Mirza Kenjabek. Mening ham ko’ksimda bir omon gul bor & «Munojot» kitobi

Ashampoo_Snap_2017.07.06_00h46m35s_008_.png    20 феврал – Шоир Мирза Кенжабек таваллуд топган кун

Шеърият яхлит шеъриятдир. Унинг усули мажоз ва ҳақиқатдир. У мажоз йўли билан ҳам ҳақиқатни куйлайди. Бас, унинг йўли битта -ҳақиқатдир. Модернизм, анъанавий шеърият кабиларни, балки оқимлар дейиш мумкиндир (Шоир билан суҳбатдан. Суҳбат мана бу саҳифада)

МИРЗО КЕНЖАБЕК
МЕНИНГ ҲАМ КЎКСИМДА
БИР ОМОН ГУЛ БОР

09

ЎЗБЕКИСТОН

Оппоқ қайинларга бўлдим ошино,0-MKenja.jpg
Сайр этдим мен баҳри жаҳаннамларни.
Менинг шеърларимда товланди ҳатто
Беқарор Африка саванналари.

Саҳрои Кабирда ёзсам кўнглимни,
Руҳимда чинордай турдинг кўкариб.
Ғафур Ғулом бўлиб нечун мен сени
Бир умр бошимда юрдим кўтариб?

Зардуштий эдим мен — қутлуғ ўт ўзинг,
Бутпараст бўлдим мен, санам-бут — ўзинг.
Сенсан эътиқодим, ўзингсан тангрим,
Мангу сиғинмоққа лойиқ юрт — ўзинг.

Ернинг ҳар бурчида одамлар гоҳо
Менга ўз тилимда сўйлар, гумон йўқ:
Ўзбек кўп бутун Ер юзида, аммо
Оламда бошқа ҳеч Ўзбекистон йўқ!

ОМОНГУЛ

Хонамга шаҳт билан киради дўстим,
Дейди: Ишқ тугади! Энди тамом йўл!
Вокзалга чиқайлик,
Сессия битди,
Омонгул кетади бугун, Омонгул!

Эргашиб жўнаймиз бесўз, бетанбеҳ,
Вокзалга етамиз… Ҳаёт — мунглиғ най.
Бир юз саксонинчи —
«Тошкент — Душанбе»
Поезди турибди жўнамоққа шай.

Топамиз, еттинчи вагон — бул,
Дераза чўмибдир ипак зиёга.
Битта даричадан ўша Омонгул
Сокин виқор билан боқар дунёга.
Омонгул кетади, Омонгул.

Бу ширин ҳаётнинг алами аччиқ,
Сўзлар эзғилайди ёмон дилимни:
«Дўстим, унинг билан орамиз очиқ;
Фақат сўнг бор кўрай Омонгулимни!»

Беомон экан-ку, кўзинг, Омонгул,
Исминг-ку ватанда оздир, Омонгул,
Ёмонгул экансан, ўзинг Омонгул,
Исмингга уйланса арзир Омонгул.

Бошқа не ҳам дердим нафасим ростлаб?!
Дўстимнинг сўзларин, фарёдки, бесўз.
Бўғилиб, ҳаллослаб-ҳаллослаб
Такрорлаб кетади телба паровоз:
Омонгул кетади, Омонгул.
Омонгул кетади, Омонгул!

Ерга дод дейинми ёки осмонга,
Руҳни ёмон яраладинг, Омонгул, —
Муҳаббат ҳурмати, дўстим томонга
Бир бор қарамадинг, Омонгул!

Менинг ҳам кўксимда бир омон гул бор,
Исми ўзга унинг, аммо аён — гул.
Тиканларинг билан бағримда мангу
Омон бўл, омон кул, омон гул!

Бу ёғи жимжитлик,
Додлар юраклар.
Юраклар устидан поездлар кечар.
Дўстимнинг сўзларин шум ғилдираклар
Ҳижжалаб борадир
Қумқўрғонгача:
Омонгул ке-тади, Омонгул,
Омонгул ке-тади, Омонгул.
Омонгул ке-е-тади, Омонгул.

У КУНЛАР
Жамила ва Хосиятга

Бир кун деди чекишиб ийзо
Курсдош қизлар — ҳуснобод қизлар:
«Бу кунларни шеър қилинг, Мирзо,
Қўшиқ қилиб айтайлик бизлар».

У кунларда… Ҳув йироқлардан
Яшил-зангор нафас келарди.
Садаларнинг бутоқларидан
Инқилобий бир сас келарди.

Савр эди. Ҳаво — намзада.
Кулги истаб турмас эдик тинч.
Тинмас эди тунлар «Ҳамза»да
Келинларнинг қўзғолони ҳеч.

Соқолларни қирганча чала,
Кундуз шошиб, андак оғриниб,
Тинглар эдик топиб ҳафсала,
Доцентларнинг сабоқларини.

Ётоқхона орти — бозорча,
Қоп-қоп майиз, олмаю ёнғоқ… —
«Вақти келар бизга… Ҳозирча
Пиёз беринг, холажон, бир боғ».

У кунларда… Кобуллик толиб —
Қодир бир кун келди ётоққа.
Умрида бир инқилоб кўрган
Ҳар қалбнинг ўз инқилоби бор.

У кунлардан
Камёб омадим,
Кўз остида қолдирди излар.
У кунларни шеър қилолмадим,
Қўшиқ қилиб айтмади қизлар…

* * *

«Севасизми?» — дегил,
Саволлар ёғдир,
Бор гапни сугуриб олгин кўнглимдан.
Жим қовуштирилган қўлларим охир,
Оҳиста сирғалиб тушар қўйнимдан.

«Севасизми?» — дегил,
Савол бер, қийна,
Нурсиз кунларимнинг битсин ҳисоби.
Туғёнли онларга чорласин яна
Совуқ бўсаларнинг қайноқ азоби.

«Севасизми?» — дегил,
Сўрайвер, сўра,
Нигоҳим титрасин оппоқ кўксингда.
Паришон аксимни бир нафас кўрай,
Паришон ўтиниб турган кўзингда!..

Ёлғиз сенинг севгинг етмайди, нетай,
Умримиз боғлари қолади ғариб.
Сен севги сўрайвер,
Мен чиқиб кетай,
Муҳаббат ахтариб, меҳр ахтариб.

* * *

Қорлар — ўрилмакка маҳкум оқ майса.
Қарайман ўтмас тиғ — кун нурларига.
Ўйлайман: сен ҳеч вақт ғамгин боқмайсан
Кўмилган токларнинг қабрларига.

Ҳовлинг… Кунботарга қараган уйинг. —
У ерда энг шаффоф қишларинг кечар.
Толе эъзозида энг ширин ўйинг,
Қўш умринг, хайрли тушларинг кечар.

Азал сеникидир юрак — ёниқ эрк —
Қишнинг осмонига сочилган мушак.
Аммо шеърим учун эшикларинг берк,
Етиб бормас сенга бу ёниқ тилак.

Ҳаммаёқ — оқ кумуш. Оёқлар сезди
Қадрсиз кумушнинг ингроғин, оҳин.
Бунча қиш юртининг давлати кенгдир!
Аммо дардгоҳ экан унинг даргоҳи.

Кезаман. Аёз оқ гулларни чизган
Деразангни кўриб ўйга толаман…
Тунлар қаҳратоннинг заҳрини сезган
Ўзбекистон билан ёлғиз қоламан.

Маҳзун термуламан сатрларимга,
Руҳимда туманлар айланур узоқ.
Оқ йўллар тилайман оқ шеърларимга
Уларнинг мақсуди, сарзамини — оқ.

Улар етиб борур қай манзил томон,
Қай масъум кўнгилни балки поралар.
Сенга етиб бормас фақат ҳеч қачон
Шўрлик сатрларим — бахти қоралар…

Манба: «Китоб дунёси» газетаси

ҚАДИМИЙ ҚЎШИҚ

Қайси кундан, кайси замондан
Юрагимда тинмиш синдулоч:
Қумриларим қолиб забондан,
Ёзур қаҳр қушларим қулоч.

Кўпдан гўзал ўйлар, ўланлар
Билдирмасдан видо қилдилар.
Фаҳми нокис, қўли баландлар
Муҳаббатни адо қилдилар.

Девона дил топгайми қарор
Етмаса гоҳ имкон, фурсатинг.
Фақат, ишқим, курашлар аро
Мадад бўлур сенинг қудратинг.

Биз бормадик, маҳзуна гул ҳам
Бош ургали ибо қилдилар.
Жон-жонимда — ўзга бир гулхан,
Муҳаббатни адо қилдилар.

Муҳаббатга шафқатсиз дунё,
Нафратга ҳам қилмайди тоқат.
Айт, узлатинг қайси бир маъво,
Эй кўнгилда унган ҳакиқат!

Менга борлиқ, осмон-уфқлар
Буюк севги ато қилдилар.
Лекин кўнгил кўзи юмуқлар
Муҳаббатни адо қилдилар.

Туташмасин қай йўлга йўлим,
Дунёсидан топмадим ором.
Дунёсидан тўлмайин кўнглим,
Бир гул уздим боғдан бу оқшом.

Бир гул уздим…
Некбин булбуллар
Туни бўйи нидо қилдилар:
«Муҳаббати омон бўлгурлар
Муҳаббатни адо қилдилар…»

ОҲУВА

Келганим бир чангли, энсиз йўл эди,
Қўлларим қуруғу кўзим ҳўл эди,
Юрак пойтахтимда меҳр мўл эди,
Хўш, дедим, хуш ўтган чоғлар, оҳува*.

Дардимга сабаб йўқ бу хазон фасли,
Балки, дилгир қилди одамзод насли,
Ё дунё ранглари қоришди асли —
Қизиллар, қоралар, оқлар, оҳува.

Руҳимда бир ҳайрат қуюни тўзар,
Боғларнинг лашкари яланғоч кезар.
Жисмимда андуҳдан бир дарахт ўсар —
Бағримни тешадир шохлар, оҳува.

Оламда менинг ҳам куйим бўладир,
Қуёшга қараган уйим бўладир,
Ҳовлимда ғаройиб ўйин бўладир,
Буралиб куладир токлар, оҳува.

Қўл чўзиб юрагим тошин тутарман,
Бу юмшоқ тошни мен кимга отарман?
Беш кунлик дунёда билмай ўтарман —
Телба ким, ким ўзи соғлар, оҳува.

Оламни мунаввар этмагунча то,
Фарёдим фалакка етмагунча то,
Мен ернинг юзидан кетмагунча то,
Кетмас юрагимдан доғлар, оҳува.

*Оҳува — халқ қўшиқларининг томоққа чертиб айтиладиган бир тури.

Хуршид Даврон кутубхонаси изоҳи: «Оҳува» калимасидаги «ҳув» Аллоҳ номларининг биридир. «Оҳува» шу маънода Яратганга мурожаатдир

СИРЛИ ҒОР

«Шоҳизиндадаги… бир қабрдан йилнинг маълум даврларида сирли садо чиқади. Бу садо гоҳида жанг майдонидаги найза-қиличлар жарангига ўхшаса, гоҳ темирчининг бир меъёрда болға уришини эслатади… Ривоятга кўра, қадим замонларда суғд тупроғига ёв бостириб келибди. Жанг узоқ давом этибди. Суғдларнинг жасур лашкарбошиси ноилож қолиб, шу ердаги ғорга яширинганмиш. Ҳозир улар қилич-қалқон ясаётганмишлар. Қачонлардир чиқиб, ёвга зарба беришармиш…» Нусрат Раҳмат ҳикояларидан.

Яна ёвлар келди, ёвлар ортидан,
Юнони шох отди…Руҳлари озод
Жасурлар туғилди халқнинг дардидан,
Бари мағлуб бўлди… Чиқмади у зот.

Ғорда… Ғорда эса болғалар зарби,
Ғорда тинмас эди ул сирли садо.
Эл нажот тиларди: чиқ энди, мардим,
Юртингга озодлиғ айлагил ато! —

Қўзини борича очиб, диёрга
Яна босиб келди бадавий мўғул.
Ночор эл муножот айлади ғорга:
Чиқ энди, мадад бер, муҳтарам ўғил!

Ҳар гал ёв босганда эл солиб уввос,
Товушин кўтарар эди бир парда:
Тупроқни ёғийдан айлагил халос,
Бор бўлсанг, чиқа қол энди, саркарда!

Фалак — тегирмоннинг оғир тоши деб,
Халқ сукут қилганда, битиб сабрлар,
Энди чиқа қолгин, лашкарбоши, — деб
Йўқлади, йиғлади ҳатто қабрлар.

Душман келаверди, оқибати — Шарқ
Золимлар ҳукмидан куя бошлади.
Азал бир-бирини деб ўрганган халқ
Энди бир-бирини ея бошлади.

Балки ғор тубида саркарда ҳайрон —
Чиқиб кимга боқсин, топсин не йўриқ:
Тош отар, ўқ отар, сўз отар бийрон
Шоҳга шоҳ, хонга хон, уруғга уруғ.

Куйгамас, кўникди Ватан ҳарбларга,
Улус ўз-ўзига ёвлашди такрор.
Сирли садо бериб, куюк қалбларга
Таскин бўлаверди Шоҳизинда, ғор…

Латифалар эмас, юрак-бағримдан
Мен ўйчан ўланлар англаб юрардим.
Тошкентдек ҳайрати ўлик шаҳримдан
Мискин ривоятлар тинглаб юрардим.

Самарқанд васлига ошиқдим бир кун,
Таскинлар топсин деб ошиқ юрагим.
Мен ҳам зиналарни санадим дилхун,
Мен ҳам ғор тубига кулиб қарадим:

Токай алдагайсан ғофил дунёни
Эй ровий мангулик, эй ширин оғу?!
Уриндим, суриндим, сирли садони
Фақат… юрагимдан эшитдим, ёҳу!

Элга фош қилмадим ҳолимни бироқ,
Англашар, маталдан бир кун тўйсалар.
Қалбимда оҳанглар ясарди яроқ,
Қалбда жарангларди қилич-найзалар.

Муқаддас жойлар кўп заминда ҳамон:
Миср, Доруссалом, Шоҳизиндами…
Гўзал афсонаси борларга, аммо
Индама, юрагим, ҳаргиз индама.

Индама, гулханим, тошим, шалолам,
Башарни айирма йўғу боридан:
Умидвор яшасин 6ахтга зор олам
Садо тинглагунча юрак ғоридан!

ШАРҚИЙ
(Махтумқулига назира)

Кўнгил, йироқларга боқмагил пурғам,
Баҳорлар боғлардан қочган чиқадир.
Кўз солсанг, мен каби ношуд шоир ҳам
Дунёнинг бир сирин очган чиқадир.

Муҳаббат кўнглингда куйларкан қўшиқ,
Ўкинма, бир ҳолни сўйлайин очиқ:
Ердан чиққан бўлар ҳар шўрлик ошиқ,
Ҳар малак осмондан тушган чиқадир.

Хоҳ четни кезайин, хоҳ ўз еримни,
Дўстона ташладим мен кўз қиримни.
Э, дунё! Топмадим лекин сирингни —
Дўст деб юрганларинг душман чиқадир.

Зот десанг оламда мукаммал, ҳотам,
Дўстгаю душманга тутавер мотам:
«Жаннат»дан қувилган чиқар ҳар одам,
Ҳар «шайтон» дўзахдан қочган чиқадир.

Бир маълум ҳолатни айтай, ёронлар,
Қайси юрт бўлмасин, қайси замонлар,
Зоҳиран шўх кулиб юрган инсонлар
Бағрида бўронлар кўчган чиқадир.

Фироқлар сўрса ҳам кўздан сиришким,
Худо-ё, кўнглимда ўлмасин ишқим,
Дунёдан севгисиз кечмасин ҳеч ким,
Кечса, дунё ундан кечган чиқадир…

УСТОЗ МИРТЕМИР ДИЁРИДА

Қай кунким, жаҳонга келди, Туркистон,
Жаҳон бул майдонга келди, Туркистон.

Азиз тупроғингни бир бор кўрганлар
Дилгаю иймонга келди, Туркистон.

Ҳар гал бул бўстонга келганда ёғий,
Оғриқ устихонга келди, Туркистон.

Тарих йўлларида туркулар учди:
О, қандай замонга келди, Туркистон?..

Урҳоси фалакка етганда гоҳи,
Ой деди: осмонга келди, Туркистон.

Бу кун таъзим ила келдик, англадик;
Англаган инсонга келди, Туркистон.

Йўқ, бошқа от ила ётлар келмади,
Бўйла, Туркистонга келди Тўркистон.

Мирзо, устозларни ёд этиб, бу кун
Юракда фиғон-а келди, Туркистон.

БОЛАЛАР ДУНЁСИ

Қуриётган Орол тузларини шамоллар учириб келиб, тупроқ ва сувларнинг таркиби бузилмоқда. Оқибатида денгиз бўйи қишлоқларида болалар нобуд бўлмоқда… (Газетадан)

Болалар дунёси асли бу дунё!
Улар қочаётир кимнинг дастидан?!
Бағри кенг бир Ватан турганда, аё,
Гўдакка жой бердик ернинг остидан.

Ўзбек тупроғида азал бир пора
Кичик чилламозор бўлган қанчалар.
Кўпайиб бормоқда нечун тобора
Қабристонга туташ қабристончалар?!

Замон тортиб яшар саволлар юкин,
Дош берар «Не учун?», «Нега»ларига.
Тупроқ эга бўлар оқибат бу кун
Тупроқнинг бўлажак эгаларига.

Қасида битдилар, марсия эмас,
Айбдору хоину сотқинларига…
Марсия тўқурман, қасида эмас,
Ватаннинг 6ўлажак ҳокимларига.

Нималар юз берар ўзи ер узра?
Кичик манзарада — қанча кечмишлар?!
Кийим-кечаклари билан гўр узра
Азиз бешикларни ташлаб кетмишлар!

Болалар дунёси бундай беомон:
Митти бош чаноғи, жажжи қўл, ияк…
Ер тагин мен кўриб яшарман аён,
Эй менинг бир парчам — бир ҳовуч суяк!

Мозорнинг на исён, на овози бор,
Гўрлар қайиқчадек чўкмоқда ноҳақ.
Айбинг не, фалакнинг не қасоси бор? —
Товуш бер, айтиб кет, эй бўлажак халқ!

20 FEVRAL – SHOIR MIRZA KENJABEK TAVALLUD TOPGAN KUN

She’riyat yaxlit she’riyatdir. Uning usuli majoz va haqiqatdir. U majoz yo‘li bilan ham haqiqatni kuylaydi. Bas, uning yo‘li bitta -haqiqatdir. Modernizm, an’anaviy she’riyat kabilarni, balki oqimlar deyish mumkindir (Shoir bilan suhbatdan. Suhbat mana bu sahifada)

MIRZO KЕNJABЕK
MЕNING HAM KO‘KSIMDA
BIR OMON GUL BOR

09

O‘ZBЕKISTON

Oppoq qayinlarga bo‘ldim oshino,
Sayr etdim men bahri jahannamlarni.mirzo_kenjabek.jpg
Mening she’rlarimda tovlandi hatto
Beqaror Afrika savannalari.

Sahroi Kabirda yozsam ko‘nglimni,
Ruhimda chinorday turding ko‘karib.
G‘afur G‘ulom bo‘lib nechun men seni
Bir umr boshimda yurdim ko‘tarib?

Zardushtiy edim men — qutlug‘ o‘t o‘zing,
Butparast bo‘ldim men, sanam-but — o‘zing.
Sensan e’tiqodim, o‘zingsan tangrim,
Mangu sig‘inmoqqa loyiq yurt — o‘zing.

Yerning har burchida odamlar goho
Menga o‘z tilimda so‘ylar, gumon yo‘q:
O‘zbek ko‘p butun Yer yuzida, ammo
Olamda boshqa hech O‘zbekiston yo‘q!

OMONGUL

Xonamga shaht bilan kiradi do‘stim,
Deydi: Ishq tugadi! Endi tamom yo‘l!
Vokzalga chiqaylik,
Sessiya bitdi,
Omongul ketadi bugun, Omongul!

Ergashib jo‘naymiz beso‘z, betanbeh,
Vokzalga yetamiz… Hayot — munglig‘ nay.
Bir yuz saksoninchi —
“Toshkent — Dushanbe”
Poyezdi turibdi jo‘namoqqa shay.

Topamiz, yettinchi vagon — bul,
Deraza cho‘mibdir ipak ziyoga.
Bitta darichadan o‘sha Omongul
Sokin viqor bilan boqar dunyoga.
Omongul ketadi, Omongul.

Bu shirin hayotning alami achchiq,
So‘zlar ezg‘ilaydi yomon dilimni:
«Do‘stim, uning bilan oramiz ochiq;
Faqat so‘ng bor ko‘ray Omongulimni!»

Beomon ekan-ku, ko‘zing, Omongul,
Isming-ku vatanda ozdir, Omongul,
Yomongul ekansan, o‘zing Omongul,
Ismingga uylansa arzir Omongul.

Boshqa ne ham derdim nafasim rostlab?!
Do‘stimning so‘zlarin, faryodki, beso‘z.
Bo‘g‘ilib, halloslab-halloslab
Takrorlab ketadi telba parovoz:
Omongul ketadi, Omongul.
Omongul ketadi, Omongul!

Yerga dod deyinmi yoki osmonga,
Ruhni yomon yaralading, Omongul, —
Muhabbat hurmati, do‘stim tomonga
Bir bor qaramading, Omongul!

Mening ham ko‘ksimda bir omon gul bor,
Ismi o‘zga uning, ammo ayon — gul.
Tikanlaring bilan bag‘rimda mangu
Omon bo‘l, omon kul, omon gul!

Bu yog‘i jimjitlik,
Dodlar yuraklar.
Yuraklar ustidan poyezdlar kechar.
Do‘stimning so‘zlarin shum g‘ildiraklar

Hijjalab boradir
Qumqo‘rg‘ongacha:
Omongul ke-tadi, Omongul,
Omongul ke-tadi, Omongul.
Omongul ke-ye-tadi, Omongul.

U KUNLAR
Jamila va Xosiyatga

Bir kun dedi chekishib iyzo
Kursdosh qizlar — husnobod qizlar:
«Bu kunlarni she’r qiling, Mirzo,
Qo‘shiq qilib aytaylik bizlar».

U kunlarda… Huv yiroqlardan
Yashil-zangor nafas kelardi.
Sadalarning butoqlaridan
Inqilobiy bir sas kelardi.

Savr edi. Havo — namzada.
Kulgi istab turmas edik tinch.
Tinmas edi tunlar “Hamza”da
Kelinlarning qo‘zg‘oloni hech.

Soqollarni qirgancha chala,
Kunduz shoshib, andak og‘rinib,
Tinglar edik topib hafsala,
Dotsentlarning saboqlarini.

Yotoqxona orti — bozorcha,
Qop-qop mayiz, olmayu yong‘oq… —
«Vaqti kelar bizga… Hozircha
Piyoz bering, xolajon, bir bog‘».

U kunlarda… Kobullik tolib —
Qodir bir kun keldi yotoqqa.
Umrida bir inqilob ko‘rgan
Har qalbning o‘z inqilobi bor.

U kunlardan
Kamyob omadim,
Ko‘z ostida qoldirdi izlar.
U kunlarni she’r qilolmadim,
Qo‘shiq qilib aytmadi qizlar…

* * *

“Sevasizmi?” — degil,
Savollar yog‘dir,
Bor gapni sugurib olgin ko‘nglimdan.
Jim qovushtirilgan qo‘llarim oxir,
Ohista sirg‘alib tushar qo‘ynimdan.

“Sevasizmi?” — degil,
Savol ber, qiyna,
Nursiz kunlarimning bitsin hisobi.
Tug‘yonli onlarga chorlasin yana
Sovuq bo‘salarning qaynoq azobi.

“Sevasizmi?” — degil,
So‘rayver, so‘ra,
Nigohim titrasin oppoq ko‘ksingda.
Parishon aksimni bir nafas ko‘ray,
Parishon o‘tinib turgan ko‘zingda!..

Yolg‘iz sening sevging yetmaydi, netay,
Umrimiz bog‘lari qoladi g‘arib.
Sen sevgi so‘rayver,
Men chiqib ketay,
Muhabbat axtarib, mehr axtarib.

* * *

Qorlar — o‘rilmakka mahkum oq maysa.
Qarayman o‘tmas tig‘ — kun nurlariga.
O‘ylayman: sen hech vaqt g‘amgin boqmaysan
Ko‘milgan toklarning qabrlariga.

Hovling… Kunbotarga qaragan uying. —
U yerda eng shaffof qishlaring kechar.
Tole e’zozida eng shirin o‘ying,
Qo‘sh umring, xayrli tushlaring kechar.

Azal senikidir yurak — yoniq erk —
Qishning osmoniga sochilgan mushak.
Ammo she’rim uchun eshiklaring berk,
Yetib bormas senga bu yoniq tilak.

Hammayoq — oq kumush. Oyoqlar sezdi
Qadrsiz kumushning ingrog‘in, ohin.
Buncha qish yurtining davlati kengdir!
Ammo dardgoh ekan uning dargohi.

Kezaman. Ayoz oq gullarni chizgan
Derazangni ko‘rib o‘yga tolaman…
Tunlar qahratonning zahrini sezgan
O‘zbekiston bilan yolg‘iz qolaman.

Mahzun termulaman satrlarimga,
Ruhimda tumanlar aylanur uzoq.
Oq yo‘llar tilayman oq she’rlarimga
Ularning maqsudi, sarzamini — oq.

Ular yetib borur qay manzil tomon,
Qay mas’um ko‘ngilni balki poralar.
Senga yetib bormas faqat hech qachon
Sho‘rlik satrlarim — baxti qoralar…

Manba: “Kitob dunyosi” gazetasi

QADIMIY QO‘SHIQ

Qaysi kundan, kaysi zamondan
Yuragimda tinmish sinduloch:
Qumrilarim qolib zabondan,
Yozur qahr qushlarim quloch.

Ko‘pdan go‘zal o‘ylar, o‘lanlar
Bildirmasdan vido qildilar.
Fahmi nokis, qo‘li balandlar
Muhabbatni ado qildilar.

Devona dil topgaymi qaror
Yetmasa goh imkon, fursating.
Faqat, ishqim, kurashlar aro
Madad bo‘lur sening qudrating.

Biz bormadik, mahzuna gul ham
Bosh urgali ibo qildilar.
Jon-jonimda — o‘zga bir gulxan,
Muhabbatni ado qildilar.

Muhabbatga shafqatsiz dunyo,
Nafratga ham qilmaydi toqat.
Ayt, uzlating qaysi bir ma’vo,
Ey ko‘ngilda ungan hakiqat!

Menga borliq, osmon-ufqlar
Buyuk sevgi ato qildilar.
Lekin ko‘ngil ko‘zi yumuqlar
Muhabbatni ado qildilar.

Tutashmasin qay yo‘lga yo‘lim,
Dunyosidan topmadim orom.
Dunyosidan to‘lmayin ko‘nglim,
Bir gul uzdim bog‘dan bu oqshom.

Bir gul uzdim…
Nekbin bulbullar
Tuni bo‘yi nido qildilar:
«Muhabbati omon bo‘lgurlar
Muhabbatni ado qildilar…»

OHUVA

Kelganim bir changli, ensiz yo‘l edi,
Qo‘llarim qurug‘u ko‘zim ho‘l edi,
Yurak poytaxtimda mehr mo‘l edi,
Xo‘sh, dedim, xush o‘tgan chog‘lar, ohuva*.

Dardimga sabab yo‘q bu xazon fasli,
Balki, dilgir qildi odamzod nasli,
Yo dunyo ranglari qorishdi asli —
Qizillar, qoralar, oqlar, ohuva.

Ruhimda bir hayrat quyuni to‘zar,
Bog‘larning lashkari yalang‘och kezar.
Jismimda anduhdan bir daraxt o‘sar —
Bag‘rimni teshadir shoxlar, ohuva.

Olamda mening ham kuyim bo‘ladir,
Quyoshga qaragan uyim bo‘ladir,
Hovlimda g‘aroyib o‘yin bo‘ladir,
Buralib kuladir toklar, ohuva.

Qo‘l cho‘zib yuragim toshin tutarman,
Bu yumshoq toshni men kimga otarman?
Besh kunlik dunyoda bilmay o‘tarman —
Telba kim, kim o‘zi sog‘lar, ohuva.

Olamni munavvar etmaguncha to,
Faryodim falakka yetmaguncha to,
Men yerning yuzidan ketmaguncha to,
Ketmas yuragimdan dog‘lar, ohuva.

*Ohuva — xalq qo‘shiqlarining tomoqqa chertib aytiladigan bir turi.

Xurshid Davron kutubxonasi izohi: «Ohuva» kalimasidagi «huv» Alloh nomlarining biridir. «Ohuva» shu ma’noda Yaratganga murojaatdir

SIRLI G‘OR

«Shohizindadagi… bir qabrdan yilning ma’lum davrlarida sirli sado chiqadi. Bu sado gohida jang maydonidagi nayza-qilichlar jarangiga o‘xshasa, goh temirchining bir me’yorda bolg‘a urishini eslatadi… Rivoyatga ko‘ra, qadim zamonlarda sug‘d tuprog‘iga yov bostirib kelibdi. Jang uzoq davom etibdi. Sug‘dlarning jasur lashkarboshisi noiloj qolib, shu yerdagi g‘orga yashiringanmish. Hozir ular qilich-qalqon yasayotganmishlar. Qachonlardir chiqib, yovga zarba berisharmish…» Nusrat Rahmat hikoyalaridan.

Yana yovlar keldi, yovlar ortidan,
Yunoni shox otdi…Ruhlari ozod
Jasurlar tug‘ildi xalqning dardidan,
Bari mag‘lub bo‘ldi… Chiqmadi u zot.

G‘orda… G‘orda esa bolg‘alar zarbi,
G‘orda tinmas edi ul sirli sado.
El najot tilardi: chiq endi, mardim,
Yurtingga ozodlig‘ aylagil ato! —

Qo‘zini boricha ochib, diyorga
Yana bosib keldi badaviy mo‘g‘ul.
Nochor el munojot ayladi g‘orga:
Chiq endi, madad ber, muhtaram o‘g‘il!

Har gal yov bosganda el solib uvvos,
Tovushin ko‘tarar edi bir parda:
Tuproqni yog‘iydan aylagil xalos,
Bor bo‘lsang, chiqa qol endi, sarkarda!

Falak — tegirmonning og‘ir toshi deb,
Xalq sukut qilganda, bitib sabrlar,
Endi chiqa qolgin, lashkarboshi, — deb
Yo‘qladi, yig‘ladi hatto qabrlar.

Dushman kelaverdi, oqibati — Sharq
Zolimlar hukmidan kuya boshladi.
Azal bir-birini deb o‘rgangan xalq
Endi bir-birini yeya boshladi.

Balki g‘or tubida sarkarda hayron —
Chiqib kimga boqsin, topsin ne yo‘riq:
Tosh otar, o‘q otar, so‘z otar biyron
Shohga shoh, xonga xon, urug‘ga urug‘.

Kuygamas, ko‘nikdi Vatan harblarga,
Ulus o‘z-o‘ziga yovlashdi takror.
Sirli sado berib, kuyuk qalblarga
Taskin bo‘laverdi Shohizinda, g‘or…

Latifalar emas, yurak-bag‘rimdan
Men o‘ychan o‘lanlar anglab yurardim.
Toshkentdek hayrati o‘lik shahrimdan
Miskin rivoyatlar tinglab yurardim.

Samarqand vasliga oshiqdim bir kun,
Taskinlar topsin deb oshiq yuragim.
Men ham zinalarni sanadim dilxun,
Men ham g‘or tubiga kulib qaradim:

Tokay aldagaysan g‘ofil dunyoni
Ey roviy mangulik, ey shirin og‘u?!
Urindim, surindim, sirli sadoni
Faqat… yuragimdan eshitdim, yohu!

Elga fosh qilmadim holimni biroq,
Anglashar, mataldan bir kun to‘ysalar.
Qalbimda ohanglar yasardi yaroq,
Qalbda jaranglardi qilich-nayzalar.

Muqaddas joylar ko‘p zaminda hamon:
Misr, Dorussalom, Shohizindami…
Go‘zal afsonasi borlarga, ammo
Indama, yuragim, hargiz indama.

Indama, gulxanim, toshim, shalolam,
Basharni ayirma yo‘g‘u boridan:
Umidvor yashasin 6axtga zor olam
Sado tinglaguncha yurak g‘oridan!

SHARQIY
(Maxtumquliga nazira)

Ko‘ngil, yiroqlarga boqmagil purg‘am,
Bahorlar bog‘lardan qochgan chiqadir.
Ko‘z solsang, men kabi noshud shoir ham
Dunyoning bir sirin ochgan chiqadir.

Muhabbat ko‘nglingda kuylarkan qo‘shiq,
O‘kinma, bir holni so‘ylayin ochiq:
Yerdan chiqqan bo‘lar har sho‘rlik oshiq,
Har malak osmondan tushgan chiqadir.

Xoh chetni kezayin, xoh o‘z yerimni,
Do‘stona tashladim men ko‘z qirimni.
E, dunyo! Topmadim lekin siringni —
Do‘st deb yurganlaring dushman chiqadir.

Zot desang olamda mukammal, hotam,
Do‘stgayu dushmanga tutaver motam:
«Jannat»dan quvilgan chiqar har odam,
Har «shayton» do‘zaxdan qochgan chiqadir.

Bir ma’lum holatni aytay, yoronlar,
Qaysi yurt bo‘lmasin, qaysi zamonlar,
Zohiran sho‘x kulib yurgan insonlar
Bag‘rida bo‘ronlar ko‘chgan chiqadir.

Firoqlar so‘rsa ham ko‘zdan sirishkim,
Xudo-yo, ko‘nglimda o‘lmasin ishqim,
Dunyodan sevgisiz kechmasin hech kim,
Kechsa, dunyo undan kechgan chiqadir…

USTOZ MIRTЕMIR DIYORIDA

Qay kunkim, jahonga keldi, Turkiston,
Jahon bul maydonga keldi, Turkiston.

Aziz tuprog‘ingni bir bor ko‘rganlar
Dilgayu iymonga keldi, Turkiston.

Har gal bul bo‘stonga kelganda yog‘iy,
Og‘riq ustixonga keldi, Turkiston.

Tarix yo‘llarida turkular uchdi:
O, qanday zamonga keldi, Turkiston?..

Urhosi falakka yetganda gohi,
Oy dedi: osmonga keldi, Turkiston.

Bu kun ta’zim ila keldik, angladik;
Anglagan insonga keldi, Turkiston.

Yo‘q, boshqa ot ila yotlar kelmadi,
Bo‘yla, Turkistonga keldi To‘rkiston.

Mirzo, ustozlarni yod etib, bu kun
Yurakda fig‘on-a keldi, Turkiston.

BOLALAR DUNYOSI

Quriyotgan Orol tuzlarini shamollar uchirib kelib, tuproq va suvlarning tarkibi buzilmoqda. Oqibatida dengiz bo‘yi qishloqlarida bolalar nobud bo‘lmoqda… (Gazetadan)

Bolalar dunyosi asli bu dunyo!
Ular qochayotir kimning dastidan?!
Bag‘ri keng bir Vatan turganda, ayo,
Go‘dakka joy berdik yerning ostidan.

O‘zbek tuprog‘ida azal bir pora
Kichik chillamozor bo‘lgan qanchalar.
Ko‘payib bormoqda nechun tobora
Qabristonga tutash qabristonchalar?!

Zamon tortib yashar savollar yukin,
Dosh berar «Ne uchun?», «Nega»lariga.
Tuproq ega bo‘lar oqibat bu kun
Tuproqning bo‘lajak egalariga.

Qasida bitdilar, marsiya emas,
Aybdoru xoinu sotqinlariga…
Marsiya to‘qurman, qasida emas,
Vatanning 6o‘lajak hokimlariga.

Nimalar yuz berar o‘zi yer uzra?
Kichik manzarada — qancha kechmishlar?!
Kiyim-kechaklari bilan go‘r uzra
Aziz beshiklarni tashlab ketmishlar!

Bolalar dunyosi bunday beomon:
Mitti bosh chanog‘i, jajji qo‘l, iyak…
Yer tagin men ko‘rib yasharman ayon,
Ey mening bir parcham — bir hovuch suyak!

Mozorning na isyon, na ovozi bor,
Go‘rlar qayiqchadek cho‘kmoqda nohaq.
Aybing ne, falakning ne qasosi bor? —
Tovush ber, aytib ket, ey bo‘lajak xalq!

Mirzo Kenjabek. Munojot

07

(Tashriflar: umumiy 1 114, bugungi 1)

Izoh qoldiring