одамдан”) гувоҳи бўлишимиз мумкин.

Паҳлавон Маҳмуд ижодидаги бир қарашда бир-бирлари билан ихтилофда бўлган ғояларнинг бир-бирлари билан маънавий муроса оҳангларида жаранглаши шоир дунёқарашининг мужмаллигини кўрсатмайди, билъакс ўзига қадар бўлган жаҳон фалсафа илми меросининг ва биринчи навбатда, юнон донишмандларининг мусбат ва манфий таълимотларини ўз ижодида мустаҳкам бир исломий мантиқ асосида мутаносиблаштириб, улардан ғаройиб чақинлар чақнатганлигидан гувоҳлик беради.
Паҳлавон Маҳмуд:

Нутқинг каби нутқ, дунёда эй дўст, йўқдир,
Қутлуғ бу каломда ҳеч каму-кўст йўқдир.
Ёнғоқ-ку сўзинг, керакмас арчмоқ, чақмоқ,
Ҳаммаси мағз унинг, пўчоқ-пўст йўқдир!

– деб хитоб қилар экан, бу ва бунингдек мисралар билан тасаввуф таълимотининг моҳиятини ташкил қиладиган сўфийлар фаолиятидаги аксилриёкорликнинг, яъни сўз ва иш бирлигининг, оташин тарафдорларидан бири сифатида майдонга чиққанлигининг гувоҳи бўламиз.

Юнон файласуфлари, хусусан, Суқрот қарашларида неъмат, адолат, савобкорлик, жасорат каби фазилатларнинг бойлик, маҳорат, ижтимоий обрў каби сифатлардан афзал қўйилганлигини кўрамиз. Паҳлавон Маҳмудда эса ўқиймиз, рубоий:

Йўқдир хабаринг, бошида не ҳол дунё,
Эй хожа, хаёлингда мудом мол — дунё.
Бир сидра кафандир улушинг, оҳ уни ҳам
Кўргайми раво йўқми бу қаттол дунё.

ва бунга қарама-қарши фазилат бўлароқ, рубоий:

Бир бурда кифоя, мардга кўп нон не керак,
Дарёдан оқар сув, ана, ризвон не керак.
Ўз қўли бор, айт, не керак хизматкор,
Ўз дили бор, айт, унга султон не керак.

Биз ҳадислар тарихида кўрамизки, мунофиқлар сохта ҳадисларни майдонга ташлаб, мўъминларни йўлдан адаштириш пайида бўлганлар, бунга баъзан бир қадар эришганлар ҳам. Шунда мўътабар муҳаддислар ўзларининг ва ўзгаларнинг сохтакор эмасликларини исбот этиш учун ягона талабни ўртага ташлаганлар: “Ҳақиқий муҳаддис ўзи тарғиб қилаётган ҳадисга оғишмай амал қилиб яшамоғи керак”. Аслида, чинакам сўфийлар ана шундай инсонлар, яъни ҳадислари қалбаки бўлмаган ҳамда ўзлари ана шу саҳиҳ ҳадисларга амал қилиб яшаган азизлар эдилар.

Бундай ҳаёт кечириш ҳар қандай киши учун ҳам риёзатлидир. Тафаккур тарихини кузатадиган бўлсак, инсон маънавиятидаги бу масалага ўз вақтида юнонларнинг, хусусан, Суқротнинг улкан аҳамият берганлигини кўрамиз. Юнонлар жамиятида ҳам одамлар чинакам бахтга эришмак учун қандай фазилатлар зарурлигини яхши билганликларини, бироқ, ўзлари биз юқорида эслатиб ўтган бойлик, ноз-неъматлар, ижтимоий обрў-эътибордан адолат, савобкорлик ва жасоратнинг устун эканлигини била-кўра туриб, ўз ҳаётлари учун лаззатпарастлик, маиший манфаат, сиёсий ютуқлар ва бошқа мақсадларни дастуриламал қилиб олганликларини қайд этишимизга тўғри келади.

Ислом фалсафаси, шу жумладан. Паҳлавон Маҳмуд ҳам, бартараф қилиниши учун муттасил курашда бўлишимиз керак бўлган азалий иллат, яъни инсон ҳаётига хос бўлган амалий ҳаётдаги бу риёкорлик хусусиятига Суқротнинг кўпгина ворис ва мухолифлари, масалан Афлотун ҳам, ўзига хос бир тарзда тўхталиб ўтган эдилар.

Афлотуннинг қайд этишича, “Инсон яхши бўлиб кўриниши эмас, балки аслида ҳам яхши бўлиши керак” . Юнон олими бу икки жиҳатнинг ўртасида жиддий тафовут мавжудлигини уқтиради. Афлотун таъкидлайдики, “мана шу “бўлиш”дан “кўриниш”ни афзал билиб яшаган Афинанинг гўё пуштипаноҳлари бўлмиш ҳукмдорлар Фемистокл, Кимон ва Перикллар даврида шаҳарда сиртқи фаровонлик ниқоби остида аҳлоқий тубанлашув авж олиб кетди. Ҳар хил бандаргоҳлар, деворлар, турли-туман жимжимадор солиқлар бемаънигарчилиги оқибатида Афина йирингга тўлиб кетган улкан бир шишга айланди” . Шу муносабат билан Афлотуннинг замондоши бўлган бошқа бир файласуф айтганидек, “Чиндан ҳам агар шундай бўлса (яъни яхши бўлиш йўлларини билгач одамлар учун кундалик ҳаётда яхши бўлиб кўриниш қулайроқ бўлса) бу ҳолда инсон ҳаётий тепаси туб, туби тепа қилиб тўнкарилган бир нарса эмасми?….”.

Беихтиёр Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг оташин мисралари ёдга тушади, рубоий:

Ҳақни ҳақ эт, ноҳақни дилхун қил сен,
Яхшини шод, ёмонни малъун қил сен.
Доно оёқ остиндаю, нодон бошда,
Ё раб! бу фалакни остин-устун қил сен.

Сезаётганимиздек, юнон файласуфлари учун битмас-туганмас муаммолар манбаи бўлган бу масалага Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ҳам бефарқ қарамаган. Бу чигал масала шоирнинг ҳамиша диққат марказида бўлган. Синчиклаб кузатган одамга юнонларникидан жиддий тафовут қиладиган замон ва маконда ҳаёт кечирган шоиримиз умумбашарий масалаларни ҳал қилишда ўз тафаккурий аждодлари, шу жумладан юнон файласуфлари мактабидан ҳам сабоқ олганлигининг гувоҳи бўламиз. Бироқ бу сабоқ боғлари Паҳлавон Маҳмуд ижодида ўзига хос бир исломий мевалар бериб барқ уради, ўзига хос хулосаларга тарих қаъридаги ҳикматли бир илдиз вазифасини ўтайди.

Юнонлар инсоннинг маиший фаолиятидаги самимиятни, аксилриёкорликни турмуш масалалари билан боғлиқ тафаккурий изланишлар орқали таъминлашни мақсад қилиб қўйган бўлсалар, Паҳлавон Маҳмуд бу масалани ҳал этишда биринчи навбатда инсоннинг халоскори диний эътиқод бўлишини бутун ижоди давомида тўхтовсиз такрорлаганлигини кўрамиз. Шунинг билан бирга у кўпгина рубоийларида ҳар бир киши ўзининг руҳий тарбияси билан алоҳида ҳамда умумбашарий фазилатларни шакллантириш учун алоҳида жадал кўрсатиши зарурлиги фикрини дадиллик билан илгари сурди, бу муаммонинг тафсилотларини бадиий воситалар орқали поэтик тарзда ишлаб чиқди.
Паҳлавон Маҳмуднинг:

Сайқал берибон дилга, ҳалол бўлгайман,
Беғаш, бекудурат, бемалол бўлғайман.
Гардларни ювиб фориғ этар кўз ёшим,
Мисли булоқ суви — зилол бўлғайман,

қабилидаги рубоийлари инсон ўзининг сўз ва амал муштараклигига эришмак учун нақадар руҳий-маънавий риёзатлар чекиши зарурлигига, зилол бўлмоғи учун сув ер қаъридаги қанчадан-қанча қатламлардан сирқиб ўтиб мусаффолашгани каби, ҳар бир одам ўзини аҳлоқий қатламлар орасидан сузиб ўтказмоғи, гардлардан тозаламоғи лозимлигига мумтоз бир ишорадир.

Шоиримиз маънавий гумроҳликдан бу тарзда халос бўлишнинг душворлигини юнон файласуфлари билан муштарак бир тарзда теран ҳис қилади. Рубоий:

Туз тотмадим ҳеч, ишқ юрагим қон айлар,
Ухламадим, ёр мени нолон айлар.
Ҳолимга менинг тушсами бир дам зоҳид,
Дарров ўзини фаришта эълон айлар,

деб риёнинг сувратини чизади. Бу иллатдан халос бўлиш йўлида одамлар ҳамиша уқубат чекажагидан:

Ақлимни менинг қилгучи лол инсондир,
На кофиру на муслим у бир ҳайрондир.
Ҳақ не? Гумон не? Ахтариб, ўй ўйлаб,
Икки жаҳони шу билан вайрондир,

– деб огоҳлантиради. Ҳақ йўлини одамларга кўрсатиш кўрсатгувчига ҳеч қандай бир ором келтирмаслигини уқтиради. Рубоий:

Ё раб, менга сен эл барини ёв қилдинг,
Ўзимга ўзимни ҳар маҳал ғов қилдинг.
Худбин менинг ҳар жиҳатларим фош айлаб,
Бошимдан оёқ алғову далғов қилдинг.

Бу рубоийдан кўринади-ки, шоир бошқаларга раҳнамолик қилгувчининг ўзи ҳам йўлдан адашиш хавфидан эмин эмаслигини эътибордан қочирмаслиги лозимлигини унутиб қўймайди. Паҳлавон Маҳмуд бу дардлардан шифо топиш ташхисини инсонларнинг инсонларга, инсонларнинг Оллоҳга бўлган муҳаббатида деб билади. Дунёнинг ишини чинакамига тўғирлашни дунёдаги буқаламунлик жиҳатларга берилишда эмас, балки “Дунё ишидан холиману, Ҳақ била мен” деб, ўзини ҳар қандай худбинликдан, худпарастликдан холи қилишда деб билади, “дўзахга кетар бўлсак, мастона кетайлик биз” деб иккиюзламачиликни қоралайди, деярли барча мисраларида барқ уриб турган инсоний фазилатларга ўзининг ошиқлиги билан, зоҳирий бадбинлигига қарама-қарши ўлароқ, ўзининг ботиний буюк бир некбин ва умидвор эканлигини аён этади.

Паҳлавон Маҳмуд ижодини, умуман, Афлотун қарашлари билан муқояса қилиб тадқиқ этаётганимизда, шоиримизнинг улуғ аллома билан асрлар оша ўзига хос муҳокама, мунозара ва мушоҳадалардан иборат бир поэтик суҳбат қураётганлари диққатимизни тортади. Афлотун идеализмининг этик-аҳлоқий йўналишларида шу жиҳат зоҳир бўладики, ғоялар (идеялар) дунёсида эзгу ишлар, ХАЙР устуворлик қилади. Аллома ёзади. “Хайр ишлар барча тўғри ва гўзал ишларнинг асосидир. Зоҳирий жабҳаларда у нур ва унинг ҳокимини зоҳир этади, ботинийликда, ақл кўзи билан кўрилиши керак бўлган ўринларда бўлса, унинг ўзи ҳоким бўлиб, ҳақиқат ва идрокни ўз тасарруфига олади. Кимки хусусий ва ижтимоий ҳаётда онгли фаолият кўрсатишни истаса, ундан баҳра олиб яшамоғи керак”.

Паҳлавон Маҳмуд ўз навбатида инсоннииг мазкур фазилатлари ҳақида фикр юргизар экан, эзгуликка эришмакнинг йўллари ниҳоятда чигал ва машаққатли эканлигини поэтик тарзда баён этади. Гарчи хайрли ишлар қилиш, эзгу амалларни бажариб яшаш жавонмардийликнинг туб моҳиятини ташкил қилган ва Паҳлавон Маҳмуд пешволигидаги фатийлар бу амалларни бажариш даражасига етган ва бажариб яшаган эсалар-да, буюк шоир бундай фазилатга ноил бўлмоқнинг душворлиги масаласини муттасил диққат марказида тутди-ки, бу жиҳатдан у ўз маслакдош ворисларини билвосита ҳушёрликка даъват қилиб турди, рубоий:

Кўп менда савол, энди жавоб ким қилғай,
Кўп менда гуноҳ, энди савоб ким қилғай.
Қайдаки ҳоки пок, тавоф қилдим мен,
Хокимни менинг энди тавоф ким қилғай,

– деб изтироб чеккан Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ботинан ўз салафларининг, шу жумладан, юнон файласуфларининг, хусусан, Арастунинг-да “хоки пок”ларинин, яъни бебаҳо тафаккурий меросини тавоф қилиб яшаганлиги шоир меросидан аён бўлади. Шоир ёвузликнинг эзгулик томонидан мағлуб бўлганлигини кўриб гоҳ “Кўршапалак инига қуёш келди!” деб хитоб этса, гоҳ зулмат устидан ёғдунинг бу зафари нақадар машаққатлар эвазига, самовий бир курашлар бадалига қозонилишига ишора қилиб ёзади. Рубоий:

Хайр иш этаман ҳалак, қиё боқмаслар,
На одаму, на малак қиё боқмаслар.
Нуроний десам буларни, ҳам кар, ҳам кўр,
Покликка замин, фалак қиё боқмаслар.

Эзгуликка ҳам замин, ҳам фалакни, ҳам одам, ҳам малакни “қиё боқтириш” учун инсон қудратининг чексиз бўлиши лозимлигини алоҳида уқтириб “Жипс икки жаҳон юкига тутган елка, Бир фил бу, фалак, сенсану, бир фил – менман!” деб хитоб этган Паҳлавон Маҳмуднинг рубоиёти инсон ўзининг маънавий изланишлари билан ҳақиқат сари азалдан абадга қараб олган маънавий йўли билан нақадар мўътабарлигини намоён этиб жаранглайди.

Эзгу ишларни амалга оширишда ислом фалсафасида, жумладан, Паҳлавон Маҳмуд рубоиётида тугал бир тарзда шаклланган “нафси аммора”нинг устидан ғолиб чиқиб яшамоқ ҳикматининг айрим илдизлари ҳам юнон фалсафасидан озиқланганлиги эътиборга моликдир. “Федон” асарида Афлотун Суқрот тилидан айтади: “Гўё қандайдир сўқмоқ бизни шундай фикрга олиб борадики, бунга кўра токи биз вужудга эга эканмиз ва токи руҳ ёвузликдан холи эмас экан, биз ўз эзгу истакларимиз моҳиятига эга бўла олмаймиз. Бу моҳият эса таъкидлаганимиздек – Ҳақиқатдир. Вужуд бизга минглаган ташвиш орттирибгина қолмасдан (унга, масалан, озиқ-овқат керак-ку) яна тағин минглаган иллатларга гирифтордирки, уларнинг ҳар бири бизга ҳилқатни илғашимизга ҳалақит беради. Вужуд бизларни майда истакларга, ҳирсга, таҳликага ва бошқа минглаган бўлмағур хомхаёлларга ғарқ этиб ташлайдики, буларнинг оқибатида бирон – бир оқилона фикрларга берилишнинг имкони йўқдир. Ҳар хил жангу жадаллар, исёнлар, ихтилофларнинг айбдори вужуд бўлмай нима? Ахир барча урушлар бойлик орттириш учун олиб борилади-ку, бойлик орттиришга бўлса бизни ўзига қул қилиб қўйган вужудимиз мажбур қилади” . Суқрот билан Афлотун мунозараларидаги инсон “ҳақиқий эзгуликни англаб етмагунича нафси бадни енга олмайди” ёҳуд “нафси бадни енгмагунича ҳақиқий эзгуликни англаб ета олмайди” тарзидаги чигал муаммо ўзининг бор мураккаблиги билан Паҳлавон Маҳмуд ижодида ҳам ўзига хос бир тарзда акс этгандир. Шоир меросидаги “Нафсни енгиб унга шоҳ бўлиш”, “Май устида бизми бугун, билмадим ҳеч, Кетдикми қолиб май тагида ё баримиз” каби бир қатор рубоийлари, шунингдек, тупроқ тандан руҳ қушининг парвози ҳақидаги туркум фалсафий қарашлари шоир ижодига бир қур кўз ташлаган кишига дарҳол намоён бўлади ва бу ҳол бизни ортиқча мисоллар келтириб ўқувчининг вақтини олиш машаққатидан халос қилади.

Афлотун талқинича, фалакларда парвоз қилиб юрган руҳларнинг муайян вужудга ўтиши, яъни инсон туғилишининг ўзиёқ ёмонлик тантанасидир ва ҳар бир киши мана шу тантанани бартараф қилиш учун ана шу руҳ тарафда туриб ўз ёмон истакларига қарши тинимсиз кураш олиб бормоғи лозим . Юнон файласуфи шуни алоҳида таъкидлайдики, ўз соҳибини ёмонлик устидан ғалаба қозонишга олиб келадиган эзгу руҳлар, аксар, олиму донишмандларга, маънавияти мустаҳкам инсонларга насиб бўлади ва улар фазилатларга эришмак учун кўпроқ имкониятларга эга бўладилар. Ёмон хусусиятлар, бадфеъллар кўпинча ожиз мусбат руҳлар воситасида мустабидларга насиб бўлади. Шунинг учун ҳам улар гуноҳкорликка бошқалардан кўра кўпроқ мойилдирлар. Кейинги даврларда азиз исломий файласуфларимизнинг донишмандларга талпинган подшоҳларнинг фозиллиги, подшоҳларга интилган донишмандларнинг ноқислиги тўғрисидаги фикрлар билан ҳамоҳанг бу қарашларнинг Паҳлавон Маҳмуд ижодига нақадар баракали таъсир кўрсатганлигини шоирнинг биргина рубоийси билан далиллаш кифоя қилади деб ўйлаймиз. Рубоий:

Дарвиш ила шоҳ бўлса агар улфат, бу –
Шоҳ бахти эрур, дарвиш учун кулфат бу.
Ой нурин йўқотса, бир кун албат тўлғай,
Кун нурни йўқотса кўп ёмон зулмат бу.

Юнон фалсафасидаги ҳали инсон туғилмасидан олдин унинг руҳида эзгуликлар мавжудлиги, ҳар бир киши туғилгач ўз руҳида азалдан мавжуд бўлган бу эзгуликни хотирасида тиклаш ва шу асосда ўзини камолга етказиш фалсафаси Паҳлавон Маҳмуд ижодида бетакрор чақинлар чақнатади. Суқротнинг иккита шиори (“Эзгулик бу – билим демакдир”, “Ўзингни билиб ол!”) билан Паҳлавон Маҳмуднинг:

Сал-пал ўқидик, соҳиби дафтар бўлдик,
Сал-палгина зеб топдигу зевар бўлдик.
Билдик бу жаҳонни, ғам билан дард бўлдик,
Кечдик баридан, энди қаландар бўлдик,

Рубоий:

Эзгуми ҳеч ниятимиз? – Бир биламиз,
Борми аҳамиятимиз? – Бир биламиз.
Тил тийғи билан дилни очиб ташлаймиз,
Не, ўзи, моҳиятимиз? – Бир биламиз

каби рубоийларини муқояса қилган киши, ўйлаймизки, бу фикримизга эътироз билдирмайди.

Шу ўринда Паҳлавон Маҳмуд билим гўзаллигини улуғлаганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Ўз даврида Афлотун гўзаллик турлари ҳакида гапириб, “инсоннинг гўзалликка маҳлиёлиги вужуд гўзаллигига мафтунликдан бошланади” деб уқтирганди. Юнон файласуфи бу мафтунликнинг муваққатлигини алоҳида қайд этиб, донишмандлар сиртқи гўзалликдан тадрижий равишда ботиний гўзалликка қараб теранлашадилар деб алоҳида таъкидлаган эди. Ботиний гўзаллик – бу аввало, одоб-аҳлоқ гўзаллиги деб уқтирганди мутафаккир аллома. У одоб-аҳлоқ гўзаллигидан сўнг билимлар гўзаллиги келишини таъкидлаб, илм-маърифатдан баҳра олишнинг нақадар улкан неъматлигини ойдинлаштирганди. Унинг фикрича, бу гўзалликдан ҳам юксак бир гўзаллик бор, бу ҳам бўлса гўзалликнинг ўзидир. “Барча гўзалликларнинг моҳиятини англаб етган кишилар, – деганда у – мутлақ гўзалликдан бошқа гўзалликларнинг оқибати йўқ эканлигини яхши биладилар. Зеро вақт ўтиши билан гўзалликнинг ўзидан бошқа нисбий гўзалликлар бора-бора кам-камдан завол топиб борадилар, мутлақ гўзаллик эса кўпаймайди ҳам, камаймайди ҳам, шунингдек, у бошқа ҳеч қандай таъсиротларга гирифтор ҳам бўлмайди”.

Бу таълимот Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ижодида, табиийки, исломий бир талқинлар билан жаранглайди. Шоиримиз ҳам гўзалликларнинг турларига алоҳида аҳамият беради. Биз Паҳлавон Маҳмуд шеъриятида вужуд гўзаллигига мафтунликни кўришимиз мумкин. Рубоий:

Келгай десалар сурурда кўз ёшлардим,
Йўлингга суман, гуллар эка бошлардим.
Хоки раҳингни кўзга суртиб сўнгра,
Чеҳрангни кўриб барин ўриб ташлардим.

Биз Паҳлавон Маҳмуд ижодида вужуд гўзаллиги билан бошқа гўзалликлар ўртасидаги оралиқ гўзаллигига мафтункорликни кўришимиз мумкин. Рубоий:

Гоҳида, оҳ, ул лоларўйимдир ўйим,
Гоҳида зулфи мушкибўйимдир ўйим.
Алқисса-ки рўйу бўйидин не афзал,
Бўлса, шулар ҳақдаги ўйимдир ўйим.

Биз Паҳлавон Маҳмуд рубоийларида аҳлоқий гўзалликка ошиқликни кўришимиз мумкин. Рубоий:

Шоҳлик тиласанг, ғарийб, гадо бўлмоқ шарт,
Хешга ёт, элга ошно бўлмоқ шарт.
Тож мисли сени бошга кўтарганларнинг
Қўлларин ўпмак, ҳокипо бўлмоқ шарт.

Биз Паҳлавон Маҳмуд ижодида илм-фанга, донишмандлик гўзаллигига ошиқликни кўришимиз мумкин. Рубоий:

Нутқинг каби нутқ дунёда, эй дўст, йўқдир,
Қутлуғ бу каломда ҳеч каму кўст йўқдир,
Ёнғоқку сўзинг, керакмас арчмоқ, чақмоқ,
Ҳаммаси мағз унинг, пўчоқ-пўст йўқдир.

Биз Паҳлавон Маҳмуд меросида, шунингдек, гўзалликнинг ўзига мафтунликни кўрамиз. Рубоий:

Ким сенга фидо бўлғали шай то бўлмас,
Орифлигу ишқ кўнглида пайдо бўлмас,
Расвоси эрурман сенга шайдоларнинг,
Айт, қани, ой, ким сенга шайдо бўлмас.

Ёдимизга тағин исломий бир ҳикмат, муборак бир ҳадиси шариф тушади: “Оллоҳ гўзалдир ва у барча гўзалликларни яхши кўради”.

Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг тафаккур меросидаги юнон фалсафаси билан бундай ҳамоҳангликлар биз юқорида келтирган жиҳатлар билан чекланмайди. Бу ҳамоҳангликлардаги муштараклик ва тафовутлардан қатъий назар, бизни қувонтирадиган фазилат шундан иборатки, биз Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг жаҳоншумул бир миқёсларда ижод этганидан воқиф бўламиз. Шоирнинг ижоди тафаккур маҳдудликларидан холи кўринади-ки, буюк бобокалонимиз “Бешикдан то тобутгача илм излаш”, “Хитойга бориб бўлса ҳам илм ўрганиш”дек ҳадиси шарифларга оғишмай амал қилиб, тинимсиз изланишларда яшаган. Инсониятнинг “бешиги”дан то ўзигача бўлган давр маънавий меросининг вориси сифатида, замон ва макон сарҳадларидан ошиб ўтиб, Ҳақни тинимсиз излаган, унга муттасил яқинлашган. Бир умр чеккан улуғвор риёзатлари туфайли авлиёлик даражасига мушарраф бўлган.

«ТАФАККУР ЧОРРАҲАЛАРИДА» КИТОБИНИНГ «ИККИНЧИ МУАЛЛИМ САБОҚЛРИ» ҚИСМИ ЯКУНЛАНДИ

хдк

(Tashriflar: umumiy 117, bugungi 1)

Izoh qoldiring