Amirqul Po’lkan. Uch xalq dostoni haqida qaydlar.

003     1927 йилда фольклоршунос олим Ҳоди Зарифов «Ҳалқ шоири Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пўлкан » номланган мақоласида достончининг ҳаёт йўли, устозлари ва бахши репертуари ҳақидаги қимматли маълумотларни билдиради. Пўлкан шоир ижодини яқиндан ўрганган унинг набираси истеъдодли шоир Амирқул Пўлкан ҳам бобоси репертуарида мавжуд айрим достонлар борасида мухтасар қайдлар ёзиб қолдирган.

 

Амирқул Пўлкан
УЧ ХАЛҚ ДОСТОНИ ҲАҚИДА

032

067“Гўрўғли” достони ҳақида

Пўлкан шоирдан ёзиб олинган анъанавий халқ достонларидаги асосий мотивлар ва образлар “Гўрўғли” достонларининг ғоявий эстетик ва бадиий хусусиятлари

Маълумки, ўзбек халқ оғзаки бадиий ижодиётидаги эпик асар қадим замонлардаёқ “достон” деб атала бошланган ва хозир ҳам шу ном билан аталади. Чунончи, достон ички қурилиши мураккаб серқирра санъат намунаси бўлишига қарамай, халқ оғзаки бадиий ижодиётининг энг ривожланган, равнақ топган адабий жанрларидан бири ҳисобланади. Достон ўзининг бадиий матни билангина эмас, балки маълум тизимга эга бўлган мусиқаси индвидуал ижодкор ёки бахшининг дўмбира ёҳуд қўбиз чала билиш маҳорати, қуввайи ҳофизаси, ижрочилик маҳорати билан ҳаёт. Мана шу шартларининг барчаси мавжуд бўлиб, айтувчи шунга амал қилгандагина том маънодаги эпик асар достон бунёд бўлади.

“Достон дастлаб халқ оғзаки ижодида вужудга келган. Халқнинг қаҳрамонона курашлари, қаҳрамонлик достонларининг пайдо бўлишига сабаб бўлган. “Алпомиш”, “Гўрўғли” каби халқ достонларида хаёлий ишқий тасвирнинг кучли бўлишига қарамай, уларнинг асосини халқ ҳаёти ва кураши унинг орзу армонлари ташкил этади. Халққа хос инсонпарварлик, ватанпарварлик, қаҳрамонлик мардлик инсонга,меҳнатга муҳаббат дўстлик ва садоқат каби олийжаноб фазилатлар халқ достонларидаги қаҳрамонлар образида мужассамлашган.

Пўлкан шоир ижро этган достонлар халқ оғзаки асарларининг, хусусан эпоснинг оғзакилик,оммавийлик, вариантлилик анонимлик ва анъанавийлик сингари асосий белгиларини назарий жиҳатдан чуқурроқ текшириш учун бой матерал беради. Биз буни шоир репертуаридаги “Гўрўғли” туркуми достонлари мисолида айниқса яққол кўришимиз мумкин. Алалхусус бу достонлар ижодкор репертуарининг ғояат бой ва ранг-баранглигидан гувоҳлик бериши билан бир қаторда ижодкор таланти ва бадиий маҳорати достонларнинг ғоявий эстетик ва бадиий хусусиятларини, асосий мотивлар ва образлар таҳлилини ўрганиш ҳамда баҳолашда муҳим манбалардан бири бўлиб қолади. Биз қуйида шоир репертуаридан кенг ўрин олган “Гўрўғли” туркуми достонлари хусусида фикр юритмоқчимиз.

Пўлкан шоир тилидан ёзиб олинган “Гўрўғлининг туғилиши” достони мазкур достонлар туркумини бошлаб берувчи халқчил ғоявий бадиий жиҳатдан юксак асар бўлиб, бошқа бахшилар репертуаридаги Гўрўғлининг туғилиши ва ёшлиги ҳақидаги асарлардан мукаммаллиги билан воқеаларнинг шиддатли ривожи келишмовчиликнинг кескинлиги билан ажралиб туради.

Достонда эпик баҳодир Гўрўғлининг туғилиши тўғрисидаги қўш мотивнинг ёнма ён ишланганлигини кўрамиз. Бу мотивнинг бири ғайри-табиий ҳолатда гўрда туғилиши бўлса, иккинчи мотив унинг отасининг ҳақиқаттан ҳам кўр бўлганлиги билан боғлиқдир. Шуни айтиш керакки, бошқа достончилар вариантида бу мотивнинг фақат биттаси у ҳам бўлса Гўрўғлининг гўрда туғилиши мотивигина учрайди, холос. “Гўрўғлининг туғилиши” достонининг бир неча вариантлари бўлиб, уларда умуман Гўрўғлининг отаси бўлмаган, деган ғоя илгари суриладики, бу шубҳасиз достоннинг халқчилигига ғоясига путур етказади. Бу типдаги достонларда Гўрўғли ижтимоий келиб чиқиши, насл-насаби, она ватани, ҳақидаги маълумотлар учрамайди.

“Гўрўғлининг туғилиши” достони Фозил Йўлдош ўғли, Ислом шоир, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Қашқадарё ва Сурҳандарёлик бахшилар Юсуф Ўтаган ўғли, Эшмурод Шердана ўғли, Тошмурод шоир, Тоғай Меҳмон ўғли сингари бир қатор халқ ижодкорларидан ҳам ёзиб олинганки, бу бахшилар вариантида юқорида айтганимиздек Гўрўғлининг туғилишига оид биргина мотив қаҳрамоннинг гўрда туғилиши мотивигина ишланган холос.

“Гўрўғли” достонлари жанр хусусиятларига кўра кўпроқ қаҳрамонлик достонлари бўлиб, халқлар орасида энг кўп тарқалган асарлар сирасига киради. Ушбу достон Ўзбек,Озарбайжон,Арман,Курд,Грузин,Туркман,Тожик миллий версиялари бир-биридан катта фарқ қилган ҳолда, ҳар бир халқ достонида шу миллатнинг миллий анъаналари,урф одатлари, орзу умидлари, ижтимоий сиёсий қарашлари ўз ифодасини топгандир.

Биз Пўлкан шоирдан ёзиб олинган “Гўрўғлининг туғилиши” достонининг ғоявий-сиёсий, бадиий хусусиятлари унда ишлаган образлар ва мотивлар тўғрисида фикр юритар эканмиз, энг аввало бу достоннинг бошқа миллий версиялари билан ҳам танишишимиз мақсадга мувофиқдир. Бу достонлар энг аввало сюжет қурилиши, мотивларнинг ишланиши (бирида учрайдиган ҳолат иккинчисида учрамайди) образлар талқини жиҳатидан кескин фарқланадилар. Масалан, Озарбайжон “Кўрўғли” миллий версиясида “Али киши”, “Кўрўғли ва Дэли Тасан”,”Демирчи ўғлининг Чеплибелга келиши”, “Кўрўғлининг Боязид сафари”, “Маҳбубхонимнинг Чеплибелга келиши”, “Хасан подшонинг Чеплибелга юриши”,”Кўрўғлининг кексалиги” қатори достонлар мавжуддир. Бу асарларнинг сюжет линияси Али Кишининг кўр қилиниши, фарзанди Равшанни тарбиялаши, Равшанни Амударё сувидан чиққан биядан пайдо бўлган тойни боқиб катта қилиши, Нигорахонимга уйланиши, Авазни фарзандликка қабул қилиниши, босқинчилар ва маҳаллий золимларга қарши кураши, Киротнинг ўғирланиши ва уни топиб Чеплибелга олиб келиниши каби воқеалар тасвиридан иборатдир. Лекин достоннинг арман миллий версияси ўзбек “Гўрўғли” достонларига кўпроқ яқин туради.Унда Равшаннинг болалиги ва ёшлик йиллари, отаси Мирза Саррофнинг Ассанхон томонидан кўр қилиниши, Ҳиротга (Ғирот)га эга бўлиши, кўп мамлакатларга сафар қилиб, ҳамиша ғалаба қозониши, Шамлибел (Чамбил)ни душманлардан ҳимоя қилиши, узоқ юртлардан ўзи ва йигитлари (уларда қирқ йигит образи йўқ) учун ёр олиб келиши тасвирланади.

Фольклоршунос Малик Муродовнинг “Гўрўғли достонларининг миллий версиялари”га бағишланган докторлик ишида ёзишича “Гўрўғли эпоси” Грузия фольклорида ҳам мавжуд бўлиб, академик Н.Я.Марр 1911 йилда унинг ўнбир қўшиғи ёзиб олиб эълон қилган. Достоннинг биринчи ва иккинчи қўшиғида афсонавий қирот ва унинг Кўрўғлининг мақсадга етишувида ўйнаган роли, Авазнинг ўғил қилиб олиниши ҳикоя қилинса, учинчи ва тўртинчи қўшиғида Гўрўғлининг Қироти билан Гассан подшога қарши курашлар тасвирланади. Бешинчи қўшиқда фақат Айвазнинг ҳусн камоли тасвирланади, унинг гўзаллиги мадҳ этилади. Олтинчи қўшиқда Турк подшо қизи Пари билан Кўрўғли ўртасидаги муносабатлар акс этган. Саккизинчи қўшиқда эса “Гўрўғли” ва “Кўрўғли” эпосининг барча миллий версияларида учрайдиган “Сиз бир ёқдан, биз бир ёқдан мисраси радиф бўлиб келади. Тўққизинчи қўшиқ Кўрўғлининг панд насиҳатларидан иборат бўлиб, баҳодир ўз сафдошларидан жасур бўлишни, қўрқоқларнинг боплаб таъзирини беришни талаб қилади. Ўнинчи қўшиқ эса йигитларни вақт чоғлиқ билан яшашга,сахий,ростгўй бўлишга чақиради.Ўнбиринчи қўшиқда қартайган ва кучдан қолган Кўрўғлининг хасталиги айтилиб, унинг ҳаётининг сўнгги дақиқалари ва вафоти тасвирланади. Юқорида келтирилган далиллардан маълум бўлаяптики, ўзбек Гўрўғлиси, хусусан Пўлкан шоир репертуаридаги “Гўрўғли” туркуми достонлари бошқа версиялардан бутунлай фарқ қилиши билан бир қаторда ғоявий бадиий жиҳатдан ҳам анча юксакдир.

Пўлкан шиор вариантида Гўрўғлининг туғилиши билан боғлиқ бўлган масалалар атрофлича пухта достончилик анъаналари асосида муваффақиятли ҳал этилган.Достоннинг бош қисмидаёқ Ёвмит,Мари, Така -туркман, Заргар мамлакатларининг подшоларининг номлари, уларнинг фарзандларининг исмлари тилга олинади ва туғилажак қаҳрамоннинг подшозодалар авлодига мансуб эканлиги тўғрисида хабар берилади. Шунингдек Гўрўғлининг отаси Равшанни асрга тушиб кетиши ва уни камбағал чўпон қўлида тарбия топиши қаҳрамонни жуда халққа яқинлаштиради ва у бора-бора ана шу халқнинг идеал қаҳрамонига айланади.

Биз достоннинг бош қисмидаёқ Ёвмит подшоси Одилхоннинг – Урайхон, Аҳмадбек деган икки ўғли, Биби Ойша исмли қизи билан Мари юртининг подшоси Қовуштихоннинг ўғли Тўлибой синчи ва Така -туркманнинг беги Жиғалихоннинг Гаждумбек исмли ўғли, Биби Ҳилол исмли қизи ҳақида маълумот оламиз. Достонда айтилишича, Қовутишхон Ёвмитлик бозорчиларни талагач, Одилхон уни тўпга солдириб оттириб юборади ва унинг ёлғиз ўғли Тўлибойни ўз саройига олиб келтиради, кейинчалик қизи Биби Ойшани унга никоҳлаб беради.Биби Ойшадан бир ўғил туғилади, унинг отини Равшан деб қўядилар. Заргар юртининг подшоси Шоҳдорхоннинг Ёвмитга босқинчилик мақсадларида қилган юриши натижасида Тўлибойнинг ўғли Равшан, Жиғалихоннинг фарзандлари Гаждумбек ва Биби Ҳилолларни ўйнаб юрган жойидан ёв яширинча банди қилиб Заргарга олиб кетади. Шоҳдорхон Гаждумбекка ихлос қўяди, унга саройдан ясовулбошилик лавозимини беради. Равшанни эса заргарлик Хамза деган киши (Ушбу образ”Гўрўғли” достонларининг бошқа миллий версияларда салбий образ сифатида ифодаланади)тарбия қилади.

Биби Ҳилолда аёлларга хос гўзаллик, нафосат ва ақл идроклик, меҳр-вафо, ватанпарварлик туйғулари ёшлигиданоқ шакллана борди. У “Ўн тўрт кунлик ойдай тўлган, ҳусни ўзига ярашган, кўрганларнинг ақли шошган, қоши қаламдай, қийилган ёйдай, лаблари мойдай, эртан чой, оқшом палов, муҳрлаб қўйган қоғоздай, қоп-қоронғу уйда ётса, уй ёп-ёруғ бўлиб кетади”ган ҳусни жамолда тенги йўқ бир қиз бўлиб вояга етади. Кейинчалик биз мана шу гўзал қиз тимсолида мард ва жасур аёл, ўз ёрига вафодор, ватанига муҳаббати чексиз, меҳрибон ва мушфиқ она образини кўрамиз. Достонда Биби Ҳилол фаол ҳаракат қилади. Ҳатто ҳийла ишлатиб Равшанни ” сотиб олишга” ҳам эришади. Равшан ва Биби Ҳилол билан боғлиқ воқеалари Шоҳдорхоннинг туши заминида ровожлана боради.

Равшан достонда ҳақиқий ватанпарвар, узоқ вақт мусофирчиликда юриб қалби озор чеккан, ёр висолидан кўра юрт муҳаббатини устун қўйувчи, адолат ва хақиқат учун курашувчи инсон сифатида намоён бўлади. У Биби Ҳилол билан илк учрашувидаёқ ўз қалбида ватанга муҳаббат ҳиссининг ҳар қандай туйғудан устун эканлигини изҳор этади ва банди бўлиб Заргарга келган чоғларини эслаб:

Ажал етиб шу вақтларда ўлмадим,
Ёвмит элнинг қадрини ҳеч билмадим, —

деб афсус-надомат чекади.

Достонда Равшаннинг синчилик хусусиятлари ғоя ҳаётий воқеалар заминида усталик билан очиб берилган. У ҳақиқатни очлик айтишдан, Заргар мамлакатининг подшоси Шоҳдорхонга тик гапиришдан қўрқмайди. Равшан холвочининг отини тулпор деб, яъни “сағрисиман баробардир биқини, қаҳрланса тортар норнинг юкини” деб мақтайди. Бундан астойидил қаҳрланган Шоҳдорхон Равшаннинг кўзини ўйдириб олади. Равшан бу хунрезлик эвазига ундан фақат шу ҳолвочининг отини тилайди холос. У қайин акаси Гаждумбекни акаси билан отни боқиб, ўз мамлкатига кетиш учун тараддуд кўради. Равшан Ёвмитга кетар олдидан Шоҳдорхонга учрашиб, ўзининг мардлик ва жасоратини яна бир бор намойиш этади:

Оғайнилар, Шоҳдорхоним,
Олдингдан ўтгани келдим.
Биринг катта, биринг киччи,
Ёвмитга кетгани келдим!-дейди.

Достонда ижобий образлар силсиласидан ўрин олган яна бир образ – Гўрўғлининг иккинчи халоскори (Хизр ва Чилтонлардан кейин), Гаждумбекнинг собиқ чўпон Рустам образидир. Рустам уч йилдан сўнг ғайри -табиий ҳолатда гўрда туғилишидан хабар топади ва уни Биби Ҳилолнинг гўридан олиб келиб, ўз ўғлидай кўриб тарбиялайди, саводини чиқартиради, ота ўрнида оталик қилади. Рустам образида мардлик, тўғри сўзлилик, эзгуликка яхшилик билан жавоб бериш каби олийжаноб хусусиятлар мужассамлашган.

Рустам Гўрўғлининг гўрда туғилиши каби ғайри -табиий ҳолатни ҳаётий хақиқатга яқинлаштиради уни атрофлича кенг чуқур изоҳлаш учун мустаҳкам замин яратишда муҳим роль ўйнайди. Достончи бу ҳолатни Гўрўғли билан Рустамнинг топишувини ва уч йил мобайнида Хизр кўмагида ҳаёт кечиришини, чўпон -чўлиқлар соддалигини қуйидагича изоҳлайди.

“Рустамбек ҳар куни йилқичиликларига нон олиб келиб берар эди. Бугун ҳам йилқичиларига нон олиб келди. Келса, йилқичиларидан бир нечаси йўқ. Қолганидан:  Йилқичилар қани,- деб сўради. Улар айтди:

-Улкан бир бия ҳар куни мозорга қараб кетар эди. Гўристонга бориб байтални бир арвоҳнинг эмганини кўрибди. Шуйтиб уларни арвоҳ урибди. Мана шу турган йилқичи қўрқиб қочиб келди. Бу ҳам қўрқиб, юраги ёрилгудай бўлиб ётибди,- дейди. Буни эшитиб, Рустамбекнинг юраги жиз этди. Рустам бориб ҳалиги юраги ёрилиб кетгандай бўлиб ётган йилқичиларни гапга солди:
-Нима кўрдинглар? – деди.

Йилқичилар:  Бизлар яп-ялонғочбирарвоҳникўрдик. Ўзи ёш баччага ўхшайди, деди. “Эс берганга даст берар, даст берганга эс берар” дегандай Рустамбек мозористонда бир гўрнинг олдига бориб айтди : “Биби Ҳилол синглимнинг қорнида боласи бор эди. Шу туғиб, бола шундан бўлганмикан. Шу гўр синглим Биби Ҳилолнинг гўри, ўзим мана шу тошни қўйиб эдим. Шундан Биби Ҳилолнинг гўрини топдим” деди. Оқшом бўлди. Рустамбек саҳар вақтида келиб, гўрни пойлаб ётди. Қараса, Биби Ҳилолнинг гўри ёп -ёруғ бўлиб кетди. Шунда бир бола Биби Ҳилолнинг гўридан чиқди. Жуда сулув,кува ўн тўрт кунлик ойга ўхшайди. Шунда бир шер мозористонда ётган экан, болага қараб ташланди. Шунда Хазрати Хизр келиб шерни бир тарсаки урди. Шер нимта-нимта бўлиб кетди”.

“Маълум бўлаяптики, Гўрўғлининг дунёга келишида Биби Ҳилол асосий восита бўлган бўлса, унинг туғилгандан кейинги ҳаётида асосий ролни Хизр ва Чилтонлар билан бир қаторда, Рустам ўйнайди. Зотан, халқ қаҳрамони Гўрўғлини пирлар йўргаклаб олмасалар, у ҳалок бўлар эди. Ҳазрати Хизр шерни ўлдирмаганида ёки Рустам уни қабристондан олиб кетмаганида ҳам худди шундай ҳол содир бўлиши мумкин эди. Шунинг учун достончи бу ғайри табиий воқеаларда уларнинг барчасини баробар иштирок этишини таъминлайди ва бунда халқ достонларида қадимдан қўлланиб келинаётган параллизм каби бадиий усуллардан усталик билан фойдаланган.

Халқ идеал қаҳрамонига хос ибратли фазилатлар Гўрўғли образига сингдириб юборилган. Унинг ақилли идрокли жиҳатлари у ҳали гўрда Биби Ҳилолнинг жонсиз танаси парвариши пайтидаёқ намоён бўлади. У уч ёшидаёқ катталарга хос ақл-идрокка, куч-қувватга эришади. Биз буни Рустамнинг Биби Ҳилол мозорига бориб, Гўрўғлини олиб кетиш пайтидаги таъсирли психологик ҳолат орқали равшан кўришимиз мумкин. Гўрўғли Рустамнинг сўзларига ишонмаганидан эмас, балки онасини ташлаб кетишни кўзи қиймаганлигидан унга бўлган астойидил фарзандлик ҳурмати юзасидан мурожаат этади, савол сўрайди:

Анал билан Мансурга қурган дормиди,
Тирик айрилган бир кўргани зормиди,
Юр чироғим дейди, мени қўймайди,
Сенда ака, менда тоға бормиди?
Йиғлаганда ёш ёғилар юзима,
Қулоқ сол энажон, айтган сўзима,
Сенда ака, менда тоға бормиди?

Гўрўғлида етти ёшидаёқ баҳодирлик, ватанпарварлик, инсонга муҳаббат туйғулари шакилланиб улгуради. У Заргарда ўзи тенги болалар билан ўйнаб юрар экан, ҳар қадамда ўзининг мусофирлигини, она юрти бу ердан узоқ -узоқларда эканлигини ҳис қилиб туради. Шунинг учун ҳам у Заргардаги бой амалдорларни ўзига рақиб деб билади ва онасининг “лотини” олиш учун уларга қарши очиқдан -очиқ кураш олиб боради. У Шоҳдорхоннинг вазири Бадкирни ўлдириб, халоскори Рустам ва унинг хотини билан хайрлашиб, ўзи эмиб катта бўлган бияни миниб Ёвмитга жўнаб кетади. Бу ўринда шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Гўрўғлида қаҳрамонлик, мардлик, олийжаноблик фазилатларининг вужудга келиши билан унинг отини пайдо бўлиши масаласи ёнмаён равишда очила боради.

Шоир халқ қаҳрамонининг ёшлик шижоатини довюраклигини, эл юртига бўлган оташин севгисини, “куло чўлда” ташналикни енгиб кетиб боришини гўзал шеърий мисраларда ифода этади :

Мулла ўқир забарди,
Уста олар табарди,
Юра-юра баччанинг
Оёқлари қабарди.
Қирдан ошиб югуриб,
Қадди ёйдай букилиб,
“Қуло чўлда” йўл юрди
Тирноқлари тўкилиб…

Достонда Хизр образига кенг ўрин берилганлиги ҳам беъжиз эмас албатта. Чунки Гўрўғли ғайри табиий ҳолатда гўрда туғилар экан, илк бор уни Хизр ва Чилтонлар йўргаклаб оладилар унга хомийлик қиладилар. Негаки Биби Ҳилолнинг жонсиз танаси уни тарбиялай олмас эди. Маълумки, достончилик анъаналарига кўра ҳар бир халққаҳрамонининг доимий ҳомийси бўлиши, уни қўллаб-қувватлаши керак. Акс ҳолда Гўрўғлининг тенгсиз куч қудрати, афсонавий баҳодирлиги бизни ишонтирмас, достон ғоявий-бадиий ҳамда ҳиссий таъсир қувватини таъминлай олмас эди. Гўрўғли характеридаги қаҳрамонлик белгилари у Ёвмитга келгандан кейинги воқеа ҳодисалар асосида кенгроқ кўрина бошлайди. Райҳон араб билан бўлган тўқнашувларда унинг маънавий дунёси, дўстга муҳаббат, душманга нафрат туйғулари гўзал шеърий мисраларда ўз аксини топган.

Бошқа бир қатор ўзбек халқ достонларидаги каби Райҳон араб “Гўрўғлининг туғилиши” достонида ҳам салбий образ сифатида талқин этилади. Бинобарин, бу достонда Гўрўғли билан Райҳон араб ўртасидаги келишмовчиликнинг туб замини яратиб берилган ва қолган воқеалар мана шу келишмовчилик асосида ривожлана боради. Бу ҳолат шу туркумга мансуб достонларнинг аксариятида учрайдики, биз Райҳон араб тимсолида адолатсиз, очкўз, ўз манфаати йўлида ўзгалар бахтини паймол этиш, риёкорлик, такаббурлик, ҳийлагарлик каби салбий хусусиятлари тўла намоён бўлганлигини кўрамиз. У тулпорини Гўрўғлининг биясига “қўйиш” баҳонасида Аҳмадбекнинг гўзал хотини Ҳолжувонни Ширвонга олиб қочиб кетади. Райҳон араб характеридаги салбий жиҳатлар унинг Гўрўғли билан бўлган тўқнашувларида чуқур очиб берилган.

Райҳон арабнинг Ёвмитга келиб Ҳолжувонни олиб қочиб кетиши асарда Гўрўғлидаги баҳодирлик сифатларини юксак инсоний хусусиятларини янада бўрттириброқ янада кенгроқ кўрсатиш учун олиб кирилган ўринли бадиий усуллардан биридир. Гўрўғли ўнбеш ёшга кирганда Райҳон арабни доғда қолдириб, унинг Зайдиной исмли қизини олиб қочади ва уни тоғаси Аҳмадбекка хотинликка элтиб беради. Гўрўғлининг Ширвонга бориши, Райҳон арабнинг бундан хабар топиб қолиб ортидан қувиши ҳажвий тарзда ифода этилган. Масалан, бу ҳолатни Райҳон арабнинг кийим бошсиз, кўрпа ёпиниб Гўрўғлининг ортидан от қўйиши ёки етолмаганидан кейин “етимак” болага “қизимни ўзинг олгин” деб ялиниб ёлвориши каби воқеларда яққол кўришимиз мумкин. Худди шунингдек, Ҳолжувоннинг Гўрўғлига Зайдинойни олиб қочишида бевосита ўзи ёрдам бериб, ҳийлакорлик билан ишни битказиши ёки:

Янги оламдай қилганман ўзимни,
Йўлингга тўрт қилдим шаҳло кўзимни.
Сен қандайин бемазасан, йўловчи,
Қўйиб юбор, маҳкам ушла қизимни.
Хақ куйдирди менинг кулба хонамни,
Райҳон араб куйдирганди танамни,
Сен қандайин ўлармонсан йўловчи,
Қўйиб юбор, маҳкам ушла қизимни!

деб ёлғондакамига фарёд чекиши каби мисолларда кўзга ташланиб туради. Шоир достон қаҳрамонларининг ўқувчи ва тингловчида бевосита кулги уйғотадиган психологик ҳамда драматик ҳолатларга алоҳида урғу беради ва бу борада муболаға, сифатлаш, ҳар хил сўз ўйинларидан маҳорат билан фойланади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Пўлкан шоир куйлаган достонларда Юнус пари, Мисқол пари, Гулнор пари образлари билан бир қаторда Ҳолжувон образи ҳам маҳорат билан ишланган. “Чамбил мудофааси” (Чамбил аёллари) достонида Гўрўғли ва унинг ботир қирқ йигитининг Чамбилда йўқлигини билдирмасдан эркакча кийим кийиб, бутун аёлларга бош бўлиб босқинчиларга қарши кураш олиб борган бўлса, “Гулнор пари” достонида Алман қизил ва Райҳон араблар билан маънавий тўқнаш келади. “Гўрўғлининг туғилишида” эса қайниси Гўрўғлининг “тарафи”дан “лоти”ни олишида унга яқиндан кўмак беради. Агар Ҳолжувон бу ишга шахсан ўзи аралашмаса, ёш халқ қаҳрамонининг Ширвондан Зайдинойни олиб қочиб келиши мумкин эмас эди.

Чунки Гўрўғли қанчалик ботир ва кучли бўлмасин, Райҳон арабнинг қизи Зайдиной ҳам ўз зотига тортган, паҳлавон йигитларни маҳв қиладиган даражада катта кучга эга бўлган ғайратли қиз. У Гўрўғлига қаршилик кўрсатиш мақсади-да, ўзини ерга ташлаган пайтда от сағрисигача ерга кириб кетади. Гарчи бу ҳолат воқеани бироз бўрттириб, кучайтириб кўрсатиш учун атайлаб келтирилган бўлса-да,достончи бу билан қаҳрамонининг олдида турган вазифанинг нақадар хавфли ва қийин эканлигини алоҳида уқтиришга муваффақ бўлган.

Достонда Ҳолжувон гўзал, ақл-фаросатда тенги йўқ, соҳибжамол, ҳамиша ҳақиқат ва адолат учун курашувчан ватанпарвар, ўз юртидан йироқда бўлса-да, доимо унга талпиниб яшовчи меҳрибон ва мағрур аёл қиёфасида кўринади. Шоир уни “Ҳолжувон қандай хотин – товусдай таралган, беллари буралган, ҳар хил кийимларга ўралган, ойнага қараган, зулфини тараган, ўзига лойиқ рўмоллар ўраган. Ҳамма ери бирдай, тиши оппоқ дурдай, баданлари кишининг куни ёққан қордай, лабининг ширинлиги асал билан болдай, юзининг қизиллиги қор устига томган қондай” деб тавсиф қилади. Ҳолжувон образида ўзбек хотин қизларига хос гўзаллик, мардлик, вафодорлик туйғуларининг бутун бир мужассамини кўрамиз.

Аҳмадбек образи Пўлкан шоир репертуаридаги ҳар иккала асар “Гўрўғлининг туғилиши”да ҳамда, “Гулнор пари”да ҳам ижобий образ сифатида гавдалантирилади. Аҳмадбек Гўрўғлига ота ўрнида оталик қилади. Ўзининг бутун давлатини,салтанатини унга инъом этади, унинг истиқболи учун қайғуради. Ҳатто Гўрўғли туфайли севган хотини Ҳолжувонни Райҳон араб олиб қочиб кетганида ҳам ундан хафа бўлмайди, унинг кўнглини ранжитмайди. Лекин шуни айтиш керакки, Эргаш Жуманбулбул репертуаридаги “Ҳолдорхон” ҳамда “Чамбил қамали” достонларида ва бошқа қатор халқ шоирлари куйлаган анъанавий достонларда салбий қаҳрамон сифатида талқин этилган. Бу типдаги барча достонларда Аҳмадбек Чамбилдаги ички душман, қариндош ниқобини кийиб олган Гўрўғлининг рақиби, иккала парининг телба ошиғи ва Гўрўғли йўқлигидан фойдаланиб, ҳокимиятни ўз қўлига олиш учун курашдаги салбий жиҳатлари очиб берилади. Масалан, “Ҳолдорхон” ва “Чамбил қамали” да Гўрўғлининг Чамбилда йўқлигидан фойдаланиб, мамлакатни ўз қўлига олишга, Юнус пари ва Мисқол париларга уйланишга уринади. Лекин “Гўрўғлининг туғилиши” достонида эса у Ёвмитнинг йирик давлат арбоби, Гўрўғли ва унинг отаси кўр Равшаннинг яқин кишиси, умуман ёш халқ қаҳрамонининг ҳомийларидан бири сифатида талқин этилади. Бинобарин, Аҳмадбек образидаги ички зиддиятларни достончилик анъаналарининг достончилар ўртасида қай даражада тарқалганлиги билан бевосита боғлиқдир.

Достонда Гўрўғлининг туғилишидан тортиб, то улғайиб Ёвмитда хонлик тахтини эгаллаганига қадарлик бўлган воқеалар тасвирланади. Достончи Гўрўғлининг отаси Равшан ва онаси Биби Ҳилоллардаги юксак инсонийлик, фавқулодда қаҳрамонлик, идроклилик, ватанга муҳаббат, инсонпарварлик ва довюраклик каби хусусиятларни кейинчалик Гўрўғли тимсолида гавдалантиришга ҳаракат қилади.

Гўрўғлининг отаси Равшаннинг Заргар юртининг подшоси Шоҳдорхон томонидан кўр қилиниши, Биби Ҳилолнинг гўрда туғиши, Гўрўғли Шоҳдорхон вазири Бадкирни ўлдириб Ёвмитга қочиб келиши қаҳрамон характерини шакллантиришдаги асосий воситалардир. Чунки бўлғуси халқ қаҳрамонининг ботир, қўрқмас, куч-қувватда тенгсиз паҳлавон бўлиб етишуви биринчи навбатда унинг ижтимоий келиб чиқишига, иккинчидан ёшлигиданоқ соғлом фикрли, фаҳм-фаросатли, юксак инсоний хусусиятларга эга бўлишига боғлиқ.

Достончи Гўрўғлининг Ёвмитга подшо бўлгунга қадарлик саргузаштларини Хизр ва Чилтонлар билан боғлиқ ҳолда тасвирлайди. Модомики, у хақиқаттан ҳам афсонавий қаҳрамон, куч -қудратда тенгсиз паҳлавон экан, Хизр ва Чилтонлар мададига суяниши табиий эди. Асарда Гўрўғлининг болалиги ва ёшлиги маҳорат билан тасвирланиши билан бир қаторда, унинг ички дунёси, психологияси, маънавияти айниқса яхши очиб берилган. Гўрўғлида энг яхши инсоний фазилатлар мужассамлигини кўрамиз. У қанчалик ботир,мард, паҳлавон бўлиши билан бир қаторда, шунчалик ақилли, камтар, инсон. Гўрўғли характерида халққа хос инсонпарварлик ғоялари тўла намоён бўлади: “Гўрўғлининг юзи хотиридан ҳамма келган бекларга Равшанбек,Гаждумбек бошлиқ сарпо ёпдилар. Ана шунда Гўрўғлибекка ҳам неча одоблар билан шоҳона тўн, сарпо ёпмоқчи бўлди.Шунда Гўрўғлининг эгнига тўнни солди. Гўрўғли тўнни киймай, тиззасининг устига босди. Бу ишни кўриб турган одамлар: -Нима тилло тўнни киймайсиз?- деди.

Шунда Гўрўғли:
-Иложи бўлса, менга жўн шолдан бўлган кийим берингизлар, кияйин,- деди. Гўрўғлидан бу сўзни эшитиб, ўлтирган кишилар дарров айтганидан зиёда, яхши жундан бўлган тўн сарполарни олиб ёпдилар. Гўрўғли кийиб олди”. Кўриниб турибдики, достончи мана шу кичкинагина тасвир орқали Гўрўғлининг қай даражада камтар, ақл фаросатли, юксак одоб эгаси эканлигини ёрқин очиб беришга муваффақ бўлган. Пўлкан шоир воқеалар тасвирини беришда ҳам кишиларнинг ички кечинмаларини ифодалашда ҳам хаққоний воқеликдан келиб чиқиб, иш тутади, баёнчиликдан, кўрсатишдан қочади. Шубҳасиз, бу ҳолат достоннинг бадииий баркамоллигини оширишда катта роль ўйнаган.

Достонда Гўрўғли ва унинг афсонавий Ғиркўк отининг ёшлиги ёнма-ён равишда тасвирланади. Ғиркўкнинг туғилиши ва ёшлиги ҳам илоҳий кучлар таъсири билан боғланган. Чунки Ғиркўкни тойлик чоғидаёқ Хизр ва Чилтонлар олиб кетиб,”ёмон кўздан асраш” мақсадида ўзлари тарбия қиладилар. Ғиркўк дунёда тенги йўқ от бўлиб етишади. Унда ҳатто одам боласида бўлиши мумкин бўлган барча сезгилар мавжуд: у гарчи ўзи гапирмасада, гапга тушунади, қирқ эллик газ осмонга кўтарила олади, кези келганда учади, кези келганда бамисоли одамдек гапира олади, рақибини қувса етади, қочса қутилиб кетади. Достончи Гўрўғлининг Ғиркўкни парвариш қилишини ва унда мана шу хусусиятларнинг вужудга келишини шундай ифодалайди. Тушунарли бўлиши учун матнни тўлиқ келтирамиз:

Қўйнинг сутин беради қўйдай юввош бўлсин деб,
Эчки сутин беради ёрдай ўйнаб юрсин деб.
Туя сутин беради бўйни узун бўлсин деб,
Шер сутин беради ўмгани кенг бўлсин деб,
Йўлбарс сутин беради, йўлбарсдан зўр бўлсин деб.
Алқор сутин беради тоғда ўйнаб юрсин деб,
Кийик сутин беради кийикдай ўйнаб юрсин деб.
Қуён сутин беради, қуёндай чаққон юрсин деб,
Қулон сутин беради, чўлда маҳкам юрсин деб.
Филнинг сутин беради, ерда пишқириб юрсин деб.
Каркнинг сутин беради, ҳамма жондор қўрқсин деб.
Қундуз сутин беради, сувда сузиб юрсин деб.
Балиқ мойин беради, сувга шўнғиб кетсин деб.
Қуш юрагин беради, қушдек учиб кетсин деб.
Қоплон сутин беради, тулкидай сузиб кетсин деб.
Този сутин беради қушга қувиб етсин деб.
Бургут боврин беради, тепиб ўтиб кетсин деб.
Лочин боврин беради, тишлаб қийиб ўтсин деб.
Қузғун юрагин беради умри узоқ бўлсин деб.
Маймун сутин беради, кўп ўйинчи бўлсин деб.

004«Гўрўғлининг туғилиши»  ҳақида қайдлар

Ёвмитда Одилхон подшонинг икки ўғли — Урайхон, Аҳмадбек (сардор), Биби Ойша деган қизи ҳам бор эди. Мари юртининг Қовуштихон деган хони бор эди. Қовутишхонни Тўлибой синчи деган ўғли бор. Марининг беги Қовутишхон Ёвмит элининг бозорчиларини молини талаб олди. Молини олдирганлар Одилхонга арзга борди. Одилхон аччиғи Марини теп-текис қилиб, Қовутишхонни тўпга солиб оттриб юборади. 7 ёшли ўғли Тўлибой синчини банди қилиб олиб келди, у хизмат қилиб юраверди, синчи бўлди. Одилхон унга Биби Ойша қизини никоҳлаб берди. Биби Ойшадан Равшан туғилди. Равшабек мактабга борди, хат-савод чиқарди.

Така Туркманда Жиғалихон деган бек бор эди. Унинг Гаждумбек деган ўғли, Биби Ҳилол деган қизи бор эди.

Заргар деган шаҳар ҳам бор эди. Подшоҳи Шоҳдорхон эди. У икки юз губурларини йиғиб маслаҳат қилди: Одилхонни ва Ёвмитни талаймиз:
Вазири Холмон : элчи юбориш керак деди, бошқалари бостириб борамиз деди.

Тоғда ўйнаб юрган бир гала болалар билан биргаликда Тўлибойнинг ўғли Равшанни ҳам Шоҳдорхон асир олди. Сўнг енгилгач қўйиб ҳамма болаларни муллаваччаларни қўйиб юборади. Лекин унинг (Душманинг хос бўлса қўрқ, мақол)

Ҳамза деган бир одами Равшанни сандиққа яшириб қолади. Одилхонинг бекларидан Жиғалихоннинг ўғли Гаждумбек ва қизи Биби Ҳилол ҳам асир бўлиб кетди. Гаждумбек Шоҳдорхоннинг ясовул бошида бўлди.

Биби Ҳилолга «Ўн тўрт кунлик ойдай тўлган, ҳусни ўзига ярашган, кўрганларнинг ақли шошган, қоши қаламдай, қийилган ёйдай, лаблари мойдай, эртан чой, оқшом палов, муҳрлаб қўйган қоғоздай. Қоронғи уйда ётса уй ёруғ бўлиб кетади».

Шоҳдорхонни тушини таъбир қилади:

«Тепангдан сочилган тилла — қонингдир,
Оғзингдан учган қуш — жонингдир.
Қулаган иморат сенинг танингдир:
Тушинг қурсин, таъбирлари шу бўлди».

Равшандаги ватанга муҳаббат ҳиссининг ҳар қандай туйғудан устун эканлигини шоир достонинг илк сатрларидан кўрсата боради. Равшан биринчи учрашувдаёқ Биби Ҳилолга шундай дейди»

«Ажал етиб шу вақтларда ўлмадим,
Ёвмит элнинг қадрини ҳеч билмадим».

Достоннинг бошида Биби Ҳилол актив ҳаракат қилади, катта ҳийла ишлатиб Равшанни «сотиб олишга» ҳам эришади.(Туси яхшидан тўнгилма, маъқул сўзга қаров йўқ, элга эл келса давлат, элдан эл кетса меҳнат).

«Яхшининг боласи яхши, ёмоннинг боласи ёмон, яхшидан ёмон бўлди деб куйинма, бу ҳам ўз наслига тортади, ёмон яхши бўлди деб қувонма, бу ҳам тортади ўз наслига».

Равшаннинг синчилиги очила боради «Равшанбек бир отнинг суягини кўриб, қучоқлаб олиб йиғлай берди. Гаждумбек, Равшанбекнинг барно насиллиги бор экан деди» У ўз юртини қумсайди.

У Ҳолвочининг отини мақтайди «Сағрисиман баробардир биқини, қаҳрланса тортар норнинг юкини» Равшан Шоҳдорхондан Ҳолвачининг отини тилайди.

«Ота -энам десам рангим сўлади,
Билмайман аҳволим қандай бўлади?
Олиб бергин ҳолвачининг отини!
Кўзимнинг хунига шу ҳам бўлади»

Юмор бор: Ҳолвачи қўрққанидан: «Эй подшоҳим, ўзимнинг икки ярим рост тошим уйимда қолибди, кам тошни кампир хуржунига солибди. Бу адоватлар кампирдан бўлди. Мендан ҳаргиз гумон қилманг! Мана одам, тошинг кам, деб олиб келди, — дея берди».

Равшан Бибиҳилолга очиғини айтади:

«Дардли кўнгил қайнаб-қайнаб жўш энди,
Вой аттанг балога қолган бош энди.
Бу дунёда кўрмоқ йўқдир қаддингдан,
Дийдор қиёматга қолди, хуш энди.
Қулоқ солгин сўзнинг ёлғон-ростига,
От чопилар уйдан қирнинг устига.
Бу дунёда кўрмак йўқдир, рози бўл!
Тўрангни кўрарсан туғнинг остида».

Равшан ва Биби Ҳилол билан боғлиқ воқеалар Шоҳдорхоннинг туши орқали ривожлантирилади. Равшан бир томонлама мард. У Шоҳдорхонга кетишини маълум қилишдан қўрқмайди:

«Оғайнилар, Шоҳдорхоним,
Олдингдан ўтгани келдим.
Биринг катта. биринг киччи
Ёвмитга кетгани келдим»

» Ҳар бир дамни билиб олинг ғанимат,
Коса даврон эр йигитга навбатдир».

(Доно билан доно гаплашади, подшо билан подшо гаплашади. Мард йигит айтмайди, айтган сўзидан қайтмайди)

(Асал айнимас, тилла чиримас, сари мой сасимас)

Равшан ва Гаждумбек кетаяпти:

«От келади ариллаб,
Отган ўқдай зириллаб.
Бедов отнинг шамоли
Мис карнайдай приллаб.
Ол-ол юрди, ол юрди,
Озгинамас, мўл юрди».

«Дўсти яхши кўрган йигит,
Ҳар ерга борса хор бўлмас.
Ичи ғамга тўлган йигит,
Ҳамдамини топса айрилмас».

Рустам образи олиб кирилади ва у Гўрўғлининг илк ҳалоскори сифатида гавдалантирилади..

Биби Ҳилол образи — она, оила соҳибаси, ўз юрти ва ватандошларига муҳаббати зўр аёл. У Рустам олиб бориб қўяйин деганда » Бир кун ўлмоқ, бир кун туғилмоқ. Мен бир хизматкор билан мингашиб борсам , одамлар, қариндошларим, Гажбумбекка, сен ўзинг қочиб келиб эдинг, менинг синглим Биби Ҳилол бегона бир одам билан мингашиб келди, деб айтар» жавоб беради.

(Ёмонга сиринг айтма, элга ёйяди) (Эна рози, худо рози)
(Эс берганга даст берар, даст берганга эс берар)

Гўрўғлининг ҳамма вақт доимий ҳомийси — Хизр. У шерни бир шаполоқ уриб тирқиратиб юборади. Гўрўғли ҳатто 3 ёшиданоқ тарафларни билади. Унинг баҳодирлик белгилари гўдаклик давриданоқ кўрина бошлайди. Рустам Гўрўғлини уйига олиб келганч, «… Бир чинқириб юборди. Рустамбекнинг хотинининг юраги ёрилиб, Гўрўғлининг бонг урганига ерга йиқилиб кетмайин деб қолди. Рустамбек хотинимни жин урдими, деди»

«Гўрўғлибек Рустамбекнинг уйидан ош ичмайди, тўн киймайди, бир нарса берса олмайди, Қўтғирбойни қўймайди, нон еб қорни тўймайди».
(Эр хизматдан топар экан)

(Тўғри етар муродга, ёмон қолар уятга, тўғри ўзар, эгри тўзар, сиринг айтма ётга)
(Бор мақтанса топилар, йўқ мақтанса чопилар)

Гўрўғли 7 ёшида Бакирни ўғли Гўсфанд Тўранинг кўзини кўр қилиб қўяди, Бакирга ошиғини ютқазиб қўйгач» Гўрўғли Бакирга тармашиб туриб, калласи билан Бакирнинг иягига бир шохлади, тиши тилини чўртта қирқиб ўтди. Қораҳардай чўнгкираб қолди, олақароқ бўлган танадай муркираб қолди. Гўрўғли, Бадкирнинг қўлидан ушлаб бир зўр билан қўлини яғрини билан юлиб олди. Қайтариб, ўз калтаги билан ўзини, елкасига бир ошириб солди. Бадкирнинг суяклари ерга нақш бўлди, баданлари айрон солган тўрвадай майда-майда серрайиб уп-узун бўлиб ўлиб қолди».

«Қуло чўлда сўзлайди,
Бўтадай бўп бўзлайди.
Гўрўғлидай бекбачча
Ёвмит элни излайди.

Товус ётар қияда,
Бўз тарлонлар уяда.
Гўрўғлибек жўнади,
Кеча билан ҳам кундуз,
Бораётир пиёда.

Мулла ўқир забурди,
Уста олар табарди.

Шу куйи Гўрўғли Рустамбекнинг уйини ташлаб йўлга тушади.Ва унинг навбатдаги саргузашлари бошланади.Достончи Гўрўғлибекнинг хаётини жуда қизиқарли тарзда ифодалаб беради.

05«Шайбонийхон» достони ҳақида

   Бизга маълумки, XV асрнинг охири ва XVI асрнинг бошларига келиб, улкан тарихий ижтимоий иқтисодий ўзгаришлар рўй берди. Бу даврга келиб Темурийлар сулоласи инқирозга юз тутган, маҳаллий феодализм ва хонликлар ўртасидаги ихтилофлар янада кескинлашган эди.Султон Али Мирзо ва Андижон хони Зҳриддин Муҳаммад Бобур ўртасидаги келишмовчиликдан фойдаланган Шайбонийхон 1500 йили ҳеч қандай қаршиликларсиз Самарқандни босиб олади. Лекин орадан кўп ўтмай, шаҳарнинг нуфузли кишилари, дин пешволари ва собиқ амалдорлар ёрдамида Бобур Самарқандга ҳужум қилиб шаҳарни қўлга киритади. Шайбонийхоннинг барча аскарларини қиличдан ўтказади.

1501 йили Шайбонийхон жуда катта аскар тўплаб яна Самарқандга юриш бошлайди.Зарафшон дарёси яқинидаги Сарипул қишлоғи атрофидан қонли урушлар давом этади. Узоқ давом этган 4 ойлик мудофаадан сўнг, Бобур кечаси бир қанча жангчилари билан Самарқандни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлади ва Тошкентга келиб мўғул хони Маҳмудхондан ёрдам олади.

1505 йили Хоразм ва Балхни қўлга киритган Шайбонийхон Темурийлар давлатининг маркази бўлган Ҳирот — Ҳуросонга қараб йўл олади.

1506 йилининг январ ойида Бадиузамон Мирзо (1506-1507) Мурғаб томонга юриш бошлайди.Унинг орқасидан Ҳусайн Бойқаро ҳам йўлга тушади ва оғир касаллик туфайли йўлда вафот этади. Термурийларнинг ўзаро келишмовчиликларидан фойдаланган Шайбонийхон 1507 йили Хуросонни ҳам осонлик билан босиб олади, баҳор ойида Ҳиротни бутунлай ишғол этади.

Шайбонийзодаларнинг сўнгги вакили Абдуллахон (1583-1598) даврида Мавораннаҳр тарихида юксаклишлар юз беради. Бобурмирзо муваффқиятсизликдан кейин она ватани Андижогна қараб йўл олади ва Қобул, Ғазна, Бадаҳшондаги ўз қўл остидаги ерлардан ўзига лашкар тўплайди. Кейинчалик Ҳиндистоннинг шимолини ва ва Деҳлини Агра шаҳарларини ишғол этади. У улуғ мўғиллар салтанатини вужудга келтиради. Ва бу империя XIX асргача давом этади. Бунга Бобурнинг «Бобурнома» ва унинг қизи Гулбадан Бегимнинг «Ҳумоюннома» асарлари гувоҳлик беради.

Шайбонийхон тарихий достон

Халқ достонларидаги прогрессив анъаналар узоқ йиллик ижтимоий сиёсий, маданий маърифий тарихга эга, уларнинг негизи ҳам халқнинг ўзи ва ижодининг тарихий ривожланиш негизлари билан ўзаро боғланиб кетган.У кишилар онги, психологияси ва маданий алоқалари таъсири остида ўсди, ривожланди, шакл жиҳатидан маълум бир системага эга бўлди. Пўлкан шоирнинг «Шайбонийхон» достони фақат Пўлкан шоир репертуаридагина мавжуд. Лекин бу достонда Самарқанд, хусусан Қўрғон достончилик мактаби анъаналирнинг қай даражада ўз аксини топганлиги тўғрисида ҳали маълум бир фикр айтилмаган. Шуниси характерлиги, у достонларнинг тарихий турига мансуб бўлиб, тарихий шахслар номи билан боғлиқлиги билан ҳам романик достонлардан ажралиб туради. Достонда XVI аср бошларида Ўрта Осиёни босиб олган ўзбеклар хони — Шайбонийхон ва хокимиятни сақлаб қолиш учун унга қарши кураш олиб борган Бобурхон ўртасидаги ихтилофлар ҳикоя қилинади.

Гарчи асарда ўша давр руҳи кишилар ҳаёти тўла ёрқин чиқиб берилмаса-да, XVI асрда рўй берган тарихий воқеалар, ўзгаришлар тўғрисида баъзи маълумотларни олиш мумкин. Бу ўзгаришлар тарихий аҳамиятга эга бўлганлиги учун ҳам алоҳида эътиборга моликдир.

«Шайбонийхон» достонида шоир Шайбонийхон ижобий Бобурмирзо эса салбий образ сифатида гавдалантирилади. Аммо шуниси характерлики, бир қатор тархий воқеаларни ҳисобга олмаганда ҳар иккала образ ҳам тарихий протатиплар билан боғланмайди, шунингдек уларнинг шахсига алоқадор ўринлар учрамайди. Бунинг шоирнинг дунёқараши, савияси маълум доира ичида чекланиб қолгани билан изоҳлаш керак, албатта. Бунинг асосий сабаби шоир тарихий воқеаларни яхши билмаганлигидан далолатдир.

Бадиий ёзма адабиётда ҳам Шайбонийхон Абдулмўминхон ўғли номи билан боғлиқ иккита «Шайбонийнома» асари ҳам мавжуд. Бу достонлар XVI асрда яшаб ижод этган сарой шоири Муҳаммад Солиҳ ва тарихчи Камолиддин Бинойлар қаламига мансубдир. Бу асарлар кўпроқ ҳужжат ва қасида характерига эга бўлиб, унда Шайбонийхоннинг хукмдорлик фаолияти мадҳ этилади, «Соҳиби тахт» сифатидаги буюк ишлари тасвирланади ва унга ҳамду санолар ўқилади. Лекин иккинчи асарда эса ўзбек хони Шайбонийнинг халқ бошига азоб уқубатлар солиб, уни аёвсиз талаган, қирғин қилганлиги ва қонхўр подшолардан бири сифатида кўрсатилади.

Шу ўринда бир масала юзасидан гарчи қисқача бўлса-да, алоҳида тўхталиб ўтишга тўғри келади. Маълумки, оғзаки ижод асарлари ёзма бадиий ижод билан яқиндан алоқада бўлиб, унга бевосита ўз таъсрини ўтказиб келган. Масалан, ўзбек мумтоз адабиётининг юксак намуналаридан бўлган Дурбекнинг «Юсуф ва Зулайҳо», Лутфийнинг «Гул ва Навруз», Алишер Навоийнинг «Хамса»сига кирган достонлар ҳамда жаҳон адабиётининг шоҳ асарлари ҳисобланган «Фауст» «Барон Мюнхаузеннинг саргузаштлари», «Гаргангюа ва Пантагрюэль», «Прометейнинг озод этилиши» сингари асарлар бевосита халқ оғзаки ижоди заминида вужудга келгандир. Лекин эътироф қилиш лозимки, баъзан ёзма адабиёт ҳам оғзаки ижодга ўз таъсирини ўтказиш ёки уни » поэтик воқелик» , ҳаёт материали» (В.Г Беленский) билан таъминлаши мумкин.»Шайбонийхон» достонининг яратилишида ёзма адабиётнинг халқ оғзаки ижодига таъсири оз бўлсада сезилиб туради.

Халқ оғзаки бадиий ижодида, хусусан «Достончиликдаги тарихий йўналишнинг муҳим томони шундаки, у бир қатор янгиликларни вужудга келтирган. Янги достонлар ҳам мана шу йўналишнинг маҳсули бўлган. Бу тарихий йўналишнинг ривожи достончиликдаги янги аъаналарни юзага келтирган. Масалан, XIX асрда яратилган «Тўлғаной», «Назар ва Оқбўтабек», «Музаффархон» каби достонлар аввалги тарихий достонлардан фарқли ўлароқ, XIX аср бошлари ва ўрталарида рўй берган тарихий воқеаларга бағишланган. Демак, тарихий достонлар бу даврга келиб янги хусусиятга эга бўлганлигини кўрамиз.

«Шайбонийхон» достони бир-бирини мазмунан бойитувчи икки мустақил сюжетдан ташкил топган.Асарнинг биринчи қисми бевосита Шайбонийхон фаолияти билан боғлиқ саргузаштларга бағишланади. Иккинчи қисмда эса Шайбонийхон замонида содир бўлган Ҳуршидой исмли қиз номи билан боқлиқ воқеалар тасвирланади. Ҳуршидой саргузаштлари кўпроқ эртак харакетрига эга бўлиб, «Озодачеҳра» ўзбек халқ эртагини эслатади. Достоннинг бу қисми 1965 йилда алоҳида китоб ҳолида нашр қилинган. Юқорида айтиб ўтганимиздек, достоннинг биринчи қисмида Ўрта Осиёни забт этиш мақсадида юришлар қилган Ўзбеклар хони — Шайбонийхон номи билан боғлиқ бўлган воқеа-ҳодисалар акс эттирилган. Достоннинг дебоча қисмидаёқ воқеа — ҳодисаларда фаол иштирок этувчи қаҳрамонларнинг номлари келтирилади, уларнинг феъл атвори, касб-кори тўғрисида маълумот берилади. Бу маълумот икки бўлимни бир-бири билан боғлайди. Достон бир бутун ҳолда 1928 йили Самарқандда араб алифбосида чоп этилган ва унда ҳатто тарихий ҳақиқатнинг маълум нишонаси сифатида Шайбонийхон мақбарасининг сурати ҳам илова қилинган.

Биз юқорида «Шайбонийхон» достони бошқа бахшилар репертуарида учрамайди,деган фикрни айтган эдик. Ҳақиқаттан ҳам бу достонни Пўлкан шоирдан бошқа на Қўрғон достончилари на Булунғур достончилари томонидан куйланганини ҳеч ким эслолмас экан. Пўлкан шоир эса бу достонни ўз устозидан ўрганганлигини айтади. Достончи асарнинг дебочасида шундай дейди:

«Қатоғонди элидан, Пўлкан шоирди тилидан, Чингистон авлоди Шайбонийхоннан сўз бошланди.Чин Ўзбекнинг уруви, Ўзбекнинг хонзодасидан. Жассоқ бахши — Жолғош шоирди отасидан мен олти жил шунга ўқидим. Жассоқ бахши шуйтиб айтасан, деб айтувди.Мен шунан уйранган сўзимди айтаман, қайтиб уйранган бўлсам.Устодди айтгани вожиб, шундай қиб айтсам бўлади тарки вожиб. Қандай уйранган бўлсам шундай айтаман… Ана энди Самарқанд деган шаҳар боракан. Самарқандда Бовурхон деган подшо боракан. Унинг Жўравой, Тўравой деган вазирлари боракан. Кўп эслиликда ками кўстсиз экан. Шу подшонинг — Бовурхонди, Шайвалиям хизматкорларининг бировиякан. Хўжан савдогар деган бир хизматкори боракан.Хуршидай деган бир қизгинаси боракан. Хўжайи савдогар шундай сахий экан. Шу Самарқандда ўзидан қолган (қаровсиз, ёлғиз қолган) кўрларди, шолларди, отасиз. энасиз, сағир баччаларди шу Хўжасавдогарникига олиб келиб ташлаякан. Кўп бекамикас, ҳатамтойдан саҳийякан».

Достон шу тариқа қисқача зачин билан бошланади. Шоирни эътироф этишига қараганда, бу достонни Жассоқ бахшининг ўғли Жолғош шоир ҳам билган ёки куйлаган бўлиши мумкин. Аммо Жолғош шоирнинг достончи сифатидаги иқтидори тўғрисида аниқ бир фикр айтиш имкониятига эга эмасмиз. Шунинг учун ҳам бу достон халқ орасида кенг тарқалгани ёки кўпчилик бахшилар томонидан ижро этилганлиги гумон. Чунки агар бу асар бошқа анъанавий халқ достонлари сингари севиб куйланиб, сайқалланиб турганида у бошқа достончилик мактабларига ҳам етиб келган, бошқа муҳит бахшилари ҳам уни билган ва ёки у тўғрида маълумот бурган бўлур эди. Шунингдек достоннинг композицион тузилишидаги чекланиш ва ўзаро диалектик боғланишнинг йўқлиги ҳам уни достончилар орасида кенг тарқалмаганлигидан далолат беради. Бу ҳол достон тексти билан танишгач, янада яққолроқ кўзга ташланади.

Достонда воқеалар қуйидагича ривожлана боради. Бир ўтиришда подшонинг Жўравой исмли вазири билан Шайволи (Шайбоний) ўртасида низо пайдо бўлади ва ичкиликнинг кайфи билан «ўзбеклиги ғурру қилиб» вазирни бир шаполоқ солади. Натижада икки ўртада кескин келишмовчилик вужудга келади ва бунга Бовурхон (Бобурхон)нинг аралашувига сабаб бўлади. Жўравой Самарқанд подшоси Бовурхонга, Шайбоний устидан арз қилиб боради:

Ҳар банда қиз, хотиниман қарисин,
Эрисин тоғларди, қори эрисин.
Ё ундан кеч, ё мендан кеч Бовурхон,
Дот- найрот Шайволиси қурисин.

Жўравойнинг оҳ — фарёди, Шайбонийнинг шаънига айтган нолиш гаплари Бобурхонда ғазаб ва нафрат ҳис-туйғуларини уйғотиши табиий эди. Чунки Жўравой унинг вазири, қолаверса Самарқанднинг туб одами, бек -бекзодаларнинг фарзанди, йиқилса суяйдиган, гапини маъқуллайдиган одамлар кўп. Шайбонийхон бўлса, бошқа элатдан келган мусофир, ҳақиқат талаб, ғурурли ўзбек йигити. Унинг тик сўзлиги доим ҳақиқатни гапириши подшоликдаги мутаассуф, таъмагир, ҳийлагар ва ношуд амалдорлардан тортиб, ҳатто Бобурхоннинг ўзига ҳам малол келади. Шунинг учун ҳам Жўравойнинг оҳ-фарёди бир туртки бўлиб, Шайбонийни ўлимга буюради:

Жаллотларим Шайбонийни сўйинглар,
Дор остида икки кўзин ўйинглар,
Тириклайин терисини айириб,
Терисига самон тиқиб қўйинглар.

Бироқ тезда вазият юмшайди. Жўравой Бобурхонга келиб, Шайбонийнинг гуноҳидан ўтганлигини уни ўлимдан сақлаб қолишни илтимос қилади. Натижада Шайбонийга берилган ўлим жазоси уни Самарқанддан сургун қилиш жазоси билан алмашинади. Достончи шу ўринда Шайбоний характерига хос писихологик ҳолатни тасвирлашга , ички кечинмаларини, ўй-фикрларини акс эттиришга ҳаракат қилади. Зотан, Шайбоний қўллари боғланган ҳолда жаллоднинг қонли қамчиси остида Самарқанд кўчаларидан кетиб борар экан, худога илтижо қилиб шундай дейди:

Ҳолима раҳм айла, қодир худойим,
Мен жилайман бир ўзингга зор-зор.
Банди бўлиб, қайтай, бўлдим беқарор,
Сен асрасанг, Шайволига не гап бор?!

Шайбоний воқеалар кескинлашган дамда воқеага иккинчи вазир Тўравойнинг аралашуви билан тирик қолади. Шуни айтиш жоизки, достонда диний мотивларга кенг ўрин берилган. Бу мотивлар асар сюжетини ташкил этувчи воқеаларнинг деярли барчасида кўринади. Айниқса, Шайбоний номи билан боғлиқ воқеаларда диний мотивнинг жуда кучли эканлиги сақланиб туради. Шайбонийнинг оғир аҳволдан қутулиши муваффиятга эришуви ана шу мотивлар орқали асосланади. Зотан, бу мотив, ўша тарихий давр ва достон куйлаган замон нуқтаи назаридан қараганимизда, асарнинг эмоционал таъсир кучини оширишдан ташқари қаҳрамонлар образини идеаллаштириш борасида энг муваффақиятли қўлланилган бадиий усуллардан бири бўлган. Чунки, аввал кўриб ўтганимиздек диний мотивлар ёрдамида санъаткорлар тингловчиларни достондаги воқеа — ҳодисаларга бўлган ишончини мустаҳкамлаганлар, асар қаҳрамонлари Ҳизр ёки бошқа илоҳий кучларнинг мададига суяниб иш кўрганлар. Бу мотив барча ўзбек халқ достонларида айниқса «Гўрўғли» туркуми достонларида кенг ишланган.

Шайбонийхон Самарқанд шаҳридан бадарға қилингач, оғир машаққатларни бошидан кечиради, қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган чўл-биёбонларни пойи — пиёда кезиб чиқади. У ўз она юрти Чинғистон томон ошиқади, юраги ғам-аламдан эзилиб, ҳасрат-надомат чекади. Шунда ғойибдан унга куч-қувват мадад келади:

Омин деди жами ўтган пайғамбар,
Омин деди кўкда турган малаклар.
Чин сидқидил жилайверди Шайвали
Омин деди жер жузида Шайитлар,
Дуоси мустажиб бўлди баччани.
Олдиға келдилар жетти қаландар,
Шайвалининг жураклари чер бўлди.
Кам-кам эшитинглар гапти қизиғин,
Аввал худо, жами бузрук ёр бўлди.

Шоир Шайбонийхон характери ва психологиясини кичик-кичик деталлар орқали унинг руҳий ҳолатини очиб беради.»У гоҳ ерда очқаб, гоҳи сувсаб, қип-қизил чўлларда жолғиз жўл тортади». У Самарқандни ташлаб чиқиб кетар экан, Бобирхонга нисбатан бўлган қаҳр-ғазаби, нафрати туфайли қачонлардир яна лашкар тортиб қайтиб келишга, шаҳарни «зеру забар» қилишга онт ичади:

Жовлаб келиб Самарқанди устига,
От қўй Ўзбеклар деб Самаркон элди.
Бовурхонди келиб банди қилмасам,
Вой-вой-ей, Шайволи отим вурисин.

Шайбонийхон ўзи туғилиб ўсган ватани Чинғистон-Қозон қаълага етиб боргунча узоқ юради, ҳар хил қарама-қаршиликларга дучор бўлади, илоҳий кучлар ёрдамида улар устидан ғалаба қозонади. У мақсад сари дадил интилганлиги учун ҳам бошига тушган қийинчиликлари олдида саросимага тушмайди, иккиланмайди. Худди Бобурхон ва Жўравойларга қанчалик нафрат кўзи билан қараса, бошига тушган машаққатларни енгишга бор кучи билан тиришади. Шайбонийхонда аста-секин афсонавий паҳлавонларга хос куч-қувват мустаҳкам ирода, ақл-заковат пайдо бўла бошлайди. Бу хусусиятлар тўсиқлар, қарама-қаршиликлар замирида янада ривожлана боради. Шубҳасизки, бунда унга яна илоҳий кучлар, арвоҳ ва пирлар мадад беради. Шайбонийхон чўлда айиқ билан тўқнаш келади. Айиқ Шайбонийдан. Шайбоний эса айиқдан кучли бўлганлиги учун икки ўртадаги олишув узоқ давом этади, йўллар чангиб, тупроқлар гурпак бўлиб кетади. Шоир ҳар иккала кучли рақибнинг ғалабага бўлган интилишини, ички ва ташқи қиёфасини, ана шу пайтдаги ҳолатини жонли, бадиий жиҳатдан пишиқ мисраларда кўтарингки руҳ билан ифода этади. Бунда шоир достондаги диний мотивни, яъни Шайбонийхонни арвоҳ ва пирлар томонидан қўллаб-қувватланиши мотивини давом эттиради:

Томоша айланг Шайвалини ишини,
Отаси эшитган экан довушини.
Худодан давлатти арвоҳ қарашиб,
Кесиб олди шу айиқни бошини
Отаси ўнгарди қилган ишини.

Достонда бундан кейинги воқеалар янада кучли ривожлана боради. Шайбонийхон саргузашти гоҳ комик, гоҳ трагегик ҳолатлар билан уйғунлашиб кетган бир вазиятда тасвирланади. Ҳикоя қилинаётган ёки куйланаётган воқелик жараёнида Шайбонийхон характерига ёрқин хусусиятлар — мардлик, баҳодирлик ва инсонийлик, ақл-идроклилик каби фазилатлар очила боради. Шоир достонда тиниқ воқеа-ҳодисаларни беришга ҳаракат қилади ва қаҳрамонни зўр курашга — яъни, у ичган қасамга мувофиқ Самарқандга қайта лашкар тортиб боришга тайёрлай боради. Шайбонийхон қийинчиликларга бардош бериш, тўсиқларни енгиш жараёнида ўса боради.

Достонда ажойиб бир диолог берилган. Бу диологда Шайбонийхон характерига хос хусусиятлар унинг кемачи билан айтишуви жараёнида кўринади. Шайбонийхон аввал кемачига яхши гап билан мурожаат қилади, ялинади -ёлворади, лекни бундан бир иш чиқмаслигига кўзи етгач, дўқ қилишга, куч ишлатишга мажбур бўлади.Чунки кемачи дарёдан ўтказиб қўйиш учун ундан пул сўрайди.Шайбонийхон эса бундан қаттиқ ранжийди, пули йўқлигини айтади. Ана шу диологдан бир парча келтириб ўтамиз:

«Ана энди Шайвалихон айиқди жиғитиб, терисини тулуплай айириб олди. Энди калласини терисини чориқ қилди, камачини олдиға бориб қолди. Терини ортқилаб, ана энди Шайвалихон талтайиб турди. Ана энди камачига қараб бир сўз айтаяпти:

Камачи эшитгин менинг сўзимди,
Айиқ ўлтирай деб қўйди ўзимди,
Қаддингдан кетайин турғон кемачи,
Шу дайрадан ўтказиб қўй ўзимди.

Кемачининг айтаётган сўзи:

Қизлар билан ўйнағани боғ жахши,
Тулкиларга ўйнағани тоғ жахши,
Аввал кистангминан гаплаш жўловчи,
Ҳарна берсанг, камачига нақд жахши…

Энди Шайвалини айтаётган сўзи:

Жўл жураман кемачи, сувсиз даштга,
Савдони солманглар ёронлар бошга,
Савоб учун ўтирсанглар ўзимди
Иншолло боргайсиз овот бийишга.

Энди камачи айтаяпти:

Камбағал одамлар жашини тўкар,
Ўзингдан айланай холиқ беҳривор,
Ё билмайман, бизди мазах қилдингми,
Тур-тур кетавергин, энди баччалар.

Энди Шайвалини айтаётган сўзи:

Қилиб қўймай тағин, дарров ишингди,
Қайтариб қўй, сен логон бевошингди,
Аччувимни кўп келтирма камачи,
Тийримонга тортайинми бошингди.
Шу дайрадан мени ўтказмасанглар,
Тошиминан синдирай ўттиз тишингди».

Кема бошлиғи ва Шайбонийхон ўртасидаги келишмовчиликни баён этувчи диолог ҳар иккала образнинг ички ва ташқи қиёфасини, моҳиятини яққол очиб берган.Бу келишмовчиликнинг энг кескинлашган пайти Шайбонийнинг кема ходимлари билан бўлган тўқнашуви — муштлашуви пайтидир. Шайбонийхон бу тенгсиз олишувда уларнинг устидан ғалаба қозонади. Бутун кема ҳодисаларини қирғоққа қувиб чиқариб, дарёнинг нариги томонига ўтиб олади. Бундан кейинги Шайбонийхон саргузаштларини ўз ичига олувчи воқеалар анъанавий халқ достонларидаги сингари тардицион клемеларда, бадиий ифода воситаларида шеър билан берилади. Бу ерда ҳам диний мотив давом эттирилиб, Шайвалининг туш кўриши ва тушида Хизр билан учрашуви тасвирланади. Хизр Шайбонийхонга тилак тилайди:

Сен журарсан сувсиз дашга,
Бир кун кирарсан савашга,
Ғам жема Шайвали улим,
Сени миндирдим Кўк тошга.
Журагингдан кетар войим,
Бандам деди бир худойинг,
Самарқанддир сени жойинг,
Жилама, Шайвали улим.

Достонда бир қатор географик номлар келтирилиб, улар шоир томонидан жуда тўғри ифода этилган. У Қозоғистон, Нўғайистн ва Ўрислар мамлакатидан ўтиб,
Чинғистон ( Мўғилистон) юртига йўл олади. Қозон- қаъалада чопонининг йиртиғида олиб юрган ёмон кунга асраб қўйган гавҳар яманийни бозорда сотиб, катта пулга эга бўлади. Буни сезган Қозон- қалаликлар Шайбонийни шу ерда олиб қолиб, ҳийла ишлатиб пулини тортиб олиш пайида бўладилар. Лекин ақл-заковати ўткир Шайбоний ҳийлакорликда улардан ҳам устун келади ва қозон-қаъланинг «Бовобеги» даражасига кўтарилади. Ҳар тарафдан одам йиғдириб, мол-мулк тўплайди, мулла-эшонларнинг бой-бадавлат кишиларнинг от-уловини тортиб олади. Қозон-қаъла халқи Шайвалини ўз султонлари қилиб кўтарадилар. У «Ўзбекларди битта қолмай уйиб», «Самарқон устига, Бовурхон қастига» юриш қилади.

Шайбонийхоннинг Самарқандга қилган юришининг асл ижтимоий моҳияти у ўзи қувғин бўлган шаҳарга лашкар тортиб бориб, ҳақиқат ва адолатни тиклаш, рақибларидан ўч олиш, ҳокимиятни ўз қўлига олишгина эмас, балки ташқи давлатлар билан савдо-сотиқни яхши йўлга қўйиш, халқ фаравонлигини оширишдан, энг муҳими ягона марказга эга бўлган цивилизациялашган ўзбеклар давлатини барпо қилишдан иборатдир. Бу ижтимоий ғоя асар композициясига маҳорат билан сингдирилиб юборилган ва бутун воқеа-ҳодисалар мана шу ғояга бўйсундирилган ҳолда ривожлантирила боради.

Шоир достонда кўпроқ майда эпизодлардан, кўзга ташланмайдиган деталлардан катта бадииий умумлашмалар чиқаришга интилади. Масалан, Шайбонийхоннинг Қозон-қаълага етиб келгунига қадар рўй берган воқеа-ҳодисаларга, қаҳрамон характерини очиш учун хизмат қилган қарама-қаршиликларга жиддий эътибор берилса, ундан келиб чиқадиган ғоя ўз-ўзидан яққол англашилади. Шайбоний «бийдай» чўлда табиат устидан, ёввойи махлуқлар устидан ғалаба қозонади, тенгсиз курашда мол-дунёга ҳирс-қўйган, ҳиссиз, эзгу инсоний хусусиятлардан марҳум бўлган қароқчи сифат ёвуз кишиларни енгиб чиқади.Шубҳасизки, шоир бу билан ўз идеали-Шайбонийни ҳаётдаги барча қусурларга, разиллик ва адолатсизликка, тенгсизликка қарама-қарши қўймоқда. Достончи ўз қаҳрамонини ҳаётда мавжуд ҳамма қусурларни тугатишини, рақиблар устидан ғалаба қозонишини истайди. Шоирнинг Шайбонийга бўлган симпатияси достонда аниқ сезилиб туради.

Достончи кўп ўринларда лирик чекинишлар орқали воқеа ҳикоя қилинаётган пайтдаги ҳолатни беришга, кишилар психологияси ва уларнинг ички-ташқи қиёфасини чизишга ҳатто тингловчи кайфиятини ифода этишга ҳаракат қилади:

Мерганлар жай отар кўлда ғозига,
Қулоқ сонглар Пўлкан шоир сўзига,
Катта-киччи, хотин-халаж жийилиб,
Қўрқоқларди қовоқлари уйилиб,
Овмин деб патиха тортди бетига.

Достончининг муваффақияти шундан иборатки, у достон поэтикасини ўзига хос таъсир, ўзига хос эҳтиросни таъминлай олган ва натижада шакл ва мундарижа ўртасида ўзаро деаликтик мутоносиблик вужудга келган. Бу мутаносибликни достон поэтикасида айниқса яққол кўриш мумкин. Масалан, шеърий вазннинг рўй бераётган воқеликнинг ички моҳиятига ва психологиясида содир бўлаётган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда танлаш, аввалдан анъанавий халқ достонларида қўлланиб келишган традицион эпик клишерлардан моҳирона фойдаланиш ҳар бир шеърий сатрнинг оҳангини эътиборга олиш — достоннинг бадиий эмоционаллигини оширишга хизмат қилган.

Достонда, табиат манзараси, инсон кайфияти, унинг руҳий ҳолат тасвирига айниқса кенг ўрин ажратилган. Ғайрати танасига сиғмасдан «Қурттай қайнаб булкуллашиб, чигирткадай чирқиллашиб, чўлларда отларди желиб» кетиб бораётган Шайбоний лашкарларининг кўтаринки руҳи , «туя жеталаган қозоқ» ва «карнай — сурнай тортган ўзбек», «ай-у-уй» деб ўлан айтаётган нўғайнинг шодиёна овози», қалб туғёни эшитилиб туради.

Шайбонийхон Сувли, Калас, Заркат ва Пискантдан ўтиб, лашкарлари билан Тошкентга кириб келади. Биз бу эпизодда Шайбонийхонни ўзбек, қозоқ, нўғай халқларини бирлаштириб, ўрта Осиёда марказлашган ягона бир мамлакат бунёд бунёд этиш учун курашга шайланган моҳир лашкарбоши, сиёсий йўлбошчи сифатида кўрамиз.Гарчи у ҳар сўзида «худо»ни ёд этиб, «пайғамбарларга» сиғиниб турса-да, бу тадбир замирида улкан бир реалистик мақсад яшириниб ётибди. У ўзининг йўлбошчилик маҳорати туфайлигина халқларни Бобурхон хонлик қилаётган дунёга машҳур, узоқ яқинига даҳшат солиб турувчи Самарқандга қараб отлантиришга муваффақ бўлади. Шоир Шайбонийнинг «лак-лак» лашкар билан Тошкентга кириб келишини ва одамларнинг унга нисбатан дўстона меҳр-шафқат кўрсатишини шундай ифода этади:

Хўп муасса қилайлик деб,
Агар бир зўр пошшо бўлса
Биз пухоро бўлайик деб,
Айтганига кўнайик деб,
Аҳди-омон қилайиқ деб,
Ҳамма одам чиғиб кетти.

Достончининг изоҳига Тошкент ҳам Бобурхон қўл остидаги шаҳар эди. Ўзга бир юртдан шундай катта подшо мамлакатига Шайбонийхоннинг лашкар тортиб келиши дастлаб маҳаллий аҳволини анча ташвишга солиб, ўйлантириб қўяди. Аммо Шайбонийнинг адолатли, халқпарвар подшо эканлигини кўргач, улар ҳам «Самарқанд устига, Бобурхон қастига» от соладилар.

XDK

(Tashriflar: umumiy 1 589, bugungi 1)

Izoh qoldiring