Usmon Azim. «Dars» kitobidan she’rlar & Ibrohim Haqqul. G’ussali yurak — yolqinli yurak

045Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимни 65 ёшга тўлгани билан  чин дилдан қутлаймиз!

    Мана, Усмон Азимнинг чоп этилган “Сайланма”си. Китобдаги аксарият шеърлар яхши таниш – олдин ҳам ўқилган шеърлар. Лекин улардаги ҳиссиёт ўша-ўша: жўшқин ва табиий. Эҳтирос ўша: ёниқ ва шиддатли. Фикр шамойили деярли ўзгармаган: ишончбахш ва муросасиз.

021
Иброҳим ҲАҚҚУЛ
ҒУССАЛИ ЮРАК – ЁЛҚИНЛИ ЮРАК
04

Ҳақиқий шоирнинг руҳ ва фикр мақоми ўзига хос, доимо юксак бўлади. Бу ўзига хослик ва юксакликнинг муҳим бир жиҳати – оломонни қизиқтирувчи, оломонга мақбул келувчи фикр ва туйғулардан шоир қалбининг покланишидир. Акс ҳолатларда шоир оломоннинг ортидан эргашиб юрмаса-да, ўзи хоҳ истасин, хоҳ истамасин, оломон куйчисига айланиб қолаверади. Санъат завқи ила қалам тебратадиган шоирни оломон тушунмайди. Тушунмагач, унинг асарларини тўғри қабул эта олмайди. Шоир бундан ҳеч нима ютқизмайди, балки сўқирлик ва қўполликдан ўзини-ўзи муҳофаза қилишни гўё қонунлаштиради. Яъни унинг шеъриятидаги зоҳирий дунё, ботиний ҳақиқатлар оламини сир сақлашга хизмат этади. Сирга етиш, гўзаллик сирларини кашф айлашни эса ғофил кимсалар мутлақо ёқтиришмайди. Улар жўнликни, саёзликни яхши кўради. Сохта чечаник ва жўнлик оломонга ҳамиша енгиллик беради. Шунинг учун у ўз шоири ёки ёзувчисини қўллаб-қувватлаш ва илҳомлантиришда бағоят ташаббускор. Бир пайтлар, шеъриятимизга етмишинчи йилларда ва ундан сал кейинроқ кириб келган истеъдодли ёшлар ижодига қарши кескин ҳужумлар уюштирилиши ва уларнинг миллатчилик ҳиссиётларни ёлқинлантирувчи шеърларини беписандлик билан танқид қилинишига асосий сабаб ҳам мана шу эди.

Ҳурриятчилик – шеъриятдаги энг устивор ва энг умидбахш йўналиш. Бу йўналишга қарши туриш ёки маълум бир вақт унинг ҳаракатларини сусайтириш мумкин. Лекин ҳеч қандай куч уни батамом тўхтатиш ва йўқотишга қодир эмас. Чунки Руҳ эркинлиги инсонни давр ва замоннинг ҳар қандай хавф-хатарларидан муҳофаза эта олади. Руҳан ва қалбан озод шахс – енгиш қобилияти шаклланган шахс. Унинг тик қоматини фитна ва бўҳтон, жаҳолат ва зулм тўфонлари бука олмайди. Ҳасад ва ғазаб тошларини у нокаслик ва ожизликнинг бир “туҳфа”си сифатида қабул қилади.

Саксонинчи йилларга келиб шеъриятимизда сўзнинг янги таъсир қувватини очиш, рамзлар, ишоратлар тили билан асрий ёлғон ва ҳақсизликларни фош этиш тамойили янада кучайди. Айрим шоирларни миллатчиликда айблаш хавфи хавф бўлмай қолди. Чунки узоқ муддат омма онгини чулғаб олган сиёсий хурофот аста-секинлик билан бўлса ҳамки, чекинишга бошлаганди. Бу ҳол энг шўропараст ижодкорларни ҳам бир қадар ҳушёр тортишга мажбур этди. Улар шеъриятдаги янги ва шиддатли мафкуравий тўлқин истиқболига аввал иштибоқ ила қарадилар. Зарурият туғилганда, улуғ Чўлпон ва Фитрат меросини тўла оқлаш ёки уларнинг ғоявий-бадиий анъаналари давом топишига қарши эканликларини ҳам яширмадилар. Бундай шоиру ёзувчиларни қайта қуриш ва ошкоралик насимлари анча дадиллаштирди. Ва улар фикран, руҳан қайта янгиланиш азобларини хаёлга ҳам келтирмасдан, жуда моҳирлик билан замонга қайта мослашдилар. Орадан унча кўп фурсат ўтмади, ички, яъни виждоний мустақилликдан маҳрум айни шу шоир, шу ёзувчилар давлатимиз Мустақиллигининг “муҳофиз”лари қиёфасида минбарларда кўкрак кера бошладилар. Ҳолбуки, эрк ва мустақиллик учун куйиб-ёнган бўлса, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориф ва Рауф Парфи куйиб-ёнган эди. Шахс ҳуррияти ва Ватан озодлиги учун умрини тиккан бўлса, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Усмон Азим тиккан эди. Ёки Миразиз Аъзам, Чўлпон Эргаш, Омон Матжонга ўхшаш шоирларнинг шеъриятини холис баҳоламасдан, қандай қилиб одамларни Мустақиллик адолатига ишонтириш мумкин?

Мана, Усмон Азимнинг чоп этилган “Сайланма”си. Китобдаги аксарият шеърлар яхши таниш – олдин ҳам ўқилган шеърлар. Лекин улардаги ҳиссиёт ўша-ўша: жўшқин ва табиий. Эҳтирос ўша: ёниқ ва шиддатли. Фикр шамойили деярли ўзгармаган: ишончбахш ва муросасиз.

Шеър ёзадиганлар кўп. Аммо севишга қодир, кўнглини ишқ ишғол айлаган шоирлар ниҳоятда кам. Усмонни Оллоҳ севгидан қисмаган. Шунинг учун унинг Кўнгли эркин, руҳи ва фикри эркиндир. Шунинг учун унинг энг яхши шеърларида ишқ ва эътиқод шуъласи порлаб туради. Эҳтимол мана шу учун ҳам Усмон Азимнинг “Сайланма”сини ўқиган шеърхон ташқи бир дунёга эмас, балки улкан био шоирнинг Кўнгил боғларига сайру саёҳат қилгандай бўлади. Шу боғларнинг баҳорий манзара ва қувончларидан руҳланади, куз қучоғидаги ҳолатларига нигоҳ ташлаб гоҳ ҳазин, гоҳ ўйчан, гоҳ ғам-ғуссали хаёлларга берилади. Қандай фикр ё ғоя илгари сурилишидан қатъи назар, шеър – ҳолат, кайфият, руҳоният сувратларидир. Хусусан, руҳий идрок ва руҳий англаш майллари акс этмаган шеърнинг қуруқ ва яланғочлигига тоқат қилиш қийин. Усмон бу ҳақиқатни чуқур англайди. Унинг “Руҳга кўчдим – таним қолмади”, дейиши ҳам шу ҳақиқатнинг бир эътирофидир.

Имом Ғаззолийнинг таърифлашича, “Руқ инсондаги идрок қилувчи ва билувчи латифликдир”. Усмоннинг олдинги ҳамма шеърий тўпламларига нисбатан “Ғусса” деб номланган мажмуасида ана шу латифликнинг миқёси кенг ва моҳияти теранлашган. “Сайланма”да ундаги шеърларга кенгроқ ўрин ажратилган ва тўғри қилинган. “Ғусса”дан танланган шеърлар Усмоннинг фикр-қарашларида кучли силжиш содир бўлганлигини англаш жиҳатидангина эмас, балки унинг шеъриятида сифат ўзгариши ҳосил бўлганлигини билиш маъносида ҳам диққатга молик.

Ғам етди дил хилватларига,
Ёлғонларнинг шуъласи сўнди. –

дейди шоир. Ёлғоннинг ранги воқеликнинг қиёфасини ўзгартиради. Ёлғонларнинг шуъласи дунё ишлари ва инсон қисматига тўғри назар ила қарашга имкон бермайди. Ёлғон, шодлик ва “қувончнинг кўп зулмлари бор”лигини билишга йўл қўймайди. Балки шу учун у бошқа бир шеърида “Дўстлар, илиқ ёлғон ҳайданг – кузга чиқсин қалбингиз” дея “зариф ғусса жомидан” сипқоришга даъват этгандир. Агар шоир басират нигоҳида ниманидир аниқ кўриш ёки дунёнинг мураккаб ҳақиқатарини тўғри ва теран ўзлаштиришни хоҳласа, унинг ақли ҳар турли ўткинчи даъволардан, кераксиз баҳсу мунозара қўзғовчи ҳиссиётлар, шайтоний майл ва сохта талаблардан фориғ бўлиб, мутлақ хотиржамликка етишмоғи шарт. Усмоннинг бир қатор шеърлари шундай хотиржамлик ва руҳни ёриштирувчи сокинлик шавқидан туғилган. У тазарру боғларига юз бураркан, қалб ҳаётидаги ўзгаришлар ва тушунчаларидаги эврилишларни ҳам шеърда моҳирлик билан акс эттиради.

Кечиргин – эрк учун талошганимни
Ва эрк сенлигингни билмаганим-чун.

Бу фикр – Тангрига илтижо. Ва айни пайтда у эрк учун талашмоқ, эрксизликнинг айни ўзи эканлигини англаган, бандасидан Эрку Озодлик кутиш бесамар иш эканлигини аниқ билган юрак иқрори эрур. Дарҳақиқат, Кўнгил учун Ҳақ ишқидан ортиқ ва бепоён ҳуррият йўқ. Энг сўнгги нажот ҳам инсонни абадият салтанати – Оллоҳ даргоҳида чорловчи шу ишқдир:

Ишқ, сендадир энг сўнгги нажот,
Узат, тоза дастингни узат –
Сен йўқ жойда ғарибдир ҳаёт,
Сен йўқ жойда кишандир узлат.

Биз “маъно” сўзини кўп тилга оламиз. “Маъно” тўғрисида тўхтовсиз гапирамиз. Аммо “маъно” бағрида яширинган маънолар билан деярли қизиқмаймиз. Маъно – тасаввуф шеъриятидаги бош сўз ва етакчи тимсоллардан бири. Шарқнинг буюк мутасаввуф шоирлари бу сўзга нуқта, ҳақиқат, маърифат (ирфон), руҳоний илм, олам каби мазмунларда ишлатганлар. Аҳмад Яссавий муршидининг ўгитларини хотирлаб:

Аё нодон маъно бул, деб айтди билдим,
Ондин сўнгра чўллар кезиб Ҳақни суйдим –

деганида ҳақойиқи илоҳий ва маърифати руҳонийни назарда тутган. “Маъно”нинг асосий сифати – уни тўлиқ кашф айлаш ва очиқ-ойдин ифодалаш мумкин бўлмаган бир тилсим эканлигидадир. Зеро, чин ошиқларга кўра “Маънони билдим деган — билмас”. Тасаввуфий маслакда, маънонинг зидди – даъво эрур. Даъво – қуруқ, зоҳирий ва илдизсиз билим – ҳақиқатдан йироқ бир иддао. Шу боис бошқа бир ҳақпараст шоир демиш:

Бизга дийдор керак, дунё керакмас,
Бизга маъно керак, даъво керакмас.

Мустақилликдан сўнг ўзбек шеъриятида даъводан кечиб “маънога” юз буриш жараёни бошланди. Ҳали танқидчилик бу жараён билан қизиққани ҳам йўқ. Лекин мавжуд тажрибалар яқин келажакда мустақиллик даври шеърияти билан мумтоз шеъриятимиз ўртасида ирфоний ва руҳоний бир яқинлик пайдо бўлишидан далолат бериб турибди. Бу қуруқ гап эмас, балки юзлаб мисоллар билан исботланадиган ҳақиқат. Шундай шеърларнинг сара намуналари Усмоннинг “Сайланма”сида ҳам мавжуд. У бир шеърнинг охирида ёзган:

Ҳамма ўйим оқдир, бор бахтим – қора,
Фақат ишқим покдир, фақат дил – гадо.
Ё Оллоҳ! Ишқингнинг умиди аро,
Оёққа илашган лойдай сарсонман.

Нажот ана шу умидворликда. Дил қувончи ана шу сарсонликда. Шеър ёзмоқ Усмон Азимга касбмас – қисмат.

1996 йил, 11 октябр

021
УСМОН АЗИМ
«ДАРС» КИТОБИДАН ШЕЪРЛАР
04

Усмон Азим 1950 йил 13 августда Сурхондарё вилояти, Бойсун туманида таваллуд топган. Ўзбекистон халқ шоири (2000). ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1972). Илк китоби — «Инсонни тушуниш» (1979). «Ҳолат» (1979), «Оқибат» (1980), «Кўзгу» (1983), «Сурат парчалари» (1985), «Дарс» (1985), «Иккинчи апрель» (1987), «Бахшиёна» (1989), «Ғаройиб аждарҳо» (1990), «Уйғониш азоби» (1991), «Ғусса» (1994), «Узун тун» (1994), «Сайланма» (1995), «Куз» (2001) каби шеърий ва «Жоду» (2003) насрий тўпламлари нашр этилган. Драмалар ҳам ёзган («Бир қадам йўл». 1997; «Алпомишнинг кайтиши», 1998 ва бошқа). «Алишер Навоий» киноқиссаси (1990), «Алпомиш» кинодостони (1997), «Севги» (1998, шу номли ҳикоя асосида) ва 2 серияли «Алпомиш» (2000) фильмларининг сценарийсига муаллифлик қилган. Поль Элюар, Ояр Вациетис, Фозил Ҳусни Доғларжа, А. Вознесенский, Ю. Марцинкявичюс ва бошқа шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Грузиянинг Маяковский номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган (1982). «Дўстлик» ордени соҳиби (1998).

04

***

Мени севинг,
Мендан нафратланинг — 02
Бошқасига рухсат бермайман.
Мен сизни севаман
Ва нафратланаман,
Майда туйғуларни кўрмайман раво
Шеър ёзаман — севги,
Шеър ёзамаи — иафрат.

Сиз бўлса,
Алдайсиз мени,
Қўлда ханжар тутиб
«Севаман» дейсиз.
Қўрқманг,
ростини айтинг,
Балки сизни
ўшанда севиб қоларман,
Мана, мен
Сизга

Нафратим ва севгимни
Ҳар битта шеъримда
Айтаяпман-ку!

Балки шунинг учун
Мендан нафратлансангиз ҳам
Севгилингизга
Шеърларимни ёддан ўқиб берасиз!
Мен сизнинг рост гапларингизни
Севгилимга

айтаман качон?..

ШЕЪРИЯТ

Кўзлари чақноқ тулпор,
Туёғи чақмоқ тулпор.
Сувлиқ лабларин йиртган,
Ёллари байроқ тулпор.

Бир босган изинг гулдан,
Бир босган изинг нурдан,
Қуёш бўлиб ланғиллаб,
Ажраб борасан тундан!

Ўжар тулпор, тонг тулпор,
Йўллари осмон тулпор.
Парвозингга куч бўлсин,
Берайинми жон, тулпор?!

Самоларда уч шўх-шаън,
Майли, ерда қолсин тан,
Эй, қалдирғоч қанотим,
Сен менинг маст руҳимсан!

Вужуди олов тулпор,
Ёнасан лов-лов тулпор,
Тортган араванг — замин,
Оловли ялов тулпор.

Кўзлари чақноқ тулпор,
Туёғи чақмоқ тулпор,
Сувлиқ лабларин йиртган
Ёллари байроқ тулпор…

БАЁНОТ

Менга ҳеч нарса керакмас,
фақат одамларни алдаманг.

*  *  *

Оҳиста-оҳиста ёғади ёмғир,
Оҳиста-оҳиста қўзғалар шамол.
Оҳиста-оҳиста тўкар юмшоқ нур
Булутлар бағридан кўринган ҳилол.

Оҳиста-оҳиста йиғлайди бир қиз,
Каптар патидан ҳам майин дардлари…
Тун тирик… Яхшилаб тинглаб кўрсангиз
Эшитилар унинг юрак зарблари…

Не нафис туғёнлар ичида қолдик!
Севгилим, гапирма, ўлтиргин тиниб,
Гўё дунё гўдак қалбидан нозик,
Гўё энтиксанг ҳам кетади синиб…

* * *

Кўнглим қолгани йўқ ёруғ оламдан,
Хаёлимда йўқдир на виқор, на кин.
Барибир бир куни сиздан кетаман —
Қайга кетганимни билмайди ҳеч ким.

Мен ишга бораман, ишдан қайтаман,
Кўксимда юрагим урар, тинмайди.
Ўғлимга энг ширин сўзлар айтаман,
Менннг йўқлигимни ҳеч ким билмайди.

Дўстлар даврасида гоҳ шароб ичиб,
Гоҳо оғу ичиб ўлтираман жим.
Кўчада кезаман одамлар кечиб —
Менинг йўқлигимни билмайди ҳеч ким.

Табассум қиламан таниш-билишга,
Дўконда навбатга тураман ҳорғин.
Ҳеч кимни қўймайди ортиқ ташвишга
Халақит бермайди менинг йўқлигим.

Менинг кўкрагимда ёниб оқибат,
Кул бўлиб, соврилар майда савдолар,
Унда қуёш каби ловуллаб фақат
Она Ўзбекистон сурати қолар.

Саволлар бермагин — азобдадир жон,
Яхшилаб яшасанг, умр бу — қийноқ.
Қайдан қайтишимни биламан аён,
Қайга боришимни билмайман бироқ.

* * *

Учолмасдан қолди жону тан.
Осмон қайда? Қарадим илкис…
Сочин ёйиб фалакда, шўх-шаън
Порлар қуёш — Барчиндай бир қиз.

Эшик олди бир парча чимзор,
Шу чимзорда ётдим чўзилиб.
Сочларимга шоду бахтиёр,
Чумолилар чиқди тизилиб.

Бир ниначи — сархушу довдир,—
Жирканмасдан қўнди қўлимга…
Титроқ етди жонимга довур,
Ногоҳ ҳайрон боқдим ўлимга

Ва эшитдим, ернинг тагида
Дупур-дупур — елиб келар от.
Мен — Алпомиш беҳол ётибман,
Шошиб келар Қоражон — Ҳаёт!

* * *

Кўксимни очаман. Чекинар ғафлат.
Карахтлик тўкилиб борар манглайдан…
Қайси муюлишда юрибсан йиғлаб —
Трамвай, мен сени  англайман.

Бунчалар бешафқат бу қўш темир из,
Бу тақдир чангали — бераҳм, маҳкам.
Тақдирдош, қийналдик, ахир иккимиз,
Бу темир из билан, темир из билан…

Бу — бекат, дедилар.
Тўхтадик ғингшиб,
Кетдик, бўл, дедилар.
Югурдик ҳайрон.
Бугун темир ғафлат изидан тушдим,
Оёғим тупроқда — бир роҳатижон!

Аммо… Бу… Трамвай… Кетмас ўйимдан.
Кўчага боқаман. Қайда бечора?
Ана, трамвайлар осиб қўйилган
Совуқ симдорлардан ўт чиқиб борар.

БОЛАЛИКНИНГ СЎНГГИ КУНЛАРИ

У баҳорни кутди интизор,
Йўлларига кўз тутдп илҳақ.
Қуёш чиқса, эрнб битса қор,
Тўйиб-тўйиб ўйнарди чиллак.

Келиб қолди баҳор ҳам мана,
Далаларга сочиб лолалар.
Тепаликда қувонч-тантана —
Чиллак ўйнаб кетди болалар.

Кутиб олди уни ҳам шўхлик.
Очганича кенг қучоғини.
Нимагадир шўхлик ҳам  — қизиқ! —
Босолмади дил чанқоғини.

Дўстларига боқди у ҳайрон,
Дўстлар чиллак ўйнар берилиб.
Бола кўнгли бўлганча вайрон,
Бир зумгина қолди термулиб.

БОЙЧЕЧАК
Опам Саидага

Эй, менинг мунисгинам,
Меҳрибоним, опажон.
Баланд тоғлар бағрида
Бормисан соғу омон?!
Кеча хатингни олиб,
Кўксимга тушди ғулу…
«Усмон, жуда соғиндим,
Сен мени унутдинг-ку…»

Опа, унутганим йўқ,
Қўй, қилмагин имтиҳон.
Муҳаббатим, ҳурматим,
Соғинчим қалбда ниҳон.
Қандай ёдимдан чиқсин
Тепаликлар. далалар…
Баҳор билан маст бўлиб,
Куйлардик биз болалар:

«Бойчечагим бойчаланди,
Бойчечагим бойланди…» …
Бугун оламда ёшлик,
Замин қанча айланди.
Йигирма уч гул фасли
Баргдай умримдан учди.
Не турфа ташвиш, юмуш,
Опа, бағримни қучди.

Шу шеърни битаётиб
Боққандим деразага,
Кўриб бир манзарани
Қалбим тушди ларзага.
Қувончимга қаердан
Ўхшатиш топайин мос!
Хуллас, опа, дарахтлар
Гулдан кийибди либос.

Яна ойдин хаёллар
Тўлдирдилар хонамни:
Ана, ҳовлимиз… сен… мен…
Қиш…
Қор кўмган оламни.
Изғиринда жунжикиб
Ўлтирибмиз айвонда.
Оёғимизда этик,
Эскигина чопонда.

Қачон келади баҳор…
Неча кун, неча кундуз?! …
Бир кун узилиб тушар
Тарновга осилган муз.
Булут кўкда урар чарх,
Майсалар ниш отади.
Қуёш тансиқ нурини
Сочиб-сочиб ботади.

Опа-ука излаймиз
Дала-даштда бойчечак:
«Қор эриди, қўрқмагин,
Очил аста, бойчечак».
Охир кўрсатар юзин,
Бизни зор этган чечак.
Бахтни топган каби
Тошар, ҳовлиқар юрак.

Оҳ ёмғирда бош яланг,
Рақс тушамиз, ўйнаймиз.
Камалакка кўмилиб,
Жаранглатиб куйлаймиз:
«Бойчечагим бойланди,
Бойчечагим бойланди…»
…Бугун олисда ёшлик,
Замин қанча айланди,

Тотиб кўрдим дунёнинг
Лаззати-ю, аламин.
Гоҳо ўксик, гоҳида
Шодмон ёзди қаламим.
Баъзан жим-жит, тинч оқдим,
Баъзан кўтардим исён.
Курашда ҳам, ғамда ҳам,
Байроғим бўлди виждон.

Гоҳ шеърда бўлдим мағлуб,
Гоҳ кулдим тантанавор!..
Қисқа қилиб айтайин —
Опа, уканг бахтиёр!
Аммо сокин бу ҳаёт,
Зериктиради баъзан.
Шунда, меҳрибонгинам,
Сени кўрмоқ истайман,

Опа, унутганим йўқ…
Қорлар эриб битган чоқ
Уйга кириб бораман,
Тугар ҳижрону фироқ.
Бнр кунгина ўшанда
Қўйгин рўзғор ғамини,
Иккаламиз эртаси
Тўлдирамиз камини.

Дала-даштга чиқамиз,
Излайдурмиз бойчечак,
Одамлар кулса-кулсин,
Бир кун бўламиз гўдак.
Оқ ёмғирдай бош яланг,
Рақс тушамиз, ўйнаймиз,
Камалакка кўмилиб,
Кулиб-йиғлаб куйлаймпз!
«Бойчечагим бойланди,
Бойчечагим бойланди…»

* * *

Темир йўл четида олис бир қишлоқ…
Лойсувоқ уйларга қилмасдан парво,
Поездлар тўхтамай ўтади ундан.
Бир бола сарпойчан ва ялангоёқ
Яшил вагонлардан узмай кўзини,
Қўлини силкитар…

Поезд ўтар…
Деразалар нигоҳи
Боланинг кўзига тушиб улгурмас,
Мудроқ далаларга ва болакайга
Қанотли шижоат, тезлик шиддатин
Улашиб…

Поезд ўтар…
Ҳавода силкинар боланинг қўли,
Поезд уфқларга кетади сингиб…

Кейин…
Бир четдаги тошга ўлтириб

Бола поезд кутар,
ўз поездини…

Биламан, келади бир кун у поезд!
Онасининг бағридан ситилиб чнқиб,
Гўё фазокордай бола жўнайди,
Учгани ўзининг самовотига.
Абгор қилолмаган уни машаққат!
Энг учқур ракета — қалбига миниб,
Муродига — истаган юлдузига етар.

У сезар: Қаёққа елмоқда илдам
Пишиллаб, ҳансираб замон поезди,
Яна қай томонга йўл қурмоқ керак,
Қайси бир томоннинг йўлин беркитиб.
Мен-чи, куйлаб-куйлаб адо бўламан,
У пайт юрагимда қолмагай мадор.
Менинг меросхўрим эканин билмай,
Овозим етмаган авж пардасидан
Бола қўшиғимни эттирар давом!

У куйлайверади — айланар замин,
У куйлайверади — туғилар шоирлар!
У куйлайверади зўриқиб, ҳориб…
Ногоҳ кўз олдига бир сурат келар:
…Темир йўл четида олис бир қишлоқ,
Яланг оёқларнн ер узра қўйиб,
Яшил вагонлардан кўзин узолмай,
Бир бола поездга силкитади қўл…
Бир бола поездга силкитади қўл.

* * *

Сен йўқ эдинг. Бесарҳад фазо,
Олти қитъа, тўрт баҳри улкан
Ўртасида яшадим танҳо
Муштдай мўъжаз юрагим билан.

Ҳаяжону завқдан бегона,
Тинч дарёдай жим оқди умрим.
У пайт эдинг сен бир афсона,
У пайт ҳали йўқ эдинг, қумрим.

Ваҳимали, чеки йўқ олам,
Бағрида ҳар шарпадан чўчиб
Яшадим мен — энг митти одам,
Гоҳ милтираб, гоҳида ўчиб.

Сўнг сен келдинг севиб, ўртаниб,
Паноҳимга, меҳримга муштоқ.
Ёнингдаман, қўрқма, севлигим,
Мен нақадар қудратлиман, боқ!

Сеҳргарман, кўк шевасида
Юлдузлар-ла сўйлай оламан.
Маст эрурман ишқ кемасида,
Тўфонлар-ла ўйнай оламан.

Мен сахийман — ким истаса бахт
Кўксин нурга тўлдирадурман.
Ойни кўкдан узиб олиб даст
Пешонангга қўндирадурман.

…Гулим, совуқ боқма, қўрқаман,
Қўрқаман боз бўлади пайдо —
Олти қитъа, тўрт баҳри улкан,
Ҳувиллаган даҳшатли фазо…

* * *

Кафечалар, ночор кулгулар,
Трамвайлар шовқини аро —
Ваъда этиб менга ёғдулар,
Юрагимда сен бўлдинг пайдо.

Портлай деди ногаҳон кўксим,
Кўзларимга урилди қуёш.
Сен недандир оғриниб, ўксиб,
Ўлтирардинг кўтаролмай бош.

Сезмас эдинг қўлингдан китоб,
Тушганини ерга сирғаниб.
Қиёфангда тансиқ, бехитоб
Танҳо чирой турарди ёниб.

Қўлларингни ушлагим келди,
Дедим: қайтди умрим баҳори.
Томирда қон югурди, елди,
Боқсам: теграм сўнгсиз зангори.

Шундан буён қаршимда олам
Чарх уради гуллаб, кўкариб.
…Қани ҳар кун қўлингга берсам
Китобингни ердан кўтариб.

МУҲАББАТНИНГ ТАБИАТИ

Тунлар оромидан ачинмай кечдим,
Кўнглимни сен билан қилдим мунаввар.
Сонсиз чигалликка урилдим, ечдим,
Англадим: сен менга қисмат муқаррар.

Ўзимни минг марта қатл айладим,
Минг марта ўзимга ҳадя этдим жон.
Совуқ бир тош эдим, қўшиқ бошладим.
Айт, яна нимани айлайин қурбон?

Гулларга бурканган баданин очиб,
Кўзимга термулар бир малак — Ҳаёт!
Унинг оғушидан мен кетдим қочиб,
Сен — гўзал шеъримни айлагани ёд.

Мени хароб этди бетўхтов ғулу,
Чорасиз ҳижроннинг гапига кўндим.
Олис-олислардан учиб келдию
Қўлларинг оҳиста кифтимга қўнди…

* * *

Сир кўп олам қаърида,
Мўъжизага кон олам,
Бу ҳаётнинг бағрида
Мўъжизадирман мен ҳам…
Қайтмайдирман ортимга,
Бир отилган ўқдирман.
Бу кун борман оламда,
Эрта бўлса йўқдирман.

Қани, мени севақол,
Қучоқла, ширин сўз айт,
Мен меҳрга бирам зор —
Ташна эрурман шу пайт.
Мўъжизалар изламоқ.
Тегди сенинг жонингга.
Қаёққа қараяпсан,
Мен — мўъжиза ёнингда.

Умид, илтижо билан
Сенга чўзилган қўлим.
Ахир, қара мен томон
Кўзин олайтар ўлим.
Ана, учиб ўтди ўқ,
Қайдадир тўкилди қон.
Ўша ўқ кимгадирмас,
Менга тегса не гумон?

Агар тасодиф бўлиб
Анов шофёрнннг қўли
Озгина қалтнраса,
Оламда йўқман, гулим…
Мен бир шуҳратсиз шоир,
Лаҳзада бўлгум унут,
Қани, мени севақол,
Қучоқла бағрингга ют!.

Сир кўп олам қаърида,
Мўъжизага кон олам,
Сен билмайсан…
Билмайсан,
Мўъжизадирман мен ҳам!

* * *

Умримни бир олис ишққа алмашдим,
Қочдим ҳушёрликдан, тушга алмашдим.
Беқанот, қалбимни қушга алмашдим —
Сизсиз ўтган умрим бекор, ёрижон!
Не бахтким, юрагим бемор, ёрижон!

Ул кўзда қай куни порлади зиё,
Дунёдан кечгулик топдим бир дунё.
Бу дунё нимадур? Бу дунё — рўё —
Фақат пок ишқингиз ҳақдир, ёрижон,
Қалбимга энг юксак тахтдир, ёрижон.

Гарчи ўртамизда соғинчу ҳижрон,
Гарчи висол йўли вайрондир, вайрон,
Аммо азобингиз кўксимда ҳар он —
Муқаддас оловдай қолди, ёрижон,
Шукурким, сиз билан ёндим, ёрижон,

Яшардим ўзимга муз каби боқиб,
Ишқ келди, жўнадим, дарёдай оқиб,
Менга ҳабиб бўлди ҳатто шум рақиб —
Кўриб — тўлқин-тўлқин қоним, ёрижон,
Сиз менинг жонимсиз, жоним, ёрижон.

Ҳеч қачон демасман бошни йўқотдим,
Эридим, вужуддан тошни йўқотдим.
Йилларни йўқотдим — ёшни йўқотдим,
Мендан айро тушди ёлғон, ёрижон.
Шунданми тилларим равон, ёрижон.

Нодон дер «Сен борни йўққа алмашдинг,
Қуёшни бир ғариб чўққа алмашдинг…»
Куламан: «Халқобни кўкка алмашдим…»
Энди юрар йўлим фалак, ёрижон,
Қанотга айланди юрак, ёрижон!
Қанотга айланди юрак, ёрижон!

* * *

Деразадан боқар соҳибжамол ой,
Нигоҳлари тўла карашма, чирой.
Кечиргин, бўлибман ойга маҳлиё,
Ишон, энди унга қилмайман парво.
Ойнинг сочларини майли, ўрмайман,
Мен сени ойларга бермайман.

Сулув келинчакдек безанмиш баҳор,
Далалар ҳам гулзор, боғлар ҳам гулзор.
Гулларга боққандим, кулиб, очилиб,
Ёшларинг кетдилар нурдай сочилиб.
Баҳор гулларини майли, термайман,
Мен сени гулларга бермайман.

Шеър чорлар, бир лаҳза асир бўламан,
Ёнаман, куяман, тошиб-тўламан.
Сен-чи, унут бўлиб ғариб бурчакда,
Турибсан… Ғам тоши чўкар юракка…
Илҳом билан, майли, суҳбат қурмайман,
Мен сени ҳеч кимга бермайман…

Қанча ширнн дамдан кечмоғим мумкин,
Фақат ссн ўйнагин, қувонгин, кулгин,
Сен менинг тақдирим, охир — азалим,
Сен менинг баҳорим, ойим, ғазалим.
Қалбимсан! Мен Қалбсиз сира юрмайман,
Қалбимни ҳеч кимга бермайман!..
Мен сени шеърга ҳам бермайман…

* * *

Азизим, деворда чиқиллар соат,
Куну тунни бўлдик йигирма тўртга.
Соат буйруғига қилиб итоат.
Ўзимни ташлайман тафти йўқ ўтга.

Саҳар — одамлардан югуриб, ўзиб,
Ишхонага қадар қўяман пойга.
Кундуз — ўлтираман сочларим тўзиб,
Ўзим столда-ю, хаёлим ойда.

Кундуз — латифалар айтаман йиғлаб,
Қалам қитирлатиб сураман хаёл.
Ўйлайман: кимдандир сафсата тинглаб,
Менн унутмоқда мен севган аёл.

Оқшом — хнёбонда шеър кезадн маст,
Оқшом мени кўриб силкитасан қўл.
Дўстгинам, музладим, эритгин бирпас…
Дўстгинам, ўлгунча ёнгинамда бўл!

Бесабр панжалар бир-бирин излар,
Кўзларинг ўқийди вафодан достон.
Оқарар, бўзарар, ловуллар юзлар,
Фалак замин бўлар, ер бўлар осмон…

Азизим, ярим тун. Музладим, қотдим,
Оловдан бермагин бефойда дарслар.
Мен қалбим оловин мангу йўқотдим,
Теграмда қуллар, ё мансабпарастлар.

Хайр, кўришгунча, хайр дилбандим.
Ёлғиз сўзлагайсан севгингни ойга.
Ухламоғнм керак… Вужудим маним —
Тонгда кўчаларда қилгуси пойга…

* * *

Рашк, ғийбатнинг тўлқинларида
Кема мисол чайқалди хонам.
Энди бизлар ҳеч учрашмаймиз…
Хайр!
Тонг отади,
Сен йўқ.
Кун ботади,
Сен йўқ.

Столимда сен ёзган хатлар,
Девордаги суратдан ҳам сен
Меҳр билан боқиб турибсан.
Деразадан кўринган осмон
Парчасига шодмон боқардик,
Юлдузлар-ла кулганида ҳам,
Ол шафаққа тўлганида ҳам.
Хонам, ўзим, бу улкан олам
Сендан қолган ғамгин хотира.
Тонг отади,
Сен йўқ.
Кун ботади,
Сен йўқ.

Узоқларда бепоён йўлда
Йнғлаб кетиб бормоқдасан сен,
Оёқларинг тагидаги ер
Тўлқин отар монанди денгиз.
Оқ чорлоғим, учиб чарчадинг —
Йиқиласан дақиқадан сўнг,
Йиқиласан, тўлқинлар ютар…
Тонг отади,
Сен йўқ.
Кун ботади,
Сен йўқ.

Чиқиб бўлмайди.
Энди мендан кетди ихтиёр!
Юрагимни қўйиб кафтимга
Шивирлайман бесабр, такрор:
Қнбланамом, йўл кўрсат менга!

* * *

Сен дединг: «Куз келди. Қарагин, хазон…»
Мен бўлса уқтирдим: «Бу — қотган зиё.
Тунда ҳам нур ичра асрамоқчи жон,
Сезиб қаҳратоннинг шарпасин дунё».

Сен дединг: «Бечора, қарагин, ёмғир…»
Мен кулднм: «У — менинг суюмли ошнам.
Тунги суҳбатларда босиғу оғир,
Кундузги сайрларда бебаҳо ҳамдам».

Сен дединг: «Қарагин, чорбоғда туман,
Наҳот туман билан қоласан танҳо?!
Ёлғизларнинг иши қуламоқ тубан,
Совуқда дилдираб тентирамоқ ё…»

Мен кулдим: «Туманмас, танидим, булут.
Ахир, мен самонинг ерга энчиси.
Бу — унинг қаршимда бахт каби дўниб,
Илҳом келмоқда, деб турган элчиси.»

Туманли боғларга термулиб, бирдан,
Йиғладинг: «Худойим, куз келди, хазон…»
Бир сўз бор баҳорни қайтарадиган,
Сенга айтолмайман уни ҳеч қачон…»

* * *

Бизни чалкаштирди еоат миллари,
Соатинг тўхтади ўн йил муқаддам.
Ўн марта айланди менинг йилларим,
Сен ўн йнл кечикиб келдинг, Муҳаррам.

Ҳаво Қуюқ эди. Кеча бежон, кенг…
Ҳеч умид йўқ эди ойдин рўзимдан.
Вақтга (ўн йил аввал) келолмадим тенг,
Вақт учди ажратиб мени ўзимдан.

Бир сўзим бор эди — у сўз тўзиди,
Бир ўйим бор эди — қуриди у ўй.
Сен келдинг эритиб йиллар музини,
Қаршимда бир олам турар баҳоррўй.

Бесабр боқурсан, нотинч боқурсан,
Уйқу бермагайсан шеърлар ёздириб.
Бормасам оламни ўтда ёқурсан,
Кўзларинг қалбимга кирар бостириб.

Тоқат қил. Шоширма. Мен бораяпман
(Пойимдан нур каби оқа бошлар Ер).
Кетмагин. Мен сендан ўн йил нариман.
Ўн йилдан ўтишга ўн дақиқа бер…

* * *

Бекор. Ёлғон. Ботмаган.
Муҳаббатнинг қуёши.
Тун келди деб додлаган,
Бевафолар кўзёши.
Мен бораман. Бу жоним,
Сеникидир… Ўксима.
Тунда қўрқма.
Оқ тонгнинг
Бир парчаси кўксимда…

ЮРАК

Кўксимда бир қуш бор — учади тинмай.
Юксак-юксикларда учар — кўрар туш…
Учади ярадор бўлганин билмай,
Учиб кетаётиб ўлади бу қуш…

* * *

Шоирлар эрта туғиладилар,
Баҳорнинг тўнғнчи — бойчечакдай.
Шоирлар армон билан ўладилар,
Баҳорнинг тўнғичи — бойчечакдай.

Бойчечак болаларнинг дилларида қолади.
Тўрт девор ичида сиқилган болалар
Деразадан қорга умидвор боқишар…

Шоирлар болаларнинг дилларида қолади.
Шоирларга армон бўлган йўллардан
Жўнаб кетишади исёнкор болалар…

Шоирлар армондан туғиладилар.

043

Taniqli shoir va dramaturg Usmon Azim tavalludining 65 yilligi oldidan

    Mana, Usmon Azimning chop etilgan “Saylanma”si. Kitobdagi aksariyat she’rlar yaxshi tanish – oldin ham o’qilgan she’rlar. Lekin ulardagi hissiyot o’sha-o’sha: jo’shqin va tabiiy. Ehtiros o’sha: yoniq va shiddatli. Fikr shamoyili deyarli o’zgarmagan: ishonchbaxsh va murosasiz.

021
Ibrohim HAQQUL
G’USSALI YURAK – YOLQINLI YURAK
04

Haqiqiy shoirning ruh va fikr maqomi o’ziga xos, doimo yuksak bo’ladi. Bu o’ziga xoslik va yuksaklikning muhim bir jihati – olomonni qiziqtiruvchi, olomonga maqbul keluvchi fikr va tuyg’ulardan shoir qalbining poklanishidir. Aks holatlarda shoir olomonning ortidan ergashib yurmasa-da, o’zi xoh istasin, xoh istamasin, olomon kuychisiga aylanib qolaveradi. San’at zavqi ila qalam tebratadigan shoirni olomon tushunmaydi. Tushunmagach, uning asarlarini to’g’ri qabul eta olmaydi. Shoir bundan hech nima yutqizmaydi, balki so’qirlik va qo’pollikdan o’zini-o’zi muhofaza qilishni go’yo qonunlashtiradi. Ya’ni uning she’riyatidagi zohiriy dunyo, botiniy haqiqatlar olamini sir saqlashga xizmat etadi. Sirga yetish, go’zallik sirlarini kashf aylashni esa g’ofil kimsalar mutlaqo yoqtirishmaydi. Ular jo’nlikni, sayozlikni yaxshi ko’radi. Soxta chechanik va jo’nlik olomonga hamisha yengillik beradi. Shuning uchun u o’z shoiri yoki yozuvchisini qo’llab-quvvatlash va ilhomlantirishda bag’oyat tashabbuskor. Bir paytlar, she’riyatimizga yetmishinchi yillarda va undan sal keyinroq kirib kelgan iste’dodli yoshlar ijodiga qarshi keskin hujumlar uyushtirilishi va ularning millatchilik hissiyotlarni yolqinlantiruvchi she’rlarini bepisandlik bilan tanqid qilinishiga asosiy sabab ham mana shu edi.
Hurriyatchilik – she’riyatdagi eng ustivor va eng umidbaxsh yo’nalish. Bu yo’nalishga qarshi turish yoki ma’lum bir vaqt uning harakatlarini susaytirish mumkin. Lekin hech qanday kuch uni batamom to’xtatish va yo’qotishga qodir emas. Chunki Ruh erkinligi insonni davr va zamonning har qanday xavf-xatarlaridan muhofaza eta oladi. Ruhan va qalban ozod shaxs – yengish qobiliyati shakllangan shaxs. Uning tik qomatini fitna va bo’hton, jaholat va zulm to’fonlari buka olmaydi. Hasad va g’azab toshlarini u nokaslik va ojizlikning bir “tuhfa”si sifatida qabul qiladi.
Saksoninchi yillarga kelib she’riyatimizda so’zning yangi ta’sir quvvatini ochish, ramzlar, ishoratlar tili bilan asriy yolg’on va haqsizliklarni fosh etish tamoyili yanada kuchaydi. Ayrim shoirlarni millatchilikda ayblash xavfi xavf bo’lmay qoldi. Chunki uzoq muddat omma ongini chulg’ab olgan siyosiy xurofot asta-sekinlik bilan bo’lsa hamki, chekinishga boshlagandi. Bu hol eng sho’roparast ijodkorlarni ham bir qadar hushyor tortishga majbur etdi. Ular she’riyatdagi yangi va shiddatli mafkuraviy to’lqin istiqboliga avval ishtiboq ila qaradilar. Zaruriyat tug’ilganda, ulug’ Cho’lpon va Fitrat merosini to’la oqlash yoki ularning g’oyaviy-badiiy an’analari davom topishiga qarshi ekanliklarini ham yashirmadilar. Bunday shoiru yozuvchilarni qayta qurish va oshkoralik nasimlari ancha dadillashtirdi. Va ular fikran, ruhan qayta yangilanish azoblarini xayolga ham keltirmasdan, juda mohirlik bilan zamonga qayta moslashdilar. Oradan uncha ko’p fursat o’tmadi, ichki, ya’ni vijdoniy mustaqillikdan mahrum ayni shu shoir, shu yozuvchilar davlatimiz Mustaqilligining “muhofiz”lari qiyofasida minbarlarda ko’krak kera boshladilar. Holbuki, erk va mustaqillik uchun kuyib-yongan bo’lsa, Erkin Vohidov, Abdulla Orif va Rauf Parfi kuyib-yongan edi. Shaxs hurriyati va Vatan ozodligi uchun umrini tikkan bo’lsa, Shavkat Rahmon, Xurshid Davron, Usmon Azim tikkan edi. Yoki Miraziz A’zam, Cho’lpon Ergash, Omon Matjonga o’xshash shoirlarning she’riyatini xolis baholamasdan, qanday qilib odamlarni Mustaqillik adolatiga ishontirish mumkin?

Mana, Usmon Azimning chop etilgan “Saylanma”si. Kitobdagi aksariyat she’rlar yaxshi tanish – oldin ham o’qilgan she’rlar. Lekin ulardagi hissiyot o’sha-o’sha: jo’shqin va tabiiy. Ehtiros o’sha: yoniq va shiddatli. Fikr shamoyili deyarli o’zgarmagan: ishonchbaxsh va murosasiz.

She’r yozadiganlar ko’p. Ammo sevishga qodir, ko’nglini ishq ishg’ol aylagan shoirlar nihoyatda kam. Usmonni Olloh sevgidan qismagan. Shuning uchun uning Ko’ngli erkin, ruhi va fikri erkindir. Shuning uchun uning eng yaxshi she’rlarida ishq va e’tiqod shu’lasi porlab turadi. Ehtimol mana shu uchun ham Usmon Azimning “Saylanma”sini o’qigan she’rxon tashqi bir dunyoga emas, balki ulkan bio shoirning Ko’ngil bog’lariga sayru sayohat qilganday bo’ladi. Shu bog’larning bahoriy manzara va quvonchlaridan ruhlanadi, kuz quchog’idagi holatlariga nigoh tashlab goh hazin, goh o’ychan, goh g’am-g’ussali xayollarga beriladi. Qanday fikr yo g’oya ilgari surilishidan qat’i nazar, she’r – holat, kayfiyat, ruhoniyat suvratlaridir. Xususan, ruhiy idrok va ruhiy anglash mayllari aks etmagan she’rning quruq va yalang’ochligiga toqat qilish qiyin. Usmon bu haqiqatni chuqur anglaydi. Uning “Ruhga ko’chdim – tanim qolmadi”, deyishi ham shu haqiqatning bir e’tirofidir.Imom G’azzoliyning ta’riflashicha, “Ruq insondagi idrok qiluvchi va biluvchi latiflikdir”. Usmonning oldingi hamma she’riy to’plamlariga nisbatan “G’ussa” deb nomlangan majmuasida ana shu latiflikning miqyosi keng va mohiyati teranlashgan. “Saylanma”da undagi she’rlarga kengroq o’rin ajratilgan va to’g’ri qilingan. “G’ussa”dan tanlangan she’rlar Usmonning fikr-qarashlarida kuchli siljish sodir bo’lganligini anglash jihatidangina emas, balki uning she’riyatida sifat o’zgarishi hosil bo’lganligini bilish ma’nosida ham diqqatga molik.

G’am yetdi dil xilvatlariga,
Yolg’onlarning shu’lasi so’ndi. –

deydi shoir. Yolg’onning rangi voqelikning qiyofasini o’zgartiradi. Yolg’onlarning shu’lasi dunyo ishlari va inson qismatiga to’g’ri nazar ila qarashga imkon bermaydi. Yolg’on, shodlik va “quvonchning ko’p zulmlari bor”ligini bilishga yo’l qo’ymaydi. Balki shu uchun u boshqa bir she’rida“Do’stlar, iliq yolg’on haydang – kuzga chiqsin qalbingiz” deya “zarif g’ussa jomidan” sipqorishga da’vat etgandir. Agar shoir basirat nigohida nimanidir aniq ko’rish yoki dunyoning murakkab haqiqatarini to’g’ri va teran o’zlashtirishni xohlasa, uning aqli har turli o’tkinchi da’volardan, keraksiz bahsu munozara qo’zg’ovchi hissiyotlar, shaytoniy mayl va soxta talablardan forig’ bo’lib, mutlaq xotirjamlikka yetishmog’i shart. Usmonning bir qator she’rlari shunday xotirjamlik va ruhni yorishtiruvchi sokinlik shavqidan tug’ilgan. U tazarru bog’lariga yuz burarkan, qalb hayotidagi o’zgarishlar va tushunchalaridagi evrilishlarni ham she’rda mohirlik bilan aks ettiradi.

Kechirgin – erk uchun taloshganimni
Va erk senligingni bilmaganim-chun.

Bu fikr – Tangriga iltijo. Va ayni paytda u erk uchun talashmoq, erksizlikning ayni o’zi ekanligini anglagan, bandasidan Erku Ozodlik kutish besamar ish ekanligini aniq bilgan yurak iqrori erur. Darhaqiqat, Ko’ngil uchun Haq ishqidan ortiq va bepoyon hurriyat yo’q. Eng so’nggi najot ham insonni abadiyat saltanati – Olloh dargohida chorlovchi shu ishqdir:

Ishq, sendadir eng so’nggi najot,
Uzat, toza dastingni uzat –
Sen yo’q joyda g’aribdir hayot,
Sen yo’q joyda kishandir uzlat.

Biz “ma’no” so’zini ko’p tilga olamiz. “Ma’no” to’g’risida to’xtovsiz gapiramiz. Ammo “ma’no” bag’rida yashiringan ma’nolar bilan deyarli qiziqmaymiz. Ma’no – tasavvuf she’riyatidagi bosh so’z va yetakchi timsollardan biri. Sharqning buyuk mutasavvuf shoirlari bu so’zga nuqta, haqiqat, ma’rifat (irfon), ruhoniy ilm, olam kabi mazmunlarda ishlatganlar. Ahmad Yassaviy murshidining o’gitlarini xotirlab:

Ayo nodon ma’no bul, deb aytdi bildim,
Ondin so’ngra cho’llar kezib Haqni suydim –

deganida haqoyiqi ilohiy va ma’rifati ruhoniyni nazarda tutgan. “Ma’no”ning asosiy sifati – uni to’liq kashf aylash va ochiq-oydin ifodalash mumkin bo’lmagan bir tilsim ekanligidadir. Zero, chin oshiqlarga ko’ra “Ma’noni bildim degan — bilmas”. Tasavvufiy maslakda, ma’noning ziddi – da’vo erur. Da’vo – quruq, zohiriy va ildizsiz bilim – haqiqatdan yiroq bir iddao. Shu bois boshqa bir haqparast shoir demish:

Bizga diydor kerak, dunyo kerakmas,
Bizga ma’no kerak, da’vo kerakmas.

Mustaqillikdan so’ng o’zbek she’riyatida da’vodan kechib “ma’noga” yuz burish jarayoni boshlandi. Hali tanqidchilik bu jarayon bilan qiziqqani ham yo’q. Lekin mavjud tajribalar yaqin kelajakda mustaqillik davri she’riyati bilan mumtoz she’riyatimiz o’rtasida irfoniy va ruhoniy bir yaqinlik paydo bo’lishidan dalolat berib turibdi. Bu quruq gap emas, balki yuzlab misollar bilan isbotlanadigan haqiqat. Shunday she’rlarning sara namunalari Usmonning “Saylanma”sida ham mavjud. U bir she’rning oxirida yozgan:

Hamma o’yim oqdir, bor baxtim – qora,
Faqat ishqim pokdir, faqat dil – gado.
YO Olloh! Ishqingning umidi aro,
Oyoqqa ilashgan loyday sarsonman.

Najot ana shu umidvorlikda. Dil quvonchi ana shu sarsonlikda. She’r yozmoq Usmon Azimga kasbmas – qismat.

1996 yil, 11 oktyabr

045USMON AZIM
«DARS» KITOBIDAN SHE’RLAR
04

    Usmon Azim 1950 yil 13 avgustda  Surxondaryo viloyati, Boysun tumanida tavallud topgan. O’zbekiston xalq shoiri (2000). ToshDUning jurnalistika fakul`tetini tugatgan (1972). Ilk kitobi — «Insonni tushunish» (1979). «Holat» (1979), «Oqibat» (1980), «Ko’zgu» (1983), «Surat parchalari» (1985), «Dars» (1985), «Ikkinchi aprel`» (1987), «Baxshiyona» (1989), «G’aroyib ajdarho» (1990), «Uyg’onish azobi» (1991), «G’ussa» (1994), «Uzun tun» (1994), «Saylanma» (1995), «Kuz» (2001) kabi she’riy va «Jodu» (2003) nasriy to’plamlari nashr etilgan. Dramalar ham yozgan («Bir qadam yo’l». 1997; «Alpomishning kaytishi», 1998 va boshqa). «Alisher Navoiy» kinoqissasi (1990), «Alpomish» kinodostoni (1997), «Sevgi» (1998, shu nomli hikoya asosida) va 2 seriyali «Alpomish» (2000) fil`mlarining stsenariysiga mualliflik qilgan. Pol` Elyuar, Oyar Vatsietis, Fozil Husni Dog’larja, A. Voznesenskiy, YU. Martsinkyavichyus va boshqa shoirlarning asarlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan. Gruziyaning Mayakovskiy nomidagi Davlat mukofotiga sazovor bo’lgan (1982). «Do’stlik» ordeni sohibi (1998).

04

***

Meni seving,
Mendan nafratlaning —
Boshqasiga ruxsat bermayman.
Men sizni sevaman
Va nafratlanaman,
Mayda tuyg’ularni ko’rmayman ravo
She’r yozaman — sevgi,
She’r yozamai — iafrat.

Siz bo’lsa,
Aldaysiz meni,
Qo’lda xanjar tutib
«Sevaman» deysiz.
Qo’rqmang,
rostini ayting,
Balki sizni
o’shanda sevib qolarman,
Mana, men
Sizga

Nafratim va sevgimni
Har bitta she’rimda
Aytayapman-ku!

Balki shuning uchun
Mendan nafratlansangiz ham
Sevgilingizga
She’rlarimni yoddan o’qib berasiz!
Men sizning rost gaplaringizni
Sevgilimga

aytaman kachon?..

SHE’RIYAT

Ko’zlari chaqnoq tulpor,
Tuyog’i chaqmoq tulpor.
Suvliq lablarin yirtgan,
Yollari bayroq tulpor.

Bir bosgan izing guldan,
Bir bosgan izing nurdan,
Quyosh bo’lib lang’illab,
Ajrab borasan tundan!

O’jar tulpor, tong tulpor,
Yo’llari osmon tulpor.
Parvozingga kuch bo’lsin,
Berayinmi jon, tulpor?!

Samolarda uch sho’x-sha’n,
Mayli, yerda qolsin tan,
Ey, qaldirg’och qanotim,
Sen mening mast ruhimsan!

Vujudi olov tulpor,
Yonasan lov-lov tulpor,
Tortgan aravang — zamin,
Olovli yalov tulpor.

Ko’zlari chaqnoq tulpor,
Tuyog’i chaqmoq tulpor,
Suvliq lablarin yirtgan
Yollari bayroq tulpor…

BAYONOT

Menga hech narsa kerakmas,
faqat odamlarni aldamang.

* * *

Ohista-ohista yog’adi yomg’ir,
Ohista-ohista qo’zg’alar shamol.
Ohista-ohista to’kar yumshoq nur
Bulutlar bag’ridan ko’ringan hilol.

Ohista-ohista yig’laydi bir qiz,
Kaptar patidan ham mayin dardlari…
Tun tirik… Yaxshilab tinglab ko’rsangiz
Eshitilar uning yurak zarblari…

Ne nafis tug’yonlar ichida qoldik!
Sevgilim, gapirma, o’ltirgin tinib,
Go’yo dunyo go’dak qalbidan nozik,
Go’yo entiksang ham ketadi sinib…

* * *

Ko’nglim qolgani yo’q yorug’ olamdan,
Xayolimda yo’qdir na viqor, na kin.
Baribir bir kuni sizdan ketaman —
Qayga ketganimni bilmaydi hech kim.

Men ishga boraman, ishdan qaytaman,
Ko’ksimda yuragim urar, tinmaydi.
O’g’limga eng shirin so’zlar aytaman,
Mennng yo’qligimni hech kim bilmaydi.

Do’stlar davrasida goh sharob ichib,
Goho og’u ichib o’ltiraman jim.
Ko’chada kezaman odamlar kechib —
Mening yo’qligimni bilmaydi hech kim.

Tabassum qilaman tanish-bilishga,
Do’konda navbatga turaman horg’in.
Hech kimni qo’ymaydi ortiq tashvishga
Xalaqit bermaydi mening yo’qligim.

Mening ko’kragimda yonib oqibat,
Kul bo’lib, sovrilar mayda savdolar,
Unda quyosh kabi lovullab faqat
Ona O’zbekiston surati qolar.

Savollar bermagin — azobdadir jon,
Yaxshilab yashasang, umr bu — qiynoq.
Qaydan qaytishimni bilaman ayon,
Qayga borishimni bilmayman biroq.

* * *

Ucholmasdan qoldi jonu tan.
Osmon qayda? Qaradim ilkis…
Sochin yoyib falakda, sho’x-sha’n
Porlar quyosh — Barchinday bir qiz.

Eshik oldi bir parcha chimzor,
Shu chimzorda yotdim cho’zilib.
Sochlarimga shodu baxtiyor,
Chumolilar chiqdi tizilib.

Bir ninachi — sarxushu dovdir,—
Jirkanmasdan qo’ndi qo’limga…
Titroq yetdi jonimga dovur,
Nogoh hayron boqdim o’limga

Va eshitdim, yerning tagida
Dupur-dupur — yelib kelar ot.
Men — Alpomish behol yotibman,
Shoshib kelar Qorajon — Hayot!

* * *

Ko’ksimni ochaman. Chekinar g’aflat.
Karaxtlik to’kilib borar manglaydan…
Qaysi muyulishda yuribsan yig’lab —
Tramvay, men seni anglayman.

Bunchalar beshafqat bu qo’sh temir iz,
Bu taqdir changali — berahm, mahkam.
Taqdirdosh, qiynaldik, axir ikkimiz,
Bu temir iz bilan, temir iz bilan…

Bu — bekat, dedilar.
To’xtadik g’ingshib,
Ketdik, bo’l, dedilar.
Yugurdik hayron.
Bugun temir g’aflat izidan tushdim,
Oyog’im tuproqda — bir rohatijon!

Ammo… Bu… Tramvay… Ketmas o’yimdan.
Ko’chaga boqaman. Qayda bechora?
Ana, tramvaylar osib qo’yilgan
Sovuq simdorlardan o’t chiqib borar.

BOLALIKNING SO’NGGI KUNLARI

U bahorni kutdi intizor,
Yo’llariga ko’z tutdp ilhaq.
Quyosh chiqsa, ernb bitsa qor,
To’yib-to’yib o’ynardi chillak.

Kelib qoldi bahor ham mana,
Dalalarga sochib lolalar.
Tepalikda quvonch-tantana —
Chillak o’ynab ketdi bolalar.

Kutib oldi uni ham sho’xlik.
Ochganicha keng quchog’ini.
Nimagadir sho’xlik ham — qiziq! —
Bosolmadi dil chanqog’ini.

Do’stlariga boqdi u hayron,
Do’stlar chillak o’ynar berilib.
Bola ko’ngli bo’lgancha vayron,
Bir zumgina qoldi termulib.

BOYCHECHAK
Opam Saidaga
07
Ey, mening munisginam,
Mehribonim, opajon.
Baland tog’lar bag’rida
Bormisan sog’u omon?!
Kecha xatingni olib,
Ko’ksimga tushdi g’ulu…
«Usmon, juda sog’indim,
Sen meni unutding-ku…»

Opa, unutganim yo’q,
Qo’y, qilmagin imtihon.
Muhabbatim, hurmatim,
Sog’inchim qalbda nihon.
Qanday yodimdan chiqsin
Tepaliklar. dalalar…
Bahor bilan mast bo’lib,
Kuylardik biz bolalar:

«Boychechagim boychalandi,
Boychechagim boylandi…» …
Bugun olamda yoshlik,
Zamin qancha aylandi.
Yigirma uch gul fasli
Bargday umrimdan uchdi.
Ne turfa tashvish, yumush,
Opa, bag’rimni quchdi.

Shu she’rni bitayotib
Boqqandim derazaga,
Ko’rib bir manzarani
Qalbim tushdi larzaga.
Quvonchimga qaerdan
O’xshatish topayin mos!
Xullas, opa, daraxtlar
Guldan kiyibdi libos.

Yana oydin xayollar
To’ldirdilar xonamni:
Ana, hovlimiz… sen… men…
Qish…
Qor ko’mgan olamni.
Izg’irinda junjikib
O’ltiribmiz ayvonda.
Oyog’imizda etik,
Eskigina choponda.

Qachon keladi bahor…
Necha kun, necha kunduz?! …
Bir kun uzilib tushar
Tarnovga osilgan muz.
Bulut ko’kda urar charx,
Maysalar nish otadi.
Quyosh tansiq nurini
Sochib-sochib botadi.

Opa-uka izlaymiz
Dala-dashtda boychechak:
«Qor eridi, qo’rqmagin,
Ochil asta, boychechak».
Oxir ko’rsatar yuzin,
Bizni zor etgan chechak.
Baxtni topgan kabi
Toshar, hovliqar yurak.

Oh yomg’irda bosh yalang,
Raqs tushamiz, o’ynaymiz.
Kamalakka ko’milib,
Jaranglatib kuylaymiz:
«Boychechagim boylandi,
Boychechagim boylandi…»
…Bugun olisda yoshlik,
Zamin qancha aylandi,

Totib ko’rdim dunyoning
Lazzati-yu, alamin.
Goho o’ksik, gohida
Shodmon yozdi qalamim.
Ba’zan jim-jit, tinch oqdim,
Ba’zan ko’tardim isyon.
Kurashda ham, g’amda ham,
Bayrog’im bo’ldi vijdon.

Goh she’rda bo’ldim mag’lub,
Goh kuldim tantanavor!..
Qisqa qilib aytayin —
Opa, ukang baxtiyor!
Ammo sokin bu hayot,
Zeriktiradi ba’zan.
Shunda, mehribonginam,
Seni ko’rmoq istayman,

Opa, unutganim yo’q…
Qorlar erib bitgan choq
Uyga kirib boraman,
Tugar hijronu firoq.
Bnr kungina o’shanda
Qo’ygin ro’zg’or g’amini,
Ikkalamiz ertasi
To’ldiramiz kamini.

Dala-dashtga chiqamiz,
Izlaydurmiz boychechak,
Odamlar kulsa-kulsin,
Bir kun bo’lamiz go’dak.
Oq yomg’irday bosh yalang,
Raqs tushamiz, o’ynaymiz,
Kamalakka ko’milib,
Kulib-yig’lab kuylaympz!
«Boychechagim boylandi,
Boychechagim boylandi…»

* * *

Temir yo’l chetida olis bir qishloq…
Loysuvoq uylarga qilmasdan parvo,
Poezdlar to’xtamay o’tadi undan.
Bir bola sarpoychan va yalangoyoq
Yashil vagonlardan uzmay ko’zini,
Qo’lini silkitar…

Poezd o’tar…
Derazalar nigohi
Bolaning ko’ziga tushib ulgurmas,
Mudroq dalalarga va bolakayga
Qanotli shijoat, tezlik shiddatin
Ulashib…

Poezd o’tar…
Havoda silkinar bolaning qo’li,
Poezd ufqlarga ketadi singib…

Keyin…
Bir chetdagi toshga o’ltirib

Bola poezd kutar,
o’z poezdini…

Bilaman, keladi bir kun u poezd!
Onasining bag’ridan sitilib chnqib,
Go’yo fazokorday bola jo’naydi,
Uchgani o’zining samovotiga.
Abgor qilolmagan uni mashaqqat!
Eng uchqur raketa — qalbiga minib,
Murodiga — istagan yulduziga yetar.

U sezar: Qayoqqa yelmoqda ildam
Pishillab, hansirab zamon poezdi,
Yana qay tomonga yo’l qurmoq kerak,
Qaysi bir tomonning yo’lin berkitib.
Men-chi, kuylab-kuylab ado bo’laman,
U payt yuragimda qolmagay mador.
Mening merosxo’rim ekanin bilmay,
Ovozim yetmagan avj pardasidan
Bola qo’shig’imni ettirar davom!

U kuylayveradi — aylanar zamin,
U kuylayveradi — tug’ilar shoirlar!
U kuylayveradi zo’riqib, horib…
Nogoh ko’z oldiga bir surat kelar:
…Temir yo’l chetida olis bir qishloq,
Yalang oyoqlarnn yer uzra qo’yib,
Yashil vagonlardan ko’zin uzolmay,
Bir bola poezdga silkitadi qo’l…
Bir bola poezdga silkitadi qo’l.

* * *

Sen yo’q eding. Besarhad fazo,
Olti qit’a, to’rt bahri ulkan
O’rtasida yashadim tanho
Mushtday mo»jaz yuragim bilan.

Hayajonu zavqdan begona,
Tinch daryoday jim oqdi umrim.
U payt eding sen bir afsona,
U payt hali yo’q eding, qumrim.

Vahimali, cheki yo’q olam,
Bag’rida har sharpadan cho’chib
Yashadim men — eng mitti odam,
Goh miltirab, gohida o’chib.

So’ng sen kelding sevib, o’rtanib,
Panohimga, mehrimga mushtoq.
Yoningdaman, qo’rqma, sevligim,
Men naqadar qudratliman, boq!

Sehrgarman, ko’k shevasida
Yulduzlar-la so’ylay olaman.
Mast erurman ishq kemasida,
To’fonlar-la o’ynay olaman.

Men saxiyman — kim istasa baxt
Ko’ksin nurga to’ldiradurman.
Oyni ko’kdan uzib olib dast
Peshonangga qo’ndiradurman.

…Gulim, sovuq boqma, qo’rqaman,
Qo’rqaman boz bo’ladi paydo —
Olti qit’a, to’rt bahri ulkan,
Huvillagan dahshatli fazo…

* * *

Kafechalar, nochor kulgular,
Tramvaylar shovqini aro —
Va’da etib menga yog’dular,
Yuragimda sen bo’lding paydo.

Portlay dedi nogahon ko’ksim,
Ko’zlarimga urildi quyosh.
Sen nedandir og’rinib, o’ksib,
O’ltirarding ko’tarolmay bosh.

Sezmas eding qo’lingdan kitob,
Tushganini yerga sirg’anib.
Qiyofangda tansiq, bexitob
Tanho chiroy turardi yonib.

Qo’llaringni ushlagim keldi,
Dedim: qaytdi umrim bahori.
Tomirda qon yugurdi, yeldi,
Boqsam: tegram so’ngsiz zangori.

Shundan buyon qarshimda olam
Charx uradi gullab, ko’karib.
…Qani har kun qo’lingga bersam
Kitobingni yerdan ko’tarib.

MUHABBATNING TABIATI

Tunlar oromidan achinmay kechdim,
Ko’nglimni sen bilan qildim munavvar.
Sonsiz chigallikka urildim, yechdim,
Angladim: sen menga qismat muqarrar.

O’zimni ming marta qatl ayladim,
Ming marta o’zimga hadya etdim jon.
Sovuq bir tosh edim, qo’shiq boshladim.
Ayt, yana nimani aylayin qurbon?

Gullarga burkangan badanin ochib,
Ko’zimga termular bir malak — Hayot!
Uning og’ushidan men ketdim qochib,
Sen — go’zal she’rimni aylagani yod.

Meni xarob etdi beto’xtov g’ulu,
Chorasiz hijronning gapiga ko’ndim.
Olis-olislardan uchib keldiyu
Qo’llaring ohista kiftimga qo’ndi…

* * *

Sir ko’p olam qa’rida,
Mo»jizaga kon olam,
Bu hayotning bag’rida
Mo»jizadirman men ham…
Qaytmaydirman ortimga,
Bir otilgan o’qdirman.
Bu kun borman olamda,
Erta bo’lsa yo’qdirman.

Qani, meni sevaqol,
Quchoqla, shirin so’z ayt,
Men mehrga biram zor —
Tashna erurman shu payt.
Mo»jizalar izlamoq.
Tegdi sening joningga.
Qayoqqa qarayapsan,
Men — mo»jiza yoningda.

Umid, iltijo bilan
Senga cho’zilgan qo’lim.
Axir, qara men tomon
Ko’zin olaytar o’lim.
Ana, uchib o’tdi o’q,
Qaydadir to’kildi qon.
O’sha o’q kimgadirmas,
Menga tegsa ne gumon?

Agar tasodif bo’lib
Anov shofyornnng qo’li
Ozgina qaltnrasa,
Olamda yo’qman, gulim…
Men bir shuhratsiz shoir,
Lahzada bo’lgum unut,
Qani, meni sevaqol,
Quchoqla bag’ringga yut!.

Sir ko’p olam qa’rida,
Mo»jizaga kon olam,
Sen bilmaysan…
Bilmaysan,
Mo»jizadirman men ham!

* * *

Umrimni bir olis ishqqa almashdim,
Qochdim hushyorlikdan, tushga almashdim.
Beqanot, qalbimni qushga almashdim —
Sizsiz o’tgan umrim bekor, yorijon!
Ne baxtkim, yuragim bemor, yorijon!

Ul ko’zda qay kuni porladi ziyo,
Dunyodan kechgulik topdim bir dunyo.
Bu dunyo nimadur? Bu dunyo — ro’yo —
Faqat pok ishqingiz haqdir, yorijon,
Qalbimga eng yuksak taxtdir, yorijon.

Garchi o’rtamizda sog’inchu hijron,
Garchi visol yo’li vayrondir, vayron,
Ammo azobingiz ko’ksimda har on —
Muqaddas olovday qoldi, yorijon,
Shukurkim, siz bilan yondim, yorijon,

Yashardim o’zimga muz kabi boqib,
Ishq keldi, jo’nadim, daryoday oqib,
Menga habib bo’ldi hatto shum raqib —
Ko’rib — to’lqin-to’lqin qonim, yorijon,
Siz mening jonimsiz, jonim, yorijon.

Hech qachon demasman boshni yo’qotdim,
Eridim, vujuddan toshni yo’qotdim.
Yillarni yo’qotdim — yoshni yo’qotdim,
Mendan ayro tushdi yolg’on, yorijon.
Shundanmi tillarim ravon, yorijon.

Nodon der «Sen borni yo’qqa almashding,
Quyoshni bir g’arib cho’qqa almashding…»
Kulaman: «Xalqobni ko’kka almashdim…»
Endi yurar yo’lim falak, yorijon,
Qanotga aylandi yurak, yorijon!
Qanotga aylandi yurak, yorijon!

* * *

Derazadan boqar sohibjamol oy,
Nigohlari to’la karashma, chiroy.
Kechirgin, bo’libman oyga mahliyo,
Ishon, endi unga qilmayman parvo.
Oyning sochlarini mayli, o’rmayman,
Men seni oylarga bermayman.

Suluv kelinchakdek bezanmish bahor,
Dalalar ham gulzor, bog’lar ham gulzor.
Gullarga boqqandim, kulib, ochilib,
Yoshlaring ketdilar nurday sochilib.
Bahor gullarini mayli, termayman,
Men seni gullarga bermayman.

She’r chorlar, bir lahza asir bo’laman,
Yonaman, kuyaman, toshib-to’laman.
Sen-chi, unut bo’lib g’arib burchakda,
Turibsan… G’am toshi cho’kar yurakka…
Ilhom bilan, mayli, suhbat qurmayman,
Men seni hech kimga bermayman…

Qancha shirnn damdan kechmog’im mumkin,
Faqat ssn o’ynagin, quvongin, kulgin,
Sen mening taqdirim, oxir — azalim,
Sen mening bahorim, oyim, g’azalim.
Qalbimsan! Men Qalbsiz sira yurmayman,
Qalbimni hech kimga bermayman!..
Men seni she’rga ham bermayman…

* * *

Azizim, devorda chiqillar soat,
Kunu tunni bo’ldik yigirma to’rtga.
Soat buyrug’iga qilib itoat.
O’zimni tashlayman tafti yo’q o’tga.

Sahar — odamlardan yugurib, o’zib,
Ishxonaga qadar qo’yaman poyga.
Kunduz — o’ltiraman sochlarim to’zib,
O’zim stolda-yu, xayolim oyda.

Kunduz — latifalar aytaman yig’lab,
Qalam qitirlatib suraman xayol.
O’ylayman: kimdandir safsata tinglab,
Menn unutmoqda men sevgan ayol.

Oqshom — xnyobonda she’r kezadn mast,
Oqshom meni ko’rib silkitasan qo’l.
Do’stginam, muzladim, eritgin birpas…
Do’stginam, o’lguncha yonginamda bo’l!

Besabr panjalar bir-birin izlar,
Ko’zlaring o’qiydi vafodan doston.
Oqarar, bo’zarar, lovullar yuzlar,
Falak zamin bo’lar, yer bo’lar osmon…

Azizim, yarim tun. Muzladim, qotdim,
Olovdan bermagin befoyda darslar.
Men qalbim olovin mangu yo’qotdim,
Tegramda qullar, yo mansabparastlar.

Xayr, ko’rishguncha, xayr dilbandim.
Yolg’iz so’zlagaysan sevgingni oyga.
Uxlamog’nm kerak… Vujudim manim —
Tongda ko’chalarda qilgusi poyga…

* * *

Rashk, g’iybatning to’lqinlarida
Kema misol chayqaldi xonam.
Endi bizlar hech uchrashmaymiz…
Xayr!
Tong otadi,
Sen yo’q.
Kun botadi,
Sen yo’q.

Stolimda sen yozgan xatlar,
Devordagi suratdan ham sen
Mehr bilan boqib turibsan.
Derazadan ko’ringan osmon
Parchasiga shodmon boqardik,
Yulduzlar-la kulganida ham,
Ol shafaqqa to’lganida ham.
Xonam, o’zim, bu ulkan olam
Sendan qolgan g’amgin xotira.
Tong otadi,
Sen yo’q.
Kun botadi,
Sen yo’q.

Uzoqlarda bepoyon yo’lda
Yng’lab ketib bormoqdasan sen,
Oyoqlaring tagidagi yer
To’lqin otar monandi dengiz.
Oq chorlog’im, uchib charchading —
Yiqilasan daqiqadan so’ng,
Yiqilasan, to’lqinlar yutar…
Tong otadi,
Sen yo’q.
Kun botadi,
Sen yo’q.

Chiqib bo’lmaydi.
Endi mendan ketdi ixtiyor!
Yuragimni qo’yib kaftimga
Shivirlayman besabr, takror:
Qnblanamom, yo’l ko’rsat menga!

* * *

Sen deding: «Kuz keldi. Qaragin, xazon…»
Men bo’lsa uqtirdim: «Bu — qotgan ziyo.
Tunda ham nur ichra asramoqchi jon,
Sezib qahratonning sharpasin dunyo».

Sen deding: «Bechora, qaragin, yomg’ir…»
Men kuldnm: «U — mening suyumli oshnam.
Tungi suhbatlarda bosig’u og’ir,
Kunduzgi sayrlarda bebaho hamdam».

Sen deding: «Qaragin, chorbog’da tuman,
Nahot tuman bilan qolasan tanho?!
Yolg’izlarning ishi qulamoq tuban,
Sovuqda dildirab tentiramoq yo…»

Men kuldim: «Tumanmas, tanidim, bulut.
Axir, men samoning yerga enchisi.
Bu — uning qarshimda baxt kabi do’nib,
Ilhom kelmoqda, deb turgan elchisi.»

Tumanli bog’larga termulib, birdan,
Yig’lading: «Xudoyim, kuz keldi, xazon…»
Bir so’z bor bahorni qaytaradigan,
Senga aytolmayman uni hech qachon…»

* * *

Bizni chalkashtirdi yeoat millari,
Soating to’xtadi o’n yil muqaddam.
O’n marta aylandi mening yillarim,
Sen o’n ynl kechikib kelding, Muharram.

Havo Quyuq edi. Kecha bejon, keng…
Hech umid yo’q edi oydin ro’zimdan.
Vaqtga (o’n yil avval) kelolmadim teng,
Vaqt uchdi ajratib meni o’zimdan.

Bir so’zim bor edi — u so’z to’zidi,
Bir o’yim bor edi — quridi u o’y.
Sen kelding eritib yillar muzini,
Qarshimda bir olam turar bahorro’y.

Besabr boqursan, notinch boqursan,
Uyqu bermagaysan she’rlar yozdirib.
Bormasam olamni o’tda yoqursan,
Ko’zlaring qalbimga kirar bostirib.

Toqat qil. Shoshirma. Men borayapman
(Poyimdan nur kabi oqa boshlar Yer).
Ketmagin. Men sendan o’n yil nariman.
O’n yildan o’tishga o’n daqiqa ber…

* * *

Bekor. Yolg’on. Botmagan.
Muhabbatning quyoshi.
Tun keldi deb dodlagan,
Bevafolar ko’zyoshi.
Men boraman. Bu jonim,
Senikidir… O’ksima.
Tunda qo’rqma.
Oq tongning
Bir parchasi ko’ksimda…

YURAK

Ko’ksimda bir qush bor — uchadi tinmay.
Yuksak-yuksiklarda uchar — ko’rar tush…
Uchadi yarador bo’lganin bilmay,
Uchib ketayotib o’ladi bu qush…

* * *

Shoirlar erta tug’iladilar,
Bahorning to’ng’nchi — boychechakday.
Shoirlar armon bilan o’ladilar,
Bahorning to’ng’ichi — boychechakday.

Boychechak bolalarning dillarida qoladi.
To’rt devor ichida siqilgan bolalar
Derazadan qorga umidvor boqishar…

Shoirlar bolalarning dillarida qoladi.
Shoirlarga armon bo’lgan yo’llardan
Jo’nab ketishadi isyonkor bolalar…

Shoirlar armondan tug’iladilar.

043

(Tashriflar: umumiy 7 959, bugungi 1)

Izoh qoldiring