Абдуқаюм Йўлдошев: Албатта, Жасурнинг бу машқи журнал варианти… Гулноз Сатторова: Ҳар бир ҳикоя ўзига хос ғоят мураккаб ва хилма-хил фикрларга бой бўлиб, турлича тасвир йўналишларини ўз ичига олгани каби, Жасур Кенгбойнинг “Тирик товон” ҳикояси ҳам ғоя, сюжет билан эътиборлидир… Иброҳим Саидов: Адабиёт қалб ўлими туфайли юз берадиган инсоний фожеаларнинг олдини олишга, “маънавий туғилиш”га хизмат қилади. “Тирик товон»ни ана шу йўлдаги талпинишлардан бири дейиш мумкин…
Жасур КЕНГБОЕВ
ТИРИК ТОВОН
Жасур Кенгбоев— 1985 йил 19 ноябрда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги Кўкдала қишлоғида туғилган. 2003-2007 йилларда Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетида ўқиган. 2009 йил ушбу факультетнинг магистратурасини тамомлаган. Иқтидорли талабалари учун таъсис этилган Алишер Навоий номидаги давлат стипендианти.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАда шарҳловчи, «Жамият» газетасида бўлим мудири бўлиб ишлаган. Айни пайтда «Оила даврасида» газетасида бош муҳаррир ўринбосари лавозимида меҳнат қилмоқда. Ҳикоялари турли тўплам ва марказий нашрларда чоп этилган.
Тўқсонбосди маҳали эди. Тиловнинг байтал чопиб бўлса-да, пойга оламан, деб кариллаб юрган пайтлари.
Бўсағадаги ола пўстакнинг устида «ҳур-ҳур» ухлаб ётган мушук ёнига тушган чопоннинг шовурига уйғонди; кўзини эринибгина очди, чўзилиб керишди, олд оёғи билан юзини ювди.
— Пишт-ей! — деди хўжайин асабий. — Тур йўқол, кўзимга кўринма…
Мушук мушук бўлиб, хўжайиндан дағал гап эшитди. Ҳуркиб турди-турди, олазарак хўжайинига қаради-ю, думини писиб, чиқиб кетди.
Мушукнинг ҳатто миёвламагани ҳам Тиловга ғалати туюлди. «Бекор қилдим-ов шуни. Худонинг жонзоти-да буям. Нима айби бор эди унинг?»
Тиловга нима жин урди — ўзиям билмайди. Лекин дўхтирнинг сўнгги гаплари қулоғидан кетмаяпти. Энди нима қилади? Хотини ҳам бу ёқда тизиллаб йиғлагани-йиғлаган. Дардини эшитар қулоқ йўқ. Тилов у ёғидан ўтади, аврайди — бу ёғидан ўтади, овутади, фойдаси йўқ, илло, ўзининг ҳам кўнгли ғаш. Бу ғашлик тобора кучайиб борар, хотиннинг шишиб кетган кўзларига қараб, юраги ачишади; нима қилсин, куйгандан куйиб кетяпти. Хотини юкли бўлиб, кўйлагининг бурмаси кенгая бошлаган маҳали сувчечак тошди. Оғир тошди. Ундан сўнг боши хасталикдан чиқмади. Буям етмагандай, беморликдан зада хотини асабий бўлиб қолди-ю, тез-тез жанжал чиқа бошлади.
Дилсиёҳлик ортгандан-ортиб бормоқда эди. Чироқ ёқса, ичи ёришмайди. У хонага ўтади — ўтиргани жой тополмайди, даҳлизга чиқади — туролмайди. Уйқусидаям ҳаловат йўқ. Дўхтирнинг гапларига ишонмай, хотинини синамол бошқасига кўрсатгани олиб борди ҳам. Уям ўша гапни айтди: юкли хотинга чечак чиқса, қорнидаги боласи туғма кўр бўлиб туғилиши мумкин экан… Аппаратга ҳам туширди, аломатлари бордай, дейишди… Билгич эл-халқ ҳам айтди, эшитгани бошини сарак-сарак қилди.
Уч кунки, иккиси ҳам ич-этини еб ётибди. Оғир — оғир, Тиловга оғир бўлди-да. Зурриёдини, унинг тақдирини ўйлаб бир эзилса, хотинининг ҳолига боқиб, икки куяди. Манави беозор мушукча ҳам кўзига офат, ажина бўлиб кўриняпти.
Тилов даҳлизга чиқиб, эски бир тайпоқ хонтахта ёнига узалди. Ўнг қўлини бошига тираб ётди-ётди, бўлмади. Хаёли минг кўчага кириб чиқди.
Нега бундай бўлди, Тилов? Ахир уч ўғлинг соппа-соғ туғилган эди-ку?! Дуркун бўлиб катта бўляпти-ку? Уруғ-аймоғингда кўр йўқ эди-ку? Ё хотинингнинг наслида бормикин? Йўғ-а… Уйланаётганингда ота-онанг етти пуштини суриштирган эди. Яхши эслайсан буни. Аёлингнинг биттагина камчилиги чиққан, Жўлли соқов деган узоқроқ бир амакиси бор экан. Суриштирса, уям туғма соқов эмас экан: бўзбола пайти Оқсув қишлоғидан тунда ёлғиз ўзи байталида келаётганда олдидан туйқус бир шарпа чиқиб, отни ҳуркитган, байтал ўзини қирга уриб, уни ташлаб қочган, зумда ғойиб бўлган сирли шарпадан қаттиқ қўрққанидан бир муддат буткул тилдан қолган, кейинчалик сал-пал дудуқланиб, гапира бошлаган, энди тузалай деганда, одамларнинг масхаралаб, устидан кулавергани туфайли уятдан яна гапиролмай, баттар тилдан қолган экан. Соқовлик насл сурмайди.
Унда нега бундай бўлди, Тилов? Боланг ногирон туғилса, бир умр ўзингни айбдор ҳис қилмайсанми? Хотининг-чи? Болангнинг ўзи-чи? Кўзи очиқ туғилса экан, тик боқиб, ҳақиқатни айтсанг… Ўзингнинг айбдор эмаслигингни тушунтирсанг. Ахир у…
Эсла, нимадир хатойинг бор сенинг. Хотирингдан ўчгандир. Ё тақдирга тан бериб яшайсанми? Йўқ, ундай қилолмайсан. Ногирон бола кўзига қарашга юрагинг дов бермайди. Ахир ўзинг кўзи ожизликнинг нима азоб-уқубат эканини яхши биласан-ку…
Ана, хотининг ёстиқни жиққа ҳўл қилиб, нариги хонада ётибди, болаларинг ташқарида қийқириб ўйнаб юрибди. Ҳеч бўлмаса, ҳозир, ёлғиз пайтингда йиғлаб ол. Ўкириб йиғласанг ҳам майли, ҳеч ким эшитмайди барибир. Шум хабар ҳаммани карахт қилиб қўйган, сени тушунишади.
Тиловга алам қилди. Кўзи йилтиллади. Нимадир ичидан қуйилиб келди. Бўғзи ачишди. Киприклари оҳиста уланди.
Э, воҳ! Кўзи юмилиши билан неча кундан бери ўйлаб ўйига етолмаётган одамнинг хаёлида яқин ўтмишидан — талабалик йилларидаги бир манзара чақиндай чақнаб кетди.
…Етаклашиб келаётган икки йигитни ҳамма қиёматлик дўст, дерди. Қурбонжон оқибати бўйидан баланд Тиловдек ошнаси борлигидан терисига сиғмай юради. Нима қилсин, Қурбонжон — ногирон. Кўзи ожиз ҳисоб. Дунёни нинанинг тешигидан мўралаганчалик ҳам кўролмайди. Унинг кўзи — Тилов.
Тилов деганлари бамаъни йигит эди. Новча, буғдойранг, кўзлари қисиққина сертавозе бу йигитни мисоли Ҳотамтой дейсиз. Ҳар ерда ҳар кимнинг ҳожатини чиқариб кетаверади. Бировнинг дилини оғритмайди. Сочини калта кузаб, доим мовий бўйинбоғ тақиб юради. Елкасига каттагина сумкани осволганча тиним билмайди. Ўқиш, иш деб, оёғи олти. Бутун курс уни яхши кўради. Одамшинаванда-да Тиловбой. Елкаси йўқ айримлар: «Зарилга — зарил, Тиловга нима зарил буларни тақимига босиб юришнинг?» дея ғайирлик қилгиси келар, Тилов эса бундай гапларга парво ҳам қилмасди. Ота-онасининг бақбақа тўраси бўлиб юрган у арзандалар дўстлик нималигини қаердан билсин, ахир.
Мана, ҳозир ҳам у Қурбонжонни етаклаганча дарсга кириб келиши билан курснинг юзи ёришиб кетгандай бўлди. Фақат бурун-қулоғигача тук босган фалсафа ўқитувчиси Махсумов домлагагина бу кечикиш хуш келмади. Қовоғини осиб, минғирлаганча ўтиришга изн берди.
Тилов Қурбонжонни ўрта қатордаги партасига ўтирғизиб, ўзи ёнига чўкди. Қурбонжон пайпаслаб сумкасидан брайл ёзувидаги китобини чиқариб, парта устига қўйган эди ҳамки, елкасига кимдир гурс этказиб урди. Қурбонжоннинг юраги қинидан чиқаёзди.
— Бугунги байраминг — Халқаро ногиронлар куни билан табриклайман, ошна! — деди қўл ташлаган шивирлаб. — Бундан ҳам баттар кўр бўлиб юргин!
Бу яна бир яқин дўсти Беҳзод эди. Уям ногирон, қисматдош. Бироқ иккиси ҳам илмталаб, беҳад қувноқ йигитлар. Шундай ҳазил-латифалари борки, эшитсангиз, этингиз жимирлаб, ҳайрон қоласиз. Ҳозиргина эшитганингиз табрикнинг оҳангги ўзгармайди ҳеч…
Қурбонжон ҳам бўш келмади:
— Сениям табриклайман, «шаҳло»! — деди шивирлаб.
Улар илк бор танишуви чоғида бир-бирига қараб: «Сизнинг ҳам кўзларингиз шаҳло эканми…» деганини кейинчалик эшитиб, курсдошлар роса кулган.
Ҳозир ҳам пиқ-пиқ кулги кўтарилгани бежиз эмас. Баъзан бу икковлон бир-бирининг оёғини атай босиб олиб, жўрттага қаттиқ чинқириб қолишарди. Тағин кўнглига ҳазил ҳам сиғарди буларнинг.
— Кўзинг кўрми? Нега оёғимни босасан? — дея бақирарди Қурбонжон ёлғондан.
— Ўзингнинг-чи? Ғилаймисан, мен босмадим-ку? — дерди «Шаҳло» ҳам пўписа қилиб.
Иккови кўзининг пахтаси чиқиб, тергаб, туртиб-суртиниши тингунча ҳамма қорнини уқалаб қоларди. Уларнинг феъли-хўйи ҳаммага маълум, ҳеч ким ажабланмайди, қайтанга завқ билан қўшилиб куларди. Бундай чоғларда айниқса Тилов яйраб кетарди. Қурбонжоннинг елкасига қоқиб, яша, жўра, яша, дерди кўзларини ишқалаб. Сўнг қўлтиғидан олиб, шошилинч аллақаерларга кетиб қолишарди. Эртасига дарс маҳали Қурбонжон оғзи тўлиб мақтарди.
— Жон дўстим бу — Тилов. Ҳар куни институтга қўлимдан тутиб олиб келиб, олиб кетади. Кеча ҳатто бозорга тушиб чиқишим керак, дегандим, обориб, уйимга ташлаб кетди. Шундай оқибатли дўстларимиздан айирмасин-да, ишқилиб, — дея шукрона келтириб қўярди.
Қурбонжоннинг мақтанганича бор. Тилов қаерга борса, уни етаклаб кетади. Кино, театр, бозор, ҳатто кези келганда, ўз қариндошларининг тўйигаям, маъракаларигаям ҳамроҳ қилади. Бунга Тиловнинг таниш-билишлариям кўникиб кетган, етакласа, бир бечора ногиронни етаклабди-да, савоб ҳам керак, дея ундан мамнун бўлишарди. Гоҳ Қурбонжон, гоҳида «Шаҳло» билан етаклашиб, чақчақлашиб юрган Тилов кўча-кўйда ҳам одамларнинг раҳмати, олқишини олар, бундан кўнглида ўзгача завқ ҳам туярди.
Ана шундай кунларнинг бирида Тиловга қўнғироқ бўлди. Қишлоқдош-синфдоши туғилган кун қилаётган экан. Тилов ўйлади-ўйлади, охири Қурбонжонникига йўл олди. Унинг истиҳоласини эшитиб ҳам ўтирмади, бирга бора қол, ўзимнинг қишлоқдош жўрам бўлади, сениям таништириб қўяман, бир яйраб келасан, дея қўярда-қўймай етакламоқчи бўлди. Қурбонжон оёқ тираб олди, нотаниш бўлса, мен нима қиламан у ерда, ошна, ортиқча гап-сўзга қоласан ўзинг, менинг туришим бу бўлса, деди. Тилов Қурбонжоннинг истиҳоласини тушуниб турган эса-да, ёлғиз боришга унамади. Ранжиганнамо тутди ўзини. Йўл-йўлакай, «Шаҳло»ни ҳам ҳамроҳ қилишни айтгач, Қурбонжон рози бўлишдан ўзга чора тополмади.
Туғилган кун соҳиби кўримсизгина, афтидан талаба зотигина яшаши мумкин бўлган харобгина ҳужра эшигини очар экан, бир Тиловга, бир унинг ёнидаги ногирон йигитларга қаради, сўнг шошилинч ичкарига манзират қилди. Тилов ҳамроҳларини, кейин дастурхон атрофида ястаниб ўтирган мезбоннинг ўн чоғли дўстини бир-бир таништириб чиқди. Дастурхон одмигина тузалган бўлса-да, файзли эди. Ноз-неъматлар етарлича, бир-икки «бўйни узун»дан ҳам кўриниш бериб турибди.
Гурунг авжига чиққанда, Қурбонжонга, азбаройи даврага яқинлик ҳиссини уйғотиш учунми, ҳарқалай, жон кирди. Тилов ҳақида жуда оҳорли таърифлар берди. Мақтовга «Шаҳло» ҳам ора-сира қўшилиб турди. Ҳожатбарор, шинаванда дўстини киши билмас мақташди. Эшитганлар ҳали-ҳамон оқибат, дўстлик деган нарсалар борлигини айтиб, шивир-шивир қила бошлашди. Бунинг шарафига қанча-қанча пиёлалар жаранглаб кетди.
Бир маҳал Тиловнинг қўл телефони жиринглаб қолди. Кайфи тароқ Тиловбой, тоғлик эмасми, худди отасининг «Боғи эрами»да юргандай, бутун маҳаллани бошига кўтариб, гаплашди:
— Ало? Нурмат? Сенмисан? Ҳа, нима гап? Нега кўчада қоласан? Қаерда? Ҳа, йўлкирага пулинг қолмадими? Ие, узр, жўра, мендаям шу аҳвол, ҳемирим ҳам йўқ эди-я…
Кейин Тилов даврага бир кўз югуртирди-да, муҳим бир махфий гапни айтмоқчидай, туриб, нариги хонага чайқала-чайқала чиқди. Қўли билан гўшак учини бекитиб, паст овозда шивирлади:
— Нурмат, жўра, манзилни айтаман, шу ерга келгин, бир иложини қиламиз. Пул чиқмаса, ана, ёнимда иккита ногирон курсдошим бор. Танийсан уларни. Шулардан биттасини етаклаб кетасан. Автобусга ҳам, метрога ҳам пул тўламайсан… Етакловчисиман дейсан, бўлди. Уларни етакловчиларгаям «льгота» бор-да… Вой-бу, нега тирик товон бўларкансан? Ичингни оғритадими текин улов? Ўзи биттасининг даҳмазасини ўйлаб, қандай қилиб кузатиб қўйсам экан, деб турувдим. Келақол энди, ошна?..
Тилов кўзлари сузилиб, телефоннинг қизил тугмасини босди. Хаёлан доим пулга дориқиб, қарз сўраб юрадиган бечораҳол Нурматни кўз олдига келтирди. «Хайрият, — дея ўйлади. — Яхшиям, шу инвалид курсдошларим бор. Уч йилдан бери ўқишгаям, ишгаям, бозоргаям текин бориб юрибман… Ҳам савоб, ҳам текин улов, дегандай…»
Тилов бизга таниш базм дастурхонига қайтиб кирганида, Қурбонжон ҳалиям у ҳақида, одамгарчилиги тўғрисида мамнун бўлиб сўзлаб ўтирган эди…
Мана, Тилов ўша оқшомдаги гапларни ҳозиргидай эслади. Икки ногирон ошнасининг мақтовлари мойдай ёқиб тушгани, мезбон жўраларига кўзини қисиб, қара, қандай савоб ишлар қилиб юрибман, дегани, мастлик экан, камига ногирон йигитларнинг ҳар бир гапини қўл ишоралари билан кўрсатиб, калака қилгани, кўчадан пулсиз қолиб, ижара уйига етолмай қолган Нурматга «жонли текин йўл чиптаси» — «Шаҳло»ни қўшиб юборгани — барча-барчасини тип-тиниқ хотирлади.
«Эҳ, нодон! — деди хўрлиги келиб. — Аслида мен, ўзим кўр бўлган эканман… Савобим бир танга, гуноҳим минг танга бўлган экан-ку. Жазоимни бердими энди?
Қурбонжон! Беҳзод! Билган, сезган бўлсанглар, нега мен аблаҳнинг бетимга тупурмадинглар? Билмаган бўлсанглар, яхши, лекин нега мен бундай эдим? Энди, мана, ўзимнинг ҳам туғилажак боламнинг кўзи… йўқ, айтишга тилим бормаяпти. Э, воҳ, нега ахир? Сизларни яхши кўришим ҳақиқат эди. Лекин кўнглимнинг бир четида барибир устингиздан озгина кулгим келгани, сизларни етаклаб, одамлар кўзига яхши кўрингим, доим сизлардан фойдалангим келганини ҳеч кимга айтмаганман, айтолмаганман-ку?! Ие, нимасини айтай, жўралар! Ўтган умр ҳам отилган ўйдай гап экан, жўралар, ҳеч нарсани ортга қайтариб бўлмас экан…
Елдим-югурдим. Бизнесмен танилдим. Қаранглар, бир умр бизнес қилибман. Ўйласам, сизларни ҳам бизнес қилибман-а… Ай, мен ўзимни одам санаб юрибман-а…
Тиловнинг елкаси силкиниб-силкиниб, юзини болишга қўйди.
…Ойи-куни битиб, инграб, хотини белги берди. Тиловнинг ўпкаси тўлиб, онасини қўшиб, тоғ-тош оралатиб, Морсаройга олиб борди.
Кўк халат кийиб, хонага кириб келган ўша — боланинг тақдирини айтган дўхтирдан ҳам, новча доядан ҳам кўзини олиб қочди…
Аёлини дўхтирларнинг қўлига топшириб, икки кўзи ерда, индамайгина чиқиб кетди. Туғуруқхона атрофида қуюқ дарахтзор тагидаги ўтирғичга чўкди. То тунга қадар жилмади. Кўнглидан ўтганини ёлғиз ўзи билди.
Бир маҳал тунги чироқ ёруғида шовқин солиб бир шарпа пайдо бўлди.
— Бўриеванинг эри сиз эмасми, ака? — дея сўради ҳамшира қиз.
Тилов жон ҳолатда ўрнидан туриб кетди.
— Менман!.. — деди қалтираб. — Нима бўлди? Тинчми?
— Тинч бўлганда-чи! Табриклаймиз! Ўғил-а! — деди жилмайиб. Унинг жилмайиши хирагина тунги чироқ ёғдусига қўшилиб, бутун борлиқни ёритиб юборгандай бўлди. Бироқ Тилов ҳамон жим турар, суюнчиталаб ҳамшира эса табассум билан, ортиқ гап айтолмай, ундан жавоб кутарди.
Бир туки ўзгармаган Тилов хомуш, гўё аза тутаётгандай, ҳамширанинг қўлига озроқ тутқазганча, оғир қадам босиб, туғуруқхонага қараб юриб кетди.
Йўлакда бояги икки шифокорни — пешонасидан реза-реза тер чиқиб турган доя ва дўхтирни учратди.
— Дўхтир, аёлимиз яхши қутулиб олдими? Чақалоқнинг… тўрт мучаси соғми? — деди зўрға бошини кўтариб.
Дўхтир жилмайди.
— Ука, — деди. — Ҳеч хавотир олманг! Она-бола соппа-соғлом! Баъзан дўхтир ҳам адашади… аппаратни ҳам одам яратган…
Тиловнинг юраги дуккиллаб уриб кетди.
«Хайрият! — деди. — Ўзингга шукр, Худойим! Беадад шукр..»
«ТИРИК ТОВОН» ҲИКОЯСИНИ ЎҚИБ
БАЪЗАН адабий сукутимиз чўзилиб кетмасин деган хавотирдами, у-бу битигимизни чоп эттирамиз. Жасурбой укамиз ҳам “Мана, ажойиб, таъсирли бир воқеа топдим, энди уни ёзиб ташлаш ҳам иш бўлибдими”, деган кайфиятда — бу ўз вақтида кўпчилигимизнинг бошимиздан ўтган ва ҳозирги кунларда ҳам ўтиб турибди — қўлига қалам олгандек.
Ваҳоланки, воқеанинг таъсирчанлиги бу ҳали яхлит асар дегани эмас. Атторларнинг бир-бирига ҳаяжонланиб^ сўзлаб берадиган “…ундоқ бўлибди!.. бундоқ бўлибди!..” тафсилотлари ҳикоянинг суратини безаши мумкин, сийратини эмас.
Назаримда, “Тирик товон” (дарвоқе, сарлавҳа асарга мос эмас) фақат ақл кучига таяниб ёзилган. Шунга қарамасдан, ғализликлар етарли. Дейлик, “Худонинг жонзоти-да буям”, дея ачинишга мушарраф бўлган мушук бир неча сатрдан сўнг бошқана талқинга дучор бўлади: “мушукча ҳам кўзига офат, ажина бўлиб кўриняпти” ва шундан кейин бу жондор буткул унутилади (биринчи саҳнада осилиб турган милтиқ охирги саҳнадаям отилмайди). Қаҳрамоннинг негадир айнан “ўнг қўлини бошига тираб” ётгани ҳикматини, бунга адиб нега урғу бергани боисини англолмадим. Ва яна: “тизиллаб йиғлаётган хотин», “ғайирлик қилгиси келар”, “ота-онасининг бақбақа тўраси бўлиб юрган у арзандалар”…
Яна бир мулоҳазаки, Тиловдай эркак, икки ўғилнинг отаси уйидаги дардини “билгич эл-халқ”қа ошкор қилавермаса кераг-ов…
Ҳикоя якунида, шифокорларнинг адашганию фарзанднинг соғлом туғилгани “алқиссаси” муаллифни енгил торттиради, ўқувчини эмас. Инчунин, озгина виждон азоби, ўтмиш хатосини англашга ҳаракат орадан йиллар ўтгандан сўнг босиб келган илоҳий интиқомни яна ортга сурди, эҳтимол, у сира қайтмас бўлиб изсиз йитди, деган хулосага келасиз-да. Ҳа, анча арзон индулъгенция…
Албатта, Жасурнинг бу машқи журнал варианти.
Зеро, пайдар-пай чиқиб турган ижод нумуналарига солиштирилганда ҳам “Тирик товон”нинг чўғи баландроқ. Аммо (бировга ўргатишдан Худо сақласин-у) биргина тилагим бор эдики, муаллиф бу асарни қайтатдан, ҳис-туйғуларига буткул эрк бериб ёзса; ўзини қаҳрамони ўрнида кўрса…
Эҳтимол, ана шунда ҳикояга хунук ямоқдай ярашмай турган Нурматнинг телефон қилиши воқеаси, иккинчи сўқир Беҳзод персонажи олиб ташланиб, ҳақиқий юрак қўри билан қоғозга тушган, инсон қалбини ларзага соладиган Асар яратилармиди… Дарвоқе, кўзи ожизларнинг қулоғи жуда ўткир бўлади. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун Г. Уэллснинг “Кўринмас одам”ини ўқиш кифоя (асарда кўринмас одамни фақат сўқиргина сезади). Муаллифда 6у деталдан жуда ўрнида фойдаланиш имконияти бор. Дейлик, Тилов туғилган кун базмидан сўнг ёнида пули қолмаган ўртоғига “йўл карточкаси”ни секингина ошириб юборади. Буни Қурбонжон эшитиб-сезиб қолади… Қолганини тасаввур этиш унчалик қийин эмасдир…
Хуллас, бу хусусий мулоҳазаларимиз тавсия мақомида қоғозга туширилди. Инчунин, уларни қабул қилиш-қилмаслик муаллифнинг ихтиёридаги иш.
—————-
ҲИКОЯ жанри бошқа жанрларга нисбатан ихчам ва содда ифода усули билан фарқ қилади. Ҳар бир ҳикоя ўзига хос ғоят мураккаб ва хилма-хил фикрларга бой бўлиб, турлича тасвир йўналишларини ўз ичига олгани каби, Жасур Кенгбойнинг “Тирик товон” ҳикояси ҳам ғоя, сюжет билан эътиборлидир. Қолаверса, жанр талабларига жавоб бера олади.
Муаллиф тили ва воқеаларнинг баёнидан “Тирик товон” ҳикоясида воҳа одамлари ҳаётининг бир кўриниши тасвирлангани сезилади. Бу кўпроқ унинг сўз қўллашидан маълум. «Бекор қилдим-ов”, “худонинг жонзоти-да буям” каби жумлалар фикримизни далиллайди. Ҳикоя Тиловнинг кечинмалари асосига қурилган. Воқеалар кетма-кетлиги, сюжет яхлитлиги, чиройли бадиий ечим ҳикоя муваффақиятини таъминлаган. Ҳикояни ўқиган ўқувчи Тилов билан бирга яшайди. Унинг фарзанди соғлом туғилишини истайди. Жасур асарига савоб ва гуноҳ, яхшиликнинг яхшилик билан қайтиши, дўстга садоқат каби эзгу ғояларни сингдиришга ҳаракат қилинган.
Аммо ана шу ғояларни кўзлаб қўлига қалам олган муаллиф бироз тажрибасизликка йўл қўяди. Бадиий ижоддаги етакчи тамойиллардан бири бадиий тил масаласидир. Жасур Кенгбой асарда шу муҳим хусусиятга эътиборни сусайтириб, баъзи бир ҳолатларни узоқ тасвирлайди. Масалан: “Мушукнинг чопоннинг шувурига ўйғониши…” каби. Баъзи ўринларда эса сўзларни ноўрин қўллайди. “Кўзи очиқ туғилса экан, тик боқиб, ҳақиқатни айтсанг… Ўзингнинг айбдор эмаслигингни тушунтирсанг». Тилов томонидан айтилган бу монолог ҳам асардаги асостий фикрга зид. Ахир боласи кўзи очиқ туғилса, ота қайси айбини тушунтиради? Қолаверса, бола айтса эшитади-ку!
Ўйлайманки, муаллиф баъзи назардан қочирилган жиҳатларга эътиборлироқ бўлса, келгусида янада яхши асарлар ёзади. Унинг мазкур ҳикояси кишида шундай ишонч пайдо қилади.
———————
АДАБИЁТ қалб ўлими туфайли юз берадиган инсоний фожеаларнинг олдини олишга, “маънавий туғилиш”га хизмат қилади. “Тирик товон»ни ана шу йўлдаги талпинишлардан бири дейиш мумкин.
Муаллиф асарга танлаган воқеа — дунёнинг акссадо эканлиги, ҳеч бир амал, ҳеч бир ҳаракатнинг жавобсиз қолмаслиги азалий ва абадий мавзулардан. Ҳикоя сюжети шу буюк ҳақиқат атрофида шаклланади.
“Баъзан дўхтир ҳам адашади”. Ўқувчида эса дўхтир адашмагандай, ташхис аппаратлари хато қилмагандай таассурот қолади. Она қорнидаги гўдак чиндан ҳам кўр бўлган-у, Тиловнинг тавбаси, қалб кўзи очилиши туфайли зурриёдининг ҳам сўнгги лаҳзаларда кўзлари очилиб кетгандек туюлади гўё. Бир сўз билан айтганда, ҳикоядаги воқеа — инсоннинг ўз қалбига ва босаётган қадамларига назар ташлашга ундайдиган кўзгу.
Бу гаплар муаллифнинг мақсад-муддаоси, ҳикоя ғоясига тегишли. Энди ижро борасида икки оғиз мулоҳаза.
Ҳикоя аввалидаги мушукнинг ҳаракатлари жуда табиий тасвирланган бўлса-да, Тиловнинг кайфияти билан таништирувни бу воқеа ортиқчадай тасаввур уйғотади. Назаримда, ҳикояни “Дилсиёҳлик ортгандан ортиб бормоқда эди”, деган жойдан бошласа ҳам, ҳеч қандай ютқизиқ бўлмайди.
Ҳикояда мантиқан пароканда айрим жумлалар ҳам йўқ эмас. Масалан мушук воқеасидан кейин “Тиловга нима жин урди — ўзиям билмайди”, деган жумла келади. Ҳозирча ўқувчи билмаслиги мумкин, аммо “нима жин урганини” Тиловнинг ўзи яхши билади-ку. Тилов ўзига ўзи савол бераётганда: “Кўзи очиқ туғилса экан, тик боқиб ҳақиқатни айтсанг… Ўзингни айбдор эмаслигингни тушунтирсанг”, дейди. Ҳали Тиловнинг ёдига ўз қилмишлари тушгани йўқ, қайси “ҳақиқат” ҳақида бу гап? Модомики, “кўзи очиқ туғилса”, Тилов қайси айбига иқрор бўлмоқчи? Шу ҳолат давомида Тилов ўзини йиғлашга даъват қилади: “Ҳеч бўлмаса, ҳозир, ёлғиз пайтингда йиғлаб ол”. Сўнгра “Нимадир ичидан қуйилиб келди. Бўғзи ачишди” жумлаларини ўқиб, аввал одам ўзига буйруқ бериб, сўнгра йиғламайди-ку, деган фикрга борасан киши. Хуллас, ҳикояда муаллиф яна бир карра кўриб чиқиши лозим бўлган ўринлар бор.
Энди асосий масала. Тилов ким? Унинг “киприклари оҳиста уланиши” билан кўз ўнгида намоён бўлган “бир манзара” бу саволга жавоб бўлади — яъни,бировнинг туғилган кунида ўтирганда кўчада пулсиз қолган дўсти Нурмат билан телефон орқали сўзлашувида айтган гаплари. Мана, Тиловнинг ҳақиқий қиёфаси, ички дунёси. У унча-мунча тубан ва пасткаш одам ҳам ўзига эп кўрмайдиган йўлни тутган, ногиронларга “тирик товон»ликдан ор қилмайдиган, сурати бошқа, сийрати бошқа, майда манфаатга дўстлик ва инсонийликни моҳирлик билан ниқоб қилишга қодир, айёр кас. Бундай одамлар ўз қилмишларини яшаш усули деб биладилар, ўзларини тафтиш қилмайдилар ва ҳар қандай ҳаракатларини табиий деб ўйлайдилар, “Ичингни оғритадими текин улов?” тарзида фикр юритадилар. Тилов ҳам “яқин ўтмиш”да шундай одам эди. Шундай экан, Тиловнинг хаёлида “бир манзара чақиндай чақнаб кетиши” ва дўстларидан хаёлан кечирим сўраши, афсус чекиши мумкинми, ишонарлими, деган савол келади. Кимдир “Кутилаётган фожеа-чи?” деб эътироз билдириши мумкин. Ҳаётда бундай одамлар ўз фожеаларининг сабабларини атрофидагилардан излайдилар. Менимча, Тиловнинг ўша воқеаларни эслаши ўз-ўзидан, “кўзи юмилиши” билан эмас, бирор бир туртки билан юз берса, балки табиийроқ бўларди. Масалан, ўша Қурбонжон ва Беҳзоднинг айни шу пайтда йўқлаб келишими, умуман, шунга ўхшаш. Бошқа одамга айланиш осон эмас. Чунки одамзод билан бирга пайдо бўлган энг мушкул муаммо — инсон қалбининг, табиатининг ўзгариши, тавба қилишидир.
Умуман олганда, насримизда Жасур Кенгбой деган номнинг пайдо бўлгани ва унинг ҳикоядан ҳикояга, асардан асарга ўсиб бораётгани қувонарлидир.
Манба: «Ёшлик» журнали,10/2015
Jasur KENGBOEV
TIRIK TOVON
Jasur Kengboev— 1985 yil 19 noyabrda Qashqadaryo viloyati Chiroqchi tumanidagi Ko’kdala qishlog’ida tug’ilgan. 2003-2007 yillarda O’zbekiston Davlat jahon tillari universiteti xalqaro jurnalistika fakul`tetida o’qigan. 2009 yil ushbu fakul`tetning magistraturasini tamomlagan. Iqtidorli talabalari uchun ta’sis etilgan Alisher Navoiy nomidagi davlat stipendianti.
O’zbekiston Milliy axborot agentligi – O’zAda sharhlovchi, «Jamiyat» gazetasida bo’lim mudiri bo’lib ishlagan. Ayni paytda «Oila davrasida» gazetasida bosh muharrir o’rinbosari lavozimida mehnat qilmoqda. Hikoyalari turli to’plam va markaziy nashrlarda chop etilgan.
To’qsonbosdi mahali edi. Tilovning baytal chopib bo’lsa-da, poyga olaman, deb karillab yurgan paytlari.
Bo’sag’adagi ola po’stakning ustida «hur-hur» uxlab yotgan mushuk yoniga tushgan choponning shovuriga uyg’ondi; ko’zini erinibgina ochdi, cho’zilib kerishdi, old oyog’i bilan yuzini yuvdi.
— Pisht-yey! — dedi xo’jayin asabiy. — Tur yo’qol, ko’zimga ko’rinma…
Mushuk mushuk bo’lib, xo’jayindan dag’al gap eshitdi. Hurkib turdi-turdi, olazarak xo’jayiniga qaradi-yu, dumini pisib, chiqib ketdi.
Mushukning hatto miyovlamagani ham Tilovga g’alati tuyuldi. «Bekor qildim-ov shuni. Xudoning jonzoti-da buyam. Nima aybi bor edi uning?»
Tilovga nima jin urdi — o’ziyam bilmaydi. Lekin do’xtirning so’nggi gaplari qulog’idan ketmayapti. Endi nima qiladi? Xotini ham bu yoqda tizillab yig’lagani-yig’lagan. Dardini eshitar quloq yo’q. Tilov u yog’idan o’tadi, avraydi — bu yog’idan o’tadi, ovutadi, foydasi yo’q, illo, o’zining ham ko’ngli g’ash. Bu g’ashlik tobora kuchayib borar, xotinning shishib ketgan ko’zlariga qarab, yuragi achishadi; nima qilsin, kuygandan kuyib ketyapti. Xotini yukli bo’lib, ko’ylagining burmasi kengaya boshlagan mahali suvchechak toshdi. Og’ir toshdi. Undan so’ng boshi xastalikdan chiqmadi. Buyam yetmaganday, bemorlikdan zada xotini asabiy bo’lib qoldi-yu, tez-tez janjal chiqa boshladi.
Dilsiyohlik ortgandan-ortib bormoqda edi. Chiroq yoqsa, ichi yorishmaydi. U xonaga o’tadi — o’tirgani joy topolmaydi, dahlizga chiqadi — turolmaydi. Uyqusidayam halovat yo’q. Do’xtirning gaplariga ishonmay, xotinini sinamol boshqasiga ko’rsatgani olib bordi ham. Uyam o’sha gapni aytdi: yukli xotinga chechak chiqsa, qornidagi bolasi tug’ma ko’r bo’lib tug’ilishi mumkin ekan… Apparatga ham tushirdi, alomatlari borday, deyishdi… Bilgich el-xalq ham aytdi, eshitgani boshini sarak-sarak qildi.
Uch kunki, ikkisi ham ich-etini yeb yotibdi. Og’ir — og’ir, Tilovga og’ir bo’ldi-da. Zurriyodini, uning taqdirini o’ylab bir ezilsa, xotinining holiga boqib, ikki kuyadi. Manavi beozor mushukcha ham ko’ziga ofat, ajina bo’lib ko’rinyapti.
Tilov dahlizga chiqib, eski bir taypoq xontaxta yoniga uzaldi. O’ng qo’lini boshiga tirab yotdi-yotdi, bo’lmadi. Xayoli ming ko’chaga kirib chiqdi.
Nega bunday bo’ldi, Tilov? Axir uch o’g’ling soppa-sog’ tug’ilgan edi-ku?! Durkun bo’lib katta bo’lyapti-ku? Urug’-aymog’ingda ko’r yo’q edi-ku? YO xotiningning naslida bormikin? Yo’g’-a… Uylanayotganingda ota-onang yetti pushtini surishtirgan edi. Yaxshi eslaysan buni. Ayolingning bittagina kamchiligi chiqqan, Jo’lli soqov degan uzoqroq bir amakisi bor ekan. Surishtirsa, uyam tug’ma soqov emas ekan: bo’zbola payti Oqsuv qishlog’idan tunda yolg’iz o’zi baytalida kelayotganda oldidan tuyqus bir sharpa chiqib, otni hurkitgan, baytal o’zini qirga urib, uni tashlab qochgan, zumda g’oyib bo’lgan sirli sharpadan qattiq qo’rqqanidan bir muddat butkul tildan qolgan, keyinchalik sal-pal duduqlanib, gapira boshlagan, endi tuzalay deganda, odamlarning masxaralab, ustidan kulavergani tufayli uyatdan yana gapirolmay, battar tildan qolgan ekan. Soqovlik nasl surmaydi.
Unda nega bunday bo’ldi, Tilov? Bolang nogiron tug’ilsa, bir umr o’zingni aybdor his qilmaysanmi? Xotining-chi? Bolangning o’zi-chi? Ko’zi ochiq tug’ilsa ekan, tik boqib, haqiqatni aytsang… O’zingning aybdor emasligingni tushuntirsang. Axir u…
Esla, nimadir xatoying bor sening. Xotiringdan o’chgandir. YO taqdirga tan berib yashaysanmi? Yo’q, unday qilolmaysan. Nogiron bola ko’ziga qarashga yuraging dov bermaydi. Axir o’zing ko’zi ojizlikning nima azob-uqubat ekanini yaxshi bilasan-ku…
Ana, xotining yostiqni jiqqa ho’l qilib, narigi xonada yotibdi, bolalaring tashqarida qiyqirib o’ynab yuribdi. Hech bo’lmasa, hozir, yolg’iz paytingda yig’lab ol. O’kirib yig’lasang ham mayli, hech kim eshitmaydi baribir. Shum xabar hammani karaxt qilib qo’ygan, seni tushunishadi.
Tilovga alam qildi. Ko’zi yiltilladi. Nimadir ichidan quyilib keldi. Bo’g’zi achishdi. Kipriklari ohista ulandi.
E, voh! Ko’zi yumilishi bilan necha kundan beri o’ylab o’yiga yetolmayotgan odamning xayolida yaqin o’tmishidan — talabalik yillaridagi bir manzara chaqinday chaqnab ketdi.
…Yetaklashib kelayotgan ikki yigitni hamma qiyomatlik do’st, derdi. Qurbonjon oqibati bo’yidan baland Tilovdek oshnasi borligidan terisiga sig’may yuradi. Nima qilsin, Qurbonjon — nogiron. Ko’zi ojiz hisob. Dunyoni ninaning teshigidan mo’ralaganchalik ham ko’rolmaydi. Uning ko’zi — Tilov.
Tilov deganlari bama’ni yigit edi. Novcha, bug’doyrang, ko’zlari qisiqqina sertavoze bu yigitni misoli Hotamtoy deysiz. Har yerda har kimning hojatini chiqarib ketaveradi. Birovning dilini og’ritmaydi. Sochini kalta kuzab, doim moviy bo’yinbog’ taqib yuradi. Yelkasiga kattagina sumkani osvolgancha tinim bilmaydi. O’qish, ish deb, oyog’i olti. Butun kurs uni yaxshi ko’radi. Odamshinavanda-da Tilovboy. Yelkasi yo’q ayrimlar: «Zarilga — zaril, Tilovga nima zaril bularni taqimiga bosib yurishning?» deya g’ayirlik qilgisi kelar, Tilov esa bunday gaplarga parvo ham qilmasdi. Ota-onasining baqbaqa to’rasi bo’lib yurgan u arzandalar do’stlik nimaligini qaerdan bilsin, axir.
Mana, hozir ham u Qurbonjonni yetaklagancha darsga kirib kelishi bilan kursning yuzi yorishib ketganday bo’ldi. Faqat burun-qulog’igacha tuk bosgan falsafa o’qituvchisi Maxsumov domlagagina bu kechikish xush kelmadi. Qovog’ini osib, ming’irlagancha o’tirishga izn berdi.
Tilov Qurbonjonni o’rta qatordagi partasiga o’tirg’izib, o’zi yoniga cho’kdi. Qurbonjon paypaslab sumkasidan brayl yozuvidagi kitobini chiqarib, parta ustiga qo’ygan edi hamki, yelkasiga kimdir gurs etkazib urdi. Qurbonjonning yuragi qinidan chiqayozdi.
— Bugungi bayraming — Xalqaro nogironlar kuni bilan tabriklayman, oshna! — dedi qo’l tashlagan shivirlab. — Bundan ham battar ko’r bo’lib yurgin!
Bu yana bir yaqin do’sti Behzod edi. Uyam nogiron, qismatdosh. Biroq ikkisi ham ilmtalab, behad quvnoq yigitlar. Shunday hazil-latifalari borki, eshitsangiz, etingiz jimirlab, hayron qolasiz. Hozirgina eshitganingiz tabrikning ohanggi o’zgarmaydi hech…
Qurbonjon ham bo’sh kelmadi:
— Seniyam tabriklayman, «shahlo»! — dedi shivirlab.
Ular ilk bor tanishuvi chog’ida bir-biriga qarab: «Sizning ham ko’zlaringiz shahlo ekanmi…» deganini keyinchalik eshitib, kursdoshlar rosa kulgan.
Hozir ham piq-piq kulgi ko’tarilgani bejiz emas. Ba’zan bu ikkovlon bir-birining oyog’ini atay bosib olib, jo’rttaga qattiq chinqirib qolishardi. Tag’in ko’ngliga hazil ham sig’ardi bularning.
— Ko’zing ko’rmi? Nega oyog’imni bosasan? — deya baqirardi Qurbonjon yolg’ondan.
— O’zingning-chi? G’ilaymisan, men bosmadim-ku? — derdi «Shahlo» ham po’pisa qilib.
Ikkovi ko’zining paxtasi chiqib, tergab, turtib-surtinishi tinguncha hamma qornini uqalab qolardi. Ularning fe’li-xo’yi hammaga ma’lum, hech kim ajablanmaydi, qaytanga zavq bilan qo’shilib kulardi. Bunday chog’larda ayniqsa Tilov yayrab ketardi. Qurbonjonning yelkasiga qoqib, yasha, jo’ra, yasha, derdi ko’zlarini ishqalab. So’ng qo’ltig’idan olib, shoshilinch allaqaerlarga ketib qolishardi. Ertasiga dars mahali Qurbonjon og’zi to’lib maqtardi.
— Jon do’stim bu — Tilov. Har kuni institutga qo’limdan tutib olib kelib, olib ketadi. Kecha hatto bozorga tushib chiqishim kerak, degandim, oborib, uyimga tashlab ketdi. Shunday oqibatli do’stlarimizdan ayirmasin-da, ishqilib, — deya shukrona keltirib qo’yardi.
Qurbonjonning maqtanganicha bor. Tilov qaerga borsa, uni yetaklab ketadi. Kino, teatr, bozor, hatto kezi kelganda, o’z qarindoshlarining to’yigayam, ma’rakalarigayam hamroh qiladi. Bunga Tilovning tanish-bilishlariyam ko’nikib ketgan, yetaklasa, bir bechora nogironni yetaklabdi-da, savob ham kerak, deya undan mamnun bo’lishardi. Goh Qurbonjon, gohida «Shahlo» bilan yetaklashib, chaqchaqlashib yurgan Tilov ko’cha-ko’yda ham odamlarning rahmati, olqishini olar, bundan ko’nglida o’zgacha zavq ham tuyardi.
Ana shunday kunlarning birida Tilovga qo’ng’iroq bo’ldi. Qishloqdosh-sinfdoshi tug’ilgan kun qilayotgan ekan. Tilov o’yladi-o’yladi, oxiri Qurbonjonnikiga yo’l oldi. Uning istiholasini eshitib ham o’tirmadi, birga bora qol, o’zimning qishloqdosh jo’ram bo’ladi, seniyam tanishtirib qo’yaman, bir yayrab kelasan, deya qo’yarda-qo’ymay yetaklamoqchi bo’ldi. Qurbonjon oyoq tirab oldi, notanish bo’lsa, men nima qilaman u yerda, oshna, ortiqcha gap-so’zga qolasan o’zing, mening turishim bu bo’lsa, dedi. Tilov Qurbonjonning istiholasini tushunib turgan esa-da, yolg’iz borishga unamadi. Ranjigannamo tutdi o’zini. Yo’l-yo’lakay, «Shahlo»ni ham hamroh qilishni aytgach, Qurbonjon rozi bo’lishdan o’zga chora topolmadi.
Tug’ilgan kun sohibi ko’rimsizgina, aftidan talaba zotigina yashashi mumkin bo’lgan xarobgina hujra eshigini ochar ekan, bir Tilovga, bir uning yonidagi nogiron yigitlarga qaradi, so’ng shoshilinch ichkariga manzirat qildi. Tilov hamrohlarini, keyin dasturxon atrofida yastanib o’tirgan mezbonning o’n chog’li do’stini bir-bir tanishtirib chiqdi. Dasturxon odmigina tuzalgan bo’lsa-da, fayzli edi. Noz-ne’matlar yetarlicha, bir-ikki «bo’yni uzun»dan ham ko’rinish berib turibdi.
Gurung avjiga chiqqanda, Qurbonjonga, azbaroyi davraga yaqinlik hissini uyg’otish uchunmi, harqalay, jon kirdi. Tilov haqida juda ohorli ta’riflar berdi. Maqtovga «Shahlo» ham ora-sira qo’shilib turdi. Hojatbaror, shinavanda do’stini kishi bilmas maqtashdi. Eshitganlar hali-hamon oqibat, do’stlik degan narsalar borligini aytib, shivir-shivir qila boshlashdi. Buning sharafiga qancha-qancha piyolalar jaranglab ketdi.
Bir mahal Tilovning qo’l telefoni jiringlab qoldi. Kayfi taroq Tilovboy, tog’lik emasmi, xuddi otasining «Bog’i erami»da yurganday, butun mahallani boshiga ko’tarib, gaplashdi:
— Alo? Nurmat? Senmisan? Ha, nima gap? Nega ko’chada qolasan? Qaerda? Ha, yo’lkiraga puling qolmadimi? Ie, uzr, jo’ra, mendayam shu ahvol, hemirim ham yo’q edi-ya…
Keyin Tilov davraga bir ko’z yugurtirdi-da, muhim bir maxfiy gapni aytmoqchiday, turib, narigi xonaga chayqala-chayqala chiqdi. Qo’li bilan go’shak uchini bekitib, past ovozda shivirladi:
— Nurmat, jo’ra, manzilni aytaman, shu yerga kelgin, bir ilojini qilamiz. Pul chiqmasa, ana, yonimda ikkita nogiron kursdoshim bor. Taniysan ularni. Shulardan bittasini yetaklab ketasan. Avtobusga ham, metroga ham pul to’lamaysan… Yetaklovchisiman deysan, bo’ldi. Ularni yetaklovchilargayam «l`gota» bor-da… Voy-bu, nega tirik tovon bo’larkansan? Ichingni og’ritadimi tekin ulov? O’zi bittasining dahmazasini o’ylab, qanday qilib kuzatib qo’ysam ekan, deb turuvdim. Kelaqol endi, oshna?..
Tilov ko’zlari suzilib, telefonning qizil tugmasini bosdi. Xayolan doim pulga doriqib, qarz so’rab yuradigan bechorahol Nurmatni ko’z oldiga keltirdi. «Xayriyat, — deya o’yladi. — Yaxshiyam, shu invalid kursdoshlarim bor. Uch yildan beri o’qishgayam, ishgayam, bozorgayam tekin borib yuribman… Ham savob, ham tekin ulov, deganday…»
Tilov bizga tanish bazm dasturxoniga qaytib kirganida, Qurbonjon haliyam u haqida, odamgarchiligi to’g’risida mamnun bo’lib so’zlab o’tirgan edi…
Mana, Tilov o’sha oqshomdagi gaplarni hozirgiday esladi. Ikki nogiron oshnasining maqtovlari moyday yoqib tushgani, mezbon jo’ralariga ko’zini qisib, qara, qanday savob ishlar qilib yuribman, degani, mastlik ekan, kamiga nogiron yigitlarning har bir gapini qo’l ishoralari bilan ko’rsatib, kalaka qilgani, ko’chadan pulsiz qolib, ijara uyiga yetolmay qolgan Nurmatga «jonli tekin yo’l chiptasi» — «Shahlo»ni qo’shib yuborgani — barcha-barchasini tip-tiniq xotirladi.
«Eh, nodon! — dedi xo’rligi kelib. — Aslida men, o’zim ko’r bo’lgan ekanman… Savobim bir tanga, gunohim ming tanga bo’lgan ekan-ku. Jazoimni berdimi endi?
Qurbonjon! Behzod! Bilgan, sezgan bo’lsanglar, nega men ablahning betimga tupurmadinglar? Bilmagan bo’lsanglar, yaxshi, lekin nega men bunday edim? Endi, mana, o’zimning ham tug’ilajak bolamning ko’zi… yo’q, aytishga tilim bormayapti. E, voh, nega axir? Sizlarni yaxshi ko’rishim haqiqat edi. Lekin ko’nglimning bir chetida baribir ustingizdan ozgina kulgim kelgani, sizlarni yetaklab, odamlar ko’ziga yaxshi ko’ringim, doim sizlardan foydalangim kelganini hech kimga aytmaganman, aytolmaganman-ku?! Ie, nimasini aytay, jo’ralar! O’tgan umr ham otilgan o’yday gap ekan, jo’ralar, hech narsani ortga qaytarib bo’lmas ekan…
Yeldim-yugurdim. Biznesmen tanildim. Qaranglar, bir umr biznes qilibman. O’ylasam, sizlarni ham biznes qilibman-a… Ay, men o’zimni odam sanab yuribman-a…
Tilovning yelkasi silkinib-silkinib, yuzini bolishga qo’ydi.
…Oyi-kuni bitib, ingrab, xotini belgi berdi. Tilovning o’pkasi to’lib, onasini qo’shib, tog’-tosh oralatib, Morsaroyga olib bordi.
Ko’k xalat kiyib, xonaga kirib kelgan o’sha — bolaning taqdirini aytgan do’xtirdan ham, novcha doyadan ham ko’zini olib qochdi…
Ayolini do’xtirlarning qo’liga topshirib, ikki ko’zi yerda, indamaygina chiqib ketdi. Tug’uruqxona atrofida quyuq daraxtzor tagidagi o’tirg’ichga cho’kdi. To tunga qadar jilmadi. Ko’nglidan o’tganini yolg’iz o’zi bildi.
Bir mahal tungi chiroq yorug’ida shovqin solib bir sharpa paydo bo’ldi.
— Bo’rievaning eri siz emasmi, aka? — deya so’radi hamshira qiz.
Tilov jon holatda o’rnidan turib ketdi.
— Menman!.. — dedi qaltirab. — Nima bo’ldi? Tinchmi?
— Tinch bo’lganda-chi! Tabriklaymiz! O’g’il-a! — dedi jilmayib. Uning jilmayishi xiragina tungi chiroq yog’dusiga qo’shilib, butun borliqni yoritib yuborganday bo’ldi. Biroq Tilov hamon jim turar, suyunchitalab hamshira esa tabassum bilan, ortiq gap aytolmay, undan javob kutardi.
Bir tuki o’zgarmagan Tilov xomush, go’yo aza tutayotganday, hamshiraning qo’liga ozroq tutqazgancha, og’ir qadam bosib, tug’uruqxonaga qarab yurib ketdi.
Yo’lakda boyagi ikki shifokorni — peshonasidan reza-reza ter chiqib turgan doya va do’xtirni uchratdi.
— Do’xtir, ayolimiz yaxshi qutulib oldimi? Chaqaloqning… to’rt muchasi sog’mi? — dedi zo’rg’a boshini ko’tarib.
Do’xtir jilmaydi.
— Uka, — dedi. — Hech xavotir olmang! Ona-bola soppa-sog’lom! Ba’zan do’xtir ham adashadi… apparatni ham odam yaratgan…
Tilovning yuragi dukkillab urib ketdi.
«Xayriyat! — dedi. — O’zingga shukr, Xudoyim! Beadad shukr..»
«TIRIK TOVON» HIKOYASINI O’QIB
Abduqayum YO’LDOSHEV
Yozuvchi
Ba’zan adabiy sukutimiz cho’zilib ketmasin degan xavotirdami, u-bu bitigimizni chop ettiramiz. Jasurboy ukamiz ham “Mana, ajoyib, ta’sirli bir voqea topdim, endi uni yozib tashlash ham ish bo’libdimi”, degan kayfiyatda — bu o’z vaqtida ko’pchiligimizning boshimizdan o’tgan va hozirgi kunlarda ham o’tib turibdi — qo’liga qalam olgandek.
Vaholanki, voqeaning ta’sirchanligi bu hali yaxlit asar degani emas. Attorlarning bir-biriga hayajonlanib^ so’zlab beradigan “…undoq bo’libdi!.. bundoq bo’libdi!..” tafsilotlari hikoyaning suratini bezashi mumkin, siyratini emas.
Nazarimda, “Tirik tovon” (darvoqe, sarlavha asarga mos emas) faqat aql kuchiga tayanib yozilgan. Shunga qaramasdan, g’alizliklar yetarli. Deylik, “Xudoning jonzoti-da buyam”, deya achinishga musharraf bo’lgan mushuk bir necha satrdan so’ng boshqana talqinga duchor bo’ladi: “mushukcha ham ko’ziga ofat, ajina bo’lib ko’rinyapti” va shundan keyin bu jondor butkul unutiladi (birinchi sahnada osilib turgan miltiq oxirgi sahnadayam otilmaydi). Qahramonning negadir aynan “o’ng qo’lini boshiga tirab” yotgani hikmatini, bunga adib nega urg’u bergani boisini anglolmadim. Va yana: “tizillab yig’layotgan xotin», “g’ayirlik qilgisi kelar”, “ota-onasining baqbaqa to’rasi bo’lib yurgan u arzandalar”…
Yana bir mulohazaki, Tilovday erkak, ikki o’g’ilning otasi uyidagi dardini “bilgich el-xalq”qa oshkor qilavermasa kerag-ov…
Hikoya yakunida, shifokorlarning adashganiyu farzandning sog’lom tug’ilgani “alqissasi” muallifni yengil torttiradi, o’quvchini emas. Inchunin, ozgina vijdon azobi, o’tmish xatosini anglashga harakat oradan yillar o’tgandan so’ng bosib kelgan ilohiy intiqomni yana ortga surdi, ehtimol, u sira qaytmas bo’lib izsiz yitdi, degan xulosaga kelasiz-da. Ha, ancha arzon indul’gentsiya…
Albatta, Jasurning bu mashqi jurnal varianti.
Zero, paydar-pay chiqib turgan ijod numunalariga solishtirilganda ham “Tirik tovon”ning cho’g’i balandroq. Ammo (birovga o’rgatishdan Xudo saqlasin-u) birgina tilagim bor ediki, muallif bu asarni qaytatdan, his-tuyg’ulariga butkul erk berib yozsa; o’zini qahramoni o’rnida ko’rsa…
Ehtimol, ana shunda hikoyaga xunuk yamoqday yarashmay turgan Nurmatning telefon qilishi voqeasi, ikkinchi so’qir Behzod personaji olib tashlanib, haqiqiy yurak qo’ri bilan qog’ozga tushgan, inson qalbini larzaga soladigan Asar yaratilarmidi… Darvoqe, ko’zi ojizlarning qulog’i juda o’tkir bo’ladi. Bunga ishonch hosil qilish uchun G. Uellsning “Ko’rinmas odam”ini o’qish kifoya (asarda ko’rinmas odamni faqat so’qirgina sezadi). Muallifda 6u detaldan juda o’rnida foydalanish imkoniyati bor. Deylik, Tilov tug’ilgan kun bazmidan so’ng yonida puli qolmagan o’rtog’iga “yo’l kartochkasi”ni sekingina oshirib yuboradi. Buni Qurbonjon eshitib-sezib qoladi… Qolganini tasavvur etish unchalik qiyin emasdir…
Xullas, bu xususiy mulohazalarimiz tavsiya maqomida qog’ozga tushirildi. Inchunin, ularni qabul qilish-qilmaslik muallifning ixtiyoridagi ish.
——————
Gulnoz SATTOROVA
Adabiyotshunos
Hikoya janri boshqa janrlarga nisbatan ixcham va sodda ifoda usuli bilan farq qiladi. Har bir hikoya o’ziga xos g’oyat murakkab va xilma-xil fikrlarga boy bo’lib, turlicha tasvir yo’nalishlarini o’z ichiga olgani kabi, Jasur Kengboyning “Tirik tovon” hikoyasi ham g’oya, syujet bilan e’tiborlidir. Qolaversa, janr talablariga javob bera oladi.
Muallif tili va voqealarning bayonidan “Tirik tovon” hikoyasida voha odamlari hayotining bir ko’rinishi tasvirlangani seziladi. Bu ko’proq uning so’z qo’llashidan ma’lum. «Bekor qildim-ov”, “xudoning jonzoti-da buyam” kabi jumlalar fikrimizni dalillaydi. Hikoya Tilovning kechinmalari asosiga qurilgan. Voqealar ketma-ketligi, syujet yaxlitligi, chiroyli badiiy yechim hikoya muvaffaqiyatini ta’minlagan. Hikoyani o’qigan o’quvchi Tilov bilan birga yashaydi. Uning farzandi sog’lom tug’ilishini istaydi. Jasur asariga savob va gunoh, yaxshilikning yaxshilik bilan qaytishi, do’stga sadoqat kabi ezgu g’oyalarni singdirishga harakat qilingan.
Ammo ana shu g’oyalarni ko’zlab qo’liga qalam olgan muallif biroz tajribasizlikka yo’l qo’yadi. Badiiy ijoddagi yetakchi tamoyillardan biri badiiy til masalasidir. Jasur Kengboy asarda shu muhim xususiyatga e’tiborni susaytirib, ba’zi bir holatlarni uzoq tasvirlaydi. Masalan: “Mushukning choponning shuvuriga o’yg’onishi…” kabi. Ba’zi o’rinlarda esa so’zlarni noo’rin qo’llaydi. “Ko’zi ochiq tug’ilsa ekan, tik boqib, haqiqatni aytsang… O’zingning aybdor emasligingni tushuntirsang». Tilov tomonidan aytilgan bu monolog ham asardagi asostiy fikrga zid. Axir bolasi ko’zi ochiq tug’ilsa, ota qaysi aybini tushuntiradi? Qolaversa, bola aytsa eshitadi-ku!
O’ylaymanki, muallif ba’zi nazardan qochirilgan jihatlarga e’tiborliroq bo’lsa, kelgusida yanada yaxshi asarlar yozadi. Uning mazkur hikoyasi kishida shunday ishonch paydo qiladi.
——————-
Ibrohim SAIDOV
tadqiqotchi
Adabiyot qalb o’limi tufayli yuz beradigan insoniy fojealarning oldini olishga, “ma’naviy tug’ilish”ga xizmat qiladi. “Tirik tovon»ni ana shu yo’ldagi talpinishlardan biri deyish mumkin.
Muallif asarga tanlagan voqea — dunyoning akssado ekanligi, hech bir amal, hech bir harakatning javobsiz qolmasligi azaliy va abadiy mavzulardan. Hikoya syujeti shu buyuk haqiqat atrofida shakllanadi.
“Ba’zan do’xtir ham adashadi”. O’quvchida esa do’xtir adashmaganday, tashxis apparatlari xato qilmaganday taassurot qoladi. Ona qornidagi go’dak chindan ham ko’r bo’lgan-u, Tilovning tavbasi, qalb ko’zi ochilishi tufayli zurriyodining ham so’nggi lahzalarda ko’zlari ochilib ketgandek tuyuladi go’yo. Bir so’z bilan aytganda, hikoyadagi voqea — insonning o’z qalbiga va bosayotgan qadamlariga nazar tashlashga undaydigan ko’zgu.
Bu gaplar muallifning maqsad-muddaosi, hikoya g’oyasiga tegishli. Endi ijro borasida ikki og’iz mulohaza.
Hikoya avvalidagi mushukning harakatlari juda tabiiy tasvirlangan bo’lsa-da, Tilovning kayfiyati bilan tanishtiruvni bu voqea ortiqchaday tasavvur uyg’otadi. Nazarimda, hikoyani “Dilsiyohlik ortgandan ortib bormoqda edi”, degan joydan boshlasa ham, hech qanday yutqiziq bo’lmaydi.
Hikoyada mantiqan parokanda ayrim jumlalar ham yo’q emas. Masalan mushuk voqeasidan keyin “Tilovga nima jin urdi — o’ziyam bilmaydi”, degan jumla keladi. Hozircha o’quvchi bilmasligi mumkin, ammo “nima jin urganini” Tilovning o’zi yaxshi biladi-ku. Tilov o’ziga o’zi savol berayotganda: “Ko’zi ochiq tug’ilsa ekan, tik boqib haqiqatni aytsang… O’zingni aybdor emasligingni tushuntirsang”, deydi. Hali Tilovning yodiga o’z qilmishlari tushgani yo’q, qaysi “haqiqat” haqida bu gap? Modomiki, “ko’zi ochiq tug’ilsa”, Tilov qaysi aybiga iqror bo’lmoqchi? Shu holat davomida Tilov o’zini yig’lashga da’vat qiladi: “Hech bo’lmasa, hozir, yolg’iz paytingda yig’lab ol”. So’ngra “Nimadir ichidan quyilib keldi. Bo’g’zi achishdi” jumlalarini o’qib, avval odam o’ziga buyruq berib, so’ngra yig’lamaydi-ku, degan fikrga borasan kishi. Xullas, hikoyada muallif yana bir karra ko’rib chiqishi lozim bo’lgan o’rinlar bor.
Endi asosiy masala. Tilov kim? Uning “kipriklari ohista ulanishi” bilan ko’z o’ngida namoyon bo’lgan “bir manzara” bu savolga javob bo’ladi — ya’ni,birovning tug’ilgan kunida o’tirganda ko’chada pulsiz qolgan do’sti Nurmat bilan telefon orqali so’zlashuvida aytgan gaplari. Mana, Tilovning haqiqiy qiyofasi, ichki dunyosi. U uncha-muncha tuban va pastkash odam ham o’ziga ep ko’rmaydigan yo’lni tutgan, nogironlarga “tirik tovon»likdan or qilmaydigan, surati boshqa, siyrati boshqa, mayda manfaatga do’stlik va insoniylikni mohirlik bilan niqob qilishga qodir, ayyor kas. Bunday odamlar o’z qilmishlarini yashash usuli deb biladilar, o’zlarini taftish qilmaydilar va har qanday harakatlarini tabiiy deb o’ylaydilar, “Ichingni og’ritadimi tekin ulov?” tarzida fikr yuritadilar. Tilov ham “yaqin o’tmish”da shunday odam edi. Shunday ekan, Tilovning xayolida “bir manzara chaqinday chaqnab ketishi” va do’stlaridan xayolan kechirim so’rashi, afsus chekishi mumkinmi, ishonarlimi, degan savol keladi. Kimdir “Kutilayotgan fojea-chi?” deb e’tiroz bildirishi mumkin. Hayotda bunday odamlar o’z fojealarining sabablarini atrofidagilardan izlaydilar. Menimcha, Tilovning o’sha voqealarni eslashi o’z-o’zidan, “ko’zi yumilishi” bilan emas, biror bir turtki bilan yuz bersa, balki tabiiyroq bo’lardi. Masalan, o’sha Qurbonjon va Behzodning ayni shu paytda yo’qlab kelishimi, umuman, shunga o’xshash. Boshqa odamga aylanish oson emas. Chunki odamzod bilan birga paydo bo’lgan eng mushkul muammo — inson qalbining, tabiatining o’zgarishi, tavba qilishidir.
Umuman olganda, nasrimizda Jasur Kengboy degan nomning paydo bo’lgani va uning hikoyadan hikoyaga, asardan asarga o’sib borayotgani quvonarlidir.
Manba: «Yoshlik» jurnali,10/2015