Omon Muxtor. Amir Alisherning dardi.

0216 июл – Ёзувчи, шоир ва драматург Омон Мухтор таваллудининг 75 йиллиги.

    Менинг дарвешона йўлим бир кишилик! Сени севдим. Ёндим. Ўртандим. Аммо менинг тўфонли уммонимда сенинг ғарқ бўлишингни истамадим. Инсон бир неча вазифани бўйнига ололмайди, бир вазифани бажаради! Менга бировга зулм қилмоқдин ёлғизлик ва бекаслик афзал туюлди. Бу мен ишқдан воз кечганимдан эмас! Бир инсондек яшадим.

Омон Мухтор
НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
08

Оламки, қошингда ё бўлибдур,
Юзингда кезар сабо бўлибдур,
Босган қадаминг садо бўлибдур,
Кўзинг не бало қаро бўлибдур —
Ким, жонга қаро бало бўлибдур.

Боқма манга, деб у шарт қилди,
Рангимни бутун у зард қилди,
Жисмимни йўлида гард қилди,
Мажмуи давони дард қилди,
Дардингки, манга даво бўлибдур.

Ҳолим эмас эрди элда пинҳон,
Умрим уйини у қилди вайрон,
Сарсон бўлайинми ёки яксон,
Ишқ ичра анинг фидоси юз жон,
Ҳар жонки, санга фидо бўлибдур.

У қайтмаса, не қилай, хатодин,
Дарс олмаса вақтида ҳаёдин,
Қўрқиб ҳам ўтирмайин Худодин,
Бегона бўлибдур ошнодин,
Бегонага ошно бўлибдур.

Мен дардим, анинг нидоси жоним,
Оламдаги нур либоси жоним,
Олисдаги моҳ равоси жоним, —
То қолди юзунг ҳавоси жоним,
Юз сори анга ҳаво бўлибдур.

Қисматми эди ишққа монеъ,
У билмади — мангу не, не оний,
Бу кун ўтадур, келар-ку соний,
Бақо топар улки, бўлди фоний,
Раҳравға бақо фано бўлибдур.

Қўй, қилма, Омон, шикояти ишқ,
Шундайдир азал ҳикояти ишқ,
Лекин йўқ экан ниҳояти ишқ,
То тузди Навоий ояти ишқ,
Ишқ аҳли аро наво бўлибдур.

Омон Мухтор
АМИР АЛИШЕРНИНГ ДАРДИ
2 парда, 12 ҳолатдан иборат драма
08

03Шоир ва носир Омон Мухтор 1941 йили Бухорода таваллуд топган. Унинг ижоди 50-йилларнинг охирларида бошланган бўлса ҳам, «Чорлар қуёшли йўллар» биринчи шеърий тўплами 1966 йилда чоп этилади.
Омон Мухтор шоир, ҳикоянавис, қиссанавис, романнавис сифатида йигирмадан ортиқ китоб нашр этди. Жумладан, «Нигоҳ» (1968), «Қушлар ва тушлар» (1971), «Шаҳарлик келинчак» (1973), «Ҳаёт дарвозаси» (1978), «Бухоролик донишманд» (1973), «Болаликка саёҳат» (1984) каби ҳикоялар тўпламлари, шунингдек, «Учқур поездлар» (1981), «Вазифа» (1988) каби қиссаларини чоп эттирди. У айни чоғда «Йиллар шамоли» (1976), «Эгилган бош» (1989), «Минг йилдан сўнг» (1991), «Кўзгу олдидаги одам» (1996), «Минг бир қиёфа» (1994), каби романларини яратди. Шунингдек, «Оҳанг» (1974), «Ёғду» (1979), «Марварид» (1985), «Шиддат» (1990) каби шеърий тўпламлар ҳам О.Мухтор қаламига мансуб.
Омон Мухторнинг «Тепаликдаги хароба», «Минг бир қиёфа», «Кўзгу олдидаги одам» романлари яхлит ҳолда «Тўрт томон қибла» трилогиясини ташкил этган. Сўнгги йилларда «Афу», «Аёллар мамлакати ва салтанати», «Афлотун» романлари чоп этилди. Мазкур трилогия янгича услубда ёзилган бўлиб, китобхон ва адабий жамоатчилик эътиборини тортмоқда.
Омон Мухтор «Эгилган бош» романи учун 1990 йилги Ёзувчилар уюшмасининг йиллик адабий мукофотига сазовор бўлган. Адиб таваллудининг эллик йиллиги муносабати билан (1991) унга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони берилган. Омон Мухтор 2013 йилда 72 ёшида вафот этди

08

Буюк Алишер Навоий таваллудининг 570 йиллигига  (2006)

Қатнашувчилар:

Алишер Навоий – улуғ шоир ва мутафаккир
Ҳусайн Бойқаро – Хуросон шоҳи
Султон Бадиуззамон – шаҳзода
Мавлоно Соҳибдоро – Навоийнинг дўсти
Мажидиддин Муҳаммад – вазир
Амир Валибек,
Амир Али Бобо,
Абдулхай табиб,
Хўжа Шаҳобиддин – саройга дохил кишилар
Нозанин – Навоийнинг муҳаббати рамзи
Шижоъуддин Зуннун – Бадиуззамон лашкари саркардаси
Ҳайдарбек – бузғунчи

Кекса Муаррих, элчилар, мулозимлар, муаззин ва сомеълар, сипоҳилар, саҳродаги кишилар ва осийлар.
Воқеа 1498-1500 йиллар орасида Ҳирот шаҳри ва унинг атрофларида кечади.

08

Муқаддима

Саҳна олдидан Кекса Муаррих ўтиб кетаётиб, бировга мурожаат қилишдан кўра кўпроқ ўзи-ўзича ўйланиб сўзланади:

Неларни кўрмади дунёда бу бош,
У – тарих бағридан юзиб ўтган Ер.
Биров бўлса агар ердаги Қуёш,
Мен унинг исмини дердим – Алишер.
Бир дард Алишерга берган Худойим,
Истади ҳаётда ўзгарса ҳолат:
Ҳақиқат бўлсаю ҳар ишда доим,
Бирдек ҳукм сурса доим адолат.
Курашди. Курашар кўрсатиб бардош,
Наздимда ҳамонки, тирик Алишер.
Неларни кўрмади дунёда бу бош,
У – тарих бағридан юзиб ўтган Ер.

Биринчи Парда
Биринчи ҳолат

Амир Алишер Навоий анча чарчаб қолган. Хаста. Аммо мамлакатдаги нотинч аҳвол унга осойиш бермайди…

Султон Бадиуззамоннинг Ҳирот этагидаги Пули Молонда ўрнатилган чодири. Шаҳзода омонат тахти ёнида фаромушланиб турибди. Мулозим киради.

Мулозим. Султоним! Ҳазрат Низомиддин Алишер Навоий сизга шахсан элчилар йўллабдилар.

Бадиуззамон. Кирсун!

(Чодирга икки элчи киради.)

Биринчи Элчи. Буюк Султон! Сизга Падари бузрукворингиз, Султон Абулғози Ҳусайн Бойқаронинг Яқин Кишиси Ҳазрат Алишер Навоийдан мактуб келтирдик.

Иккинчи Элчи. Жавобни қистов кутмоқдалар.

Бадиуззамон. (мактубни олиб, ўйланиб). Мен ўзим жавобни етказурмен.

(Элчилар таъзим қилиб чиқиб кетишади. У мактубни очиб ўқишга тутинади. Шу сония унинг кўзи олдида Алишер қиёфаси жонланиб, овози эшитилади.)

Алишер. Фазлу камол соҳиби, хуршиди даврон, улуғ Султон Бадиуззамон Мирзо! Дуоисаломдан сўнгра, маълумингиз бўлғайким, Ҳирот яқин қирқ кундирки, қамал ҳолатида турғони, икки томон бир қавм, бир эл-улус, оға-ини, қариндош-уруғ одамийлик шартин унутиб бир-бирига қилич сермаш майлиға кирғонидан бу фақири хокисор, ғариби паришонрўзғор бағоят хавотирдамен. Андуҳ-надомат чекмоқдамен…

(Бадиуззамон мактубни ўқишдан тўхтаб, ўзича асабий сўзлайди.)

Бадиуззамон. Мен нима, бекорга жангга отланибманми? Орада мухолифатни бошлағон менму? Падари бузруквор волидам Бека Султон Бегимдан кўнгиллари қолғонини менга ҳам билдириб, ўзлари доим бадмеҳрлик кўрсатмадиларму? Ана, Балхда бўлғонимда бир ёқдан илтифотли йўсинда қошимға Сиз Навоий ҳазратларини жўнатиб, иккинчи ёқдан Балх шаҳри қутволи Ислом барлосга шаҳзода овга чиқса, қайтиб шаҳарга киритма, деб хуфёна фармон юборган падари бузруквор Султон Ҳусайн Мирзо эмасму? Мендан норозиланиб, менинг хос кишиларимдан бир тўпини аёвсиз чопиб ташлаттирғон, бир гуруҳини асир олиб, уларни ҳам ҳукмга биноан қатл эттирғон Султон Бойқаронинг ўзлари эканини унутмоқ мумкинму)?

(У мактубни ўқишда давом этади.)

Алишер. Мени маъзур тутгайсиз. Тирик подшоҳ-отага қарши сиз, азиз шаҳзода, бутун Хуросон мулкини қўлга олмоқ хаёли била ҳаракатда эканингиз расман ҳам, шаръан ҳам муносиб кўринмайдир. Сизга, тўнғуч ўғулга тақлидан укаларингиз Абулмуҳсин Мирзою биродари Муҳаммад Муҳсин Мирзо бирлашиб, уруш-исён йўлин тутаётғонлари ташвишли ва ўкинчли. Янгидан фитна-фасод қўзғолиб, бегуноҳ кимсалар қони тўкулишидан асранмоқ лозим…

Бадиуззамон (яна ўзича бўғилиб ғудранади). Ҳазрат Амир Алишер! Муҳтарам устоз! Ўзингиз воқифсиз. Менинг суюкли ўғлим Муҳаммад Мўмин Мирзони хатна қилғонда, Султон Ҳусайн Бойқаро уни валиҳад деган, Астрободни унга бағишлаб берғон эди. Бу ваъдани вақти келиб бузғони устига, Улуғ Бека Хадича Бегимнинг қутғуси ила падари бузруквор, ўз набираси, менинг жон-жигарим Мўмин Мирзони ҳокимликдан бўшатиб зиндонга солди. Маст ҳолда фармонга қўл қўйиб, у нозик ниҳолни ўлдурди. Мен бунга қандоқ чидайман?

(Султон Бадиуззамон ўкраб йиғлаб юборади. Кейин, кўзёшларини артиб, яна мактубга боғланади.)

Алишер. Ҳосили калом, шон-шукуҳли шаҳзода, падари бузрукворингиз, жаноб шаҳаншоҳ Астрободдан Ҳиротга келаётғон бу дамда Сиз отага қарши ёмон фарзанд бўлуб кўрунишдан, жанг қилмоқдан асраниб, маълум муддатга бўлсун, бирон ёққа жўнаб кетғонингиз ва шаҳар атрофини лашкардан бўшатғонингиз мақсадга мувофиқдир. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Сизнинг зафарли умрингиз, хайрли ишларингизга баракот берсин…

(Бадиуззамон тахтига бориб ўтириб, чуқур хаёлга ботади. Кўзи ўнгидан Алишер қиёфаси йироқлашади. Ниҳоят, у муайян қарорга келгандек бўлади.)

Бадиуззамон. Бадном бўлмоқдин қўрқмасмен. Жанг қилмоққа шаймен. Аммо Султон Ҳусайн Бойқаро эмас, Ҳазрат Алишер Навоийнинг ўзлари ва сўзлари ҳаққи-ҳурмати ҳозирча исёндан тийилурмен. Худонинг иродаси шу бўлса, ажаб эмас. (У мулозимни имлайди.) Амирлар, бекларни чорланг. (Амирлар, беклар киришади.) Лашкар отлансун! Муваққат Пули Молондан Пули Солорга, Мурғоб дарёси бўйига кўчурмиз…

Иккинчи ҳолат

Орадан бир неча кун ўтган.
Ҳирот. Катта кўча. Бир ён бозор, иккинчи ён мўъжаз масжид айвони.
Бомдод пайти. Бозорда битта-ярим одам қораси кўринади. Масжид айвони эса бўм-бўш.
Масжид эшигидан чиққан муаззин у ён-бу ён паришон қарайди. Айвон олдидаги мезанага кўтарилиб, азон айтади. Кейин, пастга тушиб, яна ҳар ёққа аланглайди.
Ниҳоят, уч-тўрт киши кўчада пайдо бўлиб, айвонга келади.

БИРИНЧИ СОМЕЪ (муаззинга). Ассалому алайкўм ва раҳматуллоҳу ва баракотуҳу.

Муаззин. Ассалому алайкўм.

ИККИНЧИ СОМЕЪ (муаззинга). Имом ҳазратлари шу ердами?

Муаззин. Ҳалидан бери кутиб ўтирибман. Кўринмаяптилар. Сизлардан бўлак сомеълар ҳам йўқ.

Учинчи Сомеъ. Уйдан чиқишга қўрққан бўлсалар керак. Киши юрак ҳовучлаб кўчага чиқасан! Кўчадан тирик қайтасан ёки йўқ. Жоннинг ўзи омонат бўлиб қолди.

Биринчи Сомеъ. Оталаримиз даврида Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон бир бола бошида тилла тўла табақ Машриқдан Мағрибга бориб қайтсин, ҳеч ким унга дахл қилолмайди, деган эканлар. Мамлакатда шундай осойишталик, хотиржамлик ўрнатғон эканлар.

Иккинчи Сомеъ. Инсоф юзидин, айтиш керак. Султон Соҳибқирон Ҳусайн Бойқаро жаноблари ҳам юрт ободонлиги, раиятнинг бахт-саодатига доим кўшиш билдириб келадилар. Ана, шаҳзодалар билан орадаги низоларга ҳам имкон қадар барҳам бериб, тартиб ўрнатган эдилар. Энди енгил нафас ола бошлаган эдик.

Учинчи Сомеъ. Бу бедодлик, ур-йиқит, ҳимоясиз эгасизлик ўзи кимдан, қаёқдан чиқди? Олдин биров бундай савдога ҳеч дуч келмаган эди… Мамлакатнинг авра-астари ағдарилиб ётибди.

(Шу пайт уларнинг гапи бўлиниб, айвонга беш-олти киши бир катта ва бир кичик тобут кўтариб келадилар. Тобутларни айвон тўрига қўядилар. Муаззин ва сомеълар бадтар паришонланишади.)

Биринчи Сомеъ. Вақт ўтаяпти. Намозни нима қилдик?

Иккинчи Сомеъ. Намоз майли, жанозани ким ўқийди? Шунча кутдик, имом келмадилар.

Учинчи Сомеъ. Сўфи ҳазратлари, ўзингиз имоматга ўтинг. Жанозани ҳам ўқийсиз. Бу кунча бошқа илож кўринмайди.

(Улар ва уларга қўшилиб, тобут кўтариб келганлар масжидга кириб кетишади. Айвонда ёлғиз икки тобут қолади.)

Учинчи ҳолат

Шу нотинч кунлардан бири.
Абдулла Ансорий мажмуи яқинида янги барпо қилинган боғ ўртасидаги чортоқда Амир Алишер билан Мавлоно Соҳибдоро бошларини солинтириб ўтиришибди. Боғ девори ортидан қўшиқ эшитилади: “Кеча келгумдир дебон…”
Қўшиқ тугагач ҳам улар анча жим турадилар.

Ахийри…

Алишер. Мавлоно Соҳибдоро, нечун сукутдасиз?

Соҳибдоро. Улуғим, Сиз, Навоийдек зот, каминани дўст ва мусоҳиб тутғондан бери Сизга ҳар кун недур хуш хабар келтурдим. Ҳозир ундоқ қилолмасмен.

Алишер. Ҳамиша бўлғонидек, сўзланг. Бу кун шаҳарда ўтғон ҳодисотлардан неларни кўрдингиз ва неларни эшитдингиз?

Соҳибдоро. Кўнглим хижил, улуғим. Аммо, рухсат тегди, борини айтаман… Бу кун ҳаммаёқда тўс-тўполон. Хавф-хавотирли аҳвол. Соҳибқирон Амир Темурнинг нури дийдалари Шоҳрух Мирзо мамлакатни мустаҳкам тутуб насибалари узулғонида кўринғон “бузуғлиқ даври” қайтиб келғондек. Мамлакат гўё эгасиз. Айниқса, Ҳирот. Бехос вабо-ўлат, зилзила ё сел рўй берғон, салтанат араваси жарга тушиб кетаётғондек…

Алишер. О, мен буни билиб турибмен. Бу мен учун қўрқинчли бир туш. Умрим бўйи темурийлар хонадони ҳалокатга юз тутмасун, шу салтанат емирилмасун, деб ҳаракат қилдим. Мана, дунё ишларидан юз буриб, зиёратгоҳда узлатда ўлтурғонимга қарамай, ҳамон аравани тўхтатишга уринмоқдамен.

Соҳибдоро. Хуллас, шаҳарда махфий иш тутғон янги бир жамоа пайдо бўлғон. Аксари ўн уч-ўн олти ёш орасидаги жоҳил, ёвуз, итоатсиз ёшлар. Улар тўпланиб, бир даста, неча тўда тузғонлар. Кундузлари уй-уйларида ёшуруниб, кечалари шаҳарни пайхон қиладилар. Одам ўлдирадилар. Улар учун на катта-кичик, на шоҳ, на доруға, на қози, на миршаб бор. Ҳамма ерда ўз ҳукмини ўтказишга мойил… Ўтган тунда девор ошиб бир ота-болани уйида пичоқлаб кетғонлар. Тонгла намозга бораётғон бир масжид имомини ўласи калтаклаб, мажруҳ ҳолга солғонлар…

Алишер. Минг таассуфки, мен бундан хабардормен. Лекин, англамасмен. Нега бу танг аҳвол юз берди? Шаҳар эмди бедарвозаму? Жиноятга борғонлар қайси тоифа кишилар фарзанди? Уларнинг раҳнамоси ким?

Соҳибдоро. Мен билғоним, улардан бир қисми шоҳ ва шаҳзодалар олиб борғон жанг-жадалда ҳалок бўлғон амирлар, беклар, аскарларнинг болалари, отасиз ўсғон ярим етимлар. Яна бир қисми қашшоқ, ночор қолғон оилалар фарзанди… Мамлакатда тинимсиз уруш бораётғони-ю, шаҳаншоҳ ҳазратлари Султон Бадиуззамоннинг ўғли Мўмин Мирзони худ-беҳуд қатл эттирғонлари заминида, фикри ожизимча, бу ўт-алаф унғонга ўхшайди. Бузғунчилар бошлиғи Ҳайдарбек деган йигит эмиш.

Алишер. Ҳайдарбек? Мен уни билмасмен.

Соҳибдоро. Ўзгалар ҳам билмас. Фақат, одамлар ичида исми маълум, холос.

Алишер. Мўмин Мирзо мен учун азиз фарзанддек эди. Худо шоҳид, унинг ҳасратида неча кун мотам тутдум… Аниқки, Султон Бойқаро жаноблари ўзи ҳам шаҳзодалар орасида аҳиллик, бири-бирини англаш, диёнат йўқлигидан озурда. Бир бармоғини тишласа, иккинчиси оғрийди. Боз аниқки, бу кун мамлакатни гўштдек парча-парча чопиб-кесиб, юлқиб кетишдан асраб турғон – Султон Бойқаро! Мен уни ҳамиша қўллаганмен ва қўллагаймен… Етим-есирлар, ғариб-бечораларга ўзини инсон, ўзини мусулмон деб билғон киши бефарқ қарамас. Бироқ, Мавлоно Соҳибдоро, сиз айтғон жамоа ичида улар озчилик; кўпчилик уларни ҳам мажбур қилиб ўзи томон тортғон қора кучдур. Тартибсизлик келтирғон, осойишталикни бузғон, безорилик, ўғрилик, қотиллик қилғон кимсалар каттами-кичикми ҳеч важдин оқланмас. Унда, одамийликнинг минг йиллик устунлари қуламайдиму? Баҳорнав, бу аҳволга қарши бирон чора топмоқ керак. Босқин, қирғинни тўхтатмоқ керак…

Соҳибдоро. Оре, улуғим. Шундоқ. Мушкул жойи, шаҳарда барча бу ваҳший оломондан қўрқувга тушғон, ўзини унинг олдида ожиз сезғондек. Барчанинг тили, қўли боғланғон кабидир. Одамлар, билмадим, доим жоҳиллик, ёвузлик, зўравонлик авжига минғонда довдираб қолиб, кўзёш ва фарёддан бўлак нарсани билмағон шикаста вужудга айланар эканму?

(Дарвозахонадан уларнинг ёнига мулозим келади.)

Мулозим (Алишерга.) Амир ҳазратлари! Анча бўлди, эшикда тўрт-беш киши турибди. Бандлар, чарчағонлар, десам ҳам кетишмаяпти. Сизга арзга келғон. Уларнинг додини эшитишингизни сўрашаяпти. Билдирмай иложим қолмади.

Алишер. Тўғри қилибсиз. Айтинг, киришсун…

Тўртинчи ҳолат

Орадан яна бир неча кун ўтган.
Тунда ой ёруғида бутун қадим Ҳирот шаҳри ва Султон Ҳусайн Бойқаронинг кўшки ғира-шира кўзга ташланади.
Бўм-бўш кўчаларда, ўзини шамолда тутолмаётгандек намойишда чайқалиб, бошида тунги енгил кулоҳ, эгнида сурп кўйлак Султон Бадиуззамон Мирзо аллақандай гангиб кезиб юрибди.

Бадиуззамон (ўзича). Худойим! Мен ўз боргоҳимда, Мурғоб дарёси шовуллашини эшитиб ухлаб ётган эмасмидим? Бу нима, ўнгми ёки туш кўраяпманми? Туш бўлса керак… Мен туғилиб ўсғон Ҳирот шуми? Бу ерлар Туркистон. Шу билан бирга, Афғон! «Фиғон» сўзиданмикан? Йўқолиб бораётган Хуросон қисмати… Тавба! Ҳаммаёқда қабристон сукути. Даҳшатли сукут! Тирик жон борми? На қоровул, на миршаб кўринади…

(Айни сония бирдан кўчага қўлида ханжар, тиғ, болта беш-олти ўсмир ёпирилади. Улар Бадиуззамонни кўрмаганга оладилар ёки кўрмайдилар.)

Ўсмирлар. Ҳайдарбек! Бошладикми?

Ҳайдарбек. Бошланглар!

(Улар дўконларнинг эшик-дарчаларини синдириб, нималардир ташийдилар. Ҳовлиларга девор ошиб туша бошлайдилар. Ҳар ёқдан қий-чув, дод-фарёд эшитилади.)

БИРИНЧИ ЎСМИР (девор устидан). Битта кампир ётибди.

Ҳайдарбек. Ўлдиравер.

ИККИНЧИ ЎСМИР (бошқа девор устидан). Бешикда бола.

Ҳайдарбек. Ўлдиравер.

Бадиуззамон (улар атрофида айланиб юриб). Ҳой, тўхтанглар! Сизлар ким, одам боласими ёки Иблисми? Дунёда ўғрилар, безорилар, каллакесарлар ҳар ерда гоҳо учрашини билардим. Лекин улар эл-улус боши устига чиқиб олғондек ҳукм суришини кўрмаганмен. Бу инсониятнинг қиёматга юз тутғони, таназзули, инқирозимикан?

(Улар Бадиуззамонга аҳамият бермайдилар, уни пайқамайдилар. Ўз жиноятларини давом эттирадилар.)

ҲАЙДАРБЕК (ўзича). Кимки, мени ёмон ишлар қилаяпти, ёмон йўлга кирган, дея ўйласа, адашади. Мен бор тартибга қарши исён кўтардим. Салтанатни тўнтариб ташламоқчиман. Эски дунёни бузиб, янги дунё тузмоқчиман. Рўйи-заминда ожиз кишилар эмас, фақат тенг, озод, кучли кишилар яшашга ҳақли.

(Шу асно кўшк томондан кўчага ҳар қачонгидек отда эмас, бир неча мулозим кўтарган тахтиравонда Султон Ҳусайн Бойқаро кириб келади. У ҳам афтидан Султон Бадиуззамонни кўрмайди. Бироқ Бадиуззамон унга разм солиб қарайди.)

Бадиуззамон. Падари бузруквор! Қарибсиз… Падари бузруквор, бу мен, Бадиуззамон, танимаяпсизми? Юртни бошқаролмаяпсиз! Нега ҳаёт равишини мана, бу очкўз – бузғунчи оломонга бериб қўйдингиз? Уларнинг танобини тортмадингиз! Тортмаяпсиз! Нима учун? Бу ҳолда Ҳирот аҳли истаган одамга дарвозани очади. Қатъий ҳужум қилсам, менга ҳам шаҳарни жангсиз топширади. Мен Ҳазрат Навоийдан ҳайиқиб, уялиб ўзимни тўхтатиб турибмен, холос.

(Султон Ҳусайн Бойқаро аксинча, ваҳший гуруҳга, улар эса Ҳусайн Бойқарога юзланади.)

Ўсмирлар. Қаранглар, подшоҳимиз ўтиб кетаяптилар.

Ҳайдарбек. (кулиб). Ўтса, ўтаверсин.

Бойқаро. Ҳайдарбек! Мен сени кўриб турибмен.

Ҳайдарбек. Кўрсангиз, нима? Мен ҳам кўраяпман… Сиз олижаноб бўлишга интилган, кўнгилчан одамсиз. Сиздек шоҳлар бор экан, тахтлар қулаб, тожлар топталаверади. Билинг! Мен сиздан қўрқмаймен. Фарзандларингиз қўрқмайдию…

БОЙҚАРО (ўзича, ўкиниб). Дунёда шафқат бағрида шафқатсизлик, меҳр бағрида меҳрсизлик, камтар, содда иш тутиш бағрида бепарво ҳурматсизлик туғилиши наҳотки, ҳаётда қонуният бўлса? Мен мамлакатни йиллар давомида тинч-осойишта сақладим. Уни обод, бой, маърифатли ҳолга келтирдим. Ҳирот «Ердаги жаннат» деб ном олди. Бобомиз Соҳибқирон Амир Темурга муносиб иш тутишга ҳаракат қилдим. Лекин биринчи бўлиб улғая бошлаган фарзандларим итоатдан бош тортди, интизомни бузди… (Жамоага.) Демак, сенлар ҳам итоатдан бош бурмоқдасанлар? Бир куни ўзларинг ўз бошларингга етишларингни англамаяпсанлар! Ҳар қандай итоатсизлик, исён зулмнинг онасидур…

(У тахтиравонда узоқлашади. Бузғунчилар таланган, ўғирланган нарсаларни халта-қопларга жойлаша бошлашади. Соядек судранган Султон Бадиуззамоннинг қаршисида кутилмаганда Амир Алишер Навоий жонланади. Яқин-олисдан узун бир аёллар ноласи эшитилади.)

Бадиуззамон. Азиз устоз! Муҳтарам Амир! Биласиз, подшоҳ-отам ҳарамига кирган ўн бир хотиндан кўп ўғул, кўп ўғул-набира кўрди. Булардан ҳар бири подшоҳ бўлишни истади. Мен ҳам… Бунинг учун шаҳзодаларни айблаш қийин. Бизнинг қисмат йўлимиз шу! Мана, энди бошим қотғон. Салтанатни эгаллашдан ҳам кўра уни асраш мушкул экан! Қаранг, ўзига бино қўйғон, нафс-манфаат йўлида одамларни янчиб-топташдан, ҳатто қотилликдан қайтмайдиғон бу босқинчи, жоҳил, ёвуз оломонга қарши нима қилмоқ керак?

(Бошқалар сингари Амир Алишер ҳам атрофида капалакдек айланаётган Султон Бадиуззамонга эътибор бермайди, уни кўрмайди. Бу орада сал пасайган аёллар ноласи энди авж пардага кўтарилади.)

АЛИШЕР (маҳзун кўйда).

Кўруб дардим, тараҳҳум қилмадинг ҳеч.
Тўкуб ашким, табассум қилмадинг ҳеч.

Фироқинг ўти ичра неча йиғлаб
Фиғон чекдим. Тараҳҳум қилмадинг ҳеч.

Жаҳонга оҳ-у, ашким солди ошуб,
Бу тўфондин таваҳҳум қилмадинг ҳеч.

Сўзунг шавқидан эрдим – хаста умри,
Сўрарға бир такаллум қилмадинг ҳеч.

Мусаллам ишқ, эй кўнглум, сангоким,
Кўруб зулмин, тазаллум қилмадинг ҳеч.

Муҳаббат аҳли қисмин нев-чун, эй чарх,
Қилиб меҳнат – танаъум қилмадинг ҳеч…

(Безорилар энди кўчадан апил-тапил даф бўладилар. Кўчада биргина Амир Алишер ва ҳамон унинг атрофида айланаётган Султон Бадиуззамон қолади.)

БАДИУЗЗАМОН (ўзича).

Эл жафосининг малоли…
Ўксуди эл майли мендин…

Улуғ устод! Дунё шу, ҳар ким ўзини бошқалардан ақллироқ, кучлироқ деб билиб, бири-бирини енгиш, бири-бирини маҳв этишдан иборатми? Наҳотки, инсон шунинг учун дунёга келғон бўлса? Падари бузрукворим мени тиз чўктирмоқ истайди! Мен уни мағлуб этгим келади! Мана, бу ваҳший тўда эса бизнинг барчамизни йўқ қилиб, ўзи ҳукмрон бўлишга урунади… Бу телбаликнинг ниҳояси борму? Худойим, тўзим бер!

(Амир Алишер Султон Бадиуззамонга қарамайди, уни пайқамайди.)

АЛИШЕР: Худойим! Сен одамни тўкис яратдинг. Уни кўркам дединг. Унга кўркам туйғулар бахш этдинг. Аммо инсон ўз умрида жаҳолатдан, ғафлатдан қутулолмади… Одамда одамлик асраниши керак! Дунё бир куни ҳалокатга юз тутмасин, деса у барибир, ўзини тасқараликдан халос этмоққа мажбур…

(Алишер чиқиб кетади. Султон Бадиуззамон кўча ўртасида чўкиб, бошини чангаллайди.)

Бадиуззамон (ўзича). Устоз юрт тинч, эл осойишта, фаровон, бахтли яшашини истайдилар. Аммо кўпчилик атрофда «гўрлар қўпорилсин, ўзининг қозони қайнаши»ни ўйлаган бир шароитда бунга қандоқ эришасан? Бу қисматми ёки бизнинг айбимизми? Биз адашиб-улоққан бандаларингни кечиргин, Худойим!

Бешинчи ҳолат

Султон Ҳусайн Бойқаро саройи хоналаридан бирида Амир Муборизуддин Валибек, Амир Али Бобо, Мавлоно Саҳибдоро, Хўжа Шаҳобиддин, Абдулхай табиблар тўпланган.

Хўжа Шаҳобиддин. Валинеъматимиз ва пушти-паноҳимиз Султон Ҳусайн ҳазратлари уч кундан буён девонда кўринмайдилар. Ниятлари не, биз билмаймиз. Аниқ, не иш билан машғул бўлишни ҳам билмаймиз.

Амир Валибек. Бизнинг ҳар қачон вазифамиз арзу дод эшитиш, ғофил турмай молу мулк ишини назорат қилиш, яна жаноб Султон айтғонларидек, мунтазам таворих-китоб кўруб мушоҳада юритиш эмасму? Аҳвол қандоқ бўлмасун, киши ўз вазифасини бажаришга масъул.

Амир Али Бобо. Бу айни ҳақиқат. Аммо ҳамма нарса шарт-шароитга боғлиқ. Ҳозир биз нима қила оламиз? Мен қаттиқ ташвишдамен. Адашмасам, Султон ўзлари ҳам қанча саъй кўрсатмасунлар мамлакат ёқа-енги бир бўлмоғонидан шу кунлар чуқур изтиробда. Бир ён Ҳиротдаги парокандалик, бир ён суюкли шаҳзода Султон Бадиуззамон Мирзо…

Амир Валибек. Султон Ҳусайннинг умрларида бу биринчи танг аҳвол эмас. Султон саломат ва бардамлар. Иншооллоҳ, барча иш хайрли бўлғай. Вазири аъзам Мажидиддин Муҳаммад Султоннинг ҳузурларига борғонлар, келсунлар, янги бир машварат бўлса, эшитгаймиз.

Соҳибдоро. Амир Алишер Навоий Султон Бадиуззамонга кўп меҳр кўргузғон. Тарбия берғон. Аммо Бадиуззамон Мирзо Амир Алишернинг иродаларига бўйинсунуб Ҳирот қопқасини тарк этғони билан, шаҳаншоҳга қарши адоватли жангдан батамом қўл тортғони йўқ. Бу кун у саркарда Шижоъуддин Зуннун билан бирликда Балх мамлакати ва унга тобе бўлғон ерлар, Мурғобдан то Амударё бўйларигача зафар қозониб эгаллаб бораётғони бутун мамлакат учун хавотирлидур.

Амир Али Бобо. Ҳозир ташқи низолардан ҳам кўра кўпроқ Ҳирот ичидаги номаълум талотум ёмон. Бу барчамизнинг ҳаёт-мамотимизга тегишли. Расули Акрамдан кейинги Халифалик даврида Ҳазрати Умар, Ҳазрати Усмондек саҳобаи киромларни кўчада чавоқлаб кетган диёнатсиз қавм бу кун биздек ожиз бандаларга қўл кўтармаслигига ким кафолат бера олади? Мен гапирмасдим, аммо пичоқ суякка бориб етди.

Хўжа Шаҳобиддин. Биз албатта, Султон Бойқарога бир не демоққа ожизмиз. Султон ҳазратлари бизнинг чулдирашимизни тинглашга муҳтож ҳам эмас. Ҳукм подшоҳнинг ҳукмидир! Лекин неча кундур масжид-мадрасалар, йўллар, кўприклар қурилиши, ободонлик тўхтағон. Ҳиротдек кўкдан тушғон мовий шаҳар вайронага ўхшаб турибди. Уйларда мотам-маросим бор, тўй йўқ. Бозорда савдо ўлғон, деҳқонлар шаҳарга бундоқ эшакда ўтин ҳам олиб келмаяпти.

Амир Али Бобо. Энг ёмони, Амир Валибек, Соҳибқирон Амир Темур Самарқандда тузғон пойтахтни бир пайт Шоҳрух Мирзо Ҳиротга кўчирғонида Самарқанду Бухородан, Хивадан, Фарғонадан, Қаршидан, бутун Туркистондан саройга яқин турмоқ истаб, бу ерга келиб қолғон оқил ва кўркам инсонларнинг фарзандлари энди уй-жойи, мол-мулкини ташлаб Ҳиротдан ҳар ёққа гурас-гурас кўчиб кетаяпти. Биз Мовароуннаҳр билан Хуросон – иккиси ҳам юртимиз, деб юрғон эдик. Бу ерда мақом топғон туркий эл-улус учун Хуросон бу кун ватан бўлмай қолди.

Амир Валибек. Биз билғон гапларни Султон Бойқаро ҳазратлари юз чандон ортиқ англайдилар, ўйлайдилар. Подшоҳ ҳукми вожиб, биз кутгувчилармиз! Мажидиддин Муҳаммад келсунлар, балки бир мужда бўлғай… Биродар Абдулхай табиб! Ҳазрат Амир Алишернинг саломатликлари қандоқ?

Абдулхай. Бир оз тоблари қочғон эди. Бу кун анча дурустлар, тонгла хабар олғон эдим…

Хўжа Шаҳобиддин. Амир Алишерга қадрдон ва мусоҳиб бўлсам-да, ҳазратнинг бот-бот хуруж қилғон дардлари не, мен яхши билмасмен.

Абдулхай. Амир Навоийнинг дардлари ҳар бир воқеага куюнуб, эҳтирос била, бор имкон доирасидан ҳам кўп ўзини сарфлаш, бундан ҳолсизланиш касали, заъф касалидур. Бу касалнинг давоси ҳар қандоқ ишдан, ҳатто изтиробли ўйдан тўхтаб, ором олмоқдур. Гоҳ ёлвориб, гоҳ дағдағага ўтуб ҳам, буни ҳазратдан талаб қилолмайсан.

Амир Али Бобо. Шу кунлар ҳазрат айниқса қайғуга ботғон бўлсалар керак…

(Вазир Мажидиддин Муҳаммад кириб келади.)

Мажидиддин. Ҳамон мажлис қуриб ўлтирибсизларми?

Ҳамма. Балле.

Мажидиддин. Олампаноҳ билан ундан-бундан анча сўзлашиб қолдик.

Амир Валибек. Лутфу карам соҳиби онҳазрат не дедилар?

Мажидиддин. Ҳеч нарса.

Амир Али Бобо. Аҳвол борасида бир оғиз ҳам индамадиларми?

Мажидиддин. Бунда не ҳикмат, билмасмен, Султон жаноблари менга осойишта ва бедард кўрундилар. Хазина қурий бошлағонию бож-хирож масаласида гаплашдилар. Аскарлар толиққанию уларда жанг қилиш салоҳияти пасайганига ўкундилар. Фақат, гап орасида бир марта, тунда нега ҳар ерга қўйилғон посбонлар, кўчалардаги қоровуллару миршаблар писиб-беркиниб юрғон экан, аниқланглар, дедилар. Хуфялар шундай хабар етказғон бўлиши мумкин!

Хўжа Шаҳобиддин. Фақат шу холосми?

Мажидиддин. Йўқ. Кейин, улуғ махдумимиз Султон жаноблари (қўйнидан қоғоз чиқариб) боболари Амир Темур Соҳибқироннинг мана, бу қоғозда ёзилғон сўзларини ўқиб бердилар. “Ҳеч ким эшитдиму, менинг қўл остимда бўлғон ерлардаги бир шаҳарда дўконнинг ўғирланғонини? Ёки, қайси бир кишининг уйига ўғри босиб кирғонини?.. Чунончи, бир доруға шаҳар амниятини ўз устига қабул қилиб олдиму, у қуруқ номга вазифахўр эмас, балки масъулиятли бир ўринда турғонини билмоғи, кеча-кундуз ўз вазифасининг ижросида огоҳ бўлмоғи лозимдур. Агар бир ўғрилик ҳодисаси зоҳир бўлса, ҳаммадан аввал доруғанинг ўзи масъул тутиладур. Ўғри топилмаса, доруғанинг қўли кесилиб, ўғрининг ўрнига ўзи жазоланадур…” (Қоғозни қайтиб буклаб қўйнига солиб.) Бу гаплардан камина недур англағондек бўлдум. Аммо хулоса ясаёлмадим.

Амир Али Бобо. Хулоса маълум. Султон Ҳусайн жаноблари шаҳарда тартиб ўрнатишни балки, биз, аҳли давлатдан, балки, фуқаронинг ўзидан кутаяптилар. Қандайдир истиҳола юзидинми, ўзлари бирон чора кўришга шошмаяптилар.

Хўжа Шаҳобиддин. Нимадан истиҳола? Нега? Ахир, нега? Аҳвол кундан-кун бадтар эканини айтмадингизми?

Олтинчи ҳолат

Амир Алишер Навоий ўз уйи тўрида, хонтахта олдида хаёл суриб ва қуюлиб келган мисраларни қоғозда тизиб ўтирибди. Ҳар дам тўхтаб, остонага ўйчан тикилади, бировни кутаётгандек бўлади.

АЛИШЕР.

Не тирикмен, не ўлик, не соғ, не бемормен,
Айта олмонким, фироқингдин не янглиғ зормен.

Нуктаи оғзинг ғамидин тортибон жадвалдек оҳ,
Ашк селин оқизиб, саргашта чун паргормен.

Дўстлар, кўнглум ҳадисин демангиз, Тенгри учун,
Ким, мен ул девонаи саргаштадин безормен.

Кўнглакингдинким, топар жон дам-бадам Юсуф иси,
Эй азизим, мен ҳам ул кўнглак аро бир тормен.

Бир қуёш ҳажринда тундек рўзғорим тийрадур,
Тонг эмас, гар тун киби, мотам тутуб йиғлормен.

Майли афъюн эзғил, эй муғким, бу эски дайр аро
Телбарармен ғуссадин, гар бир нафас ҳушёрмен.

Невчун эл дашному таънидин бўлай ошуфтаҳол,
Эй Навоий, чун неким дерлар, юз онча бормен.

(У яна остонага тикилади ва унга гўёки остонада бир Нозанин тургандек туюлади.)

Нозанин. Не тирикмен, не ўлик, не соғ, не бемормен… Бу ҳолатнинг поёни борму? Хаста экансиз. Кўргони келдим…

АЛИШЕР.

Кел-кел, эй ороми жонимким, тилайдур жон сени,
Чеҳра очким, кўрмак истар дийдаи гирён сени…

(Нозанин остона кечиб, бурқаъни очади.)

Эшикдин соя киргач, соғинур-менким, қуёшимдур…

НОЗАНИН (пойгакда чўкиб). Мен соя эмасмен. Жонли вужудмен! Сиз мени доим соя деб билдингиз.

Алишер. Шубҳасиз, вужуд. Жонли вужуд!

Ҳусни ортар юзда зулфин анбар-афшон айлагач,
Шам равшанроқ бўлур торин паришон айлагач…

Нозанин. Дарвоқе, шам. Сиз мени бошда Гули деб танидингиз. Кейин,бора-бора ғазалларингизда номаълум бир гўзалга, Нозанинга айландим. Бу мен учун шараф. Бахт! Лекин мана, энди умр шамимиз кундан-кун сўниб бораяпти. Шундай паллада, яна хаста ҳолда ўтириб, нега ёзаяпсиз? Ёзманг! Ўзингизни асранг!

Алишер. Илож йўқ. Бу менинг ҳаётим мазмуни… Дунёда шу қадар олис йўл, олис масофа кечдимки! Айрилиқ, саргардонлик, ночорлик, ғариблик… Аммо маҳзун НАВОдан умидбахш НАВОга етиб келиш мени НАВОИЙга айлантирди! Умримда оёқ остида лойдек хорланиб-топталишларни ҳам, лойдан ясалғон кўзадек қўлларда кўтариб алқашларни ҳам кўрдум. Мени нигун ҳолатда ерга кириб кетишдан, фараҳли-кўркам ҳолатда ўзингни осмон деб ўйлашдан Сўз, Назм, Адабиёт асради! Умрим сўнгигача мен шу Қора Меҳнатга ва Сенга фидомен, парирухсор!

Нозанин. Менга дейсизму? Ростданму?

Алишер. Рост! Сен!

Гоҳ сарв узра, гаҳе гул узра булбул нағмасоз…

Нозанин. Барибир, тузалгунча ёзманг. Қаранг, шаҳарда нима ғавғо? Оламда нима шўриш? Наҳотки, Сизнинг меҳнатга берилиб изтироб чекканингиз шу, телба оломонга керак бўлса? Наҳотки, азалдан нокомил ҳаёт алал-оқибат изга тушади, хатолардан, гуноҳ қилишдан умрида ҳайиқмаган одамлар ўзгаради, инсон тузалади, деб ўйласангиз? Ерда ҳақиқат ҳукм суриши, Адолат қарор топиши учун биров ўлгунича куйиб-ёниши – наҳотки! – шарт деб билсангиз? Бунга ишонсангиз?

Алишер. Ишонамен! Шарт!

Нозанин. Хаёлпараст! Булбул!

Алишер. Менинг хасталигим ўткинчи. Меҳнатим бир овунчоқ. Дардим бошқа… Биз, инсонлар ёлғон-ёзуққа, нафс йўлида алданишга, кибру-ҳавога берилғонмиз. Покланиш ва бошқаларда ҳам бунга кўшиш уйғотиш аввалдан, олисда қолғон болаликдан умримда муродим бўлди. Бунга гоҳ эришдим, гоҳ аро йўлда қолдим! Менинг ҳаётим дунёда бўлғон-бор хатолар, гуноҳлардан озорланиб, Тангри таолога қилғон ибодат-илтижо! Бутун саъй-ҳаракатим ҳам ибодат-илтижодур.

Нозанин. Умрингиз охирлаб, бошингиздан кўп савдолар ўтуб, телба дунё ройиши қандоқ, одамнинг феъл-атвори қандоқ, билмадингизму? Сиз ўйлаган – инсон камолотга етиши, покизалик, бу – саҳродаги бир сароб…

Алишер. Валлоҳки, бу неча минг йиллардан келган акс-садодур. Ғариб Оламда ҳар қачон Гўзал Оламлар, ажиб белги-хислатлар топилғон. Хушхулқ, хуштаъб кўп инсонлар ўтғонлар. Ҳеч қачон ёлғон ҳақиқатдан, ваҳшат одамийликдан, хунуклик кўркамликдан, ёмонлик яхшиликдан ғолиб келмағон. Ғолиб келмагай, иншооллоҳ! Биз ўз қавмимиз маърифатли, олижаноб, мағрур ва якдил бўлишини орзу қилғон кишилармиз. Биз фоний дунёни безағон фано аҳли, ишқ аҳли элчиларимиз. Изтироб эгаларимиз.

Нозанин. Ишқ ва изтироб бир эканму?

Алишер. Бир!

Дилбаро, сендин бу ғамким, менда бордур. Кимда бор?
Фурқатингдин бу аламким, менда бордур. Кимда бор?

Нозанин. Севсангиз, нега мендан узоқлашдингиз? Яна, гўёки менга фақат “бир булбули нолон керак” эмиш… Фироқ-айрилиқ боиси мен эмас. Ўзингиз.

Алишер. Балки, ўзим?

Ҳар дам онсиз юз ўлум эрди Навоий жониға, –
Бир ўлум бирла бу дардиға даво қилди фироқ.

Нозанин. Ёзғонларингиз аксар ҳасратли… Биз бахтли бўлармидик?

(Олисдан, аллаердан яна аёллар фарёди эшитилади.)

АЛИШЕР (бир оз сукутдан сўнг). Мен сени бахтсиз қилишдан қўрқдум. Аёл ишқ учун яратилғон! Изтироб учун яратилмағон…

Нозанин. Дунёда доим изтироб чекиб яшаган аёл-ку!

Алишер. Менинг дарвешона йўлим бир кишилик! Сени севдим. Ёндим. Ўртандим. Аммо менинг тўфонли уммонимда сенинг ғарқ бўлишингни истамадим. Инсон бир неча вазифани бўйнига ололмайди, бир вазифани бажаради! Менга бировга зулм қилмоқдин ёлғизлик ва бекаслик афзал туюлди. Бу мен ишқдан воз кечганимдан эмас! Бир инсондек яшадим.

Нозанин. Бу кун мамлакат нотинч. Шаҳарни ҳам совуқ бир шарпа, қора бир исён ишғол этган. Гоҳ тун, гоҳ кундуз аёллар оҳу фарёди кўкка кўтарилаётир! Сиз чарчагансиз. Хастасиз. Лекин нега бу бобда бирон чора-тадбир топмаяпсиз?

Алишер. Бу бобда мен ўзи-ўзимдан бир иш қилолмасмен, чора-тадбир кўрмоқ Султон Ҳусайн жанобларининг вазифасидур. Олий таъб, инсоф ва диёнат соҳиби Султон Абулғози Бойқаро қандоқ йўл тутишни бу фақирдан кўпроқ билурлар. Барчадан бурун мамлакат тақдири учун жавоб бермак шоҳларнинг насибидур.

Нозанин. Султон ҳазратлари суст қарамоқдалар. Ишни пайсалга солмоқдалар. Ҳар куни қон тўкилаётир. Неча одамнинг хонумони куяётир. Бундан шаҳаншоҳ заррача қаҳру ғазабга келмаётирлар.

Алишер. Оллоҳнинг ғазаби-ю, шоҳнинг ғазаби қўрққуликдур. Султон қаҳр нишонаси қизил либос кийиб, бошига қирмизи тож қўндуриб хос хонадан саройга чиқса, оламга ўт кетиши тайин. Бу кунча шоҳимиз бардош кўрсатмоқдалар.

Нозанин. Бардошнинг ҳам уйи куйсин! Элнинг аллақачон сабр косаси тўлғон… Султон эса бепарво юрғондек!

Алишер. Бепарво эмас! Воқифмен, жаноб Султон асосан, ҳар ерда уруш ҳаракатлари қўзғалаётгани билан хаёллари банд. Ҳиротдаги аҳволга кундалик кўнгилсиз ҳодисалар деб қарағон бўлишлари мумкин. Бундан бўлак, Бойқаро учун майдонда душман аниқ, жангда юзма-юз олишиш ўнғай. Аҳоли ичидаги тартибсизликка қарши қилич кўтаролмайсан! Яна айтсам, жоҳил ҳолга кирғонлар умуман ўсмир, ёш. Айниқса, булардан бир қисмининг “етим” деган номи бор. Мусулмон подшоҳи ўз юртида “етим-есирлар бошини силаш” ақидасига амал қилиш ўрнига бунга қарши иш тутиши қийин… Шу боисдан, Султон билан орамизда баъзибир зиддиятлар борлигига қарамай, мен ҳам паришонмен!

Нозанин. Мен тушунмадим. Бу ҳолда нетмоқ керак?

Алишер. Ҳақиқат ва адолатга қараб, сабр-бардош кўрсатиб иш тутмоқ керак.

Нозанин. О, бунинг учун узоқ йиллар, асрларни кутишга тўғри келади…

(У ўрнидан туриб, чиқиб кетади.)

АЛИШЕР.

Ёр борди-ю, кўнглумда анинг нози қолибдур,
Андоқки, қулоғим тўла овози қолибдур.

Кўз хонасини қилди – барандохта бу ашк,
Кўз борди, вале хона барандози қолибдур.

Кўнглум қуши то сунбулингиз домиға тушди,
Булбул киби ҳар гул сори оғози қолибдур.

Ул қуш сафар айлаб, не тараб, гулбунин очгай,
Ким, боғ аро бир – сарви сарафрози қолибдур.

Мен ишқ румузин демай ўлдум. Сафар этгум,
Фарҳод ила Мажнуннинг ўкуш рози қолибдур.

Тақлид қилиб кўнглума – ишқ аҳли чекар оҳ,
Ул борди-ю, эл ичра саровози қолибдур.

Ҳижрон-у, висолни кўпу оз дема, Навоий,
Юз шукр деким, кўпи бориб, ози қолибдур…

Парда.
Иккинчи Парда
Еттинчи ҳолат

Султон Ҳусайн Бойқаро саройи. Аъёнлар жам. Вазир Мажидиддин Муҳаммад, Амир Муборизуддин Валибек, Амир Али Бобо, Мавлоно Соҳибдоро, Хўжа Шаҳобиддин шу ерда. Амир Алишер Навоий ҳам шу ерда.
Қизил либос кийиб, бошига қирмизи тож қўндирган Ҳусайн Бойқаро кириб келиб, тахтга ўтиради.

Бойқаро. Мажидиддин Муҳаммад! Ҳирот осойишталиги учун не чора-тадбир кўрулди?

Мажидиддин. Онҳазрат! Тунда дўконларнинг қоровуллари ва кўча посбонлари, ўктам йигитлардан танлаб, икки ҳисса кўпайтурилди. Кундузлари ҳам одамлар ўз иши, тирикчилик билан машғул бўла олсин учун собиқ сипоҳилардан бир қисми миршабларга бориб қўшулди. Тағин…

БОЙҚАРО (кескин). Аммо аҳвол тузалғони йўқ. Девонга шикоят ёзаётғон кўп. Арзу-дод билан келаётғонлар ҳам… Амир Валибек, сиз не дейсиз?

Валибек. Аҳвол дарҳақиқат оғир, Султон жаноблари. Барча камар боғлағонмиз, ҳар доим бўлғонидан юз чандон ортиқ югуриб-елиб хизматдамиз. Натижа кўринмаётир!

БОЙҚАРО (бошқа аъёнларга). Сизлар не дейсизлар?

Амир Али Бобо. Бузғунчи-безорилар шаҳарнинг қаерида? Қандоқ беркиниб юрибди? Биров билмайди…

Хўжа Шаҳобиддин. Шаҳарда, нотинчликка қарамай, жаъми болалар, ёшлар кундузлари мактаб-мадрасада. Тунда булар орасидан кимлар ўғрилик, қотилликка бораётир, ажратиб-аниқлашнинг иложи йўқ…

Соҳибдоро. Султон ҳазратлари, кўплар саройга арзу-дод қилсалар-да, кўча-кўйда одамлар сўзлашишдан қочмоқдалар. Улар ўзларига зиён тегиб, бир кор-ҳол рўй беришидан қўрқиб-хавотирдалар…

Алишер. Юрт хавф остида. Элнинг аҳволи яхши эмас. Бутун саъй-ҳаракатга қарамай, бу кунгача жиддий бирон чора-тадбир кўрилмағони аниқ.

Бойқаро. Фармон тайёрлангиз! Қайси кўча, қайси маҳаллада безори ва бебошлар бўлса-ю, уни тутиб келтириб беришмаса, шу жойни бузуб ташлаб, аҳолиси қириб ташлансун… Шафқат қилиб ўтирилмасун! Мен борича меҳр ҳам, бардош ҳам кўрсатдим. Етади… Рухсат сизларга! Амир Алишер, сиз тўхталинг…

(Аъёнлар чиқиб кетишади.)

“Подшоҳлик борлиғи – бошдин-оёқ бош оғриғи!” Маъқул айтғонсиз. Билиб! Онглаб… Ҳиротда турғон танглик тез барҳам топиши лозим. Нури-дийдамиз Бадиуззамон Мирзо кўп ерни тортиб олиб, эгаллаб, юрт иккига парчаланиб қолғони кам. Шаҳзода бизга қарши янгидан қўл кўтармоқ учун лашкар йиғаётғони менга аён. Унинг ғолиб-жаҳонгир байроғи ҳаммаёқда шуъла сочаётир. Лашкарининг сурнай ва карнай овози бот-бот қулоғимга чалинаётғондек…

Алишер. Шаҳаншоҳи олам, Султон Бадиуззамон ўз жигарбандингиз! У феъли торлик қилиб Сизга қарши турса-да, Сиз унга қарши борманг…

Бойқаро. Шаҳзоданинг катта қўшунга бошчилик қилиш салоҳияти, ҳарбу зарбда истеъдоди борасида эшитиб, бир ёқдин фахрландим. Суюндим. Болам сафга кирибди, деб ўйладим. Иккинчи ёқдин мени ғам-ғусса чулғади. У менинг шон-шавкатимга путур етказмоқда.

Алишер. Султон Бадиуззамоннинг шон-шавкати ҳам сизнинг шон-шавкатингиз, хоқоним…

Бойқаро. (уни эшитмагандек). Мен қисматимга шукрона келтираман, Ҳақ субҳона-у ва таоло менга шоён бахт берди, лекин мен истағон оқил ва солиҳ фарзандлар бермади. Бобомиз Ҳазрат Амир Темур Соҳибқирон тузғон катта давлатдан фақат бир улуш қолди, у ҳам синдирилғон нондек, парчаланғон. Мендин сўнгра, ғайрат-шижоати бор, аммо фикр-мулоҳазаси йўқ Темурзодалар уни ҳам “еб битиришлари” муқаррар. Мен буни кўриб турибмен! Шу кунлар кўнглумда жанг қилиб Бадиуззамон Мирзонинг таъзирини бериш нияти турибди, шундоқ қилардим ҳам! – мамлакат заифлашғон, аскар жангга тайёр эмас. Бир оз муддат керак…

Алишер. Менинг кенгашимга қулоқ тутсангиз, Мажидиддин Муҳаммаднинг маслаҳатига кириб эл-улусдан ўлпон йиғишни тўхтатинг. Хазина бўшаб қолғон экан, мен ҳаж учун тўплаган нақдинамни тортиқ қиладурмен. Элнинг норозилиги янги бир исёнлар келтириши мумкин. Жанг қилиш ниятидан ҳам қайтинг, онҳазрат. Ота-боланинг жанги хосиятсиз иш. Олдинги бундоқ жанглар эл-улуснинг қони бекордан тўкилғони-ю, мамлакатда катта билан кичик орасида ҳурматсизлик уйғонганидан бўлак нарса келтирмағони ўзингизга маълум. Мени маъзур тутинг, шаҳардаги аҳвол ҳам шунинг оқибати…

Бойқаро. Мен аралашмасам-да, ташқарида шаҳзодалар бошлиқ, шабохун тарзида амирлар, беклар ичида бораётғон жанглар ҳам, шаҳардаги бу тартибсизлик ҳам ўзи-ўзидин чиқмағони аниқ, албатта. Муҳими турли тарафдин Хуросонга, бутун туркий эл-улусга ғайрлик қилиб нифоқ солиш ҳаракатида юрғон, келиб одамлар орасида жойлашғон, жоҳил, нодон кимсалардин бировни мақтаб, бировга ҳатто маблағ бериб уларнинг териси остига кирғон душман бу кун ҳар ерда топилиб турадур. Мен бу кўрунмас қўлни қирқолмадим.

Алишер. Буни бартараф этиш учун мамлакатда осойишталик даркор. Бир хонадонда аҳиллик бўлмаса, бегоналар хонадон эгаларидан ҳар бирини камситиб, озор етказа оладурлар.

Бойқаро. Хўп, нетмоқ керак?

Алишер. Ҳақиқатга риоя қилиб, адолат юзидин иш тутмоқ керак…

Саккизинчи ҳолат

Мурғоб дарёси бўйидаги қасрда Султон Бадиуззамон Мирзо каттакон дераза олдида ўтирибди. Дераза ортида, майдонда сипоҳилар қиличбозлик машқи ўтказишаяпти.

Бадиуззамон (ўзича). Аслида, Ҳиротни оладурғон бўлсам, ҳозир олғон дуруст. Хуфялар, у ерда ит эгасини танимайди, деяпти. Падари бузруквор қайсарлик қилмай салтанатни менга топшириб қўя қолсалар-ку, яхши бўларди. Аммо ўзим бостириб бориб олсам, шоҳ билан қандоқ муносабат тутаман? Отам бўйинсунса, ҳай-ҳай! Бўйинсунмаса, Абдуллатифга ўхшаб падаркушга айланаманми? Албатта, шоҳ атроф-булукларнинг халқини қалъа ичкарисига олиб, шаҳар девор ва буржларини мустаҳкамлайди. Жангга ҳам киради! Кейин-чи? Менинг йигитларим яхши. Лашкарим кучли. Ғолиб келишим кўриниб турибди! Фақат… ўртада Амир Алишер! Араб ва Ажамда у машҳур. Ўзи ҳам дунёни кафтдагидек кўради. У билан ҳисоблашмай бўлмайди. Дунёга минг йилда бир келадурғон киши у! Сенга бир оғиз “ҳайф” деса, тамом, ер ёрилиб ерга кирғондек. Қандоқ илож топса экан?

(Амир Шижоъуддин Зуннун киради.)

Менга қара, Шижоъуддин Зуннун! Қўшун жангга тайёр, деб ўйлайсанму?
Зуннун. Тайёр. Бунинг устига, Ҳирот ичкарисида энди бизга хайрихоҳ кўп. Султон Бойқаро кўтарилғон тўзонни бостиролмаяпти. Ҳаммаёқ алғов-далғов. Аммо…

Бадиуззамон. Нима, аммо?

Зуннун. Ҳиротдан Мавлоно Соҳибдоро Сизни зиёрат қилғони келғон.

Бадиуззамон. Мулозимга айт, олиб кирсун.

(Зуннун мулозимга кўрсатма бериб, орқага қайтади.)

Нима мақсадда келғон экан?

Зуннун. Индамади. Сиз билан кўрушиб-зиёрат, деди, холос.

Бадиуззамон. Мавлоно Соҳибдоро бунинг учунгина келмайди.

(Мавлоно Соҳибдоро киради.)

Мавлоно, марҳамат, хуш кўрдук.

Соҳибдоро. Улуғ Султон ҳамиша саломат бўлғайлар.

(Ўтиб ўтиради.)

Азиз Мирзо! Сиз билан гапим пишса, расмий, йўқса, шахсий меҳмонингизмен.

Бадиуззамон (кулиб). Иккисини бирлаштирса бўлмасму?

Соҳибдоро. Бунинг учун иккимиз олдин махфий сўзлашиб, келишиб олишимиз лозим.

Бадиуззамон. Мен Ғур яйловига Сейистондан, Амир Зуннун ўзига тегишли Заминдовардан келиб, бир мақсад билан лашкарни қўшғон кундан буён менинг Амирдан бекитиқча гапим йўқ.

Соҳибдоро. Мен қаршингизда хижолат чекадурғон гаплар чиқиши мумкин, шаҳзодам.

Бадиуззамон. Чиқаверсун!

Соҳибдоро. Султон Бойқаро ҳазратлари билан Сиз, муҳтарам шаҳзода, ота ва фарзанд бўлғонларингга қарамай, орада сулҳ тузмоқ таклифи билан келдим.

Бадиуззамон. Сулҳ? Шаҳаншоҳ ожизланиб, сичқоннинг ини минг танга бўлғонидами? Паришонланиб, пайтавага қурт тушғонидами?

Соҳибдоро. Бу – иннинг қандайлигига боғлиқ. Бу этикка ҳам боғлиқ! Подшоҳ жанобларининг этиклари ҳали мустаҳкам… Рухсат бердингиз, айтаман, мени маъзур тутасиз! Ҳозир Сизнинг аҳволингиз мушкулроқ. Қўлингизда шоҳлик шаҳодатномаси йўқлигидан, сизнинг лашкарингиз ҳар ёқни талаб юрғон қароқчи кабидур. Шариат ҳукмига биноан, Сиз икки томондан, подшоҳга ва отага саркашлик қилиб, исён кўтарғон осий ҳолдасиз.

Зуннун. Сулҳда не кўзда тутулғон?

Соҳибдоро. Сулҳ ҳар жиҳатдан хайрлидур.

Бадиуззамон. Сўзланг.

Соҳибдоро. Энг аввал, Падари бузрукворингиз ҳар қандоқ мухолифатни унутиб, Сизнинг бор гуноҳингизни кечирадилар. Сиз ҳам фитна-фасод, сарой ўйинлари қурбони бўлғон жигарбандингиз Мўмин Мирзо учун Падари бузрукворни кечиринг. Айниқса, бу кун сиз эгаллаб турғон Балх мамлакати ва унга тобе ерлар, Мурғобдан Амударё бўйларигача Сизда қолади. Пешкаш қилиб, муҳр босиб берилади. Фақат, ўртада подшоҳ ва отанинг ҳақ-ҳуқуқи, ҳурмати риояси қолади. Сиз тўла ваколат билан қўлга олғон вилоятда хоқон ҳазратларининг ҳумоюн номи билан Сизнинг донгдор номингиз хутбада бирга қўшуб ўқулади…

Бадиуззамон (ўйланиб турганча кулиб). Ўз мулкингни ўзингга қайтариб бермоқ… Бу – ўз шаръий хотинингга уйланғон кабидур.

Соҳибдоро. Истасангиз, шу. Бу борада олдин Амир Алишер ҳам сизга мактуб ёзғон. Истамай жанг қилмоқ бўлсангиз, барчамизга бу не малолату, не маломат, келтуришини Ёлғиз Оллоҳнинг Ўзи билади.

Зуннун. Шартнома тузилғонми?

Соҳибдоро. Тузурмиз.

Бадиуззамон. Тўғрисини айтинг, Падари Бузруквор надомат чекиб ўзлари шундоқ нозик қўнумга келдиларму?

Соҳибдоро. Худо ҳаққи, ўзлари… Ва албатта, Амир Алишер билан кенгашиб…

Бадиуззамон (кулиб). Мен айтдим-а… Балки, Ҳусайн Бойқаросиз Алишер Навоий бўлмасди. Лекин Алишер Навоийсиз Ҳусайн Бойқаро ҳам бўлмас эди…

Тўққизинчи ҳолат

Тахминан бирон ойдан сўнг.
Саҳро. Қуёш ёниб ётибди. Амир Алишер – қўлида ҳасса, қумга ботиб секин суриниб бораяпти. Бир тўп киши ундан сал орқада, лекин унга эргашган. У бошда буларга эътибор бермайди, кейин, бурилиб қарайди.

Алишер. Сизлар нега эргашаяпсизлар?

Эргашганлар. Сиз – Навоий…

Алишер. Сизлар-чи?

Эргашганлар. Биз бенаволармиз!

Алишер. Бутун олам НАВОдан иборат-ку! Қушлар сайроғи. Дарахтлар шовуллаши. Шамолнинг нола чеккани ҳам… НАВОСИЗ одам бўлар эканми?

Эргашганлар. Ўзимизда бўлмағонидан, Сизга эргашаяпмиз-да! Ўт чиққанида биров ёниб-куяяпман, деса, бошқаси мен учун ҳам айт, деган экан. Бизнинг дардимизни ҳам айтадиғон – Сиз! Навосиз элнинг навобахши!

Алишер. Мен айтғонимни айтдим! Энди боринглар, менга эргашманглар. Мен чарчадим. Бунинг устига, «танға қарилиқда нотавонлик етди». Бутун ҳаётимни кўз олдимга келтириб, охиратни ўйлашим керак…

Эргашганлар. Фақат, бир оғиз сўз… кўз олдингизга нима келаяпти?

Алишер. Болаликда саҳрони кўрғон эдим. Яна саҳро! Менинг умрим шу икки саҳро ораси…

(Бир тўп киши тўхтагандек бўлади ва дам ўтмай, янгидан эргашади. Алишер эса хаёлга ботади.)

Эй пари, раҳм этки, кўнглум зор эрур, бечора ҳам.
Ишқу савдо даштида Мажнун эрур, овора ҳам.

Тандаги пайконлар-у, ашким ёрутмас уйниким,
Дуди оҳимдин қорармиш собиту сайёра ҳам.

Захми кўп бағримни тикмак мумкин эрмас, эй рафиқ,
Ким, эрур юз пора-ю, мажруҳ эрур ҳар пора ҳам.

Васли иқболи-ю, мен ҳайҳотким, рухсорини
Тоқатим йўқдур йироқдин қилғали наззора ҳам.

Ўйла, сув қилди бало кўҳсорини оҳим ўти,
Ким, олиб кўксумга ургунча топилмас хора ҳам.

Чарх макру фитнасидин ғофил ўлманг, зинҳор,
Чунки, бу шоҳид басе фаттон эрур. Маккора ҳам.

Телбараб, иттим Навоийдек жунун саҳросида,
Қилмади ёдимни ҳаргиз бир пари рухсора ҳам…

(У бурилиб қараб одамлар ҳамон эргашаётганини пайқайди.)

Кетмадингларми?

Эргашганлар. Йўқ.

Алишер. Сабаб?

Эргашганлар. Ҳали Сизга айтмағон гапларимиз бор.

Алишер. Мен ҳажга бораяпман. Халал берманглар. Мени йўлдан қолдирманглар.

Эргашганлар. Биз йўлда қолиб кетсак, бизнинг хатоларимиз, гуноҳларимизни ҳам сўранг!

Алишер. Албатта, сўрайман. Энг аввал, ўзимнинг хатоларим, гуноҳларим бор. Мен ҳам бир бандаман, улардан покланишим керак. Кейин, барчанинг дарди…

(У беш-ўн қадам юради. Қараса, барибир орқадан одамлар келаяпти.)

Тўхтанглар! Хўш?

Эргашганлар. Сиз кетсангиз, бизнинг арзу додимизни ким эшитади? Ким ўз ҳимоятига олади?

Алишер. Қизиқ экансизлар! Қози бор, бек бор, доруға бор, ҳоким бор, шоҳ бор… Ҳаммадан бурун, арзу додингни Худога айтиш керак!

Эргашганлар. Айтамиз. Лекин Осмон узоқ Ер қаттиқ…

АЛИШЕР (ўйланиб). Келинглар, майли. Эшитаман.

(Барча қум устига ўтиради.)

Ҳажга энди боролмаслигим ҳам мумкин. Неча бора шаҳдландим. Гоҳ ҳозир мавриди эмас, гоҳ йўл хатарли, деб Султон Бойқаро изн бермади. Тўғрироғи, мени ёнидан кетгазгиси келмади. Яна бир отланиб, қатъий қарор қилғонимда юрт пешволари, эътиборли кишилар йўлимни тўсди, борманг, деб ёлворди. Мана, шу кунлар бормоқчи эдим, бу гал сафар аниқ эди, лекин йиққанимни юртга топширдим. Йўлимдан чиқиб менга умид билан боққан инсонлардан бошлаб қўлимдан дон еган қушларгача – уларнинг аҳволи, тақдирини ўйладим…

Кимки, бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай…

Мен бу Каъбани кимга ташлаб кетаман? Буёғи умрим тугагунича шу саҳрода, ҳаж йўлидамен… Марҳамат, сўзлангиз!

Эргашганлар. Қандоқ сўз бошламоқни ҳам билмасмиз. Бизнинг ҳар кун, ҳар соатимиз алам ва мотамдан иборат. Сўз йўқ…

(“Қаро кўзим” қўшиғи, барча бошини солинтирган, сукутга чўмган ҳолатда, маҳзун янграйди. Ниҳоят…)

ЭРГАШГАНЛАР (Биринчи киши). Ҳиротда шу кунлар ўғрилар, қотиллар, ҳар хил ёвузлардан тўйган эдик. Султон Бойқаро жаноблари уларни жазолаш тўғрисида фармон бердилар, бизнинг бахтимиз, осойишталигимизни ўйлаб, керакли, доно иш қилдилар. Ташаккур! Аммо Ҳиротда аҳвол олдингидан юз чандон бадтар бўлди…

ЭРГАШГАНЛАРДАН (Иккинчи киши). Одамлар гуноҳкор-гуноҳсиз бировларни тутуб келтуруб, улар кекса экан, ёш экан, деб ҳам қараб ўтирмай, минг азобу уқубатларга солинаяптилар. Балки, маъқулдур! Аммо зиндонбонлар, соқчилар, миршабларга Худо “берди”. Маҳбуслардан баъзиларни тахтага, тошга-деворга михлатиб ташлаяптилар. Баъзиларни қўлтиғидан осиб, оёғига тош боғлаб иккига бўлиб-парчалаяптилар. Яна баъзиларни кўзларини ўйиб, қўл-оёқдан тирноқларини суғуриб олаяптилар…

ЭРГАШГАНЛАРДАН (Учинчи киши). Ёвузлик, золимлик салтанат учун қонун эканму ёки одамнинг қонида бор эканму, гуноҳкор, жазо бераяпмиз, деб шундоқ шафқатсизлик қилинаяптики! Буниси ҳолва. Биргина айбдор чиқибди, деб аямай, бутун кўча, бутун маҳаллаларни бузуб, аҳолиси қириб ташланаяпти. Султон Бойқаронинг фармони шундоқ экан! Кексаларда нима гуноҳ? Гўдакларда нима гуноҳ? Сиз доим ҳақиқат, адолат, дейсиз. Ҳақиқат қани? Адолат қани?

АЛИШЕР (ўрнидан туриб кетиб, хафа бўлиб, жаҳли чиқиб). Бу – янги бир бедодлик! Аянчли ҳол! Лекин сенлар ҳам бундай ўйланглар. На иссиққа, на совуққа чидайсанлар! Подшоҳ раҳм қилиб, суйиб, кўнгилчан-бўш қараса, на ҳокиму доруға, на бири-биринг билан келишмай қўясанлар! Ўзларингдан кетиб, бошга чиқиб оласанлар! Бузғунчилик қилиб, нохушлик келтирасанлар! Подшоҳ аксинча, қатъият кўрсатиб, ғазабланиб, арқонни тортса, дарҳол мусичаи-бегуноҳ бўлиб қоласанлар. Обидийда қилиб, нола-афғон чекишга тушасанлар! Кўчага чиққан болага қарамайсанларму? Китоб ўқутмайсизлар. Меҳнатга ўргатмайсизлар. Бу болалар, ёшлар Мирхондни, Хондамирни билмайди. Шоҳ Музаффарни, Беҳзодни билмайди. Тарбия бермайсизлар! Бировни кечаси уйига бостириб кириб пичоқлаган махлуқни мен ҳимоя қилишим керак эканму? Ҳар қандоқ шафқатсизлик, қон тўкиш, бировга жабр-ситам менга ёқмайдур! Бирон важдан оқламасмен ҳам! Аммо сенларга ортиқ ёрдам ҳам беролмаймен. Керак бўлса, подшоҳга боринглар!

(Шу пайт эргашганлар орасида Алишернинг бехосдан Абдулхай табибга кўзи тушиб қолади.)

Абдулхай табиб! Сиз нега бу ерда турибсиз?

Абдулхай. Олижаноб ҳазрат! Ётиб олинг. Сиз ётишингиз керак! Иситмангиз баланд…

Алишер. Йўқ, сиз рўй берган аҳволга қандоқ қарайсиз?

Абдулхай. Минг қатла узр, Амирим. Мен ҳакам эмас, ҳакимман. Албатта, воқеанинг маъносига, одамнинг афт-ангорига қараб баҳо берилади. Аммо мен бировни ҳаётнинг гули, бировни қабиҳ экан, деёлмайман. Яхши-ёмон барчани даволайман. Сизга яқин томоним, мен ҳам инсон ёвузликдан, жаҳолатдан, дардлардан қутулишини истайман… Энди бир оз ором олмасангиз бўлмайди.

АЛИШЕР (унга ортиқ аҳамият бермай, ўзича). Ҳажга бораётғон эдим. Йўл бунчалар чўзилиб кетди.

(У яна қумда вазмин сурина бошлайди. Одамлар ҳам эргашадилар. Бир маҳал тўхтаб…)

Ҳалиям шу ердамисизлар?

ЭРГАШГАНЛАР (Биринчи киши). Савол чиқиб қолди.

Алишер. Нима экан?

ЭРГАШГАНЛАРДАН (Иккинчи киши). Улуғ инсонсиз. Биз осий бандаларни кечиринг… Сиз Шоирми ёки Амирмисиз?

Алишер. Шоирлик қисматим. Амирлик ҳам… Ақлимни таниганимдан ёлғизлик ва фақирликни истадим. Умримда жуда эрта бу дунёнинг омонат, фоний эканлигини онгладим. Хушнуд ва оғир дамларда бир сўз-икки сўз айтиб ўзумни овутмоққа урундим. Ҳали дунё тўкис, инсон нақадар комил эмаслиги мени қайғуга солди. Йиллар давомида дунё ишларидан узлатга чекиндим. Мана, ҳозир ҳам зиёратгоҳда ғарибликда турибмен. Аммо ҳаёт ғавғоси ва савдоси менга бирон пайт осойиш бермади. Бу кун ҳам ўзи-ўзимча қолиб, хатолар, гуноҳларимиз учун тавба-тазарру қилишга имкон йўқ. Ана, интилғоним билан, Каъбага етиб боролмаяпман. Рўй бераётган аҳвол, одамларнинг бири-бирини онгламаслиги, бири-бири билан келишмаслиги, жоҳиллиги, худбинлиги мени ўртаб юбораяпти. Мен Ер юзида ирқи, миллати, динига қарамай, Тангри таолога итоатда бўлғон инсонлар аҳил, эркинликда, ҳур яшашини орзу қилдим! Аммо инсонлар аксар исёнда бўлдилар. Улар, шоҳдан гадогача, осойишталик бўлмағон ерда хотиржамлик ҳам, бунёдкорлик ҳам, бахт-саодат ҳам бўлмаслигини ўйламадилар. Душманлик эмас, дўстлик қилишни истамадилар. Худога, бири-бирига бўйинсунмадилар. Одамнинг одамга зулми, зўравонлиги бўлғон ерда қотил ҳам, мақтул ҳам қулдур. Мен сизларга доим ёрдам беришни истаймен. Таассуфлар бўлсунким, ёрдам беролмаяпмен…

(Абдулхай табиб бошқалардан ажралиб келиб, уни қўлтиғидан тутади.)

Абдулхай. Ҳазрат! Жон ҳазрат! Бир оз ором олинг. Бемор ўзи ҳакимга ёрдам бермаса, ҳаким қийналиб қолади… Бу томон кун кеч. Офтоб ботаяпти…

(Саҳрода қуёш бота бошлайди.)

Ўнинчи ҳолат

Саройда Султон Ҳусайн Бойқаро аъёнлари билан. У ҳам, аъёнлар ҳам ҳорғин, паришон. Ташқаридан одамлар сурони эшитилади.

Бойқаро. Не шовқин? Ғулғулага боис не?

Амир Али Бобо. Келганлар подшоҳ арзу додимизни эшитсун, дейишаяпти.

Бойқаро. Биз уларнинг безорилар, бузғунчилар устидан ёзғон арзу додларидин, иродасидин келуб чиқиб, фармон бердик. Яна нима шикоят бор экан?

Хўжа Шаҳобиддин. Аҳволдан улар ҳамон норози бўлишаяпти.

Бойқаро. Нега норози бўлар экан? Жиноят содир қилғонларга жазо барҳақ. Ўз экканини ўрсин!

Хўжа Шаҳобиддин. Раият ўз бахту саодати посбони бўлғон подшоҳига кўнглида борини айтиши шаръан ва расман раво, Султон ҳазратлари.

Амир Валибек. Улар бир бедодлик ўрнида иккинчи бедодлиғ, қордин қутулиб ёмғирга тутулғондек бўлдик, дейишаяпти. Ҳиротда тинчлик ўрнашғони йўқ, дейишаяпти.

БОЙҚАРО (Мулозимларга). Айт, машварат қилиб олғунча тинчиб турсин!

(Мулозимлар чиқиб кетишади. Ташқарида тўлқиндек бир кўтарилиб, бир тушган сурон тинади.)

Мажидиддин. Кўп чора-тадбир кўрулғонига қарамай, чиндан нотинчлик давом этаяпти, онҳазрат! Биз, содиқ қулларингизнинг Худо олдида ҳам, Сизнинг олдингизда ҳам гуноҳимиз бўйнимизда. Ҳамма бало шундаки, бировлар бузғунчилик, ўғрилик, қотиллик қилаётғонидан бўлак гап бизга аниқ эмасди.

Амир Валибек. Ҳозир ҳам аниқ эмас. Қоронғуда пайпасланиб юрғон кишидек иш тутмоққа тўғри келаяпти.

Мажидиддин. Бундан ташқари, ким айбсиз, ким айбдор текшириб-аниқлаб ажратишни фуқарога ҳавола қилмағон дурустмиди? Беайб Парвардигор! Ҳеч бир айби йўқ банда бўладиму? Кимнинг кимгадир қасди бўлса, ўч олиш, кимдир ўз одамини қутқариб, бегуноҳ бировни жарга суриб ташлаш каби ҳодисалар ҳам рўй бераяпти. Жоҳил миршаблару иш топилса қўлини ишқай бошлайдиғон жаллодлар-ку, дўппини ол, деса бошни олаверади. Ҳақиқатни суриштириб, адолатга риоя қилиш қози-қуззотларнинг вазифаси. Аммо улар ҳам кўзларини пирпиратиб, гангиб юрибди. Алқисса, ҳўлу қуруқ баравар ёниб ётибди, подшоҳи олам.

Бойқаро. Сўзлашдин мурод – амал. Мен учун у муҳим!

Мажидиддин. Қандоқ бўлмасун, кундалик ҳукумат ишларидан озод бўлғон, лекин давлат номидан сўзлаш, ҳукм юритиш, катта-кичик арбобларни ҳам тафтиш қилиш ҳақ-ҳуқуқига эга доно бир киши керак. Бунга барча иштибоҳсиз қарайдурғон киши! У аҳволни тез, теран ўрганиб-билиб айбдор билан айбсиз орасин ажрим қилиши лозим! Адолатли иш тутилғонига одамлар ишониши лозим! Шундоқ қилмагунча Ҳирот тинчимайди, онҳазрат.

БОЙҚАРО (ўйланиб). Ким? Ким бу вазифанинг уҳдасидан чиқа олади? Шу тахлит ҳакам юртда борму? Топиладиму?

(Аъёнлар анча сукутга чўмишади. Ахийри…)

Амир Валибек. Амир Алишер… Бўлак кишини эсламадим.

Хўжа Шаҳобиддин. Ул Зотдан бошқа киши бу вазифани бажаролмайди!

Соҳибдоро. Юртда бирон одам йўқки, Амир Алишернинг тўғри, ҳалол иш тутишига шубҳаланиб қараса!

Амир Али Бобо. Ул Зот бировни жазога буюрса ҳам, бировга шафқат қилса ҳам, инсоф-диёнат кўрунади. Ҳеч ким норози бўлолмайди!

Мажидиддин. Мен Амир Алишерни ҳазратнинг саломатликлари ёмон бўлғони, дардлари борлиги учун айтмадим.

Бойқаро. Яқин Кишимизга бу гарон юкни ортсак, оғирлик қилмайдиму? Не дейсиз, Абдулхай табиб?

Абдулхай. Амир Алишер бир енгил тортиб, бир оғир ётқон эдилар. Алҳамдулиллоҳ, икки кундан буён оёққа турдилар. Қолаверса, Алишер ҳазратларининг юрт, эл-улус ташвишидан бўлак нима дардлари бор? Мен ул жаноб номларидан p style=»text-align: justify;»истаганча сўз айтишим мумкин. Кафолат берғонлар. Мабодо шаҳаншоҳ Амир Алишерга бу вазифани топширсалар, у киши буни ҳар қачонги Сизнинг ишончингиз ва марҳаматингиз, деб биладилар. “Бош устига” деб мамнун, миннатдор бўлиб қабул қиладилар.

БОЙҚАРО (хурсанд бўлиб). Ташаккур. Бораколлоҳ.

Ўн биринчи ҳолат

Бир ертўлада фонус ёқиб Ҳайдарбек икки ўсмир билан чилим тортиб ўтирибди. Қўлида бош чаноғи учинчи ўсмир киради.

Учинчи Ўсмир. Ҳайдарбек, қара. Мен буни тарашлаб, қадаҳ ясамоқчиман. Марварид қадаб, ўз динимиз байрами куни сенга совға қилмоқчимен.

Ҳайдарбек. Совғани ҳар куни айтиб юриб эмас, индамай вақтида топшириш керак! Кел, ўтир, чилимдан торт.

(Ўсмир чаноқни михга илиб, ўтиб ўтиради.)

Биринчи Ўсмир. Малла! Шаҳарда нима гап?

Учинчи Ўсмир. Сув қуйгандек!

Иккинчи Ўсмир. Бўлиши мумкин эмас… Бу ерда туққан хотиндек ётиб, занглаб кетдик. Ҳатто кундузи бирров чиқмаяпмиз… Ҳайдарбек, бир айланиб келмаймизми?

Ҳайдарбек. Ҳар кеча бир кишининг чиққани етади! Ҳозир шароит шунақа! Сен, Малла, ялпайиб ўтирмай, аҳволни гапир. Сенлар тек ўтиринглар!

Учинчи Ўсмир. Тўғрисини айтсам, мени ўлдиришинг мумкин. Қўрқамен.

Ҳайдарбек. Ўлдирмаймен.

Учинчи Ўсмир. Шаҳар ростдан ҳам жимжит! Одамлар, икки юзга яқин киши, Ҳусайн Бойқарога шикоят билан борғонлар. Шунинг учунми, қўлга олинғонларни жазолаш тақа-тақ тўхтағон. Буниси яхши. Шароит юмшаганидан, бизга янги қўшиладиғонлар чиқадиғонга ўхшайдур. Буниси ҳам яхши…

Ҳайдарбек. Чўзма!

Учинчи Ўсмир. Миршаблардан бир айғоқчимизнинг айтишича, энди қози-ю, қозихоналарни четлаб бир мадраса ҳужрасида Амир Алишер қўлга олинғонларни тергаётган экан…

ҲАЙДАРБЕК (жонланиб). И-е, Амир Алишер дейсанми? Яхши-ку! Мен Навоийни биламан. Вақтида отам Амир Жаҳонгир барлосни қўллағон. Подшоҳга айтиб, Туршиз қасабасига ҳокимликка қўйғон эди. Кейин, отамни қасаба аҳолиси ўлдириб кетғон. Аммо Навоийнинг ҳиммати менинг хотирамда қолғон.

Учинчи Ўсмир. Ёмон жойи, Амир Алишер бировни урушмас, сўкмас, ҳатто баланд товушда гапирмас, фақат рост сўзлашни талаб қилар экан. Қўлга олинғонларни ёлғон ёки рост сўзлағонига қараб, икки томонга ажратаётғон экан…

Ҳайдарбек. Бунинг йўли осон. Йиғлаб юбориб, ёқа йиртиб ёлғонни ростдек кўрсатса бўлади. Баъзилар қандоқ ишонтиришни билмайди.

Учинчи Ўсмир. Осон эмас экан-да! Амир Алишер юз-кўзингга бир қараганида, сен ҳали сўзламай туриб, бутун ҳаётинг унга кўриниб қолар экан. Авлиёми ёки ярим авлиёми, дейишади.

Ҳайдарбек. Ўзим у кишининг олдига бостириб борсаммикан?

Биринчи Ўсмир. Бизни ўйинга солиб, ўзинг эсингни еб қўйдингми, Ҳайдарбек? Нималар деяпсан?

Ҳайдарбек. Эсим жойида! У киши авлиё бўлса, мен пайғамбармен. Сенлар ишондинглар-ку, ҳазратни ҳам ишонтираман.

Иккинчи Ўсмир. Амир Алишер қаёқда-ю, биз қаёқда? Қалтис ишни ўйлама! Қалтис ҳазиллашма ҳам!

Ҳайдарбек. Ҳазил ҳаром. Ҳазратнинг олдига бориб, бир оз ёлғон-яшиқ гапириб алдайман. Кейин, очиқ савдога ўтаман. Сиз доно одамсиз, тушунинг, янги дин, янги пайғамбар керак, мен шу пайғамбар бўлиб келдим, дейман. Бир пайт отамни қўллағонсиз, мени ҳам қўллаб юборинг, дейман. Ҳусайн Бойқаро дўстингиз, лекин мамлакатни бошқаролмаяпти, фарзандлари ҳам бошқаролмайди, мен бошқаришим керак, дейман.

Биринчи Ўсмир. У киши худди шуни кутиб ўтирибди!

Ҳайдарбек. Менга биринчи иймон келтиринг, одамларнинг ҳар хил динга кирғони нотўғри, дунёда озгина одам қолиб, ҳамма бир ёққа қараб бориши керак, дейман. Шунинг учун менга бу адашиб-тентираб юрғонларнинг жони ва моли ҳалол қилиб берилғон… Сиз эркинлик куйчиси. Иккимиз бирлашайлик, дейман.

Иккинчи Ўсмир. Амир Алишер шунчалик гўлмиди, сенинг оғзингга қарайдурғон?

Ҳайдарбек. Қаратаман. (Пастак дераза олдига келиб, кўчага кўз ташлайди.) Кун ёришаяпти. Сенлар шу ерда кутиб ўтиринглар, мен бир оз кўча айланиб, ана, кўрасизлар, бемалол гаплашиб келаман.

Учинчи Ўсмир. Бормайсан! Сен бориб бизни сотмоқчисан!

Ҳайдарбек. Сенларнинг нимангни сотади? Ўзларинг сотилғонсанлар! (Қўйнидан пичоқ чиқариб.) Йўлимни тўсма!

Биринчи Ўсмир. Сенинг гапингга кирғон биз аҳмоқ… Дўппи тор келаётганини билиб, энди ўз жонингни қутқаришни ўйлаяпсан. Номард!

(Улар ҳам қўйинларидан пичоқ чиқаришади. Ҳайдарбек маймундек сакраб, улардан бирини чалади, бирини тепади, учинчисининг кўксига пичоқ санчади. Қаттиқ олишиб, қолган икки ўсмирни ҳам пичоқлайди.
Кейин, шошмай нималарнидир бир тугунчага йиғади. Фонусни ўчиради. У ён-бу ён қараб, бояги бош чаноғини фонуснинг устига қўндирганича, хонадан чиқиб кетади.)

Ўн иккинчи ҳолат

Ҳирот мадрасаларидан биридаги кенг-мўл ҳужра тўрида Амир Алишер қоғоз қоралаб ўтирибди. У ён томондаги ўйиқ равоқлардан бирига ўйчан тикилади ва ҳарир парда ортида шу асно яна Нозанин кўринади.

АЛИШЕР.

Назарга қайси тарафдинки, бир ғубор келур,
Кўзум ёрур – бу таманно билаки, ёр келур.

Чу кўчадин қулоғим «дубдур»ни эшитса, кўнгул
Дукуллар, ўйлаки, ул нозанин-сувор келур.

Боқар яна сари-кўрмасқа солибон ул шўх,
Қошида – қайсаридинким, бу беқарор келур.

Қочинглар, аҳли саломатки, кофири масти –
Чиқорғали хирад-у, сабрдин димор, келур.

Кўруб, бўлурлар ошуфта рўзғор аҳли,
Қаю тарафки, бу ошуфта-рўзғор келур.

Буким, бири-бири кейинча бордилар аҳбоб,
Аъзолариға сиришким тузуб, қатор келур.

Навоий-ё, қаламинг жаври-баҳр йўлимидур,
Ки, турмайин ичидин дурри шоҳвор келур…

Нозанин. Ёр келур…
Ул нозанин-сувор келур…

(парда ортидан чиқиб)

Мен келдим! Бадкорлар даф бўлиб, бегуноҳлар ўз тирикчилигини давом эттирғони учун Сизга тасанно. Толиқибсиз! Лекин азоб билан, машаққат билан ҳақиқат ва адолатни қарор топдирдингиз.

Алишер. Бу – энг аввал, Султон Ҳусайн Бойқаро ҳазратларининг ҳиммати, заковати.

Нозанин. Балки, шундоқдир? Мен билмаймен.. Сиз олдин ҳам неча бора «қози»лик қилғонсиз. Бировларнинг мушкулини осон қилиш, ёшларнинг бошини қовуштириш! Одамлар ривоятлар тўқуб юрадилар. Аммо бу галги ҳакамлик… Уч кун ичида ҳар куни неча ўнлаб кишини тергаш ўзи бўлмайди!

Алишер. Мен ундай деб ўйламайман. Салтанатга, юртга, элга хизмат қилиш бизнинг вазифамиз. Мен учун дунёда юрт тинчлиги, элнинг осойишта, бахтли ҳаёт кечиришидан муҳим ва азиз нарса йўқ!

Нозанин. Сиз қўлга олинғон, жазо берилишини кутаётғон маҳбусларни бир-бирдан, навбат билан ҳужрага чорлаб тергаганингизни эшитдим. Гуноҳи бўлмай туҳматга қолғонларни қутқарганингиз, гумроҳлик қилиб адашғонлардан бир қисмини мардикорликка юбориб, бир қисмини тарбия учун қариндош-уруғлари қўлига топширганингизни ҳам биламен. Гуноҳ қилмоққа улгурмағонлардан яна бир қисмни турли усталардан ҳунар ўрганишга жўнатғонингизни ҳам одамлар гапириб юрибди. Гуноҳ қилғон ва ашаддий бузғунчиларни жазони белгилаш учун миршаблар орқали қозикалоннинг ўзларига юборганингизни ҳам айтишди. Бу гаплардан нафақат мен, Ҳиротда ҳамма хабардор…Тағин не иш қолғон экан?

Алишер. Ана-мана, кўрурсен…

(Ҳужрага икки миршаб киради. Нозанин парда ортига чекинади.)

Биринчи Миршаб. Улуғ Амир! Қўлга олинғон, тергаш лозим бўлғонлардан ҳеч ким қолмади. Фақат, ҳовлида уч-тўрт киши қабулингизни истаб ўтирибди.

Алишер. Кимлар экан?

Иккинчи Миршаб. Уларнинг бизга дахли йўқ! Бир масжид аҳли билан, муллаваччага ўхшаган мулойим, одобли бир йигит.

Биринчи Миршаб. Биз маҳкамага қайтиб кетаверайликму? Бизга рухсатму? Агар муҳим бир хизмат бўлмаса…

Алишер. Шошманглар! Хизмат бор… Мулозим қаерда?

Иккинчи Миршаб. У ҳам ҳовлида…

Алишер. Мулозим эшик олдида турсун. Масжид аҳли кирсун. Сизлар йигит билан гаплашиб ўтиринглар. Кетиб қолмасун. Айтганимда киритасенлар.

(Миршаблар чиқиб кетишади. Эшик олдида мулозим пайдо бўлади. Ичкарига катта кўчада жойлашган масжид муаззини ва уч сомеъ кириб келишади.)

Муаззин Ва Сомеълар. Ассалому алайкўм ва раҳматуллоҳу ва баракотуҳу.

Алишер. Ва алайкўм ассалом. Марҳабо!

(Келганлар ўтиб ўтиришади.)

Муаззин. Жаноб Амир! Биз билан сўзлашмайсиз, деб қўрққан эдик.

Алишер. Нега?

Биринчи Сомеъ. Сизнинг диндорлар, муллалар, ҳатто шайхлар тўғрисида баъзан қаттиқ ёзғонингиз маълум. Зоҳидларни хуш кўрмайсиз…

Алишер. Мен Тангри таоло яратғон барча тирик жонни хуш кўрамен. Аммо дин ва жаҳолат, маърифат ва хурофот бир эмас. Баъзи муллалар масжидда ўзини шундоқ кибр-ҳаво билан тутадики, гўё унинг ўзи айни шу соатда тўғри Худонинг олдидан ерга тушғондек. Бу кам, дунёда яшағондан кўра ҳозироқ ўлиб қўяқолғон маъқулдек кўйда ваъз айтади. Биз тирикларга, раҳравға, фано – бақо эканлигини, фоний дунё боқий дунёнинг йўлаги эканлигини ёки тушунмайди, ёки тушунмаганга олади.

Иккинчи Сомеъ. Хокисор, ақлли муллалар ҳам кўп.

Алишер. Кўп! Шундоқ бўлса-да, биргина зоҳиднинг ўзини жаннат эшигида турғондек, барчани кофир деб дўзахга ҳайдаётғондек тутғони охирати ободонлигини ўйлаб, фоний дунёга кўрк бераётғон кишиларнинг кўнглига озор еткизади. Бу майли, суяги қотмағон норасидалар-ёшларни диндан ҳам, дунёдан ҳам бездиради. Эгри йўлларга суриб юборади. Уларнинг фикрини бузади… Энди сизлар озгина сабр қилинглар. (У ҳужранинг иккинчи томонидаги ҳарир парда тортилган ўйиқ равоқни кўрсатади.) Мана, бу ёқда овоз чиқармай туринглар. (Улар парда ортига ўтишади. Алишер мулозимга мурожаат қилади.) Ҳовлидаги йигит кирсун..

(Ҳужрага Ҳайдарбек киради.)

Ҳайдарбек. Ассалому алайкўм ва раҳматуллоҳу ва баракотуҳу.

Алишер. Саломга алик олмаслик гуноҳ. Ва алайкўм. Кел!

Ҳайдарбек. Сиз мени танимайсиз. Шунинг учун ҳали танишмай туриб ҳар нарсани гумон қилаяпсиз! Амир Жаҳонгир барлосни эслайсизму, мен ўша одамнинг ўғлиман.

Алишер. Биламен. Сен Ҳайдарбексан!

Ҳайдарбек. (асабийланиб). Йигитлардан бирови мажбур бўлиб сизга менинг исмимни айтиб қўйдиму? Мени сотдиму?

Алишер. Йўқ. Биронтаси оғиз ҳам очғони йўқ. Лекин халқ нодон эмас. Сенинг исминг аллақачон аён бўлғон эди… Сенинг қилғон ваҳшийликларинг кўринар, ўзинг панада эдинг. Шундоқ пардаланғон эдингки, одамлар яқин бормоққа қўрққанлар.

Ҳайдарбек. У сизга қаердан ошкор бўлди?

Алишер. Айтамен. Гуноҳкорлардан рост сўзлашни талаб қилғонимда, ёлғон эмас, рост сўзлағонлардан ҳам ҳеч бири мақсадга яқин бормади. Шунда, мен улардан, ёлғиз йигитга ўхшайсан, ҳеч киминг йўқми, деб сўрағондек бўлдим. Улар кими бўлса, айтди. Дўст-биродаринг-чи, деб сўрадим. Бир-иккиси ўз тенги-тўшини санаётғонида, афтидан беихтиёр, сенинг исминг оғзидан чиқиб, ранги оқариб кетди. Мен бу, сен эканлигингни пайқадим.

Ҳайдарбек. Сиз мени олдин кўрмағонсиз. Ҳозир бу мен эканимни қаёқдан билдингиз?

Алишер. Сен масжид аҳлига қўшулиб, ўзингни мулойим, одобли муллаваччадек тутғонинг-у, эшикдан кирасолиб муллалардек салом берғонингдан билдим.

Ҳайдарбек. Мен ўзим муллаваччамен.

Алишер. Биламен. Сен мадрасада ўқуғонсен. Катта кўчадаги масжидга ҳам бориб турғонсен. Сени таниб қолғони учун, имомни уруб, мажруҳ ҳолга солғонсен.

Ҳайдарбек. Нега келганимни ҳам биласизму?

Алишер. Биламен. Сен мени алдаб-аврайман, деб келдинг.

Ҳайдарбек. Мени кутмаганмидингиз?

Алишер. Нега? Кутаётғон эдим. Жиноятчи барибир, ўзи жиноят қилғон ерлар атрофида айланади.

Ҳайдарбек. (ўйланиб). Ҳазрат Амир! Сиз ер остида илон қимирласа, билар экансиз. Сиздан гап ёшуриб бўлмас экан. Майли, дардимни сизга дастурхон қиламен… Сиз вақтида отамга меҳрибонлик кўрсатгансиз. Уни ўлдиришди. Оломон уриб-тепиб, юлиб-юлқиб сазойи қилиб ўлдирди. Энди отам Амир Жаҳонгир барлос йўқ. Лекин оломоннинг жоҳиллиги, ёвузлиги-ю, сизнинг дадамни қўллағонингиз, бағрикенг, шафқатли инсон эканлигингиз менинг хотирамда қолғон. Шунинг учун ўз оёғим билан олдингизга келдим.

Алишер. Амир Жаҳонгирнинг ҳам, – ёвузлиги, ваҳшийлиги бу даражага бормағон бўлса-да, – бузуқ иши кўп эди. Унинг учун одамларни қийнаш, топташ пашша қўришдай гап эди. Бир куни олдимга келиб йиғлади, тузаламан, деди. Мен унга ачиниб, тарбия топишини умид қилиб, кейин умрим давомида бир марта Султон Ҳусайндан танбеҳ олғонмен.

Ҳайдарбек. Отам сизнинг юзингизни ерга қаратғон, албатта. Худо кечирсин, у нодон, жоҳил киши эди. Гуноҳ қилишдан қўрқмасди.

Алишер. Астағфуруллоҳ! Одамларга шунча зулм ўтказиб, бедодлик қилиб, сен доно, ақлли, яна гуноҳ қилишдан қўрқар экансенму?

Ҳайдарбек. Ҳамма нарса мақсадга боғлиқ. Мен «Орийлар» деган жамоа тузғон эдим. Сиз улуғ инсонсиз, тушунасиз. Дунёнинг ярми паст табақа, гуноҳга ботғон, ерда қурт-қумурсқадек судралғон кишилар. Қадимдан ҳозиргача бутун тарих давомида сиздек мутафаккир инсонлар одам ўзгарсин, тузалсин, олий бир даража касб этсин, деб ҳаракат қилиб келғонлар. Шундоқ эмасми? Лекин одамлар кам ўзгарди! Мен шу ҳаракатни тезлаштиришга урундим. Мен янги дин яратғон прайғамбармен. Дунёда одамлар ягона эътиқод тутғон, ягона олий ирқ бўлиши, Худони таниғон Одам даражасига етишини орзу қилдим.

Алишер. Телба! Одамга жон ато этиш ҳам, унинг жонини олиш ҳам сен эмас, Ёлғиз Тангри таолонинг иши! Бировни бегуноҳ, бировни осийга ажратиш, бировга юксак маснад бериб, бировни пастга тушириш ҳам Худодан! Сен оёқ остидаги бир чумолининг йўлини ўзгартишга қодир эмассен! Олимми, шоирми, уламоми – мутафаккирнинг вазифаси зиддиятли дунёда фақат мутаносиблик, мезон сақланиб туришига хизмат қилишдан иборат. Дунёни тузатаман, деб одамларни қириш, қатағон қилиш – жаллодликдир. Парда тортғон билан ёпилмайдурғон жиноятдир… Ўғурлик қилиб юрғонинг-чи?

Ҳайдарбек. Ўғрилик ёмон. Лекин жамоага маблағ керак эди. Тўғри, бошқа ерлардан ҳам тарафдорларим менга ёрдам берғонлар, ўзим барибир кўпроқ куч йиғишга мажбур эдим.

Алишер. Тарафдорлар? Юртни ичдан бузмоқ истағон, туркий эл-улус аҳил бўлиши, бир ёқадан бош чиқаришига доим рахна солғон душманлар! Сенинг барча айтғонинг ҳам уларнинг сўзи…

Ҳайдарбек. Менинг ўз эътиқодим шу! Буни сиздек улуғ киши ҳам жон-вужудимдан чиқартиролмас! Ёшликдан шу йўлни тутғонмен. Мен насиҳат эшитмоққа келғоним ҳам йўқ… Тушуниб турибмен, сиз менга фикрдош бўлолмайсиз! Фақат, билмоқчимен. Ана, ёнингиздамен, сиз мени ўлимга ҳукм қиласизму?

Алишер. Бирор ёққа нега қочмадинг? Сени ҳеч ким танимас эди. Тутмас ҳам эди.

Ҳайдарбек. Қочардим. Айрим номардлар…

Алишер. Уларга энди сен керак эмассен… Сенинг мулкинг – одамларга нафрат, менинг мулким – муҳаббат. Сен ўғри, каллакесарсен. Бунинг устига, муқаддас динимизга маломат келтириб куфр ва исён йўлига киргансен! Бузғунчисен! Ёвуз жамоа тузғонсен! Лекин бировга жазо бериш менинг вазифам эмас! Мен нафақат инсон, бирон тирик жонга озор етишини истамасмен. Энг ёмон, энг тубан бир махлуқотнинг ўлими ҳам менинг кўзларимга ёш келтиради…

Ҳайдарбек. Раҳмат, ҳазрат Амир… Мен энди ёмон ишларимни ташлайман. Тинч юраман! Тушундим. Фақат, сиз менга ёрдам беринг.

Алишер. Бир кунлар отанг ҳам шундай деган эди…

Ҳайдарбек. Отам учун ҳам… Мени қутқаринг. Ўлдиришмасин! Айтинг, бир пайт отамга ачинганингиздек, ҳозир менга ҳам ростдан ачинасизму?

(Шу пайт тоқати тугаб, бир ён парда ортидан Нозанин, иккинчи ён парда ортидан муаззин ва сомеълар отилиб чиқишади)

Нозанин. Амир Алишер ачинганда ҳам, мен ачинмасмен. Сен бир бола туғилиши қанчалик азоб эканлигини биласанму? Кексалар кўзида ғилтиллаган ёш нима эканлигини тушунасанму?

Сомеълар. Амир Алишер ачинганда ҳам, биз ачинмаймиз.

Муаззин. Бизнинг масжидимиз бозор яқини, гавжум жойда. Аммо сенинг касрингга одам келмай қўйғон эди. Яратғонга шукроналар бўлсинким, бу кун бомдод намозидан масжид тўлди.

(Бехосдан Султон Ҳусайн Бойқаро, Мажидиддин Муҳаммад, саройга дохил кишилар, Султон Бадиуззамон ва Шижуддин Зуннун ҳужрага кириб келишади. Эшик олдида турган мулозим билан икки миршаб ҳам ичкари киришади.)

Бойқаро. Амир Алишер ачинганда ҳам, мен ачинмасмен. Салтанатда шафқат бўлмайди. Сен бузғунчилик қилиб, шунча одам ўлдуруб,шунча хонадон ёстиғини қурутдингки, бу гуноҳларнинг юздан бири бўлғонда ҳам, сени дор кутар эди! Жаллод…

(Ҳайдарбек туйқусдан қўйнидан пичоқ чиқаради.)

Ҳайдарбек. Биттанг яқинлашма! Гадоми, шоҳми қараб ўтирмайман, чавоқлаб ташлайман… Ўртадан йўл очасанлар, чиқиб кетаман, тамом! (Бойқарога) Жаноб Султон, мени турғон-битғон қотил, деяпсиз. Тўғри! Сиз-чи! Мана, бу ўғлингиз-у, дунё талашғон бошқа фарзандларингиз? Бири-биринг билан душманлик қилиб, урушиб, одам ўлдурғон, ўлдуртурғон эмасмисанлар? Сенларга рухсат берилғон, менга рухсат йўқму? Худо олдида мен осий бўлсам, сенлар ҳам осий… Яна беш-ўн киши қирилмасин, десанглар, йўлни бўшат!

Алишер. Ҳайдарбек! Бу дунё-у дунё ҳар кимнинг қилғон гуноҳи учун жавоб бор. Жазодан қочиб бўлмайди. Сени кечириш қийин. Мен сенга ачинаман, сен ҳам одам боласисен. Ёрдам беришни ҳам истайман. Лекин ёрдам беролмайман…

(У Ҳайдарбекка журъат билан, шунинг баробарида осойишта яқинлашиб, қўлидаги пичоқни олади, мулозимга топширади. Миршаблар югуриб келиб, Ҳайдарбекнинг қўлларини боғлайдилар, уни олиб чиқиб кетадилар.)

АБДУЛХАЙ (Алишернинг ёнига келиб). Бир дори ясаяпман. Барча дардга даво бўладурғон. Эртага келтураман.

Алишер. Барча дардга даво, дейсизму?

Бойқаро. Абдулхай табиб айтдиму, ишонмоқ керак.

(Ҳаммалари, улар орасида Нозанин ҳам чиқиб кетишади. Ёлғиз Алишер қолади.)

АЛИШЕР.

Ҳар нафас дунё иши, чархнинг жафоси ўзгадир,
Осмон юлдузларин доғи балоси ўзгадир.

Кеча-кундуз жомаси ё тимқаро ё кўк магар,
Тун азоби бошқа-ю, кундуз азоби ўзгадир.

Бил, бу боғнинг гуллари мотамзада, садпорадир,
Ўртанурда ҳар бирин кийган қабоси ўзгадир.

Аҳли дил гарчи муқаддас боғ сори майл этсалар,
Бунда маъно бор. Унинг обу-ҳавоси ўзгадир…

(У ҳужрада ўйчан нари-бери юраётиб, тўхтайди. Айни сонияда ҳужра тўридаги равоқда майдон кўринади. Алишер бошини кўтариб қараб, тикланган дорда чайқалган Ҳайдарбекнинг жасадини кўради.)

Ҳақиқат ва адолатнинг баҳоси бунчалар қиммат!

(Равоқдан узоқлашиб, титраб кетади. Ғамгин қунишиб, юзи, кўзларига кафтларини босади. Нозанин қайтиб киради.)

Нозанин. Шу билан, бор бедодлик битдиму?

Алишер. Илоҳим, битган бўлсун… (кўкка илтижо қилиб) Ё Парвардигор! Менинг қавмимга ва барчага дунёда тинч-осойишта, бахт-саодатли яшашни буюргин…

ПАРДА

04

Omon Muxtor
NAVOIY G’AZALIGA MUXAMMAS
08

Olamki, qoshingda yo bo’libdur,
Yuzingda kezar sabo bo’libdur,
Bosgan qadaming sado bo’libdur,
Ko’zing ne balo qaro bo’libdur —
Kim, jonga qaro balo bo’libdur.

Boqma manga, deb u shart qildi,
Rangimni butun u zard qildi,
Jismimni yo’lida gard qildi,
Majmui davoni dard qildi,
Dardingki, manga davo bo’libdur.

Holim emas erdi elda pinhon,
Umrim uyini u qildi vayron,
Sarson bo’layinmi yoki yakson,
Ishq ichra aning fidosi yuz jon,
Har jonki, sanga fido bo’libdur.

U qaytmasa, ne qilay, xatodin,
Dars olmasa vaqtida hayodin,
Qo’rqib ham o’tirmayin Xudodin,
Begona bo’libdur oshnodin,
Begonaga oshno bo’libdur.

Men dardim, aning nidosi jonim,
Olamdagi nur libosi jonim,
Olisdagi moh ravosi jonim, —
To qoldi yuzung havosi jonim,
Yuz sori anga havo bo’libdur.

Qismatmi edi ishqqa mone’,
U bilmadi — mangu ne, ne oniy,
Bu kun o’tadur, kelar-ku soniy,
Baqo topar ulki, bo’ldi foniy,
Rahravg’a baqo fano bo’libdur.

Qo’y, qilma, Omon, shikoyati ishq,
Shundaydir azal hikoyati ishq,
Lekin yo’q ekan nihoyati ishq,
To tuzdi Navoiy oyati ishq,
Ishq ahli aro navo bo’libdur.

Omon Muxtor
AMIR ALISHERNING DARDI
2 parda, 12 holatdan iborat drama
08

03Shoir va nosir Omon Muxtor 1941 yili Buxoroda tavallud topgan. Uning ijodi 50-yillarning oxirlarida boshlangan bo’lsa ham, «Chorlar quyoshli yo’llar» birinchi she’riy to’plami 1966 yilda chop etiladi.  Omon Muxtor shoir, hikoyanavis, qissanavis, romannavis sifatida yigirmadan ortiq kitob nashr etdi. Jumladan, «Nigoh» (1968), «Qushlar va tushlar» (1971), «Shaharlik kelinchak» (1973), «Hayot darvozasi» (1978), «Buxorolik donishmand» (1973), «Bolalikka sayohat» (1984) kabi hikoyalar to’plamlari, shuningdek, «Uchqur poezdlar» (1981), «Vazifa» (1988) kabi qissalarini chop ettirdi. U ayni chog’da «Yillar shamoli» (1976), «Egilgan bosh» (1989), «Ming yildan so’ng» (1991), «Ko’zgu oldidagi odam» (1996), «Ming bir qiyofa» (1994), kabi romanlarini yaratdi. Shuningdek, «Ohang» (1974), «Yog’du» (1979), «Marvarid» (1985), «Shiddat» (1990) kabi she’riy to’plamlar ham O.Muxtor qalamiga mansub.
Omon Muxtorning «Tepalikdagi xaroba», «Ming bir qiyofa», «Ko’zgu oldidagi odam» romanlari yaxlit holda «To’rt tomon qibla» trilogiyasini tashkil etgan. So’nggi yillarda «Afu», «Ayollar mamlakati va saltanati», «Aflotun» romanlari chop etildi. Mazkur trilogiya yangicha uslubda yozilgan bo’lib, kitobxon va adabiy jamoatchilik e’tiborini tortmoqda.
Omon Muxtor «Egilgan bosh» romani uchun 1990 yilgi Yozuvchilar uyushmasining yillik adabiy mukofotiga sazovor bo’lgan. Adib tavalludining ellik yilligi munosabati bilan (1991) unga «O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan san’at arbobi» faxriy unvoni berilgan. Omon Muxtor 2013 yilda 72 yoshida vafot etdi

08

Buyuk Alisher Navoiy tavalludining 570 yilligiga

Qatnashuvchilar:

Alisher Navoiy – ulug’ shoir va mutafakkir
Husayn Boyqaro – Xuroson shohi
Sulton Badiuzzamon – shahzoda
Mavlono Sohibdoro – Navoiyning do’sti
Majididdin Muhammad – vazir
Amir Valibek,
Amir Ali Bobo,
Abdulxay tabib,
Xo’ja Shahobiddin – saroyga doxil kishilar
Nozanin – Navoiyning muhabbati ramzi
Shijo’uddin Zunnun – Badiuzzamon lashkari sarkardasi
Haydarbek – buzg’unchi

Keksa Muarrix, elchilar, mulozimlar, muazzin va some’lar, sipohilar, sahrodagi kishilar va
osiylar.
Voqea 1498-1500 yillar orasida Hirot shahri va uning atroflarida kechadi.

08

Muqaddima

Sahna oldidan Keksa Muarrix o’tib ketayotib, birovga murojaat qilishdan ko’ra ko’proq o’zi-o’zicha o’ylanib so’zlanadi:

Nelarni ko’rmadi dunyoda bu bosh,
U – tarix bag’ridan yuzib o’tgan Yer.
Birov bo’lsa agar yerdagi Quyosh,
Men uning ismini derdim – Alisher.
Bir dard Alisherga bergan Xudoyim,
Istadi hayotda o’zgarsa holat:
Haqiqat bo’lsayu har ishda doim,
Birdek hukm sursa doim adolat.
Kurashdi. Kurashar ko’rsatib bardosh,
Nazdimda hamonki, tirik Alisher.
Nelarni ko’rmadi dunyoda bu bosh,
U – tarix bag’ridan yuzib o’tgan Yer.

Birinchi Parda
Birinchi holat

Amir Alisher Navoiy ancha charchab qolgan. Xasta. Ammo mamlakatdagi notinch ahvol unga osoyish bermaydi…

Sulton Badiuzzamonning Hirot etagidagi Puli Molonda o’rnatilgan chodiri. Shahzoda omonat taxti yonida faromushlanib turibdi. Mulozim kiradi.

Mulozim. Sultonim! Hazrat Nizomiddin Alisher Navoiy sizga shaxsan elchilar yo’llabdilar.

Badiuzzamon. Kirsun!
(Chodirga ikki elchi kiradi.)

Birinchi Elchi. Buyuk Sulton! Sizga Padari buzrukvoringiz, Sulton Abulg’ozi Husayn Boyqaroning Yaqin Kishisi Hazrat Alisher Navoiydan maktub keltirdik.

Ikkinchi Elchi. Javobni qistov kutmoqdalar.

Badiuzzamon. (maktubni olib, o’ylanib). Men o’zim javobni yetkazurmen.
(Elchilar ta’zim qilib chiqib ketishadi. U maktubni ochib o’qishga tutinadi. Shu soniya uning ko’zi oldida Alisher qiyofasi jonlanib, ovozi eshitiladi.)

Alisher. Fazlu kamol sohibi, xurshidi davron, ulug’ Sulton Badiuzzamon Mirzo! Duoisalomdan so’ngra, ma’lumingiz bo’lg’aykim, Hirot yaqin qirq kundirki, qamal holatida turg’oni, ikki tomon bir qavm, bir el-ulus, og’a-ini, qarindosh-urug’ odamiylik shartin unutib bir-biriga qilich sermash maylig’a kirg’onidan bu faqiri xokisor, g’aribi parishonro’zg’or bag’oyat xavotirdamen. Anduh-nadomat chekmoqdamen…
(Badiuzzamon maktubni o’qishdan to’xtab, o’zicha asabiy so’zlaydi.)

Badiuzzamon. Men nima, bekorga jangga otlanibmanmi? Orada muxolifatni boshlag’on menmu? Padari buzrukvor volidam Beka Sulton Begimdan ko’ngillari qolg’onini menga ham bildirib, o’zlari doim badmehrlik ko’rsatmadilarmu? Ana, Balxda bo’lg’onimda bir yoqdan iltifotli yo’sinda qoshimg’a Siz Navoiy hazratlarini jo’natib, ikkinchi yoqdan Balx shahri qutvoli Islom barlosga shahzoda ovga chiqsa, qaytib shaharga kiritma, deb xufyona farmon yuborgan padari buzrukvor Sulton Husayn Mirzo emasmu? Mendan norozilanib, mening xos kishilarimdan bir to’pini ayovsiz chopib tashlattirg’on, bir guruhini asir olib, ularni ham hukmga binoan qatl ettirg’on Sulton Boyqaroning o’zlari ekanini unutmoq mumkinmu)?
(U maktubni o’qishda davom etadi.)

Alisher. Meni ma’zur tutgaysiz. Tirik podshoh-otaga qarshi siz, aziz shahzoda, butun Xuroson mulkini qo’lga olmoq xayoli bila harakatda ekaningiz rasman ham, shar’an ham munosib ko’rinmaydir. Sizga, to’ng’uch o’g’ulga taqlidan ukalaringiz Abulmuhsin Mirzoyu birodari Muhammad Muhsin Mirzo birlashib, urush-isyon yo’lin tutayotg’onlari tashvishli va o’kinchli. Yangidan fitna-fasod qo’zg’olib, begunoh kimsalar qoni to’kulishidan asranmoq lozim…

Badiuzzamon (yana o’zicha bo’g’ilib g’udranadi). Hazrat Amir Alisher! Muhtaram ustoz! O’zingiz voqifsiz. Mening suyukli o’g’lim Muhammad Mo’min Mirzoni xatna qilg’onda, Sulton Husayn Boyqaro uni valihad degan, Astrobodni unga bag’ishlab berg’on edi. Bu va’dani vaqti kelib buzg’oni ustiga, Ulug’ Beka Xadicha Begimning qutg’usi ila padari buzrukvor, o’z nabirasi, mening jon-jigarim Mo’min Mirzoni hokimlikdan bo’shatib zindonga soldi. Mast holda farmonga qo’l qo’yib, u nozik niholni o’ldurdi. Men bunga qandoq chidayman?
(Sulton Badiuzzamon o’krab yig’lab yuboradi. Keyin, ko’zyoshlarini artib, yana maktubga bog’lanadi.)
Alisher. Hosili kalom, shon-shukuhli shahzoda, padari buzrukvoringiz, janob shahanshoh Astroboddan Hirotga kelayotg’on bu damda Siz otaga qarshi yomon farzand bo’lub ko’runishdan, jang qilmoqdan asranib, ma’lum muddatga bo’lsun, biron yoqqa jo’nab ketg’oningiz va shahar atrofini lashkardan bo’shatg’oningiz maqsadga muvofiqdir. Haq subhanahu va taolo Sizning zafarli umringiz, xayrli ishlaringizga barakot bersin…

(Badiuzzamon taxtiga borib o’tirib, chuqur xayolga botadi. Ko’zi o’ngidan Alisher qiyofasi yiroqlashadi. Nihoyat, u muayyan qarorga kelgandek bo’ladi.)

Badiuzzamon. Badnom bo’lmoqdin qo’rqmasmen. Jang qilmoqqa shaymen. Ammo Sulton Husayn Boyqaro emas, Hazrat Alisher Navoiyning o’zlari va so’zlari haqqi-hurmati hozircha isyondan tiyilurmen. Xudoning irodasi shu bo’lsa, ajab emas. (U mulozimni imlaydi.) Amirlar, beklarni chorlang. (Amirlar, beklar kirishadi.) Lashkar otlansun! Muvaqqat Puli Molondan Puli Solorga, Murg’ob daryosi bo’yiga ko’churmiz…

Ikkinchi holat

Oradan bir necha kun o’tgan.Hirot. Katta ko’cha. Bir yon bozor, ikkinchi yon mo’’jaz masjid ayvoni.

Bomdod payti. Bozorda bitta-yarim odam qorasi ko’rinadi. Masjid ayvoni esa bo’m-bo’sh.

Masjid eshigidan chiqqan muazzin u yon-bu yon parishon qaraydi. Ayvon oldidagi mezanaga ko’tarilib, azon aytadi. Keyin, pastga tushib, yana har yoqqa alanglaydi.

Nihoyat, uch-to’rt kishi ko’chada paydo bo’lib, ayvonga keladi.
BIRINChI SOMYe’ (muazzinga). Assalomu alayko’m va rahmatullohu va barakotuhu.

Muazzin. Assalomu alayko’m.

IKKINChI SOMYe’ (muazzinga). Imom hazratlari shu yerdami?

Muazzin. Halidan beri kutib o’tiribman. Ko’rinmayaptilar. Sizlardan bo’lak some’lar ham yo’q.

Uchinchi Some’. Uydan chiqishga qo’rqqan bo’lsalar kerak. Kishi yurak hovuchlab ko’chaga chiqasan! Ko’chadan tirik qaytasan yoki yo’q. Jonning o’zi omonat bo’lib qoldi.

Birinchi Some’. Otalarimiz davrida Sohibqiron Amir Temur Ko’ragon bir bola boshida tilla to’la tabaq Mashriqdan Mag’ribga borib qaytsin, hech kim unga daxl qilolmaydi, degan ekanlar. Mamlakatda shunday osoyishtalik, xotirjamlik o’rnatg’on ekanlar.

Ikkinchi Some’. Insof yuzidin, aytish kerak. Sulton Sohibqiron Husayn Boyqaro janoblari ham yurt obodonligi, raiyatning baxt-saodatiga doim ko’shish bildirib keladilar. Ana, shahzodalar bilan oradagi nizolarga ham imkon qadar barham berib, tartib o’rnatgan edilar. Endi yengil nafas ola boshlagan edik.

Uchinchi Some’. Bu bedodlik, ur-yiqit, himoyasiz egasizlik o’zi kimdan, qayoqdan chiqdi? Oldin birov bunday savdoga hech duch kelmagan edi… Mamlakatning avra-astari ag’darilib yotibdi.
(Shu payt ularning gapi bo’linib, ayvonga besh-olti kishi bir katta va bir kichik tobut ko’tarib keladilar. Tobutlarni ayvon to’riga qo’yadilar. Muazzin va some’lar badtar parishonlanishadi.)
Birinchi Some’. Vaqt o’tayapti. Namozni nima qildik?

Ikkinchi Some’. Namoz mayli, janozani kim o’qiydi? Shuncha kutdik, imom kelmadilar.

Uchinchi Some’. So’fi hazratlari, o’zingiz imomatga o’ting. Janozani ham o’qiysiz. Bu kuncha boshqa iloj ko’rinmaydi.
(Ular va ularga qo’shilib, tobut ko’tarib kelganlar masjidga kirib ketishadi. Ayvonda yolg’iz ikki tobut qoladi.)

Uchinchi holat

Shu notinch kunlardan biri. Abdulla Ansoriy majmui yaqinida yangi barpo qilingan bog’ o’rtasidagi chortoqda Amir Alisher bilan Mavlono Sohibdoro boshlarini solintirib o’tirishibdi. Bog’ devori ortidan qo’shiq eshitiladi: “Kecha kelgumdir debon…”

Qo’shiq tugagach ham ular ancha jim turadilar.

Axiyri…
Alisher. Mavlono Sohibdoro, nechun sukutdasiz?

Sohibdoro. Ulug’im, Siz, Navoiydek zot, kaminani do’st va musohib tutg’ondan beri Sizga har kun nedur xush xabar kelturdim. Hozir undoq qilolmasmen.

Alisher. Hamisha bo’lg’onidek, so’zlang. Bu kun shaharda o’tg’on hodisotlardan nelarni ko’rdingiz va nelarni eshitdingiz?

Sohibdoro. Ko’nglim xijil, ulug’im. Ammo, ruxsat tegdi, borini aytaman… Bu kun hammayoqda to’s-to’polon. Xavf-xavotirli ahvol. Sohibqiron Amir Temurning nuri diydalari Shohrux Mirzo mamlakatni mustahkam tutub nasibalari uzulg’onida ko’ring’on “buzug’liq davri” qaytib kelg’ondek. Mamlakat go’yo egasiz. Ayniqsa, Hirot. Bexos vabo-o’lat, zilzila yo sel ro’y berg’on, saltanat aravasi jarga tushib ketayotg’ondek…

Alisher. O, men buni bilib turibmen. Bu men uchun qo’rqinchli bir tush. Umrim bo’yi temuriylar xonadoni halokatga yuz tutmasun, shu saltanat yemirilmasun, deb harakat qildim. Mana, dunyo ishlaridan yuz burib, ziyoratgohda uzlatda o’lturg’onimga qaramay, hamon aravani to’xtatishga urinmoqdamen.

Sohibdoro. Xullas, shaharda maxfiy ish tutg’on yangi bir jamoa paydo bo’lg’on. Aksari o’n uch-o’n olti yosh orasidagi johil, yovuz, itoatsiz yoshlar. Ular to’planib, bir dasta, necha to’da tuzg’onlar. Kunduzlari uy-uylarida yoshurunib, kechalari shaharni payxon qiladilar. Odam o’ldiradilar. Ular uchun na katta-kichik, na shoh, na dorug’a, na qozi, na mirshab bor. Hamma yerda o’z hukmini o’tkazishga moyil… O’tgan tunda devor oshib bir ota-bolani uyida pichoqlab ketg’onlar. Tongla namozga borayotg’on bir masjid imomini o’lasi kaltaklab, majruh holga solg’onlar…

Alisher. Ming taassufki, men bundan xabardormen. Lekin, anglamasmen. Nega bu tang ahvol yuz berdi? Shahar emdi bedarvozamu? Jinoyatga borg’onlar qaysi toifa kishilar farzandi? Ularning rahnamosi kim?

Sohibdoro. Men bilg’onim, ulardan bir qismi shoh va shahzodalar olib borg’on jang-jadalda halok bo’lg’on amirlar, beklar, askarlarning bolalari, otasiz o’sg’on yarim yetimlar. Yana bir qismi qashshoq, nochor qolg’on oilalar farzandi… Mamlakatda tinimsiz urush borayotg’oni-yu, shahanshoh hazratlari Sulton Badiuzzamonning o’g’li Mo’min Mirzoni xud-behud qatl ettirg’onlari zaminida, fikri ojizimcha, bu o’t-alaf ung’onga o’xshaydi. Buzg’unchilar boshlig’i Haydarbek degan yigit emish.

Alisher. Haydarbek? Men uni bilmasmen.

Sohibdoro. O’zgalar ham bilmas. Faqat, odamlar ichida ismi ma’lum, xolos.

Alisher. Mo’min Mirzo men uchun aziz farzanddek edi. Xudo shohid, uning hasratida necha kun motam tutdum… Aniqki, Sulton Boyqaro janoblari o’zi ham shahzodalar orasida ahillik, biri-birini anglash, diyonat yo’qligidan ozurda. Bir barmog’ini tishlasa, ikkinchisi og’riydi. Boz aniqki, bu kun mamlakatni go’shtdek parcha-parcha chopib-kesib, yulqib ketishdan asrab turg’on – Sulton Boyqaro! Men uni hamisha qo’llaganmen va qo’llagaymen… Yetim-esirlar, g’arib-bechoralarga o’zini inson, o’zini musulmon deb bilg’on kishi befarq qaramas. Biroq, Mavlono Sohibdoro, siz aytg’on jamoa ichida ular ozchilik; ko’pchilik ularni ham majbur qilib o’zi tomon tortg’on qora kuchdur. Tartibsizlik keltirg’on, osoyishtalikni buzg’on, bezorilik, o’g’rilik, qotillik qilg’on kimsalar kattami-kichikmi hech vajdin oqlanmas. Unda, odamiylikning ming yillik ustunlari qulamaydimu? Bahornav, bu ahvolga qarshi biron chora topmoq kerak. Bosqin, qirg’inni to’xtatmoq kerak…

Sohibdoro. Ore, ulug’im. Shundoq. Mushkul joyi, shaharda barcha bu vahshiy olomondan qo’rquvga tushg’on, o’zini uning oldida ojiz sezg’ondek. Barchaning tili, qo’li bog’lang’on kabidir. Odamlar, bilmadim, doim johillik, yovuzlik, zo’ravonlik avjiga ming’onda dovdirab qolib, ko’zyosh va faryoddan bo’lak narsani bilmag’on shikasta vujudga aylanar ekanmu?
(Darvozaxonadan ularning yoniga mulozim keladi.)
Mulozim (Alisherga.) Amir hazratlari! Ancha bo’ldi, eshikda to’rt-besh kishi turibdi. Bandlar, charchag’onlar, desam ham ketishmayapti. Sizga arzga kelg’on. Ularning dodini eshitishingizni so’rashayapti. Bildirmay ilojim qolmadi.

Alisher. To’g’ri qilibsiz. Ayting, kirishsun…

To’rtinchi holat

Oradan yana bir necha kun o’tgan. Tunda oy yorug’ida butun qadim Hirot shahri va Sulton Husayn Boyqaroning ko’shki g’ira-shira ko’zga tashlanadi.

Bo’m-bo’sh ko’chalarda, o’zini shamolda tutolmayotgandek namoyishda chayqalib, boshida tungi yengil kuloh, egnida surp ko’ylak Sulton Badiuzzamon Mirzo allaqanday gangib kezib yuribdi.
Badiuzzamon (o’zicha). Xudoyim! Men o’z borgohimda, Murg’ob daryosi shovullashini eshitib uxlab yotgan emasmidim? Bu nima, o’ngmi yoki tush ko’rayapmanmi? Tush bo’lsa kerak… Men tug’ilib o’sg’on Hirot shumi? Bu yerlar Turkiston. Shu bilan birga, Afg’on! «Fig’on» so’zidanmikan? Yo’qolib borayotgan Xuroson qismati… Tavba! Hammayoqda qabriston sukuti. Dahshatli sukut! Tirik jon bormi? Na qorovul, na mirshab ko’rinadi…
(Ayni soniya birdan ko’chaga qo’lida xanjar, tig’, bolta besh-olti o’smir yopiriladi. Ular Badiuzzamonni ko’rmaganga oladilar yoki ko’rmaydilar.)
O’smirlar. Haydarbek! Boshladikmi?

Haydarbek. Boshlanglar!
(Ular do’konlarning eshik-darchalarini sindirib, nimalardir tashiydilar. Hovlilarga devor oshib tusha boshlaydilar. Har yoqdan qiy-chuv, dod-faryod eshitiladi.)

BIRINChI O’SMIR (devor ustidan). Bitta kampir yotibdi.

Haydarbek. O’ldiraver.

IKKINChI O’SMIR (boshqa devor ustidan). Beshikda bola.

Haydarbek. O’ldiraver.

Badiuzzamon (ular atrofida aylanib yurib). Hoy, to’xtanglar! Sizlar kim, odam bolasimi yoki Iblismi? Dunyoda o’g’rilar, bezorilar, kallakesarlar har yerda goho uchrashini bilardim. Lekin ular el-ulus boshi ustiga chiqib olg’ondek hukm surishini ko’rmaganmen. Bu insoniyatning qiyomatga yuz tutg’oni, tanazzuli, inqirozimikan?
(Ular Badiuzzamonga ahamiyat bermaydilar, uni payqamaydilar. O’z jinoyatlarini davom ettiradilar.)
HAYDARBYeK (o’zicha). Kimki, meni yomon ishlar qilayapti, yomon yo’lga kirgan, deya o’ylasa, adashadi. Men bor tartibga qarshi isyon ko’tardim. Saltanatni to’ntarib tashlamoqchiman. Eski dunyoni buzib, yangi dunyo tuzmoqchiman. Ro’yi-zaminda ojiz kishilar emas, faqat teng, ozod, kuchli kishilar yashashga haqli.
(Shu asno ko’shk tomondan ko’chaga har qachongidek otda emas, bir necha mulozim ko’targan taxtiravonda Sulton Husayn Boyqaro kirib keladi. U ham aftidan Sulton Badiuzzamonni ko’rmaydi. Biroq Badiuzzamon unga razm solib qaraydi.)

Badiuzzamon. Padari buzrukvor! Qaribsiz… Padari buzrukvor, bu men, Badiuzzamon, tanimayapsizmi? Yurtni boshqarolmayapsiz! Nega hayot ravishini mana, bu ochko’z – buzg’unchi olomonga berib qo’ydingiz? Ularning tanobini tortmadingiz! Tortmayapsiz! Nima uchun? Bu holda Hirot ahli istagan odamga darvozani ochadi. Qat’iy hujum qilsam, menga ham shaharni jangsiz topshiradi. Men Hazrat Navoiydan hayiqib, uyalib o’zimni to’xtatib turibmen, xolos.
(Sulton Husayn Boyqaro aksincha, vahshiy guruhga, ular esa Husayn Boyqaroga yuzlanadi.)
O’smirlar. Qaranglar, podshohimiz o’tib ketayaptilar.

Haydarbek. (kulib). O’tsa, o’taversin.

Boyqaro. Haydarbek! Men seni ko’rib turibmen.

Haydarbek. Ko’rsangiz, nima? Men ham ko’rayapman… Siz olijanob bo’lishga intilgan, ko’ngilchan odamsiz. Sizdek shohlar bor ekan, taxtlar qulab, tojlar toptalaveradi. Biling! Men sizdan qo’rqmaymen. Farzandlaringiz qo’rqmaydiyu…

BOYQARO (o’zicha, o’kinib). Dunyoda shafqat bag’rida shafqatsizlik, mehr bag’rida mehrsizlik, kamtar, sodda ish tutish bag’rida beparvo hurmatsizlik tug’ilishi nahotki, hayotda qonuniyat bo’lsa? Men mamlakatni yillar davomida tinch-osoyishta saqladim. Uni obod, boy, ma’rifatli holga keltirdim. Hirot «Yerdagi jannat» deb nom oldi. Bobomiz Sohibqiron Amir Temurga munosib ish tutishga harakat qildim. Lekin birinchi bo’lib ulg’aya boshlagan farzandlarim itoatdan bosh tortdi, intizomni buzdi… (Jamoaga.) Demak, senlar ham itoatdan bosh burmoqdasanlar? Bir kuni o’zlaring o’z boshlaringga yetishlaringni anglamayapsanlar! Har qanday itoatsizlik, isyon zulmning onasidur…

(U taxtiravonda uzoqlashadi. Buzg’unchilar talangan, o’g’irlangan narsalarni xalta-qoplarga joylasha boshlashadi. Soyadek sudrangan Sulton Badiuzzamonning qarshisida kutilmaganda Amir Alisher Navoiy jonlanadi. Yaqin-olisdan uzun bir ayollar nolasi eshitiladi.)

Badiuzzamon. Aziz ustoz! Muhtaram Amir! Bilasiz, podshoh-otam haramiga kirgan o’n bir xotindan ko’p o’g’ul, ko’p o’g’ul-nabira ko’rdi. Bulardan har biri podshoh bo’lishni istadi. Men ham… Buning uchun shahzodalarni ayblash qiyin. Bizning qismat yo’limiz shu! Mana, endi boshim qotg’on. Saltanatni egallashdan ham ko’ra uni asrash mushkul ekan! Qarang, o’ziga bino qo’yg’on, nafs-manfaat yo’lida odamlarni yanchib-toptashdan, hatto qotillikdan qaytmaydig’on bu bosqinchi, johil, yovuz olomonga qarshi nima qilmoq kerak?
(Boshqalar singari Amir Alisher ham atrofida kapalakdek aylanayotgan Sulton Badiuzzamonga e’tibor bermaydi, uni ko’rmaydi. Bu orada sal pasaygan ayollar nolasi endi avj pardaga ko’tariladi.)

ALISHER (mahzun ko’yda).

Ko’rub dardim, tarahhum qilmading hech.
To’kub ashkim, tabassum qilmading hech.

Firoqing o’ti ichra necha yig’lab
Fig’on chekdim. Tarahhum qilmading hech.

Jahonga oh-u, ashkim soldi oshub,
Bu to’fondin tavahhum qilmading hech.

So’zung shavqidan erdim – xasta umri,
So’rarg’a bir takallum qilmading hech.

Musallam ishq, ey ko’nglum, sangokim,
Ko’rub zulmin, tazallum qilmading hech.

Muhabbat ahli qismin nev-chun, ey charx,
Qilib mehnat – tana’um qilmading hech…

(Bezorilar endi ko’chadan apil-tapil daf bo’ladilar. Ko’chada birgina Amir Alisher va hamon uning atrofida aylanayotgan Sulton Badiuzzamon qoladi.)

BADIUZZAMON (o’zicha).
El jafosining maloli…
O’ksudi el mayli mendin…
Ulug’ ustod! Dunyo shu, har kim o’zini boshqalardan aqlliroq, kuchliroq deb bilib, biri-birini yengish, biri-birini mahv etishdan iboratmi? Nahotki, inson shuning uchun dunyoga kelg’on bo’lsa? Padari buzrukvorim meni tiz cho’ktirmoq istaydi! Men uni mag’lub etgim keladi! Mana, bu vahshiy to’da esa bizning barchamizni yo’q qilib, o’zi hukmron bo’lishga urunadi… Bu telbalikning nihoyasi bormu? Xudoyim, to’zim ber!
(Amir Alisher Sulton Badiuzzamonga qaramaydi, uni payqamaydi.)

ALISHER: Xudoyim! Sen odamni to’kis yaratding. Uni ko’rkam deding. Unga ko’rkam tuyg’ular baxsh etding. Ammo inson o’z umrida jaholatdan, g’aflatdan qutulolmadi… Odamda odamlik asranishi kerak! Dunyo bir kuni halokatga yuz tutmasin, desa u baribir, o’zini tasqaralikdan xalos etmoqqa majbur…
(Alisher chiqib ketadi. Sulton Badiuzzamon ko’cha o’rtasida cho’kib, boshini changallaydi.)
Badiuzzamon (o’zicha). Ustoz yurt tinch, el osoyishta, farovon, baxtli yashashini istaydilar. Ammo ko’pchilik atrofda «go’rlar qo’porilsin, o’zining qozoni qaynashi»ni o’ylagan bir sharoitda bunga qandoq erishasan? Bu qismatmi yoki bizning aybimizmi? Biz adashib-uloqqan bandalaringni kechirgin, Xudoyim!

Beshinchi holat

Sulton Husayn Boyqaro saroyi xonalaridan birida Amir Muborizuddin Valibek, Amir Ali Bobo, Mavlono Sahibdoro, Xo’ja Shahobiddin, Abdulxay tabiblar to’plangan.
Xo’ja Shahobiddin. Valine’matimiz va pushti-panohimiz Sulton Husayn hazratlari uch kundan buyon devonda ko’rinmaydilar. Niyatlari ne, biz bilmaymiz. Aniq, ne ish bilan mashg’ul bo’lishni ham bilmaymiz.

Amir Valibek. Bizning har qachon vazifamiz arzu dod eshitish, g’ofil turmay molu mulk ishini nazorat qilish, yana janob Sulton aytg’onlaridek, muntazam tavorix-kitob ko’rub mushohada yuritish emasmu? Ahvol qandoq bo’lmasun, kishi o’z vazifasini bajarishga mas’ul.

Amir Ali Bobo. Bu ayni haqiqat. Ammo hamma narsa shart-sharoitga bog’liq. Hozir biz nima qila olamiz? Men qattiq tashvishdamen. Adashmasam, Sulton o’zlari ham qancha sa’y ko’rsatmasunlar mamlakat yoqa-engi bir bo’lmog’onidan shu kunlar chuqur iztirobda. Bir yon Hirotdagi parokandalik, bir yon suyukli shahzoda Sulton Badiuzzamon Mirzo…

Amir Valibek. Sulton Husaynning umrlarida bu birinchi tang ahvol emas. Sulton salomat va bardamlar. Inshoolloh, barcha ish xayrli bo’lg’ay. Vaziri a’zam Majididdin Muhammad Sultonning huzurlariga borg’onlar, kelsunlar, yangi bir mashvarat bo’lsa, eshitgaymiz.

Sohibdoro. Amir Alisher Navoiy Sulton Badiuzzamonga ko’p mehr ko’rguzg’on. Tarbiya berg’on. Ammo Badiuzzamon Mirzo Amir Alisherning irodalariga bo’yinsunub Hirot qopqasini tark etg’oni bilan, shahanshohga qarshi adovatli jangdan batamom qo’l tortg’oni yo’q. Bu kun u sarkarda Shijo’uddin Zunnun bilan birlikda Balx mamlakati va unga tobe bo’lg’on yerlar, Murg’obdan to Amudaryo bo’ylarigacha zafar qozonib egallab borayotg’oni butun mamlakat uchun xavotirlidur.

Amir Ali Bobo. Hozir tashqi nizolardan ham ko’ra ko’proq Hirot ichidagi noma’lum talotum yomon. Bu barchamizning hayot-mamotimizga tegishli. Rasuli Akramdan keyingi Xalifalik davrida Hazrati Umar, Hazrati Usmondek sahobai kiromlarni ko’chada chavoqlab ketgan diyonatsiz qavm bu kun bizdek ojiz bandalarga qo’l ko’tarmasligiga kim kafolat bera oladi? Men gapirmasdim, ammo pichoq suyakka borib yetdi.

Xo’ja Shahobiddin. Biz albatta, Sulton Boyqaroga bir ne demoqqa ojizmiz. Sulton hazratlari bizning chuldirashimizni tinglashga muhtoj ham emas. Hukm podshohning hukmidir! Lekin necha kundur masjid-madrasalar, yo’llar, ko’priklar qurilishi, obodonlik to’xtag’on. Hirotdek ko’kdan tushg’on moviy shahar vayronaga o’xshab turibdi. Uylarda motam-marosim bor, to’y yo’q. Bozorda savdo o’lg’on, dehqonlar shaharga bundoq eshakda o’tin ham olib kelmayapti.

Amir Ali Bobo. Eng yomoni, Amir Valibek, Sohibqiron Amir Temur Samarqandda tuzg’on poytaxtni bir payt Shohrux Mirzo Hirotga ko’chirg’onida Samarqandu Buxorodan, Xivadan, Farg’onadan, Qarshidan, butun Turkistondan saroyga yaqin turmoq istab, bu yerga kelib qolg’on oqil va ko’rkam insonlarning farzandlari endi uy-joyi, mol-mulkini tashlab Hirotdan har yoqqa guras-guras ko’chib ketayapti. Biz Movarounnahr bilan Xuroson – ikkisi ham yurtimiz, deb yurg’on edik. Bu yerda maqom topg’on turkiy el-ulus uchun Xuroson bu kun vatan bo’lmay qoldi.

Amir Valibek. Biz bilg’on gaplarni Sulton Boyqaro hazratlari yuz chandon ortiq anglaydilar, o’ylaydilar. Podshoh hukmi vojib, biz kutguvchilarmiz! Majididdin Muhammad kelsunlar, balki bir mujda bo’lg’ay… Birodar Abdulxay tabib! Hazrat Amir Alisherning salomatliklari qandoq?

Abdulxay. Bir oz toblari qochg’on edi. Bu kun ancha durustlar, tongla xabar olg’on edim…

Xo’ja Shahobiddin. Amir Alisherga qadrdon va musohib bo’lsam-da, hazratning bot-bot xuruj qilg’on dardlari ne, men yaxshi bilmasmen.

Abdulxay. Amir Navoiyning dardlari har bir voqeaga kuyunub, ehtiros bila, bor imkon doirasidan ham ko’p o’zini sarflash, bundan holsizlanish kasali, za’f kasalidur. Bu kasalning davosi har qandoq ishdan, hatto iztirobli o’ydan to’xtab, orom olmoqdur. Goh yolvorib, goh dag’dag’aga o’tub ham, buni hazratdan talab qilolmaysan.

Amir Ali Bobo. Shu kunlar hazrat ayniqsa qayg’uga botg’on bo’lsalar kerak…
(Vazir Majididdin Muhammad kirib keladi.)
Majididdin. Hamon majlis qurib o’ltiribsizlarmi?

Hamma. Balle.

Majididdin. Olampanoh bilan undan-bundan ancha so’zlashib qoldik.

Amir Valibek. Lutfu karam sohibi onhazrat ne dedilar?

Majididdin. Hech narsa.

Amir Ali Bobo. Ahvol borasida bir og’iz ham indamadilarmi?

Majididdin. Bunda ne hikmat, bilmasmen, Sulton janoblari menga osoyishta va bedard ko’rundilar. Xazina quriy boshlag’oniyu boj-xiroj masalasida gaplashdilar. Askarlar toliqqaniyu ularda jang qilish salohiyati pasayganiga o’kundilar. Faqat, gap orasida bir marta, tunda nega har yerga qo’yilg’on posbonlar, ko’chalardagi qorovullaru mirshablar pisib-berkinib yurg’on ekan, aniqlanglar, dedilar. Xufyalar shunday xabar yetkazg’on bo’lishi mumkin!

Xo’ja Shahobiddin. Faqat shu xolosmi?

Majididdin. Yo’q. Keyin, ulug’ maxdumimiz Sulton janoblari (qo’ynidan qog’oz chiqarib) bobolari Amir Temur Sohibqironning mana, bu qog’ozda yozilg’on so’zlarini o’qib berdilar. “Hech kim eshitdimu, mening qo’l ostimda bo’lg’on yerlardagi bir shaharda do’konning o’g’irlang’onini? Yoki, qaysi bir kishining uyiga o’g’ri bosib kirg’onini?.. Chunonchi, bir dorug’a shahar amniyatini o’z ustiga qabul qilib oldimu, u quruq nomga vazifaxo’r emas, balki mas’uliyatli bir o’rinda turg’onini bilmog’i, kecha-kunduz o’z vazifasining ijrosida ogoh bo’lmog’i lozimdur. Agar bir o’g’rilik hodisasi zohir bo’lsa, hammadan avval dorug’aning o’zi mas’ul tutiladur. O’g’ri topilmasa, dorug’aning qo’li kesilib, o’g’rining o’rniga o’zi jazolanadur…” (Qog’ozni qaytib buklab qo’yniga solib.) Bu gaplardan kamina nedur anglag’ondek bo’ldum. Ammo xulosa yasayolmadim.

Amir Ali Bobo. Xulosa ma’lum. Sulton Husayn janoblari shaharda tartib o’rnatishni balki, biz, ahli davlatdan, balki, fuqaroning o’zidan kutayaptilar. Qandaydir istihola yuzidinmi, o’zlari biron chora ko’rishga shoshmayaptilar.

Xo’ja Shahobiddin. Nimadan istihola? Nega? Axir, nega? Ahvol kundan-kun badtar ekanini aytmadingizmi?

Oltinchi holat

Amir Alisher Navoiy o’z uyi to’rida, xontaxta oldida xayol surib va quyulib kelgan misralarni qog’ozda tizib o’tiribdi. Har dam to’xtab, ostonaga o’ychan tikiladi, birovni kutayotgandek bo’ladi.

ALISHER.

Ne tirikmen, ne o’lik, ne sog’, ne bemormen,
Ayta olmonkim, firoqingdin ne yanglig’ zormen.

Nuktai og’zing g’amidin tortibon jadvaldek oh,
Ashk selin oqizib, sargashta chun pargormen.

Do’stlar, ko’nglum hadisin demangiz, Tengri uchun,
Kim, men ul devonai sargashtadin bezormen.

Ko’nglakingdinkim, topar jon dam-badam Yusuf isi,
Ey azizim, men ham ul ko’nglak aro bir tormen.

Bir quyosh hajrinda tundek ro’zg’orim tiyradur,
Tong emas, gar tun kibi, motam tutub yig’lormen.

Mayli af’yun ezg’il, ey mug’kim, bu eski dayr aro
Telbararmen g’ussadin, gar bir nafas hushyormen.

Nevchun el dashnomu ta’nidin bo’lay oshuftahol,
Ey Navoiy, chun nekim derlar, yuz oncha bormen.

(U yana ostonaga tikiladi va unga go’yoki ostonada bir Nozanin turgandek tuyuladi.)

Nozanin. Ne tirikmen, ne o’lik, ne sog’, ne bemormen…

Bu holatning poyoni bormu?

Xasta ekansiz. Ko’rgoni keldim…

ALISHER.

Kel-kel, ey oromi jonimkim, tilaydur jon seni,

Chehra ochkim, ko’rmak istar diydai giryon seni…
(Nozanin ostona kechib, burqa’ni ochadi.)
Eshikdin soya kirgach, sog’inur-menkim, quyoshimdur…
NOZANIN (poygakda cho’kib). Men soya emasmen. Jonli vujudmen! Siz meni doim soya deb bildingiz.

Alisher. Shubhasiz, vujud. Jonli vujud!
Husni ortar yuzda zulfin anbar-afshon aylagach,

Sham ravshanroq bo’lur torin parishon aylagach…
Nozanin. Darvoqe, sham. Siz meni boshda Guli deb tanidingiz. Keyin,bora-bora g’azallaringizda noma’lum bir go’zalga, Nozaninga aylandim. Bu men uchun sharaf. Baxt! Lekin mana, endi umr shamimiz kundan-kun so’nib borayapti. Shunday pallada, yana xasta holda o’tirib, nega yozayapsiz? Yozmang! O’zingizni asrang!

Alisher. Iloj yo’q. Bu mening hayotim mazmuni… Dunyoda shu qadar olis yo’l, olis masofa kechdimki! Ayriliq, sargardonlik, nochorlik, g’ariblik… Ammo mahzun NAVOdan umidbaxsh NAVOga yetib kelish meni NAVOIYga aylantirdi! Umrimda oyoq ostida loydek xorlanib-toptalishlarni ham, loydan yasalg’on ko’zadek qo’llarda ko’tarib alqashlarni ham ko’rdum. Meni nigun holatda yerga kirib ketishdan, farahli-ko’rkam holatda o’zingni osmon deb o’ylashdan So’z, Nazm, Adabiyot asradi! Umrim so’ngigacha men shu Qora Mehnatga va Senga fidomen, pariruxsor!

Nozanin. Menga deysizmu? Rostdanmu?

Alisher. Rost! Sen!

Goh sarv uzra, gahe gul uzra bulbul nag’masoz…

Nozanin. Baribir, tuzalguncha yozmang. Qarang, shaharda nima g’avg’o? Olamda nima sho’rish? Nahotki, Sizning mehnatga berilib iztirob chekkaningiz shu, telba olomonga kerak bo’lsa? Nahotki, azaldan nokomil hayot alal-oqibat izga tushadi, xatolardan, gunoh qilishdan umrida hayiqmagan odamlar o’zgaradi, inson tuzaladi, deb o’ylasangiz? Yerda haqiqat hukm surishi, Adolat qaror topishi uchun birov o’lgunicha kuyib-yonishi – nahotki! – shart deb bilsangiz? Bunga ishonsangiz?

Alisher. Ishonamen! Shart!

Nozanin. Xayolparast! Bulbul!

Alisher. Mening xastaligim o’tkinchi. Mehnatim bir ovunchoq. Dardim boshqa… Biz, insonlar yolg’on-yozuqqa, nafs yo’lida aldanishga, kibru-havoga berilg’onmiz. Poklanish va boshqalarda ham bunga ko’shish uyg’otish avvaldan, olisda qolg’on bolalikdan umrimda murodim bo’ldi. Bunga goh erishdim, goh aro yo’lda qoldim! Mening hayotim dunyoda bo’lg’on-bor xatolar, gunohlardan ozorlanib, Tangri taologa qilg’on ibodat-iltijo! Butun sa’y-harakatim ham ibodat-iltijodur.

Nozanin. Umringiz oxirlab, boshingizdan ko’p savdolar o’tub, telba dunyo royishi qandoq, odamning fe’l-atvori qandoq, bilmadingizmu? Siz o’ylagan – inson kamolotga yetishi, pokizalik, bu – sahrodagi bir sarob…

Alisher. Vallohki, bu necha ming yillardan kelgan aks-sadodur. G’arib Olamda har qachon Go’zal Olamlar, ajib belgi-xislatlar topilg’on. Xushxulq, xushta’b ko’p insonlar o’tg’onlar. Hech qachon yolg’on haqiqatdan, vahshat odamiylikdan, xunuklik ko’rkamlikdan, yomonlik yaxshilikdan g’olib kelmag’on. G’olib kelmagay, inshoolloh! Biz o’z qavmimiz ma’rifatli, olijanob, mag’rur va yakdil bo’lishini orzu qilg’on kishilarmiz. Biz foniy dunyoni bezag’on fano ahli, ishq ahli elchilarimiz. Iztirob egalarimiz.

Nozanin. Ishq va iztirob bir ekanmu?

Alisher. Bir!

Dilbaro, sendin bu g’amkim, menda bordur. Kimda bor?

Furqatingdin bu alamkim, menda bordur. Kimda bor?

Nozanin. Sevsangiz, nega mendan uzoqlashdingiz? Yana, go’yoki menga faqat “bir bulbuli nolon kerak” emish… Firoq-ayriliq boisi men emas. O’zingiz.

Alisher. Balki, o’zim?
Har dam onsiz yuz o’lum erdi Navoiy jonig’a, –

Bir o’lum birla bu dardig’a davo qildi firoq.
Nozanin. Yozg’onlaringiz aksar hasratli… Biz baxtli bo’larmidik?
(Olisdan, allayerdan yana ayollar faryodi eshitiladi.)
ALISHER (bir oz sukutdan so’ng). Men seni baxtsiz qilishdan qo’rqdum. Ayol ishq uchun yaratilg’on! Iztirob uchun yaratilmag’on…

Nozanin. Dunyoda doim iztirob chekib yashagan ayol-ku!

Alisher. Mening darveshona yo’lim bir kishilik! Seni sevdim. Yondim. O’rtandim. Ammo mening to’fonli ummonimda sening g’arq bo’lishingni istamadim. Inson bir necha vazifani bo’yniga ololmaydi, bir vazifani bajaradi! Menga birovga zulm qilmoqdin yolg’izlik va bekaslik afzal tuyuldi. Bu men ishqdan voz kechganimdan emas! Bir insondek yashadim.

Nozanin. Bu kun mamlakat notinch. Shaharni ham sovuq bir sharpa, qora bir isyon ishg’ol etgan. Goh tun, goh kunduz ayollar ohu faryodi ko’kka ko’tarilayotir! Siz charchagansiz. Xastasiz. Lekin nega bu bobda biron chora-tadbir topmayapsiz?

Alisher. Bu bobda men o’zi-o’zimdan bir ish qilolmasmen, chora-tadbir ko’rmoq Sulton Husayn janoblarining vazifasidur. Oliy ta’b, insof va diyonat sohibi Sulton Abulg’ozi Boyqaro qandoq yo’l tutishni bu faqirdan ko’proq bilurlar. Barchadan burun mamlakat taqdiri uchun javob bermak shohlarning nasibidur.

Nozanin. Sulton hazratlari sust qaramoqdalar. Ishni paysalga solmoqdalar. Har kuni qon to’kilayotir. Necha odamning xonumoni kuyayotir. Bundan shahanshoh zarracha qahru g’azabga kelmayotirlar.

Alisher. Ollohning g’azabi-yu, shohning g’azabi qo’rqqulikdur. Sulton qahr nishonasi qizil libos kiyib, boshiga qirmizi toj qo’ndurib xos xonadan saroyga chiqsa, olamga o’t ketishi tayin. Bu kuncha shohimiz bardosh ko’rsatmoqdalar.

Nozanin. Bardoshning ham uyi kuysin! Elning allaqachon sabr kosasi to’lg’on… Sulton esa beparvo yurg’ondek!

Alisher. Beparvo emas! Voqifmen, janob Sulton asosan, har yerda urush harakatlari qo’zg’alayotgani bilan xayollari band. Hirotdagi ahvolga kundalik ko’ngilsiz hodisalar deb qarag’on bo’lishlari mumkin. Bundan bo’lak, Boyqaro uchun maydonda dushman aniq, jangda yuzma-yuz olishish o’ng’ay. Aholi ichidagi tartibsizlikka qarshi qilich ko’tarolmaysan! Yana aytsam, johil holga kirg’onlar umuman o’smir, yosh. Ayniqsa, bulardan bir qismining “etim” degan nomi bor. Musulmon podshohi o’z yurtida “etim-esirlar boshini silash” aqidasiga amal qilish o’rniga bunga qarshi ish tutishi qiyin… Shu boisdan, Sulton bilan oramizda ba’zibir ziddiyatlar borligiga qaramay, men ham parishonmen!

Nozanin. Men tushunmadim. Bu holda netmoq kerak?

Alisher. Haqiqat va adolatga qarab, sabr-bardosh ko’rsatib ish tutmoq kerak.

Nozanin. O, buning uchun uzoq yillar, asrlarni kutishga to’g’ri keladi…

(U o’rnidan turib, chiqib ketadi.)
ALISHER.

Yor bordi-yu, ko’nglumda aning nozi qolibdur,

Andoqki, qulog’im to’la ovozi qolibdur.
Ko’z xonasini qildi – barandoxta bu ashk,

Ko’z bordi, vale xona barandozi qolibdur.
Ko’nglum qushi to sunbulingiz domig’a tushdi,

Bulbul kibi har gul sori og’ozi qolibdur.
Ul qush safar aylab, ne tarab, gulbunin ochgay,

Kim, bog’ aro bir – sarvi sarafrozi qolibdur.
Men ishq rumuzin demay o’ldum. Safar etgum,

Farhod ila Majnunning o’kush rozi qolibdur.
Taqlid qilib ko’ngluma – ishq ahli chekar oh,

Ul bordi-yu, el ichra sarovozi qolibdur.
Hijron-u, visolni ko’pu oz dema, Navoiy,

Yuz shukr dekim, ko’pi borib, ozi qolibdur…

Parda.

Ikkinchi Parda
Yettinchi holat

Sulton Husayn Boyqaro saroyi. A’yonlar jam. Vazir Majididdin Muhammad, Amir Muborizuddin Valibek, Amir Ali Bobo, Mavlono Sohibdoro, Xo’ja Shahobiddin shu yerda. Amir Alisher Navoiy ham shu yerda.
Qizil libos kiyib, boshiga qirmizi toj qo’ndirgan Husayn Boyqaro kirib kelib, taxtga o’tiradi.
Boyqaro. Majididdin Muhammad! Hirot osoyishtaligi uchun ne chora-tadbir ko’ruldi?

Majididdin. Onhazrat! Tunda do’konlarning qorovullari va ko’cha posbonlari, o’ktam yigitlardan tanlab, ikki hissa ko’payturildi. Kunduzlari ham odamlar o’z ishi, tirikchilik bilan mashg’ul bo’la olsin uchun sobiq sipohilardan bir qismi mirshablarga borib qo’shuldi. Tag’in…

BOYQARO (keskin). Ammo ahvol tuzalg’oni yo’q. Devonga shikoyat yozayotg’on ko’p. Arzu-dod bilan kelayotg’onlar ham… Amir Valibek, siz ne deysiz?

Valibek. Ahvol darhaqiqat og’ir, Sulton janoblari. Barcha kamar bog’lag’onmiz, har doim bo’lg’onidan yuz chandon ortiq yugurib-elib xizmatdamiz. Natija ko’rinmayotir!

BOYQARO (boshqa a’yonlarga). Sizlar ne deysizlar?

Amir Ali Bobo. Buzg’unchi-bezorilar shaharning qayerida? Qandoq berkinib yuribdi? Birov bilmaydi…

Xo’ja Shahobiddin. Shaharda, notinchlikka qaramay, ja’mi bolalar, yoshlar kunduzlari maktab-madrasada. Tunda bular orasidan kimlar o’g’rilik, qotillikka borayotir, ajratib-aniqlashning iloji yo’q…

Sohibdoro. Sulton hazratlari, ko’plar saroyga arzu-dod qilsalar-da, ko’cha-ko’yda odamlar so’zlashishdan qochmoqdalar. Ular o’zlariga ziyon tegib, bir kor-hol ro’y berishidan qo’rqib-xavotirdalar…

Alisher. Yurt xavf ostida. Elning ahvoli yaxshi emas. Butun sa’y-harakatga qaramay, bu kungacha jiddiy biron chora-tadbir ko’rilmag’oni aniq.

Boyqaro. Farmon tayyorlangiz! Qaysi ko’cha, qaysi mahallada bezori va beboshlar bo’lsa-yu, uni tutib keltirib berishmasa, shu joyni buzub tashlab, aholisi qirib tashlansun… Shafqat qilib o’tirilmasun! Men boricha mehr ham, bardosh ham ko’rsatdim. Yetadi… Ruxsat sizlarga! Amir Alisher, siz to’xtaling…
(A’yonlar chiqib ketishadi.)
“Podshohlik borlig’i – boshdin-oyoq bosh og’rig’i!” Ma’qul aytg’onsiz. Bilib! Onglab… Hirotda turg’on tanglik tez barham topishi lozim. Nuri-diydamiz Badiuzzamon Mirzo ko’p yerni tortib olib, egallab, yurt ikkiga parchalanib qolg’oni kam. Shahzoda bizga qarshi yangidan qo’l ko’tarmoq uchun lashkar yig’ayotg’oni menga ayon. Uning g’olib-jahongir bayrog’i hammayoqda shu’la sochayotir. Lashkarining surnay va karnay ovozi bot-bot qulog’imga chalinayotg’ondek…

Alisher. Shahanshohi olam, Sulton Badiuzzamon o’z jigarbandingiz! U fe’li torlik qilib Sizga qarshi tursa-da, Siz unga qarshi bormang…

Boyqaro. Shahzodaning katta qo’shunga boshchilik qilish salohiyati, harbu zarbda iste’dodi borasida eshitib, bir yoqdin faxrlandim. Suyundim. Bolam safga kiribdi, deb o’yladim. Ikkinchi yoqdin meni g’am-g’ussa chulg’adi. U mening shon-shavkatimga putur yetkazmoqda.

Alisher. Sulton Badiuzzamonning shon-shavkati ham sizning shon-shavkatingiz, xoqonim…

Boyqaro. (uni eshitmagandek). Men qismatimga shukrona keltiraman, Haq subhona-u va taolo menga shoyon baxt berdi, lekin men istag’on oqil va solih farzandlar bermadi. Bobomiz Hazrat Amir Temur Sohibqiron tuzg’on katta davlatdan faqat bir ulush qoldi, u ham sindirilg’on nondek, parchalang’on. Mendin so’ngra, g’ayrat-shijoati bor, ammo fikr-mulohazasi yo’q Temurzodalar uni ham “eb bitirishlari” muqarrar. Men buni ko’rib turibmen! Shu kunlar ko’nglumda jang qilib Badiuzzamon Mirzoning ta’zirini berish niyati turibdi, shundoq qilardim ham! – mamlakat zaiflashg’on, askar jangga tayyor emas. Bir oz muddat kerak…

Alisher. Mening kengashimga quloq tutsangiz, Majididdin Muhammadning maslahatiga kirib el-ulusdan o’lpon yig’ishni to’xtating. Xazina bo’shab qolg’on ekan, men haj uchun to’plagan naqdinamni tortiq qiladurmen. Elning noroziligi yangi bir isyonlar keltirishi mumkin. Jang qilish niyatidan ham qayting, onhazrat. Ota-bolaning jangi xosiyatsiz ish. Oldingi bundoq janglar el-ulusning qoni bekordan to’kilg’oni-yu, mamlakatda katta bilan kichik orasida hurmatsizlik uyg’onganidan bo’lak narsa keltirmag’oni o’zingizga ma’lum. Meni ma’zur tuting, shahardagi ahvol ham shuning oqibati…

Boyqaro. Men aralashmasam-da, tashqarida shahzodalar boshliq, shaboxun tarzida amirlar, beklar ichida borayotg’on janglar ham, shahardagi bu tartibsizlik ham o’zi-o’zidin chiqmag’oni aniq, albatta. Muhimi turli tarafdin Xurosonga, butun turkiy el-ulusga g’ayrlik qilib nifoq solish harakatida yurg’on, kelib odamlar orasida joylashg’on, johil, nodon kimsalardin birovni maqtab, birovga hatto mablag’ berib ularning terisi ostiga kirg’on dushman bu kun har yerda topilib turadur. Men bu ko’runmas qo’lni qirqolmadim.

Alisher. Buni bartaraf etish uchun mamlakatda osoyishtalik darkor. Bir xonadonda ahillik bo’lmasa, begonalar xonadon egalaridan har birini kamsitib, ozor yetkaza oladurlar.

Boyqaro. Xo’p, netmoq kerak?

Alisher. Haqiqatga rioya qilib, adolat yuzidin ish tutmoq kerak…

Sakkizinchi holat

Murg’ob daryosi bo’yidagi qasrda Sulton Badiuzzamon Mirzo kattakon deraza oldida o’tiribdi. Deraza ortida, maydonda sipohilar qilichbozlik mashqi o’tkazishayapti.
Badiuzzamon (o’zicha). Aslida, Hirotni oladurg’on bo’lsam, hozir olg’on durust. Xufyalar, u yerda it egasini tanimaydi, deyapti. Padari buzrukvor qaysarlik qilmay saltanatni menga topshirib qo’ya qolsalar-ku, yaxshi bo’lardi. Ammo o’zim bostirib borib olsam, shoh bilan qandoq munosabat tutaman? Otam bo’yinsunsa, hay-hay! Bo’yinsunmasa, Abdullatifga o’xshab padarkushga aylanamanmi? Albatta, shoh atrof-buluklarning xalqini qal’a ichkarisiga olib, shahar devor va burjlarini mustahkamlaydi. Jangga ham kiradi! Keyin-chi? Mening yigitlarim yaxshi. Lashkarim kuchli. G’olib kelishim ko’rinib turibdi! Faqat… o’rtada Amir Alisher! Arab va Ajamda u mashhur. O’zi ham dunyoni kaftdagidek ko’radi. U bilan hisoblashmay bo’lmaydi. Dunyoga ming yilda bir keladurg’on kishi u! Senga bir og’iz “hayf” desa, tamom, yer yorilib yerga kirg’ondek. Qandoq iloj topsa ekan?
(Amir Shijo’uddin Zunnun kiradi.)
Menga qara, Shijo’uddin Zunnun! Qo’shun jangga tayyor, deb o’ylaysanmu?

Zunnun. Tayyor. Buning ustiga, Hirot ichkarisida endi bizga xayrixoh ko’p. Sulton Boyqaro ko’tarilg’on to’zonni bostirolmayapti. Hammayoq alg’ov-dalg’ov. Ammo…

Badiuzzamon. Nima, ammo?

Zunnun. Hirotdan Mavlono Sohibdoro Sizni ziyorat qilg’oni kelg’on.

Badiuzzamon. Mulozimga ayt, olib kirsun.
(Zunnun mulozimga ko’rsatma berib, orqaga qaytadi.)
Nima maqsadda kelg’on ekan?

Zunnun. Indamadi. Siz bilan ko’rushib-ziyorat, dedi, xolos.

Badiuzzamon. Mavlono Sohibdoro buning uchungina kelmaydi.

(Mavlono Sohibdoro kiradi.)
Mavlono, marhamat, xush ko’rduk.

Sohibdoro. Ulug’ Sulton hamisha salomat bo’lg’aylar.
(O’tib o’tiradi.)
Aziz Mirzo! Siz bilan gapim pishsa, rasmiy, yo’qsa, shaxsiy mehmoningizmen.

Badiuzzamon (kulib). Ikkisini birlashtirsa bo’lmasmu?

Sohibdoro. Buning uchun ikkimiz oldin maxfiy so’zlashib, kelishib olishimiz lozim.

Badiuzzamon. Men G’ur yayloviga Seyistondan, Amir Zunnun o’ziga tegishli Zamindovardan kelib, bir maqsad bilan lashkarni qo’shg’on kundan buyon mening Amirdan bekitiqcha gapim yo’q.

Sohibdoro. Men qarshingizda xijolat chekadurg’on gaplar chiqishi mumkin, shahzodam.

Badiuzzamon. Chiqaversun!

Sohibdoro. Sulton Boyqaro hazratlari bilan Siz, muhtaram shahzoda, ota va farzand bo’lg’onlaringga qaramay, orada sulh tuzmoq taklifi bilan keldim.

Badiuzzamon. Sulh? Shahanshoh ojizlanib, sichqonning ini ming tanga bo’lg’onidami? Parishonlanib, paytavaga qurt tushg’onidami?

Sohibdoro. Bu – inning qandayligiga bog’liq. Bu etikka ham bog’liq! Podshoh janoblarining etiklari hali mustahkam… Ruxsat berdingiz, aytaman, meni ma’zur tutasiz! Hozir Sizning ahvolingiz mushkulroq. Qo’lingizda shohlik shahodatnomasi yo’qligidan, sizning lashkaringiz har yoqni talab yurg’on qaroqchi kabidur. Shariat hukmiga binoan, Siz ikki tomondan, podshohga va otaga sarkashlik qilib, isyon ko’targ’on osiy holdasiz.

Zunnun. Sulhda ne ko’zda tutulg’on?

Sohibdoro. Sulh har jihatdan xayrlidur.

Badiuzzamon. So’zlang.

Sohibdoro. Eng avval, Padari buzrukvoringiz har qandoq muxolifatni unutib, Sizning bor gunohingizni kechiradilar. Siz ham fitna-fasod, saroy o’yinlari qurboni bo’lg’on jigarbandingiz Mo’min Mirzo uchun Padari buzrukvorni kechiring. Ayniqsa, bu kun siz egallab turg’on Balx mamlakati va unga tobe yerlar, Murg’obdan Amudaryo bo’ylarigacha Sizda qoladi. Peshkash qilib, muhr bosib beriladi. Faqat, o’rtada podshoh va otaning haq-huquqi, hurmati rioyasi qoladi. Siz to’la vakolat bilan qo’lga olg’on viloyatda xoqon hazratlarining humoyun nomi bilan Sizning dongdor nomingiz xutbada birga qo’shub o’quladi…

Badiuzzamon (o’ylanib turgancha kulib). O’z mulkingni o’zingga qaytarib bermoq… Bu – o’z shar’iy xotiningga uylang’on kabidur.

Sohibdoro. Istasangiz, shu. Bu borada oldin Amir Alisher ham sizga maktub yozg’on. Istamay jang qilmoq bo’lsangiz, barchamizga bu ne malolatu, ne malomat, kelturishini Yolg’iz Ollohning O’zi biladi.

Zunnun. Shartnoma tuzilg’onmi?

Sohibdoro. Tuzurmiz.

Badiuzzamon. To’g’risini ayting, Padari Buzrukvor nadomat chekib o’zlari shundoq nozik qo’numga keldilarmu?

Sohibdoro. Xudo haqqi, o’zlari… Va albatta, Amir Alisher bilan kengashib…

Badiuzzamon (kulib). Men aytdim-a… Balki, Husayn Boyqarosiz Alisher Navoiy bo’lmasdi. Lekin Alisher Navoiysiz Husayn Boyqaro ham bo’lmas edi…
To’qqizinchi holat
Taxminan biron oydan so’ng.
Sahro. Quyosh yonib yotibdi. Amir Alisher – qo’lida hassa, qumga botib sekin surinib borayapti. Bir to’p kishi undan sal orqada, lekin unga ergashgan. U boshda bularga e’tibor bermaydi, keyin, burilib qaraydi.
Alisher. Sizlar nega ergashayapsizlar?

Ergashganlar. Siz – Navoiy…

Alisher. Sizlar-chi?

Ergashganlar. Biz benavolarmiz!

Alisher. Butun olam NAVOdan iborat-ku! Qushlar sayrog’i. Daraxtlar shovullashi. Shamolning nola chekkani ham… NAVOSIZ odam bo’lar ekanmi?

Ergashganlar. O’zimizda bo’lmag’onidan, Sizga ergashayapmiz-da! O’t chiqqanida birov yonib-kuyayapman, desa, boshqasi men uchun ham ayt, degan ekan. Bizning dardimizni ham aytadig’on – Siz! Navosiz elning navobaxshi!

Alisher. Men aytg’onimni aytdim! Endi boringlar, menga ergashmanglar. Men charchadim. Buning ustiga, «tang’a qariliqda notavonlik yetdi». Butun hayotimni ko’z oldimga keltirib, oxiratni o’ylashim kerak…

Ergashganlar. Faqat, bir og’iz so’z… ko’z oldingizga nima kelayapti?

Alisher. Bolalikda sahroni ko’rg’on edim. Yana sahro! Mening umrim shu ikki sahro orasi…

(Bir to’p kishi to’xtagandek bo’ladi va dam o’tmay, yangidan ergashadi. Alisher esa xayolga botadi.)

Ey pari, rahm etki, ko’nglum zor erur, bechora ham.
Ishqu savdo dashtida Majnun erur, ovora ham.

Tandagi paykonlar-u, ashkim yorutmas uynikim,
Dudi ohimdin qorarmish sobitu sayyora ham.

Zaxmi ko’p bag’rimni tikmak mumkin ermas, ey rafiq,
Kim, erur yuz pora-yu, majruh erur har pora ham.

Vasli iqboli-yu, men hayhotkim, ruxsorini
Toqatim yo’qdur yiroqdin qilg’ali nazzora ham.

O’yla, suv qildi balo ko’hsorini ohim o’ti,
Kim, olib ko’ksumga urguncha topilmas xora ham.

Charx makru fitnasidin g’ofil o’lmang, zinhor,
Chunki, bu shohid base fatton erur. Makkora ham.

Telbarab, ittim Navoiydek junun sahrosida,
Qilmadi yodimni hargiz bir pari ruxsora ham…

(U burilib qarab odamlar hamon ergashayotganini payqaydi.)

Ketmadinglarmi?

Ergashganlar. Yo’q.

Alisher. Sabab?

Ergashganlar. Hali Sizga aytmag’on gaplarimiz bor.

Alisher. Men hajga borayapman. Xalal bermanglar. Meni yo’ldan qoldirmanglar.

Ergashganlar. Biz yo’lda qolib ketsak, bizning xatolarimiz, gunohlarimizni ham so’rang!

Alisher. Albatta, so’rayman. Eng avval, o’zimning xatolarim, gunohlarim bor. Men ham bir bandaman, ulardan poklanishim kerak. Keyin, barchaning dardi…
(U besh-o’n qadam yuradi. Qarasa, baribir orqadan odamlar kelayapti.)
To’xtanglar! Xo’sh?

Ergashganlar. Siz ketsangiz, bizning arzu dodimizni kim eshitadi? Kim o’z himoyatiga oladi?

Alisher. Qiziq ekansizlar! Qozi bor, bek bor, dorug’a bor, hokim bor, shoh bor… Hammadan burun, arzu dodingni Xudoga aytish kerak!

Ergashganlar. Aytamiz. Lekin Osmon uzoq Yer qattiq…

ALISHER (o’ylanib). Kelinglar, mayli. Eshitaman.

(Barcha qum ustiga o’tiradi.)

Hajga endi borolmasligim ham mumkin. Necha bora shahdlandim. Goh hozir mavridi emas, goh yo’l xatarli, deb Sulton Boyqaro izn bermadi. To’g’rirog’i, meni yonidan ketgazgisi kelmadi. Yana bir otlanib, qat’iy qaror qilg’onimda yurt peshvolari, e’tiborli kishilar yo’limni to’sdi, bormang, deb yolvordi. Mana, shu kunlar bormoqchi edim, bu gal safar aniq edi, lekin yiqqanimni yurtga topshirdim. Yo’limdan chiqib menga umid bilan boqqan insonlardan boshlab qo’limdan don yegan qushlargacha – ularning ahvoli, taqdirini o’yladim…

Kimki, bir ko’ngli buzuqning xotirin shod aylagay,

Oncha borkim, Ka’ba vayron bo’lsa, obod aylagay…
Men bu Ka’bani kimga tashlab ketaman? Buyog’i umrim tugagunicha shu sahroda, haj yo’lidamen… Marhamat, so’zlangiz!

Ergashganlar. Qandoq so’z boshlamoqni ham bilmasmiz. Bizning har kun, har soatimiz alam va motamdan iborat. So’z yo’q…
(“Qaro ko’zim” qo’shig’i, barcha boshini solintirgan, sukutga cho’mgan holatda, mahzun yangraydi. Nihoyat…)
ERGAShGANLAR (Birinchi kishi). Hirotda shu kunlar o’g’rilar, qotillar, har xil yovuzlardan to’ygan edik. Sulton Boyqaro janoblari ularni jazolash to’g’risida farmon berdilar, bizning baxtimiz, osoyishtaligimizni o’ylab, kerakli, dono ish qildilar. Tashakkur! Ammo Hirotda ahvol oldingidan yuz chandon badtar bo’ldi…

ERGAShGANLARDAN (Ikkinchi kishi). Odamlar gunohkor-gunohsiz birovlarni tutub kelturub, ular keksa ekan, yosh ekan, deb ham qarab o’tirmay, ming azobu uqubatlarga solinayaptilar. Balki, ma’quldur! Ammo zindonbonlar, soqchilar, mirshablarga Xudo “berdi”. Mahbuslardan ba’zilarni taxtaga, toshga-devorga mixlatib tashlayaptilar. Ba’zilarni qo’ltig’idan osib, oyog’iga tosh bog’lab ikkiga bo’lib-parchalayaptilar. Yana ba’zilarni ko’zlarini o’yib, qo’l-oyoqdan tirnoqlarini sug’urib olayaptilar…

ERGAShGANLARDAN (Uchinchi kishi). Yovuzlik, zolimlik saltanat uchun qonun ekanmu yoki odamning qonida bor ekanmu, gunohkor, jazo berayapmiz, deb shundoq shafqatsizlik qilinayaptiki! Bunisi holva. Birgina aybdor chiqibdi, deb ayamay, butun ko’cha, butun mahallalarni buzub, aholisi qirib tashlanayapti. Sulton Boyqaroning farmoni shundoq ekan! Keksalarda nima gunoh? Go’daklarda nima gunoh? Siz doim haqiqat, adolat, deysiz. Haqiqat qani? Adolat qani?

ALIShYeR (o’rnidan turib ketib, xafa bo’lib, jahli chiqib). Bu – yangi bir bedodlik! Ayanchli hol! Lekin senlar ham bunday o’ylanglar. Na issiqqa, na sovuqqa chidaysanlar! Podshoh rahm qilib, suyib, ko’ngilchan-bo’sh qarasa, na hokimu dorug’a, na biri-biring bilan kelishmay qo’yasanlar! O’zlaringdan ketib, boshga chiqib olasanlar! Buzg’unchilik qilib, noxushlik keltirasanlar! Podshoh aksincha, qat’iyat ko’rsatib, g’azablanib, arqonni tortsa, darhol musichai-begunoh bo’lib qolasanlar. Obidiyda qilib, nola-afg’on chekishga tushasanlar! Ko’chaga chiqqan bolaga qaramaysanlarmu? Kitob o’qutmaysizlar. Mehnatga o’rgatmaysizlar. Bu bolalar, yoshlar Mirxondni, Xondamirni bilmaydi. Shoh Muzaffarni, Behzodni bilmaydi. Tarbiya bermaysizlar! Birovni kechasi uyiga bostirib kirib pichoqlagan maxluqni men himoya qilishim kerak ekanmu? Har qandoq shafqatsizlik, qon to’kish, birovga jabr-sitam menga yoqmaydur! Biron vajdan oqlamasmen ham! Ammo senlarga ortiq yordam ham berolmaymen. Kerak bo’lsa, podshohga boringlar!
(Shu payt ergashganlar orasida Alisherning bexosdan Abdulxay tabibga ko’zi tushib qoladi.)
Abdulxay tabib! Siz nega bu yerda turibsiz?

Abdulxay. Olijanob hazrat! Yotib oling. Siz yotishingiz kerak! Isitmangiz baland…

Alisher. Yo’q, siz ro’y bergan ahvolga qandoq qaraysiz?

Abdulxay. Ming qatla uzr, Amirim. Men hakam emas, hakimman. Albatta, voqeaning ma’nosiga, odamning aft-angoriga qarab baho beriladi. Ammo men birovni hayotning guli, birovni qabih ekan, deyolmayman. Yaxshi-yomon barchani davolayman. Sizga yaqin tomonim, men ham inson yovuzlikdan, jaholatdan, dardlardan qutulishini istayman… Endi bir oz orom olmasangiz bo’lmaydi.

ALIShYeR (unga ortiq ahamiyat bermay, o’zicha). Hajga borayotg’on edim. Yo’l bunchalar cho’zilib ketdi.

(U yana qumda vazmin surina boshlaydi. Odamlar ham ergashadilar. Bir mahal to’xtab…)
Haliyam shu yerdamisizlar?

ERGAShGANLAR (Birinchi kishi). Savol chiqib qoldi.

Alisher. Nima ekan?

ERGAShGANLARDAN (Ikkinchi kishi). Ulug’ insonsiz. Biz osiy bandalarni kechiring… Siz Shoirmi yoki Amirmisiz?

Alisher. Shoirlik qismatim. Amirlik ham… Aqlimni taniganimdan yolg’izlik va faqirlikni istadim. Umrimda juda erta bu dunyoning omonat, foniy ekanligini ongladim. Xushnud va og’ir damlarda bir so’z-ikki so’z aytib o’zumni ovutmoqqa urundim. Hali dunyo to’kis, inson naqadar komil emasligi meni qayg’uga soldi. Yillar davomida dunyo ishlaridan uzlatga chekindim. Mana, hozir ham ziyoratgohda g’ariblikda turibmen. Ammo hayot g’avg’osi va savdosi menga biron payt osoyish bermadi. Bu kun ham o’zi-o’zimcha qolib, xatolar, gunohlarimiz uchun tavba-tazarru qilishga imkon yo’q. Ana, intilg’onim bilan, Ka’baga yetib borolmayapman. Ro’y berayotgan ahvol, odamlarning biri-birini onglamasligi, biri-biri bilan kelishmasligi, johilligi, xudbinligi meni o’rtab yuborayapti. Men Yer yuzida irqi, millati, diniga qaramay, Tangri taologa itoatda bo’lg’on insonlar ahil, erkinlikda, hur yashashini orzu qildim! Ammo insonlar aksar isyonda bo’ldilar. Ular, shohdan gadogacha, osoyishtalik bo’lmag’on yerda xotirjamlik ham, bunyodkorlik ham, baxt-saodat ham bo’lmasligini o’ylamadilar. Dushmanlik emas, do’stlik qilishni istamadilar. Xudoga, biri-biriga bo’yinsunmadilar. Odamning odamga zulmi, zo’ravonligi bo’lg’on yerda qotil ham, maqtul ham quldur. Men sizlarga doim yordam berishni istaymen. Taassuflar bo’lsunkim, yordam berolmayapmen…
(Abdulxay tabib boshqalardan ajralib kelib, uni qo’ltig’idan tutadi.)
Abdulxay. Hazrat! Jon hazrat! Bir oz orom oling. Bemor o’zi hakimga yordam bermasa, hakim qiynalib qoladi… Bu tomon kun kech. Oftob botayapti…

(Sahroda quyosh bota boshlaydi.)

O’ninchi holat

Saroyda Sulton Husayn Boyqaro a’yonlari bilan. U ham, a’yonlar ham horg’in, parishon. Tashqaridan odamlar suroni eshitiladi.
Boyqaro. Ne shovqin? G’ulg’ulaga bois ne?

Amir Ali Bobo. Kelganlar podshoh arzu dodimizni eshitsun, deyishayapti.

Boyqaro. Biz ularning bezorilar, buzg’unchilar ustidan yozg’on arzu dodlaridin, irodasidin kelub chiqib, farmon berdik. Yana nima shikoyat bor ekan?

Xo’ja Shahobiddin. Ahvoldan ular hamon norozi bo’lishayapti.

Boyqaro. Nega norozi bo’lar ekan? Jinoyat sodir qilg’onlarga jazo barhaq. O’z ekkanini o’rsin!

Xo’ja Shahobiddin. Raiyat o’z baxtu saodati posboni bo’lg’on podshohiga ko’nglida borini aytishi shar’an va rasman ravo, Sulton hazratlari.

Amir Valibek. Ular bir bedodlik o’rnida ikkinchi bedodlig’, qordin qutulib yomg’irga tutulg’ondek bo’ldik, deyishayapti. Hirotda tinchlik o’rnashg’oni yo’q, deyishayapti.

BOYQARO (Mulozimlarga). Ayt, mashvarat qilib olg’uncha tinchib tursin!
(Mulozimlar chiqib ketishadi. Tashqarida to’lqindek bir ko’tarilib, bir tushgan suron tinadi.)

Majididdin. Ko’p chora-tadbir ko’rulg’oniga qaramay, chindan notinchlik davom etayapti, onhazrat! Biz, sodiq qullaringizning Xudo oldida ham, Sizning oldingizda ham gunohimiz bo’ynimizda. Hamma balo shundaki, birovlar buzg’unchilik, o’g’rilik, qotillik qilayotg’onidan bo’lak gap bizga aniq emasdi.

Amir Valibek. Hozir ham aniq emas. Qorong’uda paypaslanib yurg’on kishidek ish tutmoqqa to’g’ri kelayapti.

Majididdin. Bundan tashqari, kim aybsiz, kim aybdor tekshirib-aniqlab ajratishni fuqaroga havola qilmag’on durustmidi? Beayb Parvardigor! Hech bir aybi yo’q banda bo’ladimu? Kimning kimgadir qasdi bo’lsa, o’ch olish, kimdir o’z odamini qutqarib, begunoh birovni jarga surib tashlash kabi hodisalar ham ro’y berayapti. Johil mirshablaru ish topilsa qo’lini ishqay boshlaydig’on jallodlar-ku, do’ppini ol, desa boshni olaveradi. Haqiqatni surishtirib, adolatga rioya qilish qozi-quzzotlarning vazifasi. Ammo ular ham ko’zlarini pirpiratib, gangib yuribdi. Alqissa, ho’lu quruq baravar yonib yotibdi, podshohi olam.

Boyqaro. So’zlashdin murod – amal. Men uchun u muhim!

Majididdin. Qandoq bo’lmasun, kundalik hukumat ishlaridan ozod bo’lg’on, lekin davlat nomidan so’zlash, hukm yuritish, katta-kichik arboblarni ham taftish qilish haq-huquqiga ega dono bir kishi kerak. Bunga barcha ishtibohsiz qaraydurg’on kishi! U ahvolni tez, teran o’rganib-bilib aybdor bilan aybsiz orasin ajrim qilishi lozim! Adolatli ish tutilg’oniga odamlar ishonishi lozim! Shundoq qilmaguncha Hirot tinchimaydi, onhazrat.

BOYQARO (o’ylanib). Kim? Kim bu vazifaning uhdasidan chiqa oladi? Shu taxlit hakam yurtda bormu? Topiladimu?

(A’yonlar ancha sukutga cho’mishadi. Axiyri…)

Amir Valibek. Amir Alisher… Bo’lak kishini eslamadim.

Xo’ja Shahobiddin. Ul Zotdan boshqa kishi bu vazifani bajarolmaydi!

Sohibdoro. Yurtda biron odam yo’qki, Amir Alisherning to’g’ri, halol ish tutishiga shubhalanib qarasa!

Amir Ali Bobo. Ul Zot birovni jazoga buyursa ham, birovga shafqat qilsa ham, insof-diyonat ko’runadi. Hech kim norozi bo’lolmaydi!

Majididdin. Men Amir Alisherni hazratning salomatliklari yomon bo’lg’oni, dardlari borligi uchun aytmadim.

Boyqaro. Yaqin Kishimizga bu garon yukni ortsak, og’irlik qilmaydimu? Ne deysiz, Abdulxay tabib?

Abdulxay. Amir Alisher bir yengil tortib, bir og’ir yotqon edilar. Alhamdulilloh, ikki kundan buyon oyoqqa turdilar. Qolaversa, Alisher hazratlarining yurt, el-ulus tashvishidan bo’lak nima dardlari bor? Men ul janob nomlaridan istagancha so’z aytishim mumkin. Kafolat berg’onlar. Mabodo shahanshoh Amir Alisherga bu vazifani topshirsalar, u kishi buni har qachongi Sizning ishonchingiz va marhamatingiz, deb biladilar. “Bosh ustiga” deb mamnun, minnatdor bo’lib qabul qiladilar.

BOYQARO (xursand bo’lib). Tashakkur. Borakolloh.

O’n birinchi holat

Bir yerto’lada fonus yoqib Haydarbek ikki o’smir bilan chilim tortib o’tiribdi. Qo’lida bosh chanog’i uchinchi o’smir kiradi.
Uchinchi O’smir. Haydarbek, qara. Men buni tarashlab, qadah yasamoqchiman. Marvarid qadab, o’z dinimiz bayrami kuni senga sovg’a qilmoqchimen.

Haydarbek. Sovg’ani har kuni aytib yurib emas, indamay vaqtida topshirish kerak! Kel, o’tir, chilimdan tort.
(O’smir chanoqni mixga ilib, o’tib o’tiradi.)
Birinchi O’smir. Malla! Shaharda nima gap?

Uchinchi O’smir. Suv quygandek!

Ikkinchi O’smir. Bo’lishi mumkin emas… Bu yerda tuqqan xotindek yotib, zanglab ketdik. Hatto kunduzi birrov chiqmayapmiz… Haydarbek, bir aylanib kelmaymizmi?

Haydarbek. Har kecha bir kishining chiqqani yetadi! Hozir sharoit shunaqa! Sen, Malla, yalpayib o’tirmay, ahvolni gapir. Senlar tek o’tiringlar!

Uchinchi O’smir. To’g’risini aytsam, meni o’ldirishing mumkin. Qo’rqamen.

Haydarbek. O’ldirmaymen.

Uchinchi O’smir. Shahar rostdan ham jimjit! Odamlar, ikki yuzga yaqin kishi, Husayn Boyqaroga shikoyat bilan borg’onlar. Shuning uchunmi, qo’lga oling’onlarni jazolash taqa-taq to’xtag’on. Bunisi yaxshi. Sharoit yumshaganidan, bizga yangi qo’shiladig’onlar chiqadig’onga o’xshaydur. Bunisi ham yaxshi…

Haydarbek. Cho’zma!

Uchinchi O’smir. Mirshablardan bir ayg’oqchimizning aytishicha, endi qozi-yu, qozixonalarni chetlab bir madrasa hujrasida Amir Alisher qo’lga oling’onlarni tergayotgan ekan…

HAYDARBEK (jonlanib). I-e, Amir Alisher deysanmi? Yaxshi-ku! Men Navoiyni bilaman. Vaqtida otam Amir Jahongir barlosni qo’llag’on. Podshohga aytib, Turshiz qasabasiga hokimlikka qo’yg’on edi. Keyin, otamni qasaba aholisi o’ldirib ketg’on. Ammo Navoiyning himmati mening xotiramda qolg’on.

Uchinchi O’smir. Yomon joyi, Amir Alisher birovni urushmas, so’kmas, hatto baland tovushda gapirmas, faqat rost so’zlashni talab qilar ekan. Qo’lga oling’onlarni yolg’on yoki rost so’zlag’oniga qarab, ikki tomonga ajratayotg’on ekan…

Haydarbek. Buning yo’li oson. Yig’lab yuborib, yoqa yirtib yolg’onni rostdek ko’rsatsa bo’ladi. Ba’zilar qandoq ishontirishni bilmaydi.

Uchinchi O’smir. Oson emas ekan-da! Amir Alisher yuz-ko’zingga bir qaraganida, sen hali so’zlamay turib, butun hayoting unga ko’rinib qolar ekan. Avliyomi yoki yarim avliyomi, deyishadi.

Haydarbek. O’zim u kishining oldiga bostirib borsammikan?

Birinchi O’smir. Bizni o’yinga solib, o’zing esingni yeb qo’ydingmi, Haydarbek? Nimalar deyapsan?

Haydarbek. Esim joyida! U kishi avliyo bo’lsa, men payg’ambarmen. Senlar ishondinglar-ku, hazratni ham ishontiraman.

Ikkinchi O’smir. Amir Alisher qayoqda-yu, biz qayoqda? Qaltis ishni o’ylama! Qaltis hazillashma ham!

Haydarbek. Hazil harom. Hazratning oldiga borib, bir oz yolg’on-yashiq gapirib aldayman. Keyin, ochiq savdoga o’taman. Siz dono odamsiz, tushuning, yangi din, yangi payg’ambar kerak, men shu payg’ambar bo’lib keldim, deyman. Bir payt otamni qo’llag’onsiz, meni ham qo’llab yuboring, deyman. Husayn Boyqaro do’stingiz, lekin mamlakatni boshqarolmayapti, farzandlari ham boshqarolmaydi, men boshqarishim kerak, deyman.

Birinchi O’smir. U kishi xuddi shuni kutib o’tiribdi!

Haydarbek. Menga birinchi iymon keltiring, odamlarning har xil dinga kirg’oni noto’g’ri, dunyoda ozgina odam qolib, hamma bir yoqqa qarab borishi kerak, deyman. Shuning uchun menga bu adashib-tentirab yurg’onlarning joni va moli halol qilib berilg’on… Siz erkinlik kuychisi. Ikkimiz birlashaylik, deyman.

Ikkinchi O’smir. Amir Alisher shunchalik go’lmidi, sening og’zingga qaraydurg’on?

Haydarbek. Qarataman. (Pastak deraza oldiga kelib, ko’chaga ko’z tashlaydi.) Kun yorishayapti. Senlar shu yerda kutib o’tiringlar, men bir oz ko’cha aylanib, ana, ko’rasizlar, bemalol gaplashib kelaman.

Uchinchi O’smir. Bormaysan! Sen borib bizni sotmoqchisan!

Haydarbek. Senlarning nimangni sotadi? O’zlaring sotilg’onsanlar! (Qo’ynidan pichoq chiqarib.) Yo’limni to’sma!

Birinchi O’smir. Sening gapingga kirg’on biz ahmoq… Do’ppi tor kelayotganini bilib, endi o’z joningni qutqarishni o’ylayapsan. Nomard!
(Ular ham qo’yinlaridan pichoq chiqarishadi. Haydarbek maymundek sakrab, ulardan birini chaladi, birini tepadi, uchinchisining ko’ksiga pichoq sanchadi. Qattiq olishib, qolgan ikki o’smirni ham pichoqlaydi.

Keyin, shoshmay nimalarnidir bir tugunchaga yig’adi. Fonusni o’chiradi. U yon-bu yon qarab, boyagi bosh chanog’ini fonusning ustiga qo’ndirganicha, xonadan chiqib ketadi.)

O’n ikkinchi holat

Hirot madrasalaridan biridagi keng-mo’l hujra to’rida Amir Alisher qog’oz qoralab o’tiribdi. U yon tomondagi o’yiq ravoqlardan biriga o’ychan tikiladi va harir parda ortida shu asno yana Nozanin ko’rinadi.

ALISHER.
Nazarga qaysi tarafdinki, bir g’ubor kelur,
Ko’zum yorur – bu tamanno bilaki, yor kelur.
Chu ko’chadin qulog’im «dubdur»ni eshitsa, ko’ngul
Dukullar, o’ylaki, ul nozanin-suvor kelur.
Boqar yana sari-ko’rmasqa solibon ul sho’x,
Qoshida – qaysaridinkim, bu beqaror kelur.
Qochinglar, ahli salomatki, kofiri masti –
Chiqorg’ali xirad-u, sabrdin dimor, kelur.
Ko’rub, bo’lurlar oshufta ro’zg’or ahli,
Qayu tarafki, bu oshufta-ro’zg’or kelur.
Bukim, biri-biri keyincha bordilar ahbob,
A’zolarig’a sirishkim tuzub, qator kelur.
Navoiy-yo, qalaming javri-bahr yo’limidur,
Ki, turmayin ichidin durri shohvor kelur…

Nozanin. Yor kelur…

Ul nozanin-suvor kelur…

(parda ortidan chiqib)
Men keldim! Badkorlar daf bo’lib, begunohlar o’z tirikchiligini davom ettirg’oni uchun Sizga tasanno. Toliqibsiz! Lekin azob bilan, mashaqqat bilan haqiqat va adolatni qaror topdirdingiz.

Alisher. Bu – eng avval, Sulton Husayn Boyqaro hazratlarining himmati, zakovati.

Nozanin. Balki, shundoqdir? Men bilmaymen.. Siz oldin ham necha bora «qozi»lik qilg’onsiz. Birovlarning mushkulini oson qilish, yoshlarning boshini qovushtirish! Odamlar rivoyatlar to’qub yuradilar. Ammo bu galgi hakamlik… Uch kun ichida har kuni necha o’nlab kishini tergash o’zi bo’lmaydi!

Alisher. Men unday deb o’ylamayman. Saltanatga, yurtga, elga xizmat qilish bizning vazifamiz. Men uchun dunyoda yurt tinchligi, elning osoyishta, baxtli hayot kechirishidan muhim va aziz narsa yo’q!

Nozanin. Siz qo’lga oling’on, jazo berilishini kutayotg’on mahbuslarni bir-birdan, navbat bilan hujraga chorlab tergaganingizni eshitdim. Gunohi bo’lmay tuhmatga qolg’onlarni qutqarganingiz, gumrohlik qilib adashg’onlardan bir qismini mardikorlikka yuborib, bir qismini tarbiya uchun qarindosh-urug’lari qo’liga topshirganingizni ham bilamen. Gunoh qilmoqqa ulgurmag’onlardan yana bir qismni turli ustalardan hunar o’rganishga jo’natg’oningizni ham odamlar gapirib yuribdi. Gunoh qilg’on va ashaddiy buzg’unchilarni jazoni belgilash uchun mirshablar orqali qozikalonning o’zlariga yuborganingizni ham aytishdi. Bu gaplardan nafaqat men, Hirotda hamma xabardor…Tag’in ne ish qolg’on ekan?

Alisher. Ana-mana, ko’rursen…
(Hujraga ikki mirshab kiradi. Nozanin parda ortiga chekinadi.)

Birinchi Mirshab. Ulug’ Amir! Qo’lga oling’on, tergash lozim bo’lg’onlardan hech kim qolmadi. Faqat, hovlida uch-to’rt kishi qabulingizni istab o’tiribdi.

Alisher. Kimlar ekan?

Ikkinchi Mirshab. Ularning bizga daxli yo’q! Bir masjid ahli bilan, mullavachchaga o’xshagan muloyim, odobli bir yigit.

Birinchi Mirshab. Biz mahkamaga qaytib ketaveraylikmu? Bizga ruxsatmu? Agar muhim bir xizmat bo’lmasa…

Alisher. Shoshmanglar! Xizmat bor… Mulozim qayerda?

Ikkinchi Mirshab. U ham hovlida…

Alisher. Mulozim eshik oldida tursun. Masjid ahli kirsun. Sizlar yigit bilan gaplashib o’tiringlar. Ketib qolmasun. Aytganimda kiritasenlar.
(Mirshablar chiqib ketishadi. Eshik oldida mulozim paydo bo’ladi. Ichkariga katta ko’chada joylashgan masjid muazzini va uch some’ kirib kelishadi.)
Muazzin Va Some’lar. Assalomu alayko’m va rahmatullohu va barakotuhu.

Alisher. Va alayko’m assalom. Marhabo!
(Kelganlar o’tib o’tirishadi.)

Muazzin. Janob Amir! Biz bilan so’zlashmaysiz, deb qo’rqqan edik.

Alisher. Nega?

Birinchi Some’. Sizning dindorlar, mullalar, hatto shayxlar to’g’risida ba’zan qattiq yozg’oningiz ma’lum. Zohidlarni xush ko’rmaysiz…

Alisher. Men Tangri taolo yaratg’on barcha tirik jonni xush ko’ramen. Ammo din va jaholat, ma’rifat va xurofot bir emas. Ba’zi mullalar masjidda o’zini shundoq kibr-havo bilan tutadiki, go’yo uning o’zi ayni shu soatda to’g’ri Xudoning oldidan yerga tushg’ondek. Bu kam, dunyoda yashag’ondan ko’ra hoziroq o’lib qo’yaqolg’on ma’quldek ko’yda va’z aytadi. Biz tiriklarga, rahravg’a, fano – baqo ekanligini, foniy dunyo boqiy dunyoning yo’lagi ekanligini yoki tushunmaydi, yoki tushunmaganga oladi.

Ikkinchi Some’. Xokisor, aqlli mullalar ham ko’p.

Alisher. Ko’p! Shundoq bo’lsa-da, birgina zohidning o’zini jannat eshigida turg’ondek, barchani kofir deb do’zaxga haydayotg’ondek tutg’oni oxirati obodonligini o’ylab, foniy dunyoga ko’rk berayotg’on kishilarning ko’ngliga ozor yetkizadi. Bu mayli, suyagi qotmag’on norasidalar-yoshlarni dindan ham, dunyodan ham bezdiradi. Egri yo’llarga surib yuboradi. Ularning fikrini buzadi… Endi sizlar ozgina sabr qilinglar. (U hujraning ikkinchi tomonidagi harir parda tortilgan o’yiq ravoqni ko’rsatadi.) Mana, bu yoqda ovoz chiqarmay turinglar. (Ular parda ortiga o’tishadi. Alisher mulozimga murojaat qiladi.) Hovlidagi yigit kirsun..
(Hujraga Haydarbek kiradi.)

Haydarbek. Assalomu alayko’m va rahmatullohu va barakotuhu.

Alisher. Salomga alik olmaslik gunoh. Va alayko’m. Kel!

Haydarbek. Siz meni tanimaysiz. Shuning uchun hali tanishmay turib har narsani gumon qilayapsiz! Amir Jahongir barlosni eslaysizmu, men o’sha odamning o’g’liman.

Alisher. Bilamen. Sen Haydarbeksan!

Haydarbek. (asabiylanib). Yigitlardan birovi majbur bo’lib sizga mening ismimni aytib qo’ydimu? Meni sotdimu?

Alisher. Yo’q. Birontasi og’iz ham ochg’oni yo’q. Lekin xalq nodon emas. Sening isming allaqachon ayon bo’lg’on edi… Sening qilg’on vahshiyliklaring ko’rinar, o’zing panada eding. Shundoq pardalang’on edingki, odamlar yaqin bormoqqa qo’rqqanlar.

Haydarbek. U sizga qayerdan oshkor bo’ldi?

Alisher. Aytamen. Gunohkorlardan rost so’zlashni talab qilg’onimda, yolg’on emas, rost so’zlag’onlardan ham hech biri maqsadga yaqin bormadi. Shunda, men ulardan, yolg’iz yigitga o’xshaysan, hech kiming yo’qmi, deb so’rag’ondek bo’ldim. Ular kimi bo’lsa, aytdi. Do’st-birodaring-chi, deb so’radim. Bir-ikkisi o’z tengi-to’shini sanayotg’onida, aftidan beixtiyor, sening isming og’zidan chiqib, rangi oqarib ketdi. Men bu, sen ekanligingni payqadim.

Haydarbek. Siz meni oldin ko’rmag’onsiz. Hozir bu men ekanimni qayoqdan bildingiz?

Alisher. Sen masjid ahliga qo’shulib, o’zingni muloyim, odobli mullavachchadek tutg’oning-u, eshikdan kirasolib mullalardek salom berg’oningdan bildim.

Haydarbek. Men o’zim mullavachchamen.

Alisher. Bilamen. Sen madrasada o’qug’onsen. Katta ko’chadagi masjidga ham borib turg’onsen. Seni tanib qolg’oni uchun, imomni urub, majruh holga solg’onsen.

Haydarbek. Nega kelganimni ham bilasizmu?

Alisher. Bilamen. Sen meni aldab-avrayman, deb kelding.

Haydarbek. Meni kutmaganmidingiz?

Alisher. Nega? Kutayotg’on edim. Jinoyatchi baribir, o’zi jinoyat qilg’on yerlar atrofida aylanadi.

Haydarbek. (o’ylanib). Hazrat Amir! Siz yer ostida ilon qimirlasa, bilar ekansiz. Sizdan gap yoshurib bo’lmas ekan. Mayli, dardimni sizga dasturxon qilamen… Siz vaqtida otamga mehribonlik ko’rsatgansiz. Uni o’ldirishdi. Olomon urib-tepib, yulib-yulqib sazoyi qilib o’ldirdi. Endi otam Amir Jahongir barlos yo’q. Lekin olomonning johilligi, yovuzligi-yu, sizning dadamni qo’llag’oningiz, bag’rikeng, shafqatli inson ekanligingiz mening xotiramda qolg’on. Shuning uchun o’z oyog’im bilan oldingizga keldim.

Alisher. Amir Jahongirning ham, – yovuzligi, vahshiyligi bu darajaga bormag’on bo’lsa-da, – buzuq ishi ko’p edi. Uning uchun odamlarni qiynash, toptash pashsha qo’rishday gap edi. Bir kuni oldimga kelib yig’ladi, tuzalaman, dedi. Men unga achinib, tarbiya topishini umid qilib, keyin umrim davomida bir marta Sulton Husayndan tanbeh olg’onmen.

Haydarbek. Otam sizning yuzingizni yerga qaratg’on, albatta. Xudo kechirsin, u nodon, johil kishi edi. Gunoh qilishdan qo’rqmasdi.

Alisher. Astag’furulloh! Odamlarga shuncha zulm o’tkazib, bedodlik qilib, sen dono, aqlli, yana gunoh qilishdan qo’rqar ekansenmu?

Haydarbek. Hamma narsa maqsadga bog’liq. Men «Oriylar» degan jamoa tuzg’on edim. Siz ulug’ insonsiz, tushunasiz. Dunyoning yarmi past tabaqa, gunohga botg’on, yerda qurt-qumursqadek sudralg’on kishilar. Qadimdan hozirgacha butun tarix davomida sizdek mutafakkir insonlar odam o’zgarsin, tuzalsin, oliy bir daraja kasb etsin, deb harakat qilib kelg’onlar. Shundoq emasmi? Lekin odamlar kam o’zgardi! Men shu harakatni tezlashtirishga urundim. Men yangi din yaratg’on prayg’ambarmen. Dunyoda odamlar yagona e’tiqod tutg’on, yagona oliy irq bo’lishi, Xudoni tanig’on Odam darajasiga yetishini orzu qildim.

Alisher. Telba! Odamga jon ato etish ham, uning jonini olish ham sen emas, Yolg’iz Tangri taoloning ishi! Birovni begunoh, birovni osiyga ajratish, birovga yuksak masnad berib, birovni pastga tushirish ham Xudodan! Sen oyoq ostidagi bir chumolining yo’lini o’zgartishga qodir emassen! Olimmi, shoirmi, ulamomi – mutafakkirning vazifasi ziddiyatli dunyoda faqat mutanosiblik, mezon saqlanib turishiga xizmat qilishdan iborat. Dunyoni tuzataman, deb odamlarni qirish, qatag’on qilish – jallodlikdir. Parda tortg’on bilan yopilmaydurg’on jinoyatdir… O’g’urlik qilib yurg’oning-chi?

Haydarbek. O’g’rilik yomon. Lekin jamoaga mablag’ kerak edi. To’g’ri, boshqa yerlardan ham tarafdorlarim menga yordam berg’onlar, o’zim baribir ko’proq kuch yig’ishga majbur edim.

Alisher. Tarafdorlar? Yurtni ichdan buzmoq istag’on, turkiy el-ulus ahil bo’lishi, bir yoqadan bosh chiqarishiga doim raxna solg’on dushmanlar! Sening barcha aytg’oning ham ularning so’zi…

Haydarbek. Mening o’z e’tiqodim shu! Buni sizdek ulug’ kishi ham jon-vujudimdan chiqartirolmas! Yoshlikdan shu yo’lni tutg’onmen. Men nasihat eshitmoqqa kelg’onim ham yo’q… Tushunib turibmen, siz menga fikrdosh bo’lolmaysiz! Faqat, bilmoqchimen. Ana, yoningizdamen, siz meni o’limga hukm qilasizmu?

Alisher. Biror yoqqa nega qochmading? Seni hech kim tanimas edi. Tutmas ham edi.

Haydarbek. Qochardim. Ayrim nomardlar…

Alisher. Ularga endi sen kerak emassen… Sening mulking – odamlarga nafrat, mening mulkim – muhabbat. Sen o’g’ri, kallakesarsen. Buning ustiga, muqaddas dinimizga malomat keltirib kufr va isyon yo’liga kirgansen! Buzg’unchisen! Yovuz jamoa tuzg’onsen! Lekin birovga jazo berish mening vazifam emas! Men nafaqat inson, biron tirik jonga ozor yetishini istamasmen. Eng yomon, eng tuban bir maxluqotning o’limi ham mening ko’zlarimga yosh keltiradi…

Haydarbek. Rahmat, hazrat Amir… Men endi yomon ishlarimni tashlayman. Tinch yuraman! Tushundim. Faqat, siz menga yordam bering.

Alisher. Bir kunlar otang ham shunday degan edi…

Haydarbek. Otam uchun ham… Meni qutqaring. O’ldirishmasin! Ayting, bir payt otamga achinganingizdek, hozir menga ham rostdan achinasizmu?
(Shu payt toqati tugab, bir yon parda ortidan Nozanin, ikkinchi yon parda ortidan muazzin va some’lar otilib chiqishadi)
Nozanin. Amir Alisher achinganda ham, men achinmasmen. Sen bir bola tug’ilishi qanchalik azob ekanligini bilasanmu? Keksalar ko’zida g’iltillagan yosh nima ekanligini tushunasanmu?

Some’lar. Amir Alisher achinganda ham, biz achinmaymiz.

Muazzin. Bizning masjidimiz bozor yaqini, gavjum joyda. Ammo sening kasringga odam kelmay qo’yg’on edi. Yaratg’onga shukronalar bo’lsinkim, bu kun bomdod namozidan masjid to’ldi.
(Bexosdan Sulton Husayn Boyqaro, Majididdin Muhammad, saroyga doxil kishilar, Sulton Badiuzzamon va Shijuddin Zunnun hujraga kirib kelishadi. Eshik oldida turgan mulozim bilan ikki mirshab ham ichkari kirishadi.)
Boyqaro. Amir Alisher achinganda ham, men achinmasmen. Saltanatda shafqat bo’lmaydi. Sen buzg’unchilik qilib, shuncha odam o’ldurub,shuncha xonadon yostig’ini qurutdingki, bu gunohlarning yuzdan biri bo’lg’onda ham, seni dor kutar edi! Jallod…

(Haydarbek tuyqusdan qo’ynidan pichoq chiqaradi.)
Haydarbek. Bittang yaqinlashma! Gadomi, shohmi qarab o’tirmayman, chavoqlab tashlayman… O’rtadan yo’l ochasanlar, chiqib ketaman, tamom! (Boyqaroga) Janob Sulton, meni turg’on-bitg’on qotil, deyapsiz. To’g’ri! Siz-chi! Mana, bu o’g’lingiz-u, dunyo talashg’on boshqa farzandlaringiz? Biri-biring bilan dushmanlik qilib, urushib, odam o’ldurg’on, o’ldurturg’on emasmisanlar? Senlarga ruxsat berilg’on, menga ruxsat yo’qmu? Xudo oldida men osiy bo’lsam, senlar ham osiy… Yana besh-o’n kishi qirilmasin, desanglar, yo’lni bo’shat!

Alisher. Haydarbek! Bu dunyo-u dunyo har kimning qilg’on gunohi uchun javob bor. Jazodan qochib bo’lmaydi. Seni kechirish qiyin. Men senga achinaman, sen ham odam bolasisen. Yordam berishni ham istayman. Lekin yordam berolmayman…
(U Haydarbekka jur’at bilan, shuning barobarida osoyishta yaqinlashib, qo’lidagi pichoqni oladi, mulozimga topshiradi. Mirshablar yugurib kelib, Haydarbekning qo’llarini bog’laydilar, uni olib chiqib ketadilar.)
ABDULXAY (Alisherning yoniga kelib). Bir dori yasayapman. Barcha dardga davo bo’ladurg’on. Ertaga kelturaman.

Alisher. Barcha dardga davo, deysizmu?

Boyqaro. Abdulxay tabib aytdimu, ishonmoq kerak.
(Hammalari, ular orasida Nozanin ham chiqib ketishadi. Yolg’iz Alisher qoladi.)

ALISHER.
Har nafas dunyo ishi, charxning jafosi o’zgadir,
Osmon yulduzlarin dog’i balosi o’zgadir.
Kecha-kunduz jomasi yo timqaro yo ko’k magar,
Tun azobi boshqa-yu, kunduz azobi o’zgadir.
Bil, bu bog’ning gullari motamzada, sadporadir,
O’rtanurda har birin kiygan qabosi o’zgadir.
Ahli dil garchi muqaddas bog’ sori mayl etsalar,
Bunda ma’no bor. Uning obu-havosi o’zgadir…

(U hujrada o’ychan nari-beri yurayotib, to’xtaydi. Ayni soniyada hujra to’ridagi ravoqda maydon ko’rinadi. Alisher boshini ko’tarib qarab, tiklangan dorda chayqalgan Haydarbekning jasadini ko’radi.)
Haqiqat va adolatning bahosi bunchalar qimmat!
(Ravoqdan uzoqlashib, titrab ketadi. G’amgin qunishib, yuzi, ko’zlariga kaftlarini bosadi. Nozanin qaytib kiradi.)
Nozanin. Shu bilan, bor bedodlik bitdimu?

Alisher. Ilohim, bitgan bo’lsun… (ko’kka iltijo qilib) Yo Parvardigor! Mening qavmimga va barchaga dunyoda tinch-osoyishta, baxt-saodatli yashashni buyurgin…

PARDA

 

025

(Tashriflar: umumiy 879, bugungi 1)

Izoh qoldiring