Ne’mat Arslon. Qulfbuzar. Novella

021      Инсон психикасини ўрганиш ва ўргатишда бу қавмга тенг келадигани йўқ. Масалан, ўғри-қулф­бузар қандай шахс? У бирорбир бойваччанинг уйига ўғирликка тушиш учун не чоғли тайёргарлик кўради? Бу пайтда унинг руҳий ҳолатидан нималар кечади?

Неъмат АРСЛОН
ҚУЛФБУЗАР
045

Шаффоф матоҳ устига тушган доғдай шувалиб, тўзғоқ бир тарзда яйралиб кўринаётган яшил ранглар шафтоли дарахтининг япроқлари, қизғиш доғлар эса унинг меваси… Оддий шафтоли дарахти учун бунчалик катта харажат қилиш, унинг атрофини шиша деворлар билан ўраб, эшигига қулф уриб қўйиш оддий одамнинг иши эмас. Бу одам ё афанди, ёки файласуф. Қулфбузар миясининг чуқур қаватларини қанчалик ҳафсала билан титкиламасин, шу аснода Леанардо да Винчидан бўлак бирорта буюк ақл эгасининг номи ёдига келмади. Аслида унинг касбу кори олимлару кашфиётчиларнинг фан – техника соҳасидаги ихтиролари билан боғлиқ. Хусусан, файласуфлардан қўрққулик.

003Инсон психикасини ўрганиш ва ўргатишда бу қавмга тенг келадигани йўқ. Масалан, ўғри-қулф­бузар қандай шахс? У бирорбир бойваччанинг уйига ўғирликка тушиш учун не чоғли тайёргарлик кўради? Бу пайтда унинг руҳий ҳолатидан нималар кечади? Аслини олганда, қулфларнинг тобора ва кун сайин такомиллашиб бориши ва янгидан янги минглаб синоатга эга бўлган қулф­лар яратилаётганлиги ҳам инсон онгининг ва қўлининг маҳсули. Ихтирочи янги қулф яратиш устида ўйларкан, албатта қулфбузарни назарда тутади, уни кўз ўнгидан қочирмасликка ҳаракат қилади. Қулф ичига мураккаб механизмларни жойлаш жараёнида “Қани, мана бунисини ҳам очиб кўр-чи”, деб ўз ихтиросининг синоатларидан мамнун жилмаяди. “Бечора қулфбузар”, деб ҳатто заҳарханда қилиб қўяди. Шунинг учун ҳам мен бу типдаги кишиларнинг ҳаётини ва ихтироларини синчиклаб ўрганаман. Бу ҳаёт тақозоси. Қулфлар эса…

Қулфбузар ана шундай хаёллар билан шиша деворга, бир туп шафтоли дарахтини қўриқлаб турган қимматбаҳо ва кўринишидан ички қурилмаси ўта мураккаб қулфга синчиклаб қаради. Қизғиш ялтироқ ва афтидан жуда мустаҳкам металлдан ясалган қулф ҳам ўз кушандасини менсимагандай, гўёки энг сўнгги модада кийиниб кўчага чиққан аёлдай таманно қилиб турарди. Шиша девор қай даражада қалин бўлмасин, уни синдириб хонага кириш ҳеч гап эмас. Аммо ҳақиқий қулфбузар бундай қилмайди. Қулф қанчалик мураккаб қурилмага эга бўлса, қулфбузар учун шунча қизиқ. Ўз ғанимининг устидан ғалаба қозонишга бўлган иштиёқ шунчалик сарбаланд. Аслида қулфлар Тиркаш учун ғаним ҳам эмас, балки…

Биласизми, инсонлар ўртасида тушуниш бироз мураккаб бўлган ғалати бир руҳий ҳолат бор: эркак зотига қиё ҳам боқмайдиган ва ўзининг беқиёс жозибасига ортиқ даражада ишонган аёлни қўлга олиш учун баъзи бир кишилар бор илму амалларини ишга соладилар ва агар унинг муҳаббатига сазовор бўлсалар, ўзларини дунёдаги бор эркак зотининг кулангири деб биладилар. Ҳеч ким эгар уролмаган асов отни жиловлаган чавандозда ҳам шунга ўхшаш ҳолатни кузатиш мумкин. Тиркашни тушуниш учун қилинган бундай муқояса балки ножоиздир, фақат қарийб болалик пайтларидан бошлаб бутун умр қулфларга қизиқиб, уларни бўйсиндириш, инсон қўли ва ақлининг нималарга қодирлигини намойиш этиш унга беқиёс завқ бағишлаб келган ва ҳаётининг мазмунига айланиб қолган.

Қулфбузар ғанимига “сабр қилиб тур” дегандай бир қараб, кўз қисиб қўйди-да, хаёлидан ўтган фикрлар таъсирида шиша девордан узоқлашди. Унинг хатти-ҳаракатидан мутлақо шошилмаётганини англаш қийин эмас. Дарҳақиқат, у шиша уйчадан узоқлашиб, ҳовлини бамайлихотир кезиб чиқди. Ва кўп йиллик тажрибасида сира дуч келмаган ҳолатни кўрди. Бир туп шафтоли қулфлаб қўйилгани ҳолда, уй эшиги ва ундаги барча хоналар очиқ!

Айниқса, деворлари турли кўринишдаги расмлар билан тўла кенг зални ва бошқа катта-кичик хоналарни бирма-бир кезиб юраркан (унинг бамайлихотир кезиб юрганига сабаб шуки, уй эгасини бир неча кун давомида кузатиб, кечки говгум паллага қадар қирлар орасида ўтириб расм чизишини ва уйига кеч қайтишини билиб олган эди), рассомнинг уйида сувратлар, бўёқлару беҳисоб чизгилардан бўлак ҳеч вақо йўқлигини англади. Сувратлар эса дунёнинг ярим мулкига бергулик. Ажабо! Шунча қимматбаҳо санъат асарлари жойлашган хоналар очиғ-у, бир туп шафтоли… Ногоҳ унинг назари жилмайиб турган аёл сувратига тушди. Бу Леанардо да Винчининг Жакондаси. Ҳа, Мона Лиза деганлари шу аёл. Унинг табассуми тўғрисида уч мингдан ортиқ асар ёзилган. Аммо ҳали бирор бир тадқиқотчи бу табассум билан Мона Лиза нима демоқчилигини исботлаб беролган эмас. Мен эса биламан, хаёлидан ўтказди Тиркаш – сочи тўкила бошлаган ярғоқ бошини силаб – Мона Лиза: “Аёл қалби – энг сирли қулф”, деб турибди. Тиркашнинг хаёлида ўзга шаҳарнинг узоқ бир гўшасида қолиб кетган аёл сиймоси жилваланди. Муҳаббат, рашк ва нафрат, айрилиқ… Қулфлар аёлнинг душманига ва балки кундошига айланган онлар… Тиркашни севимли касбидан ажратишга, уни қулфлар сеҳридан жудо қилишга уриниб яшаган аёл энди йўқ. Оила қўрғонининг бузилишига сабаб бўлган низо бундан етти ой муқаддам рўй берди. Тиркаш энг янги русумдаги қулфни сотиб олиб уйига қайтаркан, Сурбинани кўрди. Аёл уни кутиб деразадан қараб турарди. Аммо Тиркаш уйга эмас, ҳовли адоғидаги омборхонага йўл олди. Тезроқ қулфни очиш, ички механизмларини кўздан кечириш, схемасини чизиш ва уни қайта териб, очқич қуроллар ёрдамида, калит ишлатмасдан очиш иштиёқида ёнарди. Бир юз саксон минг тилсимга эга бўлган ва “Скринкира” деб номланган инглиз қулфи, ҳақиқатан ҳам, ечилмаган жумбоқ. Тиркаш уч кеча кундуз беркиниб олган гўшасидан чиқмай, кулф билан бирга бўлди.

Тунлар кўз юммай уни силаб сийпалади. Бағрига босиб ётди. Уни ўзидаги бор ҳиссиёт билан авради ва эркалади. Скринкира эса рўйхушлик беришни истамас, шу жиҳати билан Сурбинага ўхшарди. Бу типдаги қулф калитнинг ички механизмларига томон кириб боришига дастлаб енгилгина қаршилик кўрсатади, ниманидир хоҳламаётгандай, нимадир унга озор бераётгандай ва яна нимадир уни ҳақорат қилаётгандай… Кейин эса нақ қалби остида ҳаракатлана бошлаган “келгинди”ни осонликча қўйворишни истамайди. Пировард натижада “шилқ” этган овоз эшитилади ва қулф бўшашиб кетади…

Тиркаш Скринкирани хона бурчагида уюлиб ётган қулфлар тўдаси томон отиб юборди. Чунки унинг сири очилган ва энди қулфбузарни аввалгидек жозиб куч билан ўзига тортмасди. Мудроқ ичида девордаги сувратларга қаради. Файласуфлар, ёзувчилар… Рассомлар: Ван Гог, П.Сезанн, рангнинг тиниқлиги ва оҳангдорлиги учун кураш. Постимпрессионизм. Шу қаторда Рўзи Чориевнинг автопортрети. Тиркаш рассомчиликка қизиқиб, санъат коллежида ва кейинчалик институтда ўқиб юрган кезлари бу рассом билан яқиндан танишган, ўқишдан ҳайдалганидан кейин ҳам рассомнинг устахонасида маълум бир муддат истиқомат қилиб турган эди. “Инсон токи мақсадига эришгунга қадар ўлиб-тирилиб, бутун кучини, тажрибасини, макру ҳийласини ҳам ишга солиб ҳаракат қилади-ю, муроди ҳосил бўлгандан сўнг ўша нарсани бузуқ қулфдек отиб юборади? Бу ҳолатни қандай изоҳлаган бўлардилар сувратлардаги улуғлар?..” Тиркашнинг мулоҳазаси шу жойга келганда эшик қарсиллаб очилиб, остонада Сурбина пайдо бўлди. Бу севишганларнинг сўнгги мулоқоти эди…

Мана, энди ўзга бир хонадондаги сувратларни томоша қиларкан, бир неча сонияга чўзилган руҳий мулоқот бирдан барҳам топди. Қандайдир мубҳам бир куч уни ортига ўгрилиб қарашга ундади. Не кўз билан кўрсинки, оиласини бузган ва сўнгги қаттол жангга сабаб бўлган Скринкира девор сиртидан унга “қараб турарди”. Қулф ёрқин бўёқларда шу даражада мукаммал чизилган эдики, Тиркаш беихтиёр чўнтагини ковлаштириб синхрон очқични пайпаслаб қўйди ва бу ерга не мақсадда келганини эслаб қолиб, эшик томон юрди. Шиша уй эшигини Скринкиранинг ўзи ҳамон ўша алпозда қўриқлаб турибди. Лабларида қотиб қолган истеҳзо билан қулфга яқинлашди Тиркаш. Рақибининг бор илму амалини яхши биладиган полвонлар юзида бўлади одатда бундай табассум. Қулфбузарнинг сезгир бармоқлари қулф сиртини сермаб ўтди. Очқич ишга тушди. Скринкира узоқ қаршилик кўрсатмай таслим бўлди. Эшик очилди. Хона ичида бир тўп шафтоли дарахтидан бошқа ҳеч нарса йўқ. Лаҳза ичида вазиятни баҳолади Тиркаш. “Бу бир ниқоб” хаёлидан ўтказди у. Оддий бир дарахт ҳимояси учун бунчалик эътибор, эҳтиёткорлик ва харажат қилиш ақлга сиғмайди. Демак, уй эгасининг хазинаси шу ерда. Аммо тажрибали ўғриларга хос ҳиссиёт билан англадики, бир гилам катталигидаги чоғроқ майдончада хазина ҳам, дафина ҳам йўқ. Деворлар эса шаффоф шишадан. Ақлли одам хазинани тупроқ тагига кўммаслиги ҳам аён. Демак, дарахтнинг ўзида бир гап бор. Ям-яшил узунчоқ барглар, қизариб пиша бошлаган мевалар, ғадир-будир тана, шохлар ва новдалар… Танаси у қадар йўғон ҳам эмас. Бор-йўғи ўн беш йил атрофида умр кўрадиган бу дарахт – танасининг ўлчамига ва шох-шаббаларининг ҳали қорақўтир пўстлоқ билан қопланиб улгурмаганига қараганда – нари борса, етти-саккиз баҳорни кўрган. Унинг ҳақиқий аёллик даври ҳали олдинда. (Тиркаш шафтоли дарахтини ҳамиша аёлга қиёсларди). Бир умр боғбонлик касбига содиқ қолган отасидан ягона мерос эди бу гап. Қулфлар сирига қизиқмаганимда албатта отамнинг касбини эгаллаган бўлардим, дея хаёлидан ўтказди қулфбузар. Ва дарахт танасини силаб қўйди. Бармоқлари тананинг орқа тарафидаги қандайдир силлиқ ва юмшоқ туганакни пайпаслаб ўтди. Арпа бошоғидек қалин ва қўнғиртоб қошлари чимрилди унинг. Узун, ингичка ва сезгир бармоқлар яна ортига томон ҳаракатланиб, ўша туганак устида тўхтади. Тиркаш дарахт танасини айланиб ўтиб, пўстлоққа маҳкам ёпишган қаҳрабо рангдаги елимшакни кўрди. Бу касаллик ва исён аломати. Нимадандир азобланса, ўзини қийнаётган кучга бўлган ғазабини елимшак воситасида англатади дарахт. Дарахтни азоблаган нарса парманинг изи. Елимшакни қўпориб олди ва унинг остида оддий қаламнинг учи сиғадиган кавакни кўрди. Парма қолдирган жароҳат ҳали битиб улгурмаган. Ёки уй соҳиби танадаги тешикни бегона кўзлардан беркитиш учун елимшак билан ниқоблаб қўйдимикин?

“Булбулнинг кўзидай бир дона гавҳар –
Пода-пода ҳўкизлар галасига тенг”.

Дабдурустдан ёдига келган бу мисралар Қулфбузарнинг хаёлини банд этган янги бир фикр ифодаси эди. Шафтоли танасидаги кавакда гавҳар яшириб қўйилган бўлса-чи?! Хазинани яширин сақлаш учун бундан-да антиқа ва бундан-да маккорона усул бўлиши мумкинми? Бутун дунё ўғрилари биргалашиб қирқ кеча-кундуз ўйласалар ҳам, уларнинг хаёлига келмайдиган иш. Ўз фикри ўзига бачкана ва асоссиз кўринди, рассомда гавҳар не қилсин! Шундай бўлса-да, қўйнидан қизил дастали синхрон очқични олиб, кавакка суқиб кўрди. Очқич қандайдир майин, кукунсимон бир нарсани кесиб ўтганини илғади. Бундай паллада очқич бармоқларнинг гўёки давомига айланар ва энг мураккаб электрон ўлчов ускуналар ҳам илғай олмайдиган тебранишларни соҳибининг бармоқларига олиб узатарди. Дарахт танасидан юқорига томон шиддат билан кўтарилаётган шарбат оқимини, ернинг нафасини илғади асбоб ва бу оқимга яна қандайдир мубҳам зарралар ҳам аралашиб бораётганини бармоқларга етказди. “Кавакда гавҳар йўқ, қандайдир кукун бор”, деди очқич ўз тилида. Аммо бу ҳолат қулфбузарни ташвиш­лантирмади. Энг муҳими бу эмас. Етти ой муқаддам ўтказган тажрибасини бугун амалда синаб кўрди. “Скринкира” унга ўзини бағишлади! Ана шу муҳим!

“Шафтолихўрлик қилишдан бошқа ишим қолмади” – хаёлидан ўтказди Тиркаш, қўлларини енгсиз жужунчасининг барига артаркан. Эндигина ранг ола бошлаган мевалар ҳали етилиб пишмаганлигини билса-да, кучли чанқоқ таъсирида дарахт танасидан ушлаб қаттиқ силкилади. Тап-туп этиб уч дона шафтоли тушди. Улардан бирини олиб жужунчасининг майда тўр тутилган кўкрагига артиб суртди ва сабрсизлик билан карсиллатиб тишлади-ю, бу ерга нима мақсадда келганини тамоман унутди. Шафтоли меваси ҳали думбилроқ бўлса-да, ширин ва хушбўй! Сўнгра қизғиш, ғадир-будир уч дона данакни кафтига олиб, бутун бошли дарахтни, унинг япроқларию меваларини, ранги ва таъмини ва ҳаттоки томирларини ҳам ўзида мужассам этган бу мўъжизага, ҳеч қандай калит билан очиб бўлмайдиган бу “қулф”га бир муддат тикилиб ўтирди, чуқур хўрсинди ва қандайдир ширин хаёл таъсирида бош тебратиб қўйди. Кейин данакларни чўнтагига солиб ўрнидан турмоқчи бўлди. Туролмади, чўккалаб қолди. Ичида кучли оғриқ қўзғалиб дунё кўзига бир тутам бўлиб кўринди. Йиқилмаслик учун дарахт танасини маҳкам қучоқлади ва нажот кутгандай осмонга қаради. Дарахт осмон тоқида чирпирак уриб айланар, япроқлар шовуллар, шафтолилар дона-дона бўлиб, мовий бўшлиқни қизғиш ранг­лар билан бўярди…

Манба: «Ёшлик» журнали веб-саҳифаси

054

Ne’mat ARSLON
QULFBUZAR
045

Shaffof matoh ustiga tushgan dog’day shuvalib, to’zg’oq bir tarzda yayralib ko’rinayotgan yashil ranglar shaftoli daraxtining yaproqlari, qizg’ish dog’lar esa uning mevasi… Oddiy shaftoli daraxti uchun bunchalik katta xarajat qilish, uning atrofini shisha devorlar bilan o’rab, eshigiga qulf urib qo’yish oddiy odamning ishi emas. Bu odam yo afandi, yoki faylasuf. Qulfbuzar miyasining chuqur qavatlarini qanchalik hafsala bilan titkilamasin, shu asnoda Leanardo da Vinchidan bo’lak birorta buyuk aql egasining nomi yodiga kelmadi. Aslida uning kasbu kori olimlaru kashfiyotchilarning fan – texnika sohasidagi ixtirolari bilan bog’liq. Xususan, faylasuflardan qo’rqqulik.

005Inson psixikasini o’rganish va o’rgatishda bu qavmga teng keladigani yo’q. Masalan, o’g’ri-qulf­buzar qanday shaxs? U birorbir boyvachchaning uyiga o’g’irlikka tushish uchun ne chog’li tayyorgarlik ko’radi? Bu paytda uning ruhiy holatidan nimalar kechadi? Aslini olganda, qulflarning tobora va kun sayin takomillashib borishi va yangidan yangi minglab sinoatga ega bo’lgan qulf­lar yaratilayotganligi ham inson ongining va qo’lining mahsuli. Ixtirochi yangi qulf yaratish ustida o’ylarkan, albatta qulfbuzarni nazarda tutadi, uni ko’z o’ngidan qochirmaslikka harakat qiladi. Qulf ichiga murakkab mexanizmlarni joylash jarayonida “Qani, mana bunisini ham ochib ko’r-chi”, deb o’z ixtirosining sinoatlaridan mamnun jilmayadi. “Bechora qulfbuzar”, deb hatto zaharxanda qilib qo’yadi. Shuning uchun ham men bu tipdagi kishilarning hayotini va ixtirolarini sinchiklab o’rganaman. Bu hayot taqozosi. Qulflar esa…

Qulfbuzar ana shunday xayollar bilan shisha devorga, bir tup shaftoli daraxtini qo’riqlab turgan qimmatbaho va ko’rinishidan ichki qurilmasi o’ta murakkab qulfga sinchiklab qaradi. Qizg’ish yaltiroq va aftidan juda mustahkam metalldan yasalgan qulf ham o’z kushandasini mensimaganday, go’yoki eng so’nggi modada kiyinib ko’chaga chiqqan ayolday tamanno qilib turardi. Shisha devor qay darajada qalin bo’lmasin, uni sindirib xonaga kirish hech gap emas. Ammo haqiqiy qulfbuzar bunday qilmaydi. Qulf qanchalik murakkab qurilmaga ega bo’lsa, qulfbuzar uchun shuncha qiziq. O’z g’animining ustidan g’alaba qozonishga bo’lgan ishtiyoq shunchalik sarbaland. Aslida qulflar Tirkash uchun g’anim ham emas, balki…

Bilasizmi, insonlar o’rtasida tushunish biroz murakkab bo’lgan g’alati bir ruhiy holat bor: erkak zotiga qiyo ham boqmaydigan va o’zining beqiyos jozibasiga ortiq darajada ishongan ayolni qo’lga olish uchun ba’zi bir kishilar bor ilmu amallarini ishga soladilar va agar uning muhabbatiga sazovor bo’lsalar, o’zlarini dunyodagi bor erkak zotining kulangiri deb biladilar. Hech kim egar urolmagan asov otni jilovlagan chavandozda ham shunga o’xshash holatni kuzatish mumkin. Tirkashni tushunish uchun qilingan bunday muqoyasa balki nojoizdir, faqat qariyb bolalik paytlaridan boshlab butun umr qulflarga qiziqib, ularni bo’ysindirish, inson qo’li va aqlining nimalarga qodirligini namoyish etish unga beqiyos zavq bag’ishlab kelgan va hayotining mazmuniga aylanib qolgan.

Qulfbuzar g’animiga “sabr qilib tur” deganday bir qarab, ko’z qisib qo’ydi-da, xayolidan o’tgan fikrlar ta’sirida shisha devordan uzoqlashdi. Uning xatti-harakatidan mutlaqo shoshilmayotganini anglash qiyin emas. Darhaqiqat, u shisha uychadan uzoqlashib, hovlini bamaylixotir kezib chiqdi. Va ko’p yillik tajribasida sira duch kelmagan holatni ko’rdi. Bir tup shaftoli qulflab qo’yilgani holda, uy eshigi va undagi barcha xonalar ochiq!

Ayniqsa, devorlari turli ko’rinishdagi rasmlar bilan to’la keng zalni va boshqa katta-kichik xonalarni birma-bir kezib yurarkan (uning bamaylixotir kezib yurganiga sabab shuki, uy egasini bir necha kun davomida kuzatib, kechki govgum pallaga qadar qirlar orasida o’tirib rasm chizishini va uyiga kech qaytishini bilib olgan edi), rassomning uyida suvratlar, bo’yoqlaru behisob chizgilardan bo’lak hech vaqo yo’qligini angladi. Suvratlar esa dunyoning yarim mulkiga bergulik. Ajabo! Shuncha qimmatbaho san’at asarlari joylashgan xonalar ochig’-u, bir tup shaftoli… Nogoh uning nazari jilmayib turgan ayol suvratiga tushdi. Bu Leanardo da Vinchining Jakondasi. Ha, Mona Liza deganlari shu ayol. Uning tabassumi to’g’risida uch mingdan ortiq asar yozilgan. Ammo hali biror bir tadqiqotchi bu tabassum bilan Mona Liza nima demoqchiligini isbotlab berolgan emas. Men esa bilaman, xayolidan o’tkazdi Tirkash – sochi to’kila boshlagan yarg’oq boshini silab – Mona Liza: “Ayol qalbi – eng sirli qulf”, deb turibdi. Tirkashning xayolida o’zga shaharning uzoq bir go’shasida qolib ketgan ayol siymosi jilvalandi. Muhabbat, rashk va nafrat, ayriliq… Qulflar ayolning dushmaniga va balki kundoshiga aylangan onlar… Tirkashni sevimli kasbidan ajratishga, uni qulflar sehridan judo qilishga urinib yashagan ayol endi yo’q. Oila qo’rg’onining buzilishiga sabab bo’lgan nizo bundan yetti oy muqaddam ro’y berdi. Tirkash eng yangi rusumdagi qulfni sotib olib uyiga qaytarkan, Surbinani ko’rdi. Ayol uni kutib derazadan qarab turardi. Ammo Tirkash uyga emas, hovli adog’idagi omborxonaga yo’l oldi. Tezroq qulfni ochish, ichki mexanizmlarini ko’zdan kechirish, sxemasini chizish va uni qayta terib, ochqich qurollar yordamida, kalit ishlatmasdan ochish ishtiyoqida yonardi. Bir yuz sakson ming tilsimga ega bo’lgan va “Skrinkira” deb nomlangan ingliz qulfi, haqiqatan ham, yechilmagan jumboq. Tirkash uch kecha kunduz berkinib olgan go’shasidan chiqmay, kulf bilan birga bo’ldi.

Tunlar ko’z yummay uni silab siypaladi. Bag’riga bosib yotdi. Uni o’zidagi bor hissiyot bilan avradi va erkaladi. Skrinkira esa ro’yxushlik berishni istamas, shu jihati bilan Surbinaga o’xshardi. Bu tipdagi qulf kalitning ichki mexanizmlariga tomon kirib borishiga dastlab yengilgina qarshilik ko’rsatadi, nimanidir xohlamayotganday, nimadir unga ozor berayotganday va yana nimadir uni haqorat qilayotganday… Keyin esa naq qalbi ostida harakatlana boshlagan “kelgindi”ni osonlikcha qo’yvorishni istamaydi. Pirovard natijada “shilq” etgan ovoz eshitiladi va qulf bo’shashib ketadi…

Tirkash Skrinkirani xona burchagida uyulib yotgan qulflar to’dasi tomon otib yubordi. Chunki uning siri ochilgan va endi qulfbuzarni avvalgidek jozib kuch bilan o’ziga tortmasdi. Mudroq ichida devordagi suvratlarga qaradi. Faylasuflar, yozuvchilar… Rassomlar: Van Gog, P.Sezann, rangning tiniqligi va ohangdorligi uchun kurash. Postimpressionizm. Shu qatorda Ro’zi Chorievning avtoportreti. Tirkash rassomchilikka qiziqib, san’at kollejida va keyinchalik institutda o’qib yurgan kezlari bu rassom bilan yaqindan tanishgan, o’qishdan haydalganidan keyin ham rassomning ustaxonasida ma’lum bir muddat istiqomat qilib turgan edi. “Inson toki maqsadiga erishgunga qadar o’lib-tirilib, butun kuchini, tajribasini, makru hiylasini ham ishga solib harakat qiladi-yu, murodi hosil bo’lgandan so’ng o’sha narsani buzuq qulfdek otib yuboradi? Bu holatni qanday izohlagan bo’lardilar suvratlardagi ulug’lar?..” Tirkashning mulohazasi shu joyga kelganda eshik qarsillab ochilib, ostonada Surbina paydo bo’ldi. Bu sevishganlarning so’nggi muloqoti edi…

Mana, endi o’zga bir xonadondagi suvratlarni tomosha qilarkan, bir necha soniyaga cho’zilgan ruhiy muloqot birdan barham topdi. Qandaydir mubham bir kuch uni ortiga o’grilib qarashga undadi. Ne ko’z bilan ko’rsinki, oilasini buzgan va so’nggi qattol jangga sabab bo’lgan Skrinkira devor sirtidan unga “qarab turardi”. Qulf yorqin bo’yoqlarda shu darajada mukammal chizilgan ediki, Tirkash beixtiyor cho’ntagini kovlashtirib sinxron ochqichni paypaslab qo’ydi va bu yerga ne maqsadda kelganini eslab qolib, eshik tomon yurdi. Shisha uy eshigini Skrinkiraning o’zi hamon o’sha alpozda qo’riqlab turibdi. Lablarida qotib qolgan istehzo bilan qulfga yaqinlashdi Tirkash. Raqibining bor ilmu amalini yaxshi biladigan polvonlar yuzida bo’ladi odatda bunday tabassum. Qulfbuzarning sezgir barmoqlari qulf sirtini sermab o’tdi. Ochqich ishga tushdi. Skrinkira uzoq qarshilik ko’rsatmay taslim bo’ldi. Eshik ochildi. Xona ichida bir to’p shaftoli daraxtidan boshqa hech narsa yo’q. Lahza ichida vaziyatni baholadi Tirkash. “Bu bir niqob” xayolidan o’tkazdi u. Oddiy bir daraxt himoyasi uchun bunchalik e’tibor, ehtiyotkorlik va xarajat qilish aqlga sig’maydi. Demak, uy egasining xazinasi shu yerda. Ammo tajribali o’g’rilarga xos hissiyot bilan angladiki, bir gilam kattaligidagi chog’roq maydonchada xazina ham, dafina ham yo’q. Devorlar esa shaffof shishadan. Aqlli odam xazinani tuproq tagiga ko’mmasligi ham ayon. Demak, daraxtning o’zida bir gap bor. Yam-yashil uzunchoq barglar, qizarib pisha boshlagan mevalar, g’adir-budir tana, shoxlar va novdalar… Tanasi u qadar yo’g’on ham emas. Bor-yo’g’i o’n besh yil atrofida umr ko’radigan bu daraxt – tanasining o’lchamiga va shox-shabbalarining hali qoraqo’tir po’stloq bilan qoplanib ulgurmaganiga qaraganda – nari borsa, yetti-sakkiz bahorni ko’rgan. Uning haqiqiy ayollik davri hali oldinda. (Tirkash shaftoli daraxtini hamisha ayolga qiyoslardi). Bir umr bog’bonlik kasbiga sodiq qolgan otasidan yagona meros edi bu gap. Qulflar siriga qiziqmaganimda albatta otamning kasbini egallagan bo’lardim, deya xayolidan o’tkazdi qulfbuzar. Va daraxt tanasini silab qo’ydi. Barmoqlari tananing orqa tarafidagi qandaydir silliq va yumshoq tuganakni paypaslab o’tdi. Arpa boshog’idek qalin va qo’ng’irtob qoshlari chimrildi uning. Uzun, ingichka va sezgir barmoqlar yana ortiga tomon harakatlanib, o’sha tuganak ustida to’xtadi. Tirkash daraxt tanasini aylanib o’tib, po’stloqqa mahkam yopishgan qahrabo rangdagi yelimshakni ko’rdi. Bu kasallik va isyon alomati. Nimadandir azoblansa, o’zini qiynayotgan kuchga bo’lgan g’azabini yelimshak vositasida anglatadi daraxt. Daraxtni azoblagan narsa parmaning izi. Yelimshakni qo’porib oldi va uning ostida oddiy qalamning uchi sig’adigan kavakni ko’rdi. Parma qoldirgan jarohat hali bitib ulgurmagan. Yoki uy sohibi tanadagi teshikni begona ko’zlardan berkitish uchun yelimshak bilan niqoblab qo’ydimikin?

“Bulbulning ko’ziday bir dona gavhar –
Poda-poda ho’kizlar galasiga teng”.

Dabdurustdan yodiga kelgan bu misralar Qulfbuzarning xayolini band etgan yangi bir fikr ifodasi edi. Shaftoli tanasidagi kavakda gavhar yashirib qo’yilgan bo’lsa-chi?! Xazinani yashirin saqlash uchun bundan-da antiqa va bundan-da makkorona usul bo’lishi mumkinmi? Butun dunyo o’g’rilari birgalashib qirq kecha-kunduz o’ylasalar ham, ularning xayoliga kelmaydigan ish. O’z fikri o’ziga bachkana va asossiz ko’rindi, rassomda gavhar ne qilsin! Shunday bo’lsa-da, qo’ynidan qizil dastali sinxron ochqichni olib, kavakka suqib ko’rdi. Ochqich qandaydir mayin, kukunsimon bir narsani kesib o’tganini ilg’adi. Bunday pallada ochqich barmoqlarning go’yoki davomiga aylanar va eng murakkab elektron o’lchov uskunalar ham ilg’ay olmaydigan tebranishlarni sohibining barmoqlariga olib uzatardi. Daraxt tanasidan yuqoriga tomon shiddat bilan ko’tarilayotgan sharbat oqimini, yerning nafasini ilg’adi asbob va bu oqimga yana qandaydir mubham zarralar ham aralashib borayotganini barmoqlarga yetkazdi. “Kavakda gavhar yo’q, qandaydir kukun bor”, dedi ochqich o’z tilida. Ammo bu holat qulfbuzarni tashvish­lantirmadi. Eng muhimi bu emas. Yetti oy muqaddam o’tkazgan tajribasini bugun amalda sinab ko’rdi. “Skrinkira” unga o’zini bag’ishladi! Ana shu muhim!

“Shaftolixo’rlik qilishdan boshqa ishim qolmadi” – xayolidan o’tkazdi Tirkash, qo’llarini yengsiz jujunchasining bariga artarkan. Endigina rang ola boshlagan mevalar hali yetilib pishmaganligini bilsa-da, kuchli chanqoq ta’sirida daraxt tanasidan ushlab qattiq silkiladi. Tap-tup etib uch dona shaftoli tushdi. Ulardan birini olib jujunchasining mayda to’r tutilgan ko’kragiga artib surtdi va sabrsizlik bilan karsillatib tishladi-yu, bu yerga nima maqsadda kelganini tamoman unutdi. Shaftoli mevasi hali dumbilroq bo’lsa-da, shirin va xushbo’y! So’ngra qizg’ish, g’adir-budir uch dona danakni kaftiga olib, butun boshli daraxtni, uning yaproqlariyu mevalarini, rangi va ta’mini va hattoki tomirlarini ham o’zida mujassam etgan bu mo»jizaga, hech qanday kalit bilan ochib bo’lmaydigan bu “qulf”ga bir muddat tikilib o’tirdi, chuqur xo’rsindi va qandaydir shirin xayol ta’sirida bosh tebratib qo’ydi. Keyin danaklarni cho’ntagiga solib o’rnidan turmoqchi bo’ldi. Turolmadi, cho’kkalab qoldi. Ichida kuchli og’riq qo’zg’alib dunyo ko’ziga bir tutam bo’lib ko’rindi. Yiqilmaslik uchun daraxt tanasini mahkam quchoqladi va najot kutganday osmonga qaradi. Daraxt osmon toqida chirpirak urib aylanar, yaproqlar shovullar, shaftolilar dona-dona bo’lib, moviy bo’shliqni qizg’ish rang­lar bilan bo’yardi…

Manba: «Yoshlik» jurnali veb-sahifasi

054

(Tashriflar: umumiy 47, bugungi 1)

Izoh qoldiring