Наргиза Одинаева навқирон шеъриятимизга ловуллаган бир даста гул билан кириб келди. Бу гулларнинг ўзига хос ифори, жилвалари ҳақида айтишди, айтишмоқда, насиб этса, яна айтишади ҳам. Шеърият осмонида, маълум бир баландликларда номи Қизириқ деб аталган тафтли макон фарзанди бўлмиш Наргиза шеър айтиб бораётир. Бугун у ёзган шеърлардан бир дастасини сизларга тақдим этмоқдамиз.
Усмон АЗИМ
Ўзбекистон халқ шоири
ҚУВОНЧ ХАТ
Ёш ижодкорлар йиғинининг очилиш маросими тугаб, катта-кичик аралаш ташқарига чиқаётганимизда, бир қиз ийманибгина салом берди. Сўрашиб ўтиб кетавердим. Ҳамроҳим, камгапгина Шодмонқул Салом: “Шу қиз – зўр шоира!” деб қолди. Бир пасдан сўнг. “Ростданми?” дедим, жиддий тортиб. “Ҳа, энди!.. – Ўша шеърлар мазасини ҳали ҳам туюб, бошини сарак-сарак қилди Шодмонқул Салом. – Шеърларини ўқиб, сесканиб кетдим!”. Унинг гапидан менинг эту суягим жимирлади! Тамом! Мен шу синглимизнинг шеърларига ошиқу беқарор бўлдим-қолдим! Шунақа одатим бор! Бир жойда яхши китобнинг, шеърнинг дарагини эшитсам, бесабрлик билан излашга тушаман.
Синглимнинг шеърларини топиб беришни сўрадим.
Кейин, ўша анжуман қатнашувчиларидан бирини кўриб қолдим. “Наргиза деган бир қизнинг шеърлари жуда яхши экан”, деди у. Мен эса, Шодмонқул Салом мақтаган эгачимизнинг шеърларини суриштирган бўлдим. Аммо, на ўзини, на отасининг исмини биламан.
У ёқ-бу ёққа қўнғироқ қилиб, хушхабар олдим. Синглимизнинг шеърлари жуда юқори баҳоланибди. Илк китобини чиқариб беришадиган бўлишибди… Исми – Наргиза!.. Наргиза Одинаева!
Мана, бир неча кунки, унинг шеърларини мен ҳам лаззатини туйиб юрибман. Назаримда, бу қизимиз барча истеъдодли устозлари каби адабиётга катта шоира бўлиб кириб келаяпти. Шеърлари ҳис-ҳаяжонга тўла, юракни ҳапқиртирадиган даражада таъсирли – оғриқли дардлар, аллақандай соғинч, ўзига сиғмай тўлғанишлар, дашту дала янглиғ табиийлик…
Наргизанинг шеърларида олифтачилик йўқ. Шеърлари аллақачон ўзлаштирган йўлларда ёзилган. Аммо, улар ажиб бир – кутилмаган – чиройда балқийди. Демак, юрилавериб увадаси чиққан йўлларни истеъдод янгилар экан-да?!.
Наргизанинг шеърларини уйдагиларга ўқиб бердим, шеърни қадрлайдиган дўстларга ҳам телефонда ўқидим.
Неча кунки, шундай қувониб юрибман.
Чунки, истеъдод билан учрашув бахт янглиғ юракни қанотлантиради.
Яна, нима дей!
Наргизага шоирлик муборак бўлсин!
Наргиза Одинаева
НИГОҲИМДА ГУЛЛАР ТУЙҒУЛАР ИЗСИЗ
Наргиза Одинаева 1988 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган. “Келажак овози” танлови вилоят босқичи ғолиби. “Дўрмон” ижодкор ёшлар семинари қатнашчиси. “Йўлдаги мактублар” китоби муаллифи.
Кўнгил манзили
Тоғларни соғиниб бузилди чиллам,
Тонггимдан адашдим, вақт – учар гилам,
Лаҳзам ибодатдир, манзилим – қиблам,
Йўлим жойнамоз, деб, чиқдим сафарга.
Ёмғирда маст қилди бўйлари гилнинг,
Энди камлик қилар тўрт фасли йилнинг,
Сўзлари беркиниб олади дилнинг,
Топмайман… неларни ёзай дафтарга.
Ватан, тоғларингда гулхан ёқаман,
Сойларингда жилға бўлиб оқаман,
Карвонлар қолдирган изга боқаман,
Шу йўлдан етгум бор бир кун зафарга.
Савол
Кўк ва замин аро ҳадсиз макон бор,
Бағрингда ардоқда гул бор, тикон бор,
Ҳаммага аталган йўл бор, аркон бор,
Бағрингда ким бўлиб яшайин дунё?
Ҳаққа талпингувчи юлдуз – япроқман,
Гоҳида тўламан, гоҳи озроқман,
Қисмат қозонида куйган бодроқман,
Бағрингда ким бўлиб яшайин дунё?
Билмайман, шомлардан ҳикмат олмоқни,
Мўминнинг кафтидай нурга тўлмоқни,
Мен эплай олмадим одам бўлмоқни,
Бағрингда ким бўлиб яшайин дунё?
Кўкда овози бор ҳатто қушнинг ҳам,
Тоғларда изи бор совуқ қишнинг ҳам,
Кулдай жавоби бор бул ёнишнинг ҳам,
Бағрингда ким бўлиб яшайин дунё?
Барига
Йўллар мени кутиб, из тахлайверар,
Шамол юрагимни варақлайверар,
Кўнглим эшиклари тарақлайверар,
Кўникиб қолганман бари-барига.
Қуш бўлсанг – бургут бўл, бўлмагин ғажир,
Йўқса, бошинг томон илонлар сапчир,
Нега тўрт фаслда гулламас анжир?
Кўникиб қолганман бари-барига.
Тўхтамай югуриб ўтавер, анҳор,
Куздан кейинга бош қоронғи баҳор,
Кўнглим нима экан, дунё – ўзи тор,
Кўникиб қолганман бари-барига.
…Борманми, йўқманми, хоксор итингча,
Мени ранжитавер истаганингча,
Борар ерим, холос, қалдирғоч инча…
Кўникиб қолганман бари-барига.
Ёмғир
Йўлларимда тақдирнинг кузлаб кетган боғи бор,
Елкамда бир қуёшнинг музлаб ётган тоғи бор,
Қушларга ин кўнглимда мингта ойнинг доғи бор,
Мени ёмон демагин, мени ёмон демагин.
Бағримдаги қушларим ёнган қўшиқ истайди,
Сенинг меҳрингсиз дилда бир бешик ҳувиллайди,
Жонингга озор берган янтоқлар ҳам гуллайди,
Мени ёмон демагин, мени ёмон демагин.
Фаслларга кўнмайди дилда унган чечаклар,
Дунёга тўйлар тилаб менинг сўзим куртаклар,
Ўзимга олиб қайтмас, ўзим айтган эртаклар,
Мени ёмон демагин, мени ёмон демагин.
Бунда бошим хазону кетган баҳор билмаса,
Қаҳратондек қисматим қошу кўзлик қилмаса,
Йиғлаяпман, йиғимдан айтсам кўнглинг тўлмаса,
Мени ёмон демагин, мени ёмон демагин.
Йўлларимда тақдирнинг кузлаб кетган боғи бор,
Елкамда бир қуёшнинг музлаб ётган тоғи бор,
Мен-ку ерда юрибман, ҳатто ойнинг доғи бор,
Мени ёмон демагин, мени ёмон демагин.
Бир куним
Юзимни онамдек силаса сабо,
Райҳон таралади кокилларимдан.
Тошларига қўшиб оқизди дарё,
Мени чақириб ол, соҳилларидан.
Байроғи бўлдим мен қизил шафақнинг,
Шом лангар ташлади лаҳзаларимга.
Пойларини ўпиб, қучдим тупроқнинг,
Энди не ёзилгай саҳфаларимга?
Нигоҳимда гуллар туйғулар изсиз,
Томиримга сиғмай йиғлайди қоним.
Ўрмак югураман ёзсиз ва кузсиз,
Сен мени кечиргин, қил бўлган жоним.
Кузойнагин тақиб улгурмай қуёш
Нималарни кўрар уфқдан-уфққача?
Кўксимга бош қўйиб, йиғлаётган тош
Нени жойлаяпсан ичдан-ичгача?
Қизил шамларини ёққанда само,
Қора ташвишлари ортди ҳавонинг.
Тунни елкалаган эй, бедил дунё,
Менинг юрагимга ботди товонинг.
Бораман
Гулламас у анжир кўнглингнинг,
Қўшиқ айтсам ранжир кўнглингнинг,
Менга ёпиқ занжир кўнглингнинг
Қулфларини бузиб бораман.
Кўз ололмай қизил гулхандан,
Ҳаловат йўқ кундуз-да, тун-да,
Йўл тополмас ожиза тандан
Тушовларни узиб бораман.
Куз кўчангда довулдай тўзиб,
Ўйларимни мезондай чўзиб,
Сукунатнинг тинчини бузиб,
Кафтимда чўғ сузиб бораман.
Фасл-да бу, навбат этувчи,
Ёз келганда, баҳор кетувчи,
Суягимни сим-сим этувчи
Оғриқларни сезиб бораман.
Етмас бўлса ҳаққим даъвога,
Сиғмай қолсам куйга-навога,
Алвон этиб, кўм-кўк ҳавога
Ишқ расмини чизиб бораман.
Ватан сийрати
«Синглимнинг ўсмаси оқмасин»-
Юзига термулиб тураман.
«Акамга кўзим тик боқмасин»-
Юрагим эгилиб тураман.
Болалик-югурган шамоллар,
Йўлини қоялар тўсмайди.
Кафтида энг гўзал аъмоллар,
Жонида тиконлар ўсмайди.
Энг гўзал изларни чизади,
Тупроққа судралган этаклар.
Руҳида жаннатлар кезади,
Иситиб қўяди эртаклар.
Бобомнинг юзида кун тиғи,
Қолдирган йўлларни сўнг билдим.
Момомнинг заранг, тол урчуғи,
Айланган изларга қоқилдим.
Айланди учқурдек чархпалак,
Чўмичи неча бор қуйилди.
Кафтида улғайдим, эй, фалак,
Момом ҳам Ватандек туюлди.
Тупроқнинг исида не сирлар,
Қўшиқ айт, кўнглимнинг париси.
Соғинч ҳам, муҳаббат, меҳрлар,
Қўшилиб кетгандай бариси.
Онам сут пишириб ҳар саҳар,
Зуҳраси энг аввал кўради.
Отамнинг елкаси бир шаҳар,
Биз кўрган орзулар туради.
Бугун менинг шоирлигим чин,
Ой нурлар элайди устимдан.
Дунёнинг тўнини кенг бичинг,
Мен бериб тураман кўстимдан.
Болалик, шамолдай йўқ тинчим,
Дийдор айт синглимдан, дўстимдан.
Уйғотиб юборди соғинчим,
Учди кўк каптарлар кўксимдан.
Отам, иним, кўз-қошим-Ватан,
Ҳавом, ерим, қуёшим-Ватан.
Бир умрни сўнгсиз гуллайман,
Охирларим ва бошим-Ватан.
Эътироф
Тупроқ бўлиб яшашни ўрган,
Қўшилиб ол тўрт фасл билан.
Оқ тонглардан ҳур туш кўрган,
Ватан деган бир туйғу тилак.
Шу дарахтлар тафтинг олади,
Юраги бор ҳар тўрт томоннинг.
Гар қоқилсанг, суяб қолади,
Елкалари зангор осмоннинг.
Шу заминда тоғлар виқорли,
Шу заминда шамол майиндир.
Шу заминда шомлар ифорли,
Шукрларинг умр сайиндир.
Қўл ташлаган қуёш елкамга,
Кўзларимдан меҳр унади.
Ватан десам, шу бир каломга,
Ҳурликларнинг бари кўнади.
Эй, ватандош! Иниб гулларга,
Эгачингга ўхшаб қўяман.
Ўғил-қизинг юрган йўлларга,
Бор жонимни тўшаб қўяман.
Ой тунларни ёритар атай,
Йўл бошига сўзсиздек борма.
Қулоғига исмингни айтмай-
Кунларингни қўйиб юборма.
Айланади кўҳна чархпалак,
Бу умрнинг ёмғирлари бор.
Бошқасининг саждаси бўлак,
Ўзинг томон ўзингни юбор.
Ҳовучимга оламан жойлаб,
Бир қаричмас дунёнинг эни.
Ҳад билмаган кенгликлар бўйлаб,
Ҳар тонг Ватан уйғотар мени.
Usmon AZIM
O’zbekiston xalq shoiri
QUVONCH XAT
Yosh ijodkorlar yig’inining ochilish marosimi tugab, katta-kichik aralash tashqariga chiqayotganimizda, bir qiz iymanibgina salom berdi. So’rashib o’tib ketaverdim. Hamrohim, kamgapgina Shodmonqul Salom: “Shu qiz – zo’r shoira!” deb qoldi. Bir pasdan so’ng. “Rostdanmi?” dedim, jiddiy tortib. “Ha, endi!.. – O’sha she’rlar mazasini hali ham tuyub, boshini sarak-sarak qildi Shodmonqul Salom. – She’rlarini o’qib, seskanib ketdim!”. Uning gapidan mening etu suyagim jimirladi! Tamom! Men shu singlimizning she’rlariga oshiqu beqaror bo’ldim-qoldim! Shunaqa odatim bor! Bir joyda yaxshi kitobning, she’rning daragini eshitsam, besabrlik bilan izlashga tushaman.
Singlimning she’rlarini topib berishni so’radim.
Keyin, o’sha anjuman qatnashuvchilaridan birini ko’rib qoldim. “Nargiza degan bir qizning she’rlari juda yaxshi ekan”, dedi u. Men esa, Shodmonqul Salom maqtagan egachimizning she’rlarini surishtirgan bo’ldim. Ammo, na o’zini, na otasining ismini bilaman.
U yoq-bu yoqqa qo’ng’iroq qilib, xushxabar oldim. Singlimizning she’rlari juda yuqori baholanibdi. Ilk kitobini chiqarib berishadigan bo’lishibdi… Ismi – Nargiza!.. Nargiza Odinaeva!
Mana, bir necha kunki, uning she’rlarini men ham lazzatini tuyib yuribman. Nazarimda, bu qizimiz barcha iste’dodli ustozlari kabi adabiyotga katta shoira bo’lib kirib kelayapti. She’rlari his-hayajonga to’la, yurakni hapqirtiradigan darajada ta’sirli – og’riqli dardlar, allaqanday sog’inch, o’ziga sig’may to’lg’anishlar, dashtu dala yanglig’ tabiiylik…
Nargizaning she’rlarida oliftachilik yo’q. She’rlari allaqachon o’zlashtirgan yo’llarda yozilgan. Ammo, ular ajib bir – kutilmagan – chiroyda balqiydi. Demak, yurilaverib uvadasi chiqqan yo’llarni iste’dod yangilar ekan-da?!.
Nargizaning she’rlarini uydagilarga o’qib berdim, she’rni qadrlaydigan do’stlarga ham telefonda o’qidim.
Necha kunki, shunday quvonib yuribman.
Chunki, iste’dod bilan uchrashuv baxt yanglig’ yurakni qanotlantiradi.
Yana, nima dey!
Nargizaga shoirlik muborak bo’lsin!
Nargiza Odinaeva
NIGOHIMDA GULLAR TUYG’ULAR IZSIZ
Nargiza Odinaeva 1988 yilda Surxondaryo viloyatida tug’ilgan. “Kelajak ovozi” tanlovi viloyat bosqichi g’olibi. “Do’rmon” ijodkor yoshlar seminari qatnashchisi. “Yo’ldagi maktublar” kitobi muallifi.
Ko’ngil manzili
Tog’larni sog’inib buzildi chillam,
Tonggimdan adashdim, vaqt – uchar gilam,
Lahzam ibodatdir, manzilim – qiblam,
Yo’lim joynamoz, deb, chiqdim safarga.
Yomg’irda mast qildi bo’ylari gilning,
Endi kamlik qilar to’rt fasli yilning,
So’zlari berkinib oladi dilning,
Topmayman… nelarni yozay daftarga.
Vatan, tog’laringda gulxan yoqaman,
Soylaringda jilg’a bo’lib oqaman,
Karvonlar qoldirgan izga boqaman,
Shu yo’ldan yetgum bor bir kun zafarga.
Savol
Ko’k va zamin aro hadsiz makon bor,
Bag’ringda ardoqda gul bor, tikon bor,
Hammaga atalgan yo’l bor, arkon bor,
Bag’ringda kim bo’lib yashayin dunyo?
Haqqa talpinguvchi yulduz – yaproqman,
Gohida to’laman, gohi ozroqman,
Qismat qozonida kuygan bodroqman,
Bag’ringda kim bo’lib yashayin dunyo?
Bilmayman, shomlardan hikmat olmoqni,
Mo’minning kaftiday nurga to’lmoqni,
Men eplay olmadim odam bo’lmoqni,
Bag’ringda kim bo’lib yashayin dunyo?
Ko’kda ovozi bor hatto qushning ham,
Tog’larda izi bor sovuq qishning ham,
Kulday javobi bor bul yonishning ham,
Bag’ringda kim bo’lib yashayin dunyo?
Bariga
Yo’llar meni kutib, iz taxlayverar,
Shamol yuragimni varaqlayverar,
Ko’nglim eshiklari taraqlayverar,
Ko’nikib qolganman bari-bariga.
Qush bo’lsang – burgut bo’l, bo’lmagin g’ajir,
Yo’qsa, boshing tomon ilonlar sapchir,
Nega to’rt faslda gullamas anjir?
Ko’nikib qolganman bari-bariga.
To’xtamay yugurib o’taver, anhor,
Kuzdan keyinga bosh qorong’i bahor,
Ko’nglim nima ekan, dunyo – o’zi tor,
Ko’nikib qolganman bari-bariga.
…Bormanmi, yo’qmanmi, xoksor itingcha,
Meni ranjitaver istaganingcha,
Borar yerim, xolos, qaldirg’och incha…
Ko’nikib qolganman bari-bariga.
Yomg’ir
Yo’llarimda taqdirning kuzlab ketgan bog’i bor,
Yelkamda bir quyoshning muzlab yotgan tog’i bor,
Qushlarga in ko’nglimda mingta oyning dog’i bor,
Meni yomon demagin, meni yomon demagin.
Bag’rimdagi qushlarim yongan qo’shiq istaydi,
Sening mehringsiz dilda bir beshik huvillaydi,
Joningga ozor bergan yantoqlar ham gullaydi,
Meni yomon demagin, meni yomon demagin.
Fasllarga ko’nmaydi dilda ungan chechaklar,
Dunyoga to’ylar tilab mening so’zim kurtaklar,
O’zimga olib qaytmas, o’zim aytgan ertaklar,
Meni yomon demagin, meni yomon demagin.
Bunda boshim xazonu ketgan bahor bilmasa,
Qahratondek qismatim qoshu ko’zlik qilmasa,
Yig’layapman, yig’imdan aytsam ko’ngling to’lmasa,
Meni yomon demagin, meni yomon demagin.
Yo’llarimda taqdirning kuzlab ketgan bog’i bor,
Yelkamda bir quyoshning muzlab yotgan tog’i bor,
Men-ku yerda yuribman, hatto oyning dog’i bor,
Meni yomon demagin, meni yomon demagin.
Bir kunim
Yuzimni onamdek silasa sabo,
Rayhon taraladi kokillarimdan.
Toshlariga qo’shib oqizdi daryo,
Meni chaqirib ol, sohillaridan.
Bayrog’i bo’ldim men qizil shafaqning,
Shom langar tashladi lahzalarimga.
Poylarini o’pib, quchdim tuproqning,
Endi ne yozilgay sahfalarimga?
Nigohimda gullar tuyg’ular izsiz,
Tomirimga sig’may yig’laydi qonim.
O’rmak yuguraman yozsiz va kuzsiz,
Sen meni kechirgin, qil bo’lgan jonim.
Kuzoynagin taqib ulgurmay quyosh
Nimalarni ko’rar ufqdan-ufqqacha?
Ko’ksimga bosh qo’yib, yig’layotgan tosh
Neni joylayapsan ichdan-ichgacha?
Qizil shamlarini yoqqanda samo,
Qora tashvishlari ortdi havoning.
Tunni yelkalagan ey, bedil dunyo,
Mening yuragimga botdi tovoning.
Boraman
Gullamas u anjir ko’nglingning,
Qo’shiq aytsam ranjir ko’nglingning,
Menga yopiq zanjir ko’nglingning
Qulflarini buzib boraman.
Ko’z ololmay qizil gulxandan,
Halovat yo’q kunduz-da, tun-da,
Yo’l topolmas ojiza tandan
Tushovlarni uzib boraman.
Kuz ko’changda dovulday to’zib,
O’ylarimni mezonday cho’zib,
Sukunatning tinchini buzib,
Kaftimda cho’g’ suzib boraman.
Fasl-da bu, navbat etuvchi,
Yoz kelganda, bahor ketuvchi,
Suyagimni sim-sim etuvchi
Og’riqlarni sezib boraman.
Yetmas bo’lsa haqqim da’voga,
Sig’may qolsam kuyga-navoga,
Alvon etib, ko’m-ko’k havoga
Ishq rasmini chizib boraman.
Vatan siyrati
«Singlimning o’smasi oqmasin»-
Yuziga termulib turaman.
«Akamga ko’zim tik boqmasin»-
Yuragim egilib turaman.
Bolalik-yugurgan shamollar,
Yo’lini qoyalar to’smaydi.
Kaftida eng go’zal a’mollar,
Jonida tikonlar o’smaydi.
Eng go’zal izlarni chizadi,
Tuproqqa sudralgan etaklar.
Ruhida jannatlar kezadi,
Isitib qo’yadi ertaklar.
Bobomning yuzida kun tig’i,
Qoldirgan yo’llarni so’ng bildim.
Momomning zarang, tol urchug’i,
Aylangan izlarga qoqildim.
Aylandi uchqurdek charxpalak,
Cho’michi necha bor quyildi.
Kaftida ulg’aydim, ey, falak,
Momom ham Vatandek tuyuldi.
Tuproqning isida ne sirlar,
Qo’shiq ayt, ko’nglimning parisi.
Sog’inch ham, muhabbat, mehrlar,
Qo’shilib ketganday barisi.
Onam sut pishirib har sahar,
Zuhrasi eng avval ko’radi.
Otamning yelkasi bir shahar,
Biz ko’rgan orzular turadi.
Bugun mening shoirligim chin,
Oy nurlar elaydi ustimdan.
Dunyoning to’nini keng biching,
Men berib turaman ko’stimdan.
Bolalik, shamolday yo’q tinchim,
Diydor ayt singlimdan, do’stimdan.
Uyg’otib yubordi sog’inchim,
Uchdi ko’k kaptarlar ko’ksimdan.
Otam, inim, ko’z-qoshim-Vatan,
Havom, yerim, quyoshim-Vatan.
Bir umrni so’ngsiz gullayman,
Oxirlarim va boshim-Vatan.
E’tirof
Tuproq bo’lib yashashni o’rgan,
Qo’shilib ol to’rt fasl bilan.
Oq tonglardan hur tush ko’rgan,
Vatan degan bir tuyg’u tilak.
Shu daraxtlar tafting oladi,
Yuragi bor har to’rt tomonning.
Gar qoqilsang, suyab qoladi,
Yelkalari zangor osmonning.
Shu zaminda tog’lar viqorli,
Shu zaminda shamol mayindir.
Shu zaminda shomlar iforli,
Shukrlaring umr sayindir.
Qo’l tashlagan quyosh yelkamga,
Ko’zlarimdan mehr unadi.
Vatan desam, shu bir kalomga,
Hurliklarning bari ko’nadi.
Ey, vatandosh! Inib gullarga,
Egachingga o’xshab qo’yaman.
O’g’il-qizing yurgan yo’llarga,
Bor jonimni to’shab qo’yaman.
Oy tunlarni yoritar atay,
Yo’l boshiga so’zsizdek borma.
Qulog’iga ismingni aytmay-
Kunlaringni qo’yib yuborma.
Aylanadi ko’hna charxpalak,
Bu umrning yomg’irlari bor.
Boshqasining sajdasi bo’lak,
O’zing tomon o’zingni yubor.
Hovuchimga olaman joylab,
Bir qarichmas dunyoning eni.
Had bilmagan kengliklar bo’ylab,
Har tong Vatan uyg’otar meni.
Ассалому алайкум! Устоз, рахмат Сизга. Жонингиз омон булсин. Омин!