Muhammad Rahmon. Hazrati Bashir hikmatlari & Xurshid Davron. Muhammad Rahmonni eslab

055Ноёб истеъдод эгаси  Муҳаммад Раҳмон таваллудининг 65 йиллиги олдидан

Шоирнинг биргина «Яшил дарё» тўплами ўзбек шеъриятидаги бадиийлик жиҳатидан энг юксак китоблар қаторига киради. 1979 йилда нашр бўлган бу китоб ўша йилнинг биринчи китоби эди десам, хато қилмайман (Бир дўстимиз эса «Муҳаммад Раҳмоннинг “Яшил дарё” тўпламини 1979 йилнинг энг самимий китоби» деб ёзган эди) . Бу китобдаги ҳар бир шеър ҳақида алоҳида мақола ёзиш мумкин. Агар шоир биргина шу китобини қолдирганда ҳам ундаги ҳар бир шеър, ҳар бир сатр буюк истеъдод ҳақида дарак берарди.

Хуршид Даврон
МУҲАММАД РАҲМОННИ ЭСЛАБ
077

02Мен Муҳаммад Раҳмон билан «Ёш гвардия» нашриётида 7-8 йил давомида бир хонада ўтириб ишлаганман. Яхши-ёмон кунларни бирга кечирганмиз. Ҳар доим бир-биримизни қўллаб, бир-биримизнинг айбимизни яшириб, яхшилигимизни ошириб ишлаганмиз. Дастлаб «Ғунча» ёнидаги, кейинчалик Чилонзор Оқтепасидаги хонадонида тонггача суҳбатлашганларимиз асло эсимдан чиқмайди.

Муҳаммад ака мен яшаган Юнусободдаги уйдаги қўшним — радиода узоқ йиллар бирга ишлаган Қадам Саидмурод хонадонига тез-тез келиб турар, ва албатта, ё меникига кириб келишарди, ё мени пастга олиб тушишарди. Муҳаммаджон аканинг келганини пастдан эшитилган қаҳ-қақ уриб кулганидан билиб қолардим. Сархуш пайтида ҳар икки гапидан кейин қаҳ-қаҳлаб кулиш аканинг «визитный карточкаси» эди. Узоқ муддат битта хонада ишлагандан кейин Муҳаммаджон аканинг феълу атворини яхши билиб олган эдим. Битта гап билан айтсам,бундай покиза ва оқкўнгил инсонни ҳаётимда кам кўрганман.

Ёшлик экан, сархуш давралар қуриб ярим тунгача бирон бир жўрамизникида ёки чойхонада қолиб кетардик. Ва янгамизнинг феълини яхши билганимиз учун Муҳаммаджон акани ҳар сафар Усмон ака билан бирга уйига олиб бориб қўярдик.

Фарзанди Умиджоннинг ўлими шоирни икки букиб қўйди. Бу фожианинг шоир юрагида қандай зилзилалар ясаганини фарзандига бағишлаган шеърларини ўқиганда билиб олиш мумкин. Бу шеърларни ўқишнинг ўзи нечоғли азоб эканидан уни ёзган шоир чеккан изтироб ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Ўша олис ёшликда ким ўзарга мақтанчоқлик қилганимизда ҳам, кейин ҳам Муҳаммаджон ака бирон марта бўлса ҳам «Мен зўр шоирман!» деб айтмаган. Бизга қараб кулиб турарди,холос. Биз мақтансак-да, Муҳаммаджон аканинг қандай шоир эканини яхши билардик. Такрор-такрор айтаман: Жуда катта истеъдод эгаси, бетакрор шоир эди Муҳаммад Раҳмон.Авлодимизнинг энг зўр шоири эди Муҳаммад Раҳмон!

Унинг биргина «Яшил дарё» тўплами ўзбек шеъриятидаги бадиийлик жиҳатидан энг юксак китоблар қаторига киради. 1979 йилда нашр бўлган бу китоб ўша йилнинг биринчи китоби эди десам, хато қилмайман.  (Бир дўстимиз эса «Муҳаммад Раҳмоннинг “Яшил дарё” тўпламини 1979 йилнинг энг самимий китоби» деб ёзган эди. У яна шундай битган эди: «“Яшил дарё” китобининг асосида мунис бир жасорат ётибди. Балки “мунис” сўзи ҳаддан ташқари юмшоқ, “жасорат” эса, қаттиқ туюлиши мумкин, аммо мен бошқа ибора тополмадим. Чунки, шоирнинг жасорати “катта проблемалар қўйиш” билангина чекланмайди, бу жасорат ўз сезгиларидан уялмай келтирган иқрорида ҳамдир. Жасорат дегани атрофидаги ёлғончиларга дўқ уриб, бақиришгина эмас, балки, уларнинг даврасида ўтириб, ўз фикрини айтмоқ ҳамдир. Ваҳоланки, баъзи ёзувчи ва шоирлар “одамнинг сўзи билан иши бир бўлиши керак”, деб ўгит қиладилар, аммо хотинининг қулоғига “бу адабиёт эмас сенга, ҳаётдир” деб шипшийди, ёки “ўзимни адабиётга қурбон қиляпман”, деб шеърлар ёзади-ю, ўзи эса, дуч келгандан қурбонлик талаб қилади, шеъриятдан бошқа ҳамма нарсаси бўлганлар “шеъриятдан бошқа ҳеч нарсам йўқ”, деб алдайдилар.)

«Яшил дарё» китобидаги ҳар бир шеър ҳақида алоҳида мақола ёзиш мумкин. Агар шоир биргина шу китобини қолдирганда ҳам ундаги ҳар бир шеър, ҳар бир сатр буюк истеъдод ҳақида дарак берарди.

Муҳаммад аканинг бир шеъри бор. Бу шеърда унинг яна бир дарди яширинган эди. Мана бу шеър:

Ургутни ва сени тусаса кўнглим,
Бир ҳолат ёдимга тушади бот-бот:
Ўзидан бехабар меҳрибон синглим,
Жон синглим, соддасан шунчалар наҳот.

Қўлларинг ишда-ю, мендадир кўзинг,
(Чекаман. Оқ тутун ўрлайди шифтга!)
— Шу ўлгурни ташланг, — дейсану ўзинг
Тамаки баргларин тизасан ипга…

Муҳаммад ака эрта ота-онасидан ажралган, етим ўсган. Термиздаги болалар уйида ўсмир ёшида ўша даврнинг яхши шоирларидан бири Теша ака Сайдалиев назарига тушган, аканинг хонадонида яшаган. Кейинчалик Тошкентда келиб, ТошДУда таҳсил олиб юрган пайтларида ўша етимликнинг дастлабки йилларида изини йўқотиб қўйган синглисини қидира бошлаган. Излаб-излаб синглисини Ургутдан топган. Тақдирнинг ўйини туфайли сингил тожик оиласида ўсиб, вояга етгани учун ўзбекчани қарайиб унутган, сингил тожикка айланган.

Ўша «Ёш гвардия»да бирга ишлаган йилларимизда Самарқандга бораётганимни билиб қолган Муҳаммад ака менга ҳамроҳ бўлди. Борар манзилини суриштирсам, Ургутни тилга олди. «Ургутда нима қиласиз?» деб сўраганим, «Синглимникига бориб келаман, соғиндим» деб жавоб бергани қулоғим остида турибди. Кейин кулиб-кулиб, синглиси тожик «бўлиб қолгани» ҳақида гапириб берган эди.

Бугун айрим нодон кимсалар «фалончи тожик», «писмадончи ўзбек» деб, бир-бирларига айбнома тошларини отганда, Муҳаммад аканинг синглиси эсимга тушади. Уни — етим қолган бир ўзбек қизини тожик оиласи ўз боласи билиб, вояга етказганини эслайман. Ва яна неча-неча ўзбек оилаларида етим тожик болалари ҳам тарбия топганини, топаётганини эслайман. Бу айбномаларни пешлаган муттаҳамларни ўзбекнинг ҳам, тожикнинг ҳам душмани эканини биламан. Ҳозир шу гапларни ёзар эканман, кўнглим ичидан бир швир келди: Ҳозир қандай яшаяпсан экан, Муҳаммад акамнинг синглиси! Меҳрибон акангни соғингандирсан, синглим, меҳрибон синглим!

Муҳаммад аканинг етимлик ҳасрати унинг энг ёрқин шеърларида (айниқса, «Якшанбалар»да,»Эриётир муздек бу бағир» сатрлари билан бошлаган онасига бағишланган шеърда) акс этган. Баъзан айни шу етимликда меҳрни кам кўргани учун ҳам шоир меҳр улашишни ҳаётининг мазмунига айлантирган бўлса ажабмас, деб ўйлайман.

65 ёши арафасида Муҳаммад Раҳмонни эсламак ниятида шоир ижодининг энг ёрқин намуналаридан бири бўлмиш «Ҳазрати Башир ҳикматлари» туркумини сизга тақдим этмоқдаман.

Муҳаммад Раҳмон
ҲАЗРАТИ БАШИР ҲИКМАТЛАРИ
091

022Ҳазрати Башир (1368-1464) тасаввуфнинг улуғ шайхларидан. Асл исмлари Султон Сайид Аҳмад Али. Волидалари Биби Малокат ёшлари ўтиб қолган пайтда дунёга келган ва  кўкрак сути эммай вояга етганлар. Кунялари шундан Бешир.
Шайх Бузруквор Яссавия тариқатига амал қилганлар. Мирзо Улуғбек у зотни шахсан таниган, ҳурматларини жойига қўйган. Ботиний илмлар соҳиби Ҳазрати Башир таълимоти асосида инсон тарбиясида моддийликдан ғойибга интилиш – нафсни синдириш ғояси ётади. Ҳазрат тариқатларида сўфизмда кам учрайдиган рақс ва само усули ҳам бўлган.
Китоб туманининг Башир, Палангдара қишлоқларида шайх авлодлари ҳозиргача истиқомат қилишади. Шулардан бири — палангдаралик. Исомхон эшон хонадонларида шайхнинг авлоддан-авлодга ўтиб келган маноқиблари сақланган. Маълум сабабларга кўра узоқ йиллар кўздан йироқ сақланган мазкур қўлёзма истиқлол шарофати туфайли дунё юзини кўрди. Китобнинг иккинчи нашри – “Ҳазрати Султон ва Ҳазрати Башир тарихи”га (1996 йил) муҳтарам домламиз, йирик тасаввуфшунос олим Нажмиддин Комилов сўзбоши ёзганлар.
Ҳазрати Баширнинг қазо йиллари абжад ҳисобида “Мири ҳақиқат” бўларкан. Маноқибни синчиклаб, диққат-эътибор билан ўқиган киши, дарҳақиқат, ҳаёт муаммоларидан ўзини олиб қочмаган, одамларни поклик, ҳалолликка даъват этиб, ҳақиқатнинг кўзига тик қарай билган куйинчак, бир оз жиззакироқ зотнинг нурли сиймосини кўргандай бўлади.
Ҳукмингизга ҳавола этилаётган туркум маноқиб мутолааси жараёнида туғилган фикр-мулоҳазалардир. Мен уларни Ҳазратнинг тафаккур тарзларига мослаб, ўзларининг номларидан баён этишга журъат этдим. Ўхшамаган жойлари бўлса шайхимнинг руҳи покларидан махфират тилайман.

091

Бу боғ хазон сипоҳи, куздан ҳам қолар бир кун,
Баҳор келса, қорлару муздан ҳам қолар бир кун.
Пешоб билан ўзига ер хатлаган қашқирлар,
Биздан қолганди бу боғ, сиздан ҳам қолар бир кун.

* * *

Пайғомдек чўп бўлиб чойимга келмиш,
Бир ҳикмат йиллару ойимга келмиш…
Фано даштининг мен тупроғи бўлдим,
Подшолар бош эгиб пойимга келмиш.

* * *

Чақув бозорида чопиб бердилар,
Ит бўлиб бағримни қопиб бердилар.
Бўлди назаркардам улуғлар охир,
Нокаслар менга дўст топиб бердилар.

* * *

Зулмат бошқа-бошқа, нур бошқа-бошқа,
Тош – бошқа, мис – бошқа, дур – бошқа-бошқа.
Мен тавба қиламан фосиқлар учун,
Гарчи сўроқ бошқа, гўр бошқа-бошқа.

* * *

Баайни кумуш зар, тиллага келди,
Йил моҳи рамазон паллага келди.
Худоё , етказган кунингга шукур,
Аждаҳо нафслар чиллага келди.

* * *

Келдиму кўп хотири малол бўлдим,
Дунё, ишларингдан гангу лол бўлдим.
Нега ўт эмасман, пода еб кетса,
Нега мен соҳиби илми ҳол бўлдим.

* * *

Нега бунча биғиллар пуккамас чикка бола,
Туғилибоқ кимга зор, кимга ичиккан бола?!
…Қиёмат кунигача йиғлармиш отасини –
Кўриб қолишга бир кун, б-и-р кун кечиккан бола!

* * *

Фитна, ғавғосидан дор ухламайди…
Неча тул, етимлар зор ухламайди.
Ҳаттоки илонлар ухлайди қишда,
Лекин қўш оёқ бу мор ухламайди.

* * *

Биби Малокатдан туғилган эрман,
Хом сут ҳам эммаган бандаман, ерман…
Сендан ком бўлмади қари онамдек,
Дунё, беширдирман, ҳам беширман.¹
(¹ Сут эммай ўсганлигига ишора)

* * *

Хуш агар нозу адоси қоши қаролар яхшидир,
Топса малҳам дил яроси савти наволар яхшидир.
Якка қол, ўртанма ҳаргиз маҳрами дил бўлмаса,
Мардуми ғайблар билан махфилоролар яхшидир.

* * *

Ҳимматинг ҳам, миннатинг ҳам тожи сарим, кулоҳимдир,
Фалак тоқига чирмашган тутун эрмас, ул оҳимдир.
Билганлари таъқиб ўлди, ҳама манга рақиб ўлди,
Сенга дўст-ёр тутинганим манинг бор-йўқ гуноҳимдир.

* * *

Тоғлар гўзал, боғларни сарафроз кўрадирман,
Юлдузлар порлоқ, баланд – хўб ва соз кўрадирман.
Суратим, сийратимдан дам урарға заъф йўқ –
Қачон ўзимни комил ҳам мумтоз кўрадирман?!

* * *

Югурик вақт дарвозада қабза урар,
Ухлама, деб, ҳар сония, лаҳза урар:
То бир силаб олгунингча соқолингни,
Неварангнинг мўйлови ҳам сабза урар…

* * *

Саркаш дарё бўлиб оқ, йўлинг бандлиғ бўлмағай,
Очилиб кул гул каби, заҳархандлиғ бўлмағай.
Унутма, бу дунёда етим ҳам бор, хор-зор бор,
То бу шодмонлиғ сенга гиёвандлиғ бўлмағай.

* * *

Қўш тақимда бир улоқ, учар оқ, қора тулпор,
Хирқирар чавандозлар: — Қўйвор-а, қўйвор, қўйвор!..
Тушгиси йўқ шаштидан на унинг ва на бунинг,
Олдда эса – алҳазар! – жаҳаннам бор, жарлик бор!

* * *

Кетма, дўст, тун қоронғу, дўнг, чуқур, пастлик ёмон,
Ҳар қадамда дайди ит – захму шикастлик ёмон,
Ҳазир ўл, дейман, нега титраб кетяпман ўзим? –
Қолмоқдаман кулбамда ёлғиз – бекаслик ёмон.

* * *

Ҳассасин дўқиллатиб келар эди бу гадо,
Ҳар уйдан хайр-эҳсон тилар эди бу гадо.
Тўхтаб ўтмасди фақат бойларнинг эшигида,
Чамамда, бир нарсани билар эди бу гадо.

* * *

Комилликка қалб йўл бўлғай – Саидаҳмат,
Сафар иста, мақбул бўлғай – Саидаҳмат.
Минг ранж ила ўз қалбингга етолсанг,
Зиёратинг қабул бўлғай, Саидаҳмат.

* * *

Сиз – шаҳри азимдансиз, мен – кўҳи баланддаман,
Лекин аҳли дил қайда бўлса мен ҳам андаман.
Султонманми гадоман, саидманми ё ғулом,
Куням, унвоним банда, бандадирман бандаман!

* * *

Қалъайи иймоннинг посбони эдим,
Ишқу муҳаббатнинг достони эдим.
Ваҳ, мардум билмади жон фидо қилсам,
Балки, мен ердан-мас, осмони эдим.

* * *

Янграгин ҳам ярагин дил кориға, рақси само,
Мен борай ўздин яна ҳар сориға, рақси само.
Қўл эмас қўллар – қанот, ёздим, мана, парвоз учун,
Восили эт холиқо дийдориға, рақси само.

* * *

Бандайи ғофил, кўзинг оч, мен дилингни дил қилай,
Ҳам тариқат, ҳам ҳақиқат шевасин тадбил қилай.
Сен учун дунёйи дун шароб тўла хумдир магар,
Мен ўшал дунёни тошға урибон чил-чил қилай.

* * *

Менда сўз йўқ дегали, очгали – сенда қучоқ,
Ўт эдик, оташ эдик, энди – кул босган ўчоқ.
Дўст, дўст, не сир-синоат, бу фаромушлик надир:
Олмадинг, кесгач анор, ўртада қолди пичоқ…

* * *

Борсан сонда бугун, саноқда борсан,
Эрта ким билади, бекассан, хорсан.
Кафанлик қайғуси бошимда салла, —
Ё фалак, бунчалар шумсан, ғаддорсан!

* * *

Сўнгги пушаймон бу! Ол, ақл пешлаб:
Бекорга боқишмас ем ташлаб, қашлаб, —
Бўрдоқи калласи танидан жудо,
Ётар пештахтада тилини тишлаб!

* * *

Санамо, бу ишқни мен байт айласам,
Ҳар кўнгил авроғига қайд айласам.
Ётсангиз ойдинда сиз ойдек бўлиб,
Ойни мен баркаш қилиб савт айласам!

* * *

Ёлғонни қўймадинг, бўлди, десак ҳам,
Сабримиз косаси тўлди, десак ҳам.
Энди тобутингни ким кўтаради,
Кимса ишонмайди, ўлди, десак ҳам.

* * *

Эгри мўрикондан эгри тутун чиққан,
Асл нав деганлари гоҳ ўтин чиққан.
Сен бу сувга тупурмагин, ризқинг учун,
Новдан ташлаб, тегирмондан бутун чиққан!..

* * *

Балки ўғридирсан, балки тўғрисан,
Иснодсан ё шараф, тагли-туглисан.
Кимсан, деб сўрашмас зурриёдингдан,
Сўрашар аввало:
Кимнинг ўғлисан?..

* * *

Макрдан бехабар, кўзида хоби,
Бадмаст май тилади, келмасдан тоби.
Нўхатдек тош отдим, тешилди хумлар,
Тизиллаб отилди Шайтон пешоби…

* * *

Тириклик ташвиши бор, азизим, тирик жонда,
Балиқлар сувда ҳалак, шер, оҳулар – ўрмонда.
Оқармоқда соч-соқол ун чангида қолгандек,
Ўтар бизнинг умримиз баайни тегирмонда.

* * *

Кўчадан бош эгиб юриб борарди,
Балки қилмишидан кўриб борарди:
Шамолда парпираб қўлсиз бир енги
Ўғрининг юзига уриб борарди!

* * *

Шайтон қутқу солар, гоҳ баланд дасти,
Бор унинг азалдан бандага қасди.
Барҳақ барҳақлигин тасдиғи учун
Ойни муҳр қилиб фалакка босди.

* * *

Бугун бу ердамиз, эрта андамиз,
Ҳамиша бири кам, омад кандамиз.
Осмон тўнтарилган қозондир, Эгам,
Тўқ ўтгач тўйингга келган бандамиз.

* * *

Қўрқув ва итоат надир, — ўйлагин,
Мен айтмай – эшитма, девор бўйлагин:
Ичида қарғаниб кир ювар аёл,
Муштлар жомашовда эрнинг кўйлагин!

* * *

Дашти фаносида югурдим, елдим,
Бегона эканман мен бунда, билдим.
Худойим, изн бер бир зум дам олай,
Ниҳоят, ўзимнинг уйимга келдим.

* * *

Шундоқ ҳам кўнглимда бор эди чега,
Нега ишин қилдинг бедил ғанимни…
Нега кексаликдан гап очдинг, нега,
Сенсиз ҳам билардим қартайганимни!..

* * *

Айт, қачон йилдирим Ғирот сўрадим,
Самарқанд, Бухоро, Ҳирот сўрадим.
Уйинг, бола-чақанг, жонинг соғ бўлсин! –
Сендан ҳам ушмундоқ мурод сўрадим.

* * *

Иддао устага, эгасигами:
Сачрар учқун бўлиб фарёди, ғами.
Кесганнинг ҳолини кесилганда кўр:
Чархда чириллайди пичоқнинг дами.

* * *

Мен кўҳи баланддан энар эдим, дўст,
Сен шаҳри азимдан келар эдинг, дўст.
Агарчи йўлимиз тескари эди,
Асли бир манзилга кетар эдик, дўст.

* * *

Қулоқ — гўш¹ ўртанмас, ўйга толмайди,
Неча бор чўзилган, эсга олмайди.
Бошқадир, ҳа, юзнинг йўриғи бошқа:
Битта тарсакини унутолмайди!

(¹ Қулоқнинг форсийча номи).

* * *

— Ҳақ дея ҳайқирган айбдор топилган:
Ким дорга тортилган, кимдир чопилган…
Нега индамайсан, сен жимсан нега?
— Оғзимда ноним бор… оғзим ёпилган!..

* * *

Гуноҳкор бандангман, шу экан борим:
Қусурдан холимас амалим, корим.
Кечиргин бир лаҳза унутган бўлсам,
Сен мени унутма, Парвардигорим!

* * *

Туёғидаги “хат”ни оч бўрига “ўқитган”
От ёлларин шамоллар ҳали-ҳамон тарайди.
Эминликдир, ҳушёрлик ёвузликни йиқитган,
Тушовдаги тулпорни итпашша ҳам талайди!

* * *

Кўп кўрганман жазавангни, шовушингни,
Кўтармасанг бўлармиди товушингни.
Насиҳатинг учун қуллуқ…
Ўнгу терсдир,
Тўғри кийиб олгин, болам, кавушингни.

* * *

Кўклам – кечалари ёп-ёруғ тушдир,
Кундузи руҳимда сайраган қушдир.
Елда чайқаламан қизғалдоқ каби,
Ёраб, нафасларинг бунчалар хушдир!

* * *

Аё замон, сенми бу нав тарз берган,
Ажиб бир ҳол мантиғини йўқлайди:
Шифтга қараб уф тортади қарз берган,
Қарз кўтарган хуррак отиб ухлайди!

* * *

Гулу гулшанга оро райҳонларни севарлар,
Руҳафзо қумриларни – сайронларни севарлар.
Илму аъмолинг нима? Ўзинг, ўзлигинг надир? –
Кўзи учун, бил, фақат жайронларни севарлар!

* * *

Эй, шоҳ, демасман, ғариб-ғурабо бандани қўй,
Сен алар кўзига боқ – шум надим, гандани қўй.
Ҳасби ҳол билмак учун шартми гадолик суврати,
Хуфиёна сайри шаб, кулоҳу жандани қўй!

* * *

Кўзларингга дунёни аломат кўрсатайму?
Олиб дардларинг яна саломат кўрсатайму?
Қайтсаму аслиға у мардумсиёқ газандалар –
Каромат устиға боз каромат кўрсатайму?!

* * *

Ажаб нусхалар кўрдим – дўст-ёр, танишни хушламас,
Кимса қоқмас эшигин – бориш-келишни хушламас.
Меҳмон-ку – сеники, у бўйлаб деворни чимрилар,
Остонангда ечилган кавуш, калишни хушламас!

* * *

Пайкалда ажабтовур кураш эди, жанг эди,
Бир-бирига ўралиб аҳволлари танг эди…
Ер талашган бу икки нодон, билсанг, аслида
Қачондир кетмоқ бўлган битта чувалчанг эди!

* * *

Чоку чок бағрим яна тилиндими, дейман-ов,
Беш кунлигинг, эй дунё, билиндими, дейман-ов,
Мен юз йил яшамадим, сайёд қувган оҳунинг
Соясида бир лаҳза кўз илинди, дейман-ов.

* * *

То саҳар қон ютиб зикрида бўлдик,
Анга қурбон бўлмак фикрида бўлдик.
Ўлмадик оёқдир осиб ҳам ўзни, —
Хисби-ҳимояти, илкида бўлдик!

012

Noyob iste’dod egasi  Muhammad Rahmon tavalludining 65 yilligi oldidan

Xurshid Davron
MUHAMMAD RAHMONNI ESLAB
077

 07  Men Muhammad Rahmon bilan «Yosh gvardiya» nashriyotida 7-8 yil davomida bir xonada o’tirib ishlaganman. Yaxshi-yomon kunlarni birga kechirganmiz. Har doim bir-birimizni qo’llab, bir-birimizning aybimizni yashirib, yaxshiligimizni oshirib ishlaganmiz. Dastlab «G’uncha» yonidagi, keyinchalik Chilonzor Oqtepasidagi xonadonida tonggacha suhbatlashganlarimiz aslo esimdan chiqmaydi.  Muhammad aka men yashagan Yunusoboddagi uydagi qo’shnim — radioda uzoq yillar birga ishlagan Qadam Saidmurod xonadoniga tez-tez kelib turar, va albatta, yo menikiga kirib kelishardi, yo meni pastga olib tushishardi. Muhammadjon akaning kelganini pastdan eshitilgan qah-qaq urib kulganidan bilib qolardim. Sarxush paytida har ikki gapidan keyin qah-qahlab kulish akaning «vizitniy kartochkasi» edi. Uzoq muddat bitta xonada ishlagandan keyin Muhammadjon akaning fe’lu atvorini yaxshi bilib olgan edim. Bitta gap bilan aytsam,bunday pokiza va oqko’ngil insonni hayotimda kam ko’rganman.

Yoshlik ekan, sarxush davralar qurib yarim tungacha biron bir jo’ramiznikida yoki choyxonada qolib ketardik. Va yangamizning fe’lini yaxshi bilganimiz uchun Muhammadjon akani har safar Usmon aka bilan birga uyiga olib borib qo’yardik.

Farzandi Umidjonning o’limi shoirni ikki bukib qo’ydi. Bu fojianing shoir yuragida qanday zilzilalar yasaganini farzandiga bag’ishlagan she’rlarini o’qiganda bilib olish mumkin. Bu she’rlarni o’qishning o’zi nechog’li azob ekanidan uni yozgan shoir chekkan iztirob haqida gapirmasa ham bo’ladi.

O’sha olis yoshlikda kim o’zarga maqtanchoqlik qilganimizda ham, keyin ham Muhammadjon aka biron marta bo’lsa ham «Men zo’r shoirman!» deb aytmagan. Bizga qarab kulib turardi,xolos. Biz maqtansak-da, Muhammadjon akaning qanday shoir ekanini yaxshi bilardik. Takror-takror aytaman: Juda katta iste’dod egasi, betakror shoir edi Muhammad Rahmon.Avlodimizning eng zo’r shoiri edi Muhammad Rahmon!

Uning birgina «Yashil daryo» to’plami o’zbek she’riyatidagi badiiylik jihatidan eng yuksak kitoblar qatoriga kiradi. 1979 yilda nashr bo’lgan bu kitob o’sha yilning birinchi kitobi edi desam, xato qilmayman. Bu kitobdagi har bir she’r haqida alohida maqola yozish mumkin. Agar shoir birgina shu kitobini qoldirganda ham undagi har bir she’r, har bir satr buyuk iste’dod haqida darak berardi.

Muhammad akaning bir she’ri bor. Bu she’rda uning yana bir dardi yashiringan edi. Mana bu she’r:

Urgutni va seni tusasa ko’nglim,
Bir holat yodimga tushadi bot-bot:
O’zidan bexabar mehribon singlim,
Jon singlim, soddasan shunchalar nahot.

Qo’llaring ishda-yu, mendadir ko’zing,
(Chekaman. Oq tutun o’rlaydi shiftga!)
— Shu o’lgurni tashlang, — deysanu o’zing
Tamaki barglarin tizasan ipga…

Muhammad aka erta ota-onasidan ajralgan, yetim o’sgan. Termizdagi bolalar uyida o’smir yoshida o’sha davrning yaxshi shoirlaridan biri Tesha aka Saydaliev nazariga tushgan, akaning xonadonida yashagan. Keyinchalik Toshkentda kelib, ToshDUga tahsil olib yurgan paytlarida o’sha yetimlikning dastlabki yillarida izini yo’qotib qo’ygan singlisini izlay boshlagan. Izlab-izlab singlisini Urgutdan topgan. Taqdirning o’yini tufayli singil tojik oilasida o’sib, voyaga yetgani uchun o’zbekchani qarayib unutgan, singil tojikka aylangan.

O’sha «Yosh gvardiya»da birga ishlagan yillarimizda Samarqandga borayotganimni bilib qolgan Muhammad aka menga hamroh bo’ldi. Borar manzilini surishtirsam, Urgutni tilga oldi. «Urgutda nima qilasiz?» deb so’raganim, «Singlimnikiga borib kelaman, sog’indim» deb javob bergani qulog’im ostida turibdi. Keyin  kulib-kulib, singlisi tojik «bo’lib qolgani» haqida gapirib bergan edi.

Bugun ayrim nodon kimsalar «falonchi tojik», «pismadonchi o’zbek» deb, bir-birlariga aybnoma toshlarini otganda, Muhammad akaning singlisi esimga tushadi. Uni — yetim qolgan bir o’zbek qizini tojik oilasi o’z bolasi bilib, voyaga yetkazganini eslayman. Va yana necha-necha o’zbek oilalarida yetim tojik bolalari ham tarbiya topganini, topayotganini eslayman. Bu aybnomalarni peshlagan muttahamlarni o’zbekning ham, tojikning ham dushmani ekanini bilaman. Hozir shu gaplarni yozar ekanman, ko’nglim ichidan bir shvir keldi: Hozir qanday yashayapsan ekan, Muhammad akamning singlisi! Mehribon akangni sog’ingandirsan, singlim, mehribon singlim!

Muhammad akaning yetimlik hasrati uning eng yorqin she’rlarida (ayniqsa, «Yakshanbalar»da,»Eriyotir muzdek bu bag’ir» satrlari bilan boshlagan onasiga bag’ishlangan she’rda) aks etgan. Ba’zan ayni shu yetimlikda mehrni kam ko’rgani uchun ham shoir mehr ulashishni hayotining mazmuniga aylantirgan bo’lsa ajabmas, deb o’ylayman.

65 yoshi arafasida Muhammad Rahmonni eslamak niyatida shoir ijodining eng yorqin namunalaridan biri bo’lmish «Hazrati Bashir hikmatlari» turkumini sizga taqdim etmoqdaman.

Muhammad Rahmon
HAZRATI BASHIR HIKMATLARI
077

022Hazrati Bashir (1368-1464) tasavvufning ulug’ shayxlaridan. Asl ismlari Sulton Sayid Ahmad Ali. Volidalari Bibi Malokat yoshlari o’tib qolgan paytda dunyoga kelgan va ko’krak suti emmay voyaga yetganlar. Kunyalari shundan Beshir.
Shayx Buzrukvor Yassaviya tariqatiga amal qilganlar. Mirzo Ulug’bek u zotni shaxsan tanigan, hurmatlarini joyiga qo’ygan. Botiniy ilmlar sohibi Hazrati Bashir ta’limoti asosida inson tarbiyasida moddiylikdan g’oyibga intilish – nafsni sindirish g’oyasi yotadi. Hazrat tariqatlarida so’fizmda kam uchraydigan raqs va samo usuli ham bo’lgan.
Kitob tumanining Bashir, Palangdara qishloqlarida shayx avlodlari hozirgacha istiqomat qilishadi. Shulardan biri — palangdaralik. Isomxon eshon xonadonlarida shayxning avloddan-avlodga o’tib kelgan manoqiblari saqlangan. Ma’lum sabablarga ko’ra uzoq yillar ko’zdan yiroq saqlangan mazkur qo’lyozma
istiqlol sharofati tufayli dunyo yuzini ko’rdi. Kitobning ikkinchi nashri – “Hazrati Sulton va Hazrati Bashir tarixi”ga (1996 yil) muhtaram domlamiz, yirik tasavvufshunos olim Najmiddin Komilov so’zboshi yozganlar.
Hazrati Bashirning qazo yillari abjad hisobida “Miri haqiqat” bo’larkan. Manoqibni sinchiklab, diqqat-e’tibor bilan o’qigan kishi, darhaqiqat, hayot muammolaridan o’zini olib qochmagan, odamlarni poklik, halollikka da’vat etib, haqiqatning ko’ziga tik qaray bilgan kuyinchak, bir oz jizzakiroq zotning nurli siymosini ko’rganday bo’ladi.
Hukmingizga havola etilayotgan turkum manoqib mutolaasi jarayonida tug’ilgan fikr-mulohazalardir. Men ularni Hazratning tafakkur tarzlariga moslab, o’zlarining nomlaridan bayon etishga jur’at etdim. O’xshamagan joylari bo’lsa shayximning ruhi poklaridan maxfirat tilayman.

04

Bu bog’ xazon sipohi, kuzdan ham qolar bir kun,
Bahor kelsa, qorlaru muzdan ham qolar bir kun.
Peshob bilan o’ziga yer xatlagan qashqirlar,
Bizdan qolgandi bu bog’, sizdan ham qolar bir kun.

* * *

Payg’omdek cho’p bo’lib choyimga kelmish,
Bir hikmat yillaru oyimga kelmish…
Fano dashtining men tuprog’i bo’ldim,
Podsholar bosh egib poyimga kelmish.

* * *

Chaquv bozorida chopib berdilar,
It bo’lib bag’rimni qopib berdilar.
Bo’ldi nazarkardam ulug’lar oxir,
Nokaslar menga do’st topib berdilar.

* * *

Zulmat boshqa-boshqa, nur boshqa-boshqa,
Tosh – boshqa, mis – boshqa, dur – boshqa-boshqa.
Men tavba qilaman fosiqlar uchun,
Garchi so’roq boshqa, go’r boshqa-boshqa.

* * *

Baayni kumush zar, tillaga keldi,
Yil mohi ramazon pallaga keldi.
Xudoyo , yetkazgan kuningga shukur,
Ajdaho nafslar chillaga keldi.

* * *

Keldimu ko’p xotiri malol bo’ldim,
Dunyo, ishlaringdan gangu lol bo’ldim.
Nega o’t emasman, poda yeb ketsa,
Nega men sohibi ilmi hol bo’ldim.

* * *

Nega buncha big’illar pukkamas chikka bola,
Tug’iliboq kimga zor, kimga ichikkan bola?!
…Qiyomat kunigacha yig’larmish otasini –
Ko’rib qolishga bir kun, b-i-r kun kechikkan bola!

* * *

Fitna, g’avg’osidan dor uxlamaydi…
Necha tul, yetimlar zor uxlamaydi.
Hattoki ilonlar uxlaydi qishda,
Lekin qo’sh oyoq bu mor uxlamaydi.

* * *

Bibi Malokatdan tug’ilgan erman,
Xom sut ham emmagan bandaman, yerman…
Sendan kom bo’lmadi qari onamdek,
Dunyo, beshirdirman, ham beshirman.?
(? Sut emmay o’sganligiga ishora)

* * *

Xush agar nozu adosi qoshi qarolar yaxshidir,
Topsa malham dil yarosi savti navolar yaxshidir.
Yakka qol, o’rtanma hargiz mahrami dil bo’lmasa,
Mardumi g’ayblar bilan maxfilorolar yaxshidir.

* * *

Himmating ham, minnating ham toji sarim, kulohimdir,
Falak toqiga chirmashgan tutun ermas, ul ohimdir.
Bilganlari ta’qib o’ldi, hama manga raqib o’ldi,
Senga do’st-yor tutinganim maning bor-yo’q gunohimdir.

* * *

Tog’lar go’zal, bog’larni sarafroz ko’radirman,
Yulduzlar porloq, baland – xo’b va soz ko’radirman.
Suratim, siyratimdan dam urarg’a za’f yo’q –
Qachon o’zimni komil ham mumtoz ko’radirman?!

* * *

Yugurik vaqt darvozada qabza urar,
Uxlama, deb, har soniya, lahza urar:
To bir silab olguningcha soqolingni,
Nevarangning mo’ylovi ham sabza urar…

* * *

Sarkash daryo bo’lib oq, yo’ling bandlig’ bo’lmag’ay,
Ochilib kul gul kabi, zaharxandlig’ bo’lmag’ay.
Unutma, bu dunyoda yetim ham bor, xor-zor bor,
To bu shodmonlig’ senga giyovandlig’ bo’lmag’ay.

* * *

Qo’sh taqimda bir uloq, uchar oq, qora tulpor,
Xirqirar chavandozlar: — Qo’yvor-a, qo’yvor, qo’yvor!..
Tushgisi yo’q shashtidan na uning va na buning,
Oldda esa – alhazar! – jahannam bor, jarlik bor!

* * *

Ketma, do’st, tun qorong’u, do’ng, chuqur, pastlik yomon,
Har qadamda daydi it – zaxmu shikastlik yomon,
Hazir o’l, deyman, nega titrab ketyapman o’zim? –
Qolmoqdaman kulbamda yolg’iz – bekaslik yomon.

* * *

Hassasin do’qillatib kelar edi bu gado,
Har uydan xayr-ehson tilar edi bu gado.
To’xtab o’tmasdi faqat boylarning eshigida,
Chamamda, bir narsani bilar edi bu gado.

* * *

Komillikka qalb yo’l bo’lg’ay – Saidahmat,
Safar ista, maqbul bo’lg’ay – Saidahmat.
Ming ranj ila o’z qalbingga yetolsang,
Ziyorating qabul bo’lg’ay, Saidahmat.

* * *

Siz – shahri azimdansiz, men – ko’hi balanddaman,
Lekin ahli dil qayda bo’lsa men ham andaman.
Sultonmanmi gadoman, saidmanmi yo g’ulom,
Kunyam, unvonim banda, bandadirman bandaman!

* * *

Qal’ayi iymonning posboni edim,
Ishqu muhabbatning dostoni edim.
Vah, mardum bilmadi jon fido qilsam,
Balki, men yerdan-mas, osmoni edim.

* * *

Yangragin ham yaragin dil korig’a, raqsi samo,
Men boray o’zdin yana har sorig’a, raqsi samo.
Qo’l emas qo’llar – qanot, yozdim, mana, parvoz uchun,
Vosili et xoliqo diydorig’a, raqsi samo.

* * *

Bandayi g’ofil, ko’zing och, men dilingni dil qilay,
Ham tariqat, ham haqiqat shevasin tadbil qilay.
Sen uchun dunyoyi dun sharob to’la xumdir magar,
Men o’shal dunyoni toshg’a uribon chil-chil qilay.

* * *

Menda so’z yo’q degali, ochgali – senda quchoq,
O’t edik, otash edik, endi – kul bosgan o’choq.
Do’st, do’st, ne sir-sinoat, bu faromushlik nadir:
Olmading, kesgach anor, o’rtada qoldi pichoq…

* * *

Borsan sonda bugun, sanoqda borsan,
Erta kim biladi, bekassan, xorsan.
Kafanlik qayg’usi boshimda salla, —
YO falak, bunchalar shumsan, g’addorsan!

* * *

So’nggi pushaymon bu! Ol, aql peshlab:
Bekorga boqishmas yem tashlab, qashlab, —
Bo’rdoqi kallasi tanidan judo,
Yotar peshtaxtada tilini tishlab!

* * *

Sanamo, bu ishqni men bayt aylasam,
Har ko’ngil avrog’iga qayd aylasam.
Yotsangiz oydinda siz oydek bo’lib,
Oyni men barkash qilib savt aylasam!

* * *

Yolg’onni qo’ymading, bo’ldi, desak ham,
Sabrimiz kosasi to’ldi, desak ham.
Endi tobutingni kim ko’taradi,
Kimsa ishonmaydi, o’ldi, desak ham.

* * *

Egri mo’rikondan egri tutun chiqqan,
Asl nav deganlari goh o’tin chiqqan.
Sen bu suvga tupurmagin, rizqing uchun,
Novdan tashlab, tegirmondan butun chiqqan!..

* * *

Balki o’g’ridirsan, balki to’g’risan,
Isnodsan yo sharaf, tagli-tuglisan.
Kimsan, deb so’rashmas zurriyodingdan,
So’rashar avvalo:
Kimning o’g’lisan?..

* * *

Makrdan bexabar, ko’zida xobi,
Badmast may tiladi, kelmasdan tobi.
No’xatdek tosh otdim, teshildi xumlar,
Tizillab otildi Shayton peshobi…

* * *

Tiriklik tashvishi bor, azizim, tirik jonda,
Baliqlar suvda halak, sher, ohular – o’rmonda.
Oqarmoqda soch-soqol un changida qolgandek,
O’tar bizning umrimiz baayni tegirmonda.

* * *

Ko’chadan bosh egib yurib borardi,
Balki qilmishidan ko’rib borardi:
Shamolda parpirab qo’lsiz bir yengi
O’g’rining yuziga urib borardi!

* * *

Shayton qutqu solar, goh baland dasti,
Bor uning azaldan bandaga qasdi.
Barhaq barhaqligin tasdig’i uchun
Oyni muhr qilib falakka bosdi.

* * *

Bugun bu yerdamiz, erta andamiz,
Hamisha biri kam, omad kandamiz.
Osmon to’ntarilgan qozondir, Egam,
To’q o’tgach to’yingga kelgan bandamiz.

* * *

Qo’rquv va itoat nadir, — o’ylagin,
Men aytmay – eshitma, devor bo’ylagin:
Ichida qarg’anib kir yuvar ayol,
Mushtlar jomashovda erning ko’ylagin!

* * *

Dashti fanosida yugurdim, yeldim,
Begona ekanman men bunda, bildim.
Xudoyim, izn ber bir zum dam olay,
Nihoyat, o’zimning uyimga keldim.

* * *

Shundoq ham ko’nglimda bor edi chega,
Nega ishin qilding bedil g’animni…
Nega keksalikdan gap ochding, nega,
Sensiz ham bilardim qartayganimni!..

* * *

Ayt, qachon yildirim G’irot so’radim,
Samarqand, Buxoro, Hirot so’radim.
Uying, bola-chaqang, joning sog’ bo’lsin! –
Sendan ham ushmundoq murod so’radim.

* * *

Iddao ustaga, egasigami:
Sachrar uchqun bo’lib faryodi, g’ami.
Kesganning holini kesilganda ko’r:
Charxda chirillaydi pichoqning dami.

* * *

Men ko’hi balanddan enar edim, do’st,
Sen shahri azimdan kelar eding, do’st.
Agarchi yo’limiz teskari edi,
Asli bir manzilga ketar edik, do’st.

* * *

Quloq — go’sh? o’rtanmas, o’yga tolmaydi,
Necha bor cho’zilgan, esga olmaydi.
Boshqadir, ha, yuzning yo’rig’i boshqa:
Bitta tarsakini unutolmaydi!

(? Quloqning forsiycha nomi).

* * *

— Haq deya hayqirgan aybdor topilgan:
Kim dorga tortilgan, kimdir chopilgan…
Nega indamaysan, sen jimsan nega?
— Og’zimda nonim bor… og’zim yopilgan!..

* * *

Gunohkor bandangman, shu ekan borim:
Qusurdan xolimas amalim, korim.
Kechirgin bir lahza unutgan bo’lsam,
Sen meni unutma, Parvardigorim!

* * *

Tuyog’idagi “xat”ni och bo’riga “o’qitgan”
Ot yollarin shamollar hali-hamon taraydi.
Eminlikdir, hushyorlik yovuzlikni yiqitgan,
Tushovdagi tulporni itpashsha ham talaydi!

* * *

Ko’p ko’rganman jazavangni, shovushingni,
Ko’tarmasang bo’larmidi tovushingni.
Nasihating uchun qulluq…
O’ngu tersdir,
To’g’ri kiyib olgin, bolam, kavushingni.

* * *

Ko’klam – kechalari yop-yorug’ tushdir,
Kunduzi ruhimda sayragan qushdir.
Yelda chayqalaman qizg’aldoq kabi,
Yorab, nafaslaring bunchalar xushdir!

* * *

Ayo zamon, senmi bu nav tarz bergan,
Ajib bir hol mantig’ini yo’qlaydi:
Shiftga qarab uf tortadi qarz bergan,
Qarz ko’targan xurrak otib uxlaydi!

* * *

Gulu gulshanga oro rayhonlarni sevarlar,
Ruhafzo qumrilarni – sayronlarni sevarlar.
Ilmu a’moling nima? O’zing, o’zliging nadir? –
Ko’zi uchun, bil, faqat jayronlarni sevarlar!

* * *

Ey, shoh, demasman, g’arib-g’urabo bandani qo’y,
Sen alar ko’ziga boq – shum nadim, gandani qo’y.
Hasbi hol bilmak uchun shartmi gadolik suvrati,
Xufiyona sayri shab, kulohu jandani qo’y!

* * *

Ko’zlaringga dunyoni alomat ko’rsataymu?
Olib dardlaring yana salomat ko’rsataymu?
Qaytsamu aslig’a u mardumsiyoq gazandalar –
Karomat ustig’a boz karomat ko’rsataymu?!

* * *

Ajab nusxalar ko’rdim – do’st-yor, tanishni xushlamas,
Kimsa qoqmas eshigin – borish-kelishni xushlamas.
Mehmon-ku – seniki, u bo’ylab devorni chimrilar,
Ostonangda yechilgan kavush, kalishni xushlamas!

* * *

Paykalda ajabtovur kurash edi, jang edi,
Bir-biriga o’ralib ahvollari tang edi…
Yer talashgan bu ikki nodon, bilsang, aslida
Qachondir ketmoq bo’lgan bitta chuvalchang edi!

* * *

Choku chok bag’rim yana tilindimi, deyman-ov,
Besh kunliging, ey dunyo, bilindimi, deyman-ov,
Men yuz yil yashamadim, sayyod quvgan ohuning
Soyasida bir lahza ko’z ilindi, deyman-ov.

* * *

To sahar qon yutib zikrida bo’ldik,
Anga qurbon bo’lmak fikrida bo’ldik.
O’lmadik oyoqdir osib ham o’zni, —
Xisbi-himoyati, ilkida bo’ldik!

Shoir haqida

009 Muhammad Rahmon 1949 yil Qashkadaryo viloyati, Kitob tumanidagi Palandara qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi (2003). ToshDUning jurnalistika fakul`tetida taxsil olgan (1967— 72). «Muvozanat» (1976), «Yashil daryo» (1979), «Yuragimning dastxati» (1986), «Ijobat» (1984), «Asraganim, avaylaganim» (1987) kabi she’riy to’plamlari nashr etilgan. Bolalar uchun ham asarlar yozgan («Momoqaymoq», 1978; «Yerga tushgan kamalak», 1981; «Qanotli tushlar», 1989). K. Chukovskiy, A.Barto she’rlarini, Lizoletta Vel`skof-Genrixning «Tokey Ito» romanini o’zbek tiliga tarjima qilgan. Muhammad Rahmon 2010 yili vafot etdi.

МУҲАММАД РАҲМОННИНГ «ЯШИЛ ДАРЁ» ТЎПЛАМИНИ ДАСТУРИ ЁРДАМИДА МУТОЛАА ҚИЛИНГ

01

(Tashriflar: umumiy 1 457, bugungi 1)

Izoh qoldiring