Omon Muxtor. Qishloq chetidagi daraxt.

07
— Ака, ўтирибсизми?! — Сўнг, пойгакка омонат чўкиб, Шарофат бибининг ҳозиргина марҳум бўлганини хабар қилди… Шаҳарга йўл олган Жумабой қишлоқ четидаги тут қаршисида машинани тўхтатибди. У онасини кабинада қолдириб, тут остидаги ариқдан машинага сув келтириб солибди. Аммо кабина эшигини қайтиб очса, шу ўртада онаси жон берган экан…

01

02Омон Мухтор (Мухторов Омон Сулаймонович) 1941 йил 16 июлда Бухорода туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1991). ТошДУ филология факултетининг журналистика бўлимини тугатган (1964). «Чорлар қуёшли йўллар» (1966), «Оҳанг» (1974), «Ёғду» (1979), «Марварид» (1985), «Шиддат» (1990) шеърий тўпламлар, «Нигоҳ» (1968), «Қушлар ва тушлар» (1971), «Шаҳарлик келинчак» (1973), «Ҳаёт дарвозаси» (1978), «Болаликка саёҳат» (1984), «Вазифа» (1988), «Ўлмаган жон» (1995) каби насрий асарлар муаллифи. «Йиллар шамоли» (1976), «Эгилган бош» (1989), «Аёллар мамлакати ва салтанати», «Ффу» (1997), «Афлотун» (1998), «Тўрт томон қибла» (трилогия, 2001) каби замонавий ва тарихий мавзулардаги романлари ҳам бор. Песалари Хоразм театрида саҳналаштирилган («Бош масала» ва бошқа). Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати (2009), «Дўстлик» ордени билан мукофотланган (1997). 2013 йил 10 май куни Тошкент шаҳрида вафот этган.

01

ОМОН МУХТОР
ҚИШЛОҚ ЧЕТИДАГИ ДАРАХТ

01

Яраш тоғи менга энди қадрдон бўлиб қолди… Қарияни бир кўрай, деб уларникига борсам, қишлоқдаги қариндошларникига кетган экан. Дийдор кўришув насиб этмаганига албатта ўкиндим…

Аммо икки кундан кейин қўққисдан ўзим Ғиждувонга борадиган бўлиб қолдим. Ғиждувонга боргач, Яраш тоғани кўрмай ўтиб кетишим мумкин эмаслигини сездим ва қариянинг ота қишлоғи томон йўл олдим.

Яраш тоға синглисининг уйида экан. У тўққиз болорли хона белидан томорқага қаратиб очилган дарча ёнида сочи, қошлари малла ўрта ёшлардаги бир киши билан суҳбатлашиб ўтирарди. Мен билан салом-алик қилгандан сўнг улар гапни давом эттиришди. Гапнинг равишидан сочи, қошлари малла киши шу қишлоқлик Жумабой бўлиб, унинг Шарофат биби деган кекса онаси борлиги маълум бўлди. Шарофат биби сўнгги кунларда хасталанган экан. Уни энди шаҳардаги касалхонага олиб боришга тўғри келиб қолибди ва Жумабой Яраш тоғанинг ёнига шу ҳақда маслаҳатлашгани келибди.

— Ҳозир тайёр енгил машинамиз йўқ, — деди Жумабой, Яраш тоғага. — Нима қилишга бошим қотди. Енгил машинани ернинг тагидан бўлса ҳам топишим шартми, ота?! Ёки юк машинаси ўзимда бор, кабинага солиб, бибини олиб кетаверсам ҳам бўлармикан?!
— Онани шаҳаргача бошда кўтариб борса ҳам арзийди! — деди Яраш тоға. — Лекин ҳамиша имкониятга қараш лозим. Эшитишимча, сиз икки кундан буён яхши мошин излайсиз. Вақтни ўтказмаган маъқул. — У бир дам ўйланиб, сўзини давом эттиради: — Менинг сизга фақат бир маслаҳатим бор. Агар шунга ҳалол амал қилсангиз, биби ўз мошинангизда шаҳарга кетаверади…

— Айтинг, ота. Жоним билан! — деди Жумабой.
— Қишлоқнинг чап тарафидаги йўл шаҳарга яқин, ўнг тарафдаги йўл анча узоқ. Лекин сиз ўнг тарафдаги йўлдан боринг. Ишингиз албатта ўнгидан келади.

Жумабой ўрнидан туриб, суюнганича уйдан чиқиб кетди.
Яраш тоҚа бир пиёла чой ичиб, мен билан қайтиб сўрашгандек бўлди. Кейин юз-кўзида беҳосдан алланечук ҳорғинлиқ, паришонлик акс этиб, менга ҳеч қандай иши бўлмаган одамдек, бошини кўксига солинтирганча, кўзларини юмди.

Аммо қария кўп ўтмай, бошини кўтарди.
— Дунёда ҳафсаласизликдан ёмон нарса йўқ… Аттанг! — деди у негадир.
Мен ўзимча, Жумабой бўшангроқ бўлса керак, қария ундан шунчаки шикоят қиляпти, деб тахмин қилдим. Ҳар қалай, шу аснода гап Жумабой устида бораётганини кўнглим сезиб турарди.

Яраш тоға яна бир оз кўзларини юмиб ўтирди.
— Одамларга ҳайронсан, — деди у, бу гал бошини кўтарганида. — Ўзининг билганини қиладиган бўлса, нега бировдан маслаҳат сўрайди? Тавба!..

Мен унга савол назари билан тикилдим.
— Бола барибир чап тарафдан кетди. Қисқа йўлга ўзини урди. — Тушунтирди қария.
Мен йўл дарчадан кўринмаётганмикин, деб ҳар эҳтимолга қарши, томорқага қарадим. Қаёқда, дейсиз?! Қалин тераклар. Худди деворнинг ўзи… Балки, машинанинг товуши қулоққа элас-элас чалинаётгандир?! Диққат қилдим. Йўқ…
— Тентак! Дарахт олдида тўхтаб нима қиларди?! — деди Яраш тоға эзилган товушда. — Албатта, ариқдан сув олмоқчи бўлган… Мана, челак кўтариб кетди. Мошинга уйда сув солишга эринманг…

Қария бошини кўксига одатдагидан вазминроқ солинтирди. Бу гал у пинакка кетгандек бўлди. Аммо йўқ, бирдан кўзларини катта очиб, менга ташвишли қараганча, чуқур уф тортди.

Шу пайт эшик очилиб, Яраш тоғанинг синглиси — кенг кўйлак кийиб, бошига катта рўмол ташлаган онахон даладан келиб қолди. У мен билан сўрашиб, қарияга кўз ташлади.
— Ака, ўтирибсизми?! — Сўнг, пойгакка омонат чўкиб, Шарофат бибининг ҳозиргина марҳум бўлганини хабар қилди… Шаҳарга йўл олган Жумабой қишлоқ четидаги тут қаршисида машинани тўхтатибди. У онасини кабинада қолдириб, тут остидаги ариқдан машинага сув келтириб солибди. Аммо кабина эшигини қайтиб очса, шу ўртада онаси жон берган экан…

Биз бу хабарни эшитиб бўлиб-бўлмасдан, қишлоқ кўчасидан йиғи-сиғи кела бошлади.
— Узр, ота, — дедим Яраш тоғага эҳтиёткор оҳангда. — Сиз ўтирган жойингизда бўлаётган воқеани қандай билдингиз?!

—Ўша дарахт тагида бир вақтлар шу бибининг ота-оналарини чопишган, — деди
қария ғамгин кўйда. — Жумабой ҳафсаласизлик қилмаса, фалокат рўй бермасди…

хдк

(Tashriflar: umumiy 46, bugungi 1)

Izoh qoldiring